OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфира Мисбах
Асар номиСўфитўрғай (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Зулфира Мисбах
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм103KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сўфитўрғай (қисса)
Зулфира Мисбах

Етти ёшимдан бу ёғини эслайман. Тўғрироғи, биринчи синфни тугатиб, таътилга чиққан қизалоқни кўз олдимга келтираман. Ўша йиллари катта ариқ тошиб оқарди. Болалар қий-чув билан тепаликдан сувга сакрашар, мириқиб чўмилишар эди. Уларни ҳавас билан кузатиб ўтирардим. Бир куни нима бўлдию, ариққа тушиб кетдим. Сув оқими шиддат билан мени гирдобида айлантира бошлади. Қандайдир ёвуз куч тубига тортар, бошқа бир илоҳий қудрат эса тепага, сув юзига чиқаришга интиларди. Ўлим ва ҳаёт ўртасида қолдим.Умрим бор экан! Ариқ бўйлаб бораётган тоғамнинг дўсти мени фалокатдан қутқарди. Кўтариб, уйимизга олиб бориб, бувимга топширди. Бир-икки ҳафта тўшакдан бош кўтармай ётдим, тунлари иситмалаб, алаҳсирар эдим. Уйқуга кецам, ўша гирдобга тушгандай йиғлаб уйғонардим. Тепамда бувим ўтириб, Аллоҳ, авлиёлардан мадад сўраб, менга дам солиб, даволарди.
– Қўрқувдан шу аҳволга тушдинг, – деди бувим. Кўз ўнгимда ялт этиб ўша ариқ, кимдир мени сувга итариб юборгани кўринди. – Ҳеч нимадан қўрқма, ўтда ёнмас, сувда чўкмас қиз бўлиб улғай, бошқалардан умидвор бўлмай, ўзинг гирдоблардан чиқишга ҳаракат қил!

Бувим ўзи шундай аёл эди. Қишнинг изғирин тунларида пўстин кийиб, елкасига милтиқ осиб катта омборни қўриқлаб юрган. «Болани эчки сути билан боқадилар», деб бувим эчки сотиб олганди, у жонивор ёз пайти, менга тирик ўйинчоқ – оппоқ улоқча туғиб берди. Биз ўйнаб терласак, эчки олдимизга келиб, ҳам боласининг, ҳам менинг юзимни ялаб қўярди. Бу орада қуёнларимиз ҳам кўпайиб кетди. Товуқларни-ку сира сўраманг, тинимсиз жўжа очаверар экан. Қўшниларимиз, чорвачилик илмий-тадқиқот институтининг ходимлари, рўзғорни юритиш юзасидан бувимдан маслаҳат сўраб турар эдилар. Бувим печкаларни таъмирлаб, уйларни оқлаб юрарди. Рус алифбосини ўргатиб, мени мактабга тайёрлаган, камтаргина кекса олима калишларни кийиб, бувим билан бозорга отланар, мен уларга ҳамроҳ бўлардим...

Ўша дардга чалиниб, юришга, ҳатто гапиришга ҳам мадорим қолмаганда, уйнинг бир бурчагида ётиб, хонадон ҳаётини бошқача, онгли равишда кўра бошладим...

Опа-Сингиллар

Масрура бувим катта оилани бошқариб келар, қўлида уч қизи, бир ўғли бор эди. Қизларининг «ёр-ёр» қўшиқлар айтиш даври эди.

Оқ Идел бўйида яёв юрасим кела,
Севасанми, севмисанми, шуни биласим кела.

Онам Мирзачўлда шундай ўлан айтиб юрган кезлари Мисбах деган қозонлик йигит уни севиб қолган. «Тошкентга олиб кецанг, сенга тегаман», дебди унга онам.

Кичкинагина тўйдан сўнг, ёшлар пойтахтга, бахт излаб келишган. Отам бир заводда, онам бошқасида ишлаб юрган. Мирзачўлга қайтишган пайтлар мен туғилганман. Кейин катта оиламиз Мирзачўлдан Тошкент вилоятининг чекка бир туманига кўчиб келган. Онам агрономлик мактаби қошидаги ошхонага ишга кирган. Бу орада у отам билан ажрашиб кетган эди. Нурия холам онамга кўмаклашиб юрган, унинг ўз қисмати, ўз ўлани бўлган:

Аллария, аллария, аллария қалъаси,
Балки ўзбекка тегарман,
Ўктам бўлар боласи...

Чиндан ҳам у хоразмлик йигит, Рўзматга тегиб ўғил туққан, отини Рустам қўйишган эди.

Кундузи бувимнинг ёнида юрардим. Роза исмли холам даладан қайтгач, мени чўмилтириб, бувим тикиб берган кўйлакни кийдириб, айлантиришга олиб борарди. Нурия холам ҳам меҳрини аямасди, мени ва ўғилчасини боғларда сайр қилдирарди.

Айтишларича, Аҳмадулла бувам бувимга бир куни бундай деган экан:

«Онаси, қизлардан меҳрингни аяма. Ҳали шундай ҳасрат-қайғулар бошларига тушадики, учаласи уч томонга қушдай учиб кетади. Сарваранинг ҳаёти даштда ўтади. Фотиманинг тақдири ҳаммасидан аянчли бўлади...»

Ҳойнаҳой бувамиз башоратчи бўлган экан... Xолаларимнинг қисмати худди шундай бўлди.

Бир куни кўзлари чақнаган, тим қора жингалак сочлари елкаларига ёйилган, париваш аёл – онам уйимизни қуёшдай ёритиб кириб келди. Бир қўлида боласи, иккинчисида катта тугун.
– Эсон-омонмисиз, ойижон, – деб бувим билан кўришди.

Мен уларнинг ёнига бордим.

Бувим бошимни силаб, онамга деди:
– Сени соғиниб, қизинг дардга чалинди.

Онам мени бағрига босди, йиғлади. Бувим эса маъюс жилмайди.
– Мана энди Рашид инингни боқасан.

Мен чақалоқни овунтириб юрсам ҳам, қулоғим динг эди. Бувим шивирлаган кўйи ҳасрат қилди.
– Эҳ, қизим, қизим, сенинг пешонангда ҳам қари эр бор экан. Мени мажбурлаб, чолга берган эдилар. Сен эса ўз ихтиёринг билан отанг қатори кишига эргашдинг, унинг пулига ишондинг. Лекин тўкинлик, фароғат ўрнига қанча хўрлик кўрдинг, бола туғиб қолдинг.

Балки сиз: «Ёш бола олдида бундай сўзларни айтиш, қизалоқнинг кўзини очиш, одобданми?» деб ажабланарсиз. Лекин бизнинг оиламизда бу табиий ҳол эди. Ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гапириб, муаммолар бирга ҳал қилинарди.

...Хонага сукунат чўкди. Охири онам ўрнидан турди:
– Идиш-товоқларни йиғиб келдим, рўзғорда керак бўлар.
– Отхонага биллур қадаҳлару хитой чинниси мос келмайди. Қўшниларга кўрсат, керак бўлса, олишсин.

Онам эса бошқа, тўқ рангли кўйлагини кийиб, сумкасидан карталарни олиб, тугуни билан чиқиб кетди. Париваш ўрнига лўливаш сўзини ишлацам бўларкан, чунки онам картасиз яшай олмасди. Эрта туриб ўзига ром очарди. Кейин ҳамма нарсани унутиб, хаёл суриб ўтирарди, ора-чора йиғлаб ҳам оларди... Бир неча марта мени бағрига босиб: «Қизим, сен мени яхши кўрасанми? Сендан бошқа мени ҳеч ким севмайди», деб мени ҳам йиғлатгач, бувим онамнинг қўлидан мени зўрға тортиб олган. Кунлардан бир кун онам бувимнинг қулоғига неларнидир пичирлади.

»Боланинг розилигини ол!» – деди бувим.

Онам мени тиззасига ўтқазди: «Қизим, менинг бахтли бўлишимни истайсан-а? Мен эрга тегдим, сен ҳозирча бувинг билан қоласан, кейинроқ сени ҳам олиб кетаман». У кетди. Аммо тез орада яна қайтиб келди...

Ҳеч унинг меҳрига тўймадим, айтган сўзлари, қилган ишлари менга ғалати туюларди. Болалигимдан то ҳозирги кунимга қадар онам мен учун жумбоқ бўлиб қолаверди...

Бувим дастурхонни ёзди. Ярим соат ўтар-ўтмас онам қайтиб кирди.
– Буюмларинг қани?
– Талаш бўлиб кетди, – деди онам.

Бувим қўл силтади:
– Оқар сувда оқиб кецин суймаган ёр моллари...
– Ҳар бир вазиятга сўз топасиз, – деди онам бувимнинг елкасига бошини қўйиб.
– Ҳеч тушкунликка тушма. Мен уруш йилларида беш бола билан қолиб кетиб, ўлмадим-ку! Бу иккаласи қорачиқларинг, сен иродали аёлсан, уларни оёққа турғизарсан, ахир? Отхонамиз катта, ҳаммамиз сиғамиз. Кейин янги уй соламиз, менинг номимга ер ажратдилар.
– Қурилишга қаердан пул топамиз? – деб сўради онам.
– Xудойим ўзи етказади.

Мен эса оқланган, ўзича безатилган катта хонамизга қараб сўрадим:
– Нега уйимизни отхона дедингиз?
– Э, қизалоғим, пайғамбарлар охурда туғилган, шунинг учун биздай одамларга отхонада яшаш ҳам шараф. Бундай бошпанага етиш учун неча йиллар шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юрдик, ҳозирги кунларимизга шукр.

«Аллоҳ суйган қулига, элтиб қўяр йўлига», – деб юрарди бувим. Бир-икки ҳафта ўтиб, қаердандир чўпон келиб, сал кўпайишиб келган эчкиларни машинага ортиб, олиб кетди ва бирданига қурилишни бошлашга пул топилди...

Кема

Бир куни шом пайти Роза холам дугонаси билан кинога бормоқчи бўлдилар. Мен ҳам эргашдим. Қизларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Укамни эмизиб ўтирган онам:
– Бувинг билан кемада кетмайсанми? – деб мени чалғитди.
– Қандай кема? – деб сўрадим.

Маккажўхори даласидан ўтиб борар эдик. Ниҳоят, совхознинг экинсиз қолган ерлари бошланди. Улар энди иморат қуриш учун бўлиб берилган эди.

Бирдан... ботаётган қуёшнинг нурларида жилоланиб турган, оппоқ елканларини ростлаган, сузиб кетишга шай бўлиб турган, чиройли бир кемани кўрдим. Даладан чопиб, йиқилиб, туриб, ўша томон шошилдим, чунки бувим ёлғиз ўзи кемада кетиб қолади, деб қўрқдим. Бувим бағрига босди, юз-кўзимдан чанг ва ёшни артди, туфлимни ечиб, пашшахона ичига киргизиб, каттагина шийпонга ўтқазди. Лекин хаёлпараст қизалоқнинг назарида, у энди кемага айланганди. Кечки овқатимни едириб, бувим сеҳрли овозда шивирлади:
– Ҳозир Оймомо булутлар асирлигидан қутулади ва кемамиз унинг билан бирга сузиб кетади.

Оймомо эса бекинмачоқ ўйнарди. Бир тўп булутлар орасига бекинар ва яна сеҳрли юзини кўрсатар эди. Xаёлим Оймомо ва булутларга эргашиб кетди. Бизнинг оппоқ кемамиз Ер билан бирга ойдин кечада сузиб борарди. Ариқларда сувнинг шилдираб оқиши, бақаларнинг қуриллаши, ҳашоратлар чириллаши – ҳаммаси бир чиройли тунги куйга, табиатнинг алласига айланган эди.

Ёз бўйи, иморатимиз битгунча, ҳар кеча бувим билан тунги сафарга кетар эдик. Эҳ-ҳе, қанча эртаклар, қўшиқлар, ривоятлар эшитганман, сон-саноқсиз саргузаштларни бошдан кечирганман. Саҳарда уйғонганимда, Чўлпон порлаб турарди. Юлдузга термулиб ўтириб, бирдан «кема"дан отилиб чиқиб, шабнамли дала бўйлаб ялангоёқ чопардим. Оёғим ерни сезмасди, осмон сари қушдай учар эдим...

Аслида биз ўшанда далага олиб келинган қурилиш ашёларини қўриқлар эдик. Бир куни Ноил тоғамнинг ўртоқлари ҳашарга келиб, бувимга ҳазил қилишди:

«Ҳозир негадир йигитлар ичкуёвликни афзал кўрадилар. Шуни ҳисобга олиб, биз сизга бир кулба қуриб бермоқчимиз, розимисиз?» Бир-икки машина ғишт, шағал-қум, тахталар келтириб, бир ой деганда, чиройли уйчани қуриб бердилар. Бувим уларни товуқ палов билан сийлаб, дуо қилиб турдилар.

Кейин кўп воқеалар бўлиб ўтди. Поччамиз Рўзмат ака оиласи билан ўз юртига кўчди. У ерда иккинчи ўғиллари – Фарҳод туғилди.

«Ёш оила, рўзғори ночор, болаларига қарамасам бўлмас», деб бувим Тўрткўлга йўл олди. Ноил тоғам кузда ҳарбийга, Қора денгиз флотига жўнаб кетди. Роза холам уйимиздан уч-тўрт чақирим наридаги санаторияга ишга қирди. Назар тоғам автобус ҳайдовчиси эди. Онамга ҳам автобус паркидан иш топиб берди. Онамга зарур келибдими, кечалари автобус ювиб юриш? Чақалоғини ҳафталик боғчага топширди, Рашидни фақат шанба куни уйга олиб келарди. Мени эса юз чақиримдан нари – Ангрендаги интернатга берди. Ўзи эса тунги сменадан қайтиб, ухлаб олиб, кечга томон, маликадай кийиниб-ясаниб, Роза холам ёки бирор дугонаси билан кинога, ёш-яланг тўпланадиган жойларга борарди. Xудди бола-чақаси йўқ, боши очиқ қиздай.

Менга – бувим ва Роза холам оқ ювиб, оқ тараган арзандага бегоналар орасида яшаш оғир бўлди. Ноилож, янги шароитга кўника бошладим.

Кунларни қайта-қайта санаб, зўрға иккинчи синфни тугатиб, ёзги таътилда уйга келдим. Шу орада бувим ҳам Тошкентга қайтди.
– Аълочи экансан, буни эшитиб хурсанд бўлдим, – деди менинг бошимни маъюс силаб.

Шу тарзда йиллар ўтди. Роза холам санаторияга дам олишга келган бир татар аёл билан дўстлашди. Ўша опа холамни укасига унаштирмоқчи бўлган.
– Вой, укангиз Ҳожар опамга тенг экан, – дебди холам.

Совчилар келишди. Онам Набиулла Аҳмеров деган кишига эрга тегди. Тоғамнинг дўстлари ҳақ бўлиб чиқди: ўша киши ичкуёв бўлиб, уйимизга келди. Ҳарқалай, онамнинг ўзи танлаган эркаклардан кўра, холам топгани тайинлироқ чиқди: бизга ота бўлиб қолди. Зилзиладан кейин, саккизинчи синфга ўтиб, ўзимнинг биринчи мактабимда ўқишни давом эттирдим. Оиламизга баракдан бир хона ажратдилар. Бирдан онам ётиб қолди.
– Нега мен бундай бахцизман? Ҳаётим фақат қайғу-изтиробда ўтадими? – деб бувимга ҳасрат қилди.
– Аллоҳ қандай касаллик берган бўлса, унинг шифосини ҳам беради. Сабр-бардошли бўл, – деб насиҳат қилди бувим.

Касалхонадан қайтгач онам кўп ухларди. Мен қўлимдан келган ишни қилиб, онамга қайнатма шўрвалар пишириб борардим. Дадам ҳам ишдан келиб, онамга қарашар эди. Катта печка ўша хонани иккига бўлиб турар эди. Мен каравотим олдига кичкина чироқни ёқиб, китоблар оламига шўнғиб кетардим. Бир куни онам эрта туриб, қўлимдаги «Телба», деган китобни кўриб:
– Болам, туни бўйи ухламадингми? – деб сўради.
– Китобни бир ўтиришда ўқиганга нима ецин, зўр таассурот қолдиради. Xаёлинг бўлинса, бошқача таъсир этади.
– «Телба»ни ўқиб, ўзинг ҳам телба бўлиб қолма тағин! Дюма, Балзак, Мопассанлар бор-ку! Ёшлигимда фақат француз романларини ўқиганман.
– Йўғ-е, ўша чучмал асарларга вақт сарфлаш зарилми? Ҳийла, хиёнат, алғов-далғовдан бошқа ҳеч нима йўқ уларда. Ахир мен руҳи баланд рус адабиёти билан улғайдим-ку.

Ўша кичик хонада тотув яшадик. Эрталаб туриб, онам тушларини айтиб берарди:
– Биласанми, тунда мен қандайдир бошқа оламларга чиқиб кетаман. Ҳайратли саргузаштларни бошдан кечираман. Уйғониб, эс-ҳушимни йиғиб олишга қийналаман.
– Мен ҳам ажойиб тушларни кинодай кўриб ётаман. Табиатнинг ранг-баранг манзараларини, уммон ва дарёларни. Қайси бир тушимга ҳарир кийимдаги одамлар кириб, менга сабоқ берадилар, ўқишни, расмлар чизишни, қўшиқ айтишни ўргатадилар.
– «Иркит ўрдакча» эртагидаги ўрдакдай, мен сенга қараб, ҳайратланиб тураман. Нима айтишни, нима қилишни билмайман, сен худди «Оққуш» бувингнинг тухумидан чиққандайсан.
– Қани эди шундай бўлганда... Бувимнинг фазилатлари менга ўца, бошим осмонга етарди. Кейин бувимга ўхшаб, мағрур қанот чиқариб, узоқ-узоқларга, Москвага ўқишга кетардим!

Мен кўнглимдагини айтдим. Онамнинг кайфияти ўзгарди. У мени бувимдан қандайдир қизғанарди.
– Мақсадларинг улуғ экан, туққан онангга эса бир оғиз ҳам айтмайсан, – деди онам аразлаб.
– Ахир оғир дардга чалиндингиз, хом хаёлларим билан бошингизни айлантириб ўтираманми?
– Тўғри, ўз-ўзимни ёмон кўраман, қисматимдан йиғлайман. Бошқа бир ажойиб олам мавжуд-ку! Нега мен бу зерикарли ҳаётни кечиришга мажбурман?
– Ҳали ҳаётимиз ўзгаради! – деб кайфиятларини кўтармоқчи бўлдим.

Айтганим дуруст чиқди, бир йилдан кейин оиламиз Чилонзорга, уч хонали квартирага кўчди. Бир хонани онам ва дадам эгалладилар, иккинчисига китобларим ва тугунларим билан мен кўчиб кирдим, укамга эса катта меҳмонхонада янги диван қўйилди. Биринчи қаватда яшар эдик, томорқага ҳам эга бўлдик. Эшик олдида эса мен яхши кўрган – олча дарахтлари! Ойим эрта туриб, ширин таомлар пишириб, эшигимни қоқиб:
– Графиня, нонуштага марҳамат, – деб таклиф этарди.

Укамга «барон», дадамга «герцог» унвонини берган эди мағрур «она қироличамиз». Онам соғайиб, кучга киргач, хонадонимизда ўшқириб, бақириб туришни ўзига маъқул кўрди. Янги уй шарафига берилган зиёфатда, онам ёрилди – ўз мақсадини баён этди, менга ва укамга қараб:
– Энди уй бекасиман, сизларни қўлга оламан, мен чизган чизиқдан чиқмайсиз. Болалар онасининг кўз қарашидан қўрқиши қерак, – деди жиддий.
– Ўзинг бир умр ўзбошимча яшаб юрдинг. Энди зўравонликка ўтмоқчимисан? Бундай хўрликка мен йўл қўймайман. Ўзим ўстирган қиз мактабни битиргунча ҳовлимизда туради, – дея бувим шарт қўйди.

Ўша кеча бувимнинг кулбасида узоқ вақт суҳбатлашдик.
– Қизимнинг хулқ-атвори отасига тортган. Буванг билан уришиб-жанжаллашиб яшаганимиз етмагандай, энди Ҳожар билан тортишиб юришга мажбурман. Қизим ёшлигида бирдан «гўзалларнинг гўзалига» айланиб, шайтонлаб қолганди. Манаман деб юрар, тантиқ, инжиқ, циркаси сув кўтармас эди. Кейин сени, Рашидни туғиб, қисматига тан бериб, ҳовуридан бир оз тушганди. Энди эрга тегиб, уйли-жойли бўлиб, яна тўнини тескари кийиб олди. Яхши кунларга етдим, деб Xудога ҳар куни шукрона айтиш ўрнига, бағритош аёлга айланиб бораётганига ҳайронман, – деб ич-ичидан куюниб гапирди бувим.

Мен ҳам ўз ҳасратимни айтдим:
– Ҳовлимизда уч «прокурор» кампир бор, улар онамни гапга солиб, ипидан игнасигача суриштириб, бутун сирларини билиб олдилар. Негадир, ҳеч кимга бўйсунмаган онам, уларнинг югурдаги бўлди-қолди!
– Бекорчиликдан ёмон нарса йўқ. Ўзи ишлаб юрган почтадан нега бўшаб кетди? Иши енгил эди, тузук аёллар билан дўстлашиб юрса бўлмасмиди?
– Дадамиз қизғанар экан. Уйда ўтир, икки ишда ишлаб, ўзим сени боқаман дебди...

Бир ойча бувимникида турдим, кейин ойим дадам билан келиб уйга олиб кетдилар.

Ноил тоғам иккинчи марта уйланди, хотини билан бувимнинг кулбасидан бошпана топдилар. Кейин заводдан уй беришди. Тоғам Леонид Комилжонов деган йигит билан дўстлашганди. Неча йиллар куёв танлаб ўтирган Роза холам бирдан ўша йигитга тегди-қўйди. Тақдир дегани шу бўлса керак! Гулдан гул туғилади деб, қизига Лилия исмини танлади.

Мактабни битирган йили бувим сўради:
– Xоразмга борасанми?

Биринчи бор самолётда учиб, Урганчга етдик, автобусда кечув жойигача бордик. Паромга машиналарни жойлаштирдилар, қиз-жувонлар гап сотиб, писта чақишар, эркаклар папирос тутатиб, ўзаро гурунглашиб турардилар. Кичик катер паромни тортиб кетаверди. «Кема»мизнинг учига чиқдим. Xира бир парда атрофни қоплаганди. Қуёш кўринмаса ҳам, кун нурафшон эди. Амударё ҳам осмоннинг тусини олиб, кумушдай товланарди. Дарёнинг қоқ ўртасида катернинг мотори тўхтаб қолди. Сокинликни, бепоёнликни, улуғ дарёнинг салобатини ич-ичимдан ҳис қилдим. Xаёлимда дарёни тепадан кўрдим. Унинг марварид ўзани уфқ билан туташганди. Улуғ дарёларгина саҳрони кесиб ўтишга қодир бўлади...

Сўфитўрғай

Амударё қирғоғидан Гулдурсунга боргунимизча, қадрдон саҳро билан кўришганим сабаб, йўл бўйи ўпкамни босолмадим. Ахир бувим бекорга «тўрғай» лақабини бермаган – мен дашт қизиман. Бу ёруғ оламнинг биринчи таассуротлари ўша-ўша дашту саҳро манзаралари эди. Саҳронинг ҳарорати, бепоёнлиги мени мафтун этди. Қани эди, машинанинг бор кучини ишга солиб, саҳрони кезиб, узоқ бир сафарга отлансанг!

Бу саҳрони ўз вақтида Рамазон бувам ҳам кезган. Бувам чавандоз бўлган, Чор армиясининг кавалерия полкида хизмат қилиб, фин урушида қатнашган. Умрбод ўша-ўша чавандоз, шашти баланд, қариб қуюлмаган, ачиб суюлмаганлар қаторида бўлиб қолаверган. Ёши қирқдан ошганда Масрура бувимга уйланган. Бувамни кўз олдимга келтиришим осон, чунки онам ўша кишининг ўзгинаси. Афтидан лўлиларга ўхшаган, қирғий бурун, қоп-қора жингалак сочли, олтмишдан ошганда ҳам сочига оқ тушмаган, кўзлари чақнаб турган, хулқ-атворида ҳам лўлилик бўлган экан, бир умр таваккал қилиб яшаган. Уйдан чиққанида тўрва ичига тупуриб, кечқурун уни тўлдириб олиб келган. Ветеринар бўлиб, ўзи яхши кўрган отларни, молларни даволаб юрган. Туғилган болаларининг умри узун бўлсин деб қон чиқарган. Уруш йиллари меҳнат армиясига сафарбар этилган. Боёвут совхозининг бўлимларида ишлаган ва у ердан қайтиб келмаган. Масрура бувимга бир неча маротоба: »Ўлсам, қўшмозорда кўмиламан», – деган экан, айтганини қилибди. Ўша пайтлар терлама касаллигидан ўлганларни қўшмозорда кўмишган экан.

Бу дунёнинг ҳикмати кўп. Бир куни йўлимда куйган дарахтни учратиб, роса ачиндим, яқинлашиб, унинг илдизидан ўсиб чиққан ниҳолни кўриб овундим. Уруш оловида умри ёниб, адо бўлган бувамнинг илдизидан етти-саккиз йил ўтар-ўтмасдан, айнан ўша заминда, Мирзачўлда, мен дунёга келдим...

Оддий туман касалхонасида, пастаккина бинода онам мени қийналиб туққан. Кўзи ёриб, ухлаб қолган, бирдан кимдир деразани очган. Қариндошларим келди, деб севиниб, ўша томонга юзланса... Бир чиройли, пешонасида юлдузи бор, оқ от онамга боқиб турганмиш. Балки, ўша бувам даволаган отларнинг авлодидандир. Балки: «Туғилган қулун қуллуқ бўлсин! Тошкентда сиз учун бошпана – отхона тайёр», демоқчи бўлгандир, ким билсин...

Орзу

Олий Адабиёт институтида таълим олиш орзуим эди. Аммо Москвага боришга менга рухсат бермадилар. Ҳар хил таҳририятларда ишлаб, журналистика факултетида ўқидим, лекин кўнгилдагидай бўлмади. «Ёш гвардия» нашриётига ишга кирдим.

Нашриётимизда чиқадиган «Ёшлик» алманахида биринчи ҳикоям чоп этилди.
– Мен қўлимда кўтариб юрган жияним ёзувчи бўлибди-ку! – дея хурсанд хитоб қилди Ноил тоғам уйимизга келиб.

Тоғам мендан ўн бир ёш катта эди. Бир-биридан ўжар, иродали опалари қўлида ўсиб, ниҳоятда ювош, камтар, жуда самимий, кўнгли очиқ йигит бўлиб ўсганди. Гармон, гитарани чалиб, қўшиқлар айтиб, давраларга файз киритарди. Кўп кишилар билан дўст тутинган эди, шу сабаб, биродарлари бувимни «она», деб улуғлардилар, ҳаттоки кулба ҳам қуриб бердилар. Бир дўсти эса мени чўкишдан қутқарди.

Алманахдаги ўша ҳикоямга «Қушлар» деган ном бериб, ажралишган эру-хотин ўртасида қийналиб кетган йигитча ҳақида ёзган эдим. Ноил тоғам жуда болажон эди, заводда тунги сменада ишлаб, кундузи ўзи ўғлини боқиб ўстирганди. Ювош эрининг қадрини билмаган хотин, ажрашамиз деб туриб олганди, лекин ҳақгўй ўғли Темур судда айтибди: »Мен отам билан қоламан». Ҳикоям ўша воқеага ўхшаганди, тоғам мени жонкуяри деб билди.

Нашриётда ишлаб юрган пайтларим Москвадаги «Молодая гвардия», Киевдаги «Молод» нашриётларига оригинал-макетларни элтардим. Бошқа ўлка, шаҳарларга хизмат сафарларига борардим.

Ўша вақтларда қўлёзмалар машинкада кўчирилиб, таҳририятга топшириларди. Шанба-якшанба уйда ўтириб туну-кун ишлардим. Онам хонамга кириб:
– Xоҳласанг, фол очиб бераман, – деб мени аврамоқчи бўларди.
– Керак эмас, пешонамда нима ёзилган бўлса, шуни кўраман. Бўлажак воқеалар эса тушимда аён бўлади.
– Сенинг ҳаётинг жуда зерикарли ўтаяпти, – деб онам гўё ачинарди. – Ахир ёшлик умрда бир марта келади! Менинг ёшлигим гуркираган боғларни эслатарди. Мен олов қиз эдим, йигитларнинг бошларини айлантириб, бир-бири билан уриштирардим, ўзим эса томоша қилиб турардим.
– Нега?
– Қасдимни олардим, ўн беш-ўн олти ёшимда сендай нозиккина, ориққина бўлганимда, ҳеч ким назар-писанд қилмасди. Кейин тўлишиб, гўзал қиз бўлиб саҳнага чиққанимда, ошиқлар кўпайди. Дугоналаримнинг йигитлари мени қуршаб олардилар. Бир айтган сўзим улар учун қонун эди. Лекин мен ҳеч кимни севмадим, жонимга тегсалар, жавобини берардим. Қайси бири бошини ичкиликка солди, қайси бири ўзини отмоқчи бўлди.
– Демак, ўша йиллари шайтонлаб қолгансиз, – дедим ич-ичимдан оғриниб. – Мақсадингиз – уларни издан чиқариш эдими? Биронтасини тўғри йўлга солдингизми ўзи?
– Дадангни одам қаторига киритган ким?!
– У киши ўзини-ўзи одам қилган. Болалигидан етим қолиб, поччалари бир сават папирос бериб, бозорга жўнатганлар. Эрталаб шуни сотишга улгуриб, мактабга чопган, темир йўл техникумини битириб, машинист бўлиб, фронтга қурол элтган, у ердан Тошкент госпиталларига ярадор аскарларни олиб келган. Кейинчалик Олтинтопганда кончи бўлиб ишлаган.
– Ким буни сенга айтиб берди?
– Энди турмуш қурган кунларингиз, сиз Роза холам билан киноларга борганингизда, бувим товуқ палов пишириб, мени, укамни, дадамизни меҳмонга чақирарди. Ўшанда дадамиз бошидан кечирганларини айтиб берганди. Бувим тинглаб: «Ўғлим, етим экансан, кўп азоб чекибсан, энди мана бу икки болага ота бўла қол. Етимларнинг бошини силашдан савобли иш дунёда йўқ», – деганди. Бувим дадамни ҳам ҳайдаб юборасиз, деб қўрқарди.
– Бир-икки марта уйга ичиб келганида, чамадонни қўлига тутқаздим. Ювошдан йўғон чиқди деганлари рост экан. «Менинг борадиган жойим йўқ, тунда келиб дарвозага ўз-ўзимни осаман ва осонгина бу дунё ташвишларидан қутуламан, – деб ғўлдиради.
– Демак, сиз билан умидини боғлаган, – дедим-у, лекин эшитганимдан юрагим музлади.
– Умидини эмас, менинг оёқ-қўлимни боғлаб қўйди. «Мен ўлсам, сен жавобгар бўласан», – дегандай бўлди.
– Бу сўзларнинг охири хайрли бўлсин! – деб қўя қолдим.

Мен ишламоқчи бўлиб, хонамга кирдим, лекин қўлим ишга бормади. Деразадан қоронғу осмонга қараб ётиб, алаҳсирабман... Бу квартира ўрнида... қўшмозор кўрдим... Қўрқиб уйғонгандим, юрагимни ваҳима босди, олдиндан билдимки: биз бу уйда бахтли бўлмаймиз, бир-биримиздан айрилиб кетамиз...
– Охири хайрли бўлсин, – деб, яна уйқуга кетдим.

Укам ақлли, зеҳни ўткир бола бўлса ҳам, ўқишни ёқтирмасди. Унга деса тўп тепиб, футбол ўйнаса! "Пахтакор» ёшлар жамоасига ҳам олмоқчи эдилар, бир-икки йил бошқа юртларга сафарларга кетиб-келиб юрди. Кейин бирдан спортдан ҳам кўнгли қолди, ёмон дўстлар орттириб, йўлдан оза бошлади. Онам уни жуда кескин вазиятлардан қутқариб олди, зўрға саккизинчи синфни битириб, қайсидир ҳунар ўқув юртида ўқиб юрди. Армияга жўнаб кетди, у ерда ҳам ёмон ном чиқарганди. Кейин уйга қайтиб, ҳайдовчи бўламан деди, дадам пул бериб уни курсларда ўқитди. Вақт келиб, укам келинни яқиндан топиб, уйланаман, деб туриб олди.

Қудағайлар татарлардан машҳур бўлган чилонзорлик Усман муллани олиб келдилар.
– Отамга роса ўхшар экан, худди ака-укадай! Яхшилаб қара ва эслаб қол! – ҳаяжонланиб гапирди менга бувим.

Никоҳ ўқилди. Кейин чой ичиб ўтирганда, бувим савол беришга журъат этди:
– Отам Аҳмадулла Ҳусниддин Оренбургда мулла бўлган, тенгдош экансиз, у киши билан учрашганмисиз?
– Йўқ, мен Уфа томонларда туғилиб ўсдим. Ўттизинчи йиллар уламоларни сургун қилдилар. Бахтим бор экан, ҳамма мусулмонларни бирлаштирган Қуръони каримни, араб тилини билганим сабаб, бу ўлкада яшаб, ҳеч хор бўлмадим. Дин – бу илоҳий куч. Татар халқи қалбан, ўз ихтиёри билан мусулмончиликни қабул қилган ва диннинг кенг ёйилишини кўзлаб, кўп миллатларни динга киритган. Ҳаттоки Қадимги Русия подшоси Владимир ҳузурига Булғор хонлигидан элчилар бориб, мусулмончиликни қабул қилишни таклиф этган. Владимир иккиланиб турган, лекин атрофдагиларнинг сўзи билан христиан эътиқодини қабул қилган...

Биз муллани кузатгани чиққанимизда, ҳайратландим, ёши тўқсондан ошган ота ҳалиям руҳан ва жисмонан тетик эди, фақат одамлар ҳасратидан, неча-неча тобутларни елкаларига кўтарганидан қадди анча букилибди. Панжалари созандаларникидай узун эди, суяклари еп-енгил бўлгани сабаб, менга фотиҳасини берганида елкаларимга қуш қўнгандай туюлди...

Айни ўша вақтдан аждодлар тақдири мени қизиқтира бошлади.

Укамнинг тўйи бўлиб ўтди, алоҳида хонамни уларга ажратиб бердим. Ўзим эса уйнинг ўртасида, тўрт хонага чиқиладиган меҳмонхонада қолиб кетдим. Келин ва қайнона жанжаллашиб юрди. Бир куни онам аламини мендан олмоқчи бўлиб:
– Сен ҳам бошимга бало бўлдинг! Қачон одам бўласан? Йиғиштир бу нарсаларни, – деб бошимга китоб билан туртди.

Индамасдан чамадонни, ҳужжатларни, керакли китоблар ва машинкани олиб, уйдан чиқиб кетдим. Бувим Тўрткўлда эди, Тамара Александровна деган бир ёлғиз, жонкуярим бўлиб қолган кампирнинг уйидан бошпана топдим.

Бир куни эшитиб қолдим: Ёзувчилар уюшмаси, ўша менинг орзуим бўлган, Олий Адабиёт институтида таржимонлар гуруҳини ўқитмоқчи экан. Ижодий танловдан ўтиб, имтиҳонларни топшириб, институтга кирдим. Москвага кетиш тараддудида юрганимда, онам йўлдан қайтармоқчи бўлди.

Ҳамкасбларим кузатиш маросимини ўтказдилар.
– Жамоамиздан сенга озгина ёрдам, – деб менга яхшигина маблағ бердилар.

Ҳамма дилидагини изҳор қилганда, катталар оқ фотиҳани берганда, онам хўмрайиб:
– Шунча пулни кўкка совурасан. Ўқишни эплай олмайсан! – деб, кўнглимга ваҳима солди.

Бахтимга бувим Тошкентда эди.
– Сен ўз орзуингни боладай ўн уч йил ўстирдинг, – деди у хўрсиниб, – энди муродга эришдим деганда, ўз-ўзингга хиёнат қилмоқчимисан? Онангни боқадиган эри, ўғли, келини бор. Сени дунёдан қизғанаяпти, тушуняпсанми? Уйда ўтириб, китоблар ўқиб адиба бўлолмайсан. Сен ҳаёт билан юзма-юз бўл, мусофирчилик заҳматларини ҳам торт.

Мен бувимни қучиб олдим.

Орадан уч кун ўтди. Кетар чоғим бувим қулоғимга шивирлади:
– Аллоҳ ҳаққи! Қозон Москвага яқин, бориб, отангни топ!

Дийдор Ғанимат

Ёлғиз ўзим Қозонга боришга чўчидим, дугонам билан йўлга чиқдик. Биринчи марта отам билан учрашолмадим, овулга кетиб қолган экан. Ўгай онам билан келишиб олиб, яна бир марта уларникига бордим. Вокзалда эру-хотин мени кутиб олдилар. Ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим.
– Мен аёл кўз ёшини кўтаролмайман... – деб пичирлади отам.

Ўша заҳоти ҳаяжоним, кўз ёшим, отамга аталган сўзларим дийдамда тош бўлиб қотди. Меҳмондан меҳмонга олиб юрдилар, зиёфатлар бердилар. Лекин бизга, ота-болага, гаплашиб олишга имкон бермадилар.

Ўгай онам, Омина опа шаҳарни айлантирганида, йўл бўйи заҳрини сочди. Ҳе йўқ, бе йўқ, отамни айблай кетди:
– Тошкентга бориб нима топди? Фақат бошига бало орттирди...
– Онамни севиб қолганди. Икки йил юриб, охири ниятига етди, уйланди. Биринчи кўз очиб кўрган қизга...
– Икки йилда ажрашдилар-ку. Уйланишнинг нима кераги бор эди?
– Мен дунёга келишим учун.

Отам мени кузатишга чиққанида, ўгай онам бир қариндошини «юк кўтаришга ёрдамлашади», деб айғоқчи қилиб юборди. Вагонга кириб жойимга ўтириб, тўйиб йиғлаб олдим. Йўлдошларим, дардимни билиб, ҳайрон қолдилар. Етти ёт бегона ўша заҳматкаш, кўнгли очиқ кишиларнинг раҳми келди.

Тошкентга келиб бувимга бўлган воқеаларни айтиб бердим.
– Денгизчиларимизнинг кемаси қумга кўмилибди-ку... – деди у афсусланиб.

Ўшанда билдим, отам бувимнинг юрагидан жой олган киши экан. Кўпинча отам ва Ноил тоғамнинг жонкуяри бўлиб, иккаласининг тақдирларини таққослаб юрар эди. Улар ҳарбий хизматда денгизчи бўлганлар, ўзга юртларда юриб, икки марта уйланиб, иккитадан бола орттириб, учинчи марта эса фарзанд кўрмаганлар. Учинчи хотини тоғамни ўғлидан айириб, охири ташлаб кетди. Омина опа эса мени отамдан узоқлаштиришга ҳаракат қилди ва ниятига эришди.

Бувим ҳам бу ҳақда хаёл суриб ўтирган эканлар, ҳаяжонланиб гапира кетди:
– Ўгай онами, отами, барибир ўгайлигини қилади-да. Отам Аҳмадулла мулла ҳаж сафарига кетиб ва ундан уч йил хабар бўлмагач, қариндошлари онамни – Гулбоғидани Зокир деган кишига мажбурлаб эрга берганлар. Xалқ ичида бекорга ривоятлар юрмайди. Мана мисол. Уч ака-ука қўлида қолган синглисига совчилар келади. Янгалари совчилар билан савдолашадилар. Бир янгаси тўн сўраса, бир янгаси от сўрар, бир телбароқ янгаси – бир солмалик ун сўраркан. Оиламиздаги савдо ҳам шу тарзда ўтди. Зокир чол тез орада Сарвара опамни чўлдан келган бой қозоққа бир қоп унга бериб юборди. Мени, ўн беш ёшга кирган қизни, ўзининг улфат дўсти Рамазонга эрга берди. Фотиманинг қисмати янаям ачинарли бўлди. Темир йўлларни таъмирлаб юрган бир кишига бериб юборди.
– Укаларингиз Абделғани ва Абделғазизларнинг тақдири қанақа бўлди?
– Улар ўгай ота билан бозорга чиққанда отамизни учратганлар. Ҳожи отамиз Зокир чолга жиддий гапирган: «Хотинимни олдинг, уйимга хўжайин бўлиб қолдинг, оиламни йўқ қилдинг. Бу икки чироғбонларимни сенга бермайман». Сўнг ўғилларини эргаштириб кетган... Онам отамиздан ранжиб айтарди: «Диндор киши экан, уйланиб, бола орттиришнинг нима кераги бор эди? Сўфий бўлиб, зиёратдан-зиёратга юраверсин эди! Неча йил яшаб, мен у кишининг дийдорига тўймадим!» Қаранг-а, тақдир тақозоси билан иккинчи эри билан доимо бирга бўлганлар, ҳаттоки нариги дунёга ҳам кетма-кет ўтиб кетганлар.

Ҳовлига Тўрткўлдан меҳмонлар келиб, суҳбатимиз бўлинди. Мен Чилонзорга қайтиб кетдим.
– Мен умримни сенга бағишладим, сен эса ўша номарднинг олдига бордингми? – деб ҳужумга ўтди онам, Қозонга борганимни эшитиб.
– Отамни номард деманг, у обрўли, яхши одам, умрбод сизни севган:

Онам баттар тутақиб кетди:
– Севса, муҳаббатга хиёнат қилмасди.
– Ўзингиз отамни уйдан ҳайдаб юборибсиз-ку!
– Қайтиб келади, деб ўйлагандим.
– Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ғурури бор! Нега мен билан учрашишга, ҳаттоки яқинлашишга рухсат бермадингиз?
– Сенинг кўнглинг бўлинмасин деб.
– Шу йўл билан отамни мендан узоқлаштирдингиз. Отам тириклигида мени етим қилдингиз. Урушда қатнашгани учун медаллари бор, самарали меҳнати учун ҳам мукофотланган. Сиз эса отамни ёмонлаб, кўзимни очирмадингиз. Энди ўз кўзим билан кўрдим – обрўли, туппа-тузук, уятчан, хаёлпараст киши...

Ёзув машинкамни, китобларимни олиб, тушкун кайфиятда бувимникига кетдим.
– Ўгайи талагани кам эди, ўз онанг ҳам азобладими? Икки ўжар бия уришганда ўртада қолган эрка тойга қийин бўлди, – деб эркалади бувим.

Тушлик пайти Нурия холам ҳовлига кириб келди.
– Мен сизларни роса соғиндим.

Ўзи билан олиб келган гўшт, гуручни ошхонага элтди.
– Нима пиширай? – деб сўради Роза холам.

Ҳаммамиз «палов», деб туриб олдик.
– Энди Ҳожар опамни қандай чақириб оламиз? – деб Нурия холамнинг боши қотди.
– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳозир келиб қоладилар! – деди Роза холам.

Гапи рост чиқди. Бир соат ўтар-ўтмас, онам ҳовлига кириб келди.
– Тўти қуш, қачон келдинг, хабар ҳам бермадинг, – деб меҳмонга ёлғондакам дўқ қилган бўлди.

Нурия холам тўқ рангли кўйлакларни, катта зарбоф рўмолларни яхши кўрар эди. Очиқкўнгил, истараси иссиқ, гавдали, ҳамманинг эътиборини тортадиган жувонлардан эди.
– Эшитдим, ҳовлингда прокурор бўлиб олибсан. Ўша жанжал, тортишувларга аралашиб юришдан бошқа ишинг йўқми? – деди онамга юзланиб.
– Менга хўжайинлик қилма! – деб бақирди онам.

Улар тағин бир оз айтишиб, бир оз аразлашиб туришди. Сўнг суҳбат яна ўз изига тушди.

Давр

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларини «туркий адабиёт даври», деб атасак ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов, Расул Ҳамзатов, Мустай Карим, Одил Ёқубовларнинг ижоди гуркираган эди. Уларнинг асарлари миллий ўзлиги, самимийлиги билан ажралиб турар эди. Мени бу ҳол жуда руҳлантирарди, ўз йўлимни топганимдан хурсанд эдим.

Ҳам ишладим, ҳам ўқидим. Ишимни йўқотмаслик учун ёзги таътилга қайтмайман, деб хат жўнатдим. Шу орада бир туш кўрдим.

Ойим мени – кичкина қизчани қўлимдан ушлаб бир кўприкка олиб чиқди, дарёнинг нариги қирғоғида эса онам қизалоққа эврилди, мен эса ўттиз яшар қиз бўлиб, онамни етаклаб кетавердим.

Ажаб, умрида бошқа шаҳарларга ёлғиз ўзи бормаган онам, икки ҳафта деганда Москвага етиб келди. Уни оломон ҳайбати босди. Кўчаларни айланишга чиққанимизда, қўлимдан маҳкам ушлаб олар, адашиб қолишдан чўчиган қизалоқдай мендан айрилмасди.

Ётоқхона одатларига эса тез кўникиб олдилар. Бир талабанинг чақалоғига уч-тўрт соат қараган экан, қиз миннатдорчилик билдириб: «Сиз гўзал аёлсиз», дебди.

Иккинчи кун ҳам кимдир онамга «гўзал инсон», дебди.
– Сизни мақтаб қўядилар, холос. Аслида, ётоқхонамизда чинакамига бир сулув аёл бор, – дедим.
– Ким экан? – деб қизиқсинди онам.

Эшикни очиб, йўлакни ювиб юрган Мария холани кўрсатдим.
– Мени алдама! Нимаси гўзал бу аёлнинг? – деб, аразлагандай бўлди онам.
– Ҳаёт сиз ўйлаган гўзаллик танлови эмас-ку ахир! Бу аёлнинг қалби гўзал. Ниҳоятда камтар, очиқкўнгил инсон, юзидан нур ёғилади. Биз уни хола десак, йигитлар, янаям яқин тутиб «она» дейишади.

Кейинчалик Мария хола билан дўстлашиб:
– Ростдан ҳам, меҳрибон, беғубор аёл экан, – дея онам ҳам тан олди.
– Мария холани учратиб, Роза синглингизни кўргандай бўлмадингизми? У ҳам тинимсиз ишлайди, шифохонанинг бўлмаларини ювиб, эшик олдини супуради, йўлакларнинг икки томонига гул экади. Ишхона атрофини ўз ҳовлисидай озода тутади.
– Фақат Роза холанг ишлайди, а? Менинг меҳнатим ҳисоб эмас!
– Ҳамма нарса ҳисобга киради. Лекин сизнинг фикрингизга кўра фақат сиз ҳақсиз, бошқалар ноҳақ, улар тер тўкиб ишлаётганини менсимайсиз.
– Нега энди мен қора ишга ботиб юришим керак? Бошимда эрим бор, боқсин!
– Йўқ, онагинам, айнан шу жойда адашяпсиз. Виждонли одам учун меҳнат – зарурият!

...Ярим йили қиш бўлган ўлкада фаррошлик эркаклар иши. Эрталаб соат беш-олтиларда йигитларимиз музни синдириб, қорни кураб, йўлакларни тозалашга киришар эди.

Ўша йиллари «Фаррош шоирлар» деган икки жилдли тўплам чиқиб, адабий ҳаётда бир воқеа бўлди. Чунки унда катта шаҳар шовқини ўз акс-садосини топган, кўчаларни тозалаб, оломоннинг оқимига қарши чиққан дарвеш шоирлар, ўша замон руҳини бера олган эдилар.

Йиллар ўтиб Адабиёт институти қошидаги икки йиллик Олий адабиёт курсларини тугатиб келган Вафо Файзуллоҳ ўша фаррош шоирларга жўр бўлгандай туюлади:

Хабар тарқат, юк кўтар, ишла,
Кўча супур, китоб орт, чопгин.
Оғиз очмай, қишларда кишна,
Йиғламоққа гавжум жой топгин...
... Бошингдаги қорларни кура...

Адабиёт институтини тугатган шоирамиз Ойгул Суюндиқова қорларга кўп шеърлар бағишлаган:

Шаҳар боғларида паришон сочли
Адашган дарвешдай айланади қор.

Бошқа сатрларни ҳам келтираман:

Қорли тунда ўрмон ҳайбати
Афсонага, сеҳрга тўлуғ.
Йўлларимда – рус табиати,
Муҳаббати, шиддати улуғ.

...Онам юртдошларни ошга чақирмоқчи бўлганида, мен огоҳлантирдим:
– Дўстларим ҳам ўз уйига сиғмай, юртларидан чиқиб кетган мусофирлар. Илтимос, ҳазил қилиб, ўйламасдан гапириб, уларни ранжитманг.
– Кимга нима дейишни ўзим ҳам биламан, ақл ўргатма, – деди онам.

Шу кундан бошлаб то кетгунча, онам бир қозон овқат пишириб, дўстларимни йиғиб, қўшиқлар айтиб, даврамизга файз киритди.

Сездирмай, билиб олмоқчи бўлди: йигитим борми, йўқми. Мен Ойгулнинг шеърини ўқиб бердим:

Шу қорлар ҳиссига қўшилиб оқди,
Ҳаётимнинг ҳар бир они, ташвиши.
Кимдир бу ҳаётга ёр каби боқди,
Кимларнингдир асло бўлмади иши...

Лекин севги синовидан ўтишга мажбур бўлдим.

Қозонга кетадиган куни бир тасодифий воқеа бўлиб ўтдики, унинг акс-садоси бир неча йил ҳаётимда сезилиб турди. Дугонамнинг танишлари уни йўқлаб келиб, хонамизда қизғин суҳбатлар қуриб ўтирдилар, қайси мақсад билан йўлга чиққанимизни эшитиб, йигитлар ҳаяжонландилар. Бириси рўпарамга ўтириб:
– Менинг онам қозонлик татар, исми Ҳаво Ҳасан қизи, – деди.
– Менинг фамилиям Ҳасанова, – дедим.
– Балки шунинг учун биз учрашгандирмиз? Қаранг, иккаламиз ҳам ижодкор одам, тенгдош ва бир миллатга мансуб, – деди-ю, қариндошларим ҳақида суриштириб кетди.

Йўлга чиқиш вақти ҳам етиб келди. Биз хайрлашиб турганда, йигит жиддий сўради:
– Совчиларни қаерга юборай, Қозонгами ёки Тошкентга?
– Қўйинг, қизнинг бошини айлантирманг, – деди дугонам.

Лекин йигит кўнглимга чўғ солишга улгурган эди. Қозонга етганимда юрагимда олов ёнарди. Бувим биринчи болаларига Мусо, Исо исмларини берган экан. Мен ҳам ўз-ўзимни руҳлантириб, Момо Ҳавонинг ўғлига тегаман, деган умидда юрдим.

Куёвдан дарак бўлмади. Дўстлари билан кўргазмаларда кўришиб турдик, уларнинг сўзига қараганда, йигит ўз йўлини излаш пайига тушибди. Бир эшитдим, ёг бўлиб кетганини, кейин яна қандайдир оқимларга қўшилгани, археологлар гуруҳи билан Кавказ томонга кетгани ҳақида ҳам хабар келди.

* * *

...Ўша беш йил ичида онам уч маротаба Москвага келиб кетди. Баҳслашиб, тортишиб яшадик. Иймон, виждон ҳақида гапириб, тунларни тўздирдик.

Бир куни ишдан келсам, онам кулимсираб:
– Биласанми, бир шоир қозоним ҳақида шеър ўқиб берди, – деди.
– Бир қозон ош берсангиз, достон ёзиб беради, – деб кесатиб қўйдим.
– Ўша йигит ҳаётим ҳақида ёзадиган бўлди, ошга таклиф этдим.

Бир пасдан сўнг жилмайиб меҳмон кириб келди. Гаплашмай, сўрашмай, қорнимизни тўйдириб олдик. Дастурхон йиғилгач, энсамни қотириб, йигит суҳбатга шайланди, ғазабим қайнаб:
– Бир ой деганда журналда сизнинг тарихингизни чиқараман, деб онамни алдамоқчимисиз? – дедим.
– Ойингиз эканини билмагандим. Руҳини кўтармоқчи бўлдим, холос, – деб йигит чиқиб кетди.

Онам хатога йўл қўйганини тушуниб, пушаймон бўлди. Ухлатадиган дорисини ичиб, девор томон бурилиб ётди. Мен эса кичкина чироқни ёқдим... ва дарвеш шоиранинг сеҳрли олами мени қамраб олди, йиғлаб, куюниб унинг оташин сатрларини ўқидим. Бирдан онамнинг овозини эшитдим:
– Нега йиғлаяпсан, болам?
– Шеърларни таржима қилиб ўтирибман!
– Кўз ёш тўкиш шартми?
– Ҳалол меҳнатда ё тер тўкасан, ё кўз ёш тўкасан...

Эрталаб шошиб ишга кетдим, кейин таржималарни топшириб, ойимга ширинликлар олиб, ётоқхонага қайцам, ойимнинг димоғи чоғ, ош пишириб юрибди. Овқатланиб бўлгач:
– Китоб ҳақида келишиб олайлик, – дедим.
– Ростдан ҳам ёзмоқчимисан? Ёшлигимда бўлган саргузаштларимни айтиб берсам, биласанми, қандай ажойиб китоб бўлади! – деб кайфияти кўтарилди.
– Бўлмаса ўзингиз ўтириб ёзинг!
– Бундай ишга сабр-тоқатим етмайди. Ўзинг ёзақол, – ёлворди онам.
– Лекин «йигитлар изимдан севиб-ўлиб, бир-бирини ўлдириб юрдилар", деган француз романларига мос воқеаларни эсламай, бор нарсани ёзаман. Ҳаётимиз бир умрга боғлиқ экан, бир китобда бувимнинг, сизнинг ва ўзимнинг тақдиримни ёритмоқчиман.

Онам оғир хўрсиниб:
– Демак, интернатга берганимни ҳам ёзасан!

Онамнинг дили оғриганини сездим ва бу масалага ҳам аниқлик киритишни хоҳладим:
– Ахир бу ҳаётимнинг муҳим воқеаларидан бири. Етти йил, онадан айрилиб, яшаш осон дейсизми? Шанба-якшанба кунлари ёлғиз қолганимда тарбиячимиз меҳмонга олиб кетарди. Уйи тўла китоб эди. Ўша болалигимдан ўқишни чин дилдан севиб, бугунги кунда китобларга кўмилиб, Москвада таълим олишга муяссар бўлдим... Агар сиз чизган чизиқлар бўйича тарбия кўрсам, ҳикоялар ўрнига шикоятлар ёзиб юрардим. Xудонинг раҳми келиб, мени асради.
– Демак, «прокурорлигим» ҳақида ҳам ёзасан?
– Ҳақиқат учун курашаман, деб фахрланиб юргандингиз-ку, нега энди пушаймонсиз?
– Майли, бор нарсани ёз, гуноҳкор бандаман. Юрагингга йўл тополмай қийналгандим, сен интернатдан уйга қайтиб келганингда...
– Қайтиб режаларингизни буздимми? Қизалоқни юз километр нари олиб кетиб, энди адашиб, кўчада қолиб кетади, деб ўйлагандингизми?
– Нега бундай дейсан?
– Чунки жанжал чиқариб, кун бермадингиз!
– Ўша прокурор кампирлар: қара, таъқиқланган китоблар бўлса, оиланг билан Сибирга кетасан, деб, ваҳима қилдилар. Сен сотиб олган китобларни, қўлёзмаларни бирма-бир кўрсатардим. Москвага ўқишга кирганингда, ваҳималари авжига чикди: эҳтиёт бўл, деб роса қўрқитдилар мени...
– Демак, ўн-ўн беш йил мобайнида, ўта хавфли маҳбусдай, онамнинг пинҳона назоратида бўлганман!
– Роса қўрқитдилар! Ахир, мен қора халқ, ўқимаганман, ишонавердим!
– Ялмоғизлар сўзига кириб, менга шунча азоб бердингиз! Ўқишни битириб борсам, яна асирликка тушарканман-да.
– Йўқ-йўқ, очиқ-ойдин гаплашдик, мен хатоларимни тан олдим, биз энди бошқача яшаймиз.

Ўшанда ҳайратланарли хулосага келдим, онам: «Ўқиб, бошимга бало орттирмайин тағин! Мен гўзалман, бой эрга тегиб, кун кўрарман», деб ўқимаган ва бирор ҳунар ёки касб ҳам эгалламаган экан.

Бир куни ишдан қайтиб келганимда, қўшни қиз хонасига чақириб:
– Ойинг менга фол очиб: «Қара, тўрт томонингдан тўрт қирол ўз севгиси, турмуш қуриш нияти билан...Мен эса бу дунёда чин муҳаббатдан маҳрум бўлдим», деб йиғлаб юборди. Бечора, ёлғиз яшаяптими?
– Йўқ, онамнинг эри бор. Лекин ёшлигида, уни ҳам кўп йигитлар яхши кўрган, изидан юрган. Балки онам шуни эслагандир.
– Бизнинг кекса аёллар нафақам етмайди, деб йиғласа, сенинг онаизоринг чин муҳаббат учун йиғлади... Ҳали кўнгли ёш экан-да!

Ўша кеча ҳам концерт бўлди. Қўшни қизга дил косасини ағдариб улгурган онамнинг кайфияти зўр эди, олдин халқ қўшиқларини айтиб, кейин Зуҳро арияси билан даврани завқлантирди.
– Ҳаваскор хонанда бўлиб юрганимда, мени вилоят театрига таклиф этганлар... – деди онам.
– Бордингизми? – деб қизиқди бир юртдошим.
– Йўқ, ёш, гўзал эдим, йигитлар изимдан қолмасди... – деди онам.

Меҳмонлар хайрлашиб, чиқиб кетдилар. Онамнинг димоғи чоғ эди, фурсатдан фойдаланиб:
– Рухсат берсангиз, мен Москвада оила қуриб яшасам? – дедим.

Бирдан онамнинг гўзал юзи хўмрайиб, қовоғидан қор ёғди.
– Эр-ер, деб ғашимга тегма. Турмуш қуриш фақат иродали, кучли аёлларнинг кўлидан келади. Сен эплай олмайсан!
– Ўқишни ҳам эплай олмайсан дегандингиз, эпладим-ку!
– Бу бошқа масала. Ёввойи жониворларга яқинлашганда, бир қўлингда тўппонча, иккинчисида қамчи тутиб борасан-ку, эркакларга ҳам худди шундай яқинлашиш шарт!
– Қани, ўша тўппонча билан қамчини кўрсатинг-чи! Шундай жасур аёл экансиз, нега кўчада қўлимни маҳкам ушлаб оласиз, мендан бир қадам нари юрмайсиз? Ўзингиз ҳамма нарсадан қўрқиб, мени ҳам қўрқитиб олиб, олдингизда бир умрга қолдирмоқчимисиз?
– Гапимга қулоқ сол. Сен ювош, камтар, уятчансан. Бунақа қизларнинг қадрига ҳеч ким етмайди. Ўжар, ўзларига бино қўйган, эркак кўзини ўйнатадиган, хаёлини авраб олган қизлар йигитларни ақлдан оздиради. Сенинг на уйинг, на мулкинг, ҳаттоки тақинчоқларинг ҳам йўқ. Камбағал қизга ким ҳам уйланади? Мен сенга ҳақиқатни айтаман – бахтли бўлишни хоҳласанг, ҳаётингни бутунлай ўзгартиришинг керак...
– Тавба...Умримда ҳеч ким мени бундай ерга урмаганди. Келиб-келиб туққан онамдан эшитиб ўтирибман.

Хона эшигини тақиллатиб, чақалоғини кўтариб, қўшни қиз кирди:
– Олдин қўшиқлар айтиб, боламни ухлатдингиз, энди эса жанжал чиқариб, уйғотдингиз, мана, меҳмонга келдик.

Мен кулиб юбордим.

* * *

...Ўқишим тугади. Уйга қайтдим. Бувижоним дипломимни силаб, жилмайди:
– Кўнглим ғаш бўлиб ўтиргандим, кайфиятимни кўтардинг, раҳмат.

Ишим юришиб кетди: Ёзувчилар уюшмасига, таржима бўлимига ишга олдилар. Кўпгина шоирларнинг шеърларини, ёзувчиларимизнинг ҳикояларини, ҳаттоки китобларини ҳам таржима қилдим.

Бир куни ишдан қайцам, бувим Шўро даврига мос «муаммоли» филмни томоша қилиб ўтирган экан, телевизорни ўчириб, бирдан тутоқиб кетди:
– Шуям муаммо, шуям фожиа эмиш. Фотима синглимни Чийили станциясига излаб борсам, кулбаларининг ўрнида бир уюм қум. Фотима эри билан қаерда кўмилган, кишилар унутибди... Бесас, беун, из қолдирмасдан дунёдан ўтиш – буни фожиа деса бўлади. Ёки тотув яшаб келган оиланинг парчаланиши, опа-сингил, ака-уканинг бир умрга айрилиб кетишини кўз олдингга келтир! Мана ҳақиқий мусибат.

Хушчақчақ қизнинг, даврим келди, деб юрган пайтида хаёли фожиаларни сиғдиролмасди. Шунинг учун:
– Кўз олдимга келтиролмайман! – деб ростини айтдим.
– Кўнгил кўзи билан кўрмасанг, оддий кўз – бутоқ тешиги, – деди бувим ғамгин термулиб.

Xоразм

...Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари. Очарчилик. Бувамиз Рамазон Гали Туркистонга иш қидириб кетган. Беш-олти маротаба танишлар орқали пул юборган, кейинчалик эридан хабар бўлмагач, Масрура бувим, учта ёш боласини ўлимдан асраш учун, она юртидан кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Оренбург кўчалари товлана кумуш каби,
Қаерда ғойиб бўлдинг, адашган оққуш каби.

Лекин бувимиз адашмаган. Тўғри фикрга келиб, оталари Аҳмадулла мулла қадамжо деб билган Туркистон ўлкаси билан умидини боғлаган. Поездда саҳрони кесиб, Xоразм воҳасига келиб тушган, бувамизни қидириб, Бухородан топган. Пастдарғом, Самарқанд, Мирзачўл, Тошкент – умр йўлидаги бекатлар, манзиллар бўлиб қолган.

...Бувимизнинг ёши саксондан ошганда, Буюк Ипак Йўлидаги мозорларга зиёратга бориб, руҳи поклардан, тупроғим шу ердан олинганми, деб сўраганлар. Ўзига қабристон топиб, жойини белгилаб, тинчгина у дунёга кетишга тайёргарлик кўрган. Ўша вақтда поччамиз Тошкентга келиб, онам ва Роза холамга маъракаларнинг бошида ўғил ёки куёв туришини уқтирган, ҳамма харажатларни ўз зиммасига олишини ҳам айтган, уларнинг розилигини олгач, бувимнинг олдига бориб:
– Ойижон, сиз куёвнинг уйига кўчмайсиз, ўғлингизнинг уйида яшайсиз! – деган. Бундай улуғ сўздан кимнинг кўнгли эримасди? Бувим Тўрткўлга кўчиб кетишга рози бўлганлар.

Тўрткўл атрофидаги қабристонларга зиёратга олиб боргандан кейин бувимиз ажойиб туш кўрибди. Тушида бир нуроний ота бувимга олма бериб: «Йиғлама, бўтам, мақбарам ёнида сенга ажратилган жой бор», дебди. Эртаси кун поччамиз Абдуллоҳ Норинжоний қабристонига бориб, бувимизнинг истагини айтиб, сағанага жой олиб қўйибди. Бувимиз хурсанд бўлиб: энди кўнглим жойига тушди, дебди.

Бир йили борганимда, бувимнинг кўзини оқ парда қоплаганини кўриб, ваҳимага тушдим. Айвонга чиқиб, додлаб йиғладим. Кейин ўпкамни босиб, уйга кирдим. Бувим ўтирган хонага ўтдим, қучоқлашиб кўришдик. Чой ичганда, бувим тошкентлик болаларини суриштирди. Аста-секин бувимнинг нотаниш қиёфасига кўника бошладим. Бир ҳайратланарли фикрга келдим. Кумушсимон, оқарган сочлари, ажинлари, оқ кўзлари ва оқиш дока рўмоли билан юнон афсоналаридаги она сиймосини эслатарди.

Охирги марта борганимда, хайрлаша туриб, бувим маъюсгина деди:
– Келадир булутлар, келадир, Қибладан эмас, Xивадан... Тупроғим шу ердан олинган экан, қабристонда менга аталган жой ҳам тайёр. Юрагим сезиб турибди, бу сўнгги учрашувимиз. Вақти келиб, жуда катта меросга эга бўласан. Мен сендан розиман, болам, бахтли бўл. Бувижоним ҳаж зиёратидан олиб келинган мис қутисидаги кичкина Қуръони каримни қўлимга берди.

Қалб Кўзи

Қалб кўзини кўргиликлар очади. Қирқ ёшимда пайим қирқилди – биринчи йўқотишим – бувижоним бўлди. Ўша йили Москвада ишлаб юрган эдим.

Ўн кунга Тошкентга келиб, бувимнинг қирқини ўтказдик, кейин яна Москвага қайтиб кетдим. Тушкун кайфиятда ўша бевафо ёримнинг уйига йўл олдим. Уни кўриб баттар кўнглим эзилди. Сочлари, соқоли ўсган, семиз бир қоринбой эшикни очди. Фақат кўзларидан танидим уни. Лекин кўз қараши оғир эди. Ўша йиллари Москвада, йўл чеккасида савдо шохобчалари пайдо бўлганди. Рўпарамда шундай дўконнинг эгаси турар эди. »Болам, иймонингни бутун сақла!»деган жонкуяри бўлмагани сабаб, Момо Ҳаво ва Одам Атонинг боласини яна шайтон йўлдан урганди. Ҳамма нарса: муҳаббат, ижод, маънавият – унут эди. «Ўз-ўзини топиш» мақсадида йўлга чиққан йигит, бор бойлигини йўқотганди...

Август охирида онам Москвага келди, Фёдоров клиникасида кўзини даволатдим. Кетар пайтида, онам жиддий оҳангда:
– Уйга қайт, менинг ҳам умрим охирлаб бораётир. Даданг билан мени кўмиб, кейин хоҳлаган жойда яшарсан, – деди.

Кузда Тошкентга қайтдим ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг таржима бўлимига ишга кирдим.

Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидайди, дегандай, кўргиликлар ёпирилиб кела бошлади. Икки йил ўтар-ўтмас ёз бошида дадам юрмай қолди. Дардлари уни илонлардай чирмаб олиб, роса азоб берди. Қирқ кун ажал ва ҳаёт унинг жони учун курашди. Биз онам билан қўлимиздан келган ёрдамни берардик: энг кучли қимматбаҳо дори-дармонларни топиб келардик. Бор пулимиз даволашга кетарди. Лекин дадам шифо топмади: оёғи қорайиб борди. Докторларнинг кесиб ташласак, балки касалнинг олдини олармиз, деган сўзларини эшитиб, дадам бир қарорга келиб бўлганди. Ҳар куни эрталаб, мен ишга кетаётганимда: «Хайр, қизим, мен сендан розиман», деб қўярди. Бир куни қўшнимиз ишхонамга сим қоқиб, тезда уйга келишимни айтди. Етиб борганимда, аёллар қўрққан болалардай бир жойда йиғилишган эди. Лекин ҳеч ким менга бир оғиз сўз айтмади. Эшикни очдим-у, қотиб қолдим. Дадам деворга осиғлиқ турар эди. Катта хонамизда онам йиғлаб, терговчиларнинг саволларига жавоб бериб ўтирарди. Кейин қўшнимиз чиқиб, мени квартирасига олиб кирди.
– Менга ҳимоячи керак, – дея онам укамни чақириб олди.

Лекин оиламизга қайтган йигит олдинги Рашид эмасди. Ўн уч йил турмуш қурган, ўн икки яшар боланинг отаси энди ҳар нарсада ўз оиласининг манфаатини кўзлаб турарди. Ўша алоҳида хонамдан мени чиқариб, ўзи жойлашиб олди ва хўжайинлик қила бошлади.

Бир куни кимдир эшикни тақиллатди. Бориб очсам, дадамнинг узоқ қариндоши экан. Эшикдан мўралаб қаради-ю, мени четга суриб, ойим ўтирган хонага кириб кетди.
– Ҳожар, гўзалим, олтиним... Илтимос, мендан бошқа ҳеч кимга эрга тегма...

Онам жонланди, ўрнидан турди ва андишали ўғил ва қизи, томошабинларга ўхшаб, икки эшик олдида қотиб қолганларини кўрди.
– Намунча шошиласиз? – деб ўзича меҳмонга норозилик билдирди ойим.
– Мен шошилтирмайман. Ўйлаб кўр, – деб меҳмон чиқиб кетди.

Мен ошхонада ивирсиб юрдим. Укам эса онам билан жиддий гаплашиб олди.
– Бирор қарорга келган бўлсангиз, бизга ҳам айтинг.
– Биласанми, ўғлим, ёлғизлик жонимга тегди...
– Демак, биз ҳаммамиз – опам, мен, невара, келин – ҳисобга кирмаймиз?
– Мен ундай демадим-ку... Ахир, бир умр бева бўлиб ўтиришим керакми? Мен бахтли бўлишни истайман…
– Ҳозир сиз бахцизмисиз? Мен оиламни қолдириб, хизматингизда юрганим, опам эрга тегмасдан, умрини сизга бағишлаб яшагани сиз учун бир пул экан-да? Биздан кўра, ўша бегона одам сизга афзалми?
– У мени севади!
– Намунча анойи бўлмасангиз... У қоринбойнинг овқатдан бошқа дарди йўқ. Уйига келганда олдин ошхонага киради, ейдиган нарса топмаса, ўғил, келинларни сўкиб кетади. Яқинлари «Отамиз бирор бир бевани топиб, уйдан чиқиб кеца эди, деб юришибди". Тилаклари амалга ошади, шекилли…
– Мен ҳали розилигимни бермадим-ку! Нега заҳрингни сочасан?
– Менга, олти яшар болага, эрингизни кўрсатиб: «Бу сенинг даданг» дедингиз. Мен ишондим. Дадам боқди-ўстирди, уйимизни мол-мулкка тўлдирди. Оламдан ўтгач, дарров хотинига, уйига хўжайин топилди. Билиб қўйинг, мен бу ерга қадам босмайман. Ҳозир менга ҳамдардлик билдирадилар. Янги даданг қуллуқ бўлсин, десалар, одамларнинг юзига қандай қарайман?

«Она қиролича» хобхонасига кириб кетди. Эрталаб чойга чиқиб:
– Уканг мени талаганда, нега ҳимоя қилмадинг? – деб жанжал чиқармоқчи эди, бахтимга укам ошхонага кириб келиб, салом берди.

Пешинга яқин куёвтўра келди.
– Мана, уч ой ҳам ўтиб кетди... – деди ва мақсадга ўтмоқчи бўлди. – Шариатда эса қирқ кун ўца...

«Она қиролича»мизга бирор қарорга келиш учун вақт керак эди, ўрнидан туриб дераза томон юрди, жаҳл устида пардаларни тортқилади, ботиб бораётган қуёшнинг нурлари хонани ёритди. Онамнинг руҳи тетикланиб:
– Сиз мулла эмассиз, шариатдан гапирманг. Бизнинг бувамиз муфтий бўлган. Қизларини шу руҳда тарбиялаганки, онамиз ўттиз беш ёшида бева бўлиб қолиб, бошқа эрга тегмаган... – деб жиддий гапирди.
– Энди у бошқа замонлар бўлган...
– Эримнинг танаси совумаган, ҳамдардлик билдириш ўрнига, совчиликка келибсиз. Мулла никоҳимизни икки дунёлик қилиб қўйган, шунинг учун келиб юрманг…
– Унақа деманг, хабарлашиб турайлик...
– Ўлганим ҳақида хабарни эшитарсиз... Ҳозир эса дам олишим керак. Майли, омон бўлинг, – деб, онам хонасига кириб кетди.

Бир неча кундан кейин ўша киши келганда, Рашид эшикни очди.
– Ҳожар синглимни бир кўриб кетай, – деб хонага кирмоқчи бўлди.
– Ахир, уйимиз кўргазма эмас-ку, – деб укам йўлини тўсиб, чиқариб юборди.

Ойимиз фақат дадамнинг жиянлари билан учрашарди, бошқа эркаклардан юз ўгириб ўтирарди.

Дадамнинг пўстини, қишки ботинкаларини кийганда, унинг жунжиккан вужудига жон киргандай бўларди. Ҳар куни мозорга борарди.
– Ўзингизни қийнаманг, сизнинг айбингиз йўқ, – деб тасалли бермоқчи бўлардим.
– Дадангни бир умр камситиб, ҳақорат қилиб юрдим. Қадрдоним, энг азиз дўстим эканлигини айтишни ўзимга эп кўрмадим. Аслида, у менинг тоғим эди. Дадангнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Менга ҳеч кимнинг кераги ҳам йўқ, – деб йиғларди онам.

Сўнг у қариндошларга бориб, кечиримлар сўраб юрди. Ноил тоғам оғир дардга чалинганди, поччамиз: «Денгизчини ўзимиз оёққа турғизамиз», деб касалхонадан қадрдон ҳовлига олиб келганди ва Роза холам билан биргаликда тоғамга қарадилар. Онам тез-тез бориб, хабар оларди. Бора-бора манманлик, кибр кўнглини тарк эта бошлади. «Она қироличамиз» вазминлик ва мағрурлигини йўқотмасдан, дунёнинг ишларидан этагини силтаб, тахтдан воз кечиб, ором курсида хаёл суриб ўтирарди. Юзи кундан кун ёриша борди...

Онам оғриниб бўлсаям янги йилда Москвага бориб келишимга рухсат бердилар. Укам оиласи билан онамнинг ёнида қолмоқчи бўлди.

Икки ҳафта қандай ўтганини ўзим ҳам билмай қолдим. Лекин онаизорим ўша қисқа муддат ичида кўп савоб ишлар килишга улгурибди. Эски ҳовлимизга деярли ҳар куни бориб турган. «Ўн кундан кейин келсанг, тайёр бўлади», деб айтганмиш. Онам қариндошлари билан хайрлашиб, розилигини айтиб, уларнинг розилигини олиб, уйга қайтиб кетган, лекин ўғли ва келинига бу ҳақда оғиз ҳам очмаган.

"Онамиз касалхонада!» Вокзалда эшитган биринчи хабарим бўлди.

Уйга бориб, ҳали юкларни олиб киришга улгурмагандик, келинимиз келиб:
– Онамизни табриклашга бордим. Кўриниши яхши эди, кўзлари чақнаб турарди. Мен: »Рашид вокзалга кетди, опамизни олиб келади», деганимда, менга узоқ тикилиб, қараб ётди, кейин кўзи ёшланди, ингради-ю, қўлимда жон берди, – деб йиғлаб юборди.

Мен эса қотиб қолдим, бир нарса хаёлимдан ўтди. Ёшлигида онамнинг ҳужжатлари йўқолган, паспорт олиш учун қоғозларни тўлдирганда, 15 январни туғилган куни деб, ёзган. Аслида, жон берадиган кунини белгилаган экан!

«Кўп ётиб қолмайин-да», – деб юрарди онам. Беш кунгина тўшакда ётибди...

Онамнинг ётганига ҳамма лол қотди. Уйқуга кетган гўзал маликанинг ўзгинаси эди! Ажал ҳам аягандай, юзида на изтироб, на дард, фақатгина мени кутиб ётган, соғинч ёшлари киприк остидан сизиб чиқибди...

Ўшанда бир ҳикматни англадим. Онам бу дунёга чин муҳаббатни истаб келган банда экан. Лекин фоний дунёда муҳаббат ҳам ўткинчидир… Онам шуни била туриб, ҳеч кимга дил изҳор ҳам қилмаган, ўша кўнглидаги ҳис-туйғуларни асраб юрган. Мана, кун келиб, ҳаммаларимиз билан хайрлашиб, оқ ҳарир матоларга ўранган, тахти равонга жойлашган Муҳиба... Ҳабиб сари йўл олганди...

Онамнинг қирқини ушатдик. Бир куни кўнглим ғаш бўлиб ҳовлимизга йўл олдим. Xолам бағрига босиб, йиғлади:
– Укамни уч кунга касалхонага, ўпкасидан сувни олишга ётқизгандим. Бугун уй иши билан қолиб кетдим, бирдан укамнинг:»Ро-о-за!» деб чақирганини эшитдим. Юрагим шув этиб кетди. Касалхонага борганимда, жон бериб бўлган экан...

Эртаси кун Ноил тоғамизни ҳам ўша қадрдон ҳовлидан чиқардик...

Бир йил ичида учта кафанни тикиб, ич-ичимдан куйиб-ёндим, ўшанда оқ мато менинг учун мотамридо бўлиб қолганди.

Бувим оиласини устундай елкаларида ушлаб турган экан. Беш-олти қадрдоним ўзлари туғилган асрда қолиб кетдилар. Xолаларим ва поччаларим учинчи минг йиллик довонини ошиб ўтишга муваффақ бўлдилар. Рўзмат ака саксон йиллигининг тараддудида юриб, бирдан жон берган, Нурия холамиз ҳам саксонга яқинлашиб, поччамиздан кейин ўтган...

Бувим айтган, жуда катта мерос менга қолди. Уч-тўрт йил давомида йиғлаб-сиқтаб юрдим. Бир куни журъат қилиб, ариза ёздим ва ишдан бўшадим. Ҳамкасбларимга бу ғалати туюлди. Учрашганда бошқа ишларга тавсия қилишди, мен таклифларни рад этиб:
– Таржимонлар кўп. Лекин қадрдонларим ҳақидаги хотираларни мендан бошқа ҳеч ким ёзолмайди, – дедим.

Тақдир тақозоси билан ўзим хотирага айландим...