OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXолиёр Сафаров
Асар номиИкки соҳил (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xолиёр Сафаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Икки соҳил (ҳикоя)
Xолиёр Сафаров

Кечки овқатдан сўнг бир дастурхон атрофида ўтиришган оила аъзолари бирин-кетин тарқалиша бошлади. Қайнона неварасини қўлига олди, хушрўйгина келин идиш-товоқларни кўтариб, ошхонага ўтиб кетди. Сочларига оқ тушган, баланд бўйли, қориндор, йиллар заҳмати ва бедор ўтган тунлардаги мутолаалар натижаси ўлароқ, қорамтир юзига ажин тушиб, эти бироз салқиган, ойнак таққан кўзларида ҳорғинлик билан шижоат уйғунлашиб, аллақандай мунгли ва синовчан боқувчи Маҳкам Муродович диванга ўтиб, бироз ястаниб ўтирди-да, телевизор пултини олиб, бир-икки каналларни текшириб кўрди. Аксариятида кўнгил очар дастурлар: табрик ва эълонлар, контсерт, кечки телесериаллар...

Нафақага чиққанига етти-саккиз ой бўлган, шундан бери факултет деканининг илтимоси ва шогирдларининг талабига кўра, битирувчи курс талабаларига ҳафтада бир марта, атиги бир пара маъруза ўқиб келадиган Маҳкам Муродович телеканаллардан ўзи истаган кўрсатувни тополмай, соатига бир қараб қўйди. Кейин хотинининг қўлидан неварасини олди.
— Менга бер-чи, - профессор неварасини қўлига оларкан, етти ойлик чақалоқнинг жовдираб турган кўзмунчоқдек кўзларига тикилди. Сўнг икки қўлтиғидан олиб, юқорига силкиди. – Қани? А-пиш, а-пиш...

Болакай бобосининг эркалашидан ва ҳавога отишидан тилларини чиқариб, оғзини катта-катта очганича қиқирлаб-қиқирлаб кулди.
— Эҳтиёт бўлинг-э, - деди хотини жонсарак бўлиб.
-А, мана, - Маҳкам Муродович «От-там менинг...» дея набирасини эркалаб, лўппи ёноғидан ўпди-да, чақалоқни хотинига тутқазди. Кейин ижодхонасига кириб кетди. Бугун у эртанги маърузага бироз тайёргарлик кўриб қўйиши керак эди. Бундан ташқари нафақага чиқиб ҳам тинч ўтиргани йўқ. Талабалар учун янги бир маърузалар матни тайёрлаяпти...

Профессорнинг ижодхонаси кичик бир кутубхонани эслатар, хонанинг бир томонидаги китоб жавонида илмий-бадиий китоблар, дарслик қўлланмалар алоҳида-алоҳида териб қўйилган, хонанинг ён томонидаги жавон бўлмаларида эса турли хил илмий ишлар ва диссертатсиялар қалашиб ётар, шкаф тепасида эса чўққи соқол, буғдойранг, бошига қора, жун телпак кийган қария ва оқ чорси рўмолда ийманиб, мунисгина тикилиб турган кекса онахон портрети турарди. Улар профессорнинг ота-онаси. «Г» шаклида йиғилган шкафлар бурчагида катта иш столи қўйилган. Стол устида қоғозлар қалашиб туришига қарамай ўзига хос тартиб ва саришталик сезилади. Стол четида чироғи ўчик лампа, ўртада эса компютер. Уйнинг эшик томонида диван жойлашган бўлиб, қаршисидаги хонтахтада даврий матбуот нашрлари сочилиб турарди.

Маҳкам Муродович иш столига ўтиришдан олдин бироз ўйланиб турди-да, жавондан уч-тўртта китобни суғуриб олди. Сўнг лампани ёқиб, стулга ўтирди ва анчадан бери битмаётган иши - маърузалар матнини тайёрлай бошлади.

У анча вақт ишлади. Қайсидир китобни қайта-қайта ўқиди, яна бирисидан иқтибослар олиб, кўчиришни бошлади.

Орадан икки соатлар ўтиб, хонага кичик жуссали, бошига гулдор чорси рўмол боғлаб олган, кулча юзли, ийманибгина турувчи Меҳригул опа кириб келди ва эрига бир қур назар ташлаб, қаҳвали финжонни стол устига қўйди.
— Дадаси, кофе дамлаб келдим.

Профессор қоғоздан бошини кўтариб, аёлининг меҳрибон кўзларига тикилди. Сўнг финжонни олиб, иссиқ қаҳва ҳўплади. Кўзларини юмиб, ҳузур қилди.
— Умиджон келдими? - деди кутилмаганда.
— Йўқ, ҳали, - бош чайқади Меҳригул опа. - Уни биласиз-ку?

Профессор шунда оғир хўрсинди-да, деди:
— Негадир доим ундан хавотир оламан. Назаримда биздан узоқлашиб кетаётгандек...
— Нега бундай деяпсиз? – Меҳригул опа эрига ажабсиниб қаради. - Нима, бирор гап бўлдими?
— Йўқ, - бош чайқади профессор.
— Унда нега бундай деяпсиз? Ишлари жойида, тани-жони соғ, келин югуриб-элиб хизматимизни қилаётган бўлса...
— Шундайку-я? Аммо айт-чи, Умиджонни кўрмаганингга неча кун бўлди?
— Икки кун.
— Ана. - Маҳкам Муродович хаёли бўлиниб, фикрлари чалғиб кетганини билди-да, столдан айланиб ўтиб, диванга, хотини ёнидан ўтирди. – Онаси, сезаяпсанми, унинг ҳамма ишлари жойида бўлгани билан икковимиздан узоқлашиб кетаяпти...
— Қўйсангиз-чи? - ўзини орқага ташлади Меҳригул опа. – Шуям гап бўлдими? Ишли одам. Эрта кетиб, кеч келади-да...
— Мен ҳам уни лайлак ҳайдаб юрибди деётганим йўқ.
— Умиджоннинг директор муовини бўлганидан хавотирга тушаяпсизми дейман? - Меҳригул опа эрига синовчан тикилди.
— Йўқ. Омадини берсин! Бунга ўзи эришди, ҳузурини кўрсин. Аммо кеч келиб, эрта кетса ҳам бир пасга олдимизга кириб, «Дада, мен келдим» ёки «Дада, мен кетаяпман» деса олам гулистон.

Меҳригул опа эрининг гапига унча тушуниб етмаган бўлса-да, чиндан ҳам ўғлининг ярим кеча кела солиб ўз хонасига кириб кетиши, баъзида эрталаб нонушта қилмасдан «Ишга кеч қолаяпман» дея саломни ҳам қисқа қилиб шоша-пиша чиқиб кетиши, дам олиш кунларида ўғилчасини кўтариб олиб ҳовлида юриши, баъзан ўғилчасини машинасига миндириб қаерларгадир бориб келиши, ота-она олдида яйраб, дардлашиб ўтирмасдан доим ўзи билан ўзи оворалиги чиндан ҳам хавотирли эканлигини англади. Ўғлининг бундай ҳаракатлари қандайдир уларни бир-бирларидан узоқлаштириб юбораётгандек туюлди.
— Гапингиз тўғри, -деди бироз ўйланиб тургач. – Кейинги пайтларда у кайфияти яхши бўлса, эртароқ келса, олдимизга киради, бўлмаса йўқ. Эрталаб эса «Ойи, мен кетаяпман» дея шошиб чиқиб кетади. Ортидан «Ҳой, чойингни ичмайсанми?» деб жавраб қолавераман. Бунақамасда-а, дадаси.
— Ҳа... - бош чайқади профессор. – Менинг хавотирим шундан. Бунақа муомалага ўрганиб қолса ёмон. Шундан қўрқаман. Бўлмаса, Худога шукр, ўғлимнинг ишлари яхши. Эс-ҳуши жойида, аммо мана, бир йил бўлаяпти, уйдаги муносабат ўзгараяпти. Уй меҳмонхона эмас-ку, истаган вақтингда келиб, хоҳлаган пайтингда чиқиб кетаверсанг. Ундан пул сўраётганим йўқ, озгина эътибор кутаяпман. Қизларнинг эса йўриғи бошқа... Ўзи ёшинг ўтаверса, инжиқ бўлиб қоларкансан. У ўғилчасини қанча яхши кўрса, мен ҳам уни шунча яхши кўраман.
— Мени айтмайсизми? - эрининг мақсадига энди тушунган Меҳригул опа гапни илиб кетди. - Дастурхон атрофида ўтирганимизда иккаламиз қолиб хотинининг ёнгинасидан келиши, буям етмагандек ўғилчасини тиззасига олиб ўтиришидан, нотўғри тушунманг-у, баъзида рашким ҳам келиб кетади. Боламни қизғангандек бўламан.
— Ҳа, ўзи одамнинг кўнглидан бошқа нимаси бор? - Маҳкам Муродович қаҳвадан ҳўплаб, бошини орқага ташлади. - Онаси, ўғлинг келса, айт, ёши ўттизга кирган бўлса ҳам бизлар учун барибир бола. Хавотир олаётганимизни, соғиниб, кутиб ўтирганимизни ёдидан чиқармасин. Бўлмаса, биласан, ярим кечагача ухламай ишлаб ўтираман. Бир пасга кириб, «Дада, мен келдим» дейиш қийин эмас.
— Хўп, айтаман, - Меҳригул опа эрининг ҳали ишлаш нияти борлигини билиб, секин ўрнидан турди ва бўшаган финжонни қўлига олди. –Яна дамлаб келайми?
-Йўқ, раҳмат, - профессор дивандан турди-да, иш столи томон юрди. - Умиджон келса, айт, олдимга кирсин.
-Хўп, - Меҳригул опа қандай сирғалиб кирган бўлса, шундай секин эшикдан чиқиб кетди.

Маҳкам Муродович ижодхонасида ёлғиз қолди. Тайёрлаётган маърузалар матнини давом эттирмоқчи эди, беихтиёр хаёл олиб қочди. Кўз олдига кетма-кет икки фарзанди нобуд бўлгач туғилган жигарбанди Умиджон келди. Сўнгра унинг камоли учун ҳеч нарсадан тап тортмагани, қобил фарзанд қилиб улғайтиргани, ўқитиб, яхши жойга ишга жойлаштиргани, бугун ўғли ишхонасида обрў-эътибор қозониб, директор муовини бўлганидан қувонди. Бироқ унинг муносабатларидан бироз ўксингандек бўлди. Ана шунда кўз олдига марҳум отаси билан онаси келди.

... Маҳкам олис вилоятдан келиб ўқигани учун уйга бир-икки ойда бир марта келар, ҳар гал уйга борганида у ота-онасини уй ёнида ёки кўча бошида кўрарди.
— Кел-э, болам-э, - дерди онажониси унинг елкасига уриб. Отаси бўлса:
— Пул ўлсин, топиб берамиз-да, бундай икки ойга қолиб кетма, -дерди аллақандай бир куюнчаклик билан.

Маҳкам қачон қишлоққа борса, ота-онаси унинг ёнида ўтиришини, ўқишларидан, янгиликлардан гапириб беришини исташар, аммо унинг келганини эшитган синфдошлари уйга бостириб келиб қолишар, тонг отгунча гурунглашиб, ҳиринглашиб ўтирар ёки уни олиб меҳмондорчиликка чиқиб кетишарди...

Бундай вақтларда у иккиланиб қоларди. Бормай деса, маҳалладош, бир кўчада катта бўлган синфдошлари хафа бўлишади, борай деса, ота-онаси уни кутиб ўтиришибди, соғинишган. Аммо ёш кўнгли синфдошлар даврасига ошиқади.
— Майли, борақол, - дерди отаси чўққи соқолини силаб. - Фақат кеч қолиб кетма. Онанг икковимиз кутиб ўтирамиз...

Қаёқда, бундай пайтларда у тонгга яқин кириб келар, то чошгоҳгача ухлаб, тушгача яна қайтиб кетиш учун тайёргарлик кўрар, ота-онасининг ёнида тушлик қилиб, Тошкентга йўл оларди.
— Майли, яхши бор ўғлим, - дерди дийдорига тўймай қолган онаси бўшашиб. - Ўзингни эҳтиёт қилгин, оч юрма. Яхши ўқигин.
— Бўпти, омон бўл, - дерди отаси ифтихорга тўлиб.- Қишлоқдан бирорта бола келиб қолса, бир-икки ҳафтада пул-мул ҳам бериб юбораман. Ишқилиб, соғ-саломат бўл!

Ўшанда ота-онаси унинг дийдорига тўймай қолиши, шунинг учун ой охирлайверса, тушларига кириб, борганида уй орқасида ёки йўл четида автобус келишини кутиб ўтиришларини Маҳкам жуда кейин, олим бўлиб, ёлғизгина ўғли, Умиджон Москвага малака оширишга кетганидагина ҳис қилди. Ўғли кетган бир ой бир йилдек туюлди. Шундай вақтларда у ўн тўққиз ёшидан бери шаҳарда эканлиги, бу йиллар замирида ота-онасини қанчалар эзиб, меҳрига, дийдорига муштоқ қилиб қўйганини англади. Ҳалиям улар сабрли экан. Мана у, ҳозир ўғлининг ишдан келиб, соғ-омон келганини айтмагани, эрталаб ҳам барвақт чиқиб кетаётганидан эзилиб ўтирибди. Ўн метр нарида, ҳовлининг у четида яшайдиган ўғлидан хавотирда. Авваллари ишга овуниб юрганми, бунга кўп эътибор қилмаган экан. Нафақага чиқиб, уйда ўтириб қолгач, ёлғизланиб қолаётганини ҳис этди. Шунда у бир нарсага қойил қолди - ҳеч қаерда ишламайдиган, оддий колхоз иши билангина овуниб юрган ота-онаси эса уни бутунлай шаҳарга, юзлаб чақирим узоққа юбориб қандай яшаган экан?!

Одамзот қизиқ экан. Отаси унинг уйига келганида ҳам кўп туролмас, бу ерга келса, уйидан, қишлоқда қолган болаларидан хавотир ола бошларди. Инсоннинг биргина кўнгли ва шу кўнгилнинг султонлари бўлган фарзандлари бор эканда... Раҳматлик отаси жон берар чоғда ҳам жони кўзига кўринмай уларни кутди. Тошкентдан етиб бориш анча йўл. Ўшанда, уйдан хабар келиб, Маҳкам ота қишлоғига учиб борганида ота уйи одамга, қариндош-уруғларга тўла эди. Уй тўрида, ўғил-қизлари атрофида отаси жон талвасасида ётарди...
— Ота, Маҳкам акам келди, - деди кичик укаси.

Ана шунда отаси хиёл кўзини очиб, унга сўниқ нигоҳини ташлади. Ўғлига қўлини узатди.
— Келдингми, болам... – деди хирқироқ товушда.
-Ҳа, ота, келдим... - титраб кетди у. – Сизга нима бўлди, ота? Нега бундай эркалаб ётибсиз?

Жавоб бериш ўрнига отанинг қўли унинг кафтидан сирғалиб кетди. Ана шунда Маҳкам ўкириб йиғлади ва то ўғли, қизи катта бўлмагунча отасининг ўшанда нега уни зудлик билан чақиргани-ю, лом-мим демасдан қўлидан ушлаган кўйи жон берганини тушунолмай юрди. Тушуниб етганида анча кеч, ҳатто бу вақтга келиб, онаси ҳам шу тарзда оламдан ўтган эди...

У йиллар давомида ўйлаб-ўйлаб ота-онасининг бу тарзда жон беришлари, ота-оналарнинг доим фарзандларидан хавотирда, улардан илҳақ бўлиб, соғинишлари, фарзанд дийдори ширинлигидан далолат эканлигини тушуниб етди. Шунда у ота-онасининг энг сўнгги (бирга тушган) суратидан бешта портрет ясаттирди ва укалари, сингилларига биттадан бериб чиқди. Бугун ўша суратлар ҳар бирларининг меҳмонхоналари тўрида осиғлиқ турибди. Маҳкам Муродовичнинг эса ижодхонасида.

Профессор ўгрилиб, бош устида турган суратга тикилди-да, беихтиёр лаблари титраб, бўшашиб кетди.
— Отажон, онажон... - деди суратга тикилган кўйи. - Сизларнинг қадрингизни ота бўлиб тушуняпман. Сизларни қанчалар соғинтириб қўйганимни, нега доим ухламасдан кутиб ўтиришларингизни мана энди англаб етаяпман...

Шу пайт Маҳкам Муродовичнинг томоғига аччиқ бир нима тиқилгандек бўлди. Лаблари титраб кетди ва беихтиёр кўзларига ёш келди. У ҳозир ўғли ё хотини кириб қолса, йиғлаб ўтирганини кўрмаслиги учун аранг жойидан турди ва столни айланиб ўтиб, диванга ўтирди. Сўнг бошини диванга суяган кўйи кўзларини юмди. Шу вақт даҳлизда қадам товуши эшитилди ва дам ўтмай эшик очилиб, остонада ўғли Умиджон пайдо бўлди.
— Ассалому алайкум, дада.
— Ваалайкум ассалом. Кел, - Маҳкам Муродович унга ёнгинасидан жой кўрсатди ва қимтинибгина келиб ўтирган ўғлининг елкасига қўл ташлади. –Ишдан кеч келсанг ҳам, мана шундай бир кириб ўтгин, ўғлим...

Умиджоннинг эти жимирлаб кетди.
— Мен сизларни ухлаб қолгандир, бемаҳалда безовта қилмай қўя қолай дейман-да... - деди бошини гуноҳкорона эгганча.
— Уйқу қаёқда? Ишлаб ёки ойинг билан гаплашиб ўтирган бўламан. Сен ҳам энди ота бўлдинг. Нега бундай деётганимни вақти келиб биласан...
— Ойим айтдилар... -Умиджон дадасига қарашга ботинолмай кўзларини олиб қочди.
— Овқатландингми?
— Ҳа, - бош ирғади ўғли.
— Яхши, – профессор ўғлига бошдан оёқ разм солди: анча эр етиб, ўзгариб қопти. Ишнинг кўзини билади, аммо бир айби, келган-кетганини улар билмай қолишади. Маҳкам Муродович мавриди келганда ўғлини бир уришиб ҳам қўймоқчи бўлди, аммо тили бормади. Муддаосини бир сўз билан ифодалади: - Умиджон, биз билан бирга ўтириб овқат ейишга вақтинг бўлмаса ҳам ишга кетаётганингда, келганингда, бирровга олдимизга кириб «мен кетдим», «мен келдим» десанг яхши бўларди.

Бу гаплардан Умиджоннинг юраги омбур билан қисилгандек, отасининг елкасида турган қўли нафақат елкасини, бутун аъзои баданини куйдириб кетгандек бўлди. Нима дейишини билмасдан жим туриб қолди.
— Майли, энди боравер, - деди ота ўғлини ортиқ хижолатга қўйгиси келмай.

Умиджон яна бир муддат жим турди-да, секин жойидан қўзғалди. Эшик тутқичидан ушлаганда ортига ўгирилиб деди:
— Яхши дам олинг, дада.
— Раҳмат, ўзларинг ҳам, - Маҳкам Муродович бир енгил тортди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Туриб, хушкайфият билан яна бироз ишламоқчи эди, бўлмади, тағин хаёллар бостириб келаверди. Шунда у секин ётоғига ўтди. Аёли ҳали уйғоқ экан, эрининг авзоини кўриб севинди.
— Олдингизга кирдими? - деди аллақандай хотиржамлик билан.
— Ҳа, -бош силкиди профессор. - Ҳаммаси жойида...

Эртаси куни одатдагидек саҳар туриб, бугун университетга бориши кераклиги учун иш тартибини бир кўздан кечириб, энди нонуштага кирган Маҳкам Муродович дастурхон бошида ўғлини ҳам кўриб, севинди. Бирга нонушта қилишди, сўнгра ишга жўнаш учун ҳовлига чиққанди, не кўз билан кўрсинки, Умиджон машинасини ўнглаб турибди.
— Дада, бугун маърузангиз бор-а? Ўтиринг, ўзим обориб қўяман.

Маҳкам Муродович ҳовли ўртасида тик туриб қолди.
– Йўғ-э, - деди қўл силтаб. - Сен кеч қолиб юрма тағин. Мен ҳар доимгидек аста-аста пиёда кетавераман.
— Кеч қолмайман. Дадамни ишхонасига кузатиб келаяпман десам, ҳеч ким ғинг деёлмайди. Келинг...

Маҳкам Муродович бир ўғлига, бир эшик олдида жилмайибгина турган хотинига қаради. Сўнг секин машинага ўтирди. Ўғлининг ёнидан жойлашар экан, чуқур бир нафас олди. Бу профессорнинг қувончидан, бағри бутунлигидан дарак эди.

Маҳкам Муродович қадрдон факултети эшиги рўпарасида машинадан тушаркан, ўғлига:
— Раҳмат, барака топ, - деди. Сўнг қўшиб қўйди: - Қайтишда ўзим аста-секин кетавераман. Сен ишдан қолиб, овора бўлиб юрма...

Умиджоннинг тағин эти жимирлаб, вужуди қизиб кетди ва у негадир шу пайтгача унчалик аҳамият ҳам бермаган бир мушоҳада билан олийгоҳ зиналаридан бир-бир қадам ташлаб юқорилаб бораётган отасининг ортидан қараб қолди. Бироқ у ҳали отаси кўнглидан кечаётган ҳисларни тўлиқ англаб етмаган, буни ҳис этмоққа эса бироз вақт бор эди. Чунки унинг ўғилчаси эндигина етти ойлик бўлган...