OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУчқун Назаров
Асар номиИншо (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Учқун Назаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Иншо (ҳикоя)
Учқун Назаров

Саккизинчи синф ўқувчиси Хуршид шахмат қутисини қўймайди, қўлтиқлаб юради. Фақат шахмат ўйнайдиган болалар билан ўртоқ тутинади. Ўқитувчилар ичидан география муаллими Далер акани алоҳида ҳурматлайди. Далер ака ўз фанини қизиқарли олиб боради. Бирон мамлакат ҳақида дарс ўтса, албатта, ўша мамлакатга хос бир ҳислатни, масалан, Танзанияда ёзувчи Хемингуей ов қилганини гапириб беради, ўша ёзувчининг «Френсис Макомбернинг омонат бахти» номли ҳикоясини топиб ўқиб чиқинглар, дейди. Ўқувчилар бу ҳикояни топиб ўқишади, кейин география дарсида муҳокама қилишади — дарс нафақат география, ҳатто адабиёт машғулотига айланади. Қизиқарли ўтади. Ўқувчилар, шунинг учун бўлса ажабмас, уй топшириқларини географиядан бошлашади. География дарсларига канда қилмай боришади. Далер ака сўз бошлаши билан жимиб қолишади. Коридордан ўтган одам бу синфда дарс бўлаётганини сезмайди ҳам.

Дарсларнинг бирида Далер ака, Англия ҳақида сўзлаб, унинг шаҳзодаси Эдуард бир аёлни севиб қолганини, парламент аъзолари бу ошиқликни маъқул кўрмагач, шаҳзода Эдуард қироллик тахтидан воз кечганини гапириб берди. Дарс севги муҳокамасига айланди.

Далер аканинг қўлида ўқиган талабаларнинг кўпи география, адабиёт, тарих факултетларига ало баҳолар билан киришган. Тарих ўқитувчиси бу муваффақиятни ўзига ёзди. Унинг дарслари зерикарли ўтар, афтидан Турсун Собиров ўз фанини севмас, тасодиф равишда тарих ўқитувчиси бўлиб қолгандек туюларди. Умуман, хонлар, шоҳлар, амирлар, султонларни олдин золим-эксплуататор, Амир Темурни босқинчи, дер эди, кейин мамлакат мустақил бўлгач, Соҳибқиронни «Улуғ саркарда, миллатимиз отаси», дейдиган бўлди.

Хуршид Далер Саидович билан ҳеч қачон шахмат ўйнамаганлига сабабли, домла бу ўйинга қизиқмайди, деб ўйлар эди. Бир куни Хуршид бўш синфда болалар билан шахмат ўйнаб ўтирганида, синфга Далер Саидович кириб қолди. У уй калитини қидириб юрган экан, болалар калитни ахтаришга киришишди, топа олишмади. Далер ака Хуршид билан шахмат ўйнашга ўтирди. Ярим соат ўтгач, Хуршид мот бўлди. Далер Саидович яхши ўйнар экан, ҳеч кимга таслим бўлмаган Хуршидни ютди, болалар анграйиб қолишди. Хуршид яна беллашгиси келди, Далер Саидович соатига қаради: қизчасини боғчасидан олиши, хотини ишдан келишига уй эшигини очиши, бошқа қулф ўрнатиши керак эди, иккинчи ўйинга рози бўлмади.

Хуршид баъзан дарсларга кечикиб киради, тарих дарсига кирмайди. Бугун «беш» олса, эртасига «икки» олиши ҳеч гап эмас. Парво қилмайди. Адабиёт дарсида ижобий, салбий қаҳрамон деган тушунчаларни таъби кўтармайди. Бир куни «Қутлуғ қон» романи мавзусида иншо ёзишди. Хуршид эркин мавзу танлади, аммо ёзгани ўзини қониқтирмади, саҳифага чизиқ тортиб, ғижимлаб, синфдан чиқиб кетди. Келаси дарсда адабиёт ўқитувчиси ғижим варақларни ёзиб, ўқувчиларга қаради. Хуршид бу дарсга ҳам кирмаган, залда бошқа болалар билан шахмат ўйнаб ўтирарди. Адабиёт ўқитувчиси Одил Тўраев Хуршид ёзган иншони синфдаги ўқувчиларга ўқиб берди: «Мансур шаҳарга келиб, институтга кирди, амакисиникида тура бошлади. Амакиси Дилшод хотини Толия билан яшар, фарзандсиз эдилар, — ўқий бошлади Одил Тўраев. — Улар тез-тез тортишиб туришар, ён беришмас, аразлаб юришар, Мансур оркали «гаплашишар» эди. Охирги можародан кейин амакиси уйдан чиқиб кетди, бир ҳафтача қорасини кўрсатмади. Кеча келди, эшикни Толия очди, эрини кўриб, қайрилиб кетди. Ўртада Мансур серрайиб қолди. «Кийимимга келдим, айт, берсин» — деди амакиси овозини тумтайиб гурган хотинига эшиттириб. Мансур келин аясига қаради. «Кийимини шарабарачига бериб юбордим, йўқ, — деди Толия зарда билан. — Даъвосини манжалақисига қилсин, у кўтаради!». «Ким у?» — деди Мансур тушунмай. «Ўйнаши, — деди Толия ўчакишиб. — Ана, расмда ёнма-ён ўтиришипти». «Ёнма-ён бўлса, нима қипти? Ходимлардан бири, — деди амакиси ўшқириб. «Ходимлардан бири бўлса, нега битта буйрагини берди, сўра!» — деди Толия даъвосини рўкач қилиб. «Қоним группаси ўшаникига тўғри келди, — деди амакиси. — Битта буйрак билан яшаш мумкин экан, мана яшаяпман. Бир одамни сақлаб қолдим...».

Мансур ўртада серрайиб туриб колди, кейин хонасига кириб кетди. Улар яна бир оз айтишишгач, жимиб қолишди. Мансур, можаро тугади, деб ўйлаб, йўлакка мўралади: амакиси билан келин аяси қучоқлашиб туришар эди. Мансур хонасига қайтиб кириб кетди».

Одил Тўраев иншони ўқиб бўлиб, термулиб ўтирган ўқувчиларга назар гашлади.
— Қалай? — деди. Ўқувчилар индашмади. — Беш қўйсам, арзийдими?
— Арзийди! — дейишди ўқувчилар бир овоздан, ўқитувчи қарорини олқишлаб.

Танаффусда ўқувчилар залга чопишди. У ерда Хуршид ҳамон шахмат устида ўтирган эди. Ўқувчилар келтирган хабарни эшитиб, Хуршид индамади.

— Шаҳ! — деди рақибига.