OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXуршид Даврон
Асар номиОсмонда қуёш йўқ эди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Xуршид Даврон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Осмонда қуёш йўқ эди (ҳикоя)
Xуршид Даврон

Ҳижрий 853 йил рамазон ойининг саккизинчи куни – мелодий 1449 йил 25 октабр куни Самарқанддан чиққан кичик карвон жанубдаги тоғлар томон йўл олди. Карвоннинг ўртасида қотма гавдалик, кўркам ва оё юзли, юз-кўзидан вазмин табиатлиги сезилган, соч-соқоли оқарган бир киши оғир ўйга ботган ҳолда кўк човкар от устида бир маромда тебранади. Аччиқ хаёлга ботган бу киши ўгли Абдулатиф мирзо томонидан Мовароуннаҳр тахтидан соқит этилган Мирзо Улугбек эди.

Карвон досурсалтанатдан изоқлашиб, Дарғам ариғи ёқасидаги тепаларнинг бирига яқинлашганда, қувғинди подшоҳ отини тўхтатиб, оёғини узангидан узди. Номоздан кечикмаслик учун бошқалар ҳам шошилишиб отлардан тушдилар. Карвон аҳли тепаки этагида шом намозини адо этгач, Мирзо Улуғбек Даргам ариғи томон юрди. Бу сув баъзи ерда ўт-ўланлари мавж урган ўтлоқлардан ўтса, бир хил жойда тошлоқ, тақир ерлардан ўтарди. Бир хил жойларда катта-кичик оқиш тепаларни тилиб ўтиб, чуқур ва ҳайбатли жарлар ҳосил қилган. Халқ томонидан Дарду ғам деб аталган, йилнинг тўрт фасли қутуриб оқадиган бу улкан ариқ соҳилида тураркан, бирдан кекса подшоҳнинг кўзлари намланиб, бўғзига аччиқ бир нидо тиқилгандек бўлдида, алам билан пичирлади:
— Бу қандоқ ёзуғинг бўлди, Аллоҳи карим?!

Сўнг кескин ортига буриларкан, шошилиб келиб отига минди ва «чуҳ» дея ниқтади, аммо от қўзғалмади. От эгасининг овозига эмас, юрагининг сассиз амрига бўйсунаётгандек эди. Қувғинди ҳукмдор отига аямай қамчи урди. Тулпор Дарғамдан сўнг бошланган дашт ўртасини кесиб ўтган йўл бўйлаб чопиб кетди. Аммо бир фарсаҳдан ўнг эгаси яна оғир хаёлга ботганини сезган жонивор бир маромда йўртиб кета бошлади.

Куз осмонини булут қоплаган, ҳаво нам. Қуёш мағриб томонга огган сайин салқин аччиқ изғиринга айланиб бормоқда. Дашт йўли теварагидан қизгиш қўгайлар қовжираб қолган, шамол одам бўйи ўсган ёвшанлар, оқиш армонларни тебратади, қуриб, бандидан узилган янтоқлар думалаб узоқларга кетади. Тонгда ёғиб ўтган ёмғирдан отлару хачирларнинг туёқлари ялтирайди, тўпиқларигача ҳўл.

Ҳавонинг азвойи бузилиб, тунд ва кўнгилсиз бўлиб турганига қарамай пешинда Самарқанддан чиққан карвон бепоён дашт бўйлаб сокин йўл босади. Карвон аҳли ичида ҳамман шошилтириб гайрат қилаётган, қора қашқа от минган, мошкичири соқолли киши – Мирзо Улуғбекка ҳамроҳ қилиб тайинланган Ҳожи Муҳаммад Хисрав эди. У куз куни қисқалигидан тезроқ бирор манзилга етиб олишга ҳаракат қилар экан, йироқдаги тоғларнинг қор босиб оқарган чўққиларига қуюқ қора булутлар қўнаётганини безовталаниб кузатарди. Хиёл вақт ўтмай ўша булутлар кўпайиб, силжиб, ёйилиб, кўк саҳнининг бир томонини қоплаб олди. Бир лаҳзада қош қорайгандек, чор атроф хиралашди.

Карвондан анча орқада, кўз қараши етмас масофада беш-олти отлиқ қора бўлиб от йўрттириб боради. Баъзан яқинлашиб, кўзга кўринмаслик учун йўллар теварагида юксалиб турган тепаликлар панасида бекинишар, ортда қолганда отларини аямай қамчилашади. Бу гуруҳ аслида иккига бўлинган, икки отлиқ ҳамишаёнма-ён, бир-биридан орқада қолмай, бошқалар эса уларни қоралаб боришарди.

