OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУсмон Азим
Асар номиБировнинг умри (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Усмон Азим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм46KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бировнинг умри (ҳикоя)
Усмон Азим

Чаганада ғаройиб одамлар кўп. Аммо Панжи полвон ғаройибларнинг ҳам ғаройиби. Масалан, байрамларда марказдаги ягона кўчадан қулфу яшил кийиниб, алвон туғлар кўтарганча, жамоа-жамоага бўлиниб, аскарларга хос сафларга тизилган бахтиёр намойишчиларнинг хуррам кайфиятларига мос тушмаган ишлар қилади. Яъни, тахтадан муваққат ясалган минбарда Москвадаги раҳбарларга тақлид қилиб, қаддини ғоз тутганича, долзарб шиорларни сидқидилдан ҳайқириб ўтаётган одамларга шляпасини виқор билан силкитаётган райқўм котибининг нақ қаршисига — кўчанинг нариги бетига туриб олади-да, ўзича ўйлаган хайрли ишини бажаришга киришади.
— Пулини сандиқда чиритаётган Чагананинг бойлари! Топганини кўчага сочадиган марду майдон ҳотамтойлар! Чўнтагидаги пулни хотинидан ҳам яхши кўрадиган азиз қуримсоқлар! Бошимизда соябон бўлиб турган райқўму ижроқўмнинг халқпарвар ходимлари! Билиб қўйинглар, беш бармоқ тенг эмас! Сиз байрамда кайфу сафо этаяпсиз, аммо кимнингдир уйида нони ҳам йўқ. Сиз байроқ кўтариб, ҳайқириб юрибсиз — кимдир қизига калиш ҳам олиб беролмайди. Саховатли бўлинглар! Ҳиммат кўрсатинглар! Ҳамма топганича... Мана, Панжи полвондан икки юз сўм!..

У қўлидаги иккита юз сўмликни боши узра кўз-кўз қиладида, сўнг қўлидаги қизил алвонга ўралган қутичанинг тирқишига тиқади. Намойишчиларнинг мустаҳкам сафида парокандалик пайдо бўлади, кимдир анграйиб тўхтайди, кимдир унга урилади, кимнингдир оёғини кимдир босади, кимнингдир туфлиси тушиб қолади, у туфлисини топгани сафларни ёриб орқага ҳаражат қилади... Қаторлар бузилади, шиорлар бесаранжом қалқийди, қизил байроқ райқўм котибининг юрагига қўрқинч солиб, таҳликали эгилади. Аммо котиб, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймайдиган давлат кишиларига хос бамайлихотирлик билан меҳнаткаш халқни қутлашда давом этади — фақат энди шляпасини инструктор Мингтўраевга тутқазади, шляпасиз қўли бир қанот қушнинг қанотидай ҳавода ажабтовур манзара ясаб силкинади. Полвоннинг чақириқлари эса авжга чиқади. Аралаш-қуралашган намойиш уялинқираб оқишда давом этади.
— Чаганада саховат нима қилсин!—ҳайқиради Панжи полвон. Унинг кенг кўкрагидан завқ билан отилиб чиқаётган забардаст овози микрофонда ўзича нималарнидир сайраётган маданият бўлими бошлиғи Саломатовнинг овозчасини намойишчиларнинг қулоғига етказмасдан, ҳаводаёқ парчалаб ташлайди.
— Ўтаверинглар!.. Ўтаверинглар! Барибир Чаганани хасисларнинг юртига айланти-риб қўёлмайсизлар! Панжи Полвон ўлмаган экан...

Энди одамлар чидаб туролмайди. Биринчи бўлиб Фурқатов домла Полвон тарафга юради. Либослари тоза — худди ҳозир Париждан келгандай. Юришида меъёрдан ошиқроқ виқор бор. Фурқатов аллақандай таъзимга ўхшаш ҳаракат билан Полвоннинг эҳсон қутисига қўл чўзади. Аммо бу чаганашумул воқеанинг ташкилотчиси домланинг хайру садақасини бутун кўчага эълон қилмаса кўнгли тинчимайди.
— Одамлар! Кўриб қўйинглар! Фурқатов домладан йигирма беш сўм!.. Пулдорларни ўлдирдингиз! Яшанг, домла!

Домла таъзимга ўхшаган ҳаракатини яна виқор билан бажо этади-да, шиорлару туғларини кўтарганча сочилиб қолган жамоасига қўшилади. Энди Панжи Полвоннинг ўйиб-ўйиб олаётган масхарали ҳайқириқларига чаганаликлар чидаб туролмайдилар. Одамлар Полвоннинг қутисини тўлдиришга, бу атрофда бирорта ҳам бечора қолдирмасликка қатъий бел боғлашади: бирин-кетин намойишдан узилиб чиқа бошлайдилар...
— Ҳасан сартарошдан беш сўм! Умар газчидан уч сўм! Дўхтирдан ўн беш сўм... Полвон хасислик занжирларидан озод бўлган ҳамшаҳарларининг исму шарифларию, лақабларини илҳом билан жаранглатиб тураверади. Унинг атрофида одамлар борган сари кўпаяётганини кўриб турган райқўм котиби сўнгги чорани қўллашдан бошқа илож қолмаганини доно раҳбарларга хос ҳушёрлик билан пайқайди. У милиса бошлиғини чақириб, Полвонни кўчадан бадарға этмоқни буюради, деб ўйлаган ўқувчилар худди шу ерда катта хатога йўл қўядилар. Чунки, Чагана милисасининг жами жанговар таркиби ҳам Панжи Полвондай давраларни бойлаган номдорга бас келолмаслигини котиб яхши билади. Яна... Котиб бўла туриб эл-юрт олдида хасислик қилиш сал... уятлими-эй! Котиб чўнтагини ковлаштириб, инструктор Мингтўраевга ниманидир чўзганини ҳамма кўради. Аммо чаганаликлар одобли халқ — сезишганини ҳатто кўз қири билан ҳам билдиришмайди. Мингтўраев пленумларда кўрсатадиган енгилу чаққон юришини му-каммал намоён қилиб, бироз букилганича Полвоннинг қаршисида пайдо бўлади. Сирли жилмайиб, полвонга пинҳон гапи борлигини билдиради. Полвон пакана инструкторнинг оғзига қийналиб энгашади. Сўнг тавозе билан қутичани тутади. Мингтўраев қутичага пул ташлайди-да, минбарда қўл силкитишни ҳам унутиб, уларни кузатиб турган котибдан имо кутганича туриб қолади. Котиб инструкторнинг буйруққа иштиёқманд нигоҳини бежавоб қолдириб, қўлини мушт қилганича Полвонга қараб ёлғондакам пўписа қилади. Полвон озроқ эркаланиб, қўлини кўксига қўяди-да, кечирим сўраган бўлади...

Намойишдан кейин Полвон уч киши гувоҳлигида қутини очади. Пулларни санатади. Акт туздиради. Сўнг қўйнидан икки буклоқлик қоғозни олиб, ўзича тузган бечораҳол оилалар рўйхатини уларга кўрсатади. Демократияга амал этиб, бошқаларнинг таклифларини ҳам инобатга олиб, ўзгартиришлар киргизади... Сўнг пулни тарқатишга жўнайдилар...

Полвоннинг бундан ҳам бошқа антиқа одатлари бор. Хўш... Тўйда кураш бўляпти, дейлик. Қорамурутнинг полвонлари давранинг бир четида атайлаб қунишиб ўтиришганини ҳам тасаввур қилинг. Чаганаликларнинг «калиш-палиш» полвончалари ўйин кўрсатяпти. Навбат «улоқ» полвонларга текканда қорамурутликларнинг бири ўйнаб чиқади-да, чаганаликни олгандан ташлайди. Бироқ дунё ҳали чаганаликни беҳимоя этиб қўйгани йўқ! Бўз болалардан бири ҳовлиқмасдан бориб, баковулларнинг олдига тиз чўкади. Дуо олиб, майдон айланади. Уч қафас олмасдан рақибининг елкасини ерга теккизади. Кураш шундай давом этаверади — гоҳ у ғолиб, гоҳ бу... Охири Панжи Полвон қорамурутликларнинг «ҳўкиз кўтарган» паҳлавони билан обрў талашгани Алининг майдонига чиқади... Иккови ҳам даврани босиқ айланадилар. Бир неча бор қўлларини силкитиб, бир-бирларига яқинлашадилар-да, яна ажралиб, жонлари танларига сиғмагандай ўйноқлаб кетадилар. Панжи полвон югуриб келиб, халқнинг қаршисига тиз чўкади. Халқ гувиллаб дуо беради. Паҳлавонлар бир-бирига усул ишлатолмай уч-тўрт бор ёқа ушлашадилар. Бирдан халқ полвонларга қўшилиб, вужудларидаги зўриқаётган ғайратни бўғзиларда ушлаганча тош қотади.
— Ё Али!..

Халқнинг кўксидаги кувонч гурроси ҳавога минглаб кабутарлардай учади. Панжи ўзини осмонга отади. Ўйноқлаганича давра айланиб қувончини ҳаммага улашади. Мағлуб йиқилган жойидан оҳиста туради. Ғолибнинг қувонч рақсига алам билан қарайди. Шунда Панжи бирдан ҳовридан тушиб, унинг ёнига самимий бир жилмайиш билан келади. Қучоқлайди.

Кечқурун қорамурутлик полвонлар Панжининг уйида меҳмон бўладилар.

Чаганаликлар ғолиб чиқишни яхши кўришади. Баъзан қорамурутликларнинг полвони Ҳазрати Али унга ҳам пир эканлигини кўрсатиб қўяди. Давра сув сепгандай жимиб қолади. Баковуллар ғарибсиниб бир-бирлари билан кўз уриштириб оладилар. Томошабинлардан бири алам билан: «Ҳаром!» деб бақиради. Бирдан ҳамма қорамурутлик полвон ҳалол курашда енгмаганига бир зумда ишонади. Баковуллардан бири Панжининг елкасидаги хас-хашакни билдирмай қоқиб ташлар экан, бошқатдан курашиш ло-зимлигига ишора қилади... Шунда Панжи полвон ноҳақлик бўлаётганидан ўксиниб ўтирган қорамурутликларнинг тўдасига боради-да, рақибининг қўлидан ушлаб давранинг ўртасига бошлаб чиқади.
— Халойиқ!— дейди у овозидаги аламни босолмай.— Мард бўлайлик. Бу йигит мени урди... Ҳақини беринглар!..

Энди рақиби Панжини қучоқлаб даст кўтаради...

Кечқурун қорамурутликлар қўярда қўймай қишлоқларига Панжини олиб кетадилар.

Полвоннинг яна бир қизиқ одати бор. У Чагананинг теварагидаги ёзда жизғанак куйиб ётадиган тепаликларга ниҳол ўтқазишни яхши кўради. Баҳорда ниҳолни эккач, атрофини сим тўр билан ўрайди. Сўнг ёз бўйи сув ташийди. Баъзиларининг ёнига бочка "қўйиб, сувга тўлдиради. Керагида жўмрагини бурайди... Ниҳолларнинг яйраганини кўрсангиз! Биз шундаймиз, ўртоқ офтоб! Куйдираверинг! Оловингизни тўкаверинг! Ҳали осмонга етамиз! Чаганага келганларнинг оғзи очилиб, юмилмасдан қолади!.. Полвон роҳат қилади...

Чойхоналарда одамлар ниҳолларни сўрашади: «Қалай, яхшими?» деб. Худди касал болаларни сўрашгандай. Полвон ниҳолларини мақтай-мақтай сўзлайди. Одамлар қувонадилар...

Бу гаплар Полвон Чаганада қандай умргузаронлик этгани ҳақида...

Полвон бошқа жойларда ҳам бўлган. Масалан, Тошкентда, институтда икки йил ўқиган. Яшай олмаган. Бунинг устига Дилором деган яхши кўрган қизини ота-онаси бошқага узатиб юборишгач, «ҳайт» дегану қишлоққа қайтиб келаверган. Ёш экан-да, чидай олмаган. Асли қизнинг уйидагилари ҳам кўп норози эмас эдилар, фақат Панжибой шаҳарда қолсин, одам бўлсин, дейишди. Ўйлаб кўрилса, бечоралар ёмонлик раво кўришмаган эканлар. Аммо Полвон қандай қилиб шаҳарларда яшасин! Хайр, шаҳар! Алвидо, шаҳарни суйгучи муҳаббат! Хуш қолинглар, жўралар! Минг афсус, дипломни сақлашга сандиқ сотиб олмайдиган бўлдик...

Шундан буён Полвон воҳадан нарига чиққани йўқ. Тўйларга боради. Елкаси, айниқса, кейинги йилларда, ер кўрмади ҳисоб. Панжи полвон деса, даврага қадам босган вилоят одами борки, номини ҳурмат билан тилга олади. Полвонлар ўтиришларда тўрга ўтказишади. Салт қолгани йўқ: тагида машина, табласида от... Яна нима керак?

Ҳамманинг ҳам сўз ўтадиган жўраси бўлади. Чори кассир Полвоннинг яккаю ягона сўзи ўтар дўсти. Аммо, айнан шу дўсти— Чори қурғур Полвонни йўлдан урди. «Юр, Тошкентни бир айланиб келайлик... Дунё кўрмасдан, даврани ҳўкиздай айланавериб, ўлиб кетганингни билмай қоласан... Юр!.. Қаригандан кейин...»

Полвон кўнди.

Чори у ёққа ўтди, бу ёққа ўтди, бирпасда меҳмонхонадан жой ундирди. Уч хонали — иккита алоҳида ётоқхона, меҳмонхона, ерда чўғдай гиламлар, рангли телевизор, музхона; бежирим, шифтларгача туташ шкафлар; юмшоқ диванлару оромижон крес-лолар...
— Хўш,— деди Полвон теваракка разм соларкан,—енди бу ерда нима қиламиз, Хазинабон?
— Кураш тушамиз,— деб ҳиринглади Чори кассир худди ўз уйига келгандай, нарсаларини шкафларнинг сонсиз қутиларига бемалол жойлаштираркан.— Бу шаҳри азимда кураш тушадиган нарса кўп, полвонларнинг ғофили! Ҳозир ваннага тушиб, йўлни ҳордиғини чиқарамиз, кейин тўйиб ухлаймиз, кейин... Кейин гап кўп, нодонларнинг полвони!— У яна кулди. Кайфиятида келажак курашларнинг шавқи, ҳузурбахш ороми, соғинилган лаззат...

Полвон қандай кураш тушса, бошқа ишларни ҳам шундай дўндириб бажаради. Айниқса, оппоқ чойшабларга ўралган юмшоқ ўринда Афсар девдай қотиб ухлаб қолади.

У кўзини очганда, меҳмонхонада чироқлар чарақлаб ёнган, телевизорда қарсу қурс контсерт борар, Чори хазиначи қарсак чалар, кимдир бармоқларини қирсиллатиб ўйнар эди...
— Хазиначи!—деб ётган жойидан бақирди Полвон.— Нима қиляпсан, укағар? Момонгни арвоҳини ўйнатяпсанми?
— Ғафлат уйқусидан бошингни кўтар, полвонларнинг уйқу кўрмагани! Париларнинг подшоҳини ўйнатяпман!

Хазиначининг қарсаги яна авжланди, ётоқхонанинг очиқ эшигидан бир нозанин мусиқа муқомида белларини биланглатиб, ажойиб жилвалар этиб, «лип» этиб ўтди. Полвон туриб кийинди, ойнага қараб қўллари билан юзидан уйқу асоратини сидириб ташлади-да, нариги хонага чиқди. Хазиначи креслода жон бериб қарсак чалар; ҳарир мовий кўйлакли, елкасию қўллари яланғоч бир ҳуру ғилмон ўртада турган столни айланиб, нозу карашмалар билан рақсга тушар эди. Столнинг устида ҳар хил ичимликлар, газак босди овқатлар, тансиқ таомлар, яна аллақандай, полвон номини билмайдиган неъматлар... Қизнинг юзи оппоқ, ёноқлари қирмизи: ҳақиқатан ҳам осмондан тушган париларга менгзар — қишлоқда яшайвериб, чарчаган бу икки дўстга жаннат фароғатидан бир шингил намойиш этгани ерга тушгандай эди. Қиз минг турфа ноз билан Хазиначининг қаршисида унга жонини фидо этмоқчидай, куй мавжида ўртаниб тўхтади. Қўлларининг нафис ҳаракатлари билан ишқ ўтида куйиб кетганини изҳор қилди. Бу ёнишнинг ягона сабабкори Хазиначи эканлигини ҳам яширмади. Чори «дўст» деб кўксига урганича, чўнтагидан уч-тўрт қизил червонни олиб, қизнинг йўқ ёқасидан пастга — кўйлак деб аталган либосни тутиб турган икки баландликнинг ўртасига тиқди. Ҳаяжонланиб: «Вой, дод!» деди-да, столдаги ним ярим коняк шишасидан пиёлаларга тўлғазди.
— Панжи! Бйр ўйнайлик, дўстим! Ўзинг ўзингни овутмасанг, бу дунёйи азобда ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ... Ол! Полвонларнинг маишат кўрмагани, ол!..

Полвон бир пиёла ичимликни бир ташлашда ютди. Энди қиз ўзига қараб ишва қилаётганини кўрди. Унинг оппоқ юзи хатарли тарзда Полвонга яқин келган; кумуш елкалари, рақсга монанд сўлқиллаб титраётган билаклари юракнинг тўридан ақлга бўйсунмас бир шиддатни қўзғаб келар эди.
— Полвон! Пулинг йўқми!— қичқирди Хазиначи.

Панжининг қўлида пул кўриниши билан қиз чаққонлик билан уни илиб кетди, сўнг шарақлаб кулди-да, рақс тушишдан тўхтаб, ўзини диванга ташлади.
— Ака,— деди у Полвонга ҳансираганича,— менга ҳам қуйинг... Уф!..

Полвон нозланиб, эркаланиб чарчаган бу гўзал мавжудотдан кўзини узолмасдан пиёлага коняк куйиб узатди. Қиз пиёлани мунтазир этганича, бееътибор ҳаракат билан аввал кўкраклари орасидаги пулни олди, қўлидагиларига қўшиб, диванда ётган бежирим сумкачасига жойлади, сўнг вужудига сингиб кетган навозиш билан Полвон қаршисига келди-да, пиёлага қўл узатди ва айни шу пайтда унга биринчи бор астойдил назар ташлади.Унинг назарини қайноқ иштиёқ билан тутган йигитнинг кўзлари ногаҳон қизда кутилмаган ўзгариш юз берганини пайқади. Қизнинг нигоҳида аввал ҳайрат, кейин қувонч, сўнг сўлиш жилвалари тез-тез алмашиб, беҳоллик ичида қотди, У пиёлани оҳиста столга қўйди-да, нохос боши айлангандай пешонасига қўлини босди, тўсатдан шапалоқ еган каби юзини секин ҳаракат билан силади, кейин шу кўйи гандираклаб диванга чўкди. Бетлари ҳамон кафтлари орасида — қайлардандир учиб келган ғусса кўзларини тўлдирган эди. Полвондан нигоҳини узолмас, гўё Панжибой дунёдаги энг ҳуркак қушу — бир зум назоратдан четда қолса, улкан гавдасини лопиллаб кўтаргани-ча, борса келмас маконлар сари очиқ деразадан учиб кетадигандай... Қизнинг қараши аста-аста ўзгариб, беҳол ғусса ўрнини соғинчу армон, йиллаб кўришмаган ошиқлар орасида бўладиган бегоналигу бетоқатлик эгаллади. У сумкачасини очиб, дастрўмол олди-да, кўзларига босди... Бир фасл жисмини ногаҳон забт этган ғуссаси билан курашганича қолди.
— Асад ака...—деди у бутун вужуди билан хўрсиниб,— учрашган жойимизни қаранг...

Ҳеч нарса тушунмаган Хазиначи Полвонга қаради. Бу ўзгаришдан гарангсираган Полвон лол эди. Қиз эса шахт ила ўрнида турди-да, Чори хазиначининг қаршисига чўк тушди.
— Жон ака!—деди у ёлвориб.— Бола-чақаларингизни яхшилигини кўринг! Мени Асад акам билан холи қолдиринг. Сизга... Топиб бераман...

Қиз жавоб кутмай, телефон дастагини олди-да, ғайрат билан рақам тера кетди.
— Нафис! Бугун уйингда ким бор? Бўшмисан? Яхшилаб қулоқ сол, жоним... Ҳозир бир одам боради. Хавотир олма, синалган акаларимизлар... Айтганинг бўлади... Минг раҳмат, Нафисичка!

Сўнг шу шиддатда бир парчақоғозга нималарнидир ёзди-да, Чори хазиначига тутди.
— Мана шу адресга борасиз... Менинг уйимнинг олдида...

У довдираб қолган Хазиначини қўлтиқлаб олди-да, эшиккача бошлаб борди:
— Ака! Кечирасиз энди...
— Ие! Бизни ҳайдайсизми, париларнинг ғазабкори?—деди ўзини ўнглаб олиш ҳаракатида Чорибой.
— Илтимос қиляпман, акажон! Нафиса кайфингизни чоғ қилади, хавотир олманг!.. Хазиначи дўстига кўз қисди:

-— Худо омадингизни берди, Полвонларнинг бахти чопгани! Полвон ҳазилга ҳазил улай олмади. Негадир:
— Буниям олиб кет!—деди қизариб.

Қиз бирпасда серҳаракатлигини йўқотиб, эшикнинг олдида қотиб қолди.
— Асад ака...— деди овози қалтираб.— Кейин... Сўкарсиз... Майлими?—унинг кўзлари яна ғамгусор илтижо билан боқди.
— Энди муомилани яхшилаб, суҳбати жамшид қураверасиз, полвонларнинг мада-ният кўрмагани!—деди тиржайиб Хазиначи. Унга яна аъло кайфият қайтган эди.— Хайр!— у ҳамон Полвонга мутеларча тикилиб турган қизга, сўнг дўстига кўз қисди-да, чиқиб кетди.

Ўртага сукунат чўкди. Қиз ҳамон мутелик билан йигитга қараб турар, хонанинг ҳавоси титроққа тўлган, чироқ ҳайрон бир қиёфада зиё таратар эди. Полвон деразалардан кўчаларнинг шовқини бемалол бостириб кираётганини кўрди. Баҳайбат гавдаси билан шовқинни ҳуркитиб юриб борди-да, деразани беркитди. Телевизорнинг экрани ўчган... «Ким ўчирди?» ўйлади Полвон. У тушуниб бўлмайдиган бу шаҳарнинг аллақандай ўйинига қўшилиб қолганини, атрофида ҳеч қачон у билан кечмаган қандайдир воқеаларнинг шарпалари пайдо бўлганини билди.
— Асад ака! — деди қиз.— Мени бундай ҳолда учратаман деб ўйламаган бўлсангиз керак?

Нима деяпти? Қанақа Асад? Нимага у бу телба хотинни олдида бузоққа ўхшаб анграйиб турибди?
— Гап бундай... — ғижинди Полвон.— Бу энағар Хазиначи кўздан қолган. Қайси иштони йўқни кўрса, пари деб ёпишиб олади... Хўш... Яна сизга айтсам, бизга раҳматлик энамиз Қайнар момо Панжи деб исм қўйганлар, худога шукур...

Қиз пириллаб юриб Полвоннинг ёнига келди. Икки қўлини кўксига қўйганича, куйиб-пишиб ёлворишга тушди.
— Илтимос, мени худо қарғагани ҳам етар... Сиз ҳам... Жон Асад ака! Хоҳласангиз, оёқларингизга йиқиламан... Мени танимасликка ҳақингиз бор... Аммо бугун уришманг!

Полвон қизнинг илтижолари юрагига тегаётганини, кечаётган воқеанинг ботин бир кучи уни ўз йўлига сола бошлаганини сезди...
— Мен... Асадманми?.. — деди у зўрға жилмайиб.
— Ҳа! Ҳа!.. Асад акамсиз! Менинг Асад акамсиз! Соғинишни билмаган, йўқлашни билмаган Асад акамсиз!

Қиз энди ўзини унутиб, ёниб гапирарди. У гапидан тўхтаб, Полвоннинг кўзига қайғую қувонч, умиду ҳадик билан қаради. Кейин оҳиста юриб келди-да, Полвоннинг кўксига бош қўйди.
— Асад ака... Асад ака...

Полвон бирдан, қиз бу сўзларни такрорларкан, унга ўз ҳаётини, азобларини, соғинчларини, армонларини, ҳеч қачон ушалмайдиган умидларини, ногаҳоний бу учрашувнинг қувончларини сўзлаб бераётганини сезди ва ўзи ҳам Асад эканлигига ишонаётганини пайқади. У қизнинг икки елкасидан тутди-да, кўкрагидан ажратди. Кулди.
— Хўш, — деди у қизнинг кўзига термилиб. — Бу, укағар Хазиначини қувиб юбординг...

Полвон қизни сенлаганидан уялиб, гапини йўқотди. Қиз яна бошини унинг елкасига қўйди.
— Сенлайверинг, Асад ака... Мен ҳаммасининг аввалгидай бўлишини хоҳлайман... Полвон бирдан ўзини эркин ҳис қилди.
— Нима қиламиз энди? — сўради у жиддий, тарзда. — Сиз рақсга тушиб, мен яна қарсак чаламанми?

Қиз қўлчасини «жим» дегандай Полвоннинг оғзигй қўйди.
— Э, укағарди қизи-я! — деди йигит қизни эркалаган б,ўлиб... Қиз хурсанд бўлиб, маъюсгина жилмайди.
— Эски гапларингизни йўқотмапсиз...

Полвон борган сайин ўзининг Асад эканига ишона борарди. У бу қизни қачонлардир кўрганига, ҳамсуҳбат бўлганига, ҳатто... яхши кўрганига иқрор бўла бошлаганди...
— Юр, — деди у кутилмаганда ғайрати қўзғаб, — хонага қамамай, шаҳрингни бизгаям кўрсат. Момағар Чори қочиб кетди. Кейин ресторанга кирамиз...

У танига ғайратини сиғдиролмай, стол устида турган ярим шиша конякни даст кўтарди-да, қултиллатиб юта кетди. Бўш шишани негадир диванга ирғитди. Бошини тебратиб роҳат қилдй. Қиз тутган бир бўлак мандаринни олмасдан:
— Ўзинг е, — деди меҳри ийиб.

Шаҳарни меҳнаткаш халқ тарк этган, тунги кўнгил очиш ишқибозларию ажралишдан қўрқадигандай, бир-бирларини маҳкам ушлаб олган ,ошиқлар; тўп-тўп кезинган кечки таълим талабаларию милисалардан бўлак ҳеч ким йўқ. Улар «Инқилоб» хиёбонига элтадиган кўчага юрдилар. Шиша деворларидан нур оқаётган «Гуллар» дўконининг олдида қиз тўхтади.
— Эсингиздами? — деди у, — Менга мана бу дўкондан гул олиб бермаганингиз?..
— Аҳмоқ бола эдим-да, — «еслашга тушди» Полвон. — Ўзбек йигити қизига гул берса, ўрисча бўлиб кетади деб ўйлардим-да...
— Жинни эдингиз...

Бирдан Полвон бу сўзни кимдан эшитганини, кимга гул олиб бермаганини эслаб, донг қотиб қолди... Товба! Худоё товба! Ахир, бу сўзларни... Дилором айтарди-ку! Ахир Дилоромга гул олиб бермаган эди-ку! Қудратингдан! Бу не сир?
— Асад ака...

Полвон қизнинг хотиралар туманида сузиб юрган овозидан ўзига келди.
— Асад ака, — дерди қиз олис воқеани хотиралар ичидан тортиб чиқараётгандай, — эсингиздами, «Дон Жуан»га кирганимиз?.. Мана бу театрга кирганимизни айтаяпман... Ярмигача ўтириб...
— Укағар Хазиначи «Дон Жуан»ни ярмини кўрган одамни ҳам маданиятсиз дейди-я...

Кулишди. Энди Полвон ўзининг Асад эканлигига аниқ ишонган: бу воқеаларни аслида қачонлардир Дилором билан бошдан кечирганини ҳис қилиб турса ҳам, ўша ҳаётни мана бу елкалари очиқ қиз билан ҳам яшаганига ишонар эди. Улар кечки шаҳарни сайр қилиб. юрарканлар, ҳар муюлишда, ҳар қадамда ўзларини қачонлардир боғлаб турган воқеаларнинг изларини топишар, кулишар, бир-бирларига суйканишар, ихтиёр кетган маҳаллари бир-бирларининг бағирларига ташланишар ва бу кечанинг ортида айрилиқ борлигини сезишиб, йиғлашар эди. Йўқ! Полвоннинг кўзидан ёш келгани йўқ. Биродарлар, дил деган сабил ёшсиз ҳам йиғлайверади...

Улар айланиб яна меҳмонхона остонасига етиб келдилар.
— Энди бу учрашувимизни ювмасак бўлмас, — деди Полвон, — Қани, бошла! Сенинг шаҳринг.

Қиз унга меҳр тўла кўзлари билан қараб турарди.
— Йўқ, — деди у, — энди хайрлашамиз...
— Э... Гаранг қилма-да энди!.. Бўлмаса меҳмонхонага юр...
— Асад ака... Ҳозир... Хайрлашамиз. Хўпми? — деди қиз ва Полвоннинг кайфияти бузилаётганини сезиб, эркалади: — Ўзимнинг Асад акам!..
— Энди... Чой ичмасак, қандай бўларкан...

Қиз Полвонга бутун вужудини бахш этиб термулганича, оппоқ, жажжи қўлчаларини чўзди:
— Хайр... Хайр, Асад ака!

У йигитнинг баҳайбат кафтларида бармоқчаларини бироз ушлаб турди-да, бошини бир томонга хиёл энгаштириб, жилмайди:
— Хайр...

Қиз Марказий дўкон тарафга қараб жўнади. Полвон нима қиларини билмай, ҳасрат билан қараб турарди. Бирдан у қизнинг на телефони, на адресини олмаганини эслади.
— Дилором! — деб бақирди у беихтиёр. Қиз ортига бурилмай, ер ости йўлига тушиб кетди...

Полвон бу воқёанинг моҳиятини ҳам, ўзининг кимлигини ҳам ўйлашга қурби етмай узоқ турди. У ўзида катта ўзгаришлар кечганлигини, қишлоқдаги Панжидан фарқи борлигини англади. Шундан сўнг беихтиёр ресторанга қараб юрди.

Половон шовқинли нотаниш куйдан қулоғи битиб овқат еган бўлди. Офитсиант зўрға топиб келган яримтани икки бўлиб ютди. Бошида ғира-шира хушбахтлик шарпалари айлана бошлагач, рестораннинг созандалар ўтирган тарафига қараб хаёлга толди. Кейин бирдан нимадир эсига тушгандай бурилиб, ёнига қаради. Дераза тагидаги столда икки йигит икки қиз билан вақти чоғлиқ қилиб ўтиришарди. Полвон улардан кўзини олдию яна сачраниб қаради... Ў!.. Ана... Қачонлардир унинг бағрини хун этган Дило-ромхон кайф-сафо қиляптилар-ку! Ёнидаги ким? Эрларимикин ё ўйнашчалари? Полвон босиқлик билан ўрнидан турди. Хотиржамлик билан столларни айланиб ўтди-да, Дилоромларнинг қаршисига бориб, қизнинг кўзига тик қаради. Дилором унга бир разм солди-да, ҳеч нарса кўрмагандай суҳбатни давом эттирмоқчи бўлди. Аммо шу пайт йигитлардан бири Полвонга ўгирилди.
— Бизда ишингиз борми? — деб сўради у, энсаси қотиб.
— Сенда эмас... — Полвоннинг кўзи ҳамон Дилоромда эди.—Мана бу қизчада ишим бор.
— Менда? — ажабсинди Дилором.
— Ҳа, сенда... Танимай қолдингми?
— Нима бало, мастмисиз? Ҳозир милиса чақираман. Дилоромнинг аччиғи чиққанди.

Аёлнинг ёнидаги йигит қўзғалди.
— Жанжал чиқармоқчимисиз? — деди у беписанд оҳангда, заҳарханда тиржайиб.
— Ўтир-э! Преслаб ташлайман!

Полвон уни елкасидан бир босиб, жойига қайта ўтқазиб қўйди. Иккинчи йигит тавозе билан ўрнидан қўзғалди.
— Ака, мен сизни таниб турибман. Чаганаликсиз... Юринг, коридорга чиқиб гаплашайлик... — у шундай деб қўлини кўксига қўйди.

Полвон «Чагана» сўзини эшитгач, яна босиқ қадамлар билан юриб кийимхона олдига келиб тўхтади.
— Гапир!

Йигит одоб қоидаларини заррача ҳам бузмай, хуш жилмайганича, Полвонни қўлтиғидан олди:
— Ака, — деди мулойимлик билан, — бир маишат қилгани келган эдик... Илтимос, энди бузманг... Пулигача тўлаб қўйганмиз;.. Сиз ўзимизни суйган Панжи полвонимизсиз...
— Сенинг исминг нима? — сўради Полвон. Энди у жанговар қиёфасини йўқотган, сулҳ учун тайёр алфозда турарди.
— Асад, — деди йигит ширинсухан ҳозиржавоблик билан.
— Нима?!

Полвон ҳайқириб юборганини ўзи ҳам сезмади. Кийимхона атрофида жимлик чўкди. Ҳамма томоша илинжида улар тарафга ўгирилди.
— Асад... — деди йигит гуноҳи нимада эканлигини тушунмай жовдираганича. Полвон бир дақиқа йигитга оғир қараш қилиб турди-да, бурилиб ресторандан чиқиб кетди.

Полвон уйғонганида Хазиначи ҳали қайтмаган эди. У стол устидаги маъдан сувни шишаси билан олди-да, креслога ястанганича хўплаб, кеча кечган воқеаларни бир-бир хаёлидан ўтказди. Сўнг Чаганани, ниҳолларини, табладаги отини, курашга тушаётган полвонларнинг ўйин кўрсатишларини, халқнинг ишқибозлик гаштида гоҳ тош қотиб, гоҳ гувиллашларини эслади ва ҳозир ўша дунёдан нақадар узоқда эканлигини сезди. Юрагига соғинч тўлқини урилиб, энтикди. Шунда бирдан кечаги воқеаларнинг маъносига етгандай бўлди.

Ё қудратингдан! Нима ўйин кўрсатдинг? Ақлдан озган Панжибойга кўрим қилдинг-ку! Наҳотки, унга кечадан буён бировнинг умрини яшатаётган бўлсанг?..

Полвон шишадаги сувдан яна бир ҳўплади. Аён! Кечадан буён бировнинг умрини яшаётгани аён!

У нарсаларини тез йиғиштириб, жомадонга солди-да, ташқарига чиқди. Такси олиб автобекатга борди. Узоққа кетадиган машиналарнинг шофёрлари уни дарҳол ўраб олишди.
— Қаёққа? Чаганага? Э-ҳе... Ҳеч ким бормайди. Думалоққина бир шофёр ҳазил аралаш гап ташлади:
— Минг берсангиз...

Полвон индамасдан «Волга»нинг ўриндиғига ўзини ташлади...

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон