OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЯшпал
Асар номиЙўлдаги аёл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Ҳинд адабиёти
Бўлимлар
   - Романтизм
Муаллифлар
   - Яшпал
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРустам Жабборов
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йўлдаги аёл (ҳикоя)
Яшпал

Бир пайтлар Куллуга кетаётиб, олис тоғлар бағридан паноҳ топган Манди қишлоғига йўл-йўлакай қўниб ўтгандим. Қишлоқ томон кетаётиб йўл четида хаёлчан ўтирган тоғлик аёлга кўзим тушди. Унинг олдида, ерда ўрик тўла симтўр сават турарди. Тоғлиқлар одатига кўра, бу аёл ҳам ўз ҳовлиси ё томорқасида пишган меваларни териб, йўловчиларга пуллаш мақсадида ўтирган бўлиши керак.Саватдаги ўриклар сархил ва чиройли эди.

Унинг ёнидан ўтиб кетарканман, аёл мендан кўз узмасдан бузилган панжобий лаҳжада сўради:
— Жаноб, сиз Лаҳорданмисиз?

Чамаси, у менинг костюмимдан шунақа хулоса чиқарган бўлса керак. Бўлмаса у мени қаердан танийди. Бироз таажжуб билан бош ирғадим.
— Унда сиз Парас Рамни танисангиз керак? — аёлнинг кўзларида умид ва қувонч учқунлари порлади.
— Парас Рам? Ким у Парас Рам? — сўрадим саволни унчалик тушунмай.
— Парас Рам-чи? Ҳалиги пудратчи Парас Рам! — шоша пиша илова қилди аёл.

Ҳамон ҳеч нарсани тушунолмай турардим.
— Пудратчи Парас Рам деганингиз ким бўлди экан?

Аёл мен келган тарафга бармоғини ниқтаб, тушунтирган бўлди:
— Анави иккита кўприкни кўряпсизми? Ўшани қурган-да!
— Йўқ, мен сиз айтган Парас Рамни танимайман, — жавоб қайтардим ва дафъатан қўшиб қўйдим. — Тинчликми, нима гап ўзи?
— Эҳ. Лаҳорда яшаб туриб, Парас Рамни танимасангиз, — ҳафсаласи пир бўлди аёлнинг. — Ахир уям сизга ўхшаган лаҳорлик-ку! Парас Рам-чи?

Унинг ночор қиёфасидан ичим ачишди:
— Лаҳорнинг қайси тумани, қайси кўчасида туради.

У оғир хўрсиниб, бироз жим қолди, кейин ёноқларини кафти билан сийпалаб, ерга тикилди:
— У ҳеч қанақа туманда ёки кўчада эмас, Лаҳор шаҳрида туради. Сиз эса, лаҳорлик бўла туриб, уни танимасангиз...

Нима ҳам дердим. Ҳар қалай бу содда, бечораҳол аёлнинг бунчалик гўллигидан кулишга қобил эмасдим. Мен унга Лаҳор жуда катта шаҳар эканлигини, у ерда камида икки юз минг киши яшашини тушунтиришга ҳаракат қилдим. У ерда ҳатто бир даҳада яшовчилар ҳам бир-бирини тузукроқ танимайди. Масалан, мен Хира Манди туманида тураман. Бордию, ўша Парас Рам дегани Мажангда яшаса, орамизда уч милдан кўпроқ масофа бўлади. Қисқаси, икковимиз ҳам лаҳорлик бўлсак-да, бир-биримизни яхши танимаслигимиз мумкин.

Бироқ унга барибир ҳеч нарсани уқтиролмадим. Унинг кўзлари маъюсланди, улардаги қувонч учқунлари сўндилар. У яна қўллари билан ёноқларини артиб, аранг эшитиладиган овозда деди:
— У Лаҳорда яшайди, баланд бўйли. Келишган... Қарашлари мулойим, сиздан кўра ёшроқ, жигарранг пиджак ва ипак турбан кийиб юради. Айтдим-ку, сизга у Лаҳорда туради, деб.
— Йўқ, танимас эканман, — фақат шу гапни айта олардим, холос. Кейин унинг ёнида чўкканча саватдан рўмолчамга энг сара ўрикларни тера бошладим. Жим қолдик. Кейин эҳтиёткорлик билан ундан сўрадим:
— Унда... нима ишингиз бор эди?

У яна бир карра хўрсиниб жавоб қайтарди:
— У бу ерда ишлаб, кўприк қуриб кетганидан бери орадан беш йил ўтди. У кетадиган вақт бўлганди. Мен ундан қолишни ўтиниб сўрадим. Шунда у менга айтдики, сен хавотирланма, мен тезда, тезда қайтиб келаман... Аммо, қайтмади. Айтинг-чи, бу ердан Лаҳоргача узоқми?
— Жуда узоқ.

Унинг кўзлари ёшланди. Бошини сийналари устига эгиб, пичирлади:
— У нима учун қайтмадийкин? Қачондир қайтармикин ўзи? Мен ўшандан бери... мана... мана шу ерда ўтириб, унинг йўлига кўз тутаман. Бутун иш-кучим шундан иборат. Шу пайтгача иккита лаҳорлик келиб кетди. Аммо, у келмади. Мана, беш йилдирки...

Шу пайт ёнимизга тўрт-беш ёшлардаги кичкина қизча югуриб келди. Онасининг ёнидаги бегона эркакдан бироз хавфсирадими, юзини онасининг елкасига босди.
— Қизингизми? — сўрадим.

У бош ирғади. Кейин қизчанинг бошини силаб, айтди:
— Уям менга ўхшаб, беш йилдирки, отасини кутади. Кўрса танимаса ҳам керак. Қаердан ҳам танисин?
— Она-болага тикилганча ўйга толдим. «Шоирлар айрилиқ муҳаббатга қувват беради, мунтазам учрашувлар эса уни ўлдиради, дейишади. Наҳотки, бу аёл муҳаббатини тамомила йўқотишни истаса?... Дарвоқе, севги ҳеч қандай сарҳадни тан олмайди. Аммо бу қадар соддадиллик! Ахир бу ўз-ўзини қурбон қилишнинг бир кўриниши эмасмикин?»
— Буларингиз қанчадан? — саватдаги ўрикка имо қилдим.
— Олаверинг, сиздан пул олмайман. Ахир сиз Лаҳорликсиз-ку!

У ўзи саватидан энг сархил мевалардан териб, рўмолчамни тўлғазди. Мендан пул олмаслигини тушундим... Унинг ғамгин чеҳраси хотирамда шу қадар мустаҳкам муҳрланиб қолганки, мана, ҳозир уни яққол кўриб ўтирибман. Оғир ҳислар қуршовида ўрнимдан турдим. Йўлимда давом этишим керак эди. Менинг ҳамма юкларим ортилган хачир анча илгарилаб кетганди. Хайрлашаётиб, қизалоқнинг қўлчасига ярим рупиялик танга тутқаздим. Аёл аввалига бош чайқади, кейин менинг ҳисларимни тушундими, индамай қолаверди.

Улар билан хайрлашиб, мен боришим керак бўлган қишлоққа етиб келдим. Шу ерда, чоғроққина бир ҳовлида тунаб қолдим. Туни билан кўзлар йўлга термилиб ўтирган ожизанинг қиёфаси кўз олдимдан кетмади. Назаримда унинг бутун ҳаёти ана шу кутиш билан кечадигандек эди.

Эрталаб тонг отиши билан мен сайрга отландим. Оёқларим мени ўша томонга, кеча аёлни учратиб қолган жойга судради. Катта йўлга бурилишим билан кечаги жойдан сал нарида, далада ҳалиги аёл экинларни ўтаб юрарди. Қадам товушларидан сергакланиб, қаддини ростлади, кафтини пешонасига тираб, мен томонга тикилди. Сездимки, аёлнинг қалбидаги севимли кишисининг қайтишига бўлган заифгина умид шуъласи яна ёлқинлана бошлаганди.

Мени танидими, юзларига синиқ табассум ёйилди. Белкуракни бир четга итқитиб, менга қараб хитоб этди:
— Нима, сиз Лаҳорга жўнаб кетяпсизми?
— Йўқ, шунчаки сайрга чиқувдим, — дедим унинг томорқаси томон буриларкан, унга яқинлашиб. — Бу ерда Парас Рам қанча пайт турганди?
— Саккиз ой... Кетаётиб, менга албатта қайтиб келишини айтувди. Лекин дараги бўлмади. Қачон келишини фақат Худо билади. Қизчаси ҳам катта бўлиб қолди...
— Нега сиз у билан Лаҳорга кетмадингиз? — сўрадим мен.

У юзини елкасига ишқаб, қашиган бўлди:
— Мен ўзим бормадим. У мени бирга олиб кетмоқчи эди. Лекин қаранг ўзингиз кўриб турибсиз, бу ерда шунча ер, ўрикзор, анави ерда қанча олма, нашвати, ёнғоқлар ўсиб ётибди. Уларни ташлаб кетиб бўлмаса! Анча илгари кичкиналигимда холам мени ҳув анави, пастдаги қишлоғига опкетганди. Бу ерда жудаям олисда, ўзиям қирқ чақирим чиқар. У ерда ҳеч нарса, баланд тоғлар, зилол булоқлар ҳам, дарё ҳам, дарахтлар ҳам йўқ, тап-тақир саҳронинг ўзи. Мен у ерда безгакка чалиндим. Кейин амаким бориб, олиб келди. Ишонасизми уйга қайтаётиб, тузалаётгинимни сездим. Уйга кириб келган пайтимда эса, соппа-соғ эдим. Ўшандан кейин ҳеч қаёққа чиққаним йўқ. Лаҳор эса, биринчидан жуда узоқда. Иккинчидан эшитишимча, у ерда одамлар тез-тез оғриб туришаркан. Мен Парас Рамдан хавотирдаман. У ёқларда қандай яшаяптийкин? Тўғри бизда ҳам иссиқ жон, касал бўп туришади. Лекин тез тузалишади. — Бироз жим қолиб, сўради. — Лаҳорда ҳам яхши табиб борми?
— Нега бўлмас экан, бор!
— Яхши, — аёл ҳорғин тин олди.
— Қизиқ, — тилим учида турган саволни беришга журъат топдим. — Парас Рам келмасидан аввал турмушга чиқмаганмисиз?
— Чиққанман, — дея жавоб қайтаришга тушди. — Анча йил илгари. Эрим ўзи билан Таху қишлоғига олиб кетганди. У ер менга ёқмади. Кейин эримнинг иккинчи хотини кун бермасди. Ахийри бу хўрликларга чидолмай яна уйимга қайтдим. Эрим аввалига мендан хабар олиб турди. Уч йил ўтиб, қазо қилди. Кейин онам билан шу ерда яшаб қолдим.... Мен Парас Рамга ҳамиша айтардим: «Кетманг, сизга нима керак бўлса, бу ерда ҳаммаси бор, ер-сув, ҳовли-жой, оила..» У эса «мен албатта келаман» деганча қайтмади. Беш йил ўтди, беш йил-а? Кутавериб, кўзларим тешилаёзди. Икки йил илгари онам дунёдан ўтди.

Орадан яна икки кун ўтиб, яна аёлнинг ёнига бордим. У ҳамон даласини ўтоқ қилишдан бўшамасди. Қанақадир қўшиқни хиргойи қилаётганини эшитиб қолдим. Мен анча пайт узоқдан уни кузатиб турдим. Эҳтимол, у ўзининг бахтли дамларини хотирлаб, айрилиқ ҳақида куйлаётгандир? Нима бўлса ҳам, мен унга халал беришни истамай ортимга қайтдим.

Мен бир ҳафта Мандида қолиб кетдим. Куллуга жўнаб кетишдан аввал охирги марта танишимни бориб кўргим келди. У ҳамон ўша ғамгин қиёфада даласида меҳнат қиларди. Қизча эса, онаси юлган ўтларни офтобда ёйиб қуритиш учун уват бошига опчиқиб ташларди.

Унга яқин бориб, айтдим:
— Бугун жўнаб кетяпман.
— Лаҳоргами? — аёл туйқусдан жонланди, тим-қора кўзлари умид билан чақнади.
— Ҳа, дедим мен. — Аввал Кулуга бораман, у ердан Лаҳорга жўнайман.

Унинг боши эгилди, овози хиёл уятчанлик тусини олди.
— Мендан Парас Рамга салом етказиб қўйинг, эртаю кеч йўлдан куз узмаслигимни, то тирик эканман, уни кутиб яшашимни айтинг. Беш йилдан бери умид узмаганимни ва узмаслигимни айтинг. Айтингки, қизчаси ҳам унинг йўлига интизор. Илтимос, шу гапларимни бориб етказишга ваъда беринг.
— Албатта етказаман, — дедим мен.

У қизчасини эркалаб, мени кўрсатди:
— Қара, мана бу амакинг дадангни олдига кетяпти. Қани бир таъзим қил-чи, у албатта саломимизни дадангга етказади.
— Бўпти, бўпти, — дея улардан тезроқ узоқлашишга уриндим.

Кетиб борарканман, ортимга ўгирилишга куч тополмасдим. Назаримда аёл то мени кўздан йўқотгунча сўнгги умидлари билан изимдан термилиб қоладигандек эди. Негадир юрагимда бир оғриқ уйғонди. Ўша пайтда нима ҳақда ўйлаганимни билмайман. Ичимда Парас Рамни сўкдимми, шўрлик аёлга ачиндимми, ё уни севгилисидан қизғандимми... билолмадим.