OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУмар Сайфиддин
Асар номиҚизил дурли кўйлак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Умар Сайфиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДавронбек Тожиалиев
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қизил дурли кўйлак (ҳикоя)
Умар Сайфиддин

Катта гумбазли девонхона биноси ҳар кунгидан сокин, ҳар кунгидан салқин эди. Деразалардан кирган баҳорнинг мовий нурлари кошинларнинг яшилликка бурканган теранлигида сингиб, кўзни оларди. Чарчоқдан ҳолсизланиб, ипак тўшакларга тиз чўккан вазирлар остларига солинган гиламнинг рангин нақшу нигорларига қарашар, узун оппоқ соқолини заиф қўли билан тутган қари вазири аъзамнинг нурсиз кўзлари эса узоқ ва қоронғу ўтмиш қатига сайр қилган каби бир нуқтага қадалган эди.
— Юракли бир одам керак, пошшолар – деди вазири аъзам. – Биз унинг олтину кумушларга бурканган элчисига ҳукмдоримизнинг қўлини ўптирмадик. Фақатгина тиззасини ўпишига изн бердик. Уларнинг ҳам бизга қарши чора қўллаши аниқ.
— Шубҳасиз.
— Ҳеч шубҳасиз.
— Албатта.

Ҳиссиётга берилган вазирларнинг ҳаяжонланганини кўрган бош вазир фикрини очиқ сўзлади:
— У ёққа биздан элчи бўлиб борадиган одам жудаям довюрак бўлиши керак! Шундай одам бўлсинки, ўлимдан қўрқмасин. Давлатнинг шаънига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатни бартараф этсин. Ўлим қўрқуви ғолиб келиб, бош эгиб қолмасин.
— Албатта!
— Ҳақ гапни айтдингиз!
— Жудаям тўғри…

Вазири аъзам соқолини силаб, қўлини тиззасига қўйди. Бошини кўтариб, кулоҳи юнглари ҳурпайиб қолган вазирларга алоҳида-алоҳида қараб:
— Хулласи калом… Менга шундай шерюрак одамни топинг, - деди. – Аслзодалардан, сарой ва девон аҳлидан бундай жасур одамни эслолмаяпман. Сизлар қидириб кўринглар…
— …
— …
— …

Тақводор, сулҳпарвар ва индамас подшоҳнинг девони ўша қўрқмас одамни қидира бошлади.

Бу элчи «ёвуз» лақабли, ҳар иш, ҳар жиноятни шу ондаёқ шафқатсиз жазолайдиган Исмоил Сафавийга жўнатилиши лозим эди. Сафавийдан фарқли ўлароқ, шаҳзодалик пайтидаёқ чавандозлик, камон ва қурол ишлатишдан кўра, илмни, китобларни устун кўрган Боязид жудаям мулойим эди. Фақатгина шеър, илм ва тасаввуфни севар, уруш, муҳорабалардан нафратланарди. Вазирлар эса севикли подшоҳларининг роҳатини бузмасликни энг буюк вазифа деб билардилар… Шу билан бирга чегаралардаги кураш ва жанжалларнинг олди олинмаётганди. Босния, Эфлак, Караман, Белград, Трансилвания, Хорватия юришлари қолиб кетган, Модон, Корон, Зонкиё, Сантамарво қўлдан кетган эди. Боязид худди Истанбул фотиҳининг жасорати билан эндигина тахтга келиб, отасининг ҳайкалини «сояси ерга тушади» деб бузиб ташлаган каби яшар эди. Энди роҳатдаман деганда янги дард чиқарди. Қон, оташ ичида қовуриларди.

Шоҳ Исмоил мағлубиятга учраган оққўйинлилар сулоласи устига салтанат қурган эди. Босиб олган жойларида бир ниҳолни ҳам қолдирмаган, отаси билан бобоси Жунайднинг ўчини олиш учун ҳамма ёзувсизликдан тоймайдиган бу дарғазаб шоҳ ақл бовар қилмас зулм отига минган эди. Ўзбек хони Шайбонийхонни енггандан сўнг, унинг бошидан қадаҳ ясаб, шароб ичган бу шафқатсиз шоҳ дунёда тенги топилмайдиган каллакесарлардан эди. Боязид девонининг тақводор, камгап, ювош вазирлари шоҳ Исмоилнинг бу кирдикорларини халифага етказмасдилар. Бу каллакесар бир кун албатта шу ерларга ҳам бостириб келиш, бутун Шарқ халқларини бўйсундиришга ҳаракат бошлаганди. Буни ҳамма билар эди.

У ўтган йили Зулқодирия ҳукмдори Алоуддавланинг қизига совчи жўнатган эди. Алоуддавла қизини бермади, бу Исмоилнинг иззат-нафсига тегди. Ўч олиш учун подшоҳнинг тупроғига ҳужум бошлади. Мудофаасиз Зулқодирия ерларига кирди. Диёрбакир, Ҳарпут шаҳарларини эгаллади. Тоққа қочиб улгурган Алоуддавланинг ўғли билан икки набираси унга асир тушдилар. Шоҳ Исмоил бу бечораларни ўтда ёқиб, кабоб қилдирди. Гўштларини қўзи қўшти каби еди. Бундай ваҳшиёна иш Шарқда ҳали кузатилмаган эди.

Уруш истамаган Боязид Анқарадаги Яҳё пошшо бўлинмасига аскар жўнатишдан бошқа иш қилмади. Исмоил каллакесар бўлиши билан бир қаторда жудаям айёр киши эди. Усмонли тупроғига киргани учун узр сўраб, қайта-қайта элчиларини жўнатарди. Ўша пайтда Трабзон волийси бўлган Шаҳзода Ёвуз Табриз чегарасидан ўтиб, Бойбурт, Эрзинжонга қадар босиб олган, ҳатто шоҳнинг акаси Иброҳимни ҳам асир олганди. Исмоилнинг элчиси Усмонли давлатига ҳужумини Алоуддавланинг таъзирини бериб қўйиш мақсади билан ниқобларди.

Девонхонада эса бу айёр, каллакесар ва ваҳший шоҳга қарши тик боқа оладиган элчи топилмасди. Чунки ўзини Усмонли ҳоқони билан тенг билган, ҳатто бутун Шарқда ҳукмронлик қилишни истаган бу ёвуз шоҳ унинг ҳузурига борган одамга тарбиясизлик билан муомала қилар, бунга қарши бўлганларни қозиққа ўтказар, терисини шилар, ақл бовар қилмас қийноқ билан ўлдирарди.

Вазири аъзамнинг ўнг томонидаги вазирлардан бири бош кийимининг юнгларини силар экан, чапга ўгирилиб:
— Мен бу элчиликка муносиб одамни биламан – деди. – Отаси менинг дўстим эди. Аммо давлат хизматини қабул этмайдиганлардан.
— Ким экан у?
— Муҳсин Чалабий.

Вазири аъзам бу одамни танимас эди.
— Шу ерда яшайдими?
— Ҳа.
— Нима иш қилади?
— Озроқ давлати бор. Вақтини илм олиш билан ўтказади. Сиз танимайсиз, афандим. Катталар билан муомала қилмайди. Мавқе-мансабга қизиқмайди.
— Нега?
— Билмайман. Балки буни манфаатсиз деб билар…
— Қизиқ…
— Аммо жудаям довюрак одам. Ҳақиқатга тик қарайдиганлардан. Ўлимдан қўрқмайди. Кўп йиллар урушда қатнашган. Юзида қилич яралари бор.
— Бизга элчи бўлмасмикан?
— Билмадим.
— Бир ўзи билан кўришсак.
— Қайдам, чақирсангиз келармикан?
— Нега келмайди?
— Келмаса керак. Айтдим-ку, дунёга рағбати йўқ. Шоҳ билан гадо унинг учун бир.
— Мамлакатини севмайдими?
— Севади деб ўйлайман.
— У ҳолда биз ҳам ўзимиз учун эмас, мамлакат хизмати учун уни чақирамиз.
— Бир синаб кўрамиз, афандим.

Вазири аъзам кечқурун ёрдамчисини Муҳсин Чалабийнинг Ускудардаги уйига жўнатди. Мамлакат, халқ учун амалга ошириладиган бир иш ҳақида гаплашмоқ учун эртага албатта келиши кераклигини ёзиб юборди.

Бомдод намозидан сўнг қабулхонада котиб қолдирган қоғозларни ўқиб ўтирган вазири аъзамга Муҳсин Чалабийнинг келганини билдирдилар.
— Буёққа олиб киринглар.

Икки дақиқадан кейин хонанинг садаф нақшли эшигидан мўйловдор, бақувват, тик жуссали, қувноқ бир одам кириб келди. Ингичка қора қошларининг остида катта-катта кўзлари порлар эди. Белидаги ханжар қини бўш эди. Ҳузурига келганларнинг этагини ўпиб, таъзим қилишига ўрганиб қолган вазири аъзам бу одамнинг ҳам унга мулозамат кўрсатишини кутди. Бироқ кутилган мулозимат кўрсатилмади. Вазири аъзам бунақа мағрур, боши юқори кўтарилган одамни умрида биринчи марта кўриб туриши эди. Сарой аъёнлари эса унинг ҳузурида икки букилиб турардилар. Муҳсин Чалабий қатъиятли овози билан сўради:
— Мени чақиртирган экансиз, афандим. Нима гапингиз бор эди?
— Бир иш бор…
— Буюринг, афандим.
— Марҳамат, ўтир, оғлим…

Муҳсин Чалабий тортинмасдан, истиҳола қилмасдан, ўзини эркин ҳис қилган ҳолда кўрсатилган жойга ўтирди. Бош вазир қўлидаги букланган қоғозларга қараркан, ичида «Бу қанақа одам? Телба эмасми?» деб ўйларди.

Аммо Чалабий ундай эмасди. У художўй, ғоятда ақлли инсон эди. Инсонга таъсир этгувдек салобати ва сири бор эди. Қарағай ўрмонининг орқасидаги катта хўжаликни бошқарар, пешона тери билан меҳнат қилар, ҳеч кимга ғайирлиги йўқ эди. Йўқсил ва ғарибларнинг кўнглини олар, дастурхонидан меҳмон аримасди. Динни маҳкам ушларди. Аммо мутаассиб эмасди. Дин, улус, ватан ишқини, мамлакатининг буюклиги, муқаддаслигини юракдан ҳис қиларди. “Тангридан бошқасига сажда этмай, қулга қул бўлмаслик” унинг ҳаётдаги мақсади эди. Илми тўкислиги ҳар бир ишида сезиларди. Ибн Камол у ҳақда: “Менга таълим бердан эди”, деб эслаганди. У шоир ҳам эди. Аммо умрида бирорта ҳам қасида ёзмаган эди. Ҳатто шунақа мақтов шеърларни ўқимасди ҳам. Ёши қирқдан ошаётганди. Мансаб-мартабага қизиқмас, бу олтин қопланган, зар гулли, жаннатмонанд нурли йўлнинг сўнггида кирланган меҳроб ҳам бўлишини биларди. Инсонийлик унинг учун жуда юксак мартаба эди. Унингча инсон - ернинг устидаги Тангрининг хизматкори. Яратган инсонга ахлоқни таълим берган. Инсон эса у яратган борлиқнинг устида. Ялтоқланиш думини қимирлатиб эгасининг оёқ кийимини ялайдиган кўппакка ярашади, инсонга эмас… Муҳсин Чалабий амалдорлар олдида икки букилиб, уларга мулозамат кўрсатган, ўз ғурурини билмайдиган, заифлардек ерга судралиб юрадиган исқирт инсонлардан нафратланарди. Ҳатто бундайларни кўрмаслик учун одамлардан узоқда юрар эди. Фақатгина уруш бўлган пайтда қисмларга сардорлик қилиш учун уларга қўшиларди.

Ҳузурида ўзини жуда эркин қўйиб ўтирган бу қаҳрамон вазири аъзамни ажаблантирди. Қизишмасдан мақсадга ўтди:
— Табризга элчи жўнатишимиз керак. Бизнинг номимиздан бора оласанми, ўғлим?
— Менми?
— Ҳа.
— Менга нима алоқаси бор?
— Бу ишни бажара оладиган муносиб одам тополмаяпмиз-да…
— Мен шу вақтга қадар давлар хизматини бажармаганман.
— Нега?
— Чунки мен бош эгмайман, этак ўпмайман. Ўзидан катта аъёнларнинг мавқеларига бўйин эгиб, қўл, этак, ҳатто оёқ ўпиб иккиюзламачилик, лаганбардорлик қилганлар атрофларига ҳам шунақа чиркин инсонларни топълайдилар. Арзандалари, хизматкорлари, ҳатто қўриқчилари ҳам шундай олчоқ, икки юзли, ахлоқсиз ялтоқилар, номуссиз масхарабозлардир. Мард, тўғри, ўзига ишонадиган, виждонли одамни кўрдиларми, ундан нафратланадилар, уни йўқ қилишга чиранадилар. Аҳмад Пошшони нима учун ўлдирдилар…

Вазири аъзам тишини тишига қўйди. Кўзларини мажолсиз очиб-ёпди. Қўлидаги қоғозни ғижимлади. Аччиқланмас, аммо авваллари жаҳли чиққанидек яноқлари титрар эди. Вазирлару катта беклар ҳам, ҳатто ўз тенгқурлари ҳам унга бундай аччиқ муомала қилмаган эдилар. Яна “ростданам телбамикан” деб ўйлади. Агар аҳмоқ бўлмаса, нега бундай густоҳлик қилади? Бу қадар бетгачопарликга нима журъарлантирмоқда ўзи? Яна қовоқ ўйди. Ичида “унинг бошини олдирсаммикан” деб ўйлади. Эшикбонларга бақириш учун оғиз жуфтлаган эди, виждонининг аллақайси еридан келган садони эшитди: “Иккиюзли, суллоҳлар каби ҳақ гапни эшитмасликка ҳаракат қиляпсан. Сен ҳам қаршингда мард бир инсонни эмас, оёқларингни ялаган кўппак ва ё сенга икки букилган разил инсонни истаяпсан!” Юмилган кўзларини очди. Ғижимланган қоғозларини ёнига қўйди. Яна Муҳсин Чалабийга боқди. Юзида қилич тиғидан қолган доғи, узун бўйни, бироз катта, эгилган бурни, ўзига ярашиб турган салласи худди “Шоҳнома” қаҳрамонларини эслатарди. Инсофли вазири аъзам иззат-нафсига теккан сўзларни унутишга уриниб, оний ғазабини энгишга ҳаракат қилди. “Биз қидирган одам айнан шу”, - деди. Ҳаттоки ўлимдан ҳам қўрқдиган бу каби одам мамлакати, халқи хизматидан чекинмас эди. Салласи юнгини силаб, деди:
— Сени Табризга элчи қилиб жўнатамиз.
— Ҳузурингизда қанча мерганлар, котиблар ва оқсуяклар бор. Нега улардан бирини танламадингиз? - сўради Муҳсин Чалабий.
— Сен шоҳ Исмоил деган ярамас одамни биласанми?
— Биламан.
— Ватанингни севасанми?
— Севаман.

Вазири аъзам орқасига ўгирилиб:
— Яхши, ундай бўлса… - деди. - Бу пасткаш инсон “елчига ўлим йўқ” ақидасини қабул қилмайдиганлардан. Биз билан урушиш даъвосида юрибди. Юборадиган элчимизга ўзининг ким эканлигини кўрсатиб қўйишни хоҳлаяпти. Ҳатто сени қатл этиши мумкин. Чунки Аллоҳдан қўрқмайди. Элчимизга қилинган таҳдид давлатимизга амалга оширилган жиноятдир. Бизга шундай одам керакки, ўлимдан қўрқиб, бўйин эгмасин. Пасткаш инсонга муносиб жавоб берсин… Агар Ватанингни севсанг, буни фидокорлик ўлароқ қабул қиласан!

Муҳсин Чалабий ўйлаб ҳам ўтирмасдан:
— Қабул қилдим, афандим, - деди. – Аммо бир шартим бор.
— Қанақа шарт?
— Модомики, бу фидокорлик экан, уни пул билан ўлчанмайди. Беғараз бўлади. Давлат учун пулли фидокорлик, қандай бўлмасин, шахсий даромаддан бошқа нарса эмас. Мен маош, мақом, мартабани истамайман. Ҳеч қандай ҳақ олмай бу хизматни зиммамга оламан. Менинг шартим шу.
— Аммо, ўғлим, бу қандай бўлади? Унинг элчиси жуда қимматбаҳо кийимларда эди. Улови, хизматкорлари ҳам қусурсиз эди. Бизнинг элчимизнинг улови, хизматкорлари, либослари ундан-да кўркам, қимматбаҳо бўлмоғи лозим. Булар учун сенга албатта хазинадан олтин ажратамиз…

Муҳсин Чалабий норизо қиёфада бошини қимирлатди:
— Йўқ, хазинадан ҳеч нарса олмайман. Кўзни олувчи муҳташам уловларни, башанг кийинган хизматкорларни ўз пулим билан тайёрлайман. Ҳатто…

Вазири аъзам таажжуб билан боқди.
— …
— Ҳатто эгнимга шоҳ Исмоил умрида кўрмаган қимматбаҳо либос кияман.
— Нима киясан?
— Торўғли зардўздан “қизил дурли кўйлак”ни сотиб оламан.
— Нима? Бунча пулни қаердан оласан, ўғлим?

Вазири аъзамнинг ажабланганича бор эди. Бир ой олдин тайёрланган, жуда камёб дурдан ишланган бу кўйлакнинг овозаси бутун Истанбулга ёйилган эди. Вазирлар, элчилар бу кўйлакни подшоҳга совға қилиш учун Торўғлининг олдига боришар, у эса баҳосини оширар эди. Муҳсин Чалабий бу машҳур кўйлакни қандай олмоқчи эканлигини тушунтирди:
— Хўжалигимдаги отарни, уйимни гаровга қўяман: тужжорлардан ўн минг олтин қарз оламан. Икки мингини улов билан хизматкорларга сарфлайман. Қолган саккиз минг олтинга бу кўйлакни сотиб оламан.

Вазири аъзам бу ишни маъқул кўрмади:
— Келганингдан сўнг бу кўйлак сенга керак бўлмайди. Уни фақат бир марта киясан. Молларингни қўлдан чиқариб, йўқсил бўлиб қоласан-ку.
— Йўқ, саккиз минг олтинга оладиган кўйлакни олти ойдан сўнг Торўғли мендан етти мингга қайта сотиб олади. Етти минг олтин билан мен хўжалигимни тиклаб оламан. Қолган қарзларимни узолмасам, отамдан қолган бу хўжалик давлат учун фидо бўлсин.

Муҳсин Чалабий билан гаплашаркан, вазири аъзамнинг ҳайрати орта бошлади. Юраги роҳатланди. Ҳақиқатан ҳам густоҳ, маҳмадона бир ҳукмдорга муносиб жавоб бера оладиган одам топилган эди. Девоннинг нозик, қўрқоқ аъёнлари эса жонлари билан молларини жуда севардилар. Агар улардан бирини элчи қилиб жўнатилса, давлатининг муҳаббати қолиб, оладиган моли ҳақида ўйлар эди.

Вазири аъзам Муҳсин Чалабийни таомга таклиф қилмоқчи бўлди. Уддасидан чиқмади. Хайрлашаркан, даҳлизгача кузатиб қўйди.

Муҳсин Чалабий мол-қўйлари билан катта хўжалигини, уйини, дўкон ва боғларини гаровга қўйиб, тужжорлардан қарз олди. Улов ҳозирлади. Бу ҳақиқатан кўзни қамаштирадиган даражада гўзал ва мукаммал карвон эди. Тороғлидан кейин етти мингга қайтиб олиш шарти билан қизил дурли кўйлакни ҳам сотиб олди. Ёш хотини ва икки фарзандини яқинларининг уйида қолдирди. Олти ойлик нафақаларини қўлларига берди. Сўнгра халифанинг мактубини олиб, йўлга тушди. Элчининг бойлиги, хусусан, қизил дурли кўйлагининг шуҳрати бутун Онадўлидан ўтиб, шоҳ Исмоилнинг диёрига ҳам етиб борган эди. Муҳсин Чалабий Табриз шаҳрига шавкатли қиёфада кириб келди. Бу кичик шаҳарнинг зеб-зийнатга, бойликка ўч халқи Истамбул элчисининг кўйлагини кўриб ҳайратдан ёқа ушлади. Барча анжуманларда кўйлакнинг таърифи кўкларга кўтарилди. Шоҳ Исмоил эса қизил дурни фақат эртакларда эшитган, қандай нарса эканлигини умрида кўрмаган эди. Ўзи ҳали тасаввур ҳам қилолмаган нарсанинг соҳиби бўлган бу бадавлат элчига нисбатан ичида кин пайдо бўлди. Уни ҳузурида таҳқирлаб, ер билан битта қилишга қарор қилди. Қабулдан аввал тахти орқасига жаллодларни ҳозирлатди. Тахти олдидаги ипак тўшаклар ва жойнамозларни ҳам қолдирмади. Ўнг томонида вазирлар, чап томонида сарбозлар турардилар.

Муҳсин Чалабий очиқ эшикдан мағрур қадам билан кирди. Боши ҳар доимгидек баланд кўтарилганди. Қўйнидан халифанинг мактубини чиқариб ўпди. Сўнг олтин тахт устида ипак кийимларга бурканиб йиртқич қуш каби ўтирган шоҳга узатди. Оёғи ўпилмаган шоҳнинг жаҳли чиқиб қизара бошлаганди. Кўзининг оқлари кўримнай қолган шоҳ мактубни олди. Муҳсин Чалабий тахт ёнидан чекиниб, атрофга назар солди. Ҳеч ким ўтирмаган эди. Кулимсиради. Ичида: “Мени зўрлаб оёқда туриб, уларга таъзим этишимни хоҳлаяптилар шекилли” деди. Бироз ўйланди. Бу ҳақоратга қандай жавоб бериш керак? Шартта устидаги қизил дурли кўйлакни ечиб, тахтнинг ёнига ташлади. Шоҳ Исмоил, вазирлари, қўмондонлар таажжубга тушган, саросима ичида унга қарардилар. Сўнг у қиммат кўйлакнинг устига чордона қуриб ўтириб олди. Дев, аждаҳо суратлари туширилган, олтин суви юритилган равоқларда жаранг сочган дабдабали овоз билан:
— Мактубини берганим буюк подшоҳим Ўғуз Қорахоннинг авлодидандир – деб ҳайқирди. – Дунё яратилганидан бери унинг аждодларидан ҳеч кимса қул бўлган эмас. Ҳаммаси подшоҳ, ҳаммаси ҳоқон ўтган. Оталари туғилгандан бери ҳукмдор бўлган бир подшоҳнинг элчиси бошқа подшоҳ олдида эгилиб-букилмайди. Чунки…

Муҳсин Чалабий туркча гапириб, ҳайқирар, туркча билмайдиган шоҳнинг жаҳли чиқиб, қизарар, ҳали очиб улгурмаган мактубни тутган қўли ҳаяжондан дир-дир титрарди… Тахтининг орқасидаги жаллодлар эса аллақачон қиличларини чиқаргандилар.

Муҳсин Чалабий ҳамон баланд овозда нутқ ирод қиларди. Донишмандлар, вазирлар, жаллодлар, сарбозлар ҳукмдорларининг нега сабр қилаётганига, нега унга жазо бермаётганига ажабланардилар. Ҳатто ичларидан баъзилари овозларини кўтариб минғирлай бошладилар. Муҳсин Чалабий сўзини тугатиб, чиқишга изн ҳам сўрамади ва ўрнидан турди. Эшик томон тўғри юрди. Шоҳ Исмоил ҳайратдан тош қотганди. Синмас ғурури бугун бир туркнинг оташ нигоҳлари остида чилпарчин бўлган эди. Муҳсин Чалабий ташқарига чиқаркан, шоҳ Исмоил ўзи каби саросимада қолган хизматкорларига:
— Унинг кўйлагини олиб чиқиб беринглар! – деди.

Сарбозлардан бири югурди. Тахт олдидаги кўйлакни олиб, турк элчисига олиб борди:
— Марҳамат, тақсир, кўйлагингизни унутдингиз.

Муҳсин Чалабий тўхтади. Кулди. Сарой томонга ўгирилиб, шоҳ эшитадиган товуш билан:
— Йўқ, унутмадим. Уни сизларга қолдирдим. Саройингизда буюк подшоҳ эсчисини ўтказишга лоақал битта тўшагингиз йўқ экан. Турк ерга солган нарсасини ҳеч қачон устига киймайди. Буни билмайсизларми? – деди.

… Муҳсин Чалабий кеча-кундуз йўл юриб, Ватан сарҳадларига етиб келди. Ускударга кирганида, унинг киссасида бир ақча ҳам қолмаган эди. Башанг кийинган хизматкорларига:
— Болаларим! Минган отларингиз, устингиздаги кийимлар, белингизга қадалган қимматбаҳо қиличларингиз сизга бўлсин. Мендан рози бўласизларми?
— Розимиз, - дейишди жўр овоздан.

Ризолик билан хайрлашдилар. Муҳсин Чалабий чуқур нафас олиб, уйига учрамасдан дастлаб вазири аъзамнинг ҳузурига борди. Мактубни шоҳга берганини, ҳеч бир ҳақоратга учрамаганини, шоҳдан изн ҳам сўрамай Истанбулга қайтганини сўзлади. Бош вазир унинг бу вазифани аъло даражада ўташига ишонарди. Йўлдаги ҳолатлар, қабилаларга оид баъзи нарсаларни сўради. Чалабий кетишга ҳозирланаётган пайт:
— Сотиб олмоқчиман, ўғлим, кўйлагинг шу ердами? – деди.
— Йўқ, олиб келмадим.
— Ажамистонда сотдингми?
— Йўқ, сотмадим.
— Ўгирлатдингми?
— Йўқ.
— Унда нима қилдинг?

Бош вазир такрор-такрор сўради. Кўйлакнинг нима бўлганини барибир билолмади. Муҳсин Чалабий қилган ишидан фахрланадиган одам эмасди. У кечаси Ускударга қайтди. Эртаси куни етти минг олтинга кўйлакни қайта сотиб олмоқчи бўлиб келган Тороғлига ҳам бор гапни айтмади. Истанбулда ҳам ҳеч кимса “қизил дурли кўйлак”нинг қандай, қаерда, нима учун ғойиб бўлганини билолмади. Табриз саройидаги саргузашт тарих қатларида ғойиб бўлди, сир бўлиб қолди. Аммо эски давлатманд Муҳсин Чалабий шу кўйлак туфайли қарзларини тўлай олмади, молини гаровдан қутқаролмади. Элчиликдан ёдгор қолган улов ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган тақимини сотдиб. Шу ақчага Кузгунчукдан кичкинагина боғ сотиб олди. Экин-текин қилиб ҳосил олди. Умрининг охиригача Ускудар бозорида кўкат сотиб тирикчилик ўтказди, болаларини боқди. Гаърибликда, йўқсилликда ҳаёт кечирди. Шунда ҳам на бирон кимсага бўйин эгди, на бутун бойлигини бир онда йўқотиш билан эришган фидокорлиги ҳақида гапириб фахрланди.