OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXайриддин Султон
Асар номиБунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт! (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Xайриддин Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм38KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт! (ҳикоя)
Xайриддин Султон

«
«Олой малшаси» — Қурбонжон додхоҳ 1865 йилдан то 1880 йилгча Помирда бир саркарда сифатида халқни ўз атрофига тўплаб. кўлида яланг қилич билан фон Кауфманга қарши курашди. У шу даражада жасоратли бир хотин эдики, рли Қамчибек Кауфман томонидан асир қилиниб, дорга осилаётганда, дор тагига келиб, ўғлига хитобан:
— Хайр, ўғлим, ота-боболаринг ҳам душман кўлида ҳалок бўлки, Шаҳид ўлмоқ бизга мерос. Сенга берган сутим оқ бўлсин! — дея олган ва отининг жиловини терс буриб, ўғлининг тортаётган азоб уқубатларидан шартта юз ўгириб кета олган хотиндир».

Ғафур Ғулом
»

Минг саккиз юз етмиш олтинчи йил, йигирма олтинчи феврал. Марғилон.

Қаҳратон қаҳридаги рутубатли, хазин бу кун қишнинг одатий кунларидан деярли фарқ қилмай ниҳоясига етмоқда эди. Бу кун ҳам шаҳар одатдагидек тонг қоронғисида муаззинларнинг овози билаи уйғонди Азонни эшитган аҳли муслим бу кун ҳам шоша-пиша таҳорат олиб, яхлаган йўлаклардаги қор-қировларни ғижирлатганча эрталабки изғиринда жунжика-жунжика масжид сари шошилди; бу кун ҳам паст-баланд томлар устида ҳар доимгидек заиф, беқарор кўкиш тутун хийла вақт муаллақ осилиб турди; бу кун ҳам қуёш худди совқотаётгандек осмонда бир муддат сийқа танга каби хира ялтираб, сўнг паға-паға кулранг булутлар остига кириб кўздан йўқолди, тирикчилик ғамида яйдоқ кўчаларда сарсон суринган турфа одамлар бу кун ҳам шаҳарнинг руҳсиз қиёфасига маъюс бир жонланиш бергандек бўлдилар...

Хуллас, қаҳратон қишнинг бефайз, жимжит бу куни шу чоққача бу кўҳна шаҳар ўз бошидан кечирган минглаб кунлар сингари йўқлик сари ботиб, бир палла, туйқусдан мисли кўрилмаган ола-тўполон бошланди. Бозор майдони тўрт томондан гурас-гурас оқиб келаётган одамлар билан тўлди.

Майдон шаҳар бунёд бўлгандан буён ҳали бу қадар тумонатни кўрмаган эди. Аччиқ изғирин юз-кўзга игнадек санчилади, суяк-суякларни зирқиратади, бўғотлардаги, томлар бошидаги сумалакларни қамчиси билан савалайди, бор тирик жонни ин-инига ҳайдайди, аммо молбозорга туташ яланг саҳнда чумолидек ғужғон ўйнаган оломон тинимсиз қайнаб-тошади. Шоп-мўйлов, кўзлари чақчайган казакларнинг важоҳатидан қути ўчиб дўконларини апил-тапил тақа-тақ ёпиб чиққан баққол ва ҳунармандлар, бозиллаган танчалари олдидан ҳайдаб келтирилган, нима гаплигини англаёлмай гаранг бўлиб, чиммат остидан саросима ва қўрқув билан мўралаб турган хотин-халаж, «Ла ҳавла...»ни бир лаҳза тилидан қўймаган кампирлар, хўмрайган, ялангтўш чоллар, бурнининг суви оқиб йиғламсираган бола-бақралар...

Ҳамманинг оғзида бир гап, ҳамманинг юрагида бир ваҳима: «Қамчибек осилармиш!»

Майдонни отлиқ казаклар халқа шаклида қуршаган. Минбарга ўхшатиб тахтадан ясалган тўрдаги омонат шоҳсупадан Туркистон ўлкаси генерал-губернатори фон Кауфман, Фарғона жазо экспедитсиясининг бошлиғи, сочлари оппоқ, қош-кўзлари қоп-қора генерал-маёр Тротский, хушқомат, хушфеъл флигел-адъютант княз Боярский, пакана, оқсоқ полковник Лусаров, Фарғона ҳарбий губернаторлигининг амалдорлари, тулки тумоқ кийган Абдураҳмон офтобачи ва совуқданми, қўрқувданми қунишган бир неча маҳаллий аъёнлар бирин-кетин жой олдилар.

Шамол тобора кучлироқ эса бошлади.

Майдонга яна иккита пиёда аскарлар ротаси кириб келди-да, саф бошидаги яғриндор офитсернинг командасига биноан тўртбурчак ҳосил қилиб тўхтади.

Яғриндор офитсер — Ляхов фамилияли маёр шоҳсупага яқинлашиб, Кауфманга чест берди:
— Ҳамма нарса тайёр, зоти олийлари. Бошлашга ижозат этадиларми?

Кауфман соатига қаради:
— Бир минутга, маёр. Менинг рафиқам ҳам келмоқчи эди. Бир оз кутсак. А, ана, ўзи ҳам келяпти шекилли.

Иккита йўрға тўриқ қўшилган зангори карета шалдираганча майдонга кириб келди. Шоҳсупа ёнида турган адъютантлардан бири шоша-пиша бориб карета эшигини очди. Барра қундуз мўйнали пўстинлари остидаги мовий кўйлакларнинг бурма этакларини авайлаб кўтарганча иккита хоним олдинма-кейин каретадан тушди. Ёши ўтинқираброқ қолган, лекин ҳали расо қадди-қомати буни яшириб турган биринчи аёл шеригига ниманидир уқтира-уқтира, шоҳсупа сари юраркан, Кауфман унинг истиқболига икки-уч қадам пешвоз чиқди. Губернаторни қуршаган аъёнлар табассум билан унга эргашдилар.
—Аҳ, азизам, афв этасан, хиёл ушланиб қолдик. Аччиғинг чиқмасин, биласан-ку биз аёлларни: кўзгу деган нарса шундай оҳанрабоки... — Олдинда келаётган хоним Кауфманга шундай дея, офитсерларга навозиш ила жилмайди. — Салом, жаноблар!

Тротский, Лусаров, Ляхов ва флигел-адъютант Боярский бир-бир келиб, унинг қордек оқ, нозик бармоқларидан ўпдилар.
—Оҳ, княз, княз! — дея бош чайқади Кауфман хоним Боярскийга қараб истиғно билан лабларини бураркан. — Бизни бутунлай унутиб юбордингиз. Яхши эмас, худо ҳаққи, яхши эмас. Ахир, бизнинг сафаримиз ҳам охирлаб қолди, ҳадемай... Танишинг, бу хоним полковник Шчербаковнинг рафиқаси графиня Анна Ипполитовна, «Биз танишмиз», дейсизми? Оҳ, княз, княз!

Флигел-адъютант хиёл қизариб, кулимсираб турарди.
—Мен бундай қўрқинчли томошаларга асло иштиёқманд эмасман, — деди губернатор хоним Лусаровга мурожаат қилиб. — Кеча эримдан: «Бу исёнчилар қандай одамлар?» деб сўрасам. «Eртага майдонга борсанг, ўз кўзинг билан кўрасан», деди. Айтинг-чи, полковник, улар ростдан ҳам шу қадар даҳшатлими?

Лусаров оғзини очмасдан кулди, кўзларини қисганча жиддий қиёфада алланимани сўзлай кетди. Губернатор хоним қулоқ солаётгандек кўринса-да, хаёли паришон экани сезилиб турарди.
—Бошланг! — деди Кауфман Ляховга қараб. — Олиб чиқинг!

Майдон ўртасида ивирсиб юрган қизил этикли, патак соқол, қари солдат шинелини ечди, дор тагидаги тўнкаларни қимирлатиб кўрди, сиртмоқнинг тугунини синчиклаб текширди-да, қўнжига ёпишган қорни қоқиб, майдоннинг нариги бошига қараб кетди.

Оломон орасида бирдан шовур-шувур кўтарилди: тўрт азамат казак одамлар ҳалқасини ёриб, кўк шоҳи тўнининг пахтаси оқиб ётган, кулча юзлари моматалоқ, қўллари кишанбанд бир йигитни ҳайдаб келарди.
— Шуми? — деб сўради графиня Шчербакова чиройли мовий кўзларини ҳайрат ичра катта-катта очиб.
— Ҳа, графиня, — деди Боярский.
— Бечора!
— Оҳ, монсиер, мен чидаёлмайман шекилли, — деди губернатор хоним уҳ тортиб. — Кун ҳам совиб кетдими?
— Азизам, яхшиси уйга қайтақол, — деди Кауфман. — Сенга шамол қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Кеча «Бошим оғрияпти», деган эдинг. Ҳар қалай, бу ер Санкт-Петербург эмас.
— Майли, ҳечқиси йўқ, бир оз турай-чи, — дея оҳиста шивирлади губернатор хоним.

Полковник Лусаров қўлидаги қоғозни шоҳсупага чиқиб келган Ляховга узатди. Маёр олдинга ўтиб қоғозни очди, баланд, тиниқ овоз билан дона-дона қилиб ҳукмни ўқий бошлади:
—«...Фарғона губернаторлиги ҳарбий-дала суди айбланувчи — сартия миллатига мансуб, маҳаллий Олой бекларидан Қамчибек Олимбек ўғлининг император аъло ҳазратлари салтанатига қарши қаратилган фитнакорлик хатти-ҳаракатларидан иборат жиноий фаолиятини кўриб чикди. Кўпдан-кўп ашёвий далиллар ва бевосита гувоҳларнинг шоҳидликлари асосида, чунончи, маҳаллий нуфузли боёнлардан Абдураҳмон офтобачининг сидқидилдан берган кўргазмалари оқибатида, айбланувчи Қамчибек Олимбек ўғлининг чиндан ҳам император аъзамга, унинг салтанатига, ҳарбий губернаторлик вакиллари ўрнатган тартиботларга катта Шикаст етказувчи йирик зараркунанда шахс эканлиги аниқланди. Айбланувчи Қамчибек Олимбек ўғли ака-укалари — қуролли тўдаларнинг бошлиқлари бўлмиш Абдуллабек, Маҳмудбек ва Ҳасанбек билан биргаликда Олой воҳасида бир қанча бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини амалга оширган, маҳаллий аҳоли губернаторлик томонидан қарор топдирилган турғун тартиботларга қарши оёқлантирилган. Унинг қўл остида бўлган, давлат жиноятчиларидан иборат каллакесарлар шайкаси кейинги уч йил ичида айниқса фаоллаша бориб, ҳаракатдаги армия отрядларига, уларнинг жонли кучлари ва озиқ-овқат манбаларига сезиларли зарар етказган. Ҳарбий губернаторликнинг Қамчибеқ Олимбек ўғлига йўллаган бир қанча огоҳлантиришлари беписандлик билан рад этилган. Бу ёвуз шайкаларнинг саккиз йилдан ортиқ давом этган босқинчи-лик, хунрезликдан иборат фаолияти натижасида...»

Орқа томондан паст бўйли бир офитсер шоҳсупага яқинлашиб, полковник Лусаровнинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Полковникнинг ранги оқарди, шоша-пиша Кауфманга юзланди:
—Зоти олийлари... — деб пичирлади у.— Зоти олийлари, Қурбонжон додхоҳ келаётган эмиш!

Кауфман унга ялт этиб қаради:
— Яъни, қандай қилиб? Йўлларга соқчи қўйилмаганмиди?
— Қўйилган, зоти олийлари. Княз Боярскийнинг ўқчи дивизиони билан учинчи драгун полки барча дарвоза ва асосий йўлларни қўриқламоқда. Бироқ... додхоҳ ёлғиз ўзи келаётган эмиш!
— Нима-а?
— Шундай, зоти олийлари.

Кауфман лабларини чимирди:
— Демак, у шаҳарда экан-да. Тушунолмай қолдим. Нима, бу хотин ақлдан озганми? Боши учун ўн беш минг сўм ассигнатсия тикилганини билмайди шекилли?
— Яхши, полковник, — деди Кауфман ўзини босиб. — Давом этаверинг. Қани, воқеалар ривожини кўрайлик-чи.
— Демак, тутишга буйруқ берайми?
— Нега? Қуролсиз, яроғсиз, ожиз бир аёлни куппа-кундузи, шаҳар майдонида, оломон олдида... Йўқ, полковник, фақат кузатиб туришга буйруқ беринг. У. эҳтимол, ўғли билан видолашмоқчидир. Нега энди уни бундан маҳрум этмоқ керак? Гуманист бўлинг, полковник!
— Хўп бўлади, зоти олийлари!
— «...сартия миллатига мансуб, маҳаллий Олой бекларидан Қамчибек Олимбек ўғлининг император аъло ҳазратлари салтанатига қарши қаратилган жиноий фаолиятини кўриб чиқиб, Фарғона губернаторлиги ҳарбий-дала суди уни ўлим жазосига — осиб ўлдиришга ҳукм қилади. Қукм қатъий, шикоят қабул этилмайди.

Ҳарбий-дала судининг раиси генерал-губернатор фон Кауфман. Янги Марғилон, 1876 йил, 26 феврал».

Маёр Ляхов ҳукмни ўқиб тугатди-да, Кауфман хомонга ўгирилиб, бош силкиб қўйди.

Соқчи казаклар Қамчибекни дор остига олиб келдилар. Кауфман поручик формасидаги тилмоч Сибгатуллинни чақириб, буюрди:
— Сўранг-чи, маҳкумнинг сўнгги истаги бормикан?

Тилмоч сўрашга улгурмади — панг товуши бирдан кўтарилган олағовур ичида кўмилиб кетди: кўк бахмал пешмат кийиб, оқ дакана ўраган Қурбонжон додхоҳ рўпарадан шитоб билан от ўйнатиб келар эди!

Орада ўттиз одим чамаси масофа, барчанинг юзида ҳайрат, таажжуб, тараддуд. Қўрқув...
— Полковник! — Кауфман оқ қўлқопли қўли билан Лусаровни имлади.— Мана, қаранг-а, додхоҳ тап тортмай келяпти. Сизнинг кўпгина офитсерларингиз жасорат бобида шу аёлдан ибрат олсалар чакки бўлмас эди. Бирор бурчакдан дайди ўқ отилиб, уни ҳалок қилиши мумкин-а, тўғри эмасми?

Лусаров унга тикилиб қолди.
— Қаранг-а, мутлақо қўрқмаётганга ўхшайди-я! — дея Кауфман мийиғида кулиб қўйди. — Ваҳоланки, дайди ўқ — дайди-да. Нима дейсиз, Лусаров?
— Тушундим, зоти олийлари, — деди Лусаров шивирлаб. — Менинг полкимда бир моҳир мерган бор. Урядник Епифанов.
— Яхши, полковник. Фақат, додхоҳ майдондан соғ-саломат чиқиб кетиши керак. Дайди ўқ унга истаган муюлишда ҳам тегиши мумкин, уқдингизми?
— Тушунарли, зоти олийлари.

Тилмоч минғиллаб, саволни учинчи бор такрорлади. Қамчибек жавоб бермади, кўзларини — ҳасрат, алам ва соғинчдан қовжираб ёнган кўзларини онасининг йўлига ўртаниб тикди, жисми жаҳонни ўртаб:
— Эна-эй-й! — деб ҳайқирди. — Жоним энам!..

Оломон ялписига гувлаб юборди.

Сувори эса ўктам матонат билан тобора яқинлашиб келар, тўриқ бедов бир текис йўрғалар, додхоҳнинг юзларида, маҳкам қимтилган лабларида сокин, хотиржам, ҳатто улуғвор бир ифода акс этар эди. Гўё у ўлим чангалидаги ўғлини кўрмаётгандек, унинг ситамкор ноласини эшитмаётгандек, оппоқ сочлари тўзғиган бошини баланд кўтарганча мағрур от йўрттириб келарди.

Халойиқ тўлқин уриб денгиздек чайқалди, ғазабнок гувиллади. Солдату офитсерлар ҳам тош қотган. Бирор кимса нима қиларини, нима деярини билмас эди. Ҳатто Кауфман ҳам саросима аралаш ваҳшат билан қовоқ уйиб турган ҳайкалга ўхшарди.

Додхоҳ солдатлар ҳалқасига яқинлашди, беш қадамлар нарида жиловни тортди. Тошдек оғир, тошдек қаттиқ сукунат чўкди.
— Болам! — деди додхоҳ. Овози бир лаҳза титраб кетди-ю, шу ондаёқ мардона, қаҳрли тус олди. — Болам! Шаҳид ўлмоқ бизга мерос! Ота-боболаринг ҳам душман қўлида ўлган! Алвидо, болам! Берган сутим оқ бўлсин! — У шундай дея оёғини узангига тираб, отнинг сағрисига зарб билан қамчи урди. Бедов осмонга санчиб, суворини кўтара кетди.
—Рози бўлинг, эна! — Қамчибек ўпкаси тўлиб хирқираб қолди. — Рози бўлинг!
—Мингдан-минг розиман! — Додхоҳ қўлини фотиҳага очди. — Дийдор қиёматга қолди, болам! — Сўнг илкис орқасига қайрилиб, кунчиқар томон от қўйди.

От ёлига икки томчи қайноқ ёш томди. Икки томчи ёш араби бедовнинг вужуд-вужудини куйдириб юборгандек бўлди.

Оломон ҳамон ғалаён солиб гувиллар, тўлғаниб-тошар эди.
— Ҳа... Қизиқ, — Кауфман ўйга толган эди.
— «Олой маликаси» деганлари шуми? — деб сўради хотини. — Ахир, уни жуда кекса дейишарди-ку? Бу эса бемалол от чоптириб юрибди. Айт-чи, нега уни тутишмади?
— Ҳожати йўқ эди, азизам, — дея кулимсиради Кауфман. — У... ўзи таслим бўлиб келади! Мен уни шунга мажбур этаман!
— Менга қара, монсиер, биламан, ишларингга аралашишларини ёқтирмайсан, лекин шу йигитни ўлдирмай қўя қолишнинг иложи йўқми? — деди Кауфман хоним пўстиннинг ёқасини тузатаётиб. — Жудаям ёш экан, одам ачинади. Албатта, мен уни жазосиз қолдириш керак, демоқчи эмасман. Лекин бошқача чора кўрилса бўлмайдими? Масалан, сургун ёки каторгага... .— Йўқ! — деди Кауфман ва қатъий оҳангда таъкидлади. — Йўқ! Ҳукмни эшитдинг-ку. Душманга ҳеч қачон шафқат йўқ. Лусаров!
— Эшитаман, зоти олийлари!
— Тезлатинг!
— Хўп бўлади!
— Урядник ким... Епифановмиди?
— Худди шундай, зоти олийлари, Епифанов!
— Яхши.

Лусаров Ляховга қараб имо қилди. Ляхов қўлидаги рўмолчасини силкиб орқага четланди.

Барабанлар гумбурлади. Икки норғул, девқомат казак Қамчибекнинг бўйнига сиртмоқ солди. Юз-кўзини қора ниқоб билан тўсиб олган шинелсиз қари солдат тиз чўкиб чўқинди-да, ўрнидан туриб арқонга қўл чўзди...
—Ё раббий! — Графиня Шчербакова ранги бўздек оқариб, княз Боярскийнинг қўлини муздек бармоқлари билан маҳкам сиқди. — Ё раббий! Нақадар даҳшат!
—Қўрқманг, графиня, қўрқманг. Бу фақат бир лаҳза, холос, — деди Боярский унинг тирсагидан тутиб.
—Ач, меин Готт, дас ис счлеҳт! Ач, меин Готт! — дея шивирлади қути ўчган губернатор хоним ва кўзларини чирт юмиб олди.

Қамчибек, оёғи ердан узилиб бораркан, кўксидан армон тўла хўрсиниқ отилиб чиқди:
—...бандам дегайсан!

Оломон бирдан жунбушга келди. Кимдир ўкраб юборди.

Ниқобдор солдат дор тагидаги тўнкани зарб билан тепди...

Навқирон, баҳодир вужуд бир лаҳза дорда тебранди, сўнг шу тебранган бўйи гурсиллаб ерга қулади.

Ляхов оний ҳайрат билан довдиради, кейин қилич

яланғочлаганча дор тагига югуриб бордида, маҳкумнинг тепасида ҳайкалдек қотди. Кауфман кўзлари чақчайиб, Лусаровга ўқрайди. Оломон сурони оламни бузди:
—Ё қудратингдан!
—Нима бўлди? Маткарим, нима бўлди?!
—Оллоҳга хуш келмагач...
—Халойиқ, нега қараб турибсиз?
—E, ҳой, каллангни ол-э!
—Ўзинг қоч, хумса!

Шовқин-сурон орасидан Тротскийнинг гулдираган йўғон овози янгради:
— Жим! Жим бўлларинг, дейман! Ҳаммангни тўпга туттираман, жим!

Тўпчилар бу гапни тасдиклагандек, замбаракларнинг оғзини оломонга қараб тўғрилаб қўйдилар.

Кўзлари шилпиқ бир йигитнинг ингичка, асабий қичқириғи Тротскийнинг товушини босиб кетди:
— Э, белида белбоғи бор эркак борми ўзи бу ерда?

Кауфман бежо кўзларини Лусаровга қаҳр билан қадади:
—Лусаров! Бу қандай гап?!
—Зоти олийлари...
—Бу қандай гап деяпман?!
—Ижозат этинг, зоти олийлари...
—Бас! Шармандалик! Хиёнат!
—Зоти олийлари, афв этсинлар, тасодиф...
— Тасодиф! Тасодиф эмиш! Бу дорга ҳозир ўзингиз осилишингиз мумкин! Лекин унда тасодиф юз бермайди! Шармандалик! Муттаҳамлик! Боринг!
—Нима бўлди? Оҳ, айтсаларингиз-чи, нима бўлди? Менга қаранг, княз, нима бўлди, ахир? — деди губернатор хоним атрофга олазарак аланглаб.

Боярскийнинг энсаси қотди, назокатни йиғиштириб:
—Нима бўларди, арқон узилиб кетди! — деди.
—Оҳ, ана, мен айтмадимми ахир! Кўрдингизми, унинг ўлими ҳатто худога ҳам ёқмаяпти! — дея губернатор хоним эрига қаради.
—Чарчаган кўринасан, азизам, — деди Кауфман ижирғаниб. — Яхшиси, уйга борақол. Княз, илтимос, хонимларни кузатиб қўйсангиз.
— Йўқ, йўқ! Биз энди охиригача кўрмасдан кетмаймиз, тўғрими, Анна Ипполитовна?

Ранги бўздек оқариб кетган графиня дастрўмоли билан юз-кўзи, пешонасини артди.

Қамчибек дор тагида ҳануз беҳуш ётарди. Солдатлардан бири унинг юзини қор билан ишқай бошлади. у кўзларини очди, атрофига жавдираб, бир зум гарангсиб турди-да, қаддини ростлашга уринаркан, кўкариб кетган лабларининг бурчидан силқиб тушаётган; қонни кафти билан артиб:
— Чириб кетган экан, — деб шивирлади. Сўнг яғринини илкис кўтариб ўрнидан тураркан, интиҳосиз бир ғурур билан ҳайқирди. — Чириб кетган экан!

Афт-башараси қўрқув ва ғазабдан буришиб, мудҳиш тусга кирган қари солдат қалт-қалт қалтираганча унинг моматалоқ бўйнига яна сиртмоқ ташлади...

Барабанлар еру кўкни зириллатиб гумбурлади.

Қамчибек қулт этиб ютинди, энтикиб-энтикиб нафас олди. Пешонасида марвариддек реза тер томчилари пайдо бўлди. Сўнгги нафас!

Сўнгги лаҳза!

Сўнгги азоб!

Бунчалар ширинсан, аччиқ ҳаёт!..

Осмонда оппоқ булутлар кўпириб тошар, Аравон тоғлари томондан эсаётган покиза насим она юртнинг армон тўла сўнгги бўйларини олиб келар эди.

Кейин на булутлар, на шамол, на осмон қолди.

Кауфман шоҳсупадан тушиб, хотинини кузатиб қўйиш учун бир зум тўхтади. Баронесса тирсагигача чиқадиган қўлқопини кияркан, тинмай сўзлаб борар эди: — Оҳ, нақадар ачинарли! Ахир, бари бир одам-ку! Одам-а!— Кейин Боярскийга ўгирилиб, давом этди.— Хўп, ҳозирча хайр, княз. Дарвоқе, айтинг-чи, кечқурун бизникига преферанс ўйнагани келасиз-а? Албатта келинг, кутамиз. Айбга буюрмайсиз, княз, ягона кўнгилочар эрмагимиз шу. Бу ёввойи ўлкада биз ҳам ҳадемай буткул ёввойи бўлиб кетамиз шекилли. На музика, на театр... Лоақал, тезроқ Тошкентга қайтсак ҳам майли эди. Оҳ, княз, нимасини айтасиз! Хўп, Демак, сизни кутамиз, албатта келинг. Графиня Шчербакова билан яқиндан танишиб оласизлар. О, сиз жуда Ҳам учарсиз, княз! Хўп, майли! Оривоир монсиер!

Карета жўнади. Кауфман офитсерлар ҳамроҳлигида бозор дарвозаси томон юрди. Ёшгина адъютант қора туркман отни рўпара қилган эди, бош чайқаб: «Йўқ!» деди-да, майдон этагидан тор кўчага қараб бурилди.

Ҳеч кимдан садо чиқмас, Лусаров ҳам ерга тикилган кўйи чурқ этмай борар эди.

Ўттиз одимлар шу тахлит юрилгач, Кауфман полковникка савол назари билан қаради:
— Полковник Лусаров?
— Эшитаман, зоти олийлари?
— Урядник?..
— Ҳозир, зоти олийлари. Мана шу муюлишдан кейин, ҳозир...

Ўн беш қадам наридаги жинкўча муюлишида хомуш судралиб келаётган урядник Епифановнинг дароз гавдаси кўринди. У бошлиқларга кўзи тушдию жойида тек қотди.
—Хўш, Епифанов?— деди Лусаров унга яқинлашиб.

Епифановнинг қоп-қора соқолли узун ияги титраб кетгандек бўлди-ю, чурқ этмай тураверди.
— Нега индамайсан, Епифанов? — дея мулойим, ҳомий оҳангда сўради Кауфман урядникнинг кенг елкасига кафтини қўйиб.
— Зоти олийлари... — Епифанов тили оғзига сиғмаётгандек ғўлдиради. — Зоти олийлари...
— Тегизолмадингми?! — Лусаровнинг кўзларига қон тўлди.

Епифанов милтиқ қўндоғини шу қадар маҳкам сиқдики, тирноқларининг остига зирқираб оғриқ кирди.
— Отолмадим, зоти олийлари... — У қалин, дўрдоқ лабларини аранг қимирлатиб, эшитилар-эшитилмас шивирлади. — Отолмадим...
— Нега отолмадинг, Епифанов?— Кауфманнинг ово-зи ҳамон боягидек мурувват тўла оҳангда янграр эди.
—Зоти олийлари... Худо ҳаққи, афв этинг, зоти олийлари... — Епифанов чағир кўзларини катта очганча губернаторга ёлвориб қаради. — Ўзим ҳам билмай қолдим, зоти олийлари. Анави томдан ҳаммасини кўриб турган эдим... Қўлим бормади, зоти олийлари... Онам эсимга тушиб кетди...

Бир лаҳза оғир, асабий жимлик чўкди, сўнгра Лусаровнинг ваҳшатли бақириғи эшитилди.
— Э, ўша онангни... — У мислсиз қаҳрдан кўкариб сўкинганча ваҳшат билан урядникка ташланган эди,

Кауфман кўрсаткич бармоғини кўтариб, полковникни тўхтатди, сўнг Епифановга яқинлашиб, унга бошдан синчиклаб разм солди.
—Епифанов, — деди у ниҳоят баланд товуш билан, — баракалла! Сен ҳақиқий солдатнинг ишини қилгансан, баракалла! — Анграйиб қолган урядникнинг елкасига яна бир бор қоқиб қўйди-да, орқасига ўгирилиб, адъютант жиловидан тутиб турган отга илдам минди. Отлиқлар Епифановни қор тўзони ичра қолдириб жўнадилар.
— Лусаров! — деди Кауфман гарнизон казармаси олдида отдан тушаётиб. — Урядник Епифановнинг бу хизматларини тақдирлаш лозим, деб ҳисоблайман. Уқдингизми? — У маънодор чимирилиб қўйди. — Албатта, тақдирлаш керак!
— Тушунарли, зоти олийлари! — Лусаров итоаткорона бош эгди.

Орадан икки ой ўтгач, почта аравасида чайқалиб ўтирган маст ямшчик Орлов губерниясига қарашли жимжит, мудроқ Грибово қишлоғидаги кулбалардан бирининг эшигини қоқиб, минглаб чақиримлар оша адашиб-улоқиб етиб келган бир парча қоғозни қора рўмол ўраган, кўзлари нурсиз кампирга топширди.

Кампир хатни ўқиб, шилқ этиб йиқилди. Кулба остонасини изиллаб ялаётган изғирин шамол мактубни варакдади:

«...чуқур қайғу билан маълум қиламизки, ўғлингиз — Ефим Епифанов подшо ва ватан хизматида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Полк командири полковник Лусаров».

Шамол ув тортиб юборди.

1979