OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиТириклик суви (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм40KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тириклик суви (ҳикоя)
Тоҳир Малик

Харбий хизматдан қайтган Рустам икки ой бадалида ҳам бирор ишни кетидан тушмади. У ишни бундай деб, бу ишни ундай деб, далада кетмон чопишга эса бўйни ёр бермай юрганида қишлоғига илон овловчилар кўноқ бўлишди. Шуларнинг юмуши унга бир оз маъқул кўринди-ю, эртасигаёқ кумга чиқиб кетди.

Уч кун тентирашиб илон деганнинг уруғини ҳам учратишолмади. Тоза хуноблари ошиб, сўнгти барханни мўлжал қилиб чиқишди. Рўпараларида кўм-кўк майсага бурканган ялангликни кўриб, ҳайратдан донг қотишди. Яланглик ўртасидаги қудуққа яқинлашганларида Рустам:
— Куриб қолган қудуқларда илон кўп бўлади, — деб қўйди.
— Ростдан-а, — деди оқ қалпоғини қийшайтириб кийиб олган паст бўйли, калдирғоч мўйловли йигит уни мазах қилиб. — Бир тушиб чиқмайсанми бўлмаса?

Рустам унинг масхаралаганини билиб, бургут қараш қилди.
— Қўрқади, деб ўйлаяпсиз шекилли? Мен шу ерларда ўсганман. Арқонни беринг!
— Шошилманг, аввал дам олволайлик, — деди гуруҳбоши.
— Мен чарчаганим йўқ.

Рустамнинг аҳди қатъий эканини билиб, унга керакли анжомларни беришди. У арқонга осилиб пастга туша бошлади. Чироқ нурини қудуқ тубига йўллаб, кулча бўлиб ётган илонни кўрди. «Айтмовдимми? У олифта нимани билади? Ўзи умрида бирорта илон ушлаганмикин? Ҳозир шу илонни олиб чиқиб башарасига отайми! Иккинчи майна қилмайдиган бўлади...» Рустам шу хаёл билан аста қудуқ тубига тушди. Нимагадир илон қимирламади. Наҳотки, унинг шарпасини сезмаган бўлса? Рустам энди илонга қўл юбораман деганда, бехосдан кўзи тиниб, оёқ-қўлидан жон чиққандай бўлди. «Ҳавоси ёмон экан, кўникиб қоламан», деб ўйлади у. Аммо аҳволи яхшиланиш ўрнига баттар бўлди. Гўё кимдир қулоғи остида шивирлади. Нафаси қайтди. Арқонни тортиб, ёрдам сўрашга ҳамроҳларидан уялди. Бирдан қулоғи қаттиқ шанғиллай бошлади. У ҳолсизланиб, деворга суяниб қолди...

* * *

...Ногаҳон кўтарилган шамол Гурганжни чанг-хасга кўмай деди. «Худованди каримнинг бу қаҳри»дан талвасага тушган Хоразм фуқароси оқшомга яқин яна бир офатга рўпара бўлди — қора булут янглиғ чигиртка ёғди. Сўнгра кулранг булут осмонни буткул тўсиб, қилт этмай туриб олди. Гурганж аҳли ҳавонинг димлигидан бўғилаёзди.

Ҳусайн хафақон хасталигига мубтало бўлган зодагонга муолажа шартларини баён қилар чоғида шоҳ Маъмундан чопар келади. Бевақт чорловнинг боисидан гаранг ҳаким саройда жам бўлган байтулҳикма аҳлини кўргач, янада ҳайратланди. Чорлаганлар Хоразмшоҳнинг ҳукмига мунтазир турардилар. Давлатпаноҳ узоқламади. Тилларанг тўн кийиб, зарҳал салла ўраган шоҳ Маъмун остонадан кўрингани ҳамон барча саломга эгилди. Шоҳ ҳеч кимни кўрмагандай нигоҳини ўзгартирмасдан тахт сари йўналди. Жойига ўрнашиб олгач, алик нишонасини билдириб, кафтини бироз кўтарди. Шундагина таъзимдагилар эътиборларига кўра чўғдан ранг олган гиламлар устига чордана қурдилар. Давлатпаноҳнинг сўз айгмоққа ҳуши йўқ эди. У бароқ қошларини чимиргани ҳолда, аҳли фазлу камолнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида боқди, Хоразмшоҳ бағрида нечукдир ташвиш бор эканини фозиллар пайқаган, шу боис тоқат билан вужудларини қулоққа айлантириб, бир-бирлари билан пинҳона, саволомуз нигоҳ уриштириб ўтирар эдилар.

