OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЁқуб Умар ўғли
Асар номиЎн доллар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ёқуб Умар ўғли
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонБобохон Муҳаммад Шариф (турк тилидан)
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўн доллар (ҳикоя)
Ёқуб Умар ўғли

Тез-тез хорижга чиқиб, юрт кўрган ҳар қандай киши каби, Қодир ҳам божхонада ишлаган одамларнинг феъли-хўйи ва хатти-ҳаракатларидан ўша мамлакат ҳақида ҳақиқатга яқин хулоса чиқара оларди. Божхона хизматчисининг қовоғи солиқ, назари муздай совуқ, безовта бўлса, бу: “Оёғингни ўйлаб бос ва ҳушёр бўл! Бу мамлакатда шоширтириб қўядиган турли-туман қийинчиликларга дуч келишинг мумкин”, – дегани эди. Ходимлар очиқ юзли, хушфеъл ва хотиржам бўлса, бу: қонун-қоидаларга амал қилсанг, ҳеч муаммога дуч келмайсан, деган маънони билдирарди. Шундай экан, Қодир ҳам бошқа тажрибали кишилар сингари, келган юртидаги вазиятга, янада тўғрироғи, бу ердаги божхона хизматчилари муомаласига кўра, иш кўришга ҳаракат қиларди. Бир мамлакатга киришда қоидаларга мувофиқ ҳурмат кўрсатган ҳолда, киборларча хушмуомала бўлар, бошқасида эса ишини тезроқ битириш пайида шошаётган, қўпол, бақироқ кишиларга ўхшаб кетарди. Мақсад – ҳужжатларни тезроқ расмийлаштириб, божхона эшигининг у томонига ўтиб олиш.

Тонг палласи.

Қуёшнинг кўз қамаштирадиган порлоқ нурлари самолёт деразаларидан кириб, ичкарини тўлдирди. Самолёт қўниш учун пастлай бошларкан, қуёш тоғлар ортида қолди. Самолёт қўнгач, кўп ўтмай тоғлар ортидан қуёш яна жамолини кўрсатди.

Қодир хорижга, бу мамлакатга биринчи бор келиши эмасди. Божхона қаерда эканини, бу ерда ишлайдиганлар, мамлакатни яхши биларди. Нима қилиш, ўзини қандай тутиш кераклигидан хабардор эди. Даставвал, аеропорт божхонасидан ўтиши, сўнг транзит виза билан бошқа-бошқа иккита таксига чиқиб, қўшни мамлакатга ўтиши керак эди. Шу холос. Жуда оддий. Аммо шундай бўлса-да, “Кўрайлик-чи, бу гал неларга дуч келар эканман?”– деб ўйларди.

Аеропорт киришида виза ишларини расмийлаштириш тез битди. Қўшни мамлакат визаси ва у ерда ишлаш рухсатномасини кўрган мазкур мавқеини писанда қилмоқчидек, паспорт варағига муҳрни қарсиллатиб урди ва қўпол бир йўсинда узатди.

Қодир маъмурга билдирмай бир уҳ тортиб қўйди. “Шу божхона деганлари ёниб кетмасмикан!” – деди ичида. Энди бир такси ёллаб, иккинчи божхонага бориши керак.

Қодир аввал аеропортдан қўшни мамлакат божхонасига яқин бекатга бориши, у ердан бошқа таксига ўтириб, йўлида давом этиши керак эди. Иккинчи таксида қўшни ўлканинг давлат рақами бўлиши лозим. Асфалт йўл орқали ўтиладиган барча божхоналар ёнида ҳар икки мамлакатга оид автоуловлар давоми бўлади. Мабодо, таксининг рақами бораётган мамлакатники бўлмаса, йўлда дуч келган йўл политсиячиси тўхтатиб, назорат баҳонасида пора сўраши мумкин эди. Қодир учун ғоят мушкул иш эди. Буни у ҳам ўзи, ҳам рўпарасидаги кишига нисбатан ҳақорат деб билар, қийналар ва хижолат бўлар эди.

Аеропорт эшигидан чиқмасиданоқ икки киши: “Такси керакми?” – деб эргашди. Қодир уларга ҳеч нарса демай тикилди, эрта тонгданоқ машинасига чиқадиган кишининг юз-кўзи, қиёфасидан қайси бирига ишониш мумкинлигини билиб олишга уринди. Икковига ҳам кўнгли чопмади, олға қадам босди. Талабгорлар бирдан кўпайди. Ораларидан хотиржам, ўрта ёшдан сал ўтган, тўладан келган бирига боши билан розилик маъносида ишора қилди.

Таксичи ўзига ишонган бир тарзда олдидаги иккита йигитни қўллари билан четлатиб, Қодирнинг юкларини олди.

– Машина анави ерда, қани марҳамат, – деди.

– Бошқалар йўловчилар атрофида ўралашар экан, айни чоғда кўз қири билан Қодирнинг таксичи билан савдолашишини кузатиб туришарди. Агар уларнинг савдоси пишмаса, дарҳол орқага қайтиб, йўловчини илиб кетишни кўзлашарди.

– Қаёққа борасиз, ака?

Бу савдони ўз фойдасига ҳал қилиш учун ишлатиладиган усул эди.

– Хончайирга, – деди Қодир.

– Юзга кетамиз.

– Қирқ бўлар.

– Аммо, ака, ҳали кеча-ку, кечки нарх шунча бўлади.

Қодир бир қулочча кўтарилган офтобга қаради.

– Мабодо, сен учун яна бир қуёш чиқмаса, аллақачон кундуз бўлди. Қирқ етади.

– Бўпти, ака, эллик, – деди таксичи.

Қодир майли деган маънода бош ирғади. Машина Европадан хорижга қандай чиқаришгани номаълум эски “Мерседес” эди.

Ҳорғин мотор зўрға гулдиради.

– Қўшни томонгами, ака? – деди таксичи.

Хончайир икки мамлакат орасида йўловчи ташийдиган таксичилар тўхтайдиган бекат эди. Тажрибали таксичи йўлнинг давомини қийналмай топган эди.

– Ҳа, – деди Қодир.

– Ишончли оғайниларим бор, ака, уларнинг машинасига ўтқазиб юбораман.

– Бўлади, лекин машинанинг рақами уларники бўлсин.

Нон пулини бошқалардан илиб кетишга муваффақ бўлган бу одам Қодирга яхшилик қилмоқчими ёки қўшни таксичидан даллоллик пули олмоқчими? Қодир хаёлига келган бу саволга жавоб ахтариб ҳам ўтирмай, қуёш нурига чўмган қирларни томоша қила бошлади.

Иккита йўл назорати постидан ўтдилар. Ҳар гал политсия машинасини кўрганида безовта бўлган таксичи ўз тилида “порахўрлар” дея сўкиниб қўярди.

– Фақат улар порахўрми? – деди Қодир кулимсираб.

– Қайдан билай, ака, бизни ўртаганлари учун шуларни биламиз.

Кейин таксичи болалари ҳақида сўзлай бошлади.

Хончайирда бошқа таксига ўтиш тез ҳал бўлди. Аеропортда топилган машина янгироқ, ҳайдовчиси ҳам ишончли одамга ўхшарди. Қисқагина савдолашувдан сўнг юклар бу машинага жойлаштирилди. Қодир ҳақини тўлаб, ўрта яшар шофёр билан хайрлашди.

Қўшни божхонага тез етиб боришди. Божхона тинч эди. Шофёр:

– Мен машинанинг ўтиш ҳужжатларини расмийлаштираман, унгача сен ҳам ишингни битир. У томонда кўришамиз, – деб Қодирни туширди.

Қодир янги қурилган божхона биносига кирди. Паспорт назорати дарчасини излади. Хона бўм-бўш. Эрталаб энди иш бошлаган маъмурлар атрофга тетик боқишарди. Қодирнинг кўзлари дарча орқасида ўтирган ёш маъмурнинг кўзлари билан тўқнашди. Қодир паспортини узатди.

Маъмур паспортни тез-тез варақлаб, аввало, суратли варақни топди. Бир суратга, бир Қодир юзига тикилди. Паспорт назоратидан ўтишнинг энг бездирадиган они эди бу. Маъмур шубҳали бир тарзда яна суратга ва кейин Қодирнинг юзига диққат билан тикилди. У бу лаҳзани атайлаб узайтираётгандек туюлди. Сурат эгасиники эканига ишонч ҳосил қилгач, мамлакат визасини топиш учун яна саҳифаларни варақлай бошлади.

Қодир индамай кузатиб турарди.

Маъмур виза саҳифасини топди. Шошмай визани текширди. Олдидаги компютер тугмаларига қўл узатаркан:

– Ишлагани келяпсанми? – деб сўради.

– Ҳа, – деди Қодир. – Қурилиш ширкатининг бошлиғиман.

Қайси соҳада ва қандай вазифада ишлашини сўрамасиданоқ айтган эди. Барибир сўраган бўларди.

– Мудирмисан?

– Йўқ, мудир ўринбосариман.

Бу орада у Қодирнинг исми шарифини ёзаётган эди.

– Ундай бўлса юз доллар бер.

– Яхши, лекин барча ҳужжатим тўғри-ку, нега юз доллар беришим керак?

Қодирнинг гапларини эшитмагандай тугмаларни босиб, паспорт номерини ёзишда давом этди.

– Мамлакатимизда неча йилдан бери ишлаяпсан?

– Тўрт, – деди Қодир.

– Тилимизни яхши ўрганиб олибсан.

Қодирнинг ажнабий эканлигини билмаганлар тоза сўзлагани учун уни шу ерлик деб ўйлардилар.

– Тил курсида ўқидингми?

– Ҳа, келган йилим олти ой тил дарси ўқидим.

Маъмур бош кўтармасдан:

– Ундай бўлса, эллик доллар бер, – деди.

Худди, Қодир ўз тилини яхши гапиришидан мамнун бўлиб, нархни арзонлаштираётгандек эди.

– Яхши, лекин, нима учун беришим керак, менга ёрдам қиладиган бирон иш йўқ-ку. Менинг барча ҳужжатим тўғри бўлса.

Яна у бепарволарча компютер тугмаларини босишда давом этди.

– Ишлаш учун рухсатноманг борми?

– Бор.

– Ёнингдами?

– Ҳа.

Рухсатномани кўздан кечиргач, уни паспортнинг ёнига қўйиб, тортмадан муҳрни қидира бошлади. Яна бошини кўтармай:

– Майли, бўлмаса йигирма беш доллар бер, – деди.

Қодир кулишини ҳам, аччиқланишини ҳам билолмади.

– Нега беришим керак, айт шуни.

Маъмур муҳрни топиб, олдин бўёққа суркади, сўнг шиддат билан паспортга урди.

Иш рухсатномасини паспорт орасига жойлаштираркан:

– Кел, бир чой ичайлик, – деди.

Таклифни рад этишга вақт ҳам қолдирмай, ўрнидан турган маъмур паспорт ушлаган қўли билан орқасидан эргашишини ишора қилди.

Даҳлиз орқасидаги хонада паспортни қайтарди. Суҳбатни Қодир ўз тилини қанчалик яхши билишидан бошлади, сўнг қурилиш соҳасидаги ишларга ўтди. Чой келди. Маъмур чойидан бир хўплам ютгач:

– Бўпти, ўн доллар бер, – деди.

Қодир эса ҳайрон бўлди. Ташвиши битган, паспорти чўнтагида. Энди бу ўн доллар дегани нимаси?

– Бўпти, бераман, лекин нима учун беришим кераклигини айт.

Маъмур Қодирнинг юзига тикилиб:

– Эй, Қодирбей, сен бермасанг, бошқаси бермаса, унда мен ишга жойлашиш учун берган пулни кимдан олишим керак?

Қодир тахтадай қотиб қолди. Эшик томонга тикилган кўйи, ҳамёнини чиқарди ва ўн доллар узатди. Чойини охиригача ичмаёқ, оёққа қалқди.

Маъмур эшикка қадар узатди. Эски танишлардай хайрлашдилар.

Ўзини кутаётган таксини топди, йўлга тушдилар.

Қодир назорат постларида тўхтатсалар, ўн долларни таксичига тўлаттириш йўлини ўйлай бошлади.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил, 5-сонидан олинди.