OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифВиктор Алимасов
Асар номиЯшаш ҳикмати
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Виктор Алимасов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
"Ҳуррият" газетасидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Яшаш ҳикмати
Виктор Алимасов

Ижодда сир кўп, ҳикмат кўп. Серсирлиги, серҳикматлиги боис ижод мудом жозибалидир. Аммо ижоддаги сирни илғаш, ҳикматни топиш ҳар кимга ҳам насиб этавермаган. Шундай ақллар борки, умрини, вужудини ижодга бахш этади, минг ваҳки, ижоддаги сир ҳам, ҳикмат ҳам унга тутқич бермайди. Чунки жозибали ижод, ундаги сир, ҳикмат ақлга эмас, ижоддаги энг ҳайратли томон бу, кўпинча руҳга, қалбга юз очади. Файласуф, нафосацҳунос олим, ёзувчи, драматург Тилаб Маҳмудов ижод сирларига руҳи, қалби орқали ошно бўлган, ижоддан жозиба, комиллик излаб ўз умрини ҳам жозибага, ибратга, намунага айлантирган замондошимиздир.

Тилаб Маҳмудов ҳаётни, тирикликни севувчи, улуғловчи, муаббадни яратувчи инсон шайдосидир. Ушбу инсон қалбида «Гўшт емаган бола» ҳикоясининг қаҳрамони Саидвали айтганидек, «Мен – инсонман. Инсондай яшашим керак. Чўпон таёғидан титрайдиган қўрқоқ молга ўхшаб эмас» деган нидо яшайди. У севишни ва севилишни истайди; у завқланишдан ва нафратланишдан қўрқмайди; у комиллик даргумонлигини билади, лекин уни излаб адашишдан ҳайиқмайди; у энг беозор жонзотга чўқинишга шай, бунинг учун эътиқодсизликда айблашларига ҳам рози. У, бу энг ибратлиси, ер фарзанди, у ўзи туғилиб ўсган заминни севади, ушбу замин фарзандларининг қувончи ва алами, тўйи ва азаси, фазилати ва иллати унга ҳам тааллуқлидир. Устоз инсонни янгидан кашф этгандай ёзади: «Инсон дунё ва охират ўртасидаги бепоён манзилда юргувчи карвонга ўхшайди. Манзил абадий, карвон ўткинчи бўлганидек, инсоннинг тани фоний, руҳи боқийдир. Руҳнинг боқийлиги инсоннинг дунё билан охират ўртасидаги йўлда топган маънавий мулкига боғлиқ» («Комиллик асрорлари». – «Адолат» нашриёти, 2006. – 19 б.). Ушбу маънавий мулк жамиятнинг ҳам мулкидир. Демак, инсоннинг инсон сифатида шаклланиши мутлақ унинг ихтиёрида эмас; ундаги фазилату иллатларга ўзи қандай масъул бўлса, ушбу фазилату иллатларнинг илдиз отишига жамият ҳам шундай масъулдир. Шундай диалектик боғлиқ масъулликлар бўлмаса, тириклик ва ҳаётнинг муаббадга дахлдорлиги ҳақида сўз юритишга ҳожат қолмайди.

Тилаб Маҳмудов ижодини таҳлил қилиш, объектив баҳолаш осон эмас. Биринчидан, у – олим. Олим қурумсоқ тадқиқот қонунларига, ақлу идрокнинг ҳиссиётни рад этувчи талабларига бўйсуниши даркор. Олимлик илмнинг қуруқ, беҳис мантиқий фикрлашига итоат этишдир. Илм ушбу талабининг бузилишига тоқат қилолмайди. Ҳиссиётга берилиш, сентиментализм, тавтология илмнинг душманларидир. Иккинчидан, Тилаб Маҳмудов – нафосацҳунос, ёзувчи, драматург, яъни бадиий-естетик олам вакилидир. Маълумки, бадиий ижод хаёлотни, фантазияни, ҳатто ғайриилмийликни севади. Илм билан бадият очиқдан очиқ бир-бирини рад этмаса-да, ҳар қайси ўзининг ички талабларига мувофиқ яшайди. Xудди шу боис Тилаб Маҳмудов ижодини баҳолаш, барча қирраларини ёритиш мушкул. Баъзан, домла, қандай қилиб ушбу икки мунофий соҳаларни ижодига жо этди экан, деган саволга бораман. Жавобни эса у яратган бадиий образлардан оламан.

Тилаб Маҳмудов ўзбек нафосацҳунослигини илм даражасига кўтарган, бу борада илк тадқиқотлар ўтказган, илк монографик асарлар, қўлланмалар ёзган олимдир. Йигирмадан ортиқ таниқли мусаввирларнинг ижоди ва асарларини синчиклаб ўрганган, уларни кенг ўқувчиларга етказган ҳам Тилаб Маҳмудовдир. Домла мусаввирлар ижодини ва асарларини фақат олим, тадқиқотчи эмас, шу билан бирга қалби, руҳи нафосатга муштоқ, диди, зеҳни нафис, ўй-хаёли бетакрорликка, илоҳий комилликка йўналган ёзувчи-мутафаккир сифатида таҳлил этади. У бетакрор жозибага, илоҳий комилликка талпинган қалбини, руҳини дуч келган мусаввир ижодини ва асарини ўрганишга бағишлайвермайди, донишвор маҳдудотдан маънавий комиллик, етуклик излайди. Аслида ижод маънавий комилликка, илоҳийга етиш йўлидир. Илоҳий мавзулардаги рангтасвирлар, чизмалар руҳни жунбушга солади, улардаги ғайриҳаётийлик реаллик сифатида қабул қилинади. Гоҳо олдимизда шунчаки сурат, турфа ранг­лардаги символлар турганини ҳам унутамиз, чунки улар бизни илоҳийга яқинлаштиради. Илоҳийни билиш, илғаш эса серқусур, сериллат фоний дунёни унутиш демакдир.

Ҳа, ижодкор илоҳий манзилга яқинлашган сайин нафақат ён-атрофдагиларни, ҳатто ўзини ҳам унутади. Уни илоҳийликнинг жозибаси чулғаб олади. Бу менинг фикрим. Бироқ домла бошқачароқ талқинга мойилдир. «Инсон ўз онги ва тасаввурини поклаган сари, табиат ва жамият сир-асрорларини тобора кўпроқ англаб етгани сари қалбини, вужудини, руҳини ва онгини такомил эттириб боради. Ана шу тариқа олами жисмоний билан олами руҳоний ўртасидаги муштараклик, уйғунлик юзага келади» («Комиллик асрорлари». –19 б.). Менинг ишончим комил Тилаб Маҳмудов илҳом чулғаб олганида ижодкорнинг маҳдудотни унутишини инкор этмайди. Буюк асарлар, дурдоналар ана шундай телбанамо изланишлар маҳсули эканини домла яхши билади. У рационал, яъни «олами жисмоний билан олами руҳоний»нинг уйғунлашиши тарафдори, мен эса ижодкор рационалдан ўзиши (инкор этиши эмас), ҳатто иррацоналга берилиши ҳам мумкин деб биламан. Лекин ижодкорнинг рационалдан ўзиши умр бўйи давом этмайди. Тилаб Маҳмудовнинг бадиий асарлари («Оқар дарё оқмасмиди жимгина», «Омонат дунё» ва «Умр шомидаги бахт») унинг фалсафа, нафосацҳунослик борасида изланишлари билан уйғундир. «Бадиий жанрда, — дейди домла, — фикрларни ифодалаш усуллари кенг. Кейинги йилларда бадиятга ишқим тушиб қолди». Аслида, донишвар бадият жозибасига ёшлигидан ошно, акс ҳолда у нафосацҳуносликка меҳр қўймаган бўларди. Нафосацҳунослик илм соҳаси ҳисобланса-да, унда илмий идрок бадиий тасвирларни руҳан англашга эргашиб келади; ҳатто хаёлот, тўқималар, фантазия илмий идрокни шакллантиради. Экзистенциал борлиқдан узилмаган жозибалар оламини яратиш имкони Тилаб Маҳмудовни нафосацҳуносликка, бадиятга етаклаган. Лекин домла илм аҳли вакили эканини унутмайди. Шунинг учун унинг баъзи қаҳрамонлари аспирант, илмий ходим, илмга меҳр қўйган кишилардир. «Папаша»сининг қаерда ишлашига қараб муомала қиладиган Қудратов («Папаша қаерда ишлайдилар?»), калтабин ва такаббур Абдуназар («Аспирант»), бадахлоқ, шумният Темур Турғунович («Автореферат»), мансабпараст Зоҳид Пўлатов («Муҳокама») каби кимсалар эса уларнинг антиподларидир. Улар ўртасида кураш, тўқнашувлар драматик воқеаларни келтириб чиқаравермаса-да, антиподларнинг маддоҳлик, мунофиқлиги ва мансабга эришиш ёки эришган лавозимини сақлаб қолиш учун ҳар қандай жирканч ишларга шай бадкорлиги нафрат уйғотади. Улар шунчалар таниш, шунчалар яқинки, гўё муаллиф сизни кўзингиз билан ён-атрофга тикилгандек ва сизни дилингиздагини гапираётгандек. Чаласавод, нокор, лобагар «олим»ларнинг жиндек мансаб учун иймонини ҳам, инсонийлигини ҳам сотишга тайёрлигини кўриб беихтиёр «Ие, бу анаву фалонкасов-ку!» деб юборасиз...

Ижоддаги сир, ҳикмат ва жозиба яна шундаки, ижодкор бир дақиқа ёки бир кундан кейин қандай мавзу, қандай ўй-хаёл уни чул­ғаб олишини билмайди. У ҳатто яратажак ёки яратилган асарининг тақдири нима бўлади, севиб ўқиладими ёки бир китобхон ҳам тополмай маклатурага ташланадими, буни ҳам билмайди. Мав­ҳумлик ижоднинг ҳамсоясидир. Лекин ижодкор қалбида бир иқд бор, у — яратиш, мукаммалликка, илоҳийликка интилиш дардидир. Айнан ушбу иқд, ушбу дард Тилаб Маҳмудовга ҳам ором бермайди. «Дилга ўлим, танга тиним йўқдир, — деб ёзади у илму маърифат, маънавий баркамоллик излаб. – Таннинг тингани — ўлгани, дилнинг тингани боқийликнинг давомидир». Демак, инсон тирик экан комиллик йўлида тиним билмайди, инсон руҳига ўлим йўқ, у — абадий. Руҳнинг муаббадлиги туфайли инсоният – муаббад, ҳаёт – муаббад. Руҳ ҳеч қачон яратишдан, англашдан, боқийга талпинишдан тўхтамайди. Тўғри, бу руҳни субъективлаштиришдир, лекин унда руҳ билан инсон ўртасидаги уйғунлик, илоҳий яхлитлик тараннум этилмоқда. Руҳ орқали аслида инсон улуғланмоқда.

Айрим ҳикояларини «ўзи учун» ёзгани ҳам сезилиб туради. Айрим асарларида, айниқса, илмий ходимларга бағишланган ҳикояларда бадиий-психологик тасвирлар етишмаслиги кўзга ташланади, лекин уларда ўқувчини ўйга солишга ва ўз кетидан эргаштиришга шай комиллик излаётган ижодкор руҳ мавжуд. Комиллик излаётган руҳ комиллик излаётганларга мададга келади, улар уйғунлашганида тобланади, илҳом келтиради, инсоннинг тилаклари ва саъй-ҳаракатларига мангулик бахш этади. «Инсон руҳи (дили, қалби) мисоли темирдир. Уни тоблаш ёки занглатиб қўйиш мумкин. Руҳнинг тобланиши илҳом келтиради, занглаши эса кўнгилни айнитади. Дилини тоблаб, ақлини чархлаган одамларгагина маънавият эшиклари очилади. Наинки инсон хаёллари, орзу умидлари ҳам аввал дил бағрида туғилиб, тасаввур беланчагида улғайиб, сўнгра ақл паноҳида кучга тўлади» («Комиллик асрорлари». – 19 б.). Ижодкорнинг руҳ, ақл, тафаккур, маънавият ҳақида кўп ёзиши бежиз эмас, айнан ушбу воқеликларда у инсон зийнатини, ахлоқий баркамоллигини, эру хотиннинг жуфти ҳалол бўлиб илоҳий яхлитлик яратганини кўради. «Оила шарафи бўлинмайди, — деб ёзади домла «Ҳаётий ҳикматлари»да. – Эркак гуноҳи аёлни қаритади, аёл гуноҳи эса эркакнинг обрўсини тўкади. Xотин-еркакнинг иззати бўлса, эркак хотиннинг қисматидир». Баъзи ҳикматлари эса мақол бўлгудек: «Гавҳар қадрин кўр билмас, Инсон қадрин гўр билмас». Ёки: «Илм­ли – илдам, илмсиз имиллагандир», «Кўлмак сувни тўплаб бўлмас, тўплаб бўлса ҳам ҳўплаб бўлмас».

Шу кунларда Тилаб Маҳмудов 70 ёшини нишонлаяпти. Бу озми кўпми? Уни Яратган билади. Руҳи, қалби нафислик, жозиба, комиллик излаган Инсон учун у оз, жуда оз, албатта. Аслида яшаш ҳикмати узоқ умр кўришда эмас, балки умрни қандай кечиришдадир. Тўғри, узоқ умр кўриш ҳам бахт, саодат, илоҳий неъмат, аммо яратиб, ҳаётни муаббадга айлантириб яшаш эса қўша бахт-саодат, қўша илоҳий неъматдир.