OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифУйғун Рўзиев
Асар номиБахтиқаролар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Уйғун Рўзиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм41KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бахтиқаролар (ҳикоя)
Уйғун Рўзиев

Олтой ўлкасига юбориладиган маҳбуслар рўйхати эълон қилинганда Султонмурод Бўрибоев ўз исм-шарифини эшитиб, аввалига унчалик эътибор бермади. Лекин одатдагидек бошини кафтлари устига қўйиб, шифтга термулганча хаёл суриб ётаркан, ўйланиб қолди: «Бу тағин нимаси бўлди? Қарийб ўн йилдан бу ён қамоқда бўлсам. Шундоғам ўзи ҳали у турмадан бу турмага ўтказавериб силламни қуритишди. Энди муҳлатимнинг кўпи кетиб, ози қолганда Олтойда бало борми. Ҳеч тинчлик беришмас экан-да. Муддаолари нима ўзи? Шунчалик кечириб бўлмас жиноят қилдимми? Ахир, одам ўлдирганлар ҳам яшаб юришибди-ку. Мен-ку, бор-йўғи колхознинг камомадига йўл қўйибман. Уни ҳам бўлса, еб-ютганлар кимлар-у, жавобгарлиги менинг гарданимга тушиб турибди. Қуруқ туҳматга қолдим. Ҳали Олтой ҳам охирги манзил эмасдир, эҳтимол. Яна ундан нарига, кейин ундан ҳам нарига ўтказишиб, охири Сибирга элтиб ташлашмасайди. Эҳ, тағин нималар ёзилган экан бу тош бошимга?"

Шундай хаёллар билан у кечаси деярли ухламай чиқди. Гоҳ хаёллар уни бутунлай исканжага олар, гоҳ «ҳаммаси бир гўр эмасми» дея қўл силтаб ўзини овутмоқчи бўларди. Кейин юзини увадаси чиқиб кетган қўланса ёстиққа босиб, ўзини ухлашга мажбур қила бошлади. Лекин уйқу келмади. Фақат тонгга яқин бирозгина кўзи илинди.

Eрталаб нима учундир қамоқхона катта нозири Олтой ўлкасига юбориладиган маҳбусларни бирма-бир суҳбатга чақира бошлади. Навбати келганда Бўрибоев кўзларини уқалаб, ҳорғин қиёфада нозирнинг торгина хонасига кираркан, беихтиёр унга меҳрибонлик билан қўл узатиб, жилмайиб турган, мўйлаби ўзига ярашиб турган, хушбичим ва навқирон нозирга кўзи тўқнашиб таажжубланди. Бўрибоев нозирларнинг кўпини кўрди. Уларнинг ғазабнок нигоҳларига дош берди, сўкиниш ва ҳақоратларини эшитди, аёвсиз калтакларини еди. Аммо мана бу каби хушқиёфа нозирни биринчи бор кўриши, нафсиламрини айтганда, айни дамда унинг жилмайишига ишонқирамай, бу такаллуф остида қандайдир ғайирлик бор, дегандек синоат ахтармоқда эди. Нозир эса худди яқин қариндошини кўриб тургандек ростакамига самимий боқмоқда эди.
— Султон ака, сиз ўша «Победа» колхозида ишлаган Султон акамисиз? — деди нозир вазиятни пайқаб.
— Ҳа, ўша колхозданман. Ўзингиз...
— Танимадингиз-а? — деди нозир янада чиройи очилиб. — Ҳа, қаёқдан ҳам танирдингиз. Мен у пайтларда ёш бола эдим. Ундан кейин кўришиб турмаган бўлсак. Лекин мана бундай алфозда учрашиб қоламиз, деб ҳеч ўйламаган эдим. Наилож, тақдир экан. Болалигимда жўраларим билан Тўсинсойга бориб чўмилишни яхши кўрардим. Сузишни яхши билмаганимиз учун биз ҳовузнинг саёзроқ жойида чўмилардик. Сиз ҳар куни мототсиклда ўша ҳовуз ёнидаги йўлдан идорага қатнар эдингиз. Бир куни жар лабидаги дарахтга чиқиб, ўрик термоқчи бўлганимда бехосдан ҳовузнинг энг чуқур жойига йиқилиб тушганимда чўкиб кетишимга бир баҳя қолган эди.
— Э, сиз ўша Абсалом тракторчининг ўғлимисиз? — деди Бўрибоев ниҳоят нозирнинг унга нега бунчалик иззат-икром кўрсатаётганлигининг мазмунини англаб.
— Ҳа, Каримман, Султон ака, ўша Каримман.

Султонмурод ҳаммасини аниқ-тиниқ эслади. Ўшанда у армиядан ҳарбий хизматни ўтаб келган, омади чопиб, ишлари ўз-ўзидан юришиб кетган, бригадир бўлиб ишлаётган, икки йил ўтар-ўтмас, яхши ишлагани учун райкомдан мототсикл совға ундирган эди. Бир куни мототсиклида ҳовуз ёнидан ўтиб кетаётганида бир тўда болалар олдига югуриб чиқишиб, ўртоқларидан бири чўкаётганлигини айтишган эди. Султонмурод денгиз флотида хизмат қилиб келган эмасми, кийимларини ечиб ҳам ўтирмасдан дарров ўзини сувга отган ва сув остидан ҳалиги болакайни топиб чиққан эди. Ўша болакай, мана, энди куч-қувватга тўлиб, кўркам мундир кийиб қаршисида турибди. У маҳбусларнинг бошлиғи, унинг ҳаётини сақлаб қолган одам эса маҳбус.

Улар у ёқ-бу ёқдан бироз гаплашиб ўтиришди. Қишлоқни, ўзлари таниган одамларни эслашди.
— Сизга Олтойга бормасликни маслаҳат бераман, — деди нозир жиддий қиёфада.
— Маслаҳатингиз учун раҳмат, лекин ихтиёрим ўзимда эмас-ку, — деди Бўрибоев мийиғида кулиб.
— Афсуски, шундай. Биз аввалроқ бир гуруҳ маҳбусларни у ерга юборган эдик. Ҳозир уларнинг бирортаси ҳам тирик эмас. Айтишларича, бирваракайига газдан заҳарланиб ўлишган эмиш. Бунга ишониш қийин. Бу ерда қандайдир махфий сир борга ўхшайди. Шуниси аниқки, талабномага кўра у ерга юбориладиган маҳбусларнинг тирик қолиши даргумон.
— Лекин мен ҳар қандай қийинчиликка чидайдиган одамман. Қайси турмага борсам, ҳаммасида жонингиз қаттиқ экан, дейишган.
— Эҳтимол шундайдир. Лекин бир ўйлаб кўринг-а, ана шу жонингизнинг қаттииқлиги ҳамма жойда сизга панд бериб келаётган эмасмикан?
— Майли, буни қўятурайлик. Сиз қамоқхона бошлиқларидансиз, маҳбусларга дўст бўла олмайсиз. Модомики, одамгарчилик юзасидан десангиз, агарда сиз-у мен буни истаганимиз тақдирда ҳам, бу машъум рўйхатдан чиқишнинг имкони бор, деб ҳисоблайсизми?

Нозир оғир хўрсинди. Сигарета тутунини кетма-кет тортди-да, атрофга бир қур қараб олиб, деярли шивирлаган кўйи гапира бошлади.
— Султон ака, бошлиқми, хизматчими, кимлигимдан қатъи назар, мен аввало инсонман. Сиз мени ҳаётга қайтаргансиз. Энди улғайиб, одам бўлган бир давримда, ҳаётимни сақлаб қолган инсонни кўра-била туриб ўз ихтиёрим билан ўлимга боришини сира истамайман. Кейин мени виждон азобида қийналмайди, деб ўйлайсизми? Ундан кўра ўлганим минг марта афзал. Қутулишнинг чорасига келсак, бунинг яккаю-ягона йўли қочиш. Қонун йўли билан сизни ҳеч ким ҳимоя қилолмайди. Сизларни индинга кечқурунги поездда олиб кетишади. Вагонда ишончли йигитлар бўлади. Улар сизга ёрдам беришади. Сиз қочишингиз керак, Султон ака, илтимос.

Бўрибоев ҳеч нарса демади. Камерага хомуш қайтиб келди-да, ўйга толди. «Наҳотки шунча туҳмат ва маломатлардан, азоб-уқубатлардан абгор бўлган шу жисмимга энди ўлим соя ташлаб қолган бўлса? Анави йигит нега қочишимни истаяпти? Яхшилигим эвазига ҳаётимни сақлаб қолиб, қарзини узмоқчими? Хўп, қамоқдан-ку бир амаллаб қочиб кетарман, лекин ростакамига пешонамга битилган бўлса, ўлимдан қочиб қутулиб бўлармикан? Рўйхатдагиларнинг ҳаммаси ўлимга маҳкум бўлса-ю, ёлғиз мен тирик қолиб кета оламанми? Ахир, бу даҳшат-ку. Хўш, кейин қандай яшайман? Мени албатта изғиб ахтаришади. Бир умр каламушга ўхшаб пана-пастқамда, одамлар кўзидан узоқда яшашга тўғри келади. Бу ўлгандан ҳам баттар-ку. Агар тутиб олишса-чи? У ҳолда ўша заҳоти жонимни олишади. Демак, қочсам ҳам, қочмасам ҳам, ҳар икки томонда мени фақат ўлим даҳшати кутиб турибди. Нима қилмоқ керак? Аслида, ўлсам нимани йўқотаман? Ортимда армон бўлиб қоладиган нима бор? Фақат... Мунаввар, бечора Мунаввар. Ўғлим ҳам забардаст йигит бўлиб қолгандир. Ҳар ҳолда мени бир кўришда танимаса ҳам керак. Ўн йил аввал у кичкина болакай эди. Мен-ку арбобларнинг атрофида ўралашиб, эҳтиётсизлик қурбони бўлган бир ландовур сифатида қайсидир ўрмонда чириб кетарман, бироқ Мунавварнинг гуноҳи нима? Нега энди мен туфайли унинг ҳам ҳаёти барбод бўлиши керак? Сўнгги бор уни кўришим ва ўз ихтиёрини ўзига қолдиришим учун барибир бу ердан қочишимга тўғри келади".

Султонмурод қамалгач, Мунаввар кўп куюнди. Тез-тез келиб унинг ҳолидан хабар олиб турди. Қайси қамоқхонага ўтказишса, ортидан қидириб бораверди. Гулдай гўзал хотинининг қаёқдаги турма назорат¬чиларига ялиниб юриши эса унга алам қилди. «Eнди бошқа келма, Мунав. Мендан хотиржам бўл. Ўғлимизни эҳтиётлаб тарбия қилсанг бас. Ориятли йигит бўлсин, ҳеч кимнинг олдида боши эгик юрмасин. Муддатимни ўтаб, уйга қайтишимни кут. Мана бу сассиқ, оти совуқ жойлар сенинг қадамингга арзимайди", — деди у бир куни хотинига.

Мунаввар унинг айтганларини бажарди. Бўрибоев эса жазо муддати тугашини кутиб кунларни, йилларни санар эди. Йиллар эса асрларга чўзилиб кетарди гўё. «Қаёқданам колхоз ишларига аралашиб қолдим?» дея афсусланиб қўярди у. Оддийгина ишчи бўлиб юрганида бу ғалвалар йўқ эди эҳтимол. Ота касбини қилиб дурадгорлик қилиб юрганида-ку, бу маломатлар яқинига ҳам йўламасди. Уни куч-ғайратига ҳавас қилиб, бригадир этиб тайинлашди. Кейин ҳисобчилар курсига ўқишга юборишди. Бир йил ўқиб келгач, орадан сал ўтмай ҳисобчиликка, сўнг бош ҳисобчиликка тайинлаб қўйишди. Колхоз ҳисоб-китобларининг олдиндан маламужур жойлари бор экан шекилли, тез орада ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиб кетди. Москвадан келган текши¬рувчилар ҳеч иккиланиб ўтирмай, барча камомадни Султонмуроднинг бўйнига осиб қўя қолишди. У кўпи билан уч-тўрт йилда қайтиб келсам керак, деб ўйлаган эди. Лекин кўпроқ муддат бериб юборишларини, шу йиллар қатида ҳаёти издан чиқиб кетиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Маҳбуслар вагонга чиқишаётганида тун яримлаб қолган эди. Ивирсиб-имиллаган маҳбусларни танбур ёнидаги соқчи, тезроқ бўл, дегандек бир-икки турткилаб сўкинди. Бўрибоевнинг эса кафтини сиқиб қўйди. Бу ҳамма нарсага тайёр тур, деган ишора эди. Бўрибоев буни дарров илғади ва қочиб кетишга қатъий ишонди. Сўнг поезд жойидан жилгач, у ўтирган кўйи ҳалиги қўлини сиққан соқчидан кўзини узмади. Чамаси ярим соатча юришгач, Бўрибоев ҳожатга чиқиш баҳонасида танбур томонга юрди. У вагондан чиқиши билан ҳалиги соқчи эшикни ёпди.
— Ҳозир ҳамма уйқусираб қолган пайт. Қочишга жуда қулай, шошилинг. Мана бу милтиқ билан бошимга урасиз-да, поезддан сакрайсиз. Тезроқ бўлинг, — деди соқчи милтиғини унга бериб. — Атроф дарахтзор, айни муддао. Шалвирамай тезроқ урсангиз-чи.

Султонмурод довдираб қолди. Ўзига яхшилик қилаётганлиги учун уни уришга қўли бормади. Соқчи эса шошилмоқда эди. Кейин соқчи унинг қўлидан милтиқни олди-да, ўз пешонасига ўзи қаттиқ урди ва гандираклаб йиқилди. Пешонасидан қон сизиб чиқа бошлади. Бир одам уни деб шунча жон фидо қилса-ю, у сўппайиб тураверса ноинсофлик бўларди. Энди қочмасликнинг иложи йўқ эди. Султонмурод кўзини чирт юмиб, пастга сакради. Коптокдек юмалаб, ариқ ёқасидаги буталарга бориб урилди. Боши айланиб бироз ётгач, шошилиб ўрнидан турди ва қуюқ дарахтзор томон юриб, тун бағрига сингиб кетди.

* * *

«Победа» колхозида яшовчилар бу йиллар ичида Бўрибоевни деярли эсларидан чиқариб юборишган, айримлар уни ҳатто, ўлган бўлса керак, деб юришарди. Аммо деворлари нураб, бўёғи кўчганидан эшик-деразалари чирий бошлаган, печкаси ўтинга, тандири нонга ёлчимайдиган бир уйда гўзаллигига ҳамма суқ билан қараган, гулдай ёшлигини ёлғизликда хазон қилган, сочларига оқ оралаб, юзларига ажин ўрмалаб қолган бир аёл уни уззу-кун эслаб, кунларни санаб яшамоқда эди. У Султонмуроднинг ўнлаб манаман деган йигитлар орасидан ёриб чиқиб олган жуфти ҳалоли Мунаввар эди.

Бўрибоев бир неча кунлик йўл азобидан кейин кечга яқин қишлоққа кириб келди. Сўнг бир чуқурликда ётиб, қоронғу тушишини кутди. Қушларнинг чуғури, қўй-қўзиларнинг маъраши тиниб, итларнинг қўриқчилик вақти бошланганлигини билдирувчи саслари баралла янграётган, атрофга зим-зиё тун чўккан пайтда у эҳтиёткорлик билан уйи томон йўл олди. Қадрдон уйига тобора яқинлашиб бораркан, айни дамда димоғига турманинг зах ва тер ҳидлари қоришиб кетган сассиқ иси эмас, қишлоқнинг тоза ҳавоси урилаётганлиги гўё унга жаннат нафаси бўлиб туюлганидан беихтиёр энтикар, юраги кўксини ёриб чиққудек гурс-гурс урар эди.

Табиийки, бу лаҳзада эшик ичкарисидан тамбаланган, шунинг учун Султонмурод ҳовлига девордан ошиб тушди. Ҳеч ким уни пайқамаганлигига амин бўлиб, кўнгли таскин топди. Кейин секин бориб, деразани беозоргина чертди. Титраб турган парда кўтарилгач, аввал мойчироқнинг хира шуъласи, кейин Мунавварнинг сўлғин юзи кўринди. Шундоққина дераза тагида соч-соқоли ўсган, афт-ангори ваҳимали одам унга бақрайиб турганлигини кўриб, Мунаввар қўрқиб кетди.
—Кимсиз, нима керак сизга? — деди у ортига чекиниб.
— Мен келдим, Мунав, бу менман, Султонман, — деди Бўрибоев шивирлаб. — Қўрқма, эшикни очақол.

Мунавварнинг вужуди қалтираб кетди. Кейин кўзларига ишонмай, деразага яқинроқ бориб унга тикилди-да, ранг-рўйи оқариб, эшикка югурди.

Султонмурод эшикдан кирган заҳоти Мунаввар унинг бағрига ўзини ташлаб, юм-юм йиғлади. Султонмурод эса уни юпатди. Сўнг улар алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди.
— Бутунлай қутулиб келдингизми? — деди Мунаввар кўзлари жавдираб.
— Шундай деса ҳам бўлади, — деди Султонмурод талмовсираб.
— Бу нима деганингиз?
— Тўғрисини айтсам... Улар рухсат беришгани йўқ. Мен қочиб келдим.
— Турмадан қочдингизми? Э, парвардигор, нима гуноҳимиз бор эдики, бизни бунча азоблайди. Энди нима бўлади?
— Энди... бошга тушганини кўз кўради.
— У ҳолда сизни қидириб бу ерга келишмайдими?
— Келишади, бутун қишлоқдан суриштиришади. Шунинг учун менинг келганимни ҳеч ким кўрмаслиги, билмаслиги ҳам керак. Энди яшириниб юришга мажбурман.
—Унда нега қочдингиз? Икки энлик хат ёзиб хабардор қилсангиз ўзим етиб борардим-ку.
— Етиб боролмасдинг, Мунав. Бизни жудаям олисга бадарға қилишаётган эди. Мен... — Бўрибоев чуқур уҳ тортди, пешонасини чангаллади, — бир гапни сенга айтиш учун қочдим. Яна беш кунлик умрим қолдими-йўқми, билмадим. Ажал ҳар томондан исканжага олаяпти. Шу гапни айтмасдан кетсам нариги дунёда ҳам тинчгина ётолмасдим. Тақдирни қара, Мунав, айни ғайратимиз қайнаб-тошган, орзуларимиз гуллаб-яшнаган, бир-биримизга суянч бўлиб яшайдиган давримизда икковимизни икки қирғоққа айириб ташлашди. Мен давлатга керакман, мен ҳам давлатнинг одамиман, деб керилиб юрган эканман. Қаттиқ адашган эканман. Давлатнинг одамлари бошқалар экан. Менга ўхшаганлар эса бор-йўғи бир ҳовуч пуч ёнғоққа алданиб юрадиган қўғирчоқлар экан. Мен ҳаёти барбод бўлган бир одамман. Тақдирингни мен билан боғлаганинг учун сенинг ҳам ҳаётинг пароканда бўлиб кетишини ҳечам истамайман. Мен сени бахтли қиламан деб ваъда берган эдим. Лекин, афсус, ўзим абгор бўлганим етмагандек, сени ҳам бахтсиз қилиб қўйдим. Агар ҳаётингни бошқа биров билан боғлаганингда, эҳтимол бу азоблар бошингга тушмас эди. Ҳозир гулдай очилиб, яйраб юрармидинг. Сен бахтли бўлишга, умрингнинг сўнгигача ҳаётдан завқланиб яшашга ҳақлисан. Сен шундай яралгансан, Мунав. Ҳали ҳам бўлса кеч эмас. Ўз тақдирингни ўзинг ҳал қил. Ҳаётингни истаганча ўзгартиришинг мумкин. Қандай хоҳласанг, шундай яша. Мени норизо бўлар, деб асло ўйлама. Сен нимани хоҳласанг, мен бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ҳаммасига розиман. Фақат сен бахтли бўлсанг бўлгани, Мунав.

Мунаввар юм-юм йиғламоқда эди. Лекин севинчданми, аламданми, билиб бўлмасди. Бинобарин, қувончу изтироб бир лаҳзада қоришиб кетган эди.
— Мен фақат сиз билан бахтлиман. Бошқача ҳаётнинг менга кераги йўқ. Лекин... сиз нималар деяпсиз ўзи, худди олисга кетиб қоладигандек васият қиласиз. Нега мени бунча қўрқитасиз? — деди у.
— Замон қалтис, Мунав, одамнинг пашшачалик қадри йўқ. Ҳеч ким эртанги кунига ишонч билдиролмайди, айниқса маҳбусликда.

Бўрибоев бошини хам қилиб анчавақт жимиб қолди. Мунаввар эса ҳамон йиғлаб жаврарди.
— Толмас қаёқда? — деди Султонмурод ниҳоят бошини кўтариб.
— Бу йил мактабни битириб, институтга киролмади. Энди кундузи колхозда ишлаяпти. Кечқурунлари эса трактор паркида кунора қоровуллик қилаяпти. Бугун навбатчи эди, ўшанга кетди.
— Майли, ҳозирча унга менинг келганимни айтмай қўяқол. Бироз вақт ҳеч кимга кўринмай турай, кейин бирор йўлини топармиз.

Улар кечаси билан мижжа қоқишмади. Тонгга яқин эса Султонмурод девор ошиб жўнаб кетди.

Eрталаб Толмас қоровулликдан келди-да, бир-икки пиёла чой ичиб, даласига отланди. Нонушта пайтида ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам онасининг кўзидаги севинчни ҳам, саросимани ҳам сезмади. Тўғрироғи, нимадир сал ғалатироқ туюлса-да, аҳамият бермади.

Аммо кунларнинг бирида Толмас қоровулликка кетаётганида йўлда Довулни учратиб қолди-ю, унинг айтган кинояомуз гапларидан сўнг онасининг ҳатти-ҳаракатларидаги ўзгаришларни ўйлаб кўрди. Бироқ ишонгиси келмас эди.
— Ўв, Толмасвой, буёққа кел, укам, — деди Довул ўшанда трактор паркига кетаётган Толмасни тўхтатиб. У йўл ёқасидаги чойхона ёнидаги чорпояда ёлғиз ўзи чой ичиб ўтирарди.

Довулни қишлоқда ҳамма билади, ўғриликда ном чиқарган. Толмас у билан бирга чой ичишни хаёлига ҳам келтирмас эди, аммо ҳозир у жиддий бир гапи бордек салмоқлаб чақирди. Пичингнамо гапларидан Толмаснинг тоқати-тоқ бўлаётганини кўргач, мақсадга ўтди:
— Укам, ғашингга тегмасин-у, бир гапни айтиб қўйишим керак. Онанг оқила аёл эканлигини ҳамма биларди, лекин кейинги кунларда нима бўлаётганлигига ақл бовар қилмайди. Бир ҳафтадан бери сезиб юрибман, кунора ярим кечаси бир киши девор ошиб уйларингга киради, саҳарга яқин чиқиб кетади. Ҳеч ким кўрмаяпти, деб ўйлайди шекилли. Лекин мен кўрдим. Ўзи тунда мен ҳаммани кўришим мумкин, мени эса ҳеч ким кўрмайди. Касбим шунақа. Аммо ўша кимсанинг кимлигини таниёлмадим. Ўғри десам, бунақасини кўрмаганман. Мана, мен ҳам ўғриман, лекин ўзимга яраша ғурурим бор. Фақат эркаги бор, тўкин-сочин яшаётган хонадонларга кираман. Ёлғиз аёл яшаётган уйга кечаси тугул, кундузи ҳам қадам босмайман. Ҳушёр бўл, йигит. Отанг ориятли одам, ҳали қайтиб келса, ўзинг ҳам кўрасан. Агар ота ўғил бўлсанг, унинг шаънини ҳимоя қилишинг керак.

Толмаснинг бутун танаси музлаб қолгандек бўлди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Агар гапларингиз рост бўлса, ўша одамни, ёлғон бўлиб чиқса, сизни бир ёқлик қиламан. Менинг онамни ҳақорат қилган одам бу ҳаётда яшамайди, — деди у ва ишига шошилди.

Шундан сўнг икки кун мобайнида қўли ишга бормай, хаёли паришон бўлиб юрди. Мунавварга синчковлик билан разм солиб кўрди. Лекин ундан айб топиш ўрнига қайтанга баттар раҳми келиб кетарди.

Якшанба куни қоронғу туша бошлаганда овқатланиб олди-да, яна ишга отланди. Аммо кетиш олдидан ўзи ётадиган хонадаги деразанинг зулфини туширди-да, пардани тортиб қўйди. Қоровулхонада эса фурсат етишини кутиб асаб торлари узилай деди. Ҳовлида иш кунини тугатиб, сассиқ мой ҳиди анқиб ётган турли шакл-шамойилдаги тракторлар ҳам унинг устидан кулаётганга ўхшарди. Ҳозир у тракторларни ғажиб ташлагудек бир аҳволда эди. Соатнинг чиқиллаши эса гўё хонани бузиб юборгудек туюларди. У тишларини қайраб, столни муштларди. Ниҳоят, имиллаб юраётган соат миллари тунги соат ўн бирни кўрсатди. Мўлжалда ҳали яна бир соатча вақт бор эди. Аммо Толмас тоқат қилолмади. Шу масалани тезроқ бир ёқлик қилиш истаги унга тинчлик бермасди. Қоровулхонани қулфлади-да, кўчага отланди. Йўл-йўлакай у: «Ишқилиб ёлғон бўлсин, онамнинг юзи ёруғ бўлиб қолсин", — дея илтижо қилиб борарди.

Чойхона ёнидан ўтаётганида бу ер ҳали ҳам одамлар билан гавжумлигини кўриб, хаёлига бир фикр келди. «Бир қултум вино ичиб олсам, эҳтимол далда бўлар", — деб ўйлади у ва қадамини чойхонага бурди. Ёғ босиб, кирлаб ётган столлардан бир ёнида ўтирган Довул уни имлаб чақирди. Толмас унинг ёнига бориб ўтирди.
— Қалай, укам, бирор янгилик борми? — деди Довул мийиғида кулиб.
— Айтарлик ҳеч гап йўқ, — деди Толмас ўзини бепарводек кўрсатиб.
— Чой олиб келайми? — сўради чойхоначи йигит уларнинг олдига келиб.
— Чой эмас, май олиб келинг, — деди Толмас. Бундай гапни аввал ҳеч қачон айтолмаганлиги учун эти жимирлаб қетди.
— Оқиданми ёки қизилидан?
— Қизилидан.
— Ўғил бола оқидан ичади, ароқ олиб кел, — деди Довул столга мушт уриб.

Чойхоначи йигит бир шиша ароқ ва газакка бодринг олиб келиб қўйди.
— Газаги тўғралмаган экан, пичоқ олиб келинг, — деди Толмас. Сопининг ярми синиқ пичоқни беришган эди, уни қайтарди. — Бунингиз сарёғниям кесмайди , ўткир пичоқ беринг.

Унга тиғи ўткир пичоқни келтириб беришди. Довул иккита пиёла тўлдириб ароқ қуйди.
— Мен биринчи марта ароқ ичаяпман, — деди Толмас пиёлага термулиб.
— Ҳечқиси йўқ, укам, менинг ҳам биринчи ичишим... бугуннинг ҳисобидан, албатта, — деди Довул кулиб, — қани, олдик.

Улар пиёлаларни қайта-қайта тўқиштириб, бир шиша ароқни ичиб бўлишгач, Толмас шахт билан ўрнидан турди.
— Менга қаранг, агар ҳалиги айтган гапингиз ёлғон бўлиб чиқса, бугун эрталабгача мана шу пичоқ томоғингиз тагида бўлади, — деди у ва қўлидаги ялтираб турган пичоқни қўйнига солди-да, кўчага чиқди.

Зим-зиё кўчада боши айланиб тез-тез юриб бораркан: «Бугун албатта бир қотиллик рўй беради, ё ўша шарпа ўлади, ё Довул", — деб кўнглига қатъий тугиб қўйди. Ҳовлига етганида тўхтаб, атрофга бироз разм солди, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Девордан ошиб тушганида юраги дукиллаб уриб кетди. «Ёлғон бўлиб чиқсин-да", — дея илтижо қилди яна у. Кейин деразани оҳиста итарган эди, очилди. Секингина уйга кирди-да, уйдан даҳлизга ўтиб, Мунаввар ётган хона эшигига қулоқ тутди. Ичкаридан эркак кишининг паст овозда гапираётгани эшитиларди.
— Мунав, қандай ажойиб орзуларимиз бор эди. Энди ўша орзуларга мен етмаган тақдирда ҳам сен албатта етишинг керак, — деди Султонмурод. Шу пайт у «тиқ» этган товушдан сергак тортди. — Биров келмадимикан, Мунав?
— Йўғ-э, ким ҳам келарди шу маҳалда. Ташқари эшикни қулфлаганман.

Толмас ўзини ортиқ идора қилиб туролмади. Қони кўпирганидан юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Энди ҳар нима бўлганда ҳам интиқом алангасини ўчиришнинг имкони йўқ эди. У қўйнидаги пичоқни олди-да, эшикни шартта очиб, шишаси тутундан қорайиб кетган мойчироқ шуъласидан хира ёришиб турган хонага бостириб кирди. Унинг кутилмаганда кириб келгани ва даҳшатли важоҳатидан Мунаввар бир зум ўзини йўқотиб қўйди. Толмас эса ғазабини қўзғаган мана бу шармандаликка ўз вақтида нуқта қўйиш учун Султонмуроднинг ёқасидан маҳкам бўғиб ушлади-да, кўксига пичоқ урди. Султонмурод инграб йиқилди.
— Шошқалоқлик қилдинг, ўғлим, дийдорингга тўймаган эдим, — деди у инграб.

Толмаснинг ҳайрати ошди. «Турқи-таровати афтодаҳол бу одам қилмишидан уялиш ўрнига нега мени ўғлим деб, кўзини лўқ қилиб турибди?» — дея ўйлади. Мунаввар уввос солиб йиғлаб юборди:
— Нима қилиб қўйдинг, болам, ўз отангни пичоқлаб қўйдинг-ку.

Толмас бошидан бир челак муздек сув қуйгандак сесканиб кетди.
— Наҳотки? — дея жавдираб онасига қаради у.
— Мунав, шундоқ ҳам ўзи менинг куним битган эди. Бир ҳисобдан шуниси маъқулроқ бўлдими дейман, ўз яқинларимнинг ёнига кўмиладиган бўлдим. Ҳартугил кимсабилмас юртларда ўлигим хор бўлиб қолиб кетишидан қўрққан эдим. Ўғлимни зинҳор айбдор қилишмасин. Ўзини ўзи пичоқлаб қўйди, деб қўя қолинглар. Ҳаммасига мен айбдорман. Бошларингга неки мусибат тушган бўлса, барига мен сабабчиман. Сизларни бахтли қилолмадим, кетар чоғим яна бахтсиз қилиб кетишдан худо сақласин, — деди Султонмурод инграб ва сўнг аста кўзларини юмди.

Eртаси куни Султонмурод Бўрибоевни қабрга қўйдилар. Қабристондан қайтаётганда кексалар унинг фожиали ўлими ҳақида баҳслашиб келишарди.
— Ўзини ўзи пичоқлабди, дейишаяптику ҳамма, — деди кимдир.
— Нега ўз жонига қасд қилибди, бирор сабаби бордир? — сўради яна кимдир қизқсиниб.
— Балки хотинидан гап қочгандир... Биронта ишкалнинг устидан чиқиб қолмадимикан ишқилиб? — гап қўшди яна бирови.
— Буёғи энди Худога аён, — қўл силтади бошқаси.
— Бўрибоевни ўғли пичоқлаб қўйган, — деди ҳаммадан орқада келаётган Довул ўғри сабри тугаб.

Ҳамма тўхтаб унга қаради.
— Нима учун пичоқлабди? — сўради кимдир.

— Орият учун.