OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфия Қуролбой қизи
Асар номиМашаққатлар гирдоби (роман, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Зулфия Қуролбой қизи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм541KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/10
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...

iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish

Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.

Logo.png

Машаққатлар гирдоби (роман, I- қисм)
Зулфия Қуролбой қизи

Биргина айби — ёнидаги ҳужжатини йўқотиб қўйгани учун ўзга юртда ғаройиб уқубатларни бошидан кечирган йигитнинг севги қиссаси.

* * *

Эрталаб баракка бригадир Матчонов билан яна биркиши кириб келди. Йўқ, Ҳаким Назарич эмасди. Унга қараганда ёшроқ, лекин худди Ҳаким Назаричдай баланд бўйли, қош-кўзлари қоп-қора, гавдаси ўлжасига ташланмоқчи бўлган қоплондай тик ва шижоатли, барваста бу йигит Пўлат Дамирович экан. Ҳаким Назарич бу ерда катта иш бошқарувчи вазифасини бажарса, Пўлат Дамирович хавфсизлик ишларига жавобгар шахс эди. Унвони капитан экан, лекин мен уни бирор марта ҳам формада кўрмадим.
— Янги келган киши қани? — деб сўради ўша куни эрталаб Пўлат Дамирович умумий салом-аликдан сўнг бригадир Матчоновдан.

Матчоновнинг жавобини кутмасдан бир қадам олдинга чиқиб:
— Мен, — деб овоз бердим.

Пўлат Дамирович менга бошдан оёқ синчковлик билан назар ташлади. Билсангиз керак, хавфсизлик ишларида ишлайдиган кишиларнинг кўз қарашлари қаттиқ ва ўта синчков бўлади.
— Фамилиянгиз? — деб сўради у мендан.
— Даврон, — дея исмимни айтдим.
— Мен сиздан фамилиянгизни сўраяпман, — деди Пўлат Дамирович овозини хиёл кўтариб.
— Қўлимда ҳеч қандай ҳужжатим йўқ, шундай экан, тўғри келган фамилияни айтаверсам ишонасизми?

Пўлат Дамировичнинг юзига қизил югурди, билмадим, жаҳли чиқдими ё уялиб кетдими, аммо ўзини йўқотиб қўймасдан дарров жавоб қайтарди:
— Гап бундай, ўртоқ Даврон, бу ер сизга цирк майдони эмас! Бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор. Шу қонун-қоидаларга сўзсиз равишда амал қилсангиз келишиб кетамиз сиз билан, акс ҳолда...
— Акс ҳолда?
— Акс ҳолда сиз билан штабда гаплашишга тўғри келади! — Пўлат Дамирович шахд билан Матчоновга юз бурди: — Кетдик!

Улар чиқиб кетишгач, Нурали яқин келиб:
— Сиз ҳалиям уч-тўрт кундан кейин бу ердан жўнаб кетишингизга ишоняпсизми? — деб сўради.
— Албатта.

Нурали индамади. Лекин қарашлари ёқмади бу йигитнинг. У аллақандай истеҳзо билан, йўқ, аниқроғи, бу одам овсар эмасми, дегандек боқарди менга.

Нонуштадан кейин Матчонов ҳаммани ҳовлига тўплаб, сафга турғазди. Менга сафнинг охиридан жой тегди. Кейин ёшгина соқчи йигит ҳамроҳлигида йўлга тушдик.
— Бу нимаси, ошна, — дедим Нуралига соқчи йигитни кўрсатиб. — Биз маҳбуслармизми соқчи қоровуллигида ишга оборишяпти?
— Ҳужжатсиз одамнинг маҳбусдан нима фарқи бор? — саволга савол билан жавоб берди Нурали.

Жиддий қабул қилмасликка қанча уринмайин, бу ердаги ғайритабиий ҳол мени ҳар қадамда ҳайратга соларди, шу билан бирга ҳам қизиқишим ортарди, ҳам қандайдир хавотир туйғуси чулғарди.

Биринчи иш кунимда айтарли, эсда қоларли воқеа-ҳодиса юз бермади. Аммо бир куннинг ўзида анча-мунча гапдан бохабар бўлганим эсимда. Аввало шуни айтиб қўяй, бу ерда эллик-олтмиш чоғли ишчилар бригадаси аллақачон шаклланиб бўлган, эллик-олтмиш чоғли одамнинг ҳар бирининг ўз ҳунари, ўз вазифаси ва ўз иш нормаси бор эди.

Мисол учун Нуралини олайлик. У дурадгор эди. Эшик-ром ўрнатиш вазифаси ва у-бу вазифани жуда ўрнига қўйиб, бекаму-кўст адо этарди, чунки Нурали ўз касбининг ҳақиқий устаси эди. Иш майдонига келганидан кейин «Менга қандай вазифа юклатаркан?»;, деб кутиб турмасди, шартта ишга тушиб кетарди. Беш кишидан иборат унинг ўз кичик бригадаси бор эди. Абдували эса электрик эди. У ҳам ўз вазифасини аниқ биларди ва бир дақиқа ҳам вақтини беҳуда сарфламасдан ишга шўнғирди...

«Қанақа қурилиш эди?»; — деб сўраяпсизми? Дарвоқе, мен бу ҳақда ҳали сизга гапирмадим-а? Айтишларича, уч корпусдан иборат, ҳали қурилиши ниҳоясига етказилмаган, ишчиларнинг тахминича қандайдир заводга мўлжалланган, аммо архитектура жиҳатдан кичикроқ фабрика ва ётоқхонага ўхшаб кетадиган бу қурилиш иншооти Аҳмадбей деган турк корчалонига тегишли экан. Аҳмадбейнинг ўзини ёки суратини ишчилар ҳатто тушларида ҳам кўришмаган. Шунинг учун Аҳмадбейнинг ёши, сахт-сумбати ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олишмади. Фақат унинг «жуда катта бой, миллионер»; эканлигини таъкидлашди. Ўрмоннинг қоқ ўртасида завод ёки фабрика (нима фарқи бор, ё униси, ё буниси!) қуришдан ўша миллионер бей қандай мақсадни кўзлаган экан? Ахир, бу ерлар аҳоли кам яшайдиган чекка ҳудуд бўлса. Худо билади, яқин-атрофда бирорта қишлоқ ёки хутор учрайдими-йўқми? Биринчи иш куним то қош қорайгунча шу ҳолда бош қотирганим, охир-оқибатда бир тўхтамга кела олмаганимдан асабийлашиб: «Э онасини!»; дея сўкиниб юборганим эсимда.

Мен шу чоққача умуман сўкинмасдим, ўша кунги қилиғим эса муҳит таъсирига тезда берилувчан одам эканлигимнинг исботи эди. Ўлай агар, у ерда деярли ҳамма сўкиниб гапирарди. Қўлидан болғаси тушиб кетса ҳам болахонадор қилиб сўкинишарди.

Мен ўйлай-ўйлай, ниҳоят бир қарорга келиб, Абдували таъкидлаганидай «... энг осон иш»; оҳак куйдириш ишини танлагандим. «Барибир бу ерда узоқ қолмайман, кўнглим сезиб турибди, ҳеч қандай жавоб келмаган тақдирдаям нимадир бўлади-ю, бу ердан кетаман. Аммо ҳунар ўрганиб қўйсам ёмон бўлмас»;, дердим ичимда янги машғулот жараёнини кузатиб, номига бўлса-да, оз-моз қўл теккизиб кўриб, шу ишни эплаб кета олишимга ишонган ҳолда худди мажбурий меҳнатдан қайтаётган маҳбуслар сингари саф бўлиб, қош қорайганда казарма... э, баракка қайтарканмиз.

Бу ердагиларнинг назарида оҳак пишириш энг осон ишдек туйилади. Лекин билмаган одам учун бит ўлдириш ҳам қийин, деганларидек, энг осон ишнинг ҳам ўзига яраша заҳматлари бор эди. Биз тўрт киши бўлиб, махсус ўчоқлардаги махсус идишларни оҳактошлар билан тўлдириб тагига олов ёқардик. Баъзида катта-катта бўлаклардан иборат оҳак тошларни уриб майдалашга тўғри келарди.

Кун давомида олов ёнида турганим билан ҳаво совуқ, ер зах бўлганидан оёқларим музлаб, бармоқларим тарашадек қотиб букилмайдиган бўлиб қолганди. «Қанийди иссиқ ҳаммом бўлса!..»; дея орзуга ҳам берилардим йўл-йўлакай.
— Нурали, бу ерда ҳаммом борми? — деб сўрадим баракка яқинлашганимизда шеригимдан.
— Ҳаммом?.. Бор, лекин у ишчилар учун эмас.
— Ювиниш хонаси йўқми? — деб сўрадим капалагим учиб.
— Бор. Душ. Ҳаммом конторадагилар учун.
— Душ бўлсаям бор экан-ку.

Азалдан сувни, чўмилишни яхши кўрардим. Уйда ваннага кирволиб соатлаб сув ичида ётардим. Балки бу балиқ буржи остида туғилганим туфайлидир?

Ўша куни кечқурун душга кириб олдим-у, обдо-он чўмилдим. Тепадан шовуллаб тушаётган сув остида уз-зоқ турдим. Чарчоғим чиқиб, онадан янги туғилгандай енгил тортиб емакхонага кириб келганимда... у ерда на Нурали, на Абдували бор эди. Ўн-ўн беш чоғли киши емакхонанинг у ер-бу ерида ўтирганча коньяк қўшилган қаҳва «коктейль»; ҳўплаб ўтиришарди.

«Коктейл»;ни ишчилар эрмак ёки олифталик учун эмас, совуққа ўзларини олдириб қўймаслик учун пулга сотиб олиб ичишарди. «Мени кутишмабди... Шунча узоқ қолиб кетдимми душда?..»; — қизил карамли шўрвадан кўнглим тортмасдан тотинарканман, беихтиёр Саодат пиширадиган овқатлар эсимга тушиб кетди. Хотинимнинг қўли ширин эди.

Овқатланиб бўлгач, баракка қайтдим. Лекин у ерда ҳам на Нурали, на Абдували бор эди. Уч-тўрт киши адёлга бурканганча ухлаб ётишарди. Шу пайт Матчонов эшикдан бош суқди.
— Сиз шу ердамисиз? — деди у ҳайрон бўлиб.
— Ҳа. Нима бошқа ерда бўлишим керакми?
— Бундан чиқди, иккинчи сменада ишлашни хоҳламайсиз, тўғрими?
— Тушунмадим.
— Ана шунақа-да!

Матчонов устимдан ғалаба қозонгандек ва «ўзингни билағон кўрсатаверма, билмайдиган нарсанг кўп ҳали!»;, дея таъкидлаётгандек ғолибона назар ташлаганча ичкарига қадам қўйди. Унинг айтишича, бу ерда иш уч сменада ташкил этилган экан. Тўғри, қиш мавсумида қурилишда айрим ишлар тўхтатилади. Чунки давом эттиришнинг иложи йўқ. Лекин бино ичкарисидаги ишларни бемалол бажараверса бўлади. Шунинг учун иш уч сменада ташкил қилинган. Лекин бир шарт билан: иккинчи, учинчи сменада фақат ўз ихтиёри билан ишловчилар ишлайдилар. Бунинг учун уларга кундузгига қараганда икки баравар кўп иш ҳақи тўланади («Дарвоқе, бу ҳақда Ҳаким Назарич сизга ҳеч нима демаганмидилар?»;). Агар истасам, мен ҳам ҳозироқ бориб ишлашим мумкин экан. Лекин кечки сменада Матчонов эмас, бошқа киши бригадирлик қиларкан.
— Эҳ-ҳе! Зўр-ку бу ёғи! — дедим Матчоновга қараб. — Кўринмас бей афандининг калласи зўр экан!

Матчонов нимадир дейишга чоғланди, лекин гапиролмади, аллақандай саросима ичида юзимга тикилиб қолди. У менга ҳам бошқаларга муомала қилгандай, тепадан қилиб гапиришга уринарди-ю, нима учундир сира эплай олмасди ёки ботинолмасмиди?
— Демак, Нурали билан Абдували овқатланиб бўлиб, иккинчи сменага кетишибди-да, — деб сўрадим Матчоновдан.
— Ҳа. Ишлагани кетишди. Бунинг нимаси ёмон? Нормани бажаришади-ю қайтишади.
— Норма? Бу яна қанақаси?
— Кечки сменада ишлаётганлар учун норма белгиланган.
— Э, шунақами?
— Хўш, сиз ҳам ишлайсизми? — бетоқатлик билан сўради Матчонов.
— Билмадим. Ҳаким Назарич билан маслаҳатлашиб кўрай-чи, — дедим атай.

Матчоновнинг яна попуги пасайди. Тезгина хайрлашди-ю, чиқиб кетди. Сафсата сотиб бироз чигилимни ёзмоқчи эдим. Матчонов қочиб қолди. Негадир шу одамни майна қилгим келаверарди. Матчонов бу ерларнинг ўз одами бўлиб қолган, ғашига тегаверсам бирор ёмонлик қилиши ҳам мумкин, бу қўлидан келадиям, шуни била туриб ҳам, негадир унга жиддий муомала қилгим келмасди. Жўрттага Ҳаким Назаричнинг номини тилга олганимнинг сабаби ҳам шунда, аслида Ҳаким Назарич ҳам худди Матчонов сингари менга бегона, қолаверса, унинг маслаҳатига куним қолгани йўқ, қолмасин ҳам! Мен Матчоновнинг хамелеон сингари турланиб туришини кузатиб, ҳузурланиш учун иш бошқарувчининг номини тилга олардим.

Иккинчи ёки учинчи сменада ишлаш масаласига келсак, икки баробар кўп ҳақ учун ҳар қандай қийинчиликка чидашга тайёр бўлсам-да, негадир кўнглим чопмаётган эди. Баъзи бир шубҳали ўйларга борганим туфайли эҳтимол ўзимни ортиқча уринтиргим келмагандир. Шубҳали фикрлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бунинг ҳам ўз сабаби бор.

Одамлар худди қадим замонлардагидек жамоа бўлиб яшаб, тер тўкиб меҳнат қилаётган бу ғайритабиий оилада гап ётмас экан. Дастлабки иш кунларим давомида шунчалик кўп маълумотга эга бўлдимки, асти қўяверасиз. Энг қизиғи, мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасдим. Уларнинг ўзлари олдимга келиб мени мен билмаган гаплардан огоҳ этишарди.

Эрталаб қурилишга борганимиздан кейин одамлар тўрт-беш кишидан иборат майда бригадаларга бўлиниб, ҳар ёққа тарқашарди. Нурали ўз шериклари билан иккинчи корпуснинг биринчи қаватида ишларди. Абдували эса биринчи корпуснинг иккинчи қаватига чиқиб кетарди. Бошқалар ҳам шу тахлит иш жойларини эгаллашарди.

Мен дастлабки кунданоқ сал-пал яқин бўлиб қолган Нурали билан Абдувалидан айрилгим келмасди. Лекин бизнинг «мутахассислигимиз»; тўғри келмагани учун бошқа-бошқа жойларда ишлашга мажбур эдик. Юқорида айтганимдек, энг осон иш бўлгани учун мен оҳак сўндирувчилар бригадасига келиб қўшилгандим. Тўрт киши эдик. Битта бригадир, учтамиз ишчи. Ишимизнинг яхши томони шунда эдики, биз ановиларга ўхшаб тахта, бўёқ, куйинди ҳидлари анқиётган дим хоналарда эмас, очиқ ҳавода, очиқ осмон остида ишлардик. Оҳак куйдирувчи қозонларимиз ташқарида эди. Ҳаво гоҳ очиқ, гоҳ булутли, совуқдан совуқ бўлса-да, ҳар қалай тоза эди. Ишдан қўлинг бўшаган маҳал замирида аллақандай сир, дардчил ҳасрат тўла алланима мавжуд бўлган ёввойи ва бегона манзарани кузатиш имкони туғиларди.

Бир неча қадам наридан қуюқ ўрмон бошланади. Ўнгга қарасангиз ҳам, чапга ёки тўғрига, ҳатто ортга қарасангиз ҳам ўрмон, қисқаси, оёғингиз тегиб турган қорли майдон чегарасидан ўтганингиздан кейин сизни нима кутиб турибди, қаёққа юришингиз керак, бирорта қишлоқ ёки станцияга олиб борадиган йўл борми-йўқми, бари-бари номаълум ва сирли бўлган, нафақат булутли кунлар, балки бепоён, оппоқ қор сатҳида қуёш ярқираб нур сочган пайтлар янада бегона, сирли кўринадиган маскан... Кўзларинг ёшланганча тикилиб тураркансан беихтиёр: «Қани энди қушга айланиб қолсаму, ҳар лаҳзада қадри билинаётган қадрдон юрт томон учиб кетсам!»; деган ўй юракни, нафақат юракни, балки бутун вужудни жунбушга келтиради.

Ўша куни мен худди шундай кайфиятда қор босган ўрмонга тикилиб турганимда шерикларимдан бири Ҳусан ёнимга келиб:
— Манзара зўр-а? — деди кулиб.
— Зўр-ку, лекин бегона-да, — дедим маҳзун кайфият таъсирида.
— Ҳали бир кун ҳам бўлмасдан зерикдингизми? — сўради Ҳусан.
— Ҳа.
— Эҳ-ҳе, бизга ўхшаб бир ярим йил юрсангиз...
— Сизга ўхшаб бир ярим йил юрмасам керак!

Ҳусан жаҳлим чиққанини сезди, юзимга бир неча дақиқа сўзсиз тикилиб турдида, сўнг:
— Менимча, юрсангиз керак, — деди ишонч билан.
— Уларнинг сўровномасига жавоб келиши билан...

Ҳусан кулди. Бошини хиёл қийшайтириб, чаккасини қашиш асносида яна кулди, кейин боягидай ишонч билан:
— Жавоб келмайди ёки келган тақдирдаям улар бизга кўрсатишмайди, — деди.

Юрагим орқага тортиб:
— Наҳотки? — деб юбордим беихтиёр.

Ҳусан жавоб беришга улгура олмади. Ўзимиздан чиққан бригадир Қиличбек нарироқда турганди, бизнинг суҳбатлашаётганимизни кўриб қолиб шитоб билан етиб келди.
— Бу ерга ҳангома қилиш учун келмагансанлар, йигитлар, гапни бас қилиб, ишга киришинглар! — деди у.

Биз қилт этмай туравердик.
— Йигитлар, нима деяпман?! — деди Қиличбек энди овозини бир парда кўтариб. — Жудаям гаплашгиларинг келаётган бўлса, кечқурун баракда хумордан чиққунча гаплашасанлар!
— Нега бизга буйруқ беряпсиз? — дедим энди росмана жаҳлим чиқиб Қиличбекка қараб. Ҳолбуки, кеча кечқурун мени очиқ чеҳра билан қарши олган, энг кўп савол берган йигит шу Қиличбек эди. — Ким сизга бу ҳуқуқни берди?!
— Ишла, деган ёмонми? Пулини қуртдай санаб оласанлар-ку! — деди Қиличбек жангга ҳозирланаётган даканг хўроздай елкаларини учириб.
— Ҳа, ёмон! — деб бақирдим Қиличбекка жавобан, айни чоғда қўйиб берса бригадир билан ёқалашиб кетишга ҳам тайёр эдим, гўё ҳаммаси учун шу одам сабабчидек кўзимга бало-қазодек кўринаётганди.
— Кетдик, — Ҳусан енгимдан тортиб нарига олиб кетди.
— Унинг бизга буйруқ беришга ҳаққи йўқ! — дея энди Ҳусанга қараб бақирдим. — Пулини қуртдай санаб олганимиздан кейин ўз ихтиёримиз билан ишлашимиз керак!
— Психми нима бало? — дегани эшитилди Қиличбекнинг ортимиздан.
— Ўзинг псих! — дея хезлангандим Ҳусан қўлимдан тутиб қолди.
— Яхши одам эмас экан бу одам, — дедим ҳаяжондан ўзимни боса олмай, ҳансираганча Ҳусанга қараб.
— Бригадир бўлмасдан олдин яхши одам эди. Кейин айниди, — деди Ҳусан кулимсираб. — Юринг, яхшиси тош майдалаймиз.

Биз ишчилар тилида «куваль»; деб аталадиган, мен жўнгина темир тўқмоқ дейдиган иш қуролимизни қўлга олиб ишга киришдик. Темир тўқмоқни қулочкашлаб куч билан оҳак тошга урарканман, гумбирлаган овозга қўшилиб юрагимдаги алам ҳам ташқарига отилиб чиқиб кетаётгандек тобора енгил тортардим.
— Сизни ҳали штабга чақиришмадими? — деб сўради Ҳусан дам олишга чўнқайганимизда.
— Чақиришлари керакми?
— Менимча, йигирма кунлардан кейин сизни штабга чақиришади-да, шартнома асосида ишлашни таклиф қилишади.
— Унчаликка боришмас, — дедим ҳали ҳам умидимни узмасдан.
— Боришса-чи?
— Рози бўлмайман!
— Унда текиндан текин ишлайверасизми?
— Кетаман! Барибир кетаман!

Ҳусан мен билан тортишиш бефойда эканлигини, ўзи ёқлаган тарафни ҳеч қачон бермайдиган чиранчиқлигимни фаҳмлади чоғи, индамай қўя қолди.

Тушлик вақти яқинлашарди.

Мени ошқозон ташвиши безовта қила бошлади. Ҳусанга қарайман, хотиржам; иккинчи шеригим Файзининг юзига зимдан разм соламан, қорни тўқ одамдай беғам, учинчи шеригим Тошпўлат ғинғиллаганча қўшиқ хиргойи қиляпти...

Охири сабрим чидамади.
— Тушликка баракка борамизми? — деб сўрадим Ҳусандан.
— Йўқ, тушлик шу ерда бўлади, — деб жавоб берди Ҳусан.
— Қандай қилиб?!
— Ҳализамон уч-тўртта хотин келиб, пирашка-мирашка сотиб кетади.
— Бундан чиқди, шу яқин-атрофда қишлоқ бор экан-да? — дедим жонланиб.
— Шунақа шекилли. Анчадан буён қатнашади-ю, лекин биз билан очилиб гаплашишмайди. Шундай буйруқ олишгандир, — деди Ҳусан.
— Бирортасини севиб қолсангизгина сизга эътибор беришади, — дея гапга аралашди Файзи.
— Ўйлаб гапирсанг-чи, — дея унга танбеҳ берди Ҳусан. — Билиб-билмай...
— Нега билиб-билмай бўларкан, — деди Файзи шартта. — Ҳаким Назарич ҳам аслида бизга ўхшаганлардан бўлган. Маржалардан биттасини севиб қолиб, уйланганидан кейин унга ишонишиб юқори амал беришган, билмасанг билиб қўй!
— Бу шунчаки миш-миш бўлиши ҳам мумкин-ку, — деди Ҳусан Файзига эмас, менга юзланиб.
— Нега унда Пўлат Дамирович ҳақида бундай миш-миш гап йўқ? — деди Файзи бўш келмасдан. — Чунки у ҳақиқатан ҳам шу ернинг одами! Москвада туғилган, Москвада ўқиган, милиса, хотинбоз милиса!
— Бирорта хотин билан етаклашиб юрганини кўрганмисан?
— Кўрмаганман, лекин эшитганман.
— Қулоқнинг тамбаси йўқ, ҳамма нарсани эшитаверади-да.
— Матчоновга нима дейсан? — деди Файзи қизишиб.
— Э, бас қилсанг-чи!
— Нега бас қиларканман? Керак бўлса ўша Матчонов бу ерга келиб турадиган ҳалигидақа аёллардан бирига уйланган!
— Э, бор-е!

Ҳусан қўл силтаганча нари кетиб Файзидан қутулди.

Ёши ўттизга ҳам бормаган, малладан келган, ҳеч қачон қорни тўйиб овқат емаган одамдай ҳаддан ташқари озғин, рамақижон Файзининг қизиқ феъли бор эди.

Агар сиз индамасангиз, Файзи ҳам миқ этмай юраверади. Ишонасизми, бир куни биз эрталабдан кечгача бир оғиз ҳам гаплашмасдан ишлаганмиз. Аммо бехосдан бир савол бериб қўйсангиз борми, ундан қутулишингиз қийин. Яна шуниси қизиқки, узилиб қолган суҳбатни икки кундан кейин ҳам келган еридан давом эттириб кетаверади.

Ҳусан ҳам Файзи тенгқуроб, лекин унга ўхшаб рамақижон эмас, келишган йигит. Хотинлар ҳақидаги миш-мишларни ёқтирмайди, аммо ўзаро ҳангома-гурунгни яхши кўради.

Умуман олганда, бу ердагиларнинг деярли барчаси бир хил дардга йўлиқишган: улар бошқалар ҳақида, ўзлари билан ёнма-ён ишлаётган шериклари ҳақида шу қадар кўп маълумотларга эгаларки, бирининг кўзи пана бўлиши ҳамон иккинчиси ғийбатни бошлаб юборади. Мана, биринчи иш кунимнинг ўзидаёқ қанча маълумотга эга бўлганимни ўзингиз эшитдингиз-ку. Бироқ улар ҳеч қачон ўзлари ҳақида гапирмайдилар. Мана шуниси қизиқ.

Ҳа, яна бир гап эсимга тушиб қолди. Шу куни иш вақти тугашига яқин бирдан Ҳусан кўринмай қолди.

Иккала шеригимиз билан бригадир Қиличбек сафга турадиган майдонимиз — қурилиш ҳовлиси томон йўрғалаб қолишганди. Мен Ҳусанни кутиб турмоқчи бўлдим. Шу йигитнинг нимасидир менга маъқул бўла бошлаганди-да.

Шу вақт кимдир чақиргандай бўлди, аниқроғи, нимадир дегандай бўлди. Қарасам, Тошпўлат нималардир деганча мен томон келяпти.
— Эшитмадим, нима деяпсан? — деб сўрадим у яқин келгач.
— Ҳусанни кутиб турибсизми, деяпман.
— Ҳа. Қаёққа кетдийкин?
— Ҳожатга кетган, — деди Тошпўлат ва ёнимга келиб туриб олди.
— Сиз кетаверинг, — дедим уни йўлдан қолдирмаслик учун.
— Майли, ҳозир кетаман, — деди Тошпўлат. — Лекин аввал сизга бир гапни айтиб қўяй дегандим.
— Қанақа гап?
— Бу йигит билан кўп ош-қатиқ бўлаверманг, — деди шунда Тошпўлат дабдурустдан. Мен унинг Ҳусанни назарда тутаётганини англаб турардим. — Бу йигит қамалиб чиққан, зэк!

Мен нима бўпти, дегандай хотиржамлик билан қарадим Тошпўлатнинг юзига. Шунда у мени қўрқитиш учунми янада ваҳимали гап айтди:
— Ҳусан қотил! Одам ўлдирган!

Шу гапдан кейин менда қандайдир ўзгариш пайдо бўлди, буни ўзим ҳам сездим.
— Институтда ўқиб юрганида ўртоғи билан бир қизни квартираларига обориб, аввал об-до-он... навбати билан... кейин ўлдириб, бу камлик қилгандай, жасадни майда бўлакларга бўлиб!.. Кейин анҳорга ташлаб юборишган!!! — Тошпўлат шундай ваҳимали таъкид билан сўзлардики, гўё бундан ҳузурланаётгандек. — Буни қарангки, қизнинг жасади бўлакланган ҳолда анҳорнинг турли қисмидан сувга ташланган бўлса-да, улар оқиб келиб бир ерга тўпланиб қолган экан! Шундан кейин Ҳусанниям, ўртоғиниям атиги ўн беш йилга қамашади. Битта одамнинг хуни ўн беш йил экан-да! Бу оз эмасми? Лекин Ҳусан қамоқда бор-йўғи икки йил ўтиради. Отаси катта амалдор ва бой одам бўлгани учун пулни роса совуриб, уни қутқариб қолади. Барча айбни шеригига юклашади. Пулнинг кучини қаранг, отаси Ҳусанни нафақат қамоқдан қутқарган, балки унинг пешонасидан «судланган»; деган тамғани ҳам олдириб ташлаган. Чунки Ҳусан ёлғиз ўғил, ота-онасининг ундан бошқа фарзанди бўлмаган. Ҳусаннинг эгизаги Ҳасан ҳам бўлган-у, лекин у чақалоқлигида оламдан ўтган экан. Отаси Ҳусаннинг чала қолган ўқишини ҳам тиклаган, аммо у ўқишни хоҳламаган. Дайдиб юриб бу ёқларга келиб қолган. Ана шунақа! Хўп, мен кетдим.

Тошпўлат шерикларининг ортидан югурди.

Мени икки нарса ҳайратга соларди. Аввал иккинчисини айта қолай, а? Қизиқ, Тошпўлат шунча маълумотни қаердан олди? Ҳар қалай Ҳусаннинг ўзи мароқ билан сўзлаб бермагандир? Инсон энг тубан қилмишлари ҳақида осонликча оғиз очмайди, менинг фикримча. Тағин ҳам ким билади, дейсиз?

Мен бир вақтлар ўзи анча ёшга бориб қолган одамнинг ёш қизга уйлангани ва никоҳ оқшоми кексалиги панд бериб қўйиб, қўлидан ҳеч иш келмагани ҳақида ўша кишининг ўзи оғиз кўпиртириб, мақтаниб гапираётганини ўз қулоғим билан эшитгандим. У сўзлар экан, шу ёшида ёшгина қизболага (ахир, бу шараф!) уйланганини зўр бериб исботлашга, кимларнидир ишонтиришга уринарди, лекин аслида ўзининг ожизлигини фош қилиб, ўзини ўзи шарманда қилаётганини фаҳмламасди! Демоқчиманки, ҳаётда шундай одамлар ҳам учрайди, бироқ бу бошқа масала, қотиллик билан тенглаштириб бўлмайди буни!

Энди ижозатингиз билан мени ҳайратга солган биринчи сабабга ўтсам. Юқорида айтганимдай, Ҳусан ниҳоятда келишган йигит эди. Айниқса, унинг кўзлари мени ларзага соларди. Биласизми, Ҳусаннинг катта-катта, чиройли (худди қизларники каби), қорачиқлари бир лахча чўғдай ёниб турувчи кўзлари гўё гўдак боланинг кўзларидек ниҳоятда беғубор ва маъсум эди! Ҳамсуҳбатига беозорлик билан жовдираб боқарди. Юзи шу қадар тиниқ эдики, бирорта нуқсон сезилмасди. Ўшандан кейин мен Ҳусанни кўп кузатадиган бўлдим. Ўзига сездирмасдан-да. Ва ҳар гал: «Тошпўлат ёлғон гапирди-ёв!»; деган фикрдан нарига ўтолмасдим. Эсингизда бўлса, Баҳодир ҳақида ҳам шунга ўхшаш гапларни гапиргандим. Лекин оқибати нима бўлди? Демак, бундан чиқди, инсон қиёфасидан олинган таассурот алдамчи экан-да?!

Нима бўлишидан қатъи назар, ўша куни мен Ҳусанни кутдим. У келганидан кейин саф майдонига бирга қайтдик.

* * *

Кунлар ўта бошлади.

Эрталаб ишга келамиз, кечқурун қайтамиз.

Иккинчи кун биринчи кунга қараганда хийла енгил ўтди. Учинчи кун бундан-да беҳроқ. Тўртинчи-бешинчи кунларга бориб, мен ўзимни анчадан буён шу ерда яшаётгандек ҳис эта бошладим. Инсоннинг яшовчанлиги унинг кўникувчанлигида, тез мослаша олишига ҳам боғлиқ, деган фикр туғилганди менда ўша вақтда.

Ҳар куни эрталаб Ҳаким Назарични контора эшиги олдида турганини ё ичкарига кириб кетаётганини кўриб қоламан. Унинг ҳам менга нигоҳи тушади, лекин ўзини менга ҳеч қандай гапи йўқ одамдай тутади. Шундан биламанки, демак, ҳеч қандай хабар йўқ! Ҳафсалам пир бўлиб, ишга жўнайман. Бахтимга шерикларимнинг муносабати ёмон эмасди. Ўзаро сан-манга бориб жанжаллашиб турганларига қарамасдан менга кўзлари тушишлари билан ҳурматимни жойига қўйишарди; можарони бас қилишиб, мен билан суҳбатлашишга ошиқардилар; улар кўп нарсалар ҳақида сўрашарди; юрагим сиқилганидан ўзимни қўярга жой тополмай турган бўлсам-да, уларнинг саволларига астойдил жавоб берардим.

Шўрликларнинг кўпчилиги тирикчилик важидан уйларидан чиқиб кетганларига бир-икки йил бўлган, шунча вақтдан буён бола-чақасининг меҳридан, рўй берган янгилик ва ўзгаришлардан бебаҳра эдилар.

Суҳбатларимиз кўпинча ярим кечага довур чўзилиб кетганидан уйқуга тўймасдик, натижада эрталаб кўзларимиз киртайиб, чарчоғимиз ёзилмаган бир аҳволда ишга жўнардик. Мабодо мен ҳам нима ҳақдадир сўраб қолгудек бўлсам, шерикларим буни ўзларига шараф деб билгандек, жон-жон деб жавоб беришарди. Бундан мен аллақандай лаззат туярдим. Бу одамлар менинг рафторимда ҳеч кимникига ўхшамаган қандайдир хислат кўришган шекилли, дея ич-ичимдан ғурурланардим. Уларнинг ўзлари эса бир-бирлари билан жуда кўп жиққиллашиб қолардилар. Бехосдан тегиб кетилган туртки ҳам катта тўполонга сабаб бўларди.

Мисол дейсизми? Истаганча мисол келтиришим мумкин. Бир куни эрталаб (эрталаб деганда мен тонгги тўртни назарда тутяпман. Бу ерда тартиб шундай. Ҳамма тонгги соат тўртда ўрнидан туриши шарт. Соат бешгача нонушта, кейин ишга марш!) Райимберди деган токарнинг ерда ётган шиппагини иккинчи қаватдаги нардан тушаётган шериги Абдулла деган йигит оёғининг учи билан туртиб анча нарига учириб юборган экан. Бўлди жанжал, бўлди қиёмат!

Гапларини эшитинг:
— Сен жиғимга тегиш учун атай шундай қилдинг! Шиппагимни олиб келиб оёғимга кийдириб қўясан!
— Атай қилганим йўқ, нега тушунмайсан?!
— Ўтган ой кўпроқ пул олганим учун менга тиш қайраб юрибсан! Кўролмайсан мени!
— Сенинг нимангни кўролмайман?! Бир сафар кўп пул олсанг олибсан-да!
— Алам қилгани йўқми?
— Қилгани йўқ, деяпман-ку сенга! Алам қилгани йўқ!
— Нега унда шиппагимни тепиб юбординг?! Атай жанжал чиқариш учун шундай қилдинг!
— Аҳмоқ! Мияси йўқ эшак!
— Ким эшак?!
— Сен! Сен! Сен...

Ана шундан кейин иккала эркак қутурган итдек бир-бирларига ташланадилар. Болохонадор сўкинишлар авжига чиқади.

Энг қизиғи — ҳеч ким уларни ажратишга шошилмайди. Ҳамхоналаримиз зўр томоша кўришаётгандек мароқ билан жанжалкашларни кузатишади. Икки соқчи ҳамроҳлигида Матчонов кириб келгандан кейингина жанг тўхтайди. Қон тўкилмаган бўлса, соқчилар огоҳлантириш билан чекланадилар. Акс ҳолда жанжалкашларнинг иккаласини (балки уч-тўрттасини) ҳам штабга олиб кетишади. У ерда Пўлат Дамирович томонидан уларга жазо чоралари белгиланади.

Шундай тўполон-жанжал юз берган кезларда мен бу одамларни тушунмай қолардим. Ахир, шиппакнинг бехосдан туртиб юборилгани муштлашувга арзимайди-да! «Бу ўта жанжалкаш ва ичи тор кимсалар, — дердим ичимда ўзимча мулоҳаза юритарканман. — Уларнинг ўрнида мен бўлганимда сира ҳам бундай қилмасдим!»; Уларнинг фавқулодда жиззаки, уришқоқ бўлиб қолишларининг сабабини кўп нарсаларни тушунмасликларида, чуқур фикр юритмасликларида деб билардим. Нега деганда, буларнинг деярли ҳаммаси (Ҳусан чаламуллани ҳисобга қўшмаганда) чала-чулпа олинган ўрта маълумот билан чекланган, диплом таклиф қилинган тақдирда ҳам уни кераксиз матоҳ, деб ҳисоблаб рад қилувчи, ҳар жиҳатдан ўртамиёна кишилар бўлиб, азбаройи тирикчилик туфайли иссиқ кўрпасини тарк этган дарбадарлар эди.

Бу одамлар орасида икки кишигина менинг эътиборимга сазовор бўлишганди: Нуралини жиддий ва меҳрибонлиги туфайли, Ҳусанни (гарчи қотил бўлса-да) фикр доираси кенг бўлгани учун ўзимга яқин олардим. У билан дунёвий мавзуларда бемалол суҳбатлашиш мумкин эди.

Бир куни кечки пайт «контора»; хизматчиси келиб мени Ҳаким Назарич йўқлаётганини айтди. Бу вақтда мен Ҳусан билан, юқорида айтганимдай, дунёвий мавзуларда гурунглашиб ўтирардик. Баракда фақат иккимиз қолгандик, бошқалар иккинчи сменага кетишганди.
— Бирга борайми? — деб сўради Ҳусан хизматчининг гапини эшитганидан кейин.
— Шарт эмас.
— Менимча, улар сизга шартнома бўйича ишлашни таклиф қилишса керак, — деди Ҳусан.
— Нафасингни иссиқ қилсанг-чи!

Ҳусанга шундай дедим-у ташқарига чиқдим. Ажойиб хушхабар кутаётгандек юрагим гурс-гурс урарди.
— Неча кундан буён ишлаяпсиз? — деб сўради Ҳаким Назарич хонасига кирганимда.
— Бир ҳафта бўлиб қолди.
— Биз сўровнома жўнатдик, лекин ҳеч қандай жавоб келмади. Нима қиласиз, маҳбус сингари бир сўм олмасдан ишлаб юраверасизми ёки шартнома бўйича ишламоқчимисиз?
— Шартномага рози бўлдим дейлик, хўш, кейин-чи, кейин нима бўлади?
— Биз сизга белгиланган тартиб бўйича маош белгилаймиз. Маошнинг маълум бир қисми эҳтиёжингизга қараб қўлингизга берилади, қолгани сиз берган адрес бўйича уйингизга, яқинларингизга юборилади.
— Ким юборади?
— Биз. Шу иш билан шуғулланувчи шахс!
— Маошнинг ҳаммасини ўз қўлимга олсам бўлмайдими? — дедим қувлик қилган киши бўлиб.
— Бўлади. Лекин қандай эплайсиз? Банкка қўя олмасангиз. Почтага бора олмайсиз. Сабаби ўзингизга маълум, ёнингизда ҳеч қандай ҳужжатингиз йўқ. Шаҳарда бир қадам юролмайсиз! Тўғрими?
— Тўғри... — дедим бўшашиб.
— Ана шунақа! — Ҳаким Назарич қўлларини ёнига керди.
— Мени бу ерда ушлаб туришга ҳақингиз йўқ! Қонунни жуда яхши биламан. Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган, ўзга давлат фуқароси бўлган одам мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши керак! — дедим ётиб қолгунча отиб қол, қабилида, қолаверса, пичоқ бориб суякка етган, совуқ ва бегоналик ҳукм сурган бу маконни иложи борича тезроқ, тезроқ ва янада тезроқ тарк этгим келганидан ниҳоятда асабийлаша бошлагандим.
— Қонунни жуда яхши биларкансиз! — деди Ҳаким Назарич истеҳзоли кулимсираб.
— Ҳар қалай гўл эмасман!
— Сиз балки ашаддий жиноятчидирсиз? — деди шунда Ҳаким Назарич кўзлари совуқ ялтираб. — Эҳтимол, қотилдирсиз?! Ўн иккита аёлни аввал зўрлаб, кейин ваҳшийларча ўлдириб, қочиб юрган маньяк балки сиздирсиз?! Эҳтимол, сиз интерпол қидирувидаги одамдирсиз?!

Ҳаким Назарич шундай даҳшатли нарсаларни сўзлаётгандики, юрагим орқага тортиб кетди.
— Қўйинг-е, нималар деяпсиз?.. Қўйинг-е... — дердим нуқул гап тополмай эсанкираб қолганимдан.
— Яқинда Подмосковьедан ўттиз яшар йигитнинг жасади топилди, — дея совуққонлик билан давом этди Ҳаким Назарич. — Мурдага ҳеч қандай зарба берилмаган, худди ухлаётгандек беозоргина бўлиб ётибди. Лекин мундоқ текшириб кўришса, унинг на жигари, на буйраги, на юраги бор! Ўша йигитнинг қотили эҳтимол сиздирсиз?!

Асабларим, вужудимдаги етмиш икки томирим қақшаб кетди.
— Нималар деяпсиз?! Нималар деяпсиз?.. Ахир мен... шу қўлларим билан одам ўлдираманми?!.
— Қўлларингизга нима бўпти? Бу қўл билан ҳар қандай ишни бажариш мумкин. Бақувват, чайир қўллар... — деди Ҳаким Назарич кесатгандек бўлиб.

Индамадим. Бошимга тушган кулфат залворини кўтара олмагандек умуртқам майишиб букчайиб қолдим. Ҳа, мен ҳақиқий фожианинг туб моҳиятини айни шу лаҳзада англаб етгандим. Умидларим йиғлай-йиғлай кўнглимни тарк эта бошлади...
— Мен ҳарбий одам эмасман, — деди Ҳаким Назарич бир маҳал. — Шунинг учун сизга ҳарбийча муомала қилмадим. Келишиб оламиз деб ўйлагандим. Афсуски... сизни яхшиси Пўлат Дамирович ихтиёрига юбора қолай, а, нима дедингиз?

Ҳаким Назарич нимага шаъма қилаётганини тушундим.
— Шартнома бўйича ишлашга розиман, — дедим ердан бош кўтара олмай.
— Демак, гап бундай...

Ҳаким Назарич менга ҳақ олиш тартибини тушунтира бошлади. Унинг эътироф этишича, менга ҳам худди бошқалар қатори «ишбай»; тартибда маош тўланаркан. Энг кам иш ҳақи ойига тўрт юз доллар! «Аммо тўрт юз долларнинг ҳаммаси ҳам қўлингизга берилмайди. Ҳар ой охирида эҳтиёжингга қараб пулнинг маълум қисми берилади. Қолгани адрес бўйича уйингизга юборилади. Шу баҳонада сизнинг ҳақиқий манзилингизни билиб оламиз. Мабодо нотўғри адрес берган бўлсангиз, пул ўзимизга қайтиб келади. Агар ҳеч қандай яқинларингиз, яъни оилангиз бўлмаса, у ҳолда сизнинг даромадингиз контора бухгалтерияси ҳисобида туради. Қачонки, шартнома муддати тугаса, бир рублига ҳам хиёнат қилинмаган ҳолда ўз қўлингизга топширилади!»;

Эҳтиёжга қараб олинадиган пул учун эса навбатда туриш керак экан...
— Яқинда келганингиз ва ёнингизда сариқ чақа ҳам йўқлигини ҳисобга олган ҳолда сизни навбатнинг бошроғига ёзиб қўямиз, — деди Ҳаким Назарич сўзининг охирида.
— Тўрт юз доллар кўп эмасми? — деб сўрадим унга синовчан ва хомуш (худди тақдирга тан бергандек) тикиларканман.
— Бизда меҳнатига қараб эмас, қадр-қимматига қараб инсонга ҳақ тўланади, — деб жавоб берди Ҳаким Назарич ҳамсуҳбатининг кўнглига оғир ботувчи калондимоғлик билан.

Индамаслигим керак эди. Ўзимча шундай фикрда эдим. Аммо тил қурғур панд берди:
— Сизларда инсон қадр-қиммати ойига тўрт юз доллар турадими?! Бир йилга тўрт минг саккиз юз долл...
— Ҳаддингиздан ошманг! — кўзлари косасидан чиққудай бўлиб столга муштлади Ҳаким Назарич.
— Овқат пули ҳам шу ҳисобга кирадими?
— Соқчи!

Эшик очилиб соқчи йигит отилиб хонага кирди. Мен унга парво қилмадим, бироқ вужудимни исканжага олган жазавани куч билан босиб, Ҳаким Назаричга сокин ва хотиржам назар ташлаганча тик қараб туравердим. Айни шу дақиқада менинг ҳақиқий қиёфам намоён бўлгандир эҳтимол. Бирдан кутилмаган ҳол юз берди.
— Сен боравер! — соқчига жавоб берди Ҳаким Назарич.

Соқчи ортига қайтиб эшикни ёпди.

Ҳаким Назарич стол ғаладонини титкилади, гўё мени унутгандай...
— Хайр.
— Хайр, — деди Ҳаким Назарич бош кўтармасдан.

Эшик томон юрдим.

Шу чоғ эшик шахт билан очилиб Пўлат Дамирович шахдам қадамлар билан остона ҳатлаб ичкарига кириб келаркан, мени туртиб ўтди ёнимдан.
— Ҳаким Назарич, — деди у қичқиргудек овозда мендан узр сўрашни хаёлига ҳам келтирмасдан. — Вақт бўлди. Тайёрмисиз?
— Шесть секунд, — деди унга жавобан Ҳаким Назарич.

Ташқарига чиқдим.

Ҳаво совуқ, бунинг устига изғирин шамол эсарди. «Контора»; тепасида муаллақ турган ой ҳам совуққа дош беролмай, дилдираётгандек кўринарди.

Баракка киргим келмади.

Тахта тўсиқ ёқалаб кетган йўлак бўйлаб юриб кетдим. Изғирин шамол бурнимни чимчилар, кўзларимга нина санчар, қулоқларим совуққа қотиб қолганидан, бармоғингиз теккан заҳоти уқаланиб кетадигандек улар жонсиз ва мўрт бўлиб қолганди.

Тахта тўсиқ ёнидаги йўлак бўйлаб аста-секин одимларканман, гўё рангпар тўлин ой ҳам менга ҳамроҳ бўлгиси келиб сузаётгандек туюларди. Бирдан юрагим ҳаприқиб кетди шунда. Мен тўсиқнинг нариги томонидаги, соқчилар ҳеч қачон қўриқлай олмайдиган озод ва нурафшон ҳаётни соғингандим. Тахта тўсиқдан сакраб ўтиб кетишдан зўрға ўзимни тийиб турардим. Биламан, тахта тўсиқ бўйлаб дам олдинга, дам орқага юриб турган соқчилар нафақат мени, ҳаттоки қушни ҳам тахта тўсиқдан ошиб ўтишга йўл қўймайди!

Мен ўзимни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбусдек ҳис этардим. Тўғри-да, бу ернинг қамоқхонадан нима фарқи бор? Ҳатто қамоқхонадан ҳам бешбаттар. Бешбаттарлиги шундаки, бу ердаги ҳаёт қамоқхонадагига ҳам ўхшаб, ҳам ўхшамайдиган, алоҳида қонун-қоидалари мавжуд бўлган, таъбир жоиз бўлса, йўлдан адашганлар тириклайин кўмилган тирик одамлар қабристони эди.

«Мана, қаноат қилмасликнинг оқибати! — дердим юрагим қон бўлганча ададсиз ўй-хаёллардан бошим ғовлаб, йўлак бўйлаб бориб-келарканман. — Мана, ниҳоясига етай деб қолган илмий ишни ташлаб, ҳовлиққанча етиб келган манзилим! Мени илмнинг уволи тутди!..»;

Ўз-ўзига азоб бериш ва бундан аллақандай ҳузур-ҳаловат туйиш касали менда ўша кунлари пайдо бўлганди.

Тўсиқ ёнидаги йўлак бўйлаб нақ йигирма марта у ёқдан бу ёққа бориб келганимдан кейингина баракка қайтдим. Бу вақтда иккинчи сменада ишлаётган шерикларимизнинг баъзи бирлари нормаларини бажариб ишдан қайтишарди. Темир тўшакда ётгандай, безовталанганимдан уйқум қочиб бедор ётарканман, ишга кетаётганларида шериклари билан бирга кетиб, қайтишда ёлғиз ўзи баракка кириб келган ишчиларни кузатиш асносида бир нарсага амин бўлдим: кўринмас Бейнинг иқтидори шунда эдики, у одамларни астойдил ишлатишнинг йўлини билади! Ишнинг оғир-енгиллигидан қатъий назар, белгиланган нормани кўп куч сарфлаб бўлса-да, қисқа фурсатда бажара солиб ётоқхонага қайтиш ҳар қандай ишчи учун қулай-да. Икки баравар ҳақ тўланиши эса нур устига нур!

* * *

Хаёл суриб ётганча кўзим илинган экан.

Бир маҳал аллақандай хирқираган товуш қулоғимга чалингандай бўлди. Тушим ёки ўнгим эканлигини англолмай ётарканман, хирқироқ товуш энди аянчли ингроқ бўлиб қулоғимга чалинди: «Вой жоним!.. Эссиз жоним!..»;

Кимдир алаҳлаяпти, деган ўйда индамай ётавердим.

Хона зим-зиё қоронғиликка чулғанган эди. Печнинг тафти пасайганидан хона ичи совуб кетган, ухлаётган бандалар ҳатто уйқуда ҳам совқотганларидан қунишибгина ётардилар. Бетартиб нафас олиш, хуррак тортиш, алаҳсирашлар хонани тутиб кетганди. Тош қотиб ухлаётган одамнинг худди афсус чекаётгандек чуқур хўрсинганига кўзингиз тушганми? Ёнгинамдаги ўринда ётган Нурали шунақа, уйқусида нимадандир афсус чекиб, чуқур хўрсиниб қўярди. Бир маҳал ҳалиги хаста овоз яна қулоғимга чалинди: «Ким бор?.. Муздай сув беринглар... Ичим куйиб кетяпти?..»; Бу энди шунчаки алжираш эмасди. Кимдир ёрдам сўраяпти.
— Нурали, — дея шеригимни уйғотдим. — Бировнинг мазаси қочдими, дейман.

Нурали шу заҳоти ирғиб ўрнидан турди. Қоронғида фақат бир-биримизнинг кўзларимизнигина кўриб турардик.
— Шам... Шам қаерда эди-я? Мен ҳозир...

Нурали пастга тушиб, пайпасланганча нари кетди. Ишчилар тунда ғаразли мақсадда электр токидан фойдаланмасликлари учун хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан электр симлари узиб қўйиларди. Зарурат туғилиб қолгандагина соқчилар чироқни ёқиб беришарди, бошқа пайтларда майда-чуйда ишлар учун ишчилар шамдан фойдаланишарди.

Эшик очилиб-ёпилди.

Бироздан кейин Нурали ғудранганча ёнимга келди.
— Шам ҳам, говурт ҳам ташқарида қолиб кетган экан, ёнмаяпти...

Икковлашиб уриниб бир амаллаб шамни ёқдик. Кейин липиллаётган шамни ухлаётган кишиларнинг юз-кўзларига тутиб, беморни қидирдик. Ниҳоят, топдик уни.
— Мажид ака, сизга нима бўлди?

Нурали ғужанак бўлганча қалтираб-титраб ётган кишининг устига энгашди.
— С-сув бе...р...р... — томоғи йиртилиб, товуш пайчалари лат егандай хирқироқ овозда гапирди Мажид ака.
— Ҳозир... — Нурали унинг пешонасига қўлини қўйди-ю, шу заҳоти: — Вой-бўй! Иситмангиз кўтарилиб кетибди-ку, ака! — деди.
— Яна... кўтарилибдими?..

Элликларга борган, сийрак сочлари қордек оппоқ бу одамнинг шу қадар тинка-мадори қуриган эдики, гапиришга ҳоли келмасди. Икки оғиз сўзни ҳам худди сувсиз қолган балиқдек оғзини катта-катта очиб, ҳансираганча сўзлаганди.
— Сизда иссиқни туширадиган дори йўқми? — деб сўради Нурали мендан.

Мен бош чайқадим.
— Дарвоқе, сизда қаёқданам бўлсин?.. Ўзи яқинда келдингиз-ку, — деди Нурали, кейин Мажид аканинг пешонасини силаркан: — Эҳ, Мажид ака! Кеча сизга айтувдим-ку, бир-икки кун ишга чиқманг, деб. Мана, оқибати! — деди афсус чеккандай бўлиб.
— С-сув-с... — дея ингранди Мажид ака.
— Сув олиб келайми? — деб сўрадим Нуралидан.
— Нималар деяпсиз?! Совуқ сув мумкинмас! Ҳой, кимда дори бор?! — бор овози билан бақирди Нурали.

Аллакимлардан: «Йўқ-қ»;, деган жавоб эшитилди. Кимлардир бемаҳалда безовта қилишганидан аччиқланиб болохонадор қилиб сўкинди. Аммо ҳеч ким ўрнидан турмади.
— Соқчини чақириб келайми? — дедим Нуралига.
— Фойдаси йўқ, — қисқа жавоб берди Нурали.
— Нега? Ахир... ҳеч бўлмаса... амбулаторияга...
— Даврон ака, кейин тушунтираман. Ҳозир жим туринг, — деди Нурали, овозидан асабийлашгани сезилиб турарди.
— Су-ув... Ичим... куй...ди...и... — Мажид ака тобора ҳолсизланаётган, нафас олиши оғирлашаётганди.
— Ҳой мусулмонлар! — дея қичқирди Нурали. — Бир бечоранинг аҳволи ёмон, турсаларинг-чи! Шундай вақтда бир-биримизнинг кунимизга ярамасак, нима қилиб юрибмиз бу дунёда?! Абдували! Ҳусан! Файзи! Ўлиб қолмадингларми мабодо?!

Шундан кейин бирин-сирин Мажид аканинг атрофига одам йиғила бошлади. Кимнингдир термоси бор экан, бир чашка чой берди. Яна бири дори... Бироқ дори Мажид акага кор қилмади. Азоб тортиб, қийналиб, оҳ-воҳ тортиб ётиб... тонгда жон таслим қилди.

Уни ўлади деб сира ҳам ўйламагандим. Совуқ ўтиб шамоллагандир, уч-тўрт кун ишга чиқмаса ўтиб кетади, деган хаёлда эдим шам тутиб тепасида турганимда. Буни қарангки...

Шу ёшга довур ўлимга бу қадар яқин келмагандим. Шунинг учунми, кутилмаган ҳол руҳиятимга фавқулодда ёмон таъсир қилди. Дард чекиб, азобдан қийналиб ётганида унинг пажмурда юзига қарашга асабларим дош берганди. Аммо... жони узилгандан кейин энди бу дунёга тегишли эмаслигини билдиргандай, ҳаддан ташқари кўкариб кетган юзига қарашга журъатим етмади. Дераза олдига бориб турдим.

Кимдир хабар берган чоғи, хонага аввал бригадир Матчонов, кейин Ҳаким Назаричнинг ёлғиз ўзи, Пўлат Дамирович эса икки соқчи ҳамроҳлигида кириб келишди. Ишчилар билан бошлиқлар ўртасида қисқа савол-жавоб бўлиб ўтди. Мажид аканинг нимадан ўлганлиги маълум бўлгач, Ҳаким Назарич Матчоновга юзланиб:
— Энди нима қилмоқчисизлар? — деб сўради.
— Нима қилмоқчисизлар? — Матчонов чақчайганча Нурали билан Ҳусанга қаради.
— Иложи бўлса, жасадини уйига юборсак бўларди... — деди Ҳусан Ҳаким Назаричга қараб.
— Уйига-я?! — Ҳаким Назарични четга суриб ўртага чиқди Пўлат Дамирович. Унинг чиройли юзи бўғриқиб кетганди.
— Ҳа, уйига, — такрорлади Ҳусан.

Бошқалар нафас чиқармай туришарди.
— Қандай қилиб?! — мавриди эмаслигига фаҳми етмадими ё атай қилдими, Пўлат Дамирович мазахомуз кулди.
— Самолёт билан...

Ҳусаннинг гапи чала қолди.
— Самолётда жўнатиш учун тўрт минг доллар керак! Топиб берасанми?! — Пўлат Дамирович Ҳусанга еб юборгудай тикилди.
— Иложини қилармиз... Ҳаммамиз пул ташлаб...

Кутилмаганда Пўлат Дамирович қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бу шундай ўринсиз, хунук кулги эдики, умрим бино бўлиб бундай шафқатсизликка дуч келмагандим.
— «Ҳаммамиз пул ташлаб?!.»; Қанча пулларинг бор ўзи? Менга ҳам бироз қарз бериб турсанглар, дегандим!

Шу чоғ Ҳусан бир қадам олдинга чиқди. Олдинга чиқаркан, унинг юзи оппоқ оқариб кетганди:
— Қанча керак?!

Шунда иккита бир-биридан чиройли, аммо қиёфаларида икки хил, бир-бирига ўхшамайдиган ифода кезинаётган йигит юзма-юз туриб қолишди.

Ҳусаннинг мулойим юзи оппоқ...

Лахча чўғдай ёнувчи кўзлари ғуссага тўла...

Пўлат Дамировичнинг хушбичим оқиш юзи айни лаҳзада қип-қизариб кетганди. Кўзлари шафқатсизлик билан ёнарди.

Шу чоғ:
— Гап бундай, — деганча уларнинг ўртасига суқилди Ҳаким Назарич. У ўзини кўрсатиш учун қулай вақтни пойлаб тургандай туюлди менга. — Мурда маҳтал бўлиб қолди. Сизлар расм-русумларингизни қилаверинглар. Бу ёғини биз ҳал қилишга уриниб кўрамиз.
— Мен ваъда бера олмайман, — деди Пўлат Дамирович кескин оҳангда. — Ҳаким Назарич, агар малол келмаса, ўз номингиздан ваъда беринг.
— Мен ҳали ҳеч кимнинг номидан ваъда берганим йўқ, — деди унга жавобан Ҳаким Назарич. — Фақат бир нарсани илтимос қилгандим. Мурданинг олдида шовқин кўтарманглар, яхшимас бу ахир!

Бошлиқлар бирин-кетин чиқиб кетишди.

Улар чиққан заҳоти хонада ғала-ғовур кўтарилди:
— Шўрликни қандай қилиб бўлмасин, уйига жўнатиш керак! Ўз тупроғига кўмилганга нима етсин?!.
— Ўзиниям йиғиб юргани бордир. Чўнтакларини қараш керак!..
— Конторадан, Ҳаким Назаричдан ёрдам сўраш керак. Ҳаким Назарич ёмон одаммас!..
— Э, ўлгандан кейин қаерга кўмишнинг нима фарқи бор? Кўмилдинг нимаю, кўмилмадинг нима?! Ўлдинг-ўчдинг! Бу дунёда йўқсан, тамом-вассалом!..

Боя, бундан бир неча дақиқа илгари бошлиқлар шу ердалигида жим турганлар энди гапга тушиб кетган, бир вақтнинг ўзида хонада неча киши бўлса, ҳаммаси гапирар, баланд овозда ўз фикрларини айтиб, шовқин соларди. Бироқ ҳал қилувчи сўзни ҳеч ким айтмасди. Фақат Ҳусан жим, муздай деворга суянганича ўтирар, юзи янада оқарган, айб иш қилиб қўйгандай, кўзларини ердан узмасди.

Кир-чир парда тўрлари орасидан булутли, аммо ниҳоятда совуқ куннинг маъюс ёруғи тушаётган дераза остидаги тахта каравотда эса Мажид ака ётарди. Гўё фоний дунёга тегишли эмаслигидан хотиржам бўлгандай унинг кўкимтир юзи сокин тортиб қолганди.
— Сиз нима дейсиз? — дея ёнимга келиб сўради Нурали.
— Иложи бўлса уйига юбориш керак.
— Бундай қилсак-чи, ҳаммамиз баҳоли-қудрат ўртага пул ташлаб, йиғсак-да, бир кишини вакил қилиб, конторага юборсак...
— Нурали, — дедим паст, аммо кескин оҳангда. — Масалага реал кўз билан қараш керак, менимча. Биз топганимизни йиғиб бердик, дейлик, — ёнингизда қанча пул бор ўзи?! — конторадагилар етмаганига қўшиб, мурдани (ё тавба, кечагина у Мажид ака эди-я!) уйига юборишга рози бўлишди ҳам дейлик; аммо ҳақиқатан ҳам мурда юбориладими ёки бирор хилват ерга обориб кўмиб ташланадими?! Ҳамма гап мана шунда!
— Йўғ-э? — ишонқирамагандек қаради Нурали. — Жуда бўлмаса уйимизга юборилаётган маош ҳисобидан...
— Бунчалик содда бўлманг, Нурали!
— Ахир, нимадир қилиш керак-ку!
— Қилиш керак. Лекин, очиғи, нима қилиш кераклигини мен билмайман, — дедим юрагим сиқилиб. — Яхшиси, бошқалар билан маслаҳатлашинг.
— Кўпчилик билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди, — деди Нурали куйиниб. — Ҳаким Назарич билан гаплашиш керак. Ёлғиз ўзи билан. У инсофли одам. Бирор йўл-йўриқ кўрсатишига ишонаман!
— Шундай қила қолинг...
— Иккаламиз бирга борамиз!

Рози бўлдим.
— Аммо бир шарт билан, — дедим Нуралига секин. — Ҳусан ҳам биз билан бирга боради.
— Қўйсангиз-чи уни, қўйинг-э, — деди Нурали овози ўзгариб. — У йўқ ердан жанжал чиқариб юради. Боя ҳам кўрдингиз-ку!
— Шундай бўлсаям... Ҳар қалай, у менга қараганда гапга уста...
— Майли, лекин кейин афсус чекмасангиз бўлди.
— Мажид ака касалмиди ё бирдан шунақа... бўлиб қолдими? — фурсатдан фойдаланиб сўрадим Нуралидан.

Чунки шу кунгача Мажид ака билан битта хонада яшаб келаётган бўлсак-да, у ҳақда исмидан бошқа ҳеч нарса билмасдим. Янглишмасам, бу ерга келган куним шовқин-сурон кўтарганча баракка кириб келган ишчилар орасида биринчи бўлиб мана шу Мажид аканинг кўзлари менга тушганди. Қордек оппоқ соч... пажмурда юз...
— Ўтган йилги қишда совуққа ўпкасини олдириб қўйганди. Иситмаси кўтарилиб, қув-қув йўталса ҳам ишдан қолай демасди. Ишга чиқмаган кун учун ҳақ ёзилмайди-да!
— Медпункт йўқми?
— Қаёқда! Бу йил ҳалиям бирнав. Ўтган йили мен келмасдан аввалроқ одамларимиз тутдай тўкилган экан. Совуқ-да. Тилсиз ёв бу! Бизни ҳеч ким бу ерга чақирмаган ишлаш учун. Шунинг учун тилимиз қисиқ! Аслида уларнинг бизга пул тўламасликка ҳам ҳақлари бор. Қонунан олиб қараганда! Аммо Ҳаким Назарич зўр одам! Шу кишининг шарофати билан ўзимиз бу ёқда бўлсак-да, бола-чақамизнинг куни ўтиб турибди.

Нуралининг Ҳаким Назаричга ҳурмати баланд эканлигини сездим. Менда эса бунинг акси, назаримда, Ҳаким Назарич ёқимли ниқоб билан ўз-ўзини пардалаб, бечораҳол, ўртамиёна бу кишилар сиғинадиган кимсага айланганди. Аслида эса бу одамни нафс алвастиси бу ерларда етаклаб юрибди. Нафс алвастиси қиёфасида юрган турк корчалони Ҳаким Назаричнинг ҳам, анави золим Пўлат Дамировичнинг ҳам жиловидан маҳкам тутган, энди ўзлари истаган тақдирда ҳам нафс алвастисининг чангалидан қутула олмайдилар, бунга кучлари етмайди, энди умрларининг охирига довур иккаласи ҳам нафс алвастиси етаклаган томонга қараб чопаверадилар, деган фикрда эдим.

Шундай қилиб, орадан чамаси икки соатча вақт ўтгач, уч киши — Ҳусан, Нурали ва мен конторага йўл олдик.

Биз кириб борганда худди атай қилгандек у ерда Пўлат Дамирович ўтирарди. Янглишмасам, Ҳаким Назарич иккаласи шошқол ўйнашарди.

Мен билан Нурали эшик олдида турдик, Ҳусан бир сўз демасдан бориб қўлидаги тугунчани стол устига қўйди-да, ёнимизга қайтиб келди.
— Бу нима? — шошқол доналарига тикилганча кулимсираб ўтирган Пўлат Дамирович бирдан жиддий тортиб, зардали оҳангда Ҳусандан сўради.

Ҳусан унга эмас, Ҳаким Назаричга қараганча жавоб берди:
— Пул. Уни қандай бўлмасин уйига жўнатиш керак!

Пўлат Дамирович ирғиб ўрнидан туриб қаршимизга келди-да, айнан Ҳусаннинг юзига юзини теккизгудай бўлиб важоҳат билан:
— Уни ахлатхонага ирғитиб юбориш керак! — деди.

Ҳусаннинг мушт бўлиб тугилган қўлидан қаттиқ сиқдим. Ҳар тугул, у ўзини босди.
— Пўлат Дамирович, мен бу кишилар билан гаплашиб олсам, дегандим, — деди Ҳаким Назарич ўрнидан туриб шошқол доналарини йиғиштираркан.
— Мен халақит бераманми? — сурбетлик билан сўради Пўлат Дамирович.
— Халақит бермайсиз. Бу масала барибир сизсиз ҳал бўлмайди. Ҳали олдингизга ўтаман, — Ҳаким Назарич ялтоқланиб гапирди.
— Овора бўлманг!

Пўлат Дамирович эшик томонга юрди.
— Бу ёққа, — Пўлат Дамирович чиқиб кетиши билан Ҳаким Назарич бизни стол ёнига чақирди. — Гап бундай, мен у ёқ-бу ёқни суриштирдим. Самолётда жўнатишнинг иложи йўқ. Очиғи, ташвиши кўпроқ бунинг. Яхшиси, поездда жўнатиш керак.
— Қандай қилиб? — сўради Нурали, у боядан буён Ҳаким Назаричдан кўз узмасдан тикилиб турарди.
— Бу ёқдан мол олиб кетаётганлар билан келишамиз-да, қўлига пулни бериб, бирортасининг гилам-палосига мурдани ўраб! — Ҳаким Назарич «қойилмисизлар?»; дегандай ҳар биримизга кўз югуртираркан қўшимча қилди: — Ҳам қулай, ҳам осон!

Менинг нафасим қайтди. Мажид аканинг мурдасини эмас, мени гиламга ўраб-чирмашаётгандай юрагим тез-тез уриб кетди. Шерикларим ҳам, айтидан, бундай «таклиф»;ни кутишмаган чоғи, юзлари ўзгариб, қарашлари маҳзунлашди.
— Бошқа йўли йўқми? — сўради Ҳусан.
— Йўқ.
— Шунақа... ҳожатбарор одам борми? — деди Нурали.
— Топилади.

Учаламизнинг нигоҳларимиз тўқнашди.
— Бегона юртда қолиб кетгандан кўра... — Нурали шундай деди-ю, гапининг ярмини ичига ютди.
— Бу ёғини ўзларинг ҳал қилинглар, — деди Ҳаким Назарич.
— Бўпти, деяверамизми? — Бир менга, бир Ҳусанга жовдиради Нурали.
— Бошқа иложи йўқ экан... рози бўлишдан ўзга чора йўқ, — дедим.
— Ҳусан...

Нурали савол назари билан қаради Ҳусанга.
— Майли, — деди Ҳусан бўшашиб. У бояги жаҳлдор йигитга умуман ўхшамай қолганди.

Мурдани соат ўн икки яримга тайёрлаб қўйишга ваъда бериб конторадан чиқарканмиз... қисматимни лаънатладим. Ваҳоланки, мен қалбан художўй эдим. Баъзи художўйларга ўхшаб қироатхон ёки ақидапараст эмасдим, иймон-эътиқод ҳақида ҳеч ерда маъруза қилмасдим, аммо тақдир, қисмат деган тушунчаларга ишонардим. Ҳар қалай, ич-ичимда худони тилдан қўймасдим. Айни лаҳзада эса эътиқод деб аталмиш қалъамга дарз кетган, мен на худога, на қисматга ишонардим...

Шу куни уч-тўрт киши ишга чиқмадик. Соат ўн икки яримга қадар баҳоли қудрат барча расм-русумларни адо этиб, марҳумни сўнгги манзилга тайёрлаб қўйдик. Тобутни олиб кетиш учун икки киши машинада келишди. Биздан ҳам икки киши станцияга бормоқчи эди, Ҳаким Назарич рухсат бермади. Шаҳарга чиқиш учун рухсатномамиз йўқлигини рўкач қилди. Буни ўзимиз ҳам билардик...

Кечқурун Ҳаким Назарич яна мени конторага чақириб, қўлимга бироз пул берди. Кейин ойлик маошимни кимнинг номига юборишимни сўради. Мен хотиним Саодатнинг манзилини бердим.

Эшикдан чиқаётиб, яна Пўлат Дамировичга дуч келдим. У ёнимдан ўтаётиб тағин мени туртиб ўтди. Унинг беписандлиги қонимни қайнатди, аммо тарози палласига қўйишса, қай биримиз посонгини босиб кетишимизга ақлим етганидан яна ўзимни босдим.

Ҳовлида менга таниш ўша йўлакда Ҳусан юрган экан. Ёнига бордим.
— Пул беришдими? — деб сўради у гўё ҳаммасини кўриб-билиб турган фолбиндай.
— Ҳа. Сиз қандай билдингиз?
— Шунчаки сўрагандим, сиз ростини айтдингиз-қўйдингиз, — деди Ҳусан чиройли юзига ярашадиган табассум билан. — Дарвоқе, пулингизга эҳтиёт бўлинг. Олғирлар ҳам йўқ эмас.
— Унчаликка боришмас.
— Ихтиёрингиз.

Ҳусан агар рўйхушлик берса, мен у билан гурунглашмоқчи эдим. Лекин Ҳусан мен билан гаплашишни истамагандек қўлларини чўнтакларига солганча нари кетди.

Кейинчалик ҳам мен уни ҳар қанча кузатиб, қўйнига қўл солиб кўрмай, у билан очиқчасига чин юракдан гаплаша олмадим. Ҳусан ҳеч қачон менга нисбатан манманлик қилмаган, суҳбатлашишдан бўйин товламасди, бизнинг гурунгларимиз йиғилса семизгина бир китоб бўлиши мумкин, аммо қанча гаплашмайлик, унинг гап оҳангида ваҳший қотилга хос шафқатсизликни сезмадим, у сўзлар экан, юзидан болаларга хос соддадил ва мусаффо табассум аримасди. Ва мен ҳар гал унга қараб туриб, шундай беозор йигит қанақасига қотил бўлсин, дея ҳайрон бўлардим.

Ҳусаннинг қўли қон қотил эканлигига ишонмаган бўлсам-да, унинг фолбинликдан хабари борлигига тез кунларда амин бўлдим. Мен Ҳаким Назарич берган пулни орадан икки кун ўтгач, ўғирлатиб қўйдим!..

Ким олганига сира ақлим етмасди, ҳатто кимдан гумонсирашни ҳам билмасдим. Назаримда, ҳамма ўзи билан ўзи оворадек, орамизда имонсизлар йўқдек туюларди. Шундай бўлса-да, пул ўғирланди. Мен бир неча кун, то шерикларим бу сирдан огоҳ бўлгунча тушликда оч қолдим. Ўша кунларда пул мен учун фақат тушликда зарур бўларди.

Юқорида, гап орасида қистириб кетгандим, агар эсингизда бўлса, қанақадир аёллар туш пайти келиб «пирашка-мирашка»; сотиб кетишлари ҳақида. Нари борса, ўттиз-ўттиз иккиларга кирган, мовий кўзлари шаҳло, малласочли бу аёллар ҳар куни тушлик вақтида саватлари билан қурилиш майдонида пайдо бўлишарди. Бир неча бор уларни гапга солишга уриниб кўрдим, аммо мен шохида юрсам, улар баргида юрадиганлар хилидан экан, тутқич беришмади. Нотўғри хаёлга борманг, менинг бор-йўғи мақсадим, улар билан гаплашиб, жилла қурса ўзимнинг қаерда эканлигимни билиб олиш эди.

Хатти-ҳаракатларимдан Файзи ҳам қандайдир бошқа маъно излаган шекилли, ўша кунларнинг бирида:
— Даврон ака, хафа бўлманг, булар ўзи шунақа, — деб қолди дабдурустдан. — Аввалига ўзларини тарозига солишади, чекинмасдан ҳужумга ўтаверсангиз, охири таслим бўлишади. Юз грамм қуйиб берсангиз, вообще роҳат-фароғатга кўмиласиз!
— Сиз мени нотўғри тушунибсиз, — дея энди гап бошлаган эдим, Файзи яна гапни илиб кетди.
— Ҳов анави киши бор-ку, — дея у қўлини қўшни бригадада ишлаётган ўрта яшар, тепакал, кўзлари олма териб турадиган Қадамбой оғага бигиз қилди. — Шу одам биттасига қармоқ солиб юрибди. Анови тиқмачоқдай хотин бор-ку, туяқушга ўхшаб лўкиллаб юрадиган, ўшани анчадан буён айлантираяпти. Менимча, уйланса керак.
— Лаққа балиқ ойимча ҳам осонгина қармоққа илинадиганга ўхшамайди, — дея орага гап қўшди Тошпўлат.
— Илинмай қаёққа борарди, ҳаммасиям эрсираб юрган мегажинлар! — деди Файзи.
— Ҳар қалай, кўчада қолганларидан бу ерга келмаётгандирлар, — дедим.
— Шунақалариям бор, ишонмасангиз кечқурун Қадамбой оғадан сўраймиз, у ҳеч нарсани яширмайди, — деди Файзи шахт билан.
— Шарт эмас.

Суҳбатимизга фақат Ҳусан аралашмади. У хаёл дарёсига ғарқ бўлганча ўй суриб ўтирарди.

Кечқурун ошхонада ўтирганимизда Файзи Қадамбой оғани столимизга бошлаб келди.
— Қадамбой оға, — деди Файзи бизларга кўз қисиб қўяркан. — Манави йигитларга анови лаққа балиқчангиз ҳақида гапириб бергандим, улар ишонишмаяпти. Шундай офатижон Қадамбой оғага қайрилиб ҳам қарамаса керак, дейишяпти. Ўзингиз гапириб беринг буларга!

Қадамбой оға деганимиз қойилмақом иш қилган одамдай керилганча стулга ўтираркан:
— Нега ишонишмайди? Нимага ишонишмайди? Нима, биз эркак эмасмизми? — деди ҳаммамизга бир-бир олазарак назар ташларкан.
— Нималар деяпсиз? — дея хитоб қилди Тошпўлат. — Биз фақат бир нарсага тушунмаяпмиз, тўғрироғи, ҳайрон бўляпмиз, шундай кўҳлик, ёшгина аёлни қандай қилиб ўзингизга қаратиб олдингиз? Биз гап отсак, қайрилиб ҳам қарамайди-да!

Ҳусан «пиқ»; этиб кулиб қўйди. Афтидан, у Тошпўлат таърифлаган «... кўҳлик, ёшгина аёлнинг»; ҳақиқий қиёфасини кўз олдига келтирди чоғи.
— Ҳа, бетайин, — эркалагандек Ҳусанни койиди Қадамбой оға, чамаси унинг кулгисини ишқибозлик оқибати, деб билди-ёв. — Сенларга шунақа гап бўлса!
— Тажрибангизни ўртоқлашинг, деяпмиз-да, — дея яна пишанг берди Файзи.
— Унга ростдан ҳам уйланмоқчимисиз? Тегаман, дедими?! — ишонқирамагандек сўради Тошпўлат.

Бу йигитлар Қадамбой оғанинг феъл-атворини обдон ўрганишган чоғи.
— Тегаман дейишга-ку деган, — деди шунда Қадамбой оға керилиб. — Мен таклиф қилмасимдан бурун ўзи оғиз солган. Фақат бир-иккита сабаб йўлимизга ғов бўлиб турибди-да.
— Қандай сабаб? Эри борми?!
— Йўғ-э. У томондан ҳеч қандай ғов йўқ. Фақат кафилликка олишга иккиланаётганини айтмаганда...
— А-ҳа, демак, у сизни кафилликка олиши керак? Шундайми? Шундан кейин конторадагилар унга уйланишингизга рухсат беришади, а, шундайми?
— Шундай, — Қадамбой оға бошини солинтирди.
— Осон экан-у, — деди Тошпўлат.
— Менинг у ёқда бола-чақам бор-ку, — деди шунда Қадамбой оға бошини кўтариб Тошпўлатга қараркан. — Бунга уйлансам, у ёқдан воз кечишим керак...
— Зато озодликка эришасиз. Худди Матчоновга ўхшаб! — атай тантанавор оҳангда гапирди Файзи.
— Шундай қилсаммикин?.. — Қадамбой оға кўзларини жовдиратди. — Тўғриси, бу ер тоза жонимдан ўтиб кетди! Аристон бўлиб аристон эмасмиз, ишчи бўлиб ишчи эмасмиз...
— Уйланганингиздан кейин лаққа балиқчангизга айтсангиз, сизни оламдан ўтди, деб хат ёзворади уйингизга...

Файзи майна қилишда давом этаркан, мен аста ўрнимдан туриб, даврадан сирғалиб чиқдим. Эшик олдига етганимда ортимдан «гур»; кулги кўтарилди. Йигитлар шафқатсизларча Қадамбой оғани мазах қилишни давом эттиришяпти чоғи.

Нафсиламрини айтганда, Қадамбой оғанинг гапида жон бор. Биз ҳақиқатан ҳам маҳбус бўлиб маҳбус эмас, ишчи бўлиб ишчи эмасмиз. Ишчи бўлсак, маҳбусдек тутқунликда яшамаслигимиз лозим. Маҳбус бўлсак, бизга иш ҳақи тўланмаслиги керак. Ким билсин, конторадагилар эҳтимол бизни иккала «унвон»;дан ҳам пастроқ ном билан рўйхатга тиркаб қўйишгандир? Умуман, рўйхатда бормизми?!

Одатдагидек, тўсиқ ёнидаги йўлакда кезиб юра-юра ҳовурим босилгандан кейин баракка кирарканман, жанжалнинг устидан чиқдим.
— Бу чориқ кимники?! Кимники деяпман?! — дея бақирарди Пўлат Дамирович бу вақтда ўзининг ҳамиша ялтираб турувчи этиги билан аллакимнинг ерда ағдарилиб ётган, титилиб кетган этигини зарб билан тепаркан.

Баракдагилар турган ерларида ҳайкал бўлиб қолишган, ҳеч кимдан садо чиқмасди.
— Кимники деяпман? Нима бало, тилларингни ютворганмисанлар?!

Пўлат Дамировичнинг овози шу қадар жарангдор эдики, баайни қулоқ пардасини тешиб юборарди.

Ҳамма жим.

Саволи жавобсиз қолганидан Пўлат Дамирович баттар аччиқланди, юзи бўғриқди.
— Сизникими?! — дея дўқ аралаш сўради у ўзига яқинроқ турган кишидан.
— Йўқ, йўқ, мана менинг этигим, оёғимда турибди, — деди жонҳолатда ҳалиги киши ва шоша-пиша ортига тисарилди.
— Сизникими?! — Пўлат Дамирович яна бир кишига юзланди.

Шу пайт хона тўридан:
— Меники! — деган дағал овоз эшитилди.

Ҳамма ўгирилиб ўша томонга қаради. «Ҳусан!»;

Ҳусан хона тўрида бутини керганча бир пой этиксиз турарди.

Рақибининг қон томиридан тишлашга шайланган ўқилондай ғоз турган Пўлат Дамирович сезиларли даражада сесканиб тушди.
— Этик меники, — деди Ҳусан энди босиқ овозда. — Хўш, нима бўпти шунга?
— Нега у бу ерда ётибди?!
— Қаерда ётса ётавермайдими, ахир у пойабзал-ку, — деди Ҳусан кулимсираганча.
— Ҳой бола! — Пўлат Дамирович унинг устига бостириб борди. — Нега менинг жиғимга тегмоқчи бўляпсан?
— Мен сизга бир нима дедимми? — деди Ҳусан бир туки ҳам қилт этмасдан.
— Ахир, мен унга қоқилиб кетдим. Йиқилиб тушишим ҳам мумкин эди!
— Йиқилиб тушмаслик учун ерга қараб юриш керак! Ёки бўлмаса... — Ҳусан қизиқ гап айтмоқчи бўлгандек ён-верига қувноқ нигоҳ ташлади. — Ёки бўлмаса, эшикдан аввал соқчиларни киритиш керак. Улар йўлингизни тозалаб...
— Соқчи!!! — дея қичқирди Пўлат Дамирович.

Ҳолбуки, унинг бақиришига асос йўқ эди. Иккала соқчиси ҳам унинг ёнида эдилар, Пўлат Дамирович тўхтаса тўхташарди, юрса юришарди.
— Қўрқоқ! Уни қаранглар, қўрқоқлигидан ҳар доим соқчилар билан бирга юради! — дея бақирди Ҳусан ҳам овозини кўтариб.
— Штабга олиб боринг! — ғазаб билан буюрди соқчиларга Пўлат Дамирович ва отилиб хонадан чиқди.

Икки соқчи Ҳусанни қўлтиғидан тутиб ташқарига судради...

Барак сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди.

Анча вақтгача ҳеч кимдан садо чиқмади.

Ҳамма Пўлат Дамировичнинг бостириб келиб қолишидан хавотирда, юрак ҳовучлаганча эшикка тикилиб турарди.

Ниҳоят, хатарли дақиқалар ортда қолди. Пўлат Дамирович қайтиб келмади. Ҳолбуки, ҳали у йўқлама қилишга улгурмаганди. Пўлат Дамировичнинг кутилмаган бир вақтда хонага Азроилдай бостириб кириб шахсан ўзи йўқлама қиладиган одати бор эди. Йўқлама чоғида ҳамма хонада бўлиши шарт эди. Акс ҳолда, бошига бало ёғиларди. Пўлат Дамирович йўқлама вақтида хонада бўлмаган кишини «Штаб»;га чақириб олиб, тинка-мадори қуригунча тергов қиларди. Унинг гоҳ илмоқли, гоҳ тутуриқсиз, бемаъни саволларига сабр-тоқат билан жавоб берганлар хийла осон қутулардилар. Саркашлик қилганларнинг шўри қурирди.

Маълум бўлишича, ўша кеч Пўлат Дамирович одатдагидек йўқлама қилиш учун баракка келган ва остона ҳатлаган заҳоти ерда ётган бир пой этикни кўрмасдан қоқилиб кетган экан.
— У атай этигини ўша ерда қолдирган, — деганди Нурали менга ўшанда шивирлаб. — Шу болага тушунмайман, ўлай агар! Башарасига қарасанг, мусичадай беозор, лекин ҳар доим Пўлат Дамировичнинг жиғига тегиш пайида бўлади!
— Уни ёқтирмаса керак, — дедим менам паст овозда.
— Ёқтирмаса шунақа қилиш керакми? — ҳайрон бўлиб қаради Нурали. — Ўзига-ўзи жабр қиляпти-ку!
— Ҳа, тўғри, — дея унга ён бердим.

Шу пайт кимдир:
— Ҳусанни олиб келишяпти! — дея хабар берди.

Ҳушёр тортдим.

Икки дақиқа ҳам ўтмасдан бояги икки соқчи Ҳусанни қўлтиғидан тутиб судраганча хонага олиб киришди ва шундоқ остонага ташладилар-у, бир сўз демасдан чиқиб кетишди.

Бир зумда Ҳусаннинг атрофида одам тўпланди.
— Нима бўлди? Боплашдими?
— Таъзирингни едингми?
— Бошқа бундай ҳазил қилмассан энди?

Савол устига савол ёғилди.

Бироқ Ҳусандан садо чиқмади. У беҳуш эди. Юзи қонталашган, бўйни, билаклари моматалоқ, чап қошининг ёрилган жойидан қон сизиб оқарди.

Нурали икковимиз уни тўшагига олиб ўтдик.
— Шу болага ҳеч ҳам тушунмайман, — дея яна такрорлади Нурали Ҳусаннинг ёнида ўтирганимизда. — Пўлат Дамировичнинг феълини била туриб унинг ғашига тегади. Этикниям атай йўл устига қўйган, бугун Пўлат Дамировичнинг шахсан ўзи йўқлама қилишини биларди-да.

Ҳусаннинг юзига термилдим. Қўлимиздан келганча унинг яра-чақаларига малҳам дори сурган бўлсак-да, жони азобда эканлиги бужмайган юзидан сезилиб турарди.
— Шу йигит ҳақиқатан ҳам одам ўлдирганига ишонасизми? — деб сўрадим паст овозда Нуралидан.
— Ким билсин, — деди Нурали ўйчанлик билан. — Мулоҳазали йигитга ўхшаб кўринади менга.
— Менга ҳам шундай...
— Эҳ! Одамзод ўзини-ўзи фош қилмаса унинг қандайлигини билиш қийин, — деди Нурали.

Шу кеча биз галма-гал Ҳусанга қараб чиқдик.

Эрталаб Ҳусан қовоқ солганча ўрнидан туриб ишга жўнади.
— Уч-тўрт кун ишга чиқмай турса бўларди, — деди Нурали унинг ортидан қараб қоларкан. — Кеча тиззасига кўзингиз тушганмиди?
— Моматалоқ эди...
— Тиззаси синмаса ҳам мундайроқ бўлган. Ҳозир иссиғида сезмаётгандир. Тағин бир балони орттириб олмасин.
— Оқсоқланиб юришига қараганда оғриқни сезяпти. Лекин кимгадир ўчакишгандай, атай ўзини-ўзи азоблаётганга ўхшаяпти... Менимча, Пўлат Дамировичнинг раҳмини келтирмоқчи!
— Ҳув анави этикни кўряпсизми? — Нурали печка ёнида турган бир жуфт яп-янги этикни кўрсатди.
— Ҳа. Дарвоқе, бу этик кимники?
— Камолиддин деган йигитники.
— Ўлганми?
— Йўғ-э, нималар деяпсиз? Камолиддин тирик, тўғриси, охирги марта кўрганимизда тирик эди. Ким билсин, ҳозир қаерда, қай аҳволда экан? Эшитишимча, уни Ҳаким Назарич ўз паноҳига олганмиш...
— Унга нима бўлган ўзи?
— Ҳа, дарвоқе... Камолиддиннинг асли касби рассом бўлган. Рассомчиликдан омади юришмаганидан кейин ўзини қора ишга урган. Ўртоғи билан ўн тонна пиёзни КамАЗга ортишгану «Қайдасан, Россия?!»; деб йўлга чиқишган. Таможнийдан қочиб «чёрний ход»; орқали юрамиз деб ўрмонда адашиб қолишган. Бу ернинг ўрмонларини биласиз-ку. На боши, на кети бор! Бунинг устига, машина бузилиб қолган. Бир ҳафтача машина ичида жон сақлашган. Йўлга олган озуқаларини еб битиришгандан кейин аҳволлари оғирлашган. Кун совуқ, ҳамма ёқ қор. Қўлларида компас бўлмаса?! Пиёзни совуқ уриб чирий бошлаган. Бундан иккаласи янада даҳшатга тушишган. Ахир, ўн тонна пиёзнинг пулини бировдан олишган! Бир ерда ўтираверсак, биров келиб бизга ёрдам берармиди, дейишиб, охири машинаниям, пиёзниям ташлаб пойи-пиёда йўлга тушишган. Икки кун йўл юриб мундоқ қарашса, яна ўша ерда, ўзларининг КамАЗларининг олдида туришган! Егуликлари бутунлай адо бўлган, қоринлари оч, силлалари қуриган... Ўртоғи сув ўрнига ҳам, овқат ўрнига ҳам қорни каппалайверган. Камолиддин музлаб қолган пиёзнинг муртагини кавшаган. Бутунлай ҳолдан тойганларидан кейин кун-туннинг фарқига бормай қолишган. Ўртоғи шамоллаб қолиб, ўша ерда оламдан ўтган. Шундан кейин Камолиддин оёқлари музлаб қолганига қарамасдан эмаклаганча йўлга тушган. «Энг ёмон ўлим очликдан тиришиб ўлиш экан, — дерди Камолиддин шу ердалигида. — Ўлимни кутиб яшаш эса ундан ҳам оғир экан. Мен ўлаётганимни сезмаслик учун ҳам эмаклаб йўлга тушдим. Эмаклаб кета туриб жоним чиқиб кетганини сезмай қолсам зора, деб ўйлардим...»; Камолиддин ўзининг қанча йўл юрганини эслай олмасди. «Ҳушдан кетганимни эслайман, — дерди у яна. — Мен буни ўлим дея ўйлаганман. Ўляпман. Ўлим шунақа бўларкан-да? Дарвоқе, бу ҳолат ўлим бўлса, Азроил ҳазратлари қани, дея таажжубланганим ҳам яхши эсимда»;. Хуллас, музлатилган гўштдай яхлаб ётганида уни Ҳаким Назарич топиб олган экан. Аввал шу ерга олиб келган. Аҳволи оғир эканлигини билганидан кейин уйига олиб кетган. Шўрлик Камолиддиннинг иккала қўлию оёғини совуқ уриб кетган экан, дўхтирлар кесиб ташлашга мажбур бўлишган... Ҳаким Назарич унга уйига қайтиши учун қанча ёрдам керак бўлса, аямаслигини айтган, лекин Камолиддин кўнмаган. «Бу аҳволда уйга борганимдан кўра, ўлганим яхши. Агар чиндан яхши одам бўлсангиз, дўхтирларга айтинг, укол биланми, заҳар биланми мени ўлдириб қўя қолишсин!»; — деб илтимос қилган. «Мен узоқ яшашни орзу қилардим, лекин бу аҳволда эмас! Ҳозир менинг ғўладан фарқим йўқ. Гапирувчи ғўла!.. Жонли ғўла!..»; — дея йиғлаган... Ҳаким Назаричнинг ўша йигитга қандайдир меҳри тушган экан. Уни уйига олиб келган. Бошқалар бу меҳрибонлик боисини сал бошқачароқ таърифлашади, эмишки, Ҳаким Назарич ўрмонда қолиб кетган КамАЗни ими-жимида ўзиники қилиб олгани учун инсоф юзасидан Камолиддинни паноҳига олган! Менимча, бу бўлмағур гап. Агар Ҳаким Назарич бу қадар саховатли одам бўлмаганида ҳам КамАЗга эгалик қиларди, ҳам... Камолиддинни ими-жимида тинчитиб қўя қоларди! Шундайми? Ҳаким Назарич эса бундай қилмайди (мен ишонаман, бундай қилиш унинг хаёлигаям келмаган! Бемаъни гапларни эса ғийбатчилар ўйлаб топишган. Унақалар кўп бу ерда. Ҳали ўзингизам сезиб оларсиз. Ҳаммаси аламзада!). Камолиддинни уйига олиб келади. Хотинининг унчалик рўйхушлик бермаганига ҳам парво қилмайди. Лекин Камолиддин бу ерда ҳам безовта бўлаверади. Икки марта аравачасида қочиб кетишга уринади.

Бахтга қарши, икки мартаям Ҳаким Назаричга дуч келади. Ҳаким Назарич ниманидир уйида қолдиргани эсига тушиб ярим йўлдан ортига қайтаётган бўлган. «Агар Ҳаким Назарич келиб қолмаганида ўзимни машина тагига ташламоқчи эдим»;, деганди Камолиддин бизга. Ҳаким Назарич унинг сиқилаётганини сезиб кунларнинг бирида Камолиддинни шу ерга олиб келади. Шу куни Камолиддин Ҳаким Назаричнинг уйига қайтиб бормайди. Унга бу ер ёқиб қолган экан. Дастлабки кунданоқ биз билан баракда яшай бошлади. Ҳаким Назарич конторадан хона таклиф қилганида кўнмади. Ниҳоятда жиддий, ақлли йигит эди у. Анови бир жуфт этикни атай каравотига қўйдирган. Лекин сабабини айтмайди. Бир-иккитаси ўсмоқчилаб сўраган экан: «Ақлингни ишлатсанг, сабабини билиб оласан!»; — деб жавоб берибди. Бу билан у бизларга ниманидир таъкидламоқчи бўляпти, ақлли йигит дейман-ку, бунинг устига, рассом! Лекин ҳозир сал ғалати бўлиб қолган...
— Қани ўзи? Нега мен кўрмаяпман уни?
— Сиз келмасингиздан сал аввал шамоллаб қолганди, Ҳаким Назарич уни уйига олиб кетди. Ҳадемай яна келиб қолса керак.
— Ё тангрим! — деб юбордим беихтиёр.
— Кайфиятингиз бузилдими?
— Ундан баттар.

