OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиВасиятнома (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Васиятнома (ҳикоя)
Тоҳир Малик

Бу хунук хабарни айтиш шунчалар осонми? Бундай гапларни айтавериб, дийдаси қотиб қолганми?

«Зийрак бўлиб туринглар, жони шу кеча узилади... Тонггача ё боради, ё бормайди...»

Бу сўзлар «Eнди ёлғиз қоламанми?» деган ваҳимани уйғотиб, юрагига ўқдек қадалди. Хотинини алдади: «касалхонани вақтинча беркитишар экан, иситгичлари янгиланар эмиш...»

Саида бу «янгиликни» эшитиб, жилмайиб қўйди. Қосимнинг назарида унинг кўзлари қувончдан чақнаб ҳам кетгандай бўлди. «Нимага жилмайдийкин? Уйга қайтаётганидан хурсандми? Ё... алдаётганимни сездими? Балки... кўнгли сезган бўлса... жоним уйда узиларкан, дебқувондими?..»

Саиданинг уйга қайтишидан қизлари бехабар эдилар. Қосим табиблар замбилида бемажол ётган хотинини ҳайдовчи йигит ёрдамида уйга олиб кириб ётқизди. «Хизмат ҳақи», деб пул узатган эди, йигит унга ажабланиб қаради-ю, изига қайтди.

«Нега пул олмади? Ё «ўлаётган одамни кўтарганим учун ҳақ олмайман», демоқчи бўлдими? Бу фикр Қосимнинг миясига чўқмордайин урилиб, то товонига қадар зириллатиб юборди. Кичик қизига қўнғироқ қилгач, хотини ётган уйга кирди.
—Нилу келади,-деди у.-Бир аччиқ мастава қилсин, ичсанг тер билан чиқиб кетади...

«...тер билан нима чиқиб кетади?..»

«...жон терга қўшилиб чиқиб кетиши мумкинми?..»

Ўз оғзидан чиққан гапни хаёлида кавлаштириб, кўнгли баттар ғашланди. Хотинига бир қараб олди. Саида бу қарашга жавобан яна бир жилмайиб қўйди. «Нимага жилмайяпти?-деб ўйлади у.-Нимага унинг кўзларига қарай олмаяпман? Бунақада сездириб қўйсам...» Қосим ҳам ўзини, ҳам хотинини чалғитиш учун нимадир дейиши керак эди. Ўша «нимадир» тилига кела қолса-чи? Илгарилари аразлашиб, сўнг ярашганларида каловланиб, айтишга гап тополмай шунақа соқов бўлиб қоларди. Йўқ, у ҳозир ўша дамларни эсламади, буни у кейинроқ, хотинини дафн қилиб келганидан сўнг хотирлайди. Ҳозир эса дарс тайёрламай, муаллими рўпарасида мулзам бўлиб турган бола ҳолида - айтмоққа бир яхши гап излайди.
—Одамлар ҳам қизиқ,-деди у кулимсираб,-пул ўзгарармиш, деб тўзиб юришибди. Ҳой, дунё ўзгариб кетяпти-ку, пул ўзгарса нима экан, дейман.
—Куйиб қолмайлик, деб қўрқишади-да...

Хотини шундай деб тамшаниб қўйди. Сўнг уни ҳиқичоқ тутиб, кўзларини юмиб олди.

«Айтишга шундан бошқа гап йўқ экан, мен аҳмоқ жим туравермайманми? Пул ўзгарадими ё куйиб кетадими, унга нима?!»

У хотинининг бошини аста кўтариб, лабига пиёлада совуқ чой тутди. Саида бош чайқади-ичмади. Шу дамда ҳовлидан Муҳаррамнинг овози эшитилди. Муҳаррам - Саиданинг тенгқури. Тўрт хонадон нарида туради. Қариндошдан ҳам аълороқ даражада яқин қўшни. Очиқ кўнгилли, шаддодгина бу аёл уларнинг барча тўй-маъракаларига бош-қош бўлиб, оғирларини енгил қилган.

Ҳовлида ҳеч ким бўлмаса ҳам у кириб келаётганини маълум қилиш учун ўзига ўзи гапирарди:
—Болалар «Саида опоқим келдилар», дейишди. Саида опоқинг келсалар, жонларига менинг жоним қоқиндиқ. Баннисада мазза қилиб ётган эрка хоним бу-ку, бир ҳафтада соғиниб, сиқилиб ёрилай деган мен бечораман. Эрка хоним қанилар?

Муҳаррам шундай деб ичкари кириб, ҳиқичоқ тутиб ётган дугонасини кўрди-ю, овозини пастлатди. Бироқ, юрагида уйғонган ташвишли туйғуни сездирмади. Саида билан кўриша туриб, ёстиғини тузатди. Бошини кўтариброқ ётқизди.

Четдан кузатган киши бу аёл яна бир неча соатдан кейин жони узиладиган дугонаси билан эмас, оромгоҳдан ёки ҳориж сафаридан қайтган қадрдони билан чақчақлашиб ўтирибди, деб ўйлаши мумкин эди. Муҳаррамнинг юзида кулги бўлса-да, дугонасига қарагани сайин юрагидаги зардоб тобора тўлиб борарди. Зардоб косаси қачон тўлади, қачон бу ёлғон кулги йиғига айланади, ўзи ҳам билмайди.

Нилуфар келгач, унинг мушкули осонлашди. Оиланинг кенжаси билан кўришаётиб: «Опаларингни ҳам чақирдингми?» деб сўради. «Ҳа, чақирдим», деган жавобни эшитгач, бир оз ҳотиржам тортиб, ҳовлига чиқди.

Қосим уч тарафи панжара билан ўралган тахта каравотда оёқларини осилтириб ўтирарди.
—Муллака, дўхтир бир нима демадими?

Қосим унга бир қараб олди-ю, индамади. Ҳақиқатни англаб етиши учун Муҳаррамга шу қарашнинг ўзи кифояқилди.
—Бир нима деган бўлса... гапи ростга ўхшайди. Хабар келиб қолибди...-Муҳаррам кейинги гапни йиғламсираб айтди.-Қизларга маълум қилиб қўйиш керакмикин... Ғафлатда қолишмасин. Узоқдаги қариндошларга ҳам хабар қилдиринг. Кейин сиздан ўпка-гина қилиб юришмасин. Тириклигида рози-ризолик сўраб қолишсин.

Қосимнинг шу ёшга кириб эгилмаган боши шарт эгилди. Буни ўзи ҳам сезмади. Шу кўйи узоқ ўтирди. Ўртанча қизи кириб келганида ҳам шу алпозда эди. Арофат отасининг ўтиришини кўрибоқ пиқиллаб йиғлаб юборди. Муҳаррамнинг танбеҳидан сўнг овуниб, уйга кириб кетди.
—Туринг, бундай ўтираверманг,-деди Муҳаррам буйруқ оҳангида.
—Мен унингқадрига етмадим...

Қосим бу гапни ўзи учун, паст овозда айтган эди. Аммо Муҳаррамнинг бағоят зийрак қулоғи буни эшитди.
—Одам Атодан кейин қайси эркак хотинининг қадрига етибди? Қўйинг, куйманг, дунёнинг бўлгани шу, одамзот бир-бирининг қадрига бошига ташвиш тушган пайтда етиб қолади. Туринг, уйга киринг.

Тўнғичи Наима келгач, Қосим ҳам уйга кирди. Саиданинг ҳиқичоғи тинган, осмонга қараган ҳолда енгил ҳуррак отиб ухларди. Бурун катаклари бир оз керилган эди. Муҳаррам лабини тишлаб, бош чайқаб қўйди-да, Қосимнинг қулоғига шивирлади:
—Домла чақириб келинг, ўқитиш керак...

Бошқачароқ ҳолат бўлганида Қосим: «Нимага? Шартми? Ўқиб нима каромат кўрсатарди?» деб ланжлик қилиши мумкин эди. Ҳозир баодоб боладай «хўп» деб орқасига қайтди. Келадиган домла унинг назарида биргина «куф-суф» қилсаёқ, хотини туриб кетадигандай эди. Домлани айтиб келаман, деб кўчага чиқди-ю, ўйланиб қолди: домла ким? У қаерда туради? У маъракаларда домлаларни кўрган, лекин бу атрофда қайси бири яшашини билмас эди. Рўпарадаги қўшнининг ўғли дарвозага суяниб, сақич чайнаб турган экан, ўшани чақириб сўради:
—Домланинг уйини биласанми?
—Қайси домлани?
—Ўқийдиган домла.
—Билмайман... мачитда турса керак.
—Қайси мачитда?
—Ана, янги мачитда.
—Бориб айтиб кел. «Тез бораркансиз, шахсан Қосим Мажидович илтимос қилдилар», дегин.

Бола истамайгина «хўп», деб бурилганида «болага йўқ деб юбормасин, ўзим бора қолай», деган хаёлда: «Тўхта, бирга борамиз», деди.

Ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги имомга гапни узоқдан бошлашнинг ҳожати йўқ эди. Қосим чайналиб гап бошлагандаёқ, у мақсадини англади. «Янгамиз хастамилар?», деди-да, Аллоҳдан шифо тилаб дуо қилиб, ўрнидан турди.

Домла ўқиётганида Саида кўзларини очди. Каравотнинг оёқ томонида ўтирган қизларига қараб жилмайиб қўйди. Бу жилмайиш барчаларининг қалбига умид нурини берди. Домла «Ёсин»ни ўқиб бўлгач, дуо қилиб ўрнидан турди. Ҳовлига чиққач, Қосимнинг пул узатган қўлигақараб олиб:
—Масжидга беринг,-деди. Кейин қўшиб қўйди:-Умид ёлғиз Аллоҳдан, аммо... эҳтиёт - шарт! Ҳар хил бекорчи хаёлларга берилмай, калима келтириб туринг.

Домла шуларни айтгач, «Калима келтириш нималигини биласизми?» дегандай унга савол назари билан қаради.

Қосим ҳам унга жавобан савол кўзи билан боқди. Домла: «Ла илаҳа иллоллоҳ» тилингиздан тушмасин», деди-да, кўча эшик сари юрди.

Бу калимани Қосим кўп марталаб эшитган, маъносини ҳам яхши билади. Бироқ, айтиб юрмагани учун тили қотиб, дарров такрорлашнинг эвини қилолмади. Сўри олдида туриб калимани такрорлаб машқ қилаётганда Наима чиқди.
—Ада, домла нима дедилар?
—Домла... «Умид ёлғиз Аллоҳдан», деди. Худо хоҳласа, ойинг тузалиб кетади
—Айтганингиз келсин, ишқилиб. Ҳозир анча яхшилар. Гаплашяптилар. Ада...-қиз ялиниш оҳангига ўтди:-мен уйимга кетаверайми?
—Ётибқолмайсанми?
—Бодринг тузлаётган эдим...

Қосим қизини биринчи марта кўраётгандай унга ажабланиб қаради. Кейин аччиқланди: онасидан кўра бодринг афзалми бунга? «Eрим кўп ичади», деб-ку, ҳасратидан чанг чиқади. Яна унга ўзи бодринг тузлаб беради... Зардаси қайнаган Қосим дўхтирнинг гапини қизига айтгиси ҳам келди. Кейин: «Кетаверсин, ўтиргани билан нима фойда?» деган тўхтамга келди.
—Куёвингизга арзонроқ бодринг учраган экан, бир қопини кўтариб келибдилар. Вақтида тузланмаса ириб кетади-ку? Эрталаб азонда етиб келаман.
—Боравер...

Наима отланмасидан туриб, Арофат ҳам узрини айтди: эртага куёв тўра «гап» берар эканлар! Шунга сомса, норин дегандай... Бу кеч тайёрлаб қўймаса, эртага кундузи қайси бирига улгуради?

Отадан руҳсат теккач, қизлар онанинг кўнглини кўтариб, сўнг изн олмоқ мақсадида ичкари кирдилар.

Саиданинг орқасига қўш ёстиқ қўйилган, у қаддини тутиб ўтирар эди. У қизларнинг кўзларига бир қарашдаёқ, мақсадларини англаб, жилмайди:
—Адангларнинг турган битганлари - ваҳима. Сизларни бекорга овора қилибдилар. Худога шукр, тузукман. Бўлмаса дўхтир уйга рухсат берармиди? Сизлар уйларингга бораверинглар. Нилу, жоним, сен ҳам борақол, қайнонанг яримжон, қийналиб қолмасин. Лекин... яна кўнгилларингга келмасин-у... Ёнимдаги каравотда ётган хотин эскичани биларкан. Ёшми, қарими, ўладиган касалми ё соғми - фарқи йўқ, бир-биридан рози-ризолик сўраб туриши керак экан. Ойим раҳматли ҳали касал бўлмай туриб, шундай қилган эдилар. Сабабини энди билдим.
—Вуй, ойи...-Нилуфар шундай деб йиғлаб юборди.
—Агар йиғласаларинг, мен буни бошқача тушунаман. Кўнглим ранжийди. Гапимни охиригача эшитинглар: кеча тушимда адам раҳматли билан ойим раҳматлини кўрдим. «Сени ҳали-бери чақирмаймиз, аммо биз қилиб қўйган ишни қилиб қўйгин», дейишди. Улар қилган иш - рози-ризолик-да. Мен ҳаммаларингдан розиман. Сизлар ҳам мендан рози бўлинглар: эҳтимол бесабаб урушгандирман, ранжитгандирман, ўзимни тутолмай қарғаб юборгандирман, қарғишларим юракдан бўлмаган, Худо кечирсин, сизлар ҳам гуноҳимдан ўтинглар. Адаси... сиз ҳам рози бўлинг, сизга вақтида яхши қарай олмадим...
—Қўйсанг-чи шу гапларни...
—Eнди сиз чиқиб туринг. Қизларга бир-икки оғиз гапим бор.

Қосим яна ноилож ташқарига чиқди.

Саида «отам билан онам чақиришмас экан», деб барчани алдаган эди. Бир ой аввал тушида у кавушини ўғирлатди. Ўшандан бери кўзи илинди дегунча, отаси билан онаси уни чақираверади, чақираверади... Саида бу чақириқларнинг оқибатини яхши билади. Бир ой бурун Қосимнинг тушида жағ тиши тушган эди, лекин у бундай ирим-сиримларга ишонмайди.

Дам ўтмай уччала қиз кўнгиллари вайрон бўлган ҳолда, ҳовлида кўринишди. Ҳозир бодринг тузлаш ҳам, эрининг эртанги «гап»ига тайёргарлик ҳам уларнинг хаёлидан кўтарилган эди.

Саиданинг уларга доимо қилиб юрадиган насиҳатларидан кейинги гаплари қизларни карахт қилиб қўйган эди. Ҳовли ўртасида қаққайиб турган оталари кўзларига нечундир хунук кўринди. Унга ғалати қараш қилиб, совуқроқ ҳолда хайрлашишди. Қосим ичкаридаги гаплардан хабари йўқ, қизларидаги ўзгаришни сезди-ю, аммо «Онанг нима деди?» деб сўрамади. Улар чиқиб кетишгач, уйга кирди. Саиданинг орқасидаги ёстиқлар олинган, энди у шифтга тикилганича бемажол ётарди. Нафас олиши бежо, танасида уйғонган оғир азобни енгиш учун онда-сонда инграбқўяди.
—Муҳаррам... кўкрагимни озгина босинг...

«Оғриқ кўкракда экан-да?» деб ўйлади Қосим.
—Оғрияптими?-деди Муҳаррам меҳрибонлик билан.-Менинг қўлларим эмас, Луқмони ҳакимнинг кўллари. Аллоҳим, ўзинг шифо бер...

Саиданинг мижжаларидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Муҳаррам буни кўриб Қосимга қаради-да «во-эй, қизлар кетишмаса бўларди», деб пичирлади. Саида кўзларини юмиб, аста тамшанди.
—Сув олиб келинг,-деди Муҳаррам паст овозда.-Тоза пахта ҳам...

Қосим шошилганидан пахта топа олмай, бир пиёлада сув кўтариб кирди.
—Во-эй, эркак зоти бунчалар ношуд қилиб яратилмаса,-деди Муҳаррам зорланиб.-Лабига томизинг. Бармоғингиз билан томизинг.

Қосим Муҳаррам айтгандай қилди. Шу пайт Саида кўзларини шарт очди. Шифтда нимадир қидиргандай олазарак бўлди-да, сўнг... яна аста юмди.
—Ла илаҳа иллоллоҳ!-деб юборди Муҳаррам. Сўнг Саиданинг бош томонига ўтиб, жағини ушлади.-Бўлди, боринг, қўшни хотинларни чақиринг. Қизларни ҳам,-деди.

«Нимани «бўлди» деяпти?-ажабланди Қосим.-Ўлдими? Шу қадар осонми жон бериш... Шу қадар беозор... Шу қадар беозор-а... Мен унинг қадрига етмай яшадим-а... Қадрига етмадим-а...»

...Жаноза ўтди. Уч кун аза ҳам ўтди. Қосим «қизлар кетса, ёлғиз қоламанми? Тунлари билан Саиданинг руҳи ёнимда бўладими?» деб ўйлади.
—Қирқлари ўтгунича ойимнинг уйларида ётамиз. Қирқ кунгача арвоҳ келиб хабар оларкан,-деди Наима.

Қосим индамади. Бироқ, кўнглидан «тириклигида келиб ёнида ётсаларинг бўлмасмиди?» деган армонли гап ўтди.

Қизлар Саиданинг жони узилган уйда хонтахта атрофида холалари билан гурунглашиб ўтиришарди. Қосимга бир тоғдан, бир боғдан бўлаётган гаплар ёқмади. Юраги сиқилиб, ташқарига чиқди. Сўрига бориб, энди ўтирган эди, Муҳаррам ҳам уйдан чиқиб, унга яқинлашди.
—Ҳадеб «уф» тортаверманг. Эркак одамга уят бўлади,-деди у.

Қосим бошини эгган ҳолда минғирлади:
—Eзилмасдан бўларканми? Мен унинг қадрига етмадим...
—Оббо... ҳадеб шунақа деяверманг. Қадрига етгансиз. Хотинини норози қилганларни ҳам ер кўтариб юрибди-ку?! Саида ўртоғим сиздан рози бўлиб кетди. Шукр қилинг.

Бу гапни эшитиб, Қосим бошини кўтарди:
—Ўзи айтдими?
—Ўзингиз эшитдингиз-ку? Менга ҳам алоҳида айтди.

Дарвоқе... айтиб эди. Лекин кўнгил таскини учун биргина «розиман» деган сўзнинг ўзи кифоямикин? Саида Қосимдан рози экан, Қосим-чи? Унинг ўзи ўзидан розими? Кўнгил таскини кўпроқ шу саволнинг жавобига боғлиқ. Қосим бу фикрини қўшни аёлга ошкор қила олмайди.
—Қизларни олиб қолиб нима деган эди? Қизлар ранжиб чиқишди, мен сездим.
—Қизларгами?..-Муҳаррам эшитганини айтишга истиҳола қилди.-Вақти келса қизларнинг ўзи айтади. Ҳавотирланадиган ери йўқ.
—Шунчалик сирли гапмиди?.. Нима учун ўзимга индамади?
—Вой, эсим қурсин, у сизга айтадиганларини бир варақ қоғозга ёзиб қўйган экан. «Кейинроқ ўзлари ўқиб оларлар», деган эди-я...
—Қани ўша хат?
—Ичкарида. Хитойдан бир алламбало чойнак олиб келган экансиз. Ўшанинг ичига солиб кўйибди.

Қосим ўрнидан турган эди, Муҳаррам уни жойига қайтарди.
—Намозшомда олиб ўқиманг, хосияти бўлмайди. Эртага тонг отганда ўқирсиз.

Кейинги кунлар ичи ким нима деса Қосим одобли бола сингари «хўп» деб қулоқ соладиган бўлиб қолди. Биров келиб «ҳовлида ўтин ёрманглар», дейди. Бошқасининг гапига қаралса, бодом чақиш мумкинмас. Қосим «нима учун?» деб сабабини сўраб ўтирмайди. «Қоидаси шунақа экан-да», деб қўя қолади. Агар ҳозир биров келиб: «Марҳуманинг жони узилган уйнинг сувоғини кўчириб, қабристонга ташлаш керак», деса, шу ишни қилишдан ҳам тоймайди. Муҳаррам: «хатда юракни эзадиган гаплар бўлса, кечаси билан беҳаловат бўлмасинлар», деган мақсадда «тонг отганда ўқирсиз», деган эди. Қосим бунинг фаҳмига етмай, «шунақа одат ҳам бор экан-да», дебқўйди.

Уч кунлик азада ҳориган аёллар уйқуга кетишди. Қосим қизларининг қистови билан хонасига кириб, бир оз ётди. Баданига ҳукмини ўтказаётган ҳордиқ уйқуни чақирарди. Лекин бедор киприклар қовуша қолайлик дейишмас эди. Муҳаррам уни тунги безовталикдан асрамоқчи эди, акси бўлиб чиқди - хаёлини Хитойдан келтирилган чойнак ичидаги хат банд этди: «Нима учун ўзимга айта қолмади гапини? Нима учун ёзди? Ўзимга айтишдан истиҳола қилдими? Нима деб ёзган бўлиши мумкин?» Муҳаррам унга гўё «тунда эрмак қилинг», деб бир тугун чигил саволлар ипини ташлаб кетган эди. Қосим юраги ҳаприқиб, ўрнидан турди. Тонгга қадар сабри чидамаслигини билиб, хатни олиб ўқимоқчи бўлди. Хат - чойнак ичида. Чойнак - жавонда. Жавон - Саиданинг жони узилган уйда. Уйда эса аёллар ётишибди. «Шарпасиз кириб, олиб чиқаман», деб ўйлади. Уйда чироқ ўчмаган. Эшикни қия очиб, ичкари қаради: жавон ёнида кенжа қизи ётибди. Худди хатни қўриқлаётгандай... Жавонга етгунча икки қайинсинглисининг устидан ҳатлаб ўтиши керак. Қосим ноиложлигидан афсусланиб, эшикни ёпди. Аммо хонасига қайтмади.Ҳовлига чиқди.

«Мен унинг қадрига етмадим... У мендан рози бўлибди... Балки тил учида айтгандир... Дилидагини қоғозга битгандир... Нималарни ёзиши мумкин? Балки... ўша биринчи марта....»

...биринчи хиёнати....

Кўп йил бўлди бунга. Лекин ўша воқеанинг буткул тафсилоти ипидан-игнасигача ёдида турибди. Унингки ёдида турибдими, Саида ҳам унутмагандир. Аёл учун уч ўлим бор: бири -жисмоний ўлими - бу дунёни ташлаб кетади. Лекин унга қадар неча марта ўлиб тирилади: бири - кўзи ёриганда. Иккинчиси - кундош кўрганда. Қадимда ошкора равишда хотин устига хотин олаверишган. Эндигиларнинг айримлари баъзан саноқсиз уйланишади, бироқ - пинҳона! Балки «хотиним билиб куймасин ёки ўлиб-тирилмасин», деган яхши мақсадда пинҳона иш тутишар. Энди бу ҳол Аллоҳга маълумдир, биз гуноҳкор бандага буниси қоронғи. Хуллас, ўша, биринчи хиёнатда Саида биринчи марта ўлган эди.

Ўшанда Қосимнинг бахти кулган кезлар эди. Уч йил хорижда ишлади, топиш-тутиши дуруст бўлди. Уйланди. Саиданинг қадами қутлуғ келиб, хорижда тўплаб қўйган пулига «Волга» автомашинасини олди. Яхшигина идорага ишга жойлашди.

...келишган йигит. Ишга «Волга»сида келади. Бармоғида машина калитини чир айлантириб ўйнатади.

...хоналарида чиройлигина, кулишлари ширингина бир жувон бор. Бир куни ялиниш оҳангида: «Тобим қочиб қолди, кузатиб қўя олмайсизми?»-деди.

...кузатди.

«Eрим кўп сафарга чиқади, ҳозир ҳам сафарда»,- деди жувон.

«Eрининг сафардалигини бекорга айтмаётгандир?»-деб ўйлади Қосим.

«Уйга киринг. Бразилия қаҳвасидан бир хўпламгина ичинг», деди жувон.

Одам Ато билан Момо Ҳавво шайтон васвасасига банди бўлганларида қўшилишларидан аввал олма ейишган экан, эндигилар қаҳва ичсалар етарли...

Қосим уйлангунига қадар бўлганларини хиёнат ҳисобламайди. Улар бўйдоқликка ҳос кўнгилхушликлар эди. Уйлангач, бу йўлга қадам босмасликка онт ичганди. Бу жувон тушмагур уйига олиб келиб, лабини чўзиб тургандан кейин нима қилсин? Қаҳва ичиб кетаверса уят бўлмасмикин...Жувон ҳисобдан адашган эканми ёки эрининг кўнгли бу шумликни сезиб, сафар муддатини қисқартирганми, ҳар ҳолда, укпар булутлар устида сархуш сузишаётган паллада эшик кўнғироғи жаранглаб қолди. Апил-тапил кийиниб, иккинчи қаватдан сакради. Машинада кетатуриб баланддан сакрагани ҳолда оёларига шикаст етмаганига бир қувонса, қўшнилар кўриб қолмаганига, «ўғри» деган гумонда қувишмаганига бир суюнди. Бу йўлга бошқа юрмайман, деб қасам ичди...

