OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXулио Кортасар
Асар номиАвтобус (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Аргентин адабиёти
Бўлимлар
   - Сеҳрли реализм
Муаллифлар
   - Xулио Кортасар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМаъсума Аҳмедова
Ҳажм39KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Автобус (ҳикоя)
Xулио Кортасар

– Агар малол келмаса, қайтишингизда менга «Оила»ни ола келинг, – дея илтимос қилди сенора Роберта креслода чайқаларкан.

Клара силжима столчага дориларни териб қўйди ва хонани бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Ҳамма нарса жойида, Матилда сенорага қараб ўтиради, оқсоч нима қилиш кераклигини ўзи билади. Энди кетавериш, кун бўйи то тунга қадар бемалол юриш мумкин, дугонаси Кларани кутаяпти, дугоналар мириқиб гаплашади, радио тинглашади, соат беш яримда шоколадли конфетлар билан ширин чой ичишади.

Соат иккида, халқ ҳали муассасаларга ёпирилиб келмаган маҳал Виля-дел-Паркда бирор кимса кўринмас, кўча ҳувиллаб турар ва ёп-ёруғ эди. Клара пошналарини шахдам тақиллатганича дарахтларнинг узун-узун соялари орасидан йўлига кўндаланг бўлган ноябр қуёшидан қувониб, Тинагаст ва Самудодан тушиб келди. Қиз Сан-Мартин ва Ногойя муюлишида 168-автобусни кутаркан, боши узра чумчуқлар патиллашиб уришаётганини эшитди, Флоренсия услубида ишланган ибодатхона минораси унга қип-қизил ва бошни айлантиргудай баланд туюлди. Ёнидан соацоз дон Луис ўтди, унга таъзим қилди, бу билан илк бора қизнинг келишган қадди-қоматига, қаймоқранг кофтасининг оппоқ ёқаси ва айниқса, янги бошмоқларда чиройли кўринган оёқларига баҳо бергандай бўлди. Xилват кўчадан автобус ғизиллаб келди ва пешиндан кейинги жимжит муюлишда улов тўхтатган ягона йўловчи қизга эшикларини очаркан, зарда билан пишқирди.

Клара ҳамёни кераксиз майда-чуйдага тўлиб кетганлигидан керакли тангани дарҳол топа қолмади. Миқти кондуктор калта, бесўнақай оёқларини керганича бардош билан хўмрайиб кутиб турди. Клара икки марта: «Менга ўн беш песо[1]лик», – деди, – кондуктор бўлса, худди ажаблангандай, унга тикилиб тураверди. Сўнг унга пуштиранг патта узатди, шунда Кларанинг ёдига болаликдаги шеър мисралари тушди, тахминан мана бундай: «Ке, паттангни бер, пушти ёки ҳаворанг, унга довур қўшиғингни айт, бир кўрай». Қиз мийиғида кулди, қаерга ўтирсамикан, деган ўйда чеккароқдан, эҳтиёт эшигининг олдигинасидан жой топди, деразага яқин ўтирган одамлар ичида соддадиллик билан қувонгани каби у ҳам бундан қувонди. Шунда Клара кондуктор яна ундан кўзини узмай қараб турганини пайқади. Автобус муюлишга етганида, кўприкка яқин жойда бурилиши олдидан Кларага ҳайдовчи ҳам қараб қўйди – орқасига қайрилиб қаради ва нигоҳлари уни қийинчиликсиз топди, чунки қиз бир бурчакка тиқилиб олганди. Ҳайдовчи ориқ, сочлари сарғиш бўлиб, турқи оч одамни эслатарди. Ҳайдовчи кондуктор билан нималарнидир пичирлашди, иккалови яна Кларага, кейин бир-бирларига қараб қўйдилар ва автобус одатдагидай бир силкиниб олиб, Чорроарин бўйлаб ғизиллаб кетди.

«Жинними ўзи булар», – деб ўйлади Клара хавотирланиб. Қиз паттани ҳамёнига соларкан, катта чиннигул дастасини кўтариб олган аёл унинг олдига келиб ўтирганини кўрди. Аёл гуллар узра бошини кўтарди, худди яшил бута-девордан мўралаган сигир сингари Кларага мунис назар ташлади. Клара кўзгусини олди ва қош, лабларини кўздан кечира бошлади. Шунда нимадир гарданини қитиқлади, у яна биров сурбетлик билан менга тикиляптими, дея жаҳли чиқиб, зарда билан бошини кўтариб қаради. Кларадан иикки сантиметрларча нарида, эгнига ёқалари крахмалланган кўйлак кийиб олган, қўлида кўнгилни беҳузур қиладиган қўланса исли дасторгул дастасини тутган бир чолнинг кўзлари ялтираб турарди. Автобуснинг энг охиридаги узун ва яшил ўриндиқда ўтирганларнинг барининг кўзи Кларада эди, худди унга бир нима илашгану, бу нарса уларни ҳайрон қолдирган ва ғашларини келтираётганга ўхшарди, қиз ўзига тикилган нигоҳлардан, димоғига урилган гуллар исидан ўзини йўқотаёзди, муҳими, назарида, мана-мана, бу ҳозир шунчаки ҳазил билан тугайдиганга ўхшарди; масалан, бурнига қоракуя тегди, дейлик. Лекин бурнига ҳеч нима тегмаган, топ-тоза эди; энди ана шу тешиб юборгудай нигоҳлар унга кулгили туюлмай қолди. Назарида Кларага одамлар эмас, гуллар тикилаётганга ўхшаб кетди.

У ўзини жуда ноқулай ҳис этди, ўрнидан сирпангандай сал сурилди ва олдидаги ўриндиқнинг эскиб, ситилиб кетган орқасига, эҳтиёт эшигининг ричагига ва: «Тутқични ўзингизга тортиб, ўрнингиздан туринг», деб ёзилган ёзувга тикилиб қолди – ҳарфлар негадир сўзларга унчалик қовушмаётганга ўхшади. У шу тариқа хотиржам ўтириш имконини қўлга киритди. Автобусдагиларнинг янги чиққан йўловчи қизга қарашининг сира ажабланарли жойи йўқ, гуллар қабристонга олиб борилиши табиий-ку ахир – ҳамманинг қўлида гулдаста бўлгани жуда яхши. 168-чи Алвеар касалхонасини ортда қолдириб кетди, Кларадан ўнг томонда Эстрелянинг яйдоқ ерлари ястаниб ётар, лой-балчиққа беланган тўриқ отлар бўйниларида узилган арқонни судраганларича юрарди. Ҳаттоки қуёш ҳам бу манзарани безай олмаган бўлса-да, Клара кўзларини деразадан ололмаётган эди, фақат икки марта кўз қири билан ёнидагиларга тезгина, ҳадик билан қараб қўйди. Қип-қизил атиргул ва карнайгуллар, сал нарироқда эса – жирканч, сўлиб қолган, кўкимтир доғ-дуғли, хира пушти, кир келингуллар турарди. Иккита дераза нарида ўтирган йўловчи ( унга бир қараб, бир қарамасдан ўтирди, мана, яна қараяпти, энди қарамаяпти, йўқ, яна қараяпти), қандайдир мижиғланган нарсага зич қилиб босилган деярли қора чиннигулларни ушлаб ўтирарди. Олдинда, ёнбошда ҳам, – бўйи етган қирғийбурун қизлар биргина сунбулагул ва мойчечак дастасини кўтариб олгандилар; гарчанд қизлар унчалик камбағал кўринмасалар-да (егниларидаги жакетлари яхшигина, қат-қат юбка, тиззасигача келадиган оппоқ пайпоқ кийиб олгандилар), қўлларидаги гулдасталари ночор кўринарди, қизлар Кларага тепадан кеккайиб қарадилар. Шу сурбет мишиқи қизлар одамдан кўзларини олар энди, деб Клара ҳам уларга қаради, бироқ тўртта қорачиқ унга тешиб юборгудай тикилди, кондуктор ҳам Кларадан кўзини узмади, чиннигул кўтариб олган одам ҳам назар солди, бу гуллардан гардани қизиб кетаёзди, ёқаси крахмалланган чол ҳам бурни ерга теккудай, энгашиб унга тикилди, ёнидаги ўспиринлар ҳам улардан қолишмади, – мана, Патернал бекати, ким ўн песолик патта олган бўлса, тушсин.

Ҳеч ким тушмади. Бир одам автобусга чаққонлик билан ирғиб чиқди ва йўлида қўлларига қараб, уни кутиб турган кондуктор қаршисига келиб, туриб олди. Йўловчи ўнг қўлида чақа, чап қўли билан пиджагини тортиб тўғрилади. Янги йўловчи ўзига тикилган нигоҳларга эътибор бермай, бир оз тараддудланиб қолди, кейин Клара унинг: «Ўн беш песолик», деганини эшитди. Xудди Кларага ўхшаб, у ҳам ўн беш песолик патта олди. Бироқ кондуктор унга патта бермади. Аксинча янги йўловчи ахири кондукторнинг ўзига қараб турганини пайқаб, чин кўнглидан: «Ўн беш песолик, деяпман-ку!» – демагунича ундан кўзини узмай тикилиб тураверди. Сўнгра йўловчи паттани олди ва кондуктор қайтимини қайтаргунича чиннигуллар ёнидаги бўш жойга «лип» этиб ўтиб олди. Кондуктор йигитга беш сентаво қайтариб берди, худди йўловчининг боши қизиқтираётгандай, унга тепадан қаради; лекин йўловчининг кўзи қора чиннигулларда эди. Гулдаста эгаси янги йўловчининг қараб турганлигини пайқаб, бир-икки марта унга тезгина қайрилиб қаради ва тез ўгирилди, улар ҳали ўзаро тил топишга улгурмасларидан бир-бирларига қарадилар. Сунбулагул кўтариб олган қизлар Кларадан ва автобусга янги чиққан йигитдан кўзларини узмай қонини қайнатди. 168-чи қабристон девори бўйлаб ўтаётиб, ҳамма унга ва Кларага қаради – кўпроқ янги чиққан одамга тикилди, бу одамлар йигитни ва уни, Кларани ҳам нигоҳлари билан тутиб, қўлга олгандай ва уларга, иккита сурбет бир бўлди энди, дегандай қараш қилдилар. Шунақаям бемаънилик бўладими, кап-катта қизлар – анавилар-чи, ёшлари бир жойга бориб қолганига қарамасдан гул опкетишяпти, ўзларига ярашадиган ишни қилишса бўлмайдими, тағин тикилиб қарашларини-чи! Клара янги чиққан одамни ана шу нигоҳлардан ҳимоя қилгиси келди, унга нисбатан юрагида сингилларча илиқлик пайдо бўлди. «Икковимиз ҳам ўн беш песолик патта олдик!» – дегиси келди, – айнан шу нарса уларни яқинлаштиргандек эди. Йигитнинг қўлларига нуқиб, унга маслаҳат бергиси, ёрилгиси келди: «Уларни қаранг, шунақаям безбет бўладими, гуллари орасидан ҳам қарашяпти-я, аҳмоқлар!» У Кларанинг ёнига ўтирса, яхши бўларди; бироқ йигит – гарчанд башарасига қайғу-ғам ажиндан чизиқ тортган бўлса-да, ҳали ёш эди, – дастлаб дуч келган жойни эгаллади. Клара ҳам кулиб, ҳам хижолат тортганича манави қизлар ва келингул кўтариб олган холанинг нигоҳларига бардош беришга қарор қилди; ана энди яна чиннигулли одам қизга маъносиз, хира, худди кўпиктош сингари туссиз нигоҳ ташлади. Клара унга тик қаради, назарида вужуди бўм-бўш бўлиб қолгандай бўлди, шунда бирдан автобусдан тушиб кетгиси келди (нима учун ахир? Қўлида гули бўлмагани учунми?). Клара янги йўловчи ҳам ўзини ноқулай ҳис этаётганини сезди, – йигит уёқ-буёққа аланглади ва орқа томонда ўтирган тўрталовига ҳамда дасторгул кўтариб олган чолга кўзи тушди. Чолнинг нигоҳи Клара томонга ўтди, унинг лаблари, иягида бир он тўхтаб қолди. Олдинда кондуктор ҳам, қизлар ҳам, келингулли хола ҳам диққат билан тикилиб турардилар; шунда янги йўловчи гўё уларни тийиб қўймоқчидай ўша ёққа ўгирилиб олди. «У бечоранинг ҳам гули йўқ экан», – деган бемаъни ўй келди негадир Кларанинг хаёлига. Йигит нима учундир ҳимоясиз кўринар, ўзини ҳар томондан ўраб олаётган совуқ аланга каби нигоҳлардан кўзлари билан ўзини-ўзи мудофаа қилмоқчидай бўларди.

168-чи тик қияликда, қабристоннинг қатор тизилган устунларига етай деганда, икки йўл айрилишида тезликни янада оширди. Қизлар олдинга ўтиб, эшикка яқин туриб олдилар: уларнинг изидан дасторгул, атиргул, келингуллар саф тортди. Қолганлари орқада тиқилишди ва Клара деразаси олдида анқиган чучмал ислардан кўнгли озди, лекин ичида шунча одам тушиб кетаётганидан қувонди. Боши узра қора чиннигуллар пайдо бўлди; янги йўловчи ёнидаги одамни ўтказиб юборди ва қовушмайгина, ёнбоши билан Кларанинг олдидаги бўш жойга чўкди. Унинг афти ангори тузуккина эди, очиқкўнгил ҳам оддий кўринар ва кўринишидан, чамаси, дорихонадами, бухгалтериядами ёки ҳаттоки конструкторлик бюросида ишларди. Автобус аста тўхтади, эшиклари бир силтаниб, очилди. Янги йўловчи ҳамма тушиб бўлсин, кейин одамга ўхшаб ўтирса бўлади, деган ўйда кутиб турди. Клара ҳам унга ўхшаб, тоқат қилиб кутди ва ичида чиннигуллар, келингулларни тезроқ туша қолишса эди, дея шоширди. Эшик очиқ эди, аммо ҳамма йўлда туриб олганича янги йўловчи билан Кларадан кўз узмасди – тушмасдан, худди ер тагидан шамол туриб, бутун гулдастани чайқатгандай тебранган гуллар орасидан уларга мўралардилар. Ниҳоят атиргуллар, чиннигуллар ҳам, орқа ўтирғичдаги гулдасталар ҳам, қизлар ҳам, дасторгулларини олиб, чол ҳам тушиб кетди. Фақат автобусда Клара билан янги йўловчи қолди ва 168-чи мўъжазроқ, дилкашроқ, туссизроқ бўлиб қолди. Клара севиниб кетди ва гарчанд атрофда жой кўп эканлигига қарамай, янги йўловчи унинг ёнига келиб ўтирганлигидан ажабланмади. Йигит ўтирди ва улар бошларини эгганларича қўлларига қарадилар. Қўллар, шунчаки қўллар, оддий, бўм-бўш, гули йўқ қўллар.
– Қабристон! – қичқирди кондуктор .

Клара ҳам, ёнидаги қўшниси ҳам қатъий нигоҳлари билан тушунарли жавоб қайтардилар: «Бизнинг паттамиз – ўн беш песолик». Улар бундай демадилар, фақат хаёлларидан ўтди, бўлди-да!

Бироқ эшик ёпилмади, кондуктор уларнинг олдига келди.
– Қабристон! – деди у уларга нималарнидир уқтирмоқчи бўлгандай.

Йигит кондукторга қарамади, Кларанинг эса унга раҳми келди.
– Мен Ретирогача бораман, – деди қиз паттасини кўрсатиб. «Ке, паттангни бер, пушти ёки ҳаворанг». Ҳайдовчи уларга қарайман, деб ўтирган жойидан тушиб кетай деди; кондуктор журъацизлик билан орқасига ўгирилди-да, қўлини силкиди. Яна эшиклар силтанди – ҳеч ким автобусга чиқмади, –168-чи худди занжирини узгандай, олға елди, шунда Клара қўрққанидан юраги орқасига тортиб кетди. Кондуктор ялтироқ тутқични ушлаб, кабина олдида турганича уларга маъноли тикилиб турарди. Улар ҳам Доррего муюлишига етгунча кондуктордан кўзларини узмай кетавердилар, бир пайт Клара, ёнидаги қўшниси олд томондан бу қилиғи кўринмаслигидан фойдаланиб, астагина кафтини унинг қўлларига қўяётганлигини сезди. Кафти майин, иссиқ эди, Клара қўлларини тиззаси томонга сурди-ю, аммо қимирламади. Ойна ортида шамол ҳуштак чалди.
– Шунча одам, – деди секингина йигит. – Ҳаммаси тушиб кетди.
– Улар қабристонга келишаётган эди, гуллари билан, – изоҳ берди Клара. – Шанба кунлари кўп боришади.
– Албатта, лекин ҳар ҳолда...
–Ҳа, ғалати. Сездингизми?
– Сездим, – деди йигит.– Сиз ҳам шундай ҳолатга тушдингизми? Шундай бўлди, кўрдим.
– Жуда ғалати. Ҳозир ҳеч ким чиқмайди.

Шофёр шлагбаумга яқинлашиб, шартта тўхтади. Улар автобуснинг кескин залпидан олдинга қалқиб кетдилар ва бу силкинишдан енгил тортгандай бўлдилар. Автобус худди кимнингдир баҳайбат гавдаси сингари силкинди.
– Мен Ретирогача бораман, – деди Клара.
– Мен ҳам.

Кондуктор жойида узоқ туриб қолди – шофёр билан жанжаллашди. Сўнгра шофёрнинг (улар томонга қараётганларини яширганча) ўзлари томонга келаётганини кўрдилар; кондуктор унинг изидан келмоқда эди. Клара шофёр билан кондуктор ёнидаги ҳамроҳига тикилиб қолганларини, йигит эса худди жанг олдидан қилгани сингари қаддини ростлаётганини сезди. Йигитнинг оёқлари қалтиради, қизнинг кифтига тегиб турган елкаси сесканди. Шу пайт поезд ваҳима билан чинқирди, кўкни қоп-қора тутун қоплади. Вагонларнинг тарақа-туруғи бари овозларни ва улардан икки қадам нарида – гўё сакрашга чоғланиб, пастга аста энгашган шофёрнинг сўзларини ҳам босиб кетди. Кондуктор шофёрнинг елкасидан чангаллаб олди-да, сўнгги вагон темирларни жаранглатганча уларнинг яқингинасидан ўтиб кетгунига қадар кўтарилиб турган шлагбаум томонга қўлини ниқтади. Шофёр лабларини қисди, тез жойига ўтирди ва 168-чи жаҳл билан ўрнидан қўзғалди, бир силкиниб, темир йўлни кесиб ўтди, сўнг қияликка кўтарилди.

Кларани ҳамроҳининг мушаклари бўшашди ва жойидан сал пастроққа силжиди.
– Бунақасини сира кўрмаганман, – деди йигит ўзига-ўзи сўзлангандай.

Клара йиғлаб юборай-йиғлаб юборай деди. Йиғлаш осон, аммо бунинг сира кераги йўқ эди. Қиз буни ўйламаётган эди, у қўрқинчли ҳеч гап йўқлигини, айтиш мумкинки, бўм-бўш автобусда, биттагина ҳамроҳи билан кетаётганлигини тушунган, умуман олганда, фақат қўнғироқни боссанг бўлди, дуч келган бурчакда тушиб қолсанг бўлади. Ҳа, шундай кетаётганининг ҳам ёмон томони йўқ, фақат автобусдан қандай тушаман, йигит қўлларидан қўлларимни қандай суғуриб оламан, деган ўй қизни қийнамоқда эди.
– Мен қўрқяпман, – деди шунчаки Клара. – Лоақал гунафша тақиб олганимдаям майли эди!

Йигит қизга, унинг жўнгина кофтасига кўз ташлади.
– Мен баъзида кўйлагим тугмаси илгагига ясмин қадаб қўярдим, – деди йигит. – Бугун шошдим-да, улгурмадим.
– Аттанг! Умуман- биз Ретирога кетяпмизку-я.
– Албатта, Ретирога.

Улар гаплашиб кетдилар. Гапимиз узилиб қолмасин тағин, деб гапиравердилар, гапиравердилар, нима ҳақда сўзлашаётганларининг аҳамияти ҳам йўқ эди.
– Деразани очмайсизми? Жуда дим бўлиб кетди.

У қизга таажжуб билан қаради; афтидан, йигит жунжикаётганга ўхшарди. Кондуктор шофёр билан гаплашиб олиб, уларни зимдан кузатмоқда эди. 168-чи йўлда бирор марта ҳам тўхтамади, энди Каннинг ва Санта-Фе муюлишига бурилди.
– Буниси очилмайди, – деди йигит. – Кўряпсизми, фақат биз томондагиси очиқ эмас. Бу ерда эҳтиёт эшиги бор.
– А! – деди қиз.
– Балки бошқа жойга ўтирақолармиз?
– Ҳожати йўқ. – Қиз унинг қўлини сиқди, туришига қўймади. – Яхшиси, тинчгина жойимизда ўтираверайлик.

– Бўлмаса, бошқасини, олдидагисини очамиз.

– Йўғ-е, керак эмас, қўйинг!

Йигит, қиз яна гапирмоқчидир, деб ўйлади, лекин Клара негадир ғужанак бўлиб, ўша ёққа, уларга аччиқ қаҳр-ғазаб билан нигоҳ ташланаётган олдинга қарамаслик учун ҳам ҳамроҳининг юзига тикилди. Йигит қизнинг тиззаларига иккинчи қўлини қўйди, Клара ҳам ўз қўлларини яқин олиб борди, энди улар бармоқларнинг бир-бирига тегиши билан, кафтлар ҳарорати билан гаплаша бошладилар.
– Мен жудаям паришонхотирман, – деди журъацизлик билан Клара. – Ҳаммасини олдим, деб ўйлайсану, барибир ниманидир эсдан чиқарган бўласан.
– Ахир бу эсимизда йўқ эди-да.
– Ҳа, майли. Ўша одамларнинг ҳаммаси, айниқса, анави қизларнинг бизга қандай ажабланиб қараганларини кўрдингизми, ўлаёздим-а!
– Менам, – деб қизнинг гапини илиб кетди йигит. – Эсингиздами, уларнинг бари худди келишиб олишгандай, биздан кўзларини узмадилар-а!
– Ҳа-ҳа! Топганлари бетайин гул-ку, керилганларига ўлайми!
– Чунки бизга бошқалар ҳам ажабланиб қарашди-да, – деди аччиқланиб йигит. – Айниқса, чиннигуллари мижиғланган анави қушбурун чолни айтмайсизми. Олдин ўша чол бошлади-да, кейин бошқалар ҳам қарашга тушди. Орқадагиларни-ку, кўрмадим. Фаҳмлаяпсизми, ҳаммаси-я?..
– Ҳаммаси, – дея жавоб берди Клара. – Мен буни дарров тушундим. Ўзим Ногойя билан Сан-Мартин муюлишида чиқдим. Уёқ-буёққа разм солсам, ҳаммаси бирдан мендан кўзларини узмай қолишди, денг.
– Xайрият-е, тушиб кетишди!

Пуейрредон. 168-чи бирдан таққа тўхтади. Баланд уйчадаги йўлни тартибга солувчи мулат худди худога илтижо қилгандай, қўлларини хоч қилиб, кенг ёйди. Шофёр ўрнидан аста тушди, кондуктор унинг енгидан тортмоқчи бўлди, бироқ шофёр бунга қўймади ва бир йигитга, бир қизга қараганича автобус ичида юра бошлади. У қаддини ростлади, нам лаблари титради. «Йўлни бўшат!» – деб қичқирди кондуктор ғалати овозда. Автобус ортида ўнлаб машиналар гудок чалиб ҳайқирди, шунда шофёр алам билан жойига қўрқа-писа ўтирди. Кондуктор дам-бадам бир Кларага, бир ёнидаги йигитга назар ташлаганича шофёрнинг қулоғига нималарнидир шивирлади.
– Агар сиз бўлмаганингизда... – аста деди Клара. – Агар сиз бўлмаганингизда, мен бир амаллаб тушиб кетган бўлардим.
– Сиз ахир Ретирога кетяпсиз-ку, – деди таажжубланиб йигит.
– Ҳа, мен меҳмонга кетяпман. Барибир, тушиб қолган бўлардим.
– Мен ўн беш песолик патта олганман, – деди йигит. – Ретирогача.
– Мен ҳам. Ёмон томони, кейингисини кутишга тўғри келарди-да...
– Албатта, кейин унисига чиқиб бўлармиди-йўқмиди, худо билади.
– Эҳтимол. Ҳозир бирор жойга бориш қийин бўлиб қолди. Метрода нималар бўлганини эшитдингизми?
– Даҳшат! Бир жойга бораман, деб йўлга чиқсанг, ишлагандан кўпроқ чарчайсан.

Яшил, ёруғ ҳаво машинани тўлдирди, йўл-йўлакай музейнинг қизғиш деворлари, сўнгра – ҳуқуқшунослик факултетининг янги биноси лип-лип этиб ўтиб кетди, шунда 168-чи тезроқ маршрутини тугатишга сабри чидамагандай, Леандро Алем бўйлаб учиб кетди. Икки марта тартибга солувчи йўлни тўсди, икки марта шофёр сакрамоққа чоғланди, иккинчи мартасида ҳам кондуктор уни қўймади, ўртада туриб олганича, худди оғриқдан силкигандай, ғазаб билан бошини чайқади. Клара тиззаларини кўксига босди, ҳамроҳи унинг қўлларини қўйиб юборди, шунда қиз йигит қўлларининг суяклари туртиб чиққанлигини ва унда йўғон томирлар бўртиб турганлигини кўрди. Клара ҳозирга довур эркак қўлларининг бу қадар кучли нафрат билан муштга айланганлигини кўрмаган эди, қиз қўрққанидан индамай қолди, ана шу оғир муштларга бўйсунди. Шунда қиз ҳозир бирор жойга бориш қанчалик машаққат бўлиб қолганлиги ҳақида, Май майдонидаги турнақатор навбатлар ҳақида, одамларнинг қанчалик ваҳшийлашиб кетганликлари, ҳозир қанчалик сабр-тоқатли бўлиш кераклиги ҳақида эзмаланиб гапираверди, гапираверди. Қиз бирдан жим бўлиб қолди, шунда улар темир йўл панжарасини кўриб қолдилар. Йигит ҳамёнини чиқариб ичини тита бошлади, унинг бармоқлари титради.
– Озгина қолди, - деди қиз қаддини ростлаб.– Етиб қолдик.
– Ҳа. Бурилдикми, тез ўрнингиздан туринг-да, тушинг!
– Бўпти. Майдоннинг ўзида.
– Мана-мана. Бекат – нарироқда, Инглиз минорасида. Сиз олдин тушасиз, кейин – мен.
– Фарқи йўқ.
– Йўқ, мен – кейин тушаман, шундай қилиш керак. Бурилдик дегунча, мен сизни ўтказиб юбораман. Тезроқ қимирланг, зинанинг пастига тушиб олинг. Мен орқангизда тураман.
– Яхши, – деди Клара йигитга безовталаниб қараб.– Раҳмат.

Шунда улар қандай ўринларидан туришни ҳамда эшиккача бўлган масофани чамалаганларича режа тузишга киришдилар. Улар муюлишга етганда, автобусдан «лип» этиб, сакраб тушиш осонроқ бўлади, деб мўлжал қилдилар. 168-чи майдоннинг ўзида, ойналарини дириллатганича, бор тезлиги билан бурилди. Ҳамроҳи ўрнидан ирғиб турди, Клара зинада безовта бўлиб туриб қолди, йигит орқасидан уни пана қилди. Қиз қаттиқ қалтираганича эшикка, қора йўл-йўл резина тасмасига ва ойнадаги кир квадратларга қаради; у бошқа ҳеч нимани кўргиси келмаётган эди. Йигитнинг оғир-оғир нафаси унинг сочларига тегмоқда эди. Бирдан автобус бир силкинди-да, ёнбошига сурилиб, тўхтаб қолди – эшик очилди-ю, ҳайдовчи қўлларини олдинга чўзганича, автобус ўртасида югурди. Бу орада Клара пастга, майдонга сакрашга, тушишга улгурган эди, орқасига ўгирилиб, ҳамроҳининг пастга сакраётганлигини, автобус эшиклари қаҳр билан ёпилганини кўрди. Қора резина тасма ҳайдовчининг қўлларини, оппоқ, тик бармоқларини қисиб қолди. Ойнадан кондуктор нинг рулга қорни билан ётиб олганича, шофёрни чиқариб юбормаслик учун эшикни ёпадиган ричаг томон интилгани кўриниб турарди.

Ҳамроҳи Кларанинг қўлидан ушлаб олди ва улар болалар билан музқаймоқ сотувчиларига эпчиллик билан чап бериб, майдондан ўтдилар. Улар индамай, бир-бирларига қарамасдан кетмоқда, бироқ хурсандликларидан титрамоқда эдилар. Кларанинг кўзлари ўт-ўланларни ҳам, тўгарак гулзорни ҳам элас-елас илғар, итоат билан йигит изидан борар, ёқимли шабада юзларига урилмоқда эди. Девор тагида гул сотилмоқда эди. Кларанинг ҳамроҳи харракда турган гул савати қаршисида тўхтади ва капалакгуллардан икки дастасини танлаб олди. Йигит Кларага гулдасталардан бирини, сўнг – иккинчисини узатди, ҳамёнини чиқариб, гул учун ҳақ тўлади ва қиздан ўзининг гулини олди. Улар йўлда давом этдилар (йигит қизнинг қўлидан ушлаб олмади), энди иккаловининг ҳам қўлларида гуллари бор, шундан бахтиёр эдилар.


  1. Песо – Аргентина пул бирлиги.