Нурали индамади.

"Қаерга келиб қолдим ўзи?! — дея хитоб қилдим хаёлан ўзимча саф қаторида қорни ғарч-ғурч қилганча иш майдони томон кетарканман. — Шўрпешона одамлар тўдаси зўрлик билан келтирилиб тўпланган ва мажбурий меҳнатга жалб этилган бу макон қамоқхона эмаслиги кўриниб турибди. Ҳар бирининг зилдай оғир ўтмиши бўлган бу одамлар ҳам аллақандай жиноятчилар эмас, тирикчилик туфайли йўлдан адашган кимсалар эканлиги пешоналарига урилган тамғадек юз-кўзларида яққол акс этган — бу, айниқса, уларнинг иш деса ўзларини томдан ташлашга тайёр эканликларидан, қўшимча даромад эвазига жонларини жабборга бериб икки-уч сменалаб ишлашларидан ҳам кундай равшан; муаммо — бу одамлар устидан ҳукм юргизиш ҳуқуқига эга бўлган анови «ноёб»; шахсларнинг ким эканликларида, иш юритишнинг бундай, яъни таъбир жоиз бўлса, иблисона системасини қандай ўйлаб топганлари-да!

Ахир, бу ердан ҳатто қамоқхона ҳам афзал-ку. Ҳар қалай, у ерда нима учун жазоланаётганинг ёки мажбурий меҳнатга жалб этилганинг сабабини биласан. Қисқаси, сен у ерда қайта тарбияланяпсан! Бу ерда-чи? Маҳбус эмассан, бироқ маҳбусдек кун кечирасан. Ҳатто энг кучли тартиб-қоидага асосланган қамоқхонада ҳам инсоннинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари бу қадар поймол этилмаган. Касал бўлсанг, касалхонага юборишади, ҳар қалай! Бу ерда-чи? Олий маълумотли шифокор у ёқда турсин, олти ойлик курсни битирган тиббиёт ходими бўлганда ҳам шўрлик Мажид ака тирик юрармиди? Алам қиладигани шундаки, бу ерда инсонга инсон сифатида эмас, ишчи кучи сифатида қаралиши, яроқсиз бўлиб қолганидан кейин бир марта ишлатиладиган идиш сифатида ташлаб юборилиши!.. Ахир Тангри инсонга коинот гултожи сифатида қараган, шунинг учун ҳам инсонни барча бошқа тирик мавжудотлардан мукаммал қилиб яратган эмасми?"

Ўй-хаёлларим адоқсиз эди. Икки одам зўрға сиғадиган сўқмоқдан саф қаторида кетиб борарканман, бу йўлнинг янада узоқ-узоқларга чўзилишини истардим, шу билан бирга айни замонда хаёлларим ғарч-ғурч қилаётган қорнинг кумуш зарраларидек ҳар томонга сочилиб кетмаслиги учун дунёнинг нариги бошига ҳам пиёда боришга-да рози эдим. Бироқ шу кичкина орзунинг ҳам умри қисқа эди. Биз манзилга етиб келгандик.
— Ҳамма иш жойига! — Матчоновнинг буйруғи янгради. — Имилламасдан, гап-сўзга чалғимасдан чаққон-чаққон ишланглар. Ўн беш кун ичида иккинчи қаватни топшириб, учинчи қаватга ўтишимиз керак!
— Ойликдан дарак борми? — кимдир луқма ташлади.
— Ҳафта охирида конторага кириб олишингиз мумкин, — дея жавоб бера бошлади Матчонов. — Лекин аввал нормани бажарганлигингиз тўғрисида мендан справка олишингиз керак. Ана шундан кейин навбатингизга қараб маош оласиз!
— Нормани икки-уч баравар қилиб бажариб қўйганмиз. Лекин навбатимиз келмаяпти-да! — деди ҳалиги кимса.
— Сабр! Сабр! Сабр!

Матчонов шундай деганча нари кетди.
— Сабрнинг ҳам уйи куйсин. Роса носнинг хумори тутяпти-да. Ларискадан сотиб олай десам пул йўқ. Носингдан бир кафтгина бериб тур, Ғиёс! — дегани эшитилди ҳалиги кимсанинг.

Ҳа, нега кулгингиз келяпти? «Нос»; деганимгами? Бу ерда нос нима қилади, демоқчисиз-да. Афсуски, шундай. Бу ерда нафақат носни, балки бошқа керакли нарсаларни ҳам сотиб олишингиз мумкин. Ҳар куни тушлик маҳали келадиган сотувчи аёлларга «заказ»; берсангиз бас, эртаси куниёқ айтганингизни муҳайё қилишади. Фақат нархи осмонда бўлади.

Сотувчи аёллар ҳар хил қимматбаҳо кийимларни ҳам олиб келишарди. Бу нарсалардан фақат қишлик иссиқ кийимларгина яхши кетарди. Жонидан совуқ ўтган бандалар қанча пулга бўлса-да, шартта кўзларини юмиб олишарди. Бошқа буюмларга ортиқча нарсадек қарашарди. Тамаки маҳсулотлари харидоргир эди. Онда-сонда сотувчиларнинг уддабуронлиги туфайли ароқ ва винодан ҳам оз-моз баҳраманд бўлиб қолардик. Умуман олганда, одамзод бор экан ва у одамлигича қолар экан, нафс йўлида ҳар қандай ишни амалга оширишнинг иложи топиларкан.

Нима учун бундай деяпман, биласизми, у ерда... нима десам экан... Хуллас, хотинлар масаласидаги муаммони ҳам, ҳар қалай... имкон қадар ҳал қилса бўларди. Бу борадаги қийинчиликни аёл киши зиммасига олишга тўғри келарди, агар иккала томон ўзаро келишиб, дил-дилга тўғри келиб қолган бўлса бас. Қулай жой топиш, соқчиларни кўндириш аёлнинг иши, бу ишлар учун кетадиган харажатни эркак ўз бўйнига олади. Қарабсизки, бир-бирига талпинган диллар орзуси ушалади...

Лапас деган дурадгор бўларди. Ниҳоятда хотинбоз эди. Буни ҳеч кимдан яширмасдиям. Яқинлашсангиз бас, хотинлар ҳақида гап очарди. Аввалига ўйнашларини бирма-бир санаб берарди, яна денг, номма-ном, ҳатто ўйнашларининг ишхоналарини ҳам тилга оларди. Жазманларининг бири билан унинг ишхонасида ишрат қилган экан-да.

Ёши элликни қоралаб қўйган, сочи тепадан тўкилгани боис, боши гиёҳ ўсмайдиган тақир тепаликдай ялтираб қолган, жиккаккина бу одам ўзини Дон Жуан қилиб кўрсатишдан уялмасди. Иккита гапининг биттаси, албатта, хотинлар ҳақида бўларди. Ҳатто энг «қалтис лаҳза»;лар ҳақида ҳам у бемалол, тортинмасдан, батафсил сўзларди; сўзларкан, суҳбатдошнинг нигоҳида аллақандай (мазахли, кинояли ёки нафратли, фарқи йўқ) ифодани пайқаб қолса бас, шартта гапини келган ерида тўхтатиб: «Кичкина деманг бизни! Кичкиналар чаққон бўлишади. Аёлларга айнан кичкиналар ёқади!»; дея писанда қила кетарди. Улфатларини ишонтириш учун сотувчи аёллардан бири (исми Тошка эдими-ей, биз уни орқаворатдан Кошка деб атардик) билан танишиб, роса унинг бошини айлантирган, ҳатто: «Сенга уйланиб, шу ерларда умрбод қоламан!»; деб ваъда берган, бечора қиз ўттиз тўққизга кирган бўлса-да, ҳали турмушга чиқмаган экан, дарров рози бўлибди. Соқчи йигитлардан бири Тошканинг узоқроқ қариндоши экан, анча-мунча пул ва русларнинг машҳур қишлик пойабзали — икки жуфт вальенка эвазига «севги оташида юрак-бағри кабоб бўлган ошиқ»;нинг тахта тўсиқдан ошиб ўтганини «кўрмай қолган!»;.

Лапас дурадгор шу кетганча бир сутка қорасини кўрсатмаган. Бу ёқдагиларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг энди. Ахир, баъзилари икки йиллаб хотин кўрмай юрган эркаклар-да!

Бир суткадан кейин Лапас дурадгор қайтиб келган ва ...га тўйган хўроздай ғўддайганча шерикларининг сўлагини оқизганча мақтана бошлайди: «... шўрлик Тошка ҳали қиз экан... роса қийналди ўзиям... Эрталаб қарасам, типирчилайвериб гилам патларини юлиб ташлабди... Менга жин урармиди?.. Мунақа ишлар чикора! Ҳадисини олволганмиз-да, ҳадисини... Аммо биринчи марта... ҳаммага ҳам қийин-да!»;

Лапас дурадгор жуда келиштириб, ўрнига қўйиб сўзларди, нозик «саҳна»; тафсилотларини шу қадар тиниқ тасвирлардики, тингловчи бечоралар беихтиёр бир гувраниб олишарди. Иш вақтида Тошка қурилиш майдонида кўриниши билан ҳамма Лапас дурадгорга ҳавас билан қарар, ўзаро им қоқишиб, пичир-пичир қила бошларди. Лапас дурадгор буни сезарди, ҳатто баъзи пичир-пичирлар қулоғига ҳам чалинарди, лекин нима учундир баракдалик вақтидагидек бу ҳолдан ёйилиб кетмас, аксинча, ҳар хил гап-сўзларни эшитмасликка олар, у бригададан нариги бригадага ўтиб «мол»;ини реклама қилиб юрган Тошка томонга эса умуман қарамасди, гўё уни кўрмаётгандай, бош кўтармасдан ишлайверарди.

Ўзини ҳеч қачон толиқмайдиган, тиниб-тинчимас «тўшак қаҳрамони»; қилиб кўрсатган Дон Жуанимизнинг сири сал кейинроқ фош бўлди. Шўрлик қариқиз Тошканинг дугонаси, иш бошқарувчимиз Ҳаким Назаричнинг хотинига ота томонидан узоқроқ қариндош бўлган, шунинг учун бошқаларга қараганда бу ерларга бемалол кириб-чиқиб юрадиган Ларисканинг гапига қараганда (у бу гапларни Қадамбой оғанинг «навниҳол»; севгилисига куйиб-пишиб гапириб берган экан), «... бу Лапас дурадгор деганлари ғирт импотент экан-ку! Тошка шўрликни роса овора қилибди-да. Тошкага жуда қийин бўлди-да. Шу билан унга иккинчи марта мижози заиф эркак дуч келди. Омадсизлигидан куйиб кетяпти бечора. Бирорта манаман деган ўртоғи йўқмикан? Тошкани таништириб қўярдик. Шу ерда қолишга рози бўлса, бирорта дурустроқ иш топиб берардик...»;

Бу гаплар оғиздан-оғизга ўтиб кўпчиликка маълум бўлгач, Лапас дурадгорнинг атрофида одам тўпланмайдиган, унинг олдида хотинлар ҳақида умуман гап очилмайдиган бўлди. Шўрлик дурадгор аслида импотент экан-у, атайлабдан ўзини Дон жуан қилиб кўрсатаркан. Ким билсин, балки бу ҳам бир касалликдир?.. Ларисканинг таклифига эса негадир талабгорлар топилмади. Лапас дурадгор бўлса, бир қанча вақт ўзини ҳолдан тойган одамдек кўрсатиб юрди-да, алоҳа кунларнинг бирида ўз-ўзидан шикоят қилиб қолди: «Нимагадир ўзимни ёмон сезадиган бўлиб қолдим. Илгари бир вагон кўмир туширсам ҳам бунчалик чарчамасдим. Бу ернинг хотинлари ёмон касалликка чалинмаганмикин?..»;

Шундан кейин Лапас дурадгор оғир хўрсиниб қўйди:
— Ёмон касалликка чалиниб, бор бойлигимдан айрилиб қолмай тағин...

Унга жавобан ҳеч ким индамади. Ҳамма нигоҳини олиб қочарди негадир...

Хуллас, ўша куни адоқсиз ўйлар гирдобидан чиқа олмай, ўзим билан ўзим овора бўлиб қолганимдан ишни ҳам ёлчитмадим.
— Бўғирсоқ сотадиган аёл келяпти, тушлик қиламизми? — деб қолди бир маҳал Ҳусан.

Кечаги калтакдан кейин у бир оғиз ҳам гапирмаганди.
— Майли, — дедим қўлимдан қўлқопимни ечарканман.

Шу вақт бино ичкарисида аллақандай шовқин-сурон, безовталик сезилди.
— Нима бўлдийкин? — дедим ўша томонга синчиклаб тикиларканман.
— Ҳозир анови Бўғирсоқдан сўраймиз-да, — деди Ҳусан яқинлашиб қолган сотувчи аёлга ишора қилиб.

Файзи билан Тошпўлат ҳам ишни ташлаб ёнимга келишди. Уларнинг ҳам икки кўзи қурилиш майдонида эди.
— Бир фалокат бўлди-ёв, — деди Файзи.

Ҳусан сотувчи аёлдан тушликка керакли озиқ-овқатимизни сотиб оларкан, уни саволга тутди. Афсуски, аёл ҳам у томонда нима содир бўлганини айтиб беролмади. Шундан кейин биз шоша-пиша тик турган ҳолда бўғирсоқларимизни баҳам кўрдик-да, ҳаммамиз биргаликда қурилиш майдони томон йўл олдик.

Яқинлашганимиз сайин қулоғимизга шовқин-сурон аниқроқ эшитила бошлади. Аллаким жон аччиғида дод-фарёд қиларди.
— Алишер деган бола тепадан йиқилиб тушибди, — деди ғуж бўлиб турган оломон орасидан сирғалиб чиққан Нурали кайфиятсиз тарзда.
— Алишер... болам, ўзингни қўлга ол. Қўрқма, хавфли тушмадинг... Тиззанг сал... дарз кетибди... — дерди элликлардан ошган бир киши чалқанча ётганча оҳ чекаётган йигитнинг устига энгашган кўйи.

Бу киши Алишернинг отаси эди. Ота-бола деярли ҳеч кимга қўшилмасдилар. Даромаднинг ҳаммаси ўзларига қолиши учун тўрт киши бажариши лозим бўлган ишни иккаласи зиммаларига олишган, шунинг учун бош кўтармасдан тиним билмай ишлардилар.

Ўғил ҳали жудаям ёш, нари борса йигирмаларга борганди. Биласизми, Тангри алоҳида меҳр, бетакрор ва беадад истеъдод билан бениҳоя гўзал қилиб яратган одамлар бўлади бу дунёда. Бундай одамларга қараб туриб: «Тавба, шунчалар ҳам бекаму кўст ҳусн бўладими?»; — дея беихтиёр ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Алишер ана шундай ниҳоятда кўркам йигитча эди. Унинг бирор марта сўкинганини эшитмагандим.

Оғир-вазмин, ақлли эканлиги чақнаб турган беғубор кўзларидан шундоқ сезилиб турарди. Ҳолбуки, бу ёшдаги йигитчаларнинг кўпчилиги енгилтак, ўйинқароқ бўлишади. Ахир эрта-ю кеч бош кўтармасдан ишлаш ҳамма ёшларнинг қўлидан келмайди. Бунинг учун қанчалар сабр-бардош, куч-қувват керак. Қизларни музқаймоқ билан сийлаб, тунги барларда, дискотекаларда асов отдек ирғишлаб сакраш, кайфу сафо қилиш кимга ёқмайди? Алишер бундай «лаззат»;лардан маҳрум бўлган, муштдай бошидан меҳнатга ўзини урган йигит. Бундайлар ишлаганда алам билан, худди бировга қасд қилгандай, ишлашади. Менимча, болалиги оғир қийинчиликлар билан ўтган одамлар ана шундай ашаддий меҳнатсевар бўлишади. Пулни мўлжалдан сал кўпроқ тўлаб қўйишса бас, ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, жонларини жабборга бериб ишлашади.

Алишернинг отаси Каримбой ака ҳам оғир-вазмин, камгап киши эди. Ўғлининг ёнидан бир қадам ҳам нари кетмасди. Кечқурун суҳбатларга умуман қўшилмасди. Ўғлини ҳам ўзидан бошқа бирор киши билан гаплашишга қўймасди. Шўрлик ота ўғлининг тарбияси бузилиб кетишидан чўчирди чоғи. Иш вақтида эса бир-бирларини шунчалик авайлашардики, кўриб беихтиёр ҳавасингиз келарди. Оғирроқ юкни кўтаришга тўғри келса, бу вазифани, албатта, Каримбой ака ўз бўйнига оларди. Мен бир неча марта уларнинг тортишиб турганининг гувоҳи бўлгандим. «Ота, шу ишни менга беринг, одамни уялтиряпсиз, ахир!»; — дея зорланарди Алишер. «Нима, мени қариб қолди, деб ўйлаяпсанми? Нари тур! Ҳали сенга ўхшаган йигитларнинг тўрттасининг кучи бор менда. Ё пирим!»; дея Каримбой ака юкни орқалаб жўнайди. Юкни кўтараётганда унинг совуқ урган юзи ғижимланган қоғоздек буришиб кетади.

Ўша меҳрибон отанинг азиз дилбанди айни замонда ерпарчин бўлиб ётарди.
— Баракка обориш керак! — деди кимдир.
— Матчоновдан рухсат сўраш керак аввал. Бўлмаса балога қоламиз!
— Алишер, болам, ке, елкамга қўлингни қўй...

Каримбой ака қор устига чўк тушиб энгашганча инқиллаб ётган ўғлига елкасини тутди. Юзи қордек оқарган Алишер бир-икки интилди, лекин нима учундир гавдасини ердан уза олмади. Шундан кейин уни кўплашиб кўтариб олишди...

«Бола шўрликнинг умуртқаси лат емадимикин?»; деган ўйдан юрагим увишди.

* * *

Қиш авжига чиққан кунлар.

Ҳаво чунонам совуқ эдики, туфласанг тупугинг ерга тушмай музлаб қолади. Гоҳ қуюқ туман қопласа, гоҳ чарақлаган қуёш нурлари қор билан қопланган ўрмон узра ярқирайди, бироқ... ҳаво барибир совуқдан-совуқ...

Кундузи вақтимиз ишда ўтади. Ҳар қалай, овунамиз. Лекин...

Кечалари уйқумиздан ҳаловат йўқолди.

Оғриққа чидай олмаган Алишер инқиллаб, оҳ-воҳ қилиб тунда ҳеч кимга уйқу бермасди. Каримбой ака ишга чиқмасдан ўғлининг ёнида ўтирарди. Эрта-ю кеч дилбандининг юзига термилар, гоҳ мажбурлаб, гоҳида ялиниб-ёлвориб бир чўқим овқат едирар, тез-тез кийимларини алмаштириб, юварди. Бундан ортиқ қўлидан ҳеч нарса келмасди. Юқорида айтганимдек, бу ерда олий маълумотли шифокор тугул, оддийгина ҳамшира ҳам йўқлигидан шўрлик Алишерга лоақал биринчи тиббий ёрдам кўрсатишмади. Каримбой ака «контора»;га зир қатнаб, ўғлига ёрдам беришларини сўрарди.

Бир куни унинг «контора»; эшиги олдида Ҳаким Назаричга:
— Боламни бирорта касалхонага жойлаштиришга ёрдам беринг, илтимос. Агар уни касалхонага ётқизсангиз, иш ҳақини олмасдан ишлаб бераман. Фақат ўғлимнинг жонини сақлаб қолинг, илтимос, — дея ялиниб-ёлвораётганини эшитиб қолдим.
— Бажонидил ёрдам беришга тайёрман, — дерди унга жавобан Ҳаким Назарич. — Лекин бунинг иложи йўқ! Шаҳар тугул, қишлоқдаги бирорта касалхона сизни қабул қилмайди.
— Қанча харажат бўлса кўтараман, ука!
— Гап харажатда эмас, тушунинг...
— Жон ука, илтимос, болам хароб бўлмасин...
— Уриниб кўраман. Лекин ваъда беролмайман.

«Ҳа»; деган туяга мадад дегандай, Ҳаким Назаричнинг мужмал жавоби Каримбой акага далда бўлди. Дастлабки кунларга қараганда ўзини анча тутиб олди. Энди у ўғлининг тепасида йиғлаб, кўз ёшини селдай оқизиб ўтирмасди.
— Ана, Ҳакимбой, ёрдам бераман, деб ваъда қилди, улим, — дерди у Алишерга. — Ҳадемай тузалиб кетасан! Бу сен учун уч-тўрт кунлик азоб-да, энди, улим, чидайсан.

Бу вақтда Алишернинг аҳволи анча оғирлашиб қолганди. Буни унинг иситмаси тушмаётганидан билса бўларди. Оғриқ кучайган кезларда у чидай олмасдан бақиришга тушарди:
— Энасини эшак... бу ерни! Мени адо қилди бу ер! Тамом қилди... Хароб бўлдим... Нега келдим бу ерга ўзи?!

Бу билан ҳам тинчланмасдан муштлари билан нар четларига гурс-гурс муштларди, муштлайверарди...
— Болам... оғир бўл, болам, — деганча ўғлини қучоқларди Каримбой ака. — Эркак кишисан-ку, чидамли бўл, болам. Ўзингни ўйламасанг, мени ўйла, болам. Ҳар гал чинқирганингда жоним чиқиб кетгандай бўлади...
— Чидолмаяпман-да, отажон... Оғриқ... ўв!.. А!.. А!..

Алишернинг фарёди нафақат қулоқларимни, балки юрагимни тешиб ўтгандай бўларди. Ухлай олмасдан ташқарига чиқиб кетардим. Азоб тортаётган йигитчага ёрдам беролмаётганимдан ич-ичимдан эзилардим. Аммо ҳамма бирдек шу кайфиятда дея олмасдим. Эртадан кечгача ва яна ярим тунгача эшакдай ишлаб, итдай чарчаган кишилар уйқуларида ҳаловат бўлмаётганига чидай олмаганларидан бўлар-бўлмас гапларни гапиравериб, шўрлик Каримбой аканинг сиқилган юрагини баттар сиқишарди.
— Эркалик ҳам эви билан-да, Каримбой ака! Ўғлингизга айтинг, дардга сал оғирроқ бўлсин. Оёғи синган одам ҳам шунчалик шовқин кўтарадими?
— Яхшиси уни бошқа хонага олиб ўтиш керак! Ўзини ўйламаса, бизни ўйласин, ахир ўлардай чарчаб юрган одамлар бўлсак! Дам олишимиз керакми-йўқми?!

Шундай кезларда Каримбой аканинг юзига қараб бўлмасди. Ҳамхоналарининг жиззаки, бетгачопарлигидан кўнгли оғригани мунғайган нигоҳларидан сезиларди.
— Ўғлимнинг аҳволи оғир, — деди у бир куни дабдурустдан ёнимга келиб. — Дардга енгиллигидан бақириб ётгани йўқ. Умуртқасиям лат еганми, дейман... Белини кўтара олмаяпти-да...
— Худо шифосини берсин, — дедим кўнглим ғаш тортиб.
— Ҳай... Ҳай... Ҳай... — Каримбой ака надомат билан бош чайқади. Кейин кўзлари ёшланганча қўлини чап кўксига қўяркан: — Мана шу ерим... туз қуйгандай ачишадики... чидаб бўлмайди, — деди.

Бундай дақиқаларда тилимга тушов тушгандек гапира олмай қоламан. Дурустроқ таскин бериш ҳам қўлимдан келмайди. Ичимни ит тирнаётган бўлса-да, ўзимни бефарқ кўрсатаман.

Қаршимда бирдан бир юпанчидан жудо бўлиб, ҳаёти чил-парчин бўлган, қайғу ниҳоятда абгор қилиб ташлаган, букчайган жуссаси лаҳза сайин кичрайиб бораётгандай, фаромуш бир кимса турарди.

Аксига олгандай, ўша кунлари Ҳаким Назарич негадир кўринмай қолди. Кимдир шикоят қилиб борган, шекилли, бир куни кечки вақт ҳамма баракка тўпланган чоғи, Пўлат Дамирович кириб келди.
— Нималар бўляпти бу ерда? Одамларнинг тинчини бузаётган тўполончи қани? — деди у хонага кўз югуртираркан.

Ҳамма жим.

Каримбой ака гап нимадалигини фаҳмлади, шекилли, ранги бўздай оқарган кўйи аста ўрнидан турди. Турди-ю, ерга қараганча индамай тураверди.
— Нима бўлди? — деб сўради Пўлат Дамирович латта-путта билан ўраб ташланган Алишерга имо қилиб.
— Йиқилиб тушди...
— Йиқилиб тушишига ким айбдор? Биров итариб юбордими?
— Ҳеч ким... ўзи...
— Демак, бу ишда ҳеч ким айбдор эмас. Тўғрими? Ёки... — ижикилади Пўлат Дамирович. — Ёки шубҳангиз борми?
— Шубҳа йўқ... Кимдан шубҳа қиламиз? — деди Каримбой ака саросималаниб.
— Бахтсиз ҳодиса. Эҳтиётсизлик туфайли юз берган бахтсиз ҳодиса, шундайми?

Каримбой ака аллақандай хавотирдан сесканди.
— Шундайми? — такрорлади Пўлат Дамирович.

Каримбой ака бош ирғади.
— Демак, даъво қилишга умуман ҳақингиз йўқлигини ҳам биласиз?

Каримбой ака пешонасига кафтини босганча индамай тураверди.
— Нега жавоб бермаяпсиз? — Пўлат Дамировичнинг овози ўзгарди.
— Ука...
— Мен сизга ука эмасман!
— Кечирасиз... Пўлат Дамирович... бизнинг ҳеч кимга даъвомиз йўқ. Фақат ўғлимни даволатишга ёрдам беринг, илтимос.
— Бу иш билан Ҳаким Назаричга мурожаат қилинг!

Пўлат Дамирович бурилди, лекин шу заҳоти яна Каримбой акага юзланаркан:
— Ўғлингизни огоҳлантириб қўйинг, агар яна дод-вой қилиб, одамларнинг тинчини бузадиган бўлса, штаб казармасига обориб ташлаймиз! Тушундингизми?! — деди.

Каримбой аканинг юзи оқариб кетди.

Пўлат Дамирович баракдан чиқди.

Шайтон қутқусига учган кишилар тўпланган хонага шу қадар дилгир сукунат чўкдики, беихтиёр юрак тарс ёрилиб кетгудек.

Бир вақт аллаким олдимдан югуриб ўтди ва эшикка яқин ерда деворга суяниб турган киши устига ташланди.
— Сен бориб чаққансан, номард! Энди кўнглинг жойига тушдими? Ё ўзим тушириб қўяйми?!

Югуриб ўтган киши Ҳусан эди. Унинг бақувват қўллари орасида типирчилаётган, кетма-кет тушаётган тепкилар зарбига чидай олмасдан бақираётган кимса Каримбой акага қўшни нар эгаси Алиназар исмли йигит эди.
— Мен чаққаним йўқ! Ўлай агар, мен чаққаним йўқ! — дея айюҳаннос соларди у.
— Сен чаққансан! Сендан бошқа ҳеч ким эмас! — дерди Ҳусан уни томоғидан ғиппа бўғиб олганча. — Одамларнинг пулиниям сен ўғирлаяпсан! Билмайди, деб ўйлаяпсанми?
— Ўлай агар...
— Ўлгинг келаётган бўлсанг, ўлдираман! — қутуриб кетган Ҳусан кучининг борича Алиназарни бўға бошлади.

Шўрлик чақимчи нафас ололмай хирқираб қолди.
— Ҳой, мусулмонлар! Нега жим турибсизлар? Ахир, уни ўлдириб қўйса, бошимиз яна балога қолади-ку! — дея чинқирди аллаким.

Бир неча киши Ҳусанга ёпирилди. Аммо Ҳусан ҳеч кимга куч бермас, оракашлар қўлидан тутса, у оёқлари билан Алиназарни тепкилаб қолар, жуда бўлмаса боши билан рақибининг дуч келган ерига калла соларди. Барак шайтоннинг жанжалкаш малайлари уясига айланганди.

Энди аралашмасликнинг иложи қолмаганди.
— Ҳусан, бас қилинг! — оломон орасини ёриб ўтиб Ҳусаннинг қизариб-бўғриқиб кетган юзига тарсаки туширдим. Кейин унинг қонга тўлган кўзларига қаттиқ тикилганча паст, аммо қатъий оҳангда яна такрорладим: — Бас қилинг, Ҳусан!

Ҳусан тутқаноқ жазавасидан ўзини йўқотиб қўйиб, кутилмаганда ҳушига келгандек бирдан қаттиқ сесканди. Менга еб юборгудек, ваҳшиёна назар ташлади. Болаларникидай беғубор кўзларини таниёлмай лол қолдим:
— Сиз... — у мени биринчи марта кўраётгандек юзимга тикилди.
— Ташқарига чиқайлик, Ҳусан, — дедим оҳиста, кейин унинг ҳамон титраётган билагидан тутдим.
— Йўқ! — Ҳусан шахт билан қўлини тортиб олди ва ташқарига отилди.

Мен жойимга қайтдим.

Кимдир Алиназарни ўрнидан турғазди. Унинг лаби ёрилган, юзи қонга бўялганди.

Ҳамхоналаримиз энди унга таъна тошларини ота бошладилар:
— Ҳайф-э сенга!
— Уялмасдан шу ишни қилдингми?
— Эрта бир кун ўзинг шу кўйга тушсанг нима қиласан?
— Ўмарган пулларингни эгаларига қайтар. Сенинг дастингдан неча киши оч қолди!

Қулоқларимни бекитдим.

Тўшагимга чўзилиб кўзларимни юмдим. Аммо сира уйқум келмасди.

Чироқ ўчди. Хонани қоронғилик чулғади. Аллақаерда мусиқа янгради. Зериккан соқчилар гитарасини тинғирлатяпти чоғи. Бегона юртнинг бегона оҳанги бўлгани учунми, мусиқа кўнглимга ёқмади, назаримда, бу оҳанг дераза ортида пусиб, тиш қайраб турган ажалнинг жодули ноласидай туйилди. Беихтиёр дераза томонга қарадим. Бизникига ўхшамайдиган бегона, совуқ ва ҳиссиз ойнинг хира ёғдуси ичкарига поёндоз бўлиб тушиб турарди...

* * *

Эрталаб соқчилари ҳамроҳлигида Пўлат Дамирович яна баракда пайдо бўлди. Ундан сал аввалроқ кирган Матчонов бизни аллақачон сафга турғазиб қўйганди.
— Сиз нима учун ишга чиқмаяпсиз? — деб сўради Пўлат Дамирович Каримбой акадан.
— Ўғлим...
— Нима ўғлим?
— Унга қараяпман ахир!
— Бунақаси кетмайди! Билиб қўйинг, баракда қолишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Фақат ногиронларгина қолиши мумкин.
— Мен ишга чиқсам боламнинг аҳволи нима бўлади?
— Ошпазлар қараб туришади. Гапни кўпайтиришдан фойда йўқ. Ҳамма дарҳол ишга!

Каримбой ака ёлворувчи нигоҳ билан атрофдагиларга назар ташлади. Сафдагилардан садо чиқмади.
— Ҳаким Назарич қачон келадилар? — деб сўрашга журъат қилдим мен.
— Ҳаким Назарич хизмат вазифаси билан кетган, қачон қайтиши номаълум, — деди Пўлат Дамирович мени биринчи марта кўраётгандек ҳайрон бўлиб тикиларкан.
— Каримбой аканинг ўрнига ишлаб бермоқчимиз, у киши ўғлининг ёнида бўла қолсин бир неча кун, — дедим яна бироз дадилланиб.

Пўлат Дамирович кибрли нигоҳлари билан мени бошдан-оёқ кузатаркан, истеҳзо билан сўради:
— Шу жуссангиз билан икки кишилик, йўқ, уч кишилик нормани бажара олармикинсиз?
— Пули тўланса бўлди, ҳар қандай ишни эплаб кетаверамиз, — дея дангал жавоб бердим.

Пўлат Дамирович мени пул учун ўзини томдан ташлайдиган чапанилардан деб ўйлади чоғи ё дилига бошқа бир ниятни тугдими, ҳар қалай:
— Бўпти, биз рози, — деди бироз юмшаб.

Сафдошларим ҳайратда, ахир шу пайтгача ҳеч ким Пўлат Дамирович билан бақамти туриб гаплаша олмасди-да. «Ундан аллақандай ёвузлик ҳиди келади»;, деганди Ҳусан бир куни Пўлат Дамирович ҳақида гапираркан.

Ёнимда турган Нурали қўлимни сиқиб қўйди. Бошқалари кўз қисиб, ияк қоқиб, ўз табрикларини йўллашди.
— Фақат, — дея ортига ўгирилди Пўлат Дамирович эшик олдига етганида, — аввал ўз нормангизни, кейин ота-боланинг нормасини бажарасиз. Ҳар кунлик сводкани бригадир Матчоновдан шахсан ўзим қабул қиламан!
— Хўп бўлади, — деб жавоб бердим шу заҳоти.

Пўлат Дамирович: «Бу қанақанги »;ноёб« телба экан?»; — дея ҳайрон бўлгандай, юзимга қарай-қарай чиқиб кетди.
— Барака топинг, ука, — дея қўлимни сиқди Каримбой ака. — Яхшилигингизни яхши кунларингизда қайтарайлик.
— Алишер соғайиб кетса, бас, менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
— Алишер... Алишер... — деганча Каримбой ака ўғлининг ёнига кетди.

Нурали билан Ҳусан яқин келишди.
— Каримбой аканинг ишини эплай олмайсиз, — деди Нурали ташқарига чиқаётганимизда. — Лекин хавотирланманг, биз ёрдам берамиз, а, Ҳусан, тўғрими?
— Албатта.
— Каримбой акага қийин бўлди, — деди Нурали. — Ўзи йиқилиб, майиб бўлганидаям бунчалик қийналмасди.
— Адо бўлди, дейверинг, — дедим.

Ҳусан бўлаётган гап-сўзларга қўшилмасдан ерга қараганча биздан бир қадам олдинда кетиб борарди.

Шундай қилиб, умрим бино бўлиб, қўл урмаган ишим — ёғоч йўнувчилик касбини ўргана бошладим. Иш оғир эди, қийналардим, бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекардим, аммо барибир ортга чекинмадим, шунга аҳд қилгандим, нега деганда, иш ҳақи қанча тўланишидан қатъи назар — мен бу ҳақда ўйламай қўйгандим ҳатто, — меҳнат, фақат меҳнатгина мени шайтон уясидаги тутқунликда жонимга оро кириши мумкин, деган хулосага келгандим. Акс ҳолда, аллақачон телба бўлиб қолишим тайин эди.

Баракда ярим соатдан ортиқ туриб бўлмасди. Алишернинг аҳволи оғирлашган, иситмаси кўтарилган, оғриқ кучайганди. Тез-тез ҳушдан кетиб қоларди. Қадамбой оға малласоч маъшуқаси орқали тинчлантирувчи дорилар келтириб берганидан кейингина Алишер сал-пал ўзига келиб қолди.
— Арзимаган матаҳ экан-ку, шунга шунчалик зор бўлдикми? — дерди Каримбой ака тинчлантирувчи дориларга ёшли кўзларини тикканча.

Бироқ бу дориларнинг таъсири вақтинчалик эди. Маълум муддат ўтганидан кейин Алишер яна безовталана бошларди. Бир куни Каримбой ака ёнидан бир даста пул чиқариб:
— Қадамбой оға, мана шу пулларнинг ҳаммасига тинчлантирувчи дори опкеб беринг, — дея ялинди.
— Иби, мунча кўп? — деди Қадамбой оға ҳайрон бўлиб.
— Дориси тугаб қолса, болам яна безовта бўлади...
— Майли-ку-я, лекин бу дорини ҳадеб еяверишдан фойда йўқ. Бу дори оғриқ бўлаётган ерни ухлатади, холос, даволамайди!
— Э, майли, даволамаса ҳам майли, оғриқни билдирмай турса бўлгани... — деди Каримбой ака музтар аҳволда.
— Сиз-чи, яхшиси, Ҳаким Назарич келганларидан кейин олдига киринг, — дея ақл ўргата бошлади Қадамбой оға қозилик қилиш имкони туғилганидан бағоят руҳланиб. — Бор гапни у кишига очиқчасига айтинг. Ҳаким Назарич инсофли одам. Бу ердагилар орасида якка-ю ягона инсофли одам! У тушунади аҳволингизни ва ишонаманки, ёрдамини аямайди.
— Келсин... келганларидан дарров олдиларига кираман, — деди Каримбой ака. — Тўғри айтасиз, аҳволимизни у киши тушунади. Унгача дори-пори билан жон сақлаб турсин, девдим-да.
— Дорини ўйламанг, пулини берсангиз бўлди, ернинг остидан бўлсаям топтираман. Битта мегажинга сўзимизни ўтказа олмасак, эркак деган номимиз қаёқда қолди?
— Барака топинг, илойим.

Каримбой ака бир неча кун аввал Ҳаким Назаричга учрашгани ҳақида Қадамбой оғага лом-мим демагани мени ҳайрон қолдирди.

Кунлар шу зайлда ўтарди.

Бу ерларда қор тез-тез ва мўл-кўл ёғарди. Туманли кунлар кўп бўларди. Изғирин, бўрон... Совуқ камида қирқ беш-эллик даража... Бундай аёвсиз қишни тушимда ҳам кўрмагандим. Баракдагилар ёппасига шамоллай бошладилар. Тунни ўтказиш азоб эди. Кимдир қув-қув йўталган, кимдир иситмадан алаҳлаган... Барак — кимсасиз оролга тушиб қолиб, ҳаётдан узилган, қаровсиз ва ташландиқ кема мисоли эди. Вақт ўз моҳиятини йўқотганди...

* * *

Алишерга дорилар таъсир қилмай қўйди. Сурункали иситма ва оғриқ унинг озғин вужудини тинимсиз ларзага соларди...

Шамоллаш мени ва Нурали билан Ҳусанни ҳам четлаб ўтмади. Аммо биз ётиб қолганимиз йўқ. Шамоллашни спирт билан даволаб юбордик. Ҳақиқий тоза спиртни Ҳусан топиб келди. Қаердан, қандай қилиб топганини у айтмади, биз ҳам сўрамадик. Уйқу олдидан озгина сув аралаштирилган спиртни сипқорардиг-у, жулдур кўрпамизга ўраниб ётардик. Қарабсизки, эрталабгача шамоллашдан асар ҳам қолмайди.

Бир куни кечқурун ишдан қайтарканмиз, ҳовлида юрган аёлларга кўзимиз тушди. Аёллар иккита эди. Бири ошхона эшиги олдида турарди, иккинчиси контора томон кетиб борарди. Орқаворатдан иккаласи ҳам менга танишдай туйилди.
— Ё товба! — деди Қадамбой оға ёқасини ушлаб. — Анови хотинлар сизларнинг ҳам кўзингизга кўриняптими?!
— Кўзингизга кўриняпти, — дея пичинг отди аллаким.

Ҳовлига дупур-дупур кириб келган эркакларга аёлларнинг ҳам назари тушди.
— Наргиза?! — ошхона эшиги ёнида турган аёлни таниб рўпарасида тўхтадим.
— Кимсиз?! — аёл аввалига қаттиқ сесканиб, ўзини ичкарига олди.

Соч-соқолим ўсган, ранг-рўйим бир аҳволда бўлганидан Наргиза мени дафъатан танимади.
— Давронман... эсингиздами?.. Поезд... Саҳройилар...
— Ие... Вой ўлай... — Наргиза юзимга синчков назар ташлади. — Ўша Давронмисиз чинданам?..
— Чинданам ўша Давронман, — дедим кулиб.
— Ё товба, кўзларимга ишонмаяпман! Ўртоғингиз қани? Исми Сафаралимиди?
— Билмайман... Ўзингиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?
— Э... — Наргиза тўлиб турган экан, кўзлари жиққа ёшга тўлди. — Кейин... айтиб бераман...

Шу вақт ортимдан:
— Нимани кейин айтиб берасан? — деган таниш овоз эшитилди.

Ўгирилдим. Рўпарамда Санобар турарди.
— Даврон! — у мени шу заҳоти таниди. Яқин келиб эски танишлардек қўл бериб кўришди.

Шерикларим анг-танг бўлиб қолишди.

* * *

Наргиза билан Санобарнинг қисмати ҳам бизникига ўхшашроқ. Улар пул солинган сумкачаларини ўғирлатиб қўйишган. Сумкачада пул билан бирга ҳужжатлари ҳам бўлган экан. Шу ерлик танишлари Олесядан ёрдам сўраш учун бораётганларида қўлга тушиб қолишган...
— Нима бўлгандаям сизни учратганимиз яхши бўлди, — деди Наргиза. — Ҳар қалай, кўз таниш бўлгани яхши-да.
— Қаерга келиб қолдик ўзи? Ўлай агар, ақлим етмаяпти, — деди Санобар.

Аёллар анча-мунча қийналишган чоғи, ранг-рўйлари бир аҳволда эди. Мени учратганларидан улар хурсанд эди. Менинг эса кайфиятим бузилди.
— Биримиз ошпазлик қиларканмиз, биримиз кир юварканмиз, — деди Санобар бурнини жийириб. Кейин Наргизага қараб: — Кўрдингми, анови ойимчани атай ўзининг ёнига олиб қолди, — деди.
— Атай олиб қолгани йўқ, шекилли, — деди Наргиза.
— Атай қилган бўлмаса, нега униям бизга қўшиб қўймади?! — деди Санобар ўжарлик билан.
— Дўхтир дўхтирлик қилади-да!
— Ким ҳақда гаплашяпсизлар ўзи? — дея аёлларнинг баҳсига аралашдим.

Бу вақтда биз — эски танишлар ошхонада суҳбатлашиб ўтирардик.
— Ҳаким Назарич деган киши яхши одамми ё... — Санобар шубҳали назар билан қаради.
— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, ўлай агар!
— ... ё анақа эркакларданми? — Санобар кўзларини ола-кула қилди.
— Ҳозирча бир нарса дея олмайман, — дедим ростига кўчиб.
— Ўшанақалардан бўлса ановининг шўри қуриди, — деди Санобар. — Жа, ўзини тутиши бошқача эди-да. Баттар бўлсин!

Тоқатим тоқ бўлди, аммо начора, аёлларга бас келиб бўлармиди, айниқса, қалбини ҳасад жунбушга келтирган бир вақтда...
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам юраги катта жувон экан, — деди Наргиза юрагимни қиздираётган қизиқиш оловига мой сепгандек. — Бирортаси шилқимлик қилиб ташланиб қолмасайди, деб биз иккимиз юрак ҳовучлаб турибмиз, у бўлса қилт этмайди-я! Худди отасининг чорбоғида юргандай...
— Кимни гапиряпсизлар ўзи? — деб юбордим охири.

Худди шу вақт ошхона эшиги секин ғийқиллаб очилди. Ва... Ва остонада... Йўқ, энг аввал оппоқ манглай... ҳар толасидан учқун сачраётгандек қоп-қора, силлиқ сочлар... камон қошлар остида бутун дунёни ўзида мужассам этган денгиздек сокин ва тубсиз бир жуфт қора кўз янги пайдо бўлган юлдуз мисол «ярқ»; этиб кўзга ташланди. Кейин ёқаси кўтарилган одми қора пальто, учи ингичка этик кийган, бениҳоя соҳибжамоллигидан ташқари, нимаси биландир бир қарашдаёқ одамни ўзига тортадиган навниҳол аёл хонага кирди.
— Келинг, Гулруҳ, — илтифот ила уни қарши олди Наргиза.

Аёл унга нимадир деди. Мен унинг овозини эшитдим, аммо сўзларини илғай олмадим. Назаримда, хона кенгайиб, улкан ялангликка айланиб қолгандай, анчадан буён дилгир кўнглим бехосдан ёришиб кетгандай бўлди. Аёлнинг овози шу қадар майин ва ёқимли эдики...

Қулоғимда қолгани шу.

Кейин аёл кетди. Эшик ёпилди. У хонага кирган чоғида ҳам, кетар чоғида ҳам мен томонга қарамади. Рўпарадаги деразадан унинг қордаги соясига кўзим тушди.
— Мана шу жувон ҳақида гапираётгандим-да, — деди Санобар. — Исми Гулруҳ...
— У ҳам сизлар биланмиди? — сўрадим ундан.
— Биринчи марта участкавойнинг хонасида учратгандик. Кейин битта камерада бўлдик. Шунда яхшироқ танишиб олдик, — деди Санобар яна.
— Ўзи содда, камсуқум кўрингани билан жудаям довюрак экан, — дея гап қўшди Наргиза. — Участковой билан гаплашганини бир кўрсангиз эди! Ҳаким Назарич билан ҳам тап тортмасдан гаплашиб келди бу ерга кела-келгунча...
— Савдода юравериб юзи қотиб кетган-да, — дедим бирдан қалбимни мубҳам кайфият чулғаб олганини ҳис этарканман.
— Қаёқда! Бечоранинг биринчи марта чиқиши экан.
— Ёлғиз ўзи-я?!
— Бизам шунисига беш кетдик-да, — деди Санобар бозорчи аёлларга хос шартакилик билан.

Синчковлигим ғолиб келди. Гулруҳ ҳақида яна нималарнидир билиб олиш истагида гап ковладим:
— Тирикчилик тошдан қаттиқ деганлари шу-да. Ёшгина жувон бола-чақам деб ўзини бозорга урган, шекилли?..
— Ажрашган, — дея гапни илиб кетди Наргиза шу заҳоти. — Оиласи йўқ ўзининг. Келин бўлиб тушган жойи ночор экан, оилани сал ўнглаб олай, кейин фарзанд кўрармиз, деб бу бечора ишлаб юраверган, у ёқда эри бошқаси билан...
— Тавба қилдим, шу эркакларга ҳам ҳайронман, — Наргизанинг оғзидаги гапни юлиб олди Санобар. — Ўзи бир пулга қиммат бўлсаям хотин зотига паст назар билан қарайди-я! Битта хотинни эплаб боқолмайди-ю, бошқасига кўнгли суст кетганига ўлайми?! Мана, мени айтди дерсизлар, мана шу жувоннинг эри ўзига умуман мос бўлмаган! Ақлли эркак бўлганида бу жувонни гўзаллиги учун ҳам бошига кўтарган бўларди. Тўғрими, тўғрими гапим? — Санобар қизғинлик билан менга тикилди.
— Масаланинг моҳиятини билмай туриб бир нима дейиш қийин, — дея мужмал жавоб қилдим.
— Чиройли аёллар бахтсиз бўлишади, деганлари рост, — дея гапини давом эттирди Наргиза. — Энди бечора ўлган акасининг болаларини боқиш учун тентираб юрибди.
— Айтганча, нега у сизлар билан эмас?
— Асли касби ҳамширалик экан. Шунинг учун Ҳаким Назарич уни конторада олиб қолди. Алоҳида хона қилиб берармиш. Касал бўлсаларингиз энди бемалол Гулруҳнинг олдига бораверасизлар. Биз...
— Вой-вой-эй, юрагим сиқилиб кетди, бўлди, ўша жувон ҳақида гапираверманг, — дея Наргизанинг гапини чўрт кесди Санобар. — Ўзимиз ҳақимизда гаплашайлик. Менга қаранг, Даврон, сиз анчадан буён шу ердамисиз?
— Нимайди?
— Анави Ҳаким Назарич деганларингиз, бу ерда ишлаганларингиз учун ҳақ тўлаймиз, деди. Шу гап ростми?
— Рост, шекилли. Уч-тўрт кундан кейин конторага чақириб чойчақа беради...
— Чойчақани биз аллақачон олиб бўлдик!
— Наҳотки?
— Сиз аёллар пулнинг юзини кўрмасангиз топширилган ишни кўнгилдагидай бажармайсизлар, деб қўлимизга пул берди ўша Ҳаким Назарич...
— Э-ҳа...
— Қолганини адрес бўйича уйларингга юборамиз, деди. Шу гап ростми? — Санобар ҳам, Наргиза ҳам ишонқирамагандай қараб туришарди.
— Бизга ҳам шундай дейишган.
— Ҳаммаларингизгами? — беихтиёр жўр овозда сўради иккала аёл.
— Ҳаммага.
— Ҳа-а, — деди Санобар кўнглида қониқиш туйиб. — Ҳаммаларингизга шундай деган бўлса, бу гапга ишонса бўлади. Ахир, шунча одамни алдаб бўлмайди.

«Нега алдаб бўлмайди?»; — деб юборишимга сал қолди. Аёллар билан хайрлашиб ташқарига чиқдим.

Қор учқунларди...

Баракда аллақандай жонланиш юз берди. Пала-партиш, жанжалкаш, сўконғичу жулдурвоқи эркаклар галаси фавқулодда ҳодиса юз бергандек кутилмаганда тўсатдан ўзгариб қолишди. Устара нималигини унутиб юборган ёноқларга устара тегди. Ўрин-тўшак ҳар куни эрталаб йиғилиб, кечаси ёзиладиган бўлди.

Шахсан мен баракда аёл деб аталмиш зот пайдо бўлганини дастлабки кунги кечки овқатнинг таъми хушхўрлигидан билдим. Одатдагидай, карам шўрва эди, лекин у ҳар кунгидан бутунлай бошқача эди. Анчадан буён иштаҳа билан овқатланмагандим, ахир.

Наргиза ош-овқатнинг устаси, ҳақиқий пазанда эди.

Санобар вайсақироқ хотин эди-ю, аммо ўзига топширилган ишни сидқидилдан бажарарди. Унинг шарофати билан иркит ва жулдурвоқи ишчиларнинг энгил-бошига сон кирди. Санобар кирни қор сувига юварди. Бундан ташқари, у баракни ҳам тозалаб, супуриб-сидириб қўярди.

Бир куни унинг йўл устида Ҳаким Назаричдан:
— Баракни тозалаб турганим учун ҳам иш ҳақи ёзасизми? — деб сўраётганини эшитиб қолдим.
— Албатта. Как штик! — дея жавоб берди Ҳаким Назарич.
— Хўп десангиз, конторангизниям тозалаб берардим.
— Ҳожати йўқ.

Мутлақо кутилмаган, фавқулодда ҳодиса эртаси куни Гулруҳ баракка кириб келган куни юз берди. Мендан бошқа деярли ҳамма Гулруҳ ҳақида билмасди-да.

Уни Ҳаким Назарич баракка бошлаб келганди.
— Бугундан эътиборан «контора»; қошида медпункт иш бошлади. Кимки тиббий ёрдамга муҳтож бўлса, бемалол мурожаат этиши мумкин. Гулруҳ тажрибали ҳамшира. Ўйлайманки, барча саволларингизга ундан жавоб оласиз...

Ҳаким Назарич яна алланималар ҳақида сўзлади, аммо аминманки, ҳеч ким унинг гапларини эшитмади ҳисоб. Деярли эллик-олтмиш чоғли кишининг очкўз назари Гулруҳга қадалганди. Ростини айтсам, ўзим ҳам ундан кўз узолмай қолгандим. Йўқ, бу инсон фарзанди эмас, фаришталардан бунёд бўлган малоика эди!
— Саволлар борми? — мурожаат қилди Ҳаким Назарич баракдагиларга.

Дафъатан ҳеч кимдан садо чиқмади. Барак сув қуйгандек жимжит эди. Бир маҳал аллакимни қаттиқ ва тўхтовсиз йўтал тутиб қолди-ю, сукунатга дарз кетди. Ғала-ғовур қўпди.
— Боламни ҳозироқ олиб ўтсам бўладими?..
— Йўталга қарши дори борми?
— Касалларга справка бериладими?

Пала-партиш, тўхтовсиз саволлар ёмғири ёғилди.

Гулруҳ шошмасдан, аниқ ва содда қилиб саволларга жавоб бера бошлади. У сўзлар экан, киприклари аста-секин кўтарилиб, сокин нигоҳлари хона узра кезинди. Қарашлари ниҳоятда мулойим эди.

Пировардида у менга тикилиб қолгандай туйилди. Сесканиб кетиб, ерга қарадим.

Шу вақт Ҳусан шартта билагимдан тутиб:
— Юринг, унга кафтингизни кўрсатамиз, — деб қолди.

Шоша-пиша қўлимни тортиб оларканман:
— Боринг-э! Нималар деяпсиз?! — дедим шивирлаб.
— Ахир кафтингизни... болта ялаб кетганди-ку!
— Аллақачон битиб кетган, — дея ёлғон сўзладим.

Бир неча кун илгари ёғоч йўниш чоғида уқувсизлигим туфайли болтанинг ўткир юзи чап кафтимни ялаб кетганди. Спирт билан тозалаб, артиб, газак олдириб қўймаслик учун латта-путталар билан боғлаб юргандим.
— Алдаяпсиз, — деди Ҳусан шу чоғ. — Жароҳатингиз йиринглаб кетганига кўзим тушганди.
— Нега менга тирғалиб қолдингиз?!
— Жонон билан икки оғиз гаплашиш шарафига муяссар бўлиш илинжида эдим.
— Бориб гаплашаверинг, бунинг ҳеч қийин ери йўқ-ку.
— Бирор баҳона бўлганида...

Нурали Ҳусаннинг елкасига қўл ташларкан:
— Қўя қол, оғайни, у сени гап билан ўтқазиб қўяди, — дея попугини пасайтирди. — Кўрмаяпсизми, ўзига жуда ишонган аёлга ўхшайди.

Ҳусан индамай қолди.

Нуралининг гапида жон бор. Ахир баджаҳл ва серзарда эканликлари очофат қашқирнинг кўзларидай чақчайган нигоҳларидан яққол сезилиб турган эллик-олтмиш чоғли киши қаршисида ҳадиксираётганини билдирмасдан, хотиржам ва улуғвор қиёфада туришнинг ўзиёқ ҳамманинг қўлидан келавермайдиган иш-ку!

Қизиқишим ортди.

Шу пайт баракка соқчилари ҳамроҳлигида Пўлат Дамирович кириб келди.
— Ие, сиз бу ердамидингиз? — у Ҳаким Назаричга мурожаат қиларди-ю, икки кўзи Гулруҳда эди.
— Ҳамширани ишчиларга таништираётгандим. Мана, йиғинимиз ҳам тугаб қолди. Кетдикми, Гулруҳ Қосимовна? — Ҳаким Назарич шошилганча Гулруҳни ташқарига бошлади.

Эшик ёпилгунча Пўлат Дамирович уларнинг ортидан қараб қолди...

Икки кундан кейин баракда яна бир киши пайдо бўлди. Бу Камолиддин эди. Икки қўли, икки оёғи йўқ, махсус аравачада ўтирган ёшгина йигит... йигитнинг... ғўладан фарқи йўқ эди. Тилли-жағли ғўла...
— Меҳнаткашларга шон-шарафлар бўлсин! — дея шанғиллаганча кириб келди у кечки пайт.

У билан яхшироқ таниш бўлган бир неча киши истиқболига чиқиб, ҳол-аҳвол сўрашишди. Унга парво қилмасдан тўшагида ётганлар ҳам бор эди. Камолиддин уларнинг эътиборсизлигидан оғринмади, аравачасини «ғийқ-ғийқ»; қилганча ҳар бир кишининг олдига бориб астойдил сўрашиб чиқди.
— Сизни қаердадир кўрганман, лекин эслолмаяпман, — деди у менинг қаршимда тўхтаб.
— Дунё тор, — дея кулимсирадим.
— Ҳа, дунё тор, — деди Камолиддин гапимни маъқуллаб. Кейин юзимга синчиклаб тикиларкан: — Ҳозир бу кишининг ким эканлигини айтиб бераман! — деди баланд овозда. — Ҳей, баракдагилар, эшитяпсизларми?! Бу киши... Бу киши... Бу киши... рассом бўлмаса-да, шунга яқинроқ бирорта санъатга яқин киши. Мен бир қарашдаёқ пайқадим буни. Шундайми? Жавоб беринг, шундайми?!

Шовқин-сурон кўтариб, баланд овозда гапираётган Камолиддиннинг акси ўлароқ босиқ-вазминлик билан:
— Янглишдингиз, — дедим.

Камолиддин ҳайрат билан юзимга тикилди.
— Наҳотки? Наҳотки мен янглишган бўлсам? Мен-а?!
— Ҳа.

Шундай дедим-у, ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим. Гапираётган «ғўла»;га қараш оғир эди.
— Даврон.

Ошхона деразасидан бошини чиқариб гапираётган Наргиза эди. Беихтиёр шу томонга юрдим.
— Сиз учун озгина гўшт қовуриб қўйгандим, еб олинг, — Наргиза стол устига ликопча қўйди.
— Қандай бўларкин...
— Ўйланманг, қани, олинг, тез-тез еб олинг, — Наргиза қаршимга ўтириб олиб, қистай бошлади.
— Санобар кўринмайдими?
— Гулруҳга ёрдамлашгани кетди. Қанақадир идишларини қайнатиш керак эканми-ей. Даврон, бу ёғи нима бўлади энди?
— Нима бўларди...
— Бизни қўйиб юборишармикин?
— Тўғрисини айтсам, билмайман.
— Уйдагиларнинг ҳоли не кечдийкин? — Наргизанинг кўзлари ғилтиллади.
— Ўзингизни ўйласангиз-чи!
— Уйга бир оғиз хабар етказишнинг иложи йўқмикин?
— Йўқ.
— Нима, шунақа қилиб юраверамизми?
— Ҳа.
— Ҳазиллашмаяпсизми?
— Ҳазилнинг ўрни эмаслиги кўриниб турибди-ку.
— Вой худойим! Қандай кунларга қолдим?.. Шу ерда бир умр қолиб кетсак-а? — даҳшат ичида тикилди Наргиза.
— ...
— Даврон, қочишнинг иложи йўқмикин? — овозини пасайтириб сўради Наргиза.
— Ҳамма ёққа соқчи қўйиб ташланган-у...

Наргиза ликопчани олдимга янада яқинроқ суриб қўяркан:
— Мабодо бирор иш қилсангиз... мен бехабар қолмайин-а? Хўпми, илтимос. Биласизми, — дея Наргиза олдинга энгашиб, овозини янада пасайтирди, — анови Санобар анча туллак хотин экан. Ҳаким Назаричга унинг хушомад қилганларини бир кўрсангиз эди! У ёққа ўтсаям кетидан югуради, бу ёққа ўтсаям! Ўша Ҳаким Назарич Гулруҳга ёрдамлашиб туринг, дегани учун ҳам мана ҳозир медпунктда ивирсиб юрибди.
— Ёрдам?!
— Ҳа, ёрдам. Нега ҳайрон бўляпсиз?
— Ҳайрон бўлаётганим йўқ.
— Кундузи бу ерда бўлмайсиз-да, кўп нарсалардан бехабар қоляпсиз.
— Санобарнинг нияти кўпроқ пул ишлаш.
— Санобарни айтаётганим йўқ. Майли, у жонини жабборга бериб ишлайверсин. Менга мана шу ошхонанинг ўзи етади. Эрталабки ишларимни бажариб бўлганимдан кейин анови дераза олдига тубаретка қўйволиб, ташқарига тикилиб ўтираман. Аввал Пўлат Дамирович дегани медпунктга киради. Киради-ю, кўп ўтмасдан чиқиб кетади. Зум ўтмасдан Ҳаким Назарич деганлари хонасидан чиқиб эшик олдида турганча у ёқ-бу ёқни кузатган бўлади-да, яна ичкарига кириб кетади. Тушликдан кейин Пўлат Дамирович деганлари яна медпунктга кириб кетади. Бу сафар дарров қайтиб чиқмайди. Бирор ўн дақиқа чамаси ўтади. Шу вақт орасида Ҳаким Назарич уч-тўрт марталаб ташқарига чиқади-киради, киради-чиқади. Сезишимча, иккаласиям хотинбоз!
— Уч кун ичида шунча ахборот тўплабсиз-а.
— Бунақа ишларни пайқаш учун уч кун эмас, бир қарашнинг ўзи кифоя. Чиройли хотинга эркаклар дарров қопқон қўйишади-да!
— Майли, мен бора қолай.
— Ўтиринг бирпас.
— Чарчаганман, дам олсам дегандим.
— Айтгандай, оёғи синган йигитни медпунктга олиб ўтишибди-а?
— Ҳа. Дарвоқе, ўша бечорадан бир хабар олишим керак. Эслатганингиз яхши бўлди. Яхши дам олинг.

Ташқарида сайр қилиш ниятим бор эди. Лекин ҳаво шу қадар совуқ эдики, чидаб бўлмасди. Шундай совуқда иккинчи сменада ишлаётганларнинг жонига тўзим берсин. Пул нималарга қодир! Аммо одамзоднинг ердан бош кўтармай қўйгани аламли-да.

Барак томон юрдим.

Алишерни медпунктга олиб ўтишганидан буён хона тинчиб қолган, кечалари бемалол ухлаётгандик.

Кириб боришим билан «гур»; кулги кўтарилди.

Тўрт-беш киши йиғилиб олиб латифа эшитаётган экан. Латифагўй Камолиддин...
— Даврон, келинг, сиз учун яп-янгисидан айтиб бераман, — деди Камолиддин.
— Раҳмат.
— Келинг энди!
— Чарчаганман!

Тўшагимга чўзилдим.

Негадир юрагим сиқиларди. Наргиза... Санобар... Бетоқат Ҳаким Назарич... Пўлат Дамирович... анови гапираётган «ғўла...»; ва яна...

Кечаси билан чап қўлим зирқираб чиқди.

Эрталаб ишга кетдим.

Аммо ишлай олмадим. Чап қўлим елкамга довур зирқираб оғрирди. Менинг ўрнимга ҳам Ҳусан ишлади.

Кечқурун ҳамма овқатга ўтирган вақтда мен медпунктга йўл олдим. Эшик олдида Пўлат Дамировичга дуч келдим. У билагига бармоғини босганча чиқиб кетаётганди. «Лоп»; этиб кўз олдимга Наргиза келди: «Аёллар ғирт ваҳимачи бўлишади-да»;.
— Мумкинми?
— Келинг, — жилмайиб қарши олди Гулруҳ.

«Ҳаммани шундай кутиб олармикин?»;
— Кафтим... умуман, қўлим икки кундан буён лўқиллаб оғрияпти, — дедим латтага ўралган қўлимни олдинга чўзиб.
— Нега оғрир экан?

Гулруҳ шундай деганча қўлимдаги латтани тухум пўчоғини арчигандай тез-тез ечиб ола бошлади. Латтанинг охирги қисми кафтимга ёпишиб қолган экан, кўчириб олиш қийин бўлди.
— Бироз оғрийди, чидайсиз-да, — деди Гулруҳ мулойимлик билан. Кейин кичкинагина шишадаги қанақадир суюқликни кафтимга сурди. — Беш дақиқа кутамиз. Анави ерга ўтирақолинг.
— Хўп, — Гулруҳ кўрсатган стулга ўтирдим.

Беш дақиқа кутиш керак эди...

Шишалар ва яна алламбалолар териб қўйилган столнинг нарёғида Гулруҳ қандайдир дори тайёрлаяпти. Унга тикилиб қарашга журъатим етмади. Хонани кўздан кечирдим. Хона каттагина, ёруғ ва озода эди. Ўнг томонда ёнма-ён қўйилган ойнаванд жавон ичида ҳар хил дори-дармонлар териб қўйилган. Тўр томон парда билан тўсилган. Дераза томонда аллақандай кумуш идишлар турарди.
— Анчадан буён шу ердамисиз?
— А?
— Анчадан буён шу ердамисиз, деб сўрагандим, — Гулруҳ столни айланиб ўтиб қаршимда тўхтади. — Қани, қўлингизни беринг-чи.
— Бир ойдан ошди келганимга.
— Ишлагани келганларданмисиз ёки...
— ... ёки адашиб, денг.
— Ҳа, менга ўхшаб, — кулди Гулруҳ.
— Менимча, ҳамма адашганлар шу ерда, шекилли.
— Бизнесменмисиз?
— Шунақароқ...
— Сиз бизнесмендан кўра илм билан шуғулланадиган кишиларга ўхшайсиз.
— Пешонамда бирорта ёзув ўқимадингизми мабодо?
— Пешонангизда ўқимадим-у, лекин кафтингизга қараб айтдим-да. Жисмоний оғир меҳнат қиладиган кишиларнинг қўли бошқа, қоғоз-қалам билан ишлайдиганларнинг қўли бошқа бўлади.
— Ҳозир мардикордан фарқимиз қолмади.
— Шундай дейсиз-у, бу барибир сезилиб туради. Эҳ-ҳе! — деб юборди Гулруҳ бирдан ёпишиб қолган латта парчаларини кўчириб олиб жароҳатимга тикилганча. — Яна лўқиллаб оғрийди, дейсиз-а? Шунчалик бўлади-ю, оғримасинми?!
— Ишга чиқсам бўладими?
— Йўқ. Ҳозир яхшилаб тозалаб, дори қўяман. Икки-уч кун ишга чиқмайсиз. Қўрқманг, справка ёзиб бераман.
— Гап справкада эмас. Нима, кун бўйи баракда ўтираманми?
— Дам оласиз.
— Э! Шу агар дам олиш бўлса!..

Гулруҳ қуюқ киприкларини пирпиратганча юзимга тикилиб турди-да:
— Тўғри айтасиз, — деди. — Иш билан вақтнинг кўзини ўймасангиз, бу ерда жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас.

Гулруҳга тикилиб қолдим. У айнан кўнглимдаги гапни гапирганди.
— Майли, ишга чиқаверасиз, лекин ҳар куни эрталаб ва кечқурун перевязкага келиб турасиз, хўпми? — деди Гулруҳ қўлимни бинт билан ўраркан.
— Айтганча, оёғи синган йигитнинг аҳволи қандай? Уни шу ерга ётқиздингларми?
— Алишер ухлаяпти. Ана, парда орқасида.
— Ўтсам майлими?
— Майли.

Ҳаворанг парда ортида жипс қилиб қўйилган уч-тўрт каравотдан бирида Алишер ухлаб ётарди. Табиб қўли текканлиги сезилиб турибди, ранг-боши тоза, анча ўзига келиб қолган, пишиллаб ухларди бола бечора.
— Уйғонганида келганимни айтиб қўярсиз, — дедим эшик томон юрарканман.
— Ким келди, дей?
— Даврон аканг, десангиз бас. Умуман, аҳволи яхшими ўзи?
— Ҳозирча бир нима дея олмайман.
— Хўп, хайр, яхши дам олинг.
— Хайр.

Ҳовлига чиқдим-у, ўзимнинг «йўлкам»; бўйлаб юриб кетдим. Осмонда ой баркашдек осилиб турар, юлдузлар чарақлар, ҳаво барибир совуқ эди.

Вужудимни аллақандай паришонлик, армон ва ғам-ғусса чулғаб олди. Ўзимни ёлғиз ва ночор ҳис эта бошладим.

Йўлкада Ҳусанга дуч келдим. У ҳам пўстинининг чўнтакларига қўлини солганча айланиб юрарди.
— Бугун қанақа кун, Ҳусан? — деб сўрадим ундан.
— Тўғриси, билмайман... Менимча, якшанба бўлса керак.
— Авваллари якшанба кунларини ўтказишим қийин бўларди.
— Ишга ўрганиб қолганингиз учун-да.
— Бу ерда-чи? Бу ерда нима халақит беряпти?

Ҳусан чуқур хўрсинди. Кейин:
— Халақит берадиган нарса кўп. Лекин мен бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламан. Кун тугаётганига хурсанд бўламан, — деди.
— Мен ҳам...
— Яна бироз айланамизми?
— Йўқ. Баракка қайтаман. Бугун негадир шаштим пастроқ.
— Бўп туради.

Ҳусан йўлкада қолди.

Мен баракка йўл олдим.

Ҳовли тепасида коптокдай оппоқ ой осилиб турарди. Бироздан кейин совуқ шамол турди...

Одатдагидан эрта уйғониб баракдан чиқдим.

Зўрайган шамол тунни олдига солиб қува бошлаган, осмоннинг бир чети оқаринқираб турарди.

Медпункт чироғи ёниқ эди. Эшикни қия очиб ичкарига бош суқдим.
— Салом.
— Келинг. Қўлингиз қалай?
— Бир нав.
— Қани-и... — Гулруҳ бинтни ечиб кафтимни кўздан кечирди. — Яхши. Икки-уч кун дори суриб турсак анча дуруст бўлиб қолади.

Гулруҳ дори ва бинт олиш учун жавон сари юрди. Шу вақт хонага Пўлат Дамирович шахд билан кириб келди.
— Бу ерда нима қиляпсиз? — деб сўради у хўмрайганча мендан.
— Қўлимни даволатгани келдим.

Пўлат Дамирович ўзини гапимни эшитмагандай тутиб бўш стулга бориб ўтирди. Оёқларини чалиштирганча Гулруҳга қаради.
— Хайрли кун, Гулруҳ хоним! — деди у аллақандай кинояли оҳангда.
— Хайрли кун, — жавоб берди Гулруҳ мутлақо жиддий тарзда.
— Беморингизнинг жароҳати жиддийми ёки шунчаки баҳонами?..
— Жиддий.

Гулруҳнинг гул япроғидай нафис юзи қизаринқираган, демак, кинояли оҳангни пайқаган, лекин ҳеч нарса бўлмагандай, ўзига қаттиқ тикилиб, ҳар бир хатти-ҳаракатини ошкора кузатаётган Пўлат Дамирович гўё бу хонада йўқдай, ўзини эркин тутганча жароҳатимни тозалади, малҳам суриб боғлади. Кейин:
— Кечқурун яна кириб ўтишни унутманг, — деб тайинлади.
— Кечқурун келиш шарт эмасдир. Арзимаган яра экан-ку! — деди Пўлат Дамирович, овозидан аллақандай ғаразнинг ҳиди келарди.
— Келиши шарт, — деди Гулруҳ қатъий оҳангда.
— Нима зарур сизга! Шунақаси даф бўлавермайдими?!

Гулруҳ нимадир дегандай бўлди. Лекин мен эшитмадим. Ташқарига чиқиб қўйгандим аллақачон.

Ҳовлида Каримбой ака ва яна беш-олти кишига дуч келдим. Улар медпунктга боришаётган эди. Булар орасида Аслиддин деган йигит эътиборимни тортди.
— Сиз ҳам касалмисиз? — деб сўрадим ундан атай.
— Ие, ҳали хабарингиз йўқми? — деди у юришдан тўхтаб.
— Афтингиз касалга ўхшамаяпти-да.
— Касалимиз ичимизда, ичимизда, — деганча Аслиддин йўлига равона бўлди.

Ўттиз бешларга борган, кўзлари ўйнаб турувчи бу йигитни ёқтирмасдим. Биринчидан, чақирилмаган меҳмондай дуч келган даврага суқилиб кетаверарди. Иккинчидан, енгил табиатлиги шундоқ юз-кўзидан аниқ-таниқ акс этиб турарди. Учинчидан, ўтган йили сотувчи аёллардан бирига дабдурустдан ташланиб қолганини эшитгандим. Тўртинчидан... дарвоқе, нега унга тирғалиб қолдим?

Нонушта қилиш учун емакхонага бурилдим. Лекин иштаҳам йўқ эди. Бир чашка қайноқ чой ичдим-у, ишга жўнаш тадоригини кўрдим.

Шамол янада зўрайган, қорнинг кумуш зарраларини учирарди.

Иш вақтида Ҳусан билан гурунглашмоқчи бўлиб ёнига ўтдим. Лекин унинг гаплашгиси келмаётганини, машқи пастлигини пайқаб ортимга қайтдим. Ҳусан аллақандай ўйчан, одамови бўлиб қолганди.

Кечга бориб шамол бўронга айланди.

Иккинчи сменага ҳеч ким чиқа олмади. Бунинг устига, чироқ ўчиб қолди. Фақат иккитагина шам липиллаб ёниб турган хона нимқоронғи эди. Бўрон учираётган қор учқунлари дераза ойналарига чирс-чирс уриларди.

Ўшанда бўрон бир кеча— кундуз хуруж қилди. Ишга бориш тугул ташқарига чиқишнинг иложи бўлмай қолди. Чунки қор уюмлари уйларнинг деразаларига қадар кўтарилган, юриб бўлмасди. Ниҳоят кўплашиб бир амаллаб эшик очиб ташқарига чиққанимизда бўрон тинган, қуёш чарақлаб турарди.

Бўрон турган оқшом «контора»;да Ҳаким Назарич навбатчи эди. Одатда, улар Пўлат Дамирович иккиси галма-галдан навбатчилик қилишарди-да. Навбати ўтган киши эрталаб уйига жўнарди. То эртаси куни эрталабгача унинг қораси кўринмасди. Шу куни эрталаб Ҳаким Назарич ҳам уйига кетиши керак эди. Лекин у бундай қилмади. Олти-етти чоғли кишини баракда олиб қолиб, қўлларига курак тутди.
— Тушликкача қордан асар ҳам қолмасин, — деди у қор уюмларини кўрсатиб.

Бошқалар ишга кетишди.

Қор куровчилар орасида мен ҳам бор эдим. Кафтимдаги жароҳатим ҳали яхши битмагани учун куракни тутишга халақит берарди. Шундай бўлса-да, индамасдан, жон-жаҳдим билан қор курашга киришдим.

Азалдан қор курашни яхши кўрардим. Кечга бориб қўлим ишдан чиққан ҳисоб, туз қуйгандай ачишиб оғриётган кафтимга қараб бўлмасди. Жароҳатим тез тузалаётганидан хавотирда эдим. Мана энди яна анча кун медпунктга қатнаш имкони бор...

Кечқурун ҳаммадан кейин ошхонага кирдим.

Наргиза йиғлаб ўтирарди.
— Нима бўлди?

Наргиза баттар ҳўнгради. Унинг ўрнига Санобар жавоб берди:
— Э ўлсин! Анови қирчанғи хачирларингиздан биттаси тегажоқлик қилибди-да. Шунга хафа бўлиб йиғлаяпти. Йиғлаш ўрнига боплаб таъзирини бериш керак эди!
— Ўша қирчанғининг исми нима экан?
— Аслиддинми, нима эди? — Санобар Наргизага юзланди.

Наргиза ўпкасини тутолмай йиғларкан, йиғи аралаш ёзғирди:
— Аллақаёқдаги... қаланғи-қасанғидан гап эшитдим... Нима ҳақи бор эди менга бундай дейишга?!
— Қизиқ гапларни гапирасан-а? — деди Санобар жаҳли чиқиб. Дугонасини ёш боладай авраш жонига теккан шекилли. — Ҳар хил гапларни эшитмайин десанг, уйингда ўтир эди.
— Ҳаммасига... ҳаммасига... Эрим сабабчи... Эрим... Эрим уқувли бўлганида...

Юзимдан иссиқ чиқиб кетди. Ё худо, эридан нафратланмайдиган аёл бормикин бу дунёда?!

Жаҳл билан баракка кириб бордим. Аслиддин ерга тўшалган исқирт шолча устида шериклари билан қарта ўйнаб ўтирган экан. Шартта елкасидан тутиб куч билан ўрнидан турғаздим.
— Ие, тинчликми, братан? — Аслиддин без бўлиб юзимга тикилди.
— Ошпаз аёлни нега хафа қилдинг?!
— Мен хафа қилибманми? Ким айтди буни сизга?
— Ҳозироқ бориб кечирим сўрайсан. Акс ҳолда, башарангни шундай безаб қўяманки, туққан онанг ҳам танимай қолади!
— Хўп. Хўп. Тонг отсин...
— Йўқ, ҳозироқ бориб кечирим сўрайсан!
— Нега энди мен кечирим сўрарканман? Ўша хотиннинг ўзи-ку жилпанглаган! Тўшакка тортсам ҳам йўқ демасди...

Аслиддиннинг юзига мушт туширдим. Ғала-ғовур кўтарилди. Аслиддиннинг тарафкашлари менга ёпирилишди. Роса муштлашув бўлди.

Ярим соатдан кейин Ҳаким Назаричнинг хонасида ўтирардим.
— Мен сизни дуруст одам деб юрсам, ғирт безори экансиз-ку, — Ҳаким Назарич таънали назар ташлаётган бўлса-да, овози қаҳрли эмасди.

Чурқ этмадим.
— Ўша аёл танишингизми? Бунчалик жон куйдириб ҳимоя қилганингизга қараганда...
— Аёл фақат таниш бўлсагина ҳимоя қилинадими?!

Ҳаким Назаричнинг юзига қизил югурди.

Гурс-гурс қадам саси эшитилди йўлакда, зум ўтмасдан хонага Пўлат Дамирович кириб келди.
— Булар билан разбор қилиб ўтирасизми, Ҳаким Назарич?! Шартта казармага жўнатинг. Ўша ерда бунақаларнинг суроби тўғриланади, — деди у кира солиб.
— Баракка боринг, — деди Ҳаким Назарич менга.
— Ҳаким Назарич, бу нимаси?.. — дея норозилик билан тўнғиллади Пўлат Дамирович.
— Керакли жазони олиб бўлди, — деди унга Ҳаким Назарич қуруққина қилиб.

Шошилмасдан эшик томон юрдим.

Ортимдан Ҳаким Назаричнинг овози эшитилди:
— Йўл-йўлакай медпунктга кириб, кўзгуга бир қараб кетинг...

Унинг овозида аллақандай енгил кулги оҳанги бордай эди.

Ташқарига чиқдим. Эшик олдида бироз турдим. Сўнг медпункт томон юрдим.
— Вой! — менга кўзи тушган Гулруҳ ҳайратдан донг қотди.
— Нега ҳайрон бўляпсиз? — дедим гапиришга қийналаётганимни сездирмасликка уриниб.
— Тинчликми?
— Тинчлик.
— Афтингизга қараганда, тинчлик эмасга ўхшайди.
— Кўзгу беринг, илтимос.

Гулруҳ стол тортмасидан тўртбурчак кўзгу узатди.
— Э-ҳа, гап бу ёқда экан-да! — деб юбордим кўзгудаги аксимга қараб ўзимни таний олмай қолганимдан ҳайратга тушиб.

Айтсам ишонмайсиз, юзим кулгили тарзда қийшайиб қолганди. Қовоқларим ёрилган, шишиб кетган лабимдан қон сизарди.
— Нима бўлди ўзи? — Гулруҳ пахта ва спирт билан ёнимга келди. — Қани, менга қаранг-чи.
— Ўҳ... секинроқ...
— Жонингиз шунчалик ширинми?
— Албатта.
— Муштлашаётганда нега шуни ўйламадингиз?
— Муштлашганимни ким айтди сизга?
— Афтингиз айтди. Ҳали кафтингизни ҳам...

Мен гуноҳкорона кулимсираганча кафтимни кўрсатдим.
— Вой-бў! Жонингиз савил экан сизни! — деди Гулруҳ, кейин бирдан юзимга кўзи тушди-ю, кулиб юборди.

Болаларча беғубор, самимий кулди.
— Дунёдаги энг чиройли эркак мен бўлсам керак.
— Ҳа... топдингиз...

Эшик тақиллади.
— Киринг, кираверинг, — деди Гулруҳ кулгидан ёшланган кўзларини дастрўмолига артаркан.
— Гулруҳ Қосимовна... — юзи қордек оппоқ Ҳаким Назарич эшик олдида туриб қолди.
— Жуда шошилинч эмасми? Мен ҳозир ишимни тугатаман, — деди Гулруҳ.
— Тинчлантирувчи бирор нимангиз борми?
— Ҳозир... Бироз кутиб туринг, — деди Гулруҳ менга, кейин қандайдир қутини олиб Ҳаким Назаричга яқин борди. — Яна юрагингиз безовта қиляптими?
— Ҳа.
— Қон босимингизни ўлчаб кўрсам майлими?
— Яхши бўларди.
— Бу ёққа ўтиринг.

Ҳаким Назарич Гулруҳ суриб қўйган стулга ўзини ташлади. Унинг мазаси йўқ, шекилли.
— Қон босимингиз жойида, — деди Гулруҳ тонометрни стол устига қўяркан. — Фақат юрагингиз сал тез уряпти. Менимча, бу чарчаганлик оқибати. Яна об-ҳавонинг ҳам таъсири бўлиши мумкин. Мана бу дорини тилингиз тагига ташлаб шиминг.

Гулруҳ Ҳаким Назарични тинчлантириб менинг олдимга келди.

Оғриққа базўр чидаб ўтиргандим. Асабларим ниҳоятда таранглашганди. Гулруҳнинг юмшоқ, ҳароратли бармоқлари қўлимга тегиши ҳамон бирдан бўшашдим: «Эҳ-ҳе, бу қўлни аллазамонлардан буён ҳеч ким силамаган эди...»;

Кўнглимдан нелар кечаётганидан бехабар Гулруҳ ўз ишини астойдил бажарарди.
— Эртадан бошлаб ишга чиқишни қатъиян ман қиламан, — деди Гулруҳ.
— Бунинг сираям иложи йўқ.
— Бу қўл билан ишлаб бўлмайди! Ҳаким Назарич, ишчингизга ўзингиз тушунтиринг.
— Қўл керакми ёки пул? — бироз ўзига келиб қолган Ҳаким Назарич ғалати савол берди.
— Пул, — дедим мен.

Ҳаким Назарич: «Мана, кўрдингизми?»; дегандай Гулруҳга қаради.

Мен индамай хонадан чиқдим.

Баракдагиларнинг ярми дўстларча, ярми рақибига қарагандай адоват билан қарши олишди мени.

Кимлардир нималардир дегандай бўлди. Аммо мен ҳеч кимга қулоқ солмасдан тўғри бориб тўшагимга чўзилдим.

Ҳусан негадир тўшагида кўринмасди.

Анчагача ухлай олмасдан қийналиб ётдим. Бугунги муштлашувдан кейин Гулруҳ мен ҳақимда қандай хаёлларга бордийкин? Ахир зоҳиран тан олгим келмаса-да, ботинимда анчадан буён Гулруҳда яхши таассурот қолдириш истаги туғилганди-да. Бу ёғи қандоқ бўлди? Гулруҳ мени ким деб ўйладийкин? Ўйлаб ўйимнинг тагига етолмасдим. Кўнглимдаги ғашлик кучая борди ва бирдан ўзимни ёмон кўриб кетдим. Кейин бутун дунё кўзимга хунук кўрина бошлади. Адёл билан бошимни ўраб олдим. Ташқарида гитара овози ва аллакимнинг бўғиқ хиргойиси эшитилди: «Ах, какая женщина...»;

Эрталаб Пўлат Дамирович соқчилари кузатувида баракка қузғундай бостириб кирди. Биз одатдагидай сафда турардик.
— Бошвоқсиз тўнкалар! — дея бақира кетди у кирган заҳоти қутурган итдай. — Хом сут эмган, ипирисқилар! Кимдан сўраб муштлашувга чиқдинглар?! А, сендан сўраяпман?!

Пўлат Дамирович ҳар бир ишчининг рўпарасида тўхтаб, пешонасига бармоғини бигиз қилиб ниқтарди. Навбат Ҳусанга келди.
— Сендан сўраяпман, аҳмоқ!

Пўлат Дамирович унинг ҳам пешонасига бармоғини бигиз қилиб ниқташга чоғланди, лекин Ҳусан чап берди, ўзини четга тортди.

Кейин нафрат билан:
— Қўлингни торт, ифлос! — деб бақирди у.
— Вой аблаҳ! Кимни ифлос деяпсан?! — Пўлат Дамировичнинг кўзларидан ўт чақнади.
— Кимни бўларди, сени-да, нодон! — Ҳусан кутилмаганда хохолаб кулди. — Нодон бўлмасанг, ўйлаб гапирардинг-да.
— Эси жойидами бу боланинг?!
— Ўзингнинг эсинг жойидами? Ҳеч замонда муштлашувгаям бировдан рухсат сўраб чиқиладими, галварс?!

Пўлат Дамировичнинг юзи кўкариб кетди.
— Соқчи! — дея чинқирди у.

Шу вақт эшикдан Ҳаким Назарич кириб келди.
— Нима гап? Нима тўполон? — деди у ҳаммага бир-бир кўз югуртираркан.

Пўлат Дамирович дарҳол ўзини босиб ҳозиржавоблик билан деди:
— Кўрмайсизми бу итдан тарқаганларни?! Кечадан буён муштлашиб бир-бирларининг гўштини еб ётишибди! Буларнинг ҳаммасини қамоқда чиритиш керак!

Ҳусан тилини тийиб туролмади:
— Қамоқдан нима фарқи бор бу ернинг?
— Ҳов тўтиқуш!..
— Ўзинг кенгуру!
— Жим! Жим бўлинг! — хитоб қилди овозини кўтармасдан Ҳаким Назарич. — Ҳозироқ жим бўлларинг! Акс ҳолда...

Барак сув қуйгандай жим бўлиб қолди.
— Гап бундай, — давом этди Ҳаким Назарич, — бу ерда тўполон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Нега деганда, биз ҳеч бирингизни ноқонуний равишда бу ерда ушлаб турганимиз йўқ. Ҳар бирингизнинг фақат ўзингизгагина маълум сабаблар туфайли бу ерда юрибсизлар. Шундай экан, бундан кейин кимда-ким тўполон қиладиган бўлса, кескин чора қўллашга мажбурмиз. Дастлабки чорамиз шундан иборатки, баракда бир киши ғурбатни бошлаган бўлса-да, энг камида йигирма киши маошсиз қолади!

Сафдагилар гувраниб қўйишди. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Иккинчи чора шундан иборатки, безорилик қилган шахс билан ади-бади айтишиб ўтирилмайди, иши тўғридан-тўғри судга оширилади. Тушунарлими?

Сафнинг у ер-бу еридан ғудранган, бўғиқ овозлар эшитилди.
— Тушунарли бўлса, жуда соз, — деди Ҳаким Назарич, кейин Пўлат Дамировичга юзланди. — Кетдик!

Пўлат Дамирович бўғриққанидан қип-қизариб кетган, лекин Ҳаким Назаричга эътироз билдира олмасди.

Иккала бошлиқ ҳам чиқиб кетишди.
— Қари туллак! — дея сўкинди Ҳусан. — Биз учун энг оғир жазо иқтисодий чора деб ўйлаганини қаранг. Шу қилганига кейинги маошнинг бир тийинини ҳам олмайман. Башарасига қараб отаман!
— Менимча, Ҳаким Назарич бир ўқ билан икки қуённи урди, — дедим ўйчан оҳангда.
— Тушунмадим.
— Нимасини тушунмайсиз? У сиз билан мени Пўлат Дамировичнинг зуғумидан асраб қолди.

Энди Ҳусан ўйланиб қолди.

«Ҳа, одамлар билиб айтишаркан, — дея хаёлдан ўтказдим. — Ҳаким Назарич инсофли одам. Менга номаълум қандайдир сабаблар туфайли Пўлат Дамировичнинг устидан ҳукм юргизадиган ва вақти-вақти билан унинг зулмона хатти-ҳаракатларини чеклаб турадиган мана шу мулоҳазакор Ҳаким Назарич бўлмаганида бу ердагиларнинг шўри қуриркан!»;

Эрталаб медпункт эшиги олдида яна Пўлат Дамирович билан тўқнаш келдим.
— Сиз ҳалиям бу ерда ўралашиб юрибсизми? — деди у майда ҳашаротга қараётгандек ижирғаниб тикиларкан.

Мен уни пайқамагандек индамадим, шунда у шу қадар қизариб-бўзариб, ғазабдан қалтираб кетдики, иложи бўлса, даст кўтариб улоқтириб юборса ёки ерга юмалатиб коптокдек обдон тепкиласа, топтаса, кейин товонлари билан хумордан чиққунча эзғилаб, абжағимни чиқариб йўқ қилиб ташлагудек!
— Ҳой пайтавақулоқ, кўппак, бурдалаб ташламасимдан бу ердан йўқол! — деди у ғазабини зўрға босиб.
— Ўзинг йўқол!
— Келгинди, саёқ...
— Ўзинг ўрис чўчқасисан!

Пўлат Дамировичнинг юзи қийшайиб кетди. Адл қоматини эгди-ю, этигининг қўнжига қўл юборди. Худди шу вақтда остонада Гулруҳ пайдо бўлди.
— Пўлат Дамирович, укол вақти бўлди, кирмайсизми? — деди у ҳеч нарсадан бехабардай хотиржам оҳангда.
— Ҳозир...

Пўлат Дамирович ёнимдан ўтаётиб яна туртиб ўтишга уринди, лекин бу сафар уддасидан чиқолмади. Мен ўзимни четга тортишга улгурдим.
— Гулруҳ Қосимовна, сизни кўрсам этим жунжикадиган бўлиб қолибди, — Пўлат Дамировичнинг қувноқ овози эшитилди ичкаридан.
— Қўрқинчли махлуққа ўхшайманми шунчалик?
— Сиз эзгулик ва ёруғлик фариштасисиз!
— Эзгуликни тушунса бўлади, лекин нима учун ёруғлик?..
— Ёруғлик, бу нур, ҳарорат дегани. Сизга қарасам зимистон кўнглим ёришиб кетади!
— Сизнинг кўнглингиз ҳам ғаш бўладими?
— Эҳ!.. Ўйлайсизки, бу одам...
— Мана, бўлди, энди бемалол ишга кетаверишингиз мумкин.
— Гулруҳ Қосимовна, мен кетмасдан шу ерда ўтирсам майлими? Сизни қоровуллаб!..
— Майли-ю, лекин нима учун, кимдан қоровуллайсиз?
— Ташқарида турган таъвиядан! Биласизми, у қанақа махлуқ?!
— Ишга кеч қолмайсизми?
— Менда иш вақти деган нарса йўқ. Анови махлуқ сизга бирдан ташланиб қоладими деган ташвишдан бошқа ташвишим ҳам йўқ.
— Унчаликка боришмайди...
— Мен уларни яхши биламан. Пул учун ўзини томдан ташлайди улар. Акс ҳолда, бу ерда хор-зор бўлиб юришармиди?! Мана биттаси ўзингизга маълум, қўлидан айрилиб қолишини била туриб бир кун ҳам ишдан қолмайди. Ишга чиқмаса мўмай пулдан қуруқ қолади-да! Ҳойнаҳой, у ёқда беш-олтита боласи, хотини бордир. Жароҳати гангренага айланиб кетса нима бўлади?! Дайди-келгиндилар босиб кетди ҳамма ёқни!
— Пўлат Дамирович, эсингиздан чиқарманг, мен ҳам ўшаларданман!
— Сизни қисмат бу ерга бошлаб келган. Мен билан учраштириш учун.
— Айтганча, уколингиз кам қолди. Олиб келиб берасизми?
— Эртага опкесам бўладими?
— Ҳа, бугунга етарли. Даврон!

Хонага кирдим. Эшикни очганимда йўлакдаги ғала-ғовур ичкарига ёпирилди.
— Одам кўпми? — сўради Гулруҳ.
— Одатдагидай, — тўнг жавоб бердим.

Гулруҳ юзимга ғалати қаради.
— Пўлат Дамирович, уколдан кейин бироз ётишингиз керак.
— Шунақами?

Пўлат Дамирович ўрнидан турди.
— Эҳ-ҳе, ириб кетибди-ку! — деди у жароҳатимга кўз ташларкан. — Ҳадемай қўлдан айрилиши турган гап!

Чурқ этмадим. Сезиб турибман, у атай шундай деяпти. Юзидаги кишининг жиғига тегадиган, қадр-қимматини ерга урадиган ифода ва кулгиси шу қадар таҳқиромуз эдики, базўр ўзимни босиб, гўё уни писанд қилмагандек то хонадан чиқиб кетгунча сурбетларча тикилиб туравердим.
— Ғалати киши, а? — деди Гулруҳ унинг ортидан.
— Қўлида тўппончаси бор тўнка!
— Бугун кайфиятингиз йўқроқми?
— Бинойидай.
— Қўлингиз кечаси қаттиқ оғримадими?
— Йўқ!
— Уч-тўрт кун ишга чиқмай турақолинг.
— Пулдан қуруқ қоламан!
— Ёш бола экансиз! Кечқурун сал вақтлироқ келинг, негадир одам кўпайиб кетяпти.
— Ўйлаб кўраман.

Авзойим бузилганди. Асабийлашардим.

Ташқарига чиқдим. Ўз-ўзидан жаҳлим чиқа бошлади. Қўлларида супурги ва челак кўтариб олганча боқилган ғоздай ҳовлида лапанглаб юрган Санобарга кўзим тушиб хотин зотига нафратим ошди. Аёллар янги ҳаётга тез кўникадилар ва ҳеч жирканмай, унга қарши руҳан исён кўтармай, бундан ҳеч қандай қўрқинчли нарса ҳам кутмасдан, ўзларининг янги тақдирига пешвоз чиқаверадилар, шекилли. Улар пулларини ёки бирор қимматбаҳо тақинчоғини ўғирлатиб ёки йўқотиб қўйишгандагина қаттиқ қўрқиб кетсалар керак.

Гулруҳ ҳам шуларнинг бири-да. Ким билсин, у соддаликни ўзига ниқоб қилиб олган маккорадир эҳтимол. Ахир, эркаклар томонидан улуғланиб, кўкларга кўтариладиган ёқимли соддалик кўп ҳолларда муҳтарама заифаларимизни хавф-хатардан сақлаб қолган...
— Алишернинг аҳволи яхшими? — деб сўради тушлик маҳали ёнимга келган Нурали.
— Дуруст, шекилли.
— Ўзини кўриб турибсизми?
— Бир марта.
— Каримбой аканинг негадир қовоғи очилмайди. Шунинг учун сўраяпман-да.
— Унчаликмас, менимча. Ҳар гал борганимда ухлаб ётган бўлади.
— Ҳусан кўринмайдими?
— Ҳусан? Шу атрофда юрувди.
— Ундан бироз спирт сўрасам дегандим. Негадир чап оёғимнинг бармоқлари қичишяпти. Шерикларим спирт билан артиш керак, дейишди.
— Яхшиси медпунктга учранг.
— Қандоқ бўларкин? Шусиз ҳам касаллар кўпайиб кетди.
— Спирт топиш қочмас. Аввал дўхтирга учрашинг.

Нурали кетди.

Қўлим ишга бормай, ходалардан бирининг устида анчагача хаёл суриб ўтирдим. Менга қадрдон манзиллардан ўтиб келаётган қуёш нақ тепамизда туриб олиб кумушранг нурларини мўл-кўл сочарди, аммо ўлай агар, заррача ҳам тафти йўқ эди. Ҳа, бу ернинг ўзи бир олам. Нафақат тартиб-қоидалари, балки бу ернинг қуёши ҳам, ойи ҳам ўзгача. Чарақлаб туради-ю, тафти йўқ. Бу ерда инсон қанчалар тубанлашуви, ўзлигини йўқотиши, ботиний дунёсидаги энг олий туйғуларини ҳам ҳеч иккиланмасдан ҳалок этиб юборишга қодир. Шу билан бир вақтда бутунлай бунинг акси юз бериши ҳам мумкин. Зотан, кулфат ҳам ўзига хос нарса. Кулфат туфайли ҳаётни чуқурроқ ҳис этадиган бўлиб қоласан...

«Чилпарчин бўлган ҳаётни тиклаб бўлармикин?»;

Аллақайдан ўқ овози эшитилгандай бўлди. Сергак тортиб ён-веримга қарадим.

Тошпўлат билан Файзи ҳам ҳайрон бўлиб туришганди.
— Ўқ овозими? — деб сўрадим улардан.

Шу вақт иккинчи ўқ овози янгради.

Бу гал аниқ эшитдим.
— Соқчилар «уруш-уруш»; ўйнашяпти чоғи, — деди Тошпўлат.
— Ҳусан ҳали қайтмадими? — ажабландим.
— Қаёққа кетганди ўзи? — таажжубланди Тошпўлат.

Кўз илғайдиган ерларни кузатиб Ҳусанни қидирдим. Афсуски, яқин-ўртада унинг қораси кўринмади.

Бир маҳал Қиличбек ҳовлиққанча келиб қолди.
— Ҳамма шу ердами? Ие, ҳов... Ҳусан қани?
— Эрталаб шу ердайди, — деди Файзи.
— Эрталаб шу ерда эканлигини билардим, лекин ҳозир қани у? — кўзлари ола-кула бўлиб бақирди Қиличбек.
— Мен қаёқдан билай! — Файзи нари кетди.

Қиличбек бесаранжом нигоҳларини менга тикди.

Мен кумушранг бўшлиқдан кўз узмадим.

Қиличбек қурилиш биноси томон югурди.

Узоқдан қараганда, оппоқ қор устида юмалаб кетаётган тарвузга ўхшарди у.

Кун аллақандай нохуш безовталик билан ўтди.

Қуёш ўрмон ортига бекинди. Унинг қарағай шохлари учига илиниб қолган сўнгги нурлари ҳам завол топди, қош қорайди. Шундан кейингина бизни ишни тарк этиб, баракка чорловчи қўнғироқ овози эшитилди.

* * *

Кўчада миршабларнинг юк машинаси турарди. Дарвоза олдида беш-олтитаси уймаланишган. Фуражкаларининг қайишлари туширилган. Милтиқларининг стволлари чироқ нурида совуқ йилтирайди.

Нимадир юз бергани маълум.

Миршаблар бизни бирма-бир кўздан ўтказишди.

Ичкарига кирганимиздан кейин соқчилар бизни ўз ихтиёримизга қўйиб юборишди. Аммо узоққа кетмай ҳовлининг у ер-бу ерида туриб олишди.

Ошхона деразаси олдида турган Наргиза мени имлади.
— Вой, Даврон, бормисиз? — деди ранги қув ўчган аёл.
— Нима гап?
— Хабарингиз йўқми? Бугун биттаси қочиб кетмоқчи бўлган экан, соқчилар шартта отиб ташлашибди!
— Ким экан?!
— Исмини билмадим... Ҳовлидан олиб ўтишаётганда кўриб қолдим. Ҳамма ёғи қон... Ёшгина йигит...
— Ҳозир қаердайкин, билмайсизми?
— Медпунктда шекилли. Ўша ёққа опкириб кетишди-ю...

Медпункт эшигига қарадим. У ерда милтиғини елкасига осган соқчи турарди.

Шошилаётган, ичимни алланима тимдалаётганига қарамасдан имиллаб ювиндим. Овқатландим. Ғала-ғовур, ўзаро шивир-шивирлар қулоғимга кирмасди. Аммо, назаримда, ҳамма пичирлаб гапираётгандай туйиларди.

Шерикларимга бир-бир назар солдим, башаралар турфа бўлишига қарамай, барида аллақандай хавотир, мавҳум умид, лоқайдлик ва сароб жимирлаётган бу нигоҳлар бўм-бўш эди!

Медпункт томон юрдим.

Соқчи аввалига рухсат бермади, қўлимдаги жароҳатимни кўрсатганимдан кейин ичкарига кириб кетди. Бир оздан кейин қайтиб чиқиб: «Кир!»; дегандай ишора қилди.

Гулруҳ хомуш қарши олди.
— Ярадор йигит шу ердами? — деб сўрадим ундан.
— Ҳа.
— Аҳволи қалай?
— Яхши эмас, — дея пичирлади Гулруҳ.
— Кўрсам бўладими?
— Юринг.

Гулруҳ парда ортига бошлади.

Девор ёнидаги каравотда Алишер ётарди. У ухламаётганди, лекин мени кўриши билан кўзларини юмиб олди. Гаплашгиси келмади чоғи. Унинг ёнидаги каравотда Ҳусан ётарди!

Кўзларимга ишонмай унга яқинлашдим.
— Ҳусан...

Ҳусан «қилт»; этмади. Унинг юзи бўзга ўхшаб қолганди. Кўзлари чала юмуқ. Қовоқлари шишган. Қорни киндигининг атрофи билан боғланган... Тирикликдан нишон йўқдай...

Ёнига тиз чўкдим. Нафас олишига қулоқ тутдим. Юзига бармоқларимни теккиздим: иссиқ. Хайрият.
— Кўп қон йўқотган, — деди Гулруҳ парда ортидан сирғалиб чиқарканмиз. — Ўша заҳоти опкелишганда бунчалик бўлмасди.
— Яқинда опкелишдими?
— Яқинда... Казармада икки соатдан кўп қон кетиб ётган... Яхшиям Ҳаким Назарич хабар топиб қолиб бу ёққа юборибди.
— Жароҳати оғир эмасми?
— Оғир эмас, аммо кўп қон йўқотгани панд бериб қўймаса, деб қўрқаман... Қўлингиз қалай?
— Бугун унчалик оғримади.
— Келинг, дори суриб қўяман.

Ҳар сафаргидай Гулруҳ столнинг нарёғида, мен бу томонида ўтирдик. Қўлимни столга қўйдим. Гулруҳ бинтни еча бошлади. Кўз қирим билан ҳаракатларини кузатдим. Шифтдан таралаётган нур унинг юзида акс этарди. Жиддий ва бир оз паришон чеҳрасида мен учун бегона, тушунишим қийин бўлган аллақандай сир-синоат мавжуд эди. У билан бемалол гурунглашиб ўтиргим келарди, аммо гапни нимадан бошлашни билмасдим. Ахир бу аёлни яхши билмайман, у ким, қайси оламдан келиб қолган паризод, тасаввур қилолмасдим ҳалигача. Тикилганим сайин у мендан узоқлашаётгандай...

Муолажа ниҳоясига етгач, ташаккур айтиб ўрнимдан турдим.
— Хайрли тун, — деди Гулруҳ. — Ўртоғингиздан хавотир олманг. Унга ўзим қарайман.
— Хайрли тун.
— Эртага эрталаб... яна келасизми?

Ялт этиб қарадим. Гулруҳ интиқлик билан қараб тургандай туйилди.
— Албатта, келаман.

Эшикка етгач, ортимга ўгирилдим.

Гулруҳ ҳамон қараб турарди.

Кулиб қўйдим.

Гулруҳ қўлини силкиди.

Ташқарига чиқдим.

Яна гупиллатиб қор ёғарди. Ҳаво илиқ эди. Йўлак бўйлаб юрдим. Юрагимни ҳам изтироб, ҳам аллақандай ёқимли бир тўлқин безовта қиларди. Нурсиз-жилосиз, оддий турмуш қоришмасидан иборат бўлган, сувдай рангсиз ҳаётимга нимҳарир ёғду таралаётгандек эди.

Эртасига эрталаб борганимда Ҳусанни соқчилар казармага олиб ўтишганини эшитдим.
— Ҳали ўзига келганича йўқ. Ўлиб қолиши мумкин, деб неча марта айтдим уларга. Қулоқ солишмади, — деди хафа бўлиб ўтирган Гулруҳ.
— Яхши бўлмабди.

Парда ортига ўтдим. Алишер шифтга тикилиб ётган экан, ҳол-аҳвол сўрадим.
— Келинг, бирпас ўтиринг, — деди у сиқилиб кетгандек афтини бужмайтириб.

Кеча Ҳусан ётган каравотга ўтирдим. Юрагим симиллаб кетди. Кечагина бу ерда Ҳусан ётганди. Яна кўришиш насиб қилармикин? Казармада аҳволи не кечаркин?
— Қачон ишга чиқасиз энди, Алишер?
— Билмадим... Ҳали-бери чиқадиганга ўхшамайман. Синган суяк битиб қолгандай, лекин оёғимни боса олмаяпман. Оғриқни-ку қўяверинг... Бармоғимни жоди кесиб кетганидаям бунчалик оғримаганди.
— Дарднинг келиши осон, кетиши қийин, — дедим бошқа гап тополмай.
— Яхши бўлиб кетармикинман?..

Титраб кетдим.

Ёноқлари чуқурлашган, чекка томирлари бўртиб кетган, киртайган кўзларида мунгли илтижо қотиб қолган йигитчанинг юзига тикилиб қарай олмадим.
— Ҳусан ака уч-тўрт кун даволаниши керак эди-да, — деди Алишер. — Аҳволи анча оғир экан. Ҳалиям... — Алишер овозини пасайтирди. — Ҳамширамиз зўр экан. Ҳусан аканинг қорнидан ўқни шартта олиб ташлади.
— Ўқ биттамиди?
— Битта, шекилли.

Гулруҳга тан бердим ичимда. Оддий ҳамширанинг шунчалар уддабуронлиги таҳсинга сазовор эмасми?

* * *

Кечки пайт.

Ишдан қайтдим-у ўзимни ошхонага урдим. Қорним ўлардай оч эди.

Столлар бўм-бўш. Емакхонага ҳали ҳеч ким кирмаганди. Наргиза билан Санобар улкан қозон ёнидаги стол атрофида ўтирганларича... қарта ўйнашарди!
— Муборак бўлсин!
— Ҳа, Даврон, сизмисиз? Овқат сузайми ё бизга қўшилиб бир қўл ўйнайсизми? — деди Наргиза қарталаридан кўз узмай.
— Мен билмайман.
— Вой, оддий «Дурак»;ни билмайсизми? Нимани биласиз ўзи? — Санобар таънали назар ташлади.
— Қиморни биламан, холос, — дедим жўнгина.
— Ярамас! Буларнинг соғи йўқ, — Наргиза қарталарини ташлаб ўрнидан турди, пешбандини олдига тутиб қозон ёнига борди.
— Э, ўлиб кетсин! Сиқилганимдан ёрилиб кетгудай бўляпман, — деди Санобар. — Қарта ўйнасак сал кўнглим ёзилармиди дегандим. Буям тўғри келмади.
— Даврон, келинг, овқат тайёр, — чақирди Наргиза.

Ҳовлидан ола-тасир, шовқин-сурон эшитилди. Югуриб чиқдим. Медпункт олдида беш-олти киши тўпланиб туришарди.
— Нима гап? — сўрадим шу ердагиларнинг биридан.
— Э, анови Аслиддин яна «чп»; қилган, шекилли.
— Тушунмадим.
— Аслиддин: «Касалман, иситмам чиқяпти»;, деб хонага кирибди-ю, ҳамширага ташланиб қолибди. Кайфи бор экан-да. «Ҳеч бўлмаса битта ўптиринг!»; деб ялинармиш...

Ҳангоматалаблар ҳиҳилашди.

Чидаб туролмадим.

Эшикни шартта очиб ичкарига бостириб кирдим. Назаримда, Гулруҳ ёлғиз ўзи йиғлаб ўтиргандай эди. Аммо ичкарида бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлдим. Гулруҳ ҳеч нарса бўлмагандай қарши олди. Бундан ташқари, у ёлғиз эмасди. Хонада Пўлат Дамирович бор эди.
— Бу ёввойи одамлардан бундан баттар ёвузликни кутиш мумкин. Гулруҳ Қосимовна, ҳалиям фикрингиздан қайтмадингизми? — деди Пўлат Дамирович менга қўли билан чиқиб туринг, дегандек ишора қиларкан.

Қимир этмадим.
— Пўлат Дамирович, ташвишланманг, мен бировларга ўзимни оёқ ости қилдириб қўядиганлардан эмасман, — деб жавоб берди Гулруҳ, кейин менга юзланди: — Нега кеч қолдингиз?
— Бунақа ўжар эканлигингизни билмаган эканман, — Пўлат Дамирович эшик томон юрди. Кейин бирдан ортига ўгириларкан, истеҳзоли кулимсиради. — Шўрингизга шўрва тўкилганда мени эсларсиз, лекин унда кеч бўлади!

Гулруҳ ҳам ундан қолишмади:
— Яхши ниятларингиз учун ташаккур!

Пўлат Дамирович чиқиб кетди.
— Қани, қўлингизни беринг, — деди Гулруҳ.

Бор журъатимни тўплаб:
— Бировнинг шахсий ишига аралашиш ноқулай, лекин... У сизни қўрқитяптими?.. — деб сўрадим Гулруҳдан.
— Бояги машмашани эшитгандирсиз? Пўлат Дамирович шуни дастак қилволиб, «Штаб»; ёнидаги хонага кўчиб ўтишимни таклиф қиляпти.
— Сиз кўнмадингиз.
— Кўриб турганингиздай.
— Балки у ҳақдир. Кўчиб ўтганингиз дурустмиди? Ҳар қалай, у ер бехавф...
— Пўлат Дамирович ҳам шуни таъкидлаяпти. У ёққа бориш тугул, ёнидан ўтишга ҳеч кимнинг журъати етмайди, дейди.
— Тўғри. Шуниси қулай эмасми сиз учун?..
— Бошқалар учун қулайлиги бордир. Лекин мен учунмас!
— Ҳар хил одам бор. Бугунгига ўхшаш воқеа... Қўрқмайсизми?
— Қўрқмайман, — бепарво жавоб берди Гулруҳ.

Унга тикилиб қолдим.

Беш дақиқалардан кейин Гулруҳ ишини тугатди. Шунгача у гарчи нигоҳларимни ҳис этаётган бўлса-да, юзимга қарамади.
— Бўлди. Кетишингиз мумкин, — деди у.

Қимир этмадим.
— Яна икки кун келсангиз етади. Жароҳатингиз анча яхши.

Индамай ўтиравердим.

Шунда у на менга, на бирор нарсага қарамасдан, бўшлиққа тикилганча:
— Қўрқаман... — деди, овози титрарди. — Лекин қўрққанимни даҳмаза қилишим шартми? Умуман олганда, ҳаммамиз тутқунмиз бу ерда. Тутқунликни тан олиб, атрофимдагиларга жавдирайверсам, биласизми, улар не кўйга солишади? Ҳаётда кўп қийинчилик кўрганман. Бу ҳақда бошқа вақт бафуржа гапириб берарман. Агар эшитишни хоҳласангиз. Аммо ҳозир бир гапни дангал айтишим керак. Ўша қийинчиликлар туфайли мен ўз атрофимда бутунлай бошқача атмосфера яратиш ҳадисини олволганман. Сиз тушуна олмаётган, тўғрироғи, сизни ажаблантираётган сирим шу, — Гулруҳ кулиб қаради. — Энди тушундингизми?

Мен бош силкидим.
— Энди хонани бўшатарсиз, бошқалар кутиб қолишди.

Мен яна бош силкидим, аммо ўрнимдан қўзғалмадим.
— Яна нимадир демоқчисиз, шекилли?

Бош ирғадим.
— Сўранг, — Гулруҳ юзимга завқ билан тикилди.
— Сиз оддий ҳамшира эмассиз!

Гулруҳ дарров жавоб бермади. Сирли кулимсираганча:
— Ҳамшира, оддий ҳамшира, холос, — деди бироздан кейин.

Эшик бетоқатлик билан тақиллади.

Ўрнимдан турдим.
— Яна икки кунгина келаманми бу ерга? — деб сўрадим хафа бўлиб.
— Яхши эмасми?
— Бунақаси кетмайди. Қўлим ҳали-вери яхши бўлмаслиги керак. Бу борада бирор маслаҳат бера олмайсизми?
— Қалтисроғиданми?
— Ҳа.

Гулруҳ ўйланиб қолди.

Эшик яна тақиллади.
— Яхшиси, эртага келганингизда айтаман, — деди у. — Фақат сал вақтлироқ ёки сал кейинроқ келинг.
— Узундан-узоқ, бунинг устига, энг хатарли маслаҳатми, дейман?
— Шунақа.
— Есть! — қўлимни чаккамга қўйдим.

Эшик шахт билан очилди. Бир одам ичкарига отилиб кирди. Аланг-жаланг қилганча:
— Бу ерда нималар бўляпти ўзи?! — дея бақирди.

Беихтиёр кулиб юбордим.

Ташқарига чиқдим.

Ошхонада ҳам, баракда ҳам чироқ ёниқ эди.

Тун забтига олган ҳовлида анча вақт айланиб юрдим. Кейин «Контора»; томон ўтдим. Пул керак эди. Ичкарида чироқ кўринди. Демак, Ҳаким Назарич ҳали уйғоқ.

«Ғамхўр князь, — деган ғалати фикр келди калламга ташқарига чиқиб, эшик олдида турарканман. — Бу ёғи қандоқ бўлди?»; Бир оздан кейин: «Бу ҳақиқатан ҳам беғараз ғамхўрликми ё бирор мақсадни кўзлаб қилинаяптими?»; деган шубҳа миямга урилди.

Баракка кирдим.

Аммо сира ухлай олмадим.

Эрталаб ошхонада нонушта қилиб ўтирганимда Ҳаким Назарич мени йўқлаётганини айтиб қолишди. Медпуктга борармишман.
— Гулруҳ Қосимовна билан гаплашдим, — деди Ҳаким Назарич хонага кириб борганимда. — Сиз билан ишлашга мутлақо қарши эмас эканлар.

Гулруҳ жилмайди.
— Ҳозироқ кўчиб келишим керак экан-да, — дедим.
— Эшик олдидаги курси сизники, — деди Ҳаким Назарич, кейин бурилиб Гулруҳнинг қўлтиғидан олиб ташқарига бошлади. — Гулруҳ Қосимовна, сизга ҳам икки оғиз гап...

Уларнинг суҳбатини эшитмадим.

Ўн дақиқалардан кейин Гулруҳ хонага қайтиб кирди.
— Бу фикр сиздан чиқмаганмиди ишқилиб? — деб сўради у.
— Мендан чиққан тақдирда ҳам улар инобатга олишмасди, — дедим ростига кўчиб. — Бу «меҳрибон князь»;нинг иши!

Гулруҳ ким ҳақида гапирганимни тушунди.
— Аввал жароҳатингизни боғлаб қўяй, кейин постингизни эгаллайсиз, — деди у бинт ва малҳамни стол устига қўяркан.
— Ҳусаннинг аҳволидан хабарингиз борми?
— Йўқ. Эсласам этим жимирлаб кетади. Эҳ!..
— Хабар олишнинг иложи бормикин?
— Пўлат Дамирович барибир рухсат бермайди. Соқчилардан биттаси ошқозони оғриб олдимга келганди. Ҳусанни казармада ётибди, дейди. Штабнинг орқа томонида казарманинг аллақандай дарчаси бор экан. Ўша дарча орқали уни кўрса бўлармиш. Лекин ёрдам беролмагандан кейин кўришдан нима наф?
— Штабнинг орқа томонида дедингизми?
— Ҳа. Мана, бўлди, энди постингизга борақолинг.
— Қанақадир маслаҳат бермоқчийдингиз.
— Энди ҳожати йўқ.
— Анави курси меникими?
— Ҳа.
— Сизнингча, бу курси ичкарида тургани яхшими ёки йўлакда?..
— Ҳам ичкарида, ҳам ташқарида, — деб жавоб берди Гулруҳ.

Тушундим.

Шундай қилиб, ишни «контора»;да давом эттира бошладим. Вазифам эртаю кеч медпункт эшигидан жилмасдан кирган-чиққанни кузатиш. Пўлат Дамирович дафъатан мени бу ерда кўриб тепа сочи тикка бўлиб кетди.
— Нега ҳаддингиздан ошяпсиз? Ким рухсат берди сизга? — дея заҳрини сочди у.
— Ҳаким Назарич... — дейишимни биламан, Пўлат Дамирович илон чаққандай сапчиб тушди.
— Ҳаким Назарич?! Мен...

У отилиб ташқарига чиқиб кетди.

Гулруҳ қўл силкиб қўйди.

Тушдан кейин Пўлат Дамирович яна медпунктда пайдо бўлди.

Бу сафар у менга заҳрини сочмади. Ҳаким Назарич боплаб попугини пасайтириб қўйган чоғи...

Қизиқ, олов билан сувдек бир-бирининг мутлақо акси бўлган бу икки одамни нима, қандай мақсад боғлаб турган экан?

Дарвоқе, Пўлат Дамирович...

У хонага кириб Гулруҳнинг рўпарасидаги стулга ўтирди-да:
— Муолажа вақтида хонада бегона одамнинг бўлишини хоҳламайман, — деди кескин оҳангда.

Гулруҳ менга қаради.

Индамай йўлакка чиқдим.

Эшик очиқ қолди.
— Гулруҳ Қосимовна, сиздан хафаман, — деди Пўлат Дамирович.
— Бу менинг ишим эмас.
— Ҳаким Назаричнинг ғамхўрлигини қабул қилмаслигингиз керак эди!
— Нима дейишга ҳам ҳайронман.
— Инсоф юзасидан айтинг, сизнинг хавфсизлигингиз ҳақида биринчи бўлиб ким оғиз очганди?
— Сиз.
— Нега унда... Нега... Ўртадан «лоп»; этиб чиққан аллақандай одамнинг гапига кириб!..
— Ҳаким Назарич аллақандай одам эмас.
— Барибир бу... бу адолатсизлик!
— Пўлат Дамирович, нима фарқи бор, «штаб»; ёнига ўтдим нима-ю, бу ерда турдим нима...
— Мен учун фарқи бор!
— Пўлат Дамирович, агар хафа бўлаверсангиз муолажани тўхтатаман!

Жимлик.

Бир оздан кейин:
— Бўпти, хафа бўлмасликка ваъда бераман, — дегани эшитилди Пўлат Дамировичнинг. — Фақат битта шартимга кўнсангиз...
— Шарт қўймасдан гапира оласизми? — кулди Гулруҳ.
— Сизнинг ваъдангизни олмагунимча шарт қўявераман.
— Оҳ, худойим!
— Тунов кунги гапга нима дейсиз?
— Йўқ ва яна йўқ!
— Ўйлаб кўринг.
— Ўйлаб кўрдим!
— Ўзингизни бунча тарозига солмасангиз? — бирдан овози ўзгарди Пўлат Дамировичнинг.
— Тарозига солиш эмас бу!
— Тарозига солишдан бошқа нарса эмас! Аслида бунчаликка бормасангиз бўларди!
— Бу билан нима демоқчисиз?
— Ўзингиз жуда яхши тушуниб турибсиз!
— Муолажа тугади. Кетинг!
— Йўқ, ҳали тугамади! Беморни ташлаб қўйишга ҳақингиз йўқ. Сиз қасам ичгансиз!
— Афсуски, шундай!..

Яна жимлик.

Гулруҳ қирт-қирт қилганча ниманидир қирқди.
— Мана, энди кетишингиз мумкин, ўртоқ бемор, — деди у бироздан кейин асабий оҳангда.
— Гулруҳ...
— ...
— А, Гулруҳ... Хафа бўлдингизми?
— Хафа бўлишга ҳақим йўқ. Ахир, мен қасам ичганман!
— Сизнинг нафақат нинангиз, балки тилингиз ҳам ўткир. Санчилган еридан қон чиқармаса қўймайди.
— Яхши боринг.
— Таклифимни яна бир бор ўйлаб кўринг. Кечқурун кўришгунча!

Пўлат Дамирович йўлакка чиқди. Менга нафратомуз тикилганча илондай вишиллаб:
— Келгиндиларни кўришга тоқатим йўқ! — деди-ю, ёнимдан зувиллаб ўтиб кетди.

Ичкарига кирдим.

Дераза олдида турган Гулруҳнинг юзи қоғоз бўлиб қолганди.
— Агар у сизга яна бир марта шундай муомала қилса, Ҳаким Назаричга устидан шикоят қиламан, — дедим секин.
— Аралашманг сиз! — деб бақириб юборди Гулруҳ.

Нафасим ичимга тушиб кетди. Йўқ, қўрққанимдан эмас. Бундан чиқди, Гулруҳ Пўлат Дамировичга бефарқ эмас экан-да, деган ўйдан ҳафсалам пир бўлди. Қоровулликни бўйнимга олганимга пушаймон бўлдим.

Шу куни Гулруҳ билан бошқа гаплашмадим.

Тун.

Соат икки ярим-учлар атрофида ҳам уйғоқ эдим.

Гулруҳнинг хонасидаги чироқ яқинда ўчди. Шунгача у ҳам ухламаганди. Хонада у ёқдан-бу ёққа юриб турди.

Аёлнинг қадам товушларини санаб ётардим йўлакдаги каравотда. Бир маҳал қадам товушлари эшитилмай қолганида аста ўрнимдан туриб эшикдан мўраладим. Гулруҳ дераза олдида турганди. Жойимга қайтдим. Бир оздан кейин аёл яна у ёқдан-бу ёққа юришни бошлади. «Асабийлашяпти»;, — дедим ичимда. Одамнинг қадам товушига қулоқ тутиб унинг асаби жойида эмаслигини билиш мумкинлигига ақлим етди.

Мана, ниҳоят чироқ ўчди. Демак, Гулруҳ ухлаб қолди.

Секин ўрнимдан турдим. Эшик олдига чиқиб, бирпас турдим. Теваракни кузатдим. Ҳамма ёқ жим-жит. Ҳатто соқчилар ҳам пинакка кетганди. Қорни ғичирлатмасдан бир-бир босиб «штаб»; томон юрдим.

Бу оқшом Пўлат Дамирович навбатчи эди. Берироқда турганча у тунайдиган хонанинг деразасига кўз ташладим. Тунчироқнинг хира ёғдуси липиллаб турарди. Девор ёнига ўтиб яна бироз кутдим. Бир қадам нарида дераза. Мен шу дераза ёнидан билдирмай ўтишим керак эди. Бир маҳал ичкарида нимадир даранглаб кетди. Унинг кетидан аёл кишининг кулгиси эшитилди. Ҳушёр тортдим. Деворга қапишиб олдим. Дераза рўпарасида бир жуфт соя пайдо бўлди. Кейин яна жимлик.

Ўн дақиқалардан кейин аста ўрнимдан жилдим. Дераза остидан юракни ҳовучлаганча энгашиб ўтдим. Хайрият. Энди бу ёғига унчалик қўрқмасам ҳам бўлади. «Штаб»; казармаси ҳақида умуман тасаввурим йўқ эди. Хаёлимда Гулруҳ таъкидлаган аллақандай «...дарча»;дан бўлак ҳеч вақо йўқ. Шунинг учун дуч келган биринчи дарчадан таваккалига ичкарига мўраладим. Зим-зиё қоронғилик. Қоронғиликдан бошқа ҳеч нарса... шу чоғ аллакимнинг жон аччиғида инграгани қулоғимга чалинди. Бутун вужудим, эътиборим қулоққа айланиб ичкарига қулоқ тутдим. Яна ўша аянчли ингроқ... Аъзойи баданингни жунжиктириб юборувчи ингроқ...

Дарчани секин чертдим.

Жавоб бўлмади.

Жавоб ўрнига яна ўша азобли ингроқ...

Аллақаерда хўроз қичқирди.

«Бу ернинг хўрозлари намунча вақтли қичқирмаса?!»;

Изимга қайтдим.

Дераза ёнидан бирдан ўтиб кета олмадим. Нега деганда, деразанинг кичик бир табақаси очилган бўлиб, у ердан қандайдир гап-сўзлар эшитиларди. Беихтиёр қулоқларимни бекитдим. Умрим бино бўлиб бу қадар уятли, пардасиз сўзларни эшитмагандим. Демак, ичкарида фоҳиша бор.

«Пост»;га қайтдим. Бу ерда осойишталик ҳукмрон эди. Тўлин ой ёғдусига чулғанган хонада Гулруҳ ухларди. Ҳеч нарсадан бехабар...

Ўзимни каравотга ташладим-у, тошдек қотдим. Аммо эрталаб эшик «тиқ»; этган заҳоти уйғондим. Ташқарида телпагини кўзигача бостириб олган Ҳаким Назарич турарди.

Эшикни очдим.
— Салом.
— Яхши келдингизми?
— «Пост»;да тинчликми?
— Худди шундай.
— Ҳамшира қизимиз қалай? Безовта бўлмадими?

Ҳазил қилгим келиб:
— Ҳамширамиз онасининг қорнида ётгандай бехавотир ухлади ва ҳамон ухламоқдалар, — дедим.

Ҳаким Назарич кулиб қўйди-да, ўзининг хонаси томон ўтди.

Шу чоғ эшик ғийқиллаб очилди-да, Гулруҳ пайдо бўлди.
— Сизларга гап бўлса, роса опқочасизлар-а? — деди, кейин менга пўписа қилган бўлди: — Ҳали шошмай туринг, кечаси аллақаёққа кетиб қолганингизни Ҳаким Назаричга айтиб бераман!
— Мен шу ерда эдим.
— Ёлғон!
— Рост...
— Аллақаёққа кетиб қолганингизни тан олинг! Тан олмасангиз...
— Хўп, хўп, тан оламан.
— Қаёққа бориб келдингиз?
— Биттаси билан учрашувим бор эди. Шуниям билиб қўйдингизми? Сиз аёллардан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди-я!

Гулруҳ гапимни кўнглига оғир оладими, деб чўчиб тургандим. Йўқ, у мулойимлик билан жилмаярди.
— Учрашувингиз яхши ўтдими, ишқилиб?
— Яхши ҳам гапми!
— Хурсандман.

Гулруҳ хонасига кирди.

Аввалги журъатсизлигим қаёққа чекинди, билмайман. Мен энди Гулруҳ билан бемалол гаплашардим.
— Кечаси Ҳусандан хабар олиб келдим, — дедим Гулруҳ қўлимга малҳам сураётганда. — Штаб ортидаги дарча ҳақиқатан ҳам казарманики экан.
— Ўзингиз кўрдингизми?
— Бе, қаёқда! Лекин овозини эшитдим. Оҳ-воҳ қилиб ётибди бечора. Бугун Ҳаким Назарич билан гаплашсамми, нима дейсиз?
— Ҳусан ҳақидами?
— Ҳа. Ҳеч бўлмаса жароҳати тузалгунча унга кимдир қараб туриши керак. Шундай ётаверса ўлиб қолиши турган гап.
— Ҳаким Назаричга мен айтаман бу гапни. Дўхтир сифатида. Шунда ишонишлари мумкин. Мабодо кўндира олмасам, кейин сиз ҳужумга ўтасиз. Хўпми?
— Сизга йўқ деб бўлармиди?

Мен унга яна нимадир дейиш учун оғиз жуфтладим, лекин шу вақт йўлакда тўпланган беморларнинг шовқин-сурони эшитилди.

Ўрнимдан турдим.
— Алишер ҳақидаям гаплашмоқчийдим, — деди Гулруҳ паст овозда. — Яхшиси, ишчилар жўнаб кетганидан кейин «контора»;га ўта қолайлик.
— Хўп.

Чамаси икки соатлардан кейин биз Ҳаким Назаричнинг хонасига кириб бордик.
— Тинчликми, Гулруҳ Қосимовна?.. — «меҳрибон князь»; сиртдан қараганда ҳар доимгидай хотиржам кўринса-да, ботинида безовта бир тўлқин хуруж қилаётганини сездириб қўйди: унинг бўйинбоғининг тугуни дир-дир титрарди.
— Беморлар масаласида келгандим.
— Марҳамат, ўтиринг.
— Раҳмат.
— Хўш?
— Оёғи синган йигитнинг аҳволи ўнгланмаяпти, шундан ташвишдаман. Касалхонага ётқизмасак бўлмайди. Операция қилиш керак.
— Муолажа ёрдам бермаяптими?
— Умуман. Фақат операция туфайли оёғини сақлаб қолиш мумкин. Акс ҳолда...
— «Акс ҳолда...»; У ёғи маълум. Аммо... — Ҳаким Назарич бехосдан Гулруҳга тикилиб қолди. Кейин бирдан уялиб кетгандек нигоҳларини олиб қочди.
— Ҳаким Назарич, қўлимдан келганини қиляпман. Лекин мен оддий ҳамшираман, холос.
— Тушуниб турибман, бироқ касалхонанинг иложи топилишига ишонмаяпман. Вазият ўзингизга маълум-ку.
— Билмадим, бу ёғига ўзингиз бош қотиришингизга тўғри келади, — деди Гулруҳ ўжарлик билан, ҳатто депсиниб қўйди.

Ҳаким Назаричнинг жаҳли чиқса кераг-ов, деб тургандим, йўқ, аксинча унинг улуғвор, салобатли юзи аллақандай табассумдан ёришиб кетди. Гулруҳга эркаловчи бир нигоҳ ташлади-ю, шу заҳоти буни ўзи фаҳмлаб қолгандай бирдан жиддий тортди.
— Ҳаракат қилиб кўраман, — деди у стол устидан алланимани қидирган киши бўлиб.
— Яна бир илтимос, ҳам талабим бор эди, Ҳаким Назарич. Жаҳлингиз чиқмаса айтаман.
— Жаҳлим чиқса-чи? — Ҳаким Назарич кулгудан базўр ўзини босиб тургандай Гулруҳга қаради.
— Барибир айтаман.
— Унда айтинг.
— Биласизми... Яқинда ярадор бир йигитни олиб келишганди. Ҳозир у казармада ётибди. Лекин аҳволи жуда оғир. Жилла қурса, медпунктда даволанмаса бўлмайди.
— Қочоқ йигитни айтаяпсизми? У Пўлат Дамировичнинг ихтиёрида. Аниқ бир гап айтолмайман.
— Ҳаким Назарич... Йўқ, Ҳаким ака, — Гулруҳ бир қадам олдинга юрди. — Биз фақат сизни биламиз. Бошқаларни тан олмаймиз!

Шунда... Шунда Ҳаким Назаричнинг юзи қанчалар ўзгариб кетганини бир кўрсангиз эди! Йўқотган азиз нарсасини қайта топиб олгандай эсанкираб қолганди у.
— Мен... Гулруҳ... Қосимовна, ваъда беролмайман, лекин биласизми... мен ҳаракат қилиб кўраман, — деди у ҳаяжонини босишга уриниб.
— Мен сизга ишонаман, — Гулруҳ бу сўзларни шундай самимият билан айтдики, Ҳаким Назарич беихтиёр титраб кетди.

Мен ҳам лол бўлиб қолгандим.

Ҳаким Назаричнинг қўл телефони жиринглади.
— Ало, ҳа, менман. Тинчликми? Ҳа, бугун бораман. Кеча ишхонада ушланиб қолдим. Борганда гаплашамиз. Касалхонадамисан? Хўп. Хўп, — Ҳаким Назарич бўғриққанча телефонни чўнтагига солди.
— Вақтингизни олганим учун узр, Ҳаким ака, — деди Гулруҳ.

Кейин хонадан чиқдик. «Қизиқ, Ҳаким Назарич кеча ишхонада тунабди, шекилли, — деган ўй ўтди хаёлимдан. — Боя телефон қилган хотинга шундай деб ҳисобот берди-ку»;.

Тушлик бўлиб қолганди.
— Тушликни қаерда қиламиз? — деб сўрадим Гулруҳдан.
— Мен ҳар доимгидай хонамда тушлик қиламан.
— Бугун ошхонага борақолайлик. Анови иккаласининг аҳволидан ҳам бир хабар олардик-да.
— Бўпти.

Бизни кўриб Наргиза йиғлаб юборди.
— Сиқилиб кетдим, — дея ҳиқиллади у. — Кечаси билан кўз юммадим ҳисоб. Қандай кунларга қолдим, деб ўйлайвериб адойи-тамом бўлдим. Агар ҳозир сизлар келиб қолмаганингизда ўзимни анови биқирлаб турган қозонга ташлаб юборардим!
— Ҳой, ҳой, Наргиза, ўзингизни қўлга олинг, — деди Гулруҳ.
— Э, жонимдан тўйиб кетдим! Бунақа ҳаётдан...
— Ҳаёт шунчалик беқадрми? — деди Гулруҳ.

Наргиза унга анграйиб қаради.
— Ҳаётнинг қадрига етмайдиган одам ундан осонликча воз кечиб қўя қолади. Одам яшагиси келиб турганида эмас, яшагиси келмай қолганида яшашга ҳаракат қилиши керак, менимча. Тўғрими, Даврон ака?
— Яшаганда ҳам унақа-бунақа эмас, ҳаётнинг жон еридан маҳкам тутиб яшаш керак, — дедим.

Наргизанинг бироз чиройи очилди.

Топган-тутганини столга қўйди.
— Наргиз, шўттамисан? — эшикдан бош суқди Санобар.
— Ҳа, келаверинг.

Наргиза бўш стул олиб келиб менинг ёнимга қўйди. Ҳарсиллаганча Санобар кириб келди. У терлаб кетган, пешбанди ярмигача ҳўл эди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, қаторимизга қўшилди.
— Кирларни ювиб бўлдингизми? — сўради Наргиза.
— Бўлдим. Ордона қолсин! Адойи-тамом бўлдим... — деди у ҳорғинлик билан.
— Пулниям роса ишлаяпсиз-да! — деди Наргиза кулиб.
— Пулиям бошида қолсин, илойим! Уйимни, болаларимни соғиндим. Бўлди, бошқа гапирманглар. Яна «ғинг»; дейдиган бўлсаларинг ўзимни ўзим бир бало қилиб қўяман! Жонимдан тўйиб юрибман ўзи! — Санобар қўлини пешонасига тиради. Қисиқ кўзларидан ёш сизиб чиқди.
— Бугун иккаламизгаям ажина теккан, шекилли, — деди Наргиза. — Ҳозир кайфиятни кўтарадиган бир нарса опкеламан.
— Борми? — бирдан жонланди Санобар.
— Йўқ бўлса айтармидим?
— Тугади, деганди-ку кеча.
— Топдим-да.

Наргиза ўрнидан туриб нари кетди.

Санобар уҳ тортиб стул суянчиғига ўзини ташлади. У буткул ғам-андуҳдан яралган гумбаздай бўлиб ўтирарди. Бу ерда у янада тўлишганди.
— Мана! — Наргиза тантанали равишда столга ароқ шишасини қўйди.
— Ўҳ-ҳў! — Санобарнинг чиройи очилди. — Зўридан-ку! Қани, стаканларингни беринглар.

Гулруҳга қарадим. У ортиқча мулозамат кутмасдан стаканини узатди. Санобар шиша тиқинини шарт-шурт очди-ю, шоша-пиша стаканларга қуя бошлади.
— Биз шунақасига ўтганмиз, — деди Наргиза унга ҳеч нарса демаган бўлсам ҳам.
— Совиб қолмасин, қани олинглар, бўлақолинглар, — стаканни қўлига олган Санобар бетоқатлик билан бизни шоширарди.
— Соғлик учун! — дедим мен.
— Эсон-омон уйга етиб олишимиз учун! — деди Наргиза.
— Мен кейингисига ният билдираман, — деди Санобар, кейин ҳеч кимга қарамасдан стаканни бир кўтаришда сипқорди-қўйди.

Наргиза стакан тагида озгина қолдирди.

Мен бир томчи ҳам қолдирмадим.

Гулруҳ стаканни номига лабига теккизди-ю, столга қўйди.
— Мен ташлаганман ичишни, — деди кулиб кейин.
— Бошқа вақт бўлганида зўрлаб бўлсаям ичирган бўлардим, — деди Санобар оғзидаги луқмани гоҳ у жағига, гоҳ бу жағига олиб чайнаркан. — Лекин ҳозир бу жониворнинг бир томчиси олтита тенг бўлиб турибди. Ичмасангиз майли, ўзингиз биласиз. Наргиз, шишада қолганини асраб қўй. Манавини иккаламиз бўлашиб ичамиз.
— Даврон... — Наргиза чайналди.
— Менга бўлди, — дедим шартта. — Сизлар баҳузур олаверинглар.
— Раҳмат.

Иккала аёл Гулруҳнинг тегишини бўлашиб ичишди. Кейин ҳамма нарсани унутганча пишиллаб овқатланишга киришди. Тавба, уларга қараб туриб пилла қурти эсимга тушиб кетди.
— Овқат мазали экан, олинг, — деди Гулруҳ менга.

Овқатимиз оддий макарон эди. Қовурма макарон. Лекин жуда мазали эди. Пок-покиза туширдик ҳаммасини.
— Ликопчангизни беринг, яна опкеламан, — Гулруҳга илтифот қилди Наргиза.
— Раҳмат, тўйдим.
— Менга опкелақол, — деди Санобар ликопчасини узатаркан. Кейин Гулруҳга юзланиб деди: — Авваллари овқатни кўп ердим. Шунинг учун семириб кетгандим. Лекин бу ерда кўп ея олмаяпман. Иштаҳам йўқ негадир. Аммо барибир семириб кетяпман. Нега шундай экан-а?
— Кам ҳаракат қилаётгандирсиз.
— Тополмадингиз. Мени ғам семиртираяпти! Қанчалик кўп ғам чексам, куйиб-ёнсам, шунчалик семириб кетяпман. Бу ёмонми?
— Ортиқча... — Гулруҳ энди гап бошлаганди Санобар унинг оғзидан юлиб олди.
— Бу ёмон, албатта. Кўриниб турган нарса-ку.

Санобарнинг савол бериб, жавобни ҳам ўзи бериб қўяётгани кулгимни қистади. Наргиза бир йўла ўзининг ликопчасини ҳам тўлдириб келди, иккала аёл яна овқатланишга тушди.

Зимдан Гулруҳни кузатдим. Шикоят қилиш ва овқатланишдан бошқа нарсани билмайдиган манави йиғлоқи аёллар олдида у бутунлай бошқача, бетакрор гўзал, содда ва ёнига йўлаб бўлмайдиган даражада мағрур кўринарди.

* * *

Эрталаб баракка бригадир Матчонов билан яна бир киши кириб келди. Йўқ, Ҳаким Назарич эмасди. Унга қараганда ёшроқ, лекин худди Ҳаким Назаричдай баланд бўйли, қош-кўзлари қоп-қора, гавдаси ўлжасига ташланмоқчи бўлган қоплондай тик ва шижоатли, барваста бу йигит Пўлат Дамирович экан. Ҳаким Назарич бу ерда катта иш бошқарувчи вазифасини бажарса, Пўлат Дамирович хавфсизлик ишларига жавобгар шахс эди. Унвони капитан экан, лекин мен уни бирор марта ҳам формада кўрмадим.
— Янги келган киши қани? — деб сўради ўша куни эрталаб Пўлат Дамирович умумий салом-аликдан сўнг бригадир Матчоновдан.

Матчоновнинг жавобини кутмасдан бир қадам олдинга чиқиб:
— Мен, — деб овоз бердим.

Пўлат Дамирович менга бошдан-оёқ синчковлик билан назар ташлади. Билсангиз керак, хавфсизлик ишларида ишлайдиган кишиларнинг кўз қарашлари қаттиқ ва ўта синчков бўлади.
— Фамилиянгиз? — деб сўради у мендан.
— Даврон, — дея исмимни айтдим.
— Мен сиздан фамилиянгизни сўраяпман, — деди Пўлат Дамирович овозини хиёл кўтариб.
— Қўлимда ҳеч қандай ҳужжатим йўқ, шундай экан, тўғри келган фамилияни айтаверсам ишонасизми?

Пўлат Дамировичнинг юзига қизил югурди, билмадим, жаҳли чиқдими ё уялиб кетдими, аммо ўзини йўқотиб қўймасдан дарров жавоб қайтарди:
— Гап бундай, ўртоқ Даврон, бу ер сизга цирк майдони эмас! Бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор. Шу қонун-қоидаларга сўзсиз равишда амал қилсангиз келишиб кетамиз сиз билан, акс ҳолда...
— Акс ҳолда?
— Акс ҳолда сиз билан штабда гаплашишга тўғри келади! — Пўлат Дамирович шахд билан Матчоновга юз бурди: — Кетдик!

Улар чиқиб кетишгач, Нурали яқин келиб:
— Сиз ҳалиям уч-тўрт кундан кейин бу ердан жўнаб кетишингизга ишоняпсизми? — деб сўради.
— Албатта.

Нурали индамади. Лекин қарашлари ёқмади бу йигитнинг. У аллақандай истеҳзо билан, йўқ, аниқроғи, бу одам овсар эмасми, дегандек боқарди менга.

Нонуштадан кейин Матчонов ҳаммани ҳовлига тўплаб, сафга турғазди. Менга сафнинг охиридан жой тегди. Кейин ёшгина соқчи йигит ҳамроҳлигида йўлга тушдик.
— Бу нимаси, ошна, — дедим Нуралига соқчи йигитни кўрсатиб. — Биз маҳбуслармизми, соқчи қоровуллигида ишга оборишяпти?
— Ҳужжатсиз одамнинг маҳбусдан нима фарқи бор? — саволга савол билан жавоб берди Нурали.

Жиддий қабул қилмасликка қанча уринмайин, бу ердаги ғайритабиий ҳол мени ҳар қадамда ҳайратга соларди, шу билан бирга ҳам қизиқишим ортарди, ҳам қандайдир хавотир туйғуси чулғарди.

Биринчи иш кунимда айтарли эсда қоларли воқеа-ҳодиса юз бермади. Аммо бир куннинг ўзида анча-мунча гапдан бохабар бўлганим эсимда. Аввало шуни айтиб қўяй, бу ерда эллик-олтмиш чоғли ишчилар бригадаси аллақачон шаклланиб бўлган, эллик-олтмиш чоғли одамнинг ҳар бирининг ўз ҳунари, ўз вазифаси ва ўз иш нормаси бор эди.

Мисол учун Нуралини олайлик. У дурадгор эди. Эшик-ром ўрнатиш вазифаси ва у бу вазифани жуда ўрнига қўйиб, бекаму-кўст адо этарди, чунки Нурали ўз касбининг ҳақиқий устаси эди. Иш майдонига келганидан кейин «Менга қандай вазифа юклатаркан?»;, деб кутиб турмасди, шартта ишга тушиб кетарди. Беш кишидан иборат унинг ўз кичик бригадаси бор эди. Абдували эса электрик эди. У ҳам ўз вазифасини аниқ биларди ва бир дақиқа ҳам вақтини беҳуда сарфламасдан ишга шўнғирди...

«Қанақа қурилиш эди?»; — деб сўраяпсизми? Дарвоқе, мен бу ҳақда ҳали сизга гапирмадим-а? Айтишларича, уч корпусдан иборат, ҳали қурилиши ниҳоясига етказилмаган, ишчиларнинг тахминича қандайдир заводга мўлжалланган, аммо архитектура жиҳатдан кичикроқ фабрика ва ётоқхонага ўхшаб кетадиган бу қурилиш иншооти Аҳмадбей деган турк корчалонига тегишли экан. Аҳмадбейнинг ўзини ёки суратини ишчилар ҳатто тушларида ҳам кўришмаган. Шунинг учун Аҳмадбейнинг ёши, сахт-сумбати ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олишмади. Фақат унинг «жуда катта бой, миллионер»; эканлигини таъкидлашди. Ўрмоннинг қоқ ўртасида завод ёки фабрика (нима фарқи бор, ё униси, ё буниси!) қуришдан ўша миллионер бей қандай мақсадни кўзлаган экан? Ахир, бу ерлар аҳоли кам яшайдиган чекка ҳудуд бўлса. Худо билади, яқин-атрофда бирорта қишлоқ ёки хутор учрайдими-йўқми? Биринчи иш куним то қош қорайгунча шу ҳолда бош қотирганим, охир-оқибатда бир тўхтамга кела олмаганимдан асабийлашиб: «Э онасини!»; дея сўкиниб юборганим эсимда.

Мен шу чоққача умуман сўкинмасдим, ўша кунги қилиғим эса муҳит таъсирига тезда берилувчан одам эканлигимнинг исботи эди. Ўлай агар, у ерда деярли ҳамма сўкиниб гапирарди. Қўлидан болғаси тушиб кетса ҳам болахонадор қилиб сўкинишарди.

Мен ўйлай-ўйлай, ниҳоят бир қарорга келиб, Абдували таъкидлаганидай «... энг осон иш»; оҳак куйдириш ишини танлагандим. «Барибир бу ерда узоқ қолмайман, кўнглим сезиб турибди, ҳеч қандай жавоб келмаган тақдирдаям нимадир бўлади-ю, бу ердан кетаман. Аммо ҳунар ўрганиб қўйсам ёмон бўлмас»;, дердим ичимда янги машғулот жараёнини кузатиб, номига бўлса-да, оз-моз қўл теккизиб кўриб, шу ишни эплаб кета олишимга ишонган ҳолда худди мажбурий меҳнатдан қайтаётган маҳбуслар сингари саф бўлиб, қош қорайганда казарма... э, баракка қайтарканмиз.

Бу ердагиларнинг назарида оҳак пишириш энг осон ишдек туйилади. Лекин билмаган одам учун бит ўлдириш ҳам қийин, деганларидек, энг осон ишнинг ҳам ўзига яраша заҳматлари бор эди. Биз тўрт киши бўлиб, махсус ўчоқлардаги махсус идишларни оҳактошлар билан тўлдириб тагига олов ёқардик. Баъзида катта-катта бўлаклардан иборат оҳак тошларни уриб майдалашга тўғри келарди.

Кун давомида олов ёнида турганим билан ҳаво совуқ, ер зах бўлганидан оёқларим музлаб, бармоқларим тарашадек қотиб букилмайдиган бўлиб қолганди. «Қанийди иссиқ ҳаммом бўлса!..»; дея орзуга ҳам берилардим йўл-йўлакай.
— Нурали, бу ерда ҳаммом борми? — деб сўрадим баракка яқинлашганимизда шеригимдан.
— Ҳаммом?.. Бор, лекин у ишчилар учун эмас.
— Ювиниш хонаси йўқми? — деб сўрадим капалагим учиб.
— Бор. Душ. Ҳаммом конторадагилар учун.
— Душ бўлсаям бор экан-ку.

Азалдан сувни, чўмилишни яхши кўрардим. Уйда ваннага кирволиб соатлаб сув ичида ётардим. Балки бу балиқ буржи остида туғилганим туфайлидир?

Ўша куни кечқурун душга кириб олдим-у, обдо-он чўмилдим. Тепадан шовуллаб тушаётган сув остида уз-зоқ турдим. Чарчоғим чиқиб, онадан янги туғилгандай енгил тортиб емакхонага кириб келганимда... у ерда на Нурали, на Абдували бор эди. Ўн-ўн беш чоғли киши емакхонанинг у ер-бу ерида ўтирганча коньяк қўшилган қаҳва «коктейль»; ҳўплаб ўтиришарди.

«Коктейл»;ни ишчилар эрмак ёки олифталик учун эмас, совуққа ўзларини олдириб қўймаслик учун пулга сотиб олиб ичишарди. «Мени кутишмабди... Шунча узоқ қолиб кетдимми душда?..»; — қизил карамли шўрвадан кўнглим тортмасдан тотинарканман, беихтиёр Саодат пиширадиган овқатлар эсимга тушиб кетди. Хотинимнинг қўли ширин эди.

Овқатланиб бўлгач, баракка қайтдим. Лекин у ерда ҳам на Нурали, на Абдували бор эди. Уч-тўрт киши адёлга бурканганча ухлаб ётишарди. Шу пайт Матчонов эшикдан бош суқди.
— Сиз шу ердамисиз? — деди у ҳайрон бўлиб.
— Ҳа. Нима бошқа ерда бўлишим керакми?
— Бундан чиқди, иккинчи сменада ишлашни хоҳламайсиз, тўғрими?
— Тушунмадим.
— Ана шунақа-да!

Матчонов устимдан ғалаба қозонгандек ва «ўзингни билағон кўрсатаверма, билмайдиган нарсанг кўп ҳали!»;, дея таъкидлаётгандек ғолибона назар ташлаганча ичкарига қадам қўйди. Унинг айтишича, бу ерда иш уч сменада ташкил этилган экан. Тўғри, қиш мавсумида қурилишда айрим ишлар тўхтатилади. Чунки давом эттиришнинг иложи йўқ. Лекин бино ичкарисидаги ишларни бемалол бажараверса бўлади. Шунинг учун иш уч сменада ташкил қилинган. Лекин бир шарт билан: иккинчи, учинчи сменада фақат ўз ихтиёри билан ишловчилар ишлайдилар. Бунинг учун уларга кундузгига қараганда икки баравар кўп иш ҳақи тўланади («Дарвоқе, бу ҳақда Ҳаким Назарич сизга ҳеч нима демаганмидилар?»;). Агар истасам, мен ҳам ҳозироқ бориб ишлашим мумкин экан. Лекин кечки сменада Матчонов эмас, бошқа киши бригадирлик қиларкан.
— Эҳ-ҳе! Зўр-ку бу ёғи! — дедим Матчоновга қараб. — Кўринмас бей афандининг калласи зўр экан!

Матчонов нимадир дейишга чоғланди, лекин гапиролмади, аллақандай саросима ичида юзимга тикилиб қолди. У менга ҳам бошқаларга муомала қилгандай, тепадан қилиб гапиришга уринарди-ю, нима учундир сира эплай олмасди ёки ботинолмасмиди?
— Демак, Нурали билан Абдували овқатланиб бўлиб, иккинчи сменага кетишибди-да, — деб сўрадим Матчоновдан.
— Ҳа. Ишлагани кетишди. Бунинг нимаси ёмон? Нормани бажаришади-ю қайтишади.
— Норма? Бу яна қанақаси?
— Кечки сменада ишлаётганлар учун норма белгиланган.
— Э, шунақами?
— Хўш, сиз ҳам ишлайсизми? — бетоқатлик билан сўради Матчонов.
— Билмадим. Ҳаким Назарич билан маслаҳатлашиб кўрай-чи, — дедим атай.

Матчоновнинг яна попуги пасайди. Тезгина хайрлашди-ю, чиқиб кетди. Сафсата сотиб бироз чигилимни ёзмоқчи эдим. Матчонов қочиб қолди. Негадир шу одамни майна қилгим келаверарди. Матчонов бу ерларнинг ўз одами бўлиб қолган, ғашига тегаверсам бирор ёмонлик қилиши ҳам мумкин, бу қўлидан келадиям, шуни била туриб ҳам, негадир унга жиддий муомала қилгим келмасди. Жўрттага Ҳаким Назаричнинг номини тилга олганимнинг сабаби ҳам шунда, аслида Ҳаким Назарич ҳам худди Матчонов сингари менга бегона, қолаверса, унинг маслаҳатига куним қолгани йўқ, қолмасин ҳам! Мен Матчоновнинг буқаламун сингари турланиб туришини кузатиб, ҳузурланиш учун иш бошқарувчининг номини тилга олардим.

Иккинчи ёки учинчи сменада ишлаш масаласига келсак, икки баробар кўп ҳақ учун ҳар қандай қийинчиликка чидашга тайёр бўлсам-да, негадир кўнглим чопмаётган эди. Баъзи бир шубҳали ўйларга борганим туфайли эҳтимол ўзимни ортиқча уринтиргим келмагандир. Шубҳали фикрлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бунинг ҳам ўз сабаби бор.

Одамлар худди қадим замонлардагидек жамоа бўлиб яшаб, тер тўкиб меҳнат қилаётган бу ғайритабиий оилада гап ётмас экан. Дастлабки иш кунларим давомида шунчалик кўп маълумотга эга бўлдимки, асти қўяверасиз. Энг қизиғи, мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасдим. Уларнинг ўзлари олдимга келиб мени мен билмаган гаплардан огоҳ этишарди.

Эрталаб қурилишга борганимиздан кейин одамлар тўрт-беш кишидан иборат майда бригадаларга бўлиниб, ҳар ёққа тарқашарди. Нурали ўз шериклари билан иккинчи корпуснинг биринчи қаватида ишларди. Абдували эса биринчи корпуснинг иккинчи қаватига чиқиб кетарди. Бошқалар ҳам шу тахлит иш жойларини эгаллашарди.

Мен дастлабки кунданоқ сал-пал яқин бўлиб қолган Нурали билан Абдувалидан айрилгим келмасди. Лекин бизнинг «мутахассислигимиз»; тўғри келмагани учун бошқа-бошқа жойларда ишлашга мажбур эдик. Юқорида айтганимдек, энг осон иш бўлгани учун мен оҳак сўндирувчилар бригадасига келиб қўшилгандим. Тўрт киши эдик. Битта бригадир, учтамиз ишчи. Ишимизнинг яхши томони шунда эдики, биз ановиларга ўхшаб тахта, бўёқ, куйинди ҳидлари анқиётган дим хоналарда эмас, очиқ ҳавода, очиқ осмон остида ишлардик. Оҳак куйдирувчи қозонларимиз ташқарида эди. Ҳаво гоҳ очиқ, гоҳ булутли, совуқдан совуқ бўлса-да, ҳар қалай тоза эди. Ишдан қўлинг бўшаган маҳал замирида аллақандай сир, дардчил ҳасрат тўла алланима мавжуд бўлган ёввойи ва бегона манзарани кузатиш имкони туғиларди.

Бир неча қадам наридан қуюқ ўрмон бошланади. Ўнгга қарасангиз ҳам, чапга ёки тўғрига, ҳатто ортга қарасангиз ҳам ўрмон, қисқаси, оёғингиз тегиб турган қорли майдон чегарасидан ўтганингиздан кейин сизни нима кутиб турибди, қаёққа юришингиз керак, бирорта қишлоқ ёки станцияга олиб борадиган йўл борми-йўқми, бари-бари номаълум ва сирли бўлган, нафақат булутли кунлар, балки бепоён, оппоқ қор сатҳида қуёш ярқираб нур сочган пайтлар янада бегона, сирли кўринадиган маскан... Кўзларинг ёшланганча тикилиб тураркансан беихтиёр: «Қани энди қушга айланиб қолсаму, ҳар лаҳзада қадри билинаётган қадрдон юрт томон учиб кетсам!»; деган ўй юракни, нафақат юракни, балки бутун вужудни жунбушга келтиради.

Ўша куни мен худди шундай кайфиятда қор босган ўрмонга тикилиб турганимда шерикларимдан бири Ҳусан ёнимга келиб:
— Манзара зўр-а? — деди кулиб.
— Зўр-ку, лекин бегона-да, — дедим маҳзун кайфият таъсирида.
— Ҳали бир кун ҳам бўлмасдан зерикдингизми? — сўради Ҳусан.
— Ҳа.
— Эҳ-ҳе, бизга ўхшаб бир ярим йил юрсангиз...
— Сизга ўхшаб бир ярим йил юрмасам керак!

Ҳусан жаҳлим чиққанини сезди, юзимга бир неча дақиқа сўзсиз тикилиб турдида, сўнг:
— Менимча, юрсангиз керак, — деди ишонч билан.
— Уларнинг сўровномасига жавоб келиши билан...

Ҳусан кулди. Бошини хиёл қийшайтириб, чаккасини қашиш асносида яна кулди, кейин боягидай ишонч билан:
— Жавоб келмайди ёки келган тақдирдаям улар бизга кўрсатишмайди, — деди.

Юрагим орқага тортиб:
— Наҳотки? — деб юбордим беихтиёр.

Ҳусан жавоб беришга улгура олмади. Ўзимиздан чиққан бригадир Қиличбек нарироқда турганди, бизнинг суҳбатлашаётганимизни кўриб қолиб шитоб билан етиб келди.
— Бу ерга ҳангома қилиш учун келмагансанлар, йигитлар, гапни бас қилиб, ишга киришинглар! — деди у.

Биз қилт этмай туравердик.
— Йигитлар, нима деяпман?! — деди Қиличбек энди овозини бир парда кўтариб. — Жудаям гаплашгиларинг келаётган бўлса, кечқурун баракда хумордан чиққунча гаплашасанлар!
— Нега бизга буйруқ беряпсиз? — дедим энди росмана жаҳлим чиқиб Қиличбекка қараб. Ҳолбуки, кеча кечқурун мени очиқ чеҳра билан қарши олган, энг кўп савол берган йигит шу Қиличбек эди. — Ким сизга бу ҳуқуқни берди?!
— Ишла, деган ёмонми? Пулини қуртдай санаб оласанлар-ку! — деди Қиличбек жангга ҳозирланаётган даканг хўроздай елкаларини учириб.
— Ҳа, ёмон! — деб бақирдим Қиличбекка жавобан, айни чоғда қўйиб берса бригадир билан ёқалашиб кетишга ҳам тайёр эдим, гўё ҳаммаси учун шу одам сабабчидек кўзимга бало-қазодек кўринаётганди.
— Кетдик, — Ҳусан енгимдан тортиб нарига олиб кетди.
— Унинг бизга буйруқ беришга ҳаққи йўқ! — дея энди Ҳусанга қараб бақирдим. — Пулини қуртдай санаб олганимиздан кейин ўз ихтиёримиз билан ишлашимиз керак!
— Психми нима бало? — дегани эшитилди Қиличбекнинг ортимиздан.
— Ўзинг псих! — дея хезлангандим Ҳусан қўлимдан тутиб қолди.
— Яхши одам эмас экан бу одам, — дедим ҳаяжондан ўзимни боса олмай, ҳансираганча Ҳусанга қараб.
— Бригадир бўлмасдан олдин яхши одам эди. Кейин айниди, — деди Ҳусан кулимсираб. — Юринг, яхшиси тош майдалаймиз.

Биз ишчилар тилида «куваль»; деб аталадиган, мен жўнгина темир тўқмоқ дейдиган иш қуролимизни қўлга олиб ишга киришдик. Темир тўқмоқни қулочкашлаб куч билан оҳак тошга урарканман, гумбирлаган овозга қўшилиб юрагимдаги алам ҳам ташқарига отилиб чиқиб кетаётгандек тобора енгил тортардим.
— Сизни ҳали штабга чақиришмадими? — деб сўради Ҳусан дам олишга чўнқайганимизда.
— Чақиришлари керакми?
— Менимча, йигирма кунлардан кейин сизни штабга чақиришади-да, шартнома асосида ишлашни таклиф қилишади.
— Унчаликка боришмас, — дедим ҳали ҳам умидимни узмасдан.
— Боришса-чи?
— Рози бўлмайман!
— Унда текиндан текин ишлайверасизми?
— Кетаман! Барибир кетаман!

Ҳусан мен билан тортишиш бефойда эканлигини, ўзи ёқлаган тарафни ҳеч қачон бермайдиган чиранчиқлигимни фаҳмлади чоғи, индамай қўя қолди.

Тушлик вақти яқинлашарди.

Мени ошқозон ташвиши безовта қила бошлади. Ҳусанга қарайман, хотиржам; иккинчи шеригим Файзининг юзига зимдан разм соламан, қорни тўқ одамдай беғам, учинчи шеригим Тошпўлат ғинғиллаганча қўшиқ хиргойи қиляпти...

Охири сабрим чидамади.
— Тушликка баракка борамизми? — деб сўрадим Ҳусандан.
— Йўқ, тушлик шу ерда бўлади, — деб жавоб берди Ҳусан.
— Қандай қилиб?!
— Ҳализамон уч-тўртта хотин келиб, пирашка-мирашка сотиб кетади.
— Бундан чиқди, шу яқин-атрофда қишлоқ бор экан-да? — дедим жонланиб.
— Шунақа шекилли. Анчадан буён қатнашади-ю, лекин биз билан очилиб гаплашишмайди. Шундай буйруқ олишгандир, — деди Ҳусан.
— Бирортасини севиб қолсангизгина сизга эътибор беришади, — дея гапга аралашди Файзи.
— Ўйлаб гапирсанг-чи, — дея унга танбеҳ берди Ҳусан. — Билиб-билмай...
— Нега билиб-билмай бўларкан, — деди Файзи шартта. — Ҳаким Назарич ҳам аслида бизга ўхшаганлардан бўлган. Маржалардан биттасини севиб қолиб, уйланганидан кейин унга ишонишиб юқори амал беришган, билмасанг билиб қўй!
— Бу шунчаки миш-миш бўлиши ҳам мумкин-ку, — деди Ҳусан Файзига эмас, менга юзланиб.
— Нега унда Пўлат Дамирович ҳақида бундай миш-миш гап йўқ? — деди Файзи бўш келмасдан. — Чунки у ҳақиқатан ҳам шу ернинг одами! Москвада туғилган, Москвада ўқиган, милиса, хотинбоз милиса!
— Бирорта хотин билан етаклашиб юрганини кўрганмисан?
— Кўрмаганман, лекин эшитганман.
— Қулоқнинг тамбаси йўқ, ҳамма нарсани эшитаверади-да.
— Матчоновга нима дейсан? — деди Файзи қизишиб.
— Э, бас қилсанг-чи!
— Нега бас қиларканман? Керак бўлса ўша Матчонов бу ерга келиб турадиган ҳалигидақа аёллардан бирига уйланган!
— Э, бор-е!

Ҳусан қўл силтаганча нари кетиб Файзидан қутулди.

Ёши ўттизга ҳам бормаган, малладан келган, ҳеч қачон қорни тўйиб овқат емаган одамдай ҳаддан ташқари озғин, рамақижон Файзининг қизиқ феъли бор эди.

Агар сиз индамасангиз, Файзи ҳам миқ этмай юраверади. Ишонасизми, бир куни биз эрталабдан кечгача бир оғиз ҳам гаплашмасдан ишлаганмиз. Аммо бехосдан бир савол бериб қўйсангиз борми, ундан қутулишингиз қийин. Яна шуниси қизиқки, узилиб қолган суҳбатни икки кундан кейин ҳам келган еридан давом эттириб кетаверади.

Ҳусан ҳам Файзи тенгқуроб, лекин унга ўхшаб рамақижон эмас, келишган йигит. Хотинлар ҳақидаги миш-мишларни ёқтирмайди, аммо ўзаро ҳангома-гурунгни яхши кўради.

Умуман олганда, бу ердагиларнинг деярли барчаси бир хил дардга йўлиқишган: улар бошқалар ҳақида, ўзлари билан ёнма-ён ишлаётган шериклари ҳақида шу қадар кўп маълумотларга эгаларки, бирининг кўзи пана бўлиши ҳамон иккинчиси ғийбатни бошлаб юборади. Мана, биринчи иш кунимнинг ўзидаёқ қанча маълумотга эга бўлганимни ўзингиз эшитдингиз-ку. Бироқ улар ҳеч қачон ўзлари ҳақида гапирмайдилар. Мана шуниси қизиқ.

Ҳа, яна бир гап эсимга тушиб қолди. Шу куни иш вақти тугашига яқин бирдан Ҳусан кўринмай қолди.

Иккала шеригимиз билан бригадир Қиличбек сафга турадиган майдонимиз — қурилиш ҳовлиси томон йўрғалаб қолишганди. Мен Ҳусанни кутиб турмоқчи бўлдим. Шу йигитнинг нимасидир менга маъқул бўла бошлаганди-да.

Шу вақт кимдир чақиргандай бўлди, аниқроғи, нимадир дегандай бўлди. Қарасам, Тошпўлат нималардир деганча мен томон келяпти.
— Эшитмадим, нима деяпсан? — деб сўрадим у яқин келгач.
— Ҳусанни кутиб турибсизми, деяпман.
— Ҳа. Қаёққа кетдийкин?
— Ҳожатга кетган, — деди Тошпўлат ва ёнимга келиб туриб олди.
— Сиз кетаверинг, — дедим уни йўлдан қолдирмаслик учун.
— Майли, ҳозир кетаман, — деди Тошпўлат. — Лекин аввал сизга бир гапни айтиб қўяй дегандим.
— Қанақа гап?
— Бу йигит билан кўп ош-қатиқ бўлаверманг, — деди шунда Тошпўлат дабдурустдан. Мен унинг Ҳусанни назарда тутаётганини англаб турардим. — Бу йигит қамалиб чиққан, зэк!

Мен нима бўпти, дегандай хотиржамлик билан қарадим Тошпўлатнинг юзига. Шунда у мени қўрқитиш учунми янада ваҳимали гап айтди:
— Ҳусан қотил! Одам ўлдирган!

Шу гапдан кейин менда қандайдир ўзгариш пайдо бўлди, буни ўзим ҳам сездим.
— Институтда ўқиб юрганида ўртоғи билан бир қизни квартираларига обориб, аввал об-до-он... навбати билан... кейин ўлдириб, бу камлик қилгандай, жасадни майда бўлакларга бўлиб!.. Кейин анҳорга ташлаб юборишган!!! — Тошпўлат шундай ваҳимали таъкид билан сўзлардики, гўё бундан ҳузурланаётгандек. — Буни қарангки, қизнинг жасади бўлакланган ҳолда анҳорнинг турли қисмидан сувга ташланган бўлса-да, улар оқиб келиб бир ерга тўпланиб қолган экан! Шундан кейин Ҳусанниям, ўртоғиниям атиги ўн беш йилга қамашади. Битта одамнинг хуни ўн беш йил экан-да! Бу оз эмасми? Лекин Ҳусан қамоқда бор-йўғи икки йил ўтиради. Отаси катта амалдор ва бой одам бўлгани учун пулни роса совуриб, уни қутқариб қолади. Барча айбни шеригига юклашади. Пулнинг кучини қаранг, отаси Ҳусанни нафақат қамоқдан қутқарган, балки унинг пешонасидан «судланган»; деган тамғани ҳам олдириб ташлаган. Чунки Ҳусан ёлғиз ўғил, ота-онасининг ундан бошқа фарзанди бўлмаган. Ҳусаннинг эгизаги Ҳасан ҳам бўлган-у, лекин у чақалоқлигида оламдан ўтган экан. Отаси Ҳусаннинг чала қолган ўқишини ҳам тиклаган, аммо у ўқишни хоҳламаган. Дайдиб юриб бу ёқларга келиб қолган. Ана шунақа! Хўп, мен кетдим.

Тошпўлат шерикларининг ортидан югурди.

Мени икки нарса ҳайратга соларди. Аввал иккинчисини айта қолай, а? Қизиқ, Тошпўлат шунча маълумотни қаердан олди? Ҳар қалай Ҳусаннинг ўзи мароқ билан сўзлаб бермагандир? Инсон энг тубан қилмишлари ҳақида осонликча оғиз очмайди, менинг фикримча. Тағин ҳам ким билади, дейсиз?

Мен бир вақтлар ўзи анча ёшга бориб қолган одамнинг ёш қизга уйлангани ва никоҳ оқшоми кексалиги панд бериб қўйиб, қўлидан ҳеч иш келмагани ҳақида ўша кишининг ўзи оғиз кўпиртириб, мақтаниб гапираётганини ўз қулоғим билан эшитгандим. У сўзлар экан, шу ёшида ёшгина қизболага (ахир, бу шараф!) уйланганини зўр бериб исботлашга, кимларнидир ишонтиришга уринарди, лекин аслида ўзининг ожизлигини фош қилиб, ўзини ўзи шарманда қилаётганини фаҳмламасди! Демоқчиманки, ҳаётда шундай одамлар ҳам учрайди, бироқ бу бошқа масала, қотиллик билан тенглаштириб бўлмайди буни!

Энди ижозатингиз билан мени ҳайратга солган биринчи сабабга ўтсам. Юқорида айтганимдай, Ҳусан ниҳоятда келишган йигит эди. Айниқса, унинг кўзлари мени ларзага соларди. Биласизми, Ҳусаннинг катта-катта, чиройли (худди қизларники каби), қорачиқлари бир лахча чўғдай ёниб турувчи кўзлари гўё гўдак боланинг кўзларидек ниҳоятда беғубор ва маъсум эди! Ҳамсуҳбатига беозорлик билан жовдираб боқарди. Юзи шу қадар тиниқ эдики, бирорта нуқсон сезилмасди. Ўшандан кейин мен Ҳусанни кўп кузатадиган бўлдим. Ўзига сездирмасдан-да. Ва ҳар гал: «Тошпўлат ёлғон гапирди-ёв!»; деган фикрдан нарига ўтолмасдим. Эсингизда бўлса, Баҳодир ҳақида ҳам шунга ўхшаш гапларни гапиргандим. Лекин оқибати нима бўлди? Демак, бундан чиқди, инсон қиёфасидан олинган таассурот алдамчи экан-да?!

Нима бўлишидан қатъи назар, ўша куни мен Ҳусанни кутдим. У келганидан кейин саф майдонига бирга қайтдик.

* * *

Кунлар ўта бошлади.

Эрталаб ишга келамиз, кечқурун қайтамиз.

Иккинчи кун биринчи кунга қараганда хийла енгил ўтди. Учинчи кун бундан-да беҳроқ. Тўртинчи-бешинчи кунларга бориб, мен ўзимни анчадан буён шу ерда яшаётгандек ҳис эта бошладим. Инсоннинг яшовчанлиги унинг кўникувчанлигида, тез мослаша олишига ҳам боғлиқ, деган фикр туғилганди менда ўша вақтда.

Ҳар куни эрталаб Ҳаким Назарични контора эшиги олдида турганини ё ичкарига кириб кетаётганини кўриб қоламан. Унинг ҳам менга нигоҳи тушади, лекин ўзини менга ҳеч қандай гапи йўқ одамдай тутади. Шундан биламанки, демак, ҳеч қандай хабар йўқ! Ҳафсалам пир бўлиб, ишга жўнайман. Бахтимга шерикларимнинг муносабати ёмон эмасди. Ўзаро сан-манга бориб жанжаллашиб турганларига қарамасдан менга кўзлари тушишлари билан ҳурматимни жойига қўйишарди; можарони бас қилишиб, мен билан суҳбатлашишга ошиқардилар; улар кўп нарсалар ҳақида сўрашарди; юрагим сиқилганидан ўзимни қўярга жой тополмай турган бўлсам-да, уларнинг саволларига астойдил жавоб берардим.

Шўрликларнинг кўпчилиги тирикчилик важидан уйларидан чиқиб кетганларига бир-икки йил бўлган, шунча вақтдан буён бола-чақасининг меҳридан, рўй берган янгилик ва ўзгаришлардан бебаҳра эдилар.

Суҳбатларимиз кўпинча ярим кечага довур чўзилиб кетганидан уйқуга тўймасдик, натижада эрталаб кўзларимиз киртайиб, чарчоғимиз ёзилмаган бир аҳволда ишга жўнардик. Мабодо мен ҳам нима ҳақдадир сўраб қолгудек бўлсам, шерикларим буни ўзларига шараф деб билгандек, жон-жон деб жавоб беришарди. Бундан мен аллақандай лаззат туярдим. Бу одамлар менинг рафторимда ҳеч кимникига ўхшамаган қандайдир хислат кўришган шекилли, дея ич-ичимдан ғурурланардим. Уларнинг ўзлари эса бир-бирлари билан жуда кўп жиқиллашиб қолардилар. Бехосдан тегиб кетилган туртки ҳам катта тўполонга сабаб бўларди.

Мисол дейсизми? Истаганча мисол келтиришим мумкин. Бир куни эрталаб (эрталаб деганда мен тонгги тўртни назарда тутяпман. Бу ерда тартиб шундай. Ҳамма тонгги соат тўртда ўрнидан туриши шарт. Соат бешгача нонушта, кейин ишга марш!) Райимберди деган токарнинг ерда ётган шиппагини иккинчи қаватдаги нардан тушаётган шериги Абдулла деган йигит оёғининг учи билан туртиб анча нарига учириб юборган экан. Бўлди жанжал, бўлди қиёмат!

Гапларини эшитинг:
— Сен жиғимга тегиш учун атай шундай қилдинг! Шиппагимни олиб келиб оёғимга кийдириб қўясан!
— Атай қилганим йўқ, нега тушунмайсан?!
— Ўтган ой кўпроқ пул олганим учун менга тиш қайраб юрибсан! Кўролмайсан мени!
— Сенинг нимангни кўролмайман?! Бир сафар кўп пул олсанг олибсан-да!
— Алам қилгани йўқми?
— Қилгани йўқ, деяпман-ку сенга! Алам қилгани йўқ!
— Нега унда шиппагимни тепиб юбординг?! Атай жанжал чиқариш учун шундай қилдинг!
— Аҳмоқ! Мияси йўқ эшак!
— Ким эшак?!
— Сен! Сен! Сен...

Ана шундан кейин иккала эркак қутурган итдек бир-бирларига ташланадилар. Болохонадор сўкинишлар авжига чиқади.

Энг қизиғи — ҳеч ким уларни ажратишга шошилмайди. Ҳамхоналаримиз зўр томоша кўришаётгандек мароқ билан жанжалкашларни кузатишади. Икки соқчи ҳамроҳлигида Матчонов кириб келгандан кейингина жанг тўхтайди. Қон тўкилмаган бўлса, соқчилар огоҳлантириш билан чекланадилар. Акс ҳолда жанжалкашларнинг иккаласини (балки уч-тўрттасини) ҳам штабга олиб кетишади. У ерда Пўлат Дамирович томонидан уларга жазо чоралари белгиланади.

Шундай тўполон-жанжал юз берган кезларда мен бу одамларни тушунмай қолардим. Ахир, шиппакнинг бехосдан туртиб юборилгани муштлашувга арзимайди-да! «Бу ўта жанжалкаш ва ичи тор кимсалар, — дердим ичимда ўзимча мулоҳаза юритарканман. — Уларнинг ўрнида мен бўлганимда сира ҳам бундай қилмасдим!»; Уларнинг фавқулодда жиззаки, уришқоқ бўлиб қолишларининг сабабини кўп нарсаларни тушунмасликларида, чуқур фикр юритмасликларида деб билардим. Нега деганда, буларнинг деярли ҳаммаси (Ҳусан чаламуллани ҳисобга қўшмаганда) чала-чулпа олинган ўрта маълумот билан чекланган, диплом таклиф қилинган тақдирда ҳам уни кераксиз матоҳ, деб ҳисоблаб рад қилувчи, ҳар жиҳатдан ўртамиёна кишилар бўлиб, азбаройи тирикчилик туфайли иссиқ кўрпасини тарк этган дарбадарлар эди.

Бу одамлар орасида икки кишигина менинг эътиборимга сазовор бўлишганди: Нуралини жиддий ва меҳрибонлиги туфайли, Ҳусанни (гарчи қотил бўлса-да) фикр доираси кенг бўлгани учун ўзимга яқин олардим. У билан дунёвий мавзуларда бемалол суҳбатлашиш мумкин эди.

Бир куни кечки пайт «контора»; хизматчиси келиб мени Ҳаким Назарич йўқлаётганини айтди. Бу вақтда мен Ҳусан билан, юқорида айтганимдай, дунёвий мавзуларда гурунглашиб ўтирардик. Баракда фақат иккимиз қолгандик, бошқалар иккинчи сменага кетишганди.
— Бирга борайми? — деб сўради Ҳусан хизматчининг гапини эшитганидан кейин.
— Шарт эмас.
— Менимча, улар сизга шартнома бўйича ишлашни таклиф қилишса керак, — деди Ҳусан.
— Нафасингни иссиқ қилсанг-чи!

Ҳусанга шундай дедим-у ташқарига чиқдим. Ажойиб хушхабар кутаётгандек юрагим гурс-гурс урарди.
— Неча кундан буён ишлаяпсиз? — деб сўради Ҳаким Назарич хонасига кирганимда.
— Бир ҳафта бўлиб қолди.
— Биз сўровнома жўнатдик, лекин ҳеч қандай жавоб келмади. Нима қиласиз, маҳбус сингари бир сўм олмасдан ишлаб юраверасизми ёки шартнома бўйича ишламоқчимисиз?
— Шартномага рози бўлдим дейлик, хўш, кейин-чи, кейин нима бўлади?
— Биз сизга белгиланган тартиб бўйича маош белгилаймиз. Маошнинг маълум бир қисми эҳтиёжингизга қараб қўлингизга берилади, қолгани сиз берган адрес бўйича уйингизга, яқинларингизга юборилади.
— Ким юборади?
— Биз. Шу иш билан шуғулланувчи шахс!
— Маошнинг ҳаммасини ўз қўлимга олсам бўлмайдими? — дедим қувлик қилган киши бўлиб.
— Бўлади. Лекин қандай эплайсиз? Банкка қўя олмасангиз. Почтага бора олмайсиз. Сабаби ўзингизга маълум, ёнингизда ҳеч қандай ҳужжатингиз йўқ. Шаҳарда бир қадам юролмайсиз! Тўғрими?
— Тўғри... — дедим бўшашиб.
— Ана шунақа! — Ҳаким Назарич қўлларини ёнига керди.
— Мени бу ерда ушлаб туришга ҳаққингиз йўқ! Қонунни жуда яхши биламан. Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган, ўзга давлат фуқароси бўлган одам мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши керак! — дедим ётиб қолгунча отиб қол, қабилида, қолаверса, пичоқ бориб суякка етган, совуқ ва бегоналик ҳукм сурган бу маконни иложи борича тезроқ, тезроқ ва янада тезроқ тарк этгим келганидан ниҳоятда асабийлаша бошлагандим.
— Қонунни жуда яхши биларкансиз! — деди Ҳаким Назарич истеҳзоли кулимсираб.
— Ҳар қалай гўл эмасман!
— Сиз балки ашаддий жиноятчидирсиз? — деди шунда Ҳаким Назарич кўзлари совуқ ялтираб. — Эҳтимол, қотилдирсиз?! Ўн иккита аёлни аввал зўрлаб, кейин ваҳшийларча ўлдириб, қочиб юрган маньяк балки сиздирсиз?! Эҳтимол, сиз интерпол қидирувидаги одамдирсиз?!

Ҳаким Назарич шундай даҳшатли нарсаларни сўзлаётгандики, юрагим орқага тортиб кетди.
— Қўйинг-е, нималар деяпсиз?.. Қўйинг-е... — дердим нуқул гап тополмай эсанкираб қолганимдан.
— Яқинда Подмосковьедан ўттиз яшар йигитнинг жасади топилди, — дея совуққонлик билан давом этди Ҳаким Назарич. — Мурдага ҳеч қандай зарба берилмаган, худди ухлаётгандек беозоргина бўлиб ётибди. Лекин мундоқ текшириб кўришса, унинг на жигари, на буйраги, на юраги бор! Ўша йигитнинг қотили эҳтимол сиздирсиз?!

Асабларим, вужудимдаги етмиш икки томирим қақшаб кетди.
— Нималар деяпсиз?! Нималар деяпсиз?.. Ахир мен... шу қўлларим билан одам ўлдираманми?!.
— Қўлларингизга нима бўпти? Бу қўл билан ҳар қандай ишни бажариш мумкин. Бақувват, чайир қўллар... — деди Ҳаким Назарич кесатгандек бўлиб.

Индамадим. Бошимга тушган кулфат залворини кўтара олмагандек умуртқам майишиб букчайиб қолдим. Ҳа, мен ҳақиқий фожианинг туб моҳиятини айни шу лаҳзада англаб етгандим. Умидларим йиғлай-йиғлай кўнглимни тарк эта бошлади...
— Мен ҳарбий одам эмасман, — деди Ҳаким Назарич бир маҳал. — Шунинг учун сизга ҳарбийча муомала қилмадим. Келишиб оламиз деб ўйлагандим. Афсуски... сизни яхшиси Пўлат Дамирович ихтиёрига юбора қолай, а, нима дедингиз?

Ҳаким Назарич нимага шаъма қилаётганини тушундим.
— Шартнома бўйича ишлашга розиман, — дедим ердан бош кўтара олмай.
— Демак, гап бундай...

Ҳаким Назарич менга ҳақ олиш тартибини тушунтира бошлади. Унинг эътироф этишича, менга ҳам худди бошқалар қатори «ишбай»; тартибда маош тўланаркан. Энг кам иш ҳақи ойига тўрт юз доллар! «Аммо тўрт юз долларнинг ҳаммаси ҳам қўлингизга берилмайди. Ҳар ой охирида эҳтиёжингизга қараб пулнинг маълум қисми берилади. Қолгани адрес бўйича уйингизга юборилади. Шу баҳонада сизнинг ҳақиқий манзилингизни билиб оламиз. Мабодо нотўғри адрес берган бўлсангиз, пул ўзимизга қайтиб келади. Агар ҳеч қандай яқинларингиз, яъни оилангиз бўлмаса, у ҳолда сизнинг даромадингиз контора бухгалтерияси ҳисобида туради. Қачонки, шартнома муддати тугаса, бир рублига ҳам хиёнат қилинмаган ҳолда ўз қўлингизга топширилади!»;

Эҳтиёжга қараб олинадиган пул учун эса навбатда туриш керак экан...
— Яқинда келганингиз ва ёнингизда сариқ чақа ҳам йўқлигини ҳисобга олган ҳолда сизни навбатнинг бошроғига ёзиб қўямиз, — деди Ҳаким Назарич сўзининг охирида.
— Тўрт юз доллар кўп эмасми? — деб сўрадим унга синовчан ва хомуш (худди тақдирга тан бергандек) тикиларканман.
— Бизда меҳнатига қараб эмас, қадр-қимматига қараб инсонга ҳақ тўланади, — деб жавоб берди Ҳаким Назарич ҳамсуҳбатининг кўнглига оғир ботувчи калондимоғлик билан.

Индамаслигим керак эди. Ўзимча шундай фикрда эдим. Аммо тил қурғур панд берди:
— Сизларда инсон қадр-қиммати ойига тўрт юз доллар турадими?! Бир йилга тўрт минг саккиз юз долл...
— Ҳаддингиздан ошманг! — кўзлари косасидан чиққудай бўлиб столга муштлади Ҳаким Назарич.
— Овқат пули ҳам шу ҳисобга кирадими?
— Соқчи!

Эшик очилиб соқчи йигит отилиб хонага кирди. Мен унга парво қилмадим, бироқ вужудимни исканжага олган жазавани куч билан босиб, Ҳаким Назаричга сокин ва хотиржам назар ташлаганча тик қараб туравердим. Айни шу дақиқада менинг ҳақиқий қиёфам намоён бўлгандир эҳтимол. Бирдан кутилмаган ҳол юз берди.
— Сен боравер! — соқчига жавоб берди Ҳаким Назарич.

Соқчи ортига қайтиб эшикни ёпди.

Ҳаким Назарич стол ғаладонини титкилади, гўё мени унутгандай...
— Хайр.
— Хайр, — деди Ҳаким Назарич бош кўтармасдан.

Эшик томон юрдим.

Шу чоғ эшик шахт билан очилиб Пўлат Дамирович шахдам қадамлар билан остона ҳатлаб ичкарига кириб келаркан, мени туртиб ўтди ёнимдан.
— Ҳаким Назарич, — деди у қичқиргудек овозда мендан узр сўрашни хаёлига ҳам келтирмасдан. — Вақт бўлди. Тайёрмисиз?
— Шесть секунд, — деди унга жавобан Ҳаким Назарич.

Ташқарига чиқдим.

Ҳаво совуқ, бунинг устига изғирин шамол эсарди. «Контора»; тепасида муаллақ турган ой ҳам совуққа дош беролмай, дилдираётгандек кўринарди.

Баракка киргим келмади.

Тахта тўсиқ ёқалаб кетган йўлак бўйлаб юриб кетдим. Изғирин шамол бурнимни чимчилар, кўзларимга нина санчар, қулоқларим совуққа қотиб қолганидан, бармоғингиз теккан заҳоти уқаланиб кетадигандек улар жонсиз ва мўрт бўлиб қолганди.

Тахта тўсиқ ёнидаги йўлак бўйлаб аста-секин одимларканман, гўё рангпар тўлин ой ҳам менга ҳамроҳ бўлгиси келиб сузаётгандек туюларди. Бирдан юрагим ҳаприқиб кетди шунда. Мен тўсиқнинг нариги томонидаги, соқчилар ҳеч қачон қўриқлай олмайдиган озод ва нурафшон ҳаётни соғингандим. Тахта тўсиқдан сакраб ўтиб кетишдан зўрға ўзимни тийиб турардим. Биламан, тахта тўсиқ бўйлаб дам олдинга, дам орқага юриб турган соқчилар нафақат мени, ҳаттоки қушни ҳам тахта тўсиқдан ошиб ўтишга йўл қўймайди!

Мен ўзимни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбусдек ҳис этардим. Тўғри-да, бу ернинг қамоқхонадан нима фарқи бор? Ҳатто қамоқхонадан ҳам бешбаттар. Бешбаттарлиги шундаки, бу ердаги ҳаёт қамоқхонадагига ҳам ўхшаб, ҳам ўхшамайдиган, алоҳида қонун-қоидалари мавжуд бўлган, таъбир жоиз бўлса, йўлдан адашганлар тириклайин кўмилган тирик одамлар қабристони эди.

«Мана, қаноат қилмасликнинг оқибати! — дердим юрагим қон бўлганча ададсиз ўй-хаёллардан бошим ғовлаб, йўлак бўйлаб бориб-келарканман. — Мана, ниҳоясига етай деб қолган илмий ишни ташлаб, ҳовлиққанча етиб келган манзилим! Мени илмнинг уволи тутди!..»;

Ўз-ўзига азоб бериш ва бундан аллақандай ҳузур-ҳаловат туйиш касали менда ўша кунлари пайдо бўлганди.