Ҳожи Муҳаммад Хисрав отини қичаб, Мирзо Улугбек олдига етганда тўхтади.
—Аълоҳазрат, тўн қўнмасдан бир манзилга етсак, - деди у.
— Маъқул, - деб билинар-билинмас бош силкиди Мирзо Улуғбек.

Улар ёнма-ён кета бошладилар. Анча вақтдан кейин орадаги сукунатни Мирзо Улуғбек бузди. У ичидаги тўфонни юз-кўзида зоҳир қилмай, хушчақчақлик билан ҳожидан аввалги ҳаж сафарлари хусусида суриштира бошлади. Ҳожи ҳикоясини

tugatolmadi, orqadan podshohning maxsus chopari tug'ini ko'tarib, ot qo'yib kelayotgan otliqni ko'rib, yuragiga g'ulg'ula tushdi. Otliq Abdullatif mirzo bilan birga Balxdan kelgan sulduz qavmiga mansub navkarlardan biri edi. Yelkasiga yuklangan vazifani bajarish maqsadida otini ayamay choptirgan chopar yigit yuz-ko'zidan qora ter quyilardi. Hoji navkarga yaqinlashib:

— Хўш, нима гап ўзи? – деб сўради.

Чопар эса айтадиган гапини бошқалар эшитишини истамади, шекилли, ҳожига яқинлашиб шивирлади:
— Аълоҳазратларини бирон ободон ерга олиб бориб, ўша жойда кутинг, Мирзо Улуғбек подшоҳ эрур, шул сабабдин ул зоти олийларининг сафари ҳам турку тожикни ҳайрон қилотургон тарзда, зўр дабдаба бирлан кечмоги лозим, бунга тайёргарлик эрса ҳали поёнига етишмағондур.

Ҳожи Муҳаммад Хисрав кутилмаган бу ҳодисадан ажабланиб, нима дейишини билмай, бир дам чопар йигит юзига синовчан тикилди. Йигит эса ҳожининг кўнглига шубҳа солганини сезиб, баланд овоз билан таъкидлади:
— Подшоҳимнинг амру фармонлари шу! Табиатан ҳуркак ҳожи қўлини кўксига қўяркан:
— Фармони олийга бош эгурмиз, - деди.

Чопарга шу гапни эшитиш кифоя эди, чамаси, отининг бошини орқага қайириб, Самарқанд томонга ўқдай учиб кетди. Унинг ортидан кўтарилган чангу тўзон оқшом ёруғида чиройли кўринди. Ҳожининг ўйга ботиб қолганини кўрган Мирзо Улуғбек унга яқинлашиб: «Хўш, Ҳожи, чопарни нечун йўллабдурлар?» – деб ўйлади. Ҳожи Ўртада бўлган гапни айтиб бераркан, қувғинди подшоҳ ялт этиб чопар от чоптириб кетган томонга қаради. Унинг кўзлари ғалати чақнаганини кўрган ҳожининг кўнглидаги шубҳа баттар кучайди. Бутун вужуди музлагандек бўлди, аммо ҳаяжонини сездирмай, Мирзо Улугбек нима дейишини кутди. Подшоҳ эса қадди-қомати эгилганича, ҳамон Самарқанд тарафга тикилиб турар, унинг кўнглига ҳам шубҳа оралаган, бу шубҳа совуқ ва қўрқинчли эди.

Бесаранжом ҳожи ниҳоят огиз очди:
— Аълоҳазрат нима буюрадилар?

Мирзо Улугбек ҳамроҳига бир зум «Сен ҳамма гапни биласан! Улар билан тилинг бир!» - дегандек диққат билан тикилди. Ҳожи баттар бесаранжомланиб, ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Ниҳоят, қувғинди подшоҳ маҳзун пичирлади:
— Билганингизни қилинг, тақсир.

Карвон яна йўлга тшди. Бир соат ўтмай, улар йўл устидаги Оби Сабуҳ деб аталган ариқ ёқасида жойлашган кичик бир қўрғонга етдилар. Шу ерда тўхташ маъқул топилди.

Мирзо Улуғбек отдан тушди ва оёғи увишиб қолганидан сал оқсаб қўрғонга кирди. Унинг қаршисига ўн-ўн икки яшар бола югуриб чиқди ва юлдуздек чақноқ, ялтироқ кўзларини таажжуб билан келувчиларга тикди.
— Чоп, отангни чақир! – деди буйруқ оҳангида Ҳожи Муҳаммад Хисрав тун салқинидан жунжикиб тураркан.

