OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Xusrav Dehlaviy. Ruboiyot / Kiril
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифXусрав Деҳлавий
Асар номиРубоиёт
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Ҳинд адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Xусрав Деҳлавий
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Рубоийлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЖамол Камол
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Рубоиёт
Xусрав Деҳлавий

1

Эй сарви чаман, жилвагари бўстон бўл,
Эй боди сабо, чаманда кез, сайрон бўл.
Эй гул, сабр айлаки, наргис мастдир,
Гул пардаси ичра бир нафас пинҳон бўл.

2

Жонона, шу лабларинг менга таскиндир,
Бир бўса тилармен, ошиғинг — мискиндир.
Дедингки, бу гапни қўй, лабимда туз кўп,
Ҳай, шўр демагил, шўр деганинг - шириндир...

3

Эй таъмаю ҳирс агарчи дохил сенга,
Тупроқ эмиш охири манзил сенга...
Тупроқни наъмунчалар безайсен, эй дўст?
Тупроқ бўладир бир куни ҳосил сенга...

4

Сендин нечаким жабру жафо кўргаймен,
Мен барчасига ўзни ризо кўргаймен.
Кўнгил борича мен сени кўрсам дейман,
Нур етганича кўзимда то, кўргаймен....

5

Кулсанг, санамо, нозли кўзинг ноз этгай,
Гул икки юзингда ўзни оғоз этгай
Гар ғунча лабингдин сўз тилар эрса, санам,
Гул-гул очилиб, ўзини пардоз этгай...

6

Дедимки, лабингда кўп шакарлар бордир.
Дедингки, кўзингда кўп гуҳарлар бордир.
Дедимки, фақирмен, дедингки, бас қил,
Юзингдин аён бўлдики, зарлар бордир...

7

Ишқинг мени ошуфтаи ҳайрон қилди,
Ақлимни олиб, бесару сомон қилди.
Ҳар нечаки сўйласам, ғамим кам бўлмас,
Ювган билан кетмади бу доғ, қон қилди...

8

Жонон, ичавер, айши мудоминг бўлсин,
Қоним тўкавер, бодаи жоминг бўлсин.
Май сенга ҳалол змиш, нигоро, лекин
Менсиз уни ҳўпласанг, ҳароминг бўлсин.

9

Эй ёр, асиру мубталомен сенсиз,
Шу бори жаҳондин ҳам жудомен сенсиз.
Менсиз не этарсан? — дея бир сўрамассен,
Қилмасман ўзимки, вой, нетомен сенсиз.

10

Жонон, ки жафойинг била гар ўлгаймен,
Амринг ва ризойинг била гар ўлгаймен.
Меҳринг била боз ўзимга жон топгаймен,
Жоним тўла меҳринг била боз бўлгаймен.

11

Чун шоми намоз бўлдию ёрим кетди,
Ҳижронзада қушману баҳорим кетди.
Ғам ичра нетайки, дили зорим кетди,
Тун ичра қолиб, сабру қарорим кетди...

12

Хўблар сари бошлагунчи йўл — роҳимдир,
Жону дилу кўз ҳамиша бадхоҳимдир.
Йўқ кимсаки, ҳолимни кўриб, ўртангай,
Ўртангучи бўлса, шу фақат оҳимдир...

13

Жоним, санамо, сидқу вафойингга фидо,
Бошим ҳаваси саждаи пойингга фидо.
Ўз ҳою ҳавоси била юргай ҳар гул,
Иллоки, дилим ҳою ҳавойингга фидо...

14

Йўқ, кўз деманг, ул фитнаи оламни кўринг,
Йўқ, соч деманг, ҳар ёнга сочилганни кўринг.
Ул дамки итоб этиб, ниқобин очса,
Вой, қош деманг, ул камони Рустамни кўринг...

15

Лаълинг каби, ёр, ғунчаи хандон йўқ,
Юзинг каби гул? Чаманда ул чандон йўқ.
Лаб тишлар эмиш лабингни кўрган писта,
Аммо на иложки, оғзида дандон йўқ...

16

Ул сарвки, сайр этарда шод ўлмишдир,
Дил эргашиб унга, номурод ўлмишдир.
Кўйнигда ғубор бўлиб таралган жоним
Охирда шамолу гирдибод ўлмишдир...

17

Бир кеча висолинг, санамим, ёр бўлгай,
Лаълинг дағи бир маҳрами асрор ўлгай.
Кўзимни сурай дейман оёғингга, вале,
Кўзим ёши бирла пойинг афгор ўлгай...

18

Ҳажр ичра мудом муниси ёрсен, эй ғам,
Бас, менга не ғамки, ғамгузорсен, эй ғам.
Кўнглимда макон тутибсен, эй, инсоф қил,
Ҳар нечаки бор эдинг ва борсен, эй ғам...

19

Ҳасратга кўмилганим муборак бўлсин,
Заҳматзада бўлганим муборак бўлсин.
Бир бора кўролмадим юзингни, эй ёр,
Кўйингда шу ўлганим муборак бўлсин...

20

Айёму висолу мавсуми дилдорлик —
Кечди бари, қолди менга шу ғамхорлик.
Тунларки санам васли-ла уйғоқ эрдим,
Туш эрди магар, аслидачи — бедорлик...

21

Дедим, кечаси қошима кел, кенглик қил,
Дедики, фиғону нолани энлик қил.
Дедимки, жафойинг била бир оҳ ургум.
Деди: бир эмас, менга деса, эллик қил...

22

Не зар тиланиб, сийнаси оташдирмиз.
Не таъна била кўнгли мушаввашдирмиз.
Бир бурда қуруқ нон била сув, тинч гўша.
Ё Раб, бу тириклик била биз хушдирмиз...

23

Эй тан, қаро ер масканинг бўлгусидир,
Ул чоғда кафан пироҳанинг бўлгусидир.
Дедингки, кейин уйим қоронғу гўрми?
Шошилмаки, унда равшанинг бўлгусидир.

24

Айёми бақога боқ, чунон ўтгусидир,
Сўнгсиз ғаму ранж ила равон ўтгусидир.
Ўтгувчи бирор дамга нажот йўқ, умр —
Афсуски, ўтарда ройгон ўтгусидир.

25

Навруз кечибон, ғунчага юз ноз келгай,
Гул чеҳрасига ишваю пардоз келгай.
Наврўз кетаркан - ўзидин кетгай гул,
Наврўз келаркан — ўзига боз келгай...

26

Кўйинг сари ҳар сафар келармен, роҳ йўқ,
Куйсам дағи ўртаниб, менга огоҳ йўқ.
Васлингни тилаб йироқда юз йил юрсам,
Сўнг бори унутсам сени? Йўқ, валлоҳ, йўқ...

27

Ҳар неки буюрса ёр, қилиб, кетгаймиз,
Юз нолаи зор қилиб, кейин кетгаймиз.
Хуш келмагай ҳеч ўзгача хизмат бизга,
Шу жонни нисор қилиб, кейин кетгаймиз...

28

Жоно, гаҳи боғу бўстондир, кўргил.
Вақти гулу вақти арғувондир, кўргил.
Гул деб нега сен қўлинг очарсан, эй жон,
Қўл очки, қўлингда гул ҳамондир, кўргил.

29

Маъшуқки лабин тилаб бу жон овора,
Васлига етолмайин кўнгил бечора.
Кўрдимки, лаби ёрилмиш эркан, сўрдим,
Кулдию жавоб айлади: шаккархора...

30

Йўқ йўқ, наинки дин учун ўлгаймен,
Ўлсам, ўша нозанин учун ўлгаймен.
Дедингки, фақирлик била умринг ўтди,
Айб айлама, ёр, мен чунин ўлгаймен...