Фозиллар Хоразм давлатининг паноҳи Абу Аббос Маъмуннинг бундай руҳиятидан ниҳоятда кам огоҳ бўлар эдилар. Аксар ҳолларда, шоҳ эътибори ва донишлигини намоён этиб, риёзиёт бобидами, ёинки, илми нужум хусусидами сўз очиб, фузалоларни баҳсга чорлар эди. Бу сафар эса барчани ҳайрат ботқоғига ботириб, сўз айтмоққа шошилмай ўтирибди.

Ниҳоят, давлатпаноҳ томоқ кириб, сўз айтди, барчанинг нигоҳи тахт сари қадалди.
— Бу тонг тангри таолонинг етук ҳикмати ила Яминуддавла ва Аминулмилла султон Маҳмуд Ғазнавий ибн Сабуқтагин номаси қўлимизга етуб келди. Шу нома боис аҳли рисолатни йўллаб, сиз мўътабар донишларни чорлаб келтурдим. Оллоҳга минг карра шукрлар бўлсинким, давлатимнинг устуворини мустаҳкам этди. Аҳли пархошнинг наърасидан ғанимлар титрайди. Фуқаронинг насибаси бутун. Тангри таолога шукрлар қилишдан ўзга юмушим йўқ. Яна минг бор шукрким, Оллоҳ аҳли айём, аҳли биниш, аҳли ботин, аҳли даврон, аҳли идрок, аҳли фунунни Хоразм давлатининг паноҳига жамулжам этди. Тангри таоло қудрати билан Гурганжда байтул-ҳикма қарор топди. Оллоҳга ижобат бўлган муаммолар баҳс этилди. Оллоҳнинг инояти билан сиз муҳтарам донишларни қанотимизга жам қилган эдик. Тангри таолонинг етук ҳикмати ва тўлиқ қудрати ила измингизни яна ўзингизга қайтарамиз. Яминуддавла ва Аминулмилла султон Маҳмуд Ғазнавий ибн Сабуқтагин нома битиб, аҳли фунун, аҳли донишни паноҳига чорлаяжагини баён этибдилар. Иншооллоҳ, алломаи замонлар султон Маҳмуд қанотида ҳам ҳар бири эътиборига монанд ўрин эгаллагай. Чопарга ҳукмимни аён этмай туриб, сиз муҳтарам донишларни номадан огоҳ этмакни, алалхусус, инон-ихтиёрларингиз ўзингизда эканини англатмакни ихтиёр этдим. Эрта намозшомдан сўнг ҳузуримда яна жамулжам бўлиб, ихтиёрларингизни баён этмакка шайланингиз.

