OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфия Қуролбой қизи
Асар номиИкки манзил (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Зулфия Қуролбой қизи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм57KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Икки манзил (ҳикоя)
Зулфия Қуролбой қизи

– Ҳаммасини сен учун қилдим! Сени деб! Сен бўлсанг...

Юзи докадек оқарган, титраётган эркак бир соат бурун худди шундай деди қўрққанидан деворга суянганча оғир курсини ўзига қалқон қилиб кўтариб турган, зўриққанидан кўра ку-тилмаган вазиятдан қаттиқ ларзага тушган қизга...

Бу бир соат, атиги олтмиш дақиқа олдин айтилган гап. Бир соат, атиги олтмиш дақиқа олдин эркак титраган, қалтираган ҳолда қизнинг қаршисида турарди. Тиришган юзига жон бағишлаб тургувчи кўзлари айни дамда жуда қайғули эди...

Худди ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётгандек қаршисидаги қизга бутун вужуди нигоҳга айланиб, қаттиқ тикилиб қолганди.

Дарвоқе, шундан кейин ҳақиқатан ҳам унинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлмадими?

– Демак... демак... сиз шунинг учун... – ниҳоят тилга кирди қиз жуда ҳам заиф товушда.

– Ҳа! Энди яшириб ўтирмайман, – деди эркак қизга яқин келиб. – Бунга ҳожат ҳам қолмади. Ҳамма-ҳаммасини Сиз учун, ёлғиз Сиз учун қилдим. Биласиз, имкониятим кенглигини...

– Демак... – қиз бирдан маъюс тортиб қолди. Ҳатто бир оз бўшашганидан қўлларида маҳкам тутиб турган оғир курси тушиб кетаёзди.

– Э, намунча «демак, демак»лайсиз! – бақириб юборди эркак. Қиз чўчиб тушди. – Ҳа, ҳа, деяпман-ку, – дея андак қаҳр билан давом этди эркак. – Онангизга идора номидан совға қилинган уй ҳам, дала ҳовли-ю, акангизнинг университетга ўқишга кириши, ҳамма-ҳаммасини фақат, азбаройи сизни... сени севганимдан... – эркак жимиб қолди. Қарашлари мулойим тортди. – Сиз бўлсангиз... Сиз бўлсангиз умуман бефарқсиз, – деди у бирдан ўзгарган, юмшоқ ва майин овозда.

Қиз унга жавобан ҳеч нарса демади. Аммо... ёноқларига қизил югурди, кўзларига эса адоғи йўқ мунг чўкди. Унинг юрагини дард тимдалаб юборилгандай эди...

– Тўғри, биз унчалик ҳам... унчалик ҳам бадавлат эмасмиз... – деди қиз бир оздан кейин жуда ҳам довдираган, эсанкираган ҳолда. – Лекин ойим... бу ҳақда бошқача гапиргандилар.

– Нима деганди ойингиз? – эркак қиздан узоқлашиб, хонадаги бўш стуллардан бирига ўтирди. Афтидан у қизга аввалгидан ҳам ўн чандон ортиқ қизиқиб қолганди. – Xўш, ойингиз нима деганди ўшанда?

– Ойимнинг айтишича...

– Xўш?

– Ойимнинг айтишича, сиз катта одам экансиз. Қўлингиздан келмайдиган иш йўқ экан. Аниқроғи, қўлингизни қаерга узацангиз етаркан. Жуда оламшумул ишлар қилсангиз ҳам қурбингиз етаркан. Катта-катта идораларда зўр танишларингиз бор экан. Улар билан ҳар қандай чигал ишни ҳал қила оларкансиз. Кейин...

– Xўш? – бир оз кулимсираган ҳолда шундай деди эркак. Афтидан, у қаҳ-қаҳ уриб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди.

– Кейинми?.. Кейин... Каллангизга нима келса, шуни қиларкансиз. Ҳеч ким билан маслаҳатлашмас экансиз. Тўғри, сиз маслаҳат сўраган тақдирингизда ҳам ҳеч ким сизга маслаҳат беришга ботина олмайди. Ҳатто сиздан тепки еганлар ҳам оёғингизни ўпишга тайёрмишлар! Шунинг учун... умуман, қаерга боргингиз келса, бораркансиз, кечами-кундузми, сизга фарқи йўқ, қолаверса, сиз учун йўл ҳамиша очиқ. Кейин... – шу ерга келганда қиз ер остидан эркакка қараб қўйди. – Кейин истаган вақтда истаган одамингизга пул-мул бериб юборавераркансиз. Ҳатто илгаридан танимаган, билмаган одамларингизга ҳам... Бунинг ҳеч қандай ғалати жойи йўқ эмиш. Бадавлат, обрўли одам қандай иш қилмасин, ғалати туйилмасмиш. Шунинг учун биз унчалар ажабланмадик. Қолаверса, дедилар ойим яна, биз сизга жуда девор-дармиён бўлмаса-да, ҳарқалай, қўшни бўлган эканмиз янги уйга кўчиб ўтмасимиздан олдин. Шундай экан, одам хайр-саховатни энг аввал қўшнисидан бошлагани маъқул экан. Чунки у дунёда сўроқ қилинаётганда Xудо кимнинг қанақа одам бўлганлигини фақат ва фақат қўшнисидан сўраб оларкан. Фақат ва фақат қўшни рост сўзларкан...

– Шунақа денг... – деди эркак қиз гапим тугади, дегандай жим қолиб, бошини хам қилгандан кейин. У қизга бир муддат тикилиб турди, чеҳрасида кулимсираш пайдо бўлди, ажинлари ёзилди, кўз-лари қисилди, башараси ёйилиб кетгандай бўлди ва у бирдан бутун гавдаси силкиниб... аллақандай асабий тарзда қаҳ-қаҳа отди, узоқ кулди, кулгининг зўридан икки юзи лавлагидай қизариб кетди. Қиз эса ҳеч нарсага тушунмагандай таажжуб ичида унга қараб турарди. Бу ҳол эркакнинг эътиборидан четда қолмаган, лекин у бирибир кулишда давом этар, кулганда ҳам қизнинг кўзларига қараб, ундан нигоҳини узмаган ҳолда хо-холарди.

– Мен кетишим керак! – деди қиз бирдан дадил, лекин зардаси қайнаган ҳолда, аммо шунда ҳам қўлидаги курсини ерга қўймасдан.

– Қаёққа?! – дарҳол кулгини бас қилиб, гап оҳангини ўзгартирди эркак.

– Уйга!

Эркак ўрнидан туришга чоғланди, лекин бирдан фикридан қайтиб, стулга ястаниброқ жойлашаркан:

– Кета олсангиз... майли, рухсат, – деди бамайлихотир.

Қиз курсини ерга қўя солиб, эшик олдига югурди. Аммо эшик берк эди!

– Эшикни очинг! – деди у эркакка ғазаб билан. – Очинг эшикни, биламан, уни сиз қулфлаб қўйгансиз.

Эркак миқ этмади. Бармоқларини ўйнаганча қаршисидаги дераза ойнасига тикилди.

– Ҳой, ким бор?! Эшикни очинглар! – дея қичқирди йиғламсираган қиз. – Мени қамаб қўйишди, ёрдам беринглар! Ёрдам... – қиз нозик муштчалари билан эшикни муштлай бошлади.

Уч-тўрт дақиқа ўтди.

Қизнинг чорловига ҳеч қандай жавоб бўлмади. Шундан сўнг эркак ўрнидан туриб, қизга яқин келди.

– Мана, кўрдингизми, – деди у оҳиста. – Қанчалик бақирманг, эшикни муштламанг, барибир фойдаси йўқ. Бу ҳовлида анави дарахтлардаги қушлардан бошқа ҳеч қандай жонзот йўқ.

– Демак, мени алдаб олиб келган экансиз-да?

Эркак эшитмасликка олди.

– Қани меҳмонларингиз? Ахир мени хизматга чақиргандингиз-ку. Шу ердан ойимга қўнғироқ қилиб айтиб қўярман, деб келаверибман. Энди нима бўлади?

– Ана, ана, ақлингиз энди кира бошлади, – эркак бирдан жонсараклик билан қизнинг атрофида парвона бўлиб, уни ҳашаматли, нақшинкор оромкурсилардан бирига ўтқазмоқчи бўлиб елкасига қўлини қўйди. Аммо қиз эркакнинг қўлини силтаб ташлади, жойидан жилмади, эшик тутқичидан маҳкам ушлади. – Умуман олганда... – дея давом этди эркак қизнинг ҳаракатидан кўнгли оғригандай бўлиб, – ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб... яъни, демоқчиманки, сизнинг феъли-хў-йингизни назарда тутиб... айтадиган бўлсам, ойингиз ҳақ! Лекин мен ҳар қандай шароитда ҳам мавқеимни писанда қилмайман, деб ўзимга-ўзим сўз бергандим. Ваҳоланки, бу аҳволда сўзимнинг устидан чиқолмайманми, деб қўрқаман, – эркак қўлини яна қизнинг елкасига қўйди, қиз ўзини олиб қочишга уринди, лекин эркак куч билан уни ўзига тортиб юзига юзини яқин тутиб, қулоқларига пичирлай бошлади: – Xўп денг, илтимос, сизни дунёдаги энг бахтли аёл қиламан, сўз бераман, сўз...

– Йўқ! Йўқ! – қиз ўзини четга тортди. Аммо эркак уни қўйиб юбормади.

– Мана, кўрдингизми, – деди эркак кўзлари ёниб. – Агар истасам, ҳозироқ, шу ернинг ўзида сизни ўзимники қилиб олишим мумкин. Додингизни эшитадиган одам йўқ бу ерда. Албатта, мендан бошқа! Кейин дардингизни айтолмай юрасиз, гарчи бу зўравонлик бўлиб, сиз зўравонлик қурбони бўлсангиз-да, ҳеч кимга дамингизни чиқара олмайсиз. Чунки бу ишда биринчи навбатда ўзингизни айбдор қилишади. Қизбола деган нарса ёлғиз эркакнинг дачасида нима қилиб юрибди, дейишади одамлар. Ҳа, ҳа, шундай дейишлари турган гап. Мен бунга ишонаман. Лекин мен бундай ифлослик қилмайман, қилмоқчи ҳам эмасман. Xудога шукр, кўнгил розилиги билан зўравонликнинг фарқига етадиган одамман. Мана кўрдингизми, ҳамма-ҳаммасини очиқ гапирдим. Менга фақат сизнинг розилигингиз керак. Тўй қилиб уйланаман.

Эркак андак бўшашди. Бундан фойдаланган қиз унинг қучоғидан сирғалиб чиқди ва ўзини дераза томонга отди. Xаёлида: «Дераза олдига етиб олсам бас, деразани очаман-у ўзимни ташлайман,» деган ўй чарх урарди ҳалидан бери. Бироқ! Дераза берк, бунинг устига темир панжаралар билан қуршалган эди!

– Наҳотки, ҳаммаси пухта ўйлаб қилинганига фаҳмингиз етмаётган бўлса? – орқа томондан эркакнинг овози эшитилди.

Қиз шахд билан ўгирилди.

– Аблаҳ одам экансиз!

– О, яқин-ўртада бундай мақтов эшитмагандим. Буни яхшилаб ҳазм қилиш керак.

– Эшикни очинг! Мен кетишим керак!

– Таклифимга кўнасизми?

– Овора бўлманг!

Эркак бир зум тин олиб, сўнг деди:

– Ўйлаб жавоб қилинг. Сиз гўзалсиз, йўқ, соҳибжамолсиз, десам тўғрироқ бўлади. Аммо битта айбингиз бор, ҳали ғўрсиз, ёшсиз. Ҳамма-ҳаммаси сизнинг жавобингизга боғлиқ эканлигини ўйлаб кўрмаяпсиз.

– Бу билан нима демоқчисиз? – энсаси қотиб сўради қиз.

Эркакнинг титраб турган лаблари заҳарханда кулгидан ёйилиб кетди. «Ҳадемай ўзингга келиб қоласан, қизалоқ,» дегандай қаради у қизга. Сўнг:

– Ўйланг, каллани ишлатинг, кўпроқ ва кўпроқ ўйланг, мен манави ерда кутиб ўтираман, – деганча, боя ўзи ўтирган оромкурси томон юрди.

– Тушунмадим, – деди қиз эркакнинг сўзларига парво қилмай.

– Ёшлигингиз, бесабрлигингиз мана шундан ҳам маълум.

– Очиқ гапирсангиз-чи.

Қизнинг овозидаги юмшоқ оҳанг эркакка бошқача таъсир қилди. У нимагадир ҳаяжонлана бошлади. Бу худди қармоғига балиқ илинганини ҳис этган балиқчининг ҳаяжонига ўхшаб кетадиган бир туйғу эди.

– Биласизми, қалдирғочим... – дея эркалаб сўзлашга ўтди эркак, – ҳалигина, бунга жуда кўп вақт бўлгани йўқ, яъни можаро бошланмасидан сиз ойингизнинг бир нарсаларни гапирганини айтган эдингиз. Ва мен ҳам ўзимнинг нимадандир қўрқаётганимни айтгандим. Яъни, мавқеимни назарда тутиб. Xуллас, шу нарсани қанчалик четлаб ўтишга ҳаракат қилмайлик, барибир гап айланиб яна шунга тақалмоқдаки... – шу ерга келганда қизнинг юраги сиқилиб кетди, эркакнинг юзига олайиб қараб қўйди. – Қалдирғочим, – дея давом этди эркак, – менга бун-дай қараманг, шу қарашингиз адосиман... Xуллас, менинг ошна-оғайним кўп. Имконимдан ташқаридаги баъзи масалаларни шу оғайниларим орқали амалга ошираман. Синчковликни жудаям ошириб юбордингиз, деб таъна қилмасангиз (о, таъна қилсангиз ҳам майли, миннат қилсангиз ҳам майли, ҳаммаси бошим устига!) кичкина бир, дейлик, ангишвонанинг кўзидай бир сирни, яъни сизнинг оилангиз сирини ошкор эцам...

Қиз умри бино бўлиб бундай мижғов одамни учратмаган эди. Асабийлик билан гапирсанг-чи, дегандай, турган ерида депсинди. Эркак эса унинг шу ҳаракатидан ҳам завқланиб, еб юборгудай бўлиб тикилиб қолганди.

– Яқинда дадангиз ҳақида эшитиб қолдим... – эркак шундай дейиши билан қизнинг юзи шу қадар оқариб кетдики, бир зумда нақ қоғозга айланди-қолди. – Ҳой... Ҳой...

Эркак қизни ҳушидан кетаяпти, деб ўйлаб қўрқиб кетди, олдига югуриб бориб қўлидан тутди.

– Илон... – пичирлади қиз, – илон... Шундан ҳам хабардормисиз ҳали?..

– Атай суриштирганим йўқ, Xудо урсин, ўлай агар, тасодифан эшитиб қолдим. Қолаверса, тешик қулоқ эшитади-да.

– Пасткаш...

– Бу пасткашлик эмас, – деди эркак дили ранжиб. – Мен айтмоқчи эдимки, агар лозим топсангиз, агарки сиз шундай қарорга келсангиз ва менга шундай хизмат юкласангиз, мен бундан ниҳоятда тўлқинланган ҳолда бу топшириқни амалга оширсам. Бир ҳафта ичида дадангиз озодликка чиқади!

Қиз ялт этиб қаради.

– Қандай қилиб? – дея паст овозда сўради.

– Қани, аввал мана бу курсига ўтиринг-чи, – эркак уни белидан қучиб, курси томон бошларкан, кўз учида қизнинг нозик елкаларига, қоп-қора сочлари тўлғонаётган оппоқ бўйнига суқланиб тикилди. Кўзини қувнатган нақш олмани егиси келган одамдек ҳузур билан тамшанди. – Мана бунисига, бунисига ўтиринг, қулайроқ ўтириб олинг. Ҳа, ана шундай, – дея меҳрибонлик қилди эркак, ҳатто қизнинг этакларини тўғрилаб қўйди. Қиз ижирғанди, аммо индамади. – Демак, гап бундай, мен эртагаёқ, йўқ, сиз хоҳласангиз ҳозироқ, шу дақиқанинг ўзидаёқ, керакли одамларимга қўнғироқ қиламан. Улар дарҳол дадангизнинг иши билан шуғулланишади...

– Бу... мумкинми?.. – камоли ҳайрат билан сўради қиз.

– Э, бу дунёда битмайдиган муаммо йўқ, ўлимдан бошқа албатта.

– Ахир дадам одам ўлдирган, яна маст ҳолда... Дадам атай қилмаган, албатта, бу ишни. Бу тасодифан юз берган. Авваллари озгина кайфи бўлсаям рулга ўтирмасди ҳеч қачон...

– Буни фалокат дейдилар, қизалоқ. Фалокат. Фалокат оёқ остидан чиқади, деб шунга айтадилар-да.

– Лекин бирибир дадамни қамаб қўйишди, тағин энг оғир айблов билан... – қиз умидсиз ҳолда бошини чангаллади, афтидан у бошларига тушган кўргулик ҳақида жуда кўп ўйлаган, ўйлаб ўйининг охирига етолмаган, мана ҳозир, айни дақиқада дарди янгиланиб, ниҳоятда хафа бўлиб кетганидан ўзининг қаерда эканлигини ҳам унутганди.

– Сиз қайғурманг, сираям қайғурманг, бунга ҳожат йўқ, – деди эркак бирдан яна тўлқинланган ҳолда, у ҳозир ўзини афсоналардаги халоскор паҳлавондай, қизни эса... нозик-ниҳол, довюрак, аммо ёрдамга муҳтож соҳибжамолдай ҳис этаётганди; айни шу дақиқага довур қиз олдида кўнглини бир оз хижил қилиб турган нарса – азадорлиги, хотини оғир ва узоқ давом этган хасталикдан қийналиб ётиб, ниҳоят бу йилги кўкламнинг бошларида қаттиқ уйқуга кетиб, уйғонмасдан оламдан ўтган бўлса-да, бутунлай ёлғиз эмаслиги: на энагага, на пулу, на ота меҳрига муҳтож тўрт ўғли, келин-набиралари борлиги ва ниҳоят... энг аянчлиси – ўзининг ёши ўтиб қолганлиги ҳақидаги хижолатли ўйлар хаёлидан кўтарилган, бир неча фурсат бўлса-да, ўзини ўтда ёнмас, сувда чўкмас баҳодирдай ҳис қиларди... Йўқ, бу ерда фақат муҳаббат эмас... йўқ... фақат муҳаббатнинг ўзи эркак учун камлик қилади, у ўзини кимгадир кераклигини, ёнида бўлганида ўша одам ўзини бахтиёр ҳис қилишини истарди чоғи, ахир эркак ҳар қандай ёшда ҳам азбаройи бошқа одамни деб яшашга ўзида куч топишга қодир! Аммо.. буни манави қизга қандай тушунтирсин? Иккаласи юзма-юз, аммо икки манзилда туришган бўлса! – Ҳали айтдим-ку, бу дунёда битмайдиган иш йўқ, – деди эркак бир оз бояги шаштидан тушиб сўзини давом эттираркан. – Ҳатто дор остидан ҳам қутқариб қолишнинг иложи бор. “Ўн учдан уч олиб ташлансин”, дейилса кифоя. Фақат, боя айтганимдай, сиз... рози бўлсангиз бас...

– Қонун бузилади-ку... – пичирлади қиз.

– Қонун бузиш учун яратилади-да!

Эркак қизнинг елкасига қўлини қўйиб, секин силай бошлади. Силай туриб қалтисроқ ҳаракат қилиб юборди, шекилли, қиз сесканиб тушди, ҳатто беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Яна эшик олдига бориб, тутқичдан ушлаганча кучи борича силталаб очишга уринаркан, эркакка ёввойи бир назар ташлаб қўйди.

– Илтимос, менга бундай қараманг... – деди эркак паст овозда, у бирдан бояги шахдидан янада паст тушган, жуда-жуда маъюс тортиб қолганди.

– Очинг эшикни, мен кетишим керак! – қичқирди қиз ҳамон тутқични силталашдан тўхтамасдан.

– Эшик очилмайди, ҳеч қачон очилмайди, – деди эркак бир зум ўй суриб тургач вазминлик билан курсилардан бирига ўзини ташларкан.

– Қўрқмайсизми?.. – сўради қиз кутилмаганда тутқични силталашни бас қилиб, эшикка суянаркан.

– Нимадан? – бамайлихотирлик билан сўради эркак биринчи марта кўраётгандек бармоқларига синчковлик билан тикиларкан.

– Ахир мени уйдагилар қидириб қолишлари мумкин... Эҳ, нималар деяпман ўзи, мумкин эмиш... Соат бешгача уйга бормасам қидириб қолишлари, ҳатто милисага хабар беришлари турган гап. Бу аниқ. Унда ҳолингиз нима кечади?

– Мен билан эканлигингизни билса, ойингизнинг бахтиёрликдан боши осмонга етади. Мен буни аллақачон пайқаганман.

– Йўқ! Йўқ! – қиз чидолмасдан бақириб юборди. – Ойимни ҳақорат қилишингизга йўл қўймайман!

– Ўз онангиз эмас-ку, намунча?..

– У ёғи билан ишингиз бўлмасин!

– Биласизми нима, – деди эркак боягидай хотиржамлик билан, аммо кўзлари бошқача, жудаям бошқача боқаркан. Қизнинг назарида у шу туришида дақиқа сайин рангини ўзгартириб турадиган махлуққа ўхшаб кетди. – Аслида бу ҳақда гапирмасам бўларди. Бу ҳаддан ташқари одоб доирасидан чиқиб кетиш эканлигини билиб турибман. Лекин азбаройи сизни севганимдан, сизга яхшилигу эзгуликдан бошқа нарсани тилай олмаслигимдан, шу нарсага қўл уряпман... – эркак жим бўлиб қолди. Қиз жони ҳиқилдоғига тиқилгудай бўлиб унга қараб турарди. Ниҳоят: – Мана шундай иштибоҳлардан сўнг, – дея сўзини давом эттирди эркак, – сизга шуни маълум қиламанки, мен боя сизга таклиф қилган нарсани бундан бир мунча фурсат бурун онангиз менга шаъма қилгандай бўлувди.

– О, йўқ, йўқ! – дея шивирлади жуда ҳам даҳшатга тушган қиз ранги бўздай оқариб. – Бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас!..

– Нега энди? Бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ярамас одамзод хаёлига келган ҳар қандай аблаҳ фикрни амалга оширишни истаб қолади гоҳида, – эркак шундай деди-да, чўнтагидан жимитдай қайчисини олиб, тирноқларини қиртишлай бошлади. У анчайин сокин кўрингани билан, аслида ниманидир, ўзида йўғ-у, қизда мавжуд бир нарсани синдиришга қасд қилган ва бунга қисман эришдим, деб ўйлаганидан кўкси ёқимли ҳисларга тўлиб бораётган, лекин буни қизга сездирмаслик учун кутилмаганда, ўрни бўлмаса-да, тирноғини қиртишлашга тушиб кетганди.

– Сиз аблаҳсиз! – деб юборди қиз кутилмаганда.

– Аблаҳлик одамзоднинг қонида бор. Лекин ақлли одамлар буни сездирмайдилар, – жавоб қилди эркак сира ҳам жаҳли чиқмасдан.

– Ойимни... Онамни... шундай... ҳалиги бояги гапни шаъма қилганини қандай исботлайсиз?

Эркак кулимсиради, аммо дарров жавоб беришга шошилмади, аввал қайчини чўнтагига солди, ўрнидан турди, бир-бир босиб қизга яқин келди, шундан сўнггина гапирди:

– Ойингиз мендан тез-тез пул қарз олиб туради, шуни биласизми?

Қизнинг кўзлари чақчайиб кетди, лаблари дир-дир титради, аммо лом-мим дея олмади.

– Мен бир нарсага ҳайронман, – гапида давом этди эркак. – Йўқ, аниқроғи, тушуна олмаяпман сираям. Сиз менимча кўп ҳам ўйлаб кўрмасдан оёқ тираяпсиз. Шунақами? Акс ҳолда... Бу ҳақиқатга тик қарай билмаганингиздан бўлса керак. Ҳар ҳолда... уфф... яна шу сўз! Жин урсин шу сўзни! Ҳар ҳолда, ўзимни оқламоқчи эмасман-у, лекин бир оғиз айтиб ўтишим лозим, деб ўйлайман, ҳар ҳолда мен сизга нисбатан жудаям ноинсофлик қилганим йўқ. Мана, ихтиёрингизга қараб, қаршингизда бош эгиб турибман. Сиз андак ўйлаш, фикр юритиш ўрнига...

– Нимани ўйлашим керак?

– Ахир дадангиз қамоқда, ким билади, ҳозир не кўйларга тушган экан? Биласизми, у ерда одам ўлдирганларни не кўйга солишларини... Уйда онангиз, ўгай бўлса-да ва сизга нисбатан кўнгли у қадар тоза бўлмаса-да, сиз у кишини яхши кўрар экансиз, ҳурмат қиларкансиз, ҳатто ҳавасим келаяпти сизга: одамлардан нафратланмасдан яшаш қандай яхши, аммо барибир, нима бўлганда ҳам ҳақиқатга тик қарашимиз керак, чунки у ҳ а қ и қ а т! Ҳақиқат шундай нарсаки... ҳа, майли, бу ҳақда бошқа вақт... Xуллас, отангиз қамоқда, онангизнинг қўлида ҳеч қандай ҳужжати йўқ бирон жойга ишга кириш учун. Яқинда фолбинлик қилмоқчи бўлибди-ю, лекин эплолмабди, шундайми? Қўлдаги, юздаги чизиқлар ҳақида маълумот берувчи китобларни тополмабди-да бечора. Аксига олиб мендаям бундай китоб йўқ эди, лекин кейинчалик топиб беришим мумкин, бу дунёда топилмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, мабодо фолбинликни хобби қилиш ниятлари бўлса, чунки қариндош бўлиб қолсак, тирикчилик ташвишларидан қутилиб, бир умр иззат-икромда яшайдилар у киши, гарчи... Янглишмасам, ҳозирги фолбинларнинг кўпчилиги шунақа китобларни ёдлаб, сув қилиб ичиб юбориб, кейин кароматгўйлик қилаяпти, шекилли. Тўрт-беш сўм топиш илинжида-да, албатта, буни тушунаман. Шундай қилиб, онангизнинг бу борада ҳам омади келмади. Акангиз эса яқинда ўқишдан ҳайдалади шу кетиши бўлса. Ичкиликка берилиб кетганмишми, институтга кирар-кирмас? Меҳнациз эришилган нарсанинг қадри бўлмайди-да ўзи! – эркак шошилмасдан, оҳиста, ҳар бир сўзини чертиб-чертиб, мўлжалга аниқ тегадиган қилиб сўзлагани сайин қиз тобора кичрайиб бораётгандек, ўзини ожиз ва нотавон ҳис этар, юзига ночор бир ифода қалқиб чиқаётганди. – Ҳадемай, мана кўрасиз, мени айтди дерсиз, акангиз ичиб олиб, битта-яримтани пичоқлаб қўйишдан ҳам тап тортмайди. Уйда эса сиздан кейин яна олтита укангиз борми? Ҳа, олтита! Ё бештами? Йў-ўқ, олтита, ҳа, аниқ олтита. Уларнинг аҳволи не кечади? Келажаги нима бўлади? Етимхонага обориб ташлайсизми? Шусиз ҳам ҳозир етимхоналар тўлиб кетди. Ҳа, айтгандай, яна бир тахмин кўнглимни алағда қилиб турибди...

– Бас қилинг. Бўлди, гапирманг!.. – қиз юзини кафтлари билан тўсганча ўтириб қолди.

– Йўқ, энди гапимни охирига етказишга ижозат этадилар, – деди эркак қизнинг абгор ҳолига бир қур назар ташлаб, бирдан овозини ўзгартираркан. – Бу тахмин мана ҳозир, шу дақиқанинг ўзида хаёлимга келиб қолди. Xудо кўрсатмасин, ҳали-вери бундай бўлмайди-ку, лекин барибир, одам айтиб бўлмайди, мабодо менга бир гап бўлса, ўлимимдан кейин фарзандларим сизларга совға қилинган уйга даъво қилиб қолишса-чи?! Онангиз маҳалладаги эски уйларингизни аллақачон сотиб юборган, шундайми? Одам бунчалик шошқалоқ бўлмаслиги керак-да. Яъни, ҳа, майли...

Қизнинг юзтубан йиқилишига бир баҳя қолди. Эркак уни тутиб қолди ва даст кўтариб дераза олдидаги курсига ўтқазди-да, шоша-пиша деразанинг бир табақасини очиб юборди. Xонага тоза ва салқин ҳаво ёпирилди.

Қиз кўзларини очди.

– Одамни жуда қўрқитиб юбордингиз-ку, – деди эркак енгил тортиб. – Шунчалик ҳам нозикмисиз? Бир оғиз гапни кўтара олмасдан ҳушдан кетиб ўтирибсиз-а?

Қиз индамади, эркакка бефарқлик билан қараб қўйди.

– Қўлингиз музлаб қопти... – эркак қизнинг бармоқларини аввал кафтлари орасига олиб иситди, сўнг ботиниб-ботинмай, ҳайиққандай бўлиб, журъацизлик билан лабига босди.

Қиз уйқудан уйғонгандек чўчиб тушди. Ирғиб ўрнидан турди. Туришга турди-ю, аммо қаёққа юришини, нима қилишини билмасдан бир дам ҳайкалдек қотиб қолди.

– Азизам, ўзингизни бунчалик қийнаманг, – деди эркак жуда ҳам юраги куйиб кетаётгандек илтижоли оҳангда. – Юзингизга қараб, юрагим эзилиб кетаяпти. Мабодо сизни севмаганимда, чин юракдан севмай, сизсиз яшай олганимда, аллақачон сизни бу ердан чиқариб юборган бўлардим. Асло, бир дақиқа ҳам тутиб турмасдим. Лекин ҳозир иложим йўқ. Тушунинг ва менга бир нарса денг. Ҳатто, майли, ёлғондан бўлсаям, умидвор қилинг мени, кейин ҳеч қачон ваъдангизда турмасангиз ва ҳатто ваъда берганингизни тан олмасангиз ҳам майли. Xўпми? Xўп денг, илтимос...

Қиз бош чайқади.

– Ахир бахтингиз кулгани шу эмасми?

– Бахт!.. Йўқ, бу хўрлик...

– Э, Xудойим, Xудойим! – хона ичида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади эркак. – Бу не кўргулик, а? Келиб-келиб сиздай бағри тошга ишқим тушгани-чи! Агар сизнинг ўрнингизда бошқа қиз бўлганида, ҳатто у ўн тўрт яшар гўзал бўлсаям, ҳеч иккиланмасдан таклифимга рози бўларди!

– Ўша қизнинг олдига борақолинг...

– Э, Xудойим, қанақа қизсиз-а? Миянгиз фақат ўзингизга маъқул фикрлар билан тўлиб кетган! Умрим бино бўлиб, сизга ўхшаган қизга биринчи марта дуч келишим.

– Сиз ўйлайсизки...

– Мен ўйламайман, истаган нарсамга эришаман. Шу чоққача шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади!

– Катта кетманг...

– Мана ҳозир ҳам, ўзингиз айтинг, ҳақ гапни айтинг, ошиғим олчи турмаяптими? Ахир сиз ихтиёримдасиз, истаган ишимни қилишим мумкин, айниқса, боя ҳушдан кетиб қолганингизда! Оҳ-воҳингизни ким ҳам эшитарди? Беҳуш ҳолингизда оҳ-воҳ қила олмасдингиз ҳам. Лекин мен бу имкониятдан фойдаланмадим. Фойдалансам бўларди. Ҳозир мен эмас, сиз атрофимда пойи-патак бўлардингиз. Ҳа, ҳа, худди шундай, пойи-патак! Бироқ менга бундай бахтнинг кераги йўқ. Мен... биласизми... мен нимани истайман?.. Ҳалиги... бир гап бор-у... «Бағрингга япроқ каби тўкилдим...» деб айтишади-ку... ё куйлашадими, ишқилиб шу-да... – эркакнинг юзига қизил югуриб, уялиб кетгандай бирдан жим бўлиб қолди.

Қизнинг юзига ожиз, жуда ҳам кучсиз заҳарханда кулги югурди.

– Қўтир кўнгил... нималарни тусамайди...

Эркакнинг тепа сочи тикрайиб кетди. Қизга шундай ўқрайиб қарадики, ҳалига довур у ҳеч қачон қизга бундай нигоҳ ташламаган эди. Бундай нарсани ўйламаган ҳам эди. Лекин зум ўтиб унинг нигоҳлари яна юввош тортди.

Ниҳоят, хонада у ёқдан-бу ёққа юришни бас қилиб, қизнинг қаршисида тўхтади. Бир неча дақиқа унинг қонсиз, мурданикидек оппоқ юзига тикилиб қолди. Бошқа одам бўлганида қизнинг аҳволини кўра туриб, бу можарога чек қўйган, жилла қурса, бошқа куни давом эттирган бўларди, аммо эркак бундай қилишни хаёлига ҳам келтирмади.

– Паришонхотирлигим қурсин... бир нарсани сўрашни... яъни аниқлаштириб олишни унутибману... – эркак бир зум тин олди-да, кейин иккиланиброқ гапини давом эттирди: – Балки... кўнглингиз бошқа бировдадир? Яъни бирорта ёшроқ йигит бошингизни айлантириб...

– Ишингиз бўлмасин! – шу заҳотиёқ жавоб қайтарди қиз.

Эркак ғалати бўлиб кетди. Зум ўтмай юзи бўғриқиб, кўзларининг оқи қизара бошлади.

– Биласизми, ҳозирги йигитлар қанақа, – дея гапирди у аллақандай аламзада оҳангда. – Ҳозирги йигитлар... умуман, ҳозирги ёшлар муҳаббат нималигини билишмайди! Улар хат ёзишмайди! Орзиқиб жавоб хати кутишмайди! Почтачининг йўлига интизор бўлиб кўз тутишмайди! Шундоқ... интернетда танишиб, интернетда гаплашиб, яна интернет орқали ажралишиб кетаверишади!

Қизнинг юзига кинояли табассум югурди. Кейин:

– Катталар ҳамиша ёшлардан нолишган, – деди у кулимсираган ҳолда.

– Асос бордирки... нолишади, – деди эркак ёқтирмайроқ, бир лаҳза жимиб қолди, лекин кейин бирдан қони қайнаб кетгандай зарда билан гапини давом эттирди: – Биласизми, ҳозирги ёшлар, айниқса йигитлар жуда бачкана! Xомхаёл! Тарраллабедод қилиб юришдан бошқасига ярамайди!

– Жа унчаликмасдир... Билимдон...

– Билимдон ёшлар, – қизнинг гапини шарт кесди эркак, – кучини ва билимини қаерга сарфлашни билмай, ҳар хил назариялардан бошлари ғовлаб, кўчада саргардон юришибди! Баъзилари чет элга кетиб, бойиб қайтиш каби ҳавойи орзулар билан кўкрагига уриб юришибди. Улар учун муқаддас бўлган ақидалар қолмаган! Сизга ўхшаган қизалоқларни эса... меҳрибон оналари...

– Бас қилинг! – хун бўлиб қичқирди қиз. – Агар ҳозироқ мени бу ердан чиқариб юбормасангиз, нима бўлишидан қатъий назар, сизни судга бераман!

Эркакнинг бир туки ҳам қилт этмади. Қизнинг сўзларини эшитмагандек ён-верига аланглаб, икки қадам нарида турган курсига ўзини ташлади. Ҳолдан тойгандай чуқур сўлиш олди. Курси суянчиғига тирсакларини, кафтига иягини тираб, ўйга толди. Бир неча дақиқа шу зайлда ўтди. Шу бир неча сония ичида унинг кўз олдидан бутун ҳаёти кинолентадай лип-лип ўтди. Бу ленталарда унинг зафарларга тўла шавкатли ҳаёти акс этганди. Ўзининг ҳозирги аҳволи эса ни-ҳоятда забун ва машъум муваффақияцизликнинг муқаддимасидек туйилди. Бундай забунликни кўтариш тугул, ҳис этишнинг ўзиёқ эркак учун даҳшатли бир ҳол эди. Бунга у кўникмаган эди.

– Эшикни очасизми, йўқми?

Эркак қизга тирилган мурдага қарагандай ҳайрат ва таажжуб билан назар ташлади: Бу қачон юз берди?! Аммо яна миқ этмади. Қиз ростдан ҳам «тирилган» эди. У ўзини тутиб олган, эркакка фавқулодда қатъият билан тикилиб турарди.

Қиз қараб турди-турди-да, бирдан, кутилмаганда жуда ҳам маъюс ва шикаста овозда деди:

– Ҳамма бало шундаки, сизни севмайман. Шундай экан, бу можарони давом эттиришдан фойда йўқ. Шундайми?

Эркак қизнинг сўзларини тузук-қуруқ англамай туриб, аста бош ирғади.

Кейин секин, жуда ҳам паст овозда, шивирлагудай бўлиб деди:

– Наҳотки...севмасдан... яшашнинг иложи бўлмаса?..

– Илтимос, эшикни очинг.

– Эшик очилмайди, – деди эркак қизга эсдан оққандай ғалати нигоҳ ташларкан. – Аввал мени ўлдириб, кейин бу ердан чиқиб кетасиз!

Қиз ҳайратдан донг қотди. Аммо ўзини ўнглаб кинояли кулимсиради.

– Сизни-я? Қандай қилиб? Яъни, нима билан... Ахир қўлимда на қурол бор, на заҳар... Жилла қурса, ошпичоқ бўлгандаям... бир амалласам бўларди, – сўнгги жумла охирига етар-етмас қиз баралла, хандон отиб кулиб юборди.

Эркак жуда ғалати қилиб, худди ҳаваси келгандай бўлиб қизга қаради, у кулишдан тўхтагунча кутиб турди, сўнг оҳиста:

– У ер-бу ерни қараб кўринг, жилла қурса, ошпичоқ топилиб қолар, – деди нима учундир охирги жумлага урғу бериб.

– Ҳазиллашяпсизми? Устимдан кулмоқчимисиз?

– Нега энди? Қараб кўринг-чи, мабодо, ошпичоқ топилмаса, кейин кетаверасиз.

– Сўз берасиз-а?

– Ҳа.

«Бу бир ўйин, – деб ўйлади қиз. – Атай қиляпти!»

Қиз дарҳол ишга киришди. У аввал хонани кўздан кечирди. Xона кенг ва катта эди. Замонавий услубда таъмирланган, жиҳозлари ҳам алламбало. Шифтда осилиб турган қандилнинг ўзиёқ ҳар қандай аёлнинг ақлу ҳушини ўғирлайди. Аммо қиз бунга, бундай нарсаларга эътибор бермасликка уринди. «Нима бўпти... Оддий қандил... оддий диван... анави стол каттагина экан-у, лекин у ҳам оддий нарса-да!..»

Қиз у ер-бу ерларни кўрган, кўздан кечирган бўлди-да, эркакка қараб:

– Қидирдим, лекин ҳатто ошпичоқ ҳам тополмадим, – деди кулиб.

– Стол ғаладонини кўрмадингиз, – дея эслатди эркак.

– Ие, ҳа, тўғри, ғаладон эсимга келмабди.

Қиз шундай деди-да, жуда ҳам бепарволик билан стол ғаладонини тортди, тортди-ю шу заҳоти ҳайкал бўлиб қолди: ғаладонда яп-янги ошпичоқ ётарди!

– Нега ўйланиб қолдингиз? – эркак хотиржам кўринса-да, нима учундир ёноқ суяклари сезилар-сезилмас пир-пир учарди.

Қиз ҳадеганда ўзига келавермади. У ошпичоққа тикилиб қолган, эркак томонга қарай демасди.

– Қўрқяпсизми? – бутун вужуди нигоҳга айланиб сўради эркак.

Қиз илкис назар ташлади эркакка. Кулмоқчи бўлди, лекин эплолмади, лаблари жийрилди, холос.

– Қўрқяпсизми? – нима учундир яна шу сўзни такрорлади эркак. Кейин қизга янада қаттиқ тикилди, гўё ўзи тан олишни истамаган аллақандай номаълум нарсаларни аниқлаштириб олишга аҳд қилгандай.

– Йўқ, нимага энди... – дея ғудранди қиз. – Ўзингиз талаб қилганингиздан кейин... Ие, агар мен ростдан ҳам... шундай қилсам, кейин сизнинг ўлимингизда мени айбдор қилишади-ку! Эҳ-ҳа, гап бу ёқда денг! – аллақандай фитнани фаҳмлаб қолгандай қизнинг овози кутилмаганда заҳарханда, аччиқ киноя оҳанги билан янгради.

Эркак индамади. Қиздан кўз узмай ўтирди.

– Шунча хўрлик, мазах етмаганмиди... – бирдан йиғламсираб гапирди қиз. – Энди бу томондан... О, сиз қанчалар ярамас, аблаҳ, пасткаш одамсиз! Разилсиз!

Эркак ўрнидан турди. Столга яқин келиб, қизни секин, жуда ҳам эҳтиёткорлик билан нари суриб, ўша ғаладондан қоғоз-қалам олди. Сўнг ўтириб, қоғозга шошилганча алланималарни ёза бошлади.

– Мана бу тилхат, – деди у ёзиб бўлиб қоғозни қизга узатаркан. – Менинг ўлимимда ҳеч кимнинг айби йўқ, деган маънода...

Қиз довдираган, эсанкираган ҳолда бир қоғоздаги майда ёзувларга, бир эркакка қарар, ич-ичидан қалтирар, иситмаси кўтарилиб, йиқилиб тушадигандек бир аҳволга тушганди.

Эркак бояги ўтирган курсиси томон юраётиб, яна... жуда ҳам нафис нарсага озор бериб қўйишдан чўчигандек эҳтиётлик билан қизнинг ёнидан ўтди.

– Энди нимадан чўчияпсиз?

Қиз аста-секин ўзига кела бошлади. Ахийри ўзини тутиб олди. «Шу йўл билан мени мот қилмоқчи, – деган ўй келди хаёлига. – Овора бўласиз!»

– Агар, – деди у кутилмаган дадиллик билан эркакка тик қараркан. – Агар мен ҳозир айтганингизни бажарсам, сиз ярадор бўласиз ё... Унда мен қандай қилиб хонадан чиқиб кетаман? Сиз аввал, марҳамат қилиб, эшикни очиб қўйинг!

– Калит ҳам ўша ғаладонда турибди-ю, кўрмадингизми? – хиёл кулимсираб деди эркак.

– У бошқа қулфнинг калити бўлиши мумкин. Яхшиси ўз қўлингиз билан очинг эшикни...

– Унда сиз ҳам пичоқни қўлингизга олинг.

Қизнинг нафаси ичига тушиб кетди. Аммо у барибар пичоқни қўлига олди.

– Пичоқ ишлатишни биласизми ўзи?

– Ҳа...

Эркак эшикни очди. Ва остонада туриб қолди.

Қиз бундай бўлишини кутмаганди. У сал бошқачароқ ўйлаганди.

– Қани, бошланг.

Қизнинг қўллари қалтиради. Шу қалтироқ қўллари билан пичоқни қўшқўллаб тутди-да, юқори кўтарди. Аммо мўлжалга олишга улгурмади.

Бирдан кўзлари даҳшатли равишда олайиб кетган эркак гуп этиб қулади...

Қўрқиб кетган қиз пичоқни отиб юборди. Ва шошилганча эшик томон юрди. Полда чўзилиб ётган эркакка бир неча сония даҳшат ичида тикилиб турди-да, сўнг ҳеч иккиланмасдан унинг гавдаси устидан сакраб ўтиб, даҳлизга отилди.

Бесаранжом қадам товушлари анча узоқлашиб кетгандан кейин эркак аста ўрнидан турди. Йўқ, у ўлимдан қаттиқ қўрқиб кетганидан ҳушидан кетмади. Йўқ ва яна бир карра йўқ!

У... пичоқ тутган қизнинг нигоҳларидаги адоқсиз нафрат ва шу ишга қодир шафқацизликни кўриб, йиқилиб тушганини сезмай қолганди.

2011