OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXурсандбек Тўлибоев
Асар номиДенгиз ҳайқириғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Xурсандбек Тўлибоев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Денгиз ҳайқириғи (ҳикоя)
Xурсандбек Тўлибоев

Раҳмат бобо негадир сўнгги пайтлар невараси Жаъфар билан қирғоғидан ажралиб, юзлаб чақирим олислаб кетган денгиз бўйларини сайр этишни одат қилди.
— Ёшлик пайтларим, мана шу Орол денгизининг қирғоқларида ўтган, -деди неварасининг қўлидан ушлаб. Жаъфар бўлса бобосининг ҳар бир гап-сўзини диққат билан тингларди. Бобоси тил тагига носқовогидан бир отим ташлаб ҳам, бемалол гапириб кетаверарди…Жуда кўп нарсларни билгиси келган ўн яшар Жаъфар бу сафар ҳам бир нимани билгиси келди. Шу пайтгача ўқитувчисидан сўраб, кўнгли тўлмаган саволини бугун саҳройи кабирга айланган саксовулларнинг шовуллаши, учаётган барханлар ҳам эшитсин дегандиек бобосига юзланди:
-Бобо, денгиз қачон тўлади?

Шу пайт Рахмат бобонинг эгнидан совуқ сув қуйилгандек, атрофга қаради. Тил тагидаги ҳал бўлган носини чап тарафига туфуриб ташлади. Неварасининг бу оғир саволи бутун вужудига ўтмас пичоқ билан ургандек таъсир этди.
— Билмадим, болам. Мен ҳам шу саволлар исканжасида қийналиб яшаяпман. Умримнинг ўттиз йили ўтиб кетибдики, ҳали-ҳануз ўша сенинг саволингга жавоб тополмаяпман. Нега? Нима учун? Бу ёғи ёлғиз Яратганга аён. То тирик эканмиз биз худонинг бандалари умид билан яшашга маҳкумдирмиз. Ҳа-ҳа, ўғлим. Чиқмаган жондан умид деб, шунга айтса керак-да доно халқимиз. Мен ҳам ёшлик пайтларимга бир қайтгандек бўляпман ҳозир. Раҳматбой бобонгдан жуда кўп нарсаларни эшитган эдим. У Оролнинг қирғоқларга урилиб, акс-садо бериб, яна кайтиб кетаётган тўлқинларга ўхшаб гапирарди. Денгиз балиқчиси эди. Бизни балиқчилик билан камолга келтирди. Жуда кўп савдоларни бошидан кечирган экан. Мен ўша айтганларини эшитиб, жуда қўрқмас, ботир бўлиб кетардим гоҳида. Акулалар хақида эртаклар, афсонлар айтиб берарди.

Жаъфар бобосининг оғзидан Акула деган сўзни эшитибоқ сўзини бўлди:
-Бобо, акулани кўрганмисиз?
-Ҳа ўғлим. Иккинчи жаҳон уришидан олдин эди бу воқеа. Янглишмасам ўттизинчи йиллар бўлса керак. Мен ўшанда етти яшар жужуқ эдим. Раҳматбой бобом бўлса яқин ўртоғи Сарсенбой билан биргаликда тонг саҳари кетиб, тузоғига акуланинг кичкина боласи илинибди. Олиб келишгач, саҳарги чойда айтиб қолди бобом. Аввал мен уни кўришга жуда қўрққанман. Раҳматли онам билан бирга ташқарига чиққанмиз. Кузнинг эндигина эринчок ёғдуларида, япроқлар ялтираб, қўёш секин кўкка кўтарилаётган эди ўша пайт. Ҳовлимизнинг қибла томонида балиқ қўядиган махсус хона бор эди. Ўша жойда узанасига тушиб, тишларини тиржайтириб, ўлиб ётган экан. У акуланинг боласи бўлса ҳам жуда баҳайбат эди…
-Уни нима қилганлар бобомиз?!
-Бозорга сотиб, бизларни қишдан омон чиқишимиз учун арпа, жўхори олиб келган экан.

Рахмат бобо неварасига ёшлик лаҳзаларини хотирлаб айтган гапларидан кейин бирдан жимиб, ўз хаёллари билан машғул бўлиб кетди. Мағрибдан шиддат билан эсиб келаётган шамол, саксовул шохчаларини эгиб ўтарди. Салқин изғиринга қўшилиб учаётган қумлар, кўзларни тўлдириб қўйишга ҳам қодирдек эди…

Кўк гумбаз узра аҳён-аҳёнда ёйилишиб, кезиб юрган дарбадар, тартибсиз тим қора булутлар шамолнинг важоҳатини тушунгандек, бир-бирларига улана бошлади.

Бирдан момақалдироқ оний лаҳзада бутун борлиқни ларзага солди. Чақмоқ чақди. Сувсираб ётган қум ва саҳро ўт-ўланлари ташналик билан осмонга боқаётгандек эди гўё…

Шу пайт ёмғир томчилади. Вақт ўтгани сайин бадтар кучайгандан-кучаяр эди. Рахмат бобо ва невараси Жаъфар қўл ушлашиб, тез-тез одимлаб, уйлари томон равона бўлдилар…

…Қамишзорлар кимсасиз биёбонда, худди чиябўри, тулки кандайдир ёввойи йиртқич кезиб юргандек нағма чалиб шитирларди. Олис-олисларда ярмигача қумларга ботиб ётган ҳар хил кема, қайиқларни йиртқич, ёввойи қушлар, қарғалар макон тутиб, қишлайдиган бошпонасига айлантирган эди. У ёқларга ҳеч ким бормас ва бораолмас эди. Чунки, заҳарли қум илонларидан қўрқар ва қандайдир йиртқич қашқирлар ҳам изғиб юрарди-да. Чиябўриларнинг увалаши, сокин, тинч уйқуда ётган қишлоқ аҳлини уйғотиб юборорди. Улар оғилхоналарга бостириб кириб, неча марта товуқларнинг бошига сув қуйиб кетган эди. Рахмат бобо буларнинг барчасини билар эди. Ҳимояни яхшилаб қўйганди-да. Ёши саксонни қоралаган Рахмат бободан жуда кўп нарсаларни ўрганса бўлади. У қарилигига қармай серғайрат эди. Ҳатто невараларининг икки кунда қиладиган ишларини бир зумда ишлаб ташларди. Суяги меҳнатдан қотган-да, бобонинг…

Улар уйларига киргач, неварасига иссиқ чой дамлашни буюрди Рахмат бобо. У жуда чарчаган эди. Жисмонан эмас, ақлан. У ўтмиш хотираларини эслаб, отасининг саховатпешалиги, бир бурда нонни топиб едириш учун уч кунлаб денгиз соҳилидан бери келмай, балиқчилик қилиб ётганини гоҳ соғинч, гоҳо алам билан эсларди…

У хонтахта атрофига ўтирар экан, деворга осиғлиқ турган турмуш ўртоғи, Сарагул момонинг катта портретига кўзи тушди. Кўзи тушди-ю, бир чуқур хўрсиниб ҳам қўйди. Ким билади аёлининг ўйчан, тикилиб турган кўзлари юрагига, қалби шуурига, бирга ўтказган ширин хотираларни солиб юборгандир балким…

Невараси Жаъфар бир зумда ўчоққа ўт қалаб, чойни вақир-вуқур қилиб қайнатди.

Дастурхонга қўяр экан сўнгсиз хаёллар оғушида ётган бобосига қараб:
-Бобо, чой тайёр. Иссиқ –иссиқ ичинг жуда чарчадингиз. Ҳозир ойим мактабдан дарси тугаса келиб қолар. Бир нима пишириб беради. Дадам бугун навбатчиликда қолса керак, кеча кетаётиб шундай деганди. Мен мактабга кетдим,-деди папкасига ярим бурда нонни ва икки конфетни чўнтгига соларкан Жаъфар.
-Майли, Раҳмат улим. Яхши ўқи хўпми?
-Хўп, бобо, айтганингиздек ўқийман,-деди-да Жаъфар ташқарига зипиллаб чопиб чиқиб кетди.

Шу орада Рахмат бобо дастурхон чеккасида чордора қуриб ўтирди. Ва, иссиқ чойни уч маротаба қайтарди-да, чойнак устига қизил матоҳдан тикилган докани ёпиб қўйди…

…Бир оздан кейин келини Айсулув мактабдан қайтиб келди. Апил-тапил киймларини алмаштирди-да, тушки овқатни тайёрлашга ошхонага ўтиб кетди…

…Кунлар шу зайлда ўтар эди. Қишнинг қаҳратонли, изғирин, совуқ кечалари ортда қолиб, барчани бирдек соғинтириб қўйган кўклам кириб келмоқда эди. Мўйноқлик дехқонларнинг бирдан-бир орзуси: дастурхондаги овқатдан кейинги фотиҳасида ҳам, бирор сафарга отланаётган одамга ўқилаётган дуосидаям, хуллас калом икки кафт бир-бирга текканида «илохим, бу йили сувимиз мўл-кўл бўлсин» дея яхши ният қилардилар.

Чиндан ҳам шундай-да. Тирикликнинг, мавжудликнинг асосини сувси тасаввур этиб кўринг-чи.?! Асло мумкин эмас!

Барчаси Яратганнинг қўлида, -дерди Рахмат бобо ҳар саҳар дастурхоннинг атрофида чой ичаётган неварасию, ўғлига, келинига қараб…

…Аҳён-аҳёнда осмонга бўй чўзиб турган толларда, эндигина чиқаётган куртакларининг ажиб ҳидлари бутун қишлоқни тутиб кетди. Болалар чиллак ўйнашар, лайлак учиришар эди. Ўзларида йўқ севинч билан болалагининг қайтиб келмас лахзаларида даври-даврон суришарди…

…Наврўз байрами ҳам ўтди. Негадир Рахмат бобонинг сўнгги пайтлари тоблари тез-тез қочиб, қоладиган бўлди. Дўхтирлар келиб кўришганидаям, бу ахволни қариликка йўйишди. Ҳеч қандай дори –дармон таъсир этмаслигини, фақат ва фақат худодан сабр-бардош тилашдан бошқа чоралари йўқ эканлигини келини Айсулувга қишлоқ врачлик пункти шифокори Маҳмуд ака шундай тайинлаб кетди…

…На чора? Ўлим ҳақ, деди неварасининг юмшоқ қўлларини ушлаганча Рахмат бобо.
-Нега? Нима учун? Сиз ҳали кўп яшайсиз бобо. Мени ташлаб кетманг. Мен… Мен сизсиз қандай… охирги гапини айтолмай қолди. Унсиз кўзларидан ёшлар оқди Жаъфарнинг. Жаъфар йиғлаб, миқ этмасдан бобосининг гапини эшитиб ўтирарди:
-Ўғлим, биламан, сен мени аяб, асраб, яхши қараб келдинг. Сени кўрганимда доимо саховатпеша отам эсимга тушади. У кишилар ҳам худди сенга ўхшаб, мусичадек беозор, кўнгилчан инсон эдилар. Бизлар уларнинг босиб кетган изичалик бўлолмадик. Муродим ҳосил бўлиб, сизларни қўлимдан келганимча тарбияладим. Онангга, дадангга доимо меҳрибон бўлгин. Шундай қилсанг ўзингга ҳам яхши. Келажакда юрт корига ярайдиган фарзанд бўлгин. Сенинг доимо қизиқиб сўрайдиган саволингга эса тушларингга кириб жавоб берман болам. Ҳа, ҳа ўшанда мени вужуд сифатида йўқотасан. Сени доимо рухим қўллайди. Мен сен билан биргаман. Ўғлим, мени тушун, сўнгги васиятимни кетар жафоси айтмасдан бу фоний дунёда кўзим юмилмагай…

Рахмат бобо шу тобда чуқур «уҳ» торди. Нафасини ростлади. Жаъфарнинг панжаларидан маҳкам ушлаб сўзида давом этди:
— Мен… мен бугунми, эртагами бу дунёдан ўтиб кетаман. Сен ҳали ёшсан. Денгиз бўйларидаги суҳбатларимизни эслагин. Ўшанда юзлаб чақирим олислаб кетган бўлсаям денгиз қирғоқларини аниқ, тиниқ чизиб кўрсатганман сенга. Бир кун келиб ўша қирғоқлар ўз аслига қайтади, улим. Орол тўлиб, сувни исроф қилмасдан, сизлар, азиз невараларим қадрига етинглар. Ўшанда мени эслаб, денгизнинг пишқирган тўлқинларидан бир ҳовуч сув олгинда, қабрим тепасида ўсиб, қуриб ётган бўлсаям ёввойи ўт-ўланлар устидан қуйгин. Ўшанда менинг бу дунёдаги сўнгги армониб ҳам ушалгй улим. Бу иш факат ва факат сенинг қўлингдан келади, -деди-ю, Рахмат бобонинг қўли совуб неварасининг юмшоқ кафтидан шилп этиб ажралди…

Қўрқиб кетган Жаъфар бобо, бобожон дея қичқириб юборди…

…Рахмат бобони ҳам сўнгги манзилига элитишди. Бутун қишлок аҳли тўпланишиб бориб қабрга қўйиб қайтишди…

Жаъфар бобоси оламдан ўтгач, ҳеч кими йўқ одамдек, ўзини ёлғиз ҳис этарди...

Бобосини хотирлаш учун изига Мўйиноқ лақабли итини эргаштириб қирғоқлари юзлаб чақирим олислаб кетган, чўкаётган денгиз соҳилллари томон борарди. Бобоси билан қурган суҳбатларини соғинч билан эслар эди… Юрагининг бир бурчагида, бобосининг армонли васияти турарди. Бу васият унинг бутун вужудини тергов қилар, Орол качон тўлади экан дея, кўз олди-да такрорланар эди: «мени эслаб, денгизнинг пишқирган тўлқинларидан бир ҳовуч сув олгинда, қабрим тепасида ўсиб, қуриб ётган бўлсаям ёввойи ўт-ўланлар устидан қуйгин. Ўшанда менинг бу дунёдаги сўнгги армониб ҳам ушалгай улим»…

…Изғирин шамолнинг важоҳатига қўшилиб олис –олислардан қандайдир маъшум садо келарди: «Мен борман, ҳали замон қайтиб келман…мени кутинглар…» Бу ҳайқириқ соҳилларини унутиб кетган денгиз томонидан эшитилиб қамишзорларни кесиб ўтиб, қумларга қўшилиб ярми ботиб ётган кемаларнинг темир суякларига урилиб акс-садо берарди…

Бу аччиқ ҳайқириқни баландликда, изғиринли елга тик боқиб турган Жаъфарнинг қалбидан бўлак ҳеч ким эшитмас…ешита олмас эди…

2010