Хоразмшоҳ шундай деб шахт билан ўрнидан турди-да, эшикка йўналди. Сўзнинг бу қадар кескин узилишини кутмаган аҳли фунун ирғиб туриб, таъзимга чоғланди. Сўнг бир-бирига сўз айтмай, саройни тарк этди. Чорсуда йўллари айри бўлган фозиллар турли кўчаларга кириб, саройдан йироқлашдилар. Хоналари бир даҳада экани сабаб бўлиб, Ҳусайн, Муҳаммад ва Абу Сахл ҳамроҳлиқда кетдилар. Бир неча эшик юрдилар ҳамки, садо чиқармадилар. Ҳусайн одоб юзасидан Берунийнинг сўз очишини кутарди. Абу Сахл эса бу икки алломаи замоннинг қарорини билишга ошиқарди. Беруний хонасига етгунга қадар ҳам оғиз очмади. Фақат хайрлаша туриб, Ҳусайннинг савол назарини уқди.
— Ҳусайн, иним, мендан ҳозир жавоб кутманг. Бир нима демакликка ақлим қосирлик қилиб турибди.
— Сиз буюк идрок эгаси бўлганингаз ҳолда наҳот бизни рақабга айлантириб кўйганларини фаҳмламадингиз? — деди Ҳусайн ҳаяжонини босолмай.
— Рақабга дедингизми? Беруний қўлини эшик ҳалқасидан олиб, ўйга толди. — Иним, фикрингазда жон бордек. Бирок, Оллоҳ идрокни алломанинг ўзига, изнини эса давлатпаноҳга топширган экан, начора?
— Чора йўқ денг?
— Биз давлатпаноҳнинг марҳамати билан идрокимизни рўё қила оламиз. Шундай экан, Гурганжда яшамоқ афзалми ёинки Ғазнада, деган муаммо балки бекорчидир?
— Фикрингизни кабул этолмаганим учун айбситманг. — Ҳусайн шундай деб таъзим қилиб хайрлашди-да, йўлига равона бўлди. Абу Сахл унга эргашди.

Беруний бу икки олимнинг ҳаяжони ва хавотирини англаб, уларнинг изидан узоқ қараб қолди.

Ҳусайн енида ҳамроҳи борлигини ҳам бир он унутиб, шаҳдам одимлади. Сўнг асабий равишда Абу Сахлга ўгирилди:
— Нечук Оллоҳ идрокдан қисмагани боис идроксизларга бир умр қуллукда ўтмоғимиз лозим экан? Ахир шамс қоронгуликнинг қули эмас, ёруғлик шаҳаншоҳи-ку?!
— Абу Райҳон ҳақ гапни айтдилар. Қисматимизга шу ёзилган экан, иложимиз қанча.
— Сўзингиз фикрингизни ошкор қиляпти. Демак, сиз ҳам Ғазнага боришга ризосиз?

Абу Сахл мийиғида кулиб, қўлини Ҳусайннинг елкасига ташлаб, йўл бошлади.
— Сиз каби зукко ҳаким бу қадар асабларга эрк беради деса, ҳеч ким ишонмайди.

Ҳусайн шундагина ҳамроҳидан бесабаб ранжиганини англаб хижолат тортди.
— Бугунги чорловнинг маънисини дуруст англамабсиз, — деди Абу Сахл босиқ оҳангда. — Даапатпаноҳ ҳам биздан воз кечишни хуш кўрмайдилар. Байтул-ҳикмага путур етса, давлатларидан нур кетишини фаҳмлайдилар. Аммо, иложлари йўқ. Маҳмуд Ғазнавий истагига қарши боролмайдилар. Аминулмилла беҳад қудрат соҳиби.
— Ҳа, балли. Мен ҳам шуни айтаман. Бу ёруғ дунё устувори идрок эмас, қудрат. Қудрат мавжуд ерда аллома ҳам, донишу фозил ҳам беқадр. Фуқаро эса қадди дол бўлиб, рўшнолик кўрмайди. Мен ҳак-таолога бировни бировдан кам килма, деб муножот этаман. Иншооллоҳ, осмон айлана-айлана бизни шундай кунга рўпара этар.
— Иншооллоҳ.
— Биродар, давлатпаноҳ ихтиёримизни ўзимизга бергани билан, Ғазнага бормоғимизга мажбур этадилар. Абу Райҳон: «Гурганжда макон топдик нима-ю, Ғазнада топдик нима?» дедилар. Менга колса ҳам фарқи йўқ. Магар, мен инсон боласиман. Одамий ғурурим ҳамиша бўйнимни эгик олиб юришимга изн бермайди. Тупроғимга эътиқодим осмон қадар. Магар, гурурим ундан ҳам улуғ. Шу боис ўз юртимга сиғмадим. Энди, бу ер ҳам...
— Журжонияда одиллик ҳукмрон, деб эшитаман.
— Ҳусайн Абу Сахлнинг нима мақсадда бундай деганини англаб, ялт эгиб унга қаради. Қулоқларига бир дам ишонмай турди. Чунки Абу Сахл унга нисбатан Берунийга яқин юрар, кўп баҳсларда Берунийни ёқлар эди. Энди нима учундир Беруний фикрига зид равишда Ғазнага боришга ҳуши йўқ эканини шама киляпти.
— Фикрим ожизлик қилмаса...

Ҳусайннинг сўзи оғзида қолди. Абу Сахл ниятини ойдинлаштирди:
— Ҳа, айнан уқдингиз. Ит ким дуруст суяк ташласа кетаверади. Одамзод ундай қилмайди. Маслаҳатимга кўнсангиз, Гурганждан чиқайлик.
— Ижтиноб этмак дейсизми?
— Тун бўйи танангизга бир ўйланг. Маъқул бўлса, бомдоддан сўнг каминанинг кулбаларига ташриф буюринг. Йўл тадоригини чўзмайлик...

* * *

...Намозшомдан сўнг Хоразмшоҳ хузурига кирган алломаларнинг аксари Ғазнага бормоққа ризо эканликларини билдирдилар. Ал-Беруний байтул-ҳикма аҳли орасида Ибн Сино билан Абу Сахлнинг йўқлигидан ҳайрон бўлди. Саройдан чиқар маҳали эса бу икки алломани сипоҳлар қуршовида кўриб, ҳайрати янада ошди.

Сипоҳлар тутқунларни шоҳга рўпара қилдилар. Давлатпаноҳ Ибн Синонинг қаттиқ-қаттиқ айтган гапларини тоқат билан эшитди. Ғазабдан тутақса ҳам жазога ҳукм этмади. Ҳар икковини уйларига қўйиб юборишни буюрди. Алломалар бу одиллик боисидан гаранг бўлиб, хоналарига қайтдилар.

Тун яримлаганда Ибн Сино эшигини кимдир аста тақиллатди. Аллома қўлига шамдон олди-да, сарпойчан чиқиб, эшикни қия очди. Нотаниш чеҳрани кўриб ажабланди.
— Тақсир, мени давлатпаноҳ ихтиёри билан йўлладилар. Тонг билан сафарга чиқиб, сизларни Журжонияга бошлаб кетаман. Йўл жабдуқлари ҳозирланди. Ҳамроҳингизни огоҳ этмагингиз лозим экан.

Ҳусайн тушимми-ўнгимми, деб гарангсиб туриб қолди. Сўнг: «Давлатпаноҳнинг сўз айтмагани замирида шу сир бор экан-да», деб қўйди кўнглида. Кейин нотаниш кимсани ичкарига таклиф қилиб, ўзи шошиб хонага кириб кетди.

...Қуёш кўтарилганда икки туя ва уч отдан иборат кичик карвон Гурганждан анча илгарилаб, тобора сарҳадсиз кумлик бағрига кириб борарди. Ўзини Рўзимуҳаммад деб танитган рахилкўш, камгап одам эди. Алломаларнинг суҳбатига жимгина қулоқ тутиб, берилган саволларга кисқагина жавоб қилиб қўя қоларди.

Алломалар: «Ишимизни Худо ўнглади», деб бежиз қувонишган экан. Сафарнинг иккинчи куни саҳрода қуюн кўтарилди. Гўё еру осмон қўшилиб кетди. Отлар ўзларини ҳар ён уриб, жиловни узиб қочдилар. Йўловчилар бир-бировларини йўқотиб қўйдилар. Бўрон туни билан тинмади. Тонгга яқин ҳаммаёқ бирдан жимиб қолди. Гўё ҳеч нарса содир бўлмагандай, қуёш оҳиста чарақлаб кўтарилди.

Қумга кўмилаёзган Ибн Сино қаддини тиклаб, уст-бошини қоқди. Атрофга аланглаб, ҳамроҳларини излади. Тирик жон кўринмади. Овоз бермоқчи эди, товуш чиқмади. Тишлари орасида қум ғижирлади. У тиз чўкканча тек туриб қолди. Ибн Сино энди қай томонга боришни билолмай гаранг эди. Кунчиқарни мўлжал қилиб кетаверишни ҳам, ҳамроҳларини излашни ҳам билмасди. У бир қарорга келмай, бархан тепасига кўтарила бошлади. Шундагина ўзидан ўттиз қадамлар нарида жон шарпасини сезди. Ўша томонга югуриб, панжалари билан қумни оча бошлади. Ҳолсиз гавдасини ростлаётган Абу Сахлни таниб бағрига босди, яратганга шукрлар қилди.

Алломалар кун теккага келгунга қадар ҳам Рўзимуҳаммадни изладилар. Сўнг, ундан умидларини узиб, машриқ сари юра бошладилар. Оқшомга бориб, силлалари қуриб, бир-бирларига суяниб қолдилар. Ҳориган одамларга тун салқини хуш ёқиб, қум юмшок тушакдай туюлиб, қаттиқ уйқуга берилдилар. Тонг билан яна судралиб, йўлга тушдилар. Биринчи барханга чиқдилару ҳайратдан тўхтаб қолдилар: рўпараларида атрофи барханлар билан ўралган, яшил майсага қопланган кафтдек яланглик ястаниб ётарди. Икковлон саробмикин, деб кўзларини уқалашди. Кўрганлари ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилгач, одимларини тезлатдилар.

Ялангликни қоқ маркази қудуқ... Кудуқ ёнида икки аёл ётибди. Қадам шарпасини эшитган ёшроқ. жувон ирғиб туриб, юзини яширишга ҳаракат қилди. Кексароқ аёл эса қимирламади.
— Биздан ҳайикманг, — деди Ибн Сино уларга яқинлашар экан. — Бўронда адашиб қолдик. Ҳаловатингизни бузманг. Чанқоғимизни босгач, йўлимиздан қолмаймиз.

Жувон жавдираган кўзини ерга қадаганча, қимир этмай тураверди.
— Волидангиз хастамилар? — деб сўради Абу Сахл. Жувон яна индамади.

Ибн Сино унинг феълидан ҳайрон бўлиб, бир оз қараб турди-да, букчайиб ётган кекса аёлга яқинлашиб, чўнқайди. Кампирнинг билагига қўл юборди. Шу зайл узоқ ўтирди. Сўнг, билакни қўйиб, ўрнидан турди.
— Юрак уриши бежо. Кўп аламларни ичига ютган чамамда, — деди у Абу Сахлга яқинлашиб.

Шундагина ёш жувон тилга кирди.
— Биз чўрилармиз, — деди-ю, яна лаб тишлаб жимиди.
— Бу ерга қандай келиб қолдиларинг? — деб ажабланди Абу Сахл. — Ё озодлик истаб ижтиноб этмакни хаёл қилдиларингми?
— Биз... мен... у киши... — жувон сўз тополмай тараддудланди.
— Сўроққа тутишга фурсат йўқ... Муолажани ўйлайлик, — деди Ибн Сино жувоннинг оғирини енгил қилиб.
— Муолажа? — Абу Сахл кулимсиради. — Бор-бурдимиздан ажршгган бўлсак, хизриобимиз бормики...
— Йўқ бўлмаса, бор қилмоғимиз даркор. Хастани ташлаб кетолмаймиз-ку!
— Абу Сахл эътироз билдиришга улгурмай, Ибн Сино жувонга мурожаат қилди.
— Бу яланглик мени таажжубда қолдирди. Сиз кўпдан бери шу ердамисиз?
— Йўқ. Бўрон бошланишидан олдин қўққис чикиб қолдик.
— Бу ерда бўлмадими?
— Ажаб... Ажабтовур бўлди. Атрофда гирдикапалак тўзон учди. Бу ерга хас ҳам қўнгани йўқ.
— Ажаб... Чиндан ҳам ажабтовур, — Ибн Сино шундай деб қудуқ ёнига борди. Пастга қараб овоз берди: акс садо чиқди. Чўкка тушганича майсаларни ҳидлади. Сўнг бирини юлиб олиб, Абу Сахлга якинлашди. — Мана бу гиёҳ баланд тоғларда бўлгувчи эди. Бу ерда ўсиши таажжуб. Юрак хасталигига даво бу. Сиз айтган иҳёйи амвот хизриобни шундан тайёрлаш мумкин. Агар бирон илон тута олсак эди...
— Заҳри лозимми?
— Заҳридан ҳам қони билан ёғи лозим. Териси ҳам. Худойимнинг бандалари кўп йиллардан бери тириклик сувини умид қиладилар, ривоятлар тўқийдилар. Менинг наздимда тириклик сувини мавжуд этмоқ мумкин. Биз дуч келган ер айнан ғайриоддий туюляпти. Иншооллоҳ, шу шароитда ниятимиз рўёб бўлса.
— Иншооллоҳ.
— Мен қудуққа тушаман.
— Нечун?
— Кудуқ тубларида илон бўлади.
— У ҳолда мен тушай. Болалигимда кўп илон тутганман. Хайриятки, қудуқ четида қайси бир доно қолдирган жун арқон бор эди.

Абу Сахл белини арқон билан маҳкам боғлаб, пастга тушди. Кўп ўтмай кудуқ тубидан унинг «Тортинг!» деган овози келди. Ибн Сино ҳолдан тойганини ҳам унутиб, бор кучи билан арконни торта бошлади.

Абу Сахл уст-боши бир аҳволда, ўнг қўлида ярим қулочли илонни лапанглатганича, чикиб келди.
— Хайрият, ишимизни Худо ўнглади. Шунинг ўзи карахт ётган экан, — деди илонни ҳакимга узатиб.
— Пича ушлаб туринг, — деди Ибн Сино, сўнг этигини чаққон ечиб, пичоқ билан тагчармини кўчирди. Сўнг қўнжини иккига бўлиб; дастурхондай ёзди. Тагчармнинг бодомдай ерини ўйиб, чуқурча қилди. Шундан кейингина илоннинг бошини кесдилар. Оққан қон чукурчани тўлдиргач, қорнини ёрдилар. Ибн Сино гиёҳнинг илдизини кавлаб майдалади. Аввал ивиб қолган қонга аралаштирди, сўнг ёққа булаб илон терисига ўраб кўйди.
— Оқшомга қадар офтобда тобланиб турсин, — деди Ибн Сино, сўнг яна кампир ёнига бориб, билагини ушлади.

Осмон мусаффо, қуёш чарақлаган бўлса-да, яланглик у қадар иссиқ эмасди. Улар ташналик азобидан қутулдилар. Оқшомда Ибн Сино илон пўстини очди. Тайёрланган дори заъфарон тусга кирган эди.
— Хизриоб деган эдингиз? — ажабланди Абу Сахл уни кўриб.
— Ҳа, бир оз қуюқлашди. Бизга арчазорнинг булоқ сувидан лозим эди. Афсус, магар иншооллоҳ, бу ҳам хизриобдан қолишмас. — Ибн Сино шундай деб дорининг бир улушини пичоқ учида илиб олиб, жувонга тутди. — Мана шуни ютсинлар, қолдирмасинлар.

Жувон итоаткорлик билан келиб, пичоқни дастасидан олди. Кампирга яқинлашгач, тиз чўкиб, бир қўли билан бошини кўтарди. Кампир ямланиб, дорини ютди. Ибн Сино дорининг қолганини яна илон пўстига ўраб қўйди.

Бу орада ялангликка ҳукмини ўтказа олмаган қуёш мағрибга бош қўйиб, аламдан барханлар учини куйдириб юбориш қасдида ўт уфурди. Аммо бу ўтли нафас ҳам ялангликка етиб келмади. Аксинча, енгил шабада турди. Атрофга қоронғилик чўка бошлади. Тўлин ой кўтарилди. Шунда кампир ўз-ўзидан қаддини тиклади. Нотаниш кимсаларни кўргач, таажжубланиб жувонга қаради.
— Сизнинг жонингизни сўраб олишди, — деди жувон пичирлаб. Кампирнинг турганини билиб алломалар унга яқинлашиб, салом беришди.
— Мана шу зотни дуо қилинг, — деди Абу Сахл Ибн Синони кўрсатиб. — Сизга хизриоб берган одам шу Абу Али ибн Сино деган алломаи замонни эшитганингиз борми?
— Биз бу дунёда фақат тўрамнигина биламиз. Бўлак зотларни эшитмаймиз, — деди кампир синиқ овозда.

Иби Сино изн сўраб, унинг билагини ушлади. Сўнг, «Худога шукр» деб ўрнидан турди.
— Тахминим ижобат бўлди. Тириклик сувини худди шу ерда тайёрламоқ керак, — деди у Абу Сахлга. Кейин кампирга юзланди: — Билишимча, чўри экансиз?
— Оллоҳдан яширадиган сиримиз йўқ. Қочиб кетяпмиз. Аммо сабабини сўраманг.
— Кай томонга боришни ният қилгансиз?
— Оллоҳ насиб этган томонга.
— Тонгда биз Журжония сари отланамиз. Маъқул кўрсангиз, қанотимизга оламиз.
— Марҳаматларингизга шукр. Биз тақдиримизни Худога топширганмиз. Йўлимиз бўлак.

Кампир бошқа сўз айтмади.

Тўлин ой тиккага келди. Аёллар қудуқнинг бир томонида, алломалар иккинчи томонида пинакка кетдилар. Ибн Сино бир туш кўрди. Кўз олдида аввал хушрўй қиз намоён бўлди. Сўнг қизни банди қилиб ҳайдадилар. Қора соқол, бадбашара одам қизни бағрига олди. Кейин саҳро... Ҳудудсиз саҳрода икки аёл. Бири ўша хушрўй қиз. Йўқ, энди у киз эмас, ҳомиладор аёл. Бири ўрта ёш, елкадор хотин. Ҳомиладор аёл қумга чўзилиб қолди. Кўзи ёриди. Елкадор хотин уни турғизиб нари бошлади. Она боласига талпинди. Аммо елкадор хотиннинг зарби билан йиқилди. Кейин елкадор хотин чақалоқ устига қум сепа кетди. Ибн Синонинг юраги ҳаприқиб уйғонди. Калима келтирди. Ўрнидан туриб атрофга аланглади. Кейин яна жойига чўзилди. Кўзи илинди. Яна туш кўрди. Яна саҳро. Яна икки аёл. Бири кампир. Ким у? Тириклик сувидан баҳра олган кампир-ку?! Ҳамроҳи... Ҳа, шу жувон. Ажаб! Нималар бўляпти! Жувон ҳомиладор. Ана, кўзи ёриди. Энди кампир гўдакка қум сепади... Эвоҳ! Йўқ. Бундай бўлмади.Кампир чақалоқни қўлига олди. Суюб кўкрагига босди... Кимдир ингради. Яна ингради. Ибн Сино уйғониб кетди. Инграётган Абу Сахл экан. Нима бўлди, хасталандимикан? Ибн Сино унинг билагини ушлади. Йўқ, хасталик ишораси сезилмади. Нохуш туш кўраётган бўлса эҳтимол. Ибн Синонинг уйқуси учиб, ўрнидан турди.
— Уйқунгиз учдими, тўрам?

Ибн Сино кампирнинг хаста овозини эшитиб, унга ўгиршгди.
— Ҳа... Ўзингиз-чи, яна хасталик азоб бердими?
— Йўқ, тўрам, танамга жон билан қувват ҳам оқиб кирди.
— Унда нимага ухламаяпсиз?
— Худога шукр қилиб ётибман.
— Ўзгалардан сир яшириш Худога хуш ёқмайди. Нима учун бош олиб кетиш боисини айтмадингиз?
— Бу бандалар биладиган сир эмас.
— Аммо мен барисини биламан. Сиз улуғ гуноҳга қўл ургансиз. Бегунохдарни тириклай қумга кўмгансиз.
— Йўқ! — аёлнинг бағридан отилиб чиққан фарёд қумликларга сингди. Жувон чўчиб уйғонди.
— Йўқ, — деди кампир, бу сафар пичирлаб, — Худо шоҳид, мен бундай қилмадим. — Кампир пиқиллаб йиғлай бошлади. Жувон уни бағрига олди. — Худо шоҳид. Мен бундай қилмадим... Авлиё экансиз, сиримни билибсиз, аммо мен бундай қилмадим... Мен олти бола кўрдим. Олтовлони шу кумда қолган. Тўрамнинг ҳукми билан чўрилардан зурриёт қолмас эди... Олтовлоним қумда... Ўзим ҳам қумда қолишим керак. Заринани олиб кетинглар, тўрам. Авлиё экансиз, бу жувоннинг дарди ичида, боласини Худойим кўп кўрди. Олтовлоним кумда қолган. Қариганимда тўрам гуноҳга ботирмоқчи бўлди. Ялмоғизни эгам чақирган эди. Заринага доялик қилишни менга юклади. Э, Худойим, қайси гуноҳларим учун мени бу жазоларга мустаҳиқ этдинг. Олтовлоним кумда қолса-ю, яна мен бировнинг боласини тириклай кўмсам-а?! Ё Худойим, менга шуни раво кўрдингми, а?! Олтовлоним чақираётган эди, тўрам, нимага менга хизриоб бердингаз. тўрам, авлиё экансиз...

Аёлнинг нолаларини тўхтатиб бўлмади. Тонгга қадар унинг кўз ёши ҳам оқиб қуриди.

Саҳарда Абу Сахл илон пўстига ўралган «тириклик суви»ни қудуқ тубига қўйиб чиқди.

Зарина кампирни ёлғиз ташлашга унамади.

Ибн Сино ва Абу Сахл Журжонияни қоралаб, йўлга тушдилар. Ўлар ҳолда бўлиб қолган алломаларни Журжония сарҳадларига яқин ерда карвон қутқариб олди.

Журжония подшоҳи алломаларга лутфлар кўрсатди. Ибн Сино қувватга киргач, подшоҳ кўмагида кичик карвон тузиб, ажабтовур яланглик сари юрди. Аммо қанча изламасин, на қудуқни, на ялангликни топди. У кўп афсуслар билан изига қайтди. Тиб қонунларига тартиб берар маҳалида бу воқеани афсус билан эслаб, ўчириб ташлади.

Аллома саҳродаги жонланишдан, ҳар уч юз йилда бир марта яланглик юз очишидан бехабар ўтди...

* * *

Рустамнинг қулоғи шанғиллашдан тўхтаб, бир оз ўзига келди. Чироқ нурини кулча бўлиб ётган илонга тутди. Илон қимир этмади. Рустам чаққонлик билан унинг бўйнидан ушлаб даст кўтарди. Шунда ҳам илонда тириклик белгиси сезилмади. Бирдан Рустамнинг кўзи илон кулча бўлиб ётган ердаги муштдай нарсага тушди. Илонни ўлик гумон қилиб ташлаб юборди-да, энгашиб қаради. Илон пўсти. Кимдир ҳафсала билан ниманидир ўраб қўйган. Рустам қизиқиб уни олди. Пўст ҳам, ичидаги нарса ҳам қуриб, қоғоз кулидай бўлиб қолган эди. Кўлига олиши билан тўзиб кетди. Ҳафсаласи пир бўлган Рустам қўлини қокди, арқонга тирмашиб юқорига чиқа бошлади. Чиқар маҳали илоннинг қимирлаганини, ҳозиргина тўзиган нарсага тилини теккизганини сезмади.
— Ҳеч нарса йўқ, — деди юқорида у лоқайдгина. — Битта илон ўлиб ётибди, холос.
— Балки карахтдир?

— Нима, мен ўлик илонни кўрмаганманми? — деди Рустам. Аммо қудуқ тубида ўзидан кетай деганини айтмади. Унга бошқа гапиришмади. Шу ерда чодир тикишди. Оқшомга яқин қудуқ бўйида транзистор эшитиб ётган Рустам бақириб юборай деди. Ҳали тортиб олинмаган арқонга ўралиб чиқаётган илон эса унга бақрайиб қараб қолди...