OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУлуғбек Ҳамдам
Асар номиСабо ва Самандар (романдан парча)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Улуғбек Ҳамдам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм165KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сабо ва Самандар (романдан парча)
Улуғбек Ҳамдам

«
Ишқ ичра мени йўқ айла, ё Раб!
Навоий
»

1

Яна бағри чок-чокидан сўкилиб уйғонди. Яна кўкрагида ўша туйғу, ҳаётида ўша ғалаён, бошида эса ўша исён бор эди унинг. Яна дардига дунёдаги жамики малҳамларнинг кор этмаслигини суяк-суягигача англаб турарди. Англаганидан, кўзлари уйқули бўлишига қарамай, қайтиб ухлай олмаслигини ҳам билганидан хобхона эшигини оҳиста ёпиб, ошхона томонга ўтди. Муслук мурватини бураб, бир пиёла муздек сувни ютоқиб-ютоқиб ичди. Зора ичини куйдириб бораётган олов тафтини бир дам бўлсин, босса, юрагига, вужудига совуш лаззатини бахш этса!..

Қаёқда... У уф тортганча балконга ўтди. Ярим очиқ деразадан баҳор ҳиди шундоқ димоғига урилди. Деразани катта қилиб очиб юборди. Энди қушларнинг живир-живири қулоғига хуш келди. Бироқ... бироқ буларнинг ҳеч бири бағрини ёндириб бораётган дарддан чалғита олмас, унга малҳам оромини бермас, беролмасди. Умуман, унинг ҳаётида неки содир бўлган ва бўлаётган эса ҳамма-ҳаммаси ўша... туфайли, ўша...нинг атрофида айланаётганди. Узоқ муддат юзини кўкламнинг юзига тутган ва кўзларини юмган кўйи бир байтни юз марталаб такрорлади:

Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени...
Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени...
Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени...

Уҳ-уҳ-уҳ!.. Ҳатто ёзишга ҳам қийналасан, киши. У қўшалоқ сатрни неча йиллар, йиллар нимаси, неча ўн йиллардан бери такрор-такрор айтади. Айтиш нимаси, эмранади: «Тушимда кўрдим сени,»; дейди, сўнг худди ўша кўрган кишиси қаршисида тиз чўкиб тургандек ёлборади: «Бирга олиб кет мени!..»; Лекин бу фарёду нидолар жавобсиз, жавобсиз... Эҳтимол, жавоб айнан шу ерда — сукутдадир, муттасил жавобсизликдадир, ким билади, дейсиз...

Шундан кейин ўша икки қўшалоқ мисранинг давоми туғилди ва ушбу эмраниш, ушбу... билмадим, нима деб атаса тўғрироқ бўлади, ушбу бўзлаш унинг ҳаётининг манифестига айланди...

"Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет, мени..."
Eй афсона руҳ — севги!
Қисматимни суй энди.
Худойимни соғиндим...
Тушимда кўрдим сени...
Хаёлингга тутилдим,
Турмушимни унутдим.
Борар жойим йўқ энди,
Бирга олиб кет мени!..
Дунё дағал, қаттиқдир,
Севган кўнгил ортиқдир.
Нима қилай? — Айт, гулим,
Сенсизликдир ўнг-сўлим.
Тушларимга қочгайман...
Eй афсона руҳ — севги!
Дуо қилгил сен мени!..
Дунёларим куйса ҳам,
Дўст душманим кулса ҳам,
Юрагимни тарк этма,
Жисмим ичра ғарқ этма...
Худойимни соғиндим...

Неча марта унга «бу дунёда севги йўқ!»; деб айтдилар, иддао қилдилар, гаров ўйнадилар, дағдаға қилдилар, устидан кулдилар, ошкора ҳам пинҳона гап қилдилар — бўлмади. Файласуфлари келиб «Севги бу — дунёни англаш йўлидаги улкан зинапоянинг битта зинаси»;, десалар, руҳшунослари шивирлаб «Севги бу — тийилган эҳтироснинг хаёл суриши»; дедилар. Ўҳ-ҳў, буларнинг айтганларини санаб адоғига етиб бўлармиди... Лекин йўқ, яна йўқ! Индамай эшитадию, бошини сарак-сарак қилади, бироқ билганидан қолмайди. Ахир қандай қолсин, юрак-бағри жизғинаги чиқиб ёниб турган бўлса, куйиб юрган эса... Ишқ, ишқ ва яна ишқ бўлса билгани, ҳис қилгани, ўйлагани, ўнгги ва туши... Шунинг учун ҳам у бу даҳри дунёда, бу дағал оламда олдинги сафдагилардан, биринчилардан бўлмади, бўлолмади. Эсу ҳушига на насиҳат кирди, ақлу ёдига на сарват. Девонаи Машраб бўлди гўё, балки айни Мажнуни даврон. Билмадим, билмадик... Билганимиз шуки, у ўз дардининг қули эди. Инчунун, ўз дардининг малҳамига ҳам эҳтиёжманд эди...

«Бугун Сени Кўрсам...»;

Бўлди. Шу учта сўз унинг ниҳоясиз дардларига шифо бўлгучи ўша малҳам! Шу учта сўзда унинг бахти мужассам. Шу учта сўзда у ўз қисмати моҳиятини, инсонлик мазмунини англайди, ҳис қилади. Ва бу шундай англаш ва ҳис қилиш бўладики, бунинг таъмидан ҳушлари бошидан учади, борлиғи қандайдир мутлақ бир оғушга ғарқ бўлади ва бутунлик касб этади...

«Сени Кўрсам Бугун...»;

Ҳувиллаб ётган яланғоч дунё шу билан мазмунга тўлади. Оҳ, бу қандай лаззат, қандай фароғат!.. Лекин нега одамлар ишқ қолиб, бу дунёга келиб-кетишнинг энг муҳим, энг бирламчи, энг керакли қадрияти — муҳаббат қолиб, атрофдаги жуда арзимас, жуда майда ишлар билан шуғулланишади — буни тушунмайди у. Ахир фақат ишқ туйғусигина тирикликни, тирик юришни, эрталаб уйғонишу кечқурун бошни болишга қўйиш заҳматини оқлайди. Фақат муҳаббатгина инсонга қуёшга юзланиб туриш жасоратини, ундан баҳра олиш ва мулоқотга киришиш ҳуқуқини беради. Фақат севгигина одамга чуқур энтикиб «Мен инсонман!»; дейиш ифтихорини ҳадя этади. Фақат угина...

Бўлди, бас!.. Сўзни узатган билан ишқсиз кўнгилларни севгига тўлдириб бўлмайди, ишқли дилга эса бир каломнинг, бир дардчил имонинг ўзи кифоя — у дарҳол муддаони англайди. Чунки унинг ҳам тупроғи сеникига ўхшаш, сиз битта мулкнинг, ягона султонликнинг фуқароларисизлар, битта динга — ишққа топингувчи диндош ва қавмдошсизлар. Йўқса, бошқа бир кишига ишқсиз бир бебошга кўнгилдагидан бир нима деб кўр-чи, у сенга худди жиннига қарагандек, еб қўйгудек бўлиб қарайди: «Қиладиган бошқа ишинг йўқми?»; дея устингдан ошкора кулади. Сен ишқни «Тирикликнинг жавҳари»; дея қанча улуғласанг, у «Бекорчининг эрмаги»; дея шунча мазах қилади. Унинг тутуми сенга қанча тушуниксиз келса, сеники унга шунча ғалати туюлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ҳар кимнинг ўз қавми, қавмдошлари бўлади. Инсон фақат шундай қавмдошлари томонидангина қабул этилади ва сийланади, бошқа ерда у ҳатто ўз ака-укасига ҳам етти ёт бегона бўлиб қолаверади... Бас, шундай экан, сен ишқдан сўз айтмоқчи бўлсанг, ўз қавмингга — сени тушунадиган ва сен тушунадиган танланган кишиларгагина айтгинки, токи бегоналар ичра бегона бўлмагайсан.

2

Тонг саҳардан бери «У»; деб келаётган кишимизнинг асл исми Самандар. У катта бир шаҳарнинг нуфузли университетларидан бирида адабиётдан дарс беради. Ёши элликларда, сочларига аллақачон оқ оралагангина эмас, балки қоралари билан аралашиб-қуралашиб кетган...
— Ия, бу ёғи қандоқ бўлди? — дея эътироз билдиришингиз тайин, ўқувчим. — Сиз ахир ишқ-муҳаббатдан ҳикоя қилмоқчи эдингиз-ку, қаҳрамонингизнинг бўлса ёши бир жойга бориб, бошини қиров босиб қолибди?..
— Ҳамма гап шунда-да, — дейман жавобан мен Сизга. — Ахир бундай бўлмаганда мен юрак ютиб сизга бир сўз демоққа журъат этармидим? Ҳамма гап ана шу бошини қор қоплаган, ёши элликни урган Самандарнинг... алламбало қисматида, ажабтовур кўнглида, кўнглидаги ҳали-ҳануз босилмаган, босилиши яқин келажакда кутилмаётган олов — муҳаббатнинг тафтида... Сиз шошманг, мени ҳам шоширманг, ҳаммасини бир бошдан, бир канордан айтиб бераман. Шунда биз Самандарнинг тим қора сочлари шамолларда учиб ўйнаган йигирма ёшлик чоғларига ҳам дуч келамиз, севгилиси билан қўл ушлашиб, совуқ ҳисоб-китобга ўч дунёнинг қилғиликларига қарши исён этганча озод шамоллар қўйнига қочиб кетган дамларини ҳам эслаймиз... Фақат шошманг, мени ҳам шоширманг...

Ҳозир эса унинг ёши элликда. Ана ўзи! Университетдан қўлида папкаси билан паришонхотир бўлиб чиқиб келаяпти. Ана, ҳар галгидек орқасидан бир талаба қиз шошиб келаяпди:
— Домла, тўхтанг, соатингиз қолиб кетибди.

Самандар бурилиб қараб, қизга ташаккур айтди, дарс ўтаркан, одатича ечиб, стол устига қўядиган ва кўп бор унутиб қолдирадиган соатини олиб чап билагига тақди. Сўнг йўлида давом этди...

Ҳайҳот, бу йўлнинг адоғи бормикан? Бунча узун бўлмаса ҳижроннинг ушбу йўли?!.. Қарийб ўттиз йилдан бери тинимсиз, тинимсиз ва яна тинимсиз босади Самандар уни, бироқ аримайди йўл қурмағур. Қарийб ўттиз йилдир Самандарнинг кўзлари йўлнинг узоғига қадалган...Ўттиз йилдир, балким бу йўллар ўз йўловчисидан зериккандир, йиллар ҳам толиққандир, аммо қаҳрамонимизнинг оёқлари ва кўзларида ҳорғинлик сезилмайди, ҳаракатларида иккиланиш билинмайди... Аксинча... аксинча, у ўттиз йилдир борган сари ўз ишқида қатъий, ўттиз йилдир севгилиси сари талпинади, ўттиз йилдир уни куйлайди, мадҳ этади, унга атаб қасидалар битади, романлар нашр этади. Ишонмайсизми, мана унинг ўзига — пулли тўхташ жойидаги машинаси томон одимлаб бораётган Самандарга яқинроқ боринг. Ҳа-ҳа, ҳадиксирамай бораверинг, йўқса, бизни муболағада, ҳаёт ҳақиқатини бузиб кўрсатишда айблаб юрасиз... Унга қарасангиз-чи, азиз ўқувчим, ахир у ҳеч кимга эътибор бермай, папкасини қўлида силтаганча баланд овозда ўз-ўзига шеър айтиб, талабалару ўқитувчилар, ишчилару ҳайдовчилар орасидан дадил одимлаб бораётир:

Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар кўзларим тикилган сари.
О, йўллар!
Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!
Муродга қасд қилиб югурган етур.
Бўронни севмаса, дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!
Чу, қора йўрғам!

Во дариғ, дейман менки, одам боласи наҳотки шундайин ишққа қодир эса?! Наҳотки бундайин ишқнинг ўзи бўлса?! Ахир замонлар неча бор турланиб, рост туйғулар устига ёлғонлари қат-қат ётмадими? Бани инсон ҳам сотқин ҳислар ила тил бириктириб, чинларининг қачонлардир мавжуд эканини, уларнинг бағрида ўзини чексиз саодатли бўлганини унутиб юбормадими?!.. Во дариғ!.. Агар Самандарнинг қалбида ҳалигача ўшандайин ишқ баралла яшаётган эса, Яратганнинг олдидаги урвоққина иймоним билан қасамки, бу йигит кўчани тўлдириб юрган одамзоднинг қавмидан эмас! Йўқ!!! У ўзга сайёраликдек ноёб биз учун, бизнинг замонлар учун!..

Бу пайтда Самандар машинасининг олдига етиб келиб, эшигига калит солиб очаётганди... Очди, қўлидаги папкасини ёнбошдаги ўриндиққа ташлади-да, кетидан ўзи ҳам чўкди. Рул чамбарагини қучганча узоқ муддат шу кўйи ўтириб қолди. Ниҳоят, чуқур хўрсинганча, моторни ёқди. Сўнг тез қўзғалиб уйига йўналди. Фақат шу лаҳзада, азиз ўқувчим, гапларимга кириб унга эргашган, унинг ёнида бўлганингизда эди, ярим очиқ ойнадан оғзидан чиққан бояги шеърнинг парчалари қулоғингизга чалиниб қоларди:

Муродга қасд қилиб югурган етур,
Бўронни севмаса дил нечун тепур?

Чу, қора тойчоғим? Чу, қора йўрғам!..

Ажаб, машинасига энди эътибор қилибман, унинг ранги худди шеърдаги йўрғаникидек тим қора экан...

3

Самандар ҳақида бас энди, ёзувчим! Тарозунинг иккинчи палласига назар ташлашнинг фурсати етди, чоғи. Самандарни қийнаётган, неча ўн йилдан буён хаёлини таг-томири билан суғуриб олган ва шу юрак умри давомида ўзига мангу михлаб олган борлиқ — худойимнинг ажойиб яратиғи — Сабо тўғрисида ёзиш вақти келди, ахир! Сабо, Са-бо!.. Бу исмни айтгани сари одам беихтиёр парвозга шайланаётган қушдек енгил сезади ўзини. Йўқ, у айнан мана шу қуш янглиғ парвоз қилади ҳам. «Са...»; деганда ҳушёр тортади, «бо!»; деганда кўкка қараб шайланади, қушдек париллаб учади, учади, учаверади... Сабо самога боради, унга қўшилиб сингиб кетади. Сўнг сиз ажратолмай қоласиз — сабо қайдаю само қайда?

Бўлди, бўлди, бўлди!.. Сизнинг ачиб кўпчиган хамирдек ёйилган мийиғингизни ва ундаги аччиқ кинояни кўриб турибман. Биламан, сиз билан биз ўз замонамизнинг фарзандларимиз. Замона эса сал аввал ёзганимиздек, севадиган, севиладиган эмас. Ёрини исмини талаффуз қилганда қалби қушдек осмонда чарх уриб учадиган одамларни ҳаётимизда учратмаганмиз балки. Шунинг учун ҳам «Сабо!»; дея ёки бошқа бир исмни айтиб, қулоғимиз остида бонг урсалар-да бир сесканиб қўймайдиган ҳолга тушиб қолганмиз ва бундан албатта ғурурланамиз. Бизнинг қаҳрамон эса нодир киши! Шу маънода у бу дунёнинг, бу замоннинг фарзанди эмасдек. У ўз ички оламининг — кўнглининг боласи. «Сабо!»;, дея уйғонади у, «Сабо!»; дея кўз юмади ҳам. Унинг бисмиллоси — Сабо, тавбаси — яна Сабо...

Бу-да эриш туюлади сиз билан бизга. Лекин на чора, севги, чинакам муҳаббат шунақа бўлади шекиллики, баъзан севишганларнинг хатти-ҳаракатию бир-бирларига айтаётган изҳори диллари бизнинг — оддий одамларнинг назарида шаккок¬ликдек бўлиб туюлади...

