OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиТилла каламуш (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тилла каламуш (ҳажвия)
Тоҳир Малик

«
Сичқонларнинг ҳафсаласини пир қиладиган ҳангома
»

Саноқул каламуш тутиб олди. Қопқонсиз, заҳарли дорисиз, шундай қўли билан тутди. Эрталаб туриб қараса, каламуш кўрпача устида ялпайиб ётибди. Ўлганми, деса, қимирлаб қўяди. Шартта чангаллади. Шунда каламуш типирчилаб қолди. Саноқул уни энди ўлдирайин, деб ҳовлига олиб чиқаётган эди «Саноқул акагинам, бу фикрдан қайтинг, мени ўлдирманг, уйингиздаги итингизнинг тувагигача олтин қилиб ташлайман», деган овоз келди. Саноқул аввал қўрқди, кейин ажабланди, юзини чимчилаб ҳам қўйди. Овоз яна такрорлангач, каламушга қаради: «Каламушвой, сен гапирдингми?»-деб сўради. «Мен гапирдим, акагинам, мен анойимасман, суперкаламушман. Мени кўрпачага қўйинг, ўзингиз ҳам ўтиринг. Би-ир отамлашайлик». Саноқул ажабланганича каламушнинг айтганларини бажарди. Во ажабо! Каламуш худди одамга ўхшаб, ёстиққа суяниб, оёқларини чалиштириб ўтирди.
— Мен сизга бошимдан ўтган барча савдоларни айтиб бермайман. Сиз охиргиларини эшитсангиз бас, -деди каламуш.- Хуллас, гап бундай: ҳориждаги бир кимёгар олим заҳарли газнинг янги турини ихтиро қилиб, синамоқчи бўлади. Ўнта шиша қалпоқча ичига биттадан каламуш қамаб, газни бериб, уйига кетади. Эрталаб қарасаки, тўққизта каламуш ўлиб ётибди, биттаси эса оёқларини чалиштириб, сигара тутатяпти. «Ие, сен нега ўлмадинг?» деб ажабланади олим. «Шу газдан ҳам ўларканми, бу заҳарингиз менга чепуха! Мен Оллиқма деган шаҳарда туғилиб ўсганман. Бундан баттари ҳам менга кор қилмайди». Фаҳмлагандирсиз, ўша каламуш менман. Ўша олим мени олиб қолиб, яна бир йил боқди, бир йил синади. Бир куни ошналари билан тоғ сайрига ҳам олиб чиқди. Лекин ўша ерда сал нафасим қайтди. Ҳавоси тозароқ экан, қийналдим. Лекин каламуш калламни ишлатиб, йўлини топдим: машинанинг тутун чиқарадиган туйнукчасига жойлашиб олдим. Бир маҳал қарасам, олимгинамнинг кўзлари ола-кула бўлиб, ўладиганга ўхшаб қолди. Ошналари дарров дўхтир чақиришди, фойдаси бўлмади. Шунда менинг яна каламуш каллам ишлаб қолиб, машина моторини ўт олдиртирдим-да, олимни тутун чиқадиган туйнук ёнига ётқизтирдим. Ўпкасига тутун киргач, сал ўзига келди. Кечгача шу аҳволда ётиб, тузалди.

Эртасига бошдан оёқ сарпо қилиб, мени иззат-икром билан кузатиб қўйди. Икки кун уйда яшаб, зерикдим. Аннендаги холаваччаларимни кўрай, деб кетаётсам, полис постидагиларнинг хуноблари ошиб ўтиришибди. «Нима гап?» десам, уларга машинадан чиқаётган зарарли газ миқдорини ўлчайдиган янги асбоб беришган экан. Ишлатамиз дейишса, машинага яқинлашмаса ҳам асбоб юқори даражани кўрсатиб турганмиш. Машина тутунига тутишса, пасайиб кетаётганмиш. Мен дарров тушундим. «Асбоб бузуқ эмас, у шаҳардаги ҳавонинг даражасини тўғри кўрсатяпти. Машинадаги газниннг зарарини аниқлаш учун кўрсатилаётган юқори даражадан машина кўрсатган пастки даражани олиб ташласангиз, керакли натижа чиқади. Ахир бу оддий математика-ку!» дедим. Уларга оддий арифметикадан озгина сабоқ берганимдан кейин мени совға-салом билан кузатиб қўйдилар. Ана шундан кейин мен заҳарли ва зарарли газлар бўйича супермутахассис бўлиб қолдим.

Сиз сира сезмадингиз, кечагинда икковимиз Қорпоқ диёрига сафар қилдик, сиз «Эсан» поездининг тепасида, камина пастида эдим. Аммо бора-боргунча, кела-келгунча зиёфатлар зўр бўлди, а?

У ёқдаги зиёфатларга-ку, гап йўқ. Каламуш бўлиб туғилиб, шу ёшга етгунча бунақаларини кўрмовдим. Сизлардан қолган-қутганнинг ўзи бизларга етиб-ортди. Аммо бир нарсани сезмай қолдим, афтидан, сал кайф бўлибманми ё менинг каламуш каллам буни англашга калталик қилди шекилли. Мен қайтиб келганимдан бери ўйлайман: менинг-ку нимага борганим аниқ, сиз нимага бордингиз-у, нима ишни қойиллатиб келдингиз? Саволга жавоб бермасангиз ҳам майли, бу ерга келишимдан мақсад, буни билиш эмас.

Энди акагинам, бу ерга келишимнинг сабабини айтсам, кеча каламушларнинг кенгайтирилган йиғилишида атроф-муҳитни, табиатни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини, хусусан «Эсан» ташкилотининг бир қатор фаол ходимларини ўз вазифаларини бажармаётганлари учун мукофотлашга қарор қилинди. Бу рўйхатда сизнинг ҳам номингиз бор, мен шу хушхабарни етказгани келганман. Энди сиз «Каламуш халқаро мукофоти» лауреатисиз! Акагинам, шу идорада ўн йил ишлаб, биттаям иш қилмабсиз, агар шуни билиб, қадрламасак, ғирт номардлик қилган бўламиз. Агар сизлар табиатни асраш бўйича жиддий иш бошлаб юборсангизлар, бизларнинг уруғимиз қирилиб кетарди. Сизга раҳмат, бемалол урчиб, кўпайиб ётибмиз. Биз миннатдорчилик билдиришга сичқонларни ҳам таклиф қилган эдик, аммо улар номардлик қилишди. Озгина пасткашликлари бор уларнинг. Аммо биз хасис эмасмиз. Ҳар бир лауреатга икки килодан тилла берамиз. Олтинни қаердан олишимизни сўраманг, вақти келганда айтамиз. Ҳозир каламушларни қайта рўйхатдан ўтқазиш ишлари охирига етай деб турибди. Каламушлар сони рекорд нуқтага етгани аниқланган куни шу кўрпачангиз устида икки кило олтинни кўрасиз».

Каламуш шундай деди-ю бир керишиб олиб, кўздан йўқолди.

Саноқул бу воқеани ўнгими ё туши эканини билолмай қолди.

Аммо ҳар куни уйғониши билан каламуш ётган кўрпачага қарайди. Олтинни кутади. Каламуш адашиб кетмасин, деб кўрпачаларни йиғдирмади. Ҳар ҳолда яхши ният... ярим тилла-да!