OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Tohir Malik. Uloq (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиУлоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Улоқ (ҳикоя)
Тоҳир Малик

Ҳайбатали офтобнинг кучсиз нурига елкасини тоблаб ўтирган кампирига парво қилмай тўғри отхонага кириб кетди. Пастки томони ер чизадиган бўлиб қолган омонат эшикнинг хунук ғижирлашини эшитган кампир «келдингизми?» дегандай отхона томон қараб қўйди. Ичкаридан отнинг пишқириши, кейин унга урилган шапатининг, сўнгра чолнинг «ҳа, жонивор!» деган овози келди. Кампир тиззасини ушлаганича аста ўрнидан туриб, пастак бостирма томон юрди. Бир тутам ғўзапоя олиб қирс-қирс синдирди-да, ўчоққа ташлади. Ҳали қўри сўнмаган ўчоқда ғўзапоя бир оз тутаб турди-да, кейин аланга олди. Отхонанинг эшиги яна ғижирлади. Чолнинг бўғиқ йўтали эшитилди. Овқатнинг тузини тотаётган кампир унга қараб:
—Мунча ҳаялламасангиз, шўрва бўтқа бўлиб кетди-ку,-деди.
—Самоворхонага чиқсам Шоназир, Мамаюсуф, Абдулатифлар ўтиришган экан. Бироз ҳангома қилдик.
—Ҳангомангиз ҳам қурсин. Учта чол йиғилса хотинлардан баттар эзма бўлб кетади.
—Eзмаликда улоқ хотинларда кетган. Тўртта гапимиз ҳам эзмалик бўлдими? Ғиёс тикканинг ўғли тўйга айтиб кетдими?
—Eски раиснинг ўғлими? Икки кун бурун айтган.
—Eртага улоқ бераркан.
—Улоқберса менга нима?
—Eски чопон билан пахталик шимни олиб қўй.
—Нима?!
—Телпакниҳам...

Ҳайбатали шундай деб уйга кирди. Кампирнинг қошиқ тутган қўли муаллақ туриб қолди. «Чол эсини еб қўйибди», деб ўйлади. Эски чопон, шим, телпак бекорга олинмайди. Демак, яна улоқ чопмоқчи. Икки йил бурун-ку, оёғи синиб қанча азоб чеккан эди. Кўча-кўйда бировга сўзини бермай юрган одамнинг тўшакда ётиши осон эканми? Ўзигина азоб чекса майли-я, инжиқлик қилавериб кампирини қанча қийнади. Барибир адабини емабди. Оёғида ҳали ҳам оғриқ бор-у, бироқ кампирига сездиргиси келмайди. Шу ёшга кириб улоқ чопмаса кимнинг кўнгли қоларкан? Ёшлигида бошқа гап эди. Қамчин ўйнатиб от чоптиришини кампирнинг ўзи ҳам яхши кўрарди. Довюраклиги ёқиб қолмаганида бу улоқ жиннисига у дунё бу дунё турмушга чиқмасмиди... Бир кўзини ҳам ўзи еди. Улоқда менга тенг келадигани йўқ деб юрган одам кўзидан қамчи еб кўр бўлиб қолса-я! Кампир «енди улоқни ташлар», деса бир кўз билан яна йигирма йил улоқчопди.

Кампир чолининг изидан қараб туриб шуларни хаёлидан ўтказди-да:»Йўқ, унга бир бало бўлган. Ё гап талашган, ё керилиб қўйган...» деган тўхтамга келди.

Кампир икки косага овқатни сузиб олиб кирди. Ҳайбатали улоқ ҳақида бошқа гап айтмади. Овқатлангач, отхонага чиқиб яна оти билан овора бўлди. Кампир унинг изидан қараб: «гапи ростга ўхшайди», деб қўйди-да, чолининг қайтиб кириб, хотиржам ўтиришини кутди. Киравермагач, телевизорни қўйди. Сочини беўхшов турмаклаган қизни кўрди-ю, қарғаниб, мурватни бураб бўлак тасвирга олди. Буниси ҳам ёқмагач, «шиқ» этиб ўчириб қўйди. Бу орада чол кириб ўтирди.
—Ҳа, нега ўчирдинг?-деди телевизорнинг пардасини тушираётган кампирига.
—Ўлақолсин, кўрадиғон нарсаси йўқ. Гапиришгани гапиришган. Тухумдан чиқишгану доно бўлибқолишган.
—Сенга ҳадеганда ўйину ашула бўлса...
—Гап керак бўлса, қўйиб кўраверинг.

Кампир шундай деб жойига омонат ўтирди. Кўринишидан чоли билан аразлашиб ҳозироқ онасиникига жўнаб қоладигандай эди.

«Қаригани сайин феъли нозик бўлиб кетяпти,-деб ўйлади Ҳайбатали.-Ёшлигида неппа-нозингина эди. Шўх эди, кўнглида кир тўпланмасди. Хотин киши қаримасин экан-да... «Оламни лобар қизлар босиб кетгану вайсақи хотинлар қайдан пайдо бўларкин?» деб бекор айтишмаган. Олдинлари улоқнинг дарагини эшитса, нарсаларни ўзи тайёрлаб қўярди. Бориб томоша қилишни қўймасди. Томоша қайда! У бошқа хотинлар олдида мақтангани борарди. Эри улоқда тенгсиз чавандоз бўлади-ю, мақтанмайдими! Ўша дамлар ўтиб кетди-да! Бу кампир тушмагур бир пасда айниб қолдими? Ё мен қаридимми? Менга ачиняптими? Йўғ-э, қариш ёшга қарайдими ё кучгами? Ёшга қараса, тўғри, мен таслим. Кучга қараса... буни кампирнинг ўзи ҳам яхши билади. Билади-ю, лекин сир бой бермайди. Кампирнинг дарди бошқа. Икки ўғилни кўз тикиб ўстирдиг-у, иккови ҳам шаҳарда яшашни орзу қилиб кетди. Шаҳарнинг нимаси яхши экан, ҳайронман. Касалдан боши чиқмайди. Қачон қарасанг жавони тўла дори. Топган-тутганининг ярми шу дори-дармонга кетса керак. Кампир мана шунга тоқат қилолмайди. Ўғилларига кучи етмайди. Аламини мендан олади. Бошқа чораси йўқ бечоранинг. «Шаҳарда турмай, бағримизга қайтиб келинглар!» деб қаттиқроқ айтинг», дейди. Ҳозиргиларга қаттиқроқ гап айтиб бўларканми? Қаерда турса ҳам боши омон бўлса, нонини ҳалоллаб еса бас. Кампир ёлғизликдан хафа, ҳа, мендан эмас. Ёлғизлик қийнаб юборди бояқишни. Энди... менда ҳам илож йўқ-да! «Ўғиллар кўнишмаса қизимизни кўчириб келайлик», дейди. У дунё-ю, бу дунё аклга сиғмайдиган нарса бу. Ичкуёв бўлишга ҳам, ичкуёв қилишга ҳам тоқатим йўқ. Кампир бунинг фарқига етмайди, гапираверади...

Ёшлигида бошқача эди... Унинг ўтиришини қара-я! Юлишга шайланган мушукнинг худди ўзи! Эртага улоққа чиқишимни билиб, тўнини тескари кийиб олди. Нодон кампир-а... эртага улоққа охирги марта чиқаман. Буни ҳозирча ҳеч ким билмайди. Билмагани ҳам дуруст, бўлмаса илтифот қилиб қолишади. Йўқ менга сийлов-у, илтифотлар керакмас. Совринни ўз кучим билан оламан. Ҳа, ҳали улоқда Ҳайбаталидан устун келадигани йўқ. Яна беш-ўн йил от чоптириб юришим ҳам мумкин. Лекин иззат борида этакни ёпган ҳам маъқул. Эртага улоқни солимчининг оёғи остига ташлайману «биродарлар, энди улоқ ёшларники, бизга узр», дейман. Эртага Ҳомидбек ёнимда турса, кўнглимни тўқ тутардим. Ёрдамига муҳтож бўлмасман-ку, ҳар ҳолда ёнимда ҳай-ҳайлаб от чоптириб юрса, мадор бўлади. Аммо бу бола анча пишиқ чиқди. Отасига ўхшамайди. Отаси бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайди. Юлишдан уялмайди. Бу бола бошқача. Мендан кейин улоқнинг олди йигити шу бўлади. Совринни олиб, ҳамманинг олдида шу болага топшираман. «Ҳомидбек от ўйнатса, Ҳайбатали улоққа келибди, деяверинглар», дейман. Менинг шогирдим ким эканини билиб қўйишсин.

Дарвоқе, бу бола тушмагурнинг улоқдан хабари бормикин? Айтишганмикин? Келиб-кетай ҳам демайди... Ё эрталаб келармикин? Ҳар ҳолда,»менга яқинроқ бўл», деб қўйишим керак... Оббо... кампир жудаям шумшайиб олди-ю... кўнглини олмасам бўлмайди шекилли...»

Ҳайбатали шуларни хаёлидан ўтказиб кампирини гапга солмоқчи бўлди.
—Ҳали раисни кўрувдим,-деди салмоқлаб.
—Аҳмадалининг ишини гаплашдингизми? «Ўғлимни чақиртириб, бирор дурустроқ иш бер», демадингизми?
—Йўқ, бунинг мавриди бўлмади. Тўйнинг ташвиши билан юрган экан. Тўйни каттароқ қилсаму улоқберсам, дейди.
—Ўзингизнинг дардингизми?
—E, нега менинг дардим бўларкан. Мен у куни улоқ чопмайман. Солимчи бўламан.
—Нечук?

Кампирнинг бу саволида пичингдан ташқари ажабланиш маъноси ҳам бор эди. Чол кейинги улоққа чиқмаслиги ҳақидаги сирни ўзи билмаган ҳолда айтиб юборди. «Eнди гапни қандай давом эттирсам экан?» деб ўйлаб ўтирганида ҳовлида шарпа сезилди.
—Қаранг, Ҳомидбегингизми?-деди кампир.

Ҳайбатали орқасига ўгирилиб, от етаклаб ҳовлига кириб келган шогирдини кўрди. Ҳомидбек этигининг чангини қоққан бўлди-да, ичкари кирди. Саломлашгач, пойгакка омонатгина тиз чўкди.
—Eртага улоқ бўлишини эшитдингми?-деб сўради Ҳайбатали.
—Ҳа, шу келишимда тўйхонадан келяпман.
—Одам кўпдир?
—Жуда. Нариги қишлоқлардан ҳам чавандозлар келишибди. Базм бошланиб кетди.
—Мана шуниси чатоқ-да! Улоқ бераман, деб ҳам ўзини, ҳам отини икки-уч кунлаб боқса. Бели бақувватларга-ку, ҳеч гапмас. Биздақалар тўй қилиб, улоқ беришни ўйламаса ҳам бўлади. Бунақада тўй тўй эмас, ким ўзар олишувига айланиб кетади.
—Сизга нима-я!-деб гапга қўшилди кампир.-Бордир-ки, қиляпти. Отаси раислигида мол-дунёни хўпам босиб олган. Мана энди орзу-ҳавас баҳонасида бир шишиб оляпти-да. Сиздақалар унинг улоғига учишади. Текинхўрлиги билан ишларинг йўқ.

Ҳайбаталига кампирининг бу гаплари ёқмади. Томоқ қириб, қовоғини солди. Кампир буни сезиб, «е», деди-ю, тескари қараб олди.

«Ҳеч тилини тиймади-тиймади-да. Одам бор, гапим унга ҳам тегиб кетади, деб истиҳола ҳам қилмайди. Ё бу гапини атай Ҳомидбекка теккизиб айтдими? Ҳомидбекка айтгани билан нима фойда? Отасини йўлга сола олармиди? Отаси савдога аралашибди-ки, одамларни алдайди. Унга ҳам қийин-да.Топган фойдасининг ҳаммаси ўз чўнтагига тушмаса. «Бер-бер» дейдиганларнинг саноғи бўлмаса. Бир сўм ишласа ярми уларнинг оғзини мойлашга кетади. Буларнинг бари занжирга ўхшайди. Эсини еган кампир буни тушунармиди? Э... сўрайдиган гапимни ҳам эсимдан чиқарди...»
—Бу... ўғлим, Ироқдаги тўпалонлар жимиб кетдими, хабаринг йўқми?-Ҳайбатали тўсатдан берган бу саволига ўзи ҳам ҳайрон бўлди-ю, лекин сир бой бермади. Хаёлини тўзитиб юборгани учун кампирини ичида койиб қўйди.
—Билмасам...-Ҳомидбек шундай деб елка қисди. Чолнинг бу саволидан ажабланса-да, у ҳам сир бой бермаслик учун мужмаллик билан деди:-Кам гапиришяпти шекилли...

Орага сукут чўкди. Ҳайбатали суҳбатни қовуштирувчи гапни ўйлади-ю, тополмади. Кампирининг гапга суқилиб, суҳбатни бузишига ақли етгач, Ҳомидбекка руҳсат берди. Бир нарса айтиш илинжида у билан ташқарига чиқди. Лекин «Eртага сўнгги марта улоққа чиқяпман. Менга яқинроқ бўл, зарурат туғилса - ёрдамлаш», дейишга тили бормади. Хайрлашар чоғи, фақат «ертароқ кел», деб қўя қолди.

Ҳомидбекнинг гапи ҳам ичида қолди. Аслида у тўйхонадан эмас, темирйўлнинг нарёғидаги фермадан келаётган эди. Тўйхона хусусидаги гапларни йўл-йўлакай эшитиб, устасига айтганди.

Унинг фермага серқатновлиги Ҳайбаталига ҳам маълум. У ерда Моҳира сатангнинг қизи ишлайди. Исми Насибамиди, Нафисамиди... Кўринишидан онасига ўхшамайди. Онаси пастдаги канал қазилаётганда санъаткорлар билан келиб, Маҳмуд полвонни яхши кўриб қолган экан. Маҳмуд полвон ҳам шаҳарга серқатнов бўлиб юриб, охири шунга уйланиб олди. Ҳомидбек кўнгил қўйган бу қиз ўша йиллари мактабга борармиди ё кейинроқ бордими, буни чол эслолмайди. Аниқ биладигани - бир йилнинг нари берисида шогирдининг тинчи бузилган. Ҳомидбек бир марта маслаҳат ҳам сўради. Ҳайбатали унга нима ҳам дерди, «ўзингга ёқса бўлди-да. бошқа гапларга қулоқ солма», деб гапни калта қилди.

Қиз-ку, Ҳомидбекка ёқади-я, лекин Ҳомидбек қизга ёқмаса-чи? Унда нима бўлади? Ҳомидбек кўпроқ шундан ҳавфда эди. Мана бугун ҳам шартта-шартта гаплашгани борди. Лекин ҳар галгидай гапиролмади. Ёнида жимгина юраверди. Охири:
—Eртага кундузи бўшмисиз?-деб сўради.
—Нимайди?
—Улоққа келасизми, демоқчийдим.
—Келсам келавераман, сиз ҳам чопасизми?
—Ҳа...
—Ҳеч ютганмисиз?
—Eнди... ҳар хил бўлади. Бир ундай... бир бундай...

Қиз кулди. Ҳомидбек ўнғайсизланди.
—Биламан, ютмагансиз,-қиз шундай деб яна кулди.-Eски замонлар бўлганида уйланолмай ўтиб кетаркансиз.

Ҳомидбек «нега?» демоқчи бўлди-ю, ўзини тутди. Қизнинг гапига аччиқланди. Бироқ, қиз буни сезмай, гапини давом эттирди:
—Ҳайбатали амаки хотинларини улоқда ютган эканлар, шу ростми?
—Билмадим... унақамасдир.
—Нега билмайсиз? Ҳамма билади-ку? Ойдин буви ўша пайтларда жуда чиройли бўлган эканлар. Ҳадеб совчилар босавергач, «ким улоқда зўр келса, ўшанга тегаман» дептилар. Ҳайбатали амакининг кўзлари у пайтларда яхши экан, улоқда ютиб чиқибдилар. Худди эртакка ўхшайди-я?
—Одамлар тўқиган гап бу.
—Ойдин буви Ҳайбатали амакини танлаб тўғри қилган эканлар.
—Eртага Ҳайбатали амаки ҳам тушмоқчилар.
—Вой, ростданми, унда албатта бораман.

Ҳомидбек ҳар гал қиз билан хайрлашганида юрагида бир чўғ қолгандай бўларди. Бу сафар чўғ ўрнини совуқ бир нарса эгаллади. Қизнинг гаплари унинг иззат-нафсига тегиб, ўч олишга -ўзини кўрсатишга ундади. У фақат улоқдагина ўзини кўрсатиши мумкин эди. «Eртага қандай бўлмасин улоқни ютишим керак. Кейин ўзи ялиниб келади. Ойдин бувининг ёшлигини нега эслади? Ё менга шартини билдириб кўймоқчи бўлдими? Қизлар айёр бўлишади. Лекин барибир мен ўзимни кўрсатиб кўяман. Ҳайбатали амакимга айтаман: «менга яқинроқ бўлинг, ёрдам беринг, албатта ютишим керак», дейман. Устам-ку, ёрдам берадилар...»

Ҳомидбек Ҳайбаталининг уйига кирганда бу гапларни айтолмаслигини сезди. Қиз билан бўлган учрашувни ҳам яширди. Хайрлашув чоғида чолнинг «ертароқ кел», деганига «хўп, уйингизга кириб ўтаман», деб отга минди-да, йўрттириб кетди.

...Чавандозлар темир йўлга яқин катта майдонга тўпландилар. Уларнинг аксари тўпга яқинлашган Ҳайбатали билан қуюқ сўрашдилар. Тўдада «чол ҳам тушармишми?» деган шивир-шивир бошланди. Кўпчилик унинг эски кийимда келганидан «тушаркан», деб кўйди. Лекин қариянинг улоқ ташланадиган жой -паккадан сал нарига ўтганини кўриб, «шунчаки чиққандир», дебқўйди.

Солимчи эчки тулупини ўртага ташлади. Майдонни чавандозларнинг қийқириғи босди. Улоқ ердан узилди. Бир неча улоқчи тўпдан ажраб, отини сурди. Шундагина Ҳайбатали отига қарсиллатиб бир-икки қамчи босди. От дупурлари орасида унинг «Ол, ҳа, ол!» деган қичқириғи эшитилди. Улоқни тақимига босган отлиққа яқинлашгач, қамчинни тишлаб, энгашди.Тизгинни чап қўли билан ушлаб, ўнг қўлини улоқ сари чўзди. Бу орада отлиқлар кўндаланг бўлишиб, уларнинг йўлини тўсишди. Орқадаги дупурлар ҳам яқинлашди. Вақт бой берилиши мумкинлигини сезган Ҳайбатали тизгинни қўйиб юбориб, иккала кўли билан улоққа ёпишди-да, силтаб тортди. Ололмади. Яна тортди. Шу пайтда кимдир унинг отини қамчилади. От ўзини чапга олди. Ҳайбатали улоқни қўйиб юбормай яна силтаб тортди. Отлиқлар «июв, июв!» деб қийқиришиб уларни ўрай бошладилар. Ҳайбатали бу сафар жуда кескин силтаб улоқни тортиб олди-да, отни ниқтади. От тезлашди. Ҳайбатали улоқни тақимига босиб, қамчинни қўлига олди.

«Ol, ha, ol!» deb qichqirdi. U qamchi bilan otning goh u sagʻrisiga, goh bu sagʻrisiga urar, bu harakati bilan yaqinlashmoqchi boʻlayotgan chavandozlarni bezitib turardi. Shunda ham bir-ikki dovyuraklar uloqqa chang solishga jur'at etdilar.

Йўлнинг ярми ўтилганда тўдада ўн-ўн беш чоғли чавандоз қолди. Кўпчилик уларнинг қайтишларида йўлларини тўсиш мақсадида тўхтаб, қулай жойларни танладилар. Ҳайбатали отга қамчи ураётган пайтида ён-атрофга қараб Ҳомидбекни кўрмади. «Йўл пойлаяпти шекилли», деб аччиқланди. У ёшлигидан йўл пойловчиларни ёқтирмайди. «Ҳалол улоқчи паккадан маррагача олишиши керак, тайёрини тортиб олиш номарднинг иши», деб Ҳомидбекка неча айтган эди.

Чавандозлар маррага яқинлашганларида тўда янада қуюклашди. «Июв, июв!», «Ол!», «Бос!» деган қичиқриқлар, отларнинг пишқиришлари кучайди. Айниқса марра атрофида оёқ қўйгани жой топилмади. Чавандозлар тўдаси кўланка сингари чайқалар, отлар оғзидан оппоқ кўпик сочар, қамчинлар шарақлар, қийқириқ бир зум тинмасди.

Ҳайбаталининг йўли буткул тўсилган, от фақат бурнини кериб пишқирар, сакрашга чоғланарди. Бир неча қўл бараварига улоққа ёпишар, лекин Ҳайбатали тақимини бўшатмасди. Улоқнинг бир қўл, бир оёғи аллақачон юлиб олинган, уни ушлаб тортиб олиш анча қийинлашган эди. Ҳайбатали бу аҳволда маррага ўтиб бўлмаслигини билиб, отни қайтарди. Тўда соя сингари унга эргашиб бироз сийраклашди. Ҳайбатали отни темир йўл томон солди. Кейин бошқалар учун кутилмаганда шарт орқага бурилди. Уни яна ўраб ола бошладилар. Маррага яқинлашганида кимдир яна унинг отини қамчилади. Юзига кўзи аралаш бир нарса «шилт» урилиб, жон аччиғида инграб юборди. Бирдан бўшашиб, оёғидан куч кетди. Кимдир бир силташда улоқни тортиб олди. Шундан кейингина Ҳайбатали улоқни тақимига босиб олиб, отини қамчилаётган Ҳомидбекни кўрди. «Яхши, энди ундан ўзим оламан», деб ўйлаб от сурмоқчи бўлди. Аммо уни энди яқинлаштирмадилар. Маррага жуда оз масофа қолгани учун у шошилар, лекин ҳаракатлари фойдасиз эди. Чавандозлар бир қийқиришди-ю, жим қолишди. Ҳайбатали улоқни маррага ким ташлаганини аввалига билолмади.

Отлиқлар аста тарқалишди. Тўйбоши Ҳомидбекка тўн кийғизаётганда Ҳайбатали ғалати бўлиб кетди. Отини буриб, енгил қамчи урди. У бошқалар каби тўйхонага ҳам бормади, иккинчи марта ташланган улоққа ҳам қарамади. У отни ўз ҳолига қўйган, оёғининг зирқираб оғришига ҳам, қамчин заҳридан юзининг ловиллашига ҳам эътибор бермас эди. Қаерларда юрганини, нималарни ўйлаганини ўзи ҳам тузук-қуруқ билмади.Бир пайт қараса, от бошини эгганича ҳовлисига кириб боряпти. Ҳовлида кампири, қўлида катта тугун.
—У нима?-деб сўради Ҳайбатали отдан тушмай.
—Ҳомидбегингиз ташлаб кетди, мукофотингиз эмиш.

Ҳайбатали энгашиб, тугунни кампирининг қўлидан олди-да, отни орқага бурди. Кампир «яна ҳаяллаб кетманг», деганича қолди.

Ҳайбатали Ҳомидбекнинг уйига келиб ҳам отдан тушмади. Қамчин дастаси билан эшикни тақиллатди. Йигитнинг отаси чиқиб, одатича тилла тишларини кўрсатиб кулди-да, ёқимсиз бир мулозамат билан ичкарига таклиф қилди. Ҳайбатали қуллуқ илиб, тугунни узатди.
—Нима бу?
—Ўғлингизнинг мукофоти, улоқда ютди.
—Ўзи қани?
—Тўйхонада. «Буни дадамга бериб қўйинг», деди.
—Оббо азамат-э, ютибди-да, а? Сизнинг сабоғингизни олган-да.
—Бунақа мукофотни... ота ўғил ютади,- Ҳайбатали шундай деб от тизгинини тортди.

У кечки овқат пайти ҳам таомга қарамади. Барвақт жой солдириб ётди. Сандиқни очиб, эски кийимларини тахлаётган кампирига қараб:

—Солмай тур,-деди. Кейин орқасини ўгириб, кўрпага бурканиб олди-да, қўшиб кўйди:-Раис тўйида берадиган улоққа бошқа солимчи топибди. Мен улоққа тушарканман, қаттиқ илтимос қилди. Шуниси охирги марта бўлади... Айтганингдай, салгина қарибман...