Ўшандаям айни баҳор чоғи эди... Атроф энди тетапоя бўлиб, тилга кираётган боладек ширин ва жозибали моҳият касб этаётган дилтортар палла. Бундай вақтда, одатда, талабаларнинг кўзлари дераза ортига михланган бўлади. Энди ниш урган, тепасида асаларилар учиб қўнган ўрик ва шафтоли гулларида, хаёллари ҳам шунга монанд қаёқлардадир — олис-олисларда қочиб юради. Ўқитувчининг, — минг қилса ҳам, ҳисобсиз педагогик маҳоратининг ялтироқ, кўз ва қулоқ чалғитувчи қоғозларига ўраб чирмаса ҳам, барибир, — айтган гаплари, ўқиган маърузаси вужудларида ёшликнинг қайноқ ва саргузаштталаб қони янги вулқоннинг лаваларидек қайнаб турган йигиту қизларнинг қулоқларининг бунисидан кириб, унисидан чиқиб кетади.
— Тезроқ таътилга чиқсаг-у, — Сабонинг елкасига эснаганча бошини қўйди дугонаси Назира.
— Шаҳло қани? Бугунам келмаса, зерикиб ўламиз иккаламиз... — дугонасининг бошига бошини аста уриб деди Сабо.
— Қанақадир бир домланинг дарсига кетган бўлса керак. Ўтган ҳафта ҳам шундай бўлувди, эсингдами? — маъруза ўқиётган ўқитувчининг ўзига қараб-қараб қўяётганидан сергак тортиб, бошини кўтарди Назира.
— Ҳа, ким экан у домла, бунча қизиқмаса?..
— Адабиётдан киради. Келишгангина... — Ўқитувчининг ҳадеб ўзларига қараётгани туфайли лаб-лунжини тўғрилаб, маърузани эшитиб, ёзиб бораётгандек дафтарига энгашди Назира.
— Фууу, Шаҳлонинг йигити бор-ку, бошига урадими ўқитувчини?..
— Дарсига қизиқаётгандир...

Иккала дугона бир-бирига қараб қиқир-қиқир кулишди...
— Файзиева!.. Ёнингиздаги ўртоғингизни олиб, ташқарига чиқиб кетинг?... — Ўқитувчининг дағдағали овози янгради ҳавода. Сабо билан Назира бирдан жим бўлиб бошларини эгиб олишди.
— Кутяпман, дарҳол чиқиб кетинглар!.. — ўқитувчи сўзида туриб олди, — дарсни тўхтатиб қўйдинглар. Қани, тез-тез!

Дугоналар ноилож сумкаларини елкаларига илиб, аудиторияни тарк этишаркан, у ер-бу ердан қизларнинг қиқир-қиқир кулгани эшитилди. Сабо орқасига ўгирилиб тилини чиқарди-да — «Вувв!»; дея эрмак қилганча эшикни қарсиллатиб ёпди...

4

Самандар ётоқхонанинг деворлари униқиблар кетган хонасида дафтарга нимадир ёза бошлади. Узоқ ёзди. Ўчирди. Яна ёзди... Ниҳоят, ёзганини овоз чиқариб ўзига ўзи ўқий кетди:

Мен сендан олдин худойимнинг даргоҳига бораман, иншаоллоҳ! Чунки қалбим сезади буни... шунда, биласанми, устингдан нақ худонинг ўзига арз қиламан: "Мен уни ўлгунимча севдим, бутун борлиғим билан, энг сўнгги ҳужайраларимгача унга талпиндим, уни дедим, уни алқадим, уни кутдим... Лекин... лекин у келмади: Ишни баҳона қилди, удумни, қариндош уруғлару дўст-биродарлар гап-сўзларини баҳона қилди... Хуллас, ўз севгиси учун ҳеч нима қилмади, курашмади, келмади... Ҳолбуки, бу ёқда менинг кўзларим кутавериб тешилиб кетганди, куч-қувват, сабр-тоқатгина эмас, қурб... қурбим ҳам қолмаганди, битиб соб бўлганди. Мен қуруқ савлатим билан қолгандим. Турган мен эмас, балки бурунги Самандарнинг сояси эди. Бироқ, барибир кутавердим. Кутишда ва умид қилишда давом этавердим. Келмаслигини билардим, лекин тақдирдан мўъжиза кутардим, эшитяпсанми, мўъжиза!..

Келмаслигим билсам-да, ахир,
Кутавериб кўзим тешилар.
Қайдан менда бу савил сабр? -
Азобларим минг бор эшилар...
Тун оқармас — борар қуюқлаб,
Борган сари мен-да ожизман.
Фақат бирдан бўзарган уфқдай
Содир бўлса дейман мўъжиза...
Содир бўлмас бироқ мўъжиза...
Шундай қилиб, мен сени Худога айтаман, шикоят қиламан устингдан, эшитяпсанми?...
Сени кутдим... кўзларимда ёш...
Ёш демаки, сўнётган қуёш...
Оламларга борар йўлимсан,
Юрак бағрим, оёқ-қўлимсан.
Тушунмайсан фақат кўнглимни,
Ёвуқ келган меҳмон — ўлимни...
Шундан ичда фарёдлар ўсар,
Ўсиб мени оламдан тўсар...
Зулмат чўкса бир кун дунёга,
Арз этгумдир, билгил, Худога...

Ҳа-ҳа, арз этаман. Арз этиб, айтаманки, бу қизни нигоҳимдан узоқ қилма, токи уни яна севиш мумкин бўлсин, қаерда бўлмайин, руҳим қай дунёга оқиб бормасин, севиб оёқларига йиқилиш, бўзлаб оғриқларимни — фарёдларимни айтиш саодати мени тарк этмасин!.. Майли, у менга боқмасин, парво этмасин, лекин уни номавжуд этма... Уни кўриб, ҳис қилиб туриш бахтидан мени маҳрум қилма, Парвардигор!.."

5

«Мен сени севаман! — деди хаёлан деразадан пастдаги ўрикнинг оқ пушти рангларига боқиб турган Самандар Сабога мурожаат этиб. — Сен менинг борлиғимсан, бу дунёга келиб топганим ягона жавоҳирим — сенсан! Агар қачондир ҳеч вақосиз қолсам, йўқотганим ҳам сен бўласан! Бу навосиз дунёда, ҳаёт ва хаёлларимда, тилим ва дилимда янграган бирдан бир навом ҳам, отам ва онамдан, туғилган гўшамдан айро тушиб, шафқатсиз турмушимдан, дўсту биродарларимдан аччиқ зарба еб, қаён боришимни билолмай, ҳатто хаёлан қочиб бориб, бир ютум таскин симирадиган жой тополмай ўртаниб қолганимда... кутилмаганда йўлимдан пайдо бўлган нажот фариштаси, озурда бўлган юрагимни қўярга яккаю ягона маъвом ҳам ўзингсан!.. Сени кўриш учун қабоқларимни очишга ҳожат йўқ. Чунки сенга талпинган, сени истаган юрагим сени дунёнинг чангалидан — ташқаридан юлиб олиб, ичкарига яширган. Қорачиғларим ўрнида жилваланган сўнмас қуёш, аслида, сен!.. Оламга боқсам, сенга қўшилиб нурланиб кетаман. Олам ҳам ўша нурга чулғанади. Шунинг учун мен қилаётган ишимга, яшаётган кунимга таҳрир киритмоқчиман: »;Муҳаббат дарси«ни ўтмоқчиман. Ҳа-ҳа, айнан, ўшани — »;Муҳаббат дарси«ни! Шу тобда кўзимга бошқа нарса илашмаяпти. Қалбим, ақлим, вужудим... ҳамма-ҳаммаси фақат сени деяпти, »;Сен!« деяпти!.. Тоғлардан тошларга урилиб оқиб тушиб келаётган сой бўйида ўтирганмисан?!.. Шунда энг аввало ҳисобсиз шакл ва ранглардаги тошларга урилаётган сувнинг шовуллаши эътиборингни тортади. Бу шунчаки шовуллаш эмас, балки асрлар оша яшаб келаётган тоғларнинг кўнгил нидоси, сирли қўшиғидир. Сен ҳам менинг ана шундай қўшиғимсан! Токи тирик эканман, сен ҳам худди тоғлар бағридан сўкилиб тушаётган ва қўшиқ бўлиб шовуллаётган сой янглиғ юрагимдан ситилиб оқаверасан, севгилим!!..»;

Самандар бошини ширин хаёллардан бўшатди. Симкаравотга узанди. Кейин туриб ўтирди. Кўзларини чиппа юмиб, калласини сарак-сарак қилди, сўнг кескин силкитди — гўё бу ҳаракати билан «Сабо»; деб аталмиш тотли оғушдан ўзини тамоман халос этмоқчидек бўлди. Кейин аста қўзғалиб, тағин дераза қаршисига келиб, ташқари боқди. Еттинчи қаватдан атроф кафтдагидек аниқ кўринарди; дарахтлар худди пойида тўлғанаётгандек шамолда силкиниб турар, оловранг қуёш чексизликка чўкиб борар, унда-бунда дам олиш кунида ташқари чиққан ўқитувчи, аспирант ва талабалар ҳафсаласизгина одимларди. У узоқ муддат дераза қаршисида тубсиз хаёлларига толган кўйи уммонга лангар ташлаганча туриб қолган кемадек тек қотди. Сўнг шундоқ ёнбошдаги стол устига эгилиб, яна нималарнидир ёзди, ёзаверди...

Бирпас ўтгач, қаддини кўтарди, қўлига эндигина ёзгани бир вароқни олиб, хонанинг у четидан бунисига қадам босиб баланд овозда ўқиди:

^Тубанда шовуллар дарахтзор,

Пойларимда ботадир қуёш...
Кутаяпман, барибир, такрор...
Тугаяпти тоғдек бу бардош!..
Фақат юрак ҳамиша бола —
Ҳар лаҳзада мангу яшарман!
Мен биламан — ўлмасман асло,
Мен соғинчман, ўлим-чи — Ватан!..

Ҳамон хона ичра чир айланиб юраркан, Самандар қўлидаги қоғозни стол устига ташлади-да энди яна-да баланд овозда шеърни ёддан ўқий кетди. Кейин яна, яна ўқиди. Ниҳоят, охирги мисрада тўхталиб, такрорлай бошлади:

«Мен соғинчман, ўлим-чи — Ватан!»;
«Мен соғинчман, ўлим-чи — Ватан!»;
«Мен соғинчман, ўлим-чи — Ватан!..»;

Самандар кескин ҳаракат билан ўзини каравотга отди. Юзларини ёстиққа босганча овоз чиқариб деди: «Унда муҳаббат нима бўлади? Ахир, эндигина »;Муҳаббат — менинг бору йўғим, ўзимни қўярга жойим, бирдан бир масканим!« дея ширин хаёлларга берилгандим-ку!.. Қаердан келди бу... ўлим?.. Нега унинг ўрнига муҳаббат сўзини қўя қолмадим? Мен соғинчман, муҳаббат — Ватан!»; ёки «Муҳаббатим, эй чексиз Ватан!»; дея олмадим. Нега тилимга шу даҳшатли сўз — ўлим қалқиб чиқди! Нега, нега, нега!?!.. — у шиддат билан ўрнидан сапчиб турди-да, хона ичида боягидан ҳам тезроқ айлана бошлади.
— Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас! Мен муҳаббат билан ёнаётган бир дамда ўлимнинг хаёлимга, ақл ва юрагимга бостириб кириши мумкин эмас. Бу — ахир, адолатсизлик! Ўлим! — дея бирдан тўхтади хона ўртасида Самандар. —Муҳаббат!.. Ўлим билан муҳаббат... Бу икки олам ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин? Уларнинг қай бир қиррасида шундай бир кўприк борки, биридан иккинчисига ўтиш мумкин бўлса? Ҳа-ҳа, ўлимга ҳали бор, ўлиш учун ҳам инсоннинг маънавий ҳаққи бўлмоғи шарт! Шундоқ — онадан қандай туғилган бўлсанг, ўшандайлигингча — хомлигингча ўлимнинг қароргоҳига кириб бориш — уят! Унгача одам дегани узун ва машаққатли, шарафли ва сурурбахш йўлни босиб ўтмоғи лозим... Хўш, бу йўлнинг исми нима? Ўша эмасми кўприк дегани? Наҳотки... наҳотки муҳаббат бўлса? Ҳа-ҳа, у — муҳаббат-да! Фақат шу йўлни босиб ўтган инсонгина ўлимга тайёр бўлади, фақат севган ва севилган кўнгил, ишқ оловида охирги ҳужайрасигача ловуллаб ёнган кишигина ўлимга тик боқа олади... Ўлим!.. Ўлим... Эҳтимол, фурсат келиб, инсон ўлимни ўлдириб — мангуликка йўл солар... Унда нима бўлади? Дунёда фақат бир юмуш — Муҳаббат қоладими?.. Агар одамзот ўлмаслик йўлини қилса — қариб-чириган баданни либос янглиғ бошқасига алмаштириб кетиш ҳийласини топса, Худога нима бўлади?!.. Ахир, кишиларнинг Яратганга ҳеч қандай эҳтиёжи қолмайди-ку! Оллоҳ парчаланиб, маъжозий-рамзий эмас, тўғридан-тўғри маънода ҳар бир одамнинг юрагига жойлашмайдими унда?!.. Инсон чинакамига ҳур бўлиб, ўлим ва қабр даҳшатидан, касаллик ва ожизлик чангалидан озод бўлмайдими?..

Тўхта!.. Тўхта, дейман Самандар! Биз ҳали узоқ келажак ҳақида бугуннинг маърифати даражасида туриб бундайин кескин фикр юритишга тайёр ва ҳақдор эмасмиз. Гарчи, айтилганларга ўхшаш нимадир содир бўлиши муқаррар эса-да, менинг айни тобдаги вазифам — айни дамдаги маърифат савиямга уйғун келмоғи шарт. Акс ҳолда «Мен не дейману қўбизим не дейди?»; ҳолига тушмоғим тайин. Сўзни узатмай дангал айтишим ва қилишим мумкин бўлган бугунги ишим эса битта, у ҳам бўлса — ИШҚ! Ўлимгача менинг бирдан-бир юмушим шу, ишқдир!.. Ўлим келгач, мен учун ҳамма ишни унинг ўзи бажаради. Айтадилар-ку, биз бор экан ўлим йўқ, ўлим келгач эса биз йўқ, деб. Бас, шундай экан, Самандар, сен ўзингни муҳаббат сари от, муҳаббатдан сўйла, севгингни, маҳбубангни, тараннум эт. Қолган барчаси ёлғон ва кераксиздир юмушдир ушбу дамда...

6

Қанча кўп яшаганинг сари ҳаётнинг маъниси ҳам сендан шунча узоқлашиб бораверар экан. Аслида, гўё маъни сари йўлга чиққансан ва ўтиб кетаётган ҳар бир кунинг сени ўша манзил томон элтиши лозим эди. Бироқ тиришиб олдинга интилишинг баробарида манзил ҳам сендан йироқлашиб бораяпти-ку... Ҳа-ҳа, айнан шундоқ бўлаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин?..

Тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси эриб кетди ёки тумандек тарқаб кетди. Бир-бирига ўхшаган кунлар еб битирди орзулар тоғини...

Бир-бирига ўхшаган кунлар,
Юрагимни совутиб борар,
Бир-бирига ўхшаган кунлар.
Орзуларим тоғ қадар эди...
Кейин эса уни еб қўйди,
Бир-бирига ўхшаган кунлар...
Хаёл сурмай қўйдим биродар,
Тасаввурлар турмушранг бўлди...
Қўрқадурман энди эртамдан.
Мусичанинг «ку-ку»;ларию,
Қарғаларнинг «қағ-қағ»;лари ҳам,
Бир хил, бир хил таралар кўкда.
Улғайишни орзу қилгандим,
Тушларимда энди болалик...
«Нажот, нажот!»; дейди мажруҳ руҳ...
Ҳаммасига розиман, фақат
Муҳаббатим қайтиб берсанг, бас,
Бир-бирига ўхшаган кунлар!..
Бир-бирига ўхшаган кунлар,
Юрагимни совутиб бўлди,
Eнди эса овутмоқ истар...

