OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУчқун Назаров
Асар номи«Кал Мулла» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Учқун Назаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Кал Мулла» (ҳикоя)
Учқун Назаров

Бу ўттиз беш ёшга кирган, кўзлари кулранг, киприклари сарғиш кишининг номи Карл Мюллер бўлиб, маҳалла одамлари уни олдинига Карл Мулла, кейин Кал Мулла дейишарди. Карл ягона яшар, онаси етти йил бурун вафот этган, отаси, таниқли этнограф Герхард Мюллер, кўп вақтини археологик сафарларда ўтказар, нега бу немис оиласи ўзбек маҳалласида туриб қолганини ҳеч ким билмас эди. Атрофда бошқа мактаб йўқлиги сабабли Карл Мюллер ҳам ўзбек мактабига қатнади, оғайнилари асосан ўзбек болалари бўлгани учун ота-онаси билан бемалол уч тилда — немисча, русча, ўзбекча гаплашишга одатланди. Ғирт маҳалла тилини кўча болалари қандай билса, Карл ҳам шундай билар эди. Студентлигида танишган рус қизи Светлана Карл билан уч йил яшади — ё фарзанд кўрмади, ёки эски маҳалла шароитига кўника олмади — ўттиз ёшли Карлни ташлаб кетди. Карл танҳо қолди, бошқа уйланмади.

Кимнинг нимаси бузилмасин — тикув машинасими, болаларнинг велосипедими, Кал Муллага чопишади. Карл ишни шу қадар пухта бажарадики, усталар ҳам примусларини шунга тузаттиришади. Қўлидан келмаган иш йўқ, ўзи қанақадир заводда ишлайди. Маҳалла тўй-азаларига қатнашади, ҳамма қатори фотиҳага қўл очади, ҳатто «Кулҳу Оллоҳу аҳад»ни ёд билади, баъзилар бу ҳақида ўзбекча гапирса, ҳаммасини тушунади, индамайди. Завод унга икки хонали уй берганида, Карл олмади — итини, каптарларини, тошбақаларини кўзи қиймади. Қўшнилари тандирда нон ёпишса, тансиқ таом қилишса, унга илинишади. Карл косаларни шоколад солиб қайтаради.

Балки немис бўлгани учунми, уруш бошланганда, Карлни олишмади, бош инженерлик амалидан пасайтиришди.

Газета-журналлар фашистларни мазах қилувчи мақолалар, Гитлернинг бадбашара расмларини босишди. Аввалги «қизиллар-оқлар» «руслар-немислар» ўйинига айланди, нафрат кучайди. Болалардан бири Карлни «фашист», деди. Карл эътибор бермай ўтиб кетаверди. Кейин ортидан тош отадиган бўлишди. Карл қанча индамаса, болалар шунча қутиришди. Яқиндагина велосипедларини тузатиб юрган Карл душманга айланди. Карл кўчада кўринишдан ҳам ҳайиқадиган бўлиб қолди.

Албатта, Карл шу боши берк кўчадан чиқиб, маҳалладан нарироқ кетса — бас, ҳеч ким буни танимайди, ҳамма ўрис, деб ўйлайди, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шунинг учун Карл уйидан саҳар чиқиб кетиб, кечқурун қайтадиган бўлди. Бироқ келгунига қадар ити, каптарлари оч қолишади, уларга дон-сув берадиган одам ҳам йўқ. Саккиз ойдан бери дадасидан дарак йўқ, қари нарса, омонмикан?

Карлга таъсир қиладиган жойи шуки, кўчасидага тирмизакларнинг бари Карлнинг кўз ўнгида туғилган, оғайниларининг фарзандлари, ҳаммасига Карл варрак, рогатка, новдадан ёй ясаб берган, номларини билади, укасидек бўлиб кетишган эди, келиб-келиб чатоқлик шулардан чиқяпти. Тўғри, ота-акалари ўшқиришди, пўписа қилишди, қулоқларидан чўзишди, болалар билганидан қолишмади.

Уруш бошланганига ярим йил ўтмай туриб, фронтдан қорахат кела бошлади.

Биринчи марта қорахат Карл билан бир синфда ўқиган Илёснинг ҳалокати ҳақида келди.
— Адамни сен ўлдиргансан, фашист! — деди унинг ўғли Карлга.

Карл, ўзини ушлай олмай, боланинг бетига тарсаки туширди, Салим чинқириб, уйига қочди.

Карл урганидан пушаймон бўлди, ўртоғининг азасига ҳам кира олмади.

Шундан кейин Карлнинг кўча эшигида бўр билан чизилган фашистларнинг белгиси пайдо бўлди. Карл ўчириб ташлади, лекин кейин машъум хоч тўртталаб-бешталаб чизила бошлади. Карл эътибор бермай қўйди. Карл ҳамма нарсадан, кўча-куйда ҳам, гўё одамлар унинг немислигини сезаётгандек, ҳадиксирайдиган, ҳаммага гумон билан қарайдиган бўлиб қолди, ўзбек мозорининг бир четига дафн қилинган онасининг қабрига борганида, ўзини туга олмай ҳўнграб йиғлаб юборди. Уйига қайтиб келганида, каптарларининг учтаси қўндоқдан қулаб қорда ётар, қон томчилари қорга сочилган эди. Ўзи исаб берган рогаткалардан отишгани маълум бўлди. Кейин уй деразасининг ойнаси чил-парчин синдирилди, Карл янги ойна қўйди, уни ҳам синдиришди, итини заҳарлашди. Карл шикоят қилишдан ҳам кўрқар эди.

Баҳор кунларининг бирида иккита ҳарбий киши келиб, Карлни олиб кетишди. Карл кўча эшигини қулфлашга ҳам улгурмади.

Ҳовли қаровсиз қолди.

Ён қўшнилар ўтини юлишди, сув сепишди, шипиришди, ҳовли чиннидек бўлди; ҳовлига қараш, саришта қилиш, гуллар экиш, қолган каптарларга дон сочиш одат бўлди. Кейин ҳовлини «Болалар боғчаси»га айлантиришди. Бақириб — чақиришса ҳам майли, жимликдан тузук.