OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЮрий Казаков
Асар номиТедди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Болалар ва ўсмирлар адабиёти
Муаллифлар
   - Юрий Казаков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонО. Отахон
Ҳажм89KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тедди (ҳикоя)
Юрий Казаков

I

Баҳайбат, қўнғир айиқни Тедди деб аташарди. Бошқа ҳайвонларнинг ҳам номи бор эди-ю, лекин Тедди уларни сираям эслаёлмас, доим адаштириб юрарди. Фақат ўз лақабини яхши билар, қачон чақирсалар қулоқ солар ва айтганларини бажарарди.

Унинг ҳаёти жуда зерикарли эди. У аллазамонларда бери тсиркда ишларди. У итоатгўй, ювош бўлиб қолган ва энди унга қафаснинг ҳожати йўқ эди, аммо шунга қарамай одатлари бўйича қафасда сақлашарди. Теддига ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаган, ҳаммаси жонига теккан, фақат тинч қўйишларини истарди. Бироқ у кекса тажрибали артист бўлганидан сира ҳол-жонига қўйишмас эди.

Кечқурун уни ўртасида юз-кўзига упа-элик суртилган новча одам уёқдан-буёққа юрган чароғон саҳнага олиб чиқишар эди. Бу одам оппоқ кўйлак-иштон, чарм қора этик ва олдига зар уқа тутилган лоларанг камзул кийиб оларди Унинг кўйлак-иштони ҳам, камзули ҳам, рангпар, ҳиссий юзи ҳам Теддига ёмон таъсир қиларди. Лекин айиқ, айниқса унинг кўзларидан қўрқарди.

Бир замонлар Тедди бир неча бор йиртқичлигига бориб исён кўтарганди. У аламидан бўкирар, қафас симлариш суғуриб ташларди, ўшанда уни тинчитишнинг сира иложиш қилишолмаган эди. Аммо қафас ёнига рангпар одам келиб Теддига тикилганида, айиқнинг уни ўчиб, орадан бир соат ўтар-ўтмас репетитсияга чиққан эди.

Энди Тедди хархаша қилмас ва турли-туман қўпол ва бекорчи, ҳатто кўпинча бемаъни нарсаларни ҳам жимгина бажараверар эди. Оқ кўйлак-иштонли одам ҳам энди унга ўқрайиб қарамасди, айиқ ҳақида гап кетса уни эркалаб «Юввошгина қария» деб атарди.

Тедди саҳнага чарм бурундиқда чиқар ва ўзини олқишлаб кутиб олган томошабинларга таъзим қиларди. Унга велосипед келтириб беришар, у эгар оша оёқларини ўтказиб рулни маҳкам тутганча педални бор кучи билан босарди-да музика садолари остида саҳна бўйлаб айланарди. Томошабинлар эса тинмай қийқирар ва қарсак чалардилар.

Тедди яна бир неча антиқа нарсаларни бажара оларди: Панжалари билан тез-тез айлантириб ғўлаларда учар, узун, ингичка темир таёқ тепасига чиқиб мувозанат сақлаб турар, қўлларига қўлқоп кийиб бошқа бир айиқ билан бокс тушарди. Тедди ҳазилни тушунмасди, тўғрироғи ҳайвонларга хос ҳазилнигина тушуна олиши мумкин эди, шунинг учун бундай кўпол ва бемаъни ҳаракатларни бажараётганда одамлар нима сабабдан шодланарди, сира тушунолмасди.

Кечалари айиқ кўпинча ухламас, йўлакда миттигина чироқ хира нур сочар, кийимидан доим ёқимли ҳид анқиб турадиган қоровул чол роса хуррак отарди. Ҳайвонлар уйқусида ириллар ва ғингшир эди, қафаслардан қўланса ҳид анқирди. Йўлакнинг қоп-қоронғу бурчакларида йирик-йирик суқатой каламушлар югуриб юрар, орқа оёқларида тик туриб бирдан қотиб қолар, шундай пайтда уларнинг соялари узун бўлиб полга тушарди.

Бирмунча вақт ғингшиб ётгач, Тедди ўзини ялаб-юлқашга тушарди. У жиққа ҳўл бўлиб кетгунча эринмай панжалари билан қорнини ялар, сўнгра биқини билан орқасига ўтарди. Бироқ орқасини ялаш жуда ноқулай эди, натижада у тез чарчар, кейин нохуш хаёлларга бериларди.

У болалигини ва онасини — панжалари юмшоқ, узун тили ҳароратли, келишган айиқни эслашга уринарди. Бироқ болалигини деярли эслолмасди. Фақатгина анҳор, сарғиш қум тўшалган соҳил ёдига тушарди холос; қум майин ва қайноқ бўларди. У яна чумолиларнинг ўткир ҳидини эсларди, афсуски ўшандан буён бундай ҳидга рўпара келмади.

У яна ўзига тсиркда бир пайтлар беришган тотли емишлар ҳақида ҳам ўйларди. Яна жуда кўп нарсалар унинг эсига тушарди: қандайдир шакл-шамойиллар кўз олдига келар, юрагини ғазаб ва ҳасрат тўлдирар, унинг ўкиргиси, аллақаёқларга бош олиб кетгиси, ўзига муносиб йиртқичона ишларни бажаргиси келар ва кечаси билан ўкириб чиқар, эртасига эса ўзини беҳад ланж ва тунд сезар, репетитсияга ҳам истар-истамас чиқарди.

II

Кунлардан бир кун тсирк сафарга отланди. Теддини ҳам ола кетишди.

Шу чоққача у жуда кўп сафарга чиққан, шу боис уни ҳеч нарса ҳайратга сололмасди; у автомашиналардан анқиб турувчи бензин ҳидини ёмон кўрарди, холос.

Ҳаммаси одатдагидек юз берди: стантсияда ҳайвонлар солинган қафасларни вагонга жойладилар, алланималар деб қичқирдилар, сўкиндилар, бир нималарни михладилар, охири эшиклар гумбурлаб ёпилди-да, йўлга тушишди. Кўп ўтмай ҳамма нарса бир маромда чайқала бошлади. Теддининг ниҳоятда уйқуси келди. Шу алфозда икки кечаю икки кундуз юришди, кейин поезд тўхтади. Эшикларни очиб вагонлардаги қафасларни юк машиналарига орта бошлаганларида Тедди нотаниш ерга келиб қолганларини ва аллақандай бегона ҳидлар келаётганини пайқади, лекин бунга ажабланмади.

Яна йўлга тушишдан аввал ҳайвонларни овқатлантиришга қарор қилишди. Хизматчи келиб қафасларни тозалаб, емиш келтирди. Теддининг қафасига сувда қайнатилган картошка, нон ҳамда бир тоғора сули қуйиб, хизматчи бир нимага чалғидими, эшигини ёпмай чиқиб кетди.

Айиқ эшикнинг очиқ қолганига парво қилмади, роса очиққан эди шекилли, картошка билан сулини пок-покиза туширди. Кейин одати бўйича товоқни эшик ёнига суриб қўйди, худди шунда қафаснинг очиқ қолганини сезди. Тедди жуда ҳайрон бўлди, бошини чиқариб уёқ-буёққа аланглади, эснади, ичкарига қайтиб кирди-да, кўзларини юмиб ётди. Аммо орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ўрнидан туриб яна бошини чиқариб қаради. Ҳавони искади, атрофни кўздан кечирди, худди бир нима эсига тушгандек тараддудланди, сўнг қафасдан чиқиб машинадан ерга сакради.

Шу чоқ шофёр кўринди. У кепкасини қўлтиғига қистириб олганча кавшаниб машинага яқинлашарди. Шамол шофёр тарафдан эсарди. Тедди колбаса хидини туйиб унга пешвоз юрди. Айиққа кўзи тушган шофёр кавшашдан тўхтаб тахтадек қотиб қолди. Тедди орқа оёқларида ғоз туриб эркаланганча ғингшиди. Шофёрнинг қўлтиғидан кепкаси тушиб кетди, ўзи эса орқа-ўнгига қарамай эшиги тепасига аллақандай шиор осилган пастаккина уй томонга қочди.
— Ёрдам беринглар,— деб қичқирди у ўтакаси ёрилиб.

Тедди олдинги оёқларини ерга қўйди ва ҳар эҳтимолга қарши нари кетди. У ҳатто аввалига қафасга қайтиб кирмоқчи бўлиб ортига ўгирилди, бироқ худди шу пайт айюҳаннос солиб уйдан одамлар югуриб чиқди. Тедди одамлариинг орасидан таниш қиёфани излаб қўрқа-писа ўгирилди, лекин танишларини тополмади. Унинг юрагини бирдан ваҳм босди ва урра қочди. У тушовлаб қўйилган отлар ёнидан ўтди: уни кўриб отлар ўзларини орқага ташлаб кишнадилар. Бунга жавобан Тедди ҳам ўкириб, югуришда давом этди.

У пушталарда қоқилиб-суқулиб полиздан югурди, четандан ошиб ўтди-да, дала билан ўрмон томонга йўл солди. У пишқириб, қулоқларини чимириб елиб борар экан, вужудида номаълум ҳаловат туярди, лекин бутазорга етиб бориб тўхтади ва хавотирланиб ортига ўгирилди: на стантсия, на одамлар, на машиналар кўзга чалинар, фақат жимжит дала ва йироқларда қорайиб турган уйлардан бошқаси кўринмасди.

Айиқ ўкинди, дафъатан унинг тсиркка қайтиб боргиси ва яна ғира-шира йўлакда ётгиси келди, ёқимли ҳидлар анқувди қоровулнинг хурракларини соғинди. Ортига қайтишдан у қўрқди ва орқа оёқларида ғоз туриб чайқалган кўйи ғамгин ғингшиб қўйди. Сўнгра ўрмон томонга қаради, тумшуғини тозалаш учун бир неча бор пишқириб ҳавони искади. Мум билан қўзиқорин ва яна аллақандай хушбўй ҳидлар анқирди. Тедди ўрмонга қараб юрди. У буталар оралаб оҳиста борар ва ҳар сафар ялангликка чиққач, бирор хизматчи ёки оқ кўйлак-иштонли кишини кўриб қоламанми, деган умидда ортига ўгирилиб қарарди. У ҳозир ўзини эркалаб «Тедди!» деб чақиришларини истарди. Лекин ҳеч ким кўринмади, уни чақириш тугул тиқ этган товуш эшитилмас, ўрмондан эса тобора қудратли бир даъват баралла эшитилаётгандек бўларди. Тедди ҳадиксираб ўрмон ичига кирди.

III

Теддининг омади юришмади. У ўрмоннинг одамлар истиқомат қилаётган қисмига келиб қолган эди. Бу ерда ўрмон саноати хўжалиги жойлашган бўлиб, катта майдондаги дарахтлар кесилган, ҳар ерда ўрмонга алоқасиз буюмлар: тор изли темир йўл, узуқ-юлуқ пўлат симлар, ёғ латталар, пайҳон қилинган сўқмоқлар, хода ётқизиб очилган йўллар кўзга ташланарди. Бу ерда қушлар билан ҳайвонлардан асар ҳам йўқ эди, кечалари эса темир-терсакларнинг садоси, мотор шовқини, паровозларнинг чинқириғи тинмасди.

Теддига ўрмон ғайритабиий ва кўнгилсиз бир жой бўлиб кўринди. Шунинг учун дастлаб қандай бўлмасин одамларни учратиш ҳақида ўйлади. Аммо айни чоқда алланима унинг машиналар тарафга юришига монелик қиларди. Ҳамма нарса унинг ғашига тегарди; у очиққан, уйқуси келар ва дармонсиз эди. У биронтаси чиқиб, егулик бирон нарса берар деган умидда ўрганиб қолган фокусларини бажаришга чоғланди. Олдинги оёқларида туриб, орқа оёқларини худди коптокни отиб ўйнаётгандек ўйнатди, шу алфозда ялангликни айланиб чиқди, кейин умбалоқ ошди, рақсга тушди, худди тсиркдагидек ўзини ўлганга солиб ётди, кейин ўзидан мамнун бир қиёфада ўрнидан туриб ёнверига аланглади. Агар тсиркда шундай қилса унга бирон нима берган бўлишарди. Аммо бу ерда уни ҳеч ким олқишламади, сули ёрмаси ҳам осмондан тушмади. Шунда айиқнинг митти кўзларида ғамгин ҳайрат аломати акс этди.

Айиқнинг умиди пучга чиқди, у одамлар ёнига қайтиб кетган бўларди-ю, аммо содир бўлган бир воқеа одамдан қанчалар қўрқиш кераклиги ҳақидаги тасаввурини тасдиқлади.

Кунлардан бир кун эрталаб Тедди жарликда аллақандай гиёҳларни еб юрарди.

Бошини кўтарганда, бирдан юқорида турган одамга кўзи тушди. Тедди ҳайрон бўлди ва орқа панжаларида ғоз туриб, ҳатто қувонганидан хўриллаб қўйди. Бироқ одам унга ўхшаб қувониб кетмади, айиқ кутганидек «Тедди» деб эркалаб чақирмади — у ранги оқариб, милтиғини ола айиққа тўғрилади, ўқ овози янгради, нимадир Теддининг қулоғини куйдириб ўтди. У ўкириб юборди-да, чалқанча йиқилди: Тедди оғриқдан эмас, алам ва талвасага тушганидан бўкирарди. Одам эса орқа-олдига қарамай қочди.

Орадан бир дақиқа ўтгач, Тедди қутуриб одамнинг ортидан қувиб кетди. Бироқ одам қочишга улгурдими, бирон ерга яшириндими Тедди уни тополмади. Шу пайтдан бошлаб одамлардан қўрқадиган бўлди ва иложи борича кимсасиз, овлоқ ерларни излашга тушди.

Аммо ҳақиқий ўрмон, овлоқ ерларга кетиш учун дарёдан сузиб ўтиш лозим эди, Тедди эса сузишни билмас, шунинг учун аҳволи оғирлашарди. Бир неча бор дарё бўйига келиб сувда оқиб кетаётган ходаларга қараб турди, ўкинди ва яна ўрмон ичига кириб кетди.

IV

Орадан икки кеча, икки кундуз ўтди. Учинчи куни кечаси Тедди дарё бўйига борди-ю, ҳайратдан қотиб қолди: соҳилга туташ ерда ўртасига кулбача қурилган ҳайҳотдек сол турарди. Тўлин ой нур сочар, соҳилда деразалари қоп-қора оқиш уйлар саф тортган, теварак-атрофда биронта тирик жон кўринмас, тиқ этган товуш йўқ, фақатгина сол ходалари орасида сув сокин чайқаларди. Тедди орқа оёқларида туриб ҳавони искади. Солдаги уячадан чидаб бўлмайдиган даражада жавдар ундан қилинган нон билан картошка ҳиди келарди. Тедди лабларини ялади ва турган ерида чайқалди. Чайқала туриб у нима қилиш кераклиги ҳақида ўйларди.

Ҳид келаётган ёққа боришга қўрқди, чунки у ерда одамлар борлигини биларди, бироқ кўнгли шунчалар суст кетган эдики, айиқ соҳил бўйлаб уёқдан-буёққа юра бошлади, икки-уч бор сувга панжасини солиб кўрди ва охири кулбанинг рўпарасида тўхтади. Вой-бў, шундай ҳам ажойиб ҳид бўладими?!

Сол қирғоқдан хиёл нарида турарди, бир еридан кўприк ўрнида қирғоққа тахта ташлаб қўйилган эди. Аммо шошиб қолган Тедди буни пайқамади, сувга тушиб бир зумда солга чиқиб олди. Ходалардан секин-аста одимлаганча кулбага яқин борди-да, атрофини айланиб чиқди. Ичкаридан хуррак овози эшитилди. Тедди тсирк қоровулини эслаб дадилланди. У деразадан ичкарига қаради-ю, ҳеч нимани кўрмади. Шундан сўнг эшикни очиб уйгача кирди. Кирган заҳоти оғзидан сўлаги оқди — уйда пайтава, нон ва картошка ҳиди гуркирарди. Нон билан картошка столда эди. Тедди стол ёнига келиб, аввал декча ёпилган илиққина лаганни тушириб юборди, кейин қозонни ағдариб ўкирди-да, апил-тапил ея бошлади.
— Ҳой, ким бор?— деди дафъатан хуррак отаётган одам.— Федя! Сенмисан?

Айиқ қўрқиб кетганидан ўтириб қолди, сўнгра ғазабдан ўкириб, панжаси билан столга урди. Декча билан лаган полга тушди. Ўша заҳоти бир нима нардан сакраб тушди, зипиллаганча эшикка ошиқди ва сол бўйлаб соҳилга югурди. Тедди аҳвол чатоқ эканлигини тушунди, лекин шунда ҳам шоша-пиша ютоққанча чапиллатиб, овқатни тушираверди. У одамга қарши иш қилаётганини биларди.

Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас соҳилда шовқин кўтарилди. Қочиш керак, аммо ҳали айиқ тўймаган эди, Тедди полда ётган картошкалардан бир нечасини чангаллаб эшикка югурди. Аммо эшикнинг қаердалигини бирданига тополмади. Уйчадан чиққанида эса тумонат одам йиғилганини кўрди. Айиқни кўрган одамлар бараварига, худди стантсиядагига ўхшаб қийқириб юборишди. Тедди нима қиларини билмай тўхтади. Соҳилга олиб борувчи йўл берк эди.

У солнинг нариги тарафига ўтиб қочмоқчи бўлган эди, тўсатдан рўпарасида бир ёлқин чақнаб, ўқ овози янгради. Айиқнинг ўтакаси ёрилиб ортига қайтди-да, ўгирилиб кулбанинг орқасига қараб қочди. Одамлар ёй шаклида солнинг бурчагига сиқиб кела бошладилар. Орқа тарафидан яна ўқ овози янгради, ўқ учириб юборган пўстлоқ айиқнинг қорнига тегди. У бўкирганча олдинга сакради ва сувга ўзини ташлади. Ой нурида кумуш томчилар сачради. Тедди умрида сузиб кўрмаган эди, шунинг учун сув остидан қалқиб чиққанда дастлаб нима қилишини билмади. Лекин қўл-оёқлари беихтиёр ҳаракатга келди ва у тумшуғини кўтарганча жон-жаҳди билан шалоплатиб сузиб кетди. Сув уни секин-аста қуйига оқизиб кета бошлади, солда қолган одамларнинг қичқириғи анчагача эшитилиб турди, айиқ эса тобора панжалариии куч билан силкитиб, аксириб-пишқириб тумшуғини кўтариб сузиб борарди. Ярим соатча сувда оқиб боргач, қорайиб турган ўрмонга кўзи тушди. Бу яқингинада айиқ чиққан бояги ўрмон эмас, бошқаси эди. Бу ерда дарахтлар кесилмаган, сўқмоқлар билан одамларнинг бошпаналари кўзга чалинмасди.

Тедди оёқлари ерга текканида эран-қаран юриб соҳилга чиқди. Унинг пўстинидан тинмай сув оқарди. Ортига ўгирилиб йироқларда, чироқларнинг заифгина нури қўйнида элас-элас жимирлаб кўринаётган алланималарни пайқади-да, одамлар билан бараклар ва бояги сол ҳам ўша ёқда қолиб кетганини англади, шовқин билан хатар аригани, бу ер энди сокин, ёқимли эканини ҳис қилди. У кулбада қолган картошкаларни эслаб, норози оҳангда ғингшиди, кейин бир неча бор силкинди-да, тикка жарликдан кўтарилиб, улкан қарағайлар ва арчалар сари кўтарила бошлади.<

V

Бу дарёнинг у бошидан бу бошига қадар чўзилиб кетган ҳайбатли ўрмон эди. Бундан ташқари ўрмон Урал тоғ тизмалари ва ўшанақаси шимолга — тундрагача қўшилиб кетарди.

Бу ерда бўрилару тулкилар, олмахонлару қуёнлар бисёр эди. Буғулар билан чағир кўзли қоплонлар ҳам учрарди. Одам оёғи етмаган бу ерларда бир замонлар қулаган дарахтлар туфайли ўтиб бўлмас чангалзорга айланган хилват гўшалар ҳам учрарди.

Бу ўрмонда баъзан бесабабдан-бесабаб ёнғин чиқарди. Ўт кетган пайтларда поёнсиз кенгликлардаги дарахтлар билан ўт-ўланлар ёниб кулга айланар, сон-саноқсиз ҳайвонлар нобуд бўларди. Йўлида учраган нарсани кулга айлантирган олов қандай бошланган бўлса шундай, тўсатдан, ўз-ўзидан ўчиб қолар, ундан эсдалик сифатида култепалар ва ёниб битган дарахтларнинг яккам-дуккам таналари қоларди. Кўп ўтмай мана шу ўт кетган ўрмон қолдиқларини дағал қизғиш ўт-ўланлар қопларди, сўнгра ўнқир-чўнқир ерларда черника билан брусника, қайин билан қарағай новдалари қулоқ чиқарарди; ўрмоннинг беткай ерларида наъматак билан хўжағат буталари кўзга чалиниб қолар ва секин-аста бу ўрмон ҳайвонлар учун машъум биёбон эмас, ризқ-рўз сочилиб ётган ошиёнга — ҳурпайган қарқурлар, серҳадик булдуруқлар, ўрмон қарчиғайлари ва қуёнлар танда қўйган ризқ-рўз маконига айланарди. Буғулар ҳам шу ерга келиб, оқиш кулранг йўсинда чуқур излар қолдириб юришарди.

Одам оёғи етмаган ўрмонда ҳаёт қайнарди. Тўғри, бу ерда ҳам доимий кураш тўхтамасди, бу ерда ҳам зўрлик билан ваҳшийлик қонунлари ҳукм сурарди. Эҳ-ҳе, мана шу мафтункор маконда ҳар куни қанчадан-қанча патлар ва суяклар чириб кетмади, дейсиз! Бироқ бу ерда хатарли курашлар одамзод билан тўқнашувчалик омонсиз бўлмасди.

Мана шу ўрмонларда камдан-кам ўқ овози янграрди, башарти шундай бўлиб қолса, тепаликлар, жимжит қарағайзорлар устидан кескин ва шиддатли ўқ товуши момақалдироқдек гумбурлаб ўтар ва дарёнинг нариги соҳилида акс-садо берарди. Шунда олмахонлар ҳовучларидаги бужурларини ташлаб, қизиқиб қараш учун дарахтнинг қир учига чиқиб олишарди; ўтакаси ёрилган қуёнлар сакраб ўрнидан туришарди; бу қудратли товушни бир дақиқа тинглаган буғулар ҳам бошқа ерга кўчишарди: чангалзор қўйнида мудраётган қоплонлар бир лаҳзагина уйқу босган сариқ кўзларини очиб, қулоқларини асабий равишда чимириб қўйишарди: фақат одамзодни яқиндан билган бўриларгина ҳамма нарсани ташлаб, тепаликка қочиб чиқишар ва анчагача лаънати одамнинг исини олиш учун жонҳолатда ҳавони искашарди.

Бу ерда яна майингина шалдираётган чашмалар ҳам кўп эди: жазирама иссиқ пайтларда ҳам бу чашмаларнинг теграси салқин бўларди. У ер-бу ердаучраб қоладиган жарликлар, бир-бирига иланг-биланг уланиб, дарё томонга чўзилиб кетарди. Мана шу жарликларда бўрсиқлар билан тулкилар уя қуришни яхши кўради, шу ерда — дарё яқинида бўрилар яшарди.

VI

Тедди қирғоқ ёқалаб кун бўйи шимолга қараб юрди. Ўрмон ичига киришга ботинолмай, бир неча марта ҳаётини сақлаб қолган дарёни кимсасиз ва номаълум ўрмондан афзал биларди у. Ҳар тарафдан турли товушлар билан ҳидлар уни таъқиб қиларди. Тедди эса буларни ажратолмай қийналарди. Айрим ҳидлар унга яхши таниш эди. Йўлда икки маротаба қоплоннинг изларига дуч келди-ю, ўша заҳоти тсиркдаги қоплон эсига тушди. Тўғри, тсиркдаги қоплоннинг ҳиди ёмон эди: тутқунликдаги ҳайвонлар қўлансароқ бўлади. Сўнгра Тедди баҳайбат арчанинг остки шохида ўтирган булдуруқларни ҳуркитиб юборди-да, дастлаб ўзи ҳам чўчиб тушди. Буларнинг шунчаки оддий паррандалар эканини билгач, енгил тортди. Тулкининг изларини ҳам дарҳол ажратиб олди. Бироқ ҳа деса безовта қилаётган бир-биридан янги, нотаниш таассуротлар охири уни шунчалик ҳолдан тойдирдики, Тедди ноилож баҳайбат арчанинг тагидаги қулайроқ жойга ётди-да, донг қотиб ухлаб қолди.

Ҳар қанча ғалати туюлмасин, бу баҳайбат йиртқич ўрмонда бутунлай ожиз ва ночор эди. Узоқ йиллар давомида у ўрмондан, бир замонлар кўришга улгурган нарсалардан беҳад узоқлашиб кетган, деярли унутиб юборган эди. Табиат унга ато этган барча сезгилари ўтмаслашиб қолган, шу боис арзимаган нарсалар олдида ўзини йўқотиб қўярди. Унинг дам-бадам қорни очарди, илгари тўйиб овқатланишга ўрганганидан ҳозир очликдан қийналмоқда эди. Циркда унинг ҳолидан ҳар куни хабар олиб турувчи ходим бу ерда йўқ эди, у ўз ғамини ўзи еб, овқат излашга мажбур бўларди. У овқат излаб топиш уёқда турсин, нима ейишни ҳам билмасди. Эҳтимол, ҳеч ким она нима эканини ёввойи йиртқиччалик ҳис қилмаса керак. Она ўз боласига яширинишни, уришишни, қочишни ўргатади, ким дўсту ким душман эканини тушунтиради. У чумолининг уяси қаерда бўлишини, черника, қулупнай, хушхўр илдизлар, балиқлар билан бақалар борлигини билади; у қаерда зилол сувлар, тинч, осойишта жойлар, офтобрўя майсазорлар қаердалигини яхши билади; унга ҳидлар сири ва яшаш жойини ўзгартириш сабаблари жуда яхши аён. У яна ўрмонда биронта йиртқич узоқ яшамаслиги, албатта бирор кулфатга гирифтор бўлиб нобуд бўлишини, бундан сақланиб узоқроқ яшаш ва насл қолдириш учун эпчил, довюрак ҳамда доим ҳушёр юриш лозимлигини ҳам билади.

Мабодо Тедди дастлаб ҳайвонот боғида, сўнг тсиркда улғаймай, она айиқ бағрида ҳаёт кечирганда, ҳозир қудратли йиртқич бўлиб нима қилиш лозимлигини билол-май қийналмасди. Афсуски, Тедди оқ кўйлак, иштон кийган одам қўлида ҳаёт сабоқларини олди ва унинг ўжар руҳи болалигидаёқ эзилган эди. У ўрмонда яшов-чи айиқлар учун мисли кўрилмаган даҳшатли нарсаларни билишга улгурган эди. Шаҳарда у шак-шубҳасиз бошқа айиқлардан кўра беҳад тажрибалироқ, ақллироқ бўлиши мумкин эди, аммо унинг билган-кўрганлари ўрмонда нимага ҳам ярарди! Ўрмонда у бир думалаб гўё қайтадан заиф ва ночор айиқ болага айланиб қолган эди.

Бор-йўқ фарқи шунда эдики, у энди жажжи айиқча эмас, балки қафасга ишқаланавериб жунлари тўкилиб кетган баҳайбат улкан айиқ эди, бунинг устига тадбиркор онаси ҳам ёнида йўқ эди.

VII

Тедди қушлар овозидан уйғониб кетди. Бу қушчалар шудрингдан нам тортган новдаларда сакраб-сакраб чирқиллашарди. Тепалик ортидан куёш кўтарилди. Қарағайзорни ҳарир туман қоплаган, шудринг жилва қилар, ҳаво беғубор эди. Тедди тунги ошиёнидан чиқиб шимолга қараб йўлга тушди. Ўрмонда сандироқлаб юришга одатланмаганидан икки кундирки, унинг панжалари оғриб-оғриб қўярди, шунга қарамай у қайсарлик билан йўлда давом этарди. У шимол сари кетиб бораркан, учиб кетишга чоғланган қушлардек ҳеч нарса ҳақида қайғурмасди. У ички бир туйғуга қайишиб серқуёш, емиш мўл, осойишта ва зилол сувлар оқиб ётган бемисл ўлка сари борарди.

Пешин пайти ялангликдан ўтаётганда айиқнинг димоғига ажабтовур бир ҳид урилди-ю, алланарсалар эсига тушди. Бироқ бу ёқимли ҳид қаердан келяпти? Тедди кун чиқар тарафга ўгирилиб озгина юрганди, ҳид йўқолди. У безовталаниб изига қайтди — ҳид яна димоғига урилди. Шунда Тедди чумоли уясининг қайси томонда жойлашганини аниқлагунча турган ерида айланаверди, йиллар ўтиб чумолиларни унутиб юборган бўлса ҳам бу ҳидни дарҳол сезганди.

Чумолидан ажойиб нарса борми дунёда! Улардан ширин нарса борми. Ёғли, нордонгина, иштаҳани қитиқлайдиган, бунинг устига тўйимли — истаганча ейиш мумкин!

Теддб тумшуғини чумолининг уясига суқди ва ҳузурланиб пишқириб юборди — бу ҳид шунчалар ўткир эди. У тумшуғини янаям чуқурроқ суқди-да, кўзларини юмиб, тилини чапиллата бошлади. Бир зумда унинг тумшуғини йирик-йирик сариқ чумолилар қоплади, қулоқларига ўрмалаб кирди, бироқ Тедди бошини силкитиб яна ҳам иштаҳа билан тамшана бошлади. Ниҳоят у нафаси қайтиб, орқа оёғига ўтирди-да, тин олди. Дафъатан аллақачон унутиб юборган бир нима эсига тушди-да, у чумоли уясини буза бошлади. Чумолилар энди унинг панжасига ёпишди-ю Теддининг бамайлихотир ўтириб, панжасини ялашдан бошқа иши қолмади. Бу жуда қулай эди — энди чумолилар унинг тумшуғига, қулоқларига кириб ғашига тегмас, оғзига тупроқ билан ўт-ўлан ҳам кирмасди. Тедди охири чумоли уясида ҳеч вақо қолмагач, нари кетди.

Чумоли уясини бузиб ташлагач, Тедди йўлида давом этди, ёнбағирларини арчалар қоплаган бир тепаликдан ошди, жарликдан ўтди. Хўжағатзорга дуч келиб кечгача ўша ердан чиқмади.

Олдинига булдуруқ ва қарқурларнинг парр этиб кўтарилиши, ҳовузлардаги балиқларнинг бехос сакрашлари, ўрмон шовқини, яқин атрофда кетаётган буғуларнинг қасира-қусуридан Тедди чўчирди. Ғалати, номаълум, ўткир ҳидлар ҳам хавотирга соларди. Бироқ у қўрқувни енгиб, бу номаълум ҳиддар ва товушларга кўникиш, кейинроқ яна дуч келганда улардан нарироқ бўлиш ёки пешвоз чиқиш учун кўникиб борарди.

Ҳозирги ҳаётининг дастлаб ўзи ҳам пайқамаган яхши томони бор эди: одамдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаса ҳам бўларди. У на бўрилар, на қоплонлар, на сувсарлардан ҳайиқарди. Уни ҳеч нима безовта қилмас, у ҳеч нарсадан тап тортмас ва ҳеч нима уни таъқиб этмасди. Аксинча, ундан ҳамма ҳайвонлар қўрқарди, ҳолбуки, ўрмонда энг баҳайбат ва хавфли йиртқич ўзи эканини Тедди билмасди. Буни анчадан кейин, кунларнинг бирида иккита катта-катта бўри буғу жасадини хомталаш қилаётганини кўриб қолган пайтда англади. Бўриларга кўзи тушган айиқ нима қиларини билмай тўхтаб қолди. Бўрилар эса таҳдидона ириллаб, ўша заҳоти нари кетишди ва Тедди буғу гўштини пок-покиза тушираётганида яқин келишга ботинолмай анча нарида айланиб юришди. Ўшанда Тедди ўзининг қудратли эканини сезган ва бундан фахрланган эди. Шундан кейин ҳам бир неча бор бу ерга қайтиб келди. Ҳар сафар уни кўрди дегунча оч бўрилар ўлжани ташлаб нари қочаётганидан қувонарди.

VIII

Бир манзилда бир кун, бошқасида икки кун тунаб, Тедди тобора шимолга яқинлашиб борарди. Кун сайин қарағайлар йириклашарди: хўжағатлар, қулупнай ва брусникалар кўпайиб, қишлоқлар камайиб борарди. Беҳад гўзал, одам оёғи етмаган хилват гўшалар ва сукунат ҳукмрон. Яна нима керак?! Бироқ Тедди хотирасида шунчалар гўзал манзаралар ўрнашиб қолган эдики, кўз ўнгидаги воқелик уии қаноатлантирмас ва у ҳамон аллақандай қадрдон юрти, аллақандай жаннатмакон айиқлар ошиёнига ошиқарди.

Ўзи қулай деб ҳисоблаган жойни топиб, Тедди атрофни кўздан кечириб чиқарди. У чириган тўнкаларни кавлар, каламуш ва куёнлар, олмахонларнинг уясини бузар, оқиш йўсин қоплаған тошларни ағдариб, шиллиққуртлар ва чувалчанглар изларди.

Бир сафар камбаргина кўл бўйида, сувнинг туйқус шалоплашидан ўтакаси ёрилиб тўхтаб қолди. Қирғоқдаги қиёқзорда исинаётган чўртан балиқлар айиқдан қўрқиб, ўт-ўланлар орасидан чиқа солиб сувга шўнғир эди. Тедди сувдан ва қиёқлар орасидан кўз узмай қирғоқ ёқалаб йўлга тушди.

У ҳали балиқ гўштининг таъмини билмасди. Бироқ нимадир мана шу жониворлардан бирини тутиб ейишга ундарди. Ниҳоят у қилт этмай турган чўртан балиқнинг қорамтир шарпасини сезиб, товуш чиқармай, ерга қапишиб яқинлаша бошлади. Четдан қараганда у жуда ғалати алфозда эди. Олдинги панжалари билан тумшуги ерга қапишгудек, гумбаздек кети эса кулгули тарзда селкилларди. Бироқ айиқ пусиб келар, митти кўзлари эса мудҳиш йилтилларди. Чўртан балиқ ётган ерни пойлаб туриб панжаси билан кескин урди ва бўкириб олдинги панжалари билан сувга тушди. Дастлаб зарби нишонга тегдими, йўқми ўзи ҳам билолмади. Бироқ зум ўтмай лойқа сув сатҳида чўртан балиқнинг оқиш чўтир қорни қалқиб чиқди. Тедди уни қирғоққа улоқтирди. Пок-покиза туширгач, балиқ гўштининг таъми оғзида қолди. Икки ҳафта давомида Тедди кўп нарса ўрганди. Ҳидлар қайси тарафидан келаётган бўлса ўша томонга бошини қўйиб ётадиган бўлди. Мевалар билан илдизлардан ташқари қўзиқоринлар ҳам хушҳўр эканини англаб етди. Энди Тедди дастлабки кунлардагидек дуч келган нарсани оғзига тиқиб кавшайвермасди; у ширали илдизлар зах ерда бўлажагини билиб олди: муздек булоқ сувларидан ичишга ва шамол йўналишидан фойдаланишга ўрганиб олди, унинг зийраклиги ошди ва энди энг нозик ҳидларнинг ҳам эски ёки янги эканини ажратадиган бўлди: у яна ўрмондаги ҳамма нарсани оғзига олавермасликдан ташқари баъзи мевалар ва қўзиқоринларни яхшиси емаслик кераклигини тушунди.

У чиниқди, ҳуда-беҳудага толиқмайдиган бўлди ва биринчи кунлари оғриб безовта қилаётган товонлари чўп-тиканлар, тошлар ботавериб дағаллашди, тсиркда юрганида қирқиб ташлашган тирноқлари яна ўсиб чикди. У секин, деярли овоз чиқармай юрадиган бўлди.

Бошида Тедди одатдагидек кўпинча кечаси ухларди. Бироқ кейинчалик ўрмон кечаси жуда мароқли бўлишини сезди. Тунда дайдиб юрган қуёнлар билан тулкиларнинг изи уларнинг яқингинада шу ердан ўтганидан дарак берарди, ўт-ўланлар орасида бир нималар ғимирлар, бутазорда аллақандай ҳайвонлар кезар, жарликда ва ялангликда қандайдир махлуқлар уёқдан-буёққа ўтар, тун сукунати қўйнида хўп аломат товушлар эшитиларди. Қолаверса, Теддини куни билан безор қилиб юборувчи чивинлар билан искабтопарлар ҳам кечаси ғойиб бўларди. Оқибат, кундузи у хилват ошиёнларда ётиб ухлайдиған, кечаси эса тез-тез дайдиб юрадиган бўлди.

IX

Кунлардан бир кун Тедди қишлоққа яқин ердаги ўрмонда чоғроққина сули экилган майдонга дуч келди. Бу ташландиқ майдон бўлмай одамзодга тегишли ер эди.

Тедди экинзор ёқалаб юрди. Сули бошоқлари майингина қитиқлар, унинг баҳри дилини очарди. Экинзорни айланиб чиқиб ҳам бирон нарса тополмагач, Тедди нари кетди, бироқ анчадан кейин қайтиб келди-да, экинзорга шўнғиди ва ой нурига ғарқ бўлган бехавотир ерда ётиб, бошоқларини каппалай бошлади. Шу тариқа у сули мазасини билиб олди, бу бошоқлар нимаси биландир деярли унутиб юбораёзган сули ёрмасини унга эслатди. Дастлаб Тедди очкўзларча, донини ажратиб ўтирмай бандини қўшиб еяверди, сўнгра фақат бошоқларини шимиб чайнашга ўтди, тонгга яқин экинзорнинг бир қисмини пайҳон қилиб жўнаб қолди. Сули жуда ёқиб қолган айиқ эртасига яна келди ва кечаси билан маза қилди. У индинига ҳам келарди-ю, лекин йўлда ботқоқликка тушиб чалғиди: ўша ерда ўттизга яқин қурбақаларни ҳуркитиб юборди-да, тутиб ейман, деб тоза балчиққа ағанади ва аичагача шалтоғини тозалашдан ортмади.

Тедди шу куни эрталаб экинзор ёқасидаги йўлда аравада одамлар ўтганини, улар экинни узоқ кўздан кечиргач, фиғонлари фалакка чиқиб қайтиб кетганлари ва кечқурин болта-ю, тахта кўтариб келишганларини ҳамда ўзлари учун қулай деб билган баҳайбат қарағайга бир нималарни қоққанларини билмасди.
— Жуда соз!— деди улардан бири кафтларини бир-бирига ишқаб, бошқалари совуққина кулиб қўйишди.

Сўнгра одамлар четроққа чиқиб, чекишди, аравадан милтиқларини олгач, иккитаси тирмашиб қарағай тепасига чиқди, учинчи шериклари эса қайтиб кетди.

Тедди уйғонганда ой ўрмон узра ҳаволаниб улгурган эди. У сассиз, уёқ-буёққа аланглаб ва ҳавони искаб, сукунат бағрида анча ётди. Сўнгра ўрнидан туриб эснади, керишди, сули эсига тушиб экинзорга жўнади. Йўлда бирор ис олиб тўхтар, тумшуғини ўт-ўланлар орасига суқиб искай-искай ширали илдизни суғуриб шапиллатиб ерди.

Тедди экинзорга етиб келди-да, ўзи икки кеча маза қилган жойни кўздан кечириб бораётганда ўша ерга ўн беш қадам қолганда бирдан таққа тўхтади.

Йўқ, у тиқ этган товуш эшитмади ва бирон нима сезмади. Ички бир сезги уни огоҳлантирди: бу ерда нимадир ўтирганга ўхшарди.

Тедди экинзорни ўрмон ичи билан айланиб ўтиш учун ўнгга бурилди, унинг жунлари ҳурпайди, бироқ одатдагадек бўкирмади: товуш чиқармаслик зарурлигини у ҳис қиларди.

Ҳеч зог кўринмас, қилт этган шарпа йўқ эди. Кучсизгина шабада эсиб, Теддининг димоғига яна сулининг ҳиди урилди. Бироқ Тедди ҳар сафаргидек тамшанмади, сўлагини ютиб ой нурида оқариб кўринаётган йўлга чиқди. Димоғига куйинди, гўнг, тамаки ва одам иси келди. У тўхтаб ҳавони искади. От минган одамлар келгани, шу ерда тўхтаб чекишгани, сўнг жўнаб кетишганини англади. У яна ҳам дадилланиб йўл ёқасидан юрди, яна уни кесиб ўтиб, энди экинзорнинг бошқа тарафида пайдо бўлди.

У кундузи шу ерга келган одамларнинг жўнаб кетганига қатъий ишонарди-ю, бироқ,— ажабо! — барибир хавотири аримас, жунлари ҳамон тикрайиб турарди. Айиқнинг бу хавотирли ердан бутунлай кетгиси келди — чунки ҳамма номаълум нарсалар қўрқинчли эди — ва ўрмон тарафга бурилди-ю, лекин сал наридан яна қайтиб келди.

Тедди онасиз ўсган ва ҳеч ким оёғи тортмаган ерга бормаслик лозимлигини унга ўргатмаган эди. Шунинг учун, у арчалар ортида яшириниб турганида сулининг тотли, ўткир ҳиди қўрқув ҳиссидан устун келиб уни чорларди.

Айиқ дарахтлар орқасида тура-тура охири чиқди. У энди бошоқларга чўзилган эди, туйқус, шу атрофда, юқорида нимадир шарақлади ва қимирлади. Тедди ўзини четга олишга ва бошини кўтариб қарашга ҳам улгурмай бир шуъла ялт этди ва тун сукунатида даҳшатли ўқ овози янгради, чўғдек бир нима айиқнинг олдинги, чап панжасига тегиб, у йиқилди. Тедди ўзининг энг хавфли душмани — одамнинг тузоғига тушганини, зудлик билан ўрмон сари қочиш кераклигини, ўша бир нима шарақлагандаёқ билган, сезган эди; аммо афсус, улгуролмади. Шунинг учун ҳозир ҳар қанча қутурган бўлмасин, сапчиб туриб ўрмонга югурди. У иложи борича тезроқ югуриш лозимлигини биларди, бироқ бахтга қарши у бирдан муккасидан кетиб йиқилди, худди шу пайт орқа тарафдаги беўхшов қарағай тепасидан яна икки ўқ янгради, ўқлар унинг шундоққина ёнига чийиллаб урилди ва чатнаб кетди. У қўрқди, йўқ, ўқлар овози билан чатнаган товушдан эмас, балки қоча олмай йиқилгани учун даҳшатга тушди. У яна сапчиб турди-да, ўрмон сари отилди, яна бояги ҳол такрорланди; унга бир бало бўлгандек тумшуғи билан йиқилди. Шундагина Тедди олдинги панжаси ишламаётгани, жонсиз бўлиб—қолганини англади. У энди оғирлигини соғ панжасига солиб югурди: у орқа-олдига қарамай саросима ичида пишқирганча, шох-шаббаларга урилиб, чайқалиб, қоқилиб-суқилиб қоча бошлади.

У узоқ югурди, ҳар лаҳза ортидан қувиб келишаётгандек, ана-мана етиб олишадигандек туюлиб, ҳамон илдамроқ чопишга уринарди. Охири у ҳолдан тойди ва қочиб қутулишга кўзи етмай тўхтади-да, ўкирганча душманини қарши олишга ўгирилди. У даҳшат билан ўкириб оғриқ беҳад зўраяётган панжасини йиғиштириб чўккалади. Уиинг кўзлари ёнар, биқинлари кўтарилиб тушар, яғринидаги ва биқинларидаги жунлари ғазаб ва қўрқувдан тикка бўлган эди. У ўзининг хириллаб нафас олишидан бўлак товушни эшитмади, атрофга қулоқ солиш учун нафасини ичига ютди: жимжит. Бу жимликка ишонмай, ғанимини яшириниб олган деб ҳисоблаётган айиқ яна бўкирди, сўнг орқасига қарай-қарай кета бошлади.

Лекин уни ҳеч ким қувмади, унинг ўкиригидан ўтакаси ёрилган ўрмон қайтанга жим бўлиб қолган эди. Тедди панжасини ялай бошлади. Иссиқ қон унинг иштаҳасини қўзғаб юборди ва бу машғулотдан ҳузурланаётгандек тобора ғайрат билан ялашга тушди. Шу нарса унинг жонига ора кирди. Тоиг отгач, овчилар милтиқларини ўқлаб айиқнинг қонли изидан йўл олишди. Улар айиқнинг шох-шаббаларни синдириб ерни тирноқлари билан ўйиб, ўтларга қон сачратиб роса югурганини қонли излар орқали фаҳмлашди. Улар яна унинг бир ерда ўтириб кутганини пайқашди: шу ерда қон кўп оққан, майсалар кўпроқ эзилган эди. Бироқ нарироқ боргач, изни сезиш қийинлашди, қон камроқ кўринарди, охири улар изни бутунлай йўқотиб қўйишди. Овчилар айиқ изини йўқотгач, яқин орадаги жарликларни кўздан кечириб, қишлоққа қайтиб кетдилар.

Х

Тедди эса бу пайтда узоқда, қалин ўрмон ичидаги ялангликда азоб чекиб ётарди. Унинг панжаси шишиб кетиб, кун бўйи қимирлаёлмай қолди. Тун кирди, бироқ айиқ оғриқдан кўз юмолмади. Ундан ташқари, яна аллақандай безовталик унинг тинчини бузди, ҳар қанча қилмасин бунинг сабабини билолмади. Ўрмон жимжит. Тиқ этган товуш йўқ эди. Мана шу ўлик сукунат борган сари айиқни безовта қилар ва қийнар эди.

Кечга яқин олисда кетма-кет чақмоқ чақди. Кейин ўша ёқдан момақалдироқнинг гулдирагани эшитилди. Тедди бунга жавобан ўкирди ва арча остидаги ошиёнидан безовталаниб тўлғана бошлади. Теварагида ҳукм сурган машъум сукунат, гоҳ-гоҳ олислардан келаётган гулдурос айиқни саросимага солиб қўйганидан, у бирор ерга яшириниб олишни истарди. Бироқ бунинг сира иложи йўқ эди.

Кўп ўтмай бўрон бошланди, дарахт шохлари орасидан кўзга чалинаётган юлдузлар юзини қоп-қора булут тўсиб қўйди ва зулмат бағрини тилка-пора қилиб чақмоқ чақилди, кетидан ўрмонни ларзага солгудек даҳшатли момақалдироқ гулдиради.

Кучли шамолда қарағайлар билан арчаларнинг учи шовуллар, пастда эса жимжит, қимир этган ҳаракат сезилмасди. Тўсатдан шаррос жала куйиб юборди. Бу дарахт япроқларига чирсиллаб уриладиган одатдаги ёмғир эмасди, унақаси Теддига таниш эди, лекин буниси бирданига челаклаб, гувиллаб қуйиб берди, бу гувиллаш — фақат аҳён-аҳён момақалдироқ гулдираганини айтмаса, ҳамма товушларни босиб кетди.

Жала эрталабга яқин тинди, қуёш нурларидан ўрмон яшнаб. кетди. Зумрад томчилар шохларидан қуйидаги шохларга томар, ундан майсалар узра тўкиларди. Тонгги ўрмон жўшқин шовулларди.

Боёқиш Тедди! Оғриқ азобидан тинкаси қуриган, бўрон ва одамлардан лорагини олдириб қўйган, бир неча кундан бери уйқу нималигини билмаган, жалада бўккан бечора айиқ арча остида ўтирар ва оғриқдан куёш нурлари юрагига сиғмас, қаерга бориб емиш излаш ҳақида ўйлаёлмас эди. У яраси битиб, очликдан ўлар ҳолатга етгунча сўппайиб бир неча кун ётди.

Сўнг бир амаллаб йўлга тушди, у тепаликлар ёнбағрида панжасини аранг босиб тентираркан, шох-шаббалар, илдизлар ёки чўп-тиканлар ярасига ботиб унинг жонини суғуриб олгандек бўларди. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, айиқ оёғини оҳиста босадиган бўлди ва шу тариқа аста-секин дарди ариб, яна ғайрати жўш уриб тетикланди.

У жуда узоқ сафарга отлангандек ҳамон йўлда давом этарди. Ҳеч ерда тўхтамай шамол сари минг чақиримдан зиёд юриб қўйди. Энди у дастлабки пайтлардагидек нотавон эмасди. У ҳидларнинг сирли жиҳатларини кашф этди ва энди унча-мунчанинг фарқига борадиган бўлди. У ўзини қуршаб турган буюмлар ва ҳодисаларни борган сари яхшироқ ўзлаштирарди. Шу тариқа у хўжасавдогарлар билан ҳаккалар бетамиз куш деб ҳисобланса ҳам уларга ишониш лозимлигини билиб олди. У желнинг нима учун қичқирганини билишга ўрганди, башарти узоқдан дарахт тепасида тумшуғини тозалаётган қарғага ҳамда унинг остидаги шохларда тизилиб ўтирган загизғонларга кўзи тушса, ҳеч иккиланмасдан ўша томонга йўл соларди, чунки қорни тўқ қарғалар ўтирган ерда албатта емиш бўлажаги энди унга аён эди. Тедди дарахтга тармаша олмасди, лекин сербутоқ қарағайни учратиб қолса албатта тепасига чиқиб, теварак-атрофни бир қур кўздан кечирарди. У хўжасавдогарлар билан ҳаккалар хира пашшадек ўзига ёпишиб қолишини ёқтирмасди. Шундай кезларда улардан қутулиш учун тумшуғини кўтариб бўкирар, агар қушлар шунда ҳам дарахтдан дарахтга ўтиб, чирқиллашиб, эргашаверсалар яшириниб олиш пайига тушарди. Сўнг яқин атрофдаги дарахтларга назар солар, бу шилқим қушларни кўрмаса мамнунона хўриллаб, йўлда давом этарди. Шаҳарда яшаса умр бўйи ўрганиш насиб этмайдиган нарсаларни қисқа вақт ичида ўрганган Тедди бир қараганда чинакам йиртқичга айланган эди. Бироқ асло бундай эмасди.

Бир сафар эрта билан сув ичгани анҳор бўйига борган Тедди қўққисдан тўхтади-ю, қотиб қолди: анҳор бўйидан айиқ ҳиди келарди. Бу ҳид эски эди, тахминан икки кун бурун шу ердан ўтган бўлса керак. Лекин бу аранг сезилаётган ҳид шунчалар таҳдидли эдики, Тедди ташналигини ҳам унутиб атрофни узоқ кўздан кечирди: у сира ўзини босолмасди. Демак, бу ўрмонларда ундан бошқа яна бир ҳукмдор бор экан-да! Бундан буён шундан эҳтиёт бўлиб юриш лозим. Ўша кундан бошлаб Теддининг тинчи бузилди.

У борган сари бузилган чумоли уяларига, пайҳон қилинган малиназорга, топтаб ташланган брусникаларга тез-тез дуч келабошлади. Баъзан Тедди олисдан ўлакса ҳидини илғаб етиб келса, анови айиқ аллақачон бу ердан ўтган ва ўлаксадан ному нишон қолмаган бўларди. Энди ўрмоннинг ҳамма ерида бегона айиқнинг ҳиди анқирди. Тедди эса бунга тоқат қилолмади. Унинг ғазаби шунчалар кучайдики, оқибат у бир нарсани — икковларидан бири бу ўрмондан кетиши кераклигини англади. Агар ёмон бўлса Тедди ҳеч иккиланмасдан бу ерни тарк этарди. Бироқ бу ерлар шундай ажойиб, хўрак шунчалар мўл эдики, натижада Тедди ганимини ҳайдаб юборишга қасд қилди ва у билан учрашиш пайига тушди. У гоҳ янга, гоҳо эски изларга дуч келди, аммо айиқнинг ўзини сира учратолмади.

Улар ҳеч кутилмаганда тўқнаш келдилар. Тедди эрталаб кун бўйи ётиш учун бир жойни танлади-да, қарағайлар орасидаги кафтдеккина ялангликдан ўтиб бораётганда бирдан димоғига ўша айиқнинг жирканч ҳиди урилди. Ҳид шу атрофдан уфурарди. Тедди бошини кўтариб, ҳид келаётган ёққа қаради-ю, рақибини кўрди. Бу безбетнинг ҳозир адабини беради! Теддининг кўзларида мудҳиш аланга ёнди. Рақиби бир лаҳза қарағайлар ортига яширинган бўлди-да, сўнг ялангликка чиқди...

Бу баҳайбат йиртқични кўрган Тедди қуёндек қотиб қолди. У атиги бир сония бурун бағоят дарғазаб, жангга ташна ваҳший йиртқич эди. Унинг ваҳшийлиги рақибининг ваҳшийлиги олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Ана уни йиртқич деса бўлади — жунлари осилиб тушган, соқолли, тирноқлари пўлатдек, ўзи ҳам пўлатдан қуйилгандек бақувват, кўзлари мудҳишона чақчайган. Унинг қаршисида Теддидек улкан йиртқич ҳам қўрқувдан донг қотиб қолди.

Айиқ калласини осилтириб турганидан букурга ўхшарди. У чурқ этмай Теддига тикилди. Ҳали ораларида ҳеч нарса содир бўлмай — на униси, на буниси товуш чиқармай, бирон ҳаракатга чоғланмай, Тедди бу ажойиб ўлкани айнан ўзи тарк этиши лозимлигини тушунди. Бу мудҳиш баҳайбат йиртқич билан у тенглаша олармиди!

Тедди билган нарсани ўша заҳоти рақиби ҳам ҳис этди. Бу ҳам етмагандек, у Теддининг ҳам шуни англаганини тушунди. Йўқ, у Теддини ғажиб ташлагани ҳамла қилмади, балки паст овозда ўкириб қўйди. Унинг ўкириги Теддиникидан кам деганда беш парда баланд эди. Йиртқичларнинг ўкириши одамларга бир хилда эшитилади, улар йиртқичлар овозидаги нозик ишораларни ажратиб олишга қодир эмас. Тедди эса рақиби нимани истаётганини дарҳол сезди. Унинг паст ўкириши «йўқол бу ердан!» деганини англатарди. Бу амр-фармонга қулоқ солмаслик Тедди учун ўлим билан тугаши аниқ эди. Тедди лоақал ғинг демади, ортига ўгирилиб, ўша заҳоти жўнаб кетди. Ўрмонга кирганда у сўнгги бор ўгирилиб қаради: айиқ ҳамон яккам-дуккам қарағайлар фонида улкан ғарамдек қимир этмай турарди. Тедди бу лиқ-лиқ сариқ чумолилар ва қизил брусникалар ўлкасини бутунлай тарк этди. У ҳаёт учун курашда заиф экан, енгилди, дарвоқе, вақтида қутулдим деб ҳисоблашга унинг тўла асоси бор эди.

XI

Қайин билан терак япроқлари деярли тўкилиб битди, заҳ ерни ҳазон қоплади, қушлар тўда-тўда бўлиб иссиқ ўлкаларга учиб кетишга чоғланишди, малина пишди, қўзиқоринлар кўпайди ва Тедди кўпдан-кўп тепаликларни ошиб ўтди, дарёнинг ирмоғи бўйлаб юра-юра бир кун эрталаб хийла кенг ялангликка чиққанда совуқ тушди.

У ялангликда тўхтаб, ҳавони искади, атрофни кузатди-да, ниҳоят ўзи орзу қилган, бир вақтлар, болалигида яшаган ўлкага етиб келганини бирдан англади. У энди бошқа ерга бормайди, хулласи калом унинг сафари тугаган эди.

Бу ердаги ҳамма нарса ўша пайтдагидек — Тедди ҳали ҳеч нарсани фарқига бормайдиган, чумолилар ва қулупнайлар еб юрган ва онаси уни анҳор сувига пишиб оладиган замонларда қандай бўлса шундай — ўзгармагандек эди. У пайтларда ҳаёт беҳад гўзал, бахтиёр дамлардан иборат эди, мана ҳозир Тедди яна ўша ерга қайтиб келди. Аммо минг қилганда ҳам бу бошқача эди. Йўқ, у даврлар — болалиги ўтмишда қолиб кетди, энди қайтмайди, қайтиб келмайди. Қуёш нурлари ва ям-яшил майсалар сингари жилваланмайди.. Оҳ, қанийди, яна бир думалаб жажжи айиқчага айланиб қолса, онасини излаб топса, унинг майингина, иссиқ оғушида тин олса! Минг афсус, бунинг иложи йўқ...

Тедди кечаю кундуз тинмай бу ўлкани секин-аста айланиб чиқди, айланиб юрганида ўз мулкининг чегараларини белгилаб олди. У анҳорларни, ботқоқлар, жарлар, шудринг босган ўтлоқларни, ўрмон ёқалари ва хилват гўшаларни кўздан кечирди. Сон-саноқсиз бўрилар, буғулар, олмахонлар, кундузлар, қуёнларнинг изларини учратди. Уларнинг айримларига парво қилмади, айримлари ғашига тегди ва у ўрмон тугул ҳаво ҳам ўзига тегишли эканидан огоҳ қилиш учун ерни кавлаб, тупроғини ҳар томонга сочди, дарахт пўстлоқларини шилди.

Булдуруқлар билан қарқурлар ковжираган япроқларни тўзғитиб, унинг тумшуғи тагидан париллаб кўтарилар, бироқ энди у ҳеч нарсага ҳайратланмас, барчасини табиийдек қабул қиларди. Энди у турли ҳайвонларнинг изига дуч келган пайтда хавотирга тушмас ёки қизиқиб искамас, балки бир қарашда ниманинг изи эканини илғар ва ортиқча аҳамият бермасди.

Унинг жуни ўсиб майинлашди ва товланадиган бўлди. Панжасининг оғриғи қолиб кетди ва у тўнкани кавлаб олиш ёки қулаган залварли дарахт танасини ағдариш чоғида бемалол ўша панжасини ишга соларди. Тедди иштаҳаси карнай бўлиб кетганидан тинч ўтиролмай дайдигани дайдиган эди. Бу ерда ҳамма нарса етарли эди, у кўпинча ўзини ҳар доимгидан кўра озод ва кучли сезиб беҳад ҳузурланарди.

Эркинликка нима етсин! У қуёшга, юлдузлар чарақлаган поёнсиз самога ўхшайди; у ҳузурбахш шамолга ёки шарқираб оқаётган сувга ўхшайди.

Ҳеч кимдан қўрқмаслик керак, ўзингга ёқмаган ишни қилмаса ҳам бўлаверади!

XII

Ноябр — қора совуқ бошланадиган ой кирди, буғуларнинг кузги куйикиш даври бошланди. Тепаликларда юрганида Тедди уларнинг бўкиришларига аччиғланиб қулоқ соларди. Баҳайбат шохли, улкан буғуни у бир неча бор узоқдан кўрди. Буғу эҳтиёткорликни унутиб, бемалол юрарди. У тинимсиз пишқирар ва бўкирарди. Айиққа бундай қўшничилик ёқмади. Тедди баъзан ўзини босолмай шовқин кўтарадиган йиртқич бўлгани билан бошқаларнинг шовқин-суронига чидаёлмасди, кўп ўтмай бир пайтлар айиқдан қанчалик жирканса буғудан шунчалик ҳазар қиладиган бўлди.

Кунлардан бир кун у буғуларнинг изига дуч келди ва бу ердан ҳозиргина анови улкан буғу урғочи буғулар билан ўтганини англади. Шу куни Тедди дарғазаб эди, бу сурбет буғуни ҳайдаб юбориш истаги бутун вужудини қамраб олди-ю, уларнинг изидан йўлга тушди. Юқорига кўтарилгач, изни йўқотиб қўйди, бир айланиб яна буғуларнинг ҳидини илғади. Кўп ўтмай уларнинг қораси кўринди. Буғулар теракзорда новдаларни чимдиб-чимдиб ейишарди.

Тедди ўкирганча уларнинг ёнига, юқорига чиқа бошлади. Айиқни кўриб ҳуркиб кетган урғочи буғулар пастга қочдилар. Эркаги эса кутилмаганда пишқириб айиқнинг йўлини тўсиб чиқди. Албатта, бошқа пайт у ҳеч иккиланмасдан урғочи буғуларга эргашган бўларди. Ҳозир эса :куйикиш оқибатида қўрқмасдан рақибининг устига бостириб борди: улар ялангликка тушдилар. Тедди жаҳл билан ўкирди. Бунга жавобан буғу пишқирди. Унинг вужуди жанг қилиш иштиёқидан титрар, кўзларига қон қуйилган эди. Буғунинг авжи кучга тўлган пайти эди, сербутоқ баҳайбат шохлари, бақувват бўйни шундан далолат берарди.

Бундай тўқнашувни мутлақо кутмаган Тедди шошиб қолди, у қўрқмади, фақат тўхтаб қандай ҳамла қилишни мўлжаллаб тараддудланди. Лекин унинг тараддудини ўзича тушунган буғу, бирдан бошини қуйи солиб, пишқирди-да, айиққа ташланди. Тедди қочишга улгуролмай буғунинг зарбидан йиқилди. Қони жўшиб кетган буғу йиқилган рақибининг тепасида ҳамлага ҳозирланди, ким билсин, буғу айиқнинг бошига сузганда борми, унинг куни битарди. Аммо буғу мўлжаллаганидек, Теддининг бошига эмас, елкасига сузди. Айиқ суяги тошдан қаттиқ эди — синмади, аммо энди олишиш қайда, дейсиз, соғ қолганига шукр!

Зарби хато кетганини кўрган буғу яна ташланди, аммо Тедди чап бериб қолди-ю, бу гал буғу нишонга уролмади. Шунда у яна биринчи сафаргидек бошини қуйи солиб ҳамла қилди. Тедди яна чап бериб бута ортига сакради, буғу эса дабдурустдан ўзини тўхтатолмай, айиқнинг ортидан бурилган эди, айиқ оқсоқланганча жонҳолатда пастга қараб қочди. Буғу мисли кўрилмаган ғалабага эришган эди. Бироқ ҳозир бу унга камлик қилди. У рақибини янчиб ташлаш ёки бу ердан бутунлай ҳайдаб юборишни истарди. Алоҳа у айиқни қувиб осонгина етиб олди ва бир-икки марта сузишга улгурди. Кейин бир нима эсига тушгандек тўхтади-да, урғочи буғулар ёнига қайтди. Абжағи чиққан, боёқиш Тедди эса бўронда синиб тушган шох-шаббалар орасига кириб олиб, узоқ инграб, мағлубият аламини чекиб ётди. Яқинда уни соқолли айиқ ҳайдади, энди буғу... Ҳаммасидан ёмони у энди барча буғулардан қочиб юриши керак: модомики биттаси адабини бердими, демак бошқалари ҳам шундай қилиши мумкин. Шу кундан эътиборан ҳаёти азобга айланди-қолди. Жўрттага қилгандек, у тез-тез буғу изларига дуч келади. Брусниками, чумоли уясини излаб изғийдими ёки анҳорга сув ичгани борадими — фарқи йўқ, буғу изига дуч келса ўша заҳоти ортига қайтиб кетарди.

Аммо бу узоқ давом этмади. Унинг томирларида аждодларининг қони жўшди ва рақибини топиб ўлдириш истаги хуруж қилиб унинг ҳаловатини ўғирлади. Тедди буғуни учратиш илинжида ўрмонда айланиб юрадиган бўлди. Баъзан пистирмада соатлаб кутарди. Бир куни анҳор бўйида бугу изларини учратиб, буталар орасига кириб яширинди-да, кута бошлади. У ерга тумшуғини қўйиб, шохлар оралаб сўқмоқдан кўз узмай ётди. Ҳаммаёқни сап-сариқ япроқлар гиламдек қоплаган эди. Дарахтлар яп-яланғоч, қорамтир арчалар бу аянчли дарахтлар орасидан кўзга яққол ташланарди. Кун совуқ, ҳавонинг авзойи бузуқ эди.

Куннинг иккинчи ярмида юқорида шохларнинг қирсиллагани ва пишқириш эшитилди. Тедди бошини кўтариб, ҳавони искади: буғу иси келди. Унинг бутун вужуди сезгига айланди. Айиқ ерга қапишиб, орқа панжаларини остига йиғиштириб олди. Буғулар бир-икки тўхташди. Улар атрофга қулоқ солишдими, бирон-бир новдаларни чимдиб узишдими, Тедди билолмади, жимгина ётаверди. Ниҳоят буталар ортидан буғу шохлари, кейин унинг ўзи кўринди. Эркак буғунинг ортидан уч чоғли урғочиси келарди. Улар тўхтаб, диққат билан пастга қарашди, сўнгра сув бўйига туша бошладилар: олдинда — эркаги, орқада — урғочилари.

Лекин барибир буғу айиқни сезди ва ўша заҳоти қоққан қозиқдек туриб қолди. Тедди наъра тортганича яширинган еридан отилиб чиқди, буғу пишқириб айиққа ташланди. Айиқ чап бериб буғунинг биқинига панжаси билан уришга улгурди. Чангалнинг зарби унчалик қаттиқ эмасди, бироқ буғунинг биқинидаги териси шилиниб қонади. Қон ҳидини илғаган Тедди ваҳшийланиб кетди. Умрида биринчи бор тирик жоннинг гўштини бурдалагиси, ғажигиси, қурбонининг жон талвасасида хириллашларини тинглагиси келди. Шу асно буғу яна унга ташланди. Айиқ ниғоятда оғир эди, лекин буғу қудратли шохлари билан уни мушук боласидек улоқтириб юборди. Тедди худди ўтган сафаргидек умбалоқ ошиб йиқилди. Бироқ бу гал буғунинг бўйнида янги жароҳат пайдо бўлди. Тедди сапчиб ўрнидан турди-да, бутун вужудини ларзага солгулик даҳшат билан бўкирганча буғуга ташланди.

Улар қовжираган майсаларни топтаб, атрофдаги шох-шаббалар, буталарни синдириб узоқ олишдилар. Буғунинг силласи қуриб борарди. Унинг жароҳатларидан қон отилар, аёзли кунда унинг бутун танасидан буғ кўтарилаётганга ўхшарди. Ниҳоят айиқ буғунинг ёнбошидан ҳамла қилиб, бақувват бўйнига осилиб олди ва айни чоқда орқа панжалари билан биқинини тилка-пора қилиб юборди. Сўнг бўйнидан чап панжаси билан чангаллаб, тишлаган кўйи бор кучи билан бўйнига урди-да, пастга тортди. Умуртқа поғонаси бўғинларидан ажралиб кетган буғу йиқилди. Айиқ унинг кўксини ёриб ташлади, аммо шунда ҳам буғу ўрнидан туриб айиқни улоқтириб юборишга кучанарди — у шунчалар кучли эди! Тедди ўкириб, ютоққанча жон таслим қилган рақибининг қонини ичарди.

* * *

…Кун сайин буталар момиқлашиб, сўқмоқлар кўмилиб, қарағайлар билан арчалар дилбарлашиб борар, ёлғиз қайинларгина яланғоч турар ва кечқурунлари уларнинг шохларида қарқурлар ўтиришарди. Совуқ кучайди, ўрмон бўйлаб чинакам рус қиши қанот қоқди.

Қаттиқ уйқуга кетган Тедди эса бир текис нафас ола бошлади, унинг ошиёни узра буғ кўтарилмай қолди ва кун ўтмай қор босган айиқ уясини, тасодифан туйнук оғзида осилган сарғиш сумалаклардангина билиш мумкин бўлиб қолди.