OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Usmon Azim. Gʻoz (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУсмон Азим
Асар номиҒоз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Усмон Азим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ғоз (ҳикоя)
Усмон Азим

Алпомиш чоҳга тушганини биласиз. Чоҳга ярадор ғйз қулаганини ҳам биласиз. Ғозни отолмаган шакаман мерган ору номусдан юрак бағри эзилиб йиқилганини ҳам биласиз. Алпомиш ғозни даволаб, қанотига хат бойлаб, юртига элчи қилиб учирганидан ҳам хабарингиз бор. Ғоз яна мерган кулбаси устидаги тоғнинг бошига қўниб, қанғиллаганидан ҳам, касал ётган овчи қўлига ёй олганидан ҳам, шу ғоз ўлса Алпомиш хор, Қўнғирот эли зор бўлишини худо кўнглига солган мерганнинг энаси «ҳай-ҳай»лаб қушни учириб юборганини ҳам эшитгансиз. Алпомиш юртига қайтиб, Барчин ерига тасаллилар айтиб, Ёдгор ўғлини бағрига босиб, Қўнғиротнинг кўнглини ёзиб ўтганини ҳам қулоғингиз илиб қолган.

Аммо ғозни отолмаган шакаман мерганнинг ҳоли не кечди? Билмайсиз.

Ўз боласини балога топшириб, ғозни учирган бечора кампир бемор фарзандининг бошида қандай кун кўрди? Билмайсиз...

Мана энди биз ана шу билмаганингиз ҳақида ёзамиз. Одатимиз шунақа — биров гапирганини қайтариб юрмаймиз. Зерикманг, деймиз-да, гапдан чарчаган дунёнинг гапдон болалари!..

Хуллас, биздан эшитинг.

Кампир «ҳай-ҳай»лади. Ўқ тегмади. Ғоз бир айланиб, ўтакаси ёрилиб, «Бойсун-Қўнғиротга етгунча, қанотимни толдирма», деб тангрига ёлвориб, баландлаб учиб кетди. Мерган куни етганини сезди — «енамки ғозни мендан авло билди, паймонам тўлган экан, гулим очилмай сўлган экан», деб оҳ уриб, олам кўзига қоронғу кўриниб, тўшакка етмай йиқилди. Кампир бечора «воҳ, боламилаб, ўзини фарзандининг устига ташлади, кўзларини ёшлади.
— Болам,— деди кампир,—қаддингни кўтар, ҳали бу тоғнинг бошидан села-села ғозлар ўтар, истаган ғозингни отиб олишга кучинг етар...
— Эна, мен сезиб турибман, бу ғоз қайтмайди. Менга бошқа ғознинг нима кераги бор? Отган ўқим хато кетмаган мерган эдим. Энди ор-номус мени омон қўймайди... Ҳай, эна! Нодон эна! Бир ғозни фарзандингга раво кўрмадинг — мени ўлдирган асли сенсан.

Мерган шундай деб бўзлади, бечора энасининг жигар-бағрини тузлади. Кампир йиғлаб ичкари кириб, ташқари чиқяпти, боласининг бошида ўргиляпти, дили вайрон, тақдирнинг ногаҳон зулмидан ҳайрон, ўғлига, балки ўзига мадад бериб сўзлаяпти:
— Болам! Жоним болам! Мен ҳам худонинг бир куйган бандасиман. Оллоқ кўнг-лимга солди... У ғозсиз кўп ёмон бўларди, Бойсун-Қўнғирот томом бўларди, Алпомиш чоҳда қоларди. Барчинни Ултонтоз, оларди... Бир юрт йўқ бўларди, жон болам! Аммо сенсиз менга бу дунё қоронғу! Оллоҳдан бир умрингни сўраб олмасам, энанг бўлиб нима қилдим,— деб йиғлаяпти.

Мерган кун сайин кучдан кетиб, қоқ суяк бўп қоляпти, сўнгги куни армонда — Азроилнинг шарпасини сезиб боряпти... Ор-номус учун ўладиган замонлар ҳам бўлган-да, биродарлар!

Кампирнинг қилмаган давоси қолмади. Бир қўйи бор эди — чилтонларга бағишлаб, сўйиб, элга хом талаш этди. Париларнинг жодуси кесилсин деб, бир товуғининг қонига пахта булаб, фарзандининг бошидан айлантирди. Қирқ мулла чақириб чилёсин ўқитди. Нафаси ўткир бир парихонни келтириб, бир парча пўстакка дам солдириб, бўсағага кўмди. Беморни қоронғи хонага қамаб, чироқ ёқди. Самандар кўсани топтириб келиб, жар солдирди... Бемор ўзига келмади.

Қирқ дарадан нарида Бўлган кал дегич бир фолчи бор эди. Зўр эди — ўтиргандан қирқ юрим, югургандан қирқ турум топарди. Бировнинг исмини эшитса, умрини маталдай айтиб, худо буюръмаган касалларга умрини қайтиб бераверарди.

Кампир шу кални топиб борди. Қирдан фолчининг уйига тушиб келаверди... Кал капасидан чиқиб кампирга бақираверди:
— Қайт! Кампир, қайт! Мен фол очишни ташлаганман! Қайт келган йўлингга деяпман! Қайт!
— Бўлган иним! Минг афсунга тўлган иним! Боламнинг дардига даво излаб, қошингга биядай бўзлаб қ«ляпман! Қайт демагин! Жонимни олсанг ол! Молимни олсанг ол! Фақат беумид қайтарма...

Шўрлик кампир калнинг капасига яқин келолмайди — бетда туриб зориллаяпти, бечора Бўлганни ҳам бир билгани бордир-да, кампирни яқин келтирмайди.
— Молингни ололмайман — талончи эмасман, жонингни ололмайман — тангри эмасман... Кампир! Қайт! Мениям қийнайверма!.. Фол очишни ташлаганман... Очган фолим тескари чиқяпти. Фақат тангридан умид кут.
— Ҳеч бўлмаса бир сирни айт, Бўлган иним. Мен худога нима ёмонлик қилдимки, ёлғиз боламни, кўзимнинг оқу қорасини бедаво дардга дучор қилди?
— Кўзимни ёшлатма, кампир! Сўраб нима қиласан? Сен фидойилик қилдинг! Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир... Энди қайтавер, кампир! Бошқа бир сўз айтмайман. Ҳаммамиз ҳам бандамиз — худо бошимизга нимаки солса, сабру тоқат билан қабул қилишдан бошқа иложимиз йўқ...

Кампир билдики, бу кал бошқа ҳеч нарса демайди. Кўнгли алағда, бечора, яна боласининг қошига қирқ дара ошиб, ҳаллослаб чопиб келди. Мерганнинг қирқ жонидан йигирмаси узилган, ранги заъфарон — қони бузилган, «армонда кетар бўлдим», деб шифтга қараб ётибди. Энасининг келганини сезиб, бурилиб қаради... Биродарлар! Одам дегани жон чиққунча умид қилаверар экан — мерган энаси бир хушхабар олиб келадигандай тикилди. Кампир ерга қаради: худо шифо берса, отдай ўйноқлаб кетишини айтди.

Кампир сўлаётган ўғлига қараб, чидаб туролмади. Итни сўйиб, гўштидан шўрва қилди. Суварак емаган дашт кирписининг қонини ичирди. Ҳаммасини йиғлаб-йиғлаб, «бечора болам»лаб ўзи сўйди, ўзи пиширди. Тоғ бошига ғозлар қўнганда, «ўша ғоз» келганини айтиб, фарзандини алдаб кўрди — мерган қушларнинг овозига бир дам қулоқ тутиб турди-да, «йўқ» деди, қовжираган лабларини аранг қимирлатиб.

Энди кампир Луқмони Ҳакимни дараклаб жўнади. Қирқ кун йўл юрди, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтди, Бир кун қараса, соқоли белига тушган бир мўйсафид ўту ўланлар билан гаплашиб келяпти. .
— Сен, жирғаноқ, шарбат бўласан... Қариқиз, сен касалларни терлатасан... Юлғин, писмиқ, нега яшириняпсан? Ариларга асални кимберади, тентак! Афсонак! Заҳарлиман деб хафамисан? Заҳринг ҳам дори-ку! Ўсавермайсанми?..

Кампир чолга эгилиб салом берди. Чол унга бир разм солиб қаради-да:
— Нега менга эгилдинг, одамларнинг улуғи?—деди оғриниб.— Аксинча, мен сенга таъзим этмоғим даркор эди. Мен ҳаётимда мингта, мақтаниб айтсам, ўн мингта одамни ҳаётини сақлаб қолдим. Сен бўлса... Э-ҳе!..

Чол кампирнинг ҳақиқий улуғворлигини кўрсатмоқчидай, икки қўлини ёйиб бутун дунёни кўрсатди. Бечора кампир чидаб туролмади — Луқмони Ҳакимга умид билан тикилиб, пойига йиқилиб, ёшига ёқаси ҳўл бўлиб, хунобаси мўл бўлиб изиллаверди.
— Мен қайдан улуғ бўлай, Луқмони Ҳаким! Бир боламнинг дардига даво тополмасам...

Луқмони Ҳакимуни ердан кўтарди, ёшини артди, сочларига илашган хасларни отди.
— Бир юртга дориломонлик берган одам улуғ бўлмай, мен улуғ бўлайми, кампир! Кампир яна изиллаб ёлворишга тушди:
— Агар мен улуғ бўлсам, боламнинг дардига даво топиб бер, эй, Луқмони Ҳаким! Илоё бу дунёнинг ёмонидан ёмон яшай! Фақат болам армонда кетмасин!..

Луқмони Ҳаким оғир ўйга толди.
— Сен олам кўрмаган фидойилик кўрсатдинг,— деди у ниҳоят, чуқур хўрсиниб.— Энди чидамоқдин бошқа йўл йўқ. Чида, кампир! Неки бошингга тушса қаноат эт!.. Э, фалак!..

Луқмони Ҳаким бир «оҳ» урдию яна ўт-ўланалар билан гаплашиб, дала-даштни оралаб кетаверди.

Кампир яна боласининг қошига чопқиллаб жўнади. Қирқ кун йўл юриб, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтиб етиб келди. Боласи яна умид билани бош кўтариб қаради. Кампир йўлдан териб келган ўтларини фареандига кўрсатиб: «Луқмони Ҳаким бериб юборди», деб хурсанд қилиб, қайнатиб ичирди — мерган ўзига келмади. Танида таранг тортилган ҳаётнинг ришталари чирсиллаб узилиб кетаётганига қулоқ тутиб, тақдирга тан бериб, жимгина ётаверди. Кампир эшикка чиқади— йиғлайди, ичкари киради — кулади, «аҳволинг анча тўзук» деб, тасалли берган бўлади. Аммо ўзининг тинчи йўқ. Ажал эшикни очса — эшикдан, очмаса — тешикдан кирадигандай...

Кампир ўйлаб-ўйлаб, Бойсун-Қўнғиротга — Алпомишнинг ҳузурига жўнади. Боласининг азобида эси ўзида йўқ — неча вақт йўл юрганини билмайди — балки кундир, балки йилдир... Кампир Асқар тоғдан чиқиб, пастга қаради. Қирқ минг уйли Қўнғирот қирқ минг оқ ўтов тикиб, қирқ минг сурув қўйини яйловда яйратиб, ҳар ўтовнинг олдида ўн тулпорни бойлатиб, тўй қилиб — бахшиларни сайратиб, омон-омонликда, хушбахт замонликда умр кечиряпти. Кампир Алпомишнинг қирқ қанот ўтовини чангароғига осилган яшил байдоқдан билди. Тоғдан тушди-да, ясовуллару баковулларнинг ёнидан шамолдай ўтиб, юрт сўраб ўтирган Алпомишнинг қошига борди.

Биродарлар! Алпомиш ҳам тек йигит эмас эди, кампирнинг кимлигини дарров билди — икки қўли кўксида, «хуш кўрдик, эна», деб кулиб, мўйловининг бир четини тишлаб, кўнглини хушлаб пешвоз чиқди.
— Бир хизматга келдим,— деди кампир.
— Минг хизматингиз бўлса ҳам, бажо бўлади, эна!— деди Алпомиш.— Тиланг! Кампир эзилиб, унсизгина йиғлашга тушди. Аркони давлатга аралашиб юрган

Ойбарчин эсли хотин эмасми, чопқиллаб келиб кампирни белидан олиб, устига атлас кўйлак ёпиб, тўрга ўтқизди — ҳол сўради.
— Қўнғирот эли!—деди ўзини босиб олган кампир ўтирганларга қараб.— Менинг кимлигимни биласизларми?
— Сиз элчи ғозни ўлимдан қутқазган халоскоримиз бўласиз! — деди ҳамма бир оғиздан.
— Шу ғозни отолмаган мергангина бир болам ор-номусда куйиб-қоврилиб, бу дунёдан соврилиб кетяпти... Шу боламнинг дардига даво топиб беринглар, деб келдим...

Ҳамма жим қолди. Нима қилишсин? Ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даво бор... Аммо ўлим...

Барибир Алпомиш мард эди, биродарлар! Кампирни армонда ёлғиз қўйгиси келмади. Қўнғирот қайтиб Қўнғирот бўлишига сабабчи бу ҳалол кампирни ўлим уқубатига қандай қилиб юзма-юз қўйсин?
— Эна,— деди Алпомиш бир тўлғаниб,— менинг ҳам биргина ўғлим — кўзимнинг оқу қораси, ҳаётимнинг маъноси Ёдгорим бор. Шуни олиб кетинг. Сиз туфайли менинг юртим омон қолди, Ёдгоржоним туфайли сизнинг фарзандингиз ҳам соғайиб кетсин. Шу боламни хайри худо йўлига буюрдим...
— Йўқ... — деди кампир кўздан ёши селоб бўлиб.
— Олинг, эна! Ёдгор ўша ғоз тоғ устига чиқиб, ўзини ўғлингизга атаб қурбон қилади. Иншооллоҳ, болангиз тузалиб кетгай...

Алпомиш аркону давлатнинг қуввати бўлиб ўтирган Ёдгорбекка назар ташлади. Ёдгорбек падари бузурукворига қуллуқ этиб, хизматга тайёр эканлигини билдирди. Барчин келиб, ўғлининг бўйнига осилди.
— Эли учун қурбонлиққа арзийдиган шўрлик болам!— деб айтиб йиғлаб бошлади. Алпомиш кўзларида қалққан ёшларини тийиб, бир кескин ишора қилди. Ўртага сукут чўкди. Ёдгорбекни пешонасидан ўпди.
— Бор, болам,— деди сўнг у - Қўнғирот ҳар кимдан қарзини узиб юрмоғи ло-зим... Бор, ёлғизим! Бор, Ёдгорим! Юртингни қарзини уз!—Кейин кампирга юз-ланди:—Эна, энди жўнанглар! Илоё фарзандингиз шифо топсин!

Энди кампир бу марду майдонликнинг олдида лолу ҳайрон, юрак-бағри вайрон бўлиб ўтириб қолди. Узоқ ўтирди. Кейин нимадир эсига тушиб, юзи ёришди.
— Қўнғирот аҳли!— деди у.— Мен бир муштипар кампир эсам-да, сиз айтган йўлга юролмайман. Фарзанд доғи нима эканлигини мен бечора билмасам, ким билсин! Ёдгорбекни ҳам қўйинглар — Барчиннинг бахтига соғ-саломат яшайверсин! Фақат бир илтимосим бор. Ҳозир ҳаммангиз чин кўнгилдан худодан тилангки, менинг ҳеч бўлмаса биргина зорим яратганнинг қулоғига етсин!

Қўнғирот эли гуриллаб, яратганга ёлвориб, дўо қилди. Кампир йўлга тушди. Алпомиш кампирни тўхтатиб, Бойчиборга миндирди. Ёнига қирқ йигитни қўшди. Уйигача элтиб қўйишни тайинлаб, хўшлашди...

Кампир билан қирқ йигит ғоз қўнган тоққа етганда, кампир Бойчибордан тушди, жиловини қирқ ботирдан бирининг қўлига тутқазди. Йигитлар «касал ётган жўрамизни кўриб қайтамиз», деб ҳарчанд уринмасинлар, уларни Бойсунга жўнатди. Ҳайҳотдай тоғнинг бошида бир ўзи мунғайиб қолди.

«Худойим! Менинг ноламга ҳам бир бор қулоқ срл! Ҳеч бўлмаса, Қўнғиротдай бир юртнинг дуосини инобатга ол! Сочим супурги, қўлим косовликда умрим кечди. Бир фарзанд ўстирдим. Бир тақдир қушини ўлимдан сақлаб қолдим. Энди болам ўладиган бўлиб ётибди. Тоғдан пастга тушолмай турибман. Қўрқаманки, мени бенажот қайтганимни сезган болагинамнинг бу дунёда қарори қолмайди... Худойим! Ўзинг қўллагин! Раҳмат нурин бошимдан соч. Мени ғозга айлантир-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер!.. Худойим!..»

Кампир тўсатдан ҳавонинг бир бўлакча тўлқини уни туртиб ўтганини сезди. Баданига ажабтовур вижирлаш кирди. У ўзининг ғозга айланганини кўриб, қувончидан, ғақиллаб сайраб юборди.

Ғознинг қичқириғи мерганнинг қулоғига етди. Таниди — ўша ғоз! Қувониб, қайта-қайта ғанқиллаб турибди. Оҳ, келаркансан-ку, армонларда ўлдирган ёлғончининг ажал-берди ғози! Келаркансан-ку!... Мерган ёнида беега ётган ўқ-ёйини олиб, тоққа томон жўнади. Аммо касаллик қуритган танда куч қайда? Уйининг остонасидан чиққанида йиқилди... Энди ғозга етиш гумон. Ҳай, эсиз дунё! Насиб этмаган экан-да... Аммо худо йигитнинг омадини берса, нималар бўлмайди! Ғоз ўйнаб-ўйнаб, сайраб-сайраб учиб, ўқ етар жойга келиб тўхтади. Мерган қўлига ёйни, садоқдан ўқни чиқариб ғозни мўжалга олди. Бироқ касалликдан нури қочган кўзи тиниб, бўшатган ўқи ғоз устидан — икки терак бўйи баланддан ўтиб кетди. Аттанг! Ўладиган қул шундай бўлар экан-да!.. Аммо ғоз яна ўйин кўрсатди. Ҳавога бир баландлаб учди-ю, қанотларини озод ёйганича сузиб келиб, мерганнинг шундоқ қаршисига қўнди!

«Худойим! Менга меҳринг шунчалар мўлми? Жувонмарг кетишимни истамаган тангрим! Ўзинг мадад бер!..»

Мерган бор кучи билан ёйни тортиб, ўқни бўшатди. Ўқ ғозни туйраб ўтиб кетди. Мерган бирдан касалликдан халос бўлиб, ўрнидан сакраб турди. Югуриб ғознинг ёнига борди. Қуш ҳали жон узмаганди.
— Эна!—қувончини ичига сиғдиролмай қичқирди мерган.— Қаердасан! Ғозни отдим! Эна! Соғайиб кетдим! Эна!..

Қуш бу қичқириқдан ногоҳ кўзини очди. Қанотларини толпинтирмоққа уринди. Мерган ғознинг кўзида ажабтовур бир шодликнинг шарпасини кўриб, қичқиришдан тўхтади.
— Эна!— деб қичқирди у энди хавотирланиб.

Қушнинг қанотлари шалвираб тушди. Шодликнинг шарпаси эса аллақандай совуқлик бостириб келаётган қовоқлари остига ботди.
— Эна...

Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳикоя тугади.

Фақат, биродарлар, бир илтимосимиз бор: ғоз кўрсаларинг отманглар! Ким билсин, балки, элчи қушдир, қим билсин, балки бировнинг онасидир... Шунақа гаплар.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон