OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXолиёр Сафаров
Асар номиБитта деҳқон етади (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xолиёр Сафаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм41KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Битта деҳқон етади (ҳикоя)
Xолиёр Сафаров

Мухтор ака доим бир нарса ҳақида ўйлайди. Бутун башариятга хос бу ўй унинг миясида ҳар кунги рўзғор ташвиши ёки соядек эргашиб юргувчи орзулар хаёли эмас, ҳаёт-мамот масаласи...

У барча оталар каби фарзандлари камолини кўришни, ўзи етолмаган орзуларга улар етишини истайди. Бунинг учун у ўттиз йил колхозда ишлади, бир парча томорқасида пешанасидан реза-реза тер оқиб, кетмон урди, қуёш билан уйғониб, ой билан ётди. У йиллар заҳматидан муштдеккина бўлиб, чит кўйлаклари эгнига ёпишиб турувчи, тафти иссиқ қўллари меҳнатдан қабариб, резина ковушда юравериб, товонлари тарс-тарс ёрилган, аммо бундан на ҳасрат, на дийдиё қиладиган, тани-жони, соғлиғи ва фарзандлари эсон-омон ўсиб-улғаётганидан, шуларнинг камолини кўриб, эри иккаласи элга тўйлар беришни доим худодан тилаб юрадиган ўрта бўй, буғдойранг юз, бироз қалин, аммо ҳеч қачон эри ва болаларига хунук кўринмайдиган қошларини хиёл уйиб, эри бир вақтлар беш кетиб, бугун бир тутамгина бўлиб қолган қўнғир сочлари чорси рўмоли олдидан чиқиб, пешанасига ёпишибгина турувчи гажаклари бир вақтлар Мухтор учун ҳусн, кейинчалик болаларига ажабтовур эрмак, бугун эса одамзод меҳнатдан ўлмаслигини намоён этиб, байроқдай ҳилпираб, гапларидан шукрона, орзу уфуриб турувчи, эри ичиб келса ёки кайфиятсиз бўлса «Отаси, қўйинг, ўзингизни ерга урманг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади», дея ҳам далда, ҳам келажакка ишонч берувчи хотини билан елкама-элка бўлиб, олти фарзандни, икки ўғил, тўрт қизни вояга етказди.
-Онағарди хотини ичинг қизга тўлиб кетган эканда, -дея «инкубатордек бир хил - кетма-кет қиз туққан» хотинига Мухтор ака бир неча бор иддао қилган, аммо бугун марҳум бўлиб, қабрлари нурга тўлгур онажонисининг бир оғизгина «Болам, худога шак келтирма, қизми, ўғилми бари бир-фарзанд. Фарзанднинг яхши-ёмони бўлмайди, уларнинг тарбияси муҳим. Хотиним яна қиз туғди деб куюнма. Кўнглим сезиб турибди, келиним бундан кейингисиниям қиз туғади. Мана, кўрасан, энди қаторлаштириб, аввал уч қизни туғади, сўнг, насиб бўлса, навбати билан ўғил тилайвер» деганидан кейин онаси айтгандек учинчисини ҳам қиз туққан хотинига чурқ этмади.

Хотини ҳам худди умр бўйи қиз туғиб ўтадигандек бўйнини елкасига қисиб олди. Бундай қобил, ўзи қолиб, эри ва фарзандлари, оиласи, қайнона-қайнотасига меҳрибон аёлга Мухтор ака бошқа бурнидан баланд гапиришни эп кўрмади. Қундуз янга ҳам эрининг чизиғидан чиқмади. Қўли косов, сочи супурги бўлиб, Мухтор ака қатори меҳнат қилди. Ҳам рўзғорни эплади, ҳам томорқа ишларига ёрдам берди. У узун кечаларда, қаҳратон қишда уч қизи билан даҳлиздаги сандал атрофида қўнишибгина ўтирган, ёз оқшомларида уй олдидаги лойдан ясалган чорпояда катта қизларига маликалар ҳақида эртак, кичкинасига дардини қўшиб-қўшиб аллалар айтди. Ишдан ҳориб келиб, узала тушиб ухлаб қолган эрининг елкасига кўрпа тортиб қўяркан, ёнгинасида қатор бўлиб, тизилишибгина ётган қизларининг лўппи, ҳали ташвиш нелигини билмай, ғам соя ташламаган юзларидан ўпди ва олис-олис юлдузларга боқиб, эмизикли боласи пешанасини силаганча Тангрига илтижо қилди.
-Худоё худованда, бизнинг ҳам юзимизни ёруғ қил. Шугина қизларим кетидан эрим иккаламизни севинтириб, биргина ўғил ато эт. Марҳаматингни аяма...

Мухтор ака ҳам доим шундай ният қилди. Колхоз ишига боришдами, келишдами, томорқа ишларини қилаётгандами, ёлғиз қолди дегунча худодан шуни сўради. Кечалари уйғониб, шифтга термулиб ётганида ҳам шу ҳақда ўйлади.
-Э, художон, бизниям юзимизни ёруғ қилиб, шу бебаҳо неъматларинг - уч қизимнинг ёнидан ҳеч бўлмаса биргина укача бер. Сендан ўтинчим шул. Меҳнатдан қочмайман, шу камтар ҳаётимдан нолимайман. Аммо юрагимнинг бир чети кемтик. Менинг ҳам ўғил кўтариб юргим, эркалагим, насиб бўлса, бор-будимни сочиб, тўйлар қилиб бергим келади. Худоё, шу ниятларимга етказгин.

Дили покнинг-йўли ёруғ. Орадан икки ярим йил ўтиб, Қундуз янга ўғил кўрди. Отанинг юзи ёришди, онанинг ҳомиладорлик вақтида малла доғ босган юзлари кулди. Қайнота билан қайнона ўзларини қўярга жой тополмай қолишди. Чақалоқни бешикка солаётган куни бобоси «Келинимнинг бели бақувват бўлсин» деб қўй сўйди. Момоси суюнчи дея қўшниларга сочқи тарқатди. Мухтор ака эса хотинининг бошида парвона бўлиб қолди. Шунда онаси уни уришди.
-Ҳай, нимага бунча курк товуқ тухумини қўриқлагандай хотинингдан нари кетолмайсан. Бор энди ишларингни қилавер, ё эмизасанми?!

Шунда севинчидан хаёли қочган Мухтор ака бир ҳақиқатни англади: чақалоққа хотини қарайди, қолаверса кекса онаси бор. Уларнинг бошига қоровул керак эмас. Бу қилиғи хотин қилиқ. Ундан кўра болалари бахтли, бировдан кам бўлмаслиги учун яхши ишлаши, уларнинг эртасини ўйлаб яшаши керак. Йўқчилик қурсин, болалари учун бугундан қайғурмаса, эрта бир кун иккита оёғи бир этикка тиқилиб қолади.

Ўша куни Мухтор ака оғил ёнида ётган кетмонни қўлига олиб, томорқага бораркан, йўл-йўлакай ният қилди:
-Майли, меҳнатдан қўлларим қавариб, товонларим тилиниб кетсин. Силлам қуриб, далада кетмонимга суяниб, ўтириб қолай, лекин ўғлимни ўқитаман! Мендай иссиқда елкаси куйиб, кетмон чопмасин. Деҳқоннинг нони ҳалол, аммо мен на ернинг тилини биладиган деҳқон бўлдим, на тузукроқ бир касбнинг бошини тутдим... Унинг униб-ўсиб, мен кўрмаган шаҳарларни кўришини, мен қадам босолмаган, орзу қилган йўллардан ўтиб, эл назаридаги одам, инсон бўлишини истайман. Оиламизга битта деҳқон етади. Ёшлар дунёни кўрсин...

Ўттизга кирганингда ўтин ёрадиган ўғлинг бўлсин, деган экан қадимгилар. Йигирма икки ёшида уйланган Мухтор ака ўттиз бир ёшида ўғилга етди ва шундай ният қилди. Томорқада белидаги чорси белбоғни докадай қилиб, дўппи гирдидан пешанасига танғиб боғлади. Сўнг эски, пахтаси чиқиб қолган чопонини ечиб, марза устига қўйди ва кафтларини намлаб, ерга кетмон урди...

Мухтор ака ўн саккиз йил шу тарзда: ҳам томорқасида, ҳам колхозда ишлади. Унга орзулари ҳамроҳ, мақсади қувват бўлди. Бу орада хотини яна бир ўғил, бир қиз туғди. Худди онасининг қорнида келишиб олгандек кетма-кет икки ёш оралиқ билан туғилган қизлари, мактабни битириши билан яна келишгандек галма-галдан тўй бўлиб кетди. Аммо «қиз бола бировнинг хасми» тамойилига амал қилувчи ота-онанинг барча умиди Маҳмуджондан бўлди. Иккаласи жон-жахдлари билан ўғилларининг яхши билим олиб, аъло ўқишига шароит яратиб беришди. Бунинг учун Мухтор ака кечани кеча, кундузни кундуз демади. Қундуз янга ҳам уч қизни кетма-кет тўй қилиб, ўзи ўн саккиз ёшар қиздай уй ишларини ўзи қилиб юрди. Улар учун Маҳмуджон гўё денгиз тубидан топилган гавҳар мисол ардоқли, эришилмаган мақсад каби умидли эди...

Маҳмуджон етуклик гувоҳномасини қўлга олиши билан Мухтор ака уни Тошкентга етаклаб борди. Ана шунда у яна бир ҳақиқатни англади: ўн саккиз йил ўғлининг камолини ўйлабди-ю, унинг келажакда ким бўлмоқчи эканлиги, орзу-умидлари билан ҳисоблашмабди. Тўғри, бир-икки марта «Катта бўлсанг ким бўласан?» деб сўраган, аммо ёшлигида «Самолёт ҳайдайман» деган жавобни олган бўлса, улғайганидан сўнг «Билмасам, вақти-соати келаверсин-чи» деган чучмал жавоблар билан кифояланиб қолибди. Орзулар рўёби томон элтувчи чорраҳага келиб қолган ота-бола университет қабул комиссиясига кириб, қайси йўналишга ҳужжат топширишни билмай қолди.
-Қайсига кирасан, улим?- деди боши қотган Мухтор ака.

Маҳмуджон яна бир бор чумоли уясига элтадиган йўлни эслатувчи, ота-оналар, йигит-қизлар у ёқдан – бу ёққа ғимирлаб юрган узун коридорга кўз югуртирди-да бошини қашлаб ташқарига чиқди. Дарахт соясига ўтиб, асаби бузилганидан ўзини бир нима қилиб қўйишдан қўрқибми ёки биров гапирмасмикан деган хаёл биланми атрофига қараб-қараб, оғзига нос ташлаб олган отаси деди:
-Ота, битта ошнам юридическийга топшираман, деганди. Менам шунга кирсам-чи, насиб бўлса, прокурор бўлайдим...
-Нима? -Мухтор ака ўғлининг гапидан оғзидаги носини ютиб юборай деди. –Калланг жойидами? Прокурор бўладиган ўқишга кириш учун қанча ҳўкиз керак? Калланг хумдай бўмай, яхшилаб ўйла! Кўрпага қараб оёқ узатган яхши. Ҳайла, физика, математика, тарих, ўзбек филологияси... Ҳаммасини ёзиб қўйишибди. Шуларнинг бирортасига кирсанг ҳам кам бўлмайсан. Ана, Қодир малим, бировдан кам жойи йўқ...
-Малим бўмайман, ота.-Маҳмуд ўзини орқага олди.
-Бўлмаса, танла, ўзинг айт,- деди у ҳурпайиб турган ўғлига.
-Унда дўхтир бўламан.

Мухтор ака ўғлининг олайиб турган кўзларига ўкиниб қаради-да, билагидан тутиб, яна-да чаккароққа судради.
-Маҳмуд,- деди қўлига «Папка для бумаг» деб ёзилган жилд ушлаб турган ўғлига. -Менга қара, менга шунақа папкаларга паспортимни солиб юриш ҳам насиб қилгани йўқ. Сени ўқитаман деб сочим оқарди. Ёшим элликни қоралаб қўйди,- сўнг аллақандай илтижоли боқди. –Мениям тушунгин-да, улим. Ўзинг бир бўладиган, тўғри келадиган касбни танлагин-да...
-...
-Кел мундай қиламиз. Малим бўласан. Ана, қўлингдагини бирортасига топшир.

Маҳмуд мактабда математикадан яхши ўқиган эди. Ота-бола гапни бир жойга қўйиб, «матфак»ка ҳужжат топширди. Бироқ ўн саккиз йил давомида ота-онасининг эркаси, орзу-умиди бўлиб келган Маҳмуджонга омад кулиб боқмади. Августнинг иккинчи ҳафтасида имтиҳон натижаларини билиш учун келган йигит пати юлинган товуқдек бўлиб, уйга қайтиб борди. «Нима бўлди?» деб сўраган отасига келишган, басавлат, жағлари туртиб турувчи, қалин қошлари тагидан қирғий кўзлари алайиб-алайиб боқувчи йигитча япасқи бурнини торта-торта деди:
-Киролмабман...
-Нега?- бўшашиб кетди ота. –Қандай қилиб?!
-Билмайман. Билимим етмабди…

Мухтор ака ўғлига тикилиб-тикилиб, ўкиниб-ўкиниб қаради. Пахмоқ сочлари тарам-тарам бўлиб турган бошига, хўмрайиб, осилиб қолган лабларига тикилди, сўнгра алам билан деди:
-Ҳе, калланг қурсин! Хумпардай бўмай ўқигин эди-да!
-Мен нима қилдим?! -Маҳмуджон шундай дея уйга кириб кетди. Шундан икки кун уйдан чиқмади. Чиққан бўлса ҳам биров кўрмади. Ёзнинг иссиқ кунида ҳам, тунида ҳам уйда димиқиб ётди. Маҳмуд ака ҳам ўзини қўярга жой тополмади. Кун бўйи даладан бери келмади. Гоҳ пахтада, гоҳ томорқада юрди. Тунлари эса хотини ёнида тўлғониб чиқди. Ўз-ўзига савол берди:

«Нега менинг болам ҳамма кирадиган ўқишга киролмади? Нима учун?».

Мухтор ака икки кун далада, икки кеча лойдан қилинган чорпоя устида фақат ўғли ҳақида ўйлади ва бир қарорга келди. Азонлаб, ухлаганиниям ухламаганиниям билмай ўрнидан турганида ичкарида димиқиб, аламидан ташқарига чиқмай, отаси бор вақти овқатини ҳам емай ўтирган ўғлини судраб чиқиш учун уйга кирди. Не кўз билан кўрсинки, кўзлари киртайиб йиғидан бўлса керак, қовоқлари шишиб кетган Маҳмуджон ерга узала тушган кўйи, бир ёстиқни кўкрагига босиб китоб ўқиб ётибди. Мухтор ака эшикка суяниб қолди. Ўғли унинг кузатиб турганини сезмади, аммо икки-уч дақиқа ўтгач, эгик бошини кўтарди-ю, эшикда отаси турганини кўриб, бирдан ўмганини кўтарди-да, салом берди.
-Яша... - деди отаси эшикда туриб. –Ақлинг кечроқ бўлсаям кирибди, шунисига шукр. Шу ишингни бир йил олдин бошлаганингда ҳозир Тошкентда керилиб юрган бўлардинг…

Маҳмуджон отасига аллақандай илтижоли қараш қилди-да, бурнини тортиб қўйди.
-Энди ўқийман.
-Майли ўқи. Мағзини чақиб-чақиб ўқи. Тушунмасанг, ана, қишлоғимизда ўқиб келган ўқитувчилар бор, шулардан бориб сўра. Лекин келгуси йил ҳам шундай қийшайиб қайтиб келадиган бўлсанг, ўзингдан кўр. Уйлантириб тайлайман, ўласан...
-Ота, -Маҳмуд гапининг давомини айтолмади, чамаси. У «Менга имкон беринг, ишончингизни оқлайман» демоқчи эди. Шу йил уялтириб қўйгани учунми тили бормади. Мухтор ака эса остонада турган кўйи икки суткада бутунлай бошқага айланган ўғлига умидвор нигоҳлар билан қаради ва деди:
-Сендан аслида шуни кутгандим, улим. Ўқи, ўқиган кам бўмайди. Лекин рўзғорнинг ишига ҳам ёрдаминг тегиб турсин...

Маҳмуджон, авваллари китобни кўрса уйқуси келадиган йигит, қобилгина бош чайқади. Шу кундан бошлаб бутунлай ўзгарди. Тонг азонда, отасидан олдин туриб, дарс қилар, математикадан мисол, масалалар ечар, кун чошгоҳга келгач миясини дам олдириш учун томорқага тушиб, бир-икки соат ишлар, шу ишлаш жараёнида ўрганганларини қайта-қайта такрорлар, яна кириб ўқир, яна чиқиб уй ишларига ёрдамлашар, аммо барибир ярим кечага бориб, китоби юзига ёпилиб ёки боши китоб устида бўлиб ухлаб қоларди. У шу тарзда куз, қиши билан ўқиди. Қишнинг аёзли кунларида сандалда ётиб, печка ёнида ўтириб ўқиди. Ҳар қишда тўда-тўда бўлиб, навбати билан меҳмондорчиликда юрадиган, бекорчиликдан нардами, қартами ўйнаб, то ярим кечагача ҳиринглашиб юрадиган жўраларига ҳам қўшилмади. Қўли китобда, кўзи китобда, ўй-хаёли китобда бўлди. Ўзига яраша савлати бор эмасми, уйқусизлик ва толиқишдан озиб-тўзиб қолди. Шунда, Қундуз янга ярим кеча электр ўчиб, мойчироқ ёруғида масала ечиб ўтирган ўғлининг ёнига келди-да, унинг типратикан нинасидек тикрайган сочларини силади.
-Улим, дам ҳам олгин. Ўқиш ҳам ўлсин, менга сенинг соғлиғинг керак, - деди киртайиб, чироқ ёруғида йилтиллаб турган кўзларига ачиниб қараб.
-Эна, менга индаманг. Ўқий…

Қундуз янга ўғлига тикилиб-тикилиб, қаради-да, индамай, ҳар дарди ичида бўлиб чиқиб кетди. Ичкари уйга кириб, эрининг ёнидан солинган тўшакка беҳолгина чўзилар экан, Яратганга илтижо қилди.
-Художон, бир умр даладан бери келмайдиган отасининг ниятлари амалга ошиб, болагинам ўқишларга кирсин. Шугиналар «устидент» деган отти олиб, кулиб уйга келганини кўрайлик...

Баҳор ўтиб, ёз бошланди. Ўқув йили тугаб, битирувчиларнинг етуклик гувоҳномасини оладиган даври келди. Шунда Мухтор ака яна ўғлини олиб, Тошкентга йўл олди. Бироқ улар бу гал «матфак»ка ҳужжат топширишмади. Ўғлининг имкониятларини чамалаб кўрдими ё «кириш осонроқ» деб ўйладими «селхоз»ни битирса, ўзимизда, колхозда ишлайверади, дедими ўғлининг ҳужжатларини қишлоқ хўжалик институтига, агрономия факултетига топширтирди. Маҳмуджон ҳам бу гал факултет танламади, отасининг бир оғиз «ке, улим, нима кўп, колхозда иш кўп. Шу, агранум бўлақол» деганига рози бўлди. Имтиҳон кунигача шаҳарда ўқийдиган бир дўстинининг ижарасида яшаб турадиган, бирданига имтиҳон натижаларини ҳал қилиб борадиган бўлди.
-Майли, улим, Худойим қўлласин...

Қўли калта ота ўғлини дўстига, қалбини худога топшириб уйига қайтиб келди ва хотини иккаласи яратгандан ўғлига омад ва ёруғ юз тилаб ўтирди. Телевизордан «Эртага юртимиздаги барча олий ўқув юртларида бўлажак талабалар учун давлат тест синови ўтказилади» деган хабарни эшитган кечада туни билан чақиртикан устида ётгандек тўлғониб чиқди...

Августнинг иккинчи ҳафтасида ўғли яна ўтган галдагидек китобга тўла азот халтасидан қилинган сумкасини кўтариб, ўйчан кириб келди. Аммо кўзларида қандайдир қувонч, қандайдир ҳадик бор эди.
-Нима бўлди, улим? – деди ўғлига пешвоз чиққан ота. –Бўрими?
-Чиябўри... -шаҳар кўриб, анча-мунча ўзини тутган, сипогина бўлиб, тикка сочларини силлиқ тараган ўғли отасига қараб синиққина жилмайди. –Контракт бўпман.
-Контак? –Маҳмуд аканинг қовоғи уйилди. –Бу нима деганинг?
-Контракт. Тўлов шартномаси асосида ўқишим мумкин экан.
-Ўқишинг учун пул тўлаш керак эканми?
-Ҳа.

Мухтор ака бир йиллик тўловнинг қанча бўлишини эшитиб, бирдан тўрт йиллигини ҳисоблаб юбордими афтлари буришиб кетди. Қошлари орасида тугунча ҳосил бўлди. Бир ўғлига, бир унга тикилган куйи бўсағада мунғайибгина турган хотинига қаради ва юраги ачишди. Беихтиёр қўллари мушт бўлди, оғир хўрсинди. Сўнг бошини баланд кўтариб, ўғлининг ёнидан келди ва елкасига қўлини қўйди.
-Майли, улим, ўқийсан. Ўша пулди бераман. Одам меҳнатдан ўлибдими, ишлаймиз. Жон эсон бўлса, мол топилади. Келаётган бозор анув, ўзи сенга аталган иккита ҳўкизни сотаман. Келгуси йилга ҳам худо бир нима дегандир-да...

Қундуз янга титраб, Маҳмуджоннинг этлари жимирлаб кетди.
-Кампир, - деди Мухтор ака хотинига қараб. -Анув хўрозди сўй. Бугун бир ош қилинглар. Ҳамсояларни чақирамиз, тоғалари келади. –Гапининг охирини эса ҳазилга буриб юборди. -Бизардинг кўчадаям байрам бўлайкан-ку?!

Ўша куни қўшнилар, қариндошлар, Мухтор ака айтгандек, Маҳмуджоннинг тоғалари ҳам келишди, жиянини табриклашди.
-Ўзимнинг жияним-да,- деди кечагина унга «Бу туришингда сен одам бўмайсан» деб юрадиган катта тоғаси. Қўшниларининг бирови ҳавас қилган бўлса, бириси ҳасад қилди. «Мухтор ўғлини битига ўқитарканми? Иккита тирриқ қўйидан бошқа нимаси бор унинг» деди, бироқ қариндош-уруғлар Маҳмуджоннинг ўқишга кирганига астойдил қувонишди.
-Барака топсин. Йигитти ишини қипти, – дейишди.

Мухтор аканинг катта акаси билан опаси нима илож бўлсаям Маҳмуджоннинг ўқишини, ўқимишли йигит бўлишини сўради, ҳатто бунинг учун қўлдан келганча ёрдам беришлариниям айтишди.
-Улимди ўқитаман,- деди Мухтор ака. -Энаси икковимиз шунча йилдан бери шуларди деб ишладик. Йўқчилик қурсин, болаларди деб, устимга бир янги кийим олмадим. Бошим меҳнатдан чиқмади, аммо ўғилларимнинг мендай кун кечиришини истамайман...

Ота сўзида турди. Ўтган йилги ўқишга насиб этмаган ҳўкиз билан иккала қўчқорни сотиб, иккита ҳўкиз, тўртта қўчқор қилиб қўйганди. Бир ҳўкизнинг ёнига иккита қўчқорни қўшиб, бозорга ҳайдади, ўғлининг контрактини тў-ғирлаб берди. Ўша бозордан Маҳмуджонга янги костюм-шим харид қилди ва кийгизиб кўрди. Лоппа-лойиқ. Ўғли эр етиб қолибди, костюм-шим бирам ярашдики... Мухтор ака қувончини яширолмай бозорнинг ичида ўғлини бир кўтариб олди.
-Доим яхши кунларга кийгин, улим...

Шу лаҳзада Мухтор ака яна бир аччиқ ҳақиқатни англади. Уйланганида раҳматлик отаси янги костюм-шим олиб берганди, у шундан бошқа костюм-шим киймабди, бунга ҳожат ҳам бўлмабди. Ўша шим аллақачон адо бўлиб кетган, костюми эса латтаси чиқиб қолгач, эшакка жобув қилиб юборилган экан... Мухтор аканинг ич-ичидан ёнғоқдек бир нарса келиб, бўғзига тиқилиб қолгандек бўлди, аммо ғуссасини ўғлига сездирмади. Бозордан кўзлари кулиб, юраги куйиб қайтди. Орадан ҳафта ўтиб, эр-хотин оқ фотиҳа билан ўғлини ўқишга юборди. Ана шунда Мухтор аканинг бўғимлари бўшаб кетди.
-Йигит пирларинг қўлласин,- деди бошидан ранги ўниқиб кетган дўпписини қўлига олиб. Сўнг угирилиб хотинига қаради. Не кўз билан кўрсинки, у ҳам катта йўлга чиқиб кетаётган ўғлининг кетидан термулганича йиғлаб турибди. -Кампир,- деди у хотинининг билагидан тутиб,- йиғлама. Худойим юзимизни ёруғ қилди. Йиғлама.

Бу пайтда отаси билан онасига ажабсиниб-ажабсиниб қараётган иккинчи ўғил Муслимбек костюм-шимда оқ сумка кўтариб, Тошкентга йўл олган акасининг кетидан орзуланиб-орзуланиб қараб қўяр, ич-ичидан бир тўлқин тошиб-тошиб келарди.

«Насиб бўлса, менам акамдай устидент бўламан!»

Мухтор ака билан Қундуз янгага ўғлини ўқитиш осон кечмади. Иккинчи курси учун тўлов контрактини қолган ҳўкиз билан қўчқорларни сотиб қутилган отанинг оғилида бир соғин сигир билан тўртта, атиги тўртта совлиқ қолди. Шунда Мухтор ака бўшашиб кетди, «Боласи ўлсин, уйда ҳеч бало қолмаяпти-ку, келаси йилга нима қиларканман?» деди, аммо хотини далда берди.
-Отаси бош эсон бўлса, дўппи топилади. Ўмганингизни кўтаринг. Насиб бўлса, ана, улимиз ўқияпти, вақти келади, ўрнини тўлдиради-да...

Мухтор аканинг юзи ёришди.
-Тўғри айтасан-ай?- деди кўнгли тоғдай кўтарилиб. –А, мақсадимиз шуларди ўқитиш эди-ку?

Ўша ўқув йилида Муслимбек мактабни битириши керак эди. Икки йилдан бери Тошкентда юриб, анча йўл-йўриқни тушуниб қолган Маҳмуджон бир иш қилди. Укаси Муслимбек етуклик гувоҳномасини олиши билан ёнига олиб кетди-да, бир домланинг қўлига бериб бир ярим ой, то имтиҳон кунигача ўқиттирди. Бунинг номи репетиторлик бўлди. Ўзи эса репетитор пулини тўлаш учун йигирма кун домланинг уйдаги ишларини қилиб берди.

Акасига ҳавас қилган Муслимбек ўша йили омади чопдими, ё аввалдан яхши ўқиб юргани қўл келдими, тарих факултетига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Ўғилларининг бу муваффақиятидан Мухтор ака билан Қундуз янганинг боши осмонга етди, шу билан бирга отанинг миясига «Икки ўғилга қандай пул топиб бераман?» деган ўй ҳам туман каби бостириб келди, бироқ боши қотган отага ака-укалари, ўғилларининг тоғалари бағрикенглик қилди. «Ўзимнинг жияним» дея кўкрагига урувчи катта тоғаси Маҳмуджоннинг бир йиллик контрактини тўлаб берди.

Иккала ўғли ўқиб, Мухтор акага кун туғди. Шанба яқинлашаверса, юраги жизиллайверади. Чунки шанбада ўғиллари келади. Тўлиб-тошиб. У якшанба куни тиши ковагида гавҳардай асраб ўтирган, доим «Охири шу, кейин нима қилайканман. Эй, художон» дея олиб ўтирадиган пулини икки ўғлига бўлиб беради. Ўғилларини ўқишга кузатаётганда эса юраклари тўлиб-тўлиб кетади. Гоҳ ғурурдан, гоҳ сурурдан...

Мухтор ака охирги пайтлари қишлоқдошларнинг уйида мардикорлик ҳам қила бошлади. Одамлар «Бунга нима зарил, икки боласини бирдан ўқитаман деб. Қулоғи қопти-ку ўзи...» дейишди, аммо у парво қилмади. Бир кун томорқасида ишласа, икки кун мардикорлик қилди. Бир ҳафта колхозда ишласа, тўрт кун мардикорлик қилди, аммо шанба кунига «Улларим келади» деб пул тайёрлаб турди. Бундан номус қилган оға-инилар, куёвлари қайнукалар учун навбатига пул ҳам бериб турди. Мухтор ака бундай пайтда Маҳмуджоннинг кейинги контракти учун пул йиғди. Оғилга мол боғлади.

Кунлар шу тарзда ўтар, Мухтор ака меҳнатидан, ҳатто бировларнинг, ўз таъбири билан айтганча «сассиқ гаплари»дан ҳам оғринмади. Қулоқларини кар, кўзларини кўр қилди.
-Уларга нима? – деди жаҳли чиққанда. -Ўғирлик қилаётган бўлмасам? Нима қилсам, улларим учун қилаяпман! Улар ўқишаяпти. Бор умидим шулардан...

Маҳмуджон учинчи, Муслимбек биринчи курс вақти. Баҳорнинг илик узилди палласи. Мухтор ака иш йўқлигидан «Улларимга қандай қилиб пул топиб бераман», деб ичикиб ўтирган ҳафта охирида, уйга бирданига ёвдай бўлиб иккала ўғли ҳам бостириб келиб қолишди.

«Ўлдим, икковиниям пули тугаган!»

Бирдан отанинг миясидан шу ўй кечди, аммо ўғиллари негадир шод эди. Эр-хотин ўғилларига ажабланиб-ажабланиб қаради. Шунда Маҳмуджон оқ халта ўрнига ўтган йили стипендиясидан сотиб олган «Адидас» ёзувли сумкани очиб, ичидан отасига кўйлак, онасига бир кўйлакли мато чиқарди. Эр-хотин совғаларни қўлига оларкан, аввалига ўғилларига ҳайратланиб-ҳайратланиб қарашди, сўнг бир-бирларига мўлтирабгина термулишди-ю, беихтиёр кўзларига ёш келди.
-Улим... -деди Мухтор ака лаблари титраб, - буларни қаердан олдинг?..

Шунда Маҳмуджон ёшлик қилиб, сумкасидан пул ҳам чиқарди-да, отасининг олдига қўйди.
-Бу нима? - ота қўрқиб кетди.
-Ишга кирдим, ота, - деди Маҳмуджон юкиниб. -Энди ишласам ҳам бўлади. Сизам қийналиб кетдингиз. Ҳаммасидан хабарим бор...

Мухтор ака бир ўғлига, бир кўрпача устида турган пулга қаради. Сўнг ўзини тутиб туролмади, пулни ўғли томон суриб қўйди-да, унинг елкасидан қучиб, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.

Бу отанинг қувончга беланган армонли кўз ёшлари эди. Бу отанинг армонга беланган севинч кўз ёшлари эди...