OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифВаҳоб Раҳмонов
Асар номи«Ўзбекистонда матншуносликнинг аҳволи ғариб»
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ваҳоб Раҳмонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
"Ҳуррият" газетасидан олинди (2006)


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Ўзбекистонда матншуносликнинг аҳволи ғариб»
Ваҳоб Раҳмонов

Жаҳон оммавий ахборот воситалари дунё мамлакатлари маданий ҳаётига доир янгиликларида Москва шаҳрида шу йил 10-11 август кунлари бўлиб ўтган «Китоб санъати» учинчи халқаро танлови натижаларини кенг ёритдилар. Ўзбекистон Республикаси учун энг катта ютуқ шунда бўлдики, талабчан ҳакамлар ҳайъати Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Боқий сатрлар» туркумида нашр этилган Ҳазрат Алишер Навоий «Хамса»сининг беш китобига биринчи ўринни бериб олтин медалга лойиқ топдилар.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари дунё мамлакатлари маданий ҳаётига доир янгиликларида Москва шаҳрида шу йил 10-11 август кунлари бўлиб ўтган «Китоб санъати» учинчи халқаро танлови натижаларини кенг ёритдилар. Ўзбекистон Республикаси учун энг катта ютуқ шунда бўлдики, талабчан ҳакамлар ҳайъати Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Боқий сатрлар» туркумида нашр этилган Ҳазрат Алишер Навоий «Хамса»сининг беш китобига биринчи ўринни бериб олтин медалга лойиқ топдилар. Мухбиримиз ушбу нашр учун «Хамса» достонларини араб ёзувидан лотин ёзувида нашрга тайёрлаган матншунос Ваҳоб Раҳмонов билан шу воқеа хусусида суҳбат қилди.
— Истиқлол йилларида Ўзбекистоннинг спорт ва маданият соҳасидаги ютуқлари жуда самарали бўлмоқда. Айниқса, Алишер Навоий ижодиётининг буюк куллиёти — «Мукаммал асарлар тўплами»нинг йигирма жилдининг нашр этилиши туркийлар оламидаги энг йирик ва мукаммаллиги билан жиддий маданий воқеа бўлди.

Орадан уч йил ўтар-ўтмас яна Алишер Навоий ижодининг гултожи — «Хамса» достонларининг беш китобда оҳорли бичимлардаги салмоқли нашри халқаро китобчиликда Ўзбекистон довруғини таратди: нашр халқаро танлов олтин медалига сазовор бўлди.

Ваҳоб ака, бу олий ютуқ Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси, маъмурияти, олимларга, жумладан Сизга муборак бўлсин.

Янглишмасам, бу нашр Алишер Навоий асарларининг лотин ёзувидаги илк намуналаридан бўлса керак?
— Ҳа. Бундан илгарироқ янги ёзувда Алишер Навоийнинг «Вафо қилсанг» номли ғазаллар тўплами ва «Лисон ут тайр» достонининг асли ва насрий баёни 2004-2005 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган эди.
— Менимча, ҳар бир янги ёзув шуғулланаётган халқ учун нақадар синов манбаи бўлса, мумтоз шоирлар асарлари нашри учун ҳам шундай бўлиб чиқади. Тўғри араб ёзувидан 1947 йилда Садриддин Айний қисқартириб нашрга тайёрлаган кирил ёзувидаги «Хамса», айниқса, 1959-1960 йилги «Хамса»нинг икки мукаммал нашри халқимиз ҳаётидаги сезиларли адабий ҳодиса эди.

Мазкур, лотин ёзувидаги нашр ҳам Ўзбекистон учун шундай маданий ҳодисадир. Биз китобхонлар илмий танқидий матн нима ва ундан нашрга тайёрлаш жараёнларини тасаввур этишимиз қийин. Нари борса, кирилл матнини лотинга компютер жуда тез айлантириб беради, деган хаёлдамиз. Сизга биринчи савол: илмий-танқидий матн дегани ўзи нима? У қанақа китоб ва у қандай тайёрланади.
— «Хамса» достонлари илмий танқидий матнларини буюк матншунос олим Порсо Шамсиев яратганлар. «Лайли ва Мажнун» достонини профессор Ғулом Каримов ва «Садди Искандарий» достонини профессор Мавжуда Ҳамидова тайёрлашган. Илмий танқидий матн яратувчи олим бирор китобни тайёрламоқчи бўлса: ўша асарнинг барча қўлёзма, тошбосма ва бошқа нусхаларини саралаб йиғади. Нисбатан қадимийроқ ва энг мукаммал бир нусхани асос қилиб олади-да, бошқа нусхаларнинг ҳаммасига (10-15 нусха бўлиши мумкин) сўзма-сўз қиёслаб, сезилган фарқларни асосий матн ҳошияларида бирма-бир қайд этиб боради. Фарқлар: бир сўзнинг бошқа сўзга алмашингани, тушиб қолгани ёки сўз орттирилгани, ҳатто бирикма ва гап қўшилгани ёки туширилгани, тескари маъно берувчи сўз билан ифодалангани каби ҳолатлар бўлиши мумкин.

Илмий танқидий матн араб ёзувида яратилади.

Оммавий нашрлар ёки академик нашрлар имкон қадар илмий танқидий матн асосида тайёрланса, ишончли ҳисобланади. Чунки нашр илмий танқидий матн юзасидан тайёрланмаса — ишончсизроқ саналади. Буни тасаввур этиш учун турли йилларда нашр этилган «Ҳайрат ул аброр» достонидаги бир байтнинг тўрт-беш хил эканлигини мисолларда кузатайлик.

1947 йилги «Хамса»дан:

Туз кўрунур меҳр чу турғон суда,
Эгри бўлур иштидод урғон суда.

1960 йилги «Хамса»дан:

Туз кўрунур меҳр чу турғон суда,
Эгри бўлур иштарак урғон суда. (92)

1972 йилги «Навоий асарлари луғати»дан:

Туз кўрунур меҳр чу турғон суда,
Эгри бўлур уштурак урғон суда. (629)

Навоий «Асарлар» 6-жилд «Ҳайрат ул аброр» 1965 йил:

Туз кўрунур меҳр чу турғон сувда,
Эгри бўлур иштарак урғон сувда. (125-бет)

Илмий танқидий матн шундай ҳархилликни олдини олиб, бир хил хулосавий матн тарзида яратилиши билан муҳимдир.
— Илмий танқидий матн асосида нашрга тайёрланган академик нашрларни саҳиҳ — яъни энг ишончли деб қараса бўладими?
— Аслида илмий таомилда шундай бўлмоғи керак. Таассуфки, амалиётда кўпинча шундай бўлиб чиқмайди.
— Нега?
— Афтидан бунинг қуйидагича мантиқий асослари бор:

1. Илмий-танқидий матн араб ёзувидан кўчирилгани ва бир киши меҳнати натижаси бўлгани учун у саҳиҳ матн бўла олади.

2. Илмий-танқидий матндан кирилл ёки лотин ёзувига кўчирилса — жараён мураккаблашади. Чунки араб ёзувида шакли бир хил, бироқ маънолари ҳар хил — яъни бошқа-бошқа сўзлар жуда кўп. Нашрга тайёрловчи сал зийракроқ бўлмаса жўн «вирд» (такрорлаш) сўзини атоқли от «Вард» ҳолида ўқиб юбориши ҳеч гап эмас.

Чунончи «Ҳайрат ул аброр»нинг илмий танқидий матнидаги ушбу байтни:

Сомким адл қилди, вирд, қани?
Мазҳари зулм — Яздижирд қани?

Шу илмий танқидий матнни тузган олимнинг ўзи «Хамса»нинг 1960 йилги нашрида байтни қуйидагича кўчирган:

Сомким адл қилди. Вард қани,
Мазҳари зулм Язджард қани?

Қиёсланг қандай катта фарқлар кўзга ташланади! Бунинг сабаби «Вирд» ва «Вард» сўзларининг араб ёзувидаги шаклдошлигидадир.
— Бу хатони кейинги йиллардаги нашрга тайёрловчилар тузатганларми?
— Таассуфки — йўқ: «Ўзбек адабиёти бўстони» туркумидаги «Сабъаи сайёр»да ҳам, Алишер Навоий «Мукаммал асарлар тўплами»нинг ўнинчи жилдида ҳам байт:

Сомким адл қилди, Вард қани,

Мазхари зулм Язджард қани?

тарзида эълон қилинган...
— Кейинги нашрга тайёрловчилар матнни Порсо Шамсиев тайёрлаган 1959-1960 йилги «Хамса»дан кўчирганларми? Нега хато тузатилиш ўрнига такрорланади, ахир? Сиз илмий-танқидий матнда тўғри ёзилган дедингиз-ку?
— Барча кейинги нашрга тайёрлаган олимлар китоб бошида «Порсо Шамсиев тузган илмий-танқидий матн асосида нашрга тайёрланди», деб ёзишган...
— Шундай хатоларнинг айнан такрорланиши тасодифий ҳолатми ёки асосан қайтарилаверганми?
— Ҳарқалай хатоларнинг бир хил такрори юзлаб маротаба кузатилди.
— Демак... Кейинги нашрларнинг илмий-танқидий матн асосида тайёрланмаганига етарли асослар бор... Шундайми?
— ...
— Яна шундай жиддий хатолар такрорига мисоллар келтира оласизми?
— Энг қалтис нуқсонлардан бири «қалбгоҳ» (жангга саф тортган лашкарнинг шоҳ турадиган ўрни) «калбгоҳ» «итхона» тарзида ўқилишида содир бўлган:

Илмий-танқидий матндан кўчирамиз:

Не ажаб бўлса кўнгул ўрниға шоҳ,
Чунки эрур шоҳ ери қалбгоҳ. (180-бет)

«Хамса»нинг 1960 йилги нашридан иқтибослаймиз:

Не ажаб ўлса кўнгул ўрниға шоҳ,
Чунки эрур шоҳ ери калбгоҳ. (131-бет)

Энди шу матнни Навоий асарлари йигирма жилдлигининг еттинчи жилдидан кўчирамиз:

Не ажаб ўлса кўнгул ўрниға шоҳ,
Чунки эрур шоҳ ери калбгоҳ. (307-бет)

Нашрлар матнига ишонсак, шоҳнинг яшаш жойи калбгоҳ — итхона бўлиб чиқади...

Иккинчи бир жиддий нуқсон: «Каср» (кишилар тизилиб ўтиргандаги энг пастки, қуйи ўрин — пойгак) сўзи «қаср» тарзида нашр этилган. «Хамса» (1960 й.) йилнинг 41-бетидан:

Қаср ҳаримида мақом айлади,
Ажзу таҳайюрга қиём айлади.

Навоий асарлари йигирма жилдлиги еттинчи томининг 77-бетидаги байт ҳам ана шу нуқсонли мисраларни айнан такрорлайди:

Қаср ҳаримида мақом айлади,
Ажизу таҳайюрға қиём айлади.

Ваҳоланки, машҳур матншунос Порсо Шамсиев тузган «Ҳайрат ул аброр»нинг илмий танқидий матнидан шу байтни кўчирсак:

Каср ҳаримида мақом айлади,
Ажзу таҳайюрға қиём айлади. (45-бет)

Бундай мисолларни, яъни жиддий нуқсонли байтларни «Хамса»нинг ҳар бир достонининг илгариги нашрларидан ўнлаб эмас, юзлаб кўрсатишимиз мумкин. Бу ҳолат Ўзбекистонимизда матншунослик аҳволининг ғариблиги, матншунослик танқидининг йўқ даражада озлиги билан изоҳланади. Нуқсон бундагина эмас, балки олимларимизнинг матн танқиди — саҳиҳлик учун курашни илм бахти деб эмас, балки шахсий адоват деб тушунишларидадир. Кўпчилик олимларимизнинг эътиқод тушунчалари: «Мумтоз асарларда минглаб хато кеца... менга нима? Буни айцам фалончилар ранжийдилар, сўнг гуруҳлашиб менинг илдизимни қуритадилар-а. Ҳай-ҳай! Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолаверсин!» тарзидадир.

Мумтоз адабиётимиз нашрлари соҳасидаги сернуқсонлиликни ҳамма олимлар биладилар, илло айтмайдилар. Буни очиқ айтишга ботинган мард эса майдонда айримларга иғвогар, ғаламис бўлиб кўринади.

«Мен сенга тегмайман, сен менга тегма» тамойилида матнчилик ва матншунослик назария ҳамда амалиёти яшамоқда... Бора-бора бу тамойил нимага келтиради? Чаласаводликка, илмдаги ҳақиқатни тан олмайдиган бош-бошдоқликка олиб келади, холос.
— Ваҳоб ака, Алишер Навоий «Хамса»сининг беш китобини асосан сиз Порсо Шамсиев тузган илмий-танқидий матндан лотин ёзувида нашрга тайёрлагансиз. Шу меҳнатингиз жараёнини батафсил айтиб берсангиз.
— «Хамса»нинг беш китобини араб ёзувидаги илмий-танқидий матндан сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф лотин ёзувига кўчириб чиқдим. Гарчи ўзимга нисбатан ишончим, идрокимга нисбатан таянчим бўлса-да, ўз нуқсонларимдан, бошқа нашрга тайёрловчилар ютуқ ва камчиликларидан мукаммал хабардор бўлиш учун шу беш достонни «Хамса»нинг 1960 йилги нашрига, Навоий «Мукаммал асарлар тўплами»нинг 7-11 жилдларига сўзма-сўз, мисрама-мисра, байтма-байт синчиклаб қиёслаб чиқдим. Шунда ҳам ҳар бир достонда ўзим сезган ўнлаб муаммолар қолди. Ўшаларни зора ҳал қилсам деган умидда 30-90-йиллар орасида босилган «Хамса»нинг лотин ва кирилл ёзувидаги алоҳида нашрларини топиб, ўша муаммоли ўринларни кузатдим.

Ҳеч ҳал бўлавермаган байтларни шахсий кутубхонамдаги азиз дўстим Абдужаббор Эсонов совға қилган Навоий куллиётига қайта-қайта мурожаат этдим.

Ишни ўзимга кўпайтирганим менинг илмдаги қўрқоқлигим эмас, балки мумтоз даҳо шоир сўзи масъулияти олдидаги вазифам туфайлидир.

Шунда ҳам ўзимча тўла ҳал бўлмаган муаммоларни улуғ устоз ва ҳамкасблардан: академиклар Алибек Рустамов, Азиз Қаюмов, профессорлар Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Саидбек Ҳасанов, матншунос Маҳмуд Ҳасаний, донишманд устоз Ёқубжон Ишоқов, ҳатто айрим зийрак шогирдлардан ҳам сўраб суриштирдим. Жумладан, Алибек Рустамовнинг уйларига ҳам бордим, метро вагонида ҳам сўрадим. Маҳмуд Ҳасаний ишхоналарига — Ўзбекистон Фанлар академияси, Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондига имдод сўраб бордим.
— Сиз тайёрлаган беш достон билан «Хамса» достонларининг собиқ нашрлари орасида қандай фарқ бор?
— Бу соҳада Устоз Порсо Шамсиевни истисно қиламан. Улар қўл етмас — намуна. Бошқа ноширларга келсак, мен — қўрқоқ эҳтиёткор, бошқалар — юракли ва ботир.
— Улар хато қилишдан қўрқмайдиларми?
— Уларга иккита далда бор:

Биринчидан, бу китобни оз одам ўқийди:

Иккинчидан, ҳеч ким менчалик билмайди. Нусхамдан хато чиқмайди деб ўйлаб ўзларини хотиржам қиладилар.

Учинчи далда ҳам бор: «Менинг хатомни кўрсатадиган мард чиқиб қолса-чи... унда ўзидан кўрсин!»

Ана шу хаёллар бандалари, улуғлик бандалари олимлар сафида оз эмас.
— Ваҳоб ака, Сиз тайёрлаган «Хамса» достонлари билан аввалги нашрларнинг энг жиддий фарқларини айцангиз.
— Биринчиси: Бу мутлақо янги — лотин ёзувида амалга оширилди. «Мутлақо янги» деганимнинг боиси бор: бу ёзув — 30-йилларда ўн йил амал қилган лотин ёзувидан жиддий фарқ этади. Олдинги нашрларнинг асосий қисми — кирилда амалга оширилган.

Иккинчиси: агар тиниш белгилари, сўз ҳар хилликлари, сўз узишлар, сўзни хато ўқишларнинг ҳаммасини нуқсон ҳисобласак, илгариги нашрлардаги китобларнинг ҳар бирида ўнта, юзта эмас, мингта ва ундан кўпроқ хатолар содир қилинган эди. Ана шу хавфли мактаб — менга сабоқ бўлди. Ва имкон қадар Алишер Навоийга садоқатли котиб бўлишга ҳаракат қилдим. Чунки чумолига озор бермайдиган Алишер Навоий шунчаки котибларга нисбатан шунчалик қаттиққўл бўлсалар:

Ғалат битир котиб бобида қалам сурмагу
Қорасининг ғалатин юзига келтурмак
Фалон котиб ар хатни мундоқ ёзар,
Бу мансабдин ани қўпормоқ керак.
Юзин номасидек қора айлабон,
Қаламдек бошин дағи ёрмоқ керак.
Қорадин қораға берибон улоқ,
Қаламравдин ани чиқормоқ керак.

Бир китобни бузган котибга бунчалик жазони лойиқ кўрсалар... Ўн, юз минглаб нусхага асос матн тайёрловчи — яъни танқидий матндан асарни нашрга тайёрловчи олимга нисбатан (агар у минглаб хатоларга китобларда йўл қўйса) қанақа жазолар кўрган бўлур эдилар?

Мени ана шу жазо чўчитади эмас, қўрқитади! Қўрқитади эмас, ваҳимага солади! Шу маънода мен ўзимни қўрқоқ деб ҳисоблайман.
— Юқоридаги бир фикрингизга қизиқиб қолдим. «Ўз тайёрлаган нусхамни бошқаларникига қиёслаб ўз нуқсонларимни, бошқа ноширларнинг ютуқ ва камчиликларини тўлиқ ўргандим», дедингиз. Шуни изоҳлаб берсангиз.
— Навоий асарларини бошқа ёзувда нашрга тайёрлаш кўп муаммоларни юзага чиқаради. Негаки араб ёзувида шакли бир хил бўлган сўзлар ҳар хил ўқилади. Чунончи қўлёзмаларда пир, бир, ҳар бир хил ёзилади! Шунинг учун кўпинча олимлар, «баҳр»ни «ҳажр» деб кўчирадилар. Бундай сўз шаклдошлиги тузоғига мубтало бўлмаслик учун ноширдан кучли идрок, билим, зако, тажриба, услубшунослик фазилатлари талаб қилинади. Мен ҳам одамман. Менинг ҳам идроким ҳамиша ҳам олмосдай кескир бўлавермайди. Матннинг қайсидир бир сўзини бошқа олим тўғрироқ ўқиган бўлса, қойил қолиб ўз хатомга ичимда иқрор бўламан. Шунга ақлим етмаганига хижолат тортаман. Агар бошқа олим матнида бирор сўз хато ўқилган бўлса-ю, мен тўғри кўчирган бўлсам, Xудога шукр қиламан. Ўта қўпол хато кузацам, «Наҳотки?!» деб юборганимни билмай қоламан. Чунки бошқа барча ноширлар шахсини мен ўз шахсимдан юқори деб биламан.

Навоий олимлар ва китобхонларга нисбатан синовчанликда шафқациз санъаткордир. Мен бирор байтни тушунолмасам ёки бошқа олимларнинг шоир байтини нотўғри талқин қилганларига дуч келсам худди даҳо адибимиз менинг, бизнинг устимиздан эрмак қилиб қаҳ-қаҳа отиб кулаётгандай туюлаверади.
— Демак, олимлар ишларида матнни хато кўчиришдан ташқари талқинда ҳам нотўғри фикр юритиш ҳолатлари ҳам бўларкан-да?
— Янги нашрдаги ҳар бир китобда достоннинг ҳам асли, ҳам ҳозирги ўзбек тилидаги насрий баёни бўлгани учун оз бўлса-да, собиқ табдиллардаги айрим нуқсонларни эсга олиш фойдадан холи бўлмаса керак.

«Ҳайрат ул аброр» достонидаги шер ва дуррож ҳикоятида шер ҳақида ёзиладики:

Чун бўлур эрди болалаб завқнок,
Мўр боласин қилур эрди ҳалок. (7-жилд, 209-бет)

Шу байтнинг табдили достоннинг насрий 1974 йилги нашрида қуйидагича ифодаланган эди: «Шер ҳар йили болалаб хурсанд бўлар ва болалари билан ўйнашиб, чумолиларнинг болаларини тутиб ўлдирар эди».

Кейинчалик, 2002 йилги 9-синф «Адабиёт» дарслигида шу байт шундай талқин этилди:

«У болалаган бўлиб, улар ўйинидан завқ олар, оёқлари остида эса чумоли болалари ҳалок бўлар эди». (41-бет)

Бундай талқинлардан Алишер Навоийнинг ичаги узилгудай кулса ажаб эмас, чунки бу талқинлар оддий мактаб ўқитувчиси талқини эмас, балки адабиёт илми мутахассисларининг талқинларидир.

Навоийнинг байтини қуйидагича насрий баён қилиш лозим эди: (Шер) болалаб завқларга тўлганида чумолилар унинг боласини талаб ҳалок қиларди.

Нозик сир шундаки матнда «Мўр боласин» бирикмаси ибҳомли — мубҳамлик санъати қўлланилган тузоқ қўйилган эди. Чунки оддий китобхон «Мўр боласин» — «Чумоли боласини» деб тушунишга «ҳақли». Аммо адабиёт олимларининг ўттиз йилда шу ҳақиқатни фарқ этмаганликларини мен изоҳлашдан ожизман.

«Ҳайрат ул аброр» достонидан бошқа бир талқинига ҳам тўхталиб ўтайлик. Асарнинг:

Базмда соқийлар ўлуб жилвасоз,
Аҳли ғино ҳар сори достоннавоз

байтини 1974 йилги асар табдили нашрида қуйидагича берилган:

Базмда соқийлар ширин сўзлар айтиб жилва қилардилар.
Бой-бадавлат одамлар ҳийла-найранглар билан машғул эдилар.

Ҳолбуки «Аҳли ғино ҳар сари достоннавоз» мисрасини шундай табдил қилиш мумкин: «Мусиқачилар турли оҳангда куй чалар эдилар» ёки «ашулачилар турли оҳангда ашулалар айтар эдилар».

Бир байтда — бир хил манзара берилади-да: базмда — майхўрлик ва созу наво бўлади...

Демак, янги нашрнинг учинчи фарқига келсак насрий баёнлардаги нуқсонлар имкон қадар озайтирилган дейиш мумкин.

Янги нашрнинг тўртинчи бир фазилати замонавий китобчилик санъати — яъни дизайн билан изоҳланади. Рассомлар Анатолий Бобров ва Баҳодир Жалоловларнинг илҳомлари меваси сифатида оҳорли бичим ва хилма-хил расмлар билан муқова ва ички матн қисмининг таъминланиши китобга алоҳида жозиба, кўрк бағишлаган. Навоий асарларининг ҳозиргача бизда яратилган нашрлари бунчалик гўзал ва салмоқли муқоваланмаган эди.

Шунинг учун халқаро китоб кўргазмаси ҳайъати қарорини эшитган Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг директори Мизроб Бўронов: «Қандай бахтки, китобчиликдаги олтин медал бизнинг Алишер Навоиймизга насиб этди!» дея ҳаяжонларини яшира олмадилар. Зеро бу китобни бугунги навқирон ёшларга шундай гўзал ва аслу табдилни мукаммал ҳолатда етказиш ғояси шу кишида туғилган эди. Биз, олимлар ва рассомлар гўё ана шу қутлуғ ниятга қўшқанот бердик.

Мазкур нашр аҳамиятини қуйидагича изҳор этиш мумкин:
— «Хамса» достонларининг мазкур янги саҳиҳроқ нашри олимлар ва илм аҳлига, зиёлиларга мўлжаланган ишончли нусхалардир.
— Кенг китобхон оммаси: мактаб, коллеж, лицей, гимназия ўқувчи ва талабалари идрокига мослашган китоблар ҳамдир. Чунки ҳар бир достон аслияти давомидан ҳозирги ўзбек тилидаги мукаммал насрий баёнлари ҳам берилган. Табдилларни академик Ғафур Ғулом, Навоийшунос аллома Абдуқодир Ҳайитметов, профессорлар Саидбек Ҳасанов, Мавжуда Ҳамидова ва яхши қалам соҳиблари — Иноятулла Махсумов ва Наим Норқуловлар амалга оширишган.
— Ваҳоб ака, сўнгги саволим: Ушбу «Хамса» достонлари матни мутлақо хатосиз, дея оласизми?
— Бу ўта қалтис ва жиддий саволга жавобим бор. Сир эмаски, Навоий асарлари нашри ношири ҳеч бўлмаса, уч-тўртта тилни, айниқса серлаҳжа бўлган туркий тилни қадимдан Навоий давригача бўлган сўзларини тўла-тўкис билишга масъулдир. Бироқ бир одам — ҳамиша ўз ёлғизлиги ва ожизлигини «Хамса»дай муҳташам қасрдай улуғ китоб олдида очиқ сезади. Бироқ ишни бўйинга олган олим Ҳақдан ва Ҳазрат Навоийнинг ўзларидан имдод тилаб ишга киришади.

Мен ўзгаларга нисбатан қанчалик талабчан бўлсам, ўзимга нисбатан ўн чандон талабчанман. Афсуски, иш улуғ, ўта узоқ муҳлатталаб. Менимча ҳар бир достон устида бир йил ишлаш керак эди. Ҳолбуки, мен нашриёт эҳтиёжига бўйинсуниб бир йилда ушбу ишларни якунлашга мажбур эдим.

Шунинг учун нашрда хатолар кетган бўлиши мумкин. Мен ўзим аллақачон беш достон аслиятини қайта ўқиб чиқиб улгурдим ва бир неча хатолар топдим.

Бу нуқсонлар асосан тиниш белгиларда ва лотин ёзувининг биздай ёши улуғлар учун анчалик қийинлиги туфайли (бир неча ўринда эр — ер ҳолида, эл — ел ҳолида босилган) содир бўлди. Ўйлайманки, орзу қиламанки бу янги ёзувдаги нашр савияси — нуқсон ва ютуқлари ҳақида ёзишларига устоз ва ҳамкасбларимизда имкон топилажак.

— Ваҳоб ака, самимий, батафсил суҳбатингиз учун миннатдорман.