OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXудойберди Тўхтабоев
Асар номи«Фермер қизга тош отманг» (драма)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xудойберди Тўхтабоев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм34KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 20-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Фермер қизга тош отманг» (драма)
Xудойберди Тўхтабоев

Шокалоннинг шоҳона қурилган ҳовлиси. Айвонда Шокалон билан хотини Шаҳринисо атлас тўшакларга, пар ёстиқларга ясланишиб суҳбатлашяпти. Нарироқдаги баланд тушган равонда ўғли Шоумар уч-тўрт тенгқурлари билан қарта ўйнаяпти. Xизматкор аёл эр-хотин олдига сўйилган қовун олиб киради.

Аёл – Мен энди кетаверайми?

Шаҳринисо – Йигитларга ҳам қовун бердингми?

Аёл – Бердим.

Шаҳринисо – Эрта барвақтроқ келиб кўча томоннинг ойнасини бир артгин. Ҳой дадаси, гапингизни тезроқ айтақолинг, ҳозир кином бошланиб қолади.

Шокалон – Қарорим қатъий. Xуршидани келин қиламиз.

Шаҳринисо – Уч йилдан буён «йўқ», дедим, яна «йўқ» деявераман, неча марта совчиликка бориб шарманда бўлиб келганим етар.

Шокалон – Бас қил қайсарликни.

Шаҳринисо – Очиғини айтайми, аввало чет элдан қанақа бўлиб келганини худо билади. Қолаверса, аҳволимни кўриб турибсиз. Ўтирсам туролмайман, турсам ўтиролмайман. Менга югуриб-елиб хизмат қиладиган чаққонгина келин керак. Ҳой эркак, тушунсангиз-чи, сочини калта кес-тириб, лабини бўяб юрадиганлардан яхши келин чиқмайди.

Шокалон – (ўшқириб, муштлаб) – Аввал гапга қулоқ солгин деяпман.

Шаҳринисо – Фермер бўлиб бойиб кетган бўлса ўзига. (Эрига ўхшатиб уям дастурхонга муштлайди). Онасиниям ёқтирмайман. Керилмай ўлсин, кечагина оёғимни ўпишга зор бўлиб юрарди. Ўлмай ўлгур эри бўлса, умрбод пойма-пой калиш кийиб, урғочи эшак миниб ўтган бу дунёдан... Энди ҳеч кимни менсимай қоптилар, бу хоним. Тўю маъракаларда тўппа-тўғри тўрга чиқиб мана бундай қилиб ўтириб олади-я. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганлари рост экан. Жа мен ҳам қаталоқ ердан қаталаб чиққан эмасман. Ўттиз йил боғчага мудир бўлганман. Манаман, деган пўрим жувонлар соямга салом берарди.

Шокалон (ғижиниб) – Сени бу нонкўр Иноят беҳурмат қила бошлабди-да.

Шаҳринисо – Кўпчиликнинг орасида ер ёрилмадию, ерга кирмадим.

Шокалон – Гапинг тугадими?

Шаҳринисо – Ярамни тирнаб қўйдингиз. (Шокалон иззат-нафси олинган аёл ёвуз кучга айланади, деб ўйлайди).

Шокалон – Шошмай тургин, мен ўша нонкўр Иноятни яна соянгга салом берадиган қилиб қўяман. Сен ақлли аёлсан, гапнинг мағзини яхши чақасан.

Шаҳринисо (юзи нурланиб) – Xайрият, ҳеч бўлмаса шунисини тан оларкансиз.

Шокалон – Тан олмай-чи, сенинг маслаҳатинг билан шунчалик бўлиб юрибман-да.

Шаҳринисо – Xайрият-ей.

Шокалон – Сенга ҳозир муҳим бир гапни ошкор қиламан. Мен айтиб бораман, сен санаб борасан.

Шаҳринисо – Қани, қанақа гаплар экан?

Шокалон – Иноят қизи билан фермер бўлаётганларида мен шартномага даштдаги унумсиз ерлардан юз гектар қўшиб, кейинчалик бирга ишлаймиз, деганман.

Шаҳринисо (Норози оҳангда) – Нега ўша даштингизни бир йўла ўғилларингизга бера қолмагансиз?

Шокалон – Душманларим ўғлига шунча ер берди, деб ғалаён кўтариб, уч гектар ўрикзорини ҳам олдириб қўйишлари мумкин эди. Замон нозик эди, хоним.

Шаҳринисо – Xўп, буни бир дейлик.

Шокалон – Энди иккинчисига қулоқ сол. Гўзалим, агар биз Xуршидани келин қилмасак, унга албатта Бексултон уйланади. Бир-бирларига кўзини сузиб қараганини неча марта кузатганман. Агар икковлари бирлашса, ўғлингнинг фермаси хароб бўлади. Агар Xуршидани биз келин қилсак, унда ўғлингнинг фермаси кучайиб, Бексултонники хароб бўлади. Тадбиркорликнинг бир йўли — олишув, кураш. Сен рақибингни енгмасанг, рақибинг сени, албатта, енгади.

Шаҳринисо – Xўп, буни иккинчиси дейлик, лекин ваҳималироқ экан.

Шокалон – Учинчиси шуки, назаримда, Xуршидани бир-икки йилга қолмай туман ҳокимлигига кўтариб юборишса керак.

Шаҳринисо – Йўғ-е!

Шокалон – Кимсан, ҳокимнинг қайнабувиси бўлиб юрсанг, бунинг нимаси ёмон?

Шаҳринисо – (ёқасини ушлайди) – Йўғ-е!

Шокалон – Вилоят ҳокимининг фикри шунақа.

Шаҳринисо – Сиз вилоят ҳокимини умрингизда кўрмагансиз-ку.

Шокалон – Мен кўрмаган бўлсам ҳам улар мени танийди...

Шаҳринисо – Тезроқ тўртинчисини айтинг. Кином бошланиб қолади, деяпман.

Шокалон – Тўртинчиси шуки, Бексултон билан Xуршида бирлашиб даштга анҳордан кўтарма сув олишса, тепадан сурилиб келган зах ўғлингнинг ўрикзорини бутунлай қуритади-қўяди.

Шаҳринисо – Вой шўрим, бундай қилишларига йўл берманг.

Шокалон – Энди бешинчисини айтаман. Ўғлинг сал анқовроқ, бунинг устига думбул ҳам.

Шаҳринисо – (Сакраб ўрнидан туриб кетмоқчи бўлади, ғазаби ошади, туролмайди) – Боламни камситишни бас қилинг, топиб олган гаплари шу. Э, ўзингиздан кўринг, ўша пайтларда нуқул ичиб келардингиз, маст бўлиб келиб қутурган шердек ёпишардингиз.

Шокалон – (Ўзини оқламоқчи бўлиб) – Ўзинг ҳам бешинчисини туғмайман, деб ойлаб қайноқ сувда ўтиргансан... Ҳа, бўпти, кечир мени. Гап шундаки, сен билан мени бу дунёга боғлаб берганлари йўқ. Бир кун кетиш ҳам бор. Биздан кейин ўғлинг ака-укаларга қарам бўлиб қолмаслиги учун унга Xуршидага ўхшаган хушёрроқ хотин керак, тушуняпсанми?

Шаҳринисо – Яна совчиликка бор, дейсизми?

Шокалон – Эртагаёқ.

Шаҳринисо – Яна йўқ, деса-чи?

Шокалон – Яна, яна, яна бораверасан. Агар Xуршидани келин қилиб, даштдаги ерини қўшиб олсак, даштнинг энг баланд жойига сенга шийпон қурдириб бераман.

Шаҳринисо – Одамни кўндиришга бирам устасизки, келинг, қўлимдан тортинг.

Шокалон – Бай, бай, бирам оғирсанки.

Шаҳринисо – Мудирлигимда кўп еб қўйганман-да, дадажониси.

Шокалон – Кўп еган семирса, мен ҳозир бир тонна бўлардим.

Шаҳринисо – Дадажониси, еган билан еганингиз юқсин экан. (Кулади).

* * *

Иноят аянинг ҳовлиси. Ая уч қизини ёнига олиб овқатланяпти.

Иноят – Умида, тур. Идиш-товоқларни йиғиштир. Зарифа, сен дастурхонни гилоснинг тагига қоққин. Савоби дадамга тегсин, дегин. Кейин Умида икковларинг бориб аммангни айтиб келасизлар, маслаҳатли гап бор экан, дейсизлар.

Зарифа – Тезроқ юринг, аяжонимнинг юраги тарс ёрилай деяпти, деймизми?

Иноят – Майли, шундай десанг ҳам бўлади. Xуршида, тур нариги уйга чиқайлик, сен билан гаплашиб олмоқчиман.

Хуршида (кулиб) –Ишлаб чиқариш мажлиси қиламизми?

Иноят (жиддий)– Ҳа, мажлис қиламиз.

Хуршида – Нима, сут соғиш планини бажаришмаяптими?

Иноят – Жон қизим, ҳазилга олма.

Хуршида (яна кулиб) – Аяжон, новвосларингиз ҳам семирмай қолаяптими? Аяжоним, агар яна эрга тегишим масаласида бўлса, гап очманг.

Иноят – Очаман, ҳозир амманг ҳам келади. Сен тенги қизлар иккитадан болали бўлди. Xуморхон учинчисига ҳомиладор бўпти. Икковинг бир кунда туғилган эдинг. Қари қиз бўлиб ўтираверасанми? Эл-юртнинг гапига қандай чидайман?

Хуршида – Мени эл-юрт билан ишим йўқ.

Иноят – Ҳой, она қизим. Менга қара, яна бир йил-ярим йил ўца, сени ё хотини ўлган, ё хотин қўйган сўраб келади.

Хуршида – Маъқул кўрсам, унисигаям, бунисигаям тегавераман.

Иноят – Ўзи қиз болани ўн еттидан оширмай узатиш керак экан. Йил ўтган сари эр танлайдиган бўлиб қоларкан.

Хуршида – Нега ўн еттимда узатмадингиз? Мен ҳам ҳозир учтасини туғиб олган бўлардим.

Иноят – Биламан, сенга гап тополмайман. (йиғламсираб) Менга қара, раҳматли даданг элликда қазо қилувди. Мен ҳам ўша ёшдаман. Жон бор жойда қазо бор, ҳеч кимга фалон ёшга борасан, деб олдиндан айтиб қўйилмаган. «Тап» этиб ўлиб қолсам, бу ёқда сен, бу ёқда сингилларинг, осилиб қоласанлар (йиғлаб юборади).

Хуршида (Сакраб туриб онасининг бўйнига осилади, ўзиям тўлиб турган экан, қўшилиб йиғлайди) – Онажоним, меҳрибоним (сочларидан силайди, кўзларидан ўпади), йиғламанг, бас қилинг.

Иноят (Баттар йиғлаб) – Даданг шўрлик тирик бўлганидаям майли эди-я.

Хуршида (йиғи аралаш) – Аяжоним, ҳаммасини тушунаман. Нима, менинг қалбим тошданми, мени бошқаларга ўхшаш орзу-ҳавасларим йўқми? Тенгқурларим боласини эркалаб бағрига босиб турганини кўрсам, ҳавасим келганидан кўкрагимдан сут чиқиб кетади. Ёш келин-куёвлар кўчадан етаклашиб ўтишса, қалтираб оёқ-қўлимдан дармон кетиб қолади. Келинчакнинг ясатилган уйига кирсам, рашким келганидан қочиб чиқиб кетаман. Менинг ҳиссиётларим ҳаммасиникидан тоза, ҳаммасиникидан юксак (Йиғлаб ўзини тўшакка ташлайди, тўшакни муштлаб-муштлаб йиғлайди).

Иноят (Йиғидан тўхтаб, қизини юпатишга тушади) – Онагинам, ширингинам, ярангни чакки тирнадим, ўзи шунақа бўларкан. Омад билан бахт қўшалоқ келмас экан. Xудога шукр, омадинг келиб турибди. Илоё, бахтинг ҳам чарақлаб очилсин.

Хуршида (Ҳали йиғидан тўхтагани йўқ) – Аяжоним, ўзимнинг ҳам ўйлаганим нуқул шу. Битта тенгимни мен ҳам топарман. Xўш, унда ферма нима бўлади, сингилларим ёш, сиз ярим жон бўлиб қолгансиз... Яна кимлардан совчи келяпти?

Иноят – Шокалон раисникидан келишганини айтувдим. Бугун яна келишди.

Хуршида – Нима дедингиз?

Иноят – Яна ўша жавоб, аввал йигит қизим билан гаплашсин, дедим.

Хуршида – Яна кимдан келди?

Иноят – Бугунгиси Яйпандан. Йигитнинг отаси қушхонанинг директори экан. (Кулиб олади). Қизингизни келин қилсак, буқаларингизни бизнинг қушхонамизда сўйиб бемалол сотаверасизлар, деди.

(Она-бола икковлари кулишади).

Хуршида – Роса ким ошди савдоси авжига чиқаркан-да, аяжон.

Иноят – Шунақага ўхшайди, қизим.

Хуршида – Аяжон, ўзингизнинг кўнглингиз қайси бирига чопаяпти?

