OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXосият Бобомуродова
Асар номиАввало истеъдод зарур
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Xосият Бобомуродова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аввало истеъдод зарур
Xосият Бобомуродова

Хатирчи туманида туғилганман. Икки акам ва синглим бор эди. Мактабга олти ёшимда бордим. Муаллимлар ҳали кичкинасан, келгуси йил келасан, десалар роса йиғлаганман, аҳволимни кўриб майли, ўқийверсин, дейишган.

Ҳар бир ҳарф, китоб менга мўъжиза каби туюларди. Шеърларни жону дилим билан ёд олардим. Отам мулла Бобомуродга ёд олганларимни айтиб берардим. Отам балли қизим, деб мени рағбатлантириб турардилар.
– Дадажон, фақат аъло баҳоларга ўқисам, мени ўқишга қўясизми? – деб сўрардим.
– Ҳа, қизим, Тошкентга ўқишга борасан, катта дўхтир бўласан, – дердилар.

Биз илк эртакларни сандал атрофида кўсак чувиб, узо-оқ тунларда дадамдан эшитганмиз. Ўша пайтларда ҳар бир хонадонга декабр ойларида ҳатто, қор, ёмғир остида ҳўл бўлган кўсакларни ташлаб кетишарди. Эрталабгача пахтасини чувиб қўйишимиз шарт эди. Акаларим ва мен эртак эшитишга қизиқиб, кўсак чувирдик. «Чор дарвеш»ни ҳам илк бор дадамдан эшитганмиз. Навоий ва Фузулий ғазалларини ҳам айтиб берардилар. Дадам Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган, билимдон киши эди. Араб имлосида битилган кўп китоблари бўларди. Ўша пайтлар у китобларнинг қадрига етмаган эканмиз.

Ўн тўрт ёшимда отам дунёдан ўтди. Ҳаммамизга онажоним Фотима Қосимбой қизи ва катта акам Муродулла бош бўлиб қолдилар. Акам жуда маданиятли, ўқимишли киши эди. Аввал ўқитувчи, сўнгра раҳбарлик ишларида ишлаган. Мактабда бизга кимёдан дарс берган.

«Нега сувсиз саҳроларда ҳам тикан ўсаверади?» дея тўсатдан савол бериб қолди бир кун муаллим акам. Биз жим эдик.
– Негаки, унинг томири жуда узун бўлади, сув излаб дарёлар қадар кетаверади. Бунинг номини ҲАЁТ УЧУН КУРАШ дейдилар. Сизлар ҳам орзуларингиз йўлида тинимсиз курашдан эринманглар, – дея ўзи жавоб берди акам.

Биз ўқувчилар сеҳрланган каби жим ўтирардик.

Ҳар гал курашларга дуч келсам ҳам отам, ҳам акам, ҳам ўқитувчим бўлган акажонимнинг шу гаплари ёдимга тушади.

Мактабда шеърлар ёзиб, тадбирларда ўқиб бериб, Xатирчи туманидаги «Янги ҳаёт» газетасида илк шеърларим чоп этилиб қолган эди. Мактабни олтин медал билан битирдим. Ўша кунларда энамдан, янгамдан тез-тез мени акам ўқишга қўярмикин, деб сўрардим. Чуники акажоним ўқитувчилик маоши билан катта оилани тебратарди. Кичик акам Тошкентда талаба эди, уни ҳам ўқитарди. Бизга ҳеч қачон овозларини баландлатиб гапирмас эдилар. Шундай бўлса ҳам салобатлари босиб, чўчиб турардик. Мактабда ҳам барча ўқувчилар ҳурмат қиларди.

"Хосият ҳужжатларини тайёрласин, Тошкентга кетамиз", – деган кунлари юрагимга олов туташди. Ширин орзуларга ғарқ бўлиб тонг қадар уйқум келмади. Менинг юрагимни сезган каби кўкда чақмоқлар чақди.

Бошимни ювдим, янгам сочларимни майдалаб ўриб қўйди. Қаттиқроқ ўргин, у ёқда ким ўриб қўяди, деди онажоним кўзлари намланиб. Янгам бисотимиздаги ягона бир кийимлик штапелдан менга янги куйлак тикиб берди. Акам талабалик пайтида ишлатган катта чамадонга китоблар ва кўйлакни жойладик. Янгам катта йўлгача кузатиб чиқиб, ортимдан йиғлаб қолди...

Йўлда юрак ютиб сўрадим:
– Ака, қайси ўқишга топшираман?
– Тошкент Давлат Педагогика институтининг математика факултетига.
– Адабиётга эмасми?
– Истеъдоди бор одам бошқа касбда бўлса ҳам ёза олади. Қишлоғимизда математика ўқитувчилари кам.

Акамнинг сўзи оиламизда ҳаммамиз учун қонун эди. Чиндан аввало истеъдод зарур экан. Талабалик бахтига муяссар бўлдим. Институтнинг «Совет педагоги» деган газетасида шеърим босилди:

Ёниб-ёниб яшасам дейман,
Учқун сочиб, шуъла тарацам.
Ёниб қўнган учқунларимдан,
Ўзга қалбда гулхан ярацам.
Кул бўлсам ҳам розиман кейин,
Фақат-фақат қола олса бас.
Минглаб оташ, пок юракларда
Ўзим ёқа олган эҳтирос...

Иккинчи курсга ўтиб, ўқишимни сиртқи бўлимга кўчириб, қишлоққа қайтдим. Ўзим ўқиган 14-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаганимда ўн етти ёшда эдим. Машқларимни ўқувчиларимга ўқиб берардим. Улар билан қўшилиб орзуларга берилардим. Ўша илк ўқувчиларим билан ҳамон бир-биримизни эслаб юрамиз.

Бир куни ҳамқишлоғим, филология фанлари доктори, профессор Тўхтамурод Бобоев (гўрлари нурга тўлсин) Тошкентдан қишлоққа келди. Қишлоқ аҳли у киши билан фахрланарди. Акам домлани меҳмонга чақирди. Дафтаримни домлага кўрсацам майлими, деб сўрадим акамдан. У киши рози бўлди. Кетар чоғларини пойлаб дарвозада турдим. Уяла-уяла салом бериб, дафтаримни қўлларига тутқаздим. Домла мен билан сўрашди, акам кулимсираб турарди. Мен ўқиб кўраман, деди, домла. Xудойжоним-ай, ўқиб кўриб нима деркинлар деб юрагим дуккилаб қолавердим.. Орадан бир неча кун ўтиб колхоз идорасидан хабар келди, домла қўнғироқ қилдилар, Тошкентга борар экансиз деб. Уйдан рухсат тегиб, учиблар бордим. Домлани топиб олдим. У киши мени «Ўқитувчилар газетаси»нинг муҳаррири Ш. Мақсудовга олиб кирди. Муҳаррир дафтаримни ўқиб, яхши, газетада чиқарамиз, суратга тушиб, бериб кетинг, дедилар.

Тўхтамурод Бобоев Ёзувчилар уюшмасига олиб борди. Нормурод Нарзуллаев билан курсдош экан. Улар маслаҳатлашиб мени Ойдин Ҳожиева билан таништирдилар. Ойдин опа меҳр билан кутиб олди, дафтаримни олиб қолди. Тез орада «Гулистон» , "Шарқ юлдузи" журналларида, «Ўқитувчилар газетаси»да, «Ўзбекистон маданияти» газетасида шеърларим босилди. Дунёларга сиғмай қолдим.

Биринчи тўпламимга ҳам Ойдин Ҳожиева муҳаррирлик қилди. Қачон Тошкентга келсам, энг аввало Ойдин опаникига келиб, уларнинг маслаҳатларини оладиган бўлдим.

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлиш учун камида иккита тўплам нашр қилиниши талаб этиларди. Самарқандда уюшманинг кўчма котибияти бўлди. Мен ҳам ариза топширдим. Шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов сўз олиб:
– Мен суйиб гул узсам эмасман жаллод,

Мен узмаган гуллар қилсинлар фарёд,
– деган икки сатр шеъри учун Xосият Бобомуродовани уюшма аъзолигига қабул қилишларингизни сўрайман, деб таклиф киритдилар. Бу ишонч ва мардлик олдида ҳаяжонланиб қолдим.

Устозларимдан англаганларим, тақлид қилишга ҳаракат қилганларим: бағрикенглик, фидойилик, мақсад йўлида қатъий ҳаракат қилиш ва истеъдодли ёшлардан ёрдамингни аямасликдир.

* * *

Шу пайтгача «Дарёдан қатра», «Қалб титроғи», «Самарқандга мактублар», «Мен узган гуллар», «Мурод қасри», «Жонимнинг эгаси», "Ватан ягонадир», «Тўйлар муборак» номли шеърий тўпламларим, «Бола кўтарган аёл» номли драма, «Меҳр», «Ҳайқириқ» достонларим ва «Қизилқум маликалари», «Самарқанд санамлари», «Қирқ йигит қиссаси», «Саҳродаги жаннат» номли публицистик китобларим нашрдан чиқди. Уларнинг умумий адади етмиш минг.

* * *

Адабиёциз ҳаёт – эртаклари йўқ болалик, орзулари йўқ ёшлик – умидлари сўнган кексаликдир. Қўшиқлари йўқ зулумотдир. Ўтмиши, бугуни, келажаги йўқ тарихдир. Ёввойи ҳаётдир. Инсон кимлигини англамоғи учун албатта АДАБИЙОТ КЭРАК!

* * *

Бозор адабиёти адабиёт эмас. Бугунги энг гўзал қувончларимизни, изтиробларимизни нафис шаклларда келажакка етказиб берадиган сўз керак деб ўйлайман. Қолганлари ўз-ўзидан йўқолса керак. Инсон танасини маҳв этадиган, ваҳимага тўла баёнлар эмас, инсон руҳига куч бағишлайдиган асарлар керак.

* * *

Икки ўғил, икки қиз берди яратган Эгам. Керагини олди. Мен суйган гулни бағримдан олди. Болаларимнинг ҳаммаси адабиётни тушунишади, аммо турли касб эгалари. Набираларим машқ қилиб туришади. Аммо ҳали бу ҳақда гапиришга эрта.

* * *
Бутун умримни парвона каби СЎЗга уриб, СЎЗ излаб ўтказибман. Қувончларимдан, ғамларимдан сўз терибман. Билмадим, мен сўзники бўлдимми, ё сўз меники бўлдими? Xато қилдимми, тўғри йўл танладимми...