Дорулсалтана теварагида қурилган подшҳликка тобе қалялардан бўлган қўрғоннинг эгаси – кекса мингбоши заррин енгли эски тўнини елкасига ташлаб, ярим тунда уни безовта қилган одамлар ташрифидан бироз ваҳимага тушганича карвон аҳлига пешвоз чиқди. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон замонида тикланган бу қўрғон вақт ўтиб хароб бир аҳволга келган бўлса-да, қўрғон эгаси ойма-ой мунтазам маош миқдори камайиб борган бўлса ҳам қўргон эгаси бировга арз қилишга қўрқар, ярим харобага айланган қургон учун жавобгарлигини бир зум унутмай кун кечирарди. Ҳозир олдида турган одамлар ярим тунда қолган йўловчилар ёки савдогарлар эмас, подшоҳлик одамлари эканини билгач, бу одамлар бошпана бериш бахтига мушарраф бўлишидн қувониб кетди. Карвон аҳли билан бир бошдан кўриша бошлаган бу одам Мирзо Улуғбек қаршисида қувончини унитиб, дағ-дағ титраб, тўхтаб қолди. У турган жойида қотиб қолган, сўзлашга тили айланмас эди.
— Ҳа, тақсир, сизга нима бўлди? – деди Мирзо Улуғбек унинг даҳшатга тушиши сабабини билса ҳам.

Қўрғон эгаси ўғил билан ота ўртасида бўлиб ўтган машюм можаролардан яхши хабардор, кечагина қулоғига сўнгги миш-мишлар ҳам етган: Мирзо Улуғбек тахтдан соқит этилиб, шаҳзода Абдуллатиф подшоҳ бўлиб оқ кигизга ўтқазилган эмиш… Шу сабабдан қўрғон эгаси қаршисидаги одамга қандай муомалада бўлишни билмай ҳангу манг эди. Ниҳоят, у титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан:
— Марҳамат, аълоҳзрат, марҳамат! – дея қувғинди подшоҳга таъзим қилди-да, ўзини четга олди. Сўнг қўрғон бурчагидаги оиласи билан яшаган уйга кираркан, ешикни ёпиб, занжирни зулфинга илди. Шу-шу қорасини кўрсатмади.

Қўргон ҳовлисидаги дарахтларга машялалар ўрнатилгач, хачирлардан юклар туширилиб қўрғон ўртасидаги бино айвони бурчагида тахланди. Мирзо Улугбек билан Ҳожи Муҳаммад Хисрав айвондан қоп-қоронғи уч ичкарисига кириб, тўрдаги хонага ўрнашдилар.

Хона совуқ эди. Ости зах, тошдек қора ер. Неча ўн йиллардан бери одам нафаси иситмаган, ғурбатга чўккан кулбанинг ҳар бурчагида шамгин қоронғилик ҳукм суради. Тўрт томон девори сувоғи тўкилган. Қоронги гўрдек зах уйнинг бир бирчагида хунук ясалган ўчоқ бор, холос. Қўҳна кулбанинг тешик-тешигидан изиллаб шамол уриб, бошпанани кимсасиз саҳрога айлантири, музлатиб юборган. Йўл бўйи совуқдан қотиб, титраб-қақшаб келган Ҳожи Муҳаммад тонггача бу ерда исинолмай, дилдираб ўтиришини тасаввур қилиб, йўлга кечикиб чиққанидан пушаймон бўди.

Мирзо Улуғбек сувсар пўстинини кийди. Сўнг мулозимлар гилам ёзиб тўшаган кўрпачалар устига ёнбошлади. Юрагида сирқираган оғриқ азоби нечоғли кучли бўлмасин, у ўзини хотиржам тутишга уринарди. Кекса подшоҳ кўзини юмди. Ўша лаҳза ўнгида мунгли кўзлари жиққа ёшга тўлган суюкли қизи Робиа Султонбегимни кўрди. «Мени ташлаб кетманг, отажон!» деб бақирарди қизи…

Оҳиста-оҳиста қадам босиб мулозимларнинг бири кирди. У қўлида қумғон билан тос кўтарган эди. Мулозим тосни Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ҳамон оғир ўйлар ичида қолган қувғинди подшоҳ енгларини шимариб қўлларини мулозим тутган қумғондан оқиб турган муздек шаффоф сувга тутди. Кетма-кет кирган бошқа мулозим дастурхон ёзиб, таом келтирди. Мирзо Улуғбек билан Ҳожи Муҳаммад Хисрав таомга яқин силжидилар. Улар таом билан машғул эканлар, пойгакда ўтириб олган бола чақноқ кўзларини Мирзо Улуғбекдан олмай таажжуб билан боқар, гоҳ мирзо, гоҳ ҳожининг уни овқатга даъват қилганларини эшитмагандек, илжайиб турарди.

Мирзо Улуғбекнинг иштаҳаси йўқ эди. У жиндаккина нон билан уч-тўрт бурда қовурдоқдан еди, кейин бироз асалдан олиб, нонга сурди-да, болага узатди. Бола уялганидан ирғиб туриб хонадан чиқиб кетди.

Ниҳоят қорни тўйган ҳожи кўзларини юмиб, қўлларини юқорига кўтариб, фотиҳа ўқиди. Мирзо Улуғбек чордона қуриб ўтирган кўйи кўзларини ҳожига тикди. Ҳожи, насиб бўлса, эртага тонгда досулсалтанадан нвкарлар қўриқлаган ҳашаматли карвон етиб келиши, ана ўшанда йўл ҳам тез униши ҳақида сўзлаётган эди. Мирзо Улуғбек эшик томонга қараб-қараб қўяр, ташқаридан эшитилаётган овозларга қулоқ солиб, ҳожининг сўзларини паришон ҳолда тингларди. У сувсар пўстин кийганига қарамай, бадани жунжикаётганини сезди. Аммо бу совуқданми, ичида ғимирлаган совуқ шубҳаларданми, билмасди.

Eшик ғийкиллаб очилиб, мулозим дастурхон йиғиштиришга кирганда, Мирзо Улуғбек унга хона ўртасидаги ўчоққа ўт қалашни буюрди. Дам ўтмай икки навкар бу юмушга тутиндилар, ўтни катта қилиб ёқдилар. Подшоҳ ўчоққа яқинлашиб, гуркираб турган гулханга тикилди. Гулхан ёнида тинч-хотиржам бўлиб кўринган бу одам юрагида оламга даҳшат солгулик бир тўфон ҳоким эди. «Нима гуноҳим бор эканки, бу жафолар бошимга келди?» – деб ўйларди гулхан ёнида турган одам.

Унинг беш ўғлидан иккитасигина омон қолди. Қолганлари эрта ўлиб кетдилар. Тирик қолган ўғилларининг тўнғичи Абдуллатиф бибиси Гавҳаршодбегим қўлида тарбияланди. Маликадаги такаббурлик, ҳамма ишда бош-қош бўлишга интилиш, серзардалик бола табиатига кўчди. Йиллар ўтиб, серзардалик дағалликка, қўполликка, такаббурлик манманликка, тожу тахт ҳаваси ҳирсга айланди. Бобоси Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтганда, бибисининг алдовига учди. Гавҳаршобегимнинг: «Тожу тахтга отанг эмас, мен муносибсан!» – деб қулоғига қуйган гапларга ишониб, босар-тусарини билмай эди. Кейин бибиси уни лақиллатиб алданганини Ҳиротда қолган бошқа набираси, Абдуллатифдан суюклироқ Алоуддавлани қулай фурсатни бой бермасдан тахтни эгаллашга даъват қилганини билди. Аччиқланган шаҳзода кекса бибисини тутқун этди. Аммо тез орада Алоуддавлага бас келолмай ўзи тутқун бўлди. Ихтиёриддин қалясида зиндонбанд этилди. Шу воқеа туфайли тожу тахтнинг шарйий вориси бўлмиш Мирзо Улугбек ҳокимият учун курашишдан воз кечиб, ўғлини қутқаришга уринди. Охири сулҳ тузилди. Алоуддавла Абдуллатифни зиндондан озод қилди.

Ҳибсдан бўшаган ўғлини кутиб олгани ёдида: ўшанда ўғли отидан сакраб тушди-да, қучоғини ёзганча отасига қараб югурди. У ҳам қучоғини ёзганча бориб, Абдуллатифни бағрига босди. Қаттиқ қучоқлаб туриб, юзидан, кўзларидан ўпди, анчагача багридан бўшатмади. Ота билан фарзанд ўртасида, мана шу соғинчли қучоқдан бошқа бир оғиз сўз бўлмади. Ўғлини анча вақтгача кўксига босиб туриб бўшатганда, ота-боланинг оппоқ юзлари ҳаяжондан баттар оқарган, ранглари ўчган эди.

Тўнгич ўғлига тикилганича атрофдаги оламни англай олмай, у бир нафас эсанкираб қолди. Йигирма ёшга тўлай деб турган ўғли – новча бўйлик, қирра бурунлик, қўргир мўйлови эндигина сабз уриб келаётган, лаблари ғоят нафис, яхши кийинишни ёқтирган Абдуллатиф мирзо ота назарида ҳамон ёш бола сингари эди.

Ота фарзандининг эсон-омон қайтганидан беҳад қувонди. Ўғлини ёнига ўтқазиб узоқ суҳбатлашди. Ихтиёриддин қалаъсида чеккан азоблари ҳикоясини алам билан эшитди, фарзандининг ҳижил кўнглини тасаллилар билан ўктарди. Суҳбат сўнгида сулҳга кўра Мовароуннаҳр тасарруфига ўтган Балх мулкини Абдуллатифга суюрғол қилганини айтди.

Аммо кўп ўтмай бу ноқобил ўғил ўз отасига қарши исён бошлади, юзсизлик қилиб туққан отаси тирик туриб тахтни эгаллади. Бу камлик қилгандай кекса отасини ҳажга юбориш баҳонаси билан юртдан бадарга қилинди.

Унинг кўз ўнгида ўғлининг кибрли юзи кўринди. «Падари бузрук», - деди Абдуллатиф сўнгги учрашувда, - жуда толиқибсиз, сал дам олиб Макка-Мадинага бориб, Каъбани зиёрат қилиб келмайсизму? Бу бевафо дунёнинг ташвишини қўйиб охиратни ўйлайдиган ёшдасиз! Қайтиб келганингидан сўнг қолган гапларни бамайлихотир гаплашмайсизму, падари бузрук?!» Шаҳзоданинг теварагида ўтирган аркони давлат ўз ҳукмдорларининг шундай дейишини олдиндан кутиб турганларини Улуғбек сезди. Бошидан бахт қуши учиб кетган подшоҳлар тарки дунё қилиб, Маккага – ҳажга кеиши, буни рад этганлар эса ўлим топиши ҳам одат тусига кириб қолган. Мирзо Улуғбек ўғлининг сўзларини эшитиб, ранги бўздай оқариб, узоқ вақт ерга тикилиб қолган эди.

Кенжа ўғли шаҳзода Абдуллазиз мирзо нимжон туғилди. Шу сабабданми, ё у туғилишидан бироз муддат аввал ўн икки яшар ўғли Абдураҳмон вафот қилганиданми, бу ўғлига кўпроқ меҳрибон бўлди. Шаҳзода талтайиброқ ўсди. Ота эса ўз меҳрини ортиқ қилаверди. Ҳатто Тарноб жангида Алоуддавла устидан қозонган ғалабасини ҳам бу жангда жонбозлик қилган Абдуллатифнинг эмас, кенжасининг номи билан боғлаб, фатҳномани Абдуллазизнинг номига ёздирди. Бундай норози бўлган тўнғич шаҳзода ёвбошлик йўлига кирди.

Абдуллатиф мирзо отасига ўхшаб илмга иштиёқманд, айниқса юлдуз илмига кўнгил қўйган эди. Кенжа эса илмга бепарво ўсди. Отасидан унга ёлғиз мусиқага бўлган меҳр юқди. У танбурни шундай берилиб чалардики, юзлари ловиллаб қизариб кетарди. Хиёл кўтаринки қирра бурни, юпқа лаблари билан отасининг қошларига ўхшаш ингичка, қаламдек чизилган қоп-қора қошларига қараб Абдуллазизни Самарқанднинг энг гўзал йигити дейиш мумкин. Ҳар икки шаҳзоданинг бўйи баланд, қадди-басти келишган, қомати расо. Бироқ кенжанинг суюклари нозик бўлгани учунми, жуссаси заиф бўлиб туюлади. Шунга қарамай кенжа шаҳзода маишатпарастлиги, отаси хизматидаги амирлар ҳарамига очиқдан-очиқ кўз олайтириши Мирзо Улуғбекнинг душманларини кўпайтирди, подшоҳ шаънини қора қилди.

Ҳозир Абдуллатиф ўз инисини ҳам зиндонбанд қилган. Аммо у шу билан тўхтаб қолармикан, отасини бадарға қилган бу юзсиз ўз инисини ундан баттар жазога дучор қилмасмикан?!

Бахтиқаро отасининг ғазаби ўт олиб, ҳамияти жўш уриб қизишди, Қовоғи солинган, ранги ўчинқираб кетган чеҳрасида даҳшатли қаҳру газаб акс этиб турганга ўхшарди. У Самарқандни тарк этиш арафасида кўрган тушини эслади.

Тушида бепоён саҳрода ўзини ёлғиз турган ҳолда кўрди. Туман. Қоронғилик босган куч экан. Шомми, тунми номаълум эди. Фақат ғира-шира сароб ичида ёлғиз турар, осмонда на қуёш, на ой, на юлдузлар бор экан…

Тасодифан ўчоқдан учган учқун Мирзо Улуғбек пўстинининг пешига тушди ва унинг бир четини куйдира бошлади. Оғир ўйга ботган ҳолда турган аламзада подшоҳ анча вақтгача буни сезмади. Сезди-ю, уни енги билан уриб ўчирди. Кейин ўчоқдаги оловга тикиларкан:
— Аҳвол не эканини сен ҳам билдингми?! деб пичирлади.

Шу воқеа сабаб бўлдими, Мирзо Улуғбекнинг кайфияти тамом бузилди, оғир-оғир тин олиб, изтироб аралаш нималарнидир пичирлай бошлади. Анча вақт шу ҳолда хонада у ёқ-бу ёққа юрди. Сўнг бўзрайиб ўтирган ҳожига яқинлашиб, маҳзун товуш билан сўради:
— Мирзо Абдуллазиз омонму экан? Балки қатлга еткурмадиларму эркан они? Ҳожи Муҳаммад Хисрав бахтиқаро отага тасаллилар бериб, юпутишга уринди. У Абдуллатиф мирзо ҳеч қачон ўз тугишган биродари жонига қасд қилмасгини гапирди. Гапирарди-ю, ичини шубҳа кемирарди. Хонада ўтирган бу икки одам Абдуллатиф мирзо аллақачон қонли ишга қўл ургани, икки кун аввал, ҳали отаси Самарқандни тарк этмаган бир маҳалда, Кўксаройда яширин тарзда ўз инисини қатл эттирганидан бехабар эдилар. Худди шу пайтда дорулсалтанадан йўлга чиққан ўлим элчилари улар тўхтаган Қўрғонга яқинлашиб қолганидан ҳам воқиф эмасдилар.

Ҳожи Муҳаммад Хисрав ҳаж сафарига чиқиш олдидан Абдуллатиф мирзо уни ўз даргоҳига чорлагани, унга таҳдидона сўзлагани ҳақида ўйларди. «Менга қара, ҳожи, агар падаримиз бўлмиш Мирзо Улуғбек йўлда зид бирор ёмонлик ўйласа, ё бизга қарши жанг қилмоқ учун бирор манзилга қочса, сен бу ҳақда билиб туриб, бизга хабар бермасанг, ё олдини олмасанг, мендан қутилишни ўйлама, ер тагидан бўлса ҳам топиб каллангни оламан. Мен Тангри таоло ишини қилиб юрибман, ҳеч ким менга ҳалақит бериши мумкин эмас. Уқдингму, ҳожи?» – деди шаҳзода уйқусизликдан қизарган кўзларини чақчайтириб.
— Худойимнинг ўзи сақласин, - деб оҳиста шивирлади ҳожи.

Худди шу палла бола аллақачон ухлаб қолган эди. У туш кўрарди. Тушида қандайдир баджаҳл кимсалар гуллаб турган олмани камондан ўққа тутишди. Ўқлар зарбидан гулбарглар дув-дув ерга тўкиларди. Дам ўтмай олма шохлари яп-ялангоч бўлиб қолди. Энди баджаҳл кимсалар юлдузларга ўқ уза бошладилар. Осмондан қон томчилай бошлади. Боягина ерга тўкилган гулбарглар сап-сариқ хазонга айланган, қон мана шу баргихазон устига томчилаб, уларни алвон рангга бўярди. Кейин бирдан қоп-қора қиёфали отлиқ пайдо бўлди. У қўлидаги дудама қилич билан дарахт томонга учиб келди. Сўнг қиличини зарб билан урди, дарахт «қарс» этиб, ерга ағанади. Бола дарахтнинг ўз устига қулаётганини кўриб, даҳшатга тушиб, бўғилиб бақириб юборди. Бақирди-ю, уйғониб кетди. Ташқаридан қўрғон дарвозасини бесаранжом ураётганлари шовқини келарди…

Uyqusi o'chgan Hoji Muhammad Xisrav bilan gaplashib o'tirgan Mirzo Ulug'bek ham bu shovqinni eshitib, besaranjomlandi. Hoji o'rnidan qo'zgaldi.

— Яна нима бўлди? – деди у зўрға товушини чиқариб.

У ҳали гапини тугатмасдан, хона эшиги куч билан урилган зарбдан шарақлаб очилиб кетди ва қоп-қора сумбатли бир навкар шериги билан ичкарига отилиб кирдилар. Мирзо Улуғбек биринчи навкарни таниди. У Абдуллатиф мирзонинг Аббос исмли эрони навкари эди. Аббоснинг отаси бир қанча вақт илгари Миирзо Улуғбек амри билан фирибгарликада айбланиб, қатлга етказилган эди.

Аббоснинг кўриниши важоҳатли эди. Ҳожи Хисрав орқага тисарилиб хона бурчагига тиқилиб олди. Аббосга кўзи тушиши билан ранги ўчган Мирзо Улуғбек сапчиб ўрнидан турди. Сўнг Аббосга ташланиб, бор кучи билан унинг кўкрагига мушт туширди. Қариб қолган подшоҳдан буни кутмаган Аббос орқага тисарилиб кетди, аммо унинг шериги мушукдай чаққонлик билан орқадан келиб, Мирзо Улуғбекка ёпишди. Қутириб кетган Аббос қари подшоҳни муштлай кетди. Сўнг подшоҳнинг ҳолсизланиб қолганини кўргач, икковлашиб қўлларини қайириб, устидаги сувсар пўстинини ечиб олдилар.
— Бадбахтни маҳкам тут! – деб ўшқирди Аббос шеригига. – Мен арқон топиб

келгаймен…

У шундай деб ташқарига отилди. Мирзо Улуғбек ортиқ қаршилик кўрсатмас, тизза чўкканича, қўллари қайириқли ҳолда, бош эгиб ўтирарди. У келганлар мақсадини аллақачонлар англаган, дастлаб қаршилик кўрсатган бўлса-да, кексалиги туфайли бу икки зўравонга бас келолмаслиги, қолаверса, бу иши бефойдалини фаҳмлаган, тақдирга тан берган эди. У бурчакда тикилиб, дағ-дағ титраётган ҳожига ўгирилди:
— Тақсир, таҳорат олсам…

Ҳожи гаранг эди, у дастлаб қувғинди подшоҳнинг нима деганини англамагандек бақрайиб турди. Кейин бирдан гап нимадалигини англади, зўрға оёққа турди ва Мирзо Улуғбекнинг қўлларини ушлаб турган навкарга мўлтираб қаради. Навкар эса бирдан ҳеч нима демасдан Мирзо Улуғбекнинг қўлларини бўшатди. Кейин ҳожига қарата:
— Тез бўлингиз! Аббосни билмайсиз … - деди

У шундай деб ташқарига чиқди. Ҳожи югуриб бориб эшикни занжирламоқчи бўлди. Аммо занжир узилган эди. У шалағи чиққан эшикни бир амаллаб зичлаб ёпди ва таомдан олдин мулозим келтирган қумғонни келтириб Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ўчоққа яқин турган қумғондаги сув илиқ эди.

Ҳожи Муҳаммад Хисрав бундай ишлар одатда пинҳона қилинишини, гувоҳлар қолдирилмаслигини билар, шу сабабдан Аллоҳдан ўзига омонлик тилаб ёлворарди. Таҳорат олган бахтиқаро подшоҳ қиблага юз тутиб, намоз ўқимоққа турди. Аммо эшик худди ўтган сафаргидек қаттиқ зарбадан шарақлаб очиларкан, бир табақаси узилиб ерга тушди. Арқон ушлаб олган Аббос қаҳрли кўзларини намозда турган подшоҳга тикиб, уни еб қўйгудек ўқрайганича бир муддат остонада тўхтади. Мирзо Улуғбек ўрнидан қўзғалаётганини кўриши билан ўрнидан туришга имкон бермай елкасидан босди ва жаҳлдан бўзариб бақирди:
— Ҳой мочағар, қаердасан, келмайсанму?

Хонага шериги ҳовлиқиб кирди. Икковлашиб мирзонинг қўлларини орқага қайириб, маҳкам боғладилар ва ташқарига судраб олиб чиқдилар.

Кеча ойдин эди. Қўрғон саҳни ойдинда оқариб турарди. Аммо ҳовлида бирор кимса кўринмас, карвон аҳлининг барчаси бўлаётган воқеадан даҳшатга тушиб, қаршилик кўрсатиш ўрнига, пана-панада бекиниб олган эдилар.

Аббос банди подшоҳни машялалар ўрнатилган чинор остига олиб бориб, хазонлар устида тиз чўктирди. Мирзо Улуғбекнинг яланғоч боши ой ёругида ярақлаб туради. Аббоснинг юрагини ўч чўғи қиздирар – олдида бош эгиб турган одамни қийнаб, азоблаб иродасини синдирмоқни истар, аммо Абдуллатиф мирзо падарига азоб берганини билса, соғ қўймаслигидан хавфсираб тинмай сўкинарди. У банди учун қийноқли лаҳзаларни чўзиш мақсадида қиличини суғиришга шошилмасди, олдинга энгашганча Мирзо Улуғбекнинг юзига тиржайиб тикиларди. Энгашиб тураркан, юзида қувонч билан ғазаб акс этиб турар, қоп-қора башараси ёвуз йиртқичга ўхшаб кўринарди. Тўсатдан унинг хаёлига бир ўй келди-ю, кўзлари сузилиб кетди. У банди подшоҳ қулоқларига паст овозда нималарнидир шивирлай бошлади. Маҳкум подшоҳ ялт этиб бошини кўтарди, лаблари титради, кўзларининг нури сўнгандек хиралашди. Кейин қаноти синган бургутдай бир интилиб, аламангиз ҳолда хирқиради:
— Абдуллазиз!.. Болам!..

Унинг кўз ўнги қоронғилашди. Анчадан кейин кўзини очди. Кимсасиз ҳовлини, ойдин кечани ва қаршисида тиржайиб турган қоп-қора башарани кўрди. Мирзо Улуғбек бир неча дақиқадан кейин ўлишини сезди. Хотиралар чақмоқ ёруғида кўринган тасвирлар каби, ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўта бошладилар. У ҳали ўз қаршисида унинг юзини қақшол кафти билан силатган соҳибқирон бобосини кўрар, ҳали бошида мунгли аллалар айтган бибиси Сароймулкхонимни кўрар, ҳали суюкли ўғли Абдуллазизни, эрки қизи Робиа Султонбегимни кўрар, ҳамли шумшук кўзли Абдуллатифнинг чақчайган башарасини, ҳали масюм шогирди Али Қушчининг ғамгин нигоҳини кўрар эди. Бу хотираларнинг ҳаммаси унда ҳеч қандай туйғу уйғотмасдан, учиб ўтарди. Умрнинг саноқли дақиқалари қолганини сезган онг на ғазабга, на шодликка, на ачинишга, на бирор бошқа ҳис-туйғуга ўрин қолдирмаётгандек эди.

Худди ўша лаҳза у деразадан ўзига қараб турган болага кўзи тушди. Улуғбек: «Болани олинг!» – деб бақирди. Аббос унинг нима деб бақирганини билмай бир зум атрофга аланглади, сўнг «Подшоҳ қўрқувдан эсдан оғди» деб ўйлади. Унинг қилич кўтарганини кўрган Мирзо Улуғбек калима келтирди: «Ла илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ!»

Қилич шувиллаб тушди-ю, бандининг бошини танасидан жудо қилди. Бошсиз жасад худди балиққа ўхшаб патирлаб отилиб тушар экан, шаҳиднинг бўғзидан оққан қизил қон тирқираб чиқиб хазонларни, нам ерни бўяй бошлади. Аббос эса қиличини жасад эгнидаги тўнга артди-да, шериги етаклаб келган отга ирғиб минди ва дам ўтмай икки отлиқ қора тун қўйнига сингиб йўқолди.

Ҳовли саҳнида ҳеч ким йўқ эди. Фақат бу қонли воқеани кўриб, даҳшатдан эсанкираган бола дераза олдида қотиб турарди. Унинг кўзларида бир неча лаҳза аввал Мирзо Улуғбек кўзларида товланган маҳзун алам акс этиб турарди.

Чорак соатдан сўнг пана-панада биқиниб олган Ҳожи Муҳаммад Хисрав бошлиқ карвон аҳли қўрқув ичида бир-бирларига сиқилишиб, бири бошқасини олдинга итариб, ўзи унинг орқасидан боришга тиришиб, оёқларини секин босишиб шаҳид жасади тепасида тўпландилар. Сўнг қўрққанларини билдирмаслик учун шанғиллаб гапириб, ёв босгандек шошилиб, юкларини яна хачирларга ортиб, жасадни сувсар пўстинга ўраб, хачирларнинг бирининг устига боғлаб, Самарқандга қараб йўлга тушдилар.

Тонгда шаҳид подшоҳ қони оққан ерни кетмон билан тарашлай бошлаган қўргон эгаси ўзига қараб ўтирган ўғлининг кўзларидаги мусибатни сезмагандек ёқимсиз овозда минғирлаб қўшиқ айтарди. Атрофни қалин туман босган, ҳаво рутубатли, осмонда қуёш йўқ эди.