OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУмар Сайфиддин
Асар номиИлк жиноят (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Умар Сайфиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДавронбек Тожиалиев
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Илк жиноят (ҳикоя)
Умар Сайфиддин

Мен ғурбат, алам ичида яшаган одамман. Бу қийинчиликлар ўзимни таниган пайтимдаёқ бошланган. Ўшанда тўрт ёшга ҳам тўлмагандим. Қилган ёмонлигим туфайли виждоним азобида - ёна бошлаган сўнгсиз жаҳаннам оташи ичида ҳамон қовуриламан. Мени ташвишга солган бу ҳодисани ҳамон унутмадим. У хотирамда абадий қайғу-алам бўлиб муҳрланиб қолган.

* * *

Ҳа, ўшанда тўрт ёшга ҳам етмагандим. Ундан аввалги воқеаларни эслолмайман. Ҳушимни танибманки, худди чақмоқдек бошимга балолар кела бошлаганди. Толстой тўққиз ойлик чақалоқлик пайтида уни ҳаммомга олиб киришганини хотирлайди. Унинг илк эслагани қандайин ёқимли! Меники эса мудҳиш қайғу билан бошланди. Менинг илк хотирлаган нарсам ширкат қайиғи эди. Ҳамон кўз олдимда: гўё энди тугиълдим, онамнинг қучоғидаман… Онам ёнидаги сариқ сочли ёш хоним билан кулишиб гаплашар, сигарет чекишарди. Онам сигарасини ингичка кумуш идишга солиб олганди. Менга бу қутини беришини истадим.
— Ол, аммо оғзингга солма, - деди.

Менга бу қутини бериб, сигарасини денгизга отди. Ёз пайти эди. Нурли, қуёшли ҳаво… Онам гаплашаркан, узун юнгли мовий елпиғичини тез-тез айлантирарди. Кумуш қутининг халқасига бармоғимни тиқиб, онам кўрмаган пайти учини оғзимга солар, тишлар эдим. Онам гаплашаётган хонимнинг ёпинчиғи мовий эди… Менинг кийимим оппоқ эди. Бошим очиқ. Сочларим кўп. Тўзиб кетган эди. Онам сочимни тартибларкан, бошимни юқорига кўтардим. Қуёш нурлари тушиб турган чодирнинг чеккасида қўл катталигидаги соя қимирларди.
— Қара, қара, - дедим.

Онам ҳам бошини кўтариб:
— Қуш қўнибди, - деди.

Қушни тутиб беришини истадим.
— Тутиб бўлмайди, - деди.

Мен яна сўзимда туриб олдим. Онам шамсияси билан бу соянинг остига урди. Аммо соя қимирламасди. Онам ёнидаги хонимга ўгирилиб:
— Қочмади.
— Қизиқ, нега қочмади?
— Учолмайдиган полапон бўлса керак.
— …
— Қушни олиб беринг, - дея онамга ёпишиб олган эдим.

Онам елпиғичини ташлаб, ўрнидан турди-да, мени қўлтиғимдан тутиб, кўтараркан деди:
— Ҳуркитиб юбормасдан тут, хўпми!

Бошим соябоннинг матосига яқинлашаркан, кўзларим қамашарди. Қўлимни узатдим. Тутиб олдим. Бу оппоқ бир қуш… Онам қушни қўлимдан олиб ўпди, сариқ сочли хоним ҳам ўпди. Мен ҳам ўпаяпман.
— Оҳ, бечора полапон.
— Балиқчиқуш полапони.
— Ҳали уча олмаса керак.
— Денгизга тушиб кетса ўлиб қоларди.
— …

Бошқа хотинлар ҳам суҳбатга аралашиб, «яшаб кетолмаса керак», - дердилар. Онам эса бу оппоқ қушни «оҳ, бечора, оҳ, бечора» деб сийпалагандан сўнг менга берди.
— Уйга олиб борсак, балки яшаб кетар, - дерди онам. – Аммо бўгиб қўйма уни.
— Бўгмайман.
— Бўлмаса авайлаб ушла.

Кумуш қутисидан яна сигара чиқарди. Ёнидаги хотинлар яна суҳбатга тушиб кетишди. Қушчамнинг патлари шунақанги оппоқ эдики… Патларини силай бошладим. Қанотларининг қаттиқ жойи ҳам яққол сезилиб турар, оёқлари қирмизи эди. Қочиш учун ҳеч ҳаракат қилмас, мендан ажралмас эди. Кўзлари юм-юмалоқ. Қизил тумшуғининг четида худди сариқ мева пўчоғи каби бир из бор эди. Бўйнини буриб орқа томонига қаради. Мен у пайтда онамга қараётган эдим. Онам ёнидаги хоним билан гаплашаётган эди. Мен билан иши йўқ эди.

Мен қушнинг нозик бўйнини аста қўлим билан чўза бошладим. Бутун кучим билан уни боғдим. Қанотларини очдим. Бошқа қўлим билан уларни ҳам тортдим. Қип-қизил оёқлари тиззамга ботар эди. Қаттиқ сиқардим. Қушнинг тумшуғи титраб, очилиб-ёпиларди. Тили осилиб, ташқарига чиқар эди. Юмалоқ кўзлари эса каттариб-кичиклашар, сўнг сўниб борарди… Бирдан қўлларимни очдим. Оппоқ қушчамнинг ўлиги пақ этиб ерга тушди.

Онам ўгирилиб, ердан ҳали совимаган маъсум қушчани олди. « Оҳ… Ўлибди!..» дегандан сўнг менга тик қараб:
— Нима қилдинг? – деди.
— …
— Бўғдингми?
— …
— Қани гапир.
— …

Жавоб бермасдан овозимни чиқариб йиғлашга тушдим. Онамнинг қўлидаги оқ қушни сариқ сочли хоним олиб:
— Оҳ, нима гуноҳи бор эди! – деди.
— …
— Бечора…
— …

Бошқа хотинлар ҳам суҳбатга аралашдилар. Қаршимизда ўтирган ёши катта, семиз аёл жиноятимни ошкор қилди:
— Бўғди. Валлоҳи, кўрдим, қандайин ёвуз бола…
— …

Онам сарғайиб кетган, овози титраб чиқарди.

«Оҳ, инсофсиз!» дея менга аччиқ нигоҳини ташлади. Яна баттар йиғлай бошладим. Шу қадар йиғладимки… Мени йиғидан тўхтата олмадилар. Қачон, қаерда, қандай тинганимни ҳозир хотирлай олмайман. Худди умр бўйи йиғлаб ўтадигандай эдим.

Ақлимни таниб-танимай бу жиноямни қилганимга мана, ўттиз йилдан ошди. Ҳозир ширкат қайиқлари сатҳида ўтирарканман, қачон балиқчиқуш кўрсам, бирдан қувончимни йўқотаман. Чақалоққа ўхшаб йиғлагим келади. Юрагимда оғриқ пайдо бўлиб, кўксимни тилаверади.

«Оҳ, инсофсиз!» дея мени уришган онажонимнинг танбеҳини эшитгандек бўламан.