OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXуршид Дўстмуҳаммад
Асар номиЖажман (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Xуршид Дўстмуҳаммад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жажман (ҳикоя)
Xуршид Дўстмуҳаммад

— Ёмоннинг кучи мен япалоққа етибди-да!.. Ҳ-аҳ, сағирри ҳаққи урсин-а!

Тонг саҳарги бу аламли қарғишдан тим ичи оёққа қалкди. Раста устида, остида, қоп-қанорга ёнбошлаб омонат ухлаб ётган кексаю ёш туршакфуруш, ёнғоқ-фуруш, майизфуруш, иистафуруш ва ҳоказо фурушлар уйқули кўзи билан апил-тапил ён-верини пайпаслай кетди, кўнгли жойига тушганлар бирин-сирин оҳ чекаётган жувон теварагига тўплана бошлади. Ҳам-дардлар ҳам топилди:
— Кўп обдеме? — сўради улардан бири шанғиллаб.
— Қопни яримлатиб кетибди, — деб пиқиллади жувон,
— Ў, хотинталоқ!..
— Шу аёлди майизини егунча тили ўйилиб тушсин-а.
— Неччи қопиди, опой? — чийиллаб сўради яна бирови.
— Бир қоп... иди... етимчалар насибасидан қайириб опкелгандим.
— Қўлга тушириб, манаши тим шифтига осиш ке-рак! — деди бошқаси дағдаға қилиб.

Тўдадан чеккароқда бошини солинтириб турган Зардушт бобо, бирон ерда пусиб ётган ўғри-каззобнинг гирибонидан олишига имони комилдек, вазмин одимлаб тимнинг этаги томон юрди, икки ёни кета-кетгунча чўзилган раста оралаб бораётиб, кунда-шунда бозорчиларнинг мудраб-керишиб зўр-базўр уйғонаётганини кузатганича ўйлади: «Ҳамма ўзи билан овора... тириклик ташвиши... сотиш, сотиш, сотиш... уюм-уюм писта, бодом, туршагу майизни сотиш, пулга чақиш рдида бари...» Бобо беихтиёр устма-уст тахланган қоп-қанор чўғини чамалади, яна пича юрди, сўнг сотувчи аҳли сийраклашгани боис тим одоғига — деворга етмай изига қайтди. Қайтаётиб... орқа томондан кимдир деворни муштлаётгандек заиф гурсиллаган товушни эшитди. Бобо қордек оппоқ соқолини тутамлаб қулоқ осди, ҳийла шу кўйи тек тургач, ортиқ эътиборини бўлмай жабрдийда жувон ташвишида келган йўлига қайтди.

Бобонинг растаси тимнинг бошланишида — дарвоза биқинида эди — у нотайин хаёлларга чалғиб жойига келди-да, қопларидан бирининг оғзини очиб, сара майиздан қийиқчасига уч-тўрт кафт солди, олиб бориб жувоннинг яримлаган қопи устига қўйди. Бобонинг изидан майиз келтириб тўкувчилар қаторлашди. Улар ўлимдек бедаво куч олдида ўз ожизликларинн тан олгандек, жувонга сўзсиз ҳамдардлик изҳор қилишар ва бошларини қуйи солинтирганча изларига қайтишарди.

Зардушт бобо растаси ёнига тўшалган кўрпачага ўбдон жойлашиб чўк тушаётиб, бир нарсадан хавотирлангандек: «Ўзинг мададкорсан, Ахурамазда...» деди шивирлаб. Шивирлагани замон соч-соқолидаи, қуюқ қошларидан нур таралди — ён-атрофида бир зум фонус ёниб ўчгандек бўлди... Тўсатдан уч-тўрт устун нарида кап-катта эркак киши беўхшов дўриллаб фарёд кўтарди:
— Уйим куйде!.. Худо урде!..

Бояги безовталикдан сўнг ҳийла тинчиб қолган тимда яна ғала-ғовур кўтарилди. Яқин-атрофдагилар, жабрдийда жувонга ёрдам бериб қайтаётганлар гуриллаб дод солаётган киши тепасига борди. Элликни уриб қўйган, бўрдоқига боқилган қўйдек биққи семиз туршакфуруш алпанг-жалпанглаб эмаклаганича қават-қават тўшалган кўрпачаларни итқитар, нуқул, «Йўқ!.. Йўқ!.. Шилиб кетибди!», дер, лекин йўқотганини топишдан умидвор шекилли, қалт-қалт титраётган қўллари билан кўрпачаларни қайта-қайта ағдар-тўнтар қилишдан тинмас эди.
— Қанчайди, Қамчевой? — сўради шинаванда бозорчилардан бири.
— Естук остуга... ёстуғди остуга қўйгандим... — деб ғўлдиради туршакфуруш бошини кўтармай.
— Қанчайди, деёпман? — чийиллади бояги киши.
— Анчайде... ман санамаган... бир даста эди!..
— Ол-а!
— Баракалла-э, Қамчи-э, ёстикди остига ҳам пул қўядиме, инсон! А, бу...
— Ёстиқнинг остига қўядими, устигами, бу — ҳар кимнинг хоҳиши. Аммо-лекин пулни олдирганимиз эмас, аллақандай зиғирчанинг таъзирини бериб қўяёлмаётганимиз алам қилади одамга!