Тўсиқ ёнидаги йўлак бўйлаб нақ йигирма марта у ёқдан бу ёққа бориб келганимдан кейингина баракка қайтдим. Бу вақтда иккинчи сменада ишлаётган шерикларимизнинг баъзи бирлари нормаларини бажариб ишдан қайтишарди. Темир тўшакда ётгандай, безовталанганимдан уйқум қочиб бедор ётарканман, ишга кетаётганларида шериклари билан бирга кетиб, қайтишда ёлғиз ўзи баракка кириб келган ишчиларни кузатиш асносида бир нарсага амин бўлдим: кўринмас Бейнинг иқтидори шунда эдики, у одамларни астойдил ишлатишнинг йўлини билади! Ишнинг оғир-енгиллигидан қатъий назар, белгиланган нормани кўп куч сарфлаб бўлса-да, қисқа фурсатда бажара солиб ётоқхонага қайтиш ҳар қандай ишчи учун қулай-да. Икки баравар ҳақ тўланиши эса нур устига нур!

* * *

Хаёл суриб ётганча кўзим илинган экан.

Бир маҳал аллақандай хирқираган товуш қулоғимга чалингандай бўлди. Тушим ёки ўнгим эканлигини англолмай ётарканман, хирқироқ товуш энди аянчли ингроқ бўлиб қулоғимга чалинди: «Вой жоним!.. Эссиз жоним!..»;

Кимдир алаҳлаяпти, деган ўйда индамай ётавердим.

Хона зим-зиё қоронғиликка чулғанган эди. Печнинг тафти пасайганидан хона ичи совуб кетган, ухлаётган бандалар ҳатто уйқуда ҳам совқотганларидан қунишибгина ётардилар. Бетартиб нафас олиш, хуррак тортиш, алаҳсирашлар хонани тутиб кетганди. Тош қотиб ухлаётган одамнинг худди афсус чекаётгандек чуқур хўрсинганига кўзингиз тушганми? Ёнгинамдаги ўринда ётган Нурали шунақа, уйқусида нимадандир афсус чекиб, чуқур хўрсиниб қўярди. Бир маҳал ҳалиги хаста овоз яна қулоғимга чалинди: «Ким бор?.. Муздай сув беринглар... Ичим куйиб кетяпти?..»; Бу энди шунчаки алжираш эмасди. Кимдир ёрдам сўраяпти.
— Нурали, — дея шеригимни уйғотдим. — Бировнинг мазаси қочдими, дейман.

Нурали шу заҳоти ирғиб ўрнидан турди. Қоронғида фақат бир-биримизнинг кўзларимизнигина кўриб турардик.
— Шам... Шам қаерда эди-я? Мен ҳозир...

Нурали пастга тушиб, пайпасланганча нари кетди. Ишчилар тунда ғаразли мақсадда электр токидан фойдаланмасликлари учун хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан электр симлари узиб қўйиларди. Зарурат туғилиб қолгандагина соқчилар чироқни ёқиб беришарди, бошқа пайтларда майда-чуйда ишлар учун ишчилар шамдан фойдаланишарди.

Эшик очилиб-ёпилди.

Бироздан кейин Нурали ғудранганча ёнимга келди.
— Шам ҳам, говурт ҳам ташқарида қолиб кетган экан, ёнмаяпти...

Икковлашиб уриниб бир амаллаб шамни ёқдик. Кейин липиллаётган шамни ухлаётган кишиларнинг юз-кўзларига тутиб, беморни қидирдик. Ниҳоят, топдик уни.
— Мажид ака, сизга нима бўлди?

Нурали ғужанак бўлганча қалтираб-титраб ётган кишининг устига энгашди.
— С-сув бе...р...р... — томоғи йиртилиб, товуш пайчалари лат егандай хирқироқ овозда гапирди Мажид ака.
— Ҳозир... — Нурали унинг пешонасига қўлини қўйди-ю, шу заҳоти: — Вой-бўй! Иситмангиз кўтарилиб кетибди-ку, ака! — деди.
— Яна... кўтарилибдими?..

Элликларга борган, сийрак сочлари қордек оппоқ бу одамнинг шу қадар тинка-мадори қуриган эдики, гапиришга ҳоли келмасди. Икки оғиз сўзни ҳам худди сувсиз қолган балиқдек оғзини катта-катта очиб, ҳансираганча сўзлаганди.
— Сизда иссиқни туширадиган дори йўқми? — деб сўради Нурали мендан.

Мен бош чайқадим.
— Дарвоқе, сизда қаёқданам бўлсин?.. Ўзи яқинда келдингиз-ку, — деди Нурали, кейин Мажид аканинг пешонасини силаркан: — Эҳ, Мажид ака! Кеча сизга айтувдим-ку, бир-икки кун ишга чиқманг, деб. Мана, оқибати! — деди афсус чеккандай бўлиб.
— С-сув-с... — дея ингранди Мажид ака.
— Сув олиб келайми? — деб сўрадим Нуралидан.
— Нималар деяпсиз?! Совуқ сув мумкинмас! Ҳой, кимда дори бор?! — бор овози билан бақирди Нурали.

Аллакимлардан: «Йўқ-қ»;, деган жавоб эшитилди. Кимлардир бемаҳалда безовта қилишганидан аччиқланиб болохонадор қилиб сўкинди. Аммо ҳеч ким ўрнидан турмади.
— Соқчини чақириб келайми? — дедим Нуралига.
— Фойдаси йўқ, — қисқа жавоб берди Нурали.
— Нега? Ахир... ҳеч бўлмаса... амбулаторияга...
— Даврон ака, кейин тушунтираман. Ҳозир жим туринг, — деди Нурали, овозидан асабийлашгани сезилиб турарди.
— Су-ув... Ичим... куй...ди...и... — Мажид ака тобора ҳолсизланаётган, нафас олиши оғирлашаётганди.
— Ҳой мусулмонлар! — дея қичқирди Нурали. — Бир бечоранинг аҳволи ёмон, турсаларинг-чи! Шундай вақтда бир-биримизнинг кунимизга ярамасак, нима қилиб юрибмиз бу дунёда?! Абдували! Ҳусан! Файзи! Ўлиб қолмадингларми мабодо?!

Шундан кейин бирин-сирин Мажид аканинг атрофига одам йиғила бошлади. Кимнингдир термоси бор экан, бир чашка чой берди. Яна бири дори... Бироқ дори Мажид акага кор қилмади. Азоб тортиб, қийналиб, оҳ-воҳ тортиб ётиб... тонгда жон таслим қилди.

Уни ўлади деб сира ҳам ўйламагандим. Совуқ ўтиб шамоллагандир, уч-тўрт кун ишга чиқмаса ўтиб кетади, деган хаёлда эдим шам тутиб тепасида турганимда. Буни қарангки...

Шу ёшга довур ўлимга бу қадар яқин келмагандим. Шунинг учунми, кутилмаган ҳол руҳиятимга фавқулодда ёмон таъсир қилди. Дард чекиб, азобдан қийналиб ётганида унинг пажмурда юзига қарашга асабларим дош берганди. Аммо... жони узилгандан кейин энди бу дунёга тегишли эмаслигини билдиргандай, ҳаддан ташқари кўкариб кетган юзига қарашга журъатим етмади. Дераза олдига бориб турдим.

Кимдир хабар берган чоғи, хонага аввал бригадир Матчонов, кейин Ҳаким Назаричнинг ёлғиз ўзи, Пўлат Дамирович эса икки соқчи ҳамроҳлигида кириб келишди. Ишчилар билан бошлиқлар ўртасида қисқа савол-жавоб бўлиб ўтди. Мажид аканинг нимадан ўлганлиги маълум бўлгач, Ҳаким Назарич Матчоновга юзланиб:
— Энди нима қилмоқчисизлар? — деб сўради.
— Нима қилмоқчисизлар? — Матчонов чақчайганча Нурали билан Ҳусанга қаради.
— Иложи бўлса, жасадини уйига юборсак бўларди... — деди Ҳусан Ҳаким Назаричга қараб.
— Уйига-я?! — Ҳаким Назарични четга суриб ўртага чиқди Пўлат Дамирович. Унинг чиройли юзи бўғриқиб кетганди.
— Ҳа, уйига, — такрорлади Ҳусан.

Бошқалар нафас чиқармай туришарди.
— Қандай қилиб?! — мавриди эмаслигига фаҳми етмадими ё атай қилдими, Пўлат Дамирович мазахомуз кулди.
— Самолёт билан...

Ҳусаннинг гапи чала қолди.
— Самолётда жўнатиш учун тўрт минг доллар керак! Топиб берасанми?! — Пўлат Дамирович Ҳусанга еб юборгудай тикилди.
— Иложини қилармиз... Ҳаммамиз пул ташлаб...

Кутилмаганда Пўлат Дамирович қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бу шундай ўринсиз, хунук кулги эдики, умрим бино бўлиб бундай шафқатсизликка дуч келмагандим.
— «Ҳаммамиз пул ташлаб?!.»; Қанча пулларинг бор ўзи? Менга ҳам бироз қарз бериб турсанглар, дегандим!

Шу чоғ Ҳусан бир қадам олдинга чиқди. Олдинга чиқаркан, унинг юзи оппоқ оқариб кетганди:
— Қанча керак?!

Шунда иккита бир-биридан чиройли, аммо қиёфаларида икки хил, бир-бирига ўхшамайдиган ифода кезинаётган йигит юзма-юз туриб қолишди.

Ҳусаннинг мулойим юзи оппоқ...

Лахча чўғдай ёнувчи кўзлари ғуссага тўла...

Пўлат Дамировичнинг хушбичим оқиш юзи айни лаҳзада қип-қизариб кетганди. Кўзлари шафқатсизлик билан ёнарди.

Шу чоғ:
— Гап бундай, — деганча уларнинг ўртасига суқилди Ҳаким Назарич. У ўзини кўрсатиш учун қулай вақтни пойлаб тургандай туюлди менга. — Мурда маҳтал бўлиб қолди. Сизлар расм-русумларингизни қилаверинглар. Бу ёғини биз ҳал қилишга уриниб кўрамиз.
— Мен ваъда бера олмайман, — деди Пўлат Дамирович кескин оҳангда. — Ҳаким Назарич, агар малол келмаса, ўз номингиздан ваъда беринг.
— Мен ҳали ҳеч кимнинг номидан ваъда берганим йўқ, — деди унга жавобан Ҳаким Назарич. — Фақат бир нарсани илтимос қилгандим. Мурданинг олдида шовқин кўтарманглар, яхшимас бу ахир!

Бошлиқлар бирин-кетин чиқиб кетишди.

Улар чиққан заҳоти хонада ғала-ғовур кўтарилди:
— Шўрликни қандай қилиб бўлмасин, уйига жўнатиш керак! Ўз тупроғига кўмилганга нима етсин?!.
— Ўзиниям йиғиб юргани бордир. Чўнтакларини қараш керак!..
— Конторадан, Ҳаким Назаричдан ёрдам сўраш керак. Ҳаким Назарич ёмон одаммас!..
— Э, ўлгандан кейин қаерга кўмишнинг нима фарқи бор? Кўмилдинг нимаю, кўмилмадинг нима?! Ўлдинг-ўчдинг! Бу дунёда йўқсан, тамом-вассалом!..

Боя, бундан бир неча дақиқа илгари бошлиқлар шу ердалигида жим турганлар энди гапга тушиб кетган, бир вақтнинг ўзида хонада неча киши бўлса, ҳаммаси гапирар, баланд овозда ўз фикрларини айтиб, шовқин соларди. Бироқ ҳал қилувчи сўзни ҳеч ким айтмасди. Фақат Ҳусан жим, муздай деворга суянганича ўтирар, юзи янада оқарган, айб иш қилиб қўйгандай, кўзларини ердан узмасди.

Кир-чир парда тўрлари орасидан булутли, аммо ниҳоятда совуқ куннинг маъюс ёруғи тушаётган дераза остидаги тахта каравотда эса Мажид ака ётарди. Гўё фоний дунёга тегишли эмаслигидан хотиржам бўлгандай унинг кўкимтир юзи сокин тортиб қолганди.
— Сиз нима дейсиз? — дея ёнимга келиб сўради Нурали.
— Иложи бўлса уйига юбориш керак.
— Бундай қилсак-чи, ҳаммамиз баҳоли-қудрат ўртага пул ташлаб, йиғсак-да, бир кишини вакил қилиб, конторага юборсак...
— Нурали, — дедим паст, аммо кескин оҳангда. — Масалага реал кўз билан қараш керак, менимча. Биз топганимизни йиғиб бердик, дейлик, — ёнингизда қанча пул бор ўзи?! — конторадагилар етмаганига қўшиб, мурдани (ё тавба, кечагина у Мажид ака эди-я!) уйига юборишга рози бўлишди ҳам дейлик; аммо ҳақиқатан ҳам мурда юбориладими ёки бирор хилват ерга обориб кўмиб ташланадими?! Ҳамма гап мана шунда!
— Йўғ-э? — ишонқирамагандек қаради Нурали. — Жуда бўлмаса уйимизга юборилаётган маош ҳисобидан...
— Бунчалик содда бўлманг, Нурали!
— Ахир, нимадир қилиш керак-ку!
— Қилиш керак. Лекин, очиғи, нима қилиш кераклигини мен билмайман, — дедим юрагим сиқилиб. — Яхшиси, бошқалар билан маслаҳатлашинг.
— Кўпчилик билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди, — деди Нурали куйиниб. — Ҳаким Назарич билан гаплашиш керак. Ёлғиз ўзи билан. У инсофли одам. Бирор йўл-йўриқ кўрсатишига ишонаман!
— Шундай қила қолинг...
— Иккаламиз бирга борамиз!

Рози бўлдим.
— Аммо бир шарт билан, — дедим Нуралига секин. — Ҳусан ҳам биз билан бирга боради.
— Қўйсангиз-чи уни, қўйинг-э, — деди Нурали овози ўзгариб. — У йўқ ердан жанжал чиқариб юради. Боя ҳам кўрдингиз-ку!
— Шундай бўлсаям... Ҳар қалай, у менга қараганда гапга уста...
— Майли, лекин кейин афсус чекмасангиз бўлди.
— Мажид ака касалмиди ё бирдан шунақа... бўлиб қолдими? — фурсатдан фойдаланиб сўрадим Нуралидан.

Чунки шу кунгача Мажид ака билан битта хонада яшаб келаётган бўлсак-да, у ҳақда исмидан бошқа ҳеч нарса билмасдим. Янглишмасам, бу ерга келган куним шовқин-сурон кўтарганча баракка кириб келган ишчилар орасида биринчи бўлиб мана шу Мажид аканинг кўзлари менга тушганди. Қордек оппоқ соч... пажмурда юз...
— Ўтган йилги қишда совуққа ўпкасини олдириб қўйганди. Иситмаси кўтарилиб, қув-қув йўталса ҳам ишдан қолай демасди. Ишга чиқмаган кун учун ҳақ ёзилмайди-да!
— Медпункт йўқми?
— Қаёқда! Бу йил ҳалиям бирнав. Ўтган йили мен келмасдан аввалроқ одамларимиз тутдай тўкилган экан. Совуқ-да. Тилсиз ёв бу! Бизни ҳеч ким бу ерга чақирмаган ишлаш учун. Шунинг учун тилимиз қисиқ! Аслида уларнинг бизга пул тўламасликка ҳам ҳақлари бор. Қонунан олиб қараганда! Аммо Ҳаким Назарич зўр одам! Шу кишининг шарофати билан ўзимиз бу ёқда бўлсак-да, бола-чақамизнинг куни ўтиб турибди.

Нуралининг Ҳаким Назаричга ҳурмати баланд эканлигини сездим. Менда эса бунинг акси, назаримда, Ҳаким Назарич ёқимли ниқоб билан ўз-ўзини пардалаб, бечораҳол, ўртамиёна бу кишилар сиғинадиган кимсага айланганди. Аслида эса бу одамни нафс алвастиси бу ерларда етаклаб юрибди. Нафс алвастиси қиёфасида юрган турк корчалони Ҳаким Назаричнинг ҳам, анави золим Пўлат Дамировичнинг ҳам жиловидан маҳкам тутган, энди ўзлари истаган тақдирда ҳам нафс алвастисининг чангалидан қутула олмайдилар, бунга кучлари етмайди, энди умрларининг охирига довур иккаласи ҳам нафс алвастиси етаклаган томонга қараб чопаверадилар, деган фикрда эдим.

Шундай қилиб, орадан чамаси икки соатча вақт ўтгач, уч киши — Ҳусан, Нурали ва мен конторага йўл олдик.

Биз кириб борганда худди атай қилгандек у ерда Пўлат Дамирович ўтирарди. Янглишмасам, Ҳаким Назарич иккаласи шошқол ўйнашарди.

Мен билан Нурали эшик олдида турдик, Ҳусан бир сўз демасдан бориб қўлидаги тугунчани стол устига қўйди-да, ёнимизга қайтиб келди.
— Бу нима? — шошқол доналарига тикилганча кулимсираб ўтирган Пўлат Дамирович бирдан жиддий тортиб, зардали оҳангда Ҳусандан сўради.

Ҳусан унга эмас, Ҳаким Назаричга қараганча жавоб берди:
— Пул. Уни қандай бўлмасин уйига жўнатиш керак!

Пўлат Дамирович ирғиб ўрнидан туриб қаршимизга келди-да, айнан Ҳусаннинг юзига юзини теккизгудай бўлиб важоҳат билан:
— Уни ахлатхонага ирғитиб юбориш керак! — деди.

Ҳусаннинг мушт бўлиб тугилган қўлидан қаттиқ сиқдим. Ҳар тугул, у ўзини босди.
— Пўлат Дамирович, мен бу кишилар билан гаплашиб олсам, дегандим, — деди Ҳаким Назарич ўрнидан туриб шошқол доналарини йиғиштираркан.
— Мен халақит бераманми? — сурбетлик билан сўради Пўлат Дамирович.
— Халақит бермайсиз. Бу масала барибир сизсиз ҳал бўлмайди. Ҳали олдингизга ўтаман, — Ҳаким Назарич ялтоқланиб гапирди.
— Овора бўлманг!

Пўлат Дамирович эшик томонга юрди.
— Бу ёққа, — Пўлат Дамирович чиқиб кетиши билан Ҳаким Назарич бизни стол ёнига чақирди. — Гап бундай, мен у ёқ-бу ёқни суриштирдим. Самолётда жўнатишнинг иложи йўқ. Очиғи, ташвиши кўпроқ бунинг. Яхшиси, поездда жўнатиш керак.
— Қандай қилиб? — сўради Нурали, у боядан буён Ҳаким Назаричдан кўз узмасдан тикилиб турарди.
— Бу ёқдан мол олиб кетаётганлар билан келишамиз-да, қўлига пулни бериб, бирортасининг гилам-палосига мурдани ўраб! — Ҳаким Назарич «қойилмисизлар?»; дегандай ҳар биримизга кўз югуртираркан қўшимча қилди: — Ҳам қулай, ҳам осон!

Менинг нафасим қайтди. Мажид аканинг мурдасини эмас, мени гиламга ўраб-чирмашаётгандай юрагим тез-тез уриб кетди. Шерикларим ҳам, айтидан, бундай «таклиф»;ни кутишмаган чоғи, юзлари ўзгариб, қарашлари маҳзунлашди.
— Бошқа йўли йўқми? — сўради Ҳусан.
— Йўқ.
— Шунақа... ҳожатбарор одам борми? — деди Нурали.
— Топилади.

Учаламизнинг нигоҳларимиз тўқнашди.
— Бегона юртда қолиб кетгандан кўра... — Нурали шундай деди-ю, гапининг ярмини ичига ютди.
— Бу ёғини ўзларинг ҳал қилинглар, — деди Ҳаким Назарич.
— Бўпти, деяверамизми? — Бир менга, бир Ҳусанга жовдиради Нурали.
— Бошқа иложи йўқ экан... рози бўлишдан ўзга чора йўқ, — дедим.
— Ҳусан...

Нурали савол назари билан қаради Ҳусанга.
— Майли, — деди Ҳусан бўшашиб. У бояги жаҳлдор йигитга умуман ўхшамай қолганди.

Мурдани соат ўн икки яримга тайёрлаб қўйишга ваъда бериб конторадан чиқарканмиз... қисматимни лаънатладим. Ваҳоланки, мен қалбан художўй эдим. Баъзи художўйларга ўхшаб қироатхон эмасдим, иймон-эътиқод ҳақида ҳеч ерда маъруза қилмасдим, аммо тақдир, қисмат деган тушунчаларга ишонардим. Ҳар қалай, ич-ичимда худони тилдан қўймасдим. Айни лаҳзада эса эътиқод деб аталмиш қалъамга дарз кетган, мен на худога, на қисматга ишонардим...

Шу куни уч-тўрт киши ишга чиқмадик. Соат ўн икки яримга қадар баҳоли қудрат барча расм-русумларни адо этиб, марҳумни сўнгги манзилга тайёрлаб қўйдик. Тобутни олиб кетиш учун икки киши машинада келишди. Биздан ҳам икки киши станцияга бормоқчи эди, Ҳаким Назарич рухсат бермади. Шаҳарга чиқиш учун рухсатномамиз йўқлигини рўкач қилди. Буни ўзимиз ҳам билардик...

Кечқурун Ҳаким Назарич яна мени конторага чақириб, қўлимга бироз пул берди. Кейин ойлик маошимни кимнинг номига юборишимни сўради. Мен хотиним Саодатнинг манзилини бердим.

Эшикдан чиқаётиб, яна Пўлат Дамировичга дуч келдим. У ёнимдан ўтаётиб тағин мени туртиб ўтди. Унинг беписандлиги қонимни қайнатди, аммо тарози палласига қўйишса, қай биримиз посангини босиб кетишимизга ақлим етганидан яна ўзимни босдим.

Ҳовлида менга таниш ўша йўлакда Ҳусан юрган экан. Ёнига бордим.
— Пул беришдими? — деб сўради у гўё ҳаммасини кўриб-билиб турган фолбиндай.
— Ҳа. Сиз қандай билдингиз?
— Шунчаки сўрагандим, сиз ростини айтдингиз-қўйдингиз, — деди Ҳусан чиройли юзига ярашадиган табассум билан. — Дарвоқе, пулингизга эҳтиёт бўлинг. Олғирлар ҳам йўқ эмас.
— Унчаликка боришмас.
— Ихтиёрингиз.

Ҳусан агар рўйхушлик берса, мен у билан гурунглашмоқчи эдим. Лекин Ҳусан мен билан гаплашишни истамагандек қўлларини чўнтакларига солганча нари кетди.

Кейинчалик ҳам мен уни ҳар қанча кузатиб, қўйнига қўл солиб кўрмай, у билан очиқчасига чин юракдан гаплаша олмадим. Ҳусан ҳеч қачон менга нисбатан манманлик қилмаган, суҳбатлашишдан бўйин товламасди, бизнинг гурунгларимиз йиғилса семизгина бир китоб бўлиши мумкин, аммо қанча гаплашмайлик, унинг гап оҳангида ваҳший қотилга хос шафқатсизликни сезмадим, у сўзлар экан, юзидан болаларга хос соддадил ва мусаффо табассум аримасди. Ва мен ҳар гал унга қараб туриб, шундай беозор йигит қанақасига қотил бўлсин, дея ҳайрон бўлардим.

Ҳусаннинг қўли қон қотил эканлигига ишонмаган бўлсам-да, унинг фолбинликдан хабари борлигига тез кунларда амин бўлдим. Мен Ҳаким Назарич берган пулни орадан икки кун ўтгач, ўғирлатиб қўйдим!..

Ким олганига сира ақлим етмасди, ҳатто кимдан гумонсирашни ҳам билмасдим. Назаримда, ҳамма ўзи билан ўзи оворадек, орамизда имонсизлар йўқдек туюларди. Шундай бўлса-да, пул ўғирланди. Мен бир неча кун, то шерикларим бу сирдан огоҳ бўлгунча тушликда оч қолдим. Ўша кунларда пул мен учун фақат тушликда зарур бўларди.

Юқорида, гап орасида қистириб кетгандим, агар эсингизда бўлса, қанақадир аёллар туш пайти келиб «пирашка-мирашка»; сотиб кетишлари ҳақида. Нари борса, ўттиз-ўттиз иккиларга кирган, мовий кўзлари шаҳло, малласочли бу аёллар ҳар куни тушлик вақтида саватлари билан қурилиш майдонида пайдо бўлишарди. Бир неча бор уларни гапга солишга уриниб кўрдим, аммо мен шохида юрсам, улар баргида юрадиганлар хилидан экан, тутқич беришмади. Нотўғри хаёлга борманг, менинг бор-йўғи мақсадим, улар билан гаплашиб, жилла қурса ўзимнинг қаерда эканлигимни билиб олиш эди.

Хатти-ҳаракатларимдан Файзи ҳам қандайдир бошқа маъно излаган шекилли, ўша кунларнинг бирида:
— Даврон ака, хафа бўлманг, булар ўзи шунақа, — деб қолди дабдурустдан. — Аввалига ўзларини тарозига солишади, чекинмасдан ҳужумга ўтаверсангиз, охири таслим бўлишади. Юз грамм қуйиб берсангиз, вообҳе роҳат-фароғатга кўмиласиз!
— Сиз мени нотўғри тушунибсиз, — дея энди гап бошлаган эдим, Файзи яна гапни илиб кетди.
— Ҳов анави киши бор-ку, — дея у қўлини қўшни бригадада ишлаётган ўрта яшар, тепакал, кўзлари олма-кесак териб турадиган Қадамбой оғага бигиз қилди. — Шу одам биттасига қармоқ солиб юрибди. Анови тиқмачоқдай хотин бор-ку, туяқушга ўхшаб лўкиллаб юрадиган, ўшани анчадан буён айлантираяпти. Менимча, уйланса керак.
— Лаққа балиқ ойимча ҳам осонгина қармоққа илинадиганга ўхшамайди, — дея орага гап қўшди Тошпўлат.
— Илинмай қаёққа борарди, ҳаммасиям эрсираб юрган мегажинлар! — деди Файзи.
— Ҳар қалай, кўчада қолганларидан бу ерга келмаётгандирлар, — дедим.
— Шунақалариям бор, ишонмасангиз кечқурун Қадамбой оғадан сўраймиз, у ҳеч нарсани яширмайди, — деди Файзи шахт билан.
— Шарт эмас.

Суҳбатимизга фақат Ҳусан аралашмади. У хаёл дарёсига ғарқ бўлганча ўй суриб ўтирарди.

Кечқурун ошхонада ўтирганимизда Файзи Қадамбой оғани столимизга бошлаб келди.
— Қадамбой оға, — деди Файзи бизларга кўз қисиб қўяркан. — Манави йигитларга анови лаққа балиқчангиз ҳақида гапириб бергандим, улар ишонишмаяпти. Шундай офатижон Қадамбой оғага қайрилиб ҳам қарамаса керак, дейишяпти. Ўзингиз гапириб беринг буларга!

Қадамбой оға деганимиз қойилмақом иш қилган одамдай керилганча стулга ўтираркан:
— Нега ишонишмайди? Нимага ишонишмайди? Нима, биз эркак эмасмизми? — деди ҳаммамизга бир-бир олазарак назар ташларкан.
— Нималар деяпсиз? — дея хитоб қилди Тошпўлат. — Биз фақат бир нарсага тушунмаяпмиз, тўғрироғи, ҳайрон бўляпмиз, шундай кўҳлик, ёшгина аёлни қандай қилиб ўзингизга қаратиб олдингиз? Биз гап отсак, қайрилиб ҳам қарамайди-да!

Ҳусан «пиқ»; этиб кулиб қўйди. Афтидан, у Тошпўлат таърифлаган «... кўҳлик, ёшгина аёлнинг»; ҳақиқий қиёфасини кўз олдига келтирди чоғи.
— Ҳа, бетайин, — эркалагандек Ҳусанни койиди Қадамбой оға, чамаси унинг кулгисини ишқибозлик оқибати, деб билди-ёв. — Сенларга шунақа гап бўлса!
— Тажрибангизни ўртоқлашинг, деяпмиз-да, — дея яна пишанг берди Файзи.
— Унга ростдан ҳам уйланмоқчимисиз? Тегаман, дедими?! — ишонқирамагандек сўради Тошпўлат.

Бу йигитлар Қадамбой оғанинг феъл-атворини обдон ўрганишган чоғи.
— Тегаман дейишга-ку деган, — деди шунда Қадамбой оға керилиб. — Мен таклиф қилмасимдан бурун ўзи оғиз солган. Фақат бир-иккита сабаб йўлимизга ғов бўлиб турибди-да.
— Қандай сабаб? Эри борми?!
— Йўғ-э. У томондан ҳеч қандай ғов йўқ. Фақат кафилликка олишга иккиланаётганини айтмаганда...
— А-ҳа, демак, у сизни кафилликка олиши керак? Шундайми? Шундан кейин конторадагилар унга уйланишингизга рухсат беришади, а, шундайми?
— Шундай, — Қадамбой оға бошини солинтирди.
— Осон экан-у, — деди Тошпўлат.
— Менинг у ёқда бола-чақам бор-ку, — деди шунда Қадамбой оға бошини кўтариб Тошпўлатга қараркан. — Бунга уйлансам, у ёқдан воз кечишим керак...
— Зато озодликка эришасиз. Худди Матчоновга ўхшаб! — атай тантанавор оҳангда гапирди Файзи.
— Шундай қилсаммикин?.. — Қадамбой оға кўзларини жовдиратди. — Тўғриси, бу ер тоза жонимдан ўтиб кетди! Аристон бўлиб аристон эмасмиз, ишчи бўлиб ишчи эмасмиз...
— Уйланганингиздан кейин лаққа балиқчангизга айтсангиз, сизни оламдан ўтди, деб хат ёзворади уйингизга...

Файзи майна қилишда давом этаркан, мен аста ўрнимдан туриб, даврадан сирғалиб чиқдим. Эшик олдига етганимда ортимдан «гур»; кулги кўтарилди. Йигитлар шафқатсизларча Қадамбой оғани мазах қилишни давом эттиришяпти чоғи.

Нафсиламрини айтганда, Қадамбой оғанинг гапида жон бор. Биз ҳақиқатан ҳам маҳбус бўлиб маҳбус эмас, ишчи бўлиб ишчи эмасмиз. Ишчи бўлсак, маҳбусдек тутқунликда яшамаслигимиз лозим. Маҳбус бўлсак, бизга иш ҳақи тўланмаслиги керак. Ким билсин, конторадагилар эҳтимол бизни иккала «унвон»;дан ҳам пастроқ ном билан рўйхатга тиркаб қўйишгандир? Умуман, рўйхатда бормизми?!

Одатдагидек, тўсиқ ёнидаги йўлакда кезиб юра-юра ҳовурим босилгандан кейин баракка кирарканман, жанжалнинг устидан чиқдим.
— Бу чориқ кимники?! Кимники деяпман?! — дея бақирарди Пўлат Дамирович бу вақтда ўзининг ҳамиша ялтираб турувчи этиги билан аллакимнинг ерда ағдарилиб ётган, титилиб кетган этигини зарб билан тепаркан.

Баракдагилар турган ерларида ҳайкал бўлиб қолишган, ҳеч кимдан садо чиқмасди.
— Кимники деяпман? Нима бало, тилларингни ютворганмисанлар?!

Пўлат Дамировичнинг овози шу қадар жарангдор эдики, баайни қулоқ пардасини тешиб юборарди.

Ҳамма жим.

Саволи жавобсиз қолганидан Пўлат Дамирович баттар аччиқланди, юзи бўғриқди.
— Сизникими?! — дея дўқ аралаш сўради у ўзига яқинроқ турган кишидан.
— Йўқ, йўқ, мана менинг этигим, оёғимда турибди, — деди жонҳолатда ҳалиги киши ва шоша-пиша ортига тисарилди.
— Сизникими?! — Пўлат Дамирович яна бир кишига юзланди.

Шу пайт хона тўридан:
— Меники! — деган дағал овоз эшитилди.

Ҳамма ўгирилиб ўша томонга қаради. «Ҳусан!»;

Ҳусан хона тўрида бутини керганча бир пой этиксиз турарди.

Рақибининг қон томиридан тишлашга шайланган ўқилондай ғоз турган Пўлат Дамирович сезиларли даражада сесканиб тушди.
— Этик меники, — деди Ҳусан энди босиқ овозда. — Хўш, нима бўпти шунга?
— Нега у бу ерда ётибди?!
— Қаерда ётса ётавермайдими, ахир у пойабзал-ку, — деди Ҳусан кулимсираганча.
— Ҳой бола! — Пўлат Дамирович унинг устига бостириб борди. — Нега менинг жиғимга тегмоқчи бўляпсан?
— Мен сизга бир нима дедимми? — деди Ҳусан бир туки ҳам қилт этмасдан.
— Ахир, мен унга қоқилиб кетдим. Йиқилиб тушишим ҳам мумкин эди!
— Йиқилиб тушмаслик учун ерга қараб юриш керак! Ёки бўлмаса... — Ҳусан қизиқ гап айтмоқчи бўлгандек ён-верига қувноқ нигоҳ ташлади. — Ёки бўлмаса, эшикдан аввал соқчиларни киритиш керак. Улар йўлингизни тозалаб...
— Соқчи!!! — дея қичқирди Пўлат Дамирович.

Ҳолбуки, унинг бақиришига асос йўқ эди. Иккала соқчиси ҳам унинг ёнида эдилар, Пўлат Дамирович тўхтаса тўхташарди, юрса юришарди.
— Қўрқоқ! Уни қаранглар, қўрқоқлигидан ҳар доим соқчилар билан бирга юради! — дея бақирди Ҳусан ҳам овозини кўтариб.
— Штабга олиб боринг! — ғазаб билан буюрди соқчиларга Пўлат Дамирович ва отилиб хонадан чиқди.

Икки соқчи Ҳусанни қўлтиғидан тутиб ташқарига судради...

Барак сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди.

Анча вақтгача ҳеч кимдан садо чиқмади.

Ҳамма Пўлат Дамировичнинг бостириб келиб қолишидан хавотирда, юрак ҳовучлаганча эшикка тикилиб турарди.

Ниҳоят, хатарли дақиқалар ортда қолди. Пўлат Дамирович қайтиб келмади. Ҳолбуки, ҳали у йўқлама қилишга улгурмаганди. Пўлат Дамировичнинг кутилмаган бир вақтда хонага Азроилдай бостириб кириб шахсан ўзи йўқлама қиладиган одати бор эди. Йўқлама чоғида ҳамма хонада бўлиши шарт эди. Акс ҳолда, бошига бало ёғиларди. Пўлат Дамирович йўқлама вақтида хонада бўлмаган кишини «Штаб»;га чақириб олиб, тинка-мадори қуригунча тергов қиларди. Унинг гоҳ илмоқли, гоҳ тутуриқсиз, бемаъни саволларига сабр-тоқат билан жавоб берганлар хийла осон қутулардилар. Саркашлик қилганларнинг шўри қурирди.

Маълум бўлишича, ўша кеч Пўлат Дамирович одатдагидек йўқлама қилиш учун баракка келган ва остона ҳатлаган заҳоти ерда ётган бир пой этикни кўрмасдан қоқилиб кетган экан.
— У атай этигини ўша ерда қолдирган, — деганди Нурали менга ўшанда шивирлаб. — Шу болага тушунмайман, ўлай агар! Башарасига қарасанг, мусичадай беозор, лекин ҳар доим Пўлат Дамировичнинг жиғига тегиш пайида бўлади!
— Уни ёқтирмаса керак, — дедим менам паст овозда.
— Ёқтирмаса шунақа қилиш керакми? — ҳайрон бўлиб қаради Нурали. — Ўзига-ўзи жабр қиляпти-ку!
— Ҳа, тўғри, — дея унга ён бердим.

Шу пайт кимдир:
— Ҳусанни олиб келишяпти! — дея хабар берди.

Ҳушёр тортдим.

Икки дақиқа ҳам ўтмасдан бояги икки соқчи Ҳусанни қўлтиғидан тутиб судраганча хонага олиб киришди ва шундоқ остонага ташладилар-у, бир сўз демасдан чиқиб кетишди.

Бир зумда Ҳусаннинг атрофида одам тўпланди.
— Нима бўлди? Боплашдими?
— Таъзирингни едингми?
— Бошқа бундай ҳазил қилмассан энди?

Савол устига савол ёғилди.

Бироқ Ҳусандан садо чиқмади. У беҳуш эди. Юзи қонталашган, бўйни, билаклари моматалоқ, чап қошининг ёрилган жойидан қон сизиб оқарди.

Нурали икковимиз уни тўшагига олиб ўтдик.
— Шу болага ҳеч ҳам тушунмайман, — дея яна такрорлади Нурали Ҳусаннинг ёнида ўтирганимизда. — Пўлат Дамировичнинг феълини била туриб унинг ғашига тегади. Этикниям атай йўл устига қўйган, бугун Пўлат Дамировичнинг шахсан ўзи йўқлама қилишини биларди-да.

Ҳусаннинг юзига термилдим. Қўлимиздан келганча унинг яра-чақаларига малҳам дори сурган бўлсак-да, жони азобда эканлиги бужмайган юзидан сезилиб турарди.
— Шу йигит ҳақиқатан ҳам одам ўлдирганига ишонасизми? — деб сўрадим паст овозда Нуралидан.
— Ким билсин, — деди Нурали ўйчанлик билан. — Мулоҳазали йигитга ўхшаб кўринади менга.
— Менга ҳам шундай...
— Эҳ! Одамзод ўзини-ўзи фош қилмаса унинг қандайлигини билиш қийин, — деди Нурали.

Шу кеча биз галма-гал Ҳусанга қараб чиқдик.

Эрталаб Ҳусан қовоқ солганча ўрнидан туриб ишга жўнади.
— Уч-тўрт кун ишга чиқмай турса бўларди, — деди Нурали унинг ортидан қараб қоларкан. — Кеча тиззасига кўзингиз тушганмиди?
— Моматалоқ эди...
— Тиззаси синмаса ҳам мундайроқ бўлган. Ҳозир иссиғида сезмаётгандир. Тағин бир балони орттириб олмасин.
— Оқсоқланиб юришига қараганда оғриқни сезяпти. Лекин кимгадир ўчакишгандай, атай ўзини-ўзи азоблаётганга ўхшаяпти... Менимча, Пўлат Дамировичнинг раҳмини келтирмоқчи!
— Ҳув анави этикни кўряпсизми? — Нурали печка ёнида турган бир жуфт яп-янги этикни кўрсатди.
— Ҳа. Дарвоқе, бу этик кимники?
— Камолиддин деган йигитники.
— Ўлганми?
— Йўғ-э, нималар деяпсиз? Камолиддин тирик, тўғриси, охирги марта кўрганимизда тирик эди. Ким билсин, ҳозир қаерда, қай аҳволда экан? Эшитишимча, уни Ҳаким Назарич ўз паноҳига олганмиш...
— Унга нима бўлган ўзи?
— Ҳа, дарвоқе... Камолиддиннинг асли касби рассом бўлган. Рассомчиликдан омади юришмаганидан кейин ўзини қора ишга урган. Ўртоғи билан ўн тонна пиёзни КамАЗга ортишгану «Қайдасан, Россия?!»; деб йўлга чиқишган. Таможнийдан қочиб «чёрний ход»; орқали юрамиз деб ўрмонда адашиб қолишган. Бу ернинг ўрмонларини биласиз-ку. На боши, на кети бор! Бунинг устига, машина бузилиб қолган. Бир ҳафтача машина ичида жон сақлашган. Йўлга олган озуқаларини еб битиришгандан кейин аҳволлари оғирлашган. Кун совуқ, ҳамма ёқ қор. Қўлларида компас бўлмаса?! Пиёзни совуқ уриб чирий бошлаган. Бундан иккаласи янада даҳшатга тушишган. Ахир, ўн тонна пиёзнинг пулини бировдан олишган! Бир ерда ўтираверсак, биров келиб бизга ёрдам берармиди, дейишиб, охири машинаниям, пиёзниям ташлаб пойи-пиёда йўлга тушишган. Икки кун йўл юриб мундоқ қарашса, яна ўша ерда, ўзларининг КамАЗларининг олдида туришган! Егуликлари бутунлай адо бўлган, қоринлари оч, силлалари қуриган... Ўртоғи сув ўрнига ҳам, овқат ўрнига ҳам қорни каппалайверган. Камолиддин музлаб қолган пиёзнинг муртагини кавшаган. Бутунлай ҳолдан тойганларидан кейин кун-туннинг фарқига бормай қолишган. Ўртоғи шамоллаб қолиб, ўша ерда оламдан ўтган. Шундан кейин Камолиддин оёқлари музлаб қолганига қарамасдан эмаклаганча йўлга тушган. «Энг ёмон ўлим очликдан тиришиб ўлиш экан, — дерди Камолиддин шу ердалигида. — Ўлимни кутиб яшаш эса ундан ҳам оғир экан. Мен ўлаётганимни сезмаслик учун ҳам эмаклаб йўлга тушдим. Эмаклаб кета туриб жоним чиқиб кетганини сезмай қолсам зора, деб ўйлардим...»; Камолиддин ўзининг қанча йўл юрганини эслай олмасди. «Ҳушдан кетганимни эслайман, — дерди у яна. — Мен буни ўлим дея ўйлаганман. Ўляпман. Ўлим шунақа бўларкан-да? Дарвоқе, бу ҳолат ўлим бўлса, Азроил ҳазратлари қани, дея таажжубланганим ҳам яхши эсимда»;. Хуллас, музлатилган гўштдай яхлаб ётганида уни Ҳаким Назарич топиб олган экан. Аввал шу ерга олиб келган. Аҳволи оғир эканлигини билганидан кейин уйига олиб кетган. Шўрлик Камолиддиннинг иккала қўлию оёғини совуқ уриб кетган экан, дўхтирлар кесиб ташлашга мажбур бўлишган... Ҳаким Назарич унга уйига қайтиши учун қанча ёрдам керак бўлса, аямаслигини айтган, лекин Камолиддин кўнмаган. «Бу аҳволда уйга борганимдан кўра, ўлганим яхши. Агар чиндан яхши одам бўлсангиз, дўхтирларга айтинг, укол биланми, заҳар биланми мени ўлдириб қўя қолишсин!»; — деб илтимос қилган. «Мен узоқ яшашни орзу қилардим, лекин бу аҳволда эмас! Ҳозир менинг ғўладан фарқим йўқ. Гапирувчи ғўла!.. Жонли ғўла!..»; — дея йиғлаган... Ҳаким Назаричнинг ўша йигитга қандайдир меҳри тушган экан. Уни уйига олиб келган. Бошқалар бу меҳрибонлик боисини сал бошқачароқ таърифлашади, эмишки, Ҳаким Назарич ўрмонда қолиб кетган КамАЗни ими-жимида ўзиники қилиб олгани учун инсоф юзасидан Камолиддинни паноҳига олган! Менимча, бу бўлмағур гап. Агар Ҳаким Назарич бу қадар саховатли одам бўлмаганида ҳам КамАЗга эгалик қиларди, ҳам... Камолиддинни ими-жимида тинчитиб қўя қоларди! Шундайми? Ҳаким Назарич эса бундай қилмайди (мен ишонаман, бундай қилиш унинг хаёлигаям келмаган! Бемаъни гапларни эса ғийбатчилар ўйлаб топишган. Унақалар кўп бу ерда. Ҳали ўзингизам сезиб оларсиз. Ҳаммаси аламзада!). Камолиддинни уйига олиб келади. Хотинининг унчалик рўйхушлик бермаганига ҳам парво қилмайди. Лекин Камолиддин бу ерда ҳам безовта бўлаверади. Икки марта аравачасида қочиб кетишга уринади.

Бахтга қарши, икки мартаям Ҳаким Назаричга дуч келади. Ҳаким Назарич ниманидир уйида қолдиргани эсига тушиб ярим йўлдан ортига қайтаётган бўлган. «Агар Ҳаким Назарич келиб қолмаганида ўзимни машина тагига ташламоқчи эдим»;, деганди Камолиддин бизга. Ҳаким Назарич унинг сиқилаётганини сезиб кунларнинг бирида Камолиддинни шу ерга олиб келади. Шу куни Камолиддин Ҳаким Назаричнинг уйига қайтиб бормайди. Унга бу ер ёқиб қолган экан. Дастлабки кунданоқ биз билан баракда яшай бошлади. Ҳаким Назарич конторадан хона таклиф қилганида кўнмади. Ниҳоятда жиддий, ақлли йигит эди у. Анови бир жуфт этикни атай каравотига қўйдирган. Лекин сабабини айтмайди. Бир-иккитаси ўсмоқчилаб сўраган экан: «Ақлингни ишлатсанг, сабабини билиб оласан!»; — деб жавоб берибди. Бу билан у бизларга ниманидир таъкидламоқчи бўляпти, ақлли йигит дейман-ку, бунинг устига, рассом! Лекин ҳозир сал ғалати бўлиб қолган...
— Қани ўзи? Нега мен кўрмаяпман уни?
— Сиз келмасингиздан сал аввал шамоллаб қолганди, Ҳаким Назарич уни уйига олиб кетди. Ҳадемай яна келиб қолса керак.
— Ё тангрим! — деб юбордим беихтиёр.
— Кайфиятингиз бузилдими?
— Ундан баттар.

Нурали индамади.

"Қаерга келиб қолдим ўзи?! — дея хитоб қилдим хаёлан ўзимча саф қаторида қорни ғарч-ғурч қилганча иш майдони томон кетарканман. — Шўрпешона одамлар тўдаси зўрлик билан келтирилиб тўпланган ва мажбурий меҳнатга жалб этилган бу макон қамоқхона эмаслиги кўриниб турибди. Ҳар бирининг зилдай оғир ўтмиши бўлган бу одамлар ҳам аллақандай жиноятчилар эмас, тирикчилик туфайли йўлдан адашган кимсалар эканлиги пешоналарига урилган тамғадек юз-кўзларида яққол акс этган — бу, айниқса, уларнинг иш деса ўзларини томдан ташлашга тайёр эканликларидан, қўшимча даромад эвазига жонларини жабборга бериб икки-уч сменалаб ишлашларидан ҳам кундай равшан; муаммо — бу одамлар устидан ҳукм юргизиш ҳуқуқига эга бўлган анови «ноёб»; шахсларнинг ким эканликларида, иш юритишнинг бундай, яъни таъбир жоиз бўлса, иблисона системасини қандай ўйлаб топганлари-да!

Ахир, бу ердан ҳатто қамоқхона ҳам афзал-ку. Ҳар қалай, у ерда нима учун жазоланаётганинг ёки мажбурий меҳнатга жалб этилганинг сабабини биласан. Қисқаси, сен у ерда қайта тарбияланяпсан! Бу ерда-чи? Маҳбус эмассан, бироқ маҳбусдек кун кечирасан. Ҳатто энг кучли тартиб-қоидага асосланган қамоқхонада ҳам инсоннинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари бу қадар поймол этилмаган. Касал бўлсанг, касалхонага юборишади, ҳар қалай! Бу ерда-чи? Олий маълумотли шифокор у ёқда турсин, олти ойлик курсни битирган тиббиёт ходими бўлганда ҳам шўрлик Мажид ака тирик юрармиди? Алам қиладигани шундаки, бу ерда инсонга инсон сифатида эмас, ишчи кучи сифатида қаралиши, яроқсиз бўлиб қолганидан кейин бир марта ишлатиладиган идиш сифатида ташлаб юборилиши!.. Ахир Тангри инсонга коинот гултожи сифатида қараган, шунинг учун ҳам инсонни барча бошқа тирик мавжудотлардан мукаммал қилиб яратган эмасми?"

Ўй-хаёлларим адоқсиз эди. Икки одам зўрға сиғадиган сўқмоқдан саф қаторида кетиб борарканман, бу йўлнинг янада узоқ-узоқларга чўзилишини истардим, шу билан бирга айни замонда хаёлларим ғарч-ғурч қилаётган қорнинг кумуш зарраларидек ҳар томонга сочилиб кетмаслиги учун дунёнинг нариги бошига ҳам пиёда боришга-да рози эдим. Бироқ шу кичкина орзунинг ҳам умри қисқа эди. Биз манзилга етиб келгандик.
— Ҳамма иш жойига! — Матчоновнинг буйруғи янгради. — Имилламасдан, гап-сўзга чалғимасдан чаққон-чаққон ишланглар. Ўн беш кун ичида иккинчи қаватни топшириб, учинчи қаватга ўтишимиз керак!
— Ойликдан дарак борми? — кимдир луқма ташлади.
— Ҳафта охирида конторага кириб олишингиз мумкин, — дея жавоб бера бошлади Матчонов. — Лекин аввал нормани бажарганлигингиз тўғрисида мендан справка олишингиз керак. Ана шундан кейин навбатингизга қараб маош оласиз!
— Нормани икки-уч баравар қилиб бажариб қўйганмиз. Лекин навбатимиз келмаяпти-да! — деди ҳалиги кимса.
— Сабр! Сабр! Сабр!

Матчонов шундай деганча нари кетди.
— Сабрнинг ҳам уйи куйсин. Роса носнинг хумори тутяпти-да. Ларискадан сотиб олай десам пул йўқ. Носингдан бир кафтгина бериб тур, Ғиёс! — дегани эшитилди ҳалиги кимсанинг.

Ҳа, нега кулгингиз келяпти? «Нос»; деганимгами? Бу ерда нос нима қилади, демоқчисиз-да. Афсуски, шундай. Бу ерда нафақат носни, балки бошқа керакли нарсаларни ҳам сотиб олишингиз мумкин. Ҳар куни тушлик маҳали келадиган сотувчи аёлларга «заказ»; берсангиз бас, эртаси куниёқ айтганингизни муҳайё қилишади. Фақат нархи осмонда бўлади.

Сотувчи аёллар ҳар хил қимматбаҳо кийимларни ҳам олиб келишарди. Бу нарсалардан фақат қишлик иссиқ кийимларгина яхши кетарди. Жонидан совуқ ўтган бандалар қанча пулга бўлса-да, шартта кўзларини юмиб олишарди. Бошқа буюмларга ортиқча нарсадек қарашарди. Тамаки маҳсулотлари харидоргир эди. Онда-сонда сотувчиларнинг уддабуронлиги туфайли ароқ ва винодан ҳам оз-моз баҳраманд бўлиб қолардик. Умуман олганда, одамзод бор экан ва у одамлигича қолар экан, нафс йўлида ҳар қандай ишни амалга оширишнинг иложи топиларкан.

Нима учун бундай деяпман, биласизми, у ерда... нима десам экан... Хуллас, хотинлар масаласидаги муаммони ҳам, ҳар қалай... имкон қадар ҳал қилса бўларди. Бу борадаги қийинчиликни аёл киши зиммасига олишга тўғри келарди, агар иккала томон ўзаро келишиб, дил-дилга тўғри келиб қолган бўлса бас. Қулай жой топиш, соқчиларни кўндириш аёлнинг иши, бу ишлар учун кетадиган харажатни эркак ўз бўйнига олади. Қарабсизки, бир-бирига талпинган диллар орзуси ушалади...

Лапас деган дурадгор бўларди. Ниҳоятда хотинбоз эди. Буни ҳеч кимдан яширмасдиям. Яқинлашсангиз бас, хотинлар ҳақида гап очарди. Аввалига ўйнашларини бирма-бир санаб берарди, яна денг, номма-ном, ҳатто ўйнашларининг ишхоналарини ҳам тилга оларди. Жазманларининг бири билан унинг ишхонасида ишрат қилган экан-да.

Ёши элликни қоралаб қўйган, сочи тепадан тўкилгани боис, боши гиёҳ ўсмайдиган тақир тепаликдай ялтираб қолган, жиккаккина бу одам ўзини Дон Жуан қилиб кўрсатишдан уялмасди. Иккита гапининг биттаси, албатта, хотинлар ҳақида бўларди. Ҳатто энг «қалтис лаҳза»;лар ҳақида ҳам у бемалол, тортинмасдан, батафсил сўзларди; сўзларкан, суҳбатдошнинг нигоҳида аллақандай (мазахли, кинояли ёки нафратли, фарқи йўқ) ифодани пайқаб қолса бас, шартта гапини келган ерида тўхтатиб: «Кичкина деманг бизни! Кичкиналар чаққон бўлишади. Аёлларга айнан кичкиналар ёқади!»; дея писанда қила кетарди. Улфатларини ишонтириш учун сотувчи аёллардан бири (исми Тошка эдими-ей, биз уни орқаворатдан Кошка деб атардик) билан танишиб, роса унинг бошини айлантирган, ҳатто: «Сенга уйланиб, шу ерларда умрбод қоламан!»; деб ваъда берган, бечора қиз ўттиз тўққизга кирган бўлса-да, ҳали турмушга чиқмаган экан, дарров рози бўлибди. Соқчи йигитлардан бири Тошканинг узоқроқ қариндоши экан, анча-мунча пул ва русларнинг машҳур қишлик пойабзали — икки жуфт валенка эвазига «севги оташида юрак-бағри кабоб бўлган ошиқ»;нинг тахта тўсиқдан ошиб ўтганини «кўрмай қолган!»;.

Лапас дурадгор шу кетганча бир сутка қорасини кўрсатмаган. Бу ёқдагиларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг энди. Ахир, баъзилари икки йиллаб хотин кўрмай юрган эркаклар-да!

Бир суткадан кейин Лапас дурадгор қайтиб келган ва ...га тўйган хўроздай ғўддайганча шерикларининг сўлагини оқизганча мақтана бошлайди: «... шўрлик Тошка ҳали қиз экан... роса қийналди ўзиям... Эрталаб қарасам, типирчилайвериб гилам патларини юлиб ташлабди... Менга жин урармиди?.. Мунақа ишлар чикора! Ҳадисини олволганмиз-да, ҳадисини... Аммо биринчи марта... ҳаммага ҳам қийин-да!»;

Лапас дурадгор жуда келиштириб, ўрнига қўйиб сўзларди, нозик «саҳна»; тафсилотларини шу қадар тиниқ тасвирлардики, тингловчи бечоралар беихтиёр бир гувраниб олишарди. Иш вақтида Тошка қурилиш майдонида кўриниши билан ҳамма Лапас дурадгорга ҳавас билан қарар, ўзаро им қоқишиб, пичир-пичир қила бошларди. Лапас дурадгор буни сезарди, ҳатто баъзи пичир-пичирлар қулоғига ҳам чалинарди, лекин нима учундир баракдалик вақтидагидек бу ҳолдан ёйилиб кетмас, аксинча, ҳар хил гап-сўзларни эшитмасликка олар, у бригададан нариги бригадага ўтиб «мол»;ини реклама қилиб юрган Тошка томонга эса умуман қарамасди, гўё уни кўрмаётгандай, бош кўтармасдан ишлайверарди.

Ўзини ҳеч қачон толиқмайдиган, тиниб-тинчимас «тўшак қаҳрамони»; қилиб кўрсатган Дон Жуанимизнинг сири сал кейинроқ фош бўлди. Шўрлик қариқиз Тошканинг дугонаси, иш бошқарувчимиз Ҳаким Назаричнинг хотинига ота томонидан узоқроқ қариндош бўлган, шунинг учун бошқаларга қараганда бу ерларга бемалол кириб-чиқиб юрадиган Ларисканинг гапига қараганда (у бу гапларни Қадамбой оғанинг «навниҳол»; севгилисига куйиб-пишиб гапириб берган экан), «... бу Лапас дурадгор деганлари ғирт импотент экан-ку! Тошка шўрликни роса овора қилибди-да. Тошкага жуда қийин бўлди-да. Шу билан унга иккинчи марта мижози заиф эркак дуч келди. Омадсизлигидан куйиб кетяпти бечора. Бирорта манаман деган ўртоғи йўқмикан? Тошкани таништириб қўярдик. Шу ерда қолишга рози бўлса, бирорта дурустроқ иш топиб берардик...»;

Бу гаплар оғиздан-оғизга ўтиб кўпчиликка маълум бўлгач, Лапас дурадгорнинг атрофида одам тўпланмайдиган, унинг олдида хотинлар ҳақида умуман гап очилмайдиган бўлди. Шўрлик дурадгор аслида импотент экан-у, атайлабдан ўзини Дон Жуан қилиб кўрсатаркан. Ким билсин, балки бу ҳам бир касалликдир?.. Ларисканинг таклифига эса негадир талабгорлар топилмади. Лапас дурадгор бўлса, бир қанча вақт ўзини ҳолдан тойган одамдек кўрсатиб юрди-да, алоҳа кунларнинг бирида ўз-ўзидан шикоят қилиб қолди: «Нимагадир ўзимни ёмон сезадиган бўлиб қолдим. Илгари бир вагон кўмир туширсам ҳам бунчалик чарчамасдим. Бу ернинг хотинлари ёмон касалликка чалинмаганмикин?..»;

Шундан кейин Лапас дурадгор оғир хўрсиниб қўйди:
— Ёмон касалликка чалиниб, бор бойлигимдан айрилиб қолмай тағин...

Унга жавобан ҳеч ким индамади. Ҳамма нигоҳини олиб қочарди негадир...

Хуллас, ўша куни адоқсиз ўйлар гирдобидан чиқа олмай, ўзим билан ўзим овора бўлиб қолганимдан ишни ҳам ёлчитмадим.
— Бўғирсоқ сотадиган аёл келяпти, тушлик қиламизми? — деб қолди бир маҳал Ҳусан.

Кечаги калтакдан кейин у бир оғиз ҳам гапирмаганди.
— Майли, — дедим қўлимдан қўлқопимни ечарканман.

Шу вақт бино ичкарисида аллақандай шовқин-сурон, безовталик сезилди.
— Нима бўлдийкин? — дедим ўша томонга синчиклаб тикиларканман.
— Ҳозир анови Бўғирсоқдан сўраймиз-да, — деди Ҳусан яқинлашиб қолган сотувчи аёлга ишора қилиб.

Файзи билан Тошпўлат ҳам ишни ташлаб ёнимга келишди. Уларнинг ҳам икки кўзи қурилиш майдонида эди.
— Бир фалокат бўлди-ёв, — деди Файзи.

Ҳусан сотувчи аёлдан тушликка керакли озиқ-овқатимизни сотиб оларкан, уни саволга тутди. Афсуски, аёл ҳам у томонда нима содир бўлганини айтиб беролмади. Шундан кейин биз шоша-пиша тик турган ҳолда бўғирсоқларимизни баҳам кўрдик-да, ҳаммамиз биргаликда қурилиш майдони томон йўл олдик.

Яқинлашганимиз сайин қулоғимизга шовқин-сурон аниқроқ эшитила бошлади. Аллаким жон аччиғида дод-фарёд қиларди.
— Алишер деган бола тепадан йиқилиб тушибди, — деди ғуж бўлиб турган оломон орасидан сирғалиб чиққан Нурали кайфиятсиз тарзда.
— Алишер... болам, ўзингни қўлга ол. Қўрқма, хавфли тушмадинг... Тиззанг сал... дарз кетибди... — дерди элликлардан ошган бир киши чалқанча ётганча оҳ чекаётган йигитнинг устига энгашган кўйи.

Бу киши Алишернинг отаси эди. Ота-бола деярли ҳеч кимга қўшилмасдилар. Даромаднинг ҳаммаси ўзларига қолиши учун тўрт киши бажариши лозим бўлган ишни иккаласи зиммаларига олишган, шунинг учун бош кўтармасдан тиним билмай ишлардилар.

Ўғил ҳали жудаям ёш, нари борса йигирмаларга борганди. Биласизми, Тангри алоҳида меҳр, бетакрор ва беадад истеъдод билан бениҳоя гўзал қилиб яратган одамлар бўлади бу дунёда. Бундай одамларга қараб туриб: «Тавба, шунчалар ҳам бекаму кўст ҳусн бўладими?»; — дея беихтиёр ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Алишер ана шундай ниҳоятда кўркам йигитча эди. Унинг бирор марта сўкинганини эшитмагандим.

Оғир-вазмин, ақлли эканлиги чақнаб турган беғубор кўзларидан шундоқ сезилиб турарди. Ҳолбуки, бу ёшдаги йигитчаларнинг кўпчилиги енгилтак, ўйинқароқ бўлишади. Ахир эрта-ю кеч бош кўтармасдан ишлаш ҳамма ёшларнинг қўлидан келмайди. Бунинг учун қанчалар сабр-бардош, куч-қувват керак. Қизларни музқаймоқ билан сийлаб, тунги барларда, дискотекаларда асов отдек ирғишлаб сакраш, кайфу сафо қилиш кимга ёқмайди? Алишер бундай «лаззат»;лардан маҳрум бўлган, муштдай бошидан меҳнатга ўзини урган йигит. Бундайлар ишлаганда алам билан, худди бировга қасд қилгандай ишлашади. Менимча, болалиги оғир қийинчиликлар билан ўтган одамлар ана шундай ашаддий меҳнатсевар бўлишади. Пулни мўлжалдан сал кўпроқ тўлаб қўйишса бас, ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, жонларини жабборга бериб ишлашади.

Алишернинг отаси Каримбой ака ҳам оғир-вазмин, камгап киши эди. Ўғлининг ёнидан бир қадам ҳам нари кетмасди. Кечқурун суҳбатларга умуман қўшилмасди. Ўғлини ҳам ўзидан бошқа бирор киши билан гаплашишга қўймасди. Шўрлик ота ўғлининг тарбияси бузилиб кетишидан чўчирди чоғи. Иш вақтида эса бир-бирларини шунчалик авайлашардики, кўриб беихтиёр ҳавасингиз келарди. Оғирроқ юкни кўтаришга тўғри келса, бу вазифани, албатта, Каримбой ака ўз бўйнига оларди. Мен бир неча марта уларнинг тортишиб турганининг гувоҳи бўлгандим. «Ота, шу ишни менга беринг, одамни уялтиряпсиз, ахир!»; — дея зорланарди Алишер. «Нима, мени қариб қолди, деб ўйлаяпсанми? Нари тур! Ҳали сенга ўхшаган йигитларнинг тўрттасининг кучи бор менда. Ё пирим!»; дея Каримбой ака юкни орқалаб жўнайди. Юкни кўтараётганда унинг совуқ урган юзи ғижимланган қоғоздек буришиб кетади.

Ўша меҳрибон отанинг азиз дилбанди айни замонда ерпарчин бўлиб ётарди.
— Баракка обориш керак! — деди кимдир.
— Матчоновдан рухсат сўраш керак аввал. Бўлмаса балога қоламиз!
— Алишер, болам, ке, елкамга қўлингни қўй...

Каримбой ака қор устига чўк тушиб энгашганча инқиллаб ётган ўғлига елкасини тутди. Юзи қордек оқарган Алишер бир-икки интилди, лекин нима учундир гавдасини ердан уза олмади. Шундан кейин уни кўплашиб кўтариб олишди...

«Бола шўрликнинг умуртқаси лат емадимикин?»; деган ўйдан юрагим увишди.

* * *

Қиш авжига чиққан кунлар.

Ҳаво чунонам совуқ эдики, туфласанг тупугинг ерга тушмай музлаб қолади. Гоҳ қуюқ туман қопласа, гоҳ чарақлаган қуёш нурлари қор билан қопланган ўрмон узра ярқирайди, бироқ... ҳаво барибир совуқдан-совуқ...

Кундузи вақтимиз ишда ўтади. Ҳар қалай, овунамиз. Лекин...

Кечалари уйқумиздан ҳаловат йўқолди.

Оғриққа чидай олмаган Алишер инқиллаб, оҳ-воҳ қилиб тунда ҳеч кимга уйқу бермасди. Каримбой ака ишга чиқмасдан ўғлининг ёнида ўтирарди. Эрта-ю кеч дилбандининг юзига термилар, гоҳ мажбурлаб, гоҳида ялиниб-ёлвориб бир чўқим овқат едирар, тез-тез кийимларини алмаштириб, юварди. Бундан ортиқ қўлидан ҳеч нарса келмасди. Юқорида айтганимдек, бу ерда олий маълумотли шифокор тугул, оддийгина ҳамшира ҳам йўқлигидан шўрлик Алишерга лоақал биринчи тиббий ёрдам кўрсатишмади. Каримбой ака «контора»;га зир қатнаб, ўғлига ёрдам беришларини сўрарди.

Бир куни унинг «контора»; эшиги олдида Ҳаким Назаричга:
— Боламни бирорта касалхонага жойлаштиришга ёрдам беринг, илтимос. Агар уни касалхонага ётқизсангиз, иш ҳақини олмасдан ишлаб бераман. Фақат ўғлимнинг жонини сақлаб қолинг, илтимос, — дея ялиниб-ёлвораётганини эшитиб қолдим.
— Бажонидил ёрдам беришга тайёрман, — дерди унга жавобан Ҳаким Назарич. — Лекин бунинг иложи йўқ! Шаҳар тугул, қишлоқдаги бирорта касалхона сизни қабул қилмайди.
— Қанча харажат бўлса кўтараман, ука!
— Гап харажатда эмас, тушунинг...
— Жон ука, илтимос, болам хароб бўлмасин...
— Уриниб кўраман. Лекин ваъда беролмайман.

«Ҳа»; деган туяга мадад дегандай, Ҳаким Назаричнинг мужмал жавоби Каримбой акага далда бўлди. Дастлабки кунларга қараганда ўзини анча тутиб олди. Энди у ўғлининг тепасида йиғлаб, кўз ёшини селдай оқизиб ўтирмасди.
— Ана, Ҳакимбой, ёрдам бераман, деб ваъда қилди, улим, — дерди у Алишерга. — Ҳадемай тузалиб кетасан! Бу сен учун уч-тўрт кунлик азоб-да, энди, улим, чидайсан.

Бу вақтда Алишернинг аҳволи анча оғирлашиб қолганди. Буни унинг иситмаси тушмаётганидан билса бўларди. Оғриқ кучайган кезларда у чидай олмасдан бақиришга тушарди:
— Энасини эшак... бу ерни! Мени адо қилди бу ер! Тамом қилди... Хароб бўлдим... Нега келдим бу ерга ўзи?!

Бу билан ҳам тинчланмасдан муштлари билан нар четларига гурс-гурс муштларди, муштлайверарди...
— Болам... оғир бўл, болам, — деганча ўғлини қучоқларди Каримбой ака. — Эркак кишисан-ку, чидамли бўл, болам. Ўзингни ўйламасанг, мени ўйла, болам. Ҳар гал чинқирганингда жоним чиқиб кетгандай бўлади...
— Чидолмаяпман-да, отажон... Оғриқ... ўв!.. А!.. А!..

Алишернинг фарёди нафақат қулоқларимни, балки юрагимни тешиб ўтгандай бўларди. Ухлай олмасдан ташқарига чиқиб кетардим. Азоб тортаётган йигитчага ёрдам беролмаётганимдан ич-ичимдан эзилардим. Аммо ҳамма бирдек шу кайфиятда дея олмасдим. Эртадан кечгача ва яна ярим тунгача эшакдай ишлаб, итдай чарчаган кишилар уйқуларида ҳаловат бўлмаётганига чидай олмаганларидан бўлар-бўлмас гапларни гапиравериб, шўрлик Каримбой аканинг сиқилган юрагини баттар сиқишарди.
— Эркалик ҳам эви билан-да, Каримбой ака! Ўғлингизга айтинг, дардга сал оғирроқ бўлсин. Оёғи синган одам ҳам шунчалик шовқин кўтарадими?
— Яхшиси уни бошқа хонага олиб ўтиш керак! Ўзини ўйламаса, бизни ўйласин, ахир ўлардай чарчаб юрган одамлар бўлсак! Дам олишимиз керакми-йўқми?!

Шундай кезларда Каримбой аканинг юзига қараб бўлмасди. Ҳамхоналарининг жиззаки, бетгачопарлигидан кўнгли оғригани мунғайган нигоҳларидан сезиларди.
— Ўғлимнинг аҳволи оғир, — деди у бир куни дабдурустдан ёнимга келиб. — Дардга енгиллигидан бақириб ётгани йўқ. Умуртқасиям лат еганми, дейман... Белини кўтара олмаяпти-да...
— Худо шифосини берсин, — дедим кўнглим ғаш тортиб.
— Ҳай... Ҳай... Ҳай... — Каримбой ака надомат билан бош чайқади. Кейин кўзлари ёшланганча қўлини чап кўксига қўяркан: — Мана шу ерим... туз қуйгандай ачишадики... чидаб бўлмайди, — деди.

Бундай дақиқаларда тилимга тушов тушгандек гапира олмай қоламан. Дурустроқ таскин бериш ҳам қўлимдан келмайди. Ичимни ит тирнаётган бўлса-да, ўзимни бефарқ кўрсатаман.

Қаршимда бирдан бир юпанчидан жудо бўлиб, ҳаёти чил-парчин бўлган, қайғу ниҳоятда абгор қилиб ташлаган, букчайган жуссаси лаҳза сайин кичрайиб бораётгандай, фаромуш бир кимса турарди.

Аксига олгандай, ўша кунлари Ҳаким Назарич негадир кўринмай қолди. Кимдир шикоят қилиб борган, шекилли, бир куни кечки вақт ҳамма баракка тўпланган чоғи, Пўлат Дамирович кириб келди.
— Нималар бўляпти бу ерда? Одамларнинг тинчини бузаётган тўполончи қани? — деди у хонага кўз югуртираркан.

Ҳамма жим.

Каримбой ака гап нимадалигини фаҳмлади, шекилли, ранги бўздай оқарган кўйи аста ўрнидан турди. Турди-ю, ерга қараганча индамай тураверди.
— Нима бўлди? — деб сўради Пўлат Дамирович латта-путта билан ўраб ташланган Алишерга имо қилиб.
— Йиқилиб тушди...
— Йиқилиб тушишига ким айбдор? Биров итариб юбордими?
— Ҳеч ким... ўзи...
— Демак, бу ишда ҳеч ким айбдор эмас. Тўғрими? Ёки... — ижикилади Пўлат Дамирович. — Ёки шубҳангиз борми?
— Шубҳа йўқ... Кимдан шубҳа қиламиз? — деди Каримбой ака саросималаниб.
— Бахтсиз ҳодиса. Эҳтиётсизлик туфайли юз берган бахтсиз ҳодиса, шундайми?

Каримбой ака аллақандай хавотирдан сесканди.
— Шундайми? — такрорлади Пўлат Дамирович.

Каримбой ака бош ирғади.
— Демак, даъво қилишга умуман ҳақингиз йўқлигини ҳам биласиз?

Каримбой ака пешонасига кафтини босганча индамай тураверди.
— Нега жавоб бермаяпсиз? — Пўлат Дамировичнинг овози ўзгарди.
— Ука...
— Мен сизга ука эмасман!
— Кечирасиз... Пўлат Дамирович... бизнинг ҳеч кимга даъвомиз йўқ. Фақат ўғлимни даволатишга ёрдам беринг, илтимос.
— Бу иш билан Ҳаким Назаричга мурожаат қилинг!

Пўлат Дамирович бурилди, лекин шу заҳоти яна Каримбой акага юзланаркан:
— Ўғлингизни огоҳлантириб қўйинг, агар яна дод-вой қилиб, одамларнинг тинчини бузадиган бўлса, штаб казармасига обориб ташлаймиз! Тушундингизми?! — деди.

Каримбой аканинг юзи оқариб кетди.

Пўлат Дамирович баракдан чиқди.

Шайтон қутқусига учган кишилар тўпланган хонага шу қадар дилгир сукунат чўкдики, беихтиёр юрак тарс ёрилиб кетгудек.

Бир вақт аллаким олдимдан югуриб ўтди ва эшикка яқин ерда деворга суяниб турган киши устига ташланди.
— Сен бориб чаққансан, номард! Энди кўнглинг жойига тушдими? Ё ўзим тушириб қўяйми?!

Югуриб ўтган киши Ҳусан эди. Унинг бақувват қўллари орасида типирчилаётган, кетма-кет тушаётган тепкилар зарбига чидай олмасдан бақираётган кимса Каримбой акага қўшни нар эгаси Алиназар исмли йигит эди.
— Мен чаққаним йўқ! Ўлай агар, мен чаққаним йўқ! — дея айюҳаннос соларди у.
— Сен чаққансан! Сендан бошқа ҳеч ким эмас! — дерди Ҳусан уни томоғидан ғиппа бўғиб олганча. — Одамларнинг пулиниям сен ўғирлаяпсан! Билмайди, деб ўйлаяпсанми?
— Ўлай агар...
— Ўлгинг келаётган бўлсанг, ўлдираман! — қутуриб кетган Ҳусан кучининг борича Алиназарни бўға бошлади.

Шўрлик чақимчи нафас ололмай хирқираб қолди.
— Ҳой, мусулмонлар! Нега жим турибсизлар? Ахир, уни ўлдириб қўйса, бошимиз яна балога қолади-ку! — дея чинқирди аллаким.

Бир неча киши Ҳусанга ёпирилди. Аммо Ҳусан ҳеч кимга куч бермас, оракашлар қўлидан тутса, у оёқлари билан Алиназарни тепкилаб қолар, жуда бўлмаса боши билан рақибининг дуч келган ерига калла соларди. Барак шайтоннинг жанжалкаш малайлари уясига айланганди.

Энди аралашмасликнинг иложи қолмаганди.
— Ҳусан, бас қилинг! — оломон орасини ёриб ўтиб Ҳусаннинг қизариб-бўғриқиб кетган юзига тарсаки туширдим. Кейин унинг қонга тўлган кўзларига қаттиқ тикилганча паст, аммо қатъий оҳангда яна такрорладим: — Бас қилинг, Ҳусан!

Ҳусан тутқаноқ жазавасидан ўзини йўқотиб қўйиб, кутилмаганда ҳушига келгандек бирдан қаттиқ сесканди. Менга еб юборгудек, ваҳшиёна назар ташлади. Болаларникидай беғубор кўзларини таниёлмай лол қолдим:
— Сиз... — у мени биринчи марта кўраётгандек юзимга тикилди.
— Ташқарига чиқайлик, Ҳусан, — дедим оҳиста, кейин унинг ҳамон титраётган билагидан тутдим.
— Йўқ! — Ҳусан шахт билан қўлини тортиб олди ва ташқарига отилди.

Мен жойимга қайтдим.

Кимдир Алиназарни ўрнидан турғазди. Унинг лаби ёрилган, юзи қонга бўялганди.

Ҳамхоналаримиз энди унга таъна тошларини ота бошладилар:
— Ҳайф-э сенга!
— Уялмасдан шу ишни қилдингми?
— Эрта бир кун ўзинг шу кўйга тушсанг нима қиласан?
— Ўмарган пулларингни эгаларига қайтар. Сенинг дастингдан неча киши оч қолди!

Қулоқларимни бекитдим.

Тўшагимга чўзилиб кўзларимни юмдим. Аммо сира уйқум келмасди.

Чироқ ўчди. Хонани қоронғилик чулғади. Аллақаерда мусиқа янгради. Зериккан соқчилар гитарасини тинғирлатяпти чоғи. Бегона юртнинг бегона оҳанги бўлгани учунми, мусиқа кўнглимга ёқмади, назаримда, бу оҳанг дераза ортида пусиб, тиш қайраб турган ажалнинг жодули ноласидай туйилди. Беихтиёр дераза томонга қарадим. Бизникига ўхшамайдиган бегона, совуқ ва ҳиссиз ойнинг хира ёғдуси ичкарига поёндоз бўлиб тушиб турарди...

* * *

Эрталаб соқчилари ҳамроҳлигида Пўлат Дамирович яна баракда пайдо бўлди. Ундан сал аввалроқ кирган Матчонов бизни аллақачон сафга турғазиб қўйганди.
— Сиз нима учун ишга чиқмаяпсиз? — деб сўради Пўлат Дамирович Каримбой акадан.
— Ўғлим...
— Нима ўғлим?
— Унга қараяпман ахир!
— Бунақаси кетмайди! Билиб қўйинг, баракда қолишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Фақат ногиронларгина қолиши мумкин.
— Мен ишга чиқсам боламнинг аҳволи нима бўлади?
— Ошпазлар қараб туришади. Гапни кўпайтиришдан фойда йўқ. Ҳамма дарҳол ишга!

Каримбой ака ёлворувчи нигоҳ билан атрофдагиларга назар ташлади. Сафдагилардан садо чиқмади.
— Ҳаким Назарич қачон келадилар? — деб сўрашга журъат қилдим мен.
— Ҳаким Назарич хизмат вазифаси билан кетган, қачон қайтиши номаълум, — деди Пўлат Дамирович мени биринчи марта кўраётгандек ҳайрон бўлиб тикиларкан.
— Каримбой аканинг ўрнига ишлаб бермоқчимиз, у киши ўғлининг ёнида бўла қолсин бир неча кун, — дедим яна бироз дадилланиб.

Пўлат Дамирович кибрли нигоҳлари билан мени бошдан-оёқ кузатаркан, истеҳзо билан сўради:
— Шу жуссангиз билан икки кишилик, йўқ, уч кишилик нормани бажара олармикинсиз?
— Пули тўланса бўлди, ҳар қандай ишни эплаб кетаверамиз, — дея дангал жавоб бердим.

Пўлат Дамирович мени пул учун ўзини томдан ташлайдиган чапанилардан деб ўйлади чоғи ё дилига бошқа бир ниятни тугдими, ҳар қалай:
— Бўпти, биз рози, — деди бироз юмшаб.

Сафдошларим ҳайратда, ахир шу пайтгача ҳеч ким Пўлат Дамирович билан бақамти туриб гаплаша олмасди-да. «Ундан аллақандай ёвузлик ҳиди келади»;, деганди Ҳусан бир куни Пўлат Дамирович ҳақида гапираркан.

Ёнимда турган Нурали қўлимни сиқиб қўйди. Бошқалари кўз қисиб, ияк қоқиб, ўз табрикларини йўллашди.
— Фақат, — дея ортига ўгирилди Пўлат Дамирович эшик олдига етганида, — аввал ўз нормангизни, кейин ота-боланинг нормасини бажарасиз. Ҳар кунлик сводкани бригадир Матчоновдан шахсан ўзим қабул қиламан!
— Хўп бўлади, — деб жавоб бердим шу заҳоти.

Пўлат Дамирович: «Бу қанақанги »;ноёб« телба экан?»; — дея ҳайрон бўлгандай, юзимга қарай-қарай чиқиб кетди.
— Барака топинг, ука, — дея қўлимни сиқди Каримбой ака. — Яхшилигингизни яхши кунларингизда қайтарайлик.
— Алишер соғайиб кетса, бас, менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
— Алишер... Алишер... — деганча Каримбой ака ўғлининг ёнига кетди.

Нурали билан Ҳусан яқин келишди.
— Каримбой аканинг ишини эплай олмайсиз, — деди Нурали ташқарига чиқаётганимизда. — Лекин хавотирланманг, биз ёрдам берамиз, а, Ҳусан, тўғрими?
— Албатта.
— Каримбой акага қийин бўлди, — деди Нурали. — Ўзи йиқилиб, майиб бўлганидаям бунчалик қийналмасди.
— Адо бўлди, дейверинг, — дедим.

Ҳусан бўлаётган гап-сўзларга қўшилмасдан ерга қараганча биздан бир қадам олдинда кетиб борарди.

Шундай қилиб, умрим бино бўлиб, қўл урмаган ишим — ёғоч йўнувчилик касбини ўргана бошладим. Иш оғир эди, қийналардим, бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекардим, аммо барибир ортга чекинмадим, шунга аҳд қилгандим, нега деганда, иш ҳақи қанча тўланишидан қатъи назар — мен бу ҳақда ўйламай қўйгандим ҳатто, — меҳнат, фақат меҳнатгина мени шайтон уясидаги тутқунликда жонимга оро кириши мумкин, деган хулосага келгандим. Акс ҳолда, аллақачон телба бўлиб қолишим тайин эди.

Баракда ярим соатдан ортиқ туриб бўлмасди. Алишернинг аҳволи оғирлашган, иситмаси кўтарилган, оғриқ кучайганди. Тез-тез ҳушдан кетиб қоларди. Қадамбой оға малласоч маъшуқаси орқали тинчлантирувчи дорилар келтириб берганидан кейингина Алишер сал-пал ўзига келиб қолди.
— Арзимаган матаҳ экан-ку, шунга шунчалик зор бўлдикми? — дерди Каримбой ака тинчлантирувчи дориларга ёшли кўзларини тикканча.

Бироқ бу дориларнинг таъсири вақтинчалик эди. Маълум муддат ўтганидан кейин Алишер яна безовталана бошларди. Бир куни Каримбой ака ёнидан бир даста пул чиқариб:
— Қадамбой оға, мана шу пулларнинг ҳаммасига тинчлантирувчи дори опкеб беринг, — дея ялинди.
— Иби, мунча кўп? — деди Қадамбой оға ҳайрон бўлиб.
— Дориси тугаб қолса, болам яна безовта бўлади...
— Майли-ку-я, лекин бу дорини ҳадеб еяверишдан фойда йўқ. Бу дори оғриқ бўлаётган ерни ухлатади, холос, даволамайди!
— Э, майли, даволамаса ҳам майли, оғриқни билдирмай турса бўлгани... — деди Каримбой ака музтар аҳволда.
— Сиз-чи, яхшиси, Ҳаким Назарич келганларидан кейин олдига киринг, — дея ақл ўргата бошлади Қадамбой оға қозилик қилиш имкони туғилганидан бағоят руҳланиб. — Бор гапни у кишига очиқчасига айтинг. Ҳаким Назарич инсофли одам. Бу ердагилар орасида якка-ю ягона инсофли одам! У тушунади аҳволингизни ва ишонаманки, ёрдамини аямайди.
— Келсин... келганларидан дарров олдиларига кираман, — деди Каримбой ака. — Тўғри айтасиз, аҳволимизни у киши тушунади. Унгача дори-пори билан жон сақлаб турсин, девдим-да.
— Дорини ўйламанг, пулини берсангиз бўлди, ернинг остидан бўлсаям топтираман. Битта мегажинга сўзимизни ўтказа олмасак, эркак деган номимиз қаёқда қолди?
— Барака топинг, илойим.

Каримбой ака бир неча кун аввал Ҳаким Назаричга учрашгани ҳақида Қадамбой оғага лом-мим демагани мени ҳайрон қолдирди.

Кунлар шу зайлда ўтарди.

Бу ерларда қор тез-тез ва мўл-кўл ёғарди. Туманли кунлар кўп бўларди. Изғирин, бўрон... Совуқ камида қирқ беш-эллик даража... Бундай аёвсиз қишни тушимда ҳам кўрмагандим. Баракдагилар ёппасига шамоллай бошладилар. Тунни ўтказиш азоб эди. Кимдир қув-қув йўталган, кимдир иситмадан алаҳлаган... Барак — кимсасиз оролга тушиб қолиб, ҳаётдан узилган, қаровсиз ва ташландиқ кема мисоли эди. Вақт ўз моҳиятини йўқотганди...

* * *

Алишерга дорилар таъсир қилмай қўйди. Сурункали иситма ва оғриқ унинг озғин вужудини тинимсиз ларзага соларди...

Шамоллаш мени ва Нурали билан Ҳусанни ҳам четлаб ўтмади. Аммо биз ётиб қолганимиз йўқ. Шамоллашни спирт билан даволаб юбордик. Ҳақиқий тоза спиртни Ҳусан топиб келди. Қаердан, қандай қилиб топганини у айтмади, биз ҳам сўрамадик. Уйқу олдидан озгина сув аралаштирилган спиртни сипқорардиг-у, жулдур кўрпамизга ўраниб ётардик. Қарабсизки, эрталабгача шамоллашдан асар ҳам қолмайди.

Бир куни кечқурун ишдан қайтарканмиз, ҳовлида юрган аёлларга кўзимиз тушди. Аёллар иккита эди. Бири ошхона эшиги олдида турарди, иккинчиси контора томон кетиб борарди. Орқаворатдан иккаласи ҳам менга танишдай туйилди.
— Ё товба! — деди Қадамбой оға ёқасини ушлаб. — Анови хотинлар сизларнинг ҳам кўзингизга кўриняптими?!
— Кўзингизга кўриняпти, — дея пичинг отди аллаким.

Ҳовлига дупур-дупур кириб келган эркакларга аёлларнинг ҳам назари тушди.
— Наргиза?! — ошхона эшиги ёнида турган аёлни таниб рўпарасида тўхтадим.
— Кимсиз?! — аёл аввалига қаттиқ сесканиб, ўзини ичкарига олди.

Соч-соқолим ўсган, ранг-рўйим бир аҳволда бўлганидан Наргиза мени дафъатан танимади.
— Давронман... эсингиздами?.. Поезд... Саҳройилар...
— Ие... Вой ўлай... — Наргиза юзимга синчков назар ташлади. — Ўша Давронмисиз чинданам?..
— Чинданам ўша Давронман, — дедим кулиб.
— Ё товба, кўзларимга ишонмаяпман! Ўртоғингиз қани? Исми Сафаралимиди?
— Билмайман... Ўзингиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?
— Э... — Наргиза тўлиб турган экан, кўзлари жиққа ёшга тўлди. — Кейин... айтиб бераман...

Шу вақт ортимдан:
— Нимани кейин айтиб берасан? — деган таниш овоз эшитилди.

Ўгирилдим. Рўпарамда Санобар турарди.
— Даврон! — у мени шу заҳоти таниди. Яқин келиб эски танишлардек қўл бериб кўришди.

Шерикларим анг-танг бўлиб қолишди.

* * *

Наргиза билан Санобарнинг қисмати ҳам бизникига ўхшашроқ. Улар пул солинган сумкачаларини ўғирлатиб қўйишган. Сумкачада пул билан бирга ҳужжатлари ҳам бўлган экан. Шу ерлик танишлари Олесядан ёрдам сўраш учун бораётганларида қўлга тушиб қолишган...
— Нима бўлгандаям сизни учратганимиз яхши бўлди, — деди Наргиза. — Ҳар қалай, кўз таниш бўлгани яхши-да.
— Қаерга келиб қолдик ўзи? Ўлай агар, ақлим етмаяпти, — деди Санобар.

Аёллар анча-мунча қийналишган чоғи, ранг-рўйлари бир аҳволда эди. Мени учратганларидан улар хурсанд эди. Менинг эса кайфиятим бузилди.
— Биримиз ошпазлик қиларканмиз, биримиз кир юварканмиз, — деди Санобар бурнини жийириб. Кейин Наргизага қараб: — Кўрдингми, анови ойимчани атай ўзининг ёнига олиб қолди, — деди.
— Атай олиб қолгани йўқ, шекилли, — деди Наргиза.
— Атай қилган бўлмаса, нега униям бизга қўшиб қўймади?! — деди Санобар ўжарлик билан.
— Дўхтир дўхтирлик қилади-да!
— Ким ҳақда гаплашяпсизлар ўзи? — дея аёлларнинг баҳсига аралашдим.

Бу вақтда биз — эски танишлар ошхонада суҳбатлашиб ўтирардик.
— Ҳаким Назарич деган киши яхши одамми ё... — Санобар шубҳали назар билан қаради.
— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, ўлай агар!
— ... ё анақа эркакларданми? — Санобар кўзларини ола-кула қилди.
— Ҳозирча бир нарса дея олмайман, — дедим ростига кўчиб.
— Ўшанақалардан бўлса ановининг шўри қуриди, — деди Санобар. — Жа, ўзини тутиши бошқача эди-да. Баттар бўлсин!

Тоқатим тоқ бўлди, аммо начора, аёлларга бас келиб бўлармиди, айниқса, қалбини ҳасад жунбушга келтирган бир вақтда...
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам юраги катта жувон экан, — деди Наргиза юрагимни қиздираётган қизиқиш оловига мой сепгандек. — Бирортаси шилқимлик қилиб ташланиб қолмасайди, деб биз иккимиз юрак ҳовучлаб турибмиз, у бўлса қилт этмайди-я! Худди отасининг чорбоғида юргандай...
— Кимни гапиряпсизлар ўзи? — деб юбордим охири.

Худди шу вақт ошхона эшиги секин ғийқиллаб очилди. Ва... Ва остонада... Йўқ, энг аввал оппоқ манглай... ҳар толасидан учқун сачраётгандек қоп-қора, силлиқ сочлар... камон қошлар остида бутун дунёни ўзида мужассам этган денгиздек сокин ва тубсиз бир жуфт қора кўз янги пайдо бўлган юлдуз мисол «ярқ»; этиб кўзга ташланди. Кейин ёқаси кўтарилган одми қора пальто, учи ингичка этик кийган, бениҳоя соҳибжамоллигидан ташқари, нимаси биландир бир қарашдаёқ одамни ўзига тортадиган навниҳол аёл хонага кирди.
— Келинг, Гулруҳ, — илтифот ила уни қарши олди Наргиза.

Аёл унга нимадир деди. Мен унинг овозини эшитдим, аммо сўзларини илғай олмадим. Назаримда, хона кенгайиб, улкан ялангликка айланиб қолгандай, анчадан буён дилгир кўнглим бехосдан ёришиб кетгандай бўлди. Аёлнинг овози шу қадар майин ва ёқимли эдики...

Қулоғимда қолгани шу.

Кейин аёл кетди. Эшик ёпилди. У хонага кирган чоғида ҳам, кетар чоғида ҳам мен томонга қарамади. Рўпарадаги деразадан унинг қордаги соясига кўзим тушди.
— Мана шу жувон ҳақида гапираётгандим-да, — деди Санобар. — Исми Гулруҳ...
— У ҳам сизлар биланмиди? — сўрадим ундан.
— Биринчи марта участкавойнинг хонасида учратгандик. Кейин битта камерада бўлдик. Шунда яхшироқ танишиб олдик, — деди Санобар яна.
— Ўзи содда, камсуқум кўрингани билан жудаям довюрак экан, — дея гап қўшди Наргиза. — Участковой билан гаплашганини бир кўрсангиз эди! Ҳаким Назарич билан ҳам тап тортмасдан гаплашиб келди бу ерга кела-келгунча...
— Савдода юравериб юзи қотиб кетган-да, — дедим бирдан қалбимни мубҳам кайфият чулғаб олганини ҳис этарканман.
— Қаёқда! Бечоранинг биринчи марта чиқиши экан.
— Ёлғиз ўзи-я?!
— Бизам шунисига беш кетдик-да, — деди Санобар бозорчи аёлларга хос шартакилик билан.

Синчковлигим ғолиб келди. Гулруҳ ҳақида яна нималарнидир билиб олиш истагида гап ковладим:
— Тирикчилик тошдан қаттиқ деганлари шу-да. Ёшгина жувон бола-чақам деб ўзини бозорга урган, шекилли?..
— Ажрашган, — дея гапни илиб кетди Наргиза шу заҳоти. — Оиласи йўқ ўзининг. Келин бўлиб тушган жойи ночор экан, оилани сал ўнглаб олай, кейин фарзанд кўрармиз, деб бу бечора ишлаб юраверган, у ёқда эри бошқаси билан...
— Тавба қилдим, шу эркакларга ҳам ҳайронман, — Наргизанинг оғзидаги гапни юлиб олди Санобар. — Ўзи бир пулга қиммат бўлсаям хотин зотига паст назар билан қарайди-я! Битта хотинни эплаб боқолмайди-ю, бошқасига кўнгли суст кетганига ўлайми?! Мана, мени айтди дерсизлар, мана шу жувоннинг эри ўзига умуман мос бўлмаган! Ақлли эркак бўлганида бу жувонни гўзаллиги учун ҳам бошига кўтарган бўларди. Тўғрими, тўғрими гапим? — Санобар қизғинлик билан менга тикилди.
— Масаланинг моҳиятини билмай туриб бир нима дейиш қийин, — дея мужмал жавоб қилдим.
— Чиройли аёллар бахтсиз бўлишади, деганлари рост, — дея гапини давом эттирди Наргиза. — Энди бечора ўлган акасининг болаларини боқиш учун тентираб юрибди.
— Айтганча, нега у сизлар билан эмас?
— Асли касби ҳамширалик экан. Шунинг учун Ҳаким Назарич уни конторада олиб қолди. Алоҳида хона қилиб берармиш. Касал бўлсаларингиз энди бемалол Гулруҳнинг олдига бораверасизлар. Биз...
— Вой-вой-эй, юрагим сиқилиб кетди, бўлди, ўша жувон ҳақида гапираверманг, — дея Наргизанинг гапини чўрт кесди Санобар. — Ўзимиз ҳақимизда гаплашайлик. Менга қаранг, Даврон, сиз анчадан буён шу ердамисиз?
— Нимайди?
— Анави Ҳаким Назарич деганларингиз, бу ерда ишлаганларингиз учун ҳақ тўлаймиз, деди. Шу гап ростми?
— Рост, шекилли. Уч-тўрт кундан кейин конторага чақириб чойчақа беради...
— Чойчақани биз аллақачон олиб бўлдик!
— