OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Usmon Azim. Sevgi (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУсмон Азим
Асар номиСевги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Усмон Азим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм122KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Севги (ҳикоя)
Усмон Азим

«
Бошимга тушди ғам тиғи, бало тоши, ажал захми,
Кўр, эй, ҳижрони золимким, нелар бошимга келтурдинг.

Алишер Навоий
»

Абдураҳмон Чаганада вояга етган. «Туғилиб, вояга етган» деб ёзмаётганимизнинг сабаби шундаки, унинг қаерда туғилганини ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам билмайди. Вояга етган жойи эса аниқ — Чагана, болалар уйи, мактаб, стадион, уларга элтадиган кўчалар, кўчалар четидаги тупроқ томли пастқам уйлар, аллақандай ноқулай тарзда мувозанат сақлаб турган деворлар, деворлар ортидаги дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар... Шу…

Эсида қолгани шу. Аммо шунга ҳам шукур этмоқ керак, чунки Абдураҳмон Чаганага бормаганига йигирма беш йилча бўлиб қолди. Йиллар ўтгани сайин хотира вақтнинг беадад кенгликларида чўзилиб ётган узун вужудини йиғиштириб, бир жойга тўплаб оларкан. Энди Абдураҳмон Чаганани ўйласа, юқоридаги маназара «лип» этиб пайдо бўладию, орзиқтиришга ҳам улгурмай, юракни батамом забт этган майда-чуйда ташвишлар комига чўкиб кетади.

Ўрисиянинг бу шаҳарчасида Абдураҳмон ўзини бегона сезмайди — ҳаммага аллақачон эл бўлиб кетган. Илгари, пиво мўл маҳаллари майхонага кирсами, ў-ҳў, «Алик! Алик!» деб чақирганнинг сони минг эди. Олдига қуритилган балиқдан ҳам, муздай пиводан ҳам суриб қўйишарди, кўзлар сархушликдан сузила бошлагач, кўп қатори ашула ҳам айтарди. Рости, ашулани ҳаммадан яхши айтарди. Қўшиқ авжлангани сайин унинг кўзлари юмилар, ичи ўтда куяётгандай юзлари бужмаяр, лабида аллақандай аламли табассум пайдо бўлар эди. Жўр куйлаётган ҳамшишалар бу табассумга кўзлари тушгач, бирин-кетин қўшиқ айтишдан тўхташиб, унга завқланиб термулишар, уларнинг ҳам юзлари оҳангдан уфураётган тушуниксиз азобнинг нафасини сезиб бужмаяр; чидай олмасдан бошларини сарак-сарак этишар эди. Овознинг кенглигини тан олгувчи бу ернинг қўшиқлари Абдураҳмон бўғзида пиво шинавандаларининг қулоқлари ўрганмаган нотаниш нолалар, фиғонлар, ёлворишлар, ўксинишлару бўзлашларга қўшилиб, афсунгар бир ҳолат касб этардиким, майхонага сигарет тутуни ва балиқ ҳиди аралаш сукунат чўкарди. Қўшиқнинг энг баланд пардаларида шикаста ҳазинликка йўғрилган зўриқиш пайдо бўлар, бу зўриқиш овознинг ожизлигидан эмас, балки эскигина пахталик кийган шу одамнинг юрагида пайдо бўлган ҳасратнинг зўри эканлигини бадани вижирлаб турган сукунат ҳам ҳис эта бошлар эди. Қўшиқчининг юмуқ кўзларидан сизган ёшлар ажинларнинг ариқчаларидан оқиб, лабларига тушар ва қўшиқнинг таъми шўрга ўхшаб туюларди... Буфетчи Роза бўялган ғар кўзларига ярашмаган сипо бир алфозда қўшиқ тинглар, ҳар дам-ҳар дамда шавқини яширолмай «чёрт!.. чёрт!..» деб қўяр эди. Албатта, қўшиқ тугаганидан кейин ҳам сукунатни биринчи бўлиб бузиш лаззатидан ўзини марҳум қилмасди:
— Алик! —деб қичқирарди у пештахтанинг орқасидан.—Алик! Жоним! Б/ёққа кел! Йигитлар, Аликни тўппа-тўғри менинг қучоғимга жўнатинглар-чи! Алик! Жоним! Бу нима қилганинг? Юракларни қон қилиб юбординг-ку! — Сўнг одамларнинг ҳазил-мутойибаси остида пештахтага суяниб турган Абдураҳмонга шахт билан энгашарди-да, сигарет исини анқитиб, йигитнинг лабларидан шартта ўпиб олар; сеҳргарларга хос ўктамлик билан пештахта тагига энгашар, лаҳза ўтмай шиша ичида аллақандай ўртаниб турган ичимликни икки митти қадаҳга қуяр эди: «Алик! Сен фақат коняк ичишинг керак! Бошқаларга пиво ҳам бўлаверади! Қани, ол! Жоним, овозинг маст қилди-қўйди! Бўлди, энди сени Машага бериб қўймайман...»
— Раҳмат, Розочка... — дерди Абдураҳмон, қўшиқнинг ҳоври кетмаган товуши титраб...

Энди бу гаплар — пиво кўп бўлган замонларнинг гаплари.

Ҳозир пиво ҳам топилмайди, қўшиқ ҳам айтилмайди. Ҳамма сиёсат билан машғул. Яқинда заводда бир кунлик иш ташлаш ҳам бўлди. Митинг...

Абдураҳмон чорак асрдан буён истиқомат қилаётган бу шаҳар ўттизинчи йилларда қурилган. Тўғрироғи, аввал завод, кейин унинг атрофида шаҳарча барпо этилган. Тантанали йиғилишларда ирод этиладиган маърузаларда, «оловқалб комсомолларнинг бунёдкорлик қудрати туфайли қад кўтарган завод» ҳақида пинак бузмай сўзланса ҳам, аслида уни «халқ душманлари» — зеклар қургани шаҳар аҳлига аён. Заводнинг биринчи ишчи-хизматчилари ҳам ўшалар. Уларнинг битта-ярими ҳозир ҳам барҳаёт. Одамови, камгап бу одамлар айниқса йиғинлардан, учрашувлардан қўрқадилар. Бир гал заводнинг маданият уйидаги мажлисга пенсионер Комаровни қўярда-қўймай олиб келишди. Чол минбарда бирпас довдираб турди-да, сўнг бирдан асабийлашиб қичқира бошлади: «Шу гаплар... кимга керак! Гапириб бўлмайди ахир! Тушуняпсизларми?.. Э, жин урсин!..» У ҳўлқаси тўлиб, саҳнадан кутилмаган чаққонлик билан сакраб тушди-да, эшикка қараб йўналди. «Дмитрий Иванович! Дмитрий Иванович!..» деб чақирди ҳовлиқиб маданият уйининг директори Пашка Чиройли, «Дмитрий Иванович бўлсам нима бўпти! Мана, олтмиш беш йилдан буён Дмитрий Ивановичман! — чол бир зум тўхтади-да, аъзойи бадани қалтираб, қўлларини силкитганча яна бақира бошлади: — Эртак эшитгиларинг келиб қолдими?! Сталин бўлганида сенларга эртагини кўрсатиб қўярди!.. Мана шу ерда, — чол депсиниб, худди оёғи турган жойга ишора қилди, — ота-онам ётибди! Ака-укаларим ётибди! Мана сенларга эртак! Ҳе, онангни!..» Чол бақира-бақира, сўкина-сўкина кўчага чиқиб кетди.

Ўшандан кейин Абдураҳмоннинг кўзига маданият уйи аллақандай совуқ кўриниб қолди. Маданият уйи ёШлар унутиб юборган лагер ўрнида қурилганини билса ҳам, ўликларни қишда бир четга тахлаб қўйилганини, кейин, баҳор пайтида музи эрий бошлаган мурдаларни бир-бирининг устига саржиндай тахлаб, ўрмон четидаги сайҳонликка кўмишганини эшитган бўлса ҳам, барибир, ҳудди маданият уйининг поли тагида Комаров чолнинг ота-онаси, ака-укаларининг мурдалари ётгандек туюлаверади.
— Алик, Болшой театримиз сенсиз ҳувиллаб қолди... Ё «Ла Скала» билан шартнома туздингми? — Ҳар учрашганда энди Пашка Чиройли шундай деб ҳазиллашадиган бўлди. — Жиддий гап кўп, Алик... Кел... Сен келсанг, областда албатта биринчи ўринни оламиз. Москвага чақиришади. Телевидение!.. Хорижга чиқсак ҳам ажабмас...

Абдураҳмон «хўп» дейдию бормайди.

Шаҳарда эса бошқа бош урадиган жой йўқ. Кутубхона, қироатхона, кинохона, ресторан... Кинохона ва ресторан кутубхона ва қироатхонадан фарқли ўлароқ — гав-жум. Махфий завод жойлашган махфий бу шаҳарда сирли бир тасодиф туфайли маданий-маиший ҳордиқ чиқаришнинг бу икки маскани коммунистик меҳнатдан ҳориган меҳнаткашларнинг бахтига, шундоқ бир-бирининг қарама-қаршисида жойлашган. Хоҳ-ласанг кинога, хоҳласанг винога — фақат кўчани кесиб ўтсанг бўлди. Кимдир кинодан чиқиб винога киради, кимдир ресторандан чиқади-да, шаробдан бўшашган кўнгли ғуборини кеткизиб, ҳинд куйлари остида ўкириб-ўкириб йиғлагани кинохона томон равон бўлади. Кинохонага етолмаганлар эса, мувозанат сақлашдай одоб доирасидаги вазифаларини ҳам удда этолмасдан, кўчага ётиб олишгач, сўнгги дақиқагача бетарафликка қатъий амал этиб турган мелиса нарядининг қўлига тушади... Умуман, кўпинча кўчани кесиб ўтиш, баъзи бир командировкага келган енгилтаклар ўйлаганидай, хавф-хатардан холи иш эмас, чунки смена тугагач, негадир заводнинг эшигиданоқ ширакайф ҳолда чиқадиган меҳнаткаш халқ айнан шу жойга етганда кайфнинг чўққисига чиқади ва тушолмасдан гоҳ кинохона эшигига, гоҳ назоратчи Даша холадан созлаб дакки эшитишгач, рестораннинг буфетига оқиб туради. Буфетга кучи етмайдиганларни кучи етадиганлар меҳмон қилади. Кучи етадиганларнинг назарига тушмаганлар ҳам ўзларини йўқотиб қўймайдилар. Чўнтакларнинг хотинлар кўзидан пинҳон тирқишларида эзилиб кетган сўмлар ғарратли ташкилотчиларнинг ташаббуси туфайли қўлбола ароққа, вино деб аталувчи қандайдир қизғиш ичимликка ва яна бир балоларга тезлик билан алмаштириб келинади. Шаҳарнйнг бу муҳташам марказига туташган ҳамма тор кўчаларда бу бахтиёр одамларнинг тўдалари илҳом билан шишаларни бўшатишга кириша-дилар. Кейин ажабтовур ҳодисалар рўй беради. Шаҳар, гўё тортишув кучи таъсиридан кутулгандай, ўзини енгил ҳис этади. Кўчалар ёсуман бир қудратнинг хушбахт шамолида лапанглаб рақсга туша бошлайди. Кўчаларнинг ўнг томони сўл томонда, сўл томони эса ўнг томонда пайдо бўлиб қолади. Уйларнинг тартиблари чалкашади. Масалан: Ленин кўчасидаги иморат Маркс кўчасидаги иморатнинг ўрнига кўчади. Негадир Колянинг хотини Машанинг эри билан қўлтиқлашиб жўнайди. Машанинг эри эса эрталаб умуман эри йўқ Людка Безорининг каравотида уйғонади. Одамлар тонгда бу табиий офатнинг оқибатларини тузатишга киришадилар. Кўчалар оғриган бошларини чангаллаганларича, тонгнинг муздай ҳавосида ўзларига келиб, қизариб чиқаётган қуёшга бемаъно термулган кўйи мустарликда қотиб турадилар. Иморатлар кўчаларнинг карахтлигидан фойдаланиб, ҳеч нарса кўрмагандай, темир-бетон гавдаларига ажиб бир иффату мўминлик бахш этган ҳолда ўз ўринларига келиб ўрнашадилар. Бирмунча сўкиниш, бақиришу чақиришлардан кейин, синган эшиклару идишлардан ташқари, ҳамма нарса ўрнига тушади. Оилалар паспортдаги муҳрлар асосида бирлаша бошлайдилар. Албатта, ҳеч ким ўзини гуноҳкор ҳис қилмайди. Ҳамма шайтон йўлдан урганлигини бир оғиздан қайд этади. Бошқа сабабларни излаб ўтиришга вақт ҳам, тоқат ҳам топилмайди. Чунки, соат миллари оиладаги бахтиёр онлар тугаб, шонли меҳнат лаҳзалари тобора яқинла-шиб келаётганига кафиллик бериб, бонг урадилар. Машина ишга тушади, ускуналар ғувиллайди, заводдаги минглаб темир тишли ғилдираклар бараварига айлана бошлайди, пўлату чўянлар олов сачратиб, одамлар истаган шаклга киради... Аммо, шайтон ҳам бўш келмайди. У оғриётган бошларни роҳат-фароғат сари элтгувчи одатдаги йўлни бетўхтов яққоллаштириб, кўнгилларга ғулғула солиб туради. Беқарорликда ўртанаётган кўзлар бир-бирларини адашмасдан топадилар, чўнтакларнинг пинҳон тирқишларидан яна эзилган сўмлар чиқиб, энди ҳеч кимнинг воситасисиз, ўзларини бориб шишаларга алмаштириб келадилар... Шайтон аралашгандан кейин шундай бўлади-да!

Абдураҳмон бу содда, гуноҳи ҳам, тазарруси ҳам самимий шаҳарнинг барча телбаликларига аллақачон ўрганиб қолган. Ўрганиб қолгангина эмас, унинг гуноҳига ҳам тазаррусига ҳам шерик. Кўп қатори Шайтоннинг ҳам баъзи гапига кириб туради. Де-моқчимизки, нима деса, бажаргани югуриб кетавермайди. Тўғри, ич деса — ичади, лекин кучқурун, Шайтон кўчаларни қанча ҳилпиратмасин, иблиснинг айтганидан чи-қолмайдиган бечора хотинлар «Алик, юр бизникига, юра қол!.. Ашула айтиб берасан...» деб қанча нозик адолар этишмасин — у тўғри уйига келади. Мана, йигирма беш йилки, бирор томонга бурилмасдан, кечқурун еттида остонада ҳозиру нозир. У уйидагилар билан аллақандай ютоқиб, қувончини яширолмасдан кўришади: хотини Машани ҳам, қизи Люсяни ҳам маҳкам бағрига босади. «Дадам ҳар кун ишданмас, армиядан - келади», дейди сўзга чаққон Люся. Абдураҳмон овқат маҳали ҳам, телевизор кўриб ўтиришганда ҳам, хотини ва қизига меҳру муҳаббат билан тикилиб қўяди. Дунёда шундай яқин одамлари, уйи, заводда обрўйи борлигини ўйлаб, қувонади. «Люсенка, — дейди у ўзининг бахтидан тамом эриб, — бир пиёла чой узат-чи, қизим». Люся чой узатиб энгашганида, қизини эркалаб, бетига оҳиста уриб қўяди.

Бу пайт Маша ўзига ярашган узун ва кенг хитойи халатга ўраниб, олиймақом зотларга хос сиполик билан «Работнитса» журналини варақлайди. Унинг ўзини тутишида ҳақиқатан ҳам одамларни чўчитмайдиган, аксинча, ийдирадиган бир виқор борким, кўзни қамаштирадиган даражадаги ҳусни билан қўшилиб, юракларни тамоман таслим қилади. Заводда Машанинг «Малика» деган лақаби бор. У таъминот бўлимида ишлагани учун, ўз мажбуриятларини унутишни яхши кўрадиган бошқа заводларга тез-тез командировкага бориб туради. У ташриф буюрган куниёқ исёнчиларнинг ҳаммаси сўзсиз қуролсизланиб, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида шартномага қулларча тавозе билан қўл қўйишга мажбур бўладилар. Кейин қадрдон корхонасининг обрўйини туширгиси келмаган абжир ходимлардан бири унинг шарафига албатта энг ҳашаматли ресторанда камтарона базм беради. Негадир, бу абжир ходимларнинг барчаси эртакдаги шаҳзодаларга менгзаб, бежирим кийинган ва ўктам бўладилар. Уларнинг бу сифатлари устига, латифа айтиш санъатини ҳам мукаммал эгаллаганликларини алоҳида таъкидламоқ лозим...

Абдураҳмон хотинини ўртаниб, дилу жигари пора бўлиб яхши кўради. Машани биринчи бор кўрганида қандай титроқ ичида қолган бўлса, чорак асрдан кейин ҳам уни худди шундай титроқли ҳарорат билан севади.
— Маша, — дейди у Люся бошқа хонага чиққан заҳоти, — мен сени яхши кўраман.
— Раҳмат, Алик, — дейди Маша журнал ўқиган кўйи.
— Мен сени сочингни, кўзингни, қулоғингни, бурнингни, оғзингни... бор туришингни яхши кўраман! —дейди Абдураҳмон, ичидан бостириб келаётган меҳру муҳаббатдан зўриқиб.
— Раҳмат, Алик, — дейди Маша авзойини ўзгартирмай.
— Маша...
— Жим, Алик... Жим! Қизиқ мақола экан...

Абдураҳмон негадир хижолат чекиб, бир қадар ўксиниб сукут тортади. Хаёлга чўмади...

...Тақдир тақозоси билан бу шаҳарга келиб қолган аскар бола бу самовий мавжудот билан рақсга тушаётганига ишонмайди...

«Сен менга ёқасан, аскар...»

«Сен ҳам...»

«Фақат эҳтиёт бўл, аскар. Мени ёқтирганлар ўзини унутиб юборади. Мен сеҳргарман, аскар...»

Аскар ўзини унутади. Бахтиёрликдан тўлиб унутади. Ўтмиш... Ўтмишда нима бор? Болалар уйи, мудом бўғизга тиқилиб тургувчи, миттигина юракни тинмай эзғилайдиган баҳайбат ҳасрат... Ҳеч қачон уни кўргани келмайдиган ота-онанинг бола хаёли яратган гўзал сиймолари... Кутиш. Умид. Соғинч... Соғинч. Соғинч... О, албатта, унутади! Маша, қўлларинг бунча меҳрибон! Маша, кўзларингда фақат меҳру муҳаббат! Маша, юзларинг бунча оппоқ! Маша, нега бунча чиройлисан?! Маша! Маша! Маша! Бутун дунё — Маша! Ўтмиш керак эмас — кетаверсин! Ватан? Менинг Ватаним—сенсан, Маша! Маша! Маша! Маша! Маша! Маша! Маша-а!.. О, нега бу бахтиёр тушдан қўполлик билан тепиб уйғотасан? Мен ҳаммасини биламан, Маша! Сенга бир қарашданоқ, вужудингни қайси ифлос ўраларнинг бурқсиган яғмоларига раво кўрганингни аён биламан... Нега мени бунча бемалол сотасан, Маша?!

«Барибир сени севаман, Алик»...

Сенлар қанақа севгини расм қилдиларинг ўзи, Маша?! Бўлди, кетаман... Падарингга минг лаънат сени, Маша! Ахир, Люся билан сендан бошқа шундай кенг жаҳонда ҳеч кимим йўқ! Соғинчда ўламан, лекин ҳеч қачон сени кечирмайман, Маша!..

«Мен сени севаман, Алик...»

Шунақа ҳам севги бўладими?..

«Мени кечир... Кечир...»

Неча марта кечириш керак, Маша!? Охирги марта? Шайтон йўлдан урди? Ҳа, шайтон йўлдан урди! Фақат у айбдор!.. Мен йиғлаяпман... Сен ҳам йиғлаяпсанми? Нега, Маша, Нега?!.

«Сени севаман...»

Мен ҳам сени севаман... Мен ҳам сени севаман... Севаман! Се-ва-ман, Маша!..

«Ухла. Ҳаммаси яхши бўлади, ухла...»

Ҳа, ухлаш керак, Маша. Бахтиёр бўлиш учун ухлаш керак, Маша... Ухлаш керак. Фақат ухлаш керак...
— Алик... Алик...

Абдураҳмон кўзларини очади. Хотини сочларини силаб эркалатади.
— Чарчабсан, жоним. Тур, каравотга чиқиб ёт... Мен ҳам ҳозир... Хўпми? Хўп... Хўп... Ухлаш керак... Ухлаш...

Бу шаҳарда истибдодини ўрнатган Шайтон тавсияси буйича яшашгина ўзини омон сақлаб қолишини Абдураҳмон яхши билади. Ўйлаб ўтирмай — яшайвер! Бошингда сархуш туманлар сузиб юрсин; кўчалар мавжланиб, оёқларинг чалкашсин; кун бўйи интиқ кутган шишадаги орзунг — ягона армонинг билан учрашганингдан кейин — тамом! — муаммолар онасининг ... га кириб кетади.Сен —ғолибсан. Ҳаёт пешонасини тириштириб ўтираверсин — унинг жазоси шу. Пул — кўп! Бу ер — шимол бўлганлиги учун бир мояна, махфийлиги учун бир мояна, қочиб кетишмагани учун яна бир мояна... Яна нима учундир мукофот, яна бир бало учун мукофот... Пул кўп! Ҳамма ичади. Аёллар ҳам ичади. Бировнинг ҳаётининг қизиғи йўқ. Барча — тенг! Маликаи дилоромнинг бошқаларда ортиқ жойи борми? Қандай қилиб Шайтондан зўр келсин? Абдураҳмон кечиради... Икки-уч кун қовоғи осилиб юради. Кулолмаса нима қилсин? Аммо кечиради. Бу шаҳар аҳли кечиримли. Бугунги ғийбат эртага бормай ўлади. Чунки маст-аласт тунлару маст-аластлик иштиёқидаги кундузларда ғаройиб, ақлга тўғри келмайдиган воқеалар шу қадар мўл бўладики, бу ғаройиботлар аллақачон бирор-бир зотни ҳайратга солмай қўйган. Абдураҳмоннинг оиласида ҳам ҳар бир муаммо, айниқса, Машанинг енгилтаклиги туфайли юзага келадиган дилхиралик фақат тезроқ унутилиш йўли би-лангина ҳал қилинади... Аммо, барибир, Маша яхши хотин. Баъзан меҳрибонликни шундай жойига қўйиб қўядики, кўзингдан ёш чиқиб кетади...

Абдураҳмоннинг ҳали аскарлик пайти. Взводи темир йўлда кўмир тушираётганда, тўсатдан Машани шундай соғиндики, тўппа-тўғри қизнинг уйига бостириб келди. Уст-бошига кўмир кукуни ўрнаб қолган, аъзойи бадани қоп-қора... Маша ҳеч иккиланмасдан, қувонч билан ичкарига таклиф қилди-да, тўғри каталакдай мўъжаз ваннахонага бошлаб кирди. «Ечин, — деди қиз эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда, — ечин!» Ўзи ишчан қиёфада ташқарига чиқиб, бирпасда қайтиб келди. Пахталикни ечиб, бундан ортиғига журъат этолмай турган йигит унга уялинқираб, довдираб қаради. Машанинг қўлида деярли яп-янги спортча кўйлак-иштон... «Нега серрайиб турибсан? Тез ечиниб, ваннага туш!..» Абдураҳмон бу буйруқнинг илиқ бир жилвасида, қизнинг хатти-ҳаракатининг табиийлигидан таралаётган хотиржамликда унга тақдир ато қилмаган, аммо борлигини бутун вужуди билан сезган... Она меҳри уфуриб турганини ногаҳон ҳис этди. Ҳис этдию бўғзига йиғи тиқилиб, ваннага тушди. Маша ишчанлик билан унинг елкасини ишқалади, сочларига совун урди... Хуллас, ғайратга тўлиб чўмилтира бошлади. Аҳён-аҳёнда: «Кирингни қара... кирингни қара...» даб қўяр, гўё Абдураҳмоннинг кирлигидан лаззатланаётгандек эди. Йигит эса бу нотаниш меҳрибонлик ичида ўзини идора қилолмасди — кўз ёшлари бошидан тушаётган сувга қўшилиб оқарди. У гўё кўчада тупроғу чангга ботиб, сўнг онасининг қўлига тушган болага ўхшар ва бу туйғуни, мана, ёши йигирмага етганида бошдан кечираётганидан хўлқаси тўлар, юраги фараҳбахш оромлар қўйнида эркаланар эди. Маша жиддий оҳангда уни койирди: «Қулоғини қаранг! Шошма... Ювишни ҳам билмайсан! Қулоғингни бошингни энгаштириб юв! Сув киради, ахир!.. Ношуд! Кел, ўзим ювиб қўяй!..» Абдураҳмон унинг барча буйруғини жон деб бажарар, бошидаги совунни ювиб ташлаган бўлса ҳам, кўзини очишга журъат тополмас эди. Йигит аллақандай мовий осмон тагида учиб юргандай, қўллари билан осмонни ушлаб кўрарди. Чексиз зангорлик худди булутдай юмшоқ эди. Қуёшнинг чарақлаб турганини елкаси билан сезаркан, унинг нурлари илиқ баҳор ёмғиридай кифтидан оёқларига оқиб тушаётганидан вужуду руҳи лаззатланарди. О, у ҳеч қачон бундай баланд учмаганди...

Шунда Абдураҳмон тақдир бу қиз билан уни чамбарчас боғлаганини, энди у ҳозиргина дуч келгани — меҳр остонасида итдай садоқат билан умр кечиришини юраги зирқираб англади. Одамнинг ҳаётида шундай бир сеҳрли дақиқалар бўладики, бу пайтда орзу-умидлар туманида тўзғиб ётган истиқбол кўнгилдан кўтарилган ҳис-ҳаяжонлар шамолида ғуборли пардасини юзидан илкис кўтаради. Бу ёруғ дунёда қандай кун кечиришингиз тўсатдан аён бўлади. Кейинчалик тақдир дарёсида оқиб бораркансиз, қанча ўзгартиришга ҳаракат қилманг, у истакларингиз устидан кулиб, саъйи ҳаракатларингизни барбод этаркан, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигига тобора ақлингиз ета бошлайди. Тақдир шунинг учун ҳам ТАҚДИР-да! Ў, жамияту табиатни ўзгартирмоқчи бўлганлар! Қаранг, жамияту табиатнинг бесарҳад баҳри муҳитлари ҳали биз англаб етмаган, чексизликдан ҳам чексизликдаги мангу маконлар сари бошимиздан шовуллаб, кўпириб, соҳилларидан тошиб оқяпти. Ҳар бир мавжида милён тақдир бир жилваланадию, тубсиз гирдибодларнинг ялмоғиз ўпқонларида ғойиб бўлади. Йўқ, унга қарши туриб бўлмайди, аксинча, уни тушунишга, кўнглини овлашга, ғазабини юмшатишга ҳаракат кўргазмоқ керакким, токи умрингиз осойишталик қўйнида ўстин!

Абдураҳмон сағир болалиги дилига жойлаган бир ҳушёр тажрибадан келиб чиқиб, тақдир билан ўйнашмоқ ҳеч қандай шараф, обрў келтирмаслигини англади. Тақдир исёнкорларни ёқтирмаслиги унга болалар уйидан аён эди. Саккизинчи синфда ўқиб юрганида, тарбиячи Шобердиевнинг юзига туфлади. Бекорга эмас — худо етимча қилиб яратган бўлса ҳам, ҳусни жамоли минг ота-онали қиздан ҳам зиёда, бутун болалар уйининг фахри Салима кечаси навбатчилар хонасидан йиғлаб чиққанидан кейин туфлади. Ёш авлодни коммунистик руҳда тарбияловчи одам мактаб ўқувчисига, бунинг устига, худо ҳам раҳм-шафқат қилмаган бир бебахтга кўз олайтирадими?.. Олайтиради. Ҳамма ҳам Салима эмас. Қанчадан-қанча беҳимоя қизлар пана-панада ёшларини арта-арта, тақдирларини қарғай-қарғай, аламларини ичларига ютишга мажбур бўлдилар. Салима биринчи дуч келган одамни — Абдураҳмонни Ленин хонасига бошлаб кирди-да: «Қулоқ сол, — деди хўрсина-хўрсина. — Болаларга айт, мени анов кал зўрламоқчи бўлди. Мени сенлардан бошқа ҳеч кимим йўқ. Сенлар ҳимоя қилмасанг...» Ўсмирлик! Сен қандай яхшисан! Қандай бесабрсан! Адолат ўрнатиш учун бунча шошмасанг, паҳлавон! Балки достонларни ўқийвериб, ўзингни Алпомиш тасаввур этгандирсан? Балки Кумушининг ҳимоясига отланган Отабек эдингми ўша пайтда? Сен навбатчи тарбиячи хонасига отилиб кирдинг, ойна олдида соч тараётган Шобердиев сенга бурилиб қарадию, мақсадингни англагандай, кўзларини юмиб, лабини чўччайтирди. Сен... тупурдинг. «Ҳа ҳароми! — деганича Шобердиев чўнтакларидан дастрўмолини ахтара бошлади. Кўзлари ҳамон юмуқ эди. — Шошма... Жойингда қўзғолмай тур... Ҳароми!». У юзини яхшилаб артиб бўлгач, кўзини очди. Абдураҳмон унинг кўзи ғазабга тўлганини кўрди. Совет педагоги бундай пайтда нима қилиши керак? Эҳтимол, дераза олдида узоқ тик туриб, сўнг сенга ўгирилмасдан, овози титраганича: «Раҳмат! Тўғри қилдинг, мен аблаҳга бу ҳам оз...», — дейиши лозиммиди? Аммо, педагоглик шаънига ўчмас доғ туширган бу кал кечирим сўрашни қаердан билсин? У тўсатдан бир сакраб Абдураҳмоннинг қаршисида пайдо бўлди ва деярли шу заҳотиёқ бола қорнини ушлаганча, калнинг керилиб турган оёқлари остига шилқиллаб йиқилди. «Ўйнашдан бўлган энағар! Нега бундай қилдинг? Гапир! Жалабни боласи, гапир!..» Кейин тепди... тепди...

Абдураҳмон кўзини очганида жамоат жам эди. Болалар уйи директори Чориевнинг мунғайган юзи унга яқинлашди: «Болам... Абдураҳмон... ўзингга келдингми?.. Бу нима қилганинг, болам! Тарбиячининг ҳам юзига тупурадими?». «Тупуради», — деди Абдураҳмон, сўнг хонага назар ташлади. У-ҳў! Оқ халатлилар, мелисалар, кичкина болаларнинг тунги энагалари, Салима... Шобердиев бақиряпти... «Илтимос қиламан... Буларга бир бало бўлган... Психиатрлар келиб текширсин... Ким билсин, балки зоти-да...» Абдураҳмон секин ўрнидан қўзғалди. Уни суямоқчи бўлган Чориевга, «ўзим...» деди-да, негадир ҳаракатсиз қотиб турган одамлар орасидан ўтиб, Шобердиев томон юрди. Шобердиев яна шошганича кўзини юмиб, лабини чўччайтирди. Бола роҳат қилиб тупурди. «Мен сени дуелга чақираман! — деб қичқирди у, — Мард бўлсанг, чиқ! Яккама-якка!..»

Уни директорнинг хонасига олиб киришганида, кўйлаги йиртилган, юзи шилинган, қўллари қон юқи эди. «Ўзингни бос, болам!.. Ўзингни бос! Шайтонга ҳай бер!..» — Бечора директор шундай деб жалбираганича, бир қўли билан унинг сочларини тузатар, иккинчи қўлини эса силкитиб, одамларга хонадан чиқинглар дея ишора қилар эди. Чориев хонасидаги диванга ўз қўли билан ўрин тўшаб, бир маҳалгача болага тасалли бериб ўтирди...

Абдураҳмон тонг маҳали уйғонди. Чориев ғира-шира бурчакдаги креслода ўтирарди. Бола ҳали уйғонганини сездирувчи бирор ҳаракат қилмаган бўлса ҳам, директор унинг кўзини очганини пайқаб оҳиста гап бошлади: «Болам, энди курашаман деб овора бўлиб юрма! Курашни менга қўйиб бер! Сен кўнглингни бўлмасдан, ўқи... Бу ғурбатхонадан тезроқ кетишни ўйла! Худо хоҳласа, ёмонлар жазосини олади. Ўзи... Шобердиев яхши одам эмас, болам. Маорифга худони зорини қилдим, керак эмас, дедим, йўқ, мажбур қилишди... Мана энди... Хуллас, ўқиш сендан, кураш биздан, болам...»

Бир ойдан кейин Салима билан иккаласини директор чақирди. Унинг юзида одатдаги меҳрибонлик йўқ, қарашлари жиддий эди. «Сенларга бугун бир гапни расмий тарзда айтиб қўймоқчиман, болаларим. Бугундан бошлаб, тарбиячи Шобердиев бизнинг болалар уйида ишламайди. У ўз вазифасидан озод қилинди... Хўш...» У болаларга синовчан назар ташлади. Абдураҳмон ҳам, Салима ҳам бош кўтармай ўтиришарди. Орага ноқулай жимлик чўкди. Директор шаҳд билан ўрнидан туриб, қўлларини орқасига қўйганча, хонани илдам айлана бошлади. Сўнг уларнинг қаршисида кескин тўхтади-да, бақира кетди; «Сенлар уларнинг кимлигини биласанми! Илдизи етти қават ернинг остида!.. Қариндош уруғи оламни босган! Мелиса гапидан қайтиб ўтирибди. Сенларни элтиб жиннихонага тиқиб қўйишдан ҳам қайтишмайди! Дўхтирлар болаларни текшириш керак, дейди» ...У ўрнидан туриб, хонани олдингидан ҳам тезроқ айлана кетди... «Текшириб бўлишибди!.. Уларнинг айтгани мен ўлгандан кейин бўлади. Ҳали мен тирик эканман!,. Болаларим!.. Абдураҳмонжон! Салима қизим! Бу ғурбатхона мениям тўйди-риб юборди. Э, боре, двб кетай десам, сенлардак кўнгил узолмайман... Илоё, улға-йинглар! Униб-ўсинглар! Бахтли бўлинглар! Шуларни қилганига бир бахтли бўлсаларинг, ўлсалл гўримда тинч ётардим!..» Меҳрибон Чориев! Довдир Чориев! Биз ҳеч қачон бахтли бўлмаймиз. Демак, гўрингизда тинч ётиш насиб этмайди... Эҳтимол, юздан биттамиз... Б,изни худо қарғаган. Биз илдизсиз дарахтлармиз. О, онаси юз ўгирган фарзандлар қандай қилиб бахтли бўлсин! Бизни тарафимизни оладиган ҳукумат қаер-да, жонкуяр Чориев! Ишчи-деҳқон ҳукумати хўрланганлар тарафида эди-ку!.. Шунисига ҳам раҳмат! Кўчадан топишиб, боқиб-бовлиганлари учун ҳам қулдуқ! Бахтли болалигимиз ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди...

«Энди боринглар...» Чориев улар билан негадир қўл бериб хайрлашаркан, юзидаги шижоатли ифода аянчли бир тусга кирди. Зўриқиб жилмайди: «Боринглар...»

Салиманинг йиғлаётганини Абдураҳмон ташқарида сезди. Қиз кўз ёшларй аралаш болага ажабтовур қараш қилди-да, ётоқхонасига қараб йўналди. Сўнг йўлидан қайтиб, Абдураҳмоннинг ёнига бош экканча юриб келди. «Бу кунларни ҳеч қачон унутмайман!.. Абдураҳмон! Унутмасликка сиз ҳам ваъда беринг! Бир кун мабодо... — Қиз «бир кун»ни кўрмоқчи бўлгандай узоқларга қаради, —учрашиб қолсак, мана шу аҳволимизни эслаб, кулайлик. Энг бебахт кунларимиз шу кунлар бўлсин! Омин!..» Бола қизнинг кафтлари фотиҳага очилганинг кўриб, шошиб юзига қўл югуртирди: «Омин!».

Қизиқ, бу воқеалардан кейин улар бир-бирларидан нимагадир уялиб юрдилар. Абдураҳмон қизни узоқдан кўрганданоқ туриш-турмушидан табиийлик йўқолиб, талмовсираб қоладиган бўлди. Салима ҳам қизариниб сўрашар, тезгина хайрлашар, ёлғиз қолишганда эса, фақат китоблардан сўз очар эди: «Ўқитувчи» яхши... Ўқиганмисиз? «Она»ни ёқтирмайман... Сизни зериктйрмайдими? «Меҳробдан чаёнини кутубхонадан олган экансиз. Кейин менга беринг...» Аммо кўзлар ҳамиша бир-бирини топади. Нигоҳлар кимларнингдир елкалар, парталар, синфхоналар, деразалар, мактаб ҳовлисидаги шовқин-суронлар, қуёш нурларию шаррос ёмғирларда бахтиёр гул очаётган баҳорнинг қувончлари, булутлар, юлдузлар, осмонлар оша учрашади, Учрашадилару бу журъатларидан чўчиб, яна бир-бирларини бетоқату бесабрлиқда излагани ажраладилар. Нигоҳларнинг бу қисқа тўқнашуви телбаваш қўллари билан синиқ тақдирлар устидан юракни бесабр титратгувчи ёғдулар тўкади. Соғинаётган, азобланаётган, қасамлар ичаётган, умрини бағишламоққа тайёр кўнгиллар бу лаҳзада изҳорини баён этмоққа улгуради:

«Мен сени севаман»

«Мен ҳам...»

«Мен сени жонимдан ҳам яхши кўраман!»

«Мен ҳам...»

«Сени... мени ташлаб кетган онамдан ҳам яхши кўраман!..»

«Мен ҳам!.. Мен ҳам!.. Мен ҳам!..»

Амма бу сўзлар тилга кўчмайди. Юракнинг алангасида вужудни ўртаб, тошдай қизиб ётаверади.

Абдураҳмон кўзлар аллақачон бир-бирига изҳор этган бу сўзларни Салимага фақат армияга жўнашидан бир кун аввал айтишга улгурди. Йўқ, аслида айтгани йўқ — «Ўтган кунлар» китобнинг оқ саҳифасига «МЕН СЕНИ СЕВАМАН», деб ёзди-да, болалар уйига бориб, дарвоза олдига ўрмалашиб юрган «чурвақа»лардан бирининг қўлига тутқазди: «Салима опангга бер». Хизмат ҳақига нақ бир чўнтак «Ирис» олган болакай ғизиллаб жўнади. Абдураҳмон эса қуш қувгандай шошилиб орқасига қайтди.

Эртаси Ҳарбий Қўмитанинг идорасидан уни кузатгани Чориев хотини билан келди. Гарчи энди Абдураҳмон ғишт заводида ишлаб, ётоқхонада яшаб юрган эса-да, одамшаванда директор ҳаммани қариндоши кузатаётганда, яккамохов бўлиб туришдан ёмони йўқлигини билиб чиққанда... Бечора Чориев! Ҳар доимгидай меҳрибонлик билан гоҳ йигитнинг елкасига қоқиб, гоҳ тирсагидан ушлаб, бетўхтов насиҳат беради: «Командирларингни гапидан чиқма!.. Ёмон болаларга қўшилма!.. Меҳнат икки кўздан иссиқ — меҳнатдан қочма... Йўғон бўйинлик қилма! Тез-тез хат ёз! Холанг билан бизни соғинтириб қўйма, жоним болам...» Абдураҳмон эса кўзлари билан оломон кезиб, Салимани қидиради. Директорнинг дилафкор меҳрибонлигидан томоқлари ачишиб, атрофга билдирмасдан назар ташлайди. йўқ... Ҳарбийлар машиналарга чиқишга буйруқ берадилар. Йўқ... Чориев уни маҳкам бағрига босади, хотини йиғлаб қучоқлайди, юзларидан ўпади, қўлига каттакон тугун тутқазади... Йўқ... Автобусларнинг мотори юрғизилади. Оқсоқоллардан бири дуога қўл очади: «...Омин! Ой бориб, омон келинглар!» Оломон сидқидилдан, ихлос билан юзига фотиҳа тортади. Автобуслар қўзғолади... Шунда йигитнинг ҳарбий қўмита ҳовлисидан ташқарида, панжарага суянганча, кимгадир қўл силкиётган қизга кўзи тушади. Салима! Унга қўл силкияпти!.. Хайр, Салима, хайр! Ҳеч ким сени хафа қилмасин! Бахтли бўл... Қиз қўл силкитганича, қолиб кетади. Стадион... Болалар уйи, мактаб... Кўчалар четидаги томи тупроқли пастқам уйлар... Ноқулай бир ҳолда мувозанат сақлаб турган деворлар... Дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар... Хайр, Чагана! Яхши қол... Кўзларни тумандай қоплаган ёш ичидан қандай гўзал кўринасан! Чагана! Униб-ўстирган юрт! Икки йилдан кейин кўришамиз! Хайр...

Абдураҳмон бу икки йилнинг йигирма икки йилга чўзилишини ўша маҳали тасаввур ҳам қила олмасди. У армиядан Чориевга бир марта хат ёзди. Аммо бу хатни ёзиш жараёни шу қадар мушкул кечдики, қайта бу ишни такрорламасликка қарор қилди. Агар одамларга ўхшаб яшамоқчи бўлса, ўтмишини — болалигини тамом унутиб яшаши лозимлигини ҳам ҳис этди. Чунки ўтмишда кўнгилни ғашлагувчи, юракни ғуссага тўлдирувчи хотиралар бисёр эди. Бу хотиралар унинг елкасидан мудом босиб турар, эркин ҳаракатга йўл бермас, орзу-умиднинг қоматини тупроқдан уздирмасди. Чагана билан ҳар қандай алоқа уни хотираларнинг ғамгин тор кўчаларидан юришга мажбурлардиким, Абдураҳмон бу кўчалардан умрбод чиқолмасдан қолиб кетиши мумкинлигидан қўрқди. Бу кўчаларнинг бировга айтиб, тушунтириб бўлмайдиган ҳасратлари шу қадар кўпки... Балки шунинг учун ҳам Абдураҳмон мана бу ғалати шаҳарнинг расм-русмларини тезкорлик билан ўрганиб олгандир?

Балқи шунинг учун ҳам ўрисларнинг ашуласини авжи қойилмақомда куйлашнинг уддасидан чиққандир?

Балки шунинг учун ҳам бу шаҳар аҳли қатори ҳар оқшом майи нобдан нўш этишга комил ишонч билан ихлос қўйгандир?..

Бу йигирма икки йил ичида Чагана ундан юракда оғриқ қўзғамайдиган даражада узоқлашди. Абдураҳмоннинг ҳам, Машанинг ҳам моянаси зўр, бунинг устига, бу махфий шаҳарчада таъдлинот яхшилигидан истаган нарсаларини сотиб олишар, таътил ойларида мамлакатнинг тўрт тарафидаги энг яхши курорту ҳордиқхоналарда дам олишар, саёҳатларга чиқишар, аммо уларнинг ўртасида Чаганага бориш ҳақида шу кунгача ҳеч қачон гап-сўз бўлмаган эди. Бора-бора Чагана кичрайиб, хира бир кўлкага айландиким, энди уни эслашга ҳам ўрин қолмаганди...

Аммо, мана шу дам олиш кунида олдинма-кейин ғаройиб воқеалар рўй бера бошлади.

Эрталаб қўшнисининг хотини Лида кирди. Қўлида газета. Абдураҳмон тарафга ажабтовур бир қараш қилди-да:
— Маша, мана буни ўқи, — деди газетни дугонасига узатиб, — босмачилар бизни-киларни ҳайдаб юбораётганмиш... Қара-я, аблаҳларни...

Маша ўқишга тутинди. Лида бобиллашдан тўхтамади:
— Уларни қолоқлик ботқоғидан суғириб олдик, феодализмдан сотсиализмга ўтказ-дик, одам қилдик... Энди Россиянгга бор эмиш, энди менинг тилимда гаплаш эмиш... Бу ваҳший босмачилар оёғимизни ўпса ҳам оз...

Лида билан баҳслашиб бўлмасди—у китоб ўқирди. Бироқ Абдураҳмон савол ташлашга журъат этди:
— Оёғингни ким ўпмаяпти, Лида? —деди қувноқлик билан.
— Алик... Алик!.. —аёлнинг овози таънакор жаранглади. —Сен уларнинг тарафини олма! Улар яхшиликни билмайдиган маданиятсиз халқ! Овқатни қўлда ейишади-ю...

Абдураҳмон бу аёлнинг шаддодлигидан завқланарди. Ҳозир ҳам тантанаворликда қарғанишидан илҳомланиб, мулойимгина ҳазилини давом эттирди:
— Овқатни қўлда ейишадими? Вой, маданиятсизлар-эй!.. Кимлар экан улар, Лида?
— Сенинг ўзбекларинг-да, Алик! Сен у босмачиларнинг юртида яшамасдан тўғри қилгансан! Сиртида қўл қовуштириб туришади-ю, ичида... Писмиқ халқ!..

Абдураҳмон бирдан ҳазил қилишга кучи етмасдан сўлиш тортди. Нега хафа бўла-ётганига ўзи ҳам тушунмади. Эридаги ўзгаришни истаса дарҳол сезадиган Маша қўшнисига газетасини тутқазди ва бирпасда малика қиёфасига кириб, уни кузата бошлади:
— Кечирасан, Лида... Биз кинога отланаётгандик... Кечқурун кир... Абдураҳмон анчага гарангсиб ўтирди. У ҳамон нега дили сиёҳ бўлганини англаёлмасди. Фақат қаттиқ ҳақоратланганликнинг оғриғини ҳис қилар, аммо бу оғриқни Лиданинг қайси сўзи олиб келганини тушуниб етмасди...
— Хафа бўлма, Алик... Лидани жаврашини ўзинг биласан-ку...

Маша эрининг сочини силаб, кутилмаган навозиш кўрсатди. Унинг бу ҳаракати Абдураҳмоннинг хавотирини тасдиқлади, — дамак, нимадир бўлган... Наҳотки... Наҳотки... Лида ўзбекларни сўккани учун хафа бўлган бўлса?.. У ўзининг ихтиросидан ўзи ҳайратга тушиб, чуқур хўрсинди. Бу ҳақоратдан дили хира тортганлиги учун негадир ўзидан миннатдор эканлигига яна бир бор ҳайрон қолди.
— Маша! Юзта қуйиб кел...

Эрига қувноқлик кайфияти қайтаётганини ҳис қилган «Малика» енгил қадамлар билан ошхонага йўналди.

Абдураҳмон стаканни кўзини юмиб симирди. Шу аснода қадрдон дўсти Николай хотини Надя билан кириб келишди. Столда яримта пайдо бўлди. Ярим соатдан сўнг у эрталабки воқеани тамом унутиб, «файласуф»нинг — Колянинг инсон умри ҳақидаги «пластинка»сини балки мингингчи бор қайта эшитиб ўлтирарди.
— Инсоннинг умри, — дерди Коля қизишиб,—бу... оқаётган сув!.. Ким эринмасдан канал қазса, сув ўшаники! Биз канал қазмаганмиз! Умримиз оқиб ётибди. — У овозини пасайтирди. — Биз учун бошқалар канал қазишган... Ҳаммамиз учун битта! Мана энди бир заводнинг ичида ўн минг одам аралаш-қуралаш бўлиб оқяпмиз. Ҳаммамиз бир хил... Мендан сенинг фарқинг йўқ. Фақат ўзларига осон бўлиши учун исму шарифимизни қолдиришган, холос...

Колянинг «пластинка»си бугун ўзгача таъсир қилди. Ҳақиқатан ҳам, Коля, мени сендан фарқим йўқ! Кимлардир қазган канал ичига беному нишон чўкиб кетамиз! Ҳеч ким бизни эсламайди, дўстим! «Халқ душманиларининг суякларини кўрганмисан? Қабристонлари тўла суяк! Сочилиб ётибди! Улар ҳам одам бўлган-ку, Коля! Улар учун ҳам битта канал қазишганми? Бизнинг сўнгакларимиз ҳам худди шундай сочилиб қолади, азизим Коля! Ҳеч ким эсламайди! Ҳеч ким! Биз киммиз?! Фақат соврилишга арзиймиз, Коля...

Шу пайт яна бирдан Абдураҳмоннинг ёдига эрталабки хафачилик тушди. Сархуш бошини қўллари орасига олиб, узоқ хаёлга толди.
— Алик, ашула айтиб бер!, — деб илтимос қилди Надя, ичганида пайдо бўладиган нозли овозда эркаланиб.

Абдураҳмон гўё яна ҳақорат эшитгандай, сапчиб ўрнидан туриб кетди:
— Тинч қўйсанг-чи!.. ,

Аммо қўрслик қилиб қўйганини тушиниб, стул ортидан Надяни маҳкам кучоқлади:
— Кечир, Надюша!.. Кечир! Бошқа сафар албатта айтиб бераман.

Меҳмонлар кетишгандан сўнг Абдураҳмон одатдагидай, майи нобнинг сархуш қучоғида қотиб ухлаб қолди. Уйғонганида, шом ғира-шира кўланкасини деразадан хонага ташлаганди. У бутун вужуди билан оғирлашаётган қоронғиликнинг залворини сезиб, ўрнидан қўзғолди. Ошхонанинг эшиги тирқишидан тушиб турган ёруғни кўриб, ошхонага кирди. Маша паришон бир алфозда тўзиган калта сочларини панжалари билан тараганча, хаёлланиб ўлтирарди.
— Кир, Алик. Қизингдан келган хатни ўқи.

Шундагина Абдураҳмоннинг кўзи стол устидаги хатга тушди.
— Нима деб ёзибди?
— Ўқи...

«Ойи... Хавотир олманглар... Ўқишим яхши... Фабрикадан тўғри дарсга... Москва совуқ... Бир ўзбек билан танишиб қолдим... Оти — Саид... Самарқанддан... Мен ҳам яхши кўраман... Саид Самарқандда яшаймиз дейди... Ахир, дадам ўзбек... Саиднинг ҳамшаҳарлари... Ўзбекчани билмаслигимга ҳайрон қолишди... Мен барибир ўзбек қизиман, Чаганаликман, дедим... Дадам... Хафа бўлмасмикин?..»
— Хафа бўлмайсанми, дадаси? — деб хатдаги саволни такрорлади Маша. У ҳафсаласизлик билан жилмайиб, савол назари билан қараб турса ҳам, эрининг нима дейишини олдиндан англаб етгани шундоқ афт-ангоридан маълум эди.

Абдураҳмон эса хатга яна бир марта кўз югуртирди. Негадир конвертдаги манзилгоҳ ёвузини синчиклаб ўқиган бўлди. Пешонасини тириштириб, қўллари билан сочини эзғилади. Сўнг илкис ҳаракат билан ўрнидан қўзғолди. Кўзларини юмганича, бошини мағрурона бир ҳолатда орқага ташлаб:
— Қонига тортибди...—деди.

У бу гапни деярли шивирлаб айтган бўлса-да, иккаласи ҳам аллақандай тантанавор руҳни пайқашди.
— Ўтир, Алик, ўтир, — деди Маша алланечук хавотирланиб. Абдураҳмон шиддат билан энгашди-да, хотинининг бошини бағрига босди.
— Маша! —деди у ичида кечаётган туйғулардан лаззатланиб. — Маша... Қизимни қара! Қонига тортибди!..

Абдураҳмон нега қувонаётганига ўзи ҳам ҳайрондай, бир дам қотиб қолди. «Бирор марта сен ўзбексан, деб айтмаган бўлсам... деб ўйлади у, демак, қонига тортган-да!». Кейин ўзининг ҳам томирларида ўзбекнинг қони оқаётганини аниқ тасаввур қилди. Ароқдан карахтланиб юрагидан отилиб чиқаётган қирмизи қо,н бутун гавдаси бўйлаб бемақсад югураётганини, аммо ҳозирги ҳаяжоннинг билинар-билинмас тўлқиичалари руҳига кўчгани сайин, узоқлардан — саҳролар, ўрмонлар, тоғлар оша таралаётган буюк бир чорлов садосидан жимирлаб, юракнинг бир четида безга сарғайиб қолган ўзлик чорбоғи сари йўналганини кўрди. Абдураҳмон бирдан бу дунёга осмондан тушмаганлигини, унинг ҳам илдизи борлигини; кенг жаҳондаги қайсидир бир чорбоғнинг тақдир узоқларга ўтқазган ниҳоли эканлигини пайқади.
— Маша!..
— Ичасанми?
— йўқ... Маша!..

Абдураҳмон хотинига нимадир демоқчи бўлди, аммо кўп йиллардан буён кўнглидаги жараёнларни сўзга кўчириш малакасини йўқотиб қўйган тили айланмади. Хотини унинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлагандай, жилмайди. Сўнг ўрнидан турди-да, эрининг елкасига оҳиста уриб, меҳмонхонага бошлади.
— Телевизор кўрамиз...

Аммо бу уйда тақдир ўзининг аллақандай тушуниксиз ўйинини бошлагани аён эди. Экран ёришганиданоқ диктор қиз «азиз томошабинларни «Ўзбекфилм» киностудиясида суратга олинган «ЎТГАН КУНЛАР» филмини кўришга таклиф» этди. Маша қақиллаб кулди.
— Алик! Бугун ўзбекларники, шекилли... А, жоним?..

У негадир завқланганича, эрининг бетига аста-аста уриб қўйди. Бу ҳазил Абдураҳмонга ёқди. У эриганини билдирмаслик учун юзига жиддий тус бериб, креслога чўкди. «Ўтган кунлар»... «Абдулла Қодирийнинг шу номдаги асари асосида»... ўқиди у экрандан. Кутилмаганда, экранга Қодирий китобининг малларанг муқоваси сузиб чиқди. Кейин панжарага суяниб, кимгадир қўл силкитаётган қиз ҳарир ғуборлар ичидан пайдо бўлди. Салима!..
— Ҳозирги кўринган қиз, — деди Абдураҳмон хотинига қарамасдан, — мен билан болалар уйида...

Аммо хонада ҳеч ким йўқ эди. У яна экранга кўз ташлаганида эса, Салима ҳам ғойиб бўлганди...

Абдураҳмон филмни, ўзи ҳақида олингандай, қизиқиб томоша қилди. У қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳаракатидан завқланар, дам-бадам «уф» тортар, кулар ва қоронғидан уялмай, ошкора йиғларди. Энди у ўрисча ашулалар айтганида товушида пайдо бўладиган бегона нолаларнинг қаердан адашиб келганлигини ойдин бир ўкинч билан ҳис қилди. Қўшиқдаги ҳасрат! Илдизидан айро тушган заъфарон баргларнинг йироқдаги чорбоғи билан видолашуви эдингми сен? Наҳотки, шунча йилдан буён хазонлиғда адо бўлмаган бўлсанг! Чириб битмаган бўлсанг!

Абдураҳмон хотинини бир маҳал уйғотди.
— Алик, ичганмисан? — деди хотини оғриниб.
— Йўқ... Маша, жудаям жиддий гапим бор...
— Эртага кун йўқми?.. Ичмаганмисан?
— Ичмаганман, Маша, ичмаганман!..
— «Уф» де-чи!
— Мана... У-уф-ф!

Маша эрининг маст эмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ёстиқдан бош кўтарди ва ҳозир қандайдир муҳим хабар эшитишини кўнгли сезиб, ҳушёр тортди.
— Маша... Мен Чаганага бормоқчиман.
— Қаерга?
— Чаганага... Ўзбекистонга-да.

Аёл эрининг бўйнидан маҳкам қучоқлади...

Абдураҳмон бир ҳафтадан кейин Чаганага жўнаб кетди. Маша у худди чет элга кетаётгандай, иззат-икром билан жомадонни йиғиштирди, йиғлаб дилдорлик кўрсатди. Абдураҳмоннинг кўз олдида бир дақиқа ўша — уни чўмилтирган қиз пайдо бўлди...

Тепаликлару жарларга, қоялару унгурларга чап бериб, тун бағрига оралаб кетаётган йўлни фаралар гоҳ йўқотиб, гоҳ топади. Машина гоҳ кучаниб баландликка ўрлайди, гоҳ эркин нафас олиб, пастликка ғизиллайди. Абдураҳмон ҳам моторнинг овозига қўшилиб зўриқади, енгил тортади; ичи қувончли бевовталикка тўлган, ўзини Малла деб таништирган шопирнинг саволларига аллақандай чарақлаб, чаққон табассум билан жавоб беради. Машина деразасидан қоронғуликка тикилади. Юлдузлари ярқираётган осмон тагида қирларнинг босиқ елкалари элас-элас чизилиб кўринади. Йўлни ҳар муюлишда кесиб чиқаётган сойда осмон парчаси бир ярқ этиб ўтади. Олисдан бир тўп ёғду дастаси бўлиб туюлган қишлоқларнинг чироқлари машина яқинлашгани сари сочилади — ҳовлиларга кўчади. Абдураҳмон янада безовталаниб Маллага қарайди.
— Чаганани соғинибсиз, ака! Яна сабрингизга балли! Биз бир кун кўрмасак, ўладиган бўп қоламиз... Йигирма йил-а! Қойил!..

Шопир бошини хушвақтлик билан сарак-сарак қилади. Абдураҳмон кулади. Чагана янгиликларидан сўрайди, ўзи билган одамларни суриштиради.
— Чориевни ўлиб кетганига беш йил бўлгандир-ов... Аввал директор бўлганми?..

Кейин... Завхўз эди, шекилли. Ҳа, завхўз эди. Ўлганда детдўмда қиёмат бўлган дейишади... Икки юз бола хор бўп, йиғласа, ваҳима-да!.. Уч кун мактабга ҳам боришмаганмиш... Яхши одамнинг ўлими шундай бўлса керак-да, ака!.. Йўлдош деганингиз... Исму шарифини айтинг-да!.. Чаганага Йўлдошдан худо берган, ака... Омонов, дедингизми? Нега билмайлик, биламиз-да! Бўлим бошлиғи! Ғириллаб юрибди... Тўғри сўз одам... На райкўмни қош-қовоғига қарайди, на обкўмни...

Абдураҳмон гоҳ маъюсланади, гоҳ завқланади. Кўнглини тўлдириб келаётган турфа ранг туйғулар ичида бутун жону тани роҳатланади. Қоронғулик қўйнида унга сокин бир меҳр билан боқиб қолаётган тепаликлар, қирлардан, қишлоқлардан, дарахтлардан, йўлларга ўралашиб, ундан кўнгил узолмай оқаётган сойнинг сувларидан, қолаверса, чаганалик манови шопир йигитнинг илтифоти суҳбатларидан азиз меҳмонга бахшида бир роҳат барқ уради. Абдураҳмон бу жойлар уни соғинганини сезади. Кабина ойнасини туширади. Бағри соғинч тўла ҳаво юзини силайди, кўксига салқин танини ютоқиб босади. Беихтиёр кўзда қалққан бир томчи ёшни машина ортида югуриб келаётган зулмат қўйнига — беному-нишонлик сари учириб кетади...
— Чаганани соғинибсиз, ака, — дейди яна Малла. Бу сафар у бу гапни ҳазин бир ҳолда айтади. — Қирқ беш дақиқадан кейин Чагана...

Абдураҳмон кўзини юмади. Ўзини босиб олишга ҳаракат қилади. Аммо бечидамлик қадар ўртаниш унга ҳаловат лозим кўрмайди...
— Эҳ, Малла!.. Маллабой!.. — деб шопирнинг елкасига шахт ила уради. Бу ҳаракати билан уни тушунаётгани учун йигитга миннатдорчилик билдиргандай бўлади...
— Ҳозир етамиз, ака, ҳозир...

Мотор янада ғайратлироқ гувиллайди, шамол сочларига шиддатлироқ чанг солади... Энди йўл равонлашгандай эди. Уфқлар олислардан баҳайбат махлуқлар каби ваҳимали қорайиб, юлдузли осмон этакларини кўтарганча турган тоғларнинг билинар-билинмас елкаларигача кенгайган, ҳатто сой ҳам қайси бир кўприкнинг тагида ҳолдан тойиб қолиб кетганди.

Абдураҳмон машинанинг тўхтаганини пайқади. Аллақандай тепаликда туришарди. Сўл тарафда — пастликда, чироғларининг сонига қараганда, чоғроқ қишлоқ.
— Ака! Жўрангизни кўрсатиб кетайми? Йўлдош акани айтаяпман. Бугун бир чўпони тўй қиляпти... Омонов ака ҳамма чўпонларининг тўйини ўзи бош бўлиб ўтказади... Ана, қаранг! — Малла чироқ ёғдулари тўлиб-тошиб турган ҳовлини кўрсатди. — Тўйхона... Қозон кўтардисига етиб қоламиз...
— Ҳайданг!..

Машина катта йўлдан қайрилиб, ҳаял ўтмай қишлоққа ораладида, бетартиб сочилиб ётган уйлар орасидан айлана-айлана тўйхона эшигига келиб тўхтади. Эшик олдидаги майдонда каттаю кичик машиналар; бир-бири билан суҳбатлашаётган, хайрлашаётган, тўйхонага кириб-чиқаётган одамлар; узоқроқда қоронғидан ёруғликка томон бўййнларини чўзиб турган отлар...
— Э, ана, Омонов ака!

Малла шошилиб машинадан тушди-да, сариқ «РАФ»нинг ёнида қўлларига ғилофли созлар тутган кишилар билан ниманидир гаплашаётган барваста гавдали, қундуз телпак кийган одамга қараб юрди. Қўшқўллаб кўришди. Абдураҳмон йигирма икки йилдан нарида қолиб кетган Йўлдош билан учрашув бундай осон кечаётганини тасаввурига сиғдиролмай, гарагсираб ўтирар, энди ўзи томонга юриб келаётган одамга пешвоз чиқиш лозимлигини англаса ҳам, ўрнидан қўзғололмас эди. Йўлдош ўктам юриб келиб, эшикни очди.
— Абдураҳмон!.. Жўражон, бормисан?!.

У чўзилиб, ҳали нима қиларини билмай ўтирган Абдураҳмонни бўйнидан маҳкам қучоқлади.
— Пастга туш, оғайни!.. Бир тўйиб қучоқлай!..

Абдураҳмон машинадан қандай тушганини билмайди, фақат Йўлдошни у ҳам маҳкам қучоқлаётганини, дам бу елкасига, дам у елкасига навбатма-навбат бош уриб, беҳад суюнч ичида ўзбекчиликнинг таомилига кўра кўришаётганини сезади.
— Абдураҳмонжон!.. Ўзимни детдомим!.. Бор экансан-ку! Одам ҳам шундай йўқолиб кетадими?!

Бундай ногаҳоний учрашувлар одамнинг ёдига нималарни солмайди? Яхши кунларнинг эпкинию ёмон кунларнинг изғирин хотираларни бир лаҳзада ларзага солади, кўзлар намланади, овозлар титрайди... Йўлдош дўстини бир қўли билан елкасидан қучоқлаганича ёруққа олиб чиқади.
— Биродарлар!— деди у байрам кайфиятини ҳаммага билдириб, — йигирма икки йил йўқотган оғайним келди. Мана! Абдураҳмон!.. — У дўстини йўқдан бор этган сеҳргардай, тантанавор қиёфада ҳаммага намойиш этарди.

Одамлар Абдураҳмон билан кўриша кетишди. Уни кимдир бағрига босди, кимдир жон-жаҳди билан қўлларини силкиб кўришди — юзларда табассум, кўзларда қувонч...
— Тўйнинг эгасини чақиринг! Сойиб акага айтинглар! Йўлдош детдомнинг меҳмонини ўзи чиқиб, тўйга таклиф қилсин!.. Тез бўлинглар!

Йўлдошнинг ҳайқириғи негадир одамларга ёқди. Ҳамма ҳаракатга келди. Ичкаридан йўл-йўл беқасам чопон кийган тўй эгаси ҳовлиқиб чиқди.
— Қани меҳмон? Омонов акани меҳмони қани?!

У меҳмон кимлигини аллақачон билган, Абдураҳмонга қараб қучоқ очиб келаётган бўлса ҳам, умумқувончни яна бир пардага кўтариш учун ҳадеб бу саволни такрорлар эди. Абдураҳмон тўйнинг эгаси уни чин юракдан бағрига босиб кўришганини ҳис қилди, ўпкаси тўлди...
— Холиқ! Пули кўп артистлар детдомлар билан кўришмайдими? Йўлдошнинг ҳайқириғи пасаймасди. «РАФ» олдида турган мўйловли барваста йигит норли юзига ярашган табассум билан келиб кўришди.
— Холиқжон! Ўйинчилару созандаларингга айт, ичкарига киришсин! Менинг дўстим шарафига!.. Ўн беш минут!..

Ҳамма тўйхонага кирди. Тўй тарқаган ҳисоб—аёллар столлар устидаги овқат қолдиқларини йиғиштира бошлашган, ҳар-ҳар жойда уч-тўрт одам бош уриштириб ўтиришибди... Бирпасда дастурхон ёзилди, нозу-неъмат келтирилди, ичимлик...
— Холиқ! Энди бир айт!.. «Замонда хору зорман»ни айт. Йўлдош акангни куйган жонини қайта куйдир!..

Холиқ ашула бошлади. Ғижжак инграб жўр бўлди, най ҳаволарга сиғмай нола этди... «Ишқингда беқарорман — боиси сен... Замонда хору зорман — боиси сен...» (Собир Термизий ғазалидан мисралар) деб қўшиқчи тўйхона устидан юлдузларга қараганча, кимгадир таъна этди, ёлворди. Сўнгакларигача зирқираётганини ҳис қилган Абдураҳмон соқий узатган ароқ тўла пиёлани олдию даврадагилар билан уриштиргач, роҳат қилиб симирди.
— Йиғлатасан-а, Холиқ! Шўхроғидан чал!..

Йўлдош рақсга тушиб, Абдураҳмонга қараб муқом қилди. Абдураҳмон Йўлдошни — сағирликнинг азобини бирга бошдан кечиришган болалик дўстини йигирма икки йил мобайнида деярли эсламаганини ўйлаб, уялди. Кимдир меҳмонни ҳам ўйинга тортди. Абдураҳмон даврага чиқиши билан вужуди ўзбекча рақсни унутмаганини ҳис қилди. У берилиб ер тепаётган Йўлдошнинг қаршисига бордида ярим ҳазил, ярим чин қабилида йўрғалаб кетди...

Абдураҳмоннинг Чаганадаги ҳаёти шундай бошланди. Тўйдан тўғри Йўлдошникига келдилар. Эртаси эрталабданоқ қўй сўйилди. Йўлдош «детдомлар»га, яна кимларгадир телефон қилди. Хотиранинг чалкаш чангалзорларида йўқолиб кетган дўстлар, энди ажинлар оралаган юзларини қувончга тўлдириб, бирин-кетин қучоқ очиб кириб келавердилар. Меҳмондорчилик устига меҳмондорчилик бошланди... Абдураҳмон Йўлдош билан Чагананинг торкўчаларини ҳам айланишга улгурди. Ўша — ноқулай тарзда мувозанат сақлаб турган деворлар, дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар, дарахтларнинг девордан ошиб чиқиб, кўчага энгашган шохлари... Аммо стадион йўк,, ўрнида фабрика... Мактабнинг ўрнида ҳам бегона уч қаватли бино қаққайиб турибди,.. Чагананинг тепасида савлат тўкиб турган Тўртчинорга ҳам чиқдилар. Пастда Чагана улкан картада чизиб қўйилгандек кўринади. «Ишқингда беқарорман—боиси сен!», деб мурожаат қилди Йўлдош Чаганага. У чор тарафи тоғлар билан ўралган бу масканни бағрига босмоқчи бўлгандай, қўлларини кенг ёйди. Унинг кайфияти Абдураҳмонга ҳам ўтди. «Замонда хору зорман — боиси сен!..» деб хитоб қилди у ҳам ва бу сатрнинг маъноси ўзининг тақдирига нақадар мос тушганлигини шу қадара ойдин ҳис қилдики, бирпас довдираб қолди, сўнг чинорнинг танасига суяниб: «Йўлдош! Замонда беқарорман...» деди овози хириллаб. Унинг кўнглидан нималар ўтаётганини дўсти ўзича тушунди: «Э, нима бор сенга ўша Ўрисияда! Чаганага кўчиб кел. Сену мен шу ернинг тошини тагида туғилганмиз, шу ерда ўлишимиз керак...» Абдураҳмоннинг эсига бирдан Салима тушди. Балки у ҳозир, ҳўв, анов кўчадан кетаётгандир ёки ҳўв гужум тагидаги уйнинг деразасидан Тўртчинорга қараётгандир, эҳтимол, уларни кўриб ҳам тургандир... У Салимани ҳеч кимдан — ҳатто Йўлдошдан ҳам сўраб-суриштирмаганини, шу билан бирга сўраш-суриштиришнинг ҳожати ҳам йўқлигини, уни Ўрисиядан Чаганага келган тақдир Салима билан ҳам юзма-юз этишини англади...
— Бугун Худойберди чақирган, — деди Йўлдош ҳовлисидан машинасини олиб чиқаркан. — Ҳовузнинг бўйига жой қилади. Яхши боғи бор. Бир шакаргуфторлик қиламиз...
— Худойберди?..
— Ўзимизнинг детдомдаги Салиманинг укаси-да...

Абдураҳмон Йўлдошга «ялт» этиб қаради. Меҳмондорчиликларнинг асоратидан танда қолган оғирлик бирдан ариб, кайфияти кўтарилди. Йўлдош гапини давом эттирди:
— Кеча Чориникида хизмат қилиб юрган сариқ йигит...
— Ҳа.
— Худойберди Салимага сени келганингни айтса, роса қувонибди бечора... Ўрнидан туриб ўтирибди, сени гапиравериб эси кетганмиш...
— Нима, касалмиди?
— Сўрама... Беш йил аввал эри аварияда ўлганида инфаркт олди. Икки ой аввал Худойбердидан кичик бир укаси армиядан нобуд бўлиб қайтганда, яна... Етибди-да, бечора... Бу дунёси шу экан. Абдураҳмонбой...

Машина Чагана марказини оралаб борарди.
— Ҳамма укаларига ўзи бош эди. Она ўрнига она... Кейин ситаму уқубатлар ҳам одамни еб ташлар экан... Шу ўзимиз билан детдомда бирга бўлганлардан... Фармон ўлди. Ўқитувчи эди. Мажлисда Шобердиев билан ташлашиб туриб ўлиб қолди...
— Шобердиев... борми?
— Ғирдай юрибди энағар кал! Мактаб директори... Хўш, Алим чўлоқ... Бултур вафот этди... Ундан олдин Карим... Тоғдан ўлигини олиб кёлишди. Шариф... Ўзини осиб қўйди.
— Ўзини осиб қўйди? Нимага?
— Ким билади дейсан! Биров ундай дейди, биров бундай дейди... Худо билмаса, бандаси билмайди, Абдураҳмонбой... Ҳаммаси ситамни кўплигида... Бизни детдўмларни дардга эти юпқа тортиб қолганми деб ўйлайман баъзан. Туғилгандан кулфат ичида юргандан кейин... Юрак ҳам ейилиб кетар экан-да! Таппа йиқилиб ўлиб қоляпмиз... Қолганларнинг боши тошдан бўлсин...

Машина энди эгри-бугри тор кўчадан борарди.
— Ие!.. Худоё, тинчлик бўлсин энди! Қара, Худойбердиниг уйини олдида «тез ёрдам» турибди...

Абдураҳмон кўчаниг адоғида турган машинани кўрди.
— Худоё, тинчлик бўлсин, — деб такрорлади у ўзи ҳам кутмаган ихлос билан. «Тез ёрдам»нинг ёнига келиб тўхтадилар. Йўлдош кабинада ўтирган шофёр билан сўрашди:
— Ҳа, Қўчқорбой?
— Опани мазаси қочган шекилли...
— Мен ҳозир...

Йўлдош ҳовлига кириб кетди. Ҳаялламай Худрйберди билан қайтиб чиқдилар.
— Келинг, ака, келинг... Хуш келибсиз! Марҳамат!—Худойберди Абдураҳмон билан кўришди-да, қўшни дарвозага қўш қўллаб таклиф қилди.
— Энди бошқа пайт келамиз, Худойберди. Салима яхши бўлаверсин... Худо хоҳласа... — деди Йўлдош эътирозга ўрин қолдирмайдиган босиқ бир оҳангда.

Қайтдилар. Йўлдош ҳар дам бошини сарак-сарак этиб қўяр, Абдураҳмон эса, ранги оқарганча сигарет тутатарди.
— Аҳволи қандай?— деб сўради у ниҳоят.
— Худо ўзи мадад бермаса... Ёмон.

Абдураҳмон қўллари қалтираётгани, бу титроқ бугун Салиманинг исмини эшитганиданоқ танига кирганлигини ҳозир англади. У дабдурстдан Салима билан кўришиб бўлмаслигини ҳам аввалдан билишини ва бугунги саргузашт ҳали давомли эканлигини тушунди. Хаёлида аллақандай чигалланиб қолган тугуннинг тасвири кўринди. Бу тугуннинг бир учи ўзининг тақдирига чалкашгани, бир учи эса Салиманинг ҳовлиси устида жонсарак ҳилпираб тургани кўз ўнгида жонланди...

Йўлдошнинг уйида мезбон билан ичдилар... Кейин узоқ гаплашиб ўлтирдилар. Абдураҳмон ашула айтди. Барибир юракнинг ғижими тарқамасди...

У кечаси бир маҳал уйғонди. Бир дераза ой нури кўрпасига тушиб турарди. Ташқари чиқди. Ойдин сукунат. Ҳовли роҳатланиб ойни томоша қиляпти. Боғдаги дарахтларнинг соялари бир-бирларига қўшилиб бир умумкўлка ташкил этган. Шамол йўқ... Абдураҳмон негадир ҳаяжонланиб боғ ичига қаради. Боғнинг тўрида бир парча жой ёришиб турарди. «Тандирнинг кулини ташлашган бўлса... Чўғ-мўғ қолганир» деб ўйлади ва беихтиёр ўша тарафга юрди. Яқинлашгани сайин бу тахмини нотўғри эканлигини тобора тушуниб борди, аммо қандайдир куч уни олдинга бошларди. Оёқлари измидан ташқари қадам ташлар, лаблари қуршаган, аъзойи баданини совуқ тер босган эди. У ёруғлик ялтираб турган жойдан кўзларини узолмай бир алфозда олдинга юрар, қадамининг товушини эшитмас — юраги ҳозир юз бериши мумкин бўлган ҳодисанинг сеҳрли хавотири билан тўла эди.
— Абдураҳмон...

Бу товуш кўкрагига урилиб, уни тўхтатди. Йигит ёруғлик кучайганини ва энди ёруғлик ичида одам турганини кўрди.
— Абдураҳмон... Қўрқманг!

Бу товушни қаерда эшитган? Ёруғлик янада кучайди. Энди қаршисида нақ кундузнинг парчаси эди. Ёруғликнинг ичидаги одамнинг эса юзи аён кўринди. У Салима эди. Аёл дарахтнинг танасига суянганича, кулибгина қараб турарди. Абдураҳмон бирдан қўрқувдан халос бўлганини туйиб, олдинга юрмоқчи бўлди.
— Қўзғолманг!.. Шундоқ гаплашаверамиз...

Аёл гапирганда оғзини очмас, лабидаги табассуми ҳам бузилмас эди. Товуши аллақандай бахмал тўлқинларга ўралиб, қулоққа ёқимли тегарди.
— Сизни бир кўрай дедим...

Абдураҳмон гапирмоқчи бўлди, аммо оғзини очишга улгурмасидан, ўз товушини эшитди.
— Мен ҳам сизни...

Аёл қўлини кўтариб унинг овозини тўхтади.
— Ёлғон гапирманг... Фақат мен сизни кўрай деб яшадим. Фақат яқиндан бошлаб...
— Яқиндан бошлаб... Нима бўлди?
— Мени ўйлашга мажбур бўлдингиз. Ўзим мажбур қилдим.
— Салима, мен сизни телевизорда кўрдим.

Аёл кулди. Сўнг юзларини ярим бекитиб, пастга оқиб ётган сочларини мағрур бир ҳаракат билан орқага ташлади.
— Биламан...

Абдураҳмон аёлнинг бу гапига ажабланмади.
— Касал ҳолингизга... Ўзим борардим...
— Мен кетяпман, Абдураҳмон...
— Касалсизу кетаман дейсиз.

Аёлнинг юзи жиддий тус олди. Бошини бир томонга қийшайтириб, нимагадир қулоқ солди-да:
— Ҳозир... — деб пичирлади ва энди йигитга жовдираб тикилди:—Хайрлашгани келдим... Соғинган эдим... Чидаёлмадим... Кейинги пайтларда кўп безовта этганим учун узр...

Аёл яна кимгадир «ҳозир» деди-да, маъюсланиб Абдураҳмонга қаради. Унинг кўзларидан ёши оқиб, табассумини ушлаб қолишга уринаётган лабларига оқди. Қаердандир дастрўмол олиб, юзига босди.
— Қўйишмаяпти... Бирпасга ҳам кўнишмайди-я!..

Салима ҳамон гўзал эди. Ҳеч ўзгармаганди. Болалар уйида қандай бўлса, шундай. Абдураҳмон кўнглининг ўша унут бўлган туйғулар билан лиммо-лим тўлганини сезди. Аёлга талпинди.
— Қўзғолманг! — шивирлади Салима.
— Ҳеч ўзгармабсиз!..
— Атайлаб... Сиз учун...

Аёл бир зум ўйланиб қолди. Сўнг йигитга шундай тикилдики, йигит бу нигоҳда йигирма беш йиллик сочларига оқ тушган соғинчни; ҳасратда ёнавериб, кулга кўчган армонни; кўнгил эшиги олдида ҳамон мустар ўлтирган умидни — аросатда қолган МУҲАББАТнинг тирик вужудини кўрди.
— Салима! — деди у ўртаниб. Аёл индамади.
— Абдураҳмон... Мен ҳозир кетаман... Сиз қўрқманг. Хайр...
— Эртага кўргани бораман...
— Ундай деманг... Хайр... Қўрқмасдан бориб ухланг.

Салима шундай деди-да, боғ оралаб, деворга қараб юрди. Ёруғлик унга эргашгани сари хиралашиб борарди. Аёл деворга етганида у тамом ўчди. Аммо одамнинг кўлкаси ойдинда гўё ҳавода учгандай деворга чиқди.
— Хуш қолинг... Хайр...

Товуш йиғи аралаш эди. Абдураҳмон ҳам тўлиқиб, девордаги кўлкага қараб ютинарди-ю томоғига тиқилган ҳаяжонни босолмасди. Лаблари шўр тортганлигини сезди.
— Хайр...

Кўлка бир зумда ғойиб бўлди. Абдрураҳмонга кўлка девордан кўчага ошиб тушмагандай, балки осмонга — ою юлдузлар тарафга учиб кетгандай туюлди...

Абдураҳмон уйга қараб юрди. Айвонга чиқаркан, ортига бурилиб қаради. Боғ аллақандай ҳаяжондан бўшаб қолган, олам сукунатида танглик йўқолгандай эди. Шунда Абдураҳмон ойдинликдан андиша қилиб, дарахтларнинг кўлкасида алланечук бечораҳол ўлтирган ғуссани кўрди. «Салиманинг ғуссаси...— ўйлади у.— Ғуссасини қолдириб кетибди... Демак, худо хоҳласа, тузалиб кетади»... У уйга кираркан, кўп йиллардан буён биринчи марта «худо хоҳласа» жумласи хаёлига келганидан ҳайрон қолди.

...Эрталаб уни Йўлдош уйғотди.
— Тез тур! Чой тайёр...

Дўстининг овозидаги ташвиш дарров ҳушёр тортирди.
— Тинчликми? — деб сўради ёстиқдан бош кўтараркан. Йўлдош унга бир зум хаёлга ботиб қараб тургач:
— Худо Салимани кўпга қўшибди,— деди, сўнг чўнқайиб ўтирди-да, Абдураҳмоннинг кўзига қараб:— Айтдим-ку, биз детдомликларнинг теримиз юпқа бўлиб қолган... Ўлиб кетаверамиз,— деди алам билан.

Абдураҳмон тақдир унга тушу ҳушнинг фарқини қолдирмаганини англади.

Сафар қариди. Салиманинг ўлимидан кейин Абдураҳмон жўнаши лозимлиг-ини тушунди. Яна бир-икки кун меҳмонга борган бўлди. Аммо ўтиришлар ҳам татимади.

Юрагининг теварагида аллақандай совуқ бўшлиқ пайдо бўлганини пайқади. Дўстларнинг самимий илтифотлари ҳам кўнглида илгаригидек туғён уйғотмас, аксинча, муқаррар айрилиқ олдидан келадиган ҳазинлик оғушига солар эди. У яна Чаганани пиёдалаб айланди. Хотирасида омон қолган тор кўчаларни бир-бир кезиб чиқди. Шаҳарни қоқ иккига ажратган сойга тушди, баҳор селлари келтириб ташлаган тошларга ўлтириб, бу ҳазин ҳолатга ўзини ташлаганича хаёл сурди. Ва нохос Чагана билан хайрлашаётганини, балки бу хайрлашувдан сўнг қайта кўришув насиб этмаслигини ҳам англади. Англадию сойнинг икки бетига тирмашиб, тоғлар пойига қадар ястаниб кетган бу мўъжаз маскан унинг Ватани эканлигини жигар-бағри қон бўлиб ҳис қилди. У бў ерга чорлаб келгани учун Салимадан... Салиманинг руҳидан миннатдор бўлдй. Раҳматлик Салима! Наҳотки, унга Ватанини қайта таништиргани чорлаган бўлса?.. Илоё, жойинг жаннатда бўлсин!.. Ватан!.. Қадрингни бағрингдагилар билишмайди. Сени сезиш учун йигирма йиллаб-айрилиқда — афсуну жодуга ўралиб, хиёнату найрангга тўла дунёга сажда этиб яшамоқ қерак. Сени сезиш учун ғофиллик тумани ичида оқаётган Вақт дарёсига умиду шижоатдан айро вужудни ташлаб, беҳушу вайрон умргузаронлик этмоқ лозим. Аммо тақдир отлиғ қудратли бир куч борким, у бешафқат қўллари билан онани боладан, юракни севгидан, танни жондан жудо этади, азоб-уқубат ўтига аямай улоқтиради. Ватан! Сени бир лаҳзага танитиб, бу тақдир яна мени қайларга учириб кетмоқчи? О, тақдирдан устун келган ким? Абдураҳмон тақдирга қарши исён кўтаришга ўзида куч йўқлигини пайқади... Сафар энди тамом қариганди.

Эрталаб Йўлдош дам болаларига, дам хотинига ҳайқирганича кўрсатмалар бериб, машинани йўлга созлар, юкларни жойлар, жиғи-бийрони чиқиб Абдураҳмонга ҳам норозилик билдирар эди:
— Йигирма йилда бир келган одам-а!.. Борарсан шу Ўрисиянгга! Нима, сени биров қувиб юборяптими? Гапнинг сарасини айтсам, Абдураҳмонбой, у ёқларда санқиб юрганинг етар! Кўчиб кел. Гала детдом бир бўлиб, бир уйни тикка қилиб берармиз!.. Чет эллик туристга ўхшайсан-а!..

Ҳовлининг дарвозаси тақиллаб, Йўлдошнинг жавраши бўлинди. Дарвозадаги дарчадан аёл кишининг боши кўринди-да, яна ўзини ташқарига олди.
— Қара!—деб хотинига забт этди ҳамон шаштидан тушмаган Йўлдош. Хотини эрининг бақиришларидан негадир яйраб, ташқарига чиқди. У ҳаялламай қайтиб кирди-да, Абдураҳмонга ғалати қараш қилиб:
— Ака, сизни сўрашяпти,— деди.

Йўлдош хотинига бир қараб олиб, ишини давом эттираверди. Абдураҳмон дарвозадан ташқари чиқдию, ҳушдан кетадиган бир алфозда қалқиб тушди. Унинг қаршисида кўм-кўк либосда, бошига катта қора рўмол ўраб олган... Салима турарди. Худди боғда кўринганидай ёш, фақат чеҳрасида чексиз ғусса, Абдураҳмонга бир қараб, яна ерга тикилган нигоҳида мотамнинг буҳудуд алами...
— Амаки... Мен Ҳудойберди аканинг жияни бўламан...

Қиз Абдураҳмоннинг каловланиб, ҳеч нарса тушунмай турганини кўргач:
— Салима опанинг қизи... Детдомдаги...— деди овози пасайиб.
— Салиманинг қизи?...— деб сўради Абдураҳмон ва бирдан ўзига келиб, жавдираганча, қизга ҳамдардлик кўрсата кетди:— Чидамасдан иложимиз қанча! Худойим онангнинг умрини ҳам сенга берсин! Онанг кўрмаган бахтларни кўр! Ғам нималигини билмагин бу дунёда!..

Абдураҳмон гапирган кўйи дили, жигари хун бўлиб бораркан, бу олқашлари Чориевнинг жонсаракликларига ўхшаб кетаётганини пайқади... Негадир бу кашфиёти кўнглига тасаллибахш ёруғлик олиб кирганини ҳам сезди. Қиз бошини кўтармай, унинг гапи адо бўлишини кутиб турар, ҳали вужудини вайрон этаётган жудолик дардидан безовта эди.
— Амаки... Энам сиз ҳақингизда кўп гапириб берганлар... Келганингизни эшитиб хурсанд бўлган эдилар... Тоғамларникига меҳмонга келишингизни эшитиб... Мана буни бериб қўй, менга насиб қилмаса, дегандилар...

Қиз энди йиғларди... У бироз тараддудланиб тургач, қўлидаги газетага ўралган тўртбурчак нарсани Абдураҳмонга узатди.
— Бу нима?

Қиз жавоб бермасдан бурилди-да, бошини эгганича, тез-тез юриб кетди. Тор кўчанинг ноиложликда — меҳру шафқатдан мосуволик ичида ўртаниб қараб туришидан, Абдураҳмон қизнинг ҳамон селу сабор йиғлаб кетаётганини англади. Золим фалак баланддан бемалол боқиб турар, тўймас ер эса кўчани сескантириб тошларига тўкилган кўз ёшларга парво ҳам этмай бемалол ётар эди...

Йўлдош машинани кўчага олиб чиқди. Абдураҳмон унинг ёнига ўтирди. «Ака, омон боринг», деб Йўлдошнинг хотини, болари билан дуо берди. Жўнадилар...

Абдураҳмон қўлида ҳамон Салиманинг қизи ташлаб кетган нарсани ушлаб турганини сезди. Негадир азъойи баданини хавотир ўртаб, газетани очди... О, «Ўтган кунлар!» Ўша! У ўша малла муқовали китобни дарҳол таниди. Ўқилавериб титилиб кетибсан-ку! Сени ким бедор кечаларининг ҳасратида тўзғитди, китоб! Бир бечора йигит севгисининг элчиси бўлганингча қайларда қолиб кетдинг? Севгининг элчисига наҳотки ўлим йўқ? Наҳотки энди қайтдинг? Нималар олиб қайтдинг, бу дунёдан жувонмарг кетган муҳаббатнинг элчиси?..

Абдураҳмон оқ саҳифани очди... Ва вақт ғуборида хираллашиб қолган «МЕН СЕНИ СЕВАМАН», деган ёзувни адойи тамомликда ўқиди. Сўнг... кимнингдир бемадор қўллари титранибгина битган «МЕН ҲАМ...» деган ёзувга кўзи тушди-да, Йўлдошнинг борлигини ҳам унитиб, ўкириб юборди.
— Абдураҳмонжон!... Бу дунё кўйдирди! Бизни куйдирди, Абдураҳмон!—деб нола қилди йўлдош. У ҳам йиғларди.

...Тепасида заводнинг миноралари қаққайиб турган шаҳар ҳар оқшомдагидек сеҳрли уйинини авжига чиқарган бир пайтда Абдураҳмон уйига кириб келди. Уйида ҳеч ким йўқлигидан кўнгли ғашланиб, хоналарни қайта-қайта айланиб чиқди, сўнг телевизор кўргани ўтирди. Ғашлик тарк этавермагач эса, ташқарига чиқди. Шимолнинг салқин ёзи осмонга булут ташлаган — юлдузлар кўринмайди. Аҳён-аҳёнда эринчоқ булутлар дим кечанинг бағрига бир-ярим ёмғир томчисини отади... Абдураҳмон шаҳар марказига қараб юрди. Йўлни қисқартириш учун эски парк деворининг катагидан ошиб ўтди-да, дарахтлару қийғос ўсиб ётган ўтлар орасидаги таниш сўқмоқдан бемалол йўл топиб, паркнинг марказга кетгучи йўлга туташган қанотига етди. Паркнинг бу томони панжара билан ўралган... Абдураҳмон эгилиб, одам сиққудай тирқишдан ўтмоқчи бўлдию, шу кўйи сеҳрлангандай қотди. Кўчадан Машанинг овози келарди...
— Паша!.. Шилқимлик қилма!... Абдураҳмон ўзини ичкарига олди.
— Очофат экансан! Шунча кундан буён тўймаганингни қара...

Маша нозланиб сўзларди. Шундагина Абдураҳмон йўлкада — чироқпана дарахт кўлкасида бир жону бир тан бўлиб турган жуфтни кўрди.
— Мен сенга очиғини айтдим, жоним, Алик келиб қолиши мумкин. Бугун бизникига боролмаймиз...
— Маша, ростини айт, Аликни яхши кўрасанми, ёки мени...

Паша Чиройли-ку! Абдураҳмон музлаб қолган вужудидан ихтиёрини берган бўлса ҳам, негадир Машанинг жавобини орзиқиб, қўрқиб, умид қилиб кутди...
— Иккалангни ҳам яхши кўраман, Паша! Маша нозланиб кулди.
— Хайр, у ёғига ўзим кетаман. Эҳтиёткорни...— деб атайлаб гапни ярмида тўхтатди Маша.
— ...Худо асрайди!—деб давом эттирди Паша Чиройли ва қаққос отиб қулди. Сўнг бўса овозлари... Сўнг Машанинг туфличалари тахта йўлкани тиқиллатиб тун қўйнига сингиб кетди... Абдураҳмон ўзини ўт-ўланлар устига чалқанча ташлади. Қайсидир ёмғир томчиси қоронғида адашмасдан, унинг юзини топиб келиб, пешонасига тушди. «Чаганада яшаганимда, ваҳ, пешонам қурсин, дердим, кейин...». У кейинини ўйлашга куч тополмади. Тун қаърида ўзидан кечиб, ҳолсизланиб узоқ ётди. Ўрнидан турганида, ёмғир кучайганди. Юзи ҳўл эканлигини пайқади. Панжара тирқишидан соя каби шарпасиз ошиб ўтди-да, аллақандай букчайиб уйига қараб жўнади.

У эшикхонага кираверишда ўзига келди. Бирдан, ҳозир уйига кирса, ҳамма нарса аввалгидай қолишини англади. Тўхтаб, сигарет чекди. Нималарнидир ўйлаб ҳовлини айланди. Уйдаги бўз болалар ўрнатган-қўлбола турник ёнига келди. Сигаретни ташлаб, турникка осилди. Сўнг оҳиста ерга тушиб, яна чекди. Шошмасдан тутатди. Кейин шимининг камарини чиқариб олиб, турникка илмоқ қилиб боғлади. Тортиб синаб кўрди, нохос болаларга хос чаққонлигу ғайрат билан яна қўш қўллаб осилди-да, илмоққа бўйнини солиб, қўлларини бўшатди. Абдураҳмон танаси бутун оғирлиги билан- ерга, ернинг тагига, ундан ҳам наридаги тубсизлик сари учиб кетаетганлигини кўрди. Бўйнидаги суяги («умурткдм!», деб ўйлашга улгурди у) «қирс» этиб ўрнидан қўзғалганини ҳам сезди. Кекирдаги чидаб бўлмас даражада оғритганча тепага тортиб, қорнини чўзарди. «Ҳозир узилади... Ҳозир...» Аммо уни тубсизлик сари учириб кетаётган даҳшатли залвор ўйлашга йўл бермас; Ердан, осмондан, муҳаббатдан, хиёнатдан, бемаънолик ва маънодан, бошларига тушаётган ёмғир доналаридан, турникда ҳолсиз қолган вужудидан ажратиб, оғирликнинг зиллиги тагида эзғилаганча аллақайларга шамолдай елдириб борар эди. Абдураҳмон бирдан бу оғирликдан халос бўлганини, сувдай қуюқ, аммо тиниқ ҳавода эркин сузаётганини пайқади. Оппоқ либосли, олти қанотли фаришта уни кафтларида авайлаб тутганича учиб борарди. Абдураҳмон фариштани таниди. Фаришта Салиманинг ўзи эди.

Дунё негадир ингичкалашганди. Абдураҳмон ҳавонинг қуюқлигию дунёнинг ингичкалиги уларнинг тезлиги шиддатидан эканлигини тушунди. Олдинда ям-яшил ёғдуларга ўраниб, шафақланиб ётган уфқ кўринди. Дўзахмикан?..
— Дўзах қолиб кетди,— деб ногаҳон жавоб берди Салиманинг меҳрибон овози.
— Бўлмаса... Жаннатмикан?
— Жаннат ҳам қолиб кетди,— деди Салиманинг ҳасратли овози. Абдураҳмон бошқа савол ўйламади. Зотан, энди саволнинг кераги йўқ эди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон