OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗиёд Салим ўғли
Асар номиҚудратли Салим (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Зиёд Салим ўғли
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қудратли Салим (ҳикоя)
Зиёд Салим ўғли

— Шуна-қа-а,— деди чўзибгина хаёлчан капитан Мемед.— Мана шунақа, Оганес афанди. Xоҳ ишон, хоҳ ишонма, лекин буларнинг ҳаммаси бор гап: денгиз тубида омбор жойлашган. Ер шарини тит-пит қилсанг ҳам бунақасини учратмайсан, дунёнинг еттинчи мўъжизаси нақ бурнимизнинг тагида, Олтин Шох кўрфазида, кемалар рейд вақтида лослайдиган жойнинг ўзгинасида. У вақтларда ҳали она сути оғзидан кетмаган капитанлардан эдим, эндигина учинчи ёрдамчиликдан иккинчисига ўтаётгандим. Шуни айтиш керакки, иккинчи ёрдамчи кемадаги ҳамма нарсага боши билан жавобгар. Xуллас, ҳаммасига кўз-қулоқ бўлиб туришинг керак. Бирор нарса деб бўйин. товлаб кўрчи, дарров: сен, тақсир, иккинчи ёрдамчисан, сени ҳеч ким иккинчи ёрдамчиликка бўйнингга арқон боғлаб ўтказгани йўқ, шунинг учун ҳам сендан талаб қилишадида, деб жонингни кўзингга кўрсатиб қўйишдан ҳам тойишмайди. Шундай қилиб, ҳалиги айтганимдай, мен ўшанда ҳали анча ғўр иккинчи ёрдамчи эдим. Кемага ёлландим. Агар ёдингда бўлса, ўша кеманинг ўнг қанотидаги лангарини йўқотиб қўйишган экан, натижада кема лангарсиз бўлиб қолганди. Менга: «Капитан Мемед, шундай-шундай гап, кемада иккинчи ёрдамчининг ўрни бор, зап сенбоп ишда ўзиям.»—дейишди. Қисқаси, кема хўжайини билан гаплашдим, у мени кемага олишга рози бўлди. Идорада эса, менга аввалги капитан лангарни йўқотган эди, сен бозордан қидириб топ, ахир, очиқ денгизга лангарсиз чиқиб бўлмайди-ку, дейишди. Ҳаққи ростиям шуда: ахир, кўчага битта ботинкада чиқмайсан-ку, тўғрими, Оганес афанди, бу бўлса худди шунинг ўзи. Уша вақтларда кема лаш-лушларини топиш ўлимдан ҳам қийин эди, уруш бозорни касод қилган, лангар пўлати эса олтиндан, олтин ҳам гапми, олмосдан ҳам қиммат эди. Бозор эса, худди қирчанғи эшакдек қимирлай демасди. Савдогарлар ҳар хил темир-терсакларни ёйганча кун бўйи гарданларини қашиб ўтиришарди, бозорда лангарни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмасди. Бахтимни қарангки, фақат лангар топсамгина капитан бўлишим мумкин. Ҳа, шундай ўринга кўз тикдингми, марҳамат қилиб, ишбилармонлигингни, юлдузни бенарвон ура олишингни кўрсат.

Кун бўйи лангар қидириб боқмаган тешигим, кирмаган эшигим қолмади. Бурним ерга теккудек бўлиб матросларнинг қаҳвахонасига кириб бордим. Оёғимда оёқ қолмаган бўлишига қарамай, жин ургурни топа олмадим—ҳали айтдим-ку, ҳеч қанақа савдо-сотиқ йўқ эди. Фиғоним фалакка чиққанидан, ҳатто, қаҳва ҳам томоғимдан ўтмас, ҳар бир ҳўплами худди ланғиллаган чўғсимон теккан жойини куйдирарди. Оҳ, лаънати лангар! Агар ўша лангарни йўқотган капитан қаердалигини билсам, ернинг тагидан бўлса ҳам топардим, ўлай агар, аламимдан шу ҳолга етгандимки, ҳатто лангариниям, денгизиниям, барча денгиз қаъриниям отасининг гўрига ғишт қалаб ўтирардим. Мабодо, битта-яримта келиб менга: «Капитан Мемед, сен қидираётган лангар менда бор»,— дегудек бўлса, ўйинга тушиб кетишим ҳеч гап эмасди, ўз-ўзимни ана шу ҳолга келтириб қўйгандим. Ўтирибману, қаҳвахонанинг қайси бурчагига қарамай, кўзимга фақат ана шу жин ургур лангар кўринади денг, ҳатто кўз олдимга лангар шакли-шамойилида доирачалар гир-гир айланади. Ишқилиб, худога додингни айтишдан бошқа илож йўқ!

Мана шундай, дунё кўзимга тор бўлиб, энди нима қилсамикин, деб ўйланиб ўтиргандим, шундоққина рўпа-рамда Xизр Салимни кўриб қолдим! Xизр Салим ким бўлдийкин, деб сўраяпсанми? Унинг, яъни Xизр Салимнинг кимлигини ким билади, дейсан. Xизр Салим исмли одам бозорма-бозор изғиб юради, ҳар хил молларни беш қўлидай билади. Xудди итдек ёки янада тўғрироғи, сичқондай ҳид билади. Энг нозик исларни ҳам сеза олади, лаънати, ҳар қандай овчи итларни ҳам йўлда қолдириши турган гап. Дейлик, сенга нимадир етишмаяпти, ёки нимадир қидиряпсан, ёки бошингга қандайдир бахцизлик тушди — мана шу одам худди ер тагидан чиққандек ҳозиру нозир бўлиб, сеҳргардек ҳожатингни чиқаради. Ҳаммасини топади, ҳаммасини бажо келтирадида, сендан ширинкома олади — ахир, у ана шунга яшайдида, лекин баъзи бир юлғичларга ўхшаб терингга сомон тиқмайди, фақат чой пули берилса бас. Беминнат ҳожатбарорлиги учун ҳам унга Xизр Салим, деган лақаб қўйишганда, ахир. Оганес афанди, ўзингга ҳам Xизр Алайҳиссаломнинг том маъноси кундай равшанку! У ҳамма нарсани билади ва ҳар қандай мушкулингни осон қилишга тайёр! ЙО тушида аён бўладими, ёки дунёнинг ҳар бир бурчагида яширин полиция ё жосуслик тармоқлари борми, ёки султон Абдул Ҳамиднинг айғоқчилари унга ҳам ишлашадими — худо билади! Узун гапнинг қисқаси, қарасам: осмондан тушдими, ердан чиқдими, ишқилиб, қаршимда худди ўша Xизр Салим менга қараб заҳархандали тиржайиб турибди, мушкул аҳволга тушиб қолганимни биладида, лаънати, Балки, у ўрнимдан тура солиб унинг олдида тиз чўкиб, ялиниб-ёлворишимни тасаввур қилибоқ илжаяётгандир?. Аммо лекин яна бир бор таъкидлашим лозимки, яқин одамнинг ҳисобига бойлик орттириш хислати унга ёт эди, Агар хоҳласа, истаган одамдан арқон эшиши ҳеч гап эмасди. Фақат бундай қаллоблик билан шуғулланмасди. Ўзингдан ўтар гап йўқ, Оганес афанди, ана шу лангар туфайли ўзинг ҳам сувга сакрашдан тоймасдинг! Шундайми? Дарвоқе, мен буни мисол тариқасида айтдим-қўйдимда, ахир, сен ўзимизникисанку. Шундай қилиб, дегин, Салим олдимда қаққайиб турар, боз устига, куйдирган калладек тиржаярди. Тасаввур қилгин-а: дунё кўзимга тор кўриниб, худди ёш боладай йиғлашга ҳам рози бўлиб турибману биров ўлай деса, биров куларкан, дегандай, бу нусханинг тиржайишига ўлайми. Бир нарсани қотириб қўйгандай, нақ оғзи қулоғида! Туғилганига пушаймон едириб қўяйми, деб ўйладиму, тағин шайтонга ҳай бераман. «Лаънатининг тиржайишга топган вақтини қара-ю, дейман! Кимга тўй, кимга аза, деб шуни айцалар керакда!» Ўзимни зўр-базўр тутиб турибман, дегин: ҳозир дабдаласини чиқараман, бу ярамаснинг! Шу даража жаҳлга мингандим, лаънати лангар мени шу ҳолга солиб қўйганди. Бутун фикрларим лангар атрофида чарх урарди, холос. Салим бўлса жилмайганча, жаҳлинг чиқяпти-ю, деб парвойига ҳам келтирмай, нигоҳи билан пармалашда давом этарди. Кейин: «Топамиз, капитан Мемед!»— деса бўладими.

Ақлдан озиш ҳеч гапмас! Шунча одамнинг гувоҳлигида мана шундай деди-қўйди. Бутун Галатай, ҳамма денгизчилар олдида қўрқмай шундай деди. Ахир, бу аҳволда бутун Истамбулни остин-устун қилиб юбориш мумкин-ку! Мен унга бақрайганча тикилиб қолдим, кўзларим нақ ўт пуркаётган лавага айланганди. Қараб турибману, лекин ҳеч балога ақлим етмайди. «Сен, лаънати, нимани топиб бермоқчи бўляпсан?—деб сўрадим.— Ўз бошингга ғалва орттирмоқчимисан?» У бўлса ўзини тутолмай хахолайди, холос. Унга нима дема, худди нима дейишаётганини эшитмаётгандай ҳафаям бўлмайди.

«Ғам ема, капитан Мемед, топамиз,— дея қайтарди у менга қараб.— Топамиз, бинобарин.»—«Хўп майли,— дедим,— ҳеч бўлмаса мен нима қидираётганимни биласанми ўзи, лаънати?» Жаҳлим чиққанда ҳар доим «лаънати» тилимдан тушмайди, дегин, мени билганлар бот-бот «лаънати» дейишимга хафа ҳам бўлишмайди. - У ҳам, қарасам, парво қилмай жилмаяяпти, тўғрироғи, мазах қиляпти Xизр Салим.

«Ер тагида илон қимирласа биламан, хотиржам бўл,— дея жавоб қилди у.— Агар мен билмасам, бошқа ким ҳам биларди. Сен, капитан, лангар излаяпсан.»— «Сен қаердан биласан?»—«Э-е,— дейди,— сўраб нима қиласан, капитан, бу касб сири, Мен одамларнинг кўзига қараб, ким нима қидираётганини билиб ололаман. Ишлаб чиқариш сири, демак». «Хўп, майли,— дедим.— Касб-коринг қанақа, ўзинг нима билан шуғулланасан?»

Салим яна куйдирган калладай ишшаяди, денг, худди худонинг назари тушгандек, нақ Xизр Салимнинг ўзгинаси.

«Ҳар нарсага қодирман, капитан,— деди.— Мени Қудратли- Салим деб чақиришади, мен йўқолган ва эсдан чиққан буюмларни топиб бераман. Борди-ю, касб-кори ҳам худди менга ўхшаб, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқадиган одамни топиб олиб келиб кўрсацанг, икки юзидан ўпмасам, одаммасман. Бизнинг ишимиз ҳақида махсус мактаб ёки дарсликлар йўқ, ҳаммасини ўз ақлинг билан топишинг керак. Шунинг учун ҳам бизнинг ишимизни алоҳида касб, деб ҳам айтолмайсан. Қисқаси, мени Қудратли Салим, деб чақиришади». «Бўпти,— дедим,— лангарни менга қаёқдан топиб берасан?»—«Эй, йў-ўқ!— деди у.— Сенга бу ҳақда гапириб берадиган аҳмоқлардан эмасман, капитан — бу ишлаб чиқариш сири! Агар сиримни ҳар бир ўткинчига очадиган бўлсам, бир бурда нонсиз қолишим ҳеч гапмас. Сен мендан бу ҳақда сўраб нима қиласан? Сенга лангар керакми, жуда соз: топиб олиб келиб бераман — шу билан гап тамом-вассалом!»

Ақл бовар қилмайди-я! Бундан чиқди, у шунча кундан бери, нақ бўлмаса олтин, деб ҳисоблаб юрганим ўша лангарни топиб олиб келиши мумкин экан-да?

«Яхши,— дедим,— лангарга қанча сўрайсан?» «Сен, капитан, ўзимизнинг одамсан, қанча берсанг, борига бор барака, деб кетавераман.»

Нима бўлгандаям, ҳар ҳолда, аблаҳда виждон бор эди. Xоҳласа, истаган одамидан арқон эшиши мумкин эдию, аммо-лекин бировнинг бахцизлигидан ўз фойдаси йўлида ҳечам фойдаланмасди. Мана, ахир, конторада икки оёғимни бир этикка тиқиб қўйишди: лангар топсанггина капитан бўласан! Бу, ахир, разиллик-ку! Бошқача аташ ҳам мумкинмас. Манави Xизр Салим эса, ё сувдай оқиб келаётган мўмай луқмани тушунишни хоҳламас, ё ўзини пулни назари илмайдиган қилиб кўрсатмоқчими — билиб бўлмасди. Мен, ахир, бутун бошли докни, тушуняпсанми, лангар, деб остин-устун қилиб юбордим, ҳаттоки мана шу лаънати лангарни топиш учун ўлимдан бошқа ҳамма нарсага рози бўлиб қўйгандим. У аблаҳга эса, менинг муҳтожлигим бундай қараганда чўт эмасдай, у бу ҳақда ҳеч вақони билмайди, шекилли!

«Демак, шундай,— дедим,— агар мен қидираётган нарсани топиб берсанг, хоҳлаган нарсангни талаб қил — ғинг деган номард.» (Ўзимча эса: «Кўз-қулоқ бўлиб тур, ишқилиб, қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишмаса бўлгани, капитан Мемед!»—деб ўйлайман.)

Салим илжайди. «Кемадан иш олишингга,— дейди,— лангар топишинг шарт, шундайми, капитан? Мен сени қийнаб ўтирмайман, шунингдек, чўнтагингни ҳам қоқла-моқчи эмасман, хавотирланма. Қанчага қурбинг еца, ўшанча берасан-да». ЙО олло, ўзинг бандам дегин! Демак, у бутун сир-асроримдан хабардор экан-да. Бу нусха нақ инглиз жосуси Лоуренснинг ўзи эмасмикин? Ё рентген нурлари орқали фикрларимни уқиб олдимикин? Ё худойим-ей, агар ўша лангар қўлимда бўлса, дўппимни осмонга отмасмидим. Бизнинг ишимизда капитанлик унвонига унчалик аҳамият беришмайди, ким лангарнинг хўжайини бўлса — ўша ҳам капитан, ҳам адмирал! Мана шунинг учун айтяпман-да, агар Xизр Салим хоҳласа, мени ўйинчоқ қилиб ўйнатиши мумкин эди. Агар у хоҳласа, мен лангар учун маошимнинг ярмини ҳам унга тўлаб туришга рози эдим! Мана шунақа!

Салим жилмаярди. «Демак, кўнглингдан чиқариб қанча берсанг, бу ўзингни ишинг, лангарни эса эртагаёқ ҳозир қиламан, шуни яхши билиб қўйсанг, бас».

Қисқаси, эртасига кемага лангарни судраб келдиму тўппа-тўғри конторага йўналдим. Ўша вақтларда, азизим, лангар қуш сутидан ҳам қимматроқ эди. Мана шундай қилиб, мен Қудратли Салимнинг лангари туфайлигина капитанликка эришдим. Мана шунақа ғаройиб замонлар эди-да! Лангар кемага занжир билан маҳкамлаб қўйилдими, демак, денгизга чиқиб хоҳлаган томонингга сузавер. Бундан келиб чиқадики, мана шу лангар бизнинг асосий боқимандамиз экан. Ишонгинг келмайди-ю, лекин факт! Xизр Салим топиб берган лангар. Xуллас калом, агар бирор-бир нарсангни йўқотиб тополмаётган бўлсанг, дарҳол Салимга мурожаат қил, у сенга ернинг тагидан бўлса ҳам топиб беради — бир сўз билан айтганда — сеҳргар! Салимни қаердан топаман, деб сўраяпсанми? Ҳамма синоат шунда-да. Аблаҳ хоҳлаган нарсангни топиб бериши мумкин, лекин сен уни қанча қидирмагин бари бир тополмайсан. Қачонки мушкул аҳволга тушиб қолсанг, матросларнинг қаҳвахонасига бориб ўзингга чой ёки қаҳва буюр — бир-икки хўплам ичиб улгурмасингданоқ аблаҳ худди сеҳргардек қаршингда ҳозиру нозир бўлади-да, худди бу кунингдан баттар бўл, дегандек, масхараомуз илжайиб башарангга қараб туради. Ён томонингдан келади-да, бошдан-оёқ қараб: «Топамиз, дейди, топамиз, ғам ема!»— ва яна бир қур кўздан кечиради. Менинг назаримда, худди шу дақиқада, у сени ноиложликдан бошингни тошга уришга тайёр бўлиб турганингда ёрдамга етиб келганидан ҳузурланади. Пулнинг кетидан қувмаган экан, демак, унинг севинчи ҳам ўзига хос ғайритабиий! Мушкул аҳволда қолган одамни топиб, кейин унинг ғам-андуҳ чоҳидан қутқариб, фалокатини аритишдек савоб иш қилиш ҳар кимнинг ҳам қўдидан келавермайди. У мана шунақа қаллоб! Ҳеч қачон чўнтагида ҳемириси бўлмайди, чунки на боққоллик дўкони, на омборхонаси, на пакгаузи бор. Ҳақиқий сеҳргар, фақат эртакдагидака эмас, балки оддийгина! Қаерда яшашини ҳеч ким билмайди. Лекин худо кўрсатмасин, қандайдир клапан ёки бошқа бирор эҳтиёт қисмни тополмай танг аҳволга тушиб қолишинг билан шу заҳоти рўпарангда Қудратли тиржайганча пайдо бўлди. Унинг шу мавқесида мағрурланиб, бурнинг кўтарилмай кўрсин-чи? Бундай Қудрат соҳибини қаердан топа оласан? У ҳамма нарсага осонлик билан эришадими? Масхара қилишга қилади-я, лекин уни сукут сақлашга мажбур қила олмайсан-ку.

Олтин Шох кўрфазида, қирғоқдан анча нарида, денгиз қаърига қарасанг, чуқурликда Қудратли Салимнинг сув ости омборини кўрасан. Денгиз қаърида кемаларга ҳаводан зарур бўлган барча эҳтиёт қисмлар, ҳар турли инвентар тўлиб ётибди. Қудратли Салим барча бу эҳтиёт қисмларни тўплаб, денгиз тубига йиғиб қўяди. Ёмонми? Қудратли Салим бу сувости омбори учун ижара ҳақи тўлаш мажбуриятидан озод. Унинг на адреси бор, на ижара ҳақи тўлайди, на бож солиғи бор, на қоровули, на рўйхати — мазкур омборнинг ҳеч қандай хат-ҳужжати йўқ. Ҳаммаси хўжайинга боғлиқ: хоҳласа, унга кўз-қулоқ бўлиб туради, хоҳламаса йўқ. Уни кундузи чироқ ёқиб тополмайсан, лекин мушкул аҳволга тушиб қолганингда бу омбор Қудратли Салимнинг қўл ишораси билан тўсатдан хизматингга ҳозир бўлади Қўяди. Xудди афсонага ўхшайди-а, тўғрими, Оганес афанди? Шунга қарамай, буларнинг бари ўроқдан ҳам тўғри гаплар. Ҳар ҳолда, мени сафсатабоз, деб ўйламассан?