OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЁсико Сибаки
Асар номиВан Гогнинг қабри (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Япон адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ёсико Сибаки
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилдора Алиева (Русчадан)
Ҳажм80KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ван Гогнинг қабри (ҳикоя)
Ёсико Сибаки

Масако ҳаётида илк бор самолётдан чет эл аеродромига келиб тушиши эди. У ўзининг ёшгина ҳамроҳи билан божхонадан бир амаллаб қутулди-да, автобусга етиб олди. Ҳамроҳининг ёши йигирма саккизда, ўғли Набуодан сал каттароқ бўлиб, аллақандай савдо уйининг ходими эди. Автобус шиддат билан шаҳарга тезроқ етиб олиш учун эски кўчалар оралаб, айланиб учиб борарди. Ниҳоят узоқдан Эйфел минораси, Сена ҳам кўзга ташланди. Масако тинчиб қолган шаҳарга, унинг кўча ва хиёбонларига кўз югуртирди. Манзилга етиб ҳам келдим, дея хаёлидан ўтказди у. Нималардир кўзига иссиқ кўринарди. Қизиқ, ўзининг тўзиб кетган биноларига олиб чиқувчи ўша торгина Божу майдони қаерда қолдийкин? Қачонлардир Масаконинг эри Ябуки худди шу манзарани ўз расмларида акс эттирганди. Эрининг йироқлашиб кетган руҳи аёлни мусофир юртларига етаклаб келганди. Масако бу ерларга оёқ босишни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди.

Сайёҳлик агентлиги томонидан ажратилган меҳмонхона ихчам ва шинамгина бўлиб, Монсо хиёбони ёнидаги Зафар аркидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашганди. Сафар иштирокчиларидан йигирма киши шу меҳмонхонага жойлаштирилди. Сайёҳатчиларга шаҳарни ўзлари мустақил айланишлари учун рухсат берилди.
– Вақтни кўнгилхушлик билан ўтказишингизни истайман.
– Ташаккур. Ҳали яна шаҳарда кўришиб қолармиз.

Масако шундай дея ҳамроҳи билан хайрлашди. Унинг хонаси уйнинг тўртинчи қаватида бўлиб, қуёш нуридан баҳраманд гуллаб-яшнаб ётган хиёбондаги дарахтлар у ердан кафтдагидай кўриниб турарди.. Метр[1] Куреда билан қўнғироқлашишни кейинроққа қолдирган Масако бу даражада тинка-мадори қуришини хаёлига ҳам келтирмайгина, каравотга чўкди. Йигирма соатлик парвоз ҳазилми сизга. Метр Куредани йўқлашни эртага қолдириб, ўғли Набуонинг маслаҳатига кўра шаҳарни яёв айланиб чиққиси келди. Етти йиллик умрини оиласидан узоқда, мусофир юртларида ўтказган, ҳаётни беш йил аввал тарк этиб кетган эри Ябукининг руҳи балки Париж кўчаларида у билан бирга сайр қилар.

Масако эри Ябуки Дзёкитининг касали ҳақида ўтган йилнинг қишида хабар топганди. Метр Куреда унга узундан-узун мактуб йўллаб, Ябукининг бетоблиги, айни пайтда касалхонада ётгани, яқинда операция бўлиши ва яна юзага келиши мумкин бўлган аллақанча муаммолар тўғрисида куйиб-пишиб ёзганди.

«Ишонасизми-йўқми, билмадим, лекин Сизга бу ҳақда хабар бериш қай даражада ўринсиз эканинини яхши тушунаман. Жаноб Ябуки: «Мен хотинимни, фарзандимни – оиламни ташлаб, бу ерларга келдим. Энди пешонамга қандай кўргуликлар ёзилган бўлса, барига балогардон ўзимман», дея бир неча бор такрорлаганди. Ябуки ғариблигини биларди. Гап шундаки, унинг моддий аҳволи яхши эмасди, бирин-сирин чиқиб келаётган кети кўринмас муаммолар, касалхона ва жарроҳлик харажатлари дўстлари зиммасида эди. Агар жарроҳликдан сўнг унинг соғайиб кетишига кўзим етганида, сизни безовта қилиб ўтирмасдим. Афсуски, унга ўпка саратони ташхиси берилганди. У касалхонадан чиққанидан кейин ётиб даволаниши, зарур тиббий ёрдамни олиши учун уни жой билан таъминлашга қурбимиз етмайди... Албатта, биз унга бор гапни айтолмадик, у ҳозир тезроқ касалхонадан чиқиб, ижодини давом эттиришни сабрсизлик билан кутиб яшаяпти. Ҳозир Европага қишнинг қаттиқ ёпирилиб келиши кутилмоқда. Биз, унинг дўстлари, аҳволни ўрганиб чиқиб, балки у даволанишни Японияда давом эттиргани дуруст бўлармиди деган хулосага келдик. Бу ҳақда ҳозирча унга айтмадик. Мени тўғри тушунасиз дея умид қиламан ва Сизнинг, ҳурматли оилангизнинг бу тўғридаги фикрини билмоқчи эдим...»

Масако хатни ўқиб чиққач, бунга Набуо нима деркин, дея ўйланиб қолди. Бундан етти йил бурун Ябуки тўсатдан Санъат Университетидаги ишини ташлаб, зудлик билан Франсияга жўнаб кетишини маълум қилганида, ўн беш ёшли Набуо эндигина ўрта мактабнинг иккинчи босқичига имтиҳонларни топшириш арафасида эди. Ябукининг ўзи ёшлик пайтларида икки йил Париждаги рангтасвир мактабида таҳсил олганди. Ўшандан бери мартаба борасида ҳам, тақдир борасида ҳам ҳеч бир муаммога дуч келмаганди: университет аспиранти ана-мана профессор унвонини оламан деб турганди. Энди эса худди савдойи одамдек оқибатини ўйлаб-нетиб ўтирмай, ишни ташлаб, боши оққан томонга кетмоқчи бўлиб турибди. Масако бу телбаликнинг сабабини тушунолмай гаранг эди, бу орада Набуонинг ҳам имтиҳонлари бошланай деб қолганди. Масако эридан икки йилгина, ҳеч бўлмаганда яна бир йилгина сабр қилишни сўраганида, Ябуки уни эшитиш у ёқда турсин, аллақачоноқ оилани ташлаб кетиш тараддудини бошлаб юборганди.
– Менинг ким эканим ўзимга аён. Энди рассомликка ярамайман. Агар шу зайлда кетаверса, тамом, қўлим бутунлай чиқиб қолади. Мен, иш бошлаганим аввалги еримга қайтиб борсамгина, бир амаллаб ишлаб кетишим мумкин. Менга эркинлик керак. Сен ҳам мендан холи, ўзингни озод ҳис этиб яшашингни истайман. Умид қиламанки, ўғлимиз қачонлардир буни тушуниб етади. – Ябуки шу гапни такрорлагани-такрорлаган эди.

У ишхонаси билан ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, пулини олди-да, Парижга жўнаб кетди. Масако ўзига келганида, бутун алғов-дал-ғовлар тугаб, ўғли билан ёлғиз қолганини билди. Набуонинг эса отасини кўргани кўзи йўқ эди. Бировларни таъна-дашномларга кўмиб ташлаш, ўз яқинлари олдидаги бурчни писанд қилмаслик, ҳаттоки рассомларга хос бўлган худбинликдан ҳам Ябуки бенасиб эмасди. «Санъат» деган сўзнинг ўзи ҳам унда нафрат уйғотарди. Бу санъат дегани ҳар сафар бошидан бошланаверса, унинг қадр-қиммати қаерда қолади?

Она-боланинг шу тахлит сарсон-саргардонликдаги кунлари бошланди. Масако уйида европача усулда кийим бичиш билан шуғулланиб, рўзғорини аранг тебратарди; орадан уч йил ўтди, энди у кўйлакларга ўзига хос безаклар ўйлаб топа бошлади. Кейинчалик аёллар корсажининг кўкрак қисмига ясама гул, келинлар учун гулдасталар тайёрлаш билан шуғулланди. Мана, энди ўша машъум етти йилни ортда қолдириб, гуллар санъати мактабида ўқитувчилик қила бошлади.

Агар Ябукининг касали тўғрисидаги хабар бир йил аввал келганида борми, Набуо ҳеч иккиланмай хатни йиртиб ташлаган бўларди. Набуо кишига руҳан азоб берувчи ҳиссиётларни жиловлашга қодир, жасур инсон бўлиб вояга етганди. Масако ўғлининг хизматга киришида муаммо туғилмасин дея ҳар эҳтимолга қарши Ябукини оилавий рўйхатдан ўчирмай турганди, ўзи ҳам эрининг оилага қайтишидан умидвор эди. Набуо университетни тугатибоқ хизматни бошлаб юборди. Масако ўғлининг талабалик пайтларидаёқ қизлар билан иноқ эканини биларди. Айни пайтда Набуо университет кутубхонасида ишлайдиган ўша қизлардан бири билан ҳар ҳафтада учрашиб турарди. У ҳафта охирини интиқиб кутар, бир қарасанг ўзини эркакларга хос босиқ тутар, бир қарасанг мулойим бўлиб қоларди. Булар барини кўздан қочирмай кузатиб турган Масако ўғлининг энди кўп нарсаларга ақли етадиган бўлиб қолганини билди. Вақт-соати келиб, ҳатто ўғил ҳам ўз онасидан узоқлашишига тўғри келаркан, ўз оиласини ташлаб кетган отасидан бегона бўлиш тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Xатни ўқиб чиққач, Набуонинг боши гангиб қолди.
– Xўш, онажоним нима қилмоқчилар экан?
– Биласанми, ўғлим, отанг атрофидаги дўсту ёрларини ўз ташвишлари билан безорижон қила-қила, охири итдек ўлиб кетмасайди дейман. Бундан кейин отангнинг дўстларига оғирлиги тушмаслиги учун нимадир қилишимиз керак.
– Мен отамнинг ғамини еяётганим йўқ. У билан ҳатто олди-берди қилгим ҳам йўқ, лекин у, барибир оиламиз аъзоси, отам ҳозир шундай аҳволга тушиб қолганки... Уни бу аҳволда эътиборсиз ташлаб қўёлмаймиз.

Масако ўғлининг бундай жўяли фикр юритишидан хурсанд бўлди.

Она-бола Ябуки билан боғлиқ ишларнинг барига қўл силтаб кетишлари мумкин эди, лекин қондошлик ришталари бундай беписандликка изн бермайди, улар Ябукини Японияга олиб келиб даволатишга қарор қилишди. Ябуки Дзёкити оиласидан, эришганларининг баридан воз кечиб, чет элга жўнаворганди; мана, ҳаш-паш дегунча етти йил ҳам ўтиб кетибди, хўш, у шу пайтгача нимага эришди? Набуо метр Куреда билан хат ёзишиб турарди, у навбатдаги меҳнат таътилини олди-ю, Парижга жўнаб кетди.

Бир куни Масако ўғли йўқлигидан фойдаланиб, суратлар саройининг хўжайини Косега қўнғироқ қилди. Косе ушбу оиланинг кўп йиллик қадрдони бўлиб, у ҳам Ябукининг бетоблиги ҳақида оиласига хабар берганди. Масако ҳеч иккиланмай:
– Ябукидан ҳеч дарак борми, у сизларни ортиқча ташвишга қўймаяптими? – деб сўради.
– Йўғ-ей, аксинча, Ябуки-сан бир йил деганда битта ё иккита сурат жўнатди, холос. Баъзан мусофир юртларида тирикчилиги қандай ўтаётган экан дея ташвишланиб қоламан. Мен уни бир-икки йил ичида ўз шахсий кўргазмаси билан намойишда қатнашар деб умид қилгандим...

Масако хайр-маъзур қилиб, гўшакни илди. У бу яқин орада эрининг бирон-бир ишга қўл урганини эслолмасди, энди бўлса кўргазма эмиш – бари бекорчи гап. У, арзимас, бефойда ишлар учун ўз оиласидан кечиб кетган Ябукини ўйлаб, ич-ичидан эзиларди. Масако эри жўнаб кетгандан сўнг қанчадан-қанча тунларни бедор, ғам-ҳасратда, уни қўмсаб ўтказди, энди эса худди ораларида ҳеч нима бўлмагандек, унинг ҳали эришиши даргумон ютуқларига илҳақ, оилага қайтишини кутиб, ундан умид узмай яшаши керак экан... Ябукисиз ўтган етти йиллик умри унинг инжа орзусини чилпарчин қилганда ҳам умид узмай, ўша орзуни янгитдан тикламоқчи бўлиб турганида, қарабсизки, ўша омадсиз рассомнинг куни битиб турибди, ахир, бунга қандай қилиб кўз ёш тўкмай бўлади? Буларнинг бари нима билан тугашидан қатъи назар, Ябуки Набуонинг отаси бўлиб қолаверади.

Набуо бу пайтда музлаб ётган қишки Парижнинг янги йил байрами шовқин-суронлари эндигина босилган даҳасида сайр қилиб юрарди. Масако Парижга қисқа куз фаслида келганди, у Монсо хиёбонининг барглари сарғайиб кетган дарахтларига тикиларкан, ўзини аллақандай номаълум қирғоқ томон сузиб кетаётгандек ҳис этарди. Меҳмонхона олдидаги катта кўча йўловчилардан деярли холи бўлиб, ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит, худди хизматини ўтаган даҳа шу бугун дам олишга чиққандек эди. Аста, шошмай ўтиб борсанг, Зафар аркининг худди ўзидан чиқасан-қоласан. Даҳа муюлишидан бурилсанг – қаршингда гавжум Елисей майдони. Масако бетартиб оломонга қўшилиб кетаркан, Зафар аркининг кўркам олд томонини кўришга шошилиб, бир неча бор ўгирилиб қаради. Бундай серҳашам Париж рамзи яна қаерда бор? Қизиқ, бу гўзал манзарага Ябукининг кўзи тушганида нима дерди?.. Балки у, сийқаси чиққан фикр дея устимдан кулган бўлармиди... Зафар аркига Набуонинг кўзи тушмаган ҳам бўлса керак.

Набуо отасини кўргани келганида ўзини шундай тутдики, унинг касалидан худди Парижга келиб хабар топгандек. Метр Куреда бемордан ўз меҳрибончилигини аямади. Ўғли келганини кўрган Ябуки ўзига келолмай, унга тикилганча қотиб қолганди. Набуо отасидан ёцирарди, Ябуки эса вақтнинг шиддатидан лолу ҳайрон, ўғлининг аслзода бўлиб вояга етганини кўриб, унга қараб тўймасди. Ота-бола узоқ ўтириб дардлашишди. Ябуки жарроҳликдан яхши чиққанини, ҳозир аҳволи дурустлигини ва хавотирга ўрин йўқлигини айтиб, уни хотиржам қилди. Ябукига тинчлик бермай, уни бирин-кетин туғилаётган ғоялар келгусидаги ишларни давом эттиришга ундарди. У тезроқ тузалиб, касалхонадан чиқиш пайига тушиб қолганди. Яна у, жарроҳликдан сўнг хотиржам тортганини, оёққа туриши биланоқ Набуога ўша Париж атрофидаги ўзи бир вақтлар аслиятга қараб расм ишлаган ерларини унга жон-жон деб кўрсатишини айтди. У жойларга кетаверишда, йўлда ажойиб ўрмон, ҳозирда сотишга мўлжаллаб қўйилган қадимги қаср бор. Роса арзон, борди-ю, яшаш ниятинг бўлса, таъмирталаб, агар барча қулайликларни кўнглинг тусаса, унда чув тушишинг аниқ, шу боисдан ҳам юрак ютиб, у ерларга ҳеч ким боришга ботинолмайди. Баъзан шундай оёғингиз тагидан буғу чиқиб қолиши ҳам мумкин, лекин у сизга зиён етказмайди. Ўрмон қалин, агар қуёш ботишига тўғри келиб қолсангиз борми, у ердан чиқиб бўпсиз, хуллас, ижод учун роса боп жой-да. У кулиб қўйди. Набуо гапирмай, отасини эшитди. Уази водийсини айтмайсанми, худди жаннатнинг ўзи. Тўғри, бундай ерларда ижодкор юзакиликка берилиб кетиши ҳеч гап эмас. Сислей манзараси эсингдадир. Уазидан унча узоқ бўлмаган ерда Дюпр ёдгорлиги, қишлоқдан сал нарида эса бир уйча бор, — уни сенга албатта кўрсатаман, — унда Доме яшаган. Бу уйни унга Коро топиб берган ва шу ерда вақтинча яшашни таклиф этганида, у узоқ ўйлаб ўтирмай кўчиб ўтгандан сўнг шу ерларда яшаб, яна шу ерларда вафот этганди. Бир куни сени у ерга ҳам олиб бораман. Яна ҳар йили ўзим билан молбертни олволиб, табиат қўйнига чиққанимда, қўшни қишлоққа ҳам ўтаман, кейин ўз пейзажларимни ўша жойда яратаман. Бу Ван Гогнинг қабридан унча узоқ бўлмаган ер. У ерларнинг манзараси жуда гўзал. Қани энди, ўлганимда мени ҳам ўша ерларга дафн этишса. У ерда мозор бор. Айтганча, Набуо бу ерларда яна қанча қолмоқчи?

Отаси билан бўлган бу суҳбат Набуони ҳанг-манг қилиб қўйганди. Унинг бу ҳолати, худди ота-бола ўртасида ҳеч бир гап ўтмагандек, отасининг унга бўлган самимий муносабатидан ҳайратланишми ёки Ябукининг ўз ижодига бўлган эҳтироми ҳали сўнмаганини кўриб лолу ҳайрон қолганиданмикан? Балки бу унинг сўнгги уринишидир? Унга одамнинг раҳми келади – бечора, соғайишини қанчалик сабрсизлик билан кутиб яшаяпти. Буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган Набуо бутунлай ўзини йўқотиб қўйганди.

Набуо Парижда жуда оз фурсат бўлган бўлса-да, деярли бутун вақтини отаси билан касалхонада ўтказди. Ябуки ўғли билан кўришганидан сўнг ўзини анча енгил ҳис эта бошлади. «Ота, балки Японияга қайтарсиз?»— деб сўрамоқчи бўлди-ю, лекин Набуо тилини тишлаб қолди. Қандай йўл тутишни унинг ўзи ҳам билмасди, отасини ўзи билан олиб кецамикан? Отаси Франсия табиатига шунчалик шайдо экан, балки, умрбод шу ерларда қолгани маъқулдир. Бироқ, унинг бу қароридан яна атрофидаги дўстлари азият чекиши мумкин. Набуо ўз бурчини бажариб бўлганди. Отаси билан хайр-хўш қилди-да, Японияга жўнаб кетди. Нима бўлганда ҳам она юрти Япониянинг шабадаси Ябуки қалбини бир сийпалаб ўтган, ўғли Набуонинг ташрифи эса унга ўз таъсирини ўтказган бўлса, не ажаб. Набуо келиб-кетганидан сўнг Ябуки дўстларининг Японияга жўнаб кетиш ҳақида қилган таклифга индамай рози бўлди. Японияда соғайиб, ўзига келганидан сўнг яна қайтиб келиши мумкинлигини айтиб, дўстлари уни ишонтиришганди. Ябукининг ўзи ҳам касални ёлғизликда енгиб ўтиш мушкуллигини бошидан ўтказгани учун ҳам буни яхши тушунарди.

Ябукини касалхонадан самолётгача «тез ёрдам» машинасида олиб боришди ва юқориги ўриндиққа олиб чиқиб қўйишди. Нарсалари ҳам унчалик кўп эмасди. Ўзи билан олиб келгани бир дона сурат ва палатасида осиғлиқ турган бўзга чизилган манзара бор эди, холос. Яна қолган майда-чуйдаларни алоҳида жўнатишларини сўраганди.

Парижга етиб келган Масако эрига қайтиб келиш насиб этмаган шаҳар кўчаларида бемақсад, шунчаки сайр қилиб юрарди. Елисей майдонидаги йўлкалар, айвон ва қаҳвахоналар кайфи чоғ оломон билан гавжум эди. Масако Париж кўчаларида адашиб қолмаслик учун ўғли Набуо чизиб берган харитага қараб айланарди, лекин юрагида оддий қизиқишдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Елисей майдони тахминан Гиндзага ўхшаб, 9-даҳагача чўзилган бўлиб, бу йўлни Масако кўз очиб-юмгунча босиб ўтди. Фавворалар билан безатилган Рон-Пуен майдонидан у ёғига чинорли хиёбон давом этарди. Масако ўткинчилар онда-сонда сайр қиладиган бу хиёбонни чизган япон рассомини эслади. У «Тотувлик» майдонига яқинлашганда, ҳолдан тойиб, юқорироқдаги тош зиналардан бирига ўтириб дам олишга қарор қилди. Манзара, ҳойнаҳой, бу ердан ҳам гўзал кўринса керак. Зинадан унга пешвоз чиққан ёш япон қиз ва йигитлар тушиб келишарди.
– Бу ерда нима бор?
– Бу ер импрессионистлар[2] музейи.

Улар тезда кўздан ғойиб бўлишди. Масако нафасини ростлаш учун юқорироқдаги зина майдончасига кўтарилди-да, ўсиб кетган майсалар ёнида тўхтаб, ёшлигини, эри унга кўрсатган расмларни эсга олди. Бу қандай бедодликки, қаёққа қарама – расм. У яна қаерга ҳам борсин. Зина тепасида туриб энди ётоққа қандай қайтишни ўйлади. Зафар арки кўчанинг охиридан қўққайиб кўриниб турарди. Меҳмонхона унга олисдек туюлди. Бир ўзи таксига ўтиргиси келмади. Мусофир юртининг ҳатто кўчалари ҳам сенга бегона, у бирдан бемақсад, шунчаки сайр қилиб юрганини англаб қолди.

Метр Куреданинг устахонаси Парижнинг 14-даҳасида жойлашганди.

Масако меҳмонхона дарбонидан такси топиб беришини сўради, ҳайдовчига манзилни айтганди, у ҳам пайсалга солмай, тўппа-тўғри Куреданинг уйига элтиб қўя қолди. Темир эшик, унинг ортидаги ҳовлида эса икки қаватли уй қад кўтарганди, уйнинг олд томони ўйилиб, ичкарига расмхона қурилганди. Метрнинг хотини унга пешвоз чиқиб кутиб олди, сўнг хонадан Куреданинг ўзи бошини чиқариб қаради. Масако Ябукидан беш-олти ёш катта бўлган Куредани кўриб, вақт оқар сувдек қанчалар тез ўтиб кетганини хаёлидан ўтказди. Куреданинг сочларига оқ оралаган, лекин юзи, бўй-басти ўша-ўша эди.
– Устоз, сиз ўзгармабсиз.
– Ҳа, энди ёш эмасмиз-у, лекин ҳали кучдан қолганимизча ҳам йўқ. Қисқаси, мўйсафид бўлиб қолдик. Энди қадам қўядиган ўн йиллигимдан хавотирдаман...

У хушмуомала, тўғри сўз, иродали, айни замонда олижаноб инсон ҳам эди. Бундайлар ёлғон гапиришни билмайди. Унинг ижоди иқтидор маҳсули дея тан олинганди. Бундай одамнинг олдида Ябуки ўзини бехавотир сезгани аниқ, дея хаёлидан ўтказди Масако. Куреданинг хотини японча чой дамлади. Эр-хотин Куредалар шунча узоқ йўл босиб келган Масакодан миннатдор бўлишди ва Ябукининг вафоти муносабати билан унга билдиришган таъзиялари бошқаларникидан кўра қаттиқроқ ботди.
– Уни Де Голл аеропортидан самолётга ўтқазиб кузатаётганимда, ростини айцам, менинг бунга ҳеч юрагим чопмади. Сал аввалроқ бунинг акси бўлганди, яъни уни тезроқ жўнатиб юборишга ошиқиб, эсон-омон самолётга етказиб боришни ўйлаб, роса ташвишлангандим, одамнинг феъл-атворига ҳам ишониб бўлмас экан. Бедаво дардга чалинган одам кўзларингга мўлтиллаб сендан нажот кутиб турса, бунга қандай чидай оласан. Шуларнинг барини бафуржа ўйлаб кўрдик-да, уни уйига, ўз яқинлари ёнига жўнатиб юборишга қарор қилдик. Жарроҳлик амалиётидан сўнг у аста-секин тузала бошлади, ўз-ўзидан умид ҳам уйғонди, бундай пайтларда қандай қилиб жўнаш ҳақида оғиз очиш мумкин? Xуллас, бир амаллаб уни жўнаб кетишга кўндирдик. Кетиш олдидан эса худди бурчимизни қойилмақом қилиб бажаргандек ўзимизни енгил ҳис этдик, лекин юракдаги хижиллик бизга тинчлик бермасди. Баъзан, Ябукини Парижда олиб қололмай, унинг сўнгги тилагини адо этолмаганимиз биз учун бир умрлик армонга айланиб қолмасайди, деб ўйлайман, — деди самимий оҳангда Куреда.
– Наҳотки Ябуки Японияга қайтишни сира истамаган бўлса?
– Йўқ, ундай эмас, менимча, у ўғлини кўрганидан кейин ўзини қўярга жой тополмай қолганди, тағин ўзи билади.
– У Японияда даволаниб, оёққа турганидан сўнг Парижга қайтмоқчи эди. Ёнимда ўзини яхши ҳис этаётгандек туюларди. Нима қилсам чурқ этмасди, менга ўзининг навбатдаги ҳамширасидек қарарди. Баъзан менга ўз иши. Париждаги таваккалчиликда ўтган ҳаёти ҳақида гапириб берарди, вақт ўтиши билан ҳатто ўша кўнгилга урган хотиралар унга ардоқли бўлиб қолганди. Вақт ўтган сайин аҳволи оғирлашди, хаёли паришон бўла бошлади, Японияни Париждан ажратолмай, ўзича франсузчалаб нималарнидир ғўлдираб қўярди. Гоҳида ўзини палата деворига осиғлиқ манзара-расм ичига кириб кетгудек бўлиб тикиларди. Умрининг сўнгги дамигача унинг ёнида бўлганимиз яхши бўлди деб ўйлайман. Агар ғариб ва мусофирликда ўлиб кетганида, унда ўзини бутунлай биздан ажралиб қолгандек ҳис этган бўларди.

Метр Куреданинг ҳаяжони юзидан билиниб турарди. Бир куни Ябукининг кўнгли япон миллий таомларидан суюққина гуруч бўтқасини тусаб қолганида, Куреданинг хотини унга ўша бўтқани тайёрлаб берганини мириқиб сўзлаб берди. Етти йил Франсияда яшаб қўйган бўлса ҳам барибир кўнгли ўз юртининг таомларини қўмсаб қоларди. Тобим қочса мен ҳам, шўрва эмас, айнан ўзимизнинг япон бўтқасини хоҳлаб қоламан..

Жаноб Ябукининг ўшанда мендан биринчи маротаба ниманидир илтимос қилиши эди. Менимча, у пешонасига битилган қисматни ўз хоҳиши билан ўзгартирганидан пушаймонлиги ҳақида ўйлаган.

Куреданинг хотини Масаконинг кўнглидагини гапирганди. Бир куни кечки пайт Ябукининг бирдан нафаси бўғилиб, бир оздан сўнг яна ўзига келди, лекин бу воқеадан икки-уч кун аввал у Набуони зориқиб кутганди ва сабри чидамай Масакодан ўғлига телефон қилишни сўраганди. Набуо келганида ўз расмлари ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берганди.
– Қай томондан қараманг, ўз умрини яшаб бўлган, одоб-ахлоқ доирасидан чиқмай ишланган расмлардан мен воз кечдим. Энди эркин ижод қилмоқчиман. Қандай истасам, шундай ишлайман. Қурбим етганча хўб ишладим. Энди ўз услубимни топгандекман. Нима бўлганда ҳам мен тезда жўнаб кетишим зарур. Бўлмаса, расмларим мени унутиб юбориши мумкин. Тезроқ жўнасак бўлмайдими? Мен қачон учиб кета оламан?
– Шу ерда ҳам ишласа бўлади-ку. Балки ўша расмларни шу ерга олиб келармиз?
– Унда аслиятни нима қиламиз? Уазини бу ерга олиб келиб бўлмайди-ку... У ўзини ўлдирмоқчи бўлган ўша далани кўролмаймиз. – Оташ бўлиб ёнаётган Ябуки кўзларини зўрға очди. Набуо ундан:
– У деганингиз ким? – деб сўради.
– Келаси сафар сени у ерга олиб бораман.—Ёшлигимда Вламинкдан[3] таҳсил олган Ноаи менга расмдан устозлик қилган. Ноаи Ван Гогга топинарди, уни ўз отасидан ҳам кўпроқ яхши кўришини айтарди. Бу сўзлар кейинчалик тарих зарварақларига муҳрланиб қолди. Xуллас, у Франсияда ўз отасидан кўра кўпроқ яхши кўрадиган рассом вафот этган қишлоқ бор. У ерларнинг табиати оддий, дабдабасиз, тинч ва осойишта. Ўша ерларга сен билан бирга борайлик-а, ўғлим. Қани энди ҳокимлик томонидан ўша томонларда биронта тадбир уюштирилса, унда боришимиз осонроқ бўларди. У ерда ўрта аср охирларига оид ажойиб черков бор. Бу черков не-не талотўпларга гувоҳ бўлмади, дейсан. Устоз дафн маросимини ўтказиб, черков эшигидан чиқиб келаётган одамларга дуч келиб қолган ва менинг ҳам кун-соатим битибди, деб хаёлидан ўтказган-да, черков ташқарисидаги далага чиқиб ўзини отиб қўйган.

Ябуки худди ўтган ҳаётидан бир парчани ҳикоя қилиб бераётгандек тўхтовсиз гапирарди. Унинг эти суягига ёпишган юзи бужмайиб, қип-қизил бўлиб кеца ҳам гапдан ўзини ҳеч тўхтатолмаётганди.
– Отам учун шунчалик қадрли бўлган ўша жойларни биз ҳам кўрсак бўлармиди...– деди Набуо.

Набуо отасига анча ўрганиб қолганди. Ота-бола бошқа-бошқа дунёда яшасалар-да, Набуо унинг аҳмоқона ишларига бош қўшишни истамасди, лекин борган сари яқинлашиб келаётган ажал сояси бундай лоқайд қараб туришга изн бермасди. Набуо онаси билан ёлғиз қолган кезларида:
– Қани энди, яна бирор ўн кун яшаса...– дерди.

Масако титраб кетди. Бемор ўн кунга ҳам етиб бормади, унинг руҳи аллақачоноқ у тириклигида қўмсаган ерларда кезиб юрарди, кўп ўтмай унинг кўзлари абадий юмилди. Касалхона боғчасидаги олча куртаклари ниш уриб қолганди.
– Вафотидан сўнг ўтказиладиган кўргазма нима бўляпти? – сўради метр Куреда.

Эр-хотин Куредаларнинг жонбозликлари билан Париждан йиғиб олиб, жўнатилган Ябукининг барча ишлари Японияга келиб тушгандан сўнг тўғри Масаконинг торгина уйини бутунлай эгаллади-қўйди. Унинг ўзи бу расмларга ҳали тузукроқ назар солгани ҳам йўқ. Масако расмни очди-да, уни кўриш учун бир оз орқага тисарилган эди, жавонга бориб урилди.. Ябукидан ўнлаб ишлари мерос қолди, лекин унинг ўзи бу меросни кимга ишонган бўларди? Кўргазма тўғрисида Косе расмлар саройи билан келишиб, кўргазмани шу йилнинг кузида ўтказадиган бўлди. Ябукининг эъзозли устози бўлган метр Одзакини кўргазмага таклиф этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб беришини илтимос қилишмоқчи. Ябукининг ишларига Масаконинг ақли етмасди. У аввал-бошда устозларига ҳавас қилиб уларга эргашди ва ўз йўлини тополмай, қотиб қолган услубда, ишлади, охирги манзараларида майинлик, нафислик, таваккалчилик, ўзига хос ўжарлик билан қоришиб, уйғунлашиб кетганди; умумий жилвадорликнинг кўпи тўқ рангда эди. Масако назарий қарашлари тарафдорларидан бўлган метр Одзакининг бунга қандай муносабат билдиришидан хавотирланарди. Ҳар ҳолда Одзаки Ябукининг расмларини кўриб, ўзини тушунгандай қилиб кўрсатганида эди, унинг ижодига бирмунча қизиқиш уйғотиш мумкин бўларди. Балки бўлиб ўтаётган бу воқеалар марҳумнинг истак-хоҳишига зиддир.

Метр Куреда:
– Шахсий кўргазма, албатта, ўзига хос услубни талаб қилади...– деди хаёлга чўмиб.

Масако метр Куредани кўргазма манфаати учун сўзга чиқишини хоҳларди. Қани энди метр Куреда ўз ролини қойилмақом қилиб бажарганда эди, унда Масако жон-жон деб ишга киришган бўлармиди.

Ҳовлида арча гулига ўхшаш бинафшаранг гуллар очилиб ётарди. Куреданинг хотини бирпасга чиқиб кетганидан фойдаланган Масако гулларга суқланиб тикилди.
– Устоз, илтимос, айтинг-чи... Ябукининг расмларига нима дейсиз? Ҳали расмларни очиб, уни бафуржа кўришга улгуролганим йўқ... Агар кўргазмада унинг ишларини тан олишмаса, унда нима бўлади? Рассомнинг бу тахлит яшаб, ижоди айни қизиган паллада дунёни тарк этишига ачинмай бўладими? Мен уни ҳатто ўз касбидан қизғандим, буларнинг бари унга нисбатан адолацизлик эмасми. Ябуки севган ишини деб оиласидан воз кечди. Шу қурбонликлар эвазига унинг ижодида биронта илоҳий учқун кўринадими?

Масако метр Куреданинг тил учида қилган тасаллисига зор эмасди. Куреда эса буни сезганди.
– У фақат биргина ишида гулларни, яъни оқ гладиолусларни тасвирлаганди. Мен, баъзан мана шу расмдан олган илк таассуротимни эслайман. Ихчамгина гулдонга бир талай гуллар пала-партиш солиб ташланган, гуллар эса идишга сиғмай, бири эгилган, бири синган, баъзилари ер билан битта бўлиб ётарди, бу расмга ўхшамасди, унда жонли нимадир бордек, манзарадан кўз узолмасдингиз. Орқадаги қора ранг оч ҳаво ранг билан қоришиб кетганди. Сап-сариқ гулдондан нур таралиб турибди. «Ван Гогда ҳам худди шундай «Гуллар» деган сурат бор», — дедим унга бир куни.

– Буни қаранг-а, демак, Ван Гогдек рассом ҳам менга тақлид қилган экан-да,—дея Ябуки беғамгина жавоб қайтарганди.— Яна битта манзара бор. Унда дарё ва кўприк тасвирланганди. Рассом кўприкка чиқиладиган томондан қараб турарди, унга улкан ва бесўнақай тўсинлар қалаб ташланган, кишида худди бу ерни қутурган буқа остин-устин қилиб ташлагандек таассурот уйғотарди. Чапда ва ўнгда эса сокингина оқиб турган сой тасвирланганди. Xудди мутаносибликдан бехабар болалар расмидек. Буни кўрдим-у, нафасим бўғзимга тиқилаёзди. Менга, бу ишни у қўли билан эмас, юраги билан бунёд этгандек туюлди. Дарёни тинч ва сокин кўриш мумкин бўлганда, нега энди кўприк устабузармонлик маҳсули бўлиши керак экан. Башарти мен ундан бу ҳақда сўраганимда эди, биламан, у ҳеч иккиланмай: «Кўприк – бу мен», деб жавоб берган бўларди. Дарё ўз изни билан яшагандек, кўприк ҳам худди шундай, дарё оша ўз ҳаётини яшайверади. Ҳеч разм солганмисиз? – унинг ишларида ўзига хос жозиба бор эди. Масалан, кенг кўприкка ингичка, деярли кўзга чалинмас қизил чизиқ тортилган. Бу ёруғ оламни рассом Ябуки шундай тасаввур этарди. Менимча, у шундай яшаганки, табиатни ўзи истаганча чизиб, яна уни асл қиёфасини бузмаган ҳолда кўра олган ва шу орқали табиатга мос манзара ярата олган.

Метр Куреда бу гапларни чин юракдан гапиргани шундоқ билиниб турарди, шу боис шубҳалардан холи бу самимий суҳбат охиригача шундай давом этди.

Масако ўзини енгил ҳис этди.
– Мени ҳам битта расм қизиқтириб қолган. Энг дағал бўзга ишланган бу расмда черков тасвирланганди; диққат билан разм солинса, черков ажал минорасидек виқор билан қад кўтариб турибди гўё. Рассомнинг ўзи эса худди марҳумлар ёки авлиёлар билан суҳбат қураётгандек. Мен ўзимни санъат борасида ҳеч вақога ақлим етмаса керак деб ўйлагандим, лекин энди тушунишимча, расм сени ўз гўзаллиги билан сеҳрлай олмас экан, унда уни расм демаса ҳам бўларкан. Одам кўрганида ҳайратдан ёқа ушлайдиган ёки бўлмаса кўнглингни чўктириб юборадиган асарларни мен тушунмайман. Набуо менга ўгирилди-да: «Бунча қайғули расм бўлмаса,» деди. Бу сўзларни эшитдим-у, ичимда ғалаён кўтарилгандек бўлди. Нима бўлганда ҳам жигаримдан бундай гапни кутмагандим. «Кўзингни каттароқ оч-да, диққат билан яхшилаб қара, ана ўшанда, ундаги гўзаллик сени мафтун этганига ўзинг ҳам амин бўласан!» – дедим мен ва худди кутганимдай бўлиб чиқди. Унга эртаси куни қуёш ёруғида қарагандим, қора ва кулранг туслар жилва қилмоқда эди. Ўшандан бери ҳар куни қараганим сари у менга яқинроқ бўлиб бораверди, гўёки мен билан гаплашиш учун тилга киргандек. Расм билан бўлган бу суҳбат менга Xудонинг инояти эди. Ябуки бунчалик ибратомуз даражада ўзгарар деб ҳеч ўйламовдим.
– Агар Ябуки-куннинг[4] хотини уни тушунолган бўлса, бу нур устига аъло нур. Уни томошабин қабул қиладими, йўқми, бу энди бошқа масала.
– Суратда ёвузлик ёки бирон-бир ақл бовар қилмайдиган нимадир бўлса, унда тушунмасликлари турган гап. Балки бу нодир асармасдир, лекин шундай бўлган тақдирда ҳам барибир, мен уни тушуноламан. Ўғлим менга: «Сен учун азиз бўлган киши қаерларни қўмсаганини, қаерларга бориб ижод гаштини суришни хоҳлаганини билмоқчи бўлсанг, яхшиси, бор-да, у ерларни ўз кўзинг билан кўриб кел,» деди ва келиш-кетиш муаммоларини ўз зиммасига олди.
– Эртага мен Ябуки учун қадрли бўлган Уазининг теварак-атрофини сизга кўрсатаман. Рафиқам иккимиз у ерларга қадам ранжида қилмаганимизга ҳам анча бўлган. Сизга жон-жон деб ҳамроҳлик қиламиз. Сайёҳатчиларнинг кўпчилиги Париж деганда Елисей майдонинию, Сент-Онорени тушунишади, йўқ, аслида ундай эмас, шаҳар ташқарисига бир қадам босиб бўлса ҳам чиқиб кўринг-а, ўзингизни худди мўъжизалар ичига тушиб қолгандек ҳис этасиз.

Меҳмон шарафига дастурхон ёзилди, учаловлари ерга солинган дастурхон атрофида тушлик қилишди, бу ердан ичкари ҳовли кафтдагидай кўриниб турарди. Масако қўлига бир бурда нонни ушлаганча, Франсияда яшашга шунчалик кўникиб кетган эр-хотин Куредаларнинг устрицани қийналмай, бемалол еяётганларини кузатаркан, бу меҳмондўст оилада Ябуки ўзини қандай ҳис этгани ҳақида ўйлай кетди. Агар ўғли ҳам оила қуриб, алоҳида яшаса, уйидан файз кетади.
– Парижга биринчи келишингизми дейман? Унда, албатта, сизга ҳамроҳлик қиламан.
– Ҳа, албатта, ҳамроҳлик қиламиз, – дея бош силкиди метр Куреда. – Ябуки шаҳар атрофини хуш кўрарди. Мен ишлаган анҳорни кўрганида: «Отни мендан олдин қамчилаб қолибсан-да,» деб ўпкалаганди. У дарёни жуда севарди.
– Унинг азбаройи сувга меҳри тушганидан ёзнинг иссиқ кунлари анҳор ёқалаб қандай сайр қилганини, сувга яқинлашиб боргани са-йин сабри чидамай, пайпоқни улоқтириб, ялангоёқ сувни шалоплатиб кечганини гапириб берганди.
– Бу воқеа ўн тўртинчи июл байрам тантанаси куни содир бўлганди. Кун иссиқ, бу ёз аввалгиларидан бошқача келганди.

Бир куни Ябуки-сан дабдурустдан уйимга кириб келди-да: «Бекажон, желе[5] тайёрлашни биласизми?» – деб сўраб қолди. Сўнгра желени қандай тайёрлашни менга ўргатди. Мен у истагандай чиқара олмай, охири ўрнига циркаланган лўвия угра пишириб бердим. У ҳалимдек юмшоқ одам бўлиб, чивинга ҳам озор бермасди.

У ёдига тушиб қолган воқеаларни сизга жон-жон деб гапириб берарди. Масако беихтиёр Ябукининг бу хонадонда ўтган ҳаёти, яъни аҳён-аҳёнда бўлса-да, унга япон миллий таомларидан татиб кўриш насиб этгани ҳақида ўйлади.

Эртаси куни Масако эр-хотин Куредаларнинг таклифига кўра, тушдан кейин уларга қў?илиб билан автомобил саёҳатига жўнади. Ҳаво очиқ, эрта бошланган кузнинг ёқимли шабадаси эсиб турарди. Рулда метр Куреданинг ўзи ўтирарди. Машина шаҳардан Париж ташқарисига йўл олди. Йўл бўйидаги эски кўчалар муюлишида кичик-кичик қаҳвахоналар кўзга ташланарди. Масако кеча унга кўрсатишган қатор уйларни эслади. Монмартрнинг шу қисмидаги мавзенинг муюлишида ҳам қаҳвахона бўлиб, йўлканинг қоқ ўртасига стол қўйиб ўтириб олиб, ўтган-кетганни бепарволик билан кузатаётган чолни хаёлидан ўтказди.

Уларнинг машинаси дала бўйлаб учиб борарди. Атрофда кўзни толиқтирадиган на бир фабрика, на бир корхона кўринади: шаҳар ташқарисида бирдан дала ва боғлар кўзга ташланди. Масако ўтган кунлари мобайнида унга тинчлик бермай келаётган ўзига номаълум бир туйғу билан ҳозирги саёҳатини орзиқиб кутганди. Ёлғизликда яшаб, кўнгли яримта бўлиб қолган ва аёллик қисматига битилган кунларини ўтказаётган Масако етти йиллик ўтган умри мобайнида эрининг гуноҳларидан ўтишга бир неча бор рози бўлганди. Баъзан оҳиста, ич-ичида уни чақирар, энди эса Ябуки яшаган ҳаётнинг бир бўлагини бўлса-да, кўриш унга ҳам қарз, ҳам фарз эди. Балки Масако ўз иқтидори мезонини билиш кўйида мусофирчилик аламини тотган рассом изидан борсагина уни тушунолган бўлармиди?

Шимолгача чўзилган ҳақиқий ўрмон Париждан бошланиб, қирқ-еллик дақиқалик йўл эди. Ўрмон ичига кириб борганларида, уни ўраб турган ғуж-ғуж дарахтларни кўриб, Масако довдираб қолди. Атрофда зоғ ҳам кўринмасди.
– Xудди оёғинг остидан тулкими, буғуми чиқиб келаётгандек туюлаверарди...
– Буғуларга кўзим тушмади, лекин, қуёнлар, сонялар[6] у томонда яшашади, — деб қўли билан ишора қилди метр Куреда.
– Ябуки яна бир ишида қор босган дарахтзорни тасвирлаганди.
– Менимча, бу худди ўша. У ернинг қишида қор ёғиши билан совуқдан шамдек қотиб қолиш ҳеч гап эмас, Ябуки бу асар устида чамаси беш соатлар ишлагандир-ов. Менга ҳаммадан ҳам қорга таслим бўлмай турган журъатли дарахтлар қиёфаси ёқади.

Ҳозир ўрмон тинч, лекин бир оз ваҳимали, холос, бу ерда табиатга уруш очган инсон зотининг арвоҳини ҳам кўрмайсиз. Уларнинг кўз ўнгида ўрмон йўлидаги дарахтлар орасидан тушган ёруғликда қасрга ўхшаш иморат пайдо бўлди; худди япон қасри деворларидек ясси тепаликлар чўзилиб кетган – турган-битгани тарих деяверинг. Шаҳар ва қишлоқларни босиб ўтган машина ниҳоят орзиқиб кутилган Уази воҳасига етиб келди. Узоқдан Масакога таниш сой, ўша анҳор, ўша кўприк кўзга ташланди. Кўприк қутурган буқадек бе-сўнақай бўлса ҳам воҳанинг манзарасини одатдагидек тўлдириб турарди. Сой тип-тиниқ, сувида ўрдаклар сузиб юрарди. Яқин атрофда ресторан бўлиб, эр-хотин Куредалар уйга бирон нима олиб кетиш мақсадида таомнома кўргани кетишди.

Кўприкдан ўтишгач, Ябуки севган ва ҳар йили чамаси уч ой вақтини ўтказадиган Овёр қишлоғига кириб келишди.
– Кейин Ябуки келиб тушган меҳмонхонага ҳам кириб ўтамизми?
– Бу ерда ҳали меҳмонхона ҳам борми?
– Бўлмасам-чи! Тўғрироғи, меҳмонхона эмас, пансион. У ерда Ван Гог яшаган хона ҳам сақланиб қолган.

Кўзланган манзилга етиб келишгач, Масако безовталана бошлади. Машина қатор уйлар тушган кўчадан ўтиб борди-да, қишлоқ идораси жойлашган ихчамгина майдондан чиқди. Масако майхона олдида машинадан тушди. Майхона тепасидаги «Ван Гог» ресторани деган ёзув ярқ этиб кўзга ташланиб турарди. Бу икки қаватли эски бино бўлиб, хира ёритилган зал бўм-бўш эди.

Метр Куреда Масаконинг кўзларидаги саволни дарров уқиб олди.
– Айтишларича, бурун бу ерларда томига туйнук ўрнатилган арзон қаҳвахона бўлганмиш. Ван Гог шу ерда, орқадаги хонанинг чордоғида ўлган.

Масако ҳаёт қуёши ботай-ботай деб турган бир паллада рассомнинг юқоридаги кичкинагина туйнукдан тушиб турган хира нурга маъюс тикилиб турганини кўз олдига келтириб, юраги орзиқиб кетди. Рассомга нисбатан бундай қўполлик – рестораннинг Ван Гогнинг номига қўйилгани нафсониятига тегди. Идора ёнидан туриб қарасангиз, чўққисига ўткир найза қадалган эски черков шундоқ кўриниб турарди, агар нишабликдан тепаликка кўтарилсангиз, у яна ҳам яққолроқ кўринарди.. Ана шу Ябуки чизган черков эди. Бир неча аср аввал чеккароқда бунёд этилган бу черков қандайдир бир хислати билан одамлар томонидан асраб-авайлаб келинаётир. Ўзи ҳам йўллар айрилган ерда жойлашганди. Черковдан ибодат маросими овози эшитилиб турарди.
– Менимча, Ван Гог айнан мана шу черковни чизган бўлса керак. Мен уни Париждаги импрессионистлар музейида кўргандим.
– Ҳа, у шу яқин-атрофга қўйиб чизган. У буни ўзи вафот этган 1890 йили ишлаганди. Манзара – балки ҳалиям ўша-ўша. Ябуки эса айнан шу черковни ён томонидан тасвирлаганди.
– Ван Гогнинг черкови ҳақиқатан бутунлай бошқача эди. Кўкка парвоз қилсин дея атайлаб мовий рангда чизилганди. Ябукиники – мулойим-маъюс, Ван Гогникидан бутунлай фарқ қиларди.

Масако черковнинг тош деворидан юқорига боқди, балки қачонлардир рассом ҳам худди шу ерда турган бўлса, ажабмас. Ябуки бунга бошқа томондан қарагандир, ранглар ҳам унга бошқача товланиб кўрингандир.

Черков атрофини айлана туриб, ёнгинасида Ябукининг оғир хўрсинишини сезгандек бўлди ва бирдан буғдойзорга кўз югуртирди. Пишиб етилган тилларанг бошоқлар вазмин чайқаларди.
– Бу ҳалиги гала-гала қарғалари бор Ван Гогнинг даласими?
– Ҳа, худди ўзи. Йигирма еттинчи июл куни шу ерда у ўзини отиб қўйган. Лекин тирик қолган. Уйига қайтиб келиб, уч кундан кейин вафот этган.
– Ёлғизликда ўлганми?
– Менимча, Тео деган укаси ёнида бўлган.

Масако тилларанг буғдойзорга тикилиб қараркан, энди бу ёғига бардоши етмаслигини тушунди. У яна Ябукининг оғир хўрсинишини ҳис этди.
– Устоз, айтинг-чи, Ябуки ҳам ўз жонига қасд қилгани ростми?

Метр Куреда ҳайратдан кўзларини чақчайтирди, саросимадан типирчилаб қолди. Сал нарида дала хризантемаларини узаётган хотини қаддини ростлади.
– Ўтакамни ёрай дедингиз-ку! Бутун ҳаёти афсоналар қуршовида қолган рассомнинг ўтмишини Ябуки-куннинг ҳаёти билан таққослаб бўларканми? Бу гапни қаердан олдингиз? – деди Куреданинг хотини ва бошдан-оёқ унга разм солиб чиқди.

Ябуки ҳам ўша ўзини ўлдирмоқчи бўлган рассомнинг изидан қолмай, уч ойлаб шу ерларда яшаб юрган-ку, ахир. Ким билади, балки ўлимида ҳам унга ўхшагиси келгандир. Шунақаси ҳам бўлади-ку. Балки, ўша тубсизлик уни оҳанрабодек ўзига тортгандир.

Эр-хотин Куредалар бир-бирларига зимдан қараб қўйдилар-да, сўнг нигоҳларини олтин бошоқларга қаратдилар.
– Ябуки-кун шу ерда бетоб бўлиб қолиб, бизга телеграмма юборганди. Биз оғайним иккимиз етиб келганимизда, бизга пешвоз чиқиб кутиб олди ва учаламиз йўл бўйидаги ресторанлардан бирида тамадди қилдик. У силла қуриш касалига мубтало бўлганди. Қорин тўқ бўлса, калла ҳам яхши ишламайди дерди-да, ҳеч нима емасди ва бу аҳволида дуч келган ерда ҳушидан кетиб йиқилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Қулоғимизга, ҳарҳолда, мана шундай гаплар ҳам чалинганди. Эшитганимиз шу, балки чини билан ҳам шундай бўлгандир.

Масако ҳатто ажал ҳам ундан юз ўгириб кетган Ябукини ўйлаганида, ич-ичига сиғмай кетаётган киноя, жирканиш уни адойи тамом қилиб борарди. Эҳтимол, бу черков ана ўша пайтларда ишлангандир. Расмда ҳам черков ўз танҳолигини кўз-кўз қилиб, кўкка бўй чўзганча, ҳаёт оқимини кузатиб турарди.

Ўша вақтдаги ҳақиқий черковдан эса хорал[7] овозларигина аранг эшитилиб турарди.
– Дафн маросими бўлса керак. Бу ернинг кунлари узун...

Қош қорайиб, оқшом тушгани билиниб турса-да, буғдойзорлар кундузгидек ёп-ёруғ, мавж уриб турган бошоқлар тўлқини улар узра тўшалган улкан гиламга ўхшаб кўринарди. Даланинг шундай ёнгинасида тош девор билан ўралган катта ер майдони бор эди. Бошида у бу жойнинг нималигига ақли етмади, лекин дарвозадан гул ушлаб бири кириб, бири чиқиб турган бир тўп қариялару болаларни кўриб, гап нимадалигини англади.

Бу ерда мозор бор эди. Куреданинг рафиқаси қишлоқ йўлидан хризантемаларни нима сабабдан узгани энди маълум бўлганди. Биронта дарахт кўринмасди, фақат қабр тошлари қатор тизилиб кетганди, холос. У ер-бу ерда одамлар кўринарди. Масакога бежирим тош девор тагидаги оддийгина қабрни кўрсатишди. Унга қабр тоши ўрнатилган бўлиб, атрофига гуллар экилганди. Тошлардан бирига: Винсент Ван Гог, бошқасига – Теодор Ван Гог деб ёзиб қўйилганди. Икки ака-ука қабрини кўрган Масакони титроқ босди, охиратнинг қанчалик маъносиз ва сукунатга чўмганини у илк бор ҳис этиши эди. Бу ерга уларнинг хокигина дафн этилганди. Ўзи чизган автопортретдагидай озғин юзли, суяклари чиқиб ётган Ван Гог шу қабрга қўйилганди. Дунёга келиб ўз қадрини тополмаган рассомнинг ҳаёти шу қабр тошининг тагида босилиб ётарди. Куреданинг рафиқаси эҳтиром билан унга хризантема гулдастасини қўйди. Масако қабр ёнида турган ёғоч пақирни олиб, гулларга сув қуйгиси келди. Қабрда ётган одам Масаконинг яқин кишиси бўлмаса-да, барибир, уни бегона деб бўлмасди. Вафотига 80 йилдан кўп бўлган рассом ётган ерга ўзингни ташласанг, бу йил дунёдан ўтган япон рассоми ҳам унинг ёнида ётибди-ку, дея кўнглинг таскин топади. Оддийгина бу қишлоқда ўз расмлари билан донг таратган машҳур мусаввир дафн этилган. Ҳаётда қайси йўлдан боришни билмай, узлатда яшаган бу одам ўз расмларида бизларга нималарни сўзлаб бермоқчи бўлганийкин? Ябуки ҳам ўзидан кейин тушуниб бўлмайдиган, ҳали ўз баҳосини топмаган номаълум черков тасвирланган расмни қолдирганди.

Осмонда қарғалар галаси бир кўринди-да, яна кўздан ғойиб бўлди. Масакони бу ерларга эр-хотин Куредаларнинг оқкўнгилликлари ва Ябукининг руҳи етаклаб келганди. Масако орқа томонида қабр бўлган тош девор ёнига келди-да, уни аста силади ва у ерда ўсган гиёҳдан бир тутам юлиб олди. Сўнг аста юриб, қолган қабрларни зиёрат қилди.

Эндиги келадиганларга бу ерлардан жой топилмаслиги аниқ. Ер тагида ёнма-ён турган тобутлар ҳам сиқилиб қолгандир.

Масакодан сал нарида эр-хотин Куредалар туришарди.
– Кўряпсанми, сен ҳам рассомсан, лекин черковни, далани чизганлар Овер-Уазидаги мозорда улар билан бирга ётишибди... – пичирлаб деди метр Куреданинг хотини.
– Ҳа, тўғри. Улар доктор Гашенинг қўлида тарбия топишган-да.
– Сиз расмини чизган ўша Гаше деганлари ажойиб одам бўлган экан-да. У бир вақтнинг ўзида ҳам тирсагига, ҳам елкасига суянган ҳолда ўтирибди...
– У сенга ёқармиди? Портретига боқсанг, ташла барини, бу ердан бошни олиб кетайлик, деяётгандек.

Метрнинг товуши Масакого эрининг овозини эслатиб юборди. Ҳушёр тортган Масако билдики, эр-хотин Куредалар уни ёлғиз мозор айланиб юрганини кузатиб тургандилар. Улар дарвозадан чиқибоқ тепаликдан қиялаб, юриб кетдилар ва икки юз-уч юз йил бурунги рангини йўқотмаган қатор уйлар ёнидан чиқишди. Масако ўз хаёлларига банд кетаётганди, бирдан метр Куреданинг овози унинг диққатини бўлди.
– Мана ўша жой. Ябуки Оверга келганида, албатта, шу ерда тўхтарди.

Меҳмонхона Xонгонинг бошланиш жойида, қизил дарвоза ёнидаги Токио талабалар пансионини эслатувчи «Ван Гог» ресторанининг худди ўзи эди. Масако нима қилишини билмай иккиланиб қолди, лекин анча ичкарига кириб боришгани боис орқага қайтиш имкони қолмаганди. Метр эшикни бир итарганди, ихчамгина меҳмонхонанинг иккинчи қаватга олиб чиқувчи зинаси кўринди. Зина ёнида баланд ёзув столи турарди, уларнинг чақириқларига ҳеч ким жавоб бермагач, метр столдаги қўнғироқчани олиб жиринглатди. Бир оздан сўнг ичкаридан уй бекаси чиқиб келди. Қадди-қомати келишган баланд бўйли бу аёл аввалдан таниш эр-хотин Куредалар билан саломлашди ва Куреда бекага Масакони таништирган эди, унинг юзида ҳамдардлик ифодаси зоҳир бўлди.
– Демак, мсе Ябукини худо даргоҳига олган экан-да...Унинг оиласи борлигини билмабман. Ябуки ҳамиша ёлғиз эди, аввал ҳам шундай бўлганига амин бўлдим, энди эса – абадга танҳо...
– Бу ер унга ёқарди...
– У расм чизишдангина завқ оларди, холос.
– У яшаган хонани кўрсак бўладими?
– Йўқ, ҳозир у ерда бир ҳиндистонлик талаба яшаяпти, ноқулай.

Қанчалик ғалати бўлмасин, бу сўзлар Масакога таскин берди. Кичкинагина туйнукдан ёруғ тушиб турадиган чордоқнинг тўридаги мансардани[8] кўз олдига келтиргани замон, уни қўрқув ҳисси қамраб оларди. Куреда мажбурламади. Бекага миннатдорчилик билдириб, чойчақа беришди-да, чиқиб кетишди.
— Ябуки яшаган хонани кўриш сизларга насиб этмаганидан жуда афсусдаман. У доим ўша ерда ишларди. Муҳими – чизиш, дерди у. Ҳақиқийсидан фарқли ўлароқ, ғамгин ранглар, мана, янаям оғирлашди, чунки у рангларни шундай қабул қиларди.

Масако ҳақиқатан ҳам ўша фақирона хонани кўргандек руҳи тушиб кетди. У Ябукининг қадами етган ерларнинг ҳаммасида бўлганини кўз олдига келтирди. Бу саёҳат эри билан етти йил айрилиқда яшаган Масаконинг Ябукини яхшироқ билиб олишига ёрдам берганди. Масако меҳмонхона бекасининг сўзларини эслади: «У доим ёлғиз эди, шунинг учун мен уни ҳеч кими бўлмаса керак деб ўйлагандим, энди бўлса, то абад шундайлигича қолади...» Балки Ябуки уни умрининг сўнгги кунларигача ёлғиз қолдиришларини истагандир...


  1. Метр – меҳмонхона соҳиби.
  2. Импрессионист – тасвирий санъатда ўзига хос бир оқим тарафдори.
  3. Морис де Вламинк (1876-1958) – франсуз манзарачи рассоми.
  4. Кун – устоз.
  5. Желе – елимшак (мева шарбатига желатин ва ширавор қўшиб, қуюлтириб тайёрланган ширин егулик, дирилдоқ).
  6. Соня – олмахонга ўхшаш кемирувчи ҳайвон.
  7. Хорал – хорал (католик, протестант динидагиларнинг диний ашулалари ва шу шаклдаги мусиқали песа).
  8. Мансарда – шипи қия болохона.