...Уйда эса...

Хотин кишининг димоғидек сезгир нарса йўқдир. Саида бегона ҳидни дарров илғади. Бироқ, «Менга шундай туюлгандир», деб ўзини овутди. Ётар маҳали Қосим ечинаётганда эса... тескари кийилган ичкўйлак гумонини тасдиқлади. Саида ўшанда жанжал қилмади. Лекин... уни қирқ кун ўзига яқинлаштирмади.

Қосим ҳозир ўша воқеани эслади. «Хиёнат эди», деб тан берди. Шунча йилдан бери барча айбни ўша жувонга юкларди. Ҳозир ўзи ҳам сезмаган ҳолда хиёнат қилганини бўйнига олди: «Саида мени ўша куниёқ ташлаб кетиши мумкин эди. Лекин кетмади. Нимага кетмади? Хатда шунинг сабабини ёзганмикин? Ҳар ҳолда хотин эмас, фаришта эди... Қадрига етмадим...»

Қосим ўрнидан туриб деразага яқинлашди. Ичкарида хотинлар ўша алпозда ётишибди: хат турган жавон гўёки кўрғон-у, улар посбонлардай...

«Йўқ, у бунақа гапларни кавлаштирмайди,-деди у сўрига қайта туриб.-Шунча йил индамаган, энди ёзиб кетадими? Кейин қўлга тушганимда ҳам «ғинг» демаган... Балки... «бузуқ!» деб сўкканимни ёзганмикин? «Сиз ўшанда менга туҳмат қилгансиз, бу туҳматни кечира олмайман», деганмикин? Туҳмат эди... тўғри...»

Ўшанда «Қўрққан олдин мушт кўтарар», деган ҳикматнинг ҳаётдаги исботи бўлган эди. Хорижликларни Масковдан бошлаб келган таржимон қиз қаймоқдеккина экан. Унгача қасамини такрор ва такрор бузган Қосим учун яна бир марта гуноҳга ботиш ҳеч гап эмасди. Қаҳвахонага ўтаверишда айвончада музқаймоқ еб ўтирган Саида билан катта қизи Наимани кўрди-ю, «қўлга тушдим», деб юраги шув этиб кетди. Тўғри, кўлга тушган эди. Лекин Саида қизи олдида уни шарманда қилишни истамади. Бепарво ўтираверди. Ўшанда уларнинг ёнидаги бўш курсига бир киши келиб ўтирди. Қизалоққа нимадир деб кулиб қўйди. Музқаймоқ еб бўлишгач, Саида билан қизи туришди. Нотаниш киши жойида қолаверди. Унинг нотанишлиги кундек аён эди. Ўша дамда Қосимнинг кўнглида гумон уйғонмаган ҳам эди. Гумон, аниқроғи - баҳона уйга қайтганида бош кўтарди. Кира солиб дабдурустдан: «Кимлар билан музқаймоқ ялашиб юрибсан?!» деди. Саида бундай хужумни кутмаган эди - довдираб қолди. Қосим эса авжига чиқиб, беихтиёр: «бузуқ!» деб юборди. Айтишга айтди-ю, тилини тишлади. Саида бир кун йиғлади, эртасига ҳам кўзлари қизариб юрди. Қосим нотўғри иш қилганини билса ҳам, мақсади ўзини оқлаб олиш бўлгани сабабли чекинмади, узр сўрамади.

Орадан кунлар, ойлар ўтиб, бу нохушлик унутилгандай бўлди.

«Унутмаган эканми?-деб ўйлади Қосим.-Балки... «Ўзингиз бузуқ бўла туриб, менга шундай туҳмат қилган эдингиз-а» деб ёздимикин? Ёзса ҳаққи бор. Ҳеч бўлмаса ўша гап учун узр сўраб қолмадим-а... Чакки бўлди. Агар ўшани эслаган бўлса, қарғаб-қарғаб ёзган бўлса ҳам розиман. Ҳаққи бор... Лекин... у буни ёзмайди. Юзимга айтмаган одам ўлиши олдидан ёзиб кетмайди. Унда нимани ёзади? Балки... «отамдан хабар олиб туринг», дегандир? Шу фикр Қосимнинг қоронғи фикрини ёритгандай бўлди. «Ҳа, шуни ёзган. Отаси билан ярашиб олишимни хоҳлар эди. «Боринг, узр сўранг, уйга олиб келинг, бирга яшанг», деган».

Қосим қайнотасини эслаб, этлари жимирлашиб кетди. Шу онда тақдирларининг ўхшашлигини кашф этди.

Унда ҳам уч қиз. Қосимда ҳам. У ҳам элликдан ошиб-ошмай бева қолган. Қосим ҳам...

Фақат...

Eнди қайси куёви Қосимни қариялар уйига олиб бориб топширар экан?

Қайнотаси Саидани яхши кўрар эди. Саиданинг ҳам отасига меҳри баланд эди. Отасини бирга яшашга кўндирганида Қосим қилиқ чиқарди. Қайнотасининг бирга яшашини хоҳламади. «Уйни сотиб, ўзини қариялар уйига берайлик, хабар олиб турамиз», деди. Саида йиғлади. Аммо эри билан бу сафар ҳам уришмади. Бемеҳрликда айбламади.

«Қайтар дунё» дегани шуми?-деб ўйлади Қосим. Ўша гапим учун энди жазоландимми? Саида шунинг учун мени ташлаб кетдими? Қайси куёвим олиб боради мени... Йўқ!..»

Қосимнинг кўкраги қизиб, нафаси қайтди. Ошхонага кириб, совуқ сув ичди. Чиқаётиб туртиниб кетди, нимадир тушиб синди. Шарпадан уйғонган Нилуфар ўрнидан туриб ташқарига чиқди.
—Ада, мазангиз қочдими?-деди у меҳрибонлик билан

Қосим бош чайқади.
—Озгина ухлаб олсангиз бўларди.

Шу пайт субҳи содиқ кирганини маълум қилиб, азон товуши янгради.
—Саҳар бўлди, ада, кириб ётинг.
—Қизим, Хитойдан олиб келган чойнагим бор-ку? Биласан-а? Ўшанинг ичида хат бор экан, олиб чиқ.
—Ҳозирми?-деб ажабланди Нилуфар.
—Ҳа, ҳозир. Фақат... ўқима, хўпми? Тўхта, Нилу, охирги куни ойинг мени чиқариб юбориб сизларга нима девди?

Нилуфар унутган нарсасини эсламоқчи бўлгандай, ерга қараб бир оз жим қолди. Қосим «жавобни тез айтасан», деб шоширмади. Саида ўша куни қизларига «Агар ўтиб қолсам, қирқ кундан кейин адангларни албатта уйлантириб қўйинглар», деган эди. Нилуфар бу гапни отасига айта олмади. «Ҳозир ёдимда йўқ, опам турганларида айтарлар», деди-да, тез-тез юриб уй томон кетди. Дам ўтмай кафтдек қоғоз кўтариб чиқди. Қосим ошхонага кириб, буклоғлиқ қоғозни очди-да, чироқ ёруғига тутди. Хат бир неча сатрдан иборат эди:

«Бир киши ҳадеб автобусга салом берар экан.Сабабини сўрашса «Шу автобус қизим келин бўлиб тушган маҳалладан ўтади, қуда томоннинг ҳурмати-да», деган экан. «Куёвни пайғамбарлар сийлайди», дейишган. Адаси, жон адаси, кўп айтдим, қулоққа илмадингиз. Энди охирги илтимосимни бажаринг: куёвларингиз келишганда ўтирган бўлсангиз, ўрнингиздан туриб саломлашинг, хўпми?..»

Қосим хатни икки марта ўқиб чиқди. Давоми йўқми, деб қоғознинг орқасига ҳам қараб олди. Сўнг... бағрини тўлдириб йиғи келди. Ўзини тўхтата олмади - ўкириб йиғлаб юборди.

АЛҚИССА: Ё Тангрим, бандаларингни Қосимдай бўлиб қолишидан ўзинг асрагин. Омийн я Раббил оламийн!