OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЯсунари Кавабата
Асар номиАнор (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Япон адабиёти
Бўлимлар
   - Романтизм
Муаллифлар
   - Ясунари Кавабата
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАбдувоҳид Умиров
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Анор (ҳикоя)
Ясунари Кавабата

Кузнинг шамолли тунида анор дарахти барглари тўкилиб чиқди. Барглар дарахт танаси атрофида тоза ер қолдириб доира ясаган эди.

Дераза тавақаларини очган Кимико анорнинг яланғоч шохларига ажабланиб боқди. Барглар айлана бўлиб тўкилгани, шамол уларни ҳар тарафга сочиб юбормагани ҳам унга ғалати туюлди.

Дарахт тепасидаги биргина анорга кўзи тушди.
— Ойижон, қара, қандай ажойиб анор! — ҳаяжонини яшира олмай деди Кимико.
— Чиндан ҳам... Мен бўлсам уни унутган эканман. Ойиси дарахтга қаради-ю, дарҳол ошхонага қараб кетди.

«Мен бўлсам уни унутган эканман». Ойисининг бу сўзлари Кимикога уларнинг нақадар ёлғиз эканлигини эслатди. Очиқ айвон рўпарасидаги дарахтда анор пишиб етилса-ю, ҳатто шу ҳам ёдларидан кўтарилган бўлса, уларнинг турмуши қай аҳволда бўлиши мумкин, ахир.

Ярим ойча бўлди, жияни меҳмонга келган эди. У анорга кўзи тушган заҳотиёқ дарахтга осилди. Тап тортмай дарахт танасига тирмашиб чиқаётган етти яшар болакайга Кимико сархуш боқди.
— Энг тепасида яна битта каттаси бор! — шодон қичқирди у.
— Кўряпман, — деди бола, — уни узсам тушолмай қоламан-да.

«Чиндан ҳам, икки қўлида анор бўлса, қандай тушади», ўйлади Кимико ва кулиб қўйди. Ажойиб бола-да!

Бу болакай келмаганида улар анорни бутунлай унутишар экан. Шундан кейин ойиси ва Кимико бугун эрталабгача анор ҳақида умуман эслашмаганди.

Жияни келганида энг тепадаги анор барглар орасида кўзга ташланмас эди, бугун эса мовий осмон теграсида қип-қизил бўлиб ёниб турибди.

Кимико боққа кирди ва узун бамбук ёғоч билан анорни узиб олди. Мева пишиб кетган ва ҳатто ёрилган экан: афтидан, ундаги куч-қувват ичига сиғмай ташқарига интиларди. Кимико анорни айвон полига қўйди. Ёрилган жойидаги анор доналари қуёш нурида ялтирарди.

Кимико ёрилмагунга қадар узиб олмагани учун ўзини анор олдида гуноҳкор сезди.

У иккинчи қаватга кўтарилди-да, шоша-пиша тикишга тутинди. Соат ўнлар чамаси пастдан Кенкичининг овози эшитилди. Эшик тамбаланмаган бўлса керак, тўғри боққа ўтди ва у ердан унинг тез-тез гапираётгани эшитила бошлади.
— Кимико, Кимико, пастга туш! Кенкичи келди, — баланд овозда чақирди ойиси.

Қиз шошганича игнани ипдан олди-да, ёстиқчага санчди.
— Кенкичи, фронтга жўнагунингизга қадар сиз билан учрашувга розилик беришимни сўрайвериб Кимико ҳол-жонимга қўймади, ёнингизга бориши ноқулай бўлди, ўзингиз эса бир келиб кетишга вақт топмадингиз. Қани, киринг, кира қолинг, — ялинарди ойиси.

У Кенкичининг узоқроқ қолишини хоҳларди, бирга тушлик қилишни таклиф этди, лекин Кенкичи, афтидан, жуда шошиларди.
— Афсус... — деди бўшашиб ойиси. — Унда, ҳеч қурса, мана бу анордан еб кўринг. Ўз боғимиздан.

Ойиси Кимикони яна чорлади.

Қиз зинапоялардан тушиб келгунга қадар Кенкичи ундан кўз узмади. Нигоҳида шунчалар бесабрлик бор эдики, Кимико чалишиб кетишига оз қолди, сўнгги зиналарни зўрға босиб тушди.

Кенкичининг кўзлари яшнаб кетди. Қўллари титради ва анорни тушириб юборди.

Нигоҳлари бир лаҳза тўқнашди, иккаласининг ҳам лабларига табассум инди. Кимиконинг яноқлари қизарди. Кенкичи шошилинч ўрнидан қўзғалди.
— Ўзингни эҳтиёт қил, Кимико! — деди у.
— Сиз ҳам, Кенкичи, — шивирлади Кимико, лекин бу пайт йигит ойиси томон ўгирилган ва хайр-хўшлашаётган эди.

Кенкичи кетди, Кимико бўлса яна анча вақт эшик томон қараб турди.
— Нега бунча шошилмаса бу Кенкичи? Ҳатто шундай ажойиб анорни ҳам татиб кўрмади-я. Бу қанақаси бўлди?! — деди ойиси. У айвон қиррасига эгилди-да, қўлини узатиб, ерда ётган анорни олди.

Кенкичининг кўзларида ёш милтиллаганини Кимико сезган вақтда у анорни иккига бўлмоқчи бўлиб ноқулай ҳаракат қилган ва уни ерга тушириб юборган эди. Анор ерга тушди, лекин ёрилмади.

Ойиси анорни ювиб, айвонга олиб келди.
— Ол, Кимико, — мевани қизига узатди у.
— У ифлос-ку, ахир, — ортга тисланиб норозилик билдирди қиз. Сўнг бирдан қип-қизариб кетди-да, шоша-пиша қўлини чўзди.

Анорнинг ёрилган жойини, чамаси, Кенкичи тишлаб улгурган эди.

Ойиси ёнида тураркан, анордан воз кечишни беадаблик деб билди. Ўзини лоқайд кўрсатган бўлиб мевани лабига теккизди. Оғзи нордон таъмни туйди. Шира ич-ичига кириб боргандай ва унинг қувончли туйғуларига армон кўлкаси соя ташлагандай бўлди.

Ойиси Кимиконинг ҳолатини сезмади ва айвонни хотиржам тарк этди.

Кўзгу ёнидан ўтаётиб, ўзига қараб қўрқиб кетди.
— Вой, ранг-рўйим қурсин! — хитоб қилди у. — Сочимни тарамай шу ҳолда Кенкичини кузатибман. Яхши бўлмади!

Кўзгу олдида ўтириб сочига тароқ солди.
— Отанг оламдан ўтганда, — оҳиста сўзлади ойиси, — мен узоқ вақт сочимни тарашга қўрқиб юрдим... Тароқ сочимга тегди, дегунча беихтиёр ўйга чўмар, ўтмишни эслаб кетардим. Xудди даданг ёнимда-ю, соч тарашдан тўхташимни кутиб тургандай туюларди. Қўрққанимдан қалтираб кетардим.

Ойисида отасидан қолган овқатни еб қўйиш одати бўлгани Кимиконинг эсига тушди.

Уни бирдан ўтмишни қайтариб бўлмайди, деган туйғу чулғаб олди, айни чоғда шундай бахт-саодатни ҳис этдики, кўзларидан ёш қалқди.

Бирор нарса исроф бўлишига ойиси тоқат қилолмас эди. Отасидан қолган таомни еб, тозалаб қўйиш одати ҳам шундан. Кенкичи ейишни эп кўрмаган анорни еб қўйишини Кимикодан сўрагани боиси ҳам шу бўлса керак.

Кутилмаганда туйган пинҳона шодмонлиги учун Кимико ойиси олдида ўзини ноқулай ҳис этди.

Лекин хаёлидан ҳеч нарсани кечирмаган Кенкичи билан хайрлашаётиб қалбини тўлдирган ҳис-ҳаяжондан беҳад бахтиёр эди ва хаёлан ўйлади: унинг қайтишини бир умр кутишга қодирман.

Кимико зимдан ойиси томонга кўз ташлади ва ойна ортидаги тўсиққа қуёш нурлари тушиб, ёритиб турганини кўрди. Кейин тиззасидаги анорга нигоҳ ташлади ва уни тишлашга энди ботинолмаслиги ҳақида ўйлади.