OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифВафо ал-Умайр
Асар номиАёл қўшиғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Араб адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Вафо ал-Умайр
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМуртазо Сайдумаров (Араб тилидан)
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аёл қўшиғи (ҳикоя)
Вафо ал-Умайр

Ғам-ғуссаларим сенинг олдингда тарқалиб кетмайди, балки мени унсиз ўраб олиб, маломатларингни мен сари ундайди. Аламларни алангалатувчи ўша сўзларингдан сўнг бош кўтармадим. Ҳар куни йўл қўядиган ва қалбимга очиқ-ойдин ёзадиган хатоларингни яширувчи пардани кўтармадим.

Ғам-ғуссаларим оғизларга тушади-ю, биз учун тор бўлган деворлар орасидан ташқарига чиқмайди. Мен ўзимнинг кичкина мамлакатим деб билган макондаги чаққон ҳаракатларимда қоқилиб тушаман.

Телевизор экрани ортида чақалоқнинг овози эшитилган жойда барча нигоҳлар мен томон қаратиларди. Ҳар сафар онанг томонига ёшини яшаган болалигининг қуруқ чўплари қолган кимса каби туриб олганингда, унсиз йиғи ич-ичимда қолиб кетади.

Сен узоқда бўлсанг ҳам, ҳатто онанг бағрида ўйинчоқ-ларингни синдираётган бўлсанг ҳам ёки кўчадан ёлғиз ўтишга қўрққан ёш боладек акангнинг қўлидан ушлаб олган бўлсанг ҳам гапирмадим.

Менинг орзуларим битганича йўқ. Аёл ҳали ҳам куйлашда давом этди. Сен унинг овозини эшитяпсанми, эй менинг ёш эрим?

Сен менинг олдимга келиб, бировларнинг сўзларини айтдинг: «Бундай аҳволга ортиқ чидаб бўлмайди!»

Ҳайратимдан сени узоқларда тасаввур қиламан, овозинг паст эшитилади, аввал кўзларинг, сўнг эса жисминг ғойиб бўлади...

Синглинг бошимга келиб, нафратлангандай:
– Сендан ҳеч қандай фойда йўқ. Биз билан туришинг ортиқча юк, сен бу ердан кетишни жиддийроқ ўйлаб кўришинг керак, – деди.

Менинг қўлимдан қаҳва пиёласини олиб, ишхонангдаги ғам-ташвишларинг ҳақида нолийсан.

Менинг овозим ҳорғин эди. Қушлар тўрваларини йиғиштириб учиб кетадилар.

Мен сенга «Орзуларимни парча-парча қилаётган аччиқ ҳаёт-ла яшаяпман, шунга кўникаяпман» дер эдим. Яна сенга «Сен ўзинг ҳақингда оиланг олдида очиқ-ойдин гапириб, бор гапни тан олишинг керак. Улар менинг қалбимга оғир маломат тошларини отишни бас қилсинлар» дер эдим.

Бироқ сен хижолатда қолишдан қўрқар эдинг.

Ўша оқшом мен сенга:
– Уларга мен ўзим айтаман, – дедим.

Сен эса овозинг титраб, саросимага тушиб:
– Жинни бўлганмисан? – дединг.

Ҳорғин қарашларим сенга тикилди: «Бундай давом этишга чидай олмаман. Сенинг такрор ва такрор ҳақоратларингни кўтара олмайман. Мен бу уйда ҳеч қандай қадри йўқ нарса эмасман. Сенинг оиланг буни тушуниши керак!» Менинг сўзларим деворга бориб урилар, сўнг яна ўзимга умидсиз қайтар эди.

«Сабр қил!» – дединг. Бу сўз сенинг тилингдан осонликча чиқар, қалбимга алам етказишида қоқилмас эди. Сен менинг нобуд бўлиб, йиғлаёзганимни кўрсанг-да, нақадар шафқациз эдинг. Сенинг ғаминг мени қўлимдан ушлаб, алам жарининг тубигача олиб тушиб, у ерда мени ёлғиз ташлаб кетиш даражасида эдими?

Сен мендан кўра онангга яқинроқ бўлганингда, мен бир куни овқат тайёрлаётган эдим. Онанг менга совуққина қилиб, «Бу оқшом эрингни унашгани борамиз», – деди.

Мен унга ўгирилиб боқдим. Унинг кўзлари чақнаб, менинг кийимим устидан танамни ёндириб юбораётгандай эди. Мен сукут сақлаб ишимни давом эттирдим.

Сен янги кўйлагингни кийиб, ойна олдида ўзингга оро бераётганингни кўриб: «Сен ҳақиқатан ҳам шундай қилмоқчимисан?» – деб сўрадим.

Сен эса жилмайиб: «Нега бундай қилмай?» – дединг.
– Биласан-ку, ахир сен...
– Лекин улар билмайдилар.
– Яна биттасини алдайсанми?

Сен эшикни очиб, чиқишга отландинг-да: «Мен ҳеч кимни алдамайман. Бу – уйланиш, Оллоҳ ва унинг пайғамбари томонидан белгиланган суннат» – дединг.

Ўша оқшом улар совчиликдан қайтганларида, улардан ўзларидан олдин менга хушбўй ҳид етиб келар эди. Уларнинг юзларидаги жилмайишлар гўё бир шохдан иккинчи шохга сакраётган қуш каби эди. Улар худди биринчи марта кулишни ўрганаётгандек кулардилар, менга ўғринча қарардилар. Тик боқишга эса ҳеч ким журъат қила олмас эди. Сен тиканли дарахтлар чангалзордек ўсадиган бу уйда яқин орада худди янги бир кактус экмагандек ҳайрон қоларли даражада бахтиёр эдинг.

Мен орқамга яшириб турган қоғознинг бир учини чиқардим-да, сенга ишора қилиб қўйдим.

Сенинг кўзларинг чақнаб кетди, нафасинг кўкрак қафасингга сиқилиб, гўё ташқарига йўл топа олмаётгандек эди.

Ҳамма меҳмонхонага тўпланиб суҳбатлашар, бу ажойиб оқшомнинг таърифини қилишар эди.

Улар анчадан буён бундай роҳат қилмаганларини гапиришарди. Уларнинг сўзлари менинг ичимдаги шафқацизликда ўзларининг тенги бўлган шериклари ёнига йўл топишни жуда яхши билар эди. Мен бунга, яъни оғриқ сезмай алам тортишга кўникиб қолганман, менинг ҳиссиётим сиқилиб ўлган.

Сен онанг ва акангнинг ёнида ўтирардинг. Кўзларим кўзларинг билан тўқнашди. Мен ҳамманинг олдида қоғозни кўз-кўз қилдим-у, онангга яқин келдим. Унинг юзи бўёқ чўткасини ушлашни энди ўрганаётган рассом уринишидек қизариб кетган эди. Мен қоғозни акангнинг олдига ташладим ва худди бир албаҳ устидан ғалаба қилгандек жилмайдим.

У қоғозни ўқир экан, жим бўлиб қолди. Унинг нигоҳлари худди нафас олмаётган танадек ерга қадалди. Ҳамма ҳайрон бўлиб унга тикилди.

Сен эса, куёв бўлаётган эрим, каттагина оғзингдан қаҳқаҳалар йўқолиб, жимгина жуфтакни ура бошладинг. Xонангга кириб, эшикни ичкаридан беркитиб олдинг. Қоғоз қўлдан қўлга ўтиб, нигоҳлар жуссадек ерга қадала бошлади.

Мени бу уйда сизларга ортиқча юк деб билган синглингга боқдим. У бошини икки қўли билан беркитиб, тўсатдан кирган қаттиқ оғриқдан халос бўлиш учун маҳкам сиқар эди.

Мен уларни ўз ҳолларига қолдириб сенинг орқангдан хонага кирдим-у, эшикни ёпдим...