OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXолиёр Сафаров
Асар номиҚўғирчоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xолиёр Сафаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм37KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қўғирчоқ (ҳикоя)
Xолиёр Сафаров

Она чорпояда икки тўшак ўртасидаги тол бешик гумбазига бир қўлини қўйганича мароқ билан тебратар, иккинчи қўли билан секин бахмал пардани кўтариб, майин ва ичиккан табассум билан қараб-қараб қўярди. Бешик йўрғаси бир маромда «ғийч-ғийч» этган овоз чиқариб, дастасига осиб қўйилган шалдироқ ўйинчоқлар гўдак кулгиси каби ёқимли шиіирлайди. У бешик қуббаларига хиёл кўз тикканича сел бўлиб алла айтарди.

Алла болам, дўндиққинам, алла-ё, ал-ла-а...

Кун ёришиб, ҳовли сатҳига қуёшнинг она меҳридек иссиқ ва садоқатли нурлари ёғила бошлади. Хўрозлар қичқириғи тиниб, дарахтлар усти ва томлар бошида қушлар чуғури тутди. Ёришган ҳовлида ҳаётнинг бир бўлаги кўзга ташланди. Дарвозахонанинг қия очиқ эшигидан кечаси билан дайдиган Олапар кириб келди. Сўнг ошхона ёнига ўтиб, ниманидир тортқилади, шекилли, «тақир-туқур» бўлиб кетди. Она елка ўгириб қаради.
— Ҳаҳ, савил-э. Дадаси, қаранг, Олапар ниманидир ағдариб юборди...

Аёлнинг овозидан бешикнинг нариги томонида ҳар оқшом гўёки игна устида ётгандек юраксиз ва маъюс, қалби тўла титроқ, бутун борлиғини жавобсиз тугунлар ва сабр занжири ўраб олган ота ари уясидек ғувлаб кетган ғариб бошини кўтарди. Атрофга қаради: хотини одатдагидек кўксини бешикка босиб ўтирибди. У юраги омбур билан қисилгандек уҳ тортиб, чуқур нафас олди ва хотинига яна бир қур назар солди. Яна ўша аҳвол...

Ўгирилиб, бешик пардасини кўтарди ва бўғзига тиқилиб келган гирямонанд ҳавони бу гал ҳам ичига ютди. Кейин аёлига қаради. Хотини эса бошини хиёл эгиб, бутун вужуди, ўй-хаёллари билан бешикка термулганича гўёки арши аълода Буқрот отини миниб юрарди...
— Умид? – ота хотинининг эътиборини ўзига қаратди (у хотинини шундай атайди).- Тинчликми?
— Ҳа. Олапар ошхонанинг ёнида «тасир-тусур» қилаяпти, алаҳсидим. Умиджон, шунга бир қараб келинг (хотини ҳам эрини шундай чақиради).
— Ҳозир... - ота чорпоянинг ёриқ тахталарини «ғичир-ғичир» қилганича пастга тушаркан, ўйлади: «Бугун кайфияти яхши... Умиджон, дейишига қараганда анча ўзини тутиб олибди, лекин барибир...» Унинг бундан ортиқ ўй суришга юраги дов бермайди. Оёғига шиппак илиб, ошхона томон юраркан ҳовлидан ошиб, адашган омаддай нариги томонни - оғил ва ҳожатхона деворларини кўз-кўз этаётган қуёшга қаради. Сўнг лабларини кўйдиргудек бўлиб чиққан суханини борлиққа сочди:
— Начора... Худойим, Умиднинг бор-йўғи - шу...

* * *

... Уларнинг оила қурганига, ёз келса, роппа-роса тўққиз йил тўлади. Тўққиз йил... Айтишга осон: оғизнинг бир четидан чиқиб кетади, аммо буни яшаб ўтиш... У йигирма тўрт ёшида уйланганди. Хотини ўшанда йигирма иккига кирган дилбар қиз эди. Битта қилиб ўрилувчи сочлари белида илондек тўлғониб, қишлоқнинг иғвогар хотинлари тилига сўз, кўнгилларига тугилган мавзу эди. Келишган қад-қомати, қайрилма қошлари ҳилол мисол жозибали бўлиб, анор юзи ва чақнаб тургич кўзлари оҳанрабо мисоли ўзига мафтун этарди. У хотинини ўнлаб эмас, юзлаб қизлар орасидан танлаган ва минглар ичидан етишганди. Уларнинг ҳаёти ширин, орзулари уммон қадар чексиз эди. Келинчак юкли бўлгач эса иккисининг бахтига севинч қўшилди. Иккисининг пешанасида бир сўнмас юлдуз порлагандек бўлди... Бўлажак ота дилига саодат, юз-кўзига табассум олиб келган, бўлғуси она қалбига эрка ва ёқимли ҳислар туғёнини солган, вужудига ҳаёт шавқини бахш этган севинчни кута бошлашди.

Келинчак ўғил кўрди! Ўша куни улар қайтадан дунёга келгандек бўлишди. Ҳамма хурсанд: табриклар-у тилакларнинг чек-чегараси йўқ эди. Ниятлар амалга ошган бу кун катта байрам қилинди. «Чақалоқнинг пойқадамига» дея қўй сўйилди. Унинг оти «Ҳақберди» бўлди, «бой» бўлди. Ўзи-да ўзини бой ва давлатманд ҳис этди. Йигирма беш ёшида бўйи ҳам бир қарич ўсгандек бўлди.

Ота-онанинг орзу-умидлари инъикоси бўлган гўдакка Умиджон деб исм қўйишди. Чақалоқ кундан-кунга улғайиб, тухумдеккина муштлари каттарди, милтиллаб турувчи кўзларига ғайрат ва ҳаёт нашидаси инди. Вазни ҳам аста-секин оғирлаша борди. Умиджон бир ёшга тўлганида бобоси невара тўй қилиб берди. Ота ўғлига билибми-билмайми, соддалик билан шу куни онаси иккисига эрмак, овунчоқ бўлсин, деб бўйи салкам Умиджондек келадиган қўғирчоқ совға қилди. Қўғирчоқ бола...

Невара тўй куни келиннинг отаси куёвига «Якшанба куни неварамни олиб бизларникига боринглар, қуда бувани ҳам айтдим. Битта курка боқаяпман, ошнинг тагига босиб қўяман», деганди. Қуда буванинг сўзи ўлмасин, деб ҳавонинг авзойи бузуқлигига, қор ёғиб турган бўлишига қарамай, ота мототсиклини қиздирди. Қайнотанинг уйи бир қишлоқ нари. «Мототсикл билан ғирра бориб келамиз», деб Умиджонга қалин-қалин кийимлар кийгизиб, йўлга тушишди. Қишлоқ оралаб кетган йўл билан юриб, анҳор ёқасидаги лойкўчага чиқиб олишди. Қишлоқнинг битта-ю битта йўли-шу. Гупиллаб ёғаётган қор лойкўчани қоплаб, улардан олдин юрган уловларнинг изини кўмиб кетганига қарамай, телпагини қошигача бостириб, чопони устидан белбоғ боғлаб олган ота уловини эҳтиёткорлик билан бошқарар, орқага мингашган она эса ўғлини чап қўлига олганича ўнг қўли билан эрининг белбоғидан маҳкам ушлаган, ўзининг юз-кўзини рўмол билан танғиб олганди.
— Қара, қишлоғимизга тулки келибди, - деди у мототсикл овозидан чўчиб, анҳор ёқалаб қочаётган тулкига боши билан ишора қилиб.
— Қани?
— Олдинда. Сен кўп бўйнингни чўзмай, Умидга эҳтиёт бўл. Мототсиклнинг баллони ҳам адо бўпти-да, тойиб кетаяпти.

Шу пайт худди уларни кутиб тургандек йўл ёқасидаги уйдан бир ит чопиб чиқди. Ота итларнинг тулки исини олиб ёки уларнинг изидан қувлаш учун чиққанлигини ҳам билмай қолди. Йўл устида яшовчи оилалар итларида бор одат: йўлдан нима ўтишидан қатъий назар, худди шу йўл соҳибининг маҳридек изидан қувлайди, етолса, тортқилайди. Баъзан калтак еб, «ванг-ванг» қилганича думини қисиб, уйига қайтади. Бугун ҳам тулки қолиб, мототсиклга қараб чопишди.
— Вой! - қичқириб юборди она.
— Бақирма, - деди ота. Аммо шу пайт югуриб келган итларнинг бири мототсиклнинг олдига чиқиб кетди. Ота тормозни босди: урса мототсикл йиқилади, орқада бола бор.

Барибир мототсикл ҳайбатли итни уриб юборди. Шунда ота қўрқувданми, хавотирданми, ўзини йўқотди. Қўллари қалтираб, оёғи ҳамон тормозда эканлигини унутди. Орқа ғилдираги тойиб кетган мототсикл йўлнинг анҳор лаби томонига силтаниб кетди, сўнг йиқилди.
— Ай-й! - она қўрққанидан бақириб юборди ва қўлидаги жигарбандини қандай қўйиб юборди, ўзи-да сезмади. Болакай эса чинқирганича анҳор ёқасига отилди ва қор-лой аралаш соҳилдан сирғалиб, сувга тушиб кетди.

Ҳаммаси кўз очиб юмгунча рўй берди. Ит «анг-анг» қилганича маймоқланиб уйига қочди.
— Вой шўри-имм! - ўзининг йиқилгани кўзига кўринмаган она бошини кґтариб, ўғлининг сувга тушиб кетганини кўрди-ю, чинқириб юборди. – Умиджо-он! Бола-амм!

Анҳор суви сокин оқар, чуқурлиги чамаси бир-бир ярим метр келарди. Бола ўз вазни ҳисобига бир пастга шўнғиди-ю, зум ўтмай қайтиб, юзага чиқди. Аммо овоз чиқармади.
— Умиджо-он?! Уми-ид!.. - она анҳор ёқалаб тўрт-беш қадам босди. Жигарбанди сувда оқаяпти! Бошқа чора йўқлигидан ўзини сувга урди. Сув муздек эди, жон-жаҳони яхлаб кетди. Аёл сув кечиб борди-да, чайқалиб кетаётган боласини кўтариб олди-ю, бирдан совуқдан ва қўрқувдан дағ-дағ титраётган бағрига босди. Вужуди музлаб кетди. Бола атиги бир марта эшитилар-эшитилмас ингранди. Гґдакнинг шалаббо бўлиб кетган кийимларидан шариллаб сув оқди, она эса танасининг ҳўл бўлиб бораётганига ҳам қарамай боласини бағрига босганича сув кечарди. У ҳозир сувнинг минус фалон даража совуқлигини эмас, жигарбандининг омон қолишини ўйлар, соҳилга талпинар, аммо оёқлари мажолсиз эди. У борлиғини совуқ қамраб олганини, томирлари тортишиб қолганини ҳис этмасди. Боласини кўксига босганича «дағ-дағ» титрар, изиллаб йиғларди.
— Дадаси? Дадаси?!!

Бу вақтда ота мототсикл тагида қолиб кетган оёғини чиқариб ололмай ҳалак эди. У хотинининг зорли, бутун қишлоқни титратгудек овозини эшитгач, ётган жойида бор кучи билан тариллай-тариллай ўчиб қолган мототсиклни хиёл кўтариб, оёғини тортиб олди. Турмоқчи бўлди, аммо оёғини босолмади. Оёқ тиззадан чиққанди. У йиғлаб юборди, оғзига кириб кетган қорларни алам билан тупуриб ташлади. Яна турмоқчи бўлди, аммо оёқлари ўзига бўйсунмади...
— Иҳ-ҳҳ! Ии-и! - ингради у.

Она бор кучи билан сувдан чиқишга уринар, бироқ гоҳ белига, гоҳ кўкрагига урилиб оқаётган сувдан юзага, йўл устига чиқиб кетолмасди. Бир қўлда боласи, иккинчи қўли билан нимадан ушлашини ҳам билмасди. Анҳор чети лой. У саёзроқ жой излади. Бундай вақтда узалиб болани ерга қўйиш, сўнг сувдан чиқиш хаёлга келармиди? Бахтига шу вақт бозордан қайтаётган қўшни - Марди қассоб келиб қолди. У трактор кабинасидан сакраб тушди-да, қўшнисига, кейин сув ичида чирқираётган келинга қаради. Югуриб бориб, аёлнинг қўлидан болани олди. Сўнг ўзини тортди. Она дир-дир қалтираганича, бир Марди қассобга, бир мототсикл ёнида «вой-вой»лаб ётган эрига, бир қўлидаги беун, нафас олган-олмаётгани ҳам билинмаётган дилбандига қаради. Из-из йиғлади.
— Нима бўлди? - деди Марди қассоб. Кейин бирдан ҳушини йиғиб, яна аёлнинг қўлидан боласини олмоқчи бўлди, бироқ она боласини беришни истамади. Шунда Марди қассоб болани аёлнинг қўлидан силтаб олди-да, шу кўтарган куйи унинг бошини ерга қаратди.
— Нима қилаяпсиз? - бақириб юборди она.

Бола бир ўқчиди-да, бир талай сув қайт қилди. Сув қорни эритиб, ерга ёйилиб кетди. Марди қассоб болани яна силкиди, аммо бола бу сафар ўқчимади, беҳол ингради.
— Келин? - деди қассоб трактор ёғи тегавериб, дағал бўлиб кетган чопонини ечиб. - Ма, болани ўра!

Она ўғлини чопонга ўради.
— Айланай сендан... Умиджон...

Онанинг этакларидан нов сувидек шариллаб сув оқарди.
— Келин, сен тележкага чиқ! Мен ҳозир... - Марди қассоб гўёки бу ишларни ўзи қилиб қўйгандек бошини сарак-сарак қилар, тинмай ҳансираб, атрофга нажоткорона алангларди. - Ҳей, ёрдам беринглар! Ёрдам... - деб бақирди у. Атрофда ҳеч ким йўқ. Умидбахш садо бўлмагач, қўшнисининг тепасига келди.
— Марди ака, келинингизни олиб кетинг. Оёғим... Ака... - оғриқдан тишини-тишига босиб, инграб ётган эркакнинг бошқа гапиришга мадори йўқ эди.
— Э, оёқни соб қипсан-ку! - қассоб унинг оёғига қаради. Дарров билганича, унинг дод-войига қарамасдан қизиғида оёғини тўғрилади ва ўзига тортди. Тиззадан «қирс» этган овоз чиқди. - Хайрият, бир оз жойига тушгандек бўлди, - деди у белидан белбоғини ечиб, қўшнисининг оёғига боғларкан. Кейин атрофга аланглади-да, тракторга қараб чопди ва кабинадан иккита калит ҳамда мойга ботган эски пижамасини олиб келди. Оёғининг икки томондан калитни қўйиб, устидан пижама билан ўради. Қўшнининг ҳам белбоғини ечиб олди-да, устидан боғлаб ташлади. Сўнг уни даст кўтариб, тележкага олиб келиб ётқизди. Шунда отанинг вужуди қизиди, лекин дам ўтмай бирдан музлаб кетди. Оғриқни ҳам унутиб, хотини билан боласининг аҳволидан хўрлиги келди, аммо иложсизлигидан лабини тишлади.

Марди қассоб тележкада дийдираб турган келинга бир қараб олди-да, эрининг белбоғсиз шалвираб турган чопонини ечиб, унинг елкасига ёпди. Аёл ҳамон дағ-дағ титрар, қўлидаги мажолсиз ётган гўдагига қараб «Болам, болажоним...» деганича юм-юм йиғлар, боланинг музлаб қолган қўлларини кафтига олиб, «куҳ-куҳ»лаб иситишга уринарди. Қассоб болани яна келиннинг қўлидан олди ва онасининг «ҳай-ҳай»лашига ҳам қарамасдан кабинага чиқди. Гўдакни бир оз бўлса-да, тафтли бўлган ўз бағрига олди.

Тракторнинг тариллоқ овози бутун қишлоқни тутиб кетди. Қассоб уйга неча дақиқада келганини билмайди. Умри бино бўлиб, бугун тракторни шундай тез ҳайдадики, орқада беш-ўнта қўй, энг муҳими, бир омадсиз эр-хотин борлигини ҳам унутди. Фикри қучоғидаги ҳиссиз болакайда эди. Марди қассоб тракторни эшик олдида тўхтатиши билан аёл тележкадан ерга сакради. Қассобнинг қўлидан боласини олиб уйига кирди. Кирди-ю, икки қадам ташлар-ташламас изига қайтди. Таъбир жоиз бўлса, оёғини қўлига олиб, қассобнинг уйига қараб чопди.

Марди аканинг кекса онаси бор эди. Момо ҳансираб турган аёлнинг қўлидан беҳуш болани оларкан, йиғламсиради.
— Ҳаҳ, уйинг куйгурлар-а! Уйинг куйгурлар-а! Нима бўлди, совуқдан қотиб қопти-ку, бу?

Момо боланинг кийимларини тортқилаб-тортқилаб ечиб ташлади. Сўнг тагига тўшаб ўтирган туяжун кигиз кўрпачага ўради ва кўрпасини кўтариб иссиқ сандалга тиқди. Иссиққина қадоқ қўлларини боланинг юзига, кўксига босиб кўрди. Қулоқларини ушлаб турди... Совуқ! Бола нафас олмаяпти. Оғзига иссиқ чой томизди. Бола тамшанмади...
— Ҳаҳ, қирилиб кетгурлар-а! - Момо аёлни қарғай кетди. - Уйинг куйсин сенинг.
— Момо? Моможон... - аёл момонинг этагига ёпишиб йиғлади. - Бир нима қилинг, жон момо...

Момо «бир нима» қилишнинг ўрнига бир оз гўдакка тикилиб турди. Алланималарнидир пичирлади ва боланинг иягини танғиди...

Гўдак бошида чирқираб турган онаизор момонинг бу ҳаракатидан сўнг барчасини тушунди...
— Момо-о-оо!!!
— Келин оғир бўл, энди...
— Умиджо-он-н! Бола-аа-амм! - она совуқдан қотай-қотай деб турган танасини жигарининг ёнига ташлади. - У... Б... Им-мм...

Ўша куни Умиджонни эрта отланган манзилига икки қуда билан Марди қассоб қўйиб келди.

Кейин отанинг чиққан оёғини табибга кўрсатди, жонлиқ садақа берди. Ота кўрмагандек бўлиб кетди, аммо онаизор тақдирга тан беролмай куйиб, адойи тамом бўлди. Бир ой вилоят шифохонасида даволаниб чиқди. Жисми соғайди, аммо руҳи ярадорлигича қолди. У отасини ҳатто «Ошингиз бошингиздан қолсин!» деб қарғашгача борди. «Сиз чақирмаганингизда уйгинада ўтирган бўлардим. Бундай бўлмасди...» деди. Отаси эса «Мен шундай бўлсин дебманми, қизим!?» деди ва лабини тишлаб, овоз чиқармай унсиз-унсиз йиғлади. Онаси ҳам. Шунда... жигари куйган она эрини эрта сўнган юлдуз - чеҳрасидаги табассумни, қалбидаги ҳаёт иштиёқини, кўзларидаги умидни олиб, борлиғини титратиб, ичини бўм-бўш қилиб кетган жигарбандининг номи билан чақирди.
— Умиджон?..

Ота «Ҳа» дейишга тили бормай, уйдан ҳовлига чиқиб, йироқ осмонга ва қаттиқ ерга қаради, йиғламоққа кўзларига ёш келмай, тишини тишига босди. Кўзларини чирт юмганича бош эгиб, гарданини икки кафти орасига тираб ўтирди. Узоқ ўтирди. Ярим кеча бўлганда ошхона деворига суяб қўйилган мототсиклни ҳовлидан чиқарди-да, анҳор бўйигача етаклаб борди (мототсикл ўша куни Марди қассоб анҳордан миниб келиб, ошхонага суягандан бери минилмаган эди). Лойкўчага чиққанида мототсиклни етаклаб чопди.
— Палакат! - сўкинди у. Сўнгра шу етаклаб чопишда уни лойкўчадан анҳорга итариб юборди. Мототсикл устида биров бордай тўғри юриб, сувга кириб кетди. Шунда мототсиклга қўшилиб отанинг армонлари, ғам-андуҳлари ҳам кўмилгандек, шу анҳорда оқиб кетгандек бўлди...

Ота бироз енгил тортиб уйга қайтди. Ичкари уйга кирди-ю, тарашадек қотиб қолди: қараса хотини Умиднинг бешигини тебратганича сел бўлиб алла айтаяпти.

Алла болам, дўндиққинам, алла-ё, алла...

Ота берилиб алла айтаётган хотинига лом-мим демасдан, дард-ҳасратини ичига ютганича бешик пардасини кўтарди. Кўтарди-ю, бақа бўлиб қолди.
— Умид?

Она унинг саволли назарига жавоб бермади, ўзини бешикка тутди. Бешик ўйинчоқларини шилдиратди:
— Ма, ма... Ма-ё, ма-ё...

Бошига гурзи билан урилгандек мияси ғувлаб кетган эркак бешикнинг нариги томонига солинган тўшакка ҳолсиз чўзилди. «Бунга нима бўлди-я? Ё, худойим...»

...Аёл шундан кейин фарзанд кўрмади. Эр уни таниқли шифокорларга кўрсатди, кучли табибларга олиб борди, фойдаси бўлмади. Улар келин ўзини совуққа олдириб қўйган, ҳам руҳан эзилган, деган гапни айтишарди. Малакали мутахассислар бунга қарши амалдаги чораларни кўришди, аммо у эрини марҳум жигарбандининг номи билан чақиришни ва тол бешикка бағрини берганича алла айтишни қўймади... Тўққиз йил шу тарзда анҳор суви мисол оқиб ўтди. Бу орада улар анҳор ёқалаб зинҳор юришмади, аёлнинг ота-онаси уйига ҳам боришга кўнгли бўлмади. Отасиникига, деб йўлга чиқса, анҳор сувидан норасида гўдагининг юзи кўриниб тургандек, яна бир нима бўладигандек туюлаверарди. Улар сабрни оила устуни деб яшайверишди. Одамлар «Ҳали ёшсизлар, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Этакларинг тўла бола бўлади...» дейишарди. Бундай пайтлар эр мавзунинг ортиқ чўзилишини истамай «Насиб бўлса...» дегандек бош ирғаб қўяр, хотини ҳам гоҳ унга қўшилиб, бош чайқаса, баъзида «Менинг ўғлим бор... У ҳозир бешикда... Ухлаяпти...» дерди. Ота бундай пайтларида яна тишини тишига босар, «Тавба, хотиним алжираяптими?» дер, аммо ҳар тонг ва ҳар кеч хотини бешик бошида алла айтишига қаршилик қилмасди. Очиғи, бунга журъати ҳам етмасди. Аёл сел бўлиб алла айтганда унинг ҳам қалби қандайдир таскин топгандек, вужудини, юрагининг чок-чокларини иллатдек эзиб юборган дардни бир зум бўлса-да, унутгандек бўларди. Аёл эса бундан завқ олар, вужудини бешикка тутганида кўзларини юмиб, олис-олисларга учиб кетгандек, узоқ-узоқларда қўшиқ куйлаб, Умиджон билан сайр қилиб юргандек бўларди... Шунинг учун эр бундай ҳолларда хотинига халал бермасди. Мана, бугун ҳам индамай ошхона томон юрди. «Э, уйи куйсин!» Кеча Марди қассоб узатган калла-почани хотини ичкари иссиқ деб, ошхона ёнидаги дарахт шохига илган экан. «Олапар шунга сакраб тасир-тусур қилган экан-да...»
— Бечора Марди ака, - у негадир қассобни «бечора» деди, - барака топсин. Инсофи бор одам. Иккита-учта қўй сўйса, албатта битта калла-почани бизга илинади. Кейин Олапарнинг калла-почани ололмаганига ишонч ҳосил қилгач, оғил томон юрди. Оғиз очиб эснади.
— Умид! - хотинини чақирди у. - Кел, сигирни соғ. Бир коса иссиққина хом сут ичай, кейин тўйга кетаман.
— Кимнинг тўйига? - она бешикдан ўгирилиб, эрига савол назари билан қаради.
— Қулқишлоқдаги Турсун носфуруш ўғлига суннат тўй қилаётган экан.
— Ҳа... Борасизми?
— Борамиз. У одам ёрилмаган тарвуз. Зўр ҳақ беради.
— Шунақа денг, - деди она. Сўнг ўйлади: «Турсун акани онаси тўрт боласини ерга қўйиб, кейин туққан, дейишади. Ер тўймас экан-да... Мана, шу одамлар ҳам боласига тўй қилаяпти...»
— Умиджон? – деди хотини бешикдан бошини кўтариб.
— Нима дейсан?
— Биз қачон тўй қиламиз?
— Қиламиз ҳали... Насиб бўлса, қиламиз...
— Ка-атта тўй қиламиз-а?
— Насиб бґлса... - ота хотинининг гапидан сўнг йиғлаб юборишдан ўзини тийиш учун орқага ўгирилди-да, сигирга емиш солиш баҳона ўзини чалғитди. «Эй, худойим, ўзинг юзимни ёруғ қил...»

... Ўша куни ота носфурушнинг тўйидан маст бўлиб келди. У одатда бундай ичмайди: фақат тўйларда... Бугун ҳам шундай бўлган: ҳамма тўйболани, тўйболага қўшиб ўзининг болаларини мақтаган. Бу киши бўлса одатдагидек аввалига оғзига талқон солиб ўтирган. Кейин ароққа зўр берган. Бор гап ҳам, аччиқ ҳақиқат ҳам-шу!

У тўйдан келса, хотини ҳар доимгидек бешикка бағрини бериб ўтирибди. Ота вужудини қамраб келган кўргуликдан куйиб кетган эмасми, тутақди. Шартта борди-да, бешик боғичларини ечиб, хотинининг қўлига зор қақшаб тармашишига ҳам қарамасдан «бола»ни бешикдан суғуриб олди ва отиб юборди. Онанинг бор-йўғи - Умиджоннинг туғилган кунида олиб келинган қўғирчоқ ҳовли ичидаги кафтдек полизга келиб тушди. Буни сезган Олапар чопиб келди-да, унинг белидан тишлаб кўтарди. Сўнг у ёқдан бу ёққа силкилади. Оёқлари орасига олди.
— Нега бундай қиласиз?! - йиғлаб юборди она.

Ота лом-мим демасдан, лўқиллаб оғриётган бошини белбоғи билан маҳкам сиқиб боғлади ва чорпояга солинган тўшакка ётиб олди. Она чорпоядан тушиб, ҳовлидан таёқ излади, тополмагач, ошхона эшиги олдидаги олма дарахтининг шохини синдириб олди-да, қулочкашлаб Олапарнинг белидан урди. Олапар қўғирчоқни ташлаб, «анг-анг» қилганича оғил томонга, инига қараб қочди. Она ерда ағдарилиб ётган қўғирчоқни олиб бағрига босди, эркалади, аммо бирдан шунча йилдан бери бешикка белаб, алла айтиб келаётган қўғирчоққа нисбатан қалбида нафрат уйғониб, негадир зарда билан полизга қаратиб отди. Кейин келиб жойига ётди-да, бошини кўрпага ўраб олди. Алламаҳалгача жим ётди. Унинг ухлаётгани ҳам, ҳатто нафас олиши ҳам сезилмасди. Бир маҳал у сапчиб жойидан турди-да, чорпоядан тушиб, ошхона томонга қараб чопди. Таққа тўхтади, ерга эгилиб ўқчиди...
— Ё, худойим-э! Ярим кеча-я...

Тапир-тупурдан уйғониб кетган ота сапчиб ўрнидан туриб, оёғига шиппагини илди-ю, бориб дарвозахона чироғини ёқди. Атрофга қаради. Ошхона олдида ерга чўккалаганича ўқчиётган хотинини кўриб, ҳолсизланганича деворга суяниб қолди. Шу пайт Олапар югуриб келди-да, соҳибаси отиб юборган қўғирчоқни унинг оёғи тагига ташлади. Ота бир Олапарга, бир ерда ётган қўғирчоққа қаради. Кейин бориб хотинининг бошини кўтарди.
— Умид?

Аёл эрига ўгирилиб қаради, нимадир демоқчи бўлди-ю, ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди.

Ота ҳаммасини тушунди ва беихтиёр кафти билан хотинининг севинч кўз ёшларини артди. «Ўзингга шукр!» Сўнг шарт ортига бурилди, чорпояга чиқиб, тўзғиб ётган боғичларни йиғиштирган бўлди. Кейин бешикнинг икки қуббасидан авайлаганча кўтарди-да, уйга киритиб қўйди.