OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифВасилий Ян
Асар номиОсиёнинг мовий сарҳадлари
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Василий Ян
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАбдулла Комил
Ҳажм68KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Осиёнинг мовий сарҳадлари
Василий Ян

Суворий Ён Дафтаридан

Василий Ян (Янчевецкий) сизга «Чингизхон», «Боту», «Сўнгги денгизгача» тарихий романлари билан таниш. Унинг асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима килинган. Шарқшунос зобит XX аср бошларида Россия империясининг Асхобод (ҳозирги Ашгабат) истеҳкомига хизматга юборилган. Осиё бўйлаб бир неча экспедицияларда қатнашган. Унинг тўрт жилдли асарлар тўпламига кирган «Чавандоз номалари» туркумидаги «Осиёнинг мовий сарҳадлари» сафарномасидан бир бобни жузъий қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Саргузашт услубида ёзилган бу номалар Россия империяси Америка ва Англиянинг Ўрта Осиё ҳамда Яқин Шарқ билан боғлиқ манфаатлари тўғрисида билимларингизни янада бойитади деган умиддамиз.

Бу Ердан Ҳаёт Қочган

Америка Экспедицияси

Биз Асхободга қайтганимизда иккита шов-шувли воқеа рўй берган эди. Генерал Уссаковскийнинг оиласи келибди... Иккинчиси эса анча жиддийроқ.

1903 йили танти миллиардер Карнегининг илмий институтидан Американинг геология-археология экспедицияси келган эди. Ўшанда «Асхобод» газетаси экспедиция «... ер ва давлат мулки вазирлигининг тавсияси билан келганлиги, Копетдоғ, Гавдан, Xайробод, Қарши ва Термизни илмий тадқиқ қилишда АҚШ элчисининг хоҳишига кўра Бош штаб экспедицияга ҳамкор бўлиши, лекин қазилма ва археология бойликлари олиб кетилмаслиги...» ҳақида ёзган эди.

Экспедицияни Рафаел Помпелли бошқарган. У илмга дахли йўқ моҳир ишбилармон сифатида катта ўғли билан келган эди. Экспе-дициянинг асосий мақсади нефт ёки бошқа фойдали қазилмаларни қидириш эканлиги истиснодан холи бўлмаган.

Генерал Уссаковский америкаликларни илиқ кутиб олиб, ҳар тарафлама ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Менга эса, инглизча билганим учун экспедицияда қатнашишимга хайрихоҳлик билдирди.

Помпелли «уни яна Россия ўзига махлиё қилаётганини», ёшлик пайтларида Сибирга қайсидир илмий экспедиция билан келгани, бу сафарлар унда «ёқимли таассуротлар» қолдирганини сўзлаб берди. Экспедициянинг раҳбари ва Помпеллининг ўнг қўли Девис эди. Америкалик бу таниқли олимнинг геология бўйича мукаммал қўлланмаси Қўшма Штатлар университетларида ўқитиларди. Девис Копетдоғ тизмаларига чиққан ва кейинчалик тоғлар, тоғ жинслари ҳажми, уларнинг геологик тузилиши бўйича кузатувлари ҳақида Уссаковскийга ҳисобот берган эди.

Девиснинг ассистенти ёш геолог Элсворс Xентингтон бўлиб, яна бир машҳур профессор – италян археологи ҳам экспедиция таркибига кирган. Помпелли экспедицияси 1904 йил давомида Асхобод яқинидаги Анав харобаларида қимматли кашфиёт қилгани ҳақида «Закаспий шарҳлари» газетасида хабар берилган эди.

Помпеллининг қазиш ишлари Ўрта Осиё тарихини ўрганишга ҳисса қўшди. Карнеги институти экспедиция ҳақидаги хисоботни чиройли қилиб нашр этган (унда кейинчалик академик бўлган В.В. Бартолд ҳам қатнашган), шу ишларни нега биз – руслар мустақил равишда бажармаганимиз алам қилган эди.

«Таҳлика Ва Таваккални Бўйнимизга Олиб»

Элсворс Xентингтон билан деярли тенгдош эдик. Маълумотимиз даражаси ва ихтисосимиз бир хил эди. Иккаламиз ҳам бўйдоқ ҳаёт пиллапояларидан энди кўтарилиб келаётган бўлиб, саёҳатлар борасидаги орзуларимизнинг муштараклиги бизни дўст қилиб қўйганди. Эроннинг тақир саҳролари орқали эрон-афғон чегаралари бўйлаб Ҳиндистонга ўтишга келишиб олдик.

Ўрта Осиёга келган ва ўлка бўйлаб юрган кунимданоқ олдиндан ўйлаган орзуим – Эрон ва Афғонистон орқали Ҳиндистонга ўтишга тайёргарлик кўра бошлаган эдим. Ҳали Лондонда эканлигимда, кейинчалик эса Петербург ва Асхободда ўзим ўтадиган давлатларни ўргана бошладим. Тўплаган маълумотларим ёрдамида Афғонистон ҳақида бир неча мақолалар ёзганман. Улар «Асхобод» ва Петербургнинг «Новое время» газеталарида босилган эди.

Генерал Цуботичний Узоқ Шарққа кетиши олдидан Эрон ва Афғонистонга сафарга юборишини сўраб, фикрларимни асослаган ҳолда билдириш ёзган эдим. Унда «бош мақсад Афғонистонни, унинг халқи, сиёсати, урф-одати ва бошқа муносабатларини ўрганиш» эканлигини баён қилган эдим. Генерал Цуботич менинг хатимдан нусха кўчиртириб, Туркистон генерал – губернаторига жўнатган ва хатида талабимнинг қондирилишини сўраганди.

Тошкентдан келган жавоб хатида генерал Иванов шундай ёзган эди: «Губерня котиби Янчевецкийнинг Афғонистонга бориб, ўша мамлакат билан танишиш истаги менга маъқул бўлди. Xоҳлардимки Янчевецкий таҳлика ва таваккални бўйнига олиб, бу ишни қилиши мумкин. Бироқ жаноб ҳарбий вазирнинг розилигисиз рухсат беришга иккиланмоқдаман. Шунинг учун ходимингиз илтимосини ҳарбий вазир билан ҳазрати олийларига тақдим этдим....»

1902 йилнинг декабр ойида Петербургдан телеграмма келди. Унда ҳарбий вазирнинг: «Янчевецкий барча оғирликларни бўйнига олса – розиман...» деган рухсати битилган эди. Лекин сал кам бир йилда кейингина орзуларимни амалга ошириш имкони туғилди.

Режаларимни Xентингтон билан ўртоқлашдим. 1903 йилда ўзаро келишиб, илмий экспедицияни Эрондан бошлаш, Сейистонга етганда, Афғонистонга кириб, сўнг Ҳиндистонга йўл олишни режалаштирдик. Шунинг учун 1903 йилнинг август ойида бир вақтнинг ўзида иккита билдиришнома ёздим. Бири – Эронга бориш, иккинчиси – махфий – Афғонистон ва Ҳиндистонга ўтиш ҳақида эди.

Россия ва Афғонистон билан дипломатия муносабатлари бўлмаганлиги оқибати ўлароқ экспедициямиз ва унинг йўналишини ошкор қилмаслик учун ҳужжат ва буйруқларда менинг сафарим фақат Эронга эканлиги кўрсатилди. Қолганлари – Афғонистон ва Ҳиндистон сафари менинг « бўйнимга тушган » эди.

Петербург газеталари билан ҳамкорлик қилишим ҳамммага маълум бўлиб, Уссаковский менга журналист сифатида, «йўл харажатларисиз, маошим сақланган ҳолда» рухсат берди. Шу боисдан сафар жиҳозларини топиш қийин кечди. Сафар учун уч юз сўм ва олдиндан уч ойлик маошим – уч юз сўмни олдим, холос (кейинчалик сафаримни яна уч ойга узайтиришди, бу пулларни уммон ортидан каттагина маблағ олиб турувчи Xентингтон билан тенг бўлишиб олдик).

Бизнинг Карвон

Сафаримизда олти киши эдик. Учта туяга сув тўлдирилган мешлар, озиқ-овқат, йиғма чодир, кигизлар ортилди. Элсворсда эса Америкадан олиб келган йиғма каравот, курси, хонтахта ҳамда узун тоғора бор эди. У имкон топилганида бу жиҳозлардан фойдаланишни ўрнига қўяр эди. Бу эса менинг ғашимни келтирарди.

Сафарда мени Маргания (Малахий Клавдиевич Маргания асли кавказлик бўлиб, истеъфодаги подполковник эди – таржимон) тарафидан юборилган икки йигит ёш: хушчақчақ туркман Xивақилич ва афғон қочоғи Мардон кузатиб боришарди.

Мардон асли Ҳиротда яшаган. Xотинини жазмани билан тутиб олганида ҳар иккаласини ҳам сўйиб ташлаган бўлиб, қочқинда яшарди. Афғонистонга қайца, уни дор кутаётганини ўйлайвериб, одамови бўлиб қолган. Xивақилич эса тўрт хотинининг ғалвасидан қочиб кетган, шунинг учун ҳам қувноқ юрарди. Xентингтон ўзига Қурбон исмли тилмочи ва форс ҳамда туркман тилларини яхши биладиган ўрис Михаилларни ёрдамчи қилиб олди. Михаил яхши овчи бўлиб, кейинчалик сафар давомида ёввойи қушлар билан сийлади, Элъсворсни рус тилига ўргатди...

Шунингдек, экспедицияни Трезорка лақабли кўппак кузатиб борди. Мен билан узоқ вақт бирга яшаган оппоқ ва жуссаси митти бўлган бу ит карвон олдида чопиб борар, ҳамма дам олганида юкларнинг тепасига чиқиб дам олар, тунлари карвонни ҳушёрлик билан қўриқлар ва шарпа сезганида қаттиқ ҳурар эди. Xентингтон йўл-йўлакай «Сулув Елена ҳақида» хўрсиниб, хатлар орасига қора қоғоз қўйиб кундалик ёзарди. Имкон топди дегунча хатнинг бир нусхасини Бостондаги отасига юборарди. Эҳтиёткорлиги туфайли шундай қиларди. Чунки кундаликлар турли сабаблар билан йўқолиб қолганида ҳам тайинли қўлларда бўлар эди. Америкага қайтгач, «Туркистонни тадқиқ қилиш» номли китобида саёҳатимиз ҳақидаги ҳисоботни суратлар ва чизмалар билан нашр этди.

«Оллоҳ Биздан Юз Ўгирмади...»

Экспедиция карвонимиз Сарахсдан 1903 йилнинг ноябрида йўлга чиқди. Биз атайлаб шу вақтга келишган эдик. Чунки бу ойда Ўрта Осиё минтақасида жазирама иссиқлар ўрнига салқин ҳаво келади, айрим жойлар музлайди. Бу эса саёҳатчилар учун ҳам, уловлар учун ҳам қум ва қояларда юришни осонлаштиради.

«Узоқ сафар мени ўта ҳушёр бўлишга чақиради», деб ёзган эдим Сарахсдан чиқаётиб Асхободга йўллаган хатимда. Саёҳатнинг биринчи кунлариёқ фикримнинг тўғрилигини кўрсатди ва айрим умид ва режаларни чиппакка чиқарди.

Эрон йўли биз учун Зулфиқордан бошланди. Дарага жойлашган бу шаҳар Россия, Эрон ва Афғонистон чегаралари кесишган жойда эди. Карвон шу жойдан эрон-афғон чегарасидан жанубга қараб юрди. Сафар чоғида биз ўзимиз белгилаган усул билан – гоҳ қум текисликлари, гоҳ аҳоли яшаш жойларида тўхтаб ўтдик.

Хентингтон иккимиз отларга миниб, карвондан четга чиқар ва жойларни ўрганар эдик. Шундай четга чиқишларнинг бирида Афғонистон чегараси ичига анча кириб кетибмиз. Ариқ чопаётган деҳқонлар бизни ушлаб олишди. Кузатувчи икки йигит ҳам биз билан бирга эди. Деҳқонлар бизни қўйиб юбормасликлари равшан бўлгандан кейин Xентингтон отишма билан қутулиб қолишни таклиф этди. Мардон қулоғимга шивирлади: «Оллоҳ биздан юз ўгирди!» Ҳар бир тутиб олинган ўрис учун инглизлар минг рупиядан тўлашади! Бу ерларда инглизларниг айғоқчилари кўп! Олишамиз, бўлмаса бизни аввал зиндонга солиб, кейин Англиянинг Кобулдаги ваколатхонасида аъёнларнинг кўз ўнгида қозиққа ўтқизишади!... »

Бир оз ўйлангандан кейин Гомер достонидаги Одессейнинг ҳийласини Мардонга шивирлаб: «Шошма! Оллоҳ ҳали биздан юз ўгиргани йўқ. Балки биз Оллоҳни эсдан чиқарганмиз» дедим ва афғонларга мени улуғ сарҳанг (полковник) деб таништиришини айтдим. Мен бу ерга элчи сифатида келганман, ҳар кимлар билан гаплашавермайман, катта бошлиқлар билан учраштиришларини талаб қиламан!

Мардоннинг гапини эшитиб афғонлар бошлиқларини бу ердан анча узоқда – қалъада эканлигини айтди.

« Мени у ерга олиб боринг! – деб буйруқ қилдим. – Ундан олдин чопар юборинглар, дастурхон ёзиб, чой дамлаб қўйсин».

Бир неча афғон отларига сакраб миниб, чоптириб кетишди. Икки афғон йигити мен минган отни жабдуғидан ушламоқчи эди, биқинидан ниқтов еган от пишқириб, уларни тишламоқчи бўлди. Шундагина улар нари кетишиб, йўлларида давом этишди.

Ялангоёқ афғонлар қуршовида ярим вайронага айланган, пахсадан қурилган қалъага келдик. Гиламлар тўшаб улгурилган, қозонларда палов, мис қумғонларда чой қайнар эди.

Қалъа бошлиғи ҳам, чегарачилар сардори ҳам Абдулҳамид исмли кекса зобит экан. Соқоли хинага бўялган новча одам биз билан кескин, аммо ҳурмат билан гаплашди: « Афғон еридан нега рухсациз ўтдинглар? Ўрисларнинг Афғонистонга кириши ман қилинганлигини сизлар билишингиз керак! Нега келдинглар?...»

Таржимонимиз Мардон орқали биз экспедиция аъзолари эканлигимизни, биримиз рус, иккинчимиз амеркалик эканини, саҳрода йўл белгилари бўлмагани учун адашиб қолганимизни тушунтирдик. Одамлардан бу ерга келтиришни ўзимиз илтимос қилганимизни, йўлни сўрамоқчи бўлганимизни ҳам таъкидлаб қўйдик. Сейистон, ундан Белужистон ва Ҳиндистонга бормоқчилигимизни айтиб, қўшимча қилдим: «Афғонлар адолатли ва ботир халқ, ўз бошлиқлари қолиб, фақат инглизлар буйруғини бажармайдилар-ку,? Нахотки йўловчиларда улардан яхши хотиралар қолишини исташмаса?...Ё кекса ва жасур жангчи Абдулҳамид ўз ерининг қалъасига бошлиқ эмасми?..»

Мардон гапларимни ҳафсала билан таржима қилиб турди. Абдулҳамиднинг авзойи бироз юмшаганини сездим. Кейин у овқат келтиришни буюриб, саёҳатчиларнинг қуролларини томоша қилишга тушди.

Мен қўлимдаги отлиқларга мослаштириб калталаштирган оддий милтиғимни узатдим-да, афғон қуролини кўрсатишни сўрадим. Абдулҳамиднинг қўлидан милтиғини олаётганимда унинг қўндоғи-даги инглиз тамғасига кўзим тушди.

Дастурхон атрофида қизғин суҳбат бошланди. Абдулҳамид Россия ҳақида, унинг Ўрта Осиёдаги мулки ҳақида кўп сўради. Биринчи марта рус одамини кўриб турганини, руслар ва Россияга ҳеч қандай эътирози йўқлигини яширмади. Лекин кечагина душман ҳисобланган инглизларнинг Кобулдан туриб берган буйруқларини бажаришга мажбур эканини таъкидлаб қўйди.

Биз дўстона хайрлашдик. Очиқиб кетганимиз учун паловга тўйиб олгач, эсталик учун Абдулҳамидга соатимни ҳадя қилдим. Йўл кўрсатгани, меҳмондўстлиги учун ташаккур билдириб, отларимизга миндик.

Афғонлар билан суҳбатимиз давомида Xентингтон жим ўтирди, Абдулҳамидни ва атрофни шубҳаланиб кузатди. Гоҳо чарм камзули чўнтагидан Инжилни олиб варақлаган бўлди.

Биз қалъадан хотиржам чиқиб кетдик. Дастлаб отлар қадамини тезлатдик, қош қорая бошлагач эса йўрттирдик. Ортимиздан бир неча афғон отлари кузатиб келдилар.

Карвоннинг тунаш жойига етиб келганимизда чодирлар тикилган эди. Улар бизнинг ҳаяллаб кетганимиздан хавотирланиб туришганида шарпамизни узоқдан пайқаган Трезорка қаттиқ-қаттиқ ҳура бошлади. Шунда шерикларимиз «биздан юз ўгирмагани учун » Оллоҳга ҳамду санолар айтишди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Сейистонга келдик ва Xуросондаги Россия консуллигида чегара хизмати капитани Абдулҳамиднинг Кобулга чақирилгани, адабсиз рус йўловчиларини Кобулга олиб келмай, қўйиб юборгани учун тан жазоси олганини эшитдик.

Янги Йилдаги Туш

Жуғрофия ва геологияни махсус ўрганган Xентингтон йўл-йўлакай ўйлаганларини ёзиб борар, жойларни чизар ва фотосуратга олар эди. Менга эса ер қаватининг геологик ўзгариши, саҳролар қандай пайдо бўлгани, нега уларда ҳаёт йўқлигини тушунтирарди. Унинг айтишича, бир неча минг йилликлар олдин Эронда юксак тоғлар бўлган, улар секин – аста ювилиб паст тепаликлар ва водийларга айланган, айрим жойларидагина ҳайбатли чўққилардан унча баланд бўлмаган қоялар қолган.

Қадим вақтларда Шарқий Эронда аҳоли зич яшаган, маданият юқори бўлган. Йўлимизда шаҳарлар, қалъалар ва каналлар қолдиқлари тез-тез учраб турарди. Xентингтон фикрича, Эроннинг шарқий қисмида олиб бориладиган қазилма ишлари катта кашфиётларни очади, биз ҳалигача билмаган юксак манавият ишларини аниқлайди.

Фақат ҳар замонда кичик аҳоли масканлари ва кўчманчиларга дуч келдик, холос.

Йўлимизнинг кўп қисми тақир, қуёшда куйган сувсиз саҳродан иборат бўлди. Аҳён-аҳёнда ҳуркак ёввойи қулонлар, сайғоқлар ва баланд осмон қўйнида сузиб юрган бургутларга дуч келдик, холос.

Биз дуч келган қишлоқлар, далалар, боғлар ва ариқлар нега йўқ бўлиб кетган? Xентингтон айтганидек, геологик ўзгаришлар бир неча минг йиллар олдин бўлган ва ҳаётнинг равнақ топишига шароит яратиб берган-ку? Нега чаман бўлиб очилган ҳаёт бирдан ғойиб бўлди, худди ҳеч нарса бўлмагандай...

Очиқ чўлда тунаш учун тўхтадик. Тунда чиябўриларнинг улиши эшитилди. Отларни эгар-жабдуғлардан бўшатиб туяларни чўктирдик. Йўл азобидан толиққанимиз учун кенг гулхан ёнида, кимлар чодир ичида қаттиқ уйқуга кетдик.

Атрофдаги жонсиз саҳрога тикилганимча хаёлга чўмдим:

«Эҳтимол, бу ерда иқлим ҳам бошқача бўлгандир. Ахир шу текисликлардан Искандар Зулқарнайн, Чингизхон ва Темурнинг кўпмингкишилик лашкарлари ўтган. Улар нималарни еб тирикчилик қилишган? Туя ва отларини қаерда суғоришган? Ўзлари билан нима олиб келдилару нима қолдирдилар?... »

Янги, 1904 йилни саҳрода кутиб олдик. Милтиқлардан ўқ уздик, камтарона дастурхон тузадик.

Янги йилнинг бу туни Россияга омадсизлик келтирган йилнинг биринчи туни эди. Бу тунни мен ҳам эслаб қолдим. Шу кечаси саҳарга яқин туш кўрдим. Безатилган чодир ёнида ўтирармишману тушимда сезармишман. Қисиқ кўзли, сочларини икки ўримга жойлаган мўғул Чингизхон рўпарамда турармиш.

У чап товонида ўтирганича ўнг қўли билан тиззасини қучоқлаб олган эмиш. Чингизхон мени ёнига таклиф қилармиш. Унинг яқинидаги кигизга ўтирганимдан сўнг, мени қучоқлаб сўрармиш:

«Сен менинг ҳаётимни ёзишни хоҳлайсанми? Унда мени забт этилган халқларга нисбатан ғамхўр, одамларга бахт келтирувчи сифатида таърифлагин! Шундай қиламан деб сўз бер! ...»

Мен эса унинг ҳақида фақат ҳақиқатни ёзаман дермишман.

«Айёрлик қиляпсан, тўғри жавобдан қочяпсан. Мени бадном қилмоқчимисан? Бундай қилишга қандай журъат этдинг? Ахир мен сендан кучлироқман! Кел, курашамиз!...»

Ўрнидан турмасдан улкан қучоқлари билан мени тобора қаттиқроқ қисармиш. Шу усулда мўғулларнинг одатига кўра умуртқамни синдирмоқчи бўлганини идрок қилармишман!

Қандай қутулиш керак? Қандай қилиб ситилиб чиқиб кецам экан? Чингизхонга бўйсунмаслик учун қандай қилиб кучли бўлиш керак? Шунда менинг хаёлимда «ялт»етиб бир фикр пайдо бўлармиш: «Ахир бу тушим-ку! Тезда уйғонишим керак, шунда қутуламан!...»

Уйғониб кетдим. Тепамда саноқсиз юлдузлар жимирларди. Отлар тўрваларидаги арпани бир маромда чайнарди. Чингизхон ҳам, одамни тешадиган ўткир нигоҳлар ҳам йўқ эди.

Шунда биринчи марта бу истилочи ҳақида ёзиш, у қандай бўлса шундай – халқларни қирғин қилувчи, ўзидан кейин саҳроларни қолдирувчи сифатида баён қилиш орзуси туғилди.

Лекин бу тундан кейин орзумни амалга ошириш учун узоқ вақт саргашталик кутиб турарди.

Даҳшатли Саҳро

Жануб томон бораётган кичик карвонимиз Дашти Лут деб аталган сувсиз саҳрони кесиб ўтди. Саҳронинг номи ҳам ўзига мос («лут»- даҳшатли) эди. Эроннинг шарқий қисми марказидаги бу қум текисликлар юзлаб чақиримга чўзилган, қояли тоғлар, шўрхок ерлар ва ўлик кўллар билан кесилган эди.

Шундай шўр кўллардан бири – Немексар бўйида бир туямиз қулоғигача ботиб кетди. Ўзимиз мўъжиза туфайли жонимизни сақлаб қолдик. Юк ортилган туяни қутқариб қолиш учун барча қилган ҳаракатларимиз зоя кетди. Уни азобли ўлимдан халос қилиш учун отишга қарор қилдик. Шундай қилиб, туя Дашти Лутнинг саноқсиз қурбонлари қаторига қўшилди. Бундай қаҳрли жойда ҳаётнинг борлигини ҳеч тасаввур қилиб бўлмас эди.

Бироқ тинимсиз юриш азобидан бўларимиз бўлиб, тунаш учун тоғ этагида тўхтаганимизда қоп-қора қоя тирқишидан жилдираб оқиб ётган чучук сувни кўрдик. Гулхан атрофида ўтирганимизда эгнига кигиз чакмон кийган, қўлига таёқ тутган бир чол қоронғулик ичидан чиқиб келди. Унинг ортидан пахмоқ итини етаклаган тортинчоқ бола ҳам пайдо бўлди. Чол таклиф қилинган луқмаларни чайнаб, оловда исинганидан кейин саҳро тўғрисида қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб берди. Аслида саҳро ўлик эмас, бизга ўхшаган келгиндиларга шундай туюлар экан. Шу ерда туғилганларга саҳрода ҳамма нарса – сув, овқат, одамлар, ҳайвонлар истаганча бор эмиш.

«Саҳрода эрксевар кўчманчи халқ – лутилар яшайди. Улар Ҳиндистон ва Қизил денгиз оралиғида кўчиб юрадилар ва ўз ерларини яхши билишади. Қачон ва қайси қудуқларда сув пайдо бўлиши, ўсимликлар ўсишини билиб, шунга қараб кўчиб юришади.

Ёш лутилар савдо карвонларини кузатувчи бўлиб ёлланадилар, чоллари қўй боқадилар, тариқ экадилар, тоғларда ёввойи писта ва бодом терадилар...

Лутиларнинг Оташкада деган пойтахтлари бор. У саҳронинг ўртасида тоғлар панасига яширинган. Одамлар доимий яшамайди, ҳар уч йилда бир марта «муборак тошларини» зиёрат қиладилар. Пойтахтга олиб борувчи йўлни фақат «назаркарда»лар биладилар.

Лутиларни аёл киши бошқаради. «Халқ етакчиси» қошида маслаҳат кенгаши фаолият юритади. Улар ҳам пойтахтда яшамасдан, доимо кўчиб юрадилар..»

Чол, бола ва кўппак тунда қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғойиб бўлдилар.

Карвон эса эрталаб яна зерикарли ва оқсоч саҳро бўйлаб йўлни давом эттирди.

Жанубга тушиб борган сари ибтидоий жойларга келиб қолдик. Бу ерда на одам нишонаси, на йўл кўринади. Беҳисоб қоялар, уларнинг оралиқларида кезиб, адашганимизни англадик.

Охирги Эрон қишлоқларининг бирида ёллаган йўлбошловчимиз нашаванд экан. У олдин ҳам бизда шубҳа уйғотган эди. Ҳозир эса «олдинда уч йўл борлиги, учаласи ҳам ёмон, сувсиз, қароқчилардан холи эмас»лигини айтди.

Олдин келишганига яна уч қирон қўшиб тўлашимизни ва наша беришимизни талаб қила бошлади. Нашасиз бир қадам юролмаслигини баҳона қилди. Пул ва тарёкни олганидан кейин қиронни салласининг қатига қистирди, тарёкни ютиб олди ва орқага қайтишимизни таъкидлади...

Карвоннинг аҳволи оғирлашди.

Ҳалок бўлган туя иккита мешдаги сувни ва бир қисм озуқа ҳамда жиҳозларни олиб кетган эди.

Бундан ташқари олдинги довон ошишда Михаилни безгак хуружи тутган ва у отининг бўйнидан қучоқлаганича эгарда беҳуш ётарди. Йиқилиб тушмаслиги учун Қурбон уни кузатиб борарди.

Қанча узоқлашсак, адашганимизга шунча ишонч ҳосил қилардик. Қоронғи тушаётган бўлишига қарамай на бирор йўлни, чашма ёки қудуқни учратдик. Шўрхок ерда тунашни маъқул кўрмадик. Чунки у на бизга, на уловларимизга наф берар эди.

Хентингтон ғазабланганича йўлбошловчини койир, харитани сўкар, қароқчиларга топшириш учун атайлаб шу ерларга олиб келганини таъкидлар ва компасга қараб фақат Мардоннинг маслаҳатларига қулоқ соларди. У шарққа бурилиб, Афғон чегараларига чиқиб олсак, тоғ пойидаги қишлоқларга дуч келишимизни таъкидлади. Жанубда эса сувсиз, яланғоч саҳро ястаниб ётарди...

Фикримиз бир-бирига тўғри келмагач, энди бошқа-бошқа йўллар билан кетишга қарор қилдик ва тахминан юз чақиримдан кейин жануброқдаги учрашув жойимизни белгилаб олдик. Агар уч-тўрт кундан кейин учрашмасак, бир-биримизга ёрдамга боришга келишиб олдик.

Хентингтоннинг кичик карвони йўл бошловчи, касал Михаил ва Қурбон билан жанубга йўл олди. Узоқ-узоқларда қўнғироқ овози тингач, Мардон, Xивақилич ва мен отларимиз бошини шарққа бурдик.

Лутилар Маликаси

Йўлнинг биринчи куни енгил бўлмади. Лекин Мардон сув топишимизга ишонган ҳолда бизни шарқ томонга бошлайверди.

Яна қоронғи тушди. Отлар гоҳ тошлоқ тепаликларга чиқар, гоҳ табиий сезги билан пастликка оҳиста тушарди. Кўз илғамас зулмат қаърида милтиллаган олов кўринди. Олов бор жойда одам ҳам, сув ҳам, овқат ҳам бўлади, деган умид бизга қувват бағишлади.

Яқин келганимиз олов атрофида енг ва узун кўйлаклари билан ёғдуни тўсиб ғимирлаётган аёлларни кўрдик. Олов шуълалари атрофидаги қора чодирларни элас-елас ёритиб қўярди. Бесўнақай пахмоқ итларнинг бўғиқ ҳуришларидан отлар ҳуркиб кетди. Улар орқа оёқларида тик туриб кишнар эдилар. Аёллар саросима ичида қичқиришиб, ердан тош олиб ота бошладилар.

Олов ёнига яқин борганимизда қоронғилик ичида салла ўраган оппоқ соқолли чол кўринди ва жаҳл билан қўлларини силтаб, бизни ҳайдамоқчи бўлди. Мардон афғончалаб чолга қичқирди. Xивақилич форсча ва туркчалаб бир нарсаларни тушунтиришга уринди. Лекин фойдаси бўлмади.

Юзларининг пастки қисмини енглари билан беркитиб олган аёллар ҳамон чинқирар эдилар. Улар отган тошлардан бири қулоғим остидан зув этиб ўтиб кетди, яна бир тош Мардоннинг отига тегди.

Нима қилишни билмай орқага тисарилаётганимизда чодирлар ортидан бир қорамағиз қизча қизғиш кўйлагига тақилган тангаларини жингирлатиб югуриб чиқди. Аёлларга бир нима деб бақирган эди, улар шу заҳотиёқ тинчиб қолишди. Чол сўкинганича нари кетди. Бизга яқин келиб қолган қизча форсийга ўхшаш тилда тез-тез гапирди.

Хивақилич музокараларни бошлаб юборди. Унинг айтишича, биз лутилар қабиласининг бир тармоғи бўлган машужи кўчманчиларига дуч келган эканмиз. Бу ерда фақат аёллар яшар, эркаклар, айниқса, кофирлар яқин келтирилмас экан. Лекин кўчманчилар бошлиғи Бибиқундуз истисно тариқасида бизни чодирга таклиф этди.

Аёллар итларини ёнларига чақириб, отларимизни бир четга етаклаб келдилар.

Шарқона меҳмондўстлик одатлари Осиё халқларида муқаддас ҳисобланади. Меҳмон бўлганимизга ишонч ҳосил қилиб, ўзимиздан ҳам, отларимиздан ҳам кўнглимиз тўқ бўлди.

Қизча тақинчоқ тангаларини жингирлатиб, чодирлардан бири томон бошлаб борар экан, узун этакларини сал кўтариб олган эди. Йилтираб турган чўғдай кўкимтир тутун кўтарилаётган гулхан ёнидаги гиламга ўтиришга ишора қилди.

Кўзимиз хонага ўргангач, чодирнинг нариги тарафида Будда ҳолатида ҳаракациз ўтирган аёл кўринди. У Бибиқундуз бўлиб, қабила ҳукмдори экан. Эгнига олтин тақинчоқ қадалган қизил шойи кўйлак кийган, бошига шол рўмол ўраб, устидан шокила ва занжирлар қадалган учли жиға қўндирилган. Гулхан ёруғида аниқ кўриниб турган жигарранг юзи эрта қариётган жувонни ёки ёш кўринган аёлни эслатарди. Қошлари сурмаланган, қош ўртасига эса кўкиштоб нуқта қўйилган эди. Жезга ўхшаб кетувчи бўйни ва виқорли кўксида йирик-йирик зумрад ва лаъл доналаридан маржонлар осилиб турарди .

Хивақилич шарқона суҳбат бошлаб, Бибиқундузнинг қўйлари, от ва туялари ҳақида, кейин ўзи ва бошқаларнинг соғлиғи ҳақида суриштирди. Шўрлаган саҳродан Ҳиндистонга кетаётган карвонимиз ҳақида сўзлади.

Бибиқундуз унинг гапини нигоҳини қадаганча жим туриб эшитди. Экспедицияда тоғларнинг шаклини чизувчи америкалик «катта мулла» борлигини эшитиб, қоп -қора қийиқ кўзлари билан бизларни кузатди.
– Карвонингиз ҳақида эшитган эдим, – деди Бибиқундуз сокин ва қўнғироқдек овозда. -Сенинг дўстинг тоғларни чизиб, кейинчалик ерли халқлардан олиб қўяр экан. Сен ҳам шундай қилмоқчимисан? Лекин билиб қўйинглар, сизларни Ҳиндистонга ўтказишмайди, Белужистонда англияликларнинг катта қисми туради, улар ҳеч кимни ўтказмайдилар...

Мен Бибиқундузни тинчлантирмоқчи бўлиб, ўзимнинг жаҳонгаш-талигим, »ҳақиқатгўй» эканлигим, одамлар қаерда ва қандай яшаётгани, уларнинг бахтиёрлигига қизиқишим ҳақида гапириб бердим.

Шундан кейин Бибиқундузнинг қарашлари сал илигандай бўлди.»Сен...фаранги дарвешмисан? Бундайларни ҳалигача учратмаганман. Қани, саёҳатинг ҳақида гапириб бер-чи...

Қаерда бўлганимни эшитиб бўлгач, Бибиқундуз сўради:
– Ҳа, сен жуда оз жойларни кўрибсан, кўп нарсадан бехабар экансан. Бахт излаб узоққа бормасликни англашинг учун ҳали кўп юришингга тўғри келади. Бахт ҳар қайси миллатнинг ўз ерида бўлади. Бахт – халқнинг эрки ва озодлигида, қадрдон ўчоғи ёнида, яхши кўрган машғулотида, қариндош – уруғлари даврасида!...

Шундан кейин Бибиқундуз машужи қабиласи ҳақида, чодирларини Ҳимолай тоғининг баланд ўтлоқларига, Арабистоннинг сап-сариқ қумлари устида тикишлари ҳақида гапириб берди. Кўплаб давлатларнинг чегарасидан эмин-еркин кўчиб ўтишларини сўраганимда ўз қабиласи билан боғлиқ бир ривоятни айтиб берди ва бу менга эртакдек туюлди.

«Қадим-қадим замонларда бу тоғларда қушлари сайраб турган қалин ўрмонлар бўлиб, унинг ёнида икки шохли Искандар Дашти Лут саҳроси томон қўшин тортиб ўтган. Саҳро чанқоғи азобидан қўшиннинг ҳалокати яқинлашиб қолганида шу яқин атрофда чучук сувли қудуқлар борлигини эшитади. Қўшин келганини эшитган лутилар маликаси ўз пойтахти Оташкададан Искандарни кўргани ва у билан суҳбатлашгани келади, унга қудуқларни кўрсатади.

Искандар қўшиннинг чанқоғини бостириб, тонг отгунча малика билан суҳбат қуради. Кетар чоғида эса маликага фармон ёзиб беради. Лути халқининг Искандар мулки бўлган хоҳлаган давлат чегарасидан тўсиқсиз ўтишга рухсат берувчи, ўн минг йилдан кейин ҳам уни солиқлардан озод қилувчи Фармон эди бу. Фармонда битта шарт: абадул-абад бу халқнинг ҳукмдори аёл киши бўлиши кераклиги ҳам айтилган экан.

Аёллар тинчликсевар бўлишади, фитна ва исёнлар уюштирмайди, урушларни ёмон кўришади.

Шу йил лути қабиласининг ҳукмдори—малика қиз кўради. Онаси вафотидан кейин шу қиз лутилар бошлиғи бўлиб қолади. Ўшандан буён озод лутиларга аёллар етакчилик қилар экан. Бибиқундуз эса Искандар билан тонггача суҳбатлашиб чиққан аёлнинг наслидан экан...

Шу вақтдан бошлаб Осиёнинг ҳеч бир давлатида чегарадан ўтувчи лутилардан рухсатнома сўрашмас, солиқ олмас ва тикилган чодирлари ичига кирмас эканлар...

Искандар фармонининг тақдирига қизиқиб қолганимдан кейин Бибиқундуз бўйнида осилиб турган маккажўхори сўтасини эслатувчи кумуш туморни олди-да, фармон ичида эканини, у авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётганини билдирди.

Зебигардонга ўхшаб очиладиган тумор ичидан вақтлар ўтиши билан қуруқшаб, қаҳва рангига кирган пергамент қоғозни олиб, менга узатди. Xатда қадимги юнон ёзувига ўхшаш хира белгилар кўринарди. Бибиқундуз юнонча билан таниш эканлигимни билиб, хатни кўчириб олишга рухсат берди ва таржима қилишимни ўтинди.

Рўмоллари билан юзларини тўсган аёллар шарқона ширинликлар келтиришди. Меҳмондорчиликдан сўнг бизни бошқа чодирга таклиф этдилар. Олдинроқ, бу ерга отларнинг эгар-жабдуқлари ва хуржунларимизни келтириб қўйишган экан. Туннинг қолган кисмини шу ерда ўтказдик.

Тунги вақтнинг бир қисмини жинчироқнинг хира ёруғида хатнинг сақланиб қолган сатрларини ўқишга бағишладим. Англашимча, хат Яксарт (Сирдарё) дарёси бўйида муваффақияцизликка учраган Искандар қўшинларидан асирга тушган аскарнинг «буюк Искандарга» ёзган хатига ўхшайди...

Мардон туни билан бир неча марта ташқарига чиқиб, ғудурланар, атрофга олазарак қарарди. Гўё биз талончи лўлилар қўлига тушганмиз-у, улар бизни ўлдириб, отларимизни ўзлариники қилиб олмоқчидай.

Маълум даражада шундай фикр килишга унда асос бор эди.

Биз билан тунаган қари мулла ҳар бир ҳаракатимиздан сапчиб ўрнидан турар, «ҳамма кофирлар»ни лаънатлар, бизга еб қўйгудай қарар эди.

Кечқурун бизни меҳмон қилган аёллар эрталаб хурмо солинган палов олиб кирдилар. Кейин туйдирилган ва суғорилган отларимизни эгарлаб келтирдилар.

Кетишимиз олдидан Бибиқундуз ҳам пайдо бўлди. Энди унинг либоси одми, ҳеч қандай тақинчоқлар кўринмас, ҳамма аёлларга ўхшаб кийинган эди. Бибиқундуз отларни синчковлик билан кўздан кечирди, айилларини тортиб кўрди. Мешларимизнинг сувга тўлдирил-ганига ишонч ҳосил қилгач, оқ йўл тилади.

Унинг ёнида ўзига ўхшаган, кечқурун бизни кутиб олиб Бибиқун-дуз чодирига бошлаган қорамағиз қизча ҳам турарди...

Хат билан туморни Бибиқундузга қайтарар эканман, уни хафа қилгим келмади, аксинча, қоғознинг жуда қадимги эканлигини айтиб, меҳмондўстлик учун ташаккур билдирдим. Кўчманчи белужларнинг биринчи карвони билан Искандар фармонининг аниқ таржимасини бериб юборишимни айтдим(кейинчалик бу учрашув ва хотиралар «Ватан» ва «Скифлар қўрғонидан хат» номли ҳикояларни ёзишимга асос бўлди).

Бибиқундуз чодирлар ва лути аёлларини суратга олишга изн берди. Суратларни Асхободдан жўнатишга ваъда бердим. Машужи аёллари салтанатида олган суратларимдан бир нечаси ҳозиргача сақланиб қолган (В.Ян архивида—тарж.)

Шундай қилиб, банги йўлбошловчимизнинг ўзи билмаган ёрдами билан карвон йўлидан овлоқдаги жойларни, киши билмас лутилар маликаси ва «Искандар фармони»ни кўрдим.

«Итоациз Йўловчилар Ушлансин!»

Эртаси кечга яқин жарликдан қияликка чиқиб бораётганимизда тепада одам қораси кўринди. Xентингтон доим олиб юрадиган йиғма курсисида Инжилни ўқиб ўтирарди. Ундан нарироқда таранг тикилган чодир ёнида туялар ётар, тушовланган отлар ўтлаб юрарди. Қурбон ва Михаил гулхан атрофида юришарди.

«Ишлар жойидами? Нега йўлда эмассизлар?» дея Элъсворсга қувноқ овозда қичқирдим ва тепалик томон отни чоптириб кетдим.

«Ҳаммаси жойида... Окей!.. Аммо бугун якшанба. Ҳақиқий диндор сифатида бугун дам олишим ва фикр юритишим керак...»,—деб тушунтирди америкалик ҳамроҳим.

Карвонимиз кейин йўллардан юриб, Сейистонга келди. Бу шарқий Эроннинг ўта ботқоқлик жойи бўлиб, Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга боришга энг яқин йўл эди. Бу ерлар Ҳилманд дарёсининг ирмоқлари орқали суғориларди. Сувлар Эрон кўрфазига етмасдан қумларга сингиб кетади.

Сейистон қадимги замонларда Эроннинг энг бой вилоятларидан бўлиб; афсонавий қаҳрамон Рустамнинг ватани эди. Шаҳар жуда кўп марта истило қилинган. Сўнгги марта Амир Темур забт этган ва обод қилишга улгурмаган эди.

Саҳродан ва ўзлаштирилмаган ерлардан иборат бўлган, айрим жойлари ботқоқлашган Сейистонга кириб боришда ҳужумкор белужлар отарлари билан кўчиб юрганларини кўрдик.

Сейистон (ёки Белужистон) узоқ вақт Эрон ва Афғонистон ўртасида талаш бўлган. 1872 йили Англиянинг «воситачилигида» бу икки давлат томонидан бўлиб олинганди. Бундай бўлиниш «воситачи»лардан бошқасига наф келтирмас, аҳолини миллат жиҳатидан мустаҳкам қилмас, мунтазам равишда чегара тўқнашувларига сабаб бўлар эди.

Биз Сейистондаги белуж хонларининг бирига ташриф буюрдик. Албатта, қуруқ қўл билан эмас. Xон бизни илиқ кутиб олди ва дастурхон устида шундай деди:
— Совғалар учун миннатдорман. Лекин менга бошқа нарса керак... Қўшни Афғонистон вилоятларининг бирида ҳукмдор бўлган туғишган оғам мен билан доимо уруш ҳолатида келади. Унга инглизлар хуфия равишда қуроллар билан ёрдам бермоқда. Нега шундай қудратли ўрис подшоси менга бир неча замбарак беролмайди? Мен оғам билан ҳисоб-китоб қилиб, у ўрис подшоси билан абадий дўстликда яшаган бўлардим!

Вилоятнинг маъмурий маркази бўлмиш Нусратободда рус консули томонидан қабул қилинганимизда, афғон Сейистони орқали Ҳиндистон чегарасига юз чақиримча қолганини, лекин инглизлар бизни нариёққа ўтказмасликларини билдик. Шундай бўлса-да, биздан сал олдинроқ олмон сайёҳларининг шу ердан Ҳиндистонга бемалол ўтганини эшитган эдик.

Консулликда эшитишимизча, экспедициямиздан хабар топган инглизлар Британиянинг «марварид тожи» – »Кўҳи нур»[1]га ўтишимиздан ҳадикда эканлар.

Инглиз консуллари бизга ҳар қандай йўл билан тўсиқ қўйиш, уларнииг бири рус бўлганлиги учун карвонни ушлаб қолиш ҳақида буйруқ олган эканлар. Изимиздан дайди қароқчилар юборилган ва уларга бизни йўқ қилиб, изимизни текислаш топширилган экан. Лекин йўл юришдаги ўзимга хос қоидам бўлиб, кўринганлардан йўл сўрардим ва саволлар билан уларни чалғитардим. Кейин эса бошқа йўл билан кетар эдим. Шунинг ҳисобига биз таъқибдан омон қолиб, Эронни муваффақиятли кесиб ўтган эдик.

Сейистонда Афғонистон, Ҳиндистон ва Форс кўрфазига бориш фикридан қайтдик. Бунга бошқа сабаб ҳам бор бўлиб, япон мина ташувчи кемалари томонидан Порт-Артурда рус флотига ҳужум қилинган эди. Менинг пулларим ҳам тамом бўлган эди. Xентингтон кутилмаганда Карнеги институти томонидан Америкага қайтиш тўғрисида телеграмма олди.

Биз отларимиз бошини орқага буриб, энди ғарбий йўллар билан форс шаҳарлари орқали шимолга йўл олдик.

Бадавийлар ҚалъАси

Қайтишимизда ғаройиб ҳодисаларга дуч келдик.

Экспедициям из келишидан олдин ер қимирлаши оқибатида вайрон бўлган Сейистондаги ботқоқликлар ўртасига жойлашган шаҳарларни кўрдик.

Одамлар яшамайдиган бу шаҳар кўчаларида фақат қамишдан ясалган солларда юриш мумкин эди. Аҳоли маълум бўлмаган сабаблар билан бу ерни аллақачонлар ташлаб кетган эди. Унда яшовчи ягона жонзот сариқтулки бўлиб, кўчалар ва тошлар оша сакраб-сакраб йўлимиздан чиқарди.

Хуросон вилоятининг маркази бўлган муқаддас шаҳар Машҳадда ҳам бўлдик. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисобловчилар ўлимидан кейин шу ерга дафн этишларини васият қилардилар. Шунинг учун ҳам чор-атрофдан ва узоқ жойлардан маййитларни шу ерга олиб келардилар. Шаҳарни бир шаклда қурилган сағаналар ўраб олгандай эди.

Машҳадда рус бош консули Панафидин бизни қабул қилди. Шу ерда менинг сафарим яна бир ойга узайтирилди. Консул менга озгина пул ҳам берди ва икки бош туямизни сотиб беришга ваъда қилди. Улар энди бизга керак эмас, чунки юкларимиз бўшаган, биз доимо сувга сероб йўллардан юриб, Русия чегарасига яқинлашаётган эдик.

Машҳаддан чиққанимизда маҳаллий аҳолидан вайроналарда яшовчи қандайдир халқ тўғрисида эшитдик. Улар якка тоғнинг чўққисида бўлиб, ўша жойда қадимда даҳшатли қароқчи яшаган экан. Қароқчи тўплаган бойликларини шу ерда сақлар ва атрофга таҳдид солар, тоғнинг номи Кофирқалъа экан.

Иримчи Мардон, Қурбон ва Xивақилич тоққа чиқишдан воз кечишди. Кофирқалъада карвон ва йигитларни қолдириб, Xентингтон ва Михаил уччаламиз тоққа чиқа бошладик.

Дастлаб тик қояга чиқиш мумкин эмасдек туюлди. Қоя уч томонидан деярли тик эди. Тўртинчи томонда эса қояларнинг ёрилган бўлаклари осилиб турганга ўхшарди. Шундай бўлса ҳам осилган қоялар томон кетган эчкилар изларига кўзимиз тушди ва имкониятни қўлдан бермасликка тиришдик.

Элъсворс иккаламиз америкалик ва русияликлар қайсарликда бир-биридан қолишмасликларини исботламоқчи бўлгандай, кўз илғамас сўқмоқлардан юқорига чиқиб бордик.

Тез орада сўқмоғимиз энкайган қоя олдида тугади. У ёғига қирқ беш даражали қияликдан қояга ёпишиб чиқиш керак эди.

Бир-биримизга қараб «Иншооллоҳ!» деганимизча юқорига интилдик. Xентингтон биринчи бўлиб чиқди. Мен ҳам агар йиқилгудек бўлса ушлаб қолишга тайёр ҳолда аста чиқа бошладим. Қояга ёпишган бу одамнинг ҳар бир тош устида ўрмалаши ҳозиргача кўзимга кўринади. Ниҳоят, у тепаликка чиқиб олди. Ўрнашиб олганидан кейин Инжилни очганича менга маслаҳатлар бера бошлади.

Қоянинг ҳар бир бўртик, тошига ёпишганимча, юқорига интилдим. Яна тўрт метрча эмакласам бўлди – қояга чиқаман. Шу пайт белимдаги ханжар сидирилиб чиқиб кетди ва қияликда тиқилиб қолди. Xанжарни ушлаб қоламан деб ҳаракат қилганимда тошга қадалиб турган этик пошнаси чиқиб кетди. Мен жарлик томон аста сирпана бошладим...

Хаёлларимиз қуюндек тезлашди: «Наҳотки, тамом бўлсам! Яна икки қулочдан кейин жарга қулайман...» Ўнг томонга кўз қиримни ташлаганимда отлар ва Михаил чумолидек бўлиб кўринди... Бирдан оёғимнинг қоятошга қадалганини ҳис қилдим ва тўхтаб қолдим.

Қоянинг чап қирига қараб, кўзларимга ишонмадим: жундор қора қўллар, сочлари тўзиган соқолли шарпа қояга бир сакраб чиқди-да, ханжарни олиб, жарлик томон ўрмалаб кетди...

Ғойибдан келган куч ёрдамида қояга ўрмалаб чиқдим ва Элсворс билан қўл олишдик.

Тоғ чўққисидаги майдонда Xентингтон қандайдир қурилиш қолдиқларини топиб олиб, чизмага туширди.

Пастга эса бошқа йўлдан, қоя ёриқлари бўйлаб тушдик.

Эрон қишлоқларидан бирига борганимизда у ерли аҳоли ханжарни эпчиллик билан олиб қочган сирли шарпа ҳақида гапириб берди.

«У ақлдан оза бошлаган дарвеш Мамадали бўлиб, хотини билан болалари ер қимирлашидан ҳосил бўлган жарликка тушиб кетишган экан. Ўзи Кофирқалъада яшар, йўлни ҳам фақат ўзи биларкан».

Кофирқалъадан чиққандан кейин экспедициямиз саргузаштларсиз Русия чегараларига етиб олди ва биз 1 март куни Асхободга келдик.

Хентингтон бу ерда узоқ турмасдан, Америкага кетди.


  1. Ҳиндистон назарда тутилмоқда