«Нурингни дариғ тутма!...!» деб юборди Зардушт бобо ўзига-ўзи гапираётгандек ва афт-ангорини кўрмаса-да, гап бошлаган Сўзамол ёнғоқфуруш йигитни овозидан таниб. «Ота ёнғоқфурушнинг ўғли...» деган ўй кечди хаёлидан. Йигит астойдил ёниб-куйиб гапираётганидан халойиқ сукут сақлаб унинг оғзига анграйган эди.
— Кеча икки шўринг қурғур пулини ўғирлатди, — деди Сўзамол йигит, — илгариги куни куппа-кундузи бир халта хандон пистани олдирдик, кеча — пул, мана, бугун яна... ия, муттаҳамлик ҳам эвиминан-да! «Вей, яхшилар, кўзни очайлик!» дейдиган бирон забонлик мард йўғ-а!..

Хаёлга чўмган Зардушт бобонинг кўксига тушган соқоли сезилар-сезилмас титради...

...Саҳар эди, ғира-ширада таҳоратланиб олгач, тимирскиланиб-пайпасланиб расталар орасидаги йўлакчадан ўтаётганида икки газ нарида аллақандай шарпа ғимирлаганини пайқади. Тикилди, кўзи илғамади. Жойига қайтиб чўк тушди — бошини тиззасига солинтириб кўзини юмганича сукутга кетди. Ҳар кунги одатига биноан, мўйсафид хаёлларининг жиловини бўшатди... «Ҳадемай, тонг отади, олам нурга тўлади... Одамлар уйғонади, бозор уйғонади... тим дарвозаси ланг очилади, ғала-ғовур бошланади... тумонат тошиб-шошиб оқиб киради, оқиб чиқади... сотувчи келади, харидор келади, бекорчи келади... чумоли бўлиб келади... чумоли бўлиб чиқади... оёқлар тинмайди, қўллар тинмайди, оғизлар тинмайди... кираверади-чиқаверади, кираверади-чиқаверади... олаётган пулим дейди, сотаётган молим дейди... тирикчилик бани башарнинг тумшуғидан жилов ўтказиб етовга солади... «бозор» дея аталмиш товага солиб айлантиради, айлантираверади... қумурсқа тутганини чангаллайди, тутганини инига та-шийди, ташийверади... олиш-сотиш, олиш-сотиш, олиш-сотиш... қўлга, тилга илннган нима нарса борки, сотилади... ё, алҳазар, Ахурамазда!.. Ожизлар оловга муҳтож, Ахурамазда!..

Зардушт бобо чўяндек оғирлашган қовоқларини аранг кўтарди, ёнбошида турган қопга қўл суқиб бир кафт майиз олди, уни ҳовучидан ҳовучига шопириб ўтирди-ўтирди-да, юз бир уқубатда қўзғалди. У ер-бу ерда ғимирлай бошлаганлар шарпасини илғаб, «Яхшилар тоблансинлар... Яхшилар поклансинлар», деб илтижо қилди ва раста олдига айланиб ўтаётиб икки устун нарида...
— Ёпирай! — деб юборди шошганидан. У турган жойида қотиб қолди, иродасини жамлашга уриниб кўзини пирпиратди — бўлмади. — Ўзинг мадад бер, Ахурамазда!.. — деди пичирлаб. — Не жондорга рўпара қиляпсан, Ахурамазда?!

Бобо бўй-басти бир қарич чиқмайдиган ажабтовур бир махлуқни кўриб худди иркит нарсага кўзи тушиб, нигоҳи булғангандай бирдан сесканган ва кўнглига хатарли бир кўлага соя солган эди, нафаси бўғзига тиқилиб овози чиқмай қолди.
— Жажман!.. Тимга Жажман оралади, яхшилар! – дея олди базўр.

Зардушт бобонинг назарида отимдошлари ҳозироқ оёққа турадию анов махлуқни тутиб тилка-пора қиладигандек, супуриб-супириб тимдан чиқариб ташлайдигандек эди, лекин тимнинг бурчак-бурчакларига урилиб-қалдираб қайтган бобонинг овози ҳеч кимнинг қулоғига кирмади. Бобо ҳушини йиғиб овозининг борича ҳайқирмоқчи — одамларни ҳалокатдан бохабар қилмоқчи эди — шу чоқ махлуқнинг қилиғига кўзи тушди-ю, анг-танг бўлиб қолди — бобо инсон зотининг кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган ҳодисанинг шоҳиди бўлаётган эди.

Махлуқ раста устидаги майиз ёнига обдан нўк тушиб олганча лагандаги ошга қўл чўзаётгандек бемалол майиздан туширар, дамодам қорнидаги қопчиғига бир кафт-икки кафт ташлаб ҳам қўярди.

Бобо ҳийла маҳал махлуқни кузатди, унинг қўли-оғзи тинмас, лекин ҳали-вери тўядиганга ҳам ўхшамас эди. Унинг қандоқ қилиб бировнинг майизини тортинмай-нетмай паққос тушираётганидан бобо ҳайрону лол бўлганича, кўзларига ишонмас, хаёлида эса: «Бу қандай махлуқ ўзи? Бу қандай махлуқ?», деган савол чарх урарди.

Бобо хаёлга чалғиб, махлуқ қачон ва қандай қилиб ерга тушганини пайқамай қолди, фақат унинг сакраб-ирғишлаб дарвоза томон бораётганини кўргачгина, ҳушини йиғди. Бобо шундагина бу ғаройиб жондорнинг башарасини аниқ-тиниқ кўрди — махлуқнинг кўзи, қулоғи, тумшуғи дам сичқонникига, дам тулкиникига ўхшаб, тинимсиз товланар эди... «Олмахон-ку!», деб юборди ичида бобо ва шу заҳоти бошини чайқаб «Тулкиминан сичқондан тарқаган кўринади», деган хаёлга борди, бирпас жим қолгач эса, «Қорни кенгуруники...», деди пичирлаб, лекин махлуқ қаддини ростлаб икки оёқлаб бораётганини кўриб, «Ё одамдан тарқаганмикан?!», деб ўйлади ва беихтиёр шак келтириб қўйгандек шошиб ёқасига туплади...

Орадан аллақанча кун ўтди, қоқ пешин чоғи туршакфурушлар қаторида қий-чув кўтарилди. Оломон гувиллаб ўша ёққа ёпирилди. Ёпирилгани сайин битта-яримта «Нима?», «Нима ўзи?», «Тавба-а!», деган узуқ-юлуқ товушлар эшитилиб турди-да, бирдан ғала-ғовур тинди.
— Тутамиз, тутамиз! — деб бақирди пистафурушлардан бири ҳовлиқиб.
— Тегма, тегмай тур! Кўрайлик-чи! — деб уни шаштидан қайтарди туршакфуруш чол.
— Ҳай, нима ўзи бу? — деб чийиллади қора чопонли мўйсафид. — Сичқонми?
— Одам-ку?

Ҳангоматалаб оломон ваҳ-хаҳолаб тимни бошига кўтарди.
— Жим! Чўчитиб юборасизлар!

Шу пайт махлуқ ҳуркиб, қочиш пайига тушдими, қора чопонли мўйсафид «Қочмоқчи!.. Қочмоқчи!», деди баттар чийиллаб.

Оломон орасида ғовур кўтарилди, тўрт-беш киши ёқалашиб гурПайлашаётгандек эмаклай, юмалай кетди — тўс-тўполон қўпди, қўпдию зумда ҳамма ҳовуридан тушди.
— Қочди! Қочди! — деган нидолар кўпайди.
— Қўлинг тегди-ку! Шуни тутолмадинг-а! — деди бирови ўдағайлаб.
— Қаёққа ғойиб бўлди? Қаёққа? — деди янаям ҳовлиқиб ёнғоқфурушлардан бири.

Тўдадагилар аланг-жаланглаб махлуқ қочган томонни билолмай гарангсиб қолди. Ола-ғовур пасайиб, ҳар ким жой-жойига қайтаётганда «Тутамиз, тутамиз!», деб бақирган пистасруруш қўли махлуққа теккан кишига ёнбош келиб, шипшиди:
— Шу қўл билан одамларга бодом сотасанми энди? Қўлинг ҳаром бўлди-ку!..

Бодомфуруш бу гапга ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай пистафурушга анграйди-ю, қўрққанидан афти қийшайиб кетди. Унинг аҳволини кузатиб турган Зардушт бобо юраги увишиб бошини тебратганича лаб жуфтлади, лекин ҳеч нарса демади...

Тимдагиларга гап топилди. Ётган ҳам, турган ҳам ўша махлуқдан ҳангома қиладиган бўлди.
— Хў-ўп ғалати нарса экан-а? — дейди бирови.
— Бирон ёмонликнинг аломати бўлмасин-да, ишқилиб, — дейди бошқаси юрак ютиб.
— Ёмонлик ҳам гапми, бирон бало-қазонинг уруғи бўлмасин тағин! — дейди ваҳимачиси.
— Ол-а! Шу зиғирча нарса бошлаб кеган бало-қазо нима бўларди!.. Бу — бизга бир эрмак-ку, ҳа-ҳа-ҳа! — деб ҳамманинг кўнглидаги шубҳа-гумонни ҳайдаб чиқарди дали-ғулиси.

Ҳангомага харидорлар ҳам аралаша бошлади.
— Нонвойхонада ҳам ғалати махлуқ пайдо бўлганмиш! — деб гап топиб келди улардан бири.
— Қандолатчилар растасига бурноғи йил оралаган, нимайканини ҳеч зоғ билмайди!
— Эрта-индин бутун бозорга тарқалармиш!..

Бундай узуқ-юлуқ хабарларни эшитган Зардушт бобо маъюс тортди. Ахуразмадага имон келтирди. «Наҳотки бутун бозорга тарқаса...» деб хавотирда ўтирганида тим ичида Ота ёнғоқфурушнинг овози жаранглади:
— Эшитмадим деманглар! Махлуқнинг номи — Жажман! Жажман!.. Эшитмадим деманглар!..

Зардушт бобо бадани увишиб турган эканми, сесканди. Ота ёнғоқфуруш жар солаётган номни қадимда аллақайда эшитганини, эшитган эмас, номаълум жондории ҳо-ов биринчи бор кўрганида ўзи беихтиёр, «Жажман!.. Тимга Жажман оралади, яхшилар!», деб юборганини эслади... Бобо оғир сукутга чўмди... «Ахурамазда аён қилибди... Яхшилар воқиф бўлибди», деди у тин олиб... Яхшилик илоҳининг ҳаққига шукроналар бағишлади...

Бу ёқда туршакфуруш тепасидаги можаро давом этарди.
— Манаши сичқонбашара билан келишайлик. Еганича есин, ангишвонадай қорнига дунёни ютвормас!.. Тўғри, киссага тушгани яхшимас.

Кўса майизфурушнинг эзмаланишидан Сўзамол ёнғоқфуруш тутақди:
— Сизминан биз «яхши-яхшимас» деб ўйимизга етгунча Жажман тимни эмас, бозорни еб битиради! — деди у жеркиб. Сўнг сал ҳовуридан тушиб, овозини пасайтирди: — Тўғри, илгари кўзимизга кўринмаган, у бир сиқим-икки сиқим майиз-туршак егани билан камайиб қолмасдик, «еса ебди-да», дедик. Индамадик. Кейин сезиб-сезмай эркатойимизга айлантирдик...

Зардушт бобонинг юзига майин табассум югурди. Жажман секин-аста тимдагилар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган даврларни эслади.

...Махлуқ кўринди дегунча «Ма, Жажман, ма!», деб унга майиз, писта, ёнғоқ ташлайдиганлар чиқди. Жажман ҳеч кимдан тап тортмас, хаш-паш дегунча «хайр-садақа»ни еб халтасига солиб битирар, туршакни гоҳ данаги билан ютиб юборар, гоҳ қарсиллатиб чақиб, мағизини чапиллатиб чайнар эди. Унинг зиғирдек қўли, бармоқлари, зиғирдек тумшуғию сичқонникидек оғзига, моғор тусидаги митти кўзларига қараб... бозорчилар кулгани кулган эди, бора-бора унинг еб-тўймаслигидан, очофатлигидан юмалаб-юмалаб кулиб, вақтичоғлик қиладиган бўлдилар. «Уни мен тўйдираман! Йўқ, қорни ёрилиб кетгунча мен боқаман уни!», деб баҳс бойлайдиганлар чиқди, лекин ҳар сафар «Тўйдираман!», деб катта кетганлар чув тушаверди, Жажманинг еб-тўймаслиги сирлигича қолаверди...

Кейинроқ Жажман биров чақирмаса ҳам ердан ёриб чиққандек пайдо бўлишни, растага уюлган мева қоқисидан бемалол паққос туширишни одат қилди. Тимдагилар бунга ҳам кўникди, сўнг... ўша кезлар, ким эди-я, ҳа-я, анави Сўзамол ёнғоқфурушнинг бобоси Бобо ёнғоқфуруш Жажманни «Йўқол-э!», деб қувиб солди. Қопдаги ёнғоқни қарсиллатиб чақаётган деб пичирлади, яна, яна... ва тўсатдан тим ичини: «Ўлдирамиз!» деган хитобу даъват тутди.

Бундай жазони кутмаган битта-яримта ...фурушлар демаса, тимдагиларнинг бари оёққа қалқди. Ғовур-ғувур зўрайди. Кутилмаганда издиҳомдан чеккада – раста устида холи ўтирган чопонли жийдафурушнинг залворли, дўрилдоқ овози қўзғолганларни жойида тўхтатди.
— Ҳой, яхшилар, лоақал бобомиздан оқ фотиҳа олишни унутманглар...

Шовқин ўша заҳоти тинди, оёққа қалққан издиҳом Зардушт бобо томон ўгирилди. Сўзамол ёнғоқфуруш тўда олдига ўтиб, бободан ижозат сўраб, саволомуз термилди. Бобо кўзларини қисиб унга тикилди, сўнг ҳудудсиз осмонга кўз югуртирмоқчидек бошини вазмин кўтариб, одамларнинг боши узра тўғрига — тим одоғи томон нигоҳ солди. Чурқ этган сас эшитилмас, жамоат нафас олмай, бобонинг оғзини пойлаётган эди. Бобо рўпарасида илҳақ турган фуқаро дардида Ахурамазданинг ўзидан мадад сўрамоққа лаб жуфтлади, лафз айтишга улгурмай, тим одоғидаги девор ортидан... зорланганнамо гурсиллаган шовқин чалинди қулоғига. Оломон унинг фатвосига илҳақ, бобо эса бирон кимса пайқамаётган бир сирли-синоатли нола қайдан келаётганини билолмай гарангсиб сукутга чўмган эди... Шу чоқ Зардушт бобонинг ўсиқ қошлари паноҳидаги нурсиз кўзлари илкис чарақлаб кетди, бобо бошини ёнбошга энкайтириб, устун ортига мўралади. Ўша томондан «Мана! Мана!», деган шовқин кўтарилди. Тим ичи алғов-далғов бўлиб кетди. Тўс-тўполон қўпди. Зардушт бобо рўпарасида ҳеч зоғ қолмади. «Мана! Мана!», деб ҳайқирган киши шекилли, икки қатор раста ўртасидаги ялангликка югуриб чиқди-да, «Ана! Анави қопдан олди! Олди!», дея қўлини бигиз қилиб кўрсатганча тисарилаверди. Ёрдамга ошиққанлар у киши кўрсатган қоп тепасига етиб бордилар — қоп оғзи очиқ эди. Қоп-қанорнинг ён-верига тумшуқ суқаётган уч-тўрт чоқли кишининг бирови, «Ана, ур!», деганча ўзини раста устига ташлади. Зардушт бобо шундагина Жажманни кўрди, махлуқ растага тўшалган ўрин устида кавагидан бош чиқариб атрофга қулоқ солаётган кўрсичқондек аланглади-да, лип этиб яна ғойиб бўлди.

Қув-қувчилар кўпайди: кимдир эмаклаб раста остига ўрмалаб кириб кетди, кимдир қоп-қанорни суриб-йиқитишга тушди, уч-тўрттаси қўлига яримта-юримта ғишт парчасини тутганча аланг-жаланг хезланди.

«Жажман қўлга тушса керак», деб ўйлади Зардушт бобо, ўйладию шу заҳоти фикридан қайтди: «Бир ҳамлада қўлга тушадиган бўлса, шу чоққача жон сақлаб юролмасди. Бобонинг кейинги фарази тўғри келди: ҳарчанд қув-қувга қарамай, Жажман қўлга тушмади. У сон-саноқсиз оломон тажовузига парво қилмай, гоҳ у, гоҳ бу раста устида пайдо бўлар, майизми, бодомми, ёнғоқ ё туршакними — бирдек иштаҳа билан митти юходек еб, қопчиғига тиқиштирарди. Писта уюмини совураётганида муштдек ғишт парчаси учиб келиб пистани тупроқдек тўзитиб юборди. Жажман шунда ҳам талвасага тушмай, ғойиб бўлди.

Дарвоза туруми шарақлаб харидорлар кира бошлади ҳамки, қув-қув тўхтамади: семизу ориқ, ёшу кекса ҳолдан тойди. Жувон майизини, туршакфуруш пу-лини ўғирлатганини унутди.
— Ғиштни ким отганди? — сўради ҳарс-ҳарс нафас олаётган шоп мўйловли киши.
— Мен! — деди пучуқ мағизфуруш гердайиб, сўнг афсусланиб қўшиб қўйди: — Мўлжалдан сал хато кетди-да!..

Зардушт бобо тимдошларининг болакайлардек суханбозлигидан кулгиси қистаб, қўлларини орқасига қилганича жойига қайтди, қайтаётиб тим одоғига орқа ўгириб турган бўлса-да, яна гурсиллаган шовқинни эшитди. Ерга қоқилгандек тек туриб бутун вужуди қулоқ бўлиб тинглади: гурс... гурс... гурс... Бобога ер ости гурсиллаётгандек туюлди, беихтиёр оёқ остига разм солди, қулоқ осди... йўқ, гурсиллаётган — одоқдаги тим девори эканлиги аниқ эди...

Бобо жойига ўтиб ўтираётиб, «Дарвозани оча қолинглар» деган маънода қўшни майизфурушга қаради. Дарвоза очилдию тим ичи харидорга тўлди: ғала-ғовур, савдолашишлар, талашиб-тортишишлар бошланди... Зардушт бобо тимдошларига кўз югуртирди, улар гўё ҳаётларида унутилмас қувончли воқеа юз бергандек димоқлари чоғ, руҳлари тетик эди...

Eрталабки ҳодиса бир қанча кунгача оғиздан тушмади:
— Жажман қайтиб қорасини кўрсатмайди! — деди пистафурушлар.
— Ўтакаси ёрилиб ўлди, қанор-панорнинг остидан ўлиги чиқади энди! — деди ёноғоқфурушлар хаҳолаб.
— Зора қутилган бўлсак... — деди жийдафурушлар умид боғлаб.

Зардушт бобо эса мийиғида кулди, унинг назарида Жажманнинг мавжудлиги куну туннинг алмашинишидек муқаррар эди. У фақат бир нарсадан ташвишда, «Жажман ёлғизми, ё унинг уруғи кўпмикан?.. Ёхуд, ҳаммаёқни Жажман босиб кетса қандоқ қилади одамлар?», деган ўйнинг охирига етолмасди.

Бунга ҳам бобонинг ўзи жавоб топди...

Саҳарда одатдагидан пича эрта уйғонди, уйғондию кейинги кунларда камуйқу бўлиб бораётгани, ухлаш ором эмас — азобга айланаётгани мулоҳазасини қилди... Одамзод музлик салтанатига банди бўлмас экан, у — ҳаёт... «Ахурамазда, ўзинг мададкорсан!.. — деб шивирлади бобо астойдил. — Ихтиёр ўзингда, Ахурамазда!..»

Бобо ўи оғушида ўрнидан турди, ташқарига йўналган жойида Жажманга кўзи тушди. У пахтали камзулини елкасига омонат ташлаб ётган майизфурушнинг рўпарасида чордона қуриб ўтириб олган, лагандаги ошга қўл чўзгандек бемалол унинг қўйнини кавлаштираётган эди. Маст уйқуда ётган майизфуруш, қитиғи келдими, ғимирлади, кўзини қаттиқроқ юмди, махлуқ эса зиғирдеккина чангалида пайдо бўлган пулни боши узра кўтариб, бобосидан обакидандон ундирган болакайдек сакраб-ирғишлаб, лекин суваракдек сассиз-шовқинсиз югуриб дарвоза ёнига келди. Бобо ҳушини йиғиб улгурмай Жажман деворга суяб тахланган қопларга тармашиб юқорига зипиллаб чиқиб кетди. Дарвоза тепасига етганида ўша ердаги девор туйнугидан ҳар бири сандалдек-сандалдек қўшалоқ ҳовуч пайдо бўлди. Жажман қопчиғини кўтариб ҳовучга ағдарди, устидан чангалидаги пулни ташлади, ҳовучлар шу заҳоти кўздан йўқолди. Жажман ғизиллаб пастга тушди...

Бобо кўз ўнгида содир бўлган воқеани хийла фурсатгача идрок этолмади — манглайида ўлим шарпаси елиб ўтгандай юраги орқага тортди... баҳайбат ҳовучлар, ҳе-э, аллазамонларда — болалик кўзлари тушида кўрган, Оташ момосини олиб қочган ҳовучларнинг ўзгинаси эди...

«Одамлар, воқиф бўлингиз... пойлоқчилик қилингиз. Жажманни қўлга туширингиз», дегиси келди. Зардушт бобо баралла, «Жажман!.. Жажманни тутингиз, яхшилар!», деб ҳайқирганини, аммо ҳайқириғини тимдошларидан ҳеч кимса эшитмаганини эслади — «уларнинг дилини ўзинг нурафшон этгайсан, Ахурамазда!», деди...

Зардушт бобонинг нолалари бесамар кетмади — қув-қув авжга мингани сайин Жажман ҳолдан тоя бошлади, энди у бемалолдан-бемалол нишхўрлик қилмас, бир чўқиб, ўн аланглар, сичқондек қув, олмахондек эпчил бўлиб қолган, нафси ҳаккалак отганидан кун-туннинг фарқига бормай қўйганди. У тўппа-тўсатдан бирор раста устида пайдо бўлар, сотувчи ё харидорларнинг ҳай-ҳайлаб аюҳаннос солишига қарамай, ер кавлаётган юмронқозиқдек икки қўллаб қопчиғини тўлдирар ва одамлар эс-ҳушини ўнглагунича қочиб улгурарди.

«Ҳовучларни тўлдиролмай жони ҳалак!», деган ўй кечди Зардушт бобонинг кўнглидан...

Сўл қатор растадагилар ҳар ерга каламуш қопқон қўйдилар, уни кўрган ўнг қатор растадагилар, «Жажман қопқонга тушмайди», деган хаёлда тешик-туйнук борки, сим тўр қоқиб ташладилар. Бозор эгалари юборган оқ халатли халоскорлар куни бўйи савдони тўхтатиб қўйди, сотувчию харидорларни ташқарига ҳайдаб, тим ичини қўланса исга тўлдирди. «Ўн йилгача Жажманнинг қадами узилади энди!», деган овозалар тарқалди, уч-тўрт кунгача одамлар оғиз-бурнини ёпиб жон сақлади. Жажман эса... тимдаги бехаловатликларнинг ўзига дахли йўқдек ўша-ўша — кечани кеча, кундузни кундуз демай ўмаришдан толиқмасди, елдек пайдо бўлиб, бировлар қўлидаги пулни юлқиб қочар, унинг изидан ушла-ушла, ур-сур бошланар, натижа эса ҳамишадагидек: Жажман осонгина қутулиб кетарди...
— Сим тўрнинг катагидан сирғалиб ўтди-я! — дейди бирови.
— Ўз кўзимминан кўрдим! — дейди унинг гапини тасдиқлаб бошқаси, — хамирдай чўзилдию зулукдай сирғалиб ўтди-кетди!..
— Қўлим қопчиғига тушиб йиртворай деди-я, аттанг! — дейди яна бирови ҳовлиқиб.
— Кимда-ким қўлга туширса, беминнат ҳадя бор! – деб қолди Сўзамол-ёнғоқфуруш.
— Беминнат ҳадя!..
— Мукофот!.. Мукофот!..

Оғиздан оғизга кўчаётган бу хитобу ҳайқириқлар орасидан Зардушт бобо қулоғига гурсиллаган товуш ҳийла баландроқ, аниқроқ эшитила бошлади. «Вақти-соати яқин...», деди пичирлаб бобо. Ва растаси устида Жажманни кўриб, соқоли асабий титради... Жажман сара сояки майиздан бир кафт олиб оғзига ташлади, шимди... Бобо унинг гуручдек майда, садафдек текис тишларини аниқ-тиниқ кўраётганидан кўзига ишонмаса-да, жондорни қизиқиб бош-оёқ кузатди. — Жажман ўлар ҳолатда ориқ, қўл-оёғи гугурт чўпидек қилтириқ, фақат у чунонам шиддат билан ҳаракат қилар, ҳаш-паш дегунча майиз уюмининг биқинини ўпириб ташлаган эди.

«Еганингча еявер-чи...» деди бобо шивирлаб. Жажманни чўчитиб юбормаслик учун, сўнг махлуқ жон ҳолатда қопчиғини тўлдиришга тушганини кўриб беихтиёр кулимсиради, «Нафсинг бузилгани, кунинг битганиданмикан?..», деб сўради. Жажман бобони мазах қилгандек тиржайди, аслида у талвасага тушган — беҳад ошиқаётган эди...

Бобо куни бўйи саралаган майизига ачинмай қўйгандек эди ҳамки, растанинг олд томонидан пусиб келган ён қўшниси сапчиб қад ростлади-ю, «Ҳў, отангни!..», деганича ўзини майиз аралаш Жажманнинг устига ташлади, яна икки давангирдек майизфуруш унинг устидан ёпирилди. « Жажманнинг абжағи чиқди!», ўйлади бобо.
— Қочди! — деди бўшашиб қўшниси.
— Қандоқ қочди?..
— Қаёққа қочди?!

Жажманнинг устига ташланган майизфурушлар шундай деб ён-верига аланглай кетди. Қўшни майизфуруш кўзларини олайтириб бобога юзланди:
— Кўрдизми? Айтинг, қаёққа йўқолди?! — деб сўради у бўғилиб.

Зардушт бобо мийиғида кулимсираб тураверди.
— Гапирсангиз-чи, қаёққа йўқолди?! — деди азбаройи жон-фиғони чиққанидан ўшқириб қўшниси.

Бобо авзоини бузмади, қоматини адл тутиб, рўпарасида тўдаланганларга сўзсиз қараб тураверди. Тўда катталашди. Қўшни майизфуруш бобонинг бетига ортиқ тик қаролмай, кўзини олиб қочганда, унинг ёнида пайдо бўлган пистафуруш ғазабини яширолмай ўдағайлади:
— Барибир тутамиз!.. Сиз кўмаклашмасангиз ҳам бу аблаҳнинг уруғини қурутамиз!..

«Ҳароратингни дариғ тутма, Ахурамазда!.. Кўнгилларни ўзинг мунаввар қилгайсан...», деди Зардушт бобо ичида илтижо қилиб. Унинг кўксидаги таваллони тим одоғидаги деворнинг гурсиллаши босиб тушди. Мана, мана, ҳозир жамики одамзод қулоғини динг қилади, олди-сотди, ивир-шивирни бас қилади, ёшу кекса тим одоғи томон юз ўгирди....

Ғазабга минган пистафурушнинг тўсатдан ялтоқланиши унинг хаёлини чалғитди:
— Ҳаммасини кўриб турибсиз, айтсангиз бўлмайдими, бобо?! Қандоқ қилсак тутамиз у баччағарни!.. Йўқотайлик, қутулайлик, хотиржам яшайлик ахир!..

У ҳали-замон гапдан тўхтайдиганга ўхшамас эди, шу чоқ қарама-қарши томонда челакнинг қаттиқ шарақлагани эшитилди, кимдир: «Ушладим!», деб қичқирди — оломон гувиллаб ўша ёққа кўчди.

Кўнгли бир ғашликни туйган бобо жойидан қўзғалмади. Оломон ёпирилган томонда ғала-ғовур авжига минди. Ҳамма ёқни: «Ким?.. Ким ушлади?», деган овозлар тутди.
— Мен!.. Мен тутдим!.. Бопладим!.. — деди кимдир мамнун ва қувончдан ўтакаси ёрилгудай бўлиб.

Оломон Жажманни қўлга тушириш бахти насиб этган кимсани кўриш умидида олдинга сурилди. «Ўлдирамиз!..», «Мен ҳам уриб қолай!» деган хитоблар, бақириқ-чақириқлар қулоқни қоматга келтирди. Ва туйқус сукунат чўкиб, Сўзамол ёнғоқфурушнинг ҳаяжонланган, ғолибона овози эшитилди. У растанинг устига чиқиб олган, худди байрамона нутқ ирод қиладигандек, қайчиланган хушбичим мўйлабини силаб-силаб қўйиб сўйлар эди:
— Гап битта — Жажман ўлимга маҳкум! Вассалом!

Оломон гувиллаб унинг ҳукмини маъқуллади. Ёнғоқфуруш йигит худди туя сўймоқчидек ҳафсала билан енгларини шимарди, челак устига энгашди, тўдалашганлар давра ясаб, уни ўртага олдилар. Ким қадоқ тош, ким ғишт парчаси, ким сўйил тутган — ҳамма шай эди.

Сўзамол ёнғоқфуруш челак остига қўл суқди — йиғилганларнинг кўзи олма-кесак терар, қасос чоғи етганидан нафрат ҳамманинг кўзига, қўлига кўчган эди — челак шарақлаб ағдарилди-ю, ёнғоқфуруш йигит чўғ ушлаб олгандек қўлини силтаб тортди.
— Тишлади! — деди у жон ҳолатда бақириб.

Челак остидан чиқиб олган Жажман қочишга чоғланиб улгурмай, учи айри сўйил уни ерга қапиштириб қўйди. Буни кўрганлар «Ўлди-и!», деб улгурмай, Жажман айри остидан сирғалиб чикди, бир силкиндию ўзини оёқлар орасига урди — ўтолмай орқасига қайтди, қайтган жойида бошига муштдек қадоқ тош тушди — Жажман йиқилиб, ерга чўзилди, «Ўлди!.. Ўлди!..» деб юборди оломон. Лекин Жажманга жин ҳам урмаганди, у яна оёққа турди, қўлчалари билан қопчиғининг оғзини тутганича дикирлаб олдинги қаторда турганлардан бирининг елкасига сакраб чиқди — қий-чув кўтарилди. Жажман лип этиб, дикирлаб бошдан бошга, елкадан елкага ўта-ўта бориб нима бўлдию яна оёқлар остига — тўда орасига тушиб қолди. Кимдир уни қаттиқ тепди. Жажман ердан икки қулоч кўтарилиб, ерга чалпакдек бўлиб тушди, тушдию бояги учи айри сўйил уни яна ерга қапиштирди... «Бос! Бос!», деб ҳайқирди оломон гуриллаб, бироқ сўйилнинг учи худди муз устида тойиб кетгандек сурилди. Жажман айри остидан сирғалиб чикди, чиқдию қаддини ростлай олмади — чамаси айрининг зарбидан унинг бели майишиб кетган эди.
— Ўзинг огоҳ бўл, Ахурамазда! — деб кўзларини юмди Зардушт бобо. — Ўзинг огоҳ бўл!..

Тим одоғи томонидан эшитилаётган зорланувчи, ёлборувчан гурсиллаш дўқ-иддаога айланиб, бобонинг шивирини, унга қўшиб оломоннинг шовқинини босиб тушди. Зардушт бобонинг кўнгли оғир нохушликни сезиб, кўз олди қоронғулашди, мияси ғувиллади... тим шифтига қапишган учбошли Ахриман кўзларидан совуқ булут пуркаб Ахурамазда устига ташланди. Ахурамазда оёқда туролмай, ёнбошига ағдарилди, ағдарилаётган жойида оғзини ўрадек очган Ахриманнинг башарасига ўт пуркади, Ахриман сапчиб шифтга кўтарилди. Ахурамазда қаддини ростлай деганда Ахриманнинг оғзидан пуркалган булутлар орасидан бир, икки, яна, яна Жажманлар дикирлаб чиқиб кела бошлади. Ахурамазда уларга ҳам олов пуркади. Жажманлар куймади, Ахурамазда ўт-оташга дош берадиган жондорни кўрмаган эди — босиб-босиб олов пуркади — Жажманлар алангаи оташда яйраб-яйраб ҳузур килаётгандек ирғишлар, бу етмагандай, Ахурамазданинг елкасига, бошига чиқиб тушар, тинимсиз қандайдир товуш чиқарар эди. Шифтга қапишган уч бошли Ахриман оламни бошига кўтариб хаҳолади...
— Огоҳ бўл, огоҳ, Ахурамазда! — деб кўзларини баттар юмди Зардушт бобо турган жойидан қимирламай. — Ахриман ўлмаган, Ахурамазда!.. Огоҳ бўлгайсизлар, яхшилар, огоҳ!.. Ахура...

Бобо эзгулик тангрисининг номини айтиб улгурмай, осмонўпар қоятош ағдарилгандек нимадир беўхшов гумбирлади, шунинг баробарида оломон орасидан отилиб чиққан аянчли чинқириқ қулоққа найзадек қадалди, кейинидан, «Қочди!.. Қочди!..», деган шовқин кўтарилдию талотўп қўпди — ўн чоғли киши устма-уст ерга ташланди. Чалажон Жажман шунда ҳам таслим бўлмасди: девдек-девдек бесўнақай одамлар остида ерга чаплашгудек чўзилар, одамлар енгил нафас олган заҳоти дик этиб қаддини ростлар — қочишга чоғланар — яна издиҳом пойи остида қоларди...

Нафаси бўғзига тиқилиб, толиққанлар талотўпдан узилиб, орқада судралар, улар ўрнини бошқалар эгаллар — Жажманга тинимсиз, беаёв калтак-мушт ёғдирар — Жажман ҳар сафар ўзини ўнглаб олар, худди калтак остида қолганини сезмагандек, ҳамон кўзлари олма-кесак терар — афтидан қўлига илинадиган нарса қидирар — шундай бўлса-да, унинг ҳолдан тояётгани, юришлари тобора сустлашаётгани, қаддини тутолмаётгани сезилаётган — оломон зўр келаётган эди... Ва ниҳоят!.. Ниҳоят... бирдан ур-сур тўхтади, «ҳою-ҳай-ҳай»лар тинчди, тим ичига сув қуйгандек жимлик чўкди... У ер-бу ерда юмалаб, эмаклаб Жажманни дўппослаганлар бирин-сирин оёққа турди ва... Сўзамол ёнғоқфуруш Жажманнинг калта думидан тутиб чалажон танани боши узра кўтарди.
— Ҳу-у, тўнғиз қўпгур! — деб юборди кимдир.
— Ўлгани рост бўлсин-а!— деди яна биров севиниб.
— Бир томчи қони чиқмади-я, тавба-а!..
— Худо адашиб яратиб қўйган бу баччағарди, қон ҳайф унга!..

Оломон орасида кулги кўтарилди. Текинхўр балосидан қутилган аламзадалар қучоқлашган, ўпишган, йиғлаган... қуёш бу кун тимнинг ичидан кўкка кўтарилаётган эди...

Ёнғоқфуруш йигит махлуқнинг жасадини кўтариб турганича тимдошларига қарата яна сўз айтди:
— Ёмоннинг куни битди, биродарлар!..

Жажманнинг қопчиғидан қолган-қутган майиз, писта қолдиқлари тўкилди. Оломон уни кўриб кулиб юборди, бироқ шу пайт... Жажман тилга кирди:
— Ло... кила!.. Локил...ла!..

Сўзамол ёнғоқфуруш чўчиб Жажманнинг жонсиз танасини ирғитиб юборди, сакраб ўзини орқага ташлади, ҳангу манг бўлган оломон шамдек қотди. Тим ичи шунчалик жимжит бўлиб қолдики, азборойи, Жажман жон бераётиб базўр такрорлаган бир оғиз сўз ҳамон ҳавода таралиб эшитилиб турарди. Оломон худди осмондан одамларнинг эсини оғдириб қўядиган сас ёпирилиб келаётгандек, талвасага тушди.
— Зардушт бобо...
— Зардушт...
— Бобо...

— Зардушт бобо!!!— деб юборди оломон бир овоздан илтижо қилиб — издиҳом кўчкидек сурилиб, бобо томон силжиди. Зардушт бобонинг эса қулоғи том битган — эшитмас, рўпарасида умидвор тикилиб турган издиҳомни кўзлари кўрмас — бошини ғоз тутганича тўғрига — тим одоғи томон юз тутиб турарди. Шу пайт...шу пайт...тим одоғидаги девор тепасидан катта-кичик кесак-гувалалар кўчиб, дўпирлаб ерга туша бошлади — тим ичи чанг-тўзонга тўлди... Деворга яқин турганлар аранг ўзини четга олишга улгурди, тумонат бўридан ҳурккан сурувдек бир бурчакка ғуж бўлиб қисилди, оломон кўзлари ола-кулалашиб, тим одоғига анграйди... Шу кўзлар, шу нигоҳлар ўнгида тўзон босилди, босилди ва деворнинг тепасида ўранинг оғзидек қора туйнук кўринди... қандай ҳодиса юз бераётганига фаҳми етмаган оломон ҳанг-манг бўлганича қотиб турар, бирор зот қилт этишга журъат тополмасди ўзида... Ана шунда қора туйнукдан бир жуфт баҳайбат ҳовуч кўринди... ҳовучлар ичкарига суқилиб кирдию улардан ҳозиргина базўр, минг бир азобда ўлдирилган Жажманга икки томчи сувдек ўхшаш бошқа бир Жажман сакраб ерга тушди, фақат у олдингисидан ҳийла дуркунроқ — бўйи икки қарич эди…