OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУмарали Норматов
Асар номи«Энг муҳим муаммо...»
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Умарали Норматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Адабий суҳбатлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 12-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Энг муҳим муаммо...»
Умарали Норматов

— Устоз, бугунги адабий жараёндаги Сизни қизиқтираётган, ўй-мулоҳазага ундаётган энг муҳим муаммо нима?
— Шерали, биламан, самимий эҳтиром белгиси ўлароқ ҳар доим бўлганидек, менга «Устоз» деб мурожаат этаётирсиз. Бунинг учун раҳмат. Бироқ, очиғи шундай мурожаат менга бироз малол келади. Тўғри, университетда Сизга кўп домлалар қатори мен ҳам дарс берганман. Аммо дарс берган, илмий ишига раҳбарлик қилган ҳар бир домла устоз бўлавермайди. Менинг назаримда, «устоз» жуда баланд мартаба. Мен таълим олган ва ишлаётган факултетда кейинги ярим аср ичида икки, нари борса, уч олимгина «устоз» мақомига кўтарилган, холос.

Сиз қўйган саволга келсак, шуни айтиш мумкин: адабиётга, адабиёт илмига дахлдор барча ҳамкасбларим каби бугунги адабий жараён хусусида мени ўйга толдираётган муаммолар жуда кўп, бироқ, улар ичида энг муҳими — сўз санъатидаги муаммоларнинг муаммоси — шахс жумбоғи, феъл-атвори, руҳияти, кўнгил ўйинлари, борингки, хилма-хил бадиий талқини масаласи.
— Шахс жумбоғи ҳамиша адабиётнинг бош муаммоси бўлиб келган. Xўш, бугунги адабиётимизда бу борада қандай янги жараёнлар кечаётир?
— Бугунги жараёнлар хусусида гапиришдан олдин тарихга бир назар ташлаб ўцак. XX аср янги ўзбек адабиёти шахс талқини бобида алоҳида босқични ташкил этади. Муайян сабабларга кўра, аср адабиётида шахсни ижтимоий муносабатлар маҳсули сифатида кўрсатиш устиворлик қилди. Шунга қарамай, «Ўтган кунлар», «Кеча ва кундуз», «Сароб», «Шум бола», «Сурат», «Хотирам синиқлари» каби асарларда, Чўлпон, Ойбек, Ғ.Ғулом, Зулфия, Миртемир, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов, Рауф Парфи каби шоирларнинг «соф кўнгил лирикаси»да инсон шахси, руҳиятининг ҳеч қанақа «ижтимоий мезонлар» қолипига сиғмайдиган шу қадар нозик, хилма-хил жилолари акс этганки, уларни XX аср жаҳон адабиётининг энг сара намуналари қаторига қўйиш мумкин.
— Шундайку-я, биз ўқиган кезлари адабий қаҳрамонларни ижтимоий мавқеига қараб баҳолаш, кескин равишда «ижобий» ва «салбий» қаҳрамонларга, «бизникилар» ва «бизга ёт» персонажларга ажратиш одат тусини олган эди.
— Биласизми, гоҳо бу икки гуруҳдан ташқари, «мураккаб қаҳрамонлар» ҳам тилга олинар, уларга эса менсимайроқ қаралар, бу ҳол «ёзувчи позициясининг ноаниқлиги», «катта камчилигиъ деб қараларди. Xудога шукур, бундай ибтидоий ёндашишлар ортда қолди.

Ўтган йили Ослодаги Нобел институти ўтказган сўровда «Дон Кихот" жаҳон адабиётининг бутун тарихидаги энг яхши бадиий асар деб топилди. Сўровда иштирок этган ҳозирги замоннинг юз нафар машҳур адиби биринчи ўринни шу асарга беришни лозим кўришди. Нега шундай? Жаҳон адабиёти тарихида буюк асарлар кўп. Бироқ инсон зотини жамики зиддиятлари билан кўрсатишда чиндан ҳам бу романга тенглаша оладиган бошқа бирор асарни топиш қийин. Инсоннинг буюклиги ҳам, тубанлиги ҳам, тантанаси-ю мағлубияти ҳам, трагик ва комик моҳияти ҳам — барча-барчаси шу бир ғаройиб афандитабиат шахс Дон Кихот сиймосида ниҳоятда ёрқин, бетакрор ифодасини топган.
— Боя Сиз XX аср адабиётида инсон шахсига «ижтимоий ёндашув» мезонлари қолипини ёриб чиққан асарлар ҳам борлиги хусусида гапириб ўтдингиз. Малол келмаса, бир-икки мисол келтирсангиз.
— Қодирий, Чўлпон, Қаҳҳордан истаганча мисол келтириш мумкин. Бу ерда улар ҳақида эмас, кейинроқ яратилган биргина асар, аниқроғи, Эркин Воҳидовнинг 1973 йили ёзган «Инсон» қасидаси устида озгина тўхталиб ўцам. Мазкур шеър қасида жанрининг янги намунасигина эмас, менинг назаримда, XX аср ўзбек адабиётида инсон шахсига, унинг туб моҳиятига янгича ёндашув бошланаётганидан далолат берувчи адабий ҳужжат сифатида ҳам қимматлидир.

Шеър қасида руҳида инсон мадҳи, инсонни улуғловчи сатрлар билан бошланади. Шоир шу инсон қудрати, хусусан, унинг XX аср фан-техника революцияси шароитидаги имкониятлари хусусида сўз очиб, коинот саҳросида карвону сарбон, кенг жаҳон унинг кафтида эканини айтади. Инсон измидаги бу ёруғ дунё надур, деган саволни қўяди-да, кескин ва шафқациз равишда «кошонадур, вайронадур», дея жавоб қилади. Шу сатрлардан бошлаб шеърда мадҳия оҳанги чекинади, шоирнинг ҳам фахр-ифтихор, ҳам афсус-надоматларга тўла армонли ноласи янграй бошлайди, бу ёруғ дунё, унинг султони саналмиш зот — инсонга хос ҳам кучли, ҳам ожиз, мусбат ва манфий жиҳатларини, жамики зиддиятларини очишга киришади:

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.
Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар олам аро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.

Инсон зотига хос шу тарздаги зиддиятли таъриф-тавсиф давом этади: инсон гоҳ адолат, гоҳ адоват қўйнида, ўз дилининг даргоҳида эса гоҳ шайтон, гоҳ ғилмон; жон борки қасди жон, қотил ҳам, қурбон ҳам, ҳаёт уммонида қатрадек сарсон ҳам, гардон ҳам — шу инсоннинг ўзи! Машъали фикрат ҳам, чангали ваҳшат ҳам — шу инсоннинг ўзи! Она-замин тақдири шу улуғ ва ожиз зот — инсоннинг ўз қўли, ихтиёрида. Шоир инсоннинг инсон деган улуғ номга муносиб бўлиши, фарзандлик бурчига содиқ қолиши, замин дардига дармон, унга қалқон бўлишини тилайди. Шоир инсонни барча зиддиятлари, кучли ва ожиз томонлари ила таърифламасин, барибир, унинг имкониятларига, даҳосига, истиқболига ишонч билан қарайди, инсон номини ҳамиша ўкинч, армон аралаш ёниқ бир меҳр билан қаламга олади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да шу йил эълон этилган Абдували Қутбиддиннинг «Барокко» туркуми бугунги шеъриятимизда инсон драмасини ичдан кўрсатиш, инсон қалбининг ҳеч қанақа қолип, сарҳадларни тан олмайдиган асов туйғуларини теран ифодалаш жиҳатидан ҳодисадир.
— Насрда-чи, насрда нималар бўлаяпти?
— Қизиқ бир ҳол: бугун адабиёт тарихидаги энг яхши асар деб тан олинган роман қаҳрамони драмаси асосида эътиқод фожиаси ётади. Дон Кихот рицарлик романлари дунёсига шўнғиб, рицарлик ақидалари руҳи билан яшаётган одам, у шу ақидаларни амалга ошириш мақсадида реал ҳаёт саҳнасига чиқади, шу тариқа унинг эътиқоди — орзу-интилишлари билан реал ҳаёт орасидаги ғаройиб зиддиятлар силсиласи бошланади. Қаранг, мана шу мангу муаммо бошқачароқ тарзда бугунги адабиётда ҳам давом этаяпти. Кейинги йиллари ёзилган ва айрим баҳс-мунозараларга асос бўлган Ш.Бўтаевнинг «Шўродан қолган одамлар», Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарлари қаҳрамонлари феъл-атворлари ва қисматида Дон Кихотни эслатадиган нималардир бор.
— «Жаҳон адабиёти» журналининг ўтган йилги сонларида рус адиби В.Войновичнинг «Монументал тарғибот» романи таржимаси эълон қилинди. Бу роман қаҳрамони билан Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асаридаги Ботир фирқа орасида ҳайратда қоларли даражада яқинликлар бор...
— Деярли бир даврда бир-бирларидан мутлақо бехабар ҳолда дунёнинг икки чеккасида яшаётган икки адибнинг романи қаҳрамонларидаги «ҳайратда қоларли» даражадаги ўхшашлик ва ҳар иккисидаги муштараклик жаҳоннинг энг яхши асарига бориб туташиши... Бу — сўз санъати ривожидаги, адабий жараёндаги тушуниш ва тушунтириш мушкул бўлган сир-синоатлардан бири, балки энг қизиғи. Бундай ғаройиб ҳолатларнинг содир бўлишида қандайдир қонуниятлар бормикан, булар замона зайли, давр руҳи, бугунги башарият, жумладан, ижод аҳли тафаккури тарзидаги хос хусусиятлар оқибати эмасмикан, деган ўйларга борасан, киши.

Дарҳақиқат, «Монументал тарғибот»даги Аглая билан «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романидаги Ботир фирқа, бири аёл, иккинчиси эркак эканлигини мустасно этганда, кўп жиҳатдан бир-бирларига яқин: иккалови ҳам деярли тенгдош, 20-йиллар охири — 30-йиллари тарих саҳнасига чиққан, бутун вужуди коммунистик мафкура, эътиқод ғояси билан йўғрилган, шу эътиқод йўлига жонини тиккан, компартия арбоби — райком котиби даражасига кўтарилган, мустабид тузум сиёсатини амалга оширишда собит турган икки арбоб бу йўлда ҳеч кимни, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам аямаган. Ҳар иккисига ҳам узоқ умр насиб этди. Улар деярли аср тенгдоши. Аср охирига келиб, улар амал қилган эътиқод сароб бўлиб чиқди, улар ўз қўллари билан яратган ҳайбатли қасрлар бирин-кетин қулаб туша бошлади, бироқ улар отдан тушса ҳам эгардан тушишни истамадилар, улар таги пуч эътиқодларига содиқлигича қолдилар. Уларнинг фожиаси, ҳам аянчли, ҳам кулгили қисмати ана шу жараёнда жуда ёрқин намоён бўлади. Шуниси муҳимки, ҳар икки асарда ҳам сохта эътиқод қурбонларини ошкора қоралаш, масхаралаш, фош этишга уриниш йўқ; иккала асар муаллифи ҳам қаҳрамонларини бир тирик инсон сифатида тушуниб, уларга ҳам осон эмаслигини, уларнинг ташвишларида муайян асослар ҳам борлигини чин дилдан ҳис этиб, қалам тебратадилар. Ҳар икки асар қаҳрамонлари ҳам реализмнинг бугунги кундаги ноёб эҳсони, иккалови ҳам худди тирик инсон сифатида бор феъл-атвори, дарди-дунёси билан кўз олдингизда «мана мен» деб туради.

Муштарак жиҳатларига қарамай, ҳар иккиси икки олам: Аглая — рус аёли, рус замини одами; Ботир фирқа эса соф ўзбек фарзанди. Аглая ногаҳон портлаш оқибатида ўз эътиқодининг рамзи, неча йиллар не-не машаққатлар билан хонадонида асраб-авайлаб келган доҳий ҳайкали остида қолиб ҳалок бўлади. Ботир фирқа — бундан-да оғирроқ қисматга мубтало: у поёни ва ечими йўқ муаммо ҳамда изтироблар гирдобида яшашда давом этади...

Мен учун Ботир фирқа образи ҳар қанча ардоқли бўлмасин, Аглаянинг бадиий кўлами кенгроқ, асардаги ифода йўллари эса ранг-баранг эканлигига ҳавасим келади. Айни пайтда, муайян кам-кўстларига қарамай, барибир, Ботир фирқа образи бугунги ўзбек адабиётида ўзига хос ҳодисадир...
— Шахс эътиқоди, фожиаси талқини Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романида ҳам бор. Мен асардаги Амир образини назарда тутаяпман.
— «Мувозанат»даги Амир ҳам эътиқод қурбони. Бироқ, Амир фожиасининг илдизлари ўзгачароқ. Аглая ва Ботир фирқа тарих саҳнасидаги ўткинчи, таги пуч ғояларга алданган кимсалар бўлса, Амир — мангу барҳаёт диний-исломий эътиқод одами. Пайғамбаримиз ўз умматларига: «Эй, инсонлар, дин ишларида ҳаддан ошишликдан сақланинглар! Сиздан аввалги умматларнинг ҳалокатига дин ишларида ҳаддан ошганликлари сабаб бўлди», — деб васият қилганлар. Амир фожиаси — дин, диний-исломий эътиқод бобида ҳаддини билмаган мутаассиб одамнинг фожиаси. Амирнинг аянчли қисмати диний-исломий қадриятларни тиклаш жараёнида юзага чиққан бандаи ожизликнинг бир кўриниши. Аслида зиёли — муаллим, яхшигина шоир бўлган бу одам дунё ишлари, ташвишларидан бутунлай юз ўгириб, фақат тақво, тоат-ибодат, борига шукур қилиб, фақирона кун кечириш йўлини тутади; ўзи қолиб, ўзгаларни ҳам шу йўлдан боришга мажбур этади, ҳатто ўзгача қарашдаги отаси, онасига, оға-иниларига, яқинларига ҳам кун бермайди, эртаю кеч ибодат билан бўлиб, танглик шароитида оиласини, касалманд турмуш ўртоғини, фарзандларини мушкул аҳволга солиб қўяди. Ҳолбуки, устоз кўрмаган чаласавод бу одам чиллага ўтирмасин эди; телба бир ҳолатда дарбадар тоғ сафарига чиқиб, ногоҳон дўзах азобига дуч келади, ўғриликда гумон қилиниб, шармандаларча сазойи этилади...

Романдаги энг ёрқин, концептуал персонажлардан бири шу Амир образидир, Амир ёш ёзувчининг чиндан-да бадиий ютуғидир.
— Романдаги Юсуф, Саид, Миразим ҳам ёрқин характер, концептуаллик бобида Амирдан қолишмаса керак...
— Албатта. Лекин барибир, Амир образининг асардаги ўрни, мақоми ўзгача, беқиёс...
— Умарали ака, ҳозирча биз бугунги наср персонажларини бироз умумийроқ йўсинда, аниқроғи, уларда тажассум топган бадиий концепцияга қараб баҳолаётирмиз. Бунга эътирозим йўқ. Аммо асарда персонаж қисмати билан боғлиқ шундай лавҳалар, ҳатто кичик деталлар бўладики, улар персонажнинг бор бисотини чақмоқдек ёритиб юборади...
— «Мувозанат»да шундай бир лавҳа бор. Ўғриликда гумон қилиниб, чўпонлар томонидан қип-яланғоч ҳолда йўл ёқасидаги улкан тошга чирмаб ташланган Амир уят, хўрлик, калтак азобидан ҳам кўра ташналикдан қаттиқ азият чекади. Фоний дунёнинг лаззатларидан юз ўгириб, тақво йўлини тутган бу кимса ажал ёқасига келиб қолганида осмондаги булут парчаси бир қур савалаб ўтган ёмғирдан ўзига кела бошлайди. Мана, унинг ўша топдаги ҳолати: «У тамшаниб, лабларида ҳали қуриб улгурмаган ёмғир томчиларини ютоқиб ялади ва чексиз лаззат туйди, бундан ҳатто боши гир айланди» (таъкид бизники — У.Н.). Қаранг, Амир қанчалик тақводор, мутаассиб, ғоя одами бўлмасин, барибир инсон боласи сифатида шу ёруғ дунёнинг бир томчи сувига зор экан-ку, ундан чексиз лаззат туяр экан-ку?! Амир тутган йўлнинг ғайритабиий, ғайриинсоний эканини бундан-да ошириб ифодалаш мумкинми?!
— Лекин, барибир, у тақводорлигича қолади, шу топда у ўзини жаннатда деб ҳис этади. Муаллиф: «Негадир хаёлида «жаннат» сўзи чақнади», — деб ёзади.
— Амирнинг фожиаси ана шунда-да. У панд-насиҳат, ҳаётнинг шафқациз сабоқлари туфайли дарҳол ўзгариб қоладиган банда эмас. Ана шу Сиз келтирган жумлада ҳам бу шахснинг кимлиги, ўжар табиати яққол кўриниб турибди.
— Амирни шартли равишда «китобий одам» деб аташ мумкин. «Мувозанат»даги марказий персонаж Юсуф эса «табиий одам», замон кишиси экани билан ажралиб туради.
— Юсуфда ҳам муайян эътиқод мавжуд, у диний қадриятлар аҳамиятини асло рад этмайди, аммо у, аввало, дунёвий фан, замон кишиси; ҳаётини миллатнинг ҳақиқий тарихини яратиш йўлига тиккан, замонни, давр ўзгаришларини теран ҳис этадиган тарихий жараён, юрт истиқболи ҳақида мустақил қарашларга эга етук бир шахс. Бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш даври тўфонлари бу йигит бошқарган ҳаёт кемасини шафқациз синовларга дучор этади. Мана шу тўфонлар гирдобида у бошқарган кема соҳилнинг гоҳ у, гоҳ бу томонига бориб келади. Бу йигит кўпдан-кўп мушкул савдоларни бошдан кечиради, моддий муҳтожлик жабрини татийди, оиласи, фарзандидан ажралади, муайян муддат севган касбидан кетади, таби суймаган юмушларни адо этишга мажбур бўлади. Роман муҳокамаси пайти Юсуфдек етук зиёлининг ўз инсонийлик шаънини топтаб, тирикчилик деб, шу хил кўчаларга кириши хусусида эътирозлар ҳам билдирилди. Начора, буни ҳаёт, дейдилар. Агар Юсуф қисмати, руҳиятидаги жараёнлар тасвирини синчиклаб кузацангиз, у не-не ўй-хаёлларга бормасин, турли-туман кўчаларга кириб чиқмасин, гоҳо адолацизлик, ночорлик туфайли ҳар қанча ўртанмасин, барибир қалбининг туб-тубида ўзлигига, адолат туйғусига содиқлигича қолади, миллат, юрт қайғуси ҳақида ўйлашдан бир зум ҳам тўхтамайди...
— Яна бир масала хусусида фикрингизни билмоқчи эдим. Менинг кузатишимча, кейинги йиллар ўзбек адабиётида инсон умрининг энг сўнгги дақиқаси — ўлим тасвири, талқинида ҳам қандайдир ўзгариш, янгиланиш содир бўлаётгандай...
— Қарангки, шўро даври адабий сиёсати ҳатто инсон умрининг энг сўнгги дақиқаси — ўлим, ҳижрон тасвирига ҳам таъсирини кўрсатган эди; ҳижрон ва ўлимни тасвирлаш қалтис иш саналарди, асарни мумкин қадар жудоликларсиз, оптимистик тарзда якунлаш урф бўлганди, мабодо ҳижрон, ўлим қаламга олингудек бўлса, у, албатта, коммунистик мафкура, сиёсат руҳи билан йўғрилган бўлиши даркор эди.

Сўнгги йиллари адибларимиз жаҳон адабиётининг бу кўҳна муаммосини янгича, аниқроғи, умумбашарий миқёсларда туриб, чин инсоний нигоҳ билан ёритиш йўлига дадил ўта бошладилар. Зулфиянинг «Хотирам синиқлари», Саид Аҳмаднинг «Қоракўз мажнун», «Офтобойим» ҳикоялари, Омон Мухтор, Улуғбек Ҳамдам романлари, истеъдодли шоирларимизнинг ўнлаб шеърлари даъвомизга мисол бўла олади.
— Миллий университетда «Мувозанат» муҳокамасига бағишланган анжуманда асардаги ўлим тасвири талқини хусусида айтган мулоҳазаларингиз тингловчиларда қизиқиш уйғотди...
— Романда бир эмас, учта ўлим тасвири бор. Учаласи уч хил руҳда талқин этилган. Чақалоқ ўлими тасвирланган 54-бобга ҳар гал қайта кўз ташлаганимда қалбимда титроқ туради. Илк бор шу бобни ўқиганимда кечки соат ўн иккилар эди. Кейин роман мутолаасини давом эттиролмадим. Туни бўйи мижжа қоқмай чиқдим. Кўз олдимда — қишлоқ касалхонаси коридорида изтироб ва умид билан Ойгул ёнида ўтирган Юсуф. Ичкарида — палатада жон талашаётган гўдак. Шу орада шифокорларнинг жарангдор кулгиси, жон талашаётган гўдак тепасида туриб, бир-бирларига латифа айтиб кулишлари. Улар орасида шаҳардан келган таниқли врач — Юсуфнинг болалик дўсти Мансурнинг ҳам борлиги, шифокорларнинг Юсуфга «меҳрибон»чилиги — коридорга чиқиб туришни маслаҳат беришлари — гўдак «тайёр бўлган»да чақиражаклари... Бундай «илтифот»дан Юсуфнинг ярадор шердек ҳайқириши, одам шаклидаги махлуқларга ҳамласи, тўс-тўполон пайтида махлуқлар қаллоблигининг ошкор бўлиши... Булардан ҳам даҳшатлиси, ота ва она, яқинлар дийдорига зор ҳолда жон таслим этолмай ётган гўдак ҳолати; тепасида яқинлари, ота-онаси пайдо бўлганини сезган гўдакнинг қабоқларини очиб довдираши, ўзига қараб турган чеҳраларга бир-бир боқиши, гоҳ онаси, гоҳ отасига талпиниши, ниҳоят, у дадасида қўним топиши, мажолсиз ҳолда: «Дада», — дея шивирлаши, кўзларидан сўнгги икки томчи ёшнинг чеккасига юмалаб тушиши... Бу ерда ҳеч қанақа сентиментал чучмаллик йўқ. Балки мардона, шафқациз ҳақиқат бор! Чақалоқнинг шу сўнгги: «Дада», — деган мажолсиз шивирида, кўзларидан думалаб тушган икки томчи ёшда бутун оламни ларзага солгудек драма бор! Ўз насли, зурриёти тақдирини одам шаклидаги махлуқларга, юлғичларга топшириб қўйган отагагина эмас, умуман, нокомил инсон зотига маломат бор!..

Гулшоданинг ўлими тасвирида биз бошқача кайфиятга тушамиз. Турмуш машаққатларидан, мутаассиб эрнинг телбаларча нағмаларидан, хасталик азобларидан сабр косаси тўлиб-тошган бу аёл ўзини ўзгаларга ортиқча юк санаб, ўз жонига қасд қилади, ўзини осади. Бироқ у жон талвасаси пайтида катта гуноҳга қўл урганини, қилаётган ишининг бутун даҳшатини бирдан англаб етади, аҳдидан қайтиб, бўйнидаги сиртмоқдан чиқишга уринади. Афсус, вақт ўтган эди, уни ажал ўз комига тортиб кетади. Гулшода ҳалокати Сизда қандайдир армон-ўкинч, афсус-надомат туйғусини уйғотади. Қанчалар мушкул бўлмасин, инсон зоти бу ёруғ дунёда умри охиригача яшашга, курашишга мажбур, ўз жонига қасд қилиш, барибир, гуноҳи азим...

Романдаги кекса эна ўлими ифодаси эса қисман А.Камюнинг «Бегона» қиссасидаги талқинни ёдга туширади. Қизиқ ҳол: бу ёруғ дунёда ёшини яшаб, ошини ошаб ўтган кампир ўлими туфайли яқинлари аза очишади, бел боғлаб жамики расм-русумларни жойига қўйишади, лекин уларнинг ҳар бири, жумладан, Юсуф ҳам бу ўлимни ичда лоқайд қабул қилади. Азадаги барча одамлар каби Юсуф хаёли ҳам ўз ташвиш-муаммолари билан банд...
— Суҳбат асносида бир муҳим ҳақиқатга иқрор бўлдим: адабий жараён билан баробар адабий-танқидий фикр ҳам бетиним ўзгариб, янгиланиб бораяпти. Бугунги адабий танқид ўн йил, ҳатто беш йил бурунги танқид эмас. Ҳозирги назарий қарашлар, талқинлар ҳам бошқача. Охирида бир субъектив — хусусий савол: мана шундай ўзгаришлар шароитида Сиз ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?
— Бу саволингизга япон адиби Ясунари Кавабатанинг сўзлари билан жавоб берсам. «Мен, — дейди у, — ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, вақт ўтиши билан қарашлар ўзгаради, ўтмишдаги ва ҳозирги ёзувчилар ҳақидаги, хусусан, ўз ёзганларинг ҳақидаги фикрлар ўзгаради. Баъзан бундай ўзгаришлар ҳайрон қоларли тарзда кечса, баъзан сезилар-сезилмас ҳолда ўтади. Бутун умри бўйи фақат бир хил қарашлар билан яшаган адабий танқидчи ё даҳо бўлади ёки тентак». Бундан ошириб бир нарса дейиш қийин. Бугунги кунда бизда даҳоликка даъвогар бирорта ҳам мунаққид йўқ. Тентак бўлишдан эса Оллоҳнинг ўзи асрасин!

Суҳбатдош: Шерали Сокин