OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXурсандбек Тўлибоев
Асар номиЙўл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Xурсандбек Тўлибоев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йўл (ҳикоя)
Xурсандбек Тўлибоев

Бола эдим. Бахтли эдим. Ҳаммаси уйимизнинг фариштаси – С. бобомнинг бевақт оламдан ўтганидан кейин бошланди. Ҳаётимда унгача бахтли эканман, аммо энди ақлимни таниб, тиниқ тасаввурларим ва дунёқарашларим шаҳарнинг ғола-ғовурларида пишиб етилганидан кейингина ноаён сирлар ҳам равшанлаша бошлади, негадир менга шундай туюлмоқда. Бир пайтлар ҳамма омадсизлик менга ёпирилиб кела бошлаганида, ўзимга фалсафа тўқирдим, «енди азоблар ичра тўлғониб, инграниб итдек ўлиб кетмокчимисан, ундан кўра келажак ҳақида ўйласанг, ҳаётингни шунга мосласанг бўлмайдими», дердим. Йўқ. Кўнглим кўникай демасди. Ақлим ҳам етим кўнглимнинг изидан эргашгани эргашган. Билмадим, биргина ёлғиз бошимни бошқоролмай, аросат ботқоғида колдим…

Мен юриб бораётган йўлни мендан олдин саноғсиз одамлар босиб ўтган ва ўтмоқда ҳам. Бу йўлларда ким билсин, неча юзлаб одамлар жангу жадалларда, офатлардан сақланмоқ учун ҳаёт билан курашган, ўз қавми билан олишгандир, билиш қийин. Негадир менинг ҳозирги, кайфиятим туғиб бераётган тахминларим шуни англатажак. Мана уйдан чиқиб кетганимга ҳам ўн йилдан ошибди. Ўқиш-изланиш, деб умримнинг энг гўзал лаҳзаларини бекорларга кўкка совириб юборган эканман. Ўқимасдан туриб ҳам ҳаётнинг маънисини, дунёнинг китобий сирларини билиш мумкин экан-ку? Мен нега шундай қилмадим? Билмайман, билганим доим менга тескариси – панд бергани-берган…

С.бобом ўлимининг тезлашганини, яқин кунларда бу дағал дунёни тарк этиб, чин дунёга сафар қилишини билган кўринади. У пайтлари ўн икки яшар жужуқ эдим. У пайтлари ўлим нима, у қандай нарса, одам ҳам ўладими деган мушоҳада – тасаввурлар йўқ эди менда. Чунки болаликнинг ширин лаҳзаларини, осуда, орзуларга лиммо-лим дамларини бошдан кечираётган бахтиёр кунлар эканман… Мен ўлим ҳақида жиддий ўйлаб кўрган бўлишим мумкиндир, аммо одам ҳам ўладими дея ўзимни бундай қоронғу тунни эслатадиган саволлардан овутардим ҳам. Шундай қилиб, бобом 9 май куни оламдан ўтди. Қишлоқда яшардим. Отамнинг, онамнинг айтган юмушини қилиб, кенг дала-даштда ўртоқларим А. ва Т.билан мол боқиб, маза қилиб ўйнаб юрардик. С.бобмнинг бехосдан инфаркт бўлганлиги ва зудлик билан туман шифохонасига олиб кетилгани ҳақидаги хабарни икки соатдан кейин синглим Ш.дан эшитдим. Эшитдиму бирданига устимдан кимдир, бир пақир сувни қуйиб юборгандек бўлди. Бошим айланди. Кўзларим олди қоронғулашди. Бу мудҳиш тасодиф менинг юрагимни бир оғир тимдалаб ўтдики, ҳафтагача ўзимга келолмай, карахт бўлиб юрдим. Аввалигдек севинмасдим. Жўраларимга қўшилиб ўйнамасдим, подаларни пойлаб, фақат ўз хаёлларим оғушида сарсон-саргардон кезинардим… Шунда А.дўстим ёнимга келиб, ҳамма айтадиган таскин берувчи сўзлар билан юпатишга тушди.
— Қўйгин, дўст, сен бу кетишда ўзингни еб битирасан, хали ёшсан, бобонгни касали олдиндан бўлган. Худо шуни истаган тушуняпсанми? Шуни истаган, - деди кир-чир кўйлагимнинг ёқасидан тортқилаганича.

Мен миқ этмасдим. Мум тишлаб олгандек на оқ, на қора дердим. Охири у сал нари кетди. Ўша йилларга ҳам ўн тўрт йилдан ошибди. Ҳозир хотирам қаър-қарига сингиб кетган тарихни титкилаб шу нарсаларни топдим. Яна ўша лаҳзаларга бир қайтиб яшадим. Энди эса мен юриб кетаётган – йўлнинг оқибати қандай тугаркин, деб сиқилардим. Чунки мен ҳар бир нарсани ўз ботинимдан, хато бўлса ҳам, тўғри бўлса ҳам ўзимдан ахтариб ўрганиб қолганман. Ҳозир ҳам шундай фикрларим уммонида кезаётирман. Бегона шаҳарда, бегона одамлар ичра яшаб, одам ўз табиатидан анча кечишга, шу бугуни билан муроса қилишга мажбур бўларкан. Мен эса ана шундайлар хилиданман. Биргина кўнглим ва юрагимнинг амри – орзуларимнинг бир куни ушалажагига, ёруғ умидалар билан қадам ташлаган минглаб, милионлаб одамларнинг биттасиман, холос.

Йигирма уч ёшимда бир қизни қаттиқ севиб қолдим. Орзулар қилардик. Ширин бўсаларидан юрагим увишиб, унга осмон тўла орзуларни ваъда қилганлигим чиндир. Чунки унинг камон қошларию узун киприклари таранг тортилган қабоқларига қараганимда – ўйчан нигоҳида ўз бахтим ва бахтсизлигимни ҳис этганимда бор дунёни, унинг ғалваларини унитардим. Кунлардан бир куни у менга эртак айтиб беришимни илтимос қилиб қолди. «Жиннимисан», дедим унга шу пайтдаги севинч тошиб чиққан юзига қараб.

– Эртакни эшитиб, сен бола эдингми? Ўзинг бахтиёр она бўлиш остонасида турибсану мендан эртак эшитмоқчимисан? – дедим.

– Ҳа, сиздан бир эртак эшитгим келди.

– Мен эртак айтсам сен ухлаб қоласан, - дедим кулгим қистаб.

– Майли, ухласам сизнинг ёнингизда ухлайман-ку? Бегона эмассиз-ку, ахир, - деди.

Шундай қилиб бобомнинг бир пайтлари менга айтиб кетган эртагини чамалаб, эсимга солиб олдим ва уни севгилимнинг рўпарасида ўтириб, ҳаяжон билан айта бошладим:

«Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда Амударё томонда, Жумуртоғ этакларида бир ўспирин ўтган экан. Бечора турмушнинг оғир саводларидан, йўқчилик азобидан ниҳоятда кўнгли зада бўлиб қийналган экан. Ота-онаси ўғлининг тонг саҳардан тоғ этакларига чиқиб кетиб, кунни кеч қилиб қайтишини ва бир арава ўтин териб келишини интизорлик билан кутар экан… Йигит шу пайтлари саҳарда тоғ томон бораркан, эски қудуқ олдидан ўтаркан. Эшакни тўхтатиб, ҳар куни шу қудуққа нигоҳини ташлаб кетаркан. Унинг нигоҳи шу даражада ўткир эканки, қудуқ тубида, ой нурларида жимир-жимир қилаётган сув, қандайдир чақалиб кетаркан. Йигит шу қудуқ тубига боқиб, ўзининг ота-онасига дуо қиларкан. «Эй, Тангрим, мушкулларимизни осон қил, мени эмас, ота-онамнинг кўнгилларига севинч олиб кир. Юзларидан ғам-андуҳни кетказ. Умрларини зиёда қил» деб яратгандан эзгуликлар сўраркан. Шундай қилиб, йигитнинг кучига-куч, давлатига-давлат қўшила бошлабди. Йигит ёлғиз фарзанд эмасми, бир куни ойиси қаттиқ бетоб бўлиб қолибди. Ҳар кунги иши – ўтин теришни бас қилиб, ойисига қарашга тушибди. Қишлоқда олиб бормаган, кўрсатмаган табиби қолмабди. Йигитнинг илкис, эсига ўша ўзи тавоф қиладиган қудуқ тушибди. Эрталаб туриб, ойисини орқалаб, ўша қудуқ олдига олиб борибди. Қудуқ ёнига келганида ойнинг тўлин ёғдуси бир бошқача гўзаллашиб кетибди. Ойисини қудуқ олдига келтирибди-да, бошини секин ушлаб касалликнинг акси урган сўлғин нигоҳини ўша қудуқққа қадабди. Қудуқ тубидаги ой акси тўлқинланиб, сув чайқалиб кетибди. Шу пайт йигитнинг бетоб онаси «Бир пиёла сув деб» овоз чиқарибди. Йигит эса шу заҳоти белидаги ипни ечиб чеккароқдаги тешик пақирга боғлаб қудуқ тубига ташлабди. Сувдан бир ҳовучгина илиб чиқибди. Ўша сувни бетоб онаси оғзига қўллари билан тутиб ичирибди. Ойлаб гапирмаган онаси «Бир пиёла сув» деган овоз чиқарганидан севинган йигит «енди волидам тузала бошлайди» дея хаёл қилибди. Шу-шу, онаси уч кун ичида тузалиб кетибди. Буни билган ва билмаган қишлоқ одамлари ҳайронлар бўлиб ёқа ушлаб қолишибди. Йигит эса ҳар куни эрта саҳарда ўтин теришга ўтаётиб, шу қудуққа айтган дуои-истакларини қудуқдаги сув ўзига сингдириб қолган ва йигитнинг истаклари Тангри хоҳиши билан мустажоб бўлибди деган хулосага келибди».

Мен эратгимни айтиб тугатиб севгилимнинг кўзига қарасам, қорачиқлари ёшга тўлиб, тўкилай-тўкилай деб турган экан. Шу пайт менинг бўйнимга осилиб, юзларимдан чўлп-чўлп ўпиб олди. Мен эса эртагимнинг унга қандай таъсир қилганини ва ачиниш ёшларини оқизганидан хижолат бўлармини ҳам, қувонаримни ҳам билмасдим.

– Мени ташлаб кетмайсизми, - деганди у. Мен эса:

– Қизиқмисан, сенингдек қизни ташлаб кетиб бўларканми?

– Сизга ишонаман, - деди юмшоқ қўллари билан юзимни силаб.

…Орадан кунлар, ойлар ўтди. Н.нинг яқин қариндошига тўйи бўлаётганини эшитиб қолдим. Мен шу бекайфият хабарни эшитарканман, гўёки, бу ёруғ дунёнинг маъниси қолмагандек туюлди. Ўша куни эрта тонгда ташқарига чиқиб, салқин ҳавода шаҳарнинг ёруғ кўчаларини бир ўзим айланишга тушдим. Ичим қизигандан, қизир, борлиғимни қандайдир исмсиз дард эгаллаб олгандек, бир ёмон ҳолга тушиб қолдим. Гўё чанқоғини босолмай типирчилаётган эҳтиёжманд каби ўзимни чор тарафга ура бошладим. Мен деган битта жисм, билмадим, мингта бўлакка бўлиниб кетгандек эди. Сиқилардим. Энг оғир дамларда ёнингда, ўз жуфти ҳалолинг ёки севган инсонинг йўқлиги кўнглигга қаттиқ ботаркан. Тонг ҳам ёришди. Шаҳарнинг ола-шовқини яна бошланиб кетди. Мен эса икки-уч соатлик масофни босиб ўтиб, яна ёлғизхонамга қайтиб келдим… Ўша куни томоғимдан овқат ўтмади. Иштаҳамнинг ҳам пушти куйиб кетгандек эди. Узанасига тушиб ётарканман, кўз олимдан ҳамма килган яхшиликларим, хатоларим, ўйламай қилган адоғсиз ишларим бир-бир баҳор булутларидек сокин ва ҳиссиз ўта бошлади. Бобомни, отамни, онамни жўраларимни эсладим. Ва, севган инсони Н.ни соғинардим. Шу пайт бир пиёла сув ичгим келиб қўлимни узатардим, мадорим бўлмай, ўрнимдан турай десам, туролмасдим. Ён дафтарчамни олиб, бир кунлик ҳаётимни бита бошладим. Қаламнинг ҳам сиёҳи тугаганми, ёзувлар қўлларимнинг қалтироғидан, ҳиссиётларимнинг алғо-далғов тўфонларидан аниқ-тиниқ кўринмасди… Бирданига бундан етти йил илгари ўз севгилимга айтиб берган эртак эсимга тушди. Мен эса бетоб пайтимда қўлимга бир пиёла сув тутадиган инсонимнинг йўқлигидан дилим озорланарди…

Менга дард берган, бир умр изтироб қўйнига ёлғиз қолдириб кетган инсоним Н.га бўлган меҳримни юрагимнинг туб-тубларида асраб юрардим… Юрардимки, ҳеч кимга бу ҳақда чурқ этиб оғиз ҳам очмасдим. Мен энди юриб кетаётган йўлимни тенг ярмига келиб қолгандек эдим. Яна бир қадам ташласам – манзил аёнлашарди. Лекин шундан ҳадиксирардим. Бобомнинг «ўқигин, катта одам бўлгин» деган ўгитларини эслаганимда борлиғим бир пайтлардагидек орзуларга лиммо-лим тўларди, гўё соҳир туйғулар ватанида кезинардим… бироқ кайфият зум ўтмасиданоқ, ўз умрини яшаб бўларди. Ўрнига яна ўша ҳол – изтиробнинг адоғсиз исканжасида сиқила бошлардим.

Ҳаёт маъноларга тўла эди. Ўша маънодан эса менга тегишли битта инсон ҳаёти жуда муҳим эди. Лекин ўша маънодан ҳам айрилдим. Мен ўзим яшаётган оламимда ўзимга тегишли нимаики содир бўлмасин, барчасини битта нарсага бориб тақардим. Севган аёлимга ва унинг висолига етишиш орзулари. Энди ана шулар ҳақида ўйларканман, ўша пайтлари, унинг билан ўтказган икки ярим йиллик қувноқ дамларда нақадар бахтли эканман. Инсон ўзи истаган нарсасига эришиш учун саноқсиз қурбонлар беради. Кимгадир ёқади, кимгадир ёмон кўринади. Ёки ҳеч кимга ҳеч бир нафи тегмайди, алал-оқибатда ўзининг ҳаётини – аросат чоҳига итқитиб юборади. Мен ҳеч кимга жабр қилмган инсонлар хилиданман. Фақатгина ўзимдан ўтганин, ўз ичим, борлиғим билади. Мен ўзимга жабр қилган ожиз бандаман, холос…

Бахт ва бахтсизлик орасида чегара борми деб ўйлар эдим, бир пайтлар. Чегара аслида йўқ экан. Улар ҳар иккиси ҳам ёнма-ён юраркан…

…ёнма-ён юрарканки, кучли-ожизни маҳв этиб боравераркан. Инсон учун икки ҳол мавжуд экан: кучли ва кучсиз. Ҳар икки ҳол ҳам битта «мен» деган жисмнинг ичида ўзларича яшаб келавераркан. Кун келиб, орзуларга дарз етиб, қайғуларга кўмилганда икки ҳол бир-бири билан тинимсиз жанг қила бошларкан. Лекин битта «мен» деган жисмнинг ичида. Умрим бино бўлиб, мен шундай ўзимнинг ҳақиқатларимга, ўзим тушуниб етган ҳаёт сирларининг моҳиятига бир етгандек бўлдим… Йўлнинг бошига қайтиб бориш, ҳаммасини бошидан бошлаш учун менга ҳеч бир куч ва ирода етмаслигини, ҳаётим бундан кейин изига тушиб аввалгидек яшай олмаслигимга кўзим етиб қолди. Шундай бўлса ҳам, С.бобомнинг «кучлилар сафида кучли бўлгил, ожизлар сафида мард бўлгил» деган ўгитини ўзимга ҳаётим шиори қилиб олдим. Севгилим Н.дан менга биргина ёдгорлик – қовун тилимидек лабларидан тўйиб-тўйиб бўсалар олганим, юмшоқ қўлларидан ушлаб, ўзимнинг бахтли инсон эканлигимни ҳис этганим, ва, бир эртак айтиб, дилини шод қилганим қолди…

Ўйланман… Сиқиламан. Тўлин ой тўлган кечада, олис юлдузларга қарайман, самога чўкиб кетган қоронғуликка, уларнинг инсон кўзига умид бахишда этиш мақсадида бир-бирини инкор этмасидан, жимир-жимир чарақлаб тургани, туннинг гўзаллигидан юрагим тўлишиб, коинотнинг сирли оламига нигоҳимни қадаб, хаёлларга бериламан ва ўша-ўша эртагимни овоз чиқариб ҳамроҳим сирли тунга қараб айта бошлайман…

21.01.2012 йил. Самарқанд, Булвар.