OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗу Винтер
Асар номиБиринчи муҳаббат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Олмон адабиёти
Бўлимлар
   - Реализм
Муаллифлар
   - Зу Винтер
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЙўлдош Пардаев (Немис тилидан)
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 11-12-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Биринчи муҳаббат (ҳикоя)
Зу Винтер

Бу воқеа содир бўлган пайтда, қизча эндигина ўн ёшга тўлган эди. Ўша кезларда у мактаб ҳовлисида ва йўлакларда болалар орасида шодумон югуриб юрарди. Ёш болаларнинг шўхликларини бироз тартибга солиш учун ўқитувчилар юқори синф ўқув-чиларидан навбатчилар тайинлайдиган бўлишди. Юқори синф ўқувчилари эса бу ишга чинакамига киришиб, қаттиқ назорат ўрнатишди. Кичиклар назарида навбатчилар қандайдир самовий қудратга эга эдилар. Болалар икки қатор бўлиб синфларга кўтарилаётганларида, улар зинанинг икки томонида туриб кузатишар, танаффус пайтларида эса йўлка бўйлаб юришар ва синфларни текширишарди. Кимдир югуришдан ўзини тўхтата олмаса ёки бирор ножўя иш қилаётганда қўлга тушиб қолса борми, унинг ҳолига вой – танаффуснинг қолган қисмини эшик ёнида тик туриб ўтказишга мажбур бўларди. Бола бола-да, шумтакалар аксига олиб, янгидан-янги бебошликлар билан назоратдагиларни алдаб, бегуноҳларни жазога гирифтор қилишарди. Қизча шунақа шумликка дучор бўлди. У эшик ёнида турганида ўғил болалардан бири келиб орқасидан шашт билан итариб юборди. Қизча эшикдан отилиб чиқиб, тартибни назорат қилиб юрган юқори синф ўқувчиларидан бирига бориб урилди. Йигит унинг қўлидан маҳкам ушлаб, эшик ёнига олиб келди:
– Шўхлик қилганинг учун мана шу ерда турасан!

Қиз бошини кўтариб йигитга қаради. Бу ишни унинг ўзи атайлаб қилмаганлигини, ўғил болалар итариб юборишганини айтмоқчи бўлди-ю айтолмади. Томоғига бир нарса тиқилиб, кўзларидан маржон-маржон ёш юмалаб туша бошлади. Йиғисини тиёлмаётган бўлса-да, жазолаётган йигит аҳён-аҳёнда унга қараб қўяётганини пайқади.

Қизча эшик ёнида қотиб турар, кўзларидан ҳамон ёш оқарди. Ниҳоят, йигит унинг ёнига келиб, чўнтагидан дастрўмол олганча, қизнинг кўзларини артиб қўйди. Нега бунақа қилганини эҳтимол ўзи ҳам билмасди, балки шу тариқа қизга озгина ёрдам бермоқчи, кўнглини кўтармоқчи бўлгандир.

Қиз йигитга миннатдорчилик билан қараб қўйди, бир неча дақиқа уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Йигит қиз ўйлаганчалик енгилтак ва тошбағир эмас, унинг кўзларида чуқур маъно, олижаноблик ва меҳр бор эди. Кейинги дарсларнинг қандай ўтганини қиз пайқамади. Йигитнинг нигоҳи қизнинг кўз ўнгидан кетмас, мурғак қалбида аллақандай мавҳум, туманли, аммо ширин туйғулар уйғонган эди...

Дарё тугаб, уйга қайтаётганда қиз: «Балки у орқамдан қараб тургандир», деган ўйда бошини мағрур кўтариб кетди. Бироқ бу пайтда орқада йигитнинг қораси ҳам кўринмасди. Кечқурун уйқуга ётаётганда яна ўзининг эшик ёнида тургани, йигит келиб чўнтагидан дастрўмол чиқарганча кўзларини артиб қўйгани қизнинг хаёлидан кетмади.

Эртасига у мактабга ўқдек учиб борди. Эҳтимол бугун ҳам улар учрашиб қолишар. Қизча бу учрашувдан қувонар, бирозгина қўрқарди ҳам. Катта танаффус пайтида у бир неча болалар билан қувлашиб, атайлаб йигитнинг атрофидан айланиб чопди, аммо йигит унга эътибор бермади. У тўполончи ўғил болани огоҳлантириб турган эди. Синфда ўтирганида, қиз: «Кейинги танаффус пайтида ўғил болалар билан жанжаллашаман, кейин у келиб мени эшик ёнига турғизиб қўяди, шунда яхшилаб кўриб оламан», деб кўнглига тугиб қўйди. Қизнинг бу режаси ҳам амалга ошмади, чунки кейинги танаффусда йигит йўлакда кўринмади.

Эртасига қиз зинадан кўтарилаётганда улар тасодифан юзма-юз келиб қолишди. Йигит қизнинг кўзларига термулиб қаради, қизча ҳам унга тикилдию, уялиб кетдими, дарров кўзларини олиб қочди. Нигоҳларнинг шу бир лаҳзалик учрашуви қизнинг бир неча ҳафталар давомида ширин-ширин тушлар кўриши учун етарли эди. У йигитга рўбарў келган кезлари завқ-шавққа тўлиб кетар, кўришмаган пайтлари эса рутубатли куз кунларидек, зерикарли ва ғамгин ўтарди. Йигитни деб у бир марта тушлик овқатга кечикди, онасини анча куттириб, хавотирга солиб қўйди. Ўшанда юқори синф болалари мактаб ҳовлисида қўл тўпи ўйнаётган эдилар. Қиз жилдини деворга суяб қўйганича, йигитнинг қандай ўйнаётганини кузатиш учун томошабинлар орасидан жой олди. Ҳовли бурчагида жимгина ўтириб, унинг ҳар бир ҳаракатини зимдан кузата бошлади. Қизнинг шу ердалигини пайқаган йигит эса болаларнинг барчасидан яхшироқ ўйнарди. Баъзан у рақиб дарвозаси ёнида тўпни қўлига олиб баландга сакрар ва бир лаҳза ҳавода гўёки муаллақ туриб қоларди. Дарвозабон унинг ҳаракатларидан алданиб ўзини бир тарафга олар, йигит эса тўпни иккинчи тарафга секингина ташлаб қўяр ва томошабинларнинг қийқириқларига сазовор бўларди. Қизча ўзининг шу ердалиги йигитга қанот бағишлаётганини ғира-шира ҳис эца-да, бунга ўзини ишонтиролмасди. Йигит унинг назарида баланд бир чўққида, ўзи эса... Одатда, ўнинчи синф болалари ёш қизчаларни унчалик писанд қилишмайди-да...

Ўқув йили тугади. Йигит мактабни битириб кетди. Қиз ғамгин бир ҳолга тушиб қолган, шу билан ҳаммаси тамом бўлди, деб ўйлар эди.

Таътил кунлари тугаб, янги ўқув йили бошланди. Йигитнинг ўрнида энди кичкинтойларни бошқа бир бола назорат қилар, бу эса қизчанинг мурғак қалбига битмас-туганмас жароҳатлар соларди. Бироқ йилларнинг ўтиши, ҳар куни янги-янги воқеалар юз бериб туриши натижасида қизнинг кўз ўнгида йигитнинг сурати аввалига хиралашиб, сўнгра ўчиб кетди. Вақт ҳар қандай дардни даволайди, деганлари рост экан. Қизнинг ғамлари бироз босилгандай бўлди. Сурати кўз ўнгидан кетган бўлса-да, у йигитни бутунлай унутолмади. Йиллар ўтиб, бошқа бир йигит ундан илк бор бўса олганда ҳам, қиз буни биринчи муҳаббатим, деб атай олмади. Изҳор этилмаган биринчи муҳаббатини у юрагининг энг тўрида, энг махфий жойида, болалик дамларининг сеҳрли ва оҳанрабо эртаги сифатида авайлаб-асраб келарди...

Қиз турмушга чиқди. Фарзанд кўрди. Қизчаси икки ёшга тўлди. Сентябр ойининг ўрталари эди. Касбдошлари уни зиёфатга таклиф этишди. Кимдир институтни сиртдан тамомлаган экан. Барча бир ресторанга йиғилишди. Аёл қувноқлар даврасида гул-гул очилиб ўтирар, қозонилган муваффақият шарафига атрофдагилар билан қадаҳ уриштирар эди. Бир вақт қўшни стол атрофида ўтирган йигитлардан бири ўрнидан туриб, унинг ёнига келди ва рақсга таклиф этди. Қиз ялт этиб қаради-ю, қалбининг тўрида яшириниб ётган туйғулар юзага чиқиб, бутун вужудини ёндириб юборгандай бўлди. Қалтираб кетди. Не кўз билан кўрсинки, бу ўша – мурғак қалбнинг шаффоф эҳтирослари ила севиб қолган, кўз ўнгидан сурати ҳеч қачон кетмаган йигит эди!

Улар рақсга туша бошладилар. Бир-бирини қўлларидан тутиб айланишаркан, аёлнинг ўзига ҳам ҳозир кулгили бўлиб туюлаётган ўтмиш болалиги тўғрисида сўзлаб бериш истаги туғилди. Аммо у йигитнинг кўзларига тикилиб қарай олмади. Йигит эса уни оҳиста ўзига тортиб, юзини унинг жингала, қўнғир сочларига қўйганча, қулоғига шивирлади:

– Биласизми, эҳтимол сиз мени масхаралаб куларсиз, аммо бир вақтлар, мактабда ўқиб юрганимизда мен сизни жуда қаттиқ севиб қолган эдим.