OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУмар Сайфиддин
Асар номиБадал (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Умар Сайфиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДавронбек Тожиалиев
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/23
Манбаhttp://adabiyot.com/tarjima...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бадал (ҳикоя)
Умар Сайфиддин

Фақатгина тор эшигидан зўр-базўр ёруғлик кирадиган устахонада кечаю кундуз учқунлар сачратиб ишлайдиган Хўжа Али инидан чиқмайдиган хонанишин арслонни эслатади. У узун бўйли, кенг елкали, паҳлавон келбатли одам. Ўн йилларки, устанинг мана шу нимқоронғи дўконида ясалган қиличу тиғлар Онадўли ва Румели оша қўшни юртларда ҳам машҳур бўлган.

Ҳатто Истамбулда яничарлар[1] ҳам ўзлари сотиб олаётган яроғу шамширларидан «Али Уста» деган тамғани қидиришади.

Уста пўлат тоблашнинг ҳадисини олганди. У ясаган узун қиличлар, дудама ханжарлар тошни кесгудек ўткир эди. Пўлат тоблаш санъатининг фақат устанинг ўзи биладиган сири бор эди. У шогирд олмас, кишилар билан кўп гаплашмас, дўконидан ташқарига чиқмас, тинимсиз ишларди. Уйланмаган, қариндоши, яқинлари йўқ. Шаҳарнинг ажнабийси эди у. Уста гўё қилич, «темир», «пўлат», «оташ»дан бошқа сўзни билмасди. Савдолашмас, мижозлари берганини оларди. Фақатгина уруш пайтлари ўчоғини сўндириб, дўконини қулфлар ва кўринмай қоларди. Уруш тугагандан сўнг яна пайдо бўларди. Шаҳарда у ҳақда турли миш-мишлар юрарди. Кимдир уни «жаллод қўлидан қочган олим» деб атаса, яна кимдир «севгилиси ўлгани учун дунёдан қўл силтаган мажнун» деб таърифларди. Тим қора кўзларининг мағрур боқишидан, аслзодаларга хос мулозаматидан, камгап-у, аммо равон ва чиройли сўзлашидан у оддий одамлардан эмаслигини тахмин қилиш мумкин эди. Аммо у ким, қаердан келиб қолган? Бу саволга жавоб бера оладиган оқил йўқ эди. Шунга қарамай, халқ уни севарди. Шаҳарда бундай машҳур устанинг борлиги ҳамма учун фахр эди.
— Бизнинг Али…
— Буюк уста…
— Дунёда тенги йўқ…
— Зулфиқор сирининг соҳиби…

Шундай мақтовлар айтиб чарчашмасди одамлар у ҳақда.

Али қалин ва қаттиқ темирни ҳам маккажўхори япроғи каби юпқа, қоғоздек юмшоқ қиладиган санъатини ҳеч кимдан ўрганмаган, ўзи кашф қилгандек эди гўё …

Ўн икки ёшидаёқ амалдор отасининг боши олиниб, у етим қолганди. Тоғаси жуда бой, аммо қалби қашшоқ, қабиҳ феълли вазир эди. Уни ёнига олди. Ўқитишни истади. Балки етим жиянини ўз қарамоғига олиб, катта-катта мансабларга чиқаришни режалаштиргандир. Аммо Алининг табиатига бошқаларга тобе бўлиш мутлақо ёт эди.

«Мен ҳеч кимга ялинмайман», дерди у ўз-ўзига. Бир кеча тоғасининг ҳовлисидан қочди. Кимсасиз етимча тоғлар ошди, адирлар, дараларни ортда қолдирди. Номини билмайдиган ўлкаларда кезди. Ахийри, Эрзурумда қари бир темирчига шогирд тушди. Ўттиз ёшига қадар Онадўлида у кезмаган шаҳар қолмади. Ҳеч кимга бўйин эгмади, бировдан таъма этмади. Нонини тошдан чиқарди. Пешона тери билан тирикчилик қилди, пул учун эмас, санъат завқи учун ишлади. Пўлатни тоблаш унинг севган машғулоти эди. Кўнгилли равишда жангларга борган пайтлари яничарлар, сипоҳийлар, сакбонлар[2] қўлида ўзи ясаган яроғларни кўриб, тил билан англаб бўлмас ажиб бахтни ҳис қиларди. То ҳаёт экан, тинмасдан ишлаб, яна неча минг ғозий учун синмас қиличлар, ўқ ўтмас қалқонлар, тошни кесадиган шамширлар, зирҳлар ясашни мақсад қилганди. Буни ўйлаганда кулимсирар, юраги шодон урар, қалбидаги ҳарорат сандондан сачраётган учқунларга кўчарди.
— Тақ-тақ!..
— Тақ-тақ!..
— Тақ-тақ!..

Бугун ҳам бомдод намозидан сўнг берилиб ишлай бошлади. Ясаётган эгри тиғли қиличини сандон ёнидаги сувдонга тиқди. Сўна бошлаган оташга қаради. Болғасини ташлаб, пешона терисини артди. Шу маҳал уйи яқинидаги масжиддан мафтункор шом азони эшитила бошлади, муаззиннинг чақириғига мўри тепасидаги уядан паноҳ топган лайлакларнинг шовқини қўшилди. Асрдан бери таҳоратли эди. Фақатгина қўлларини ювди. Қуритди. Ҳулласини устига ташлади. Ташқарига чиқди. Эшикни яхшилаб ёпди. Қулфлашни лозим топмади. Узун майдон бўйлаб тўғри масжид томон юрди…

Шаҳар четидаги бу кўримсиз ибодатгоҳга кўпинча йўқсиллар келишарди. Масжид минораси кўчага қараган, муаззин ҳар куни беш маҳал минора ойнасидан бошини чиқарганча нажотга чақирарди.

Хўжа Али масжидга кираркан, жамоат ҳар қачонгидан ҳам кўп эканини сезди. Ҳар доим фақат учта чироқ ёқилгани ҳолда, бугун худди Рамазондагидек ҳамма чироқлар порлаб турарди. Ҳали намозга сафланилмаган эди. Эшик ёнига ўтирди. Ёнида паст овоз билан гаплашаётган кишиларнинг суҳбатига беихтиёр қулоқ тутди. Кўнядан икки ғариб дарвешнинг келганини, хуфтон намозига қадар «Маснавий» ўқишларини эшитди.

Намоз ўқилганидан кейин жамоатнинг бир қисми чиқиб кетди. Хўжа Али жойидан қимирламади. Бироз боши оғриётганди. «Зора, «Маснавий»ни тинглаб, дардим ариса» — деб ўйлади. Икки дарвешнинг ўқиган маснавийларидан кўнгли роҳатланди, қалбига сокинлик инди. Ҳар бир ошиқ каби унинг ҳам юрагида ўзидан кечиш даражасида шавқу завқ бор эди. Кичик бир сабабдан-да жўшарди. Маъносини таърифлаб беролмайдиган сўзнинг сирли уйғунлиги турғун қонини булоқ сувидек қайнатарди. Вужуди сабабсиз тебраниш билан титрар, ҳиқичоқ тутиб, бўғзига ёпишиб қолгандек эди.

Хуфтон намозини ўқиб, масжиддан чиққач, тўғри дўконига қайтмади. Сайр қилди. Уйқуси келмаётганди. Илиқ, юлдузли ёз кечаси эди. Сомонйўли сариқ олтин каби кўзни олар, булут каби кўкнинг у томонидан бу томонига сузарди. Узоқ юрди. Шаҳар ташқарисига олиб чиқадиган йўлдаги тахта кўприкда тўхтади. Кўприк четига суянди. Кенг дарё сатҳида аксланган юлдузлар нур таратиб порлар, атрофдан қушлар сайрагани эшитиларди. Ўйга ботди.Узоқ туриб келди. Яқиндагина тинглаган маснавий оҳанглари таъсиридан чиқа олмас, ўзидан кетадигандек алфозда эди. Бирдан орқасидан баланд овозда кимдир бақиргани эшитилди:
— Ҳой, менга қара, кимсан?

Уста ширин уйқудан уйғонгандек чўчиб ўзига келди. Орқага қаради. Кўприкнинг нариги томонида икки-уч кишининг шарпасини кўрди. Улардан бири саволини такрорлади:
— Ҳой, кимсан ўзи?
— Али…

Шарпалар яқинлашди. Бир қадам қолганда уни кийимидан танидилар:
— Сизмисиз, Уста Али?
— Ҳа, менман.
— Бемаҳалда бу ерда нима қидиряпсиз?
— Ҳеч нарса…
— Ҳеч нарса? Сувга болғангизни тушириб юбордингизми?..

Булар шаҳарнинг тунги қўриқчилари эди. Уста нима дейишини билмай гангиб қолди. Кечалари кўкнори чекиб юрадиган бу дайдилар унинг кўзига ўғри, каззоблардан-да қўрқинчли кўриниб кетди. Улар кечаси ўзларидан бошқа бирор кимсанинг юрганини кўрсалар, тутиб олиб, дўппослашдан ҳам тоймас эди. Лекин устага тегмадилар. Қўриқчилар бошлиғи:
— Уста Али, сен телба бўлиб қолмадингми? — деди беписандларча.
— Йўқ…
— Ярим кечаси, хуфтондан сўнг бирор кимсанинг дайдиб юришига хўжайинимиз изн бермаслигини биласанми?
— Биламан.

Қўриқчилар унинг номусли одам эканлигини билардилар. Қаттиқ муомала қилишмади. Фақатгина:
— Энди уйингга бор, бу ерларда дайдиб юрма, — деди.

Уста келган йўлидан тез-тез юриб уйига қайтаркан, тинглаган маснавий оҳангларини такрорлаб борди. Узоқдан итларнинг безовта вовиллаши тун сукунатини бузарди. Йўлда ҳеч ким учрамади. Дўкони ёнига келиб тўхтади. Уста шарпа каби узоқ туриб қолди. Эшиги қия очиқ эди. Уйдан чиқаркан, эшикни яхшилаб ёпганини эслади:

«Қизиқ… Балки шамол очгандир», — хаёлдан ўтказди у.

Қўлга илингулик нимасиям бор эдики, уйига ўғри тушса.

Ичкаридан эшикни ёпди. Қўриқчиларнинг ишидан қалби ранжиган эди. Бу шаҳарда яшамоқ ҳам тутқунликдек гап. Ҳатто тоғнинг нариги томонидаги қишлоқда ҳам ишлай олмасанг! Жисмида оғир чарчоқни сезди. Чироқни ёқишга ҳам эринди. Ўчоғи ёнидаги супага чиқди. Айиқ пўстинидан бўлган кўрпасини ёпинди, беҳол оёқ узатди.

Қанча фурсат ухлаганини билмайди, шовқиндан сесканиб уйғонди. Эшик тақиллаётганди.
— Ким у? — деди у уйқу аралаш.
— Оч эшикни тезроқ!

Тонг отганди. Эшик тирқишларидан оппоқ нурлар сизиб кирарди. У ҳеч бунақа ухлаб қолмас, доим қуёш чиқмасидан аввал уйғонарди. Эринибгина турди. Супадан сакраб тушди. Оёқ кийимини тополмай куймаланди. Кейин шошиб эшик ёнига келди. Кўнглида минг бир гумон билан эшикни очди. Бирдан дўкон эшигидан тушган нур ойдинлигида мўйловдор, салла кийган қўриқчилар бошлиғини кўрди. Унинг орқасида кигиз кулоҳли, қўш ханжарли ёш шотирлари ҳам турарди. Уста «Нима керак сизларга?» дегандек чақирилмаган меҳмонларга боқди. Қўриқчибоши:
— Уста Али, дўконингни тинтув қиламиз! — деди қатъий.

У ҳайрон бўлиб сўради:
— Нима учун?
— Тунда Будак Бейнинг оғилхонасида ўғрилик бўлган. Шунинг учун!
— Ўғрилик cодир бўлса менга нима?
— Ўғриланган бир қўзини кўприкнинг олдида сўйганлар. Чарм ҳамён ичидаги пулларни олиб, бир донасини у ерда қолдирганлар.
— Хўш, менга нима?..
— Ўша тангалардан бирини тонгда дўконинг ёнидан топдик. Кейин… Остонага қара. Қон излари бор!

Хўжа Али уйқу аримаган кўзлари билан эшиги остонасига боқди. Ҳақиқатан қон доғлари бор эди. У қон изларига паришон кузатаркан, мўйловдор қўриқчи:
— Кечаси сени кўприк устида кўргандик, нима қидираётгандинг у ерда? — дея саволга тутди.

Хўжа Али яна индамади. Қўриқчибоши:
— Дўконни тинтиб чиқинглар! — деб ёрдамчиларига буйруқ берди.

Сандоннинг ёнидан ўтаётган қўриқчилардан бири бақириб юборди:
— Бу ёққа қаранглар! Мана, мана!

Хўжа Али қўриқчининг қўлидаги янги шилинган терини кўрдию ҳайрон қотди. Қўриқчи танга топган гадойдек мамнун қиёфада терининг ичини очди. У ҳали қуримаган ҳам эди. Бир оғасининг, бир айбдорнинг юзига қаради.

Қўриқчибоши дарғазаб оҳангда устани тергов қилишга тушди:
— Ўғрилаган пулларни қаерга яширдинг?
— Мен ўғрилик қилмадим.
— Бўлмаса мана бу тери дўконингга қаердан келиб қолди? Мен сўйиб ташлаб қўйибман-да!

Уста Али карахт ҳолда жавобсиз турарди.

Устани сувбошининг[3] ёнига олиб боришганида ҳам кеча кўприкнинг устида нима қидирганини айтмади. Топилган барча далиллар унинг зарарига ишлади. Ўша тунда Будак Бейнинг беш юзта қўйга етгулик пули ҳам ўғриланган эди. Икки бақувват ўғри чўпонни боғлаб, дўппослаб кетганди. Эртаси куни қозининг ёнида калтак зарбидан ҳали ҳам ўзига келолмаган чўпон ўғрилардан бири Хўжа Алига ўхшашига шоҳидлик берди. Тунда алламаҳалгача кўприк ён-атрофида юргани, ашёвий далил — қўзи терисининг дўконидан, тангалардан бирининг эшиги ёнидан топилгани Хўжа Алини айбдор деб эълон қилиш учун етарли бўлди. Қанча инкор этса ҳам, далиллар унга қарши сўйларди.

Устанинг ўнг қўлини кесишга қарор қилдилар.

Бу қарорни эшитиб Алининг ранги ўчиб кетди. Беихтиёр лабларини қаттиқ тишлади. Алҳол, қарорга бўйин эгишдан бошқа чораси йўқ эди. Қоқиниб-туртиниб ўрнидан турди. Аммо шунда ҳам мағрур овоз билан қозидан қўли эмас, боши кесилишини илтимос қилди. Эҳтимол, бу унинг умри давомидаги биринчи илтимоси эди. Бироқ қози адолатли киши эди.
— Йўқ, ўғлим, — деди у вазминлик билан. — Сен одам ўлдирмадинг. Агар чўпоннинг жонига қасд қилганингда, унда сени ўлимга ҳукм қилардик. Бу жазо айбингга кўрадир. Ўғрилик учун қўлинг кесилади. Ҳақнинг қонуни шудир. Қонунлар бузилган ер кўкармайди…

Хўжа Алининг қўли бошидан ҳам керакли эди. Мана шу қўллари билан ҳарб майдонида курашган мингларча ғозийга пўлат қалқонларни парчалайдиган, оғир зирҳларни бузадиган, темир дубулғаларни иккига бўладиган пахтадек енгил қиличлар ясаган эди.

Уни қўриқчихонанинг ертўласига қамадилар. Жазо куни келгунича ўша ерда яшади. Ҳеч овозини чиқармас, энди сандон ёнида болғасини уролмаслигини ўйлаб, қўли ҳозирдан шол бўлиб қолгандек эди. Қўлининг бадалини тўлагани пули ҳам йўқ эди. Шу кунга қадар дунё йиғиш учун ишламаганди у.

Аҳли шаҳар Хўжа Али каби буюк устанинг қўли кесилишини эшитиб мутаассир бўлди. Бу қадар истараси иссиқ, мард, меҳнатсевар, кучли бир инсоннинг умр бўйи ногирон бўлиб ўтишига туйғусиз кўнгиллар ҳам тоқат қилолмасди.

Сипоҳийлар ўзларига бебаҳо қиличлар ясаб берган устани қутқаришга келишиб олишди. Шаҳарнинг энг катта бойи Ҳожи Меҳметга мурожаат қилишди. Бу одам Қорундек мол соҳиби бўлса ҳам, ўта бахил эди. Дунёси кўп бўлса-да, ҳали ҳам бозордаги кичик бир дўконда қассоблик қиларди. Ҳожи Меҳмет ҳар галгидек ўзини тарозига солди, инжиқлик қилди. Энсаси қотди. Бошини тебратди. Аммо сипоҳийлар билан келишмаса бўлмасди.
— Унинг қўли учун бадал тўлайман. Аммо бир шартим бор, — деди у мажбурият остида кўнган одам қиёфасида.
— Қандай шарт?
— Боринг, ўзи билан гаплашинг. Агар менга ўлгунимча пул олмасдан шогирдлик… хизматкорлик қилишга рози бўлса…

Сипоҳийлар Ҳожи қассобнинг шартини Хўжа Алига етказдилар. У қассобликдан буткул бехабарлигини баҳона қилди. Бундай ёқимсиз шартни қабул этишни истамас эди. Сипоҳийлар:
— Қассоблик ҳам ишми? Пўлатни мумдек эритиб, қиличлар ясаган одам боғланган қўйни сўя олмайдими?

Уста учун қулга қул бўлиш, беш кунлик дунёда бировнинг кўнглига қараб яшаш энг оғир кулфат эди. Ўсмирлик пайтидаёқ вазир тоғасининг ҳотам¬той¬лигидан воз кечиб, бировнинг қарамоғида қолмаслик учун ғурбатли ҳаётга ҳам рози бўлган эди-ку! Энди бу кўр тақдир уни кимга қул этмоқда?!

Сипоҳийлар:
— Ҳожининг ёши етмишдан ошган. Энди яна қанча яшарди? У ўлгандан сўнг сен яна озод бўлиб, бизга қилич ясайверасан. Кўп ўйланма уста, ўйланма! — дея унга тасалли беришарди.

Ҳожи қассоб кесиладиган қўл бадалини қозига тўлаб, Хўжа Алини дўконига эргаштириб келди. Қассоб жуда ҳам инжиқ, мижғов одам эди. Хасислигидан ҳозирга қадар бир хизматкор ёки шогирд олмаган эди. Дўконининг бурчагига янги хизматчиси учун жой қилиб берди. Саховат кўрсатиб, устанинг қўлига бир тўшак тутқазди.

Шу кундан жамики юмушларни унга қилдиришни бошлади. Бомдод намозидан олдинроқ шаҳардан икки соат узоқликдаги оғилхонасидан қўйларни олиб келишни буюрар, сўйдирар, нимталатар ва Алининг ўзига сотдирар эди. То шомга қадар тинмасдан иш буюрарди. Ҳар куни едириб-ичиргани эса янчилган буғдой шўрваси эди. Баъзида ўзидан ортганларини итга отган каби унга берарди. Кечқурун дўконни ёғ тушса ялагудек тозалатар, кўзи илинар-илинмас, уйғотиб эртанги кун учун қўй олиб келишга юборарди. Ўрмондан ўтин кесиб келиш ҳам унинг вазифаси эди. Сув ташир, ҳовлидаги чиқиндилар қудуғини тозаларди.

Хўжа Али бойнинг ёвғон шўрвасию турфа қийинчиликларга йилларча тоқат қила оларди. Аммо Ҳожи қассоб икки гапнинг бирида:
— Лапашанг Али! Қўлингнинг бадалини мен бердим. Йўқса ногирон бўлиб қолардинг, — деб миннат қилишига чидолмасди. Бир неча кун тишини тишига қўйди. Тинмай ишлади. Қуш уйқусига қаноат қилди. Кундузлари ҳам югуриб-елиб хизмат қилди. Хўжайиннинг қаршисида таъзимда бўлди. Аммо миннат деганлари мияга тушган қуртдек тинчлик бермасди:
— Қўлинг учун бадални мен тўладим.
— …
— Йўқса қўлсиз қолардинг!
— …
— Менинг сояи давлатимда тўрт мучанг соғ.
— …

Ҳожи қассоб миннатли сўзларни худди салом каби тилига ёпиштириб олганди. Ҳар буйруғи бажариб бўлинганидан сўнг кир соқолли, чиркин ва қотма юзини буриштириб, кўк кўзлари билан унга бошдан оёқ разм солиб, «Ёдингда тут, сен менинг асиримсан!» дея яна бадални эслатарди. Хўжа Али индамас, аммо унинг юраги парчаланган, кўксини аччиқ-аччиқ аламлар кемирарди. Кечалари ухламасдан, кундузлари ишлаб, кушхонада қўйларни сўйиб, харидорларга гўшт сотаркан, «Нима ҳам қила олардим?» деб ўйлар, дадил қарорга келолмасди.

Қочишга ғурури йўл қўймасди. Шундай йўл тутса, ҳақиқатдан ўғрилик қилган бўлиб қоларди. Аммо унинг бошига тушганлари ўлимдан ҳам мудҳиш, ўлимдан ҳам оғир эди…

Ҳожи қассобга қул бўлганининг биринчи ҳафтаси ўтганди. Жума куни эди. Одатдагидек, тонг ёришмасдан қўйларни сўйиб, дўкондаги илгакларга осган эди. Уста Али қассобхона растасининг чап томонидаги катта қора тошда пичоқ ўткирларди. Ҳали хўжайин келмаганди. «Нима қиламан? Қандай йўл тутиш керак?» дея чеки йўқ ўй-хаёлларга берилиб, қассобнинг келганини ҳам билмай қолди. Унга таниш нохуш бўғиқ овоз ҳушига келтирди:
— Нима қиляпсан, ҳей?

Хўжайин тамакисини тутатганча Алига ўдағайлай кетди:
— Танбал, ландовур! Эрталабдан бери нима қилдинг ўзи?

Индамади. Бу митти, хоин кўзларга тик қаради. Қария кутилмаган ўтли қарашдан бир зум ўзини йўқотди:
— Нега бундай қараб қолдинг?
— …

Хўжа Али cас чиқармас, беш йиллик, балки ўн йиллик меҳнатни бир ҳафтада бажарган одамни танбалликда айблашдан уялмаган бу разил кимсага нафрат ила қарарди. Устанинг кўксини яна алам тилар, асаби қақшарди. У бутун танасига ёйилган қаҳру ғазабни сўндириш учун бир он кўзларини юмди. Титроқлар босилгандек бўлди. Ҳожи қассоб тамакисини ташлаб, хизматчисининг оғир нигоҳларидан қутулиш учун минғирлади:
— Қўлинг бадалини берганимни унутдинг, чоғи. Мен бўлмаганимда ҳозир ҳеч ишга ярамайдиган ногирон бўлиб қолардинг…

Хўжа Али аччиқ кулимсиради. У қассобнинг хаёлига ҳам келмаган қарорни қабул қилиб бўлганди. Ортига ўгирилди. Ҳозиргина ўткирлаган пичоқларининг энг каттасини олди. Қўлини гўшт нимталанадиган катта тўнка устига қўйди. Кўзини чирт юмганича пичоқни қўлига шундай туширдики… Хўжа Али қатъият ва совуққонлик билан кесилган қўлини тутди. Кўрганларидан даҳшатга тушиб қалтираётган Ҳожи қассобнинг олдига борди:
— Сен мана шу учун бадал берганмидинг?! Ол, мана сенга бадалини тўлаган нарсанг!..

Хўжа Али чопонининг қўлсиз қолган енгини боғлаб, тугун қилиб олди. Шахт билан дўкондан чиқди…

Устанинг бир замонлар келган жойи каби кетган ерини ҳам ҳеч ким билолмади.

1910


  1. Яничар — усмонли туркларнинг сараланган ҳарбий бўлинмаси аскари
  2. Сакбон — чегара қўшинлари жангчиси
  3. Сувбоши — Усмонли турк давлатида шаҳар мудофаасига масъул бўлган амалдор