Азим дарё эди у. Тўлиб тошиб оқаётганди. Соҳилидаги бутун бир воҳага ҳаёт бахш этиб, ўзи ҳам бундан яйраб-яшнаб бораётганди. Бироқ бирдан тиниб қолди... Қарғиш теккандек тўхтаб қолди бу асов дарё. Ҳа-ҳа, айнан қарғиш теккандек. Йўқса, нима жин урдики, оқиб келган, оқиб турган дарё ҳе йўқ, бе йўқ туйқусдан оқмай қўйса...

Ҳаммаси изига тушиб бораётганди: шахсий ҳаёти ҳам, касбий муаммолари ҳам. Ҳатто яхши-ёмон кунларда суянса бўладиган ошна-оғайнилар сараланиб, аниқ-тиниқ юзага чиқиб қолганди. Хуллас, рисоладагидек кеча бошлаганди унинг, сиз билан бизнинг қаҳрамоннинг кунлари. Лекин... кутилмаганда ҳаммаси саробга айланди ёки мавжуд нарсалар ўз ўрнини йўқотмаган эса-да, айни чоғда ҳеч қандай аҳамият ҳам касб этмай қўйди. Улар бор эди. Бор эдию, қахрамонимиз Самандарнинг кўнглини заррача қувонтирмас, унга тасалли ва дармон бўлолмасди энди... Тавба, бундан чиқди, атрофимиздаги нарсалар ўз-ўзича қадр-қимматга эга эмас экан-да, уларни севимли ва азиз қилаётган, қандайдир қадр юклаб, мазмундор қилаётган бизнинг ўзимиз экан-да!..

Тўхта эй сен, Ёзғучи! Мунча ошиқмасанг, мунча ҳовлиқмасанг! Ҳаммасини бир бошдан бошлаш керак. Шошилмасдан, бир-бирига қориштирмасдан. Йўқса, дардингни на тушунтириб ўзгага, на ундан қутулиб ўзингга роҳат бера оласан... Ахир бу кетишда сен ўз туйғуларингга тиқилиб қоласан-ку! Уларнинг ҳаммаси бирваракайига сенинг бўғзингга сиғмайди... Шунинг учун шошилма, бир бошдан ва аста-аста ҳикоя қилки, ниҳояда ҳам ўзинг соғ қолгайсан, ҳам ўқувчини асрагайсан...

7

Гарчи ҳали бир марта ҳам ерга қор тушмаган эса-да, аллақачон қиш кириб келган, ҳаволар фуфайка кийиб, қалин пайтава ўраб этик кийиш учун етарлича совиган, сувлар музлаган, кўкда кўчманчи қушларнинг хайрлашув қўшиқлари аллақачон тугаб, қарғаларнинг қағиллаб қолганига кўп бўлган эди. Лекин... лекин мингтепаликлар пахта далаларидан ҳануз чиққани йўқ. Шу тобда пахта нима қилади, демоқчи бўлсангиз, биз бажонидил ҳокимтўралар манзилини кўрсатиб юборишга тайёрмиз. Магар бундай «номаъқулчилик»;ни ўзингизга эп кўрмасангиз ҳамда ҳали ҳам ҳикоямиздан зерикмаган бўлсангиз, шаҳарда кийиладиган олифта ва нафис либосларингизни қишлоқбобларига бурнингизни жийирмайгина алмаштиринг-да, юринг биз билан ўша изғиринли пайкалларга! Зеро, мингтепаликларнинг ўзаро суҳбатида ҳам ҳар қандай фикрловчи кишини ўзига ром қиладиган, ўйлатадиган, ниҳоятида ўз ҳаёти устида бош қотиришга ундайдиган нимадир бор! Юринг, дўстим, ўша «нимадир»;ни билиш учун қимматбаҳо ипак бўйинбоғларимизни бир кунга ечиб, сигарет ва тувак гуллар ҳиди тутиб кетган иссиқ хоналаримизни бир зумга тарк этиб, ҳеч бир инсон зотига ярашмайдиган кибр-ҳавони унутиб... анави эгатларга пахта кўчатларидек сочилиб кетган, бир пайтнинг ўзида ҳам қувноқ, ҳам ғамгин, ҳам кулдириб-кулиб чарчамайдиган, ҳам дардини айтиб, йиғлаб адо қилолмайдиган дилкаш юртдошлари¬мизнинг қошларига борайлик...

Бир-бирларимизнинг совуқ ва ҳиссиз ҳисоб-китоблар заҳматларида тирриқ бўлиб қолган ангоримизга боқа-боқа зериккан, толиққан қалб кўзингизни энди кийим боши бутунлай сидириб олиниб, қаҳратон қишнинг қаҳрли қиличидек тик турган новдаларидан сирғатиб туширинг-да, теришга пахта, шу билан бирга буни гапиришга, тушин¬тиришга ҳуқуқи ҳам йўқлигидан у ер-бу ерда фартукларининг устига омонатгина чўкиб турганча инсон қалбини, унинг нозик ҳисларини мушоҳада тарозусига қўйиб кўраётган мингтепаликларнинг юрагига бошлангки, айнан шу ерда бир умр излаб тополмаганингиз тириклик маънисига урилиб кетсангиз, ажаб эмас!..
— Мен Нодир ака ва Нилуфар опалар олдида бошимни эгиб таъзим қиламан, лекин уларнинг қилган ишларини оқламайман, — дерди Азиза қизишиб, — ахир ота-онасини бутун қишлоқнинг кўзи ўнггида уятга қўйишди...
— Бунинг нимаси уят, Азиза, мен тушунмайман!? — эътироз билдирарди Самандар қиздан кўпроқ тўлқинланиб. — Қайтага менга қолсайди, ўзбек йигити Нодир ва хўжа қизи Нилуфарга атаб мамлакатнинг ўртасида ҳайкал ўрнатардим.
— Йўқ-йўқ, бўлмайди! — кескин сўзлади Азиза. — Қанақа қилиб, нимага асосланиб? Сиз шу халқнинг орасида яшаяпсиз, унинг тузини ичяпсиз, унинг қўлида вояга етяпсизми, ўрни келганда ҳурматини ҳам жойига қўйиб қўйинг-да, дўстим.
— Ҳурмат қилиш билан кўр-кўрона буйсуниш бошқа-бошқа нарсалар, Азиза! Тушунсангиз-чи, Нодир билан Нилуфар ўз ота-онаси ёки ўз халқининг одатларига қарши чиққанлари йўқ, бу нарсалар уларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган. Улар бор-йўғи бир-бирларини яхши кўришган. Севги гуноҳми?..
— Гуноҳ! Агар у ота-онанинг истакларига зид бўлса, урф-одатларимизни оёқ ости қилса, қавму қариндошнинг юзини ерга қаратса!..
— Сиз... ўзингиз Нилуфарнинг ўрнида нима қилган бўлардингиз?

Кутилмаган қалтис саволдан Азиза довдираб кетди, юзлари дув қизарди, киприклари пирпираб учди...
— Мен... Мен... хўжа қизи эмасман-да...
— Тушуниб туриб гапни чалғитманг, Азиза! — қатъий турди Самандар.
— Мен... Нилуфар опанинг ўрнида кўрпамга қараб оёқ узатган бўлардим.
— Яъни?
— Яъни... — ўсмоқчилади Азиза, — яъни ҳеч қачон Нодир акани севиб қолмасдим.
— Қанақасига? Юракка буйруқ бериб бўларканми? — ҳайрон бўлди Самандар.
— Ҳа, бўлади. Чунки қорачалардан бўлган Нодирга мени бермасликларини билиб туриб, яна уни яхши кўришим мумкин эмас! — қатъий деди қиз.
— Сизнингча, севгини ҳам бошқарса бўларкан-да... — ўзича мушоҳада қила бошлади Самандар, — мен негадир бошқача ўйларканман.
— Қанақа? — қизиқишини яшириб ўтирмади Азиза.
— Аниқ бир нима айтолмайман, лекин чинакамига севиб қолган одам девонага ўхшаб қолса керак, деб биламан негадир. Лайли ва Мажнунни эсланг. Улар севги йўлида на зеб-зийнатни ва на мансаб-мавқени ўйлашди, келажакларини чўтга солиб кўришмади. Чунки улар юракларини эмас, юраклари уларни бошқарар эди...
— Кейин нима бўлди, иккаласи ҳам ўлиб кетишди-ю ёруғлик кўрмай. Бу ёқда ота-онаси, қариндошлари... Қўйсангиз-чи, Самандар, бунақа севгининг кимга кераги бор?..

Самандар бир муддат индамай турди-да, сўнг паст овозда шеър айта бошлади:

Кўнглим ғам ила тўқ айла, ё Раб!
Ишқ ичра мени йўқ айла, ё Раб!
...Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли шавқин рангимда қон қил.
Дардини нажотим эт, Илоҳий,

Ёдини ҳаётим эт, Илоҳий!..
— Самандар, ахир севгида Лайли ва Мажнун бўлиш қийин. Кейин улар ўтган замонларда яшашган, — отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмасди Азизанинг.
— Нима қибди ўтган замонларда яшаган бўлса, Азиза?
— Ҳозир унақа севгининг бўлиши... билмадим... мумкин эмасдек туюлади менга. Қолаверса, Лайли-Мажнун китобда бор, ҳаётда эмас.
— Нодир билан Нилуфар-чи, улар ҳам китобдами? — Самандар Азизага ниҳоят таслим қилдим дегандек ғолибона қаради.
— Улар ҳам худди Лайли ва Мажнундек севги йўлида ўлиб кетишди-ку! Бунинг нимаси яхши!?
— Нимаси ёмон, Азиза! Муҳаббат учун аслида ўлиш эмас, яшаш керак. Лекин на илож, ошиқ ва маъшуқларнинг пешонасига ўлим битилган бўлса?
— Майли, Самандар, сизни гап билан енгиб бўлмайди ўзи. Лекин барибир, мен ҳам ўз сўзимда қоламан: йигитдир, қиздир, ҳамма бу дунёда ўзига мосини топиб яхши кўриши керак, бўлмаса... — фикрини чала ташлаб хаёлга берилди Азиза.
— Нима бўлмаса, Азиза?..
— Бўлмаса, бўлмайди, Самандар! — нигоҳини ердан олиб йигитнинг кўзига тикди қиз...

Самандар ўзига қадалган нигоҳнинг залворини узоқ вақт ўз кўзларида ушлаб туролмай, беихтиёр атрофга қаради. Лекин ичида нимадир «шув»; этиб кетди. Юзлари бир ўзгариб олди...
— Муҳаббат... кишига бахт келтириши керак, — ўртага чўккан жимликни бузиб тилга кирди Азиза, — агар келтирмаса, ақл-идрокка суяниб ундан воз кечилади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Самандар, икки киши бир-бирини севса-ю, бу туйғу уларга фақат кулфат, алам ва надомат келтирса, бунинг нимаси яхши? Севги ҳам аслида одамлар учун, уларнинг бахту саодати учун, тўғримасми? Шундай бўлгач, нега энди у инсонга хизмат қилиб, кўнглини овлашнинг ўрнига, мудом унга ғусса келтириши керак?.. — Азиза шу тахлит яна узоқ вақт ўз қарашларини баён этди, лекин улар Самандарнинг қулоғига ортиқ кирмас, аксинча, у хаёлан Мажнуннинг қиблага юзланган ҳолда Оллоҳга йиғлаб қилган илтижолари билан бирга яшарди:

Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли шавқин рангимда қон қил.
Дардини нажотим эт, Илоҳий,
Ёдини ҳаётим эт, Илоҳий!..

Шу пайт йигитнинг хаёлида бир зумгина нотаниш бир парирўй, гўзал бир маҳвашнинг дилрабо лиқоси жонланди. У бунинг нима эканлигини тушунмади: хаёлми, тушми ва ё бошқа бир нарса? Аммо уни аниқ кўрди! Йўқ, у китобларда минг бир қиёфада тасвирланган Мажнуннинг Лайлиси эмасди. Тўғри, қаеридир ўхшарди, қизнинг нигоҳлари қаърида нимадир, қандайдир жунунваш ўт уни Лайлига монанд айларди, аммо унинг ўзи бошқа эди, Лайлининг ўзгинаси эмасди. Самандар кўзига кўриниб, сўнг яна шундай хизда ғойиб бўлган ойрухсор қиз Худойимнинг тамоман бошқа яратиғи эди...

8

Муҳаббатни Одам Атодан қолган дейишади. Муҳаббатни Одам Ато замонидан бери алқашади. У ҳақда узундан узун, шириндан ширин, аччиқдан аччиқ достонлар битишади, ёд олиб куйлашади, куйлаб йиғлашади. Даврлар ўтди, одамлар, улар яшайдиган тузумлар ўзгарди, лекин муҳаббат ўзгармади. У ошиқ ва маъшуқ қалбини яна аввалгидек ларзага солишда давом этаверди. Тош асридан бери ҳар юз йилда афту ангоридан тортиб кийим бошию яшаш тарзигача ўзгариб-турланиб келаётган инсон айнан шу ерга — муҳаббат чегарасидан ўтганда гўё «соқов»; бўлиб қолаётгандек: унинг минг йиллар мобайнида тўплаган илму амали ҳеч вақога ярамаётгандек: инсон худди ғорларда яшаган бобокалони янглиғ ҳуши бошидан учиб севаётгандек... дунёларни унутарчасига бу сеҳрли ғуссага мубтало бўлаётгандек...гоҳида...

Вомиқ ва Узро, Тристан ва Изолда, Тоҳир ва Зуҳро, Ромео ва Жулетта, Лайли ва Мажнун, Отабек ва Кумуш... бунинг каби яна ўнлаб ишқий достонлар муҳаббат шарафига буюк одамийзот кўтарган гўзал қадаҳлар эмасми?! Эй, кўнгли пок, кўзи пок ўқувчим! Мингтепаликларнинг мана бир неча йилдан бери тилларидан тушмай келаётган Нодир ва Нилуфар қиссаси эса ана ўша достонлар силсиласидаги битта мўжаз ҳалқадирким, ундан бохабар бўлмай туриб, қаҳрамонларимизнинг юракларига яқинлашмоқ мудҳиш гуноҳдек кўринади бизга. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қиссани ҳикоя қилмоқ ва уни тингламоқ муқаддас саждагоҳни зиёрат қилишдан олдин ўқиб олинадиган икки ракаат намоздир гўё!.. Мингтепаликларнинг техника асрида қурум босиб қолаёзган қалбларини титратиб, тоғлар ҳавосидек тоза нафасда бир чайиб олган севги қиссаси ҳам салаф достонларек маҳзун ва соҳир жаранглайди!.. Лекин дунёга ва унинг туганмас ҳою ҳавасларига тупуриб, юзини қиблага буриб, Яратганга илтижо этаётган девонадек ўз дардини ҳикоя қилаётган ровийни эшитар экан, ажаб эмаски, тингловчининг юзларида бир қарашда мангуга муҳрлангандек туюлган асрий музликлар аста эрий бошлайди... Ажаб эмаски, тома-тома кўл бўлур деганларидек, томчи-томчи эриш ҳам инсоният қалбидаги минг йилликларда пайдо бўлган муз тоғларини ташқарига суриб юборса!.. Ҳай, майли, «Бисмилло»;ни айтайлик-да, вужуд кўзларимизни юмайлик, зора қулоқларимизга кирган муҳаббат эртаги ила қалб кўзларимиз очила борса...

9

Улар бир қишлоқнинг фарзандлари эди. Устига устак ёнма-ён қўшни. Йигит далага кетаётиб ҳам, қайтаётиб ҳам гоҳ эшик-ялангга сув сепаётган, гоҳ уни супириб, сидираётган, гоҳ кичик укасини кўтариб овутаётган, гоҳ бўйи етиб қолган дугоналари билан ариқ бўйида чақчақлашиб турган ҳолда кўрарди. Ҳаммаси бирданига эмас, балки секин-секин бошланди. Худди юртга кўкламнинг билдирмайгина кириб келганидек. Улар бир-бирларини болаликдан билишарди, лекин вақти келиб бошларига мана шундай умумий ғавғо — ишқ савдосининг тушиши ҳеч бирининг хаёлига келмаганди. Эҳтимол, севгининг қудрати, сеҳри ва жодуси шунда: кутилмаган жойдан ҳужум қилиб қолишида ҳамдир!..
— Ассалому алайкум, Нодир ака, — Нилуфар ташқарида — ўзлари ва Нодирларнинг уйлари ўртасидаги муслук тагидан пақирини олди, — сиз олволақолинг, меники шошилинч эмас.

Нодир алик олиб, пақирини оқиб турган жўмрак остига қўйди-да, қаддини тиклаётиб миннатдорчилик билдирдию сўради:
— Даданг ишдан келдими?
— Энди кебқолади, — атрофни ўз хушбўйи билан ром айлай бошлаган ариқ қийисидаги ялпизлардан кўз узмай жавоб берди Нилуфар.
— Институтга ҳужжат топширмоқчийдим, битта қоғозга имзоси керак бўпқолди, шуни маслаҳатлашмоқчийдим. Нима деб ўйлайсан, Нилуфар, ишхонасига борсамми ё уйларинггаёқ кириб қўйсамми? — тўлиб бўлган пақирини бошқасига алмаштириб қўйди Нодир.
— Ишхонасида одам кўп бўлади, уйга кира қолинг. Қайси ўқишга топширмоқчисиз, агар сир бўлмаса?
— Ҳуқуқшуносликка.
— Вой!.. — қиз «ялт»; этиб йигитга қаради. — Сиз ҳамми?!..

...Вақти-соати келмагунча кўкдаги қора булутлардан бир томчи сув ерга тушмайди. Замин ўз бағрини баҳор қуёшида етарлича иситиб олмагунча бирон гиёҳ ундан бош кўтариб чиқмайди. Тўлиб турган пиёлага бир томчи сувнинг томиши унинг тошиб кетиши учун кифоя... Худди шундай, қизнинг «ялт»; этиб йигитга бир бор қараши ва «Сиз ҳамми!»; дея ҳайрат ва ҳаяжон ичида унга саволчан тикилиб қолиши уларнинг шу лаҳзадан кейинги ҳаётларини илдизан ўзгартириб юбориши яратганнинг ўзидан бошқа кимнинг хаёлига кебди, дейсиз! Ҳа-ҳа, айнан шундай! Йўқса, Нодир билан Нилуфар бир-бирларини энди кўриб тургани ҳам, кўзлари бир-бириникига илк бор тушиб қолгани ҳам йўқ! Лекин ҳаммаси энди... илк бор бошланаётир... Нодирнинг — Нилуфарга, «Ҳа энди, бир раҳбарнинг нозиккина танноз қизи-да»; дея ҳеч қачон эркакнинг кўзи билан қарамаган йигитнинг тили энди гўё тушов солингандек тузукроқ айланмас ҳолга тушди. Айлангани фақат боши эди... Нигоҳлар... ҳеч қачон, ҳеч қаерда ва ҳеч бир ҳолатда бир-бирида тўхтаб қолмаган бу нигоҳлар энди бири иккинчисининг пинжига кириб кетишга тайёр мазмун ва моҳият касб этиб, ўз соҳибларининг жинсию ғурур-пурурини унутганча жодуланган каби қотиб турарди. Ҳайҳот, яратган Эгам, ўзинг тушунтир ўқувчигаким, йўқса, бу ожиз бандангнинг тили айлангани билан, неча маҳалдан бери сўзни узатгани билан асл моҳиятга яқин келай демаяпти. Ушбу тобда Нодир ва Нилуфар қалбларида нималар содир бўлганинию, улар нечун қўққисдан бир-бирларига сеҳрлангандек термулиб қолишганини англатиб беролмаяпти...
— Нилуфар, қизим, сувни тезроқ обкелмайсанми, овқатим тагига обкетди-ку! — ичкаридан онаси Ҳилол опанинг овози келди.
— Вой, ўлмасам!.. Нодир ака, майлими сувингиздан олсам... — Нилуфар йигитнинг жавобини ҳам кутиб ўтирмай сув тўла пақирнинг яримини ўзиникига ағдарди-да, дарвоза томон чопди...
— Ҳа... — Нодир буни Нилуфарнинг «Сиз ҳамми?»; деган саволига айтдими ёки «Майлими, сувингиздан олсам?»; деганигами, ўзи ҳам билмай, айни пайтда ўз челагида чайпалиб қолган сувга тикилганча турарди...

10

Шундан кейин ҳаммаси бошланиб кетди. Қишлоқ эмасми, йил ўтар-ўтмас одамлар орасида рост-ёлғон гаплар тарқалди. Нима эмиш, «Нодир билан Нилуфар бир-бирларини кўрмаса туролмайдиган бўпқолишибди, девормиён қўшни бўлгани Нодирга жуда қўл келибди, уйда ҳеч ким йўқлигида дийдорлашармишлар, айш-ишрат авжига чиқармиш, Нодир Тошкенти азимдек узоқ жойдан ҳар ойда Нилуфарни деб келармиш, ўқишида домлалари ундан норози эмиш, институтдан ҳайдалиши ҳам мумкинмиш, Камол раҳбарнинг яшамагур қизи Нодир ўқийдиган ўқишга кирармиш, энг муҳими, унинг бўйида бормиш... вуй-й, ота-онаси нима деган одам бўлади энди? Қишлоқ жойда қандоқ қилиб бош олиб юради? Тағин раҳбар одам бўлса...»;

Ҳа, қўйиб берсангиз, одамлар нималарни жавраб ташламайди, дейсиз. Сиз бошлаб берсангиз, яъни миш-миш учун сабаб яратсангиз бас, у ёғини ўзлари мустақил давом эттириб кетишади. Эслайсизми, бир машҳур кинофилмда шоҳ ҳузурида мусиқа чалиб кўнгил овлаётган муғаннийлар ўзлари билмайдиган мусиқани чалишга амр этилганда «шоҳ»;нинг «яқин мулозим»;ига илтижо қилишади: «Сен бошлаб бергин, отахон, у ёғини ўзимиз обкетамиз!»;. Ёдингизга тушди-а? Ҳаётда ҳам одамлар тахминан шундай: сиз миш-миш учун хамиртуриш берсангиз бўлди, ўзлари ҳар хил қилиб нон ёпишволади, сиз мато олиб беринг, улар ўз бўй-бастларига кўра кийим бичиб олишади...

Нодир ва Нилуфарнинг одамларга олиб берган матоҳининг исми муҳаббат эди, тамом-вассалом! Бошқаси «Халқ оғзаки ижоди»;дан ўзга нарса эмасди. Ҳа-да, Нодир бирон марта девор оша Нилуфарнинг олдига тушган эмас, девор оша фақат қизнинг хиргойиларига жон деб қулоқ осади, лекин уни кўриш учун мўраламайди ҳам, кўпчилик бўлган оила аъзоларидан бирининг кўзи тушишидан қўрққанидан эмас, йўқ, ўзига эп кўрмаганидан, бундай муносабат билан Нилуфарга гап тегишини истамаганидан мўраламайди... Қолаверса, қиз билан дийдорлашиш у ёқда турсин, қўлини ҳам тутгани йўқ, ҳатто «Севаман!»; деб айтгани йўқ. Аммо шуни яхши биладики, Нодир қизни қанчалик севса, Нилуфар ҳам уни шунчалик, эҳтимол зиёдароқ севади, йигит бунга шубҳа қилмайди. Нодирнинг кейинроқ англаб етганига кўра йигит ва қиз бир-бирини севса, бу муҳаббат ҳеч қандай гап-сўзсиз ҳам ўз-ўзидан тушунилиши шарт! Унга ҳеч ким изоҳ бермаслиги, бир тараф иккинчи тарафга «Сени севаман, сен-чи?»; қабилида ёзғирмаслиги лозим. Йигит ва қизнинг ҳеч қандай келишувларсиз босган ҳар бир қадами, ҳар бир ҳаракати уларни зимдан бир-бировига тобора пайвандлаб бориши зарур... Ҳа-ҳа, айнан шундай ўйларди у. Чунки унинг пешонасига битилган муҳаббат ҳам айнан шундай туғилган ва шундай яшаётган эди...

Фурсат — югурик сув, ҳаш-паш дегунча Нилуфар ҳам Андижондан шаҳри азим Тошкентга келди, юридик институти талабаси бўлди. Энди у Нодир билан истаса ҳар кун кўриша олар, унинг кўзларидаги тубсизликка ғарқ бўлиб, суҳбат кемасида уфқларга қадар сузиши мумкин эди. Бироқ йўқ! Олис Андижоннинг узоқ Мингтепасидан бўлган бу қиз ундай қилолмайди. Гарчи ўртада ҳеч бир томон кўнглига шубҳа солмайдиган бир самимият яшаса-да, Нилуфар қиз бола, ўз иффатини, қизлик ор-номусини сақлашга, Нодир билан муносабатида меъёрни сақлашга уринади. Ўз навбатида Нодир ҳам ортиғини талаб қилмас, ҳафтада бир-икки кўриб, гаплашиш имкониятининг ўзи унинг бахтдан сармаст бўлишига етарли эди...

Shu zaylda kunlar ketidan kunlar, oylar ortidan oylar oʻtib, yozga ham chiqishdi. Nodirlarning imtihoni bir haftacha ertaroq tugadi, lekin Nilufarni kutib qoldi. Mingtepaga u bilan ketishga nima yetsin!.. 

Ҳафта ҳам ўтди. Мана, ниҳоят, улар «Олтин водий»; поездининг энг яхши купесида чой ичиб, чақчақлашиб кетишаяпти. Ҳамроҳлари элликларни қоралаган эру хотин. Яқинда Тошкентга узатилган қизини йўқлаб боришган экан.
— Бир олам хавотир билан келгандик, йўқ, Худога шукр, қизимни кўриб юзимиз кулди, — дейди икки гапнинг бирида аёл.
— Нима дегандим сенга, — дейди унга сайин эри, — қўрқма, қуда билан бирга ўқиганман, яхши, ўзимизга ўхшаган одамлар, қизимизни қизидек олиб юришади, демаганмидим?
— Дегандингиз, дадажониси, дегандингиз, лекин Анжон қаердаю Тошкент қаерда, қизимизни шундоқ узоқларга бервораманми, деб қўрққандим-да!
— Ҳозир сенга отабекларнинг замони эмас, кумушларнинг олдига бориш учун ойлаб йўл юришга ҳожат йўқ, — эр афтидан минг бор такрорлаган эски пластинкасини яна айлантирарди, — поездга ўтирсанг беш-олти, самолётга ўтирсанг ярим соатда Тошкентга етасан. Агар шунисига ҳам чидамасанг, нима кераги бор қуда-анда бўлиб, а, тўғрими куёвбола? — У Нодирга фикрларини тасдиқлатиб олмоқчи бўлди.

Нодир индамай елка қисди. Нилуфар бир қўзғалиб олди.
— Қизим, сизлар бир жойданмисизлар а?
— Ҳа, бир жойдан, — деди қимтинибгина Нилуфар гап ўзлари томон бурилаётганини сезганидан.
— Тошкентда ўқийсизларми? Қайсинда?
— Ҳуқуқда.
— Иккалангиз ҳамми?
— Ҳа...
— Зўр-ку! — деди аёл завқини яширмай. — Турмуш қурганларингга қанча бўлди?
— Биз... — Нилуфарнинг гапи оғзида қолди.
— Тўйимиз бир ҳафтадан кейин!.. — Нилуфарнинггина эмас, Нодирнинг ҳам юзлари қип-қизариб кетди бу кутилмаган гапдан.
— Вой, дадаси, буларни қаранг ширинлигини, ҳали тўйлари ҳам бўлмаган экан, биз бўлсак сизларни келин-куёв деб ўйлабмиз, вой, қандай яхши!.. — аёл негадир ўз-ўзидан жўшиб кетди, туриб Нодир ва Нилуфарнинг пешоналаридан ўпди. — Илойим, бахтли бўлинглар! Қаранг, дадаси, бирам бир-бирларига мос!..

11

— Қачон экан тўйимиз, мен яхши эшитмай қолдим? — Асакада поезддан тушиб, таксида уйларига келишаркан, Нилуфар Нодирдан гина қилиб сўради.

Нодир жавоб ўрнига жилмайди.
— Нега куласиз? — оҳу нигоҳлари билан боқди Нилуфар. — Жавоб беринг. Менинг ўз тўйим ҳақида билишга ҳаққим бордир, ахир қаерда ўқиётганимизни унутманг! Ўз ҳақ-ҳуқуқларимнинг поймол этилишига қараб турмасман!..

Нодир яна кулди. Бироздан кейин Нилуфарнинг ҳам юзларида табассум пайдо бўлди. Сўнг эса бадқовоқ ҳайдовчини ҳам унутиб, бир-бирларига қараганча қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди...

12

Водариғ, «Бир ҳафтадан кейин тўй!»; деганда Нодирнинг гапига фаришталар омин деган экан, чинданам Нилуфарнинг уйида жуда ҳам яқинлашиб қолган тўй тадориги кетаётган эди. Фақат бу тўй Нодир ва Нилуфарнинг эмас, Муроджон ва Нилуфарнинг эди!..

Нилуфарнинг тўйдан бутунлай хабари йўқ, деб бўлмасди. Отаси Камол ака ҳокимнинг ўғли Муроджон тўғрисида бир неча бор гап қистирганди. «Шундай йигит куёвим бўлишини орзу қиламан!»; деганди. Хотинига ҳам ўз фикрини юқтирганди. Нилуфар, очиқ кунда гумбурлаган момоқалдироқдек кутилмаганда «ҳужум»; қилган «янгилик»;дан эсанкираб қолган Нилуфар қиз энди хотирасини титкилаб, Муроджон ҳақида онаси Ҳилола опанинг ҳам ул-бул деганини эслади. Лекин буларнинг барчаси ўзига билдирмай, рухсат ҳам олмай тўй бошлаб юборишларига асос бўлолмасди қизнинг назарида... Умуман, Нилуфар Муроджон ҳақидаги гапларни жиддий қабул қилмаганди. Ахир, ўқишнинг эндигина биринчи йилини тамомлади. Қанақа тўй ҳақида ўйлаш мумкин?..
— Аяжон, нима қиляпсизлар ўзи? Мен... ахир одамман!?.. — Кўзларидан беихтиёр қуйилиб келган ёшларга тиқилиб аранг деди Нилуфар, — тўғри, сизлар туғиб катта қилдиларинг, едириб-ичирдиларинг, тонмайман, бунинг учун бир умр хизматларингни қилай, лекин менинг ҳам кўнглим бор, мен ҳам умид билан яшаяпман, нима қилганларинг бу, аяжон?!..
— Қизалоғим, йиғлама! Сен ҳали ёшсан, ҳаётнинг аччиқ-чучугини, баланд-пастини яхши билмайсан. Даданг икковимиз шу ишни сен учун, сенинг келажагинг учун қилдик. Куёв болани яхши танимасанг, тўйдан кейин билиб оласан. Ота-бобомиз замонидан бери шундай бўлиб келган, сен ҳеч куюнма. Дадангга тегаётганимда ҳам худди сенга ўхшаб йиғи-сиғи қилганман, мана энди мени дадангдан айириб кўр-чи!.. Кел ўзимга, қизим, сени кўп соғинганман. — Ҳилола опа Нилуфарни қучмоқчи эди, бўлмади: қизи тисарилиб ўзини орқага олди. — Нилуфа-а-ар! — ҳайрон бўлиб қўлини олдинга чўзди она.
— Йўқ, ая, бунақаси кетмайди. Мен ўлсам ҳамки, Муроджонга тегмайман!!.. — борган сари ўзини йўқотиб бораётган Нулуфар жаҳл билан давом этди. — Ўзим тузукроқ танимаган, билмаган одамим билан қандай қилиб бир умр яшашим мумкин, ўйлаб кўрдингизми ҳеч? Ёки кўзларинг дадасининг мансабию, Муроджонга қолдираётган мол-дунёсидан бошқа нарсани кўрмай қолдими?..
— Нилуфар!.. — Ҳилола опа бир ҳамла қилиб қизининг юзига тарсаки тортиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Кейин зумда юрагини ёмон бир ғашлик чулғаб олди. Бир қизига, бир очиқ кафтига боқиб гарангсиради. Ахир, у болаларини ҳеч қачон урмаган эди...

Нилуфар кутилмаган зарбадан юзини иккала кафти билан яширганча ўтириб қолди. Негадир йиғламай қўйди. Дастрўмоли билан аввал кўзларини, сўнг бежирим бурнини чимдиб артди.
— Аяжон, мен сизни, дадамни жуда-жуда яхши кўраман. Мени ҳам яхши кўришларингга ишонаман... Менга ёмонлик соғинмасликларингни биламан, — паст, лекин ишонч тўла овоз билан гап бошлади Нилуфар, узоққа чўзилган сукунатдан сўнг, — ҳаммаси учун ўла-ўлгунимча чўрингиз бўлишга тайёрман. Фақат биргина ўтинчим: мени мен севмаган одамга турмушга берманг! Бир умр кўнглим бўлмаган кишининг кўзларига қараш дўзахидан қутқаринг мени, аяжон!.. — Нилуфар бўсағадаги тупроқ жойда судралиб келиб, онасининг оёқларига сарилди...

13

— Бас, эшитишни хоҳламайман! — қаршисида йиғламсираб турган хотинига ўшқирди Камол раҳбар. — Қачондан бери ўзбеклар қизнинг кўнглига қараб турмушга берадиган бўпқолди? Қизбола деган аввал «Йўқ»;, дейди, йиғлаб-сиқтайди, лекин ахийри кўниб кетаверади. Ҳамма вақт шундай бўлган...
— Дадаси, ҳамма вақтийзи қўйинг, менга қизимнинг тақдирини ҳал қилиб беринг. Келганидан бери ўзини еб адо қилди қизи тушмагур. Унинг шашти ўзгача, ҳамма вақтингизнинг қизларига ўхшамайди Нилуфарнинг гаплари. Мундоқ ўзингиз ҳам гаплашиб кўринг, отасиз, ахир! Ҳадеб «Қизинг, қизинг!»; дея мени оловга тиқасиз. Менимча, ўйлаб иш қилиш керак, дадаси, йўқса, Нилу ўзини бир бало...
— Ҳе, нафасингни ел олсин сенинг! — Камол раҳбар хотинини жеркиб берди.
— Сиз шунақа дейсиз-у... лекин... лекин...
— Нима лекин? Латта чайнагандек чайналавермасдан шартта гапир!
— Нилуфар Нодирдан ўзгасига тегмайман деяпти... — Ҳилола опа рўмолининг учи билан кўзёшларини артаркан, яна ҳам қаттиқроқ йиғлади.
— Яна манави ялангоёқми? Падарлаънати! Неча марта айтдим яхшиликча, «Одамлар гапиряпти, қизимдан узоқ юргин, барибир сенга бермайман, бекорга гап-сўз бўлганларинг қолади»;, деб. Ўзи билганидан қолмабди-да! Энди мендан кўрадиганини кўради! Сен бор, қизингни чақир, ўзим гаплашаман, шарманда қилмасин энди элу юртнинг ичида...

14

Камол раҳбар кўрдики, иш хотини ваҳима қилгандан ҳам жиддийроқ экан. Қизи билан одамзод ўйлаб топган ҳамма тилларда гаплашиб чиқди: тушунтириш, қўрқитиш, ёлбориш... Аммо бу тилларнинг ҳеч бири кор қилмади. «Отангман, муқаддас китобларда »;Ота рози, Худо рози« дейилган, Худодан қўрқсанг, айтганимни қил. Қўрқмасанг охиратинг куяди»; деб ҳам кўрди, бўлмади. Ниҳоят, ошкора кўзига ёш олиб, «Қизим, тушунсанг-чи, қудамиз ҳазилакам одам бўлмаса, кимсан ҳоким тўра бўлса, биз хўп, деб қўйган бўлсак, энди нима бўлади? Одамларнинг олдида юзим шувут бўлиб, бу ёқда ишдан айрилиб қолмайманми? Ҳадеб ўзингни ўйлайвермай, укаларингни, синглингни ҳам ўйла. Ҳаммаларинг уйлайдиган, чиқарадиган ёшга етиб қолдиларинг... бир ўзим ишлаётган бўлсам, қизим...»; Йўқ, буларнинг ҳеч бири, ҳатто отанинг яноқларини ювиб тушган кўзёшлар ҳам қизнинг юрагидаги музни эрита олмади. «Нодирдан ўзгасига тегмайман, тамом-вассалом»;, деб туриб олди. Шундан сўнг Камол раҳбарнинг тарвузи қўлтиғидан тушди, «Йўқол, кўзимга кўринма!»; деб бақирдию ичкари кириб бошини ёстиққа тиқиб ётиб олди...

«Тавба, — дерди у ўзига-ўзи хотини ва қизи билан бўлган кўнгилсиз суҳбатларни мушоҳада қиларкан, — одамлар шунча ўзгариб кетдими ё биз замондан орқада қолдикми? Ахир, илгарилари қизбола деган »;миқ" этмай тегиб кетаверар эди. Яна бахтли бўлганини айтмайсанми! Энди-чи? Тавба, деб ёқангни ушлашдан ўзга иложинг қолмаяпти энди... Йўқ-йўқ!.. — Камол раҳбар сапчиб ўрнидан туриб кетди. — Бу тўй бўлади! Қизимни сочидан судраб бўлса ҳам ҳокимнинг ўғлига бераман! Ахир, номус, болаларимнинг келажаги... ўртада турганда бунақа сусткашлик қилиб бўлмайди...”

15

Бу вақтда Нодирларникида ҳам Нилуфарларникидан кам бўлмаган тортишув бораётганди. Чунки Камол раҳбар бир неча бор чиқиб Нодирнинг дадасини сиқувга олганди: тенг тенги билан, тезак қопи билан қабилида кўп аччиқ гапларни айтиб, ўғлингни тийиб ол, бўлмаса қаматиб юбораман, дея дағдаға қилганди. Содда деҳқон одам бўлгани учун Абдуғани ака дарҳол ўғлини чақириб, Нилуфарга уйланиш ниятидан қайтишини ёлбориб маслаҳат берди. Нодир дадасининг гапларига «Майли, мен бир Нилуфарнинг ўзи билан гаплашиб кўрай»; деб қисқагина жавоб қилди. Абдуғани ака у ёқда Нилуфарнинг нималар қилаётганини оз-моз эшитгани боис ўғлининг бунчалар осон ён босаётганидан боши осмонга етарчасига хурсанд бўлди. «Ота ўғил!»; дея келиб, Нодирнинг манглайидан ўпиб ҳам қўйди. Ҳаёти давомида арбобларнинг қўлидан нималар келишига ўзи ва ўзгаларнинг тақдири орқали кўп бор гувоҳ бўлганидан юрагини чулғаб олган қўрқувни Нодирга билдирмай қўя қолди...

16

— Нодир ака, ота-онамиз нима қилишяпти ўзи, ҳеч тушуниб ололмаяпман! — куюниб гапирарди Нилуфар улар «Кичик Фарғона канали»; бўйида кўришганда. — Сўрамасдан-нетмасдан, юзинг борми, кўзинг борми демасдан, орқаваротдан тақдирингни ҳал қилиб ташлайверишаркан-да? Китобларда Лайлию Мажнунни, Тоҳиру Зуҳрани ўқиганимда ғалати бўлиб кетардим. Хўп ситамкор даврлар бўлган-а, деб қўярдим ўзимга ўзим. Энди қаранг, ўшаларнинг куни ўзимизнинг бошимизга тушиб турибди. Яна энг алам қиладигани, шу кунни менинг бошимга ўз ота-онам солаяпти. Тавба, орадан замонлар ўтмагандек, куйган кўнгиллар қисмати ҳеч кимга дарс бўлмагандек...
— Нилу, тўғрисини айт, — деди қучоғида ёшли кўзлари билан ўзига тикилиб турган севгилисининг яноғига тушиб турган зулфини беозор ўйнар экан йигит, — фақат тўғрисини айт, нима қилмоқчисан?..
— Муроджонга тегмоқчиман! — дабдурустдан тўнини тескари кийиб, ёвқараш билан боқди Нодирга Нилуфар. Ва шу заҳотиёқ инжа белларини қучиб турган бақувват билакларнинг бўшашиб кетганини сезди. Сездию ўзи ҳам айтилган гапнинг залворидан қўрқиб кетди. — Жиннимисиз?! — деди шошиб. — Мен... мен сизни дейман, ўлсам ҳам сизни дейман!.. — қиз уятдан «дув»; қизарган юзларини йигитнинг кўкрагига босиб яширди ва шу ҳамоно боягина бўшашган билакларнинг белларида яна-да жипсроқ сарилганини ҳис қилди...
— Хайрият... Худойимга шукур!.. — қизнинг қулоғига шивирлади йигит. — Мен қўрққан эдим... мен жуда ҳам қўрққан эдим... — овози титраб, нимадир бўғзига тиқилди сўзларида адашиб Нодир...
— Нимадан... нимадан қўрққан эдингиз? — бошини кўтариб йигитнинг кўзларига меҳр билан тикилди қиз.
— Тақдир экан, нима ҳам қилардик, қўлимиздан нима ҳам келарди, дейишингдан, ота-онамнинг, удумларимизнинг ройига қарши боролмайман, кечиринг, дейишингдан... энг ёмони... сени йўқотишдан... сенга бўлган севгим билан ёлғиз қолишдан...
— Йўқ, йўқ!!! — йигитнинг оғзини кафти билан тўсди қиз. — Бас қилинг!
— Йўқ, йўқ, ҳалақит берма, сен бир зум тўхта, мен гапимни охирига етказай, — йигит қизнинг қўлларидан тутиб ўпти, — йўқса, кейин мен бир умр пушаймон қилишим мумкин, эшитяпсанми, бир умр!...

Бу орада ўзбек ва қирғиз тупроғини қоқ иккига бўлиб ҳам айни чоғда уларни бирлаштириб оқаётган канал суви тобора пишқириб, гувланиб, кучайиб тўлғонарди. Сувнинг кўплигидан ва оқимнинг зўрлигидан канал ойнинг нурида худди оқ асов отдек ўйноқлар, зулматда сермалаётган порлоқ қиличдек ажабтовур ялтиллар, кўзи тушган киши хаёлини соҳир хаёлларга етакларди... Лекин қиз ва йигитнинг бу билан иши йўқ эди, уларнинг томирларида яна-да азимроқ, яна-да асовроқ бир куч — Ишқ дарёси пишқириб оқаётганди. Бу дарё худди анави, икки айри-айри юртни бирлаштирган канал янглиғ йигит ва қиз отлиғ икки вужудни, икки алоҳида-алоҳида руҳни — икки рангин оламни бир этиб тўлқинланарди...
— Биласанми, — Нодир бурилиб, пишқириб оқаётган сувга юзланди, қўлларини чўнтагига омонатгина солиб, — биласанми Нилу... — у гап тополмай ёки топган гапини айта олмай чайналарди.
— Нима, Нодир ака, нима!?.. — қиз гўё қандайдир кўнгилсиз гап айтиладигандек чопиб келиб йигитнинг ён томонида тўхтаб сувга михланган нигоҳини тутишга уринди. — Ёки сиз ҳам дадам билан аямнинг гапларини айтмоқчимисиз, гапиринг тез, жим турманг, гапиринг! — Нодирнинг билагидан тутиб силкиди қиз.
— Биласанми, — Нодир кескин ҳаракат билан Нилуфарнинг иккала елкасидан тутиб кўзларига қаратди, — Муроджонга тегмай... кейин афсус қилмасмикансан? Ахир, унинг имконлари олдида мен бир фақир бўлсам, сенга, туғилажак фарзандларимизга берадиган, инъом қиладиган ҳеч вақоим бўлмаса!.. Борлиқ давлатим шу икки қўлим, — Нодир қўлларини қизнинг боши узра кўтарди, — ва яна сени деб ураётган шу юрак бўлса!.. — шивирлади Нодир чап кўксини кафти билан тутиб.
— Энди сиз мени қўрқитяпсиз, — Нилуфар шовқин солиб оқаётган сувнинг бўйига яқинроқ келди, Нодир уни тасодифан сувга тушиб кетишидан худди асраб қолмоқчи бўлгандек орқасидан эргашди, — агар тақдиримда Муроджонга тегишдан ўзга йўлим қолмаса, шу қутуриб оқаётган сув мени ютсин, розиман!..
— Мени нотўғри тушунма фақат, Нилу! — Нодир келиб қизнинг қўлларини тутди. — Бундай дейиш, олдингдан ўтиш... менинг бурчим эди. Чунки сен мени танлар экансан, Муроджондан, унинг ёнидаги чиройли, дабдабали ҳаётдан ҳам воз кечган бўласан. Буни нима эканлигини мен жуда яхши тушунаман. Агар қароринг қатъий эса, кўнглингда ўзинг айтгандек, заррача иккиланиш, тараддуд¬ланиш бўлмаса, мен сенинг қаршингда, муҳаббатинг, беғаразлигинг олдида бош эгаман!.. Мана шу юксаклигинг учун, ҳар қандай эркакни-да йўлда қолдириб кетгувчи жўмардлигинг учун, самимиятинг, севгинг учун... ҳамма-ҳаммаси учун агар сени бахтли қилмасам... мени ҳам шу тошқин, шу бебош сув ютсин, розиман!..

17

Сув бўйида севишганлар бир-бирларига ўла-ўлгунча айрилмаслик ҳақида оташин қасамлар ичишар экан, бу ёқда Нилуфарнинг уйида Камол раҳбар ҳокимнинг одамларига бошига ўлим келса ҳам сўзидан қайтмаслигини такрорлар эди.
— Агар тўй бўлмаса, ўзингизнинггина эмас, ҳоким тўранинг ҳам обрўсини тўккан бўласиз! Бунинг нима эканлигини, қандай оқибатларга олиб келишини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқдир? — ёши каттароғи Камол раҳбарнинг кўзларига маъноли тикилди.
— Йўқ-йўқ, ҳаммасини тушунаман, биламан. Кўнглингиз тўқ бўлсин! Одамларнинг гап-сўзларига ишонманглар, ҳаммаси рисоладагидек бўлади, ҳаммаси... — Камол раҳбар икки қўли кўксида, мезбонларни кузатиб чиқди.

18

Шундан кейин ҳаммаси ғоят жиддийлашиб кетди. Нафақат Камол раҳбару Ҳилола опа ўз қариндошларию қўшнилари билан, балки бутун қишлоқ ушбу оламшумул тўйга тайёргарлик кўра бошлади: ким меҳнати билан, ким зийнати билан, ким қўли билан, ким оёғи билан дегандек... Худо қўл ва оёқдан «қисганлар»; эса узун тили билан... Хуллас, бекор турган, бутун туманга донғи кетиб улгурган тўйдан «қуруқ қолаётган»; одамнинг ўзи йўқ. Бундай дабдабаю асъасага дуч келгач, кечагина сув бўйида бир-бирларига ваъда бериб, озод ва бахтли келажаклари тўғрисида узун-узун хаёлларга толган Нодир ва Нилуфарнинг капалаклари учиб кетди. Улар бунақа бўлиши мумкинлигини етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаган эди. Бир-бировларининг муҳаббатларининг чинлигига, софлигига амин бўлишгач, энди ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон кечади, уйга бориб ота-онамизнинг бағрида икки-уч дийдиё қилсак бас, Муроджон балоси бошимиздан арийди, дея хомхаёл қилишган эди. Энди... Энди маълум бўлишича, улар нафақат ота-оналари билан, балки улкан бир қишлоқ, қишлоқ нима бўпти, бутун бошли туман билан келишиши, уларни ўз сўзларига ишонтириши, тўйларига розилик олиши шарт бўлиб чиқмоқда. Бу иш эса игна билан қудуқ қазишдек гап эди Нодир ва Нилуфарга. Шунинг учун ҳам улар чорасизликдан карахт бўлиб, нима қилишларини, қандай тадбир билан тугунни ечишларини билмай ҳолсизландилар. Бошларига тушган мусибатдан, ноҳақликдан ҳатто бир-бирларига ҳам талпина олмай, ҳар бири ўз уйида, ўз ғамига ўралиб, ёлғизланиб қолишди. Айниқса, Нилуфарнинг кўз ўнггида юз бераётган ва тобора мудҳиш тўйни яқинлаштириб келаётган тадориклар унинг бутун орзу-умидларини, орзу-умидлари не, олаётган нафаси зўрға сезилиб турган илинжини аямасдан қамчиларди. Нодир ҳам уйига қамалиб олиб, бағрини ерга берганча бир қўшиқни такрор такрор эшитар, эшитар, эшитарди...

Дилимда қолмади тинчлик ва ором,
Талаб кетди ўшал маъшуқи Баҳром.
Салом еткур нигоримга сабо тез,
Бориб анга дегилки, эй дилором,
Қачон сендин йироқ бўлдим чунонам,
На хуш қолди, на қолди ақли ором.
Югурдим ҳар тараф мен мисли Мажнун,
Тилимда Лайли номинг субҳидам шом.
Югурдим ҳар тараф манзил ба манзил,
Талаб айлаб сени эй чеҳраи гул.
На сендин бир хабар топдим, на пайғом,
На сендин менга соғар бор ва на жом...
Eй дилором, эй дилором,
Дилимда қолмади тинчлик ва ором...

Йигит захга бериб ётган бағри қизигандан қизиб, чидаб бўлмас даражага етганда гилам узра муздекроқ жойни қидириб қоларди. Шу тахлит қўшиқнинг охиригача бир неча бор ер алмашар, муздек қоронғи хонанинг у четидан бу четига «уҳ»; тортиб, судралиб бориб келаверарди... Нима қилсин ахир, Нулуфар уни севаман, сендан бошқасига ўлсам, ҳам тегмайман, дегани билан бу ёқда вазият ўзгариб кетди. Шундоқ қўшни эмасми, тўйнинг дабдабаси, чоп-чоплари, миш-мишлари Нодир ётган хонанинг тўртала девори аро сизиб кириб келаётгандек, у қанча бошини ёстиқ билан тўсмасин, магнитафон овозини борича баландлатмасин, барибир, бесамар, бенафдек, бутун қишлоқ, қишлоқ не, бутун дунё бир бўлиб жўр овоз-ла Муроджон ва Нилуфарнинг тўйидан гапираётгандек, уни овоза қилиб мақтанаётгандек туюларди. «Нилуфар охири таслим бўлган, йўқса, бунча дабдабаю асъаса қаерда эди?»; деб мулоҳаза юритарди Нодир. «Онаси Ҳилола опа ҳам чиқиб шуларни айтди. “Нилуфар Муроджон билан тўйларига рози бўлди, энди уни бошқа безовта қилмас экансан, унинг ўзи мени олдингга чиқарди”, деди. Бунга қишлоқни тутиб кетган тўйнинг »;бадбўйи« ҳам далил... Шундан бери Нодирнинг ичига чироқ ёқсанг ёришмайди, шундан бери ўз хонасига қамалиб олиб, тобора қизиб бораётган кўксини захга бериб ётгани ётган, »;Дилором" отлиғ қўшиқни эҳтимол, мингингчи бор, ўнмингинчи, юзмингинчи бор эшитгани эшитган, онаси Салима опа олиб кирган, кираётган овқатларга мана, бир неча кундир, қўл ҳам тегизмайди, фақат куйиб кетаётган юраги ҳовурини босиш учун муздек сувни босиб-босиб ичгани ичган... Ўҳ, бу ишқ савдоси... Бундан оғир дард, бундан мушкул савдо бормикан ўзи дунёда? Агар бор бўлса, нега уларга чалинганда ҳам одамнинг яшагиси келаверадию, умидсиз ишқ гирдобига тушиб қолган кишининг кўзига ҳаёт қувончлари у ёқда турсин, ҳатто азиз жони кўринмай қолади?! Нега у бир зумда ҳамма нарсани ўзгартириб ташлайди? Кечагина ҳатто чумолига озор беришни истамаган киши бугун бутун дунёнинг оловлар ичида қолишига бепарво қарайди? Нега у инсон боласини ақлу ҳушдан мосуво этиб, фақат ўзининггина йўриғига йўрғалашга мажбур қилади? Нега одамзод унинг чангалидан қутулиб қолиш чорасини қидиришга ҳам қурбсиз, мадорсиз бўлиб қолади? Нега, нега кечагина бахтдан маст, самоларда учиб юрган Нодир дунёсининг бугун оёғи осмонда? Нега?..

19

Нилуфарнинг ҳоли ҳам танг эди. У ҳам худди Нодир янглиғ ўз хонасига кириб, ўз дарду фарёдларига ипак қурт ипагига ўралиб олгандек ўралиб олганча тақдиридан куйиб йиғлар, йиғлаб куярди. Билганлар билиб индашмасди ёки насиҳатгўйлик қиларди, қизболанинг палаҳмон тоши эканлигидан тортиб, ота-онаю қариндош-уруғ хоҳишларига қарши бормаслигигача, ҳамма-ҳаммасини айтиб, қисматга бўйин эгишга ундар, гоҳи-гоҳида раҳмлари келиб қучоқлаб-ўпиб ҳамдардлик кўрсатиб чиқиб кетишарди. Билмаганлар эса эрга тегаётган қизнинг кўргазмали нозига йўйиб, маъноли-маъноли кулиб, пичирлашиб-пичирлашиб қўйишарди. Ҳақиқий аҳволни эса ёлғиз Оллоҳ ва Нилуфарнинг ўзигина биларди... Қизнинг ботини худди минг йил тинимсиз қирғин бўлган юртдек қонталаш ва вайрон, умидсиз ва йўқсил эди. У ҳам неча кундир туз тотмас, уззу кун бир нуқтага тикилиб ўтиргани ўтирган, фақат... фақат аёл кўнгли билан аллақандай бир мўъжизани сезган каби эшик томон ишончсизгина қараб-қараб қўяр, сўнг... сўнг ҳолсизланиб ёстиққа ўзини ташлар экан, маъюс кўзларидан сизиб ёш келар, келар ва яна келарди...

Ҳар сафаргидек эшик чертилиб, кимдир кирди. Нилуфар ёстиқдан бошини кўтармади ҳам.
— Жоним қизим, — ҳавода Нилуфарнинг уч-тўрт холаю аммаси билан етаклашиб келган Ҳилола опанинг синиқ овози титради, — овқатингни яна емабсан, бунақада касал бўп қоласан-ку!..

Қизидан садо чиқмади.
— Нулуфар, қизим, кўп ҳам куйма, ҳаммаси яхши бўп кетади, мана, буни мен — Ўлмас амманг айтяпти. Гапимга ишон, сенинг ёшингда ким яхши кўрмаган дейсан? Манави холаларингми? Қўлтиғига кириб сўрасанг, ҳаммасининг ёшликда зимдан бўлса ҳам кўнгил қўйган йигитлари бўлганлигини шипшиб қўйишади. Лекин сўра-чи, қайси бири ўша севган йигитларига турмушга чиққан экан? Ҳеч қайсиси! Ҳаммаси ота-оналари танлаган куёвларга эрга тегишган. Энди айтинглар, ойимчалар, — Ўлмас амма бошини буриб ёнидагиларга қаради, — қайси биринглар турмушдан ёлчимадиларинг, қайси биринглар эрингни ёмон кўрасан?
— Вой, худойим, — деди кимдир уялинқираб.

Кимдир «пиқ»; этиб кулди.
— Эрни ёмон кўриб бўларканми, ўйлаб гапиринг, Ўлмасхон, — деди шаддодроғи.
— Ҳа, баракал-ла-аа, — деди чўзиб Ўлмасхон амма. — Сен ҳам, қизим Нилуфар, Муроджонни секин-аста яхши кўриб қоласан. Болали бўлганингдан кейин эса Муроджондан ўзга эркакни тасаввур ҳам қилолмайсан. Ҳаёт шунақа, қизим!.. — амма энгашиб Нилуфарнинг юзларига босилган кафтларини олиб қўймоқчи бўлди. Лекин Нилуфар бунга йўл бермади, юлқиниб бошини болишнинг узоқроқ томонига олиб қочди.
— Вой-бўў! — деди чўзиб холаларидан бири Нилуфарнинг қилиғидан норози бўлиб. — Намунча ноз қилмасанг?.. Бўлди, Ўлмасхон опа, бўлди, Ҳилола опа! Эрга тегаётганимизда ота-онамиз биздан сўраб ўтирганмидики, сизлар ҳам бунинг қош-қовоғига тикилиб турсаларинг. Сўранг, латта-путта олгани бозорга чиқадими, йўқми? Чиқса, ноз фироқни йиғиштириб, биз билан юрсин, чиқмаса, бир икки-кўйлагини берсин, шунга қараб ўзимиз танлайверамиз...
— Қўпол бўлма, Сарви! — танбеҳ берди Ўлмасхон опа. — Қизим, — узалиб Нилуфарнинг бошини силади опа, — тур, турақол, холаларинг билан бориб эгнингга ул-бул олиб келгин, тур жоним!..
— Амма, — Нилуфар тилга кирди қўлларини юзидан олиб. Шу бир-икки кун ичида анча озиб, йиғидан, очликдан, севги ва севгисизликдан кўзлари киртайиб, ранги сомондек бўпқолганди қизи тушмагурнинг, — мен ташқарига чиқадиган, кўйлак танлайдиган ҳолда эмасман, илтимос, тушунинг...
— Кейин бошимизни қотириб юрма, униси ундоқ, буниси бундоқ деб!.. — гапини илиб кетди Сарви холаси.
— Жим бўл, Сарви!.. — уришиб берди Ўлмасхон амма. — Майли қизим, — Нилуфарнинг сочларини тағин силади, — биз ўзимиз билиб танлайверамиз, фақат сен ўзингни тут, бунақада чинданам ётиб қоласан... Ҳилола! — четда индамайгина бурнини тортиб, кўзёши тўкиб ўтирган онага юзланди амма. — Қани, кетдик. Нилуфарни ўз ҳолига қўяйлик...

20

— Ўғлим, Нодир! — Нодир ётган хонага аста кириб келди Абдуғани ака чуқур уҳ тортиб, сўнг хона чироғини ёқиб пойгакка оманатгина ўтирди. — Биламан, бу оғир савдо... Лекин қўлимиздан нима ҳам келарди?.. Биз камбағал, қўли қисқа одамлар бўлсак, Камол раҳбару ҳоким тўралар билан басма-бас келолмаймиз-да... — Абдуғани ака ўғлига зимдан қараб қўйди. Бағрини ерга бериб, бошини ёстиқ ичига кўмиб олган Нодирга бу гаплар қанчалик таъсир қилиб-қилмаганини билиб бўлмасди. — Лекин барибир яшаш керак! — негадир тишларини тишига босиб, муштларини қисди ота. — Одам боласи бир жойда тўхтаб қолмаслиги, бошига тушган кўргуликларга қарши, уларга аччиқма-аччиқ яшаши шарт, Нодир!
— Яшашни хоҳламаса-чи?! — ниҳоят тилга кирди Нодир бошини ёстиқдан хиёл узиб. — Яшаш учун ҳам қандайдир мақсад бўлиши керак-ку, ота!..

Ота-бола узоқ вақт жимиб қолишди.
— Худди чўлу биёбонда бир ўзимни ташлаб кетишгандек... ичим худди ўша қақроқ чўлдек ҳувиллайди... — ўзига-ўзи гапиргандек давом этди Нодир, — нималигини ҳам билмайдиганим бир оташ биёбон узра оғзидан олов пуркаётган қуёшдек юрагимни, бошимни... бутун борлиғимни куйдирмоқда... ўзимни пишқириб ётган сувларга отгим... ўлгим келяпти, ота, ўлгим!.. — Нодир юзини яна болишга кўмди.

Абдуғани ака бир сесканиб, томоғини қириб, қўзғалиб олди. Нима дейишини ҳам билмай устма-уст ютинди. Бирданига пешонасига тошиб чиққан терни елкасига ташланган дурра билан сириб артди, сўнг тамшаниб-тамшаниб оғиз очди:
— Ўғлим, ҳар-хил гапларни гапириб одамни қўрқитма! Сабр қил, дардини берган, шифосини ҳам беради. Фурсат... — отанинг гапи оғзида қолди: шиддат билан ўрнидан сакраб турган ўғил бир интилиш билан отанинг қаршисида пайдо бўлди-да «гурс»; этиб тиззаларига чўкди:
— Ота... Отажон!.. — Нодир отасининг оёқларини қучди. — Нима қилай, сабр қилолмаяпман, нима қилай, ичим ёним кетяпти... Фурсат — шифо, дейсиз, лекин мендан сўранг... керакмикан ўша шифо!? Ота, мени кечиринг, тузалишни, дардимга малҳам топиб одамлар орасига қўшилишни истамайман! Эшитяпсизми, Истамайман!
— Ўзингни қўлга ол, Нодир, ўғлим! — ота ҳам тиззаларига ўтириб Нодирнинг билакларини маҳкам тутиб кўзларига қаради. Ё алҳазар, бу Нодирнинг кўзларими ё?.. Улар аллақандай бошқача... аллақандай ёввойи... жунунваш... айни дамда одамни ҳуркитиб юборадиган даражада маъносизу даҳшатли эди... — Ўғлим, — ота унинг билакларидан силтаб ҳушига келтирмоқчи бўлди, — эркакмисан ўзи!? Ўзингни қўлга ол! — Абдуғани ака Нодирнинг гапларидан, бир ҳафтадан буён хонасидан чиқмай, туз ҳам тотмай ётиб олганидан ўн қўрққан бўлса, ваҳшатли кўзларига қараб юз қўрққанлиги бутун ҳаракатларидан шундоқ билиниб турарди... — Аёлга муҳаббат қўйган бир сенми? Ёки қолганлар ҳам сенга ўхшаб ўзини ўлдиряптими?.. Худди охир замон келгандек тутасан ўзингни!.. Уялмайсанми?..
— Охир замон?.. — отасининг сўзини илиб олди Нодир. — Тўғри топдингиз, ота, мен учун охир замон келди, у мана бу еримда, — Нодир қўлларини отаси чангалидан бўшатиб бағрига урди, — туриб қолди, ота!..
— Ҳаёт давом этади, Нодир! Униси бўлмаса, бошқасини севиб қоласан ҳали, нега ёш жонингга шунча жабр қиласан, ўғлим?..

Нодир чўкка тушганча миқ этмай қотиб турарди. Абдуғани ака ҳафсаласизгина қўзғалиб эшикнинг дастасини тутган кўйи бир зум ўйланиб қолди-да, деди:
— Бошига нима иш тушса ҳам эркак киши ўзини тутиши керак. Бу ҳам Яратганнинг бир синови: кимга мансабу бойлик бериб, кимга дарду қашшоқлик бериб синайди У. Ҳамма гап одамнинг синовдан олдинги ҳолида эмас, кейингисида, болам. Агар жонингга қасд қилсанг, синовга дош беролмаган, енгилган, Худога ширк келтирган бўласан... Шуни унутма!.. — Абдуғани ака эшикни аста ёпиб чиқиб кетди...

21

Бу яхши гапларни, бу мантиқли, фойдали, минг йил яшаб бир айтилган ўлмас ҳикматларни қани энди Нодир англаса, мағзини чақса, уларга амал қилса... Қани эди биз ҳам шу ерда ўз қиссамизни якунлаб, фироқдан, мангу йўқотиш изтиробидан қаҳрамонимизни халос этиб, уй-уйимизга кўнгил тўқлиги билан тарқаб кетсак. Қани эди Нилуфар ҳам тақдирига кўниб, рисоладаги куёв Муроджонга майл билдириб тегиб, ўзига қўшиб ота-онасини ҳам масъуд этса, бу ёқда Нодир-да «оҳ»; уриб ҳамманинг кўнглига ғулув солмай сабр қилса ва Нилуфардек ўзгасига дил бериб уйланса, қани эди... Йўқ-йўқ, юз бор йўқ, минг бор йўқ! Афсуски, йўқ... Не бахтким, йўқ!...

Кун кеч бўлди. Нодир отаси чошгоҳда чиқиб кетганда қай алфозда ўтирган бўлса, ҳозир — кун кечида ҳам ўшандоқ: тиззалари устида деворга қараган кўйи, бошини хам қилганча қотиб ўтирарди. У бир нарсадан бошқа — юрагини аёвсиз куйдираётган оловдан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нимани ҳис қилмас, қилолмасди. Абдуғани ака кўп яхши гапларни айтиб чиқиб кетди, лекин ҳикматни уқиб фикр қилиш учун Нодирда на ақл ва на куч бор эди. Ошиқнинг ақли ўрнида ҳам ишқ олови бўлар экан ва у даҳшатли ҳарорат ила эгасини жизғанагини чиқариб куйдирар экан... Бу оловнинг таъсирида ошиқнинг яшашга кучи камаяр экан. Куч... Қанақа куч? Шу тобда ўзини идора қилиш учун Нодирда қурб ҳам қолмаганди. Ҳатто ноқулай алфозда деворга бақамти туриб қолганини ҳам унутганди бечора. «Ёнидаги тўшакка гавдасини ташлаб юборса нима қилади?..»; дейди шу тобда унга кўзи тушган ҳар қандай одам ажабланиб...

Оқшом онаси хабар олгани чой кўтариб кирганда эса у гиламда ҳушидан кетиб ётарди...

22

Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар, йиллар... сўнгра асрлар кетидан асрлар... минг йилликлар кетидан минг йилликлар келиб кетаверар экан. Одамлар ҳам худди шуларга ўхшайди: авлодлар кетидан авлодлар алмашиб тураверади, тураверади. Лекин уларни бир-биридан фарқлантириб-ажратиб турадиган мақсад-моҳиятлари ҳам бор экан. Йиллар, асрлар, минг йилликлар бир-биридан ўз шаклу шамойили, мазмун моҳиятига кўра қанчалик ажралиб борса, одам боласи ҳам бир-бировидан шунчалик тафовутланиб тураркан. Кимдир бутун умрини товуқ катагидек келадиган дўконда қовоқларига дурбин қистириб соат ковлаб ўтказса, кимдир осмонўпар тоғликлар бағрида қўй-қўзиларни қувиб, ложувард уфқларгаю пиёладек-пиёладек келадиган зумрад юлдузларга тикилиб ўтказади. Бири соатнинг кўрсатгичига қараб тонг оттириб, кун боттирса, бошқасининг соати қуёш ва ой бўлади. Шунга кўра соатсоз учун оддий ҳол бўлиб туюлган нарсалар чўпон учун тушуниксиз, чўпон учун қадрли нарсалар соатсоз учун уч пулга қиммат туриши мумкин. Лекин баъзан бир асрда, бир даврда ва бир мамлакатда бир хил шароитда яшаб туриб ҳам айрим одамлар тамоман бошқа олам бўлиб қолар эканки, бунинг сир-синоати қалбларнинг кашшофи ёлғиз Оллоҳ таолога махсусдир. Йўқ эса, бизнинг қаҳрамонлар нега ўз даврининг одамларига ўхшаб совуқ ақл билан, чуқур мулоҳаза билан иш тутмайди: кези келганда — дўппи тор келганда улардек кўнгилга «Туф!»; дея, бир-бировидан, ниҳоясиз изтироб келтираётган муҳаббатдан воз кечиб, шароитнинг, анъанаю удумларнинг, ота-онаю амма-холанинг хоҳишини қилиб кетавермайди? Ахир ҳамма шундай йўл тутаяпти-ку!.. Одамларга қарасангиз, қўлларида бутун бир бошли рўйхат юради: бўйи етган қизнинг қўлида йигитларнинг, бўзйигитнинг қўлида эса қизларнинг... Бир бошдан номзодларнинг фойдалилик коеффитсенти диққат билан текшириб чиқилади. «Бу қизга уйлансам, ота-онасининг кўмагида фалон жойга, пистон бойликка эга бўламан, валлоҳи аълам...»; деб мулоҳаза юритади бугунги куёвлар. Келинлар-чи, келинлар? Улар куёвлардан қолишадими? Чучварани хом санаманг, дўстим... Улар яна-да устомон бўпкетишган. Улар ўтган аср келинларидек андиша қилиб ўтиришмайди: бўлажак куёвнинг баланд бўйию келишган қадди-қомати, олмосдек ақлидан ташқари қўлларининг «узун-қисқалиги»;га асосий эътиборни қаратади. Ҳа-ҳа, ишонаверинг, сизнинг бахтли номзодингиз агар ўша рўйхатда бўлса, ўз бўйингизнинг баланд-пастлиги билан бирга ота-онангизнинг ҳамёнларидан тортиб яшайдиган уйингизнинг бўйи-бастигача кўрикдан ўтиши шарт бўлади. Кўрикнинг шартлари аёвсиз: ўз бўйингиз тўғри келиб, уйингизники келмаса, тақдирдан ўпкалайверинг. Келин тушмагур ҳеч иккиланмасдан азиз номингиз устига чизиқ тортади ва навбатдаги номзодга «хумор»; кўзларини тикади... Ана шунақа гаплар...

23

Аммо-лекин қахрамонларимиз Нодир ва Нилуфарнинг тутими ўзгача бўлди. На Нодир Нилуфарнинг раҳбар отасидан бирон манфаат кутар эди, на Нилуфар Нодирнинг камбағал оиласига келин бўлиб тушишдан ташвишга тушарди. Шу тобда уларнинг хаёлларидан ҳатто институтдаги ўқишу келажаклари билан боғлиқ режалари ҳам чиқиб кетганди. Фақат бир нарса — бирга бўлиш, бир-бирларига етишишгина бутун борлиқларини банд этган, банди қилган эди. Қолган ҳамма гаплар, ташвишлар улар учун ҳавода учиб юрган чанг заррасидек ҳам аҳамиятга эга эмасди. Алҳазар, ҳазор ҳазар, аммо шу тобда бир-бировларидан ташқари барча, бутун дунё ер қаърига ғарқ бўлса-да парволарига келмас, зарра эътибор қилмас ҳолдайди улар...

Сен бўлсангу мен бўлсам мавжуд,
Бўлса яна коинот нобуд,

дегувчи ҳолга тушгандилар улар... Яъни дунёда иккимиз мавжуд бўлсак ва иккимизнинг ишқимизга, биргалигимизга, бахтимизга рахна солгувчи ҳамма нарса, жамики борлиқ, бутун коинот нобуд бўлса!.. Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ... Бу не ҳолким, бағрида киши бутун оламни унутгай? Олам не, ўзни унутиб, ўздан воз кечиб, ўзни тарк этиб, ёр ишқининг қиличига ҳаётини ҳавола этгай! Бу не ҳолким, бандида киши ўз шаънини эсдан чиқаргай? Шаън не, исмини унутгай ва ёрининг номини айтиб маст юргай... Бу не ҳолким, қаърида киши бемор бўлғай ва бу не беморлиқким, хаста ўз дардини, дардини ва фақат дардини суйгай?..

Ҳа, Нодир бемор эди, Нилуфар бемор эди ва уларни ўз дардларидан ўзга ҳеч нарса қизиқтирмасди. Нодирнинг дарди Нилуфар, Нилуфарники Нодир эди. Уларнинг борлиқлари, дунёга келиб топган бирдан-бир бойликлари бир-бирлари эди... Нодирсиз Нилуфарга, Нилуфарсиз Нодирга дунёнинг нафақат қизиғи, балки кераги йўқ эди... Нодирсиз дунё Нилуфар учун қуёшсиз ўлкадек зулматга ғарқ бўларди, Нилуфарсиз дунё Нодир учун ҳавосиз бўшлиқдек ўлдиргувчи эди. Бас, шундай экан, Нодир учун Нилуфарни, Нилуфар учун Нодирни йўқотиш...бу ҳар иккиси учун ҳам охир замон: дунёнинг остин-устин бўлиши билан тенг эди...

Дунёга кеб топганим сенсан!

Йўқотганим ҳам сен дунёга келиб...

деб айтган бўларди шу тобда агар улар шоир бўлганларида!.. Лекин улар шоир эмасди ва жимгина куярди. Куйиб сукут сақларди Нодир, сукут сақлаб куярди Нилуфар...

24

Бу ёқда эса карнай-сурнайини чалиб тўй бошланди...

25

Нодир эса бу вақтда касалхонада ётарди. Дўхтирлар дармонни унга осма уколлару ҳапдорилар орқали беришга тиришардилар. Чунки Нодирнинг ўзи ҳали ҳам бир тишлам нон емасди, истамасди. Устига устак, тилдан ҳам қолгандек гапирмасди. Маъносиз кўзларини шипга тикканча, айни чоғда бир неча чақирим наридаги тўйнинг ноғораю соғарасининг маҳв этувчи овозини эшитганча ётгани ётган эди. Фақат гоҳи-гоҳида бу кўзлардан яноқларни куйдириб ўтгувчи аччиқ ёшлар думалаб тушар, бошида йиғлаб ўтирган онаси ё синглиси қўлидаги дастрўмол билан артиб пиққиллашарди...

26

Қўлингизни беринг, ўқувчим, юринг, кетдик. Юринг, данғиллама тўйнинг сабабчиси, ҳамма атрофида гирдикапалак бўлаётган гўзал Нилуфарнинг ҳолидан хабар олайлик-чи! Балки ота-онасидан тортиб, дугонаю ўртоқларининг, қариндошу бегоналарнинг хушомадлари, қат-қат совғаю инъомлари унинг Муроджонга бўлган кўнглидаги муз тоғини эритиб юборгандир, бўлақолинг энди...

Қаранг-а, эшикни очиб, ташқарига бир одим отмай туриб, карнай-сурнайнинг садоси қулоқни қоматга келтиради. Бири Камол раҳбарнинг уйидан — қарши тарафдан келаётган бўлса, бошқаси ён маҳалладан — ҳоким тўранинг уйидан чиқаётганди. (Тавба, кимга аза, кимга тўй...) Нафсиламрини айтганда, мингтепаликлар анчадан буён бунақанги узуқора тўйни кўрган эмасди: қўша-қўша карнай-сурнайнинг, ноғораю дўмбиранинг оламни бузарчасига чалингани ўз йўлига, қишлоқнинг торгина чанг йўллари турли хил русмдаги машиналару шаҳарлик ва қишлоқлик одамларга тўлиб кетганди. Худди чет эл киноларидаги гавжум кўчаларни ёдга соларди бу манзара. Хўш, нима бўлганда ҳам одамлару машиналар оралаб, сўнг тирбанд остонани аранг ҳатлаб Нилуфарга интиламиз. Бир-бирига гал бермай, худди арилардек тўзиб, тартибсиз равишда кириб чиқаётган қиз-жувонларга туртила-суртила амаллаб «келин»;нинг бўлмасига етиб оламиз. Очиқ эшикдан шундоқ кўриниб турибди: Нилуфар тиззаларини қучиб, юзини тиззаларига босиб ўтириб олган, тепасида қўлларига оппоқ фатани ушлаб олган тўрт-бешта аёл ниманидир жон куйдириб уқтиргани уқтирган, лекин улар ҳар қанча зўр беришмасин, Нилуфарнинг боши «Йўқ!»; маъносида сарак-сарак бўлгани бўлган эди... Йўқ, ўқувчим, сизни мен ортиқ бу жон ўртар манзара қаршисида тутиб туролмайман. Нилуфарга қўшилиб менинг ҳам юрагим «тарс»; ёрилиб кетай деяпти, ҳаво етишмай қолди бу ерда, юринг ташқарига, юринг Мингтепанинг кўм-кўк далаларига...

27

Қаранг, бир-бирларига уланиб кетган боғлар нақадар гўзал! Худди жаннатдан бир намунадек жон олғучи, кўз яшнатгувчи, дил сайратгувчи!.. Хилма-хил дарахтлар бағрига ғарқ бўлган қишлоқни қолдириб ажабтовур тарзда кўм-кўк далалар, қулоққа хуш ёқиб оқаётган катта-кичик ариқлар, улар ёқалаб экилган тутзорлар, теракзорлар бўйлаб борар эканмиз, саратон қуёшидан бўғриққан, толиққан, исиблар кетган бутун вужудимизга майин салқинини сочиб, пишқириб ётган сувга — дарёдек буралиб-буралиб оқаётган сурсув, серғулув каналга яқинлашамиз. Ва... ва ортимизда қолган Нодир ва Нилуфарнинг дардларидан озурда бўлган қалбларимиз роҳатбахш тин олиб ўзига кела бошлайди. Қаранг, олам унчалик қоронғи ва зулмкор эмас экан!.. Унда кулишга, севинишга, ҳайратланишга имкон ва жой бор экан... Қаранг, гўё ҳеч кимни тан олмайдигандек, ўз кучи ва қудратидан жўшиб, тўлқинланиб, пишқириб оқаётган бу асов сувга қаранг, кўзларингиз тиниб кетади. Қаранг... Воҳ!.. Ким бўлди булар!?.. Қудратингдан! Нодир билан Нилуфар-ку! Нега улар сувнинг икки қирғоғида? Нима қиляпти улар бунда!? Қандоқ келишди? Нега келишди? Тўй нима бўлди? Одамлар қани?.. Тавба, анави каналнинг ҳар икки четидан шовқин солиб келаётганлар Нодир билан Нилуфарнинг қариндошлари эмасми?.. Худди ўшалар! Яна тўйдаги ҳангоматалаблар ҳам шунда-ку!.. Воҳ-воҳ...

Нодир ва Нилуфар аранг чопиб келардилар. Бу кетишда ҳаш-паш дегунча ортларидан қувлаётган оломоннинг ҳатто энг қариси ҳам, энг бетоби ҳам уларга етиб оларди. Шунинг учун соч-соқоли ўсиб, кўзлари ич-ичига ботиб кетган, ранги ўчган касалхона кийимидаги Нодир ҳам, оқ кўйлак — дугонаю холалари ниҳоят зўрлаб кийдиришган фатаси чопганида озғин баданига чиппа ёпишиб халлослаб бораётган Нилуфар ҳам вақти-вақти билан тўхтагандек бўлиб бир-бирларига талпинишар, сувга қараб интилишар, лек тобора яқинлашиб, «Қув, нобакорни!»;, «Ушла беномусни!»; дея бостириб келаётган одамлардан қўрқиб яна югуришда давом этишарди... Бироқ... бироқ бир неча ҳафтадан буён деярли ҳеч нима емаган, дарду аламдан, очлигу дармонсизликдан бир аҳволга келиб қолган Нодир билан Нилуфар қачонгача ва қаергача қочиб борарди, дейсиз. Улар кучсизликдан гоҳ ўз оёқларига ўзлари чалишиб йиқилар, гоҳ эса худди бошлари айланаётгандек вужуд мувозанатини йўқотар-да олдинга мункиб тупроқ билан бирма-бир бўлишарди. Бу орада эса бақир-чақир қилиб оломон етиб кеб қолди. Воҳ, энди ҳаммаси тамом! Нодир ва Нилуфарнинг ҳолларига вой! Уларнинг аянчли севги қиссаси шу ерда якун топди, воҳ, воҳ!.. Чунки энди қутурган оломон қиз билан йигитни соғ қўймайди: ё сочларидан судраб бориб бирини Муродга эрга беради, бошқасини эса эл аро сазойи қилади ёки иккисини ҳам шу ернинг ўзида тошбўрон қилиб кўмиб кетади!.. Алвидо, эй севишган ғамгин диллар, алвидо, эй севгидан ўзгасини тан олмай манфаат ва ҳисоб-китоблар қули бўлмиш оломоннинг юзига сачраган тоза туйғулар! Алвидо!!!

Оломон етиб келди. Ана у, ана! Бир-бирига гал бермай олдинга ошиқаётган, худди оғир гуноҳ қилган жиноятчига биринчи бўлиб мушт туширгиси келгандек муштларини ҳавода ўйнатаётган кўзи қон ва жаҳолатга тўлган оломон ана! Баъзиларининг қўлларида ҳатто калтак, тош ҳам кўринади... Нега? Ахир улар орасида Нодир ва Нилуфарнинг қон-қариндошларию жон дўсту дугоналари ҳам бор-ку! Нега уларнинг ҳам қўлларида тош ва таёқ? Наҳотки улар-да ўз жигарбандларию дўст—биродарларига қўл кўтаришга қодир бўлишса! Йўқ-йўқ, бу мумкин эмас! Бироқ нега келишди? Нега уларнинг ҳам қўллари ғазаб билан тугилган? Билмадим, ечолмадим мен бу жумбоқни, ўқувчим! Ўзгаларнинг фикри, дунёқараши, кайфияти сеникидан бошқача бўлганда уларга душман кўзи билан қараш одатини ҳазм қилолмадим мен, дўстим! Бу дунёда ҳар кимнинг ўз карвони, ўз йўли ва манзил-муддаоси борлигини ҳамда буларнинг бари бизникига ўхшаши шарт эмаслигини қачон тушиниб етаркин бу оломон, а?!..

Воҳ, жигарим, гап билан бўлиб ғафлатда қопмиз... Бу тентак Нодир билан Нилуфар нималар қилишмоқчи ўзи? Нега улар бир-бирларига талпина-талпина нақ сувнинг — қутириб, буралиб-буралиб, айланиб-айланиб, гувиллаб-гувиллаб оқаётган азим каналнинг шундоқ тумшуғига келиб қолишибди! Ахир, тушиб кетишлари мумкин-ку!.. Нега, нега бу гап уқмас, «Сувда чўкмас, ўтда ёнмас»; оломон тўхтамайди! Нега, нега ўз болажонлари, ўз жигарбандлари, ўз биродар ва ўртоқжонлари жар ёқасида турганликларини англамайди! Нега улар юраксиз ва ақлсиз махлуқ каби жонлари қил устида турган ўз полапонлари сари бостириб бораверади, бораверади?..

Нодир ва Нилуфар! Нилуфар ва Нодир!.. Улар шундоқ пишқириб оқаётган сувнинг лабида, фақат бири у томонда бўлса, бошқаси бу ёқда эди. Уларнинг кўзлари на қутуриб оқаётган дарёда ва дарёдан-да баттар оломонда, балки бир-бирларида эди... Соғинишганди... Ичикишганди... Энди бир-бирларига боқиб тўйишмасди гўё. Қўрқув ва ҳаяжондан вужудлари дир-дир титрар, лекин умид ва муҳаббатдан кўзлари чақнаб турарди.

Оломон!.. — паъдарига лаънат шу оломоннинг!.. — ўз табиатига содиқ қолди-да, ўз жоҳилликлари ва қизиқишларининг, жирканч эътиқод ва аъмолларининг ўлжаси — исёнкор севишган диллар сари чанг солди ва... Ва ҳаммаси тамом бўлди: Нодир ҳам, Нилуфар ҳам бир зум ҳам тараддудланмасдан, иккиланмасдан ўзларини қутуриб оқаётган сувнинг қаърига бараварига отдилар!.. Ҳа-ҳа, айнан шундай қилдилар! Чунки орқадан пусиб-бостириб келаётган оломон ана ўша қутуриб оқаётган сувдан-да қўрқинчлироқ эди улар учун! Оломон-чи? Бу орада унинг нафаси ичига тушиб кетди. Фақат бир неча муддатдан кейингина саросима ичра «Оҳ!!!»; лаб юборди. Кимдир бошини чангаллади, кимдир чўккалаб ўтириб қолди ва яна кимдир қутирган тўлқинлар бағрида кўтарилиб-тушиб оқиб бораётган ошиқ ва маъшуқ билан баравар чопиб борарди. Аслида, чопиб бораётганлар ҳам икки катта гуруҳга бўлинарди: бирлари ёрдам бериш, бошқалари томоша илинжида. Ўҳ-ҳўўў, буларни айтаман десак, қоғоз етмайди, қоғоз етса, фурсат... Яхшиси, Нодир ва Нилуфарга қайтайлик. Бу ерда гапиришга ва эшитишга арзигулик битта мавзу бўлса, у ҳам Нодир ва Нилуфарга тегишли: Ишқ! Уларнинг гавдаларини қудратли тўлқинлар учириб-учириб юборар, бошлари дам сув остига кириб-кириб кетар, дам ундан чиқиб кўриниб оқарди. Шунда Нодир ҳам, Нилуфар ҳам бир-бирларига талпиниб тобора яқинлашишга уринаётгани маълум бўларди. Лекин асов сувни енгиб, топишиш, бир-бирларининг соғинган, интиқ бағирларига кириш осон эмасди. Ана етдик, мана топдик, деганда қутирган тўлқин бир ҳамладаёқ ҳар иккисини қарама-қарши томонларга сочиб юборарди. Кейин яна ҳаммаси бошидан бошланарди...

Бу орада қош қорайиб, қуёш узоқ уфққа бош қўяётган, атрофга водий ёзининг фусункор оқшоми чўкканди...

Нилуфар ва Нодир ҳамон оқиб борарди. Оломон ҳам ҳайҳотдек канал бўйлаб сочилиб кетганди. Улар қийқиришар, йиғлашар, қарғаниб сўкинишар ва ора-сирада сувга қараб шох-шабба, ёғоч ва ғўла отишар, шу йўсин оқиб кетаётганлар жонини қутқариб, виждон азобидан халос бўлмоқчи ҳам бўлишарди. Лекин сувдагилар буни на билишди, на сезишди. Чунки оқим жуда катта, тўлқинлар қудратли эди. Уларнинг бутун диққатлари фақат бир-бировларига қаратилган, бундан ўзга нарсани — бутун дунёни унутишганди. Шунда ҳам кўп марта бир-бирларини йўқотиб қўйишди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Кучли, асов тўлқинлар уларни айириб ташлади. Улар узоқ муддат бир-бирини кўрмай оқишди. Ютоққан тўлқинларга қарши кураш ҳеч қандай самара бермади. Улар бунча ҳаракат билан аллақачон қирғоққа ҳам чиқиб олишарди. Лекин хоҳлашмади. Нилуфарсиз соҳил Нодирга, Нодирсиз нажот Нилуфарга керак эмас эди! Чирпиниб Нодир баланд-баланд тўлқинлар ортидан Нилуфарни излади, Нилуфар эса Нодирни! Йўқ! Ҳар қанча уринишмасин, улар бир-бирларини топишолмайди. Ҳайҳот!!! Ва дунё ўз қийматини йўқотди! Шу тобгача бор эди ўша қиймат, энди эса йўқ! Шунча оқиб келишди, бор эди, қуткрган тўлқинлар ҳам маҳв этолмаганди, энди йўқ! Шунда Нодир англадики, дунёнинг қиймати Нилуфар экан, Нилуфар тушуниб етдики, Нодир экан!!! Нилуфарсиз дунё жонсиз вужуд, Нодирсиз дунё эса қуёшсиз олам экан!..
— Ни-лу-фааар!!! — чақирди жонининг борича Нодир.
— Но-дииир!!! — чақирди жонининг борича Нилуфар.

Йўқ, улар бир-бирларини эшитмади. Лекин уларнинг қалбларини ёриб чиққан додлари Худойимга етиб борди. Уларни Худо эшитди! Йўқса, шундай бўлармиди, айтинг! Йўқса, тилсиз-қулоқсиз тўлқинлар тоғдек юксалиб, қутирган сувнинг икки бетида оқиб бораётган озурда дилларни, мадорсиз вужудларни бир-бирининг бағрига келтириб ташлармиди? Айтинг!.. Йўқ, айтолмайсиз, тушунтириб беролмайсиз бунинг нелигини! Менинг ҳам тилларим тугилган, ақлим лол, фикрим тор... Аммо муҳими, бу эмас! Муҳими, ана улар! Қаранг, қандоқ хурсанд, қандоқ нашъали улар! Гўё оламда улардан бахтли одам йўқдек бир-бирларига суйкалишади, кулишади, титрашади... Фақат... фақат нега улар энди ўз жонларини қутқариб қолишга талпинишмайди, нега бир-бировига чирмашган кўйи ўзларини оқимнинг ихтиёрига ташлаб қўйишди, нега? Мадорларими қолмади ёхуд иккала қирғоқда баравар чопиб бақириб келаётган оломоннинг қўлига қайта тушгиси келмадими, нима бўлди ўзи, айтинг, тушунтириб беринг! Наҳот улар бир-бирларига етганда ўзларини ҳалок қилишса? Шунча воқеадан кейин балки оломон ҳам эсини йиғар, Камол раҳбар ҳам инсофга келар-да, Нодир ва Нилуфарга оқ фотиҳа тилар... Фақат нега, нега улар қирғоққа сузишмайди, нега жимгина оқиб боришяпти!?.. Ахир анави тўлқинлар уларни ютиб кетишади-ку!.. Ана, ана!!! Эҳтимол, шунинг учун ҳам Лайли Мажнунга қараб «Сен бўлсангу мен бўлсам мавжуд, Бўлса яна коинот нобуд»; дея илтижо қилган экан-да. Чунки севишганларнинг ишқига дунёнинг ўзи ғов бўлишини Лайли ўз тақдирлари ҳал бўлмасдан анча илгари англаганга ўхшайди. Ўзлари мавжуд бўлиб, бутун коинот нобуд бўлган тақдирдагина бирга, бахтли бўлишлари мумкинлигини, акс ҳолда ўзлари нобуд бўлишларини билган экан, оҳ!..

...Нодир ва Нилуфарнинг бир-бирларига суяниб қолган бошлари тўлқинлар аро бир кириб, бир чиқиб кўриниб борар ва тобора узоқлашган сари биттага — ягона борлиққа айланиб борарди. Улар энди атрофни, оломонни, оламни унутишган ва ҳеч қандай ҳаракат қилишмасди. Ким билади дейсиз, уларнинг ҳаётдаги энг бахтли дамлари айни шу бир неча дақиқада кечгандир... Ва шу дамни шундоқ ҳам омонат жонни қутқариб қолишга сарфлаб бузишни исташмагандир. Худо билади, қирғоққа чиқиб қутулган жонларида яна шундай бахтли бўлиш имкони бўладими-йўқми?!.. Нима бўлганда ҳам ўлимкор тўлқинлар Нодир ва Нилуфарнинг мунгли ва мағрур бошларини мангуга ғарқ этганда улар бир-бирларининг қучоқларида масъуд эдилар...

...Ҳаллослаб, шовқин солиб келаётган оломоннинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, таққа тўхтади. Энг олдинги сафда турган Камол раҳбарнинг қўлидаги калтак сирғалиб тушди, сўнг ўзи ҳам унинг қаторига ҳушсиз йиқилди...

28

...Ана шунақа, ўқувчим. Ушбу қайғули, лекин мағрур жарангловчи севги қиссаси мингтепаликларнинг хаёлини мана, қариийб ўн йилдир, ҳеч тарк этмайди. Аксинча, ҳар замон ҳар замонда у ёки бу ошиқ-маъшуқнинг тақдирлари орқали яна тилларга тушади, қайта ва қайта ҳикоя қилинади. Энг қизиғи, ҳар бир ҳикоячи уни ўз кўзи билан кўради, ўз назари билан муҳокама этади ва ўз ҳукмини чиқаради. Худди бизнинг қорамағиз, шаҳло кўз Азиза каби ота-онаю урф-анъана томонда туриб олганлар қанча бўлса, Самандар янглиғ мутлақ муҳаббатни ҳимоя қилиб гапирадиганлар ҳам шунча эди. Аммо ҳамма бир нарсада гўё якдил эди: севги деганлари бу — шунчаки ёқтириш, шунчаки бир бирларига маҳлиё бўлиш ва шунга яраша оҳ-воҳ эмас экан. Йўқ! Юз бор йўқ, минг бор йўқ!!! Севги учун киши баъзан нафақат дунёнинг кўз олувчи нағмаларидан, мансабу мартабасидан, бойлигу асъасасидан, балки ширин жонларидан ҳам воз кечишлари мумкин экан! Буни мингтепаликлар ўз кўзлари билан кўрди, ишонди ва иймон келтирди. Инсон балоғатга етгач, ён-веридаги йигит ё қизга кўнгли ийиб, васлини талаб этиб, эҳтирос билан боқишлар, талпинишлар... сўнг ақл кириб, совуқ мулоҳаза билан иш кўриб, ижтимоий мавқедан келиб чиққан ҳолда ота-онаю қариндош-уруғ йўриғига юриб, бошқаси билан турмуш қуриб кетишми ё тарозунинг бир палласига бутун дунёни, бошқасига севгисини қўйиб, «Танла!»; дейишганда, ҳеч иккиланмасдан муҳаббатининг қошида тўхташми? Қайси бири чинакам севги, ҳақиқий ишқ эканлиги мингтепаликлар учун энди сир эмасдек гўё! Энди уларнинг хаёлларини севги тўғрисидаги бўлар-бўлмас, юзаки чўпчаклар билан алдаш қийин! Энди улар замондошларининг севги бобида «ўлдим, куйдим!»; дейишларига синовчан боқишади-да, «Сабр қил, ўтиб кетади, ўтиб кетмаса, кейин гаплашамиз»;, қабилида ҳаракат қилишади. Ва ким бўлишидан қатъи назар, ҳамманинг муҳаббатини истар-истамас Нодир ва Нилуфарнинг тилларда достон бўлган ишқ афсонасига чоғиштиришади, мулоҳазалар қилишади, хулосалар чиқаришади. Албатта, қарашлар ҳар хил, лекин уларнинг барчасини бирлаштирадиган битта томони бўлади: мингтепаликлар Нодир ва Нилуфар севгисига ўзлари билиб-билмай кўнгил қўя бошлаганди. Ораларидан ҳатто танқид кўзи билан қаровчилар ҳам ўз дилларининг туб-тубида бу улкан, бу оташин ва бу қайтмас муҳаббатга нисбатан ҳурмат ва эъзозни сезиб яшашади. Энди Мингтепада нима қийин?.. Гапнинг индаллоси, қойиллатиб севиш қийин. Севганда ҳам Нодир ва Нилуфарнинг ишқлари қаршисига бориб бўйлашиш қийин!..

29

Тоғдан қанча узоқлашсанг, унинг салобати, ҳайбати, улуғворлиги шунча юксалади, дейишади. Аввалига ширин ва қайғули эртакдек онасидан такрор ва такрор эшитган севги қиссасининг қиймати Самандар учун йиллар ўтган сайин орта борди. Худди ортда қолган Ватаннинг қадри вақт ўтган сари билиниб, юксалиб боргани каби унинг ҳам юрагида бу мунглиғ ва дилрабо достонга нисбатан айрича меҳр аланга олиб ёнди. Фақат бу эмас. Нодир ва Нилуфарнинг севги достони — Мингтепада энг тансиқ, энг хуш тасмадек қайта-қайта эшитиладиган достон Самандарнинг юрагини, ҳа-ҳа, айнан мурғак юрагини тарбия қилди. Китоблар, Лайли ва Мажнун каби қўлидан тушмайдиган достонлар, кейинроқ — Самандар юқори синфга ўтиб, анча эсини таниб қолгандан сўнггина унинг онги ва қалбини ром этди. Аслида, Мажнун ва Лайлининг тилидан айтилган севги изҳорлари, изтироб ва оғриқлари Нодир ва Нилуфарнинг ҳолатига мос тушганлиги, магар улар шоир бўлганларида ўз кўнгилларини айнан мана шундай ўтлиғ мисралар орқали тўкиб солишлари мумкинлиги учун ҳам у бу достонга меҳр боғлади. Ва Самандар уни бошдан оёқ ёд олди. Унинг назарида Нодирни Мажнундан, Нилуфарни Лайлидан ажратиб бўлмасди. Улар ўз ҳолатларида — ишққа чўмган, ишққа ғарқ бўлган ҳолларида тенгдирлар, бирдирлар!.. Мана, кўрмайсизми, шу тарбиянинг оқибатида Самандар Азиза билан тортишиб, бечора қизнинг кўнглига қарамай, ҳатто уни оғритиб, тескари қараганча Мажнуннинг оҳу воҳларини ўз-ўзига айтиб бораяпти:

Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли шавқин рангимда қон қил.
Дардини нажотим эт, Илоҳий,
Ёдини ҳаётим эт, Илоҳий!..

Йигитнинг кетидан изтироб билан қараб қолган қиз намланган кўзларини яшириш учун пахта теримига уннаб кетди...