OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУлуғбек Мустафоқулов
Асар номиОқ қашқа (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Улуғбек Мустафоқулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқ қашқа (ҳикоя)
Улуғбек Мустафоқулов

Тонгда мени кимдир туртилаб уйғота бошлади.
— Жаббор тур, турақол энди.

Уйқу элитаётган кўзларимни ҳарчанд очишга ҳаракат қилмай, барибир оча олмасдим.
— Вой ўзимнинг уйқучи укам-эй, қани туриворчи. Овоз эгасини энди танидим. Бу акам Қаҳҳор эди. Мулойим товушда яна менга мурожаат эта бошлади.
— Турсанг бир нарса кўрсатаман.

Уйқум очилиб кетди. Тасодифан кечаси акамнинг алламаҳалгача уйга келмаганлиги эсимга тушди. Ойим роса хавотирланди. Чунки унинг бундай кеч қоладиган одати йўқ эди.

Қаҳҳор акам кеча эрта билан бизнинг қишлоқдан ўн чақирим олисдаги гузор бозорига мева ортиб, от аравада жўнаган эди. Авваллари ҳам кўп қатнаган. Аммо қош қораймасдан уйга қайтиб келади. Кеча эса...

Акамнинг алламаҳалгача дараги бўлавермагач, ойимнинг иштаҳаси бўғилиб, томоғидан овқат ҳам ўтмади. Бир вақт ташқарида шамол туриб, чанг-тўзон кўтарганча уввос солиб, деразаларни зириллата бошлади. Ойимга эса шамол ўйнаётган ойнани акам чертаётгандай туюларди. Боз устига чироқ ҳам ўчган.
— Кара-чи болам. Аканг қайтиб, қоронғида тентираб уйга киролмай юрмасин, — дерди нуқул.

Шунинг учун бир неча бор кўча дарвозасидан хабар олдим. Дарвоза беркитилмаса шамол уни синдириб юбориши ҳеч гап эмасди. Охири шамол пасая бошлагач, эшикларни очиқ қолдириб, ухлагани ётдик.

Донг қотиб, акам қачон қайтганидан ҳам хабарим бўлмабди.
— Қачон келдингиз?— Тура солиб унга юзландим.
— Э, қўявер... — Акам негадир кайфиятсиз оҳангда қўл силтаб қўйди. Бир кўнгилсиз ҳодиса юз берганлиги унинг эти устихонига ёпишган чайир юзидан сезилиб турарди.
— Нима бўлди? Айта қолинг... — У менга бир нарса кўрсатаман деганига қизиқсинаб ортидан эргашсам-да, савол бериб жон-ҳолига қўймасднм.
— Қорабайир ўлиб қолди, — деди охири акам оғир тин олиб. Бир зум юришдан тўхтаб, ёш ҳалқаланган кўзлари билан бир менга қараб қўйди-да, сўнг маъюс нигоҳини ерга қадади. — Қаёқдан ҳам бўгозлигини била туриб аравага қўшдим-а.

Акамнинг изтиробга тушаётгани бежиз эмасди. Қорабайир ниҳоятда зўр, наслдор от эди. Унга ҳар қандай одамнинг ҳаваси келарди. У қишлоғимизда ҳар йили ҳосил байрамига бағишлаб ўтказиладнган пойгада бош совринни қўлга киритар, елиб бораётганда гўё туёқлари билан эмас, қанот чиқариб учаётгандай туюларди. Уни сотиб олишга қизиққанлар қанча эди. Акам ҳар гал уларга рад жавобини берар, ундайлар билан ҳатто қизишиб, муштлашиб кетишига сал қоларди. Охири ҳовиридан тушиб:
— Ахир тушунинглар, бу от эмас, менинг дўстим. Одам дўстини ҳам сотарканми? — деб оҳиста тушунтиришига ўтарди...
— Ака, менга бир иарса кўрсатмоқчи эдингиз, шекилли, — Қаҳҳор акамии қайгусидан бир зум чалгитиш учун унга мурожаат этдим.
— Ҳа-я, юр... — Акам мени оғилхонага етаклади. У ерга кирдим-у, оғзим очилиб қолди. Худди қорабайиримизга ўхшаган жигарранг, юзида оқ қашқаси бор, энди туғилган қулунча туришга мажоли келмай, тугмадай кўзларини менга қадаб чўзилиб ётарди.
— Вуй чиройлилигини... Бу қорабайиримизнинг боласими, ака?— деб сўрадим.
— Ҳа. Шуни туғди-ю, ўзи ўлди, — Акамнинг ички бир туғёндан овози ўзгариб чиқди. — Яхши ҳам насли қолди. Худо хоҳласа, бу шундай пойгачи от бўлсинки...

Сабрим чидамай, кулуннинг ёнига бориб ёлларни сийпадим. Қулоқ учларини қитиқладим.
— Эҳтиёт бўл, — деди акам хавотир аралага.

Уни кўриб қанчалик кўзим қувнаган бўлса, шунчалик раҳмим кела бошлади.
— Ака, буни энди қандай боқамиз?
— Йўлини қиламиз.

Акам ойим иситиб қўйган сутни шишага солиб, унинг оғзига сўрғич кийдириб қулун олдига келди.

Қулун анча вақт сўрғични огзига солишни истамади; типирчилаб қарши турди. Акам бўйнидан қучоқлаб, унга сўрғични мажбурлаб сўрдирди. Дулун ўзи ҳам сутнинг мазасини туйгач, оғзини чапиллата-чапиллата эма бошлади.
— Мана шундай... — деди акам қулунни эркалаб. Шишадаги сутни бўшатгач, қулун тўймаган каби акам олдига келиб ямланиб турди.
— Етади, ҳозирча етади. Ҳаммасини бирдан ичиб бўлмайди. Кейинроқ яна бераман, хўпми?

Кулун акамнинг сўзини англаган каби бош эгиб турарди.

Акам қулунчага Оқ қашқа деб ном қўйди. Аста-секин у ўса бошлади. Гоҳ акамга, гоҳ менга эргашиб юрадиган пайт ҳам келди.

Илк марта Оқ қашқанинг оғилхонадан чиққани эсим-да. У бирам ўйноқларди, гўё бу улкан дунёнинг кенглиги-ю, ёруғлиги уни ҳайратга солганди. У диконглаб, ҳовлини чир айланиб чопарди. Огилхона атрофида гўнг титиб юрган товуқлар ел тўзғитгандан тойчоқдан чўчиб, қанотларини ёзиб турли ёққа тарқалишди. Ҳўроз жангари чиқиб қолди. У қағиллаб қолмай, қанотларини ёзиб, бўйнини чўзиб, Оқ қашқа устига ташланди. Бундай хужумга учрарман деб ўйламаган Оқ қашқа довдираб, ўзини бир чеккага олди. Бироздан сўнг яна бошини кўтариб кишнаб олди-да, қуйруғини диккайтириб, ҳар томонга чопишда давом этди. Ичкаридан чиқиб келган акамни кўргач эркаланиб, унинг ёнига келди. Акам Оқ қашқанинг ёлларини сийпар экан:
— Бу ерда зерикаяпсанми, тойчоғим? Юр, сени ўртоқларинг олдига олиб бораман, — деди. Қизиқ, акам унга гапига тушунадигандай муомала қиларди.

Биргалашиб, Оқ қашқани етаклаб, қигалоқ четидаги сайхонликка йўл олдик. Бу ерда бир тўда биялар қулунларини эргаштириб ўтлаб юришарди. Кулунларнинг оёққа босганлари ҳам, анча тетиклашиб чопа бошлаганлари ҳам бор. Улар бир-бирлари билан қувишиб ўйнашар, сўнг кишнашиб, оналарини эмишга тушарди.

Оқ қашқа сайхонликка тушгач, янада яйраб кетди. Бир кишнаб олгач, дастлаб ўзининг яқинида турган қизил биянинг қулуни томон отланди. Унинг ҳам шодланиб, қарши олишини кутганди. Қулун эса бу ҳол ёқмагандай қулоқларини чимириб, онасининг ёнига келиб олди. Оқ қашқа яна унга суйкала бошлади. Қулун эса ҳамон бегонасирарди. Аксига олиб, бия ҳам Оқ қашқани ҳуркитиб, унга томон ваҳимали одимлади.

Оқ қашқа бошқа қулунларга ҳам суйкалиб кўрди. Улар билан ўйноқлагиси келди. Аммо бошқа қулунлар ҳам негадир уни ёнларига йўлатмасди. Уларни эркалайдиган оналари бор эди. Оқ қашқанинг эса... Унинг кўзларп инсон каби ўксик чақнарди. Назаримда у илк марта ёлғпзликнинг, онасизликнинг азобини туяётган эди.

Бнз сойликка тушиб, молларга ўт ўриб чиққунча, Оқ қашқа ҳув нарида ўтлаб юрган отлар уюридан яккаланиб, кенг сайхонликнинг бир четида кўм-кўк майса устида чўзилиб ётарди.
— Тойчоғим, сени сиғдиришмадими?— Акамнинг товушини эшитиши билан у дик этиб ўрнидан турди. Кишнаб-кишнаб унинг ёнига чопиб келди. Шундан сўнг ҳар доим акамнинг, акам бўлмаса менинг ортимдан соядай эргашиб юришни канда қилмади. Кўрганлар ажабланиб:
— Бу тойчоғинглар итга ўхшаб ортларингдан қолмайди-я, дейишарди.

Куз ҳам келди. Катталаша бошлагач, барча тойларнииг қирқилиш даври бошланди. Оқ қашқанинг ёлларини, қуйруғини текислаб кесгач, яна ҳам чиройлилашиб, кўркамлашиб кетди.
— Ишга киришадиган вақт ҳам келаяпти. Ҳадемай мен сени чопишга ўргатаман. Фақат сен дангасалик қилма, — деб акам Оқ қашқага мурожаат қила бошлади.

Аммо унинг умиди узилишига сал қолди. Бу вақтда Оқ қашқанинг энди етилиб келаётган даври эди. Бир куни унинг туёғига кўз солиб ҳайрон қолдим. Нақ ўртадан ёрилиб, сигир туёғига ўхшаб қолганди.
— Қандай қилиб жароҳатландинг? Кўз тегдими, тойчоғим. Сени оёққа бостириб бўлармикан?— Акамнинг ўша кунги ҳолатини тасвирлаш қийин эдп. Чайир юзи кўмирдай қорайиб кетганди. Аммо у қараб турмади. Илиқ сув билан бир неча бор ярасини ювди. Бечора жонивор оғриққа чидаёлмай, безгак тутгандаги каби бутун танаси билан дир-дир қалтирарди. Акам туёғининг ёрилган ўрнига чўчқа мойи суртиб, хасчўп кирмасин деб латта билан боглаб қўйди.

Уч-тўрт кундан сўнг қалтироғи ҳам камайди. Акам бот-бот Оқ Қашқа жароҳатига чўчқа мойи суркаб турди.

У тузала бошлади. Ҳатто эшик олдига чиқиб югурарлик ҳолга келди. Кўзга кўриниб, бироз семирди. Яна кўркамлаша борди. Оғриғини бутунлай унутди. Туёғи туташди. Энди югуртирса ҳам бўларди. Унинг бўртиб чиққан кўкрагига кўзи тушиб, акамнинг қувончига қувонч қўшиларди.
— Бундай от чопганда юқори сакрамайдн, тез чарчаб қолмайди, — дерди у.

Оқ Қашқа тўрт ёшга етганда акам уни турли пойгаларда қатнаштира бошлади.

У қишлоғимиздаги ҳосил байрамига атаб ўтказилган пойгада илк қатнашган куниёқ биринчиликни олди.

Оқ Қашқа кейинчалик кўп пойгаларда ғолиб келди. Уни кўриб кўпчиликнинг кўзи қувнади. У пойгада фақат голиблик учун яратилгандай эди. Аммо ҳеч бир нарса абадий эмас экан.

Ўтган йилги пойгада Бўтакўз лақабли от биринчи келди... Бу йил ҳам ўша жонивор ғолибликни қўлдан бой бермади. Оқ Қашқа эса ўтган йили учинчи ўринда келган бўлса, бу йилги пойгада бахтга қарши охирги ўринни эгалласа бўладими.
— Тойчоғим, энди қаридинг. Сенга дам олиш учун фурсат етди, — деди акам унга ачиниб қараркан.

... Табиатни яшилликка буркаб яна баҳор келди. Қуёшли кунларда эриган қўрғошиндай ялтиллаб ариқларда сувлар тўлиб-тошиб оқди. Далалар чучмома-ю, лолақизғалдоқларга бурканди. Наврўз бутун оламга баҳорий кайфият улашди.

Мана бугуи Наврўзга атаб қишлоғимизда кўпкари ўтказилмоқчи. Катта шодиёна бўлиши кутилмоқда.

Оқ Қашқа буни сезгандай эрталабдан бери тинчини йўқотган. Гоҳ пишқиради, гоҳ китинайди. Оғилхонада ўзини қўярга жой тополмасди.
— Эҳ, жонивор. Тинчлан-тинчлан. Наҳот сезаётган бўлсанг. Тақдир шундоқ бўлса бизнинг қўлимиздан нима келарди, — отнинг ёлини, бўйнини сийпаб акам унга гапирарди. — Бугун пойгага қатнашмаганинг алам қилаяптими? Алам қилмасии. Ҳаёт ана шундай шафқатсиз. Майли, бугун кенгликка бор. Югуриб-югуриб ўйна.

Акам Оқ Қашқани қирга ташлаб келди. Боя оғилхонадан чиқаётганда отимизга синчиклаб разм солдим. Чиндан ҳам унинг қайғудалиги сўниқ, жовдираб чақнаётган кўзларидан сезилиб турарди.

Қишлоғимиздаги Наврўз нишонланаётган кенг ялангликка мен истар-истамас бордим. Майдон ҳар доимгидан оломон билан тўлган. Халқ сайли бўлаётган эди. Кўнгил очар турли ўйинларнинг бирортаси қалбимга ўтиригаманди. Дилгир эдим. Балки отлар пойгасида илк бор Оқ Қашқани учратаолмаслигим алам қилаётгандир. Шундай бўлса-да пойгани томоша қилишга жазм қилдим. Ҳарчанд уринмап халойиқ ичидан акамни қидириб тополмасдим. «У бугун Наврўз байрамига келмаса керак, »— деб ўйлагандим. Аммо у келди. Юзида маъюслик аломати.

Отлар ҳали қўзғалмаган. Ҳозирча улар ҳам томоша қилишга ҳозирланган халқ орасида эди. Эрйигитлар жониворларни узоқроқ бориб ҳам, яқинроқ келиб ҳам томошо қилишарди. Сўнг қайсиниси биринчи келади — дея баҳслашишга тушишарди.

Бир сафга тизилган отлиқлар учун ниҳоят пойга бошланди.

Отлар енгил қадам ташлаб олға интилдилар. Халойиқнинг шов-шуви кучайди.

Узоқларга олиб, кўздан ғойиб бўлаётган отларнинг туёқларидан кўтарилгап чанг-тўзон босилишга улгурмай, жуда яқиндан яна бир отнинг кишнагаи товуши эшитилди.

Кимдир:
— Уни қаранглар! Бу Оқ Қашқа-ку, — деб қичқириб юборди. Юрагим «шув» этди. Акам ҳам тошдай қотиб қолганди. Ниҳоят, эс-хушини йиғиб
— Қаёқдан пайдо бўлиб қолди экан у? Наҳотки қирдан атайлаб келган бўлса, — деди. Майдонга югуриб чикиб, унинг йўлини тўсмоқчи ҳам бўлди. Аммо кеч қолган эди.

Оқ Қашқа эса ўзини йўқотган куйи терга ботиб, шиддат билан отлар кетган томонга йўртиб борарди. Кўп ўтмай у ҳам кўздан йўқолди.
— Наҳот у ўзини-ўзи ҳалок қилмоқчи... Энди бу ёғи қандай бўлади?— Акам йиғлагудай бўлиб гапирарди.

Дақиқаларнинг ўтиши жуда қийии бўлди. Акам эса ич-этини еб борарди.
— Ана отлар келаяпти! Отлар... !

Бу сўзлар акам икковимизнинг қалбимиздаги ярани тирнаб қонатгандай бўлди. Умидсиз қиёфада майдонга термулдик.

Бу пойгада ҳам биринчиликни «Бўтакўз» олди. Бошқа отлар ҳам бирин-кетин пойгани тугалладилар. Фақат Оқ Қашқагина кўринмасди.
— Нега у келмаяпти?— Акам юраги така-пука бўлиб, жойида ўтиролмай қолди. Мен ҳам бирор нохуш ҳодисани сезгандай бутун баданим бўшашиб кетди.
— Қани юр-чи?..

Иккимиз ҳозиргина от чопган шудгорли майдон узра югуриб кетдик.

Зил-замбил оёқларим кўпчиган тупроққа ботиб, тобора ўзимга бўйсиниши қийинлашиб борарди. Шундай бўлса-да, нафасим тиқила-тиқила олдинда чопиб бораётган акамдан қолмасликка ҳаракат қилардим.

Ниҳоят узоқдан бир нарса қорайиб кўринди. «Наҳотки Оқ Қашқа..?» — Вужудим жимирлашиб кетди. Кўзларимга ишонмай қолдим...

... Оқ Қашқа иягини чўзиб, ерда қора терга кўпчиб сулайиб ётарди. Кенгайган бурун катагидан эса иссиқ буғ кўтарилар, кўзлари эса тобора олайиб борар, назаримизда бу кўзлар абадий юмилишдан олдин бизни кўриб қолишга фурсат кутаётган эди.

Охири унинг кўзлари юмилди. Нафаси эса чиқмай қолди.
— Оқ Қашқа, Қашқагинам, — ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим.

Акамнинг ҳам кўзларидан тирқираб чиққан ёш абадий уйқуга кетган Оқ Қашқа устига томди...

Кенг шудгорда бир тўда қарғалар бизнинг аянчли ҳолатимизга бепарво юмшоқ тупроқни чўқишиб, ем титқилаб юрарди.