OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXолмуҳаммад Каримий
Асар номиЧўпон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xолмуҳаммад Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чўпон (ҳикоя)
Xолмуҳаммад Каримий

Илк баҳор палласи. Қуёш ҳали тик кўтарилмаган. Чошгоҳ маҳалида ҳам қиш совуғининг заҳри синмайди. Беозор елаётган шабада баданни жунжиктиради. Кенг ялангликда ёлғиз ўзи серрайиб турган кекса отахон совуққа деярли эътибор бермайди. Унинг қилт этмай туришида бир ташвишни англагани сезилади. Отахоннинг диққатини тупроққа ағанаётган қушларнинг ҳаракати эгаллаб олган. Шу алфозда Охунбобо оғир ўйга толганди: «Бу йил ҳам қурғоқчилик бўладиганга ўхшайди. Қушлар бекорга тупроққа ағнамаяпти».

Уруғ оқсоқоли бўлгач, ҳеч қурса овулдагиларнинг кунига яраб турган чорвани асрашга чора излаш унинг бурчи. Мана олти йилдирки, қурғоқчилик туфайли дала-даштда қора молу ушоқ мол ўз тезагини капалаб қирилиб кетаёзди. Агарда бу йил ҳам ёғингарчилик бўлмаса, чорванинг ҳолига вой. Ана шундай ўйда оқсоқол шаҳд билан овулга қайтди-да, кайвониларни бир жойга жамлади. Уларга даштдаги воқеани айтиб, бу йил чорвани бирор тажрибалироқ чўпонлар билан тоққа, Ҳиндикушнинг улкан ўркачларига бориб туташган Помирнинг оппоқ тизмалари этакларидаги яйловларига ҳайдаб бориш таклифини билдирди.

Овулнинг чорвасини шу атроф-жовонибда боқиб юрадиган подавон бу таклифни эшитганида, ҳайрон бўлиб қолди... Чўпон йигитнинг иккиланиб турганини кўрган кексалар: «Сен кўп ўйланаверма фалончи, пистончи машҳур чўпонлар тоғнинг ҳар бир ўнгир-қирини беш бармоғидай билишади. Шуларнинг кўмагида тоққа ушоқ молни ҳайдаб борасан», дейишди. Чўпон таваккалига рози бўлди.

Буёғи энди Чўпоннинг маҳоратига боғлиқ эди. Чўпон ҳам катта отарларга қорама-қора эргашиб, ҳафта деганда тоғ этакларига етиб келди. Бу жойлар хийла салқин экан. Чўлда суяги қотган Чўпонни бу ҳол бироз чўчитди. Лекин қўй-қўзиларнинг яйраб кетганини кўргач, кўнгли равшан тортди. Тажрибали чўпонлар кун исиган сайин отарини тоғ даралари сари ўрлатиб, ичкарилаб кетарди. Улар билан қорама-қора бораётган Чўпон ҳам нотаниш тоғ даралари, у ердаги дарахтлару буталарга ҳайратланиб боқар, шу зайл кунлар қандай ўтганини сезмасда. Айниқса, қўйларнинг кун сайин эт олаётганини кўриб, қувонарди. Ҳатто Охунбобо таништирган чўпонлар олдига кунда, кунора боришга ҳам эҳтиёж сезмай қўйди. Чунки энди у ўзини тажрибали чўпонлардек ҳис эта бошлаганди.

Ой ўтиб қўй-қўзиларга жир битиб, ўйноқлаб қолишди, энди ҳа, деб чўққилар томон интилади. Паст-текисликдаги хас-хашакларга оғиз урмасдан кўгалга чопади.

Онда-сонда чўпонларга етказиб бериладиган озиқ-овқатлардан Чўпон ҳам насибасини олди. Аввал бошда чўққа кўмиб пиширадиган кўмма нонларини гоҳо тузсиз пиширса, гоҳо куйдириб қўярди. Кейинчалик ўрганиб кетди. Бу ёғи денг, тоғ суви тошлар орасида кумушдай товланиб кўзни қувонтирса ҳам, совуқлиги қўлга тошдан-да қаттиқ тегади. Совуқ сувда ювинавериб, Чўпоннинг қўл-бети қорайиб ёрилиб кетди. Лекин барчасига чидаши керак, чунки у тоғ чўпонларидай ўз овулининг чаганасини ўзи боқиб юрибди. Қўйлари семирган... Ош-нонини ҳам ўзи уддалаяпти. Бировга муҳтожлик жойи йўқ. Мана, ҳаш-паш дегунча ёз ҳам ўтади. Озгина бардош берса бўлгани. Тоғ-тошларнинг орасида ўзини ёлғиз ҳис этмайди. Аввало, маъшуқасининг ёди унинг кўнглини ёритиб турса, бу ёғига вафодор ити доимо ёнида, меҳнаткаш эшаги ҳам хизматга шай, хуллас, у ёлғиз эмас.

Қўйлар семириб, тоғ ҳавосига ўрганиб қолди. Энди кечалари Чўпонни безовта қилмайди. Фақат шу эчки деганлар ношукур бўларкан. Қорни тўйса ҳам чопгани-чопган. «Шу эчкиларни қишлоқда эгаларига топшириб келаверсам ҳам бўларкан», деб ўйлаб қолади баъзан Чўпон. Ўзи-ку тоққа жўнаш пайти ҳам шу фикр калласига бир келувди. Нимага ўша пайтда шу ишни қилмадикан?

Жон куйдирмасанг, жонона қайда, тоққа чиқмасанг, дўлана қайда, деб мана дўланаларнинг дарахтда дувуллаб турганини ўз кўзи билан кўрди. Насиб бўлса, бир кун жонона ҳам бўлиб қолар, деган ниятда жон куйдириб юрибди.

Тоққа баҳор хийла кеч келаркан. Баҳорнинг шиддатли ёмғирли фасли ҳам тугади. Бу ёғига амалласа бўлди. Қишлоққа борса, уйланади. Албатта, Тоштемир махсидўзнинг қизига-да. Тоштемир уста ҳам энди Чўпонга тан беради. Нимага, дейсизми? Ахир, устанинг қўйлари эмас, эчкилари ҳам семириб қолди. Бундан ортиқ яна нима қилиб берсин? Уста қойил қолмай иложи йўқ. Ҳали кўрасиз, ўйлаб ўтирмай тўйни бошлаб юборади. Энди Чўпон ҳам жайдари эмас, тажрибали чўпон.

Шундай ўйлар билан у ўзига-ўзи тасалли бера-бера қийинчиликларни енгарди. Озгина сабр қилса, кейин ялло қилиб кайфини суради. Ким ҳам унга монелик қилиши мумкин? Бутун овулнинг кунига яраб турган чорва унинг илкида. Ай, бундан ортиқ қаҳрамонлик бўлмаса керак. Тундаги беоромликлар, кундузги толиқишларни енгишда махсидўзнинг қизи кўз олдига келиб, ширин хаёллар Чўпонга далда бўларди.

Шундай тотли хаёллар оғушида ётаркан, тун қоронғисида юзига совуқ томчи тушаётганини пайқаб, сергак тортди. Ёзда ёмғир ёғиши дашт боласининг ақлига сиғмасди. Тоғда ёз ёмғири оддий ёмғирлардан фарқли бўлишини у билмасди ҳам. Шунинг учун бу ҳолга эътибор қилмади. Аста-секин томчилар кўпайиб, йириклаша бошлагач, нима қиларини билмай, саросимага тушиб қолди. Яқин-атрофида инсон зоти йўқ... Бу ёғи зим-зиё тун бўлса. Туннинг бундай зулматга ботганини ҳам эслолмайди. Ёмғир эса шиддатли тус олиб, жалага айланди. Чўпон ёмғирда ғуж бўлиб турган қўйлардан ажралиб, иқтирмага интилаётган эчкиларни қайтаришга тушди. Қанча тиришмасин, биқиниб олган эчкилар қоянинг панасига интиларди. Зулмат ичида бирон нарсани илғаш қийин. Тусмоллаб ҳаракат қилгани билан ниманинг уддасидан чиқаётганини ўзи билмасди. Ўлғиз ўзи бир даранинг ичида ёғига қоврилиб ётганида, эшакнинг ҳанграши ва итнинг ваҳимали увиллаши қўшилиб, аламини оширгандан оширди.

Бир маҳал осмон даҳшатли гумбурлаб, акс-садоси юракка ҳовур солиб, кетма-кет янгради. Кўп ўтмай даранинг бошидан совуқ шамол эса бошлади. Шамол билан изма-из шалдираганча тошларни суриб, зулмат қўйнидан бир аждаҳо чиқиб келаётганга ўхшади. Саросимага тушиб қолган Чўпон қоянинг ўнғай камарига жойлашган қўшхонаси томон жон ҳолатда югуриб кетди. Шовқин-суронда жаланинг дўлга айланганини ҳам сезмасдан, ўзини у ёқдан бу ёққа ураркан, сойда вишиллаб оқаётган сувни пайқади. Шунда қўй-қўзиларнинг нолали маърашлари эшитилди. Сурувни сел олди... Сурув томон югурмоқчи бўлди-ю, аммо зулмат қўйнидаги шиддатли жала бунга изн бермади. Батамом саросимада қолган Чўпон эшагининг бўғиқ-бўғиқ ҳанграшини эшитди.

Тамом, эшакни ҳам сел олиб кетди, деб сўкинди. Итнинг ниманидир қаттиқ тишлаб тортаётган каби ириллаши эшитилди. Эшакнинг жабдуғидан тишлаб тортаётган бўлса керак, деб ўйлади Чўпон. Ҳа, бу жониворлар ҳам селга ғарқ бўлди шекилли, дея тусмоллади у. Момоқалдироқ ваҳимали гумбурлаб, чақмоқ чақнаганда, чор-атроф бир ёришиб кетарди. Шу лаҳзаларда селнинг ваҳима билан пишқириб оқаётгани, унда-бунда тошларнинг юмалаб, арчаларни синдириб, сувга қўшилиб кетаётгани кўриниб қоларди. Қисқа муддатли дўлу жала, селдан эсхонаси чиқиб кетган Чўпон дир-дир титрар, ваҳима ичида у қўй-қўзию эчки-улоқ селда кетди, эшак билан итни ҳам олди бу сел, деган фикрдан карахт ҳолга келди. Бутун аъзойи бадани титраб, қаттиқ қўрқув ичида қолгач, чақмоқнинг оловли тилидан гўё ўзини панага оларкан, арчанинг бутоқларига бекинди.

Унинг уст-боши шалаббо бўлиб кетган, шох-шаббаларга маҳкам ёпишиб турарди. Қўрқувдан эси оғиб қолганди: »Қўй-қўзини, эчки-улоқни олдинг, эшак билан итни олдинг, хуржун билан қўшхонани олдинг, эй номард, энди чироғингни ёқиб мени қидираяпсанми...» дерди осмонга боқиб.

Тонг ғира-шира оқариб келарди. Чўпон шох-шаббаларни чангаллаганча ўликдек қотиб қолган. Қанча вақт ўтганини идрок қилолмаса-да, ёнида ити чўнқайиб ўтирганини кўриб ажабланди. Тушимми, ўнгимми?..

Новдаларга ёпишиб қолган бармоқларини зўрға ажратиб, вафодорини қучоқлади. Унинг тириклигига амин бўлгач, ақлини йиғиб олишга уринди. Бир-бир ҳаммасини эслай бошлади ва ҳаммасини сел олганигача эслади. Вафодори селдан қутилиб қолиб, унга мададга келганидан вужудига илиқлик югурди. Эй жонивор, сен ҳақиқий вафодорсан. Энди менга ўлим, чунки мен бутун овулимнинг омонатини бой бердим. Сен эса мендай нотавонни сўроқлаб келиб ўтирибсан-а... У сандироқлай бошлади. Сўник нигоҳлар билан чор-атрофга умидвор олазарак боқди.

Нигоҳлар... нигоҳларига-да ишонмади. Ахир, ахир... барчасини сел олиб кетганди-ку... Қай кўз билан кўрсинки, жабдуғи қийшайган эшаги новдаларни кавшаб турарди. Ундан сал нарироқда эса сурув секин-аста ёйилиб, ўтларди. Чўпоннинг кўзларида ўт чақнаб кетди. Гўё ўлик вужуди қайта тирилди. Яшин ургандек, турган жойида қалқиб кетди. Кўз ўнгида гавдаланаётган манзарани дафъатан англаёлмаётган Чўпон юзини чимчилаб кўргач, овозининг борича бақириб, жар сола бошлади. Қувончи танасига сиғмай, ҳайқириғига даралар акс-садо бериб, овозини босиб кетмагунича бақирди. Бироз ўзига келгач, сурув томон худди болалардек шаталоқ отиб югурди. Бориб сурувидаги қўй-қўзию эчки-улоқнинг дуч келганини бағрига босарди.

Қўрққанга қўша кўринади, деганларидек, илк маротаба тоғ бағрига қадам босган Чўпонга табиат ҳазили жуда даҳшатли туюлганидан у вос-вос бўлиб қолганди. Аслида ҳам тоғда шиддатли жала бўлиб, сел ҳам келганди-ю, аммо Чўпон қўрққанчалик ваҳимали эмасди. Ҳа, бу воқеа шароитга мослашиб улгурмаган Чўпон учун дараларнинг акс-садоси билан қўрқинчли тус олганди, холос. Шу-шу Чўпон тоғда бўлиб турадиган бунақанги ваҳимали ҳолатларга ҳам кўникди.

Селнинг дараги овулдагиларга ҳам етиб бориб, оқсоқол хавотирланиб тоққа одам юборди. Шу баҳонада Чўпоннинг нон-тузидан ҳам хабар олишди. Шундан кейин ҳам бир неча дўл-жала ва сел бўлиб ўтди. Чўпон учун барчаси яхшилик билан тугади.

Сершовқин ва серташвиш ёз ҳам ўтиб кетди. Куз келиши билан тоғдан сурувлар қайта бошлади. Чўпон ҳам чаганани ҳайдаб водийга тушди. Буни қарангки, оқсоқолнинг буйруғига кўра овулдан келаётганлар билан шу ерда учрашишди. Қаттиқ соғинган Чўпон ҳамқишлоқларини ҳеч қўйиб юбормай бағрига босарди. Узоқ дийдорлашувдан сўнг, гангур-гунгур қилишиб чаганани тўғри овул томон ҳайдай бошлади.
— Ў-ҳў, — дерди улар. — Xудди бўрдоқига боқилгандай семиртириб юборибсан-ку. Овулга борсанг сени нақ оқсоқол қилиб кўтаришади-я, — дея ҳазиллашарди. Чўпон эса бошқа муждага интиқ. Аммо бунинг иложи йўқ. Ахир, иккаласидан бошқа кимса билмайди-ку аҳду паймонларни. Чўпоннинг гапга эътибор бермаётганини сезиб қолганлардан бири маънодор қилиб, оқсоқолимиз агар Чўпон сурувни соғ-омон овулга етказиб келса, ўзи хоҳлаган қизга унаштириб, тўйни бошлаб юборамиз, дея бутун овулга эшиттирди, деганида у энтикиб кетди. Ана шунда ошиқ йигитнинг етмиш икки томири зириллаб, қони кўпириб тўлқинланди. Буни сезган ҳамроҳлар ўзларини билмасликка олиб, гапни бошқа томонга бурди.

Тоғдан тушган сурув яйдоқ далада йўл босаётганининг тўртинчи куни кечга томон осмонга булут чиқди. Тунга бориб шивалабгина ёмғир ёға бошлади. Ўқингарчилик сабаб буларнинг юриши ҳам бироз сусайди. Чўпонга бундай эзилиб юриш азоб эди. Ахир, у не-не машаққат, соғинчу ҳижрон билан тоғдаги кунларни санаб ўтказмади. Энди эса чўлда ҳам ёмғир. У шерикларига сурувни ташлаб, овул томон ошиғич йўлга тушмоқчи ҳам бўлди. Аммо овулга сурувсиз кириб бориш, ўлжасиз қайтган овчидай гап. Шуларни ўйлаб, шаштидан қайтди. Ўмғир эса йўлдошларни ҳам ҳаяжонлантириб қўйган. Ахир, неча йилдан буён ёмғирнинг кунлаб ёғишини кутарди. Қақраб ётган ерлар ёмғирга тўйиниб, бўғриқиб кўпчиб кетганди. Ҳаттоки, майсалар ниш ура бошлаган. Ердан таралаётган хушбўй ҳиддан улар ҳам ошиқ Чўпон каби маст эдилар.

Тинимсиз ёғаётган ёмғир учинчи куни ҳам давом этарди. Кун пешиндан оққанда овулнинг қораси кўринди. Чўпоннинг юраги ҳаприқиб кетди. Овулнинг бошида эса ғуж бўлиб турган қора кўринди. Яқинлашавергач, бояги қора тарқалиб, улар томон кела бошлади. Овулнинг каттаю кичиги буларнинг истиқболига чиқарди. Кутиб олиш учун ёмғир тагида анчадан буён уларнинг йўлига қараб ўтирган хабарчилар бутун овулни оёққа турғизганди.

Барчанинг юзида табассум, қалблар ҳаяжонга тўлган ҳолда «тоғликлар» истиқболига чиқди. Кутувчилар орасида бир қалб бор эдики, у соғинчдан қанот боғлаб, хаёлан барчадан илгари борарди. Аммо унинг алангаю оташ вужуди аёллар орасида, асира ҳолда типирчиларди... Овул оқсоқоллари эса етти йилдан кейинги бира-тўла уч кунлаб ёғаётган ёмғир хосиятини яхшиликка йўйиб, энди Яратганнинг иродаси билан қурғоқчилик балоси биздан кўтарилди, яхшиликнинг аломати «чўпоннинг таёғидан», дердилар. Қадаминг қутлуғ бўлсин, Чўпон, деб дуога қўл очишди овул улуғлари.