OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЮрий Казаков
Асар номиXунук (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Юрий Казаков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонОриф Толиб
Ҳажм34KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Xунук (ҳикоя)
Юрий Казаков

Тўй қизигандан қизиди. Келин-куёвни аллақачон чимилдиққа кузатиб қўйишган. Қишлоқ бўйлаб хўрозларнинг дастлабки қичқириғи эшитилди, гармончи бисотидаги бор куйни чалиб тугатди, уйлар оёқларнинг зарбидан зир-зир титради. Чироқлар ҳануз теварак-атрофни ёритиб турибди, уйларнинг деразасидан ҳалиям ухламаган ўйинқароқ болалар кўриниб қолади.

Жуда кўп ейилди, ичилди, кўз ёши тўкилди, мириқиб ўйин-кулги қилинди. Столдаги ноз-неъматлар пешма-пеш янгилаб турилди. Ҳолдан тойган гармончини ўйинбоп мусиқалар ёзилган патефонга алмаштиришди. Кўчада, ён-атрофда оёқларнинг дупур-дупури, шўх-шодон қийқириқлар тинмади, далада ҳам, дарё бўйида ҳам эшитилиб турди. Теваракдаги қишлоқ аҳли бугун Подвореда тўй-томоша эканидан хабардор.

Ҳамманинг оғзи қулоғида, биргина Сонянинг қалби алам-изтиробда. Қизнинг қиррадор бурни ароқ таъсирида қизариб кетган, боши шанғиллар, юраги аламли ўйлар гирдобида оғир-оғир урарди. Унинг бор-йўқлигини биров хаёлига келтирмас, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Кечадагиларнинг деярли барчаси ўз жуфтини топиб олган, бир-бирига меҳр-илтифот кўрсатар, биргина Соняга ҳеч ким эътибор бермас, рақсга ҳам таклиф қилмас эди.

Қиз чиройли эмаслигини билар, озғинлигидан уяларди. Ўйин-кулги бўладиган давраларга бормасликка такрор-такрор қасам ичар, лекин ҳар сафар ўзини тутиб туролмас, қандайдир бахтнинг мавҳум шарпаси уни етаклаб келаверарди.

Ҳатто анча йиллар олдин, ёшлик пайтида – институтда ўқиб юрган кезларида ҳам уни ҳеч ким севмади. Ҳеч ким уни бирор марта уйига кузатиб қўймади, бирор марта ўпмади. Қиз институтни битириб, қишлоққа ишга келди. Унга мактабдан хона ажратиб беришди. Қиз кечалари дафтар текширар, ўқир, севги ҳақидаги шеърларни ёдлар, кинога борар, дугоналарига узундан-узоқ мактублар ёзар, соғинчли хаёлларга чўмарди. Икки йил ичида деярли ҳамма дугоналари турмушга чиқди. Бу вақт давомида эса унинг юзи янаям хиралашди, баттар озиб елкалари туртиб чиқди, холос.

Мана, бугун уни яна мазах қилмоқчи бўлгандек тўйга таклиф қилишди ва у яна келди. Қиз бахт-шодликка кўмилган келинчакка энтикиб тикилар, одамлар билан бирга заиф овозда «Аччиқ!», «Аччиқ» деб бақирар, келин-куёвни ўпишишга ундар эди. Ҳеч қачон бундай тўй кўролмаслигини, бахтиёр келинчакка айланолмаслигини ўйлар, ўйлагани сари кўксида аччиқ-аччиқ оғриқ турарди.

Уни текис юзли, кўзлари қоп-қора ғамгин бир йигит билан – ветеринар-фелдшер Николай билан таништиришди. Улар ёнма-ён ўтирдилар, йигит дастлаб қизни ташлаб кетмоқчи бўлди. Соня йигит таклиф қилган ҳамма нарсани еб-ичар, кўзларида чуқур меҳр, миннатдорчилик зоҳир эди.

Нимагадир Николайнинг қовоғи барибир очилмади, кўп ўтмай қизни эътиборсиз қолдириб бошқа столдаги ким биландир гаплашишга тушди. Кейин уни бутунлай ташлаб кетди. Узун қўлларини лапанглатиб, бақириб-чақириб роса рақсга тушди, ҳолдан тойгач атрофга аланглаб қаради-да, столга қайтиб келиб ароқ ичди. Кейин даҳлизга чиқиб кетганча қайтиб келмади.

Соня бир бурчакда ёлғиз ўтираркан, ўз ҳаётини ўйлар, мана бу кайфи чоғ, бахтиёр, маст, терга ботган одамларни кўриб ғашлиги келар ва ўз ҳолига ачинарди.

Яқинда у ўзига тўқ зангор рангли кўйлак тикиб олганди. Кўрганлар роса мақтаган, кийим ярашганини айтганди. Мана, ҳатто кўйлаги ҳам ёрдам бермади, ҳаммаси аввалгидай қолди: эски ҳаммом, эски тос.

Соат тунги учга етганда, юзларига доғ тушган, унутилган, бахтиқаро қиз – Соня ташқарига чиқди, ундан зинага ўтди.

Уйлар зулматга чўмганди. Бутун қишлоқ ширин уйқуда, ичкарида осойишталик, фақат очиқ деразалардан сайр қилиб юрган кишиларнинг қийқириқлари, дупур-дупурлари, гармоннинг қулоқ йиртар товуши ичкарига оқиб кирарди. Хира нур тушган майсалар йилтиллаб кўринарди.

Сонянинг ияклари титраб кетди. Лабларини тишлади, лекин буям ёрдам бермади. Зинадан тушгач қоронғулик қаърида оқариб-ажралиб турган қайиннинг олдига аранг етиб олди. Елкаси билан суяниб турди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Биров эшитиб қолишидан уялиб рўмолчасини тишлаб олди. Лекин уни эшитадиган одамнинг ўзи йўқ эди. «Бас, етар! – деди ўзига ўзи кўзларини қаттиқ юмиб. – Етар! Мана бу еримга келди. Кетиш керак! Ҳозироқ!» Соня қайинни қўйиб юбориб нари кетмоқчи бўлди. Лекин оёқлари ўзига бўйсунмас, қадам ташлашга қўймасди.
– Ким у? – деган овоз эшитилди орқадан.

Соня йиғисини яширишга уринди, тезда рўмолчаси билан юз-кўзини артди, қайинга суянган ҳолда ортга қайрилди. Бу Николай эди. У қоқилиб кетди, йиқилиб тушмаслик учун қизнинг елкасидан ушлаб олди. Қўли лой-тупроққа беланганди.
– А! – деди у маст овозда. – Сизмидингиз? Мен... чорвоққа ўтгандим. – У яна чайқалиб кетиб қизга ёпишиб қолди. – Тўйига таклиф қилди-я, беюз! – бақириб гапирди у. – Ўлдираман ҳаммасини! Қонини ичаман! Мени пулга сотиб олмоқчимидинг! Эси паст!

Николай тишларини ғижирлатди, кейин онадан сўкинди.
– Бирор ерингиз оғрияптими? – қўрқа-писа сўради Соня. – Сув опкелайми?
– Ҳеч бало керакмас...

Йигит бурчак томонга қараб кетди. Сонянинг унга ичи ачиди. Даҳлиздан бир пақир сув олиб келди-да, Николайнинг бошидан қуя бошлади. У итоаткорона эгилиб турар, оғиз-бурнига кирган сувларни пувлаб пишқирар, нималардир деб тўнғиллаб қўярди.

Кейин шалоббо аҳволда, кўйлакчан ўтириб зинада сигарет чекди, Соня эса чакмонини ювиб тозалади.
– Анча енгил тортингизми? – гўё кимдир чиқиб кўриб қоладигандай қўрқиб паст товушда сўради қиз.
– Сал-пал... Нимага сизни олдин ҳеч кўрмаганман? Тўйдагиларнинг ҳаммасини яхши танийман.
– Базмларга кам бораман.
– А! Сиз мактабда яшайсиз-а?
– Ҳа, мактабда.
– Кузатиб қўяман, қаршимасмисиз?

Николай туриб чакмонини кийди, кейин даҳлизга сув ичгани кетди.
– Йиғлабсиз, шекилли, – сўради у. – Ким хафа қилди?

Қизнинг қалби миннатдорчилик ҳисларига тўлди. Сўнг бошини эгиб жавоб берди:
– Йўқ, ҳеч ким хафа қилгани йўқ...
– Тўғрисини айтўвринг! Агар бирортаси чертса борми, қовурғасини синдираман! – Николай Соняни елкасидан қучиб олди. Тупроқ йўлдан юриб кетишди, сўнг чапга бурилиб сўқмоқ йўлга чиқишди. Томорқалар, қўраларнинг ёнидан ўтишди. Аллақачон шудринг тушган, майсалар жиққа ҳўл эди.

Соня нимагадир кулишни хоҳларди. У ҳозир ўзига бегона эди. У бошини Николайнинг елкасига қўйиб кетишни истар, аммо уяларди. Бир марта Николай қоқилиб, қизга қапишиб қолди. Шунда ҳам қиз шоша-пиша ўзини орқага ташлади.
– Сиз ўлгудай мастсиз! – худди эски қадрдонига гапираётгандай енгил таъна билан деди қиз.
– Тўғри! – Николай қўллари билан юзини ишқалади. – Тўйда ҳамма бўкиб ичди.

Улар мактабга етиб келиб, зинага кўтарилди. Соня саросимага тушиб қолган, нима қилишини билмасди: дарров кириб кетсинми ё турсинми? Дастлаб кетмоқчи бўлди, лекин кейин Николайнинг ранжишидан қўрқиб, қолди.

Николай негадир яна мастона тебранар, нафаси хириллар, Сонянинг қўлидан ушлаб олган эди.
– Нимадир десангиз-чи, – деди қиз ҳорғин кўзларини зим-зиё осмонга қадаб.
– Яна нима дейишим керак? – хириллади у, кейин қизни ўзига тортди-да қаттиқ қучоқлади, бечоранинг суяклари қисирлаб кетди. Йигит ҳўл лаблари билан уни ўпа бошлади.
– Қўйворинг! – деб шивирлади қиз йигитнинг қучоғидан чиқиб кетишга уринаркан.
– Жим! – деди йигит овозини янаям пасайтириб, қизни даҳлизнинг қоронғуроқ жойига олиб борди. – Жим дейман! Нима, эсингни еганмисан!
– Коля... Ўзингни бос, азизим. Нима қилганинг бу, а?
– Севасанми мени? – тўнғиллади Николай. – Жиннилик қилма!
– Кераги йўқ, Коля, кераги йўқ, – қизнинг сўзларидаги ёлворувчи оҳанг йигитни ҳовуридан туширди.
– Бўпти... – деди у. – Асабимга тегма! Сен... сен эртага даладаги бостирмага боргин. Борасанми?
– Қачон? – деб шивирлади Соня титраб-қалтираб.
– Соат еттида. Бўптими?
– Бораман.
– Аҳа... – Николай сигаретни бир неча бор тортиб-тортиб симирди, қолдиғини эса пошнаси билан анча вақт эзиб турди. – Майли, кўришгунча!

Йигит қизни яна бир марта ўпди. Лекин бу сафар ўпкасини босиб олганди, ортиқча ҳаяжонланмади. Қизнинг юзларини кафтлари орасига олиб бирпас турди. Сўнг зинадан тушиб қоронғулик бағрига сингиб кетди. Бир минутдан кейин унинг ҳиргойиси эшитила бошлади. Қўшиқ тутуруқсиз ва ясама эди.

Уйда Соня хона бўйлаб оҳиста юрди, устки кийимларини ечди, яхна чойдан ичди. Кўйлакчан ҳолда кўзгу ёнига келиб юзига, туртиб чиққан елкалари, суякларига узоқ ва ғамгин тикилиб қолди. «Эй худойим, қанақа кўримсизман-а, – деган фикр хаёлидан ўтди ва қўрқиб кетди. – Балиқ ёғи ичиш керак! Албатта ичиш керак!»

Столга ўтирди-да сариёғ ейишга киришди. У, аслида, ёғни ёмон кўрарди. Лекин ҳозир сариёғни биринчи марта кўраётгандай апил-тапил чайналар ва Николай ҳақида ўйларди. Кейин чироқни ўчириб ётди, бироқ уҳлай олмади. Москвада, унинг уйига қарама қарши томонда фонар ёнар, баланд ўсган жўка дарахтларининг сояси ойнада титраб ғалати рақсга тушарди. Борлиқни қуюқ зулмат қоплаганди.
– Бу севгими? – деди овоз чиқариб Соня ва деворга ўгирилиб олди.

Бутун кун давомида Сонянинг хаёли аллақаёқларда юрди.

Эрталабдан ёмғир ёға бошлади. Болаларга қандайдир парчани ўқиб бераркан, Соня ойнадан кўчадаги кўлмакларга хавотир билан қараб қўйди. Лекин ёмғир тиниб ҳаво очилиб кетди. Кечга яқин мактаб ёнидаги йўлдан олов думли машиналар ўта бошлади.

Ишдан сўнг Соня дугонасига хат ёзишга киришди. Хатда кеча бир йигит уни кузатиб қўйгани ва учрашувга таклиф қилгани ҳақида ёзди. Мактуб каттагина, қувончга тўла чиқди. Ишни тугатгач Соня нимагадир Николайни севгани тўғрисида тўхтамга келди. У хатни почтага ташлаб қайтгач, деворга ўгирилиб ётди.

Қиз Николай келадими-йўқми деб ўйлади, келса ўзини қандай тутиши ва нималарни гапиришини мўлжаллаб олди. Агар у яна ўпадиган бўлса нима қиламан деб қўрқувга тушди. Бу фикрлар қизни шунчалик ҳаяжонга солдики, кийинаётганида ҳам қўли титрашдан тўхтамади.

Соня кечаги тўқ зангор кўйлагини кийди, сочини бир оз жингалаклади, атир сепди. Ҳаяжондан кафтлари терлади. Қишлоқ кўчасидан ўтаркан, гўё деразадан ҳамма уни кузатаётгандай, қаерга, нима учун кетаётганини биладигандай туюлди. Уялиб кетди, қадамини тезлатмоқчи бўлди, лекин уддасидан чиқолмади. Далага етиб боргачгина енгил тин олди. Ҳаво иссиқ эди. Йўлга енгил чанг инган, қуёш юзини алвон парда қоплаган эди. Йўлга яқин жойда, марзада трактор турарди. Қорамойга беланган тракторчи маторни чуқулаб ўтирарди. У Соняни кўриб қаддини ростлади, қўлини шалварига артди, кейин чекди ва қизнинг ортидан ўйчан тикилиб қолди.

Кенг жарликка тушиб, сигир подалари ифлослантириб юборган ботқоқликдан ўтар экан, Сонянинг хаёлига тўсатдан: «Николай вақтлироқ келиб мени кутмай кетворган бўлса-чи», деган фикр келди. Қўрқиб кетди.

Қиз бостирма кўзга ташлангач юришдан тўхтади. Бостирма атрофида ҳеч ким йўқлигидан севиниб кетди. Бир оз нафасини ростлаб олгач чанг босган туфлисини ўт-ўланлар билан тозалади. Ялангликда туриш қизга ноқулай туюлди, панароққа ўтиб олди. Кун бўйи қуёшда қизиган деворнинг ҳовури баданга урарди.

Қармоқ кўтарган болакай келиб, чувалчанг қидира бошлади. Соня уялганидан қизариб кетди, яна йўлга чиқди. Шаҳардан келаётган аравалардаги одамлар унга тикилиб ўтар, болакай ҳам атайлаб қилгандай кетмасди. Соня беҳаловат бўла бошлади. Бахтига, болакай чувалчанг йиғиб бўлди, шекилли, кетди. У бир неча марта кинояли қарагандай туюлди. «Сезиб қолди! – уялиб ўйлади Соня. – Яхшиям бизнинг мактабдан эмас экан!»

У яна бостирма ортига ўтиб паналади, мойчечак терди. Мойчечакнинг гулбарглари сийраклашиб қолган, у шу туришда ракетага ўхшарди. Қиз гулбаргларни уза бошлади: «Келади, келмайди...» Келмайдиган бўлиб чиқди. Бунданам ёмони, Соня Николай қайси томондан келишини билмасди. Бостирма ортидан чиқиб йўлга қаради. Сўнг яна бекинди. Николай кўринган пайт қиз тамом ҳолдан тойганди. У пастки йўлдан келар, қўлларини чўнтагига тиқиб, чакмонини елкасига ташлаб олганди. Яқинлашгач бирор нарсани унутган ва уни эслашга уринаётган кишидан пешанасини тириштириб Соняга қаради. Юз-кўзидан зерикиш аломатларини уқиш мумкин эди. Қизнинг ёнига келиб истамайгина қўл узатди:
– Яхшимисиз...
– Яхши, раҳмат, – кўзларини ерга қадаб жавоб берди Соня.
– Кўп кутдингизми?
– Йўқ...
– Ҳим... Салқинроққа борайлик.

Улар йўл бўйидаги похол уюмига ўтирди. Қуёш уфққа яқинлашиб, нурсизланиб қолган, бостирманинг сояси даланинг этагигача чўзилган эди.
– Кеча яхши дам олдингизми? – сўради Соня. Николайга бирров қараб олди, негадир жилмайишга уринди.
– Тузук... – Николай эснади, чакмонини туширди. – Фақат ухлаб бўлмади.
– Кеча яхши эмасдингиз, – оҳистагина деди Соня.
– Яна бошладингми! – Николай Соняни лоқайд қучоқлади, ўпмоқчи бўлди, лекин фикридан қайтди. Қизнинг бўйнига йигитнинг нафаси урилди.
– Ҳозир қоронғу тушади, – деди Соня. Николайнинг кўксига аста бош қўйди ва зарб билан ураётган юрак товушларини эшитди.
– Кеч тушса яхши, нўхот пайкалига борамиз, – Николай бошини ўнг томонга буриб қаергадир ишора қилди. – У ерда чайла бор. Борасанми?
– Бунақа гапларни гапирма, Коля, – паст товушда деди Соня.
– Эҳ, – бирдан ҳайқирди Николай, – ухлагим келяпти, қани тиззангни бер-чи...

У нари сурилди-да, этикли оёқларини кенг ёйиб ётди. Бошини Сонянинг тиззаларига қўйди. Бир оз кўз юмиб ётгач, қўл узатиб қизнинг биқинини ушлади.
– Нега бунақа озғинсан?

Қиз бир дақиқа нафас олишдан тўхтади.
– Тузилишим шунақа, – зўр бериб жилмайишга уринди қиз.
– Тузилиш эмиш! Менимча, қаерингдир касал. Моллар ҳам шунақа: касал бўлдими – қанча боқма фойдаси йўқ. Ўша-ўша арматуралигича қолаверади.

Сонянинг кўз олди қоронғулашиб кетди, бир неча бор кўнгил айнишидан ўзини зўрға тийиб қолди.
– Нимага бунақа қўполсиз, – тўсатдан терс гапирди у. – Ё мен билан истаган ишни қилса бўлади деб ўйлаяпсизми?

У юзини кескин бошқа томонга бурди ва секин қизара бошлади.
– Мен билан бунақа гаплашишга ҳаққингиз йўқ! Эшитдингизми!

Қиз пастки лабини тишлаб, енги билан кўзларини қаттиқ артди. Кейин дала томонга қараганча тиззаларини силкитди.
– Кетинг! Мен сизга молмасман, кўтаринг каллангизни! Даф бўлинг!

Николай тош қотди.
– Мени... мени... – тўнғиллади у. – Кечирасиз! Билмабман! Истамагандим – ит бўлай! Ишим шунақа, ўрганиб қолганман.
– Йўқ, буни ишга ҳеч қанақа алоқаси йўқ, – энди Соня ўзини анча босиб олган, ғазаб билан гапирарди. – Сабаби...

Қизни тер босди, бармоқлари титрар, юзи кўринмас эди.
– Сабаби, «ўз оёғи билан кептими, ҳар қандай ишни қилсам бўлаверади», деб ўйлагансиз.

Николай мум тишлаб ўтирар, ҳеч нима деёлмасди.
– Кеча кимни сўккандингиз? – узоқ сукутдан сўнг сўради Соня.
– Ҳим... – Қошларини чимирди Николай. – Мениям дардим ичимда. Анави аблаҳ Зойкани мендан тортиб олди, унга уйланди. Келин бўлса янаям очилиб кетаркан. Мен у билан қандай бахтли эдим-а...
– Сизни, тўғриси, жуда кўп қизлар яхши кўради, – деди Соня.
– А! – Николай худди эшшак олма егандай афтини буриштирди, кейин қизнинг тиззасига яна бош қўйди. – Уларнинг муҳаббати қанақалигини яхши биламан!
– Нимага бунақасиз, Коля? – шошиб гапирди Соня. – Одамларга ишониш керак. Қаранг, қанақа ажойиб одамларимиз бор!

Николай бошини кўтариб тупурди.
– Ишонмайсизми? – заиф овозда сўради Соня.
– Нимага?
– Одамдаги самимиятга.

Николай илжайди.
– Ўҳ, бу қишлоқи хотинлар алжирашни бунча ёқтиради-а! Самимиятмиш... – У бошқа томонга бурилиб эснади ва кўзларини юмди.

Йигитнинг хомсемиз гавдаси, йўғон бўйни, камҳаракат танаси, юмалоқ юзи қоронғулик бағрида қўрқинчли туюларди.

Соня қўллари билан Николайнинг сочларини силаркан, унга энтикиб тикилар, яна уялганидан қизариб кетар эди.
– Коля, биламан, сиз яхши инсонсиз, қалби тоза йигитсиз, – деди у эшитилар-эшитилмас овозда.
– Тўхта! – деди йигит бошини кўтариб ва атрофга жим қулоқ сола бошлади. Кейин қўлини қизнинг тиззаларига тираб ўтирди.

Йўлда икки киши секин гаплашиб келарди.
– Эй! – бақирди Николай.
– Нима қиляпсиз, Коля! – шивирлади Соня юзини яшириб.

Йўловчилар тўхтади.
– Қаерга кетяпсизлар? – яна бақирди Николай.
– Базмга. Ким у? Николаймисан?
– Худди ўзи. Қайси томонга борасизлар?
– Сосновкага.

Йўлдагилар чекишди. Икки қизғиш нур олдинлаб кета бошлади. Николай уларнинг ортидан қараб турди.
– Тўхтанглар! – ҳайқирди у. – Сизлар билан кетаман.

Шошиб ўрнидан турди, чакмонини қоқиб елкасига ташлади. Кейин йўталиб Соняга қўл узатди.
– Майли, бўлмаса. Учрашиб қолармиз... – Қайрилиб чакмонини қўлига олди-да, майда қадамлар билан йўл томон югургилаб кетди.

Зим-зиё тун чўкди. Фақат ён томонда, четда яримлаган ой бақрайиб турар, дарёдан яйловга қараб ҳарир туман ёйилмоқда эди. Тиқ этган товуш йўқ. Фақат бир марта бостирма ортидан нимадир чопиб ўтди: «топ-топ-топ»...

Соня елкасини деворга тираганча ўтирар, бутун вужуди қалт-қалт титрарди. Титроқ босилар деб ёқасини тортиб-тортиб қўйди, лекин фойдаси бўлмади. Кейин йиғлашга тушди, бироқ кўксини тирнаб-тирмалаб чиқаётган овози шу қадар кучсиз ва қўрқинчли эдики, ўзи ҳам чўчиб кетар, тош қотар эди.

Охири ўрнидан қўзғалди, деворни ушлаб бир оз турди, кейин уйга кетди. Ҳаво дим ва бўғиқлиги сабаб дарё бўйидан зўрға ўтиб олди. Яна тупроқ йўлдан юрди, лекин бу сафар уни юлдузларнинг ёғдуси ним ёритиб турарди. Йўл четидаги пичанларнинг майин ҳиди димоқни қитиқлар, Сомон йўли юлдузлари йўлга заиф шуъла тўшаган эди. Шу боис ҳув наридаги пичан ғарамлари, зиғир уюмлари ҳам кўзга илинар, ҳали ўрилмаган буғдой бошоқлари йилтиллаб кўринарди.
– У-у! – деди Соня боягидай кучсиз, қўрқинчли овоз билан. – У-у!..

Гапиришга ҳам, ўйлашга ҳам қизнинг ортиқ дармони қолмади. Яна ўша зах жарликдан ўтди. Ҳали йўл бўйида таъмирда турган трактор ҳозир узоқдаги пайкалда ер ҳайдарди. Фараларининг нури элас-элас кўринар, моторининг тир-тири зўрға эшитиларди.

Соня бирдан енгил тортиб кетди. Дунё беқиёс гўзалликка эгалигини ҳис қилди. Кўз ўнгида осмон қаёққадир ғойиб бўлди, юлдузлар олис-олисларга тўпиллаб тушди, зим-зимё тунни нурга чулғади. Йироқ-йироқлардаги софдил одамлар бир зумга кўриниб кетгандай бўлди. Қиз она заминнинг беҳол, ором истаётган руҳини сезди. Ўзи ҳақида ўйлади, нима бўлганда ҳам у аёл, ҳали қандай воқеа юз берганидан қатъи назар, унинг юраги уриб турибди, қалби яшаяпти. Шуни ҳис қилганларгина чинакам бахтли бўлади. Эҳ аҳмоқ қиз, ўзида қанчалик куч ва малоҳат борлигини сезмаган экан-а. Қизнинг кўнгли нурга тўлди, кўкка осилиб ловуллаб ёнаётган юлдузлар остида дадил қадамлар билан юриб кетди.

Қишлоққа тун чўккан эди. Кўпчилик аллақачон ухлаб бўлган, фақат айрим уйлардагина чироқ нури милтиллайди. Дарвоза остида катта оқ ит ётарди. Соняни кўриб югуриб ортидан эргашди, кейин ҳидлашга тушди. «Тишламоқчимисан? Майли, тишла», деди азобли ўйлар исканжасида қолган Соня. Лекин ит тишламади, қизнинг оёқларини икки бор ҳидлади-да, қоронғулик қаърига кириб йўқолди. Соня ўз йўлига равона бўлди. Унинг кўнгли энди буткул ёришиб кетганди.