OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗиёд Салим ўғли
Асар номиМачта учидаги одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Зиёд Салим ўғли
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мачта учидаги одам (ҳикоя)
Зиёд Салим ўғли

— Қулоқ сол! Ҳе-ей! Ҳой, эшитяпсанми? Ҳой! Жинни! Қулоқ сол, Шукур! Туш пастга! Мачта учидаги каллаварам, эшитяпсанми? У ерда нима қиляпсан? Жинни бўлиб қолдингми, нима бало, нега у ёққа чиқиб олдинг? Аҳмоқларнинг аҳмоғи! Расво! Ҳайвон! Палид! Туш, деяпман! Отангнинг арвоҳини чирқиллатишга мажбур қилма, лаънати чулчут!

Калтабақай қўлларини худди қанотдай лапанглатганча капитан Мемед палубада у ёқдан-бу ёққа пилдираб югурар, команда аъзолари эса журъациз қотганча орқароқда қимирламай тўпланиб туришарди.

Қапитан Мемед фокмачта атрофида пириллаб айланиб, депсиниб турар, бошини юқори кўтарганида эса четдан қараган одамга бўйни елкасига қўшилиб кетганга ўхшарди.

Одамлар мачтанинг учига қарашди: ҳақиқатанам мачтанинг қир учидаги шарпа одамми ёки уларга шундай туюляптими?

Мачта учидаги одам эса деярли булутлар билан айқашиб, яна бир неча сониядан кейин худди руҳ каби осмони фалакка чиқиб кетадиганга ўхшарди.

Капитан Мемед кўзи қинидан чиққудек бўлиб мачта тепасига ваҳшатла тикиларди. Тепага қарайверишдан фойда йўқлигини тушунганидан кейин атрофида йиғилиб турганларни кўздан кечириб, улар орасидан боцман Айюбни топди.
— Тепадаги йигит ким ўзи? А? Ким деяпман?

Боцман Айюб ҳаммасига бир ўзи айбдордек, хокисор қиёфада турарди.
— Шукур бу. Шукурга бир бало бўлганга ўхшайди.
— Унга нима жин урипти, лаънати Шукурга? Ўзи нима бўляпти, деб сўраяпман? Мачтанинг тепасида бало борми аблаҳга?
— Мен қаёқдан биламан? Эрталаб туриб қарасак, у мачтага чиқиб олибди.
— Нима, у ёққа кечаси чиқиб олибдими?
— Ким билади дейсиз.

Капитан Мемед асабийлашганча, худди қафасга солинган йўлбарсдек бир ерда туролмай бетоқатланарди.

Эрта тонг. Денгиз ҳам осмон каби шаффоф рангда. Қилт этган шамол йўқ. Кема лангар ташлаганча оҳиста тебраниб турарди. Камбузнинг трубасидан сийрак тутун чиқиб турибди. Капитан Мемед мачта учидан кўз қирини узмасди. Бирдан бўйин томирлари бўртиб кетди.
— Шукур! Ҳой!
— Эшитаман, шеф.

Юқоридан, нақ мачтанинг учидан овоз худди нариги дунёдан келаётгандай эшитиларди.
— Ҳали шошмай тур, қўлимга тушасан-ку! Эртами, кечми, бари бир пастга тушасан-ку! Ўшанда биласан! Мана кўрасан, шохингни шундай қайириб қўяйки!
— Биламан, шеф.
— Янчиб ташлайман!
— Янчиб ташлайверинг, шеф.
— Кулингни кўкка совураман!

Капитаннинг бўйнидаги томирлари ўқлоғдай-ўқлоғдай бўртиб кетди.
— Қани, яхшиликча пастга туш, аблаҳ!
— Жаҳлингиз чиқмасин, шеф.
— Қулоқ сол!
— Эшитаман, шеф.
— Агар ҳозир тушсанг, сенга ҳеч нарса бўлмайди.

Гуноҳингдан ўтаман. Xудо ҳаққи, рост, ҳамманинг олдида айтяпман!

Капитан Мемед тонгги сукунат пардасини парчалаб, янада қаттиқроқ қичқирди:
— Охирги марта сўраяпман: тушасанми ё йўқми?
— Тушаману, фақат-
— Нима фақат?
— Қўрқяпман.
— Мачтага чиқаётганингда нима ҳақда ўйлагандинг?
— Унда энди тонг ёришиб келаётганди, шеф. Ғира-ширада унчалик қўрқинчли эмас эди. Кейин бўлса, уйқусираб чиққандим-
— Нима-нима?

Матрос Шукур пастдагиларга эшитилсин, деб овозини баландлатди:
— Унда ҳали уйқум ўчмаганди, шеф-
— Энди уйғондинг-ку, туш.
— Шеф.
— Нима демоқчисан?
— Агар тушсам, урмайсизми?
— Тушсанг — урмайман, тушмасанг — калтаклайман.
— Агар тушмасам қанақа қилиб калтаклайсиз? Ахир, мен тепадаманку.
— Ҳа-а, аблаҳ! Менга гап қайтармоқчимисан қанжиқнинг ўғли! Қаерда бўлмагин, бари бир кулингни кўкка совураман! Xоҳ жаҳаннамда бўлгин, хоҳ жаннат-да, ҳамма ердаям топаману шундай додингни бераманки.
— Қўрқяпман, шеф. Нега ҳамманглар чумолидек кичкина бўлиб кўриняпсизлар?
— Нима дединг?
— Бу ердан ҳамманглар худди нуқтага ўхшаб кўриняпсизлар, деяпман. Кўнглингизга олмангу, шеф, сиз ҳам нуқтасиз.
— Гапни бас қилиб, чаққон-чаққон туша қол.
— Бошқа илож йўқ- Бошга тушганни кўз кўраркан, шеф- Қўрқинчли бўлса ҳам бошқа иложи бўлмагандан кейин-
— Шундай қилсанг олам гулистон, қани, туша қол.
— Тушолмайман, юрагим дов бермаяпти, шеф. Капитан Мемед қутуриб бақирди:
— Тушолмайсанми, аблаҳ! Нима, сенингча, сени тушириш учун олдингга чиқишимиз керакми? Қандай чиққан бўлсанг, шундай тушавер!
— Сакраш керак.
— Нима, нима дединг?
— Сакраш керак, деяпман, шеф, бошқа иложи йўқ Капитан Мемеднинг жони ҳиқилдоғига келганидан,

ранги оқариб кетди.
— Нима бало, эсингни едингми, палубага сакрайсанми? Жонингдан умидинг борми ўзи!
— Палубага эмас, шеф.
— Бўлмаса қаерга?
— Денгизга.
— Денгизга?!
— Денгизга, шеф.
— Қулоқ сол.
— Эшитаман, шеф.
— Денгизга сакрайман, деган аҳмоқона фикрни миянгдан чиқар. Қандай чиққан бўлсанг, ўшандай оҳиста тушиб келавер.
— Ахир, мен, денгизга сакраш учун чиққандим-да.
— Денгизга?
— Ҳа, денгизга. Менинг бобом худди шундай сакраган.
— Қанақа бобонг.
— Менинг бир бобом бор эди.
— Xўш?
— Катерда сузарди, мачтанинг қир учига чиқиб оларди.
— Xўш?
— У ердан сувга балиқдай сакрарди.
— Xўш, кейин-чи?
— Катернинг тагидан сузиб ўтарди.
— Xўш?
— Сузиб ўтиб, бошқа томондан шўнғиб чиқарди.
— Xўш, нима бўпти?
— У етмиш ёшда эди, шеф.
— Нима дединг?
— Етмиш ёшда эди, деяпман, мен бўлсам бобомнинг муносиб неварасиман.
— Қулоқ сол, Шукур.
— Эшитаман, шеф.
— Сен менга бобонг ҳақида афсона сўқишни бас қил. Эски замонларда ҳаммаси бутунлай бошқача бўлган, ош-овқат ҳам бошқача. Сен менга қулоқ сол.
— Эшитаман, шеф.
— Ҳозирги шалдир-шулдур овқат билан курсидан йиқилсанг ҳам нариги дунёга равона бўлишинг турган гап.
— Менга эса бу ердан.
— Нима «бу ердан?»
— Шўнғиш керак.
— Ҳой, эҳтиёт бўл!
— Мана шундай қилиб, шўнғияпман.
— Эшитяпсанми, бас қил!
— Кема тагидан сузиб ўтяпман.
— Ҳой!
— Ва бошқа томондан.
— Эҳтиёт бўл!
— Сув юзига.

Капитан Мемед боцман Айюбга жаҳлла тикилди.
— Ахир, шаҳарлик палиддан ҳақиқий матрос чиқармиди? Кўнгилсизликдан бошқа ҳеч гап йўқ! Xўп, дейлик, бобоси денгизчи ёки худо билади, ким бўлган. Отаси-чи? Отаси ким бўлганлигини ким билади? Заҳм ёки бошқа бирор-бир касалга мубталоми ёки ароқхўр-ми, ким билади? Генелев кўчасига лангар ташлаганларнинг ҳароми болалари ҳақида ярамас овозалар юриши маълум-ку? Кунлардан бир кун ана шундай ярамас қутуриб мачта учига чиқиб олади-да. Агар мабодо, худо кўрсатмасин, йиқилиб майиб-сайиб бўлса, унинг учун ким жавоб беради? Албатта, ер юзи яна битта ҳаромидан тозаланади, бу айни муддао. Лекин, сўраб-суриштиришлар бошланади. Қани, айтинг-чи капитан: бу аблаҳ нимадан ўлди? А? Нега бу итвачча мачтанинг қир учига чиқиб олди? Балки, сен капитан, уни чоғи келмайдиган иш билан қийнагандирсан? Xўш, капитан, қани жавоб беринг-чи? Мана, сиз, менинг ўрнимда нима деб жавоб берган бўлардингиз?

Айюб бошини эгганча, хаёлга чўмди. , — Мен айтардимки.
— Нима дердинг?
— Мен, бобоси билан мусобақа ўйнайман деб, мачтадан йиқилиб ўлди, деб айтардим.
— Қалланг жойидами! Мачтанинг тепасида бобоси билан мусобақа ўйнашга бало борми? Ким ҳам бунга ишона қоларди? Ҳой Шукур!
— Лаббай, шеф.
— Қулоқ сол. Мен яна мана шу кўпчилик одамнинг олдида айтяпман: агар бехархаша ўзинг тушсанг, хоҳлаган вақтингда беистисно аванс бераман, агар отпуска хоҳласанг, отпуска бераман.
— Шеф.
— Xўш, нима?
— Сиз бусиз ҳам бахиллик қилмай доим берардингиз.
— Қулоқ сол, жаҳлимни чиқарсанг ҳам тарсакиламайман, калтакламайман.
— Сизнинг шундай ҳам бекордан-бекорга урадиган одатингиз йўқ. Тушадиган бўлсам, бошқа шартим бор эди.

Капитан Мемед севиниб кетганидан кўзини чақчайтирди.
— Айюб раис: «Шукур — яхши матрос»,— деб қичқирсин. Унинг гапини бутун кемадагилар, ҳамма матрослар эшицин. Капитан Мемед ёнида турган Айюбга ўгирилди-да, шивирлаб деди: — Кўнгиллари нималарни тусаганини эшитдингми? Айтганидай бақира қол, тушсин. Айюб кўзини қисиб юқорига, сўнг капитанга қаради.
— Бекорларни айтибди, бақириб бўпман.
— Эсинг жойидами ўзи? Оғримаган бошимга ҳали сен ҳам бормидинг?
— Бари бир айтмайман.
— Нега энди қайсарлик қиляпсан?
— Чунки у ёмон матрос, шунинг учун ҳам хомтама бўлмасин. Ўлгудек дангаса.

Капитан Мемед боцманнинг қулоғига шивирлади.
— Ҳечқиси йўқ, сен бақиргин, номига қичқиргин, упастга тушса бўлгани. Агар мабодо йиқиладиган бўлса ҳаммамизнинг ҳам қулоғимиз тагида шавла қайнаши турган гап. Йиқилиб, соғ қолса майли-я, итдек ўлади-кетади.
— Ўлса менга нима. Лаънати чулчутдан қутуламиз-қўямиз.
— Нима бало, ҳаммаларинг тил бириктириб олганмисизлар, аблаҳлар? Портга етиб олайлик, ҳаммаларингни ҳайдамасамми! Ҳаммаларинг кемадан даб бўлларинг! Эшитяпсанми? Кўзимга кўринсаларинг соғ қўймайман! Ҳаммаларингга кўрсатиб қўяман!

Шукур юқоридан туриб бақирди:
— Айюб раис, қани айта қол! Капитан бобо кутиб турганини кўрмаяпсанми? Бўлмаса, ўзимни денгизга ташлайман.
— Ўлсам ҳам сенинг айтганинг бўлмайди!—дея қичқирди унга жавобан боцман.— Бобонг, балки, яхши денгизчи бўлса бўлгандир, лекин бунинг ишга ҳеч қан-дай алоқаси йўқ. Сен бўлсанг, ота ўғли, бизнинг ишга ярамайсан, тубан, аблаҳ.

Юқоридан эшитилаётган Шукурнинг овози қатъийлик касб этган бўлиб, унда энди дадиллик сезиларди;
— Энди виждоним соф. Сакраяпман, шеф!

Палубада турган барча одамлар— капитан Мемед, боцман Айюб, матрослар— мачта учига диққат билан қараганича қотиб қолдилар.

Қуёш ҳали кўтарилиб улгурмаган, лекин унинг нурлари мовий булутлар оша тушиб турарди. Капитан Мемед кўзини қисганича юқорига қарарди. У ерда, юқорида, мачтанинг қир учида қандайдир одамнинг ғимирлаётганини зўрға илғаш мумкин эди: мачтадан унинг сояси ажралгандай бўлдими, ёки кўз жимирлашдими, билиб бўлмасди.