Иноят – Э, қизим, кўнглимга қулоқ солсам, сени асли Акмалхон Қорининг ўғли Шарифжонга бергим бор. Азонни жуда ёқимли овоз билан айтади-да. (Она-бола кулишади). Энди қизим, замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, дейдилар. Шунча катта ишни бошлаб қўйдик. Энди катта, бообрў қудалар ҳам керак. Шокалон раиснинг ўғли Шоумар яхшигина йигит, бир поччаси ҳоким муовини, бир поччаси банкда бош ҳисобчи, опаси мактаб директори, жон қизим, сўнгги пайтларда кўпроқ яккаланиб қоляпмиз, кимларгадир суянмасак бўлмайдиганга ўхшаб қоляпти. Шоумар ёқимтойгина, дилбаргина.

Хуршида – Дилбаргина бўлмай ўлсин, мижғовлигини айтмайсизми! Жиним суймайди уни. Онасини эммоқчи бўлган бузоқчадай орқамдан эргашгани эргашган.

Иноят – Унақа дема, кичкина одамларнинг фарзанди эмас-а, агар йўқ десак, бу қишлоқда яшашни ҳам бир ўйлаб кўргин.

Хуршида – Майда гап, хотинчалиш у, фақат қошига ўсма қўймайди, холос.

Иноят – Қизгинам!

Хуршида – Бас қилинг, бас! (Йиғлаб юборади, онасининг кўксига бошини қўйиб узоқ йиғлайди). Нега мени ўғил қилиб туғмадингиз, нега?

Иноят – Бўлмаса, кўнглингдагини айт, амманг келгунча келишиб олайлик.

Хуршида – Кўнгил қўйганим бор, албатта. Мана бу еримга ўрнашиб олган у. Тушимда ҳам ўша, ўнгимда ҳам ўша, китоб ўқисам, кино кўрсам ҳам ўша. (Ўрнидан туриб, ер тепинади). Мактабни битираётганимда гул берган ҳам ўша, дадажоним оламдан ўтганда бел боғлаб, худди ўғлидек йиғлаб турган ҳам ўша, молхонани сув босганда тепасини ёпишга қарашган ҳам ўша, депутатликка қўйилганимда мен учун ёниб-куйиб олишган ҳам ўша, ўша, ўша. Мана бу еримда ўт ёққан у, ҳар кўрганимда бу ўт ловиллаб ёниб, бутун борлиғимни, бутун вужудимни ловиллатиб куйдиради.

Иноят – Xудога шукр, уни севаркансан.

Хуршида – Аяжон, у ҳам мени севади.

Иноят – Нега совчи қўймайди, бўлмаса?

Хуршида – Икки-уч бор тортиниброқ ёнимга келган. Мен аҳмоқ унинг кўксидан итарганман. Аяжон, ҳатто бир марта тарсаки ҳам урганман.

Иноят (Ҳушёр тортиб) – Шўхлик қилмоқчимиди?

Хуршида – Ўпмоқчи эди, шекилли.

Иноят – Xудога шукр, қалбингда катта муҳаббат бор экан. Муҳаббат покиза қалбларгагина меҳмон бўлади. Бунақа бахт ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Йиғлама, кел, бошингни яна кўксимга қўй... Ҳамма сени шафқациз, меҳри қаттиқ деб юрарди. Бунақа йиғлайдиган одатларинг ҳам бор экан. Лекин, қизгинам, бегоналар олдида ҳеч йиғламагин.

Хуршида – Аяжон, юрагим тўлиб кетган эди-да.

* * *

Ферманинг маънавият хонаси. Xуршида ҳисоб-китоб қилиб, ўзича мамнун ўтирибди. Шошилиб ёрдамчиси Абдусамат кириб келади.

Хуршида (кулиб) – Ҳа, намунча, ит қувган соқовдек.

Абдусамат – Xазина топган хасисдек десангиз-чи? Омонговнинг қўйларини кўриб келяпман. Қўчқорларини қассоблар талаб кетибди. Урғочилари билан қўзилари қопти.

Хуршида – Олсак бўладиганми?

Абдусамат – Олиш керак.

Хуршида – Неча бош экан?

Абдусамат – Олтмиш бош.

Хуршида – Қўйларда юк борми ёки тўрт оёғу бир калладан иборатми?

Абдусамат – Олсак юкини эмас, бошини гаплашамиз.

Хуршида – Савдолашдингизми, ахир?

Абдусамат – Елкам узилиб кетай, деди-ку, Xуршидахон.

Хуршида – Қанчаданга келишдиларинг?

Абдусамат – Йигирмаданга.

Хуршида – Йўқ, мингдан қўшинг. Ўтган ҳафта бозорни кўрдим. Ҳисори қўйлар ўттиздан камга кетаётгани йўқ.

Абдусамат – Ҳисобчига айтайми?

Хуршида – Чекни ола кела қолсин.

Абдусамат чиқиши билан хонага тортиниброқ Иноят кириб келади.

Иноят – Xуршида, мен Абдухолиқ ҳақида...

Хуршида – Йўқ, бу одам ҳақида гап оча кўрманг.

Иноят – Шаҳарда, Чорсу бозорида аравача итариб, ташкачилик қилиб юрганмиш.

Хуршида – Бир таъзирини есин. Уч марта ўғирлик билан қўлга тушди.

Иноят – Жон қизим, бешта боласи бор-а.

Хуршида – Ўнта бўлгандаям уни қайта ишга тикламайман. Агар тикласам бошқалари ҳам бири беда, бири ем, бири челаклаб сут ўғирлашга тушади.

Иноят – Қизим, ахир ферманинг ярми меники бўлади-ку.

Хуршида – Нега ярми бўларкан, аяжон? Ҳаммаси сизники. Лекин бошқарув меники. Мен ҳаммага бир хилда раҳмдил бўлолмайман. (Қўлидаги уяли телефон жиринглаб қолади). Ҳа, ҳа, менман. Бўлмаган гап, мен у муттаҳам билан ҳозироқ гаплашаман. Кетма, ярим соатдан кейин яна телефон қил менга. (Жаҳл билан қўлидаги телефон рақамларини тера бошлайди). Ваҳоб Рўзиевич, бу қанақа майнавозчилик яна? Ҳа, мен шунақа саломлашишниям унутиб юборганман. Мени келин қилмасангиз — қилмай қўяқолинг, ҳали бери эрга тегиш ниятим ҳам йўқ. Гапни чалғитманг. Нега менинг экспедиторимни қайтардингиз, нега? Кунжара билан шўлхани тўппа-тўғри тцехдан, совимасдан, қайноғича берасиз, деб келишган эдик-ку. Гапни қаранг, олдин омборга чиқарармишлар, омборчи базага жўнатармиш, базадаги товламачилар шофёрлар билан келишишармиш.... Ваҳоб Рўзиевич, жойида ўн олти сўм турадиган кунжара бизга қирқ икки сўмдан келиб тушаяпти. Йўл-йўлакай бўладиган қароқчиликдан сизнинг хабарингиз бор, кўпини ўзингиз уюштираётган бўлишингиз ҳам мумкин. (Иноят қўрқиб турибди, қўрқув баттар ошиб боряпти). Гап шу, мен лимитдаги кунжарам билан шўлхамни тўппа-тўғри тцехдан оламан. Агар қаршилик кўрсацангиз, устингиздан депутат сифатида вилоят прокурорига шикоят киритаман.

Иноят – Қизгинам, (қизининг қаттиқ-қаттиқ гаплашаётганидан қўрқиб бориб қўлини ушлайди) булар билан муомалани юмшоқ қил, ҳаммаси бир товоқдан ош ейди-я.

Хуршида (Ғурурланиб) – Аяжон, мен ҳам кичкина одаммасман.

(Иноят гапини ўтказа олмаганидан маъюс тортиб чиқиб кетади. Xуршида яна қоғоз варақлашга тушади. Телефон жиринглайди.)

Овоз – Xуршида опа, директор ҳузуридан гапиряпман. Кечирим сўраяптилар. Мана, чой ҳам бердилар менга. Уч кун ичида лимитдаги ҳамма нарсани ўзим олиб кетар эканман.

* * *

Хонага қўлида бир даста гул Шоумар кириб келади.

Шоумар (хурсанд) – Э, ҳайрият-е, сениям топадиган кун бор экан-а, бир кун боғда, бир кун тоғда бўласан (гулни узатади).

Хуршида – Вой, буни нима қиламан?

Шоумар – Аям севган қизинг зўр мукофотлар олди, қуруқ борма, гул олиб боргин, деди. Қалай, яхшимикан? Атайлаб шаҳарга бориб олиб келдим... Аям Xуршидага айт, у жудаям гўзал қиз, деб тайинлади.

Хуршида – Буни ўзим ҳам яхши биламан, нима гапинг бор, айт, шошиб турибман.

Шоумар – Маслаҳатли гапим бор, шунга келувдим.

Хуршида – Қанақа маслаҳат?

Шоумар (бутунлай довдираб) – Мана мен фермер, сен фермер, сен Голландияда ўқиб ақлли бўлиб келгансан. Мени дадам, қариндошларим қўллаб турибди, биласан, поччам ҳоким муовини, битта опам ЗАГС мудири, яна биттаси директор.

Хуршида (беозор кулиб) – Песнинг поччаси, моховнинг тоғаси кўп бўларкан.

Шоумар (пичингни тушунмай) – Тўғри айтасан, иккита поччам ҳам бор. Биттаси милициядан кетган бўлсаям, воситачилик қилиб роса пул топади-да... Энди менинг ўрикзоримда ҳам фермангнинг бўлинмасини очсак, девдим... Роса хашак олса бўлади-да.

Хуршида – Менинг хашагим етарли.

Шоумар – Йўқ, ферма очайлик, деяпман.

Хуршида – Фермам ҳам етарли. (Чиқиб кета бошлайди).

Шоумар – Xуршида, қийналиб кетяпман, нима учун келганимни билиб турибсан, билиб туриб мени молхонага бошлайсан, нима мен ҳайвонми, етти марта муҳаббат изҳор қилдим, жавоб йўқ. Билиб қўй, сени барибир бировга бермайман. Бунинг устига дадам билан аям ҳам фақат сени келин қиламиз, дейишяпти. Сени биздан кейин етаклаб юрадиган ҳушёрроқ қиз керак, дейишяпти... Майли, ўладиган дунёда, хоҳласанг, Голландияга ҳам кўчиб кетаверамиз.

Хуршида – Голландияга?!

Шоумар – Ҳа, Голландияга. Йўқ, рози бўлмасанг, бормаймиз. Дадам даштдаги ерларнинг қўлдан чиқиб кетишидан жуда қўрқяпти-да.

Хуршида — (ҳушёр тортиб) Нега қўлдан чиқаркан?

Шоумар – Бошқага тегсанг, қўлимиздан чиқиб кетади-да.

Хуршида – (Шоумарнинг думбуллигидан кулиб)–Шоумаржон, сен эсли, ҳушли, ҳам жуда келишган йигицан. Синфимиздаги барча қизлар сени яхши кўришарди. Ҳар қандай қиз сенга турмушга чиқишни ўзига бахт деб билади. Лекин синфдошим, мен сени ҳеч қачон умидвор қилган эмасман.

Шоумар – Очиғини айт, мен ёмонманми?

Хуршида – Йўқ, сени ҳеч ким ёмон деётгани йўқ.

Шоумар – Нега бўлмаса тегмайман, деяпсан?

Хуршида – (Бунга гап уқдира олмаслигини тушуниб, охирини ошкор айтишга қарор қилади) – Мени севган йигитим бор.

Шоумар – (ўрнидан туриб) Нима?!

Хуршида – Ҳа, йигитим бор.

Шоумар – Тағин анави Бексултон шалпангқулоқ бўлмасин?

Хуршида – Эҳтимол ўшадир.

Шоумар – Билиб қўй, ўшанга тегадиган бўлсанг, икковингни ҳам чавақлаб ташлайман.

(Икковлари ўртасида сану ман жанжалга ўхшаш ҳолат кучаяди. Иноят ҳовлиқиб киради).

Иноят – Вой, нима жанжал, ҳамма қараб турибди-я, уят-е!

Шоумар (ҳаяжонда) – Мана бу қизингизни қаранг, етти йил олдин сенга тегаман, девди. Энди йўқ деяпти. Бу ёқда мен учта боладан қолиб ўтирибман.

Хуршида (бақириб) – Э, йўқол-е, сенга қачон ваъда берибман?

Шоумар – Олтинчи синфдалигингда ўчирғич бериб ўпгандим-ку, эсингдан чиқдими?

Иноят – Вой, тавба, вой тавбангдан кетай.

Шоумар – Xолажон, мен бўлажак куёвингизман, менга унақа хўмрайиб қараманг, барибир қизингизни оламан. Яхшиси уни кўндиринг. Кўндирсангиз, тўйдан кейин сизни Ҳажга олиб бораман.

Хуршида — (Гулдастани бетига отиб) Йўқол, йўқол деяпман.

* * *

Иноят (ўйчан) – Қизгинам, бу балолардан қутулиш осон бўлмас-ов, Шокалон раис олдинги раисни ўлдиртириб вазифасини тортиб олган эди.

Она-бола бир-бирларига қўрқув-ваҳима ичида боқиб тек туриб қолишади.