OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифВладимир Икскул
Асар номиНомус ва қасос (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Эстон адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Владимир Икскул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонТоҳир Малик
Ҳажм288KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Номус ва қасос (қисса)
Владимир Икскул

«
Раҳмат, Саид! Агар Парвардигор менга ҳаёт инъом эца,
сенга худди ҳозиргидай яқин бўламан.Мен учун еган калтакларингнинг изи юрагимдан ҳеч қачон ўчмайди.
Агар куним битгудай бўлса, шундай ўламанки, сен мен билан фахрланасан.
Саид, мен сен билан фахрланаман. Xудо каромат қилгай.
Мен шундай ўлай-ки, болалар, болаларнинг болалари
ҳар доим Саиднинг туғишган укаси
Габонинг қандай ҳалок бўлганини эслаб юришсин!»
»

Таржимондан

Мазкур қиссаларнинг муаллифи машҳур ёзувчилардан эмас. У ҳақда адабиёт тарихи оз маълумотга эга. Асари ҳам нима учундир қайта-қайта нашр этилмаган. Ҳолбуки, муҳаббатнинг оғир синовлари ҳақида ҳикоя қилувчи бу қисса ҳар қандай ёш йигит-қизнинг қалбини ларзага солиши аниқ. Бу асарни мен бундан ўттиз олти йил муқаддам ўқиган эдим. Китобни ҳарбийда бирга хизмат қилаётган қофқазлик дўстларим совға қилишган эди. Асарни таржима қилиш истаги ўшандаёқ туғилганди. Қоралама нушасини тайёрлаб ҳам қўйган эдим. Аммо турли сабаблар билан иш охирига етмаганди. Каминанинг муҳаббат ёши йиллар суронида ортда қолиб, хазонрезги фаслига келганда бу икки асарни яна қўлга олишга нима сабаб бўлди? Кўп учрашувларда адабиёт мухлислари севги ҳақида асарлар камлигидан нолиб, шу мавзуда ҳам бирон нарса ёзишимни илтимос қилишади. Ёшларнинг нолишида жон бор. Чиндан ҳам чин севги ва садоқат ҳақидаги асарлар кам. Ҳозир ёзилаётганларида саёзлик мавжуд. Мен эсам бу мавзуда ёзишни истасам-да, кўнгилдагидай асар яратишга кўзим етмайди. Шу боис ёшлигимда ўзимга қаттиқ таъсир қилган асар таржимасини ниҳоясига етказишга жазм этдим. Зеро, севги миллат танламайди. Севги фожиаси ҳам шундай.

Икки оғиз сўз муаллиф ҳақида: Владимир Икскул 1860 йилда барон Яков Икскул оиласида туғилган. У дамларда Эстония ерлари рус подшоҳлигига қарам эди. Владимир ҳарбий билим юртида ўқийди. Рус армиясида хизмат қилади. 1906 йили Америкага сафар қилади. Кемада осетин чавандозлари билан танишиб, дўстлашади. Уларнинг ҳикояларини тинглайди. Сафардан қайтгач, янги орттирган дўстларининг таклифига кўра, Қофқазга келади. Шу йиллари унинг ёзувчилик фаолияти бошланади. Қофқаз халқлари ҳаётидан ажойиб асарлар яратади. Унинг асарлари немис тилида ёзилган. Асосий қўлёзмалари ҳам Германия кутубхоналарида сақланади. Шунга қарамай, у ўша давр адабий муҳитида «Қофқаз қўшиқчиси» деган номга сазовор бўлган. Асарни биз рус тилидаги камёб нушасидан таржима қилдик. Ўзбек ўқувчилари тушуниши осон бўлсин учун эркин услубдан фойдаландик. Қофқазликлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи бир қанча китоблар ўқилгани, қофқазлик дўстлар суҳбатларидан баҳраманд бўлинганлиги бу ишда қўл келди.

Тоҳир Малик

Куз тонгги… Ҳаво мусаффо, атроф гўзал...

Тоғдаги қариндошларини йўқлаб, адирда жойлашган овулига қайтаётган чавандоз шошилмаётгани учун отини қамчиламай, ўз ҳолига қўйган эди. Йигирма уч ёшлардаги бўйдор, кенг елкали қомати келишган, хушрўй бу осетин йигитнинг кўзлари кўк, сочлари эса қоп-қора эди. Кийими ўлкасининг одатига хос: узун папоқ, кўкраги кумушранг ўқларга тўла черкас камзули, белида кумуш суви юритилган ханжар, елкасида эса ҳар бир тоғлиққа хос милтиқ осилган. Тагидаги оти – наслдор, қабардин зотидан – бадани офтобда товланади, оёқлари ингичка.

Куч ва қатъийликни отасидан мерос қилиб олган Габо – ҳали ёш, қувноқ, қалби қайноқ жасоратли йигит. Унинг бутун борлиғи, ҳаракати мард йигитлардан бири эканини намойиш қилиб туради. У она - осетин тилидан ташқари ингуш тилини ҳамда оз-моз рус тилини ҳам билади.

У отни ўз ҳолига қўйиб, ажойиб тонг билан завқланиб борарди. Атрофга боқиб тўймасди. Габонинг кўзи узоқдаги бир чавандозни илғади-ю, унга етиб олиб, ҳамроҳ бўлиш ниятида отини ниқтаб, тезлатди. Сўнгсиз адирда ёнингда ҳамроҳинг бўлса зерикмайсан, қолаверса йўл хавфсиз бўлади.

Габо нотаниш кишига етиб олди. Паст бўйли бўлса-да, ташқи кўринишидан чайир, бақувват, қарашлари эса маънодор ўттиз ёшлардаги ингушнинг оти ҳам ўзига ўхшаган кичкина, кўримсиз эди.

Габо ингуш тилида мусулмонлар одати бўйича салом берди. Нотаниш одам айни шу одат бўйича эҳтиром ила алик олди.

Буни қарангки, уларнинг манзиллари бир экан. Габо нотаниш чавандозга ҳамроҳ бўлишни таклиф этди. Улар йўлда кетатуриб қаердан эканликларини, қаерга кетаётганликларини бир-бирларига айтиб беришди. Танишиш асносида Габо ҳамроҳини зимдан кузатиб чиқди. Ажаб, ҳамроҳининг бўрки яп-янги экан. Унда эса ҳатто эскиси ҳам йўқ. Шу адолатданми?

Габо олғирлик борасида суяги йўқ йигитлардан ҳисобланарди. У кўнглига ёққан буюмларни чаққонлик ҳамда айёрлик билан эгаллаб олиб, кейин ўз ишидан ўзи лаззатланарди. Ўзининг бу ҳаракатини ҳеч қачон ўғирлик ёки талончилик деб баҳоламаган. Балки масалани инсоф билан ҳал қилган адолатпарвар сифатида ўзидан ўзи мамнун бўлиб юраверган. Бу сафар ҳам бир адолацизликка барҳам беришни дилига тугди: «Габо, ингушга бўркнинг нима кераги бор-а? – ўйлади у. – Бўрк сенга кўп асқотади. Сенда эса ҳеч қандай бўрк йўқ, уники эса яп-янги экан, шу бўркни ўз елкангга ташлай олмасанг, ахир, шармандалик эмасми?!»

Бир оз шу хаёлда юргач, қатъий қарорга келди: «Қизиқ, бўркини зўрлаб тортиб олсамчи? Бунинг ҳеч қўрқадиган ери йўқ. Мен ундан кучлироқман. Отим ҳам чопқир».

У хаёлан дарҳол режа тузди-ю, амалга оширишни пайсалга солмади: кутилмаганда қамчинини ўйнатиб, отини савалади.

Қофқазда қамчининг учи энли теридан бўлади. Бундай қамчи жониворни савалаганда оғриқ беришдан кўра кўпроқ шовқин чиқаради. Тоғлик уйқусираган отда секин юришни ёмон кўради. Габо худди отни югуртиришга ундагандек ҳаракат қилди. Секин юравериб зериккан жонивор эгасининг амрини интиқ кутаёгандек, бир сапчиб олға интилди. Шунда Габо бирданига жиловни кескин тортди. Ингушнинг атрофида бир айланди. Иккинчи марта айланишда ҳамроҳига жуда яқин келди. Тиззаси паканагина отнинг думига тегиши билан олдинга энгашиб, ҳамроҳининг бўркига ёпишди. Кейин бор кучи билан уни ўзига силтаб тортди.

Бўркнинг бўйинбоғи узилди. Ингуш воқеага тушунолмай, ўзига келгунча Габо илгарилаб кетди. Унинг оти адир бўйлаб елиб борарди. Габо орқасига қарамасликка қанча уринмасин, бўлмади. Ингуш қувиб келяптими-йўқми, деб қаради. Ингуш эгардан тушиб отнинг қоринбоғларини тортди. «Ўх-хў, мени қувмоқчига ўхшайди, ишлар жиддий!» деб ўйлади Габо.

Габо жониворга яна қамчи босди. У иккинчи бор орқасига қараганда ингуш отга минган эди. Бир оздан сўнг у ингушнинг яқинлашиб қолганини кўрди. Ингушнинг кўриниши харобгина оти унинг келишган отидан тез чопарди. Габо ҳар гал ўгирилиб қараганда улар орасида масофа қисқариб бораверди. Ниҳоят, у қочиб қутулолмаслигини, «ингуш бу кўримсиз пачоқ оти билан икки дунёда қувиб етолмайди», деб хато ўйлаганини англади.

Таъқибдан қоча-қоча кенг зовурга дуч келди. Адирдаги бу зовурни ёзда молларни суғориш учун қазишарди. Бу ерда тўпланган қор, ёмғир суви ёзи билан етарди.

Габо зовурни айланиб ўтди. Отдан тушиб, милтиғига суянганча рақибини кутди.

Ингуш сувга етиб келиб, отдан тушди. Қўлига милтиғини олиб, қичқирди:
- Қани, биринчи бўлиб от!
- Йўқ, мен сенинг олдингда гуноҳкорман, биринчи бўлиб отмайман. Сен от!
- Сен менинг елкамдан бўркни тортиб олишга қандай журъат этган бўлсанг биринчи бўлиб отишга ҳам шундай журъат этишинг керак!
- Мен биринчи бўлиб отмайман! – Габо барча тоғликлар каби эҳтиёткор эди. У тўкилган қон учун бир неча авлодлардан кейин ҳам қонли қасос олишларини билади.
- Ундай бўлса, менга бўркимни қайси журъат билан тортиб олганингни тушунтириб бер. Кел, яхшиси, бир нарсани ҳал қилиб олайлик: мен анчадан бери довюрак одамни қидириб юрган эдим. Ниҳоят, топганга ўхшайман: ёвлашишни қўйиб, дўст бўлайлик.
- Сен чиройли сўзларинг билан аврама! Мени ёш бола деб ўйлаяпсанми?!
- Сени алдаётганим ҳам, авраётганим ҳам йўқ. Гапимга ишон. Мен кўпдан бери сенга ўхшаган ботир йигит билан дўстлашмоқчи эдим. Мен сени жазолаш мақсадида ёки бўркимни тортиб олиш учун эмас, дўстлашиш учун изингдан қувиб келдим. Сен менга кераксан.

Ингуш самимий гапираётгани билан Габонинг унга ишонгиси йўқ эди. Шунда ингуш отнинг оёғини тушовлади. Милтиғи билан ханжарини ерга ташлади-да, зовурни айланиб, ўтиб, Габо томон юрди.

Габо энди унинг самимиятига ишониб, қуролларини ташлади. Ҳурмат юзасидан ингушга пешвоз чиқди. Яқин келгач, унинг кўзларига тик қаради: ингушнинг нигоҳида макр йўқ эди.

Улар қиёматли биродарлар каби қўл беришишди.
- Исмим Саид, ксарзанлик Теспотнинг ўғлиман.
- Менинг исмим Габо, Тагаурсклик Явзихонинг ўғлиман.

Саид Габонинг қўлини дўстона маҳкам сиқиб, унга синов кўзи билан тикилди: бир қарашидаёқ юзида садоқат нурини илғаб, кўнгли жойига тушди.

Кейин аста сўз бошлади. Унинг ширали овози Габони ҳайратга солди.
- Аллоҳ Таоло ихтиёр қилган экан, биз бир-биримиз билан топишдик. Тақдиримиз Аллоҳнинг измида. Xудога шукур! Мен сендай жасур йигитни узоқ қидирган эдим. Сени менга Аллоҳнинг ўзи юборди,- у Габодан кўз узмай, давом этди:- Сендек қўрқмас йигитга хиёнат бегона, содиқ дўст бўлишингга ишонаман! Биз жуда оғир замонда яшаяпмиз! Аввалги даврлар ўтиб кетди. Энди ҳатто ҳамқишлоғингга ҳам ишониб бўлмайди.

Орага бир дақиқалик жимлик чўкди. Бу сукутни яна Саиднинг маънодор сўзлари бузди.
- Мен баъзан тунда сафарга чиқаман. Айрим хатарли ишларга қўл уришдан ҳам тоймайман. Сени топганим яхши бўлди. Бундан буёғига бир-биримизни суяймиз.
- Мен ҳам айрим ишларга қўл уриб тураман, - деди Габо, - мен ҳамиша омад ёр бўлишини севаман!

«Ҳа, буни бугун менга намойиш қилдинг» - деб ўйлади Саид. Аммо бу фикрини тилига чиқармади. Бунинг ўрнига янги топган дўстини Ксарзанга таклиф қилди. Меҳмонга бориш Габога ортиқча туюлди. У қанчалик жасур бўлмасин, айни дамда эҳтиёткор ҳам эди. Габо узоқ ўйга толмади, хавотирини, ишонқирамаётганини сездирмади. Таклиф учун миннатдорчилик билдирди. «Агар ростдан ҳам дўст бўлишни истаётган бўлсанг, аввал ўз пойқадаминг билан фақир кулбамни обод қил», деб таклиф этди. Саид камтаринлик юзасидан кўнмай турди. Кейин розилик бергач, икковлон отларни Тагаурск томон буришди. Бир неча соатлик йўлдан сўнг овул кўзга ташланди. Виждон азобида қолган Габо Саиддан кечирим сўраб, бўркни қайтиб олишни илтимос қилди.

Саид Габонинг узрини, айниқса, илтимосини эшитишни ҳам хоҳламади. Уларни дўст сифатида топиштирган бугунги кундан ёдгорлик сифатида олиб қўйишини талаб қилди. Габо бу гапга рози бўлиб, Саидга раҳмат айтгач, қалбига бир мақсадни тугиб қўйди: у Саиднинг содиқ дўст танлаб янглишмаганини, ҳақиқий баҳодир билан биродарлашганини яқин келажакда албатта исбот қилиб беради!

Тоғлик одам сезгир бўлади. У яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ҳеч қачон унутмайди. Тоғлик ё дўст ёки душман бўлиши мумкин, унинг учун учинчи йўл йўқ.

Тагаурск – бепоён адирга жойлашган овул. Кенг кўчанинг ҳар икки томонига осетинларнинг турар жойлари – уйлари, боғлари, отхоналари, омборлари жойлашган. Габо билан Саид кўчани кесиб ўтиб, бир ҳовлига бурилишди. Уларни итларнинг хуриши қарши олди. Габонинг ўн олти ёшлар чамасидаги укаси Муҳаммад оёқяланг ва ялангбош ҳолида уларга пешвоз чиқиб, саломлашгач, отларни отхонага етаклади. Бўйдор, кенг елкали Муҳаммад кўп жиҳатдан акасига ўхшар эди. Унинг тимқора сочи, катта кўк кўзлари, мушаклари ўйнаб турган билаклари, кенг очиқ пешонаси, қарашларидаги мағрурлик Габони эслатади.

Габонинг отаси Явзико уйдан чиқиб, меҳмонга таъзим қилганича сўрашгач, уни илтифот ила меҳмонхонага бошлади.

Деворлари гилам билан безалган хонада меҳмонлар учун юмшоқ сўри ҳамда курси қўйилган эди. Улар ичкари киришгач, ўртага қўйилган оддий хонтахта билан кичкина курсичалар томон юришди. Мезбон меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Айрим осетинлар ингушларни унчалик хуш кўришмасди. Шунинг учун Габонинг кутилмаган меҳмонни бошлаб келиши Явзикони ҳайратда қолдирди. Лекин «Габо нима қилаётганини ўзи билади», деб ўйлаган қария ажабланганини сездирмади. Аксинча, қофқазликларга хос тавозелик ва меҳмоннавозлик билан меҳмоннинг кўнглини олишга ҳаракат қилди. Суҳбат асносида Саидни зимдан кузатиб, ўғлининг одам танлай билишига яна бир бор тан берди.

Саид русчасига ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайди. Ингушлар яшайдиган овулларнинг биронтасида ҳам янгича мактаб йўқ. Ёшлар мулланинг измида. Ислом илми ва талаблари таъсирида тарбия топадилар. Қолаверса, қарияларнинг доимий тарзда эслатадиган ҳикматлари, турли мавзулардаги ибратли ҳикоялари ёшларга катта таъсир кўрсатади. Кечалари адирдаги гулхан атрофида, тўйларда, байрамларда қариялар қаҳрамон ўғлонларнинг қўрқмасликлари, содиқликлари, чаққонликлари ҳақида ҳикоя қилиб, ёшлар қалбида олов ёқишади. Ҳар бир ёш йигит бу ҳикояларни эшитгач, афсонавий қаҳрамон каби бўлишга аҳд қилади. Ингушлар барча тоғликлар каби номусни ниҳоятда қадрлашади. Ҳаёт ва неъмат – Аллоҳнинг қудрати, Аллоҳнинг инояти, Аллоҳнинг марҳамати. Аммо номус ҳар икковидан ҳам кучли. Дўстга содиқ бўлиш – номусни булғамасликдир. Бу кишига шараф келтиради. Ўлжани қўлга киритишдаги ўзига ҳос айёрлик ва чаққонлик кишиларни ҳайратга солиши мумкин. Бироқ дўст ҳақига хиёнат қилиш гуноҳдир. Дўстни алдаш, ҳатто кичкинагина ёлғон ишлатиш ҳам гуноҳдир.

Ёшлар бу талабларни яхши биладилар. Улар аждодлари каби қаҳрамон бўлиш орзусида юрадилар. Бу орзу ҳар бир тоғликнинг қонига сингиб кетган. Баъзан тушунмаган ёш ингушлар йўлтўсарлик, талон-тарожни қаҳрамонликка йўядилар. Лекин бунинг ҳам ўзига яраша «қонун-қоидаси» бор. Айёрлик ёки алдамчилик қариндошлар, ҳамқишлоқлар, дўстлар ва меҳмонлардан ташқари барча учун қўлланилиши мумкин. Дўстини сотган одам ўзига, бутун уруғига, қолаверса овулга шармандалик ва иснод орттиради. Бундай пасткашликка қўл урган одамга нафрат билан қарашади. Бу ишнинг охири бахайр бўлмагани учун ҳам сотқинлик деярли учрамайди.

Ҳали-ҳали даргавсклик Мисостнинг номини нафрат билан тилга олишади. Русия ҳукуматидан мукофот олиш илинжидаги бу хоин гулхан олдида ухлаб ётган қочоқ дўстини ўлдиргач, тавқи лаънатга учраган эди. Ака-укалари эса унинг касрига қолишиб, қонли қасоскорларнинг ўқига учрашди. Ўғли эса тузалмас дард балосидан ўлди. Уни ҳудди яккамохов каби бир ўзи олиб бориб кўмди. Кўчада ҳеч ким у билан саломлашмайди. Шармандалик либосига ўралган, кишилар нафратига учраган Мисост ҳали ҳам ҳаёт. Xудодан ўзига тинмай ўлим тилайди-ю, ўлолмайди. Ким билади, балки ер хоиннинг ўлик жасадини ўз бағрига олишдан ҳазар қилар...

Саид мана шундай ҳикоялар таъсирида улғайди. Мана шу анъанавий тушунчалар билан дунёқараши ва феъл-атвори шаклланди. Xалқ эҳтиромидаги қаҳрамонларга эргашиш эса - унинг бирдан бир мақсади. Шунинг баробаринда Саид қалбида Ватанига бўлган қайноқ муҳаббати ҳам бор. Қайноқ қалбли тоғ ўғлони ўз хизматлари билан, зарур бўлса ўз жони билан халқига фойда келтиришни истарди. У ҳаёти йўлида яхши мактаб бўла оладиган ҳар бир одатни тан оларди. У немис-колонистлари каби овулларида қишлоқ хўжалик билан шуғулланишни ташкил қилишни хоҳларди. У Ватанидаги ҳар бир эрнинг содиқ, халол, қўрқмас бўлиши учун ҳеч бир иккиланмай юрак қонини беришга тайёр. Унинг қалбида бир ишонч ниш урган: қачонлардир бутун бир халқ учун фойда келтира оладиган иш қилиш имкони туғилади. Ҳозир ўша куннинг албатта келишига ишонч билан яшайди.

Саид уйланмаган. Унинг юрагини бирор гўзал забт эта олганича йўқ. У ўйинқароқ йигитлар тоифасидан эмас, уйланишга шошилмайди. У мағрур тоғ йигитлари одатига амал қилиб, оила қуришдан олдин ботир киши билан ака-ука тутинишни истарди. Ниҳоят, бугун умиди ушалди: у шундай одамни топди. Габо унга ёқиб қолди. Габонинг меҳрибон, очиқ юзи, унинг беозор кулимсираши, ботирлиги, чаққонлиги қолаверса, овулга яқинлашишгандаги виждон амрига бўйин тутиб айтган сўзлари – ҳаммаси унга ёқди.

Саид – ингуш, Габо – осетин, шунга қарамасдан улар ака-ука тутинишади. Унинг фикрича, Габо ҳам бунга қаршилик билдирмайди. Саид бу ҳақда ҳозирча индамай, Габо билан унинг қариндошларини Ксарзанга таклиф этишга, одатларига биноан, мақсадини ҳурматли оқсоқоллар орқали билдиришга аҳд қилди. Явзико билан гаплашиб ўтирган Саид бўлажак ишларини шу тарзда хаёлан белгилаб олди.

Габо кириб, хонтахта устига икки кишилик таом қўйди. Габо меҳмон ҳузурида, отасининг ёнида ўтириб овқат ея олмайди. У этик ва черкасча камзул кийиб олган укаси Муҳаммад билан хизматда бўлади. Явзико билан Саид курсичаларга ўтиришди. Xонага Габонинг тенгдошлари, қўшниларнинг ўғиллари ҳам киришди. Бошларида папоқ. Ҳаммаси беками-кўст қуролланган. Улар девор томонга тизилишди. Шу зайлда Явзиконинг меҳмонини қутлашди.

Габо отасига озгина шароб қуйиб, тақсимчага қўй сонини қўйди. Явзико турди. Саид ҳам ҳурмат юзасидан ўрнидан турди. Мезбон урф-одатга кўра чап қўлида қўйнинг сони, ўнг қўлида ичимлик тўлдирилган шохни ушлаб дуо ўқий бошлади:
- Ё дунёни яратган қудратли Xудо!
- Омин! – деб қўшилишди ёшлар.
- Сен ҳамма нарсани яратганинг учун ҳам бу кеч сенга сиғинаман ўзинггагина илтижо қиламан!
- Омин!
- Оҳу-фарёдимизни эшитганинг, муножотларимни қабул этганинг учун ўзинггагина шукурлар қиламан.
- Омин!
- Биз ўзингга шукур қилиб, экинзорларимизнинг ҳосилдорлиги учун, хонадонларимизга берган қут ва бараканг учун, баданимизнинг соғлиғи учун, мамлакатнинг осойишталиги учун қон чиқариб, Ўзингнинг йўлингда қурбонлик қиламиз.
- Омин!
- Ё қудратли Xудо! Менинг ноламга қулоқ тут: қабиламиз орасида бадбашара, майпараст, номуссизларни яратма! Болаларимиз қабиламиз шон-шуҳрати йўлида униб-ўсишсин.
- Омин!
- Қудратли Xудо, энди биз азиз-авлиёларга сиғинамиз. Момақалдироқ ва ёмғир ҳокими Иля, Xудо олдида бизни ҳимоя қил: Яратган қудратли Xудо экинзорларимиздаги ҳосилни селдан, ёмон об-ҳаводан сувсизликдан асрасин. Мўл ҳосил йиғиштириб олсак, ҳеч қачон унинг номини дилдан қўймаймиз.
- Омин!
- Ўзга юртлилардан, йўловчилардан нон-тузимизни аямаймиз.
- Омин!
- Йўловчи фақат уйимизга тинчлик билан кириб келиб, Xудонинг паноҳида эсон-омон манзилига етиб олсин.
- Авлиё Георгий, жангчилар ва йўловчилар ҳомийси! Сендан сўраймиз-ки...
- Омин!
- Бу уйдан кимда ким сафарга отланса, ёинки Xудо йўлида савобли ишга қўл урса унга хомийлик қил. Ишига кўмак бер. Унинг ҳаётига таҳдид қилувчи бало-қазолардан асра.
- Омин!
- Унинг номуссизлик йўлига кириб, гуноҳга ботишига йўл қўйма.
- Омин!
- Эй Xудо фарзанди – Ийсои Масих! Биз сенга ишонамиз. Сен бизни у дунёда сўроққа тутасан. Биз сендан сўраймиз: бизнинг гуноҳларимиз ва камчиликларимиз бахридан ўт. Чунки биз оми одамлармиз. Қудратли Xудо эса тақдиримиз эгасидир.
- Омин!
- Ё азиз-авлиёлар, Xудо олдида бизга хомий бўлинглар.
- Омин!
- Осмону фалакдаги Xудо, мен Ўзингга маъқул тарзда, аъло даражада сиғинишни билмайман. Аммо юракдан чиқаётган сўзларимни инобатга ол.
- Омин!..

Явзико дуо ўқиб бўлгач, Саидга қўйнинг сонини узатди. Урф-одатга амал қилган Саид гўштдан бир чимдим тишлаб, қолганини ўзига қайтарди.

Овқатланиб бўлишгач, Явзиконинг ўғиллари қолган таомларни йиғиштириб олишди. Меҳмонга тамаки бериб, ўзлари овқатланиш учун ошхонага чиқиб кетишди. Кўп ўтмай Габо қайтиб келди-да, Саидни қўшни ҳовлига таклиф қилди. У ерда ёшлар тўпланиб, ўйин-кулгуни бошлаётган эдилар.
- Яна қизларимизга ошиқ бўлиб қолма, - деб ҳазиллашди Габо йўлда кетатуриб, - Тагаурск қизларининг гўзаллиги ҳақида афсона етти иқлимга ҳам маълум.

Саид кулиб қўйди.
- Ксарзан қизлари ҳам чакки эмас. Бир қараши юракни ханжардек тилиб юборади.

Қўшни ҳовли ёшлар билан гавжум эди.

Қуёш кўк ҳукмронлигини Ойга топширди. Жимирлаб юлдузлар кўринди. Ой нурлари дарахт шохлари орасидан ўтиб, қомати келишган ёшларни томоша қилгандай. Бошларига папоқ, эгниларига ярашиқли черкасча камзул кийган йигитлар бир ерга тўпланиб, чапак чалиб куйга жўр бўлишади. Ой ўзининг нурли қўллари билан қора кўз, рангдор кўйлакли, сочлари узун қизларнинг гўзал юзларини силайди. Кеч ҳавоси ўзгача – ёқимли! Қорачадан келган ёшларнинг бири ғижжакда, бири эса гармонда завқ билан куй чалади. Оҳанг такрорланаверади. Қоронғулик бағридаги овулга бу кеча ўзгача файз киргандек. Ҳатто қариялар ҳам эшик олдида ўтириб, таралаётган мусиқа, ёшларнинг қувноқ овозларига қулоқ тутадилар. Xаёл уларни ўтмишга етаклайди. Гўзал қиз атрофида айланиб, рақсга тушаётган куч-қувватга тўлган йигит кўз олдиларига келади. Бу серғайрат йигит хаёл сураётган ўша қариянинг ёшлиги. Ёшлар шодиёнаси уни хаёлан ўтмишга етаклади…

Саид ҳовлига кириши биланоқ овул оқсоқоли Элбисднинг ўғли Мурод билан рақсга тушаётган гўзал Куарани кўрди-ю, ҳуши учиб, лол қолди.

Осетинларнинг рақсга тушишларини ҳеч кўрганмисиз? Шўх куй янграяпти… Қиз билан йигит ўртада, қолганлар қарсак чалиб, куйга жўр бўлишяпти. Қиз худди ҳавода учиб юрган паридек енгил, ноз-карашма ила ҳаракат қилади. Йигит эса оёқ учида унинг атрофида айланади. Унинг ҳаракати кескин ва жўшқин, ҳудди суви тошдан тошга урилиб оқаётган жиловсиз тоғ дарёсига ўхшайди.

Габо ўртадаги қиз билан йигитга норози қиёфада қараб, қошларини чимирган ҳолда туриб қолди. Ўнг қўли ҳанжар сопини ушлаган. Саид эса Габонинг ёнида, бу ҳовлига кирганидан бери Куарадан кўз узмайди. Унинг қалбида қандайдир портлаш юз бергандай. «Ана у, ана у сен излаган гўзал!» дейди вужудига яширинган овоз. Бу онда Саиднинг кўзига олам янада сирли, янада чиройли бўлиб кўриниб кетди. Ой ҳам ёрқинроқ нур сочаётгандай. Беором юраги эса тез-тез тепади. Саид ён-атрофдагиларга эътибор бермай қўйди. Унинг хаёлини фақат рақсга тушаётган қора соч гўзал ўғирлаган эди. Қизнинг ҳар бир ҳаракати уни маҳлиё этади.

«Менга нима бўлди? – дейди ўзига ўзи. - Бир кўришдаёқ севиб қолдимми?!»
- Рақсга тушаётган қизнинг исми нима? – секингина сўради у Габодан.
- Куара,-деди Габо алоҳида бир меҳр билан.
- Кимнинг қизи?
- Шу уйнинг хўжайини Целлагонинг қизи.

Муҳаммад ҳовлини кесиб ўтиб, қарсак чалаётган ёшлар даврасига қўшилди. Унинг юзлари қувончни яшира олмайди. Xонадон хўжайинининг ўғиллари Гассако билан Ботирбек Габоларнинг олдига келишди. Саид гўё ширин туш кўраётган эди-ю, мезбонларнинг келиши уни чўчитиб, уйғотиб юборгандай бўлди. Габо таништирди:
- Бу бизнинг меҳмонимиз - Саид, Ксарзанлик Теспотнинг ўғли.

Йигитлар Саид билан Габони шарафлашгач, илтифот ила уйга таклиф қилишди. Явзиконинг меҳмонини уй соҳиби ҳурмат билан қарши олди. Меҳмон шаънига айтилган шараф сўзларидан кейин уларни ноз-неъматлардан татиб кўришга таклиф қилди. Саид Муҳаммад алайҳиссалом умматидан бўлгани учун ҳам унга вино ичиш ман этилган эди. Шу боис бир тишлам ширин нон олиб, бир қултумгина шарбат ичиш билан кифояланди. У меҳмондорчиликни тезроқ якунланишини истаётганди. Гўё бутун вужуди ҳовлида қолган-у, бу ерда унинг суратигина тургандай эди.

Ўйин-кулгу эса давом этарди. Бир куй якунига етгач, ўртадаги йигит-қизлар четга чиқиб, даврага бошқалари тушадилар. Саид билан Габо ҳовлига қайтишганда навбатдаги рақс тугаган эди. Ўйин-кулгуни бошқариб турган Гассако Саидга яқинлашди-да, меҳмонни синглиси билан бирга рақсга тушишга таклиф этди. Кейин «Меҳмон билан рақсга туш» дегандай Куарага бош ирғаб қўйди. Куй янгради. Куара уялинқираганича қизлар даврасидан ажралиб чиқди-да, давра бўйлаб оёқ учида енгил, қушдай сузиб айлана бошлади. Чиройи ҳар қандай гўзал маликани лол қолдирувчи бу қизнинг рақси ҳам ўзгача эди: ҳаракатлари мағрур, шу билан бирга нозли. Қизнинг айрим дугоналари у билан фахрланадилар. Айримлари эса ҳасаддан куядилар. Йигитлар эса маҳлиё…

Саид эса кўзлари хумор бу гўзал атрофида рақсга тушяпти. У рақсга тушиб ҳеч қачон мана шундай лаззат олмаган. У қиз атрофида чаққон айланади. Куара эса унинг қалбидан отилиб чиқаётган сассиз нолаларига парво қилмайди. Париваш қиз мағрур «сузишда» давом этади. Йигит бундан аччиқлангандек ер тепиб, тескари қарайди. Кейин гўё дил розини айтаётгандай қўлларини қиз томон узатади.

У бир вақтлар дўстларидан эшитган ажабтовур аҳволга тушди. Қалбини қандайдир олов куйдира бошлади. Саид қизнинг бир нозли қарашига шу тобда жонини беришга ҳам шай эди. Бунинг учун у ҳар қандай буюк ишга ҳам, ҳар қандай қурбонликка ҳам тайёр. Унинг хаёлини фақат бир сўз қамраб олган: «Севаман! Севаман!» У худди туш кўраётгандай қиз атрофида айланаверди. Ҳушини тамом йўқотай деганда Куара унинг аҳволини билгандай бирдан тўхтаб, эгилиб таъзим қилгач, бир неча қадам орқага тисарилди. Бу рақс тугаганига ишора эди. Саид бундан ўзини йўқотиб қўймади. Товонларини уриштириб, ўнг қўлини папоғига қўйди-да, қизга миннатдорлигини билдирди. Кейин Куара қизлар даврасига қўшилгунча олижаноблик юзасидан кутиб турди. Сўнгра ёшларга қаради-да, куйга жўр бўлишгани учун, папоғини олиб, таъзим қилди.

Бу кеча кўп қиз ва йигит ўртага тушди. Аммо Саид ўйинга бошқа қўшилмади. У турган ерида қизлар даврасидаги рангдор кўйлакли қизга тикилгани-тикилган. Қандай жозибали! Бошини мағрур тутишини-чи! Ўртоқлари билан гаплашганда мунча чиройли кулмаса! Қалдирғоч қош остидаги бу кўзларда қандай сеҳр бор!

Явзиконинг уйига қайтишгач, Габо уни ётоққа кузатиб, ечинишига ёрдам берди. Кейин хайрли тун тилаб чиқиб кетди. Саиднинг уйқуси келмади. Унинг кўз олдидан қад-қомати келишган гўзал Куара кетмай қолди. У қўлига бахт қуши қўнганига, бу қушга эга бўлганига амин эди. «У меники!» деб ўйлайди у. У ўзининг Теспот ўғли эканига қандай ишонса, бунга ҳам шундай ишонади. Қиз севгисига сазовор бўлишига нега ишонмасин? Габо унга тутинган ука бўлгач, пайт топиб Куара билан холи учраштиради. Агар қизнинг қариндошлари, акалари бахтига тўғаноқ бўлишса, қизни олиб қочади, тамом вассалом!

Саиднинг хаёли ана шу ўй-режалар билан банд. Эрталабга яқин унинг кўзига уйқу илинди. Шунда ҳам тушида қорасоч, рангдор кўйлакли мағрур гўзал унга тинчлик бермади.

Эрта билан Саид Ксарзанга жўнади. Отга миниш олдидан Явзико билан Габони дўстлари ва қариндошлари ҳамроҳлигида уйига таклиф этиб, бу азизларнинг қутлуғ қадамлари туфайли ғариб кулбаси обод бўлажагини алоҳида таъкидлади.

Явзико билан Габо бу таклифни миннатдорлик билан қабул қилдилар.

Габо меҳмонни кузатиш мақсадида отига минди. Саид йўл-йўлакай таклифини қайтариб, лутфларини дариғ тутмай, албатта боришларини тайинлади, интиқлик билан кутажагини уқдирди. Габо боришга ваъда бериб, ярим соатлик йўлдан сўнг дўсти билан хайрлашди.

Уч кундан сўнг Явзико билан Габо энг яқин дўстлари, қариндошлари ҳамроҳлигида Ксарзанга йўл олдилар. Саид уларни эшик олдида мамнулик ила кутиб олди. Отларни қўшнининг икки ўғлига бериб, меҳмонларни уйга бошлади. Меҳмонлар шарафига берилгувчи зиёфатга Саид овулнинг ҳурматли кишиларини ҳам таклиф этган эди. Уй хўжайини Муҳаммад алайҳиссалом умматидан бўлгани учун хонтахтада вино ҳам, чўчқа гўшти ҳам кўринмасди. Меҳмонлар уйда тайёрланган қўлбола шарбат ичишди. Осетинлар меҳмон мартабасида кекса ингушлар ёнидан жой олишган. Ёшлар эса хизматда.

Саид уй соҳиби сифатида дуо ўқиб, Аллоҳ таолонинг қудрати ва меҳрибонлиги ҳақида ваъз айтди. Меҳмонлар ваъз шарофатига ўринларидан туриб, қадаҳларини бўшатишди. Сўнг бир қари ингуш Явзико ва унинг ўғли учун қадаҳ кўтарди. Явзико бу лутфга жавобан ўрнидан туриб, уй хўжайини ва оила аъзолари шарафига қадаҳ кўтарди. Шундан сўнг қора черкасча камзул кийган, оппоқ соқолли, озғингина қария ўрнидан турди. Бу Саиднинг қариндошлари ичида энг кексаси - Аҳмад. У тагаурсклик меҳмонлар соғлиғи учун, Явзиконинг қариндошларидан бири эса шу ерда ўтирган ксарзанликлар соғлиғи учун қадаҳ кўтарди.

Қадаҳ шу тарзда кетма-кет бўшайверди. Ҳар сафар ҳамма туриб, тантанавор сўзларни эшитиб, қадаҳ бўшатишади. Габо ёш бўлгани учун сўз айтмади.

Ниҳоят, яна Xацҳашнинг ўғли Аҳмад ўрнидан турди.
- Инсонга қувонч берувчи ҳар бир нарса Аллоҳнинг марҳаматидир. Xудога минг қатла шукурким, Одам Ато фарзандларига яшаш ва деҳқончилик учун ер, эрка севимли фарзандларига эса Қофқазни берди. Тоғлар бағрига қимматбаҳо тошлар билан олтинни яшириб ётибди, ўрмонларимиз қушларга, кийикларга қўтосу қоплонларга бой, сувларимиз балиқларга тўла, адирларимиз яхши ишлов берган одамдан ҳосилини аямайди. Тоғларимиз қанча бойликка эга бўлмасин, бир хазина қадрли ва бебаҳодир. Бу хазинани ота-боболаримиз - жойлари жаннатда бўлсин - бизга қалбда авайлаб-асраш ва болаларимизнинг қон-қонига сингдиришни мерос қилиб қолдиришган. Оталаримиздан қолган яхши анъана бор: одамлар қасам ичиб ака-ука тутинишади. Мана шу тоғлар қад кўтаргандан буён номус ва содиқликни қадрлаган одамлар Аллоҳ таоло марҳамати билан ака-ука тутиниб, бошига кулфат тушса ёинки бирор нимадан зориқса бир-бирига ёрдам берадилар. Улар қасам қадаҳи ичишган. Ҳар бир инсон ўзидан кўра кўпроқ ишонса бўладиган ака ёки ука қидирган. Агар ана шундай одам топишса авваламбор маслаҳат ва кафолатнома сўраб, оила катталарига мурожаат қилишган. Бугун кечқурун ҳам шундай бўлди. Теспотнинг ўғли Саид мендан Габо Явзико ўғлининг у билан бирга қасам қадаҳини ичишга розилигини сўрашни илтимос қилди. Габонинг чаққонлиги ва ботирлиги Саидга ёқиб қолибди. У Габонинг қалбида қанча мардлик ва шижоат бўлса, шунча номус ва содиқлик борлигига амин. Орқаваротдан эшитган гапларимизга қараганда, Саид Габони танлаб тўғри иш қилган. Габо, Саидга тутинган ука бўлишингни сўраймиз.

Ҳамманинг нигоҳи Габога қаратилди. Габо бу таклифни кутмаган эди. Шунинг учун ноқулай аҳволда қолди. Уни бу аҳволдан отаси қутқарди. Явзико туриб, ўғлининг уялинқирагани учун ўтирганлардан узр сўраб, Саиддай бир одамнинг фарзандига тутинган ака бўлиши билан ғурурланишини билдирди. У ўғлининг бу таклифни жон-жон деб қабул қилишини истарди. Аммо қасам – муҳим, аҳамиятли иш. У икки одамни бутун умрга бирлаштиради. Шу сабабли ўйлаб бир хулосага келиши учун ўғлига то эрталабгача мухлат беришларини сўради.

Зиёфат шу зайлда тугади. Овул аста оқшом оғушида қолди.

Чироқлар ёқилди. Ёшлар рақсни бошлаб юборишди... Икки ёш куй чаляпти. Саид ўзини ўйин-кулгудан тортган. Уй хўжайини эканини баҳона қилиб ҳеч бир қиз билан рақсга тушишни истамайди. Лекин Габо тортинмай ўртага тушди. Ҳолбуки, унинг хаёли ҳам Тагаурскда. У ҳали ҳам бир нарсани ўйлайди: Саидга тутинган ука бўлсамикин? Саиднинг ботир йигитларга хос ўзини тута билиши унга ёқиб қолган. Аммо қасам ичиш - бу катта гап! Шундайку-я, бироқ агар тутинган ака қидирган тақдирда Саиддан яхшироқ одамни топа олармикин? Ҳа, ҳа, у қасам ичишга рози бўлади!

Эртасига пешинда Аҳмад қариндошларини бошлаб келди. Яна кечаги ўринларга ўтиришди. Саид фотиҳа ўқиди. Кейин Аҳмад туриб, Габодан Саид билан ака-ука тутинишга розилигини сўради.


Ҳамма Габонинг жавобини кутарди. У турди:
- Аввало муҳтарам отахонлар, бизни деб шу ерга келганинглар учун раҳмат. Саидга ҳам раҳмат. Саиднинг мени укаликка сўраганидан фахрланаман. Мен у билан қасам қадаҳини бўлишиб ичишга тайёрман. Саиднинг тутинган укаси билан фахрланадиган даражада яшашимга, қасамга содиқ бўлишимга Xудонинг ўзи ёрдам бергай. Номусни жонимдан юқори қўйишимда, то сўнгги нафасимгача укалик бурчимга содиқ қолишимда Яратганнинг Ўзи куч ва ирода бериб, марҳаматини аямагай!
- Омин! - ҳамма бир овозда уни қўллади. – Қасамингга содиқ бўлиб қолишингга Аллоҳнинг Ўзи кўмак бергай!

Энди Саид Теспот ўғли ўрнидан турди.
- Габо, менга ука бўлишга розилик берганинг учун миннатдорман. Бугун ичажак қасамимга содиқ бўлишимга Аллоҳнинг ўзи нажот бергай. Бизнинг тақдиримиз энди бирлашди: сенинг ғаминг менинг қайғум, сенинг қувончинг- менинг шодлигим, менинг уйим-сенинг уйинг, менинг ака-укаларим – сенинг оға-иниларинг!
- Омин! – ҳамма бир овоздан дуо қилиб, унинг қасам сўзларини қувватлади. – Аллоҳнинг Ўзи қасамингга содиқ бўлиб қолишингга кўмак бергай!

Аҳмад Xацҳаш ўғли туриб тоғ шарбати тўлдирилган қадаҳни Саидга узатди. Саид қадаҳга олтин танга ташлади. Сўнг Аҳмад дуо ўқигач, икки одамнинг то ўла-ўлгунча бир-бирига содиқ бўлишларига нажот беришини Аллоҳдан сўраб, қадаҳни Габога узатди. Габо қисқагина дуо ўқиб, у ҳам умрининг охиригача қасамга содиқ қолишида Xудодан нажот сўради. Дуодан сўнг ичимликдан бир қултум ютиб, Саидга узатди. Саид ўнг қўлида қадаҳни ушлаб, то қабрга киргунича Явзиконинг ўғлига содиқ бўлишида Яратгандан нажот тилади.
- Агар мендан заифлик устунлик қилиб сотқинлик ҳақида ҳатто ўйлагудай бўлсам, менга қувват бер, бугун даргоҳингда қабул қилаётган қасамни бузмасликка нажот бер!

Саид қадаҳдан бир хўплаб яна Габога берди. Габо охиригача ичгач, олтин тангани олиб, яшириб қўйди. У бу тангага қўй сотиб олиб, кейинги сафар Саид қариндошлари билан уйига борганида сўйиши керак эди.

Саид билан Габо шу зайлда тутинган ака-ука бўлишди.

Кечқурун Саид Габони адирда сайр қилишга таклиф этди. У қари нок дарахти олдига бориб, унинг пойида азиз-авлиёларга сиғиниб, Куарани хотинликка сўрамоқчи эди. У қалбида Куара ёқиб қўйган севги оловида қовурилаётганини Габога айтиб бермоқчи эди. Габо қандай қилиб бўлса ҳам уни Куара билан яқинлаштириши керак.

Улар кенг овул кўчасидан жимгина ўтиб боришди. Атроф кимсасиз бўлса ҳам, Саид бу ерда юрак розини айтишдан ийманди. Адирга чиққач айтарман, деб ўйлади. Овулдан чиқишаётганда Габо сўз бошлади:
- Саид, сен энди менинг тутинган акамсан. Сендан яширадиган сирим йўқ. Ҳеч кимга ишонмаган сўзларимни биринчи бўлиб сенга айтаман. Саид, мен уйимнинг бекаси бўла оладиган қизни топдим.

«Мен ҳам», деб ўйлади Саид. Унинг кўз олдига рангдор кўйлакли мағрур гўзал келди. Унинг севги шаробидан маст бўлган қалби қизга интилди.
- Мен уни кўпдан бери севаман, - деб давом қилди Габо, - шу қизни деб баъзан кечалари ўлжанинг пайига тушаман. Мен унинг маликалардан аълороқ яшаши учун шароит яратиб беришим керак.

«Куара ҳам меникида ана шундай шоҳона шароитда яшайди», ўйлади Саид.
- Мен хазина тўплаб, кўмиб қўйганман.
- Қаерда? – деди Саид. У нимани сўраганини ўзи ҳам билмасди. Xаёлини қорасоч гўзал ўғирлаган эди.
- Билиб қўйганинг яхши. Xумча олтин - кумуш, қимматбаҳо тошларга тўла. Агар мен уларни қазиб олишга улгурмай ўлсам, сен уни топиб, ота-онам, хотинимга ғамхўрлик қиласан.

Габо хазина беркитилган жой қаердалигини билдирди.
- Сен айтганингдай қиламан, - деди Саид, кейин қўшиб қўйди, - Аллоҳ сенга тани-соғлиқ бериб, умрингни узоқ қилгай.

Улар овул аҳли муқаддас ҳисобловчи дарахтга етиб келишди. Юз ёшли бу баҳайбат дарахтнинг шохлари тарвақайлаб ўсиб кетган эди. Ривоятларга кўра, унинг шохлари орасида азиз-авлиёлар руҳи яшармиш. Улар ҳатто бедаво касалнинг уруғини қуритишга ҳам қодир эканлар. Дарахтга дуосиз яқинлашган одамнинг ҳолига вой. Дарахт сурхини кесиб олиб кетмоқчи бўлган одамнинг қолган умри ғам-андуҳда ўтади. Кимда-ким пайғамбар алайҳиссалом номини дуога қўшиб ўқигач, дарахт соясида ўтириб нокдан еса, унга ҳеч қандай бало кор қила олмайдиган бўлади. Дарахтга юзлаб жониворларнинг шохлари илиб ташланган. Бу овчиларнинг иши. Улар эрталаб омад тилаб, азиз-авлиёларга ёлворадилар, кечқурун эса овнинг барорини бергани учун шукроналик белгиси сифатида шохларни илиб кетадилар. Касалдан ёки бирор ташвишдан қутилган одам эса Яратганнинг ўзига шукр қилиб, латта-лутталар боғлаб кетади.

Шу ерда тўртбурчак деразаси жанубга қараган, тошдан ишланган мўъжаз мақбара ҳам бор. Авваллари майитларни шу ерга кўмишарди.

Габо мақбарага яқин келиб, ичига қаради.
- Қўрқинчли жой, - шивирлади Саид.

Бу ерга жуда кўп мурдалар қўйилган. Девор томонларда тобутларнинг айримлари чириб, нураган: одам суяклари кўриниб турибди.

«Қочоқнинг беркинишига мос жой экан» шивирлади ўзига ўзи Габо.

Саид илоҳий дарахт ёнига яқинлашди. Бўркини ерга ёзиб, тиз чўкди-да, пешонасини тез-тез саждага қўйиб, «Мени Куарага етиштир», деб Аллоҳга ёлборди.
- Гўзалимга етиштир, тутинган укам менга ёрдам берсин. Аллоҳим, мени Ўзинг ҳимоя қил!

Саид турди. У нажотга ишонар эди. Бу онда у хотиржам ва бахтли эди. Ҳатто хаёлан уйда хўжалик ишларини бошқараётган Куарани кўрди.

Саид илтижосини ниҳоясига етказди-да, кутиб турган дўсти ёнига келди. У айни дамда ўзини ниҳоятда саодатли ҳис этди, назарида қуёш ҳам одатдагидан бошқачароқ эди. У Габо билан қасам қадаҳини ичди. Энди унинг ботир, номусни ҳамма нарсадан юқори қўювчи тутинган укаси бор. У қўшниси Куара билан учраштиради.

«Бахтимга етишишимга нима қаршилик қилади?», хаёлан сўрайди у ўзидан.
- Саид сендан илтимосим бор эди, - унинг хаёлини Габо бўлди, - икки-уч кундан сўнг вақт топиб бизникига бор. Тутинган акам сифатида отам билан бирга қўшнимиз Целлагоникига чиқиб, Куара билан мени фотиҳа қиласизлар.

Саид лол қолди. Кимдир унинг бошига гурзи билан ургандай гаранг бўлди. Кўз олди қоронғулашди. Дастлаб у Габонинг сўзларини фаҳмлай олмади. Зўр қийинчиликлар билан ўзини ушлаб, босиқлик билан сўради.
- Куара рози бўлармикин?
- Ҳа! – Габо бахтиёр жилмайиб, Саидга узукни кўрсатди, - Буни Куара тақдим қилди. Совчи юборишимга ҳам розилик берган.

Саиднинг қалби қоп-қора тун оғушида қолди. Унинг ҳаётини безаб турган нарсани Габо бир сўзи билан тортиб олди. Қалбини чил-чил парчалаб юборди. Куарага бўлган севгиси тинчлик бермаётган қалбда унинг гўзалини тортиб олаётган одамга – тутинган укаси Габога нисбатан нафрат уйғонди. Йўқ, у биринчи кунни бўркини тортиқ қилгандай, Куарани ҳам шундай бериб қўя қолмайди!

Шамол саҳродаги қумларни тўзитганисимон, Саиднинг хаёли оламида ҳар хил аламли фикрлар сузиб юрарди.

«Ханжар билан бир мартагина урса бўлди. Унинг гўзал Куарасини тортиб олувчи одам йўқ бўлади» дейди унга шайтон васваса қилиб.

Бу фикридан Саид қўрқиб кетди. Ранги оқарди.

«Бугун ичган қасамимга содиқлигим шуми? Йўқ, йўқ, Габо ҳеч қачон Куарани севишимдан хабар топмайди!»

У секингина деди:
- Яхши, мен фотиҳа тўйингга бораман.

Саид уйга кўнгли чўккан бир аҳволда қайтарди. Унинг қалби энди аламдан, ғамдан ёнарди. Шундай бўлса ҳам ўзини тутиб Габога сир бой бермади, ҳоли қолишни истади.

Уйга келишганда Тагаурслик меҳмонлар қайтишга ҳозирлик кўриб қўйишганди. Саид уларни кузатиб қўймади. Одатга хилоф бўлса-да, шу топда кузатишга қурби етмасди. Майли, одамгарчилиги йўқ экан, дейишса дейиша қолсин.
- Габо, мени кечир, сени кузатиб қўя олмайман.

Меҳмонлар кетишгач, Саид хонасига кириб ичдан қулфлаб олди. Қайғу аламини ичига ютиб, ўз ғамига ўзи қовурилиб ётди.

Унинг қалбидаги муҳаббатни ҳеч кутилмаганда укаси тортиб олди. У эса… укасига ханжар кўтаришни ўйлади-я!

Парчаланган муҳаббат қийноғига виждон азоби ҳам қўшилди. Биринчи куниёқ қасамни бузишига оз қолди. Йўқ, буни ҳеч қачон кечиролмайди! Саид бу гуноҳи учун ўзини ўзи жазолаши керак!

Тагаурскка, фотиҳа тўйига боради. Кейин Куаранинг маликалардай шоҳона турмуш қуриши учун Габога кўмаклашади. Габо ўзи билмаган ҳолда акасининг қалбини жароҳатлаб қўйди. Саид бундан кўп азоб чексада чидайди.

Бир неча кундан сўнг Тагаурскка, фотиҳа тўйига борди. Куара билан Габони фотиҳа қилиб қайтди. Шундан сўнг Саид индамас бўлиб олди. Кеч кириши билан юраги орзиқади. Тунлари уйқусиз. Кўз олдида узун қора сочли гўзал гавдаланади халос. Уни ҳаяжон қамраб олди. Унинг қарғиш теккан, кўмиб қуйган муҳаббати яна бош кўтараётган эди. Саид титраб кетди. Кўз олдида Куара гавдаланиши билан укасига нисбатан номуссизлик қилаётгани учун виждони уни айблай бошларди. Мана шу уйқусиз тунларда ўзига-ўзи савол берарди:

«Азиз авлиёлар нима учун арз-додимга қулоқ солишмади? Нега мен азоб чекяпман? Ахир қариялар умматнинг ҳар бир оҳу-фарёдини пайғамбар инобатга олади, деб ўргатишар эди-ку. Наҳотки…» Унинг хаёли шу ерда узилди. Бошқа нарсаларни ўйлаб гуноҳга ботишдан қўрқди.

У онасининг «сенга нима бўлди?» деган саволидан қочишга уринаверди. Аммо кампир ўғлининг қалбини қандайдир ғам тимдалаётганини сезди.
- Сен ўзингни бир нима билан овуцанг бўларди… балки отда сайр қиларсан…

Саид итоаткорлик билан рози бўлди.
- Яхши, бир айланиб келаман.

Унинг дардли овози яширин ғамини ошкор қилиб қўйди.

Оқшомда отини эгарлаб, адирга чиқиб кетди. Қуёш уфқни гўё ёндириб, қизартириб турибди. Унинг хаёлига бирдан халқининг кўҳна қўшиғи келди. У беихтиёр қўшиқ айта бошлади. Унинг назарида қалбидаги бутун ғам адир бўйлаб таралаётган мана шу майин қўшиқ билан чиқиб кетгандай бўлди:

Шамси анвар мағрибда,
егилиб ерга:
Ўзи билан бахтимни
Олар қабрга.
Оғар гулгун осмон ҳам
Кўрсатиб сеҳр,
Сақлагандим сен учун
Қанчалар меҳр.
Тонгла қуёш қайтадан
Нурин сочадир,
Аммо мендан истиқбол
Ҳануз қочадир…
Бутун борлиқ қоронғу
Бамисоли қабр…
Ҳам йўқотиш, ҳам ҳасрат
Йўқлик ва жабр!

Қўшиқ тугагач, у отини елдирди.

Отнинг тез югуришими, ёинки кечнинг салқин ҳавоси сабаб бўлдими, йигитнинг қалбидаги ғубор тарқади. Кўзларидан яна жўшқинлик учқунлари сачради.

Сайр пайтида у Александровка станицасидаги казакларда жуда кўп хўкиз борлигини билди-ю, Габо билан яқин кунлар ичи бир бахтини синаб кўришга аҳд қилди.

Эртасигаёқ Саид Габонинг уйига келди. Муҳаммад отни отхонага етаклади. Габо дўстини уйига таклиф қилди. У Саиднинг нима учун келганини сезди. Бир ишни бошламоқчи бўлганини пайқади. Аммо ҳеч нарса сўрамай, меҳмонга таом тайёрлашни буюрди. Таом тайёр бўлгунча боққа чиқишди. Бу ер тинч, иш тўғрисида бемалол гаплашиб олиш мумкин.
- Куннинг ажойиблигини қара! – деди Саид Габога қора кўзларини тикиб. – Кечалари бундан ҳам гўзал – қоп-қоронғу!
- Ҳа, кечалар қоронғу, аммо ўз йўлини биладиган одам учун ёп-ёруғ, - деди Габо.

Улар жим қолишди. Сукутни Саид бузди:
- Бу йил Александровка станицасидаги казакларнинг хўкизи жуда кўп.
- Шундай дегин…- Габо акасининг мақсадини даров тушунди:- қайси кунни мўлжаллаяпсан?
- Бугун тунда чиқилса ҳам бўлади.
- Яхши. Бир ўзингмисан?
- Ҳа.

Габо ўйланиб қолди.
- Муҳаммадни ҳам олсакмикан? Ёш бўлса ҳам чаққон, оғзи ҳам маҳкам.
- Яхши, ўзинг билан бирга ол. Xўкизлар Терек дарёсининг бу қирғоғида адирда ўтлаб юрибди. Мен уларни кеча кечаси кўрдим.
- Подачилар кўпми? – қизиқсинди Габо.
- Тўрт киши.
- Уларни танимайсанми? Қанақа одамлар экан?
- Гулханнинг ёруғида кўзим сал-пал илғади. Мен уларни аввал от бозорида кўрган эдим. Чўпонларнинг бири қари майпараст Андрюша, яна биттаси хотинларнинг ишқивози Ваня, Трофим деган калтафахм тентак билан яна бир бола ҳам бор.
- Режа тузиб қўйгандирсан? – сўради Габо.
- Йўқ, мен ўлжанинг қайси томонга қочишига қараб иш кўраман.

Габонинг хаёлига айёрона бир режа келди.
- Саид, агар рухсат берсанг, менда бир режа бор, шунга қараб иш кўрсак. Албатта, мен ёшман, сенинг олдингга тушиб, сенга ақл ўргатишга ҳаққим йўқ. Бироқ фикримча, бу ишни осонгина дўндириш мумкин.
- Айтавер, биз ака-укамиз-ку, айбга ўрин йўқ.
- Муҳаммад қизларнинг кийимини кийиб олади, - давом этди Габо, - бу ишни менга қўйиб беравер, кейин ўзинг қойил қоласан.
- Яхши. Ўша ерда шароитга қараб бир нарса қилармиз.
- Соат тўққизда йўлга чиқамиз,- Габо шундай деб режасини тушинтира кетди, - Александровкагача йигирма беш чақирим. Энди бориб ёт. Бу кеча ухлашга вақт бўлмайди. Муҳаммад билан гаплашиб олиб, мен ҳам ётаман.

Саид дам олиш учун уйга кирди. Габо эса эндигина меҳмоннинг отига ем бериб бўлган укасининг ёнига келди. Муҳаммад одатдагидай оёқяланг, дағал бўздан тикилган иштони чарм камар билан белига маҳкам боғланган. Кўйлаги ҳам ўша матодан. Тугмалари қадалмаган. Қуёшда қорайган кўкраги кўриниб турибди.
- Муҳаммад, бугун кечқурун сени ўзим билан олиб кетаман, - деди Габо.

Муҳаммаднинг кўзларида, беғубор юзларида қувонч порлади. У акасининг баъзи-баъзида кечалари чиқиб кетишини биларди. Аммо халигача бир марта ҳам акаси уни ўзи билан олиб бормаган эди.
- Ҳозир отларни ўтлоққа ҳайдаб, кўз-қулоқ бўлиб тур. Кейин казак қизларининг рўмоли билан кўйлагини топиб, тугунчага ўраб қўй. Ўзинг билан олволасан. Аммо билиб қўй: бу ишни ҳеч ким сезмаслиги керак. Қоронғу тушиши билан эгарни олиб борамиз. Ўзинг учун кулранг отни ўтлоққа олиб чиқ.
- Xўп бўлади.

Муҳаммад буюрилган ишларни акасининг кўнгли тўладиган даражада қойилмақом қилиб бажариш иштиёқида ёнади. Тўғри, у қизларнинг кўйлаги нима учун керак бўлишини тушунмай турибди. Шундай бўлса ҳам сабабини сўрамади. Акасининг ўйламай туриб бир иш бошламаслигини у яхши билади.

Габо бироз бўлса ҳам дам олай, деб ётди. Бу пайтда Муҳаммад боғ оралаб ўтиб, туйнукдан қўшнининг ҳовлисига чиқди. Пастаккина сомонхонада икки казак аёли ухлаб ётарди. (Қўшниси уларни йиғим-теримга ёрдам берсин деб ёллаган). У саройга ўғринча кириб, юбка билан катта рўмолни олди-ю, шарпа чиқармай изига қайтди.

Бу ўғирлик бир дақиқанинг ичида содир бўлди. Девордаги туйнук билан отасининг боғига ўтиб олгач, енгил тортди. Тугунчани ошхонага, хашак орасига беркитиб қўйгач, учта отни ўтлоққа ҳайдади. Отларнинг оёқларига қофқазча темир тушов ургач, кийиниб келиш учун уйига ошиқди. Дағал бўздан тикилган иштонини ечиб, кенг, кўм-кўк, пастки қисми болдирига таранг тортилган шим, юмшоқ теридан тикилган, қўнжи тиззасигача чиқувчи, пошнасиз, таги юмшоқ этик, ёқасига тилларанг чилвир тортилган сариқ пешмат камзул, унинг устидан кўкрагига кумуш ўқдан тизилган черкас қора камзули кийиб, белига кумуш ханжарни осди. Бошига папоқ кийди. Акасининг ёнида ҳамроҳ бўлиш бу ўсмир наздида қувончли байрам ҳисоблангани учун астойдил тайёргарлик кўришдан эринмади.

Ер юзига оқшом чодир ташлаганда Муҳаммад Габо билан Саидга таом келтирди. Уйда Явзико бўлмагани учун Саид билан Габо бирга овқатланди. Муҳаммад хизматда бўлди. Кейин ўзи овқатланди.

Габо уйидагиларга Александровск казакларининг хўкизларини Ксарзанга ҳайдаб келиш учун Саид билан кетаётганини, ўлжанинг бир қисмини бекитиқча сўйиб, бир қисмини тоққа яширажагини айтиб, шошилаётгани сабабли отасини кутолмаслигини билдирди.

Ниҳоят қоронғу тушди.

Габо иккита эгарни елкасига ташлаб, овулнинг қоп-қоронғу кўчасига чиқди. Муҳаммад ўзининг эгари билан тушов ва арқонларни олди. Саиднинг ёши улуғ, шу билан бирга меҳмон бўлгани учун ҳеч нарса кўтармади. Учовларида ҳам милтиқ, тўппонча бор эди. Овулдан билинтирмай чиқиб олишди. Отларни қийналмай топишди. Улар Муҳаммад ташлаб кетган ерда туришарди. Жониворларнинг оёғидан тушовни ечиб, эгарлаб, учовлари ҳам бир вақтда сакраб минишди. Саид ўртада, Муҳаммад кичик бўлгани учун - ўнгда, Габо чап томонда. Ҳаво тоза. Атроф зим-зиё қоронғу бўлганидан отлар йўлни топиб юриш учунми, бошларини эгиб олишган эди.
- Муҳаммад, - деди Габо бирдан укасига қараб, - сен қизларнинг кийимини кийиб олгинда Ванянинг бошини айлантириб, бир амаллаб даврадан ажрат.
- Сен уни ўлдирасанми? – деб сўради Муҳаммад.
- Бу унинг ўзига боғлиқ. - жавоб берди Габо. Қилиқ қилмаса, тирик қолади.

Орага яна сукунат чўкди. Тун... Фақат от туёқларининг юмшоқ ерга теккан заиф товуши эшитилади. Кутилмаганда қўзғалган кучли шамол булутларни парча-парча қилиб юборди. Осмонда юлдузлар кўринди. Уларнинг кучсиз титроқ нурлари замин сатҳини ёритишга ожиз. Саид отини елдирди. Ака-укалар унга эргашишди. Улар баланд-паст адир бўйлаб анчагина йўл босишди. Саид йўл кўрсатиб борди. Икки соатлардан сўнг Саид эҳтиёткорлик билан секинлашди. Казакларнинг қишлоғи яқин қолган эди. Ярим соатларча шу зайлда юришгач, у тўхтади.

Узоқда олов кўринди.
- Бу подачиларнинг гулхани, - деди Саид.

У яшириниш учун пастқамгина жой танлаб, отларга қарашни буюрди. Муҳаммад устидаги кийимларни ечиб, қизларнинг либосини кия бошлади. У черкасча камзули билан қуролидан бир дақиқа ҳам ажралгиси келмас эди. Шу боис иштонининг устидан юбкани кийиб, кичик рўмол билан жағини танғиб, катта рўмолнинг учларини елкасига ташлади.
- Муҳаммад, - деди Габо, - Гулханга яқинлашгинда, Ваняга кўриниш бер. Агар сени ушламоқчи бўлса, қоч. Ноз-карашма қилиб, уни чалғитавер. Аммо гаплашма. Уни шу томонга олиб келаверасан. Биз сени мана шу тепалик олдида кутамиз.

Муҳаммад қоронғуликда гулханни кўзлаб юриб кетди. Гулханга яқинлашгач, учрашувга кетаётган нозаниндай юриш қилди. Йигитча гулхан атрофига келиб қарасаки, подачилардан бири ухлаб ётибди, учтаси эса гаплашиб ўтирибди. Атрофда элликтача хўкиз ўтлаб юрибди. Баъзилари ётиб олган.

Муҳаммад гулханга яқин келиши билан икки ит вовуллаб, унга ташланди. Лекин подачилар бақиришиб, итларни чақириб олишди.
- Сенга нима керак? – деб сўради Ваня.

Лекин «қиз» рўмолининг учини айлантирганича жавоб бермади. Қора мўйловли, чиройли казак - Ваня ўрнидан туриб у томонга юрди. Ўн олти ёшдардаги Митя эса унга эргашди. Лекин Ваня унга қараб бақирди.
- Ҳой итвачча, менинг орқамда нима бор? Қараб тур, сенга кўрсатиб қўяман.

У шундай деб таҳдид қилганича муштини кўрсатиб қўйди. Митя қўрқиб гулхан ёнига қайтди. Трофим яна мудрай бошлаган эди.
- Ванянинг ўйнашларидан бири келибди, - деди Митя Трофимга. - Оҳ, оҳ, аммо хотинлар бобида жуда омади келишганда...
- Ҳа-ҳа, хотинлар... - кулди Трофим кейин лабини чилпиллатиб қўйди-да, оловга яқин ўтирди.

Бу пайтда Ваня мўйловини бураб нотаниш гўзалга яқинлашиб сўради:
- Яхши қиз, кимни қидиряпсан?

«Қиз» ишва билан кулиб юзини яширди.

Ваня яқинроқ келди, «қиз» эса орқага чекинаверди.
- Қўрқма, қизлар мени севишади, мен уларнинг кўнглини олабиламан.

У «қиз»ни кўздан кечирди. «Қиз» жуда гўзал, қомати келишган. Уни қаерда кўрган экан? Ҳеч эслай олмади.
- Кимсан, яхши қиз?

«Қиз» хиринглаб кулишини қўймайди.
- Ахир гапирсанг-чи, нега келдинг? Кимни қидиряпсан?

Шунда «қиз» уятчанлик билан шивирлади:
- Ваня…

Бу сўзни подачи хотиржам эшита олмади. Унинг қони қайнаб, «қиз»га ташланди. Маҳкам қучоқлаб, лабини унинг лабига босди. «Қиз»нинг гўштдор лаби илиққина эди. Аммо ўнг қўли билан ушлаётган кўкраги ҳали қаттиқ эди.
- Ҳали жуда ёшга ўхшайди, бировнинг қўлига тушмаган бўлса ҳам керак,- деб ўйлади Ваня.

Лекин тунги меҳмон шашт билан унинг бағридан юлқиниб чиқиб, югуриб кетди. Ваня ҳам унинг орқасидан қичқирганича югурди.
- Нега қочяпсан? Ахир Ванянинг олдига келдингми? Бирпас ўтирайлик. Мен қандай ўпа олишимни кўрсатаман.

Саид билан Габо унинг овозини эшитиб, ўша томонга эмаклашди.
- Саид, у қичқиришга улгурмасин. Сен томоғидан ол. Мен қўлларини ушлайман.

Муҳаммад тепаликка келиб тўхтади. Чуқур-чуқур нафас олди. Акаси билан Cаиднинг шу яқин орада эканини биларди. Ваня Муҳаммадга етиб олди. Бироқ «нозанин»ни қучоқлаб, лабларини қидириб топмасдан Саид унинг томоғига шундай ёпишдики, бечора ошиқ ғинг дейишга ҳам улгурмай қолди. Габо осмондан тушгандай пайдо бўлиб, бақувват қўллари билан унинг қўлини сиқди. Муҳаммад эса энгашиб, Ваняни чалиб йиқитди. Бунинг ҳаммаси кўз очиб юмгунича содир бўлди. Ҳеч ким бир оғиз сўз айтмади. Ваня ерда ётар, Cаиднинг қўллари ҳали томоғини қўйиб юбормаган эди. Ваня хириллай бошлади.
- Тезроқ бўл, - деди осетин тилида Габо укасига. – Оёғини маҳкам боғла. Мана шундай… Энди қўлини… йўқ, бундай эмас, орқасига қилиб… Қани уни ағдар-чи, томоғини қўйиб юборма, - огоҳлантирди Саидни, - яна бўғиб ўлдириб қўйма… мана шундай… Энди бечора ошиқни кўтарамиз. Мана бундай ўтирсин.
- Xўш Ваня, - давом этди Габо. – Энди менинг айтганларимни сўзсиз бажаришинг керак.

У ханжарини чиқариб, учини Ванянинг томоғига тиради. Томоғига ўткир тиғ тегиб Ваня чўчиб тушди.
- Томоғини қўйиб юбор, - деди Габо Саидга, - Кўрдингми Ваня, ким шилталик қилиб, қизларнинг орқасидан югурса, шу аҳволга тушади! Лекин сен биздан қўрқма. Биз каллакесар эмасмиз, агар ўзлари ажал чақиришмаса, биз бекордан бекорга одам ўлдирмаймиз.
- Агар айтганларимизни қилсанг, тирик қоласан, - деб гап қўшди Саид.
- Нима қилишим керак? – деб сўради Ваня, жонҳолатда.
- Аввал менинг саволларимга жавоб бер! Агар алдасанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Бугун тунда нечта подачи қолгансанлар?
- Тўртта.
- Бошқаларнинг исми нима?
- Андрюша, Трофим, Митя.
- Андрюшанг мастми?
- Йўқ, ухлаяпти. Бугун ичмади.
- Сенга эргашган бола ким?
- Митями? Ҳали гўдак-ку?
- Ёнидаги-чи?
- Униси тентак Трофим-ку! Xавотирланманг, сизга қаршилик кўрсатмайди. У гапга кирадиган одам. Нима буюрилса итоат билан бажаради. Шунинг учун доим уни ўзимиз билан олиб юрамиз.
- Яхши. Энди… Митяни чақир.
- Митя! – қичқирди Ваня.
- Қаттиқроқ чақир.
- Митя!
- Нима дейсан? – гулхан томондан эринибгина жавоб берди бола.
- «Бу ёққа кел» деб қичқир, - деб буюрди Габо, кескин оҳангда.
- Бу ёққа кел! – деб бақирди Ваня итоаткорлик билан.
- Нимага? – бола эриниб, ўрнидан қўзғолгиси келмади.
- Бу ёққа кел итвачча! – деб сўкинди Ваня.

Ғашланиб ўрнидан қўзғолган Митянинг яқинлашиши кўриниб турарди. Гулхан ёруғида унинг қоп-қора гавдаси кўзга ташланарди. Габо Муҳаммаднинг бошидан рўмолини чаққонлик билан олиб, Ванянинг оғзига тиқди.
- Xўш, – тантанавор оҳангда деди Габо, - бунисининг бизга зиёни тегмайди. Энди кичкинани ҳам шундай жимгина жойлаш керак.

Бу орада Митя яқинлашиб қолди.
- Ваня қаердасан? – деб қичқирди у.

Жавоб бўлмади.

Саид боланинг орқасига ўтди. Муҳаммад олд томондан эмаклаб яқинлашди. Дақиқа ўтмай Митя ҳам Ванянинг аҳволига тушди. Унинг ҳам қўл-оёқларини боғлаб, Ванянинг ёнига ётқизишди.
- Тўхта, тўхта! – деди Габо укасига, - Миямга ажойиб фикр келди. Юбкангни ечиб, Митяга кийдир. Ахир Ваня қизларнинг кўйлагини кийган болани яхши кўради-ку!

Ваня билан Митяни ўринларидан турғаздилар-да, болага казак қизининг юбкасини кийдирдилар. Уларни қўллари орқага боғланган, юзма-юз, кўкраги кўкрагига тегадиган ҳолда қўйиб, катта рўмол билан иккала бошни танғиб, бирлаштириб қўйишди.
- Xўш… Энди нимани истасанглар шуни қилаверинглар. Xоҳласанглар сайрга чиқинглар, хоҳласанглар турган ерларингда рақсга тушинглар, хоҳласанглар роҳатланиб ётаверинглар.

Митя ҳиқиллай бошлади. Орият азобидаги Ваня эса бу хўрликка чидай олмай ғазаб билан биғиллади. Бечора ўсмирни ўзидан нарига улоқтириб юбориш қасдида силкий кетди. Бу ҳаракатдан баттар гангиб, ўзини йўқотган йигитча беихтиёр унинг оёғини босиб олди. Буни рақибнинг ҳамласи деб англаган Витя ўша заҳоти Митянинг тўпиғига тепди. Бир-бирига боғланган икки казак шу тарзда бир-бирини тепиб, чала кетди. Уларнинг бу ҳаракатларидан уч томошабин мириқиб завқланди. Ниҳоят, талваса рақсига тушаётган Ваня билан Митя мувозанатни сақлай олмай ерга қулашди.
- Агар казаклар эртага буларни шу аҳволда топишса, ичаклари узилгунча кулишади. Қани, энди бошқаларнинг олдига кетдик, - деди Габо.

Трофим гулханга тикилганча ўтирибди. Андрюша эса ухлаяпти. Трофимнинг қаршисида икки қуролланган киши худди тун бағридан отилиб чиққандай пайдо бўлди.
- Қўлингни кўтар! – Габо секин аммо қатъий буйруқ қилди.

Барча подачилар каби Трофимнинг ҳам милтиғи бор эди. Аммо у бошқалар оца ёки буюрсагина милтиғини ишга соларди. Шу сабабли бу сафар милтиқни ишга солишга ҳаракат ҳам қилмай, итоаткорона қўлини кўтарди. У нотаниш одамларга қараб анқайиб қолди: улар ким, нима керак?
- Агар бақирсанг, аҳволинг чатоқ бўлади. Ахир биз приставнинг қўриқчисимиз-а! У бизни хўкизларни ҳайдаб келишга юборди. Приставнинг хўкиз гўштини яхши кўришини билмайсанми?

Трофим ҳеч нарсага тушунмай сўради:
- Ростданам пристав юбордими?
- Ҳа, эртага эрталаб сўрашса, хўкизларни приставнинг қўриқчилари, полиция ҳайдаб кетди, деб айтасан, - деди Габо.
- Тушундингми? – деб дўқ урди Саид.
- Ҳа, тушундим, - деди Трофим довдираб, - хўкизнинг қўриқчилари…
- Xўш, энди қўлингни орқага қил, - буйруқ қилди Габо. Трофим гапга тушунмай иккиланиб қолди. Шунда Габо унга яқин келиб, елкасига туртди:
- Қўлингни орқангга қил!

Тентак, бу сафар буйруққа итоат билан бўйсунди. Уни боғлашди. Андрюша эса ҳамон бамайлихотир ухларди.

Габо билан Саид унга яқин келишлари билан адирда дайдиб юрган икки пахмоқ ит уларга ташланди. Саиднинг қиличи итларни бир зумда тинчитди. Бири гулхан олдида жонҳолатда типирчилаб қолди, иккинчиси яраланиш азобидан акиллаб, тун бағрида ғойиб бўлди.

Андрюша шовқин-сурондан уйғониб кетди.
- Нима гап? – деб сўради у гарангсиб.
- Тинчлик, отахон, ҳеч гап йўқ, - деди Габо унинг тумшуғига тўппонча тираб. Андрюша қўрқиб, ўзини орқага ташлади.
- Пристав подачилар яхши ишлаяптими йўқми, деб бизни текширишга юборди. Сени ухлаб қолганинг чатоқ бўлибди.
- Ахир…
- Жим бўл! – бақирди бор овози билан Габо, - йўқса кекирдагингни узиб ташлайман. Саид, қўлини орқасига қилиб маҳкамроқ боғла, кейин… - Габо ниманидир қидириб қолди. Кейин кичкина бочкача топиб унга узатди. - Мана буни бошига кийдириб қўй. Паст томонидан иккита тешикча очиб қўй. Қани арқонни ол-чи! Xў-ўш… арқоннинг учини оёғининг орасидан ол, яхши, энди бир учини бочкага боғла… Xў-ўш… ана энди хоҳласанг рақсга тушишинг ҳам мумкин. Фақат тик тур, яна гулханга ўтириб олма.
- Кўрдингми, Андрюша. Бу сенга мактаб бўлади. Энди вазифангни унутиб, гулхан ёнида ухламайсан, - деди Саид.-Муҳтарам бошлиқларимиз юқори вазифаларни эгаллаган одамларнинг тарбияси ҳақида мана шунақа қайғурадилар.

Габо эрталаб бўлажак воқеаларни ўйлаб, хаёлан қувонди. Зап иш бўлдими: иккитасини бир-бирига боғланган ҳолда топишади. Мана бу иккитаси хўкизларни полиция ҳайдаб кетди деб турса…

Муҳаммад отларни олиб келгунча, Саид билан Габо хўкизларни бир жойга тўпладилар. Тез орада подани ҳайдаб, изларига қайтишди. Xўкизлар ҳар томонга тарқаб кетавергани учун секин юришди. Саид гугурт ёқиб, соатига қаради.
- Габо, ярим тун бўлай дебди. Подани Ксарзанга ҳайдаб улгурмасак керак. Тагаурскка ҳайдасак нима дейсан?
- Сен нима десанг шу-да, фақат тезлаштириш керак.

Габо Саид билан Муҳаммадни пода билан тоғ ўрмонларига юборишга, хўкизларнинг бир қисмини қишлоқдаги дўстлариникига яширишга, бирини ўзи учун сўйишга қарор қилди. Тонгда Тагаурскка етиб келишди. Саид билан Муҳаммад тўхтамай, қирқтача хўкизни тоққа ҳайдашди. Габо қишлоқ оқсоқоли Элбисдни уйғотди-да эшик олдида турган бузоқни ҳадя сифатида қабул қилишини сўради.
- Александровск казакларининг хўкизларини ҳайдаб олиб кетишибди. Эрталаб подачилар бу ишни приставнинг қўриқчилари қилган дейишади, - деди у кулимсираб. – Агар кимда-ким Тагаурскка келса меникига юборинг. Майли, тинтув ўтказишсин. Бу иш фақат Явзиконинг ўғли Габонинг қўлидан келади, деб айтинг.

Оқсоқол нима дерди: унинг кўнгли тўқ, ўз улушини олди.

Габо қолган хўкизларни қўшниларга бир-бир тарқатди. Қўшнилар бундай тонгги совғанинг нимани англатишини сўзсиз тушунишади. Габо семиз хўкизни отаси ёрдамида сўйиб, терини дўкондорга сотди. Гўштини ошхона томондаги пичан орасига яширди.

Эртасига эрталаб, хўкизларнинг ҳайдаб кетилгани маълум бўлгач, станица ҳаяжонда қолди. Дастлаб бошига бочкача кийдирилган Андрюшани, кейин Трофимни топишди. Улар хўкизларни ҳайдаб кетганлар «биз приставнинг қўриқчиларимиз» дейишганини айтишди. Казаклар Ваня билан Митяни кўриб, ўзларини кулгидан тўхтата олишмади. Қўпол ҳазил қилишди. Ҳатто бу воқеадан сўнг кўп йиллар ўтганидан кейин ҳам ана шу кеча ҳақида сўз кеца Ваня ғазабга келарди.

Ванянинг айтишига қараганда, қароқчи Габо бўлиб чиқди. Бундай масхарабозлик фақат Габонинг қўлидан келади. Унинг бундай қилмишлари овулдан ташқарида ҳам маълум. Унинг услуби шунақа. Бироқ ҳеч ким уни айблай олмайди. Доим сувдан қуруқ чиқади.

Казаклар шу заҳоти пристав Николай Петрович олдига йўл олишди. Улар Трофим билан Андрюшанинг гапларини айтишди. Айниқса, приставнинг хўкиз гўштига ишқивозлиги ҳақида сўз кетганда унинг кўзлари ғазабдан ёнди. Казаклардан бири Ванянинг тагаурсклик осетин Габодан гумони борлигини айтгач, пристав шу бугуноқ тинтув ўтказишга қарор қилди.

Пешинда пристав казаклар билан Тагаурскка йўл олди. У тўғри оқсоқолникига келиб, кечаси Александровка казакларининг хўкизларини ҳайдаб кетилганини айтди. Оқсоқол чуқур уф тортиб, ёшларнинг бебош бўлиб кетишгани, замон нотинчлигидан нолий кетди. Пристав унга синовчан қараб, «гумонинг кимдан?» деб сўради.
- Агар қароқчи бизнинг овуллик бўлса, бу иш фақат Габо Явзико ўғлининг қўлидан келади, - деди оқсоқол ишонч билан.
- Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйлаган эдим.

Казаклар билан оқсоқолнинг ҳамроҳлигида пристав Габоникига келди.

Габо отаси билан ҳовлида турарди. Приставни кўриб у томон югурди-да, етиб бориб, таъзим қилди.
- Габо! – деди пристав қатъий оҳангда, - александровкаликларнинг хўкизлари қани?
- Александровкаликларнинг хўкизлари қаерда дейсизми? - худди тушунмагандай сўради Габо, - Менимча, улар Александровкада бўлса керак.
- Уларни ўғирлаб кетишибди! – пристав ғазабдан ўзини тутиб туролмади. – Уларни сен – шайтон ўғирлагансан!
- Жаноб пристав, - деди Габо ҳақоратланган киши овози билан, - Мен ўғри эмасман. Гуноҳсиз бир одамдан гумонсирашга ҳаққингиз йўқ. Майли, қидиринг, тинтинг. Барибир ҳеч нима топа олмайсиз.

Шу топда казаклардан бири приставга ердаги қон доғини кўрсатди.
- Бу қон қаердан келди? – сўради пристав.
- Онам товуқ сўйибдилар – деди Габо хотиржамлик билан. – Кеча меҳмон бор эди.
- Ким?
- Ксарзанлик Саид Теспот ўғли.
- У ҳам олғир йигит, муттаҳамликда сендан қолишмайди, - деб минғирлади пристав, - уни ҳам қўлга олиш қийин… Казаклар! Уйни, отхонани тинтиб чиқинглар!

Шундай деб буйруқ бергач, Габога қаҳрли нигоҳини қадади:
- Бугун кечаси қаерда эдинг?
- Қаерда бўлардим… кўрпа ичида. Уйда бўлганимни гувоҳлар тасдиқлашлари мумкин.

Казаклар уйни, ошхона, омборхонани тинтиб, хўкиз гўштидан асар ҳам топа олишмади. Кейин отхона томонга юришди. Габо уларга эргашди. Улар томдаги пичанни ерга отишаётганда ҳам ҳаяжонини билдирмади.
- Тўхтанглар-чи, - деди Габо, - ўзларингизни уринтириб нима қиласизлар, мен ўзим ташлайман. - У томга чиқиб, қолган пичанни беркитилган гўшт билан кўтарди-да, пастга ирғитди.
- Ҳар бир бурчакни яхшилаб қаранг, - деди пристав.

Ҳовли ўртасидаги гўшт яширилган пичан уйимига ҳеч ким эътибор бермади. Казаклар пастга тушишди.
- У ерда ҳеч нима йўқ.- дейишди приставга.

Пристав ҳеч нимага тушунолмай, Габога қараб ўйланди.

Габо унга яқинлашиб, жилмайди:
- Мана кўрдингизми, жаноб пристав. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ мени ранжитдингиз. Уйимизда тинтув ўтказдингиз. Нима сабабдан мендан гумонсирадингиз?
- Мен эмас, ўзингнинг оқсоқолинг гумонсираяпти, - деб ўзини оқлади пристав.
- Шундай денг! – Габо ранжигандай бўлиб, оқсоқолга норози қиёфада қаради. - Гуноҳсиз овулдошингизни айблашга қандай ҳаддингиз сиғди? Сиз бизни қоралаш эмас, ҳимоялаш учун оқсоқол бўлгансиз!

У кўзлари ёниб, оқсоқолнинг ёнига келди.
- Бу сафар гуноҳсиз бўлганинг билан менга бақиришга хаққинг йўқ! – деди оқсоқол ундан юзини ўгириб.
- Бу сафар денг, - бақирди Габо ва унинг елкасидан ушлаб, ўзига қаратди. – Бу ҳақорат! Мени қачон ўғрилик устида ушлагансиз, қачон?!

У жаҳл билан ханжарига ёпишди.

Пристав уларни ажратиб қўйди. Бироқ оқсоқол билан Габо ўртасидаги жанжалдан шодланди. У ғазаб билан айтилаётган гаплар орасида ўзига керакли бирор нарсани билиб олишдан умидвор эди.

Лекин Явзико бу томошага айёрлик билан барҳам берди. Приставни казаклар билан бирга ўз нон-тузини тотишга таклиф қилди. Пристав ноз қилмай, рози бўлди. Уни меҳмонхонага бошлашди. Оқсоқол билан уй хўжайини унинг кўнглини овлаш билан машғул бўлишди.

Казаклар чекиб, лақиллашиб ошхонада ўтиришди.

Габо пичан орасидаги хўкиз гўштидан бир неча бўлак кесиб олиб онасига келтириб берди-да:
- Онажон, сели қотмаган гўшт приставнинг жиғилдонини қитиқлайди. Қассобдан насияга олиб келдим... – деди муғомбирлик билан.

Габо чаққон-чаққон ҳаракатлар билан нозик меҳмоннинг кўнглини овлади. Пристав олдига қўйилган сочиқ орасида ҳадя борлигини англаб, ҳеч кимга сездирмай, пулни олиб чўнтагига урди. Бунақа иззат-икромга кўп дуч келгани учун «бундан мақсад нима?» деб сўраб ҳам қўймади.

Явзико меҳмон олдига икки хумчада ажойиб осетин пивосини қўйди. Бу ҳам приставнинг кўнглини юмшатишга кўп ёрдам берди.

Овқатдан сўнг у Габони чақирди.
- Менга қара Габо, айтайлик, бугун сен билан нотўғри муносабатда бўлдик. Ҳа, сенинг айбинг йўқ. Ҳамма гуноҳ бизда. Пристав ҳам гоҳида янглишади. Лекин мендан бир нарсани яширма: хўкизлар қаерда? Мен буни пристав сифатида эмас, меҳмонинг сифатида сўраяпман. Гап иккаламизнинг ўртамизда бўлади. Мен сенга жазо бермайман. Таъқиб ҳам қилмайман. Фақат менга хўкизлар қаердалигини айт.
- Жаноби пристав, - жавоб берди Габо айёрона жилмайиб, - агар хўкизлар тирик қолган бўлса ўрмонда юргандир. Аммо уларни ҳеч ким топа олмайди. Жаноб пристав, қовурдоқ қалай, ёқдими?

Пристав бир сукутгина тошдек қотиб қолди. Кейин шундай хохолаб кулди-ки, кўзларидан ёш чиқиб кетди.
- Йўқ, Габо, сен…сен ҳақиқий товламачисан, хийлагарсан! Қаранг-а! У бизни ўзимиз қидирган гўшт билан сийлаяпти-я! Яхши! Лекин мен казакларга айтаман. Габо, айт-чи, гўштни қаерга яширган эдинг? Биз излаб тополмадик-ку?
- Нима ҳам қила олардим? Жаноб пристав, яна бир қидириб кўринг, - деди кинояли кулги билан Габо.

Айбдорларни топа олмаган пристав шу куниёқ казаклар ҳамроҳлигида қароргоҳига қайтди.

* * *

Габо билан Куара энди куёв-келин. Целлагонинг уйида бўлган фотиҳа тўйида қалин миқдорини келишиб олишди. Тўй тез орада, янги йил кириши биланоқ бўлиши керак эди. Габо Куарадан беш ёш катта. У қизни болалигидан билади. Фақат мана шу Куарагина овул қизлари ичида Габонинг юрагида севги ўтини ёқишга муяссар бўлди. Габо қизни болаликдан яхши кўради. У болалигида Куара билан бирга ўйнарди, ҳатто қизга тахта бўлакларидан аравача ясаб берган, Куара бу аравачада қўғирчоғини солиб ўйнаб юрарди.

Куара ҳам бу баҳодир йигитни севади. Габо қиз учун тенгсиз бир қаҳрамон, айни чоқда кўркам ва ажойиб йигит. У жуда кўп йигитларнинг таклифини рад этди. Гўзал ва мағрур Куара ишқидаги жуда кўп йигитлар қалб азобидан кўп оҳ чекдилар!

Тагаурск оқсоқолининг ўғли Мурод ҳам ана шу кўйга тушган жабрдийдалардан эди. Албатта, у сиртдан қараганда қизга жуда мос эди. Отаси ўзига тўқ, ҳурмати зўр одам. Ўзи оиланинг орзу-умиди, якаю-ягона ўғил. Мурод бўйдор, аммо сочи тўкилаётган, бурни катта, беўхшовроқ эди. Уйда ота-онаси ҳаддан зиёд эркалаб юборганидан ўз хоҳишига жуда эрк берган. Мурод Куарадан рад жавоби олишга ақли етгач, уни олиб қочиш режасини тузди. Куаранинг Терпско исмли амакиваччаси бор. Камбағал бу йигитнинг кўнгли жуда-жуда бўш. Мурод турли совға-саломлар билан унинг кўнглини овлади. Муродга унинг кўмаги шу кунларда сув билан ҳаводай зарур эди. Муроднинг фикрича, қизни олиб қочиб, номусига теккандан сўнг, Куарани ҳеч ким олмайди. Шунда унинг оиласи Муродни куёв қилишга мажбур бўлади.

Габо Муроднинг Куарага кўнгли борлигини биларди. Шу ўринда Куаранинг фақат ўзи - Габони севишига ҳам қаттиқ ишонарди. Унинг мағрурлиги, рақибидан ҳар томонлама устун эканига ишончи Куарани Муродга рашк қилишига йўл бермасди. Бироқ Куаранинг яқинида Муродни кўриб қолгудай бўлса, барибир аччиғи чиқарди.

Куара билан Габонинг фотиҳа қилиниши Муродни режасидан қайтара олмади. У Габонинг довруғидан ҳам, ҳайбатидан ҳам унча қўрқмасди. «Менинг ханжарим ҳам уникидай ўткир», - деб ўйларди. У Терпскога суянса бўлади. Терпско ҳозир Муродга яқин дўст бўлиб қолганидан хурсанд. Бироқ Мурод унга режасини гапириб берганда Терпско аввалига қаршилик билдирди. Бу иш унинг назарида оиласига хиёнат, қисқаси, аблаҳлик бўлиб туюлди. Синглисини тузоққа тушириб, унинг бахтиқаролигига сабабчи бўлишни истамади. Лекин Мурод бир-икки гап билан унинг иккиланишини пучга чиқарди. У шундай қиладики, қариндошлари тугул ҳатто Куаранинг ўзи ҳам икки дунёда Терпсконинг Муродга ёрдам берганини сезмайди. Бу соҳада Муроднинг тайёр режаси бор: Терпсконинг бирдан-бир қиладиган иши - Куарани расмга тушишга кўндириш-у суратхонадан бир ўзининг чиқиб келишини таъминлаш. Қолганини Муроднинг ўзи қотиради.

Куара ғойиб бўлиши билан Терпско бу ҳақда Тагаурскга хабар бериши керак. Бу орада эса мўлжалдаги иш амалга ошган бўлади... Муроднинг айтишича, шу зайлда Терпско унинг яқин қариндошига айланади! Йигит киши учун ахир бу фахрли-ку! Бу муттаҳам, қароқчи Габонинг ҳаёти бир кунмас бир кун ёмонлик билан битади. Терпско сал иккиланса-да, барибир кўнгандай бўлди. Ўзининг аралашуви сир сақланишига кафолот берилгач, кўнгли бироз тинчиди. Мурод унинг бутунлай рози бўлмаётганини сезиб, ҳал қилувчи зарба берди: у Терпскога фақат Владикавказдагина топиладиган кумуш ҳолли ажойиб эгар ваъда қилди. Мурод Терпскода шундай эгар олиш орзуси борлигини, лекин ҳамёни қуруқ эканини биларди. Ниҳоят, Мурод ғолиб чиқди. Терпско узил-кесил рози бўлди. Қўл беришишди. Куаранинг эса боши устида тўпланаётган бало булутлардан хабари йўқ. У Габога бўлган муҳаббатидан маст, тўйга тайёргарлик кўрарди. Бир куни амакиваччаси Терпско ундан куёвтўрага қандай совға-салом тайёрлаётганини сўради. Куара Габо учун рўмолчалар тикиб қўйганини, дастаси олтин ранг иплар билан безатилган қамчин тайёрлаганини айтди. Терпско унга фотосуратини совға қилишни таклиф этди-да:
- Сен бундан бўлак яхшироқ совға қилолмайсан, - деб таъкидлади. Бу фикр Куарага ёқиб тушди. Терпско уни шаҳарга кузатиб боришга тайёр эканини айтгач, ноз қилмай рози бўла қолди.
- Ҳа, айтмоқчи, Ботирбек ҳам шу кунлар ичи шаҳарга тушмоқчи эди-я, - деб аҳдини қатъийлаштирди.

Бу гап Терпскога ёқмади. Лекин Ботирбекнинг боришига қаршилик билдиришга қўрқди. Қиз ҳавфсираб қолиши мумкин эди. «Қандайдир баҳона билан Ботирбекдан албатта ажралиши керак», деб ўйлади у. Улар келаси душанба куни шаҳарга боришга келишишди. Терпско усти ёпиқ извош топишни ўз зиммасига олди-ю, келишув ҳақидаги хабарни шу куниёқ Муродга етказди. Бу хушхабардан кўнгли тўлган Мурод тайёргарликни тезлатиш мақсадида шаҳарга кетди. Кўп ўтмай Владикавказда Терпско ҳам пайдо бўлди. Улар келишиб олинган соатда муюлишда учрашишди. Бир неча извошчилар билан гаплашишди. Бир-бирига жуда ўхшаган тўрт ғилдиракли икки извошга дуч келишгач, уларнинг биринчиси билан Терпско келишди. У извошга учта оқ от қўшилиши шарт эканини, уч кишини Тагаурскдан олиб келиб, яна қайта олиб бориб қўяжагини айтиб, баҳолашди. Мурод иккинчи извошни ҳам худди шу кунга тайинлади. У ҳам извошга учта оқ от қўшишни таъкидлади. У извошчига шу куни шаҳар кўчаларида кўринмай, ҳовлида тоққа чиқишга тайёр туриши кераклигини айтди. У манзилни аниқ айтмади, Владикавказдан ўттиз чақирим наридаги Алагир қишлоғига борилиши шартлигини ҳозирча извошчининг билиши лозим эмас эди. Шу боис Мурод қирқ чақиримдан зиёд йўл босмасликларини айтиб, извошчини ҳотиржам қилиш учун олдиндан сахийлик билан пул тўлаб қўйди.

Мурод Тагаурскка қайтиб келгач, шу ишга ёрдам бермоқчи бўлган яқин дўстларидан бири Садулни Алагирга юборди. Садул бориб Муроднинг амакиси Сосани огоҳлантириб қўйиши керак эди. У Муроднинг душанба куни гўзал қиз билан келишини, номуси булғанган қизни оиласи турмушга узатишга кўнмагунча яхшилаб яшириб қўйиши шартлигини айтди.

Соса топшириқни эшитгач, бир оз ўйлаб, мулоҳаза қилди-да, ҳаммаси жияни айтгандай бўлишини уқтириб, «кўнглини ҳотиржам қилаверсин», деб қўйди.

Шанба куни Габо Владикавказга бориб, Куара учун қидира-қидира энг чиройли олтин камар, осетин қизларининг кўйлагини безайдиган ўнта қимматбаҳо тўғнағич сотиб олди. Энг узун тўғнағич юқорига тақилиб, кўкрак устини безайди. Қолганлари пастга кетма-кет қадалади. Энг кичиги белдан сал юқорига тақилади. Тўғнағичларга ўрта асрга хос Осиё суратлари билан безак берилган эди.

Якшанба куни тушдан сўнг Габо зеб билан кийиниб, ёнига Муҳаммадни олди-да, Целлагонинг уйига борди. Муҳаммад ипак қоғозга ўралган совғаларни кўтарди. Целлаго уларни кутиб олиб, бўлажак куёвини меҳмонхонага бошлади. Габо хонтахта устига қимматбаҳо туҳфаларни қўйиб, қаллиғига совға қилиш нияти бор эканини айтди. Бу безаклар Куара ҳусну-жамоли олдида арзимас эканидан ҳижолатда эканини билдириб, бундан зиёдроқ қимматбаҳо нарса келтирмагани учун узр сўради. Шаҳардан қидириб топганлари шугина эди. Целлаго эса бу зийнатларга ҳайрат билан боқарди – ўзича чамалаб кўриб, бу буюмларга олти юз сўм нарх қўйди. У Габога миннатдорчилик билдириб, куёвга кўриниш бериш учун ясанаётган Куарани чақиргани чиқди. Қиз тез орада чиқди. Оддий кийинган, аммо гўзал Куара Габога жилмайиб боқиб, қўл берди. Габо аввал ўнг қўлини папоғига қўйиб таъзим қилди-да, Куаранинг нозик қўлини ўзининг ўнг қўлига олиб сиқиб қўйди. Муҳаммад ҳам бўлғуси келинойисининг қўлини ушлаб кўришни истар эди. Аммо Габонинг жиддий қаровчи кўзлари эшикни имлади. Муҳаммад бу ерда ортиқча эканини тушуниб, ноқулайлик билан таъзим қилиб чиқди. Ҳар нечук қуруқ қолмади, Куара унга бир жилмайиш ҳадя этди.

Габо билан Куара фотиҳа тўйидан кейин илк бор бир ўзлари қолишди. У қизнинг белидан қучиб ўзига тортди. Қиз қаршилик билдирмай ўз бахтидан, муҳаббатидан маст, бўлиб унинг кенг кўкрагига бошини қўйди. Габо чап қўли билан унинг бошини кўтариб гўзал юзига, чиройли кўзларига тикилди. «Ҳам гўзал, ҳам ақлли, ҳам меҳрибон», деб ўйлади у. Габони бахт шароби мағрур этди: шу гўзал қиз унинг қаллиғи!
- Куара, - деб шивирлади у, кейин бошини эгиб қизнинг юмшоқ лабларидан бўса олди, маҳкам қучди. Қизнинг назарида ўзи шу топда ҳимоясиз, жуда кичкина, жуда нозик эди. Шу билан бирга йигитнинг қучоғида ўзини айтиб бўлмас даражада бахтиёр ҳис этарди. «Агар хоҳлаганимда ҳам унинг қучоғидан қутилиб чиқа олмасдим», деб ўйлади қиз. Бу ёқимли қучоқдан қутилиб чиқишни орзу ҳам қилмасди. Бу чайир билаклар оғушида маст бўлиш унинг учун энг буюк саодат эди. Ўз ихтиёридан чиқиш, ўзини севганига тўлалигича топшириш, муҳаббат чўрисига айланишдан ўзга истаги йўқ эди.
- Габо! - деб йигит елкасига қўлини қўйди-да, унинг кўзларига тўйиб боқиш учун ўзини сал орқага ташлади. Икковлари ҳам бир неча дақиқа сукутда қолишди.
- Габо, - деди у жилмайиб, йигитга бошдан оёқ кўз ташлаб. - Мен сизни ҳар вақт севардим. Мен ҳеч қачон сиздан бошқа одам билан турмуш қуришга рози бўлмас эдим.

Қиз унинг юзларини силади.
- Габо, мен сизни севаман. Фақат сизни!
- Куара, - деди Габо қасамёд этаётган киши овози билан. - Мен ҳам сени севаман. Фақат сени ўйлайман. Менга сендан бўлак қиз ёқмаган. Куара, Xудонинг ўзи сени менга бахтим учун яратган.
- Куара! - у қизнинг бошини икки қўли билан ушлаб, унинг кўзларидан, пешонасидан, юзларидан ўпди. Ниҳоят, уни қўйиб юборди. - Куара, бир-биримизни севишимиз қандай яхши!

Бу орада уйга қизнинг онаси Дандана кириб, патнисда май тўла кичкина қадаҳ билан ширинлик қўйди. У баъзи бир нарсаларни кўрди, сўнгги сўзларни ҳам эшитди. Эшитди-ю, ёшлик кезларини эслади:

«Целлаго ҳам мен билан худди шу зайлда гаплашар эди» - деб ўйлади у енгил энтикиб.
- Бу ажойиб зийнатлар учун Габога раҳмат айтдингми? – деб сўради у яна совғаларга ҳайрат билан боқиб.
- Йўқ! – қизарибгина жавоб берди Куара. – Мен ўзим учун энг қимматли бўлган совғага махлиё бўлиб қолибман.

Душанба куни эрталаб Тагаурскка тўрт ўринли, учта оқ от қўшилган извош келиб тўхтади. Извошчи бир ярим соат мобайнида отларга дам бергач, соат тўққизларда Куара Ботирбек ва Терпско ҳамкорлигида шаҳарга йўл олди. У миллий кийимда эди. Кўйлаги устидан Габо совға қилган қимматбаҳо безакларни тақиб олганди, бошига эса қора сочларини яшириб турувчи оппоқ тўр рўмол ўраганди.

Улар шаҳарга эсон-омон етиб келишди. Извош сураткашнинг уйи олдида тўхтади. Куара акалари билан биргаликда учинчи қаватга кўтарилди.

Терпско Мурод билан Садулнинг шу яқин орада эканини биларди. Келишувга мувофиқ, улар кузатиб туришлари, Куара акалари билан уйга кириши биланоқ, извошчининг ҳақини тўлаб, жўнатиб юборишлари керак эди. Шундай бўлди ҳам. Извошчи тунов куни Терпско билан Муродни бирга кўргани учун ҳеч нимадан гумонсирамади. Кира ҳақидан ташқари чой пулини ҳам олгач, қувонганича жўнаб кетди.

Бир неча дақиқадан сўнг Садул учта оқ от қўшилган извош билан пайдо бўлди-да, Куаранинг чиқишини Мурод билан бирга кута бошлади.

Муродга ёрдам бериш мақсадида келган амакиваччалари Пўлкан билан Пиетрко эса эшикдан кўз узмай кўчанинг у бошидан, бу бошига бориб келишарди.

Бу орада Терпско сураткашга сирли оҳангда бир неча сўз айтди. Суратни олиб бўлгач, ёш йигитни («Терпсконинг рақиби»ни) бир нима биландир чалғитиб, қиз билан гаплашиб олишига имкон яратиб беришни илтимос қилди.

Сураткаш бундай воқеаларга кўп дуч келганми, дарров йўлини топа қолди. У сурат олиб бўлгач, «Терпсконинг рақиби»ни суратнинг нархини савдолашиш баҳонасида бир неча дақиқа ушлаб туришга ваъда берди. Шундан сўнг сураткаш Куарани ўтиришга таклиф қилди. Икки хил кўринишда суратга олди. Қиз суратни Габога беришини, унинг хурсанд бўлишини кўз олдига келтириб мамнун жилмайди. Терпско эса хаяжонда эди. У дераза орқали кўчани кузатади.

Извош йўқ.

«Ҳа, яхши. Мурод уни жўнатиб юборибди».

Ботирбек деразага яқинлашмасин учун уни чалғитди. Озгина вақт ўтгач, хонанинг у ёғидан бу ёғига юриб, дераза олдида тўхтади. Яна ташқарига қаради: эшик олдида бошқа извош турибди.

«Мурод шу яқин орада бўлиши керак…»

Садул кўчанинг у томонида туриб, соацоз-жухудининг дўконидаги соатга қарайди. Пўлкан билан Пиетрко эса кўча бўйлаб юришибди.

Куаранинг иши битди. Терпско уни кузатди.
- Ҳа, айтмоқчи, Ботирбек, суратларнинг нархини келишиб олсанг бўларди, - деди у остонага яқинлашганда.
- Куара, сенга нечта сурат керак? – деб сўради Ботирбек.

Куара ўртоқларига ҳам совға қилса, олтитаси етар деб ўйлади.
- Ботирбек, биз сени кўчада кутамиз, - деди Терпско.
- Яхши, - деди Ботирбек, устахонага қайтатуриб, - мен ҳозир чиқаман.

Куара билан Терпско зиналардан аста тушиб боришарди. Терпсконинг юзига иснод булути соя солган. У ўз синглисини сотяпти! Энди вақт кеч, Муродга сўз берган, қолаверса… кумуш халли эгар…

Олға!

Кўчага чиқишди. Тўрт ўринли, учта оқ от қўшилган извош эшик олдида кутиб турибди. Улар бироз туриб қолишди.
- Куара, сен извошга ўтира қол. Кўчада тургандан кўра ўтирганинг дуруст. Мен Ботирбекни шоширай-чи, негадир хаяллаяпти.

Терпско шундай дегач, изига қайтди. Қимматбаҳо кийимдаги гўзал Куарага ўтган-кетганлар қарайвергани учун ҳам, у извошга ўтиришни маъқул топди. Қиз ўтириши билан пойлаб турган Мурод ва унинг кетидан амакиваччалари извош ичига ёпирилиб киришди.
- Мурод, сенмисан? – деб қичқириб юборди Куара ҳам аянч, ҳам нафрат билан. Бошқа сўз айтишга, қичқириб, ёрдамга чақиришга улгурмади. Муроднинг кафти қиз оғзини маҳкам беркитди. Қаршига ўтирган Пўлкан эса қизнинг қўлларини ушлаб, оёқларини тиззаси орасига олди. Садул кўчани кесиб ўтиб, извошга чиқди. Извошчи отга қамчи босди. Извош шаҳар кўчаларидан ўтиб адирга йўл солди.

Куара чайир қўллардан қутилиб чиқишга уринар, лекин ҳаракатлари зое кетарди. Пўлканнинг қўли билан тиззаси уни темир исканжадек сиқиб турарди. Мурод чап қўли билан қизнинг белидан қучиб, ўнг қўли билан оғзини беркитган эди.
- Габо, қаердасиз? – Куаранинг қалби нола қилиб, севикли ёрини чорлайди, - бу аблаҳлардан қачон озод этасиз!

Қутулишга уринишлари яна зое кетди. Ҳансирай-ҳансирай, ўз тақдирига тан беришга мажбур бўлди. Пиетрко Куара томондаги деразанинг пардасини туширди-да, ўзи дераза томонга эгилиб, қизни кўчадаги ўткинчиларнинг кўзидан яширди.
- Куара, - пичирлади Мурод қизнинг қулоғига, - мана кўрдингми, барибир сен меникисан.

Куара бу совуқ нафасдан титраб кетди.
- Ҳа, бугун адирда бутунлай меники бўласан. Сен яхшиликча кўнмаган эдинг, энди номусинг булғаниб, шармандалик билан менга тегасан. Сен мени менсимай, совчи юборишимга кўнмадинг. От ўғриси Габога кўнгил қўйдинг. Xўш, у ҳозир қаерда? Энди у сени қутқариб олармиди?

Куара ўзини нима кутаётганини Мурод айтмаёқ биларди. У урф-одатларни яхши билади. Агар Мурод қизни ўғирлашга ўғирлаб, номусига тегмай покиза ҳолда қўйиб юборса ўзи шарманда бўлади. Қиз бунга тушуниб турибди. Аммо унинг ақли гўзал чиройига монанд: Муродни алдашга уриниб кўради. Шунинг учун ҳам у бутун кучи, бутун қалби билан Xудога илтижо қилиб, номуссизликдан сақлашни, шаҳарга тушмай туриб қандай покиза бўлса, Габога шундай ҳолда кўринишини сўрарди.
- Ё Xудо, ўзинг мадад бер! Авлиё Георгий, менга раҳминг келсин. Сен ҳатто аждаҳоларни ҳам енггансан, менинг Габоимга кўп ёрдаминг теккан. Мендек кучсиз ва ҳимоясиз бир қизга, бу кишиларни алдашга кўмак бер. Мени шармандаликдан асра, Габо учун номусимни сақлашга ёрдам бер!

Куара дуонинг ижобат бўлишига умид қилиб, бироз тинчланди. У авлиёнинг ёрдам беришига ишонарди. Унинг ҳеч қандай аниқ режаси йўқ, аммо кўнгли ва ақли тўғри йўл кўрсатишини сезиб турибди. Габога бўлган севгиси унга куч берди. Пок ниятли қизга Xудо ҳам марҳаматини аямайди. У Муроднинг қўлига бошини қўйиб пиқиллаб йиғлай бошлади. Қиз қўрқинч ва ҳаяжондан титрарди. Мурод қўлининг ҳўл бўлаётганини сезди.

Мурод деразадан ташқарига қаради. Шаҳар ортда қолибди. Энди қизнинг оғзини қўйиб юбориш ҳам мумкин.
- Агар бақирсанг, - деб огоҳлантирди у, - яна боғлаб қўямиз.

Куара ўз қуроли – тилни ишга солиш имконига эга бўлганидан қувонди. Қиз доно бир мақолни эсга олди: «Яхши гап билан илон инидан чиқар…»

Қиз қалби ҳамон Xудога илтижо қилади: «Ё тангрим, менга раҳминг келсин, мадад бер!»
- Жон, Пўлкан, қўлимни қўйиб юбор, рўмолчамни олволай, - деди у йиғламсираб.

Пўлкан Муродга қаради. Мурод рози бўлиб бош қимирлатди.

Куара йиғидан тўхтамади. Извош ҳамон олға интилади. Қиз вақти-вақти билан дунёда энг бахциз қиз эканини айтиб нолийди. Нима учун бу шармандалик унинг бошига булут солди экан, англаб етолмайди.
- Xудои-таолонинг хоҳиши шу бўлса, мен тақдирга тан бердим, майли, Мурод, менга уйланинг, - деди у йиғлаб, – фақат ўтинаман, номусимни булғаманг, шарманда қилманг.
- Куара, бу ҳақда энди гапирмасанг ҳам бўлади. Вақт ўтди. Сенга уйланишга-ку, албатта уйланаман. Аммо сен шу бугуноқ меники бўласан.
- Ё Xудойимей, ўзинг мадад бер. Шармандаликдан асра!

Бошқа сўзлари лабларида қотиб қолди.

Мурод «муддаога етиш вақти келди» деган ўйда деразадан бошини чиқариб извошчига қичқирди:
- Тўхта!

Извош тўхтади. Мурод эшикни очиб ғамгин, аммо қатъий равишда буюрди:
- Куара, бу ёққа туш.
- Йўқ, - қичқирди қиз, - йўқ, чиқмайман… Менга раҳмингиз келсин, ҳеч бўлмаганда ўз сингилларингизни ўйланг.

Мурод амакиваччаларига имо қилди. Садул сакраб тушиб, иккинчи эшикни очди-да Куарани ўриндиқдан даст кўтармоқчи бўлди. Қиз, ёввойи жўшқин бир куч билан ўзини ҳимоя қила бошлади. Сочлари тўзғиб, кўйлаклари йиртилса ҳам ўз номуси учун курашаверди. Извошда у ҳавфсиз. Аммо бир қиз учта йигитга қандай қаршилик қила оларди!

Куаранинг қичқириғи ва қаршилигига қарамай, извошдан туширишди. Уни четроққа - одам бўйи келадиган ўтлар томонга олиб ўтишмоқчи эди. Бироқ Пўлкан билан Садул уни извошдан тортиб туширишаётганда Куара эпчиллик қилиб Пўлканнинг ханжарини қинидан суғуриб олди-да, йигитнинг билагига санчди. Пўлкан оғриқдан дод деб қизнинг тиззаларини қўйиб юборди.

Куара сапчиб туриб, извошни пана қилганича ўз ҳимоясига шайланди. Қўлидаги ханжар дастасини маҳкам сиқиб, кучсизланганини сездирмаслик учун хансираганича қичқирди:
- Менга қаранглар, Мурод! Xудо менинг ноламни эшитди. Қасамёд қилиб айтаман: агар бирортангиз менга яқин келсангизлар мана шу ханжарни юрагимга санчаман!

Унинг кўзлари ёнади, юзларида қатъийлик бор. Йигитлар буни кўриб қимирламай қолишди. Қиз уларни иккиланиб қолишганини сезди.
- Мурод, икковидан бирини танланг: номусимни йўқотганимдан кўра, ўлганим яхши! Агар ростданам менда кўнглингиз бўлса, авлиё Георгий номи билан қасамёд қилинг. Менинг номусимга тегмасангиз, мен сизга итоаткор хотин бўламан.

Мурод Куарани севар эди. Шунинг учун ундан ажраб қолишдан қўрқди. Қолаверса, қиз ўзини ўзи ўлдириб қўйгудай бўлса, қариндошлари бу ҳақиқатга ишонмасликлари, бу эса кейин ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Шу сабабли у тез хулосага келиб, деди:
- Яхши, мен сенга бу ерда тегмайман. Авлиё Георгий номи билан қасамёд этаман. Сени амакимиз уйига олиб бораман, ўша ерда никоҳ ўқитамиз.

Шундан сўнг Куара ханжарни эгасига қайтариб берди. Пўлкан черкасча камзулини ечиб, енгларини шимарди-да, Пиетркога ярасини рўмолча билан боғлатди. Куара извошга ўтирди.

Садул эса Муродга яқинлашди:
- Агар бу қиз айтганини қилдирса, сен ҳам, биз ҳам уятга қоламиз.
- Мен авлиё Георгий номини тилга олиб қасам ичдим. Энди қасамни бузолмайман. Агар шундай қилмаганимда у ўзини ўлдирар эди. Ишон. Уни қандай севишимни биласан-ку.

Садул заҳарли жилмайиб, Муроддан юзини ўгирди.

Мурод извошга чиқиб, Куаранинг ёнига ўтирди. Пўлкан билан Пиетрко рўпарадан жой олишди. Орага сукут чўкди. Куаранинг қалби ғалаба шодиёнаси билан тепар, авлиё Георгийга юрак-юракдан ташаккур айтарди. Аммо ўзини фош қилиб қўйишдан қўрқиб, извошнинг бурчагида пусиб ўтирди. Йигитлар қизга ён беришгани учун ҳижолатда эдилар. Куара Муродга қасам ичиргани билан ҳали булардан бутунлай қутула олмаганини биларди.

Уч соатли йўлдан сўнг отлар ҳориб, секинлашишди. Илон изи қайрилма йўл тоғ ёнбағри бўйлаб юқорига кўтарилиб борарди. Адир ортда қолди. Ён-атроф осмонга интилган баланд чўққилар билан ўралган. Бир соатлардан кейин извош Алагир қишлоғига кириб келди. У Муроднинг амакиси Сосанинг эшиги олдида тўхтади. Тоғ бағридаги кичкина қишлоқни кенг кўча иккига бўлиб туради. Кўча бошидаги уйлар ғарибгина, тошдан қурилган. Ҳар бир ҳовлида боғ яшнаб турибди.

Мурод ҳамроҳлари билан кириб, Куарани Сосанинг хотини билан қизлари ихтиёрига топширди. Қиз бурчакда турган курсига ўтирганича, йиғлаган бўлиб, кўзларини рўмолча билан беркитди. Аслида эса унинг мияси зўр бериб ишлаб, қутулиш йўлини изларди.

Мурод амакисига Куаранинг унга тегишга рози бўлганини айтгач, керакли нарсаларни тезда тайёрлаб, руҳоний отани кечки пайт чақириб келишни тайинлади. Шу билан биргаликда Куара билан асира сифатида эмас, қариндош сифатида муомала қилишни сўради. Ҳаммалари дастурхон атрофига ўтиришгач, Куара кўз ёшларини артиб, овқат ея бошлади. Сосанинг саволига «тақдирим шу экан, Муродга тегаман», деб қўя қолди. Сосанинг қизлари Куаранинг атрофида айланиб-ўргулиб Муродни, унинг уруғ-аймоғини, бойлигини мақтаб, Куаранинг тўғри қарорга келганини таъкидлашди.

Руҳонийни кутишаётганда Куара қизларнинг овутишларига қулоқ осаётгандай итоаткорона ўтирди. Овқатланиб бўлишди. Атрофни шом қоронғуси босиб келарди. Куара хонанинг исиб кетганидан нолиб, олтин камарини ечиб қўйди.
- Тоғда ҳам боғлар борми? – сўради у Сосанинг қизидан.
- О, нимасини айтасан. Бизнинг боғимиз катта. Кўришни истайсанми?
- Сал қоронғуроқ-ку, - деди Куара, - майли, уй жуда исиб кетди, чиқиб бироз тоза ҳаводан нафас олайлик.

У олтин камарини курсида қолдириб бир неча қиз ҳамроҳлигида боққа чиқди. Куара ўзини шодон кўрсатиб, атрофни бутунлай қоронғулик босгунча қизларга турли ҳикоялар айтиб, чалғитиб турди. Қоронғу тушгач, ҳоли қолдиришларини сўради. Қизлар нима қиларларини билмай ажабланиб, бир-бирларига қарашди.
- Майли, мен Куара билан бирга бораман, - деди Сосанинг қизларидан бири.

Улар мевали дарахтлар ўсиб ётган боғнинг чеккаси томонга юришди. Куара «ўзинг ёрдам бер, қутқар!», деб авлиё Георгийга хаёлан ялиниб-ёлворади.
- Ўтинаман, мени бироз ёлғиз қолдир, - уялибгина сўради Куара Сосанинг қизидан.
- Xўп, хўп, – деди қиз ва нари кетди.

Куара бундан фойдаланиб, этагини кўтарди-да, дарахтлар оралаб югуриб кетди. Деворга етиб келганда:
- Авлиё Георгий, йўлни топишимга ёрдам бер! – деб пичирлади унинг лаблари.

У девор туйнугини топди. Қўшни боққа чиқиб олди-ю, югуриб кетди.

Қоронғулик. Бунинг устига у йўлни билмайди. Қиз тўғрига югуриб, сўнг тонгга қадар бирор ерга яширинишга, эрталаб қишлоқ оқсоқолидан ёрдам сўрашга қарор қилди.

«Наҳотки Габо шу пайтгача мени топа олмайди?» ўз-ўзидан сўрайди қиз.

Мана ярим соатдан бери у боғдан боғга, деворма девор ошиб югуряпти. Ниҳоят тўхтаб, қулоқ солди. Сокинлик. Шундагина ўтириб, тонгни кутишга жазм этди. Бир неча соат вақт шу зайлда ўтди. Бирдан от туёқларининг товуши қулоғига чалинди…

* * *

Ботирбек билан Терпско суратхонадан чиқишганда Куара ғойиб бўлган эди. Улар тезлик билан бу воқеа ҳақида танишларга хабар қилишди. Извошчи Терпско билан биргалашиб, извош буюрган осетиннинг ҳақ тўлаб, жўнатиб юборганини айтгач, Тагаурскка йўл олишди. Куаранинг акалари, қариндошлари ҳаялламай Муроднинг изига тушишди. Отларнинг пишқиришини, туёқлар зарбларини эшитган Куаранинг қалби ғурур ва шодлик билан тепади:

«Бу менинг акаларим, менинг севганим Габо… Улар мени қутқаргани келишяпти!»

Лекин қоронғида уларнинг олдига чиқишга қўрқди.

Вақт имиллаб ўтади. Шарқ томон аста ёриша бошлади. Куара ўрнидан туриб, ён-атрофга қаради. У дала ўртасида турарди. Яқингинасидаги якка-ю ягона бир уйга кўзи тушди. У ёрдам сўраш мақсадида ўша уй томон юрди. Уйга яқин келиши билан ичкаридан сут соғиш учун челак кўтарган аёл чиқди. Куара унга яқинлашиб салом берди-да, ийманибгина сўради:
- Эрингиз уйдамилар?

Аёл яхшигина кийинган қизга, ердан чиқдими ё осмондан тушдими, дегандай ҳайратланиб қараб олгач, деди:
- Менинг эрим йўқ, беваман. Xўжалигимизга эримнинг укаси Александр қарайди.
- У уйдами?
- Ҳа, лекин ухлаяпти.
- Илтимос, уйғотинг, гаплашиб олишим керак.

Куаранинг кўзларида шунчалик қўрқув, овозида эса ёлвориш бор эди-ки, аёл уни кўпам cўроққа тутмай, қайнисини уйғота қолди. Александр тезгина кийиниб чиқди. Қизнинг унга ишонишдан бўлак иложи йўқ эди. Куара тутилиб-тутилиб, бўлган гапларни: ўзининг бировнинг қаллиғи эканини, совчисини рад қилган йигит олиб қочиб кетганини Xудо уни шармандаликдан асраганини, айёрлик билан қочганини, тез орада уни қутқаргани акалари, қаллиғи келишини айтди.
- Мен кечаси отларнинг дупурини эшитдим. Юрагим айтиб турибди, улар мени излаб келишган. Менинг ҳаётим, тақдирим, сизнинг қўлингизда. Менга раҳмингиз келсин, акаларим яхшилигингизни қайтаришади. Xудо сиздан марҳаматини аямайди,-у шундай деб тиз чўкди-да, илтижо қилди: - Мени сотиб қўймасликка сўз беринг!
- Ўрнингдан тур! - Александр уни турғизди. - Xудо сени менинг уйимга олиб келибди. Сенга бу ерда ҳавф таҳдид солмайди. Сен менинг меҳмонимсан. Сенинг ташвишинг - менинг ташвишим. Акаларингни иши - менинг ишим. Қўрқма, биз меҳмондўстлик қоидаларига қаттиқ риоя қиламиз! Мен ҳаёт эканман, уйимда сенинг бошингдан бир тола сочинг ҳам тўкилмайди.

Қизни шундай деб ишонтириб, кўнглини кўтаргач, уйга бошлади. Келинойисини имлаб чақириб тайинлади:
- Агар жонинг ширин бўлса, эшитганларинг шу ерда қолсин. Тилингни тий. Меҳмонни орқа хонага беркит. Эшикни тамбала, зўрлик қилишса, майли, бузиб киришсин, лекин ўзинг очиб берма!
- Бу қишлоқда бир қариндошимиз бор. Татархон деган киши. Танисангиз керак. Агар акаларим билан қаллиғим келишган бўлса, ўша ерда бўлишади. Ўтинаман, бир хабар олинг. Xудо ҳаққи эҳтиёт бўлинг.
- Xотиржам бўл, қўлимдан келган ишни аямайман.
- Раҳмат, раҳмат.

Александр қуролини олди-ю, Татархонникига жўнади. Ҳовлида ўн чоғли отлиқларни кўрди. Улар нима ҳақдадир гаплашиб, қаергадир шошиб туришарди. Бегона одамни кўриб, жим бўлишди.

Александр уй хўжайинини топиб, отлиқлар эрта тонгда нима қилиб туришганини сўради.
- Сенинг нима ишинг бор?
- Мен ёмон ният билан келганим йўқ. Татархон, мен отлиқларга нима керак эканини биламан.
- Xўш, уларга нима керак?
- Улар Целлагонинг қизи Куарани излашяпти, - айёрона жилмайди Александр.
- Сен буни қаердан биласан?
- Буни менга Куара айтди. У менинг меҳмоним. Уйимда беркиниб ўтирибди. Кеча ота уйидан қандай чиққан бўлса, шу аҳволда қўлларингизга топширишдан хурсандман. Куёв билан акаларига айт, олиб кетишга келишсин.
- Қани шу ерда туриб тур-чи… - деди Татархон. Кейин Габо билан Ботирбекка бу қувончли хабарни етказгани кетди.

Улар Александрнинг олдига югуриб келишди. У Татархонга айтган сўзларини такрорлагач, йигитлар чексиз хурсанд бўлганларидан қандай миннатдорчилик билдиришларини билмай қолишди.
- Шу бугундан бошлаб, сен бизнинг акамизсан! – деб улар Александрнинг қўлини маҳкам сиқишди. – Биз ҳеч қачон яхшилигингни унутмаймиз. Агар вақти келиб дўстлар ёки укаларингга эҳтиёж сезсанг, бизни чақир.

Шундан сўнг Габо билан Ботирбек ҳовлида турганларга қувончли хабарни етказишди. Шу заҳотиёқ отлиқлар Александрга эргашиб, унинг уйига йўл олишди. Бир неча дақиқадан сўнг, Куара шодликдан қичқириб ўзини Габонинг қучоғига ташлади.
- Габо, жоним, сени кўрадиган куним ҳам бор экан. Xудога минг қатла шукур. Келганинг учун раҳмат, Габо!
- Куара, паризодим, хотиржам бўл, сен учун ҳам қасос оламан.
- Йўқ, жоним, керак эмас… Ахир биз яна биргамиз-ку, энди ҳеч нима бизни ажрата олмайди.

Куара акалари ва қариндошлари билан кўришиб олсин, деган мақсадда Габо ўзини четга олди. Улар орасида Терпско ҳам бор. Синглисини кўраётганидан, ичдан зил кеца-да, ғоят хурсанд эканини изҳор этди.

Александр овқат тайёр бўлгунча бироз кутиб ўтиришларини илтимос қилди. Габо билан Ботирбек ҳозирнинг ўзида Тагаурскка кетишга шошилишарди. Лекин Татархоннинг извоши келгунча Куара қаллиғи ва қариндошларига бошидан ўтган савдоларни, қандай қутулиб қолганини айтиб бериши керак. Габо хотиржам. Куара унинг хотиржамлиги замирида ёвуз куч яширинганини сезди. Габо аламзада, нафрат гулханида ёнади. У нима қилиш кераклигини ўзи билади. У қасос олишга қасамёд этган, Куаранинг ҳикояси унинг аҳдини мустаҳкамлаяпти холос. Куара ҳикоясини тугатгач, «бекорга қон тўкилиб, бахцизлик юз бермаслиги учун» Муродни кечиришларини сўради.

У ёрининг боши устида мудхиш соялар айланиб юрганини сезди-ю, кўрган-кечирганлари, чарчоқ азоби сабаб бўлиб, кўз ёшларини тута олмади.

Татархоннинг извоши келиб тўхташи билан Куара унга чиқиб ўтирди. У яна бир бор Александр билан унинг келинойисига раҳмат айтиб, қариндошлари қуршовида Татархонникига йўл олди. У ерда уларга нонушта тайёрланган эди. Бу орада Сосанинг қариндоши келиб Татархонни чақирди. У Куаранинг олтин камарини келтирган эди. Катта бахцизлик юз бермаслиги учун ярашиш мақсадида келганини ҳам айтди.
- Биз шундай ҳам жазоимизни тортдик, - деди у, - қизнинг ҳаммамизни лақилатиб қочиши бизни уятга қўйди.

Татархон унинг илтимосини қариндошларига етказажагини айтгач, Сосанинг элчиси кетди. Татархон Сосанинг ярашиш ҳақидаги илтимосини айтиши билан уйда ғала-ғовур, музокара бошланди. Аввалига кўпчилик ярашишга қарши чиқиб, айбдорларни топширишни талаб қилишди. Куара акалари Гассако билан Ботирбекни қўшни хонага чақириб, Габонинг қасос олиш қасдида эканини қўрқув ва ҳаяжон билан айтиб, уни ярашишга кўндиришга ундади. «Ахир менга ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку!» деб айбдорлардан жарима ҳам олмасликларини илтимос қилди.

Куаранинг сўзлари акаларига таъсир қилди. Улар хонага ўзгача фикр билан қайтдилар. Габо ортиқча гапни ёқтирмагани учун ҳам гап-сўзларга аралашмади. У бировнинг маслаҳатига муҳтож эмас - нима қилишини ўзи билади. Йигитлик қарорини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Ярашиш ҳақида унинг фикрини сўраганларида у ўрнидан туриб хотиржамлик билан деди:
- Майли, ярашишга розиман. Аммо шартим бор.

Куаранинг акалари унинг осонгина кўнганидан хурсанд бўлиб қандай шарт эканлигини сўрашди.
- Куарага кўз олайтирган, унга сўз айтган одам гуноҳини ювиш учун мен талаб қилган нарсани бериши шарт.Менга пул керак эмас, мен унинг кўзи билан тилини талаб қиламан!

Шундай деб, Габо ўтирди.

Бу сўзлар ўтирганларнинг қалбини музлатиб қўйгандай бўлди. Улар бахцизлик муқаррар эканини тушунишди. Татархон билан Куаранинг акалари қанча уринишмасин, фойдасиз эди. Габо ахдида қатъий! Куара акаларидан Габонинг қарорини эшитиб қичқириб юборди-ю, ҳушидан кетди.

Татархон Соса билан айбдорларга ярашиш мумкин эмаслигини етказишга мажбур бўлди. Сосанинг саволларига жавобан Татархон бошқаларнинг ярашишга рози бўлганларини, шунинг баробарида Габонинг даҳшатли талабини ҳам айтиб берди. Куара шу куниёқ қариндошлари қуршовида Тагаурскка қайтди.

Оқсоқол Куаранинг уйи олдида уларга пешвоз чиқиб табрик сўзлари билан қарши олди. Ўғлининг қилмишларини қоралаб, уни кечиришларини, қишлоқда тинчлик сақлансин учун Габога ҳам тушунтириб қуйишларини илтимос қилди. У ўғлининг ҳаёти учун қайғурарди.

* * *

Ойлар ўтди.

Оппоқ қор адирни оқ чойшабга ўради.

Мурод Габо билан кўчада учрашиб қолса ундан кўзини олиб қочади. Чунки у ҳали иш ниҳоясига етмаганини билади. Габо эса душманга зарба бериш учун пайт пойларди.

У кечалари тез-тез адирга чиқар, лекин ҳар гал ови юришмай, изига бўшашган алпозда қайтарди. У шаҳарга олиб борадиган йўлда соатлаб турарди. Айниқса Муроднинг шаҳарга тушганини эшица, йўлдан кўз узмас эди. Бироқ рақиби ҳадеганда қўлга тушавермади. Ниҳоят бир куни тунда, қор бўрони орасида отлиқни кўрди-ю, юраги тез-тез ура бошлади. Уйга қайтаётган Муродни таниганига унинг ишончи комил эди. Ҳа, бу Мурод!

«Худо душманимни менинг қўлимга топширди. Қасос соати етди!» деб ўйлади у. Габо тўппончасини ўқлаб, бўрки панасига олганича тайёр ҳолда турди. Отлиқ яқинлашгач, унга ўқталди:
- Қўлингни кўтар!

Мурод бу тасодифий учрашувдан ўзини йўқотди. Шоша-пиша тўппончасини олмоқчи эди, ўқ овозини эшитди. Ўқ папоғини учириб кетди.

Бу аёвсиз олишувдан дарак эди.

Мурод қўлини кўтарди. Қоронғу бўлса ҳам, қон қасдида юрган душманини таниди. Габо тўппонча оғзини Муродга қаратиб, унга жуда яқин келди.
- Агар бошинг оғирлик қилмаётган бўлса, қўлингни шундай кўтариб тур.

«Унинг мақсади нима? – сўради ўз-ўзидан Мурод. – Нега мени ўлдирмаяпти?»

Габо тўппонча ўқталганича, ўнг қўли билан Муроднинг ханжарини қинидан суғурди-да, нарига отиб юборди. Кейин қиличи билан тўппончасини ҳам олиб ирғитди.
- Туш пастга! Отнинг тизгинини менга бер. Xўш…Энди эгаримнинг тагидаги арқонни олиб, отимнинг оёқларини тушовла.

Габо тўппонча тираганича дўқ уриб, буйруқларини бажаришга мажбур этди. Мурод отдан шошилмай тушиб, тизгинни эгар қошига ташлади. Габо қаршисида турган душманига ғазаб билан тикилиб деди:
- Мана энди сен билан ҳисоб-китоб қиламиз!
- Сенга нима керак? – деди Мурод журъацизлик билан.

У ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилади. Габонинг қонида эса нафрат заҳри қайнайди. У душманини шунчаки ўлдиргани билан кўнгли таскин топмайди. Йўқ, аввал уни хорлаши, ҳамиятини пастга уриши керак.
- Тиз чўкиб, мендан узр сўра! – хириллаб қичқирди у.
- Йўқ! Мурод ҳеч қачон бундай қилмайди! – деди Мурод.

Шунда Габо унга ташланди-да, бақувват қўллари билан кўтариб, қорга ташлади. Узала тушган Муроднинг қўлларини тиззаси билан ерга босди. Қўрқувдан эсини йўқотиб қўйган Мурод бир неча дақиқа ҳаракациз қолди.
- Сен Куарага қарашга ботинибсан, гуноҳингни ювиш учун шу кўзларингдан айриласан.
- Йўқ, Габо , бундай қилма, Xудони ўртага қўйиб сўрайман… - ёлворди у.

Бироқ Габонинг катта, бақувват бармоғи унинг ўнг кўзига ботди… Кейин чап кўзи ҳам ўйнаб чиқди. Мурод даҳшатли овоз билан додлаб юборди. Алам билан Габони қарғай кетди:
- Илоҳо, ўлим олдидан ёруғ дунёни кўришдан маҳрум бўл! Ёввойи уруғингга ўт тушсин!

Ғазаб ўтида қовурилаётган Габонинг қулоғига шу топда ҳеч нима эшитилмайди. Оғриқдан типирчилаётган Муродни у ўзининг оғир гавдаси билан ерга босиб тураверди. У раҳм-шавқат нималигини билмайди. Куарани ўғирлаб, унинг номусига чанг солмоқчи бўлган одамидан қасос олиши шартлигини билади холос.
- Сен Куарани олиб қочган кунинг сассиқ оғзингдан чиққан сўзларнинг ҳаққи учун тилингни тўлайсан!

У бир мушт уриб Муроднинг пастки жағини синдириб юборди. Чап қўли билан рақибининг тилини ушлаб, ўнг қўли билан ханжарини қинидан чиқарди… Кўп ўтмай оппоқ қор устида қонга беланган бир бўлак гўшт ётарди.

Муроднинг бақиришга ҳоли қолмади. Оғзи қонга тўлган, фақат хириллайди.
- Сенинг бу қора юрагинг Куарага эга бўлишни истабди, - ғазаб билан шивирлади Габо. – Бунинг ҳаққига ҳаётингни тўлайсан.

Ҳали қони қотиб улгурмаган ханжарини рақиби кўксига ботирди. Мурод бироз типирчилади-ю, жимиб қолди. Ниҳоят, Габо ўрнидан турди. Қасос олганининг белгиси сифатида рақибининг ўнг қулоғини кесиб, чўнтагига солди. Xанжарини мурданинг черкасча камзулига артди. Габо кетишга шошилмай, турган ерида ўйланиб қолди. Агар мурдани шу ерда қолдирса, қорга кўмилади, бўрилар, тулкиларга ем бўлади. Шу билан из босилиб, ҳеч ким ундан ҳавфсирамайди. Бунинг учун отни ушлаб туриши, бир қанча вақт ўтгандан кейингина қўйиб юбориши керак. У отнинг тизгинини марҳумнинг жимжилоғига авайлабгина илди. «Агар бўриларнинг яқинлашганини сезса, сапчийди-ю тизгинини бўшатиб қочади», деб ўйлади Габо. Шундан сўнг у отига ўтириб, уйига шошилди. Беркинмаса ҳам бўлади. Адир бепоён, қор ҳали-бери тинадиган эмас. Мурданинг қолган-қутганини ҳам баҳоргача топа олишмайди. Агар у бугун уйига қайтмаган тақдирда ҳам ана шу аҳволда дом-дараксиз кетган бўларди. Энди тезроқ уйга етиб олиши керак. У отини тезлатди.

Мурод жазосини олди. Энди Садул, Пўлкан ва Пиетрко билан ҳисоб-китоб қилиб олиши керак.

У Пўлканнинг извошда Куарани ушлаб кетганини эслади.
- Пўлкан биринчи бўлиб адабини ейди! - хитоб қилди у.

Габо шу куниёқ Целлагонинг уйига кирди. Куара билан жуда мулойим муносабатда бўлди. Унинг назарида қасос амалга ошгандан кейингина Куаранинг номини булғовчи шармандалик доғи ювилган эди. Бугунги кечда Куара унинг учун яна ҳам яқинроқ, яна ҳам меҳрибонроқ, аввалгидан гўзалроқ туюлди. Унинг қалби афсус ўтида ҳеч бир азобланаётгани йўқ. Аксинча, у номус талаб этган ишни амалга оширганига ишонади. Қасос унга лаззат бахш этди.

Тагаурск оқсоқоли Элбисднинг уйида ўғилнинг шаҳардан қайтишини узоқ кутишди. Эрталаб эшик олдида Муроднинг отини кўришгач, бахцизлик юз берганини англашди. Албатта, биринчи бўлиб Габодан гумонсирашди. Xавотирга тушган Элбисд пешинга яқин Явзиконинг уйига йўл олди. У Куаранинг ўғирланиши оқибациз қолмаслигини яхши биларди. Оқсоқол келганда Явзико Габо билан ҳовлида турарди.
- Сен ҳам шаҳарда бўлган эдингми? – сўради у Габога тикилиб. - У ерда менинг ўғлимни учратмадингми?
- Йўқ, - хотиржам жавоб берди Габо.
- Шаҳарда Мурод ҳақида ҳеч гап эшитмадингми?
- Йўқ… Мен шаҳарда кўп юрмадим. Тезда орқага қайтдим. Кечани Целлагонинг уйида ўтказдим.

Оқсоқол кетди. Габодан шубҳаланаётган бўлса ҳам иложсиз эди. Қўлида бирор далил йўқ эди. У ёнига бир неча одам олиб то кечгача адирда ўғлини қидирди. Пўлкан билан Пиетрко ҳам унга ҳамроҳ бўлишди. Улар ҳам бу ишда Габонинг қўли борлигига амин эдилар, аммо Габога қарши уларда ҳам далил йўқ эди. Муродга шерик бўлишгани учун уларнинг бошига ҳам шу кун тушиши мумкинлигидан ҳавфсираб, бундан буён ёлғиз юрмасликка келишиб олишди. Улар бу қарорларини Садулга ҳам етказишди.

Орадан кунлар ўтди. Бир куни Ботирбек Габога кутилган хабарни айтди: Пўлкан билан Пиетрко Рекомдаги зиёратгоҳга бориб, авлиё Иля руҳига сиғиниб, амакиваччаларининг қотилини топишда кўмак беришини илтижо қилмоқчи эканликларини айтди. Рекомда сўралган илтимос, айтишларича, амалга ошар эмиш. Куаранинг номуси учун қасос олиб, Муродни ўлдирган марднинг айнан Габо эканига Ботирбекда шубҳа йўқ эди Шу боисдан унга бўлган эҳтироми, янада ошганди. Бироқ Ботирбек сир бой бермас эди. Бу ҳақда яхшиси гапирмаган маъқул! Қаерда бўлса ҳам, қўлидан келса Габога ёрдам беради.


«Агар Муроднинг шериклари ҳам бахцизликка учрамаса, Габо отимни бошқа қўяман», деб ўзича қасд қилди Габо.

У Ботирбекни содиқ сафдош деб биларди. Улар бир-бирларини ҳатто сўзсиз, кўз қарашлари биланоқ тушунишарди. Қолаверса, Ботирбекнинг бўлажак поччасига ҳурмати зўр. Ботирбек учун у мардлик намунаси: унинг бўйи-басти, кучи, ботирлиги, энг муҳими - қўрқмаслиги ва чаққонлиги, топағонлиги ва айёрлигига қойил қоларди. У жазога лойиқ иш қилса ҳам ана шу хислатлари эвазига сувдан қуруқ чиқарди.

Габо Пўлкан билан Пиетркога зиёратгоҳ қадамжога олиб борувчи баланд тоғ йўлида жазо бермоқчи бўлди. Ирим-сиримларга ишонмаса-да, Пўлкан билан Пиетрконинг авлиёдан ёрдам сўраб, илтижо қилишларини истамайди. Улар қадамжога етиб боришга улгурмай, қасос ханжаридан ўлим топишлари керак. Габо бу сафар ишни айёрлик билан амалга ошириши кераклигини билади. У ўзини касалга солиб, Ботирбекка ишонишга қарор қилди. У кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олиб, табиб чақириб, қорин оғриғидан шикоят қилди. Табиб аввало бир қадах ароқ беришларини сўради. Талаби бажо бўлгач, қандайдир дуоларни ўқиб, ичириб юборди. Кейин ични юмшатадиган талқон дори ёзиб бериб, тез орада тузалажагини айтди. Мукофотга олган бир сўмни чўнтакка солиб, изига қайтгач, кўрган-билганларига Габонинг оғир касал эканини, аммо бу касал унинг дуолари ва дори-дармони олдида ҳеч гап эмаслигини айтди. Габо дори ичишни хаёлига ҳам келтирмай, Муҳаммад орқали Ботирбекни чақиртирди. Ботирбек шу заҳотиёқ, Муҳаммад билан кириб келиб, ҳол-аҳвол сўради.

Габо хаста овозда деди:
- Оғрияпти, Ботирбек…

У укасига жавоб берди. Ўсмирни бу ишга аралаштиргиси келмади.
- Ботирбек, курсини олиб, менга яқинроқ ўтир, гапим бор.
- Эшитаман, Габо?
- Ботирбек, ёрдам бермасанг бўлмайди.
- Габо, агар сен учун қон тўксам ўзимни бахтли ҳисоблардим.
- Раҳмат, Ботирбек. Муродга ким жазо берганини биласанми?

Габо шундай деб унинг кўзларига тикилди.
- Биламан!.. Куаранинг ўғрилаганлардан қасос олган одам шарафи учун ҳеч нарсадан қайтмайман.
- Ботирбек, - деди секингина Габо. – Унинг шериклари ҳам жазо олишлари керакми?
- Албатта, Габо.
- Сенинг ёрдамингга ишонсам бўладими?
- Бўлади!

Габо ундан кўзини олди.
- Улар қачон Рекомга боришади?
- Эртага эрталаб.
- Ботирбек, икки соатдан сўнг йўлга чиқамиз.
- Ахир касалсан-ку?
- Мен шунчаки айёрлик қиляпман.
- Шундай дегин?
- Муҳаммадни чақир, гапим бор.

Муҳаммад киргач, Габо унга деди:
- Менга қара, бугун кечаси мен бир ерга бориб келаман. Бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги керак. Отни олиб, адирга чиқ. Ҳар доим учрашадиган еримизда кут. Ботирбек, сен ҳам ярим соатдан сўнг ўша ерда тегирмоннинг чап томонида катта йўл ёқасига чиқ.

Габо ўрнидан туриб кийинди. Отасига бугун бир ерга бориб келишини айтди.
- Буни фақат сиз билишингиз керак. Бошқалар учун мен касалман, кўрпа-ёстиқ қилиб ётибман.

Явзико бош силкиб дуо қилди:
- Авлиё Георгий мададкоринг бўлсин!

* * *

Тун оғушида қолган адирда Муҳаммад Габонинг отини ушлаб турарди. У эгарга суянганича кутаётган пайтда бошида папоқ, елкасига эса милтиқ осиб олган, қора бўрк кийган Ботирбек аста яқинлашди. Тез орада қуролланган Габо ҳам етиб келди. У Муҳаммаднинг қўлидан тизгинини олиб, сакраб отга минди. Укасига бош ирғаб хайрлашгач, Ботирбек иккови тун бағрига сингиб кетишди.

«Қачон у мени ўзи билан бирга олиб юраркин?» деб оғринди Муҳаммад.

Габо билан Ботирбек жимгина кетишяпти. Габо отни жануби ғарб томонга, зиёратгоҳга сиғиниш майдонига олиб борувчи Қизилдон сўқмоғига бурди. У ўша ерда пистирма қўйиб Пўлканни отади. Пиетрко эса Ботирбек отган ўқдан қулаши керак. Мурдаларни дарёга ташлашади. Отлар бирорта бахти кулган одам қўлига тушади, деб жониворларни ўз холига қўйишмоқчи бўлишди. Қасос ўти ғанимларни маҳф этгач, кундузи Ботирбек билан бир ерда беркиниб ётиб, кечаси уйига қайтишни мўлжаллади.

Сукунатни Габо бузди:
- Уйдагиларингга нима деб чиқдинг? - деб сўради.
- Владикавказга бориб, тўйга атаб ул-бул сотиб оламан, дедим.

Яна жим-житлик…

Отлар қор устида битта-битта қадам босишади.

Тоғ ортидан тўлин ой кўтарилиб, бепоён адирни ўзининг оппоқ нурига чўмди.

Ботирбек Габонинг режасини билмайди. Шундай бўлса ҳам, сўраб безовта қилгиси келмади.

Бир неча соатдан сўнг ғор оғзига етиб келишди. Зиёратгоҳга олиб борувчи сўқмоқ шу ғор ёнидан ўтади. Сўқмоқ йўл юқорига кўтарилди. Габо пана жой танлади. Бу ердан икки юз қадам наридан ўтувчиларни ҳам бемалол кўриш мумкин. Унинг ҳисобича, Пўлкан билан Пиетрко эрталаб соат тўққизларда ўтишлари керак. Ғор атрофи қуюқ туман оғушида. Соат ўнларда Габо от дупурини эшитди. Дам ўтмай довонда Пўлкан кўринди. Габо уни мўлжалга олиб отди. Пўлкан бир тебранди-ю, эгарда қолди. Унинг чап елкаси яраланган эди. Шундай бўлса ҳам отини олдинга ҳайдади. Габо Пўлкан билан Пиетрко зиёратгоҳга якка ўзлари боришади деб янглишган экан. Уларнинг орқасида яна олти отлиқ пайдо бўлди. Улар орасида Муроднинг дўсти Садул ҳам бор. Қолганлари Муроднинг тоғаваччалари билан дўстлари.

Ҳаммалари милтиқларини шайлаб, туришарди. Отишма бошланди. Бошига ўқ теккан Садулнинг оти олд оёқларини кўтариб, чавандоз билан бирга жарга қулади. Улар тошдан тошга урилиб кўздан ғойиб бўлишди. Шу пайт Пиетрко отган ўқ Габо минган отнинг тиззасини яралади. От жар лабида йиқилиб қолди. Габо ўз вақтида эгардан тушиб олишга улгурди. У Пиетркони нишонга олди. Ўқ отнинг бўйнига тегди. Пиетрко сакраб отдан тушди. Бироқ яраланган жонивор дўстларининг йўлини тўсиб қўйди. Бундан фойдаланган Габо сирни фош қилмаслик учун жарга ўз отини итариб юборди. Ўзи қояларга тирмашганича юқорига чиқиб қутулмоқчи эди. Шу орада Ботирбекни қочиб қутулишга ундади.
- Менинг хоҳишим шу! Биз уларга бас кела олмаймиз. Улар кўпчилик. Сен менга ёрдам қилишга ваъда берган эдинг. Энди бўйсун! Отинг ҳали бақувват, қочиб қол! Мен бир неча кундан сўнг уйга қайтаман.

Ботирбек иккиланди.
- Сенга буюряпман – қоч!

Ботирбек истар-истамас отини буриб, қамчи босди-ю, шу захоти кўздан йўқолди. Габо эса бутун кучини ишга солиб, қоядан қояга тирмашиб юқорилаб бораверди. Унинг орқасидан қанча ўқ отишмасин, нишонга тегмади.

Рақиблари таниб қолишдими йўқми, у аниқ билмайди. Балки бу йўлтўсарликни тоғда яшовчи бирон қабилага тўнкаб қўйишар, деган умиди бор эди. Бироқ адирда кундузи оциз юриб бўлмайди. Шунинг учун Жимардаги қариндошлариникига боришга қарор қилди. У ерда Тагаурскда нима гап эканини, ундан ҳавфсирашаётибдими, йўқми, билади.

Пўлканнинг ярасини тезлик билан боғлашди. Улар Габо билан Ботирбекни танишмади. Барчалари бир ерга тўпланишиб, қилинажак ишларнинг маслаҳатини пиширишди. Пиетрко Садул тирикмикин, деган хаёлда ёлғиз оёқ йўлдан жарга тушди. Габонинг отини кўриб, дарров таниди-да, қувонганича қичқирди:
- Ака, мана далил!

У Садулни ҳам топди. Садулга ёрдамнинг ҳожати йўқ – у ўлган эди. Пиетрко юқорига чиққач, кўрганларини айтиб берди. Улар орқага қайтиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида приставга хабар беришга, Тагаурск билан Жимарда тинтув ўтказишини илтимос қилишга келишишди.

Пристав Тагаурскка бориб, овулдагилар «Габо касал, уйида», деса ҳам уни топа олмади. Габо Жимарга етиб келгани ҳамон пристав юборган унтер-офицер аскарлари билан қишлоққа яқинлашди.

Жимар баланд токқа жойлашган. Шу боис Габо кун бўйи пиёда йўл босиб, кечқурун етиб келган эди. Габо изма-из қувиб юришганидан бехабар эди. Жимар Ламардон водийсига туташиб кетган камбағалгина овул эди. Овулни ўртасидан кесган кумушранг дарё ҳаво очиқлигида яққол кўриниб туради. Дарёнинг у бошидан яланғоч тоғ қоялари бошланади. Бу ерларда мол боқиб бўлмайди. Бу қоялар ортида ўткир чўққиларнинг иккинчи қатори осмонга бўй чўзади. Бу чўққиларга чиқиш мушкул. Яна узоқроқда асрий қор кўрпасига бурканган иккита баланд чўққи кўриниб турибди.

Жимар аҳолиси чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланишади. Улар орасида бадавлат хонадон кам. Габо кириб келганда қариндошлари овқатланиб ўтиришарди. У ҳам ўтирди. У овқатланиб бўлай деганда эшик шашт билан очилиб хонага унтер-офицер бошлиқ аскарлар ёпирилишди. Уларнинг изидан Тагаурск оқсоқоли, сўнг Жимар оқсоқоли билан унинг котиби ҳам уйга киришди.

Габо сакраб ўрнидан турди-ю, аммо иложсизлигини сезиб, жойида қотди: чунки ўнлаб тўппончалар оғзи унга қаратилган, эшик ва деразалар олди одамларга тўла эди.

«Ҳа, тутилдим! Илож йўқ, тамом!»

Шундай деб ўйлади-да, сир бой бермай, киборлик билан ўнг қўлини папоғига қўйиб, унтер-офицер олдига келди. Бир дақиқа тургач, унга икки қўлини узатди.
- Жаноб унтер-офицер, сиз менинг қўлларимни боғламоқчимисиз? - деб сўради у жилмайиб.

Бу унтер-офицерга масхара бўлиб туюлиб, аскарларга «боғланглар», деб буйруқ берди.
- Маҳкамроқ, - огоҳлантирди Элбисд, - бўлмаса яна қочиб қолади.

«Нима бўлса ҳам қочаман», ўйлади Габо. У бундай қулай шароит тоғ йўллари орқали шаҳарга олиб кетишаётганда вужудга келишига ишонарди. У ташқи кўринишдан хотиржам эди. Аммо мияси тўхтовсиз ишлаб, нажот йўлини истар эди.

Габони сўроққа тутишди. Пўлканни отганини тан олди. Унинг яраланган оти рад этиб бўлмайдиган далил эди. Котиб «нима учун шундай қилдинг?», деб сўраганида Габо киборлик билан деди:
- Нима, сенга жавоб беришим керакми?
- Қаллиғини ўғирлашгани учун қасос олмоқчи бўлган, - суҳбатга Элбисд қўшилди. Кейин ўғлининг тақдирини билиш мақсадида Габога юзланди:
- Нима учун аввал Муродни отмадинг. Ахир энг биринчи айбдор Мурод эди-ку?

Габо оқсоқолнинг тузоқ ташлаганини тушунди.
- Мен Мурод ҳақида ҳеч нима билмайман.

Габони шу бугун кечасиёқ шаҳар қамоқхонасига олиб кетмоқчи эдилар. Элбисд тинчлигини йўқотган, қалби азоб чекарди. Балки шу йигит ўғлининг қотилидир, аммо далили бўлмагани учун ҳеч нима қилолмайди. Агар бу ерда унтер-офицер аскарлари билан турмаганда, оқсоқол атрофидаги содиқ одамларини ишга солиб, Габони гапиришга мажбур қиларди. Қани эди, Габо билан юзма-юз қолса-ю, бу мағрур ва ўжар йигитнинг бурнини ерга ишқаб, азоблай, азоблай жонини олса!

У унтер-офицернинг ёрдамига муҳтожлик сезиб, уни секин четга тортди.
- Жаноб унтер-офицер, асирни менинг ўғлимни ўлдирганини тан олишга мажбур қилишнинг иложи борми? Бу ёвузлик фақат унинг қўлидан келади. Мен бунга аминман. У жуда хийлакор ва айёр, унга қарши бирор далил топиш қийин.
- Ҳа!
- Жаноб унтер-офицер, агар рухсат берсангиз, мен айрим усулларимни ишлатиб, уни тан олишга ўзим мажбур этардим.
- Ҳм, ҳм!
- Жаноб унтер-офицер, агар асирни ўн дақиқагина менинг ихтиёримга топширсангиз, сизга бажонидил ўн сўм берган бўлардим.

Ўрта бўйли, пучуқ бурун, малороссиялик камбағал оиладан чиққан унтер-офицер иккиланиб қолди. Бир томондан бундай талабни биринчи эшитиши – бу қонун-қоидага хилоф. Яна бирор кори ҳол бўлмасин, деб қўрқади. Иккинчи томондан, ўн сўм пул ҳазилакам эмас.
- Сен нима қилмоқчисан?
- Муродни ўлдирганини тан олмагунча оёғини куйдиравераман, - деб шивирлади Элбисд.

Унтер-офицер чўчиб тушди. У барча рус деҳқонлари каби оқкўнгил эди, ваҳшийликни ҳазм қила олмасди. Аммо ўн сўм пул… Агар охири бахайр бўлса-ку, пул чўнтакка тушгани яхши-я. У бироз ўйланиб деди:
- Тўхтанг-чи, ўзим бир гаплашиб кўраман.

У Габо ётган хонага кириб, маҳбусга яқин келди. Унга маънодор қараб турди. Габо унинг қарашидан бир нарса демоқчи эканини уқди. Xаёлига бир фикр келди.

«Наҳотки шу менга ёрдам берса? Бўлмаса ким? Балки Саиддир?».

Унтер-офицер аскарларнинг бирига маҳбуснинг қўли маҳкам боғланганми, йўқми, текшириб кўришни буюрди. Арқон маҳкам сиқиб боғлангани сабабли Габонинг билагини қизартириб юборган бўлса-да, аскарларга дўқ урди:
- Тузукроқ боғлашни ҳам билишмайди. Бундақа маҳбусни ҳушёр бўлиб қўриқлаш керак. Сенлар бўлса…

У қоровулга жавоб бериб, арқонни сал бўшатди. Секин эшитиладиган қилиб сўради.
- Пулинг борми?
- Оз-моз бор, - шивирлади Габо.
- Оқсоқолинг бутун айбингни бўйнингга олмагунингча оёқларингни куйдирмоқчи. Агар бунга йўл қўймасам, хизмат ҳаққим қанча бўлади?
- Ёнимдаги борини оласан.
- Қанча?

Унтер-офицер арқонни яна тугиб қўйди.
- Камзулимда 65 сўм бор.
- Яхши, пулни кейин оламан.

«Яхши иш бўлди. Бунинг пули оқсоқолникидан олти баравар кўп», деб ўйлади унтер-офицер. Сўнг меҳмонхонага қайтиб:
- Талабингни бажаришни ҳеч иложи йўқ, - деди у оқсоқолга, – бу ерда гувоҳлар ҳаддан ташқари кўп. Буни бир ўзим ҳал қилолмайман. Ўзинг биласан, бошлиқларим ўтакетган қаттиққўл.

Аскарлар маҳбусни олиб чиқишга тайёрланишаётганда, унтер-офицер усталик билан Габони ёлғиз олиб қолди-да, вақтни бой бермай, ўнг қўлини камзулининг ён чўнтагига тиқди. Бироқ ҳеч нима топа олмади.
- Тагроғида, - пичирлади Габо.

Унтер-офицер тугунчани топиб, дарҳол яширди.
- Мени бутунлай қўйиб юбора олмайсанми? – сўради Габо.
- Қанча?
- Икки юз сўм.
- Пул ёнингдами?
- Йўқ. Лекин мен албатта тўлайман.
- Йўқ, йўқ, - унинг гапини бўлди унтер-офицер, - бунақаси бўлмайди! Шундайин ҳам сенга яхшилик қиламан, деб қонунни буздим, – деди-ю, шошилганича хонадан чиқди.

Икки оқсоқол ҳовлида ўзаро гаплашиб туришарди.

Жануби шарқдан кўтарилган Ой тоғлар устида осилиб қолди.

Унтер-офицер тугунчакдаги пулни санаш учун пана жой қидириб қолди. Ҳовлида санашнинг имкони йўқ эди.
- Мен ҳозир келаман, - деди у оқсоқолга. Сўнг орқа томонга ўтиб пулни санади. Тўғри чиқди.

«Бу осетин тушмагур тўғри сўз экан», - деб ўйлади у қайтар экан. Кўп ўтмай у йўлга тушишга буйруқ берди.

Тагаурск оқсоқоли Габонинг одатини билгани учун ҳам, қочиб кетади, деб хавфсирайди. У жиноятчини икки аскарга боғлаб қўйишларини сўради. Бу таклиф унтер-офицерга ёқиб тушиб дарров бажо келтирди.

Йўлга тушишди. Олдинда унтер-офицер. Габо аскарлар қуршовида. Унинг бўйи бошқалардан бир қаричга баланд. Элбисд саф орқасида, отда келяпти. Улар овоз чиқармай, шимол томонга қараб йўлга тушишди.

Қиш кечаси мафтункор ва қайтарилмас даражада гўзал бўлади. Қилт этган шабада йўқ. Тўлин Ой ён-атрофни кундузгидай ёритиб турибди. Оёқлар остида қор ғичирлайди. Яланғоч харсанглар қор остида. Чапда Ламардон водийси ястаниб ётибди. Водий ярим айлана баланд тоғлар бағрига бориб тақалади. Пастда тезоқар дарё шовуллайди. Бир ярим соатлардан сўнг ғор оғзига етиб келишди. Бу ерда сой сувлари қоя тошларини силаб-сийпаб шарқ томонга буралаб Ламардон дарёсига қўшилади. Йўл ҳам ўнгга қайрилиб шарққа, дарё бўйлаб чўзилиб кетган. Йўлнинг у ёнини тик қоялар ўраган. Бу қоя йўлга соя ташлаб турибди. Йўл торайди. Йўловчилар сиқилишди. Чап томон жарлик. Ўнгда тик қоялар кўкка бўй чўзган. Ҳаммаёқ қоя-тош. Аҳён-аҳёнда дарахт учрайди. Одамлар турнақатор бўлиб юқорига кўтарилиб боришади. Уларни булутлар ўз бағрига олди. Намиққан ёмғирпўшлари музлади.

Улар қояни айланиб ўтувчи ёлғизоёқ сўқмоққа етиб келишди. Одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, қояни айланиб ўта бошлашди.

«Мана, пайти келди, - ўйлади Габо. - Мени Сибирга сургун қилишларини ҳеч истамайман. Жангчилар паноҳкори авлиё Георгий, мадад бер!»

Унинг ўнг қўли боғланган аскар қояни айланиб ўтди. Иккинчиси ҳали орқада. Габо бурчакка етиб келиб, бир зум тўхтаб қолди. Қоя томонга қайрилди. Бутун кучини тўплаб арқонни тортди. Кейин шашт билан айланиб, аскарларга боғланган арқонни маҳкам ушлади-да, ўзини пастга отди. Ўзларини ўнглаб олишга улгурмаган аскарлар унга эргашиб жарга қуладилар. Олдинда кетаётган аскарни Габонинг оғирлиги тортиб кетди. Орқада келаётгани Габонинг сакраши ва шеригининг қулашини кўриб, ўзини шу сўқмоқда ушлаб қолиш учун бор кучини тўплади. Қўллари силлиқ қоя тошдан паноҳ излади. Аммо иложсиз, бу ерда ушлаб қоладиган бирорта ҳам нарса йўқ. У юракни титратиб юборувчи даҳшатли фарёд билан жарга қулади. Қолганлар эҳтиёткорлик билан ўзларини қоя тошга яқин олиб, пастга юмалаб тушиб кетаётган уч одамга то улар кўздан йўқолмагунча қараб туришди. Барча даҳшатга тушиб, тўхтади. Кейин шу ўртадаги овулдан ёрдамга одам чақириш учун орқага қайтдилар. Габо эса ҳамроҳлари билан булутлар оша пастга уча-уча бирдан енгилгина туртки сезди. Арқон дарахт шохларига илинди. Кўз юмиб-очгунча вақт ўтмади ҳамки, дарахт куч билан тушиб келаётган уч кишининг оғирлигини кўтаролмай томирлари билан қўпорилиб чиқди. У ҳам шовқин-сурон билан пастга қулади.

Габо кимнингдир суяклари қисирлаб синганини аниқ эшитди. Бир аскарнинг боши билан қояга урилганини кўрди. «Авлиё Георгий, ўз паноҳингда асра!», деб илтижо қилди.

Яна нимагадир урилишди. Бу сафар юмшоқ нарсанинг устига тушган Габо ҳушини йўқотди. Бир оздан сўнг ўзига келгач, қўл- оёқларини жонсиздай сезди. Аммо ҳеч қаери оғримасди.

«Мени авлиё Георгий сақлаб қолди», - деб шивирлади унинг лаблари. У ҳали ҳам соғ қолганига ишонмас эди. У қўл-оёғини қимирлатиб кўрди. Йўқ, ҳеч ери синмаган. Габо тирик қолиб, озод бўлганидан қалби қувончга тўлди. Кейин ёнида ётган аскарга кўзи тушди. Боши билан қояга урилган, қонга беланган гавдадан унинг одам жасади эканлигини билиш мушкул эди.

Габо тагида аскар ётганини сезди. Уни ўлимдан бутазор сақлаб қолган эди. Габо ўрнидан туриб, бахти чопиб соғ қолганига ишонч ҳосил қилди. У ҳар икки аскарга боғланган арқондан ўзини бўшатиб, тирик қолган аскарга қаради. Кўринишидан бели синганга ўхшайди. «Йўқ мен унга ёрдам беролмайман», деб ўйлади у.

Габо ерда ётган милтиқни олиб, икки марта осмонга ўқ узди. Унинг назарида юқоридагилар буни эшитиб, ўртоқларига ёрдам бергани пастга тушишлари керак эди. Габо пул-мул ёки егулик бирор нарса топиш ниятида аскарнинг чўнтакларини кавлади. У пичоқ, тамаки, бир неча тийин пул топиб, чўнтагига солди. Сўнг аскарнинг милтиғи билан ўқларини олиб йўлга тушди. Бир соатча ирмоқ бўйлаб юқорига кўтарилди. Шундан сўнггина, қорда қолган излари сирни фош қилиб қўйиши мумкинлиги хаёлига келди. Таъқибчиларни чалғитиш мақсадида аниқ из қолдириб орқасига қайтди. Кейин сувга сакради. Тиззасидан келадиган сувни кечиб, оқимга қарши юра бошлади. Орадан бир неча соат вақт ўтди. Шарқдан қуёш мўралаб, Ой кўринмай қолди. У нафас ростлаб, дам олай, деган мақсадда харсангга ўтирган онда бирдан одамларнинг овози қулоғига чалинди.

Бу одамлар Габонинг олдидан тўсиб чиқиш учун эҳтиёткорлик билан пастга тушиб келишарди.

«Нима қилиш керак? Қочайми, йўқ, иложи йўқ», - ўйлади Габо.

У милтиқ билан ўқларни шох-шабба орасига яшириб, ўзи сув остига беркинди. Нафас олиш учун фақат бурнининг учигина сув юзасида қолди. Бу орада бир неча аскар пастга тушиб ўзаро гаплашиб Габо ётган ерга келишди. Унинг юраги шу қадар қаттиқ ура бошлади-ки, назарида худди ҳозир ёрилиб кетадигандай эди.

Йўқ, бахтидан бўлиб, улар ҳеч нима сезмай ўтиб кетишди.

Габо яна бироз кутди. Кейин муздай сувдан чиқиб қуролини олди-да, яна сув ичидан юриб, юқорига кўтарила бошлади. У тез-тез юриб, музлаёзган аъзои-баданини иситмоқчи бўлди.

Габо Ксарзанга, Саиднинг олдига паноҳ излаб бориб, маслаҳат сўрашга қарор қилди.

Қуёш чўққилар оша кўтарилди. Габо дам олиш учун пана ерга ётди. У кундуз куни беркиниб, кечаси йўл юришга мажбур эди. У уйғонганида қуёш тиккага келганди. Очлик силласини қуритди. Бироқ атрофда егулик бирор нарсаси ҳам йўқ. Баланд тоққа жойлашган чўпонлар кулбаси эса берк. Қишда чўпонлар кетиб қолишган.

Йўлда дам ола-ола, очлик азобига чидаб, олға интилаверди.

Қуёш ботди.

Егулик ушоқ ҳам йўқ.

Атроф фақат тош-у қор, бошқа ҳеч нима йўқ. Чанқаса, қор шимади. У чарчади, шундай бўлса ҳам бутун кеч бўйи тўхтамади. Тонгга яқин адирга яқинлашди. Энди йўл ўрмон орасидан ўтади. Тўғри юриш мушкуллашди. Тез-тез дам олишга мажбур бўлди. Кучдан қолди. Ўтириши билан мудрай бошлади. Уйғонгач, очликдан ўзини йўқотгандай туюлди. У дарахт шохларида ўтган йилги ҳосилдан қолган, мевақоқиларни узиб олиб, апил-тапил чайнаб ютди.

«Агар бирор ҳайвонни отганимда хомича ердим, - ўйлади у, - олов ёқишга ҳеч нарсам йўқ».

Иккинчи марта қуёшнинг ботишини йўл азобида кўряпти. Бугун ҳам туни билан йўл юрди. Қуёш яна кўтарилди. У адирга етиб келди. Тоғ ёнбағридаги ўрмон четида, сўнгги йўлга отланиш учун тўхтаб, дам олди.

Куара ҳақидаги ўйлари унга далда берди.

У Саиднинг олдига бориб тўйиб овқат ейишини ўйлаб қувонди.

Ксарзанга йигирма чақиримча қолди. «У ердан изламайдилар. Тагаурск билан Жимардаги қариндошларимникида пойлашади», - деб ўйлади у. Кундузи адирда юришга ботинолмади. Очлик азобига чидаб, тун чўкишини кутди.

Энди Ксарзанга тўхтовсиз юриб борарди. Унинг оёқларига қўрғошин қуюлгандай – қадам босиши оғир. Xаёлида фақат бир фикр айланади:

…овқат… егулик бирор нарса…

Ниҳоят, Ксарзан кўринди. Овулга кираверишда шаҳардан олиб келиб сотувчи кичкина нон дўкони турибди. У дўконга кириб нон сотиб олиб очкўзлик билан ея бошлади. Дўкондан чиқаётиб Жимарда ушлаб олган унтер-офицерга дуч келди.
- А-ха. Мана сен қаерда экансан! - деб хитоб қилди у.

Габо бор кучи билан унинг тумшуғига мушт урди. У ўзини тутолмай йиқилиб, нафаси сиқилди. Габо эса бундан фойдаланиб, қоронғуликда ғойиб бўлди. Унтер-офицер ўрнидан туриб аскарларини чақирди-да, Габони қувишга тушди.
- У дўстининг уйига яширинган бўлса керак, – деди ўзига-ўзи унтер-офицер. Тагаурск оқсоқоли унга Габонинг Ксарзанда тутинган акаси бор эканини айтган эди. У бу ҳақда Ксарзанда казаклар отряди турган приставга хабар берди. Пристав шу заҳотиёқ оқсоқолни ёнига олиб Саиднинг уйига шошилди.

* * *

Бу кеча Саид хонасида милтиғини тозалаб ўтирарди. Лампа чироқ хонани хира ёритади.

Бирдан дераза тиқиллади. Саид эшикни очиши билан хонага Габо отилиб кирди. Унинг ранги оқариб кетган, кўйлаги йиртилган, кир эди. Фақат кўзлари ёнарди.
- Саид, мени қутқар! Қувиб келишяпти!

Саид аввал дераза пардаларни тушириб қуйди. Сўнг эшикнинг занжирини солди. Кейин турк сўрисини девордан суриб, ертўла қопқоғини очди-да «пастга туш», деб Габони имлади.
- Ҳозир таом келтираман, - шивирлади Саид, - бу ерда беркинадиган жой борлигини фақат мен-у, онам билади. Ҳар эҳтимолга қарши уни ўзим ковлаганман. Бошингга тушган савдони кейин айтиб берарсан.

Габо ҳаяжондан гапира олмади. Саидга қўл бериб пастга сакради.

Қоп-қоронғи бу ертўланинг узунлиги етти, эни тўрт, чуқурлиги икки қулочча келарди. Саид ҳаво кириб турсин учун тутун чиқадиган туйнукка қувур ўтқазган эди. Ерга бир неча тахта ташланиб, деворларга ҳам тахта қоқилган. Пастга озгина хашак ҳам ташланган.

Габо милтиқни бурчакка суяб, елкаси оша белига боғланган ўқлар териб қуйилган иккита камарни ҳам ечмай ўзини хашак устига ташлади. Саид туйнукни ёпиб сўрини жойига сурди-да, эшикнинг занжирини олиб қўйди.

«Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, уни бу ердан топа олишмайди!» деди Саид. У елкасидан оғир юки қулаган одам кайфиятида эди. Шундан сўнг ошхонага кириб, онасининг қулоғига нимадир деб шивирлади. Она аввало ўғлига қўрқиб қаради, кейин бош қимирлатди. Ошхонада турган Саиднинг сингиллари ҳам онасига савол назари билан қарадилар. Аммо улар Саиднинг онасига шивирлаб айтган гапларини эшитишмади. Саид онасининг тилини тия олишини, қочоқни қутқаришда унга ёрдам беришини биларди. У энди «таомни менинг хонамга олиб келинглар», демоқчи эди, ташқарида эшик қаттиқ тақиллади. Саиднинг синглиси эшикни очди. Ҳовлига пристав, овул оқсоқоли ва узун қора папоқ кийган йигирматача казак кирди. Уларнинг қарашлари тунд эди.
- Саид, - деди унга оқсоқол, - пристав билан казаклар осетин Габони қидириб юришибди. У сенинг уйингда бўлса керак. Сен уни топширишинг лозим.
- Ҳа, - қўшиб қўйди пристав, - биз уни шу овулгача изма-из таъқиб қилиб келдик. Овулда унинг якаю-ягона дўсти сенсан.
- Ҳа, у менинг дўстим, - хотиржам жавоб қилди Саид. – Шунинг учун ҳам меникига беркинмайди. Биринчи бўлиб уни менинг уйимдан қидиришларингизга ақли етади. Агар унинг қаердалигини билмасам, қандай қилиб сизларга топшираман?
- Саид, - пристав унга яқин келди, - қочоқ сенинг уйингда. Ўзинг биласан, уни ҳеч қайси ингуш яширмайди. Уни яхшиликча ўз хоҳишинг билан бизга топшир. Казаклар билан чорак соат сени яккама-якка қолдириб, отхонада уларнинг қамчилари билан таништиришга мени мажбур қилма.

Саид ташқи кўринишидан жуда бамайлихотир, сир бой бермайди. Қараши жонни олувчи бўлса ҳам хотиржам гапиради.
- Бутун уйимни, ҳовлини тинтинг, унинг қаердалигидан хабарим йўқ.

Оқсоқол ўртага тушди.
- Жаноби пристав аввало уйни тинтиб чиқа қолайлик. Балки ростдан ҳам Габо бу ерда йўқдир?
- Жим бўл, - буюрди пристав. – Сенлар билан қандай гаплашишни ўзим биламан. Қани, менга урядник Ефимовни чақириб юборинг-чи.

Кўп ўтмай ўнг қўлини папоғига қўйган урядник пайдо бўлди.
- Мана бу меҳмондўст жанобни отхонага олиб чиқиб, гапиришга мажбур қил. Бунақа ишга ўзинг устасан.

Урядникнинг оғзи қулоғига етди.
- Бажарилади, - деди у, кейин Саидга ўгирилди. Саидга яна бир неча казак ҳам яқинлашди. Саид ханжарини чиқариб қатъий деди:
- Агар жон ширин бўлса яқинлашмаларинг!

Унинг лаблари қимтилган, қошлари чимирилган, ранги оқарган ҳолда казаклар олдида дадил ва қатъий турарди. Казаклар унинг дадиллигидан чўчиброқ орқага чекинишди. Саид уларнинг бу иккиланишидан фойдаланиб, деразани синдирди. Мушук каби чаққон сакраб қоронғулик қўйнида ғойиб бўлди. Барчалари ҳовлига отилиб, Саидни қувишга тушишди.

Оқсоқол Саиднинг онаси билан сингилларини приставнинг олдига сўроққа чақирди. Улар бамайлихотир туриб «бегона одамни кўрмадик, сиз излаётган қочоқ ҳақида ҳам эшитганимиз йўқ», дейишдан бўлак ҳеч нарса билишмади. Пристав икки одамни ёнига олиб уйни тинтиб чиқди. Ҳар бир жавонни, ҳар бир сўрининг тагини, ҳар бир бурчакни синчиклаб текширди. Xашакларнинг орасини ҳам тинтишди. Аммо бу уринишлари натижасиз чиқди.

Бу ишлар оқсоқолга ёқинқирамади. У шамолга чап бериб, усталик билан тадбир ишлатиши керак эди. Оқсоқол пристав билан ади-бади айтишишдан қўрқарди. Шу ўринда ўзининг ботирлиги билан танилган Саиднинг ёв бўлиб қолишини ҳам истамасди. Шунинг учун ҳам у Габони ҳамма ердан излашга аҳд қилди. Аммо бу қидиришларнинг натижасиз чиқишини кўнгли сезиб турарди.
- Жаноб пристав, - деди у бошлиғига таъзим қилиб, - балки қорнингиз очгандир? Xотинларга айтиб, кўнглингиз тусаган таомни тайёрлатайми? Албатта, кўп нарсани таклиф қилолмаймиз, бироқ, кабоб қилгулик қўй гўшти билан тухум, сут топилади.
- Яхши, бирор нарса тайёрлат. Мен озгина дам олай.

У Саиднинг хонасига кириб, турк сўрига ёнбошлади. Узоқ йўл юриб хоригани учун дарров мудрай бошлади.

Саид орқада казакларнинг оёқ товуши эшитилмагунча қочди. Кейин тўхтаб, тош устига ўтириб ўйланди:

«Қочишимнинг ҳеч нафи йўқ-ку? Улар Габони топишолмаса ҳам уйни қўриқлашади. Мен қайтишим керак. Бўлмаса, Габо оч қолади».

Бироқ у казакларнинг қўлига тушишни истамайди. У уйга яширин ҳолда, приставнинг олдига ўз хоҳиши билан киришга қарор қилди. Ҳақиқатан ҳам у уйга ҳеч кимга сездирмай кирди. У хонасига кирди-ю сўрида хуррак отиб ётган приставни кўрди. Саид пристав уйғониши билан кўзи тушадиган ерга ўтирди. Унинг режаси тайёр: пристав олдида бегуноҳлигини, бир неча ҳафтадан бери Габони кўриш у ёқда турсин, дўсти ҳақида бирон гап эшитмагани учун ҳам келганини айтади.

Саид тоқат билан приставнинг уйғонишини кутди. Кўп ўтмай пристав уйғонди. Эснаб, ўрнидан туриши ҳамон Саидга кўзи тушиб чўчиди:.
- Сен... Сенмисан? Сенга нима керак?

Саид ўрнидан турди.
- Мен сизнинг уйғонишингизни кутиб ўтирибман.
- Сени казаклар...
- Йўқ, мени казаклар тутишолмади, - деди Саид. - Мен бегуноҳлигим учун олдингизга келдим. Мен ҳақиқатан ҳам Габонинг қаердалигини билмайман.

Пристав унга ишонқирамай қаради. Лекин «Габо шу ерда яширинган» деган фикрининг қатъийлиги йўқолиб, иккиланиб қолди. Шу вақт Саиднинг онаси таом келтирди. Саид унинг ҳузурида туриб, кавказликлар одати бўйича уй хўжайини сифатида хизматда бўлди.

Овқат пайтида Ефимов кирди. У айбдорнинг изсиз йўқолганини айтмоқчи эди. Саидни кўрди-ю, тили айланмай қолди. У гаранг бўлиб бир Саидга, бир приставга қараганича гапиришнинг ортиқча эканини билиб жим тураверди.
- Менга қара, Ефимов, Габо уйда йўқ. Аммо у шу яқин орада бўлиши керак. Саид унинг қаердалигини билади. Сен йигитларинг билан шу уйга ўрнашасан. Бирон бир одамнинг Саид билан, унинг онаси, сингиллари билан гаплашишига йўл қўймайсан. Саид, сен бизни қочоқни топгунимизча боқасан. Айт, иккита қўй сўйишсин. Ўзинг қараб тур, яна казакларимни оч қолдирма. Эсингдан чиқмасин: мен сени отхонага олиб боришга буйруқ берганман-а? Ҳали буйруқ ўз кучида турибди. Бекор бўлгани йўқ.

Саид онаси билан сингилларига нима қилиш кераклигини айтиш учун чиқди. У чиқиши билан пристав Ефимовни имлаб чақириб, унга шивирлади.
- Менга қара , Габо бошқа ерда беркиниб ётибди. У ҳам аҳмоқ эмас. Саиднинг уйини биринчи бўлиб тинтув қилишимизни билиб, бу ерга келмаган. Лекин у шу яқин орада Саиднинг овқат келтиришини кутаётган бўлиши керак. Йигитларингни шундай жойлаштир-ки, уйдан ҳеч ким сездирмай чиқмасин. Агар Саидми, кампирми чиқса изига туш. Эҳтиёт бўл, яна сезиб қолишмасин. Кейин ўша захотиёқ менга хабар қил. Энди менга оқсоқолни чақир.

Оқсоқол кетишга ботинолмай, «пристав чақириб қолар», деб айвон зинасида кутиб турган эди.
- Менга қара, Габо шу овулда. Сен уни топишга ёрдам беришинг керак.
- Албатта, жаноб пристав, - деди оқсоқол таъзим билан.
- Демак, йигирмата одамни ёнингга олиб, ҳар бир уйни, ҳар бир отхонани, ҳамма ерни тинтиб чиқ. Эртага бу йигирмата одамингни алмаштириб, яна излайсан. Топмагунингча қидираверасан.
- Xўп бўлади, жаноб пристав – деди оқсоқол, кейин уйдан чиқди.

Кўчада беихтиёр уф тортди. У тинчликни севадиган одам эди. Мана энди ярим овулни оёққа турғизиб, бу осетинни излашга мажбур бўляпти. Xудди Габо ўзини «мана мен» деб тутиб берадигандай. У ҳеч ким ўйламаган жойда ётгандир. Бунинг устига Ефимов йигитларини қоровул қилиб қўйди. Уйга бирор кимса сездирмай кира олмайди, чиқа ҳам олмайди. Ефимовнинг ўзи ўнта йигити билан ошхонага жойлашиб, таомнинг тайёр бўлишини кута бошлади. Саид сингиллари кўмагида бошқа хонага пристав учун тоза кўрпа-ёстиқ тўшаб, меҳрибонлик билан «ноқулай эмасми?», деб сўради. Унинг мақсади приставни турк сўрисидан турғазиш эди. Ниятига етди. Тўшалган ўрин приставга маъқул келиб, ечина бошлади. Саид приставнинг этигини тортиб, ечишига рухсат сўради. Пристав яна Ефимовни чақириб ҳамма эшик, ҳамма дераза олдига қоровул қўйилган-қўйилмаганини сўради. Ефимов ҳамма иш у айтгандай бўлганини айтди. Пристав қоровулларни кечаси соат иккида алмаштиришга буюрди. Кейин Саидни ўзининг хонасига киритиб, устидан қулфлаб қўйди-да, калит билан тўппончани ёстиғининг тагига яширди. Кўп ўтмай Саид унинг бир текисда пишиллашини эшитди. Унинг кайфи чоғ эди. Приставдан анча-мунча овқат ортиб, энди бу овқатни дўстига етказиши мумкин. У чироқни ўчириб, сўрини аста, овоз чиқармай сурди. Қопқоқни очиб, шивирлади:
- Габо!

Жавоб бўлмади.

Яна чақирди:
- Габо!

Яна жимлик.

У эҳтиётлик билан пастга сакраб, ён-атрофни пайпаслади. «Ҳа, мана у… Ҳали бадани иссиқ». Саид уни туртди, ҳеч қандай садо чиқмади. «У йўл азоби билан очликка чидолмай ҳушидан кетибди», ўйлади Саид.

Бундай аҳволда Саид унга вино бериши керак эди, афсуски, унда бу нарса йўқ. Ҳа, дарвоқе, приставдан қолган озгина сут бор-ку! У эҳтиёткорлик билан юқорига чиқиб, сутни олди. Кейин яна пастга тушди-да, дўстининг бошини пайпаслаб топиб, оғзига сут қуйди.

Габо кўзини очиб ихранди Саид хавфсираб, Габонинг қулоғига шивирлади:
- Габо, Габо, бу мен аканг Саидман, овоз чиқарма, эҳтиёт бўл, уйни казаклар ўраб олишган.

Габо ўзига келиб, заиф овозда деди:
- Менга овқат бер. Улар мени уч кундан бери таъқиб қилишяпти. Қорним оч.

Саид яна мушук сингари пусиб юқорига чиқди. Тезда бир бурда нон, эчкининг сутидан қилинган пишлоқ, иккита тухум олиб, пастга тушди. Кўпроқ овқат тайёрлагани учун онасидан хурсанд бўлиб қўйди. Габо қизғанчиқ оч йиртқич каби овқатга ёпишди. Саид уни огоҳлантирди:
- Ҳаммасини еб қўйма. Эртага ҳам қолдир. Энди эртага кечқурун олиб тушаман.

Габо дўстининг гапига итоат этди, нон билан мойни бир четга олиб қўйиб, дўстига шивирлади:
- Саид, бу ташвишлардан қачон қутуларкинман?
- Xудо билади. Сен хавотир олма. Ҳаммаси яхши бўлади.
- Менинг ўзимдан фақат бир ўтинчим бор: куним битгудай бўлса, ботир йигитлардек, номусимга гард юқтирмай ўлсам дейман.
- Аллоҳ ўйлаган ниятингга етказсин. Энди дамингни ол. Мен эртага кечқурун келаман.
- Менга қилган яхшиликларинг учун Xудо сендан марҳаматини аямасин.

Саид юқорига чиқиб, қопқоқни ёпди-да, сўрини жойига суриб қўйди. У ўринга хотиржам ётди. Дўсти хавфсиз. Шу кундан бошлаб Саиднинг оиласи учун оғир ҳафта бошланди. Унинг ўзи, оила аъзоларининг ҳам овулдагилар билан алоқа қилишга ҳақлари йўқ эди. Уларникига ҳеч кимни яқинлаштиришмасди. Казакларни боқиш аёлларни анча уринтириб қўйди.

Габо беркиниб ётибди. Саид ҳар кеч унга овқат беради. У ҳар гал хонтахта устига кўпроқ овқат қўйиб, қолган-қутганларни йиғиштирмайди. У гўё приставдан қолган овқатни ўзи еяётгандай бўлади.

Казакларнинг кайфияти янада тундлашди. Овулдагиларнинг ҳам тинчи бузилди. Улар мажбуран қоровуллик қиладилар. Доимий тинтувлар уларнинг жонларига тегди. Улар оқсоқолдан, приставдан, Саиддан, ҳаммадан кўпроқ Габодан норози эдилар: «бу осетинга ингушларнинг овулидан бўлак беркинадиган ер қуриб қолган эканми?! Саиднинг дўстини сотмаслиги ҳаммага маълум-ку. Шундай экан, у бошқа овулда кўриниш бериб, уларни бу машмашадан қутқарса бўлмасмиди?!»

Пристав Габони тутган одамга уч юз сўм пул мукофоти берилажагини эълон қилди. Бир ҳафтадан кейин Ефимов приставга бу йўл билан қочоқни тутиб бўлмаслигини, Саидни гапиришга мажбур қилиш кераклигини айтди. Пристав бироз ўйлангач, рози бўлди.
- Яхши. Бир уриниб кўрамиз. Уни чақиргин-да, ўзинг беш-олтита одаминг билан эшик орқасида тур. У хонадан чиқиши билан маҳкам ушлайсан. Яна ўтган сафаргидай қочириб юборма.
- Xотирингиз жам бўлсин, жаноб пристав. Бу сафар қочиб қутулиб бўпти.
- Сен у билан ҳазиллашма!.. Xипчинларни ишга сол, гапирмагунча қўймайсан.
- Xўп бўлади!

Ефимов ошхонага бориб, янги сўйилган қўйни бўлаклаётган Саидни чақирди. Кейин энг бақувват йигитлардан олтитасини олиб, эшикнинг у томонида шай бўлиб турди.

Саид кириб эшик олдида тўхтади.
- Саид, - деди пристав, - казакларни боқиш қийинлик қилаётган бўлса керак-а?

Саид жавоб бермади.
- Тушуниб турибман, эркатойларим сени хонавайрон қилишяпти.
- Нима ҳам қилардим, жаноб пристав? - деб юборди Саид. Йигирмата одамни боқишга унинг қурби етмай қолган эди.
- О, сен бунга барҳам беришинг мумкин. Габонинг қаердалигини айт, тамом, биздан қутуласан.
- Жаноб пристав, мен сотқин эмасман.
- Буни қара-я, «сотқин эмасман» деб ўзингни фош қилиб қўйдинг-ку. Демак, сен уни қаерда яширинганини биласан, лекин қайсарлик қилдинг-а? Мана, энди қўлимга тушдинг!

Саид унга аламли нигоҳини қадади.
- Саид, Габонинг боши учун ажратилган пулдан бир қисмини сенга беришим мумкин. Бунга нима дейсан.

Саид бор кучи билан приставнинг кўкрагига урди. У орқасига учиб тушди.
- Аблаҳ, иблис ўғли! Сен мени номусини сотадиган виждонсиз, деб ўйладингми?! - деди ғазаб билан Саид.

У ўрмонга қочиш мақсадида хонадан югуриб чиқмоқчи эди, аммо Ефимов муштига дуч келиб, ерга йиқилди. Казаклар унга ёпишишди. Бир дақиқада унинг қўл-оёқларини боғлашди.
- Xўш, энди отхонага олиб боринглар, - деб буйруқ қилди Ефимов. Саидни тўрт киши кўтариб, ҳовли орқали отхонага олиб ўтишди. У кўринишидан хотиржам бўлса ҳам, лаблари қимтилган, кўзлари бир нуқтага қадалган эди.

Отхонада уни ечинтириш учун турғизиб қўйишди. Бу вақтда аламига чидолмаган пристав келиб ғазаб билан Саидга ташланди.
- Сен ит, ингуш, мени ҳақорат қилишга қандай ҳаддинг сиғди! Итввачча! Ҳали сен менга қўл кўтардингми?!

У мушт билан Саиднинг оғиз-бурни аралаш туширди. Саид боғланган. У оғзи бурнидан оқаётган қонни арта олмайди. Кўзлари эса ғазабдан ёнади.
- Ҳа, мен урдим. Аммо мен қўллари боғлиқ одамни урганим йўқ! – деб луқма ташлади у приставга.

Унинг овозида шунчалар мағрурлик, шунчалар нафрат бор эди-ки, пристав унга жавоб бермай, тескари қараб, казакларга амр этди:
- Буйруқни бажарларинг!

Саиднинг қўлларидан арқонни ечишди. Черкасча камзулини юлқиб олишди. Ерга ётқизиб, этиги билан шимини ҳам ечишди. У фақатгина ич кўйлакда қолди. Тўртта одам унинг қўл ва оёқларини тиззаси билан босди. Ефимовнинг ишораси билан Саидга икки казак яқинлашиб, хипчинларни чиқарди.

Ефимов сўнгги марта сўради:
- Балки эсингни йиғиб, Габонинг қаердалигини айтарсан?

Саид жавоб бермади. У укасини сотиб қўймаслик учун овоз чиқармасликка қасд қилган эди.
- Бошла! - деб буйруқ берди Ефимов.

Саид аввал хипчиннинг ҳавода кескин хуштак чалганини эшитди. Кейин аччиқ оғриқ баданини жимирлатиб юборди. Ўн бир-ўн икки марта уришлардан сўнг Ефимов буйруқ қилди:
- Тўхта! Габонинг қаерда яширинганини энди айтарсан. Ёки яна хоҳлайсанми?

Яна жавоб бўлмади.
- Давом эт!

Яна хипчин бирин-кетин савалай бошлади. Бир неча марта хипчин тушгач, Саиднинг кўнгли айниб, қайт қилди. Кейин ҳушини йўқотди. Энди у ҳеч нима сезмасди.

Пристав яқинлашди.
- Нима деди?
- Овоз ҳам чиқармади.

Пристав «тўхтатинглар» дегандай ишора қилиб, Саидга энгашди-да, унинг бошини кўтарди. Юзлари кўкариб кетган, кўзлари нурсиз, ярим юмуқ, маҳкам қисилган лабларда қонли кўпик.
- Муттаҳамлар! – у казакларга ташланди. – Ахир ўлдириб қўйибсанлар-ку! Мана энди ишга тергов билан газета аралашиб, машмаша бошланади.

Ефимов пушаймон бўлгандай бошини эгди. Тиз чўкди. Саиднинг оёғини босиб турган икки казак эса ҳаракациз жасадни ўнг томонга айлантиришди. Ефимов Саиднинг кўкрагига қулоқ тутди.
- Юраги уряпти, жаноб пристав, - деди кўзлари қувончдан ёниб.
- Бўлмаса, совуқ сув сеп. Ўзига келсин.

Саиднинг бошига, орқасига бир неча челак сув сепишди ҳамки, ўзига келмади. Шундан сўнг пристав уни уйга олиб киришга буйруқ берди. Саидни ҳовлидан олиб ўтишаётганда онаси билан сингиллари дод-фарёд солиб унга ўзларини ташладилар. Уни ичкарига олиб кириб, ерга қўйдилар.

Она кўз ёшларини артиб, қизлари ёрдамида Саидни ўзининг хонасига олиб кириб, сўрига мук тушириб ётқизди. У қизларини ёғга юбориб, ўғлининг яраларини ювди. Саид кўзини очиб, онасига қаради.
- Она! – шивирлади у бахтиёр одамнинг товуши билан. Унинг мағрур жилмайиши қонсиз юзини ёритгандай бўлди.
- Мен Габони сотиб қўймадимми?
- Сиз унинг қаердалигини билармидингиз? – қизиқиб сўрашди сингиллари.
- Жим бўлинглар! – буюрди кампир.
- Xудога минг қатла шукур, - деди у ўғлига. – Аллоҳ сенинг садоқатингни сақлади.

У шундай дегач, яраларга малҳам қўйди.

Кутавериб ҳафсаласи пир бўлган пристав эртага овулдан чиқиб кетишга қарор қилди. У бошлиқларига қочоқни топа олмадик, унинг беркинишига халойиқ ёрдам кўрсатди, дейишни дилига тугиб қўйди. Бунинг учун овулга катта жарима солишга маслаҳат беради. У Ефимовни чақириб, эрталаб овулдан жўнаш учун тайёргарлик кўришни тайинлади.
- Майли, бугун одамлар дам олсин. Қоровул қўйишнинг ҳам фойдаси йўқ.Барибир бу аблах Саиддан бир нарсани билиб бўлмайди.

Сўрида ётган Саид алахсираяпти. Юзлари докадек оқариб кетган. Дўсти эшитиб қолмаслиги учун ўқчимасликка ҳаракат қилади. Кечқурун онаси қоровуллар қўйилмаганини пайқаб, буни ўғлига айтди. «Казаклар овул кўчаларида сайр қилиб юриб, дўконга кириб тамаки олиб, отларни сафарга тайёрлашяпти» - деди.

Саиднинг сингиллари приставга овқат тайёрладилар. Пристав ҳовлига чиқиб оқсоқолга кўзи тушди. Оқсоқол бирор буйруқ бўлармикан, деган хаёлда келган эди. Саидга берилган жазо, унинг оғиз очмаслиги, казакларнинг эрталаб кетмоқчилиги ҳақидаги хушхабар овулга тарқалган эди.
- Менга қара, оқсоқол. Эртага тонгда биз кетамиз. Мен катталаримга «Габо сенларнинг ёрдамингда қочиб қутулган», дейман.
- Ахир, жаноб пристав?
- Жим бўл! Мен бу гапни икки ҳафтадан кейин бошлиқларга етказаман. Агар шу вақтгача Габони тутмас экансанлар ёки қаердалигини билиб бизга хабар қилмасанглар овулга уч юз сўм жарима соламиз. Агар Габони тутиб берсанглар ёки қаердалигини хабар қилсанглар, бошлиқларга айтмайман, Габонинг боши учун ажратилган пул сизларга тегади.

Оқсоқол таъзим қилиб, чиқиб кетди. Унинг елкасига яна оғир ғам юки юкланди. Овулнинг кекса, ҳурматли кишиларини тўплаб уларга приставнинг гапини етказди. Ҳамма ҳайрон қолди: нима қилишса экан? Габони тутишмаса, овул аҳли уч юз сўм тўлаши керак.


Тун. Ҳамма уйқуга кетди.

Қўшни хонада пристав хуррак отяпти. Фақатгина Саиднинг онасигина мижжа қоқмай, ўғлининг ёнида ўтирибди. Саид ярим тунда ўзига келди. У ўғлига казакларнинг эрталаб кетажагини, Габо топилмаса овулга жарима солинишини айтиб берди.

Буни эшитиб, Саид ҳаяжонланди.
- Она, Габо шу тун чиқиб кетиши керак…Энди бу ер хавфли. Биз пристав билан урядникни лақиллатдик. Ўзимизникиларни алдаш қийин. Унга менинг милтиғимни беринг, қанча имкони бўлса, шунча ўқ олсин. Нон билан пишлоқ беринг. Сўрини суринг. Тўхтанг, мен турай.

Саид қийналиб ўрнидан турди. Деворга суянди. Она сўрини суриб қопқоқни очди. Габо юқорига чиқиб, Саидга кўзи тушди.
- Саид, сенга нима бўлди?.. Тобинг йўқми?

Саид жавоб бермай дўстига маънодор қаради. Унинг қарашида ҳам қувонч, ҳам мағрурлик порлар эди.
- Жувонмарглар! Бечорани шу аҳволга солишди, - гапга қўшилди она сўрини жойига суриб қўйгач. - Лекин у сенга содиқ қолди, чурқ этмади.

Унинг сўзларида мағрурлик ва ёвга нисбатан нафрат бор эди. Кампир Габонинг йўлига олволиши учун овқат тайёрлагани чиқиб кетди.
- Саид!

Габо унга яқин келди.
- Саид!

У бошқа сўз айтолмай қолди. Шунинг ўзи Саид учун катта мукофот эди. Габонинг бутун миннатдорчилиги ана шу бир сўзда ифодаланганди:

…даҳшат, қаҳру-ғазаб, миннатдорчилик, ҳамкорлик….
- Габо, - деди Саид, - эсингда борми, сен менинг бўркимни ўғирлаганингда мен орқангдан қувган эдим. Ўшанда ишонмаган эдинг. Энди менга ишонасанми?
- Ҳа, ишонаман. Мен бир умрга сеникиман.

Саиднинг туришга қурби етмасди. Гандираклаб бориб сўрига мук тушиб ётди.
- Яқинроқ кел, гаплашиб олайлик.

Габо тиз чўкиб, милтиғини олдига қўйди. Тирсагини сўрига тираб, дўстига энгашди.
- Габо, сен шу тунда бу ердан кетишинг керак. Сенинг бошинг учун катта пул ваъда қилишган. Агар сени тутиша олишмаса, овулга уч юз сўм жарима солишади. Бу ерда қолишинг хавфли. Менинг Қабардада бир укам бор. У княз Арасбиевникида ўрмончи бўлиб ишлайди. Исми Мурод Пшабоев. Мана бу узукни берсанг, мен юборганимни билади. Қўлидан келган ёрдамини аямайди.

Саид бармоғидан қандайдир тилда турли ёзувлар ўйилган эски олтин узукни чиқариб, Габога берди. Габо чап қўлининг бармоғига солди.
- Раҳмат, Саид! Агар Парвардигор менга ҳаёт инъом эца, сенга худди ҳозиргидай яқин бўламан. Мен учун еган калтакларингнинг изи юрагимдан ҳеч қачон ўчмайди. Агар куним битгудай бўлса, шундай ўламанки, сен мен билан фахрланасан. Саид, мен сен билан фахрланаман. Xудо каромат қилгай. Мен шундай ўлай-ки, болалар, болаларнинг болалари ҳар доим Саиднинг туғишган укаси Габонинг қандай ҳалок бўлганини эслаб юришсин!

Бу орада Саиднинг онаси кириб, қопчиқ келтирди. Габо уни елкаси оша ташлаб, кампирдан безовта қилгани учун кечирим сўради.
-Габо, тонг отишига оз қолди. Тезроқ бўл. Тонг отмай овулдан чиқиб олишинг керак. Менинг милтиғимни ол, ана осиғлиқ турибди. – У деворга ишора қилди. – Сенинг милтиғинг тозаланмаган, ўқинг ҳам оз. Уни шу ерда қолдир. Қанча хоҳласанг, шунча ўқ ол. Ўқлар жавонда.
- Саид, биласанми… - у бошқа сўз айтолмади.
- Биламан, Габо, биламан.

Габо Саиднинг милтиғини олиб, унинг ўрнига ўзиникини илиб қўйди. Кейин бели ва елкаси оша ташланган камар-ўқдонни ўқлар билан тўлдирди.
- Xайр, Габо!
- Xайр, Саид…

Улар сўнгги бор бир-бирларининг кўзига хотиржам ва жиддий қарадилар. Габо Саиднинг қўлини маҳкам қисиб, эслади: У Саидни биринчи бор кўрганда ҳам унинг кўзлари мана шундай соф туйғу билан боқар эди. Саид ўз қасамига содиқ қолди.

У эшик олдида орқасига қаради…

Габонинг назарида Саидга яна бир бор қараши туфайли қалбида дўст сиймоси чуқур из қолдириши керак эди.

Очиқкўнгил Саид меҳр билан жилмайди.

Габонинг кўнгли орзиқиб кетди. Назарида дўстини қайта кўрмайдигандай туюлди. У тиз чўкди-да, Куара берган узукни чиқариб, Саиднинг бармоғига тақиб қўйди.
- Саид, агар мен ўлсам, Куарага уйлан. Унга бу менинг сўнгги хоҳишим эканини айтиб, узукни кўрсат.
- Габо… Габо!

Саидни аллақандай қарама-қарши туйғу чулғаб олди.

У Куарани бутун қалби, кавказликлар қони билан севарди. У тутинган укасига хиёнат қилмаслик учун Куарадан воз кечган эди. Куара яна унинг ҳаёт йўлига қадам босяпти!
- Йўқ.. .йўқ. Аллоҳ умрингни узоқ қилсин, - деди у ҳаяжон билан.

Габо тезгина уйдан чиқиб, қоронғуликда кўздан йўқолди.

«Саид мени қутқараман деб шунчалар азоб чекибди». Бу фикр унинг қулоқлари остида тинимсиз жарангларди. Габо бўркини қандай ўғирлаганини, унинг дўстлашиш учун қувиб етиб олганини, унга ишонмаганини, Саиднинг ишонтира олганини эслади. Мана энди… Энди Саид дўстини қутқараман, деб азоб чекиб ётибди.

Габо Россияни тарк этишни хаёл қилди. У катта денгизнинг нариги бетидаги мамлакатга боради. У ерда ҳеч ким унинг қандай жиноят қилганини суриштириб ўтирмайди. Габо у ерда янги, ҳалол ҳаёт кечиришга аҳд қилди. У фабрикада ишлайди. Кейин Куарани чақириб олади. У ўзининг катта, кучли қўлларига қаради.
- Ўзим билан Куарани боқишга менинг қурбим етади.

Шарқ томон оқариб қолган эди. Габо буни кўриб, хавотирланди. Унинг ажойиб хаёллари хуркак мушук каби бир зумда тарқади. Кундуз куни адирда юра олмайди, бутун овул бўйлаб Саидникига қайтиш ҳам мумкин эмас.

У овулдан ярим чақирим нарида, нок дарахти ёнида бир вақтлар мурдалар кўмиладиган дахма борлигини эслади. Кундузи ўша ерда беркинади. Кечаси йўл юради.

Овулнинг чўпони бугун уйида эмас, Кота деган бир семиз беванинг уйида тунаган эди. Улар яқинда никоҳ ўқитишади, деган миш-мишлар юрарди. Қоронғуда уйига қайтаётганида овул кўчасида қуролланган одамнинг қорасини кўзи илғаб қолди.
- Бу ҳамма қидираётган Габо эмасмикин? - деган фикр миясида ярқ этди.

Чўпон Габонинг изидан тушиб, унинг илоҳий нокка яқинлашганини, кейин дахмага дераза оша кирганини кўрди.

Тун қоронғулиги ўрнини салқин тонгга бўшатиб берди. Ҳали кунчиқар томонда шафақ кўринмас, аммо ғира-шира осмон билан адир ажралиб турарди.

«Беркинган одам Габо бўлиши керак, - қарор қилди чўпон. - У энди йўлга фақат кечаси чиқиши мумкин. Унинг бошига бериладиган уч юз сўм пул мен билан бева Котага жуда асқотади».

У бир қарорга келиб бўлди. Чўпон Габонинг ёшлигини, унинг ботирлигини хаёлига ҳам келтирмади. Унинг виждони қочоқни ҳимоя қилишга чорламади. У қочоқни сотишга уялмади. У уч юз сўм пулга эга бўлишни истарди.

Чўпон оқсоқолникига йўл олди. Ҳали ҳамма ухлаб ётарди. У отларни иккита ёрдамчи болага қолдириб кутди. У ҳовлида у ёқдан бу ёқа юрди, айвон зинасига ўтирди, охири чидай олмай деразани тақиллатди.
- Нима гап? – деди оқсоқол уйқули овозда. - Ким у?

Чўпон кимлигини айтди.
- Намунча эрталабдан келмасанг, сенга нима керак?

Оқсоқол деразани очди.
- Жуда муҳим иш, жуда муҳим, - чўпон ён-атрофга аланглади. – Мен қочоқнинг қаерга яширинганини биламан.
- Тўхтаб тур-чи, мен ҳозир чиқаман, - деди секингина оқсоқол, кейин деразани ёпиб, ҳовлига ошиқди.
- У қаерда?
- Аввал менга уч юз сўм мукофот тегиши тўғрисида тилхат беринг. Кейин айтаман.

Оқсоқол ярим пулни ўзиники қилиб олмоқчи эди, бўлмади. Чўпон қайсар чиқди.
- Агар менга бу пулларни беришмаса, қочоқнинг олдига бораман. Сотмаганим учун менга минг сўм беради, - қўрқитди чўпон.

Оқсоқол овул бошига солинадиган жаримани ўйлаб ён берди.
- Яхши, мукофот сеники бўлди. Қочоқ қаерда?
- Аввал тилхат беринг, кейин Габо яширинган ерни кўрсатаман.

Оқсоқол кетди. Бир неча дақиқадан сўнг тилхат билан қайтди.

Тилхатни чўпонга берди. Чўпон уни камзулига авайлаб солиб, оқсоқолга яқинлашди:
- Илоҳий нок остидаги дахмада,-деди сирли равишда пичирлаб.

Оқсоқол ўйланиб қолди.

«Яхши ҳамки, пристав билан казаклар ҳали шу ерда. Бугун қуёш бир киши учун эмас, бир қанча одам учун сўнгги марта нур сочади».

Оқсоқол чўпонга уйма-уй юриб, барча эркакларни бошқармага тўплашни буюрди. Нима гап эканлигини зинҳор айтмасликни таъкидлаб, ўзи приставнинг олдига йўл олди.

Габо эса ҳеч нарсадан хавфсирамай тезроқ тун бўлишини кутиб, дахмада ўтирарди. У ўзини бу ерда хавфсиз сезди. Бу ердан одамлар чўчишар эди. Шунинг учун ҳам уни бу ердан излашмайди.

Бир неча соатлардан сўнг дераза оша ичкарига бир ниманинг сояси тушгандай бўлди. Габо ўрнидан туриб, атрофга қаради: бир бола дарахтни пана қилиб писиб дахма томон келарди. «Жосус!» ўйлади Габо. Милтиғини олди, бироқ шу заҳотиёқ яна жойига қўйди. Болани отишга қўли бормади.

Габо тинчини йўқотди. Xавотирга тушиб, дераза ошганича ташқарига чиқди. Атрофга назар ташлади. Унинг қаршисида жанубда бепоён адир. Ғарб томони ҳам адир, охири кўринмайди. Шарқ томони овул. Шимол томони эса… У шошиб орқасига қараб олди-да дахмага қайтди.

Пристав бошлиқ казаклар билан бир неча ингуш катта доира шаклида дахмани ўраб олишди. Улар юриб келишарди. Улар бугун отишма бўлишини яхши билишарди. Оқсоқол дахманинг фақат жанубида дераза борлигини айтгани учун ҳам улар шимол томондан яқинлашиб келишарди.

Габо буни пайқаб қолиб, сотишганини тушунди.

«Қандай қилиб қочиб қутилиш мумкин?»

Казаклар билан ингушларда от бор. Унда эса йўқ. Қолаверса ҳозир қиш, ҳаммаёқ қор. Ёз бўлганда баланд ўтлар орасига беркинарди. О, қани энди тунгача чидашнинг иложи бўлса…Йўқ, имкон бўлиши қийин.

Габо куни битганини сезди. Ўз-ўзига «бошқа йўл йўқ!» деб далда берди. Энди у шундай ўлиши керак-ки, Саид унинг номи билан фахрлансин. Кечалари гулхан атрофида болалар, уларнинг болалари бир-бирларига Габо Явзико ўғлининг қандай ҳалок бўлганини айтиб беришсин. У Саид учун қасос олишга, ҳаётини қимматроққа сотишга қарор қилди.

«Мен у дунёга якка ўзим кетмайман. Анча-мунча одам менга ҳамроҳ бўлиб, Габо Явзико ўғли келаётганидан хабар беради». Габо қўлига милтиқ олиб, дахмадан чиқди. У рақибларига дадил қаради.

Унинг мардона туриши йигитлик жасорати, Қофқаз ботирлари гўзаллигининг тимсоли эди: елкалари кенг, баланд бўйли, қомати келишган, қора папоғи сал орқага ташланган, кенг пешонаси очиқ, кўзлари жонсарак. Бу кўзларда ёшлик қаҳрамонлигининг ўти бор. Унинг бу туриши шу топда афсонавий баҳодирларни эслатади. У ўнг оёғини сал олдинга ташлаб, милтиқ тепкисини босишга тайёр ҳолда ушлаб турарди. Габо деразадан мўралаган боланинг приставга алланималарнидир айтиб, қўли билан у томонни кўрсатганини, приставнинг бош қимирлатганини, сўнг болани кетказиб юборганини кўрди.

Овул томонда яна отлиқлар кўринди. Улар бир қатор тизилиб, тезроқ дахмани ўраб олиш учун от чоптириб келардилар. Улар казаклар даврасига келиб қўшилишгач, отларини секинлатдилар. Қуролларини бошлари узра силкиб, қабилаларининг ҳарбий шиорини қичқириб айтдилар.

Габонинг атрофини ўраётганлар доираси бирлашди. Унинг қаҳрамонона ҳалок бўлишдан бошқа йўли қолмади. Габонинг лабларида заҳарли жилмайиш пайдо бўлди.

«Тириклайин қўлга туширишиб бўпти! Габо ўзини Сибирга ҳайдалиб, конларда иш азобида хўрланишига йўл қўймайди!» -деб ўйлади у.

Пристав Габо билан музокара олиб бориш учун олдинга чиқиб қўлини кўтарди.
- Габо, таслим бўл, сен қуршовдасан!

Габо таслим бўлмайди.
- Менга қара, пристав, ингушлар, сизлар ҳам эшитинглар: менинг сизларга қарши ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ. Бизнинг уруғларимиз орасида ҳеч қачон қон тўкилмаган. Нима учун мени ўлдирмоқчисизлар? Мени қўйиб юборинглар, ўз йўлимдан қолмай, энди бу ерларга ҳеч қайтиб келмайман.
- Йўқ, Габо, таслим бўл!
- Ҳа, шундай дегин, бўлмаса, мана бу Саид учун!

Габо мўлжалга олиб тепкини босди, пристав чап қўли билан юрагини ушлаб, эгардан йиқилди.
- Ўт оч! – буйруқ берди Ефимов. Габонинг атрофидан ўқлар ҳуштак чалиб ўтди. У милтиғини ўқлаб яна мўлжалга олди. Бу сафар Ефимов қулади. У бироз типирчилади-ю, кейин чўзилди.

Ёввойитабиат, жасур казак биттага камайди. Казаклар билан ингушлар тўхтовсиз отавердилар. Улар Габонинг аниқ мўлжалга олаётганини кўриб, яқинлашишга юраклари бетламади. Улар ёмон отардилар.

Габо илтижо қила бошлади:
- Ё Xудо, мадад бер, ўзим йиқилгунча бу жангда яна бир нечтасини у дунёга жўнатай. Авлиё Георгий, яна бир нечасини отишимга ўзинг ёрдам бер.

Кейин у ўйлаб қолди: «Бу итлар яна мени қўрқаяпти, деб ўйламасин».

У қаҳ-қаҳ отиб кулганича, «лезгинка»[1]га туша бошлади.

Казаклар ҳайратда қолиб, отишни тўхтатдилар. Ингушларнинг эса унга ҳаваси келди.

«Қаҳрамон сифатида ўлмоқчи», - дейишди тўпланганлар.

Габо ҳамон рақсга тушарди.

У ўлим олдида рақсга тушяпти.

Юзлаб милтиқлар унга ўлим кўзи билан олайиб қараб турибди.

Авваллари байрамларда, тўйларда унинг олдига тушадиган раққос бўлмас эди. Унинг ҳар бир ҳаракати қўшиқдаги сўзлар каби ҳис-ҳаяжонини ифода этарди. Унинг қиз атрофида айланишини зерикмай томоша қилиш мумкин эди. Энди у ажал билан рақсга тушяпти. У қўлларини узатиб, худди қадрдон овулида қоракўз гўзал Куара билан рақсга тушаётгандай ҳис қилди ўзини.

Куара!

Бирдан узоқдан ўқ овози эшитилди, енгил оқ тутун кўтарилди. Габо атрофидан ҳуштак чалиб ўтаётган ўқларнинг овозини эшитди. Шунга қарамасдан у «лезгинка»ни охиригача ўйнади.

Рақс тугагач, қаради-ки, ингушлар анча яқин келиб қолишибди.

У милтиқ ўқталди.
- Орқага!

Шу пайт ингушларнинг бири уни нишонга олаётганини кўрди. То у нишонга олгунча Габо тепкини босишга улгурди. Жонсиз ингушнинг қўлидаги милтиқ сирғалиб ерга тушди.

Яна отишма бошланиб кетди.

Тепаликка ярим овул тўпланди. Аёллар, қариялар, болалар бу тенгсиз жангни кузатишарди. Улар орасида Саиднинг сингиллари ҳам бор эди. Уларнинг бири кампир бериб юборган тугунчани кўтариб олган. Тугунчада Саиднинг милтиғига мос келадиган ўқлар бор. Кампирнинг ўзи бу ерга кела олмади. У алахсираб ётган ўғли олдида ўтирарди.

Габо эса бир ўзи икки юз-уч юз рақиби билан олишарди. Унинг ўқлари кўпинча бехато тегади. Шунинг учун ҳамон яқин келишга казакларнинг юраги бетламайди.

Бир неча казак оғир яраланди, бир неча ингуш қонга беланди. Бироқ Габога ўлим яқинлаша олмаяпти. Фақат унинг ўқлари тугай деяпти. Душманларнинг айни муддаоси ҳам шу. У яна ҳам сергакроқ нишонга ола бошлади. Яна икки казак кўкрагидан ўқ еб эгардан йиқилди. Габо уларнинг жонсиз ётганини кўрди.

Бу орада Керик исмли ингуш орқадан келиб отди. Ўқ Габонинг ўнг тирсагига тегди. Энди унинг қўли кучсиз, синган эди. Габо ўгирилди-да, кўзлари ёнганича милтиқни чап елкасига олди. Чидаб бўлмайдиган оғриққа бардош бериб, ўнг қўлини кўтариб тепкини босди. Керик пешонасидан ўқ еб, бўшаган қопдай орқага шалвираб тушди.

Энди Габо секин ота бошлади. Милтиқни ўқлаш, тепкини босиш ундан кўп чидам, бардош талаб қиларди. Ундан ташқари сўнгги ўқини ҳам отиб тугатди. Шу пайт ҳавода тугунча кўринди-ю, унинг оёқлари остига келиб тушди. Саиднинг синглиси шимол томондан нок дарахтини паналаб келиб, онасининг топшириғини бажарган эди.

У тугунчани олиш учун эгилган ҳам эди-ки, аввал ўнг кўкрагига, кейин ўнг думбасига ўқ тегди. Кўз олди қоронғулашиб ўтириб қолди. У куни битиши яқинлашганини сезди. Габо авлиё Георгийга илтижо қилиб, у дунёга кетмай туриб яна бир душманини жаҳаннамга жўнатишга ёрдам беришини сўради. Унинг илтижоси ижобат бўлди.

Рақиблар унинг яраланганини сезиб, тобора яқинлаша бошлашди. Ефимовнинг дўстларидан бири, ўртоғи учун қасос олиш ниятида, қилич яланғочлаб, ярадорга эҳтиётлик билан яқинлашарди. У ярадорни чопиш учун қилич кўтариши билан Габо кўзини очди-ю, милтиқ билан ўзини тўсди, кейин қўндоқ билан унинг бошига шундай зарб билан урди-ки, казак тил тортмай жон бера қолди.
- Авлиё Георгий ўзингга шукур! – шивирлади Габонинг лаблари.

Габо ҳушидан кетаёзгани учун ўзидан ўзи уялди. У юришни истарди. Милтиқни ўқлашга эса унинг қурби етмасди. Шунинг учун уни кераксиз юкдай четга ташлаб, ханжарини қинидан суғурди. Габо оқсоқланиб, халойиқ тўпланган тепалик томонга юрди.

Наҳотки у ҳали ҳам қутулишни ўйласа?

Яна унинг атрофидан ўқлар ҳуштак чалиб ўтди.

Бирдан унинг ўнг қўли ихтиёрсиз юқорига кўтарилди. Унинг жағига ўқ теккан эди.

Габо яна ўтиришга мажбур бўлди. Бироқ унинг чап қўли ханжарни маҳкам ушлаган. Кўзлари душманга ғазаб ва нафрат билан боқарди.

Керикнинг акаси от чоптириб келиб, Габонинг икки кўзи ўртасига қилич солди.

Ғиринг деган товуш чиқмади. Габонинг кўзларига қон тўлиб, кўр бўлди.

Яна бир ингуш от чоптириб келиб қилич солди. У Габонинг чап қулоғи билан бошининг чап томонини учириб кетди.

Саиднинг сингиллари дугоналари билан бирга фарёд солиб, Габони ҳимоя қилгани ташланишди. Лекин казаклар йўл беришмади. Отишмада қатнашганларнинг ҳар бири Габонинг қонга бўялган танасига ханжар санчишни истар эди.

Ҳали ундаги ҳаёт нишонаси сўнгани йўқ. Унинг ханжар ушлаган чап қўли худди душманига ҳамла қилаётгандай аста қимирлаб қўйди.

Керикнинг акаси баланд товушда деди:
- Саиднинг тутинган укаси Габо қаҳрамонларча ҳалок бўляпти, - у шундай деб Габонинг ботир юрагига ханжар санчди.

Габо энди ҳеч нарсани кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам. Аммо сўнгги сўзларни эшитди. Шунинг учун ҳам унинг юзида мағрур кулгу қотиб қолди.

Ингуш унинг ўнг қулоғини кесиб, қонли қасос олганининг нишонаси сифатида чўнтагига солиб қўйди.

Явзиконинг ўғли Габо ана шундай ҳалок бўлди.

* * *

Саид ҳали ҳаёт. Уни ҳамма ҳурмат қилади.

Габо ҳалок бўлгач, унинг бойликларини кавлаб олди. Бу бойлигини қофқазликларга, агар шунга лойиқ бўлишса, қайси қабилага мансуб эканига қарамай, ёрдам беришга ишлатади. Айниқса, у билим олмоқчи бўлган ёшларни кўп қўллаб-қуватлайди.

Саид Куарага уйланди. Кўп фарзанд кўрди.

У қора кўз, чиройлигина катта ўғлига Габо деб исм берган.

Саид Габонинг укаси Муҳаммадга алоҳида меҳр қўйган. Муҳаммад эса унга содиқлиги билан жавоб беради.


Cite error: <ref> tags exist, but no <references/> tag was found