OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУлуғбек Ҳамдам
Асар номиПиллапоя (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Улуғбек Ҳамдам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Пиллапоя (ҳикоя)
Улуғбек Ҳамдам

«
Устозларимга бағишлайман
»
«
Агар ҳақиқат менинг юзимга оёқ босиб ўтишни тақозо этсаю сен буни қилмасанг, асло рози эмасман
Баҳоуддин Нақшбанд
»
«
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл!

Эркин Воҳидов
»

Одамларнинг оқими худди пишқириб оқаётган дарёни эслатарди. Кимдир қаддини тик тутган ҳолда ўртада гердайиб борар, кимдир эгилиб-майишганганча четда, пиллапоя тутқичига суянган кўйи аранг ҳаракатланарди. Ҳамма ўз кучи етганча кўтарилиб борарди-да, узун йўлакдан бошланган қаватларга кириб кўздан ғойиб бўлишарди. Аммо кўпчилик, барибир, имкон қадар юқорироқ чиқишга орзуманд эди. Атиги бир қават бўлса ҳам тепароққа илашгиси келарди уларнинг. Шунинг-чун ҳам вужудини куч-қувват бутунлай тарк этгунга қадар кўтарилиб келиб, ниҳоят, ҳоли ўзига аён бўлгачгина қаршисидан чиққан қаватга чор-ночор ўзини топширарди. “Чекимизга тушгани шу экан, нимаям қилардик, пешона...”, дея ўзаро ғудранишади одамлар қаватларига кириб кетишаркан. Аммо яна шундайлар бор эдики, улар ўз ҳолларини билмасдилар: чарчаб, ҳарсиллаб, тили бир қарич бўлиб осилиб қолганига қарамай, кўзлари юқорида олма терар, ёнидан ўтиб кетаётган ҳар қандай бир йўловчининг қўлтиғига безбетларча кириб, тағин бир неча зина тепароққа чиқиб олишарди. Лекин “ўзингда йўқ, оламда йўқ” дейишганидек, ҳатто мисканадек ёпишқоқ ва сур мана шулар ҳам бировнинг кўмагида узоққа боришолмай, зинада ёки бирон қаватнинг киришида йиқилиб, ерларда хор бўлишарди. Уларга қараб турсанг, нигоҳларинг булғаниб кетади. Яхшиси, кўзни пок тутмоқ керак, дейсан ўзингга ўзинг улуғларга эргашиб.

Зиналар бўйлаб кўтарилиш, бир қарашда, спорт мусобақасини ёдга соларди: ҳамма биринчиликни олишни, ғолиб бўлишни истаб, гўё жон олиб, жон берарди. Кузатиб қарасам, издиҳомнинг бундай кайфияти менга ёқмади. (Ўзи шунақаман: кўпчилик истаган нарсалардан қочиб юраман. Мусобақа руҳини ёқтирмайман.) Инчунун, оқимнинг ичидан айрилиб чиқдиму пастга, келган жойимга қайтиб туша бошладим...

Тушиш ёмон бўларкан. Чиқаётганда ҳансираб, толиқиб, ўпкам шишган эдию, барибир, кўпчилик ҳосил қилган катта оқим кўмагида унча малоллик сезмаган эканман. Энишда эса нафасим равон, енгил бўлиб қолганига қарамай, оқимга қарши бораётганим учун бўларим бўлди: ҳали у, ҳали бу елкалару ўмганларга уриниб чирпирагим чиқади. Айниқса, одамларнинг саволчан нигоҳлари, “жинними бу?”, дегандек жирканиб қарашлари серандиша табиатимни найзалаб ташлади. Лекин нима қилай, тушишдан бошқа иложим йўқ, тепадаги талашиб-тортишиш менга манзур келмади. Яна денг, умуман, пиллапояга дуч келганимдан буён ихтиёрим ўзимдадек туюлгани билан жуда унақа эмасди. Менинг менлигим шу билан, пиллапоя билан тирик эди. Шу маънода мен унга боғлиқ эдим...

Шундай қилиб, мен зинанинг энг қуйи қисмигача инишга қарор қилдим. Қани, у ерда нима бор экан?.. Тепадан пастга қараб келаётганда якка ўзим эдим. Менга шундай туюлганди. Бир неча зина пастга тушганимдан кейин ортимга боқиб, менга ўхшаганлар анчагина эканлигини кўрдим. Яна бироз ўтгач эса “мен” “биз”га, “биз” эса “оқим”га айланганини билдим. Демак, оқимга қарши оқим. Бири тепага, бошқаси эса пастга қараб оқади...

Мен пастдаги ялангликка қадар эниб бордим ва негадир илкис тўхтадим. Чунки... чунки ерга тушгандан кейин ортга, тепага қайтгим кепқолди. Бунинг сирини сизга тушунтириб беролмайман. Тепада экан, бирданига пастга тушгим келганидек бўлди ҳозир ҳам. Нима қилай, айтдим-ку, ҳеч бир нарса менинг ихтиёримда эмас эди деб, шунга. Қолаверса, у ер зерикарли туюлди менга. Қиладиган иш ҳам йўқ, борадиган жой ҳам. Аммо мен билан тушганларнинг асосий қисми ялангликда қолиб кетишди. Тўғрироғи, бепоёнликка ўзларини топширишиб, кўздан йитишди. Демак, қисмат бўлса, кирадиган тешик ҳамиша топилақоларкан-да... Сарсор солсам, уларнинг орасида қариялару бетоблар кўпчиликни ташкил қилар экан... Мен ва яна бир неча кишиларгина ортга қайтиб, яна ўзимизни бояги пиллапояга урдик...

Энди мен илк сафаргидек имилламасдим, балки тез ва шиддат билан кўтарилардим. Шунчалар тезки, ҳаш-паш дегунча бир ўзим оқимнинг ичида оқим пайдо қилдим. Ҳеч ким мен билан тенглаша олмас, ҳатто пастдаги ялангликдан бирга қайтганлар ҳам ҳу-у-ув қаёқлардадир қолиб кетишганди. Оқимнинг ичида оқим пайдо қилишнинг ҳам гашти, ҳам азоби бўларкан. Чунки умумий катта оқимнинг суръати сеникидан паст бўлгач, истайсанми-йўқми, у сенга худди қарши томондан келаётгандек туюларкан, тўғрироғи, шунга яқин бир тўсиқни юзага келтираркан. Пастга тушиб бораётганда юқорига кўтарилаётганлар билан қандай тўқнашган бўлсам, ҳозир ҳам шундай, тўғрироғи, шунга яқин тарзда чарпишиб турдим. Бунинг оқибатида эса тезлигимга путур етар, яна зўр бериб аввалги, ўз кўнглимга уйғун суръатни топишга, топиб олгач эса бунинг адоқсиз гаштини суришга муваффақ бўлардим. Биласизми, мен мудом ҳаётнинг маънисини қидириб юргич одамман. Шу тобда, шу пиллапоядан шиддат билан юксалиб бораётган онларимда ўша маъни мен билан бирга эди. Балки шу одамнинг ўзи маъни эди. Демоқчиманки, ўша маъни мендан айро эмасди ёки мен маънодан. Хуллас, сиз мени тушундингиз...

Шу янглиғ жуда кўп йўлни ортда қолдирдим. Мен атрофга чалғимас, аксинча, дадил кўтарилиб борардим. Одамларнинг юзига қарамас, фикру ёдим янада жадалроқ ҳаракатланиш билан банд эди. Галдаги зинани орқага ташлаб, янгисига оёқ қўйишим билан кўзим зинанинг битта поясига ўтириб олган аёлга тушди. Унинг юз ва кўзларида ҳорғинлик аломатини аниқ кўрдим. У ҳам аллақандай номаълум томонларга умидсиз боқиб, ўз-ўзига “Чарчадим, қушга айлангим келяпти, қушга!..” дер ва “уҳ” деганча узун-узун нафас чиқарарди. Аёл икки қават ўртасида ўтирарди. Назаримда унинг кучи на юқоридаги қаватга чиқишгаю ва на пастдаги қаватга тушишга етарди. Аёлнинг ёнгинасида, шундоқ одамларнинг оёқ остида қўл телефони ётарди. Ундан “Ало, тез ёрдам эшитади, гапирсангиз-чи!” деган овоз тинимсиз такрорланарди. Аммо афтидан аёлга энди кўмак керак эмасди. У чорасиз нигоҳлари билан нуқул пастни кўзларди... Шу лаҳза ортимдан келаётган одамларнинг қудратли тўлқинига дош беролмай мункиб кетдим ва йиқилиб тушмаслик учун олдинга одим отдим...

Йўлда, пиллапоя заҳматларидан чарчаган шўрлик аёлнинг қиёфаси анчагача хаёлимни тарк этмади. Юзлаб зиналарни босиб ўтгачгина уни унутгандек бўлдим. Йўқ, балки хотирамнинг аллақайси ғаладонига беркитиб қўйдим, шекилли. Қачонлардир ўша ғаладонни очиб қолсам, рўбарўмдан туйқус чиқиб қолади ҳали...

Юра-юра булутларга ёндош жойга чиқиб бордим. Ҳатто парқув булутларнинг қанча-қанчаси пойларим остида қолди. Пиллапоя бўлса битай демас, мен ҳам чарчашни билмас, шиддат-ла илдамлардим. Яна ён-веримга боқмасликка, хаёлимни бўлмасликка, бутун куч ва ғайратимни йўлга сарфлашга тиришардим. Бир вақт келиб, худди анави аёлни кўриб қолганимдек, энди бир эркакнинг юзига кўзим тушди ва шу заҳотиёқ аллақайдай сирли-сеҳрли куч остида унинг ўтмиши кинолентадек ботинимнинг аллабир кунжида айланиб улгурди. Унга кўра, эркак ҳам бирмунча аввал зиналардан юксакликка кўтарилиб кетган кўп муборак зот экан. Мана, энди сафардан қайтибди. Унинг ҳам қадамидан ўт чақнаган экан ўша пайтлар. Шиддати ҳадди аълосига чиққан кезлар биргина ўзи бутун бошли тўлқинни ҳосил қилганча олдинлаган экан. Ўшанда унинг ортидан етиб юришга ҳаракат қилган қанчадан-қанча одамлар бўлиб, улар ҳам муборак зотнинг панасида ўзига хос оқимчалар ҳосил қилган ва бундан бағоят мағрурланган эканлар. Лекин шу тобда унинг бир ўзи эди. Ангоридан худди аёлга ўхшаб толиққан кўринарди. Мен унинг юзига қараб, бутун ўтмишини ўқиб-уқиб турганим ушбу лаҳзаларда у ҳам менга боқиб ҳаммасини - кечаги кунимнию айни дамдаги юрак ҳолимни, яна қолмишига, эртамни ҳам тушуниб-туйиб тураркан. Кейин мен унга яна синчковроқ тикилдим. Негадир унинг маъюс чеҳрасида ўша маънони, менга керак, мен талпинаётган маънони уқмадим. Маъноки, менинг назаримда пиллапоя ҳадя қилиши керак бўлган ва мен, сиз, у... ҳамма-ҳаммамиз шошаётган, ошиқаётган. Маъноки, зиналар бўйлаб умид билан юксалиб бораётган инсон заҳматларини оқлайдиган. Маъноки... қисқаси, сиз мени яна тушундингиз... Эркакнинг ҳаёт аччиқ-чучукларини обдон синаган нигоҳида бошқа мазмун хира тортиб турарди. Мен унга тикилиб, “қанча юксакликка кўтарилганинг билан, барибир, у ерда шу тобдаги кўнгил ҳолингдан яна-да баландини тополмайсан, бўтам. Сен қидираётган нарса, аслида, сени манзил сари ошиқтираётган ўша ҳолингдан ўзгаси эмас” деган ҳикматни ўқидим, холос. Ажабландим. “Шундай муборак зотнинг менга айтадиган гапи бор-йўғи шуми?” дедим ўзимга ўзим алам билан...

Сўнг биз бир-биримизнинг ёнларимиздан ҳеч нима бўлмагандек, худди бегоналардек ўтиб кетдик. Ҳатто исмларимизниям сўрамадик, билмадик. Бизни учраштирган йўл мана шундай қилиб, бизни яна айирди...

Йўл юрдим, эртакларда айтилгандек, йўл юрсам ҳам мўл юрдим. Энди хаёлимни ўша зот машғул айлаганди. Бир вақтлар аёлнинг қиёфасидан англаганларимни унутганимдек, эркакнинг нигоҳидан уққанларимни ҳам унутаман, деб ўйлагандим. Овора бўлганим қолди, холос. Англаганларим оғир юк каби устимдан босиб келди. Мен эса ундан қочиш учун зўр бериб юқорига интилардим. Мана шу тарзда минглаб зиналарни босиб ўтсам ҳамки, ўша зотдан эшитганларимни унутолмадим. Чунки у менга ўхшарди, йўқ, тўғрироғи, мен унга ўхшардим. У қачонлардир босиб ўтган йўлни мен ҳозир босар, у қачонлардир туйган туйғуларни мен энди кўнглимдан ўтказардим. Мен ҳам унга ўхшаб шиддадкор эдим, менинг ҳам бу пиллапояда ўз тўлқиним, ўз оламим бор эди. Мен ҳам ҳеч кимнинг ортидан юрмас, кимнингдир тўлқини панасига яширинмасдим. Бу менинг Тангри ато қилган табиатимга зид эди. Яна шуки, вақти соати келиб, мен ҳам у сингари шу пиллапоядан пастга тушишимни билар, ҳатто буни ич-ичдан ҳис қилар эдим. Шунда менинг ҳам ортимдан одамлар ҳозиргидек эргашмас, балки бир ўзим ўз хаёлларим билан эниб боришимни аниқ-тиниқ тасаввур қилардим. Худди унга ўхшаб... Демак, у менга устоз экан, деб ўйлаб қолдим навбатдаги зинадан кўтариларкан. Шу чоққача ҳеч қачон менинг устозим бўлмаган эди, у билан ўша биргина, бир зумгина давом этган нигоҳлар мубоҳасасидан сўнг, тўғрироғи, бу ҳақдаги тинимсиз мушоҳадаларимдан сўнг уни ўзимга устоз, деб билдим. Ҳатто унинг номини билмасам ҳам. Шунда мен устознинг ким ва қанақа бўлишини билиб олдим...

Устозни топганим яхши эдию унинг кўзларидан уққаним ўша ҳузунли маъно мени қийнай бошлаганди. Ақлим “Унга ишон!” дерди. Чунки мен пиллапоянинг илк зинасидан бошлаб неча мингтасини босиб ўтганим билан ҳеч қайсисида қўним топмагандим. Бас, шундай экан, нетиб яна ҳув осмондагисидан умидвор бўлай?! Мени ўша ёққа бошлаётган куч устозим айтганидек, фақат ва фақат кўнглимнинг шу ондаги ҳолати, холос. Бор-йўғи - шу! Оламнинг мазмуни бизнинг ўз кўнглимиздаги мазмун билан қоимдир! Ахир мен ҳозир ёш ва ғайратлиман, умид ва орзу ичимда болалаб ётибди. Улар-чи, улар - ўша аёл, устоз? Уларнинг таналари қариди. Ичларидаги орзу-умидлар эса қуш мисол бирин-сирин учиб кетдилар. Шунинг учун ҳам кўзларида тиклаб бўлмас ҳорғинлик акс этган. Ахир, уларнинг қиёфаларидаги сурункали чарчоқ, аслида, кўнгилларининг ифодаси эмасми? Устознинг “юқорида ҳеч нарса йўқ”, дегани аслида, шу тобдаги бўм-бўш кўнглидан чиқаётган садо эди-да!.. Аммо... аммо биласизми, устоз энди пастдан - пиллапоя ибтидосидан нимадир кутаётган эди. Назаримда, бу унинг юрагини тарк этмаган яккаю ягона илинжи эди... Ахир, мен куни кеча ўша қуйига тушиб борганим билан кўпчилик кириб кўздан йўқолган жойга, парданинг ортига ўтмадим-да! Устознинг умиди ўша парданинг орқасидаги дунё билан боғлиқ эди энди... Ҳар ҳолда унинг кўзларида шу маъно ҳам бор эди...

Лекин, мен давом этардим. Айтим-у боя, мен ҳеч кимнинг соясида намоз ўқимайман, деб. Яна мингта эркагу аёл йўлимдан чиқиб, нигоҳлари орқали менга ўша биргина ҳақиқатни уқтиришга уринишса ҳам, мен, барибир, ўз йўлимдан қолмаслигимни билардим. Чунки менинг ичим, муборак зотнинг ҳувиллаб қолган ботинидан фарқли ўлароқ, орзу-умид билан тўла эди. Назаримда, улар аллақандай, ўзим ҳам тузукроқ англамайдиган ғаройиб бир мўъжизага қаратилган эди. Бу мўъжиза ўзимгача мавжуд бўлган ҳар қандай ҳақиқатдан юксакроқ ва кучлироқ туюларди мен учун. Мўъжизани эса ўзгалар босиб ўтган йўл эмас (ҳатто улар устоз бўлса ҳам), балки олдимда қаддини ғоздек кериб турган мана шу пиллапоягина ҳадя қилиши мумкин эди. Гарчанд у ҳамма юрадиган, ҳамма бир-бир босиб ўтадиган битта, ягона пиллапоя бўлса ҳам. Ким билади дейсиз, эҳтимол, мен устозим чиқиб улгурган зиналарнинг ярмини ҳам босолмасман, балки ундан икки ҳисса баландроқ кўтариларман. Буниси номалум ва биласизми, худди мана шу номаълумлик мени ўзига оҳанрабодек тортарди. Шу сабаб мен устозим ўгитини бағримга маҳкам босиб, Худо деганча пиллапоя бўйлаб олдинга - юқорига талпиндим...