OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТомас Манн
Асар номиТазарру (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Олмон адабиёти
Бўлимлар
   - Тарихий беллетристика
Муаллифлар
   - Томас Манн
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМирзаали Акбаров
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тазарру (ҳикоя)
Томас Манн

Дуня Штегеманн билан танишган пайтимда йигирма яшар ғирт аҳмоқ йигитча эдим. Эс-ҳушимни йиғиб олиш учун тиришиб ҳаракат қилар эканман, бу ишни йиғиштириб қўя қолиш фикридан анча узоқлашиб кетгандим. Эҳтиросларим чек-чегараси йўқ, уларни қондириш учун эса ҳеч нарсадан тап тортмас, ҳаёт тарзимнинг ҳар нарсага қизиқувчан бузуқлигини ўша, аёл киши билан соф, маънавий – ҳа, мутлақ маънавий яқинликка дилимда ҳавас уйғотган ўша идеализм билан жуда чиройли бир тарзда бирлаштириб юборган эдим.

Штегеманнга келсак, у Москвада туғилган, ота-онаси немис бўлиб, ўша ерда ёхуд Россияда ўсиб улғайган эди. Учта – рус, фаранг ва немис тилларини билар, Германияга эса гувернантка[1] сифатида келганди; шу билан бирга, у артистлик қобилиятига ҳам эга эди, бироқ бир неча йилдан сўнг бу касбдан воз кечган ва энди зиёли ҳамда файласуф, озод, эркин сўққабош аёл бўлиб ҳаёт кечирар, иккинчи ёки учинчи даража мақомидаги газета учун адабий ҳамда мусиқага оид хабар ва мақолалар ёзиб турарди.

Уни Б. шаҳрига келган куним мўъжазгина меҳмонхона ошхонасида, камгина хўрандалар ўтирган умумий овқатланиш столи атрофида учратгандим, ўшанда у ўттиз ёшда: кўкраги кенг, сонлари текис, оч кўкимтир кўзларида уятчанлик-тортинчоқлик ифодасидан асар ҳам бўлмаган, бурни бениҳоя катта, сочлари жўнгина турмакланган, лоқайд, ҳеч нарсага қизиқмайдиган, гавдали малларанг жувон эди. Оддий, тўқ жигар ранг кўйлаги ҳам қўллари каби зеб-зийнатсиз ва пардозсиз эди. Шу пайтгача ҳали биронта аёлда бунақанги аниқ-равшан ва ўтакетган бадбашараликни кўрмаган эдим.

Ростбиф[2] тановул қилаётиб яқинлашиб қолдик, суҳбатимиз мавзуи умуман айтганда Вангер ҳақида, хусусан эса «Тристан» тўғрисида бўлди. Аёл руҳиятидаги эркинлик мени танг қолдирди. Ундаги озодлик ҳис-туйғуси шунақанги ғайриихтиёрий, ҳеч қандай муболаға ва таъкидсиз шундайин сокин, хотиржам ва ўз-ўзидан маълум, очиқ-ойдин эдики, бунга ҳеч ҳам ақлим бовар қилмасди. Суҳбат давомида «яланғоч эҳтирос» қабилидаги ибораларни холисона вазминлик билан қўллаши мени ларзага солди. Унинг қарашлари, ҳаракатлари, қўлимга кафтини қўйиб, дўстона муомала қилиши ҳам бунга монанд эди...

Қизғин ва теран суҳбатимиз таомдан сўнг ҳам соатлаб давом этди, бу пайтда тўрт-беш чоғли меҳмонлар тамаддихонани аллақачон тарк этган эдилар, бизлар кечки овқат чоғида ҳам кўришдик, кечқурун эса меҳмонхонадаги носоз фортепя¬нода мусиқа чалиб, вақтчоғлик қилдик, ўз навбатида, ўзаро фикрлар ва ҳис туйғулар алмашиб, бир-биримизни обдан ўргандик ва шу тариқа ўзаро тил топишиб олдик. Мен бундан қониқиш ҳосил қилдим. Бу хотин бутун эркакча таълим олган экан, унинг сўзлари муайян мақсадгагина хизмат қилар, ҳар қандай нозу карашмадан холи эди, шу аснода ундаги бефарқлик, ҳеч нарсадан қайтмаслик кечинмалар, кайфиятлар, шов-шув, ваҳималар алмашиш жараёнида ўша интим радикализмга имкон туғдирардики, ўшанда бу нарса менинг дарди-фикрим эди. Шу билан бирга, каминанинг талаби қондирилган: хотин ошна топилган, унинг ўтакетган бетакаллуфлиги мени хавотирга солмас, унинг олдида ўзимни хотиржам ва дадил ҳис эта олардим ва ниҳоят қалбим ҳам қандайдир ҳаракатга тушиб қолган эди; чунки бу зиёли хонимнинг жисмоний жозибадорлигига келсак, у худди супургининг ўзи эди. Ҳа, бу жиҳатдан менинг ишончлилигим Дуня Штегеманникига қараганда шу қадар кучли эдики, руҳий яқинлигимиз ошиб борган сайин бу нарса шунчалик ёқимсиз туюлиб, бора-бора ахири кўнглим қола бошлади: бу қалбим тантанаси, у кутганимдан ҳам зиёда бўлган эди.

Шундай бўлса-да... шунга қарамасдан дўстлигимиз қанчалик мукаммал ривожланмасин, икковлон меҳмонхонани тарк этаётганимизда ҳам, бир-биримизни кўргани борганимизда ҳам биз шунчалик ишончли, инсофли ва тўғри эдик, шунда ҳам, барибир орамизда кўпинча нимадир рўй берардики, бу ўзига хос муносабатимиздаги улуғвор совуқликка қараганда уч карра ўзгача бўлиши лозим эди... Бу нарса дилларимиз айнан бир-бирларига сўнгги ва муҳим сирларини очаётган, қалбларимиз нозик жумбоқларини ечаётган ва бир-биримизга «сиз»лаб мурожаат қилишимиз баъзан бенуқсон «сен»га айланаётган пайтларда содир бўларди... Шунда бемаза васваса пайдо бўлиб, ҳавони булғар ва нафас олишимизга тўсқинлик қиларди... У эса буни мутлақо сезмагандек кўринарди. Унинг кучи ва эркинлиги шу қадар зўр эди! Мен буни ҳис қилар ва бундан изтироб чекардим.

Шундай қилиб, бир куни оқшом хонамда икковлон дилдан суҳбатлашиб ўтирганимизда бу нарса ҳар қачонгидан кўра яққолроқ сезилди. Бу гал меникида овқатланганди; думалоқ стол йиғиштирилган, ича бошлаганимиз қизил мусаллас ҳам олиб қўйилган, биз сигарета чекардик ва одобсизлик ҳукм сураётган мана шу вазият муносабатларимизни белгилаб турар эди: Дуня Штегеманн стол атрофида тик ва мағрур ўтирар, мен эса у томонга қараган ҳолда шезлонг (юмшоқ узун курси)да ётардим. Эркак ва аёл муҳаббати уйғотадиган руҳий ҳолатлар ҳақидаги пармалаб, нимталаб ташлайдиган ва буткул самимий суҳбатимиз шу зайлда давом этарди. Бироқ мен эркин, хотиржам эмасдим, эҳтимол кўп ичганлигим боис фавқулодда серзарда, жиззаки бўлиб қолгандим. Ўша нимадир яна тағин ҳозир бўлаётган эди... Ўша бўлмағур васваса ҳавода муаллақ сузар ва уни шундай бир тарзда булғаётгандики, бу мен учун тобора чидаш маҳол ҳолатга айланиб борарди. Ҳозироқ деразани очиб юбориб, тўғри ва қўпол сўз билан бўлса-да, ноўрин хавотирга ниҳоят қатъиян барҳам бериш эҳтиёжи мени буткул ўз измига олди. Айтишга аҳд қилган гапимни, гарчи у орамизда айтиб ўтилган бошқа кўп нарсаларга нисбатан муҳимроқ ва тўғрироқ бўлмаса-да, бир мартага айтволишим керак эди. Э худо, хушмуомалалик ва илтифотга эътибор учун унинг миннатдор бўлиши даргумон эди...

– Менга қаранг, – дедим унга, тиззамни букиб, оёқларимни чалиштирарканман, – яна бир нимани аниқлаштириш эсимдан чиқибди. Ўзаро муносабатимиздаги энг зўр ажойиб жозиба мен учун нималигини биласанми? У қалбларимизнинг интим яқинлиги, гарчи сенга бўлган очиқ-ойдин нафратимни жисмонан ҳис қилаётган бўлсам-да, у мен учун жуда ҳам зарурдир.

Жимжитлик.

– Ҳа, ҳа, – деди у сўнгра, – бу қизиқ экан.

Унинг ана шу луқмасидан сўнг суҳбатимиз қовушиб, яна ишқ-муҳаббат мавзуига кўчди. Мен енгил нафас олдим. Дераза очилган эди. Ҳозирги ҳолатимизга, ниҳоят, тўғрилик, ишончлилик ва ойдинлик киритилган, бунга шубҳасиз унинг ўзи ҳам эҳтиёж сезганди. Биз чекиб, гаплаша бошладик.

– Яна бир гап, – деди у бехосдан, – буни айтиб қўйишим керак... мен илгари бир марта ишқий алоқада бўлганимни сен ҳойнаҳой билмасанг керак.

Мен ўгирилиб қараганимча унга серрайиб тикилиб қолдим. У адл ва бутунлай хотиржам ўтирар, сигарета тутган қўли стол устида у ёқдан-бу ёққа бориб келар эди. Даҳани хиёл очиқ, оч кўкимтир кўзлари эса ҳаракатсиз тик боқарди. Шунда беихтиёр қичқириб юбордим:

– Сен?.. сиз-а?.. У маънавий муҳаббатми?

– Йўқ; жиддий.

– Қачон... қаерда... ким билан?!

– Франкфурт-Майнда, бундан бир йил муқаддам, банк хизматчиси билан, у ёш, жуда келишган йигит эди... шуни сенга айтиб қўйиш учун эҳтиёж сезаяпман... буни билиб олганингдан хурсандман. Ё сенинг назарингда паст кетибманми?

Мен кулиб қўйиб, яна чўзилдим ва бармоқларим билан ёнгинамдаги деворни черта бошладим.

– Эҳтимол! – дедим мен зўр киноя билан. Мен энди унга ортиқ қарамас, балки юзимни девор томонга бурволиб, уни чертаётган бармоқларимдан кўз узмасдим. Боя¬гина покланган вазият бир зарб билан шунақанги кескин тус олгандики, бундан миямга қон қуйилиб, кўзларим хиралашиб кетди... Демак, бу хотин ишқ нималигини билади. Унинг бадани эркак оғушида бўлган. Девордан кўз узмай туриб, хаёлимда аёлни қип-яланғоч ҳолда тасаввур қилдим ва бу манзара менга ёқимсиз туюлди. Қизил мусаллас тўла яна бир қадаҳни – бу нечанчаси эди? – бўшатдим.

Жимжитлик.

– Ҳа, – такрорлади у яна паст овоз билан, – буни билиб олганингдан хурсандман.

Шубуҳасиз, маънодор урғу бериб гапираётганидан аъзои баданим дағ-дағ титрай бошлади. У мен билан бир хонада ярим кечада ёлғиз қимир этмасдан, адл, талабчан бир қиёфада ўтирарди... Менинг бадахлоқ туйғуларим эса жунбишга кела бошлаганди. Мана шу аёл билан беҳаё ва иблисона разолатга берилишим мумкинлиги йўлидаги макр-ҳийлани тасаввур қиларканман, юрагим чидаб бўлмас даражада пўкиллаб урарди.

– Буни қара-я! – дедим мен тилим аранг айланиб. – Жуда қизиқиб қолдим-ку!.. Анави банк хизматчиси вақтингни чоғ қилолдими ишқилиб?

– Бўлмасам-чи, – жавоб қайтарди у.

– Ундай бўлса, – ҳамон унга қарамасдан давом этдим мен, – шунақанги нарса яна бўлса, йўқ демассан?

– Ҳечам-да.

Мен шартта ўгирилдим, қўлимни юмшоқ жилдга тираган кўйи ҳаддан зиёд суқлик ва сурбетлик билан дедим:

– Икковимиз демоқчийдим?

У секин мен томон бурилиб қаради, кўзларида самимий таажжуб аломати зоҳир эди.

– О азизим, бу фикр сизга қаёқдан кела қолди? Йўқ, ахир бизнинг муносабатларимиз соф маънавий...

– Хўш... хўш... ахир бу ўз-ўзидан маълум нарса-ку! Биз одатдаги дўстлигимизга ҳеч бир зиён етказмаган ҳолда ва истисно тариқасида, бирор марта бўлса ҳам қовушишимиз мумкин-ку...

– Йўқ дедим! Йўқ деяётганимни эшитиб турибсиз-ку! – янада ажабланганнамо жавоб берди у.

Мен энди ярамас феълини ташлашга одатланмаган ишратпарастдек дарғазаб ҳолда қичқирдим:

– Нега йўқ? Нега йўқ дейсан? Таманнонгни қара сению!

Ҳозирги важоҳатимни кўрган одам қўрқиб кетиши аниқ эди.

Дуня Штегеманн аста ўрнидан турди.

– Ўзингизни қўлга олсангиз-чи. Бу нима қилиқ?! Аҳволингизни тушуниб турибман, бироқ бу иш сизга номуносиб. Сизга йўқ дедим ва бизнинг ўзаро хайрихоҳлигимиз мутлақ маънавий эканлигини ҳам айтиб эдим. Наҳотки шуни тушунмасангиз? Мен энди борай. Кеч бўлиб қолди.

Камина ҳушёр тортиб, ўзимни тутиб олдим.

– Демак йўқ, шундайми? – дедим мен кулиб. – Бу билан дўстлигимиз ҳеч бир ўзгариб қолмаса керак...

– Нега энди ўзгармас экан!

У шундай деб, қўлимни дўстона қисиб қўйди, шу аснода унинг ёқимсиз лабларида кинояомиз табассум кўринди. Сўнг у кетди. Мен хона ўртасида туриб қолдим, дилимдаги кўтаринкилик йўқолгач, ушбу ажойиб саргузаштни яна бир бор ўйлаб, хаёлимдан ўтказиш билан банд эдим. Охири пешонамга бир урдим-да, ётиб ухладим.

«Шарқ юлдузи»; журналидан олинди.

  1. Гувернантка – дворян ва буржуа оилаларида ёш болаларни ўқитиш учун одатда чет элдан чақирилган мураббий, тарбиячи аёл (тарж).
  2. Ростбиф – молнинг биқин гўштидан қилинган қовурма (тарж).