OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиХотира (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Хотира (ҳикоя)
Тоҳир Малик

1

Зуҳрани қарғашди. Султонни лаънатлашди. Икковлари ғам ғазаб тошлари билан тошбўрон қилиндилар. Миш-миш гаплар тупроғига кўмилдилар.
—Улар аввалдан дон олишиб юришар экан, қочиб кетишганмиш...
—Вой ўлмасам, қочиб кетишганмиш-а...
—Ҳа, қочиб кетишибди...

...ким билади, балки тўғридир...
—Ўлиб кўяқолсин, жувон ўлгур, боласини ташлаб кетмай қора ерга кирсин. Битта эр камлик қилибдими?
—Ўлиб қўяқолсин, жувон ўлгур...
—Битта эр камлик қилибдими...
—Болаларини ташлаб, ўйнаши билан қочибдими, а?

...ким билади, балки тўғридир...
—Қорнида бола бўлиб қолган экан, эриданмас, Султонданмиш...
—Султонданмиш...
—Боласини олдирмоқчи эканми?..

...ким билади, балки тўғридир...

Бу гаплар кичкина ишхона доирасидан чиқиб, шаҳарчага тарқалди. Танишлар учраб қолганда суҳбатлари шу «янгилик» билан бошланиб, кўшимча маълумотлар билан тўлдирилган ҳолда якунланарди. Бир ҳафтача шундай бўлди. Эзилиб ёққан ёмғир тинди. Булутлар тарқалди. Қуёш ернинг ҳовурини кўтариб, қиздириб юборди. Одамлар суҳбатининг мавзуи ўзгарди.

2

Туман идорасидан вилоят бошқармасига ишга ўтган Султон Зуҳрани биринчи марта кўрганидаёқ унга маҳлиё бўлиб қолган эди. Оппоққина, дўмбоққина, чарос кўз бўлмаса ҳам жонни олгудай қараши бор... Ёз кечасидаги осмон ҳусни - ҳилолни эслатувчи қоши қоп-қора... Қизга суқланиб қараб турган Султоннинг кўзи бармоғидаги никоҳ узугига тушди-ю, афсусдан нафаси қайтди. Бир хонада ишлагандан кейин истайсанми-истамайсанми кўз-кўзга тушиб туради. Султонга шайтон «ери бўлса нима бўпти, эҳтимол ота-онаси зўрлаб узатгандир, балки эрига кўнгли йўқдир», деб васваса ҳам қилиб турди. Лекин Зуҳранинг она ҳам эканини билгач, унга суқланиб қарашдан ўзини тийди. Ғойибона ошиқ бўлиб юраверди.Жувонни ҳар кўрганида шайтон васвасасини бошларди-ю, лекин уни мағлуб этишга ожизлик қиларди. Султон енгилтак хаёллари учун ўзини ўзи койий бошлаганда эса шайтон шайтонлаб қоларди.

Кейинги кунлар ичи ҳавонинг авзойи айниди. Бир ёмғир қуяди, бир шамол туриб одамни учириб юборай деди. Баъзан эса офтоб кўриниб одамни ланж қилиб юборади.

Бугун эрталаб ҳаво очиқ эди. Энди майдалаб ёмғир ёғяпти. Бунақа пайтда хонада қоғоз титиб ўтирган ҳам дуруст эди. Укасининг қўнғироғидан сўнг Султон йўлга отланишга мажбур бўлди. Ташқарига чиқиб, машина пешойнасига сачраган лойни артаётганида қўшни бино томондан келаётган Зуҳрага кўзи тушди. Елкасига рўмол ташлаб олган Зуҳра унинг ёнидан ўта туриб, бир нафасга тўхтади:
—Кетяпсизми?-деб сўради.
—Хўжайин йўғидан фойдаланиб Мирзабодга бориб келай,-деди Султон.
—Мирзабодгами?-Шундай деб Зуҳра ўйланиб қолди.-Менам бориб келишим керак эди-я. Дугонам бир ҳафтадан бери касалхонда экан, уйдан ортиб боролмаяпман, уят бўлиб кетди. Битта дори сўратувди, топиб қўювдим. Ишингиз кўп бўлмаса дорини ташлаб ўта оласизми?
—Ташлаб ўтишнинг менга оғирлиги йўқ. Лекин дугонангизни кўргингиз келаётган бўлса, бирга бориб келақолинг.
—Борсам яхши бўларди-ю, лекин... хўжайинимдан сўрамаганман.
—Юраверинг. Иш вақти тугагунча қайтиб келамиз. Бориб-келишга кўпи билан икки соат вақт кетади. Ярим соат дугонангиз билан хасратлашиб олишга етадими? Унгача мен уйга кириб укамнинг топшириғини бажариб чиқаман.
—Қанақа топшириқ?
—Физикадан тест саволларининг ечимини ишлаб қўювдим. Укам бу йил ўқишга кириши керак. Имтиҳонга тайёрлаш вазифаси менинг елкамда.

Зуҳра бир оз иккиланиб турди-да, Султон таклифни яна такрорлагач, ичкари кириб палтосини кийиб чиқди.

3

Зуҳранинг дугонаси деразадан ташқарига тикилиб турган эди. Унинг машинадан тушиб келганини кўриб «ким у йигит, хушторингми?» деб ҳазиллашиб сўради. Зуҳра жилмайиб, ҳазилга ҳазил билан жавоб берди: «сенга ёқдими, хушторликка арзийдими?»

Йигит ҳақида бошқа гаплашишмади. Зуҳранинг йўқолгани маълум бўлиб, миш-мишлар тарқалгач, дугонаси ўша гапни эслади. «Ҳазиллашмаган эканда...», деб ўкинди. Аммо дардини бировга билдирмади.

Султон укасига саволларни умумий тарзда тез-тез тушунтирди. Укаси унинг ҳаяжонини сезди.

«Ака, шошиляпсизми?»-деб сўради.

«Шошиляпман»,-деб жавоб берди Султон.

«Қаёққа?»

«Бир қизнинг олдига», шундай деб жилмайди. Укаси буни ҳазил деб ўйлаб, у ҳам жилмайди.

«Бўлажак янгамизмилар?»

«Балки...»

Укаси унинг шундай деб хўрсиниб қўйганига аҳамият бермаган эди. Акаси йўқолиб, у ҳақда турли миш-мишлар тўқилган кезлари ёдига олди. Аммо дардини бировга билдирмади.

4

Қайтишда аввал баллон тешилиб қолди. Ғилдиракни алмаштиргунча Султон адабини еди. Кейин мотор ҳадеганда ўт олавермади. Султон автомашинани ҳайдашнигина биларди, унинг «касали»га эса ақли етмасди. Жувонга сир бой бермаслик учун ўзича моторни титган бўлди. Кейин ёрдам сўраб йўловчи машиналарга кўл кўтара бошлади. Бунақа ҳавода тўхтаб, бировга кўмак беришни истовчи инсоф эгасининг топилиши осон бўлмайди.

Машина шом қоронғусида йўлга тушди. Хавотир чодирига ўралган Зуҳра миқ этмай ўтирарди, айбига иқрор Султон ҳам жим эди. Фақат «катта йўлга чиқиб олсак, бир пасда етамиз», деб овунтирмоқчи бўлди. Лекин катта йўлга чиқишганда қуюқ туман бағрига кириб, тезлашишнинг имкони бўлмай қолди.

Шаҳарга борадиган кенг йўлда қатнов сийраклашган. Султоннинг юраги дук-дук уради. Негадир хансирайди. Ичини нимадир ёндираётгандай бўлади. Машинани йўл четига олиб чиқиб тўхтатгиси келади-ю, шайтонга яна бўйин бермайди.

Султон йўлдан кўз узмайди. «Анҳор яқин қолди. Ҳозир кўприк келади. Йўл чапроққа бурилади...»

Султон мўлжалда адашди: кўприкка қанча борлигини билолмай каловланди.

Жувонга қарашга ботинмайди. Қараса, ҳудди даҳшат ичида қолиб кетадигандай туюлади. Зуҳра ҳамон жим. Бошини ойнакка тираб олган: уйга боргач, бўладиган савол-жавобни ўйлаётгандир эҳтимол...

Султон машина тезлигини оширди. Шу имиллаб юриши бўлса ўзини тутолмай қолиши мумкин. Иродаси чидаш бера олмайди. Ўнг оёғи ўзига бўйсунмайди, нуқул тормоз педалини босмоқчи бўлаверади...

Тезликни яна оширди.

Машина бирдан пастликка шўнғиди.

«...оббо, кўприк томонга бурмабман-ку?!»

Султоннинг хаёлига шу фикргина келди... Тормоз ишламади. Машина қаттиқ-қаттиқ силкинди.

5

Ўша куни Зуҳраларнинг уйида чироқ ўчмади. Жажжигина Нафиса «аяжон-аяжон» деб йиғлайвериб ухламади.

Eртасига миш-миш тарқалди.

Шаҳардагилар бу воқеани аста унута бошлашди. Баҳор келинчаклик либосини ечиб, ўрнини ёзга бўшатиб берди. Ёз ҳам ўтди. «Қочоқларнинг дараги чиқавермади. Қуёшнинг тафти кесилиб, шамол қорнинг исини олиб келди. Ана шунда деҳқонлар анҳорни тозалагани ҳашарга чиқишди. Сувни тўхтатишди. Кимдир кўприк яқинида тепаси лой босган бир нарсани кўриб қолди. Қарашса - автомашина. Ҳамма ўша ерга йиғилди. Ичини очишди. Машинанинг ичида одамга ўхшаш, лекин таниб бўлмайдиган икки жасад бор эди.

Машинанинг рақамига қараб, эгаси Султон эканлиги аниқланди.

6

Шаҳарчада яна миш-миш тарқалди:
—Ўликлари анҳордан чиқибди...
—Қочиб кетишаётганда тушиб етишганмикин?
—Ким билади...

—Бечоралар...