OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУлуғбек Ҳамдам
Асар номиСўз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Улуғбек Ҳамдам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сўз (ҳикоя)
Улуғбек Ҳамдам

— Шунча кўзгулар камлик қилди-а, сизга... Ундан кўра келиб, кўзим ойнасига қаранг, бу ерда сиз ўша-ўшасиз, сира ўзгармагансиз... – сасланди эркак негадир хотинини «сиз»лаб.

Аёл адоқсиз миннатдорчилик билан жилмайди.

Эру хотин - қўш хўкиз, ҳадемай баравар ишга тушиб кетишди: аёл анчадан бери қаровсиз қолган иморат ичинию ташини супуриб-сидирди, эркак бўлса, ўчоқ осиб, ўтин ёрди. Бир пасда далаҳовли сариштали-фариштали маконга айланди.
— Ваъда қилган ошингиз қачон пишади? - ичкаридан аёлнинг нозли овози келди.
— Сизни куттирмаймиз, хоним! - қичқирди эркак сабзини майдалаб тўғраркан. – Бир соатда дастурхонга қўймасам, ҳар бало бўлай.
— Тавба, денг, фаришталар ҳамма гапга омин дейди-я. Узоқроқ қайнатаверинг, ширинроқ бўлади.
— Сиз нима десангиз - шу, жоним. Айтдим-ку, энди фақат ўзимиз учун, сиз учун яшайман, деб! Ҳозир, зирвагини тайёрлаб, тузини кўриб олай, сизни пастга, дарёга олиб тушаман!
— Оқиб кетмайлик, тағин...
— Қўрқманг, сизни шу чоққача оқизмадик, бундан буён ҳам эҳтиёт қиламиз...

Бир пасдан сўнг эр хотинининг қўлидан тутиб, пастга - сувнинг бўйига бошлади. Сув деганимиз Чирчиқ дарёсининг бир қўли бўлиб, у катта шаҳарга кираётганда Бўзсув, кириб олгач эса Анҳор деб аталади. Бу ерда уни Захариқдарё дейишади. Чинданам каттакон, нақ дарё дейсан. Лекин дарёдан нимасидир камга ўхшайди, шу учун бўлса керак, номининг ичида ариғи бор. Қизиқ-а, бир қарасанг, дарё, бир қарасанг, ариқ! Устига устак, захи ҳам мавжуд. Сув оққан жойда зах бўлади-да! Ҳа, нима, Захариқдарёга қараб, биров зах сувни, биров ариқни ва яна бошқа биров дарёни кўрса кўраверсин. Ҳамма ҳам бу дунёда ниятига яраша насибасини олаверар экан-да. Бошқа томондан, ўша учта “биров”нинг битта одамга айланиб, Захариқдарёни ҳаётининг уч палласида уч хил кўрдим деса, нима дейсиз? Масалан, ёшлигида дарё, ўрта ёшида ариқ ва кексайганда зах сувни кўряпман, деб қолса-чи?.. Бундан чиқди, файласуфлар айтганларидек, олам бу бизнинг тасаввуримизми? Одамзод нимани кўришни хоҳласа, шунга рўбарў келадими?.. Эҳ, буларнинг сирига ким етибдики, биз етсак... Англаб етганимиз биргина нарса шуки, дунёда ҳамма нарса ташқаридан кўринганидек эмас, йўқ!..

Хуллас, Захариқдарё буралиб-буралиб оқиб ётарди. У ҳам фаслга мос кийинган: тиниқ, мулойим мавжли матодан тикилган кўйлагини устига енгилгина ташлаб олган. Шундай енгилки, худди ҳадемай уни ҳам чиқариб отадигандек авзойи бор.

Сув бўйига келишгач, эр сарғайиброқ қолган ўт-ўланни қайириб, уйдан олволган тўшакчани тўшади-да, “марҳамат қилсинлар!” дея илтифот кўрсатди. Хотин авайланиб ўтириб бўлгач эса эр унинг қўлини тутганча ёнига чўкди. Улар бир маромда оқиб, эркаланиб ётган сувга қараб жим қолишди. Кейин атрофни кўздан кечиришди, ундан-бундан гаплашишди. Гап гапга уланиб, узоқ ўтиришди. Ниҳоят, “Чиндан ҳам инсон умри сувга ўхшар экан” деган минг йиллик, аммо биргина тўхтамга келишди. Кўнгилларга андак кузсимон ҳазинлик инганда эса эркак аёл бармоқларни бирин-сирин лабига олиб бориб ўпди. Кейин энгашиб, аёлнинг фаранги атир анқиб турган бўйнини дудоқлари билан эркалади. Аёл қиқир-қиқир кулди. Эрнинг завқи ошди... “Жиминг! Ош нима бўлди?” - аёл илдам ўрнидан турди. “Қўябер, нима бўлса бўлар” - эркак аёлни яна бағрига олмоқчи бўлди. Лекин аёл тизгинни ўз қўлига олди: “Йўқ, юринг!”.

Улар бошлашиб тепага кўтарилишди. Эркак қозоннинг бошига борди. Суви тагида қолибди. Ўчоқнинг биқинига тиқиб қўйилган ва ҳозирга келиб варақлаб қайнаётган қумғондан қуйиб, ошнинг сувини меъёрига келтирди. Сўнг ёрилиб, ёнбошга тахлаб қўйилган ўтиндан иккитасини қалади-да, хотиннинг ёнига қайтди.

Аёл тепаликда жойлашган ҳовли саҳнига қўйилган каравотда иягини суянчиққа тираганча пастликка – ҳув узоқликка, кафтдагидек аниқ-тиниқ кўриниб турган кенгликларга, уларнинг этагидаги тоғларга кўз тикиб, ўз хаёлларига ғарқ ҳолда ўтирарди.

“Бу кенгликларда нимангни йўқотиб қўйдинг, маликам?” - эр хотинининг орқа томонидан яқинлашиб, елкасидан қучди. Аёл “ҳеч... ўзим...” - дедию майин жилмайди. “Биласанми, энди нима қиламиз?” - аёлнинг кўзларига қаради эркак. “Нима?” - сўради аёл. “Яшаймиз! Инсон бўлиб! Инсонлардек яшаймиз!” - шошилди эркак. Аёл жавоб ўрнига тағин жилмайди. “Бир вақтлар сени дунёдаги энг бахтли аёлга айлантираман, деб сўз бергандим, эсингдами? Ҳалиям ўша сўз - сўз. Қайтган - номард!” - эр хотиннинг ёнига ўтирди. “Ортимизга қарасам, кўнглим яйрайди: бир ўғил, бир қизни тарбиялаб элга қўшибмиз. Мартабали жойларда ишлаб дунёмизни безабмиз. Еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда бўпти. Яна нима керак одамга-а, хотин!?.. Энди кўрасан, бундан буёғи янаям зўр бўлади, эшитяпсанми, зўр!” - шавқланди эр. Аёл тағин жилмайди. Эр эса уни тағин қучди...

Хотин туриб гуручни ювиб берди. Эр ўчоқнинг оловигаю овқатнинг тузига қаради.
— Ўзим сенга би-и-ир ош қилиб берай.
— Ҳар доим қилиб бергансиз-ку.
— Буниси бошқача бўлади, маликам, бошқача.
— Сизга бугун нима бўляпти ўзи, дадаси?!..

Кейин биргалашиб ошни дамлашга киришишди: хотин идишни тутди, эр капгир билан ундан гуруч олиб қозонга айлантириб сола бошлаганди, шу аснода кимдир чақириб кепқолди. Эр “Ҳа, ҳозир” дедию капгирни хотинига тутқазиб дарвоза томонга йўналди. Хотин унинг қайтишини узоқ кутмай, қолган гуручни қозонга ташлаб, тузини кўрди: назарида у мутлақо чучмалдек эди.
— Дадаси, бунга туз солганмидингиз ўзи?

“Дадаси”дан садо чиқмади.

Хотин ўзича ошнинг намагини тўғрилади: катта қошиқда битта қилиб туз ташлади, сув бирпас виқир-виқир қайнаб чиққач, яна таъмини тотди. Ниҳоят, кўнгли тўлиб қаддини ростлаган эди, эри қайтиб қолди.
— Қўшни бор-ку, қария, ўша. Машинасида печка олиб келган экан, қишга ҳозирлик. Туширишвордим. Илгари билинмасди, кексайганда совуқ жон- жонингдан ўтиб кетар экан, дейди... Сен нималар қилдинг бу ерда? А-ҳа, ошни эплаб ташлапсан-ку бир ўзинг. Кел, менга бер қўлингдаги косовни, товоқни ҳам ўзим ёпаман.

Шу вақт аёлнинг телефони жиринглади. - Ало! Ҳа, дугонажон, салом-салом. Тузукмисан?.. - гаплашанча ичкарилади аёл.

Эр ошни дамлаб, ўчоқнинг чўғини ташқарига тортдию обдастадаги сув билан қоракуяга беланган қўлини обдон ювди. Кейин артингача аёлининг ортидан уйга йўналди. Аммо эшикни очар чоғида хотинининг гапларини эшитиб қолди:
— Асти сўрама, дугонажон, шунақанги бемаъни кун бўлдики, зерикканимдан нақ ёрилиб ўлай деяпман. Бир нималарни баҳона қилиб ваҳлийроқ қайтсам керак... Чиққин-а олдимга кечқурун, ҳасратлашамиз...

Эр эшик дастасини тутган кўйи ҳайкалдек қотди. Аллабир замондан кейингина уни қўйвориб, ортга чекинди. Гарангсираб қозоннинг бошига борди. Нима қиларини билмай, ғайриихтиёрий равишда атрофида айлана бошлади. Худди хаёлида айланаётган ўша бир жуфт сўз каби. Бу сўзлар эса хонага кириб қолган бир жуфт хира пашшани эслатарди: миянинг ичида тинимсиз ғинғилларди: БЭМАъНИ КУН! БЭМАъНИ КУН! БЭМАъНИ КУН!.. ҒИИИНГ, ҒИИИНГ, ҒИИИНГ...

Эр беихтиёр ҳовли томондаги эшикдан пастга, дарёга қараб эниб борди. Сувнинг бўйига чўкдию нигоҳини оқимга берди...
— Ош нима бўлди? - Қичқириғи келди анчадан кейин хотинининг. - Ҳой, қаерларга ғойиб бўлдингиз, дадаси?!..

Эр гўё ўтирган ўрнига михланиб қолган эди, қўзғалолмасди. Шу боис хотиннинг ўзи уни топиб, ёнига келди.
— Ҳой, кўзингиз очиқ ухлаб қолдингизми? - туртди эрини. - У ёқда ош тагига олиб кетгандир, деб ҳам ўйламайсиз-а?!..
— Сен ошни айтасан, бу ёқда менинг ҳаётим тагига олиб кетмоқчи-ку!. Ош тагига олган бўлса олгандир, уни қайтадан бошлаш мумкин, лекин умрни-чи? Агар у тагига олса, янгитдан бошлаш мумкинми? - дегиси келди. Жудаям келди. Лекин хотинига қараса, ҳар доимгидек беозор жилмайиб турибди. Гўё ҳеч нима бўлмагандек...
— Сизга нима бўлди? Нега рангингизда ранг йўқ? Туринг, юринг тепага, қорнингиз очмадими? - Эрнинг қўлидан тортди хотин. – Сал бўлмаса, ошдан қуруқ қолардик. Уни бузиб қўйдим. Жуда чиройли чиқибди. Ўзингиз сузиб келинг, яхши кўрасиз-ку сузишни.

Эр ошни сузиб келди: гўшти, беҳиси, саримсоғи, қалампири устига маржондек тизилган, энг яхши зиранинг ҳиди уфуриб турган паловхонтўра ҳар қандай димоқни қитиқлаб юборадиган даражада гўзал ва хушбўй эди. Лекин эрнинг иштаҳаси қочган, томоғидан бир қултум сув ҳам ўтмас ҳолларга тушганди. Шунга қарамай, хотинининг кўнгли учун келиб ўтирди, раъйи-рағбати бўлмаса-да, ўзини жамлаб, олдинги кайфиятига яқин маромни қидирди.
— Қани, бошланг, - деди хотин эрига чой узатиб.

Эр бир қошиқ олди ва тарракдек қотди: оғзига ош эмас, гўё бир қошиқ туз солгандек афти кескин бужмайди.
— Ҳа-а? - деди сергак тортиб хотин. - Нима қилди? - Кейин ўзи ошдан тотиб кўрди. - Шўрроқ, демоқчимисиз? Ҳечамда.

Эр индамади. Чой хўплаб оғзидагини тезроқ ютишга уринди. – Тавба, деди у ичида, - шунча яшаб, ўз умр йўлдошимнинг таъбини ҳалигача билолмаган бўлсам-а. Тўғри, у менга қараганда шўртоброқ нарсаларни суйиб ейди. Аммо бу даражада эмасди-ку!..
— Хўп, майли, салгина холос. Чучмал экан, жиндай туз ташлагандим. Ҳеч қиси йўқ. Ана, дарё бор, суви шифобахш, дер эдингиз. Аччиқ қилиб бир чойнак кўк чой дамлаб берсам, эски тузларингизниям ювиб тушади. Олинг, – хотин лаганга яна қошиқ урди...
— Бир чойнак эмас, бутун бошли дарёни қайнатиб ичиб юборсам ҳам бугун ичимга тушган тузни юволмайди!.. - Йўқ, эр бу гапни ирод қилмади, балки кўнглидан ўтказди... Чунки аёлига қараса, тағин жилмайяпти. Аслида, ҳамиша шундай бўлмаганми: кулган, жилмайган, ишқилиб, эрига ёққан-ку! Шунинг учун ҳам шу тобда эр унга боз эргашди. Фақат қошиғи бу сафар гуручга эмас, беихтиёр беҳига қараб “қочди”. Ўҳ, у ҳам тузга ботириб пиширилганга ўхшарди. Эр тағин чою нон билан оғзидагини ямлаб ютди. Хотин эса мулозамат кўрсатишдан чарчамасди. Эр гуручу беҳидан авайланиб, гўштга “елчи” юборди. “Музокара” яна ўшандай - аянчли якунланди...

Қизиқ, тушгача ҳаво бирам очиқ, бирам ёқимли эдики, қараб кишининг баҳри дили қулф урарди... Энди кўкда тўда-тўда булутлар пайдо бўлди, осмон юзи қорайиб, ерда унинг кўланкаси кезина бошлади. Кўп ўтмай, фалак тоқи қарсиллаб бир ёришдию шиғалаб ёмғир ёғди. Эр-хотиннинг ёнгинасидаги деразанинг очиқ бир қаноти кесакисига келиб урилган эди, иккаласи ҳам бир чўчиб тушишди...

Улар дала ҳовлидан тезгина қайтишди.

* * *

Хотин ҳар доимгидек уй ишлари, неваралар, қавму қариндошу қўни қўшни, айниқса, дугоналари билан андармон бўлса-да, лекин эр... эрнинг “кемаси тешилиб қолди”. Ундан сизиб кираётган сув эса тобора тарози босиб, кемани ҳалокатга судроқларди. Инчунун, у нима қилишини, қайга боришини билмай довдиради. Аслида, бу дамларни қанча хоҳлаганди, қанча кутган эди. “Ишларимни бирёқлик қилсам, хотиним билан у ёққа борамиз, бу ёққа айланамиз, уни қиламиз, буни кўрамиз...” эҳ-ҳе, санайверсак, сони бору саноғи йўқ. Шу чоққача иш деди, рўзғор деди, оёққа туриб олайлик, деди. Ҳаммасини кўнгилдагидек адо этиб, энди аёлимнинг кўнглига қараб одамдек яшайлик, деганда... бирданига орзу-ниятлари ўз маънисини йўқотди-қўйди. Гўё саҳрода кетаётган ва ҳув анави қумтепаликдан кейин зилол сувлар оқиб ётган гулводийга чиқишини кутган, лекин тепаликни ошиб ўтгач яна саҳронинг давомига дуч келган, чанқоқ ва чарчоқдан силласи қуриган йўловчининг ҳолига ўхшарди унинг шу ондаги аҳволи. “Энди нима бўлади?..” Бу савол - вақт ўтган сайин - оғзига тушган ўша бир қошиқ шўр ошдек бутун борлиғини ачитиб, заҳарлаб борарди.

“Нега хотиним ўша сўзни айтди? Нима, шунча вақтдан бери мендан кўнгли тўлмай яшадими ё ҳаётида биров, уни зериктирмай юрадиган кимдир борми?..” Жавобсизлик эрнинг юрак-бағрини пайкондек тешиб юборди. Ундай деса, аёли шу кунгача эрни шубҳага қўйгувчи бирон иш, бирон ҳаракат қилмаган-ку. Қолмишига ўша бемаза гапдан кейин уни зимдан қанча кузатди: кўнглини хижил қиладиган бирон гард топган бўлса, осмон узилиб пойлоқчи эрнинг бошига тушсин! Лекин нима учун хотин ўша сўзни айтди, шундай чиройли кунни “бемаъни” деб атади? Агар шундай кун маънисиз бўлса, маънилиги қанақа бўлади ўзи?! Нега у шундай қувончга тўла кунда ҳам “Зерикяпман”, дея ҳасрат қилди? Ҳасрати нима эди? У қачон, қай тарзда хотинининг бағрида тўпланиб улгурди? Нега уни эр кўрмади, сезмади? Нима учун аёл юрагини тўкиш учун эрини эмас, дугонасини танлади? Бу юрак нега тўлди ўзи, нима билан тўлди? Бир-бировларига тўлиғича бағишланган кундан воз кечиб, лақма дугонаси билан валақлашадиган оқшомга нетиб шошилди аёл?..

Боши-кети бўлмаган бундайин сўроқларга эрнинг бирон тайинли жавоби йўқ эди. Қайтага, ўйлагани сайин тушунмас, тушунмагани сайин эса асабийлашар, сиқилар, эзиларди... “Ахир мен ҳам гулдек умримни, ёшлигимни, кучга тўлган давримни, ҳис-туйғулариму орзу-умидларини, қўйингки, бутун борлиғимни аёлимга, фарзандларимга бахшида этмадимми?! Яратган нимаики яхши нарсани менга илинган бўлса, борини хотинимнинг оёқлари остига пояндоздек ёзиб келдим-ку! Яна нега, нима учун у мендан норози яшади? Лекин норози экан, нега буни тилига ўша кунгача чиқармади, менга ёрилмади? Нега шу чоққача менга кулиб қаради, ҳануз шундай қарайди? Миқ этмай хизматимни қилади? Ахир, бу ҳаёт унга ёқмас, мақбул эмас экан-ку!.. Нима, у ўзига номатлуб ҳаётга кўниб, шуни ўз қисмати деб қабул қилганми? Ўзга чораси бўлмагани учунгина ҳаммасига бош эгиб, кўнглидаги энг азиз, энг тансиқ, энг муҳими, энг рост кечинмаларини ўша маҳмадона дугонасигагина айтиб умр ўтказаяптими? Ахир, шуям ҳаётми?!..”

Орадан кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтса ҳамки, хотин ўшандай сермулозамат, сертакаллуф: лабидан табассуми, тилидан ширин сўзи аримасди. Эрми? Эрнинг ичи кундан кун шўрлаб борарди. Қанча вақт ўтмасин, неча яхши ўйлар билан ўзини овутишга, чалғитишга уринмасин, бари фойдасиз эди. Ниҳоят, “Хотиним билан нимани яшаган бўлсам, яшадим. Яхши кунларимиз, бахтли дамларимизни ортга ташлаб келибмиз. Эндиги ҳаётимиз эса аввалгидек бўлолмайди”, деди. Ҳаммаси худди ўша кунга, далаҳовлида ҳордиқ чиқарган ўша ҳал қилувчи кунга ўхшаб қолди: тушгача ҳаво очиқ, осмон мусаффо, олам нурафшон эдию тушдан кейин қасирғалар бошланган кун бор-ку, ана ўшанга... Худди айтимдаги каби: “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”. Аммо бир томонига ёруғ, иккинчи ёғига эса қоронғи, деб дарж этилган ушбу танга келиб-келиб унинг ҳаётида тескари тушиб ўтирибди: аввал ёруғ томони билан, сўнгра қоронғиси. Яна денг, умрининг қоқ ярмига келганда. Нима бўлсаям, охири бахайр бўлгани яхши эмасмиди? Одамлар шундай дейди-ку!..

Фурсат айланар... айлангани сари эркакнинг ичига тушган тузнинг заҳри ортиб борарди: шу даражадаки, ўша куннинг биринчи ёруғ ярими иккинчи қоронғи яримига ботиб, чўкиб кетди. Ҳа-ҳа, айнан чўкиб кетди. Шундай палла келдики, эр бошини кўтариб қараса, ўша кун, далаҳовлида кечган ўша кун, хотини айтганидек, чиндан ҳам БЭМАъНИ ўтган экан. Бор бўйига, эртадан шомига қадар... Кейин... кейин бундан ҳам баттари уч берди: ҳаётининг ҳозирги МАъНИСИЗ бўлаги МАъНИЛИ ўтган аввалги қисмини кемиришга киришди. Аввал БЭМАъНИ бўлган нарса КУН эди, энди у БУТУН УМРга ҳужум қилди. Ҳатто унинг аллақачон ўтмишга айланган парчасига ҳам. Эр хотира китобининг энг саодатли саҳифаларини варақлардию заррача нафи тегмасди: саҳифа юзига қаёдандир бир томчи сиёҳ томарди-да, сўнг шу томчи ёйилиб бутун юзани ўз тасарруфига оларди. Худди ошга бежо тушган бир қошиқ ўша ланаъти туз янглиғ... Энди эркакнинг ҳолини кўринг: у инидан тушиб кетган темирқанот полапон мисол олазарак бўлиб атрофга илҳақ кўзларини жавдиратар, фақат энди бу кўзлар нажот фаришталарини эмас, балки ўзига ҳужум қилаётган, қанотларида ёзуви бор сон-саноқсиз пашшаларнигина кўрар ва титраб қақшаганча ҳижжалаб ўқирди: БЭ-МАЪ-НИ КУН! БЭ-МАЪ-НИ ҲА-ЁТ! БЭ-МАЪ-НИ УМР!.. ҒИ-И-ИНГ, ҒИ-И-ИНГ, ҒИ-И-ИНГ...

Бор-йўғи бир жуфтгина сўз, бор-йўғи сўз, “пуф” этиб ҳавога учиб, унга сингиб, йўқ бўлиб кетадиган сўзгина айтилган эди. Бундан ҳам аламлироғи эса, бу сўзни эр ҳеч қачон эшитмаслиги ҳам мумкин эди...

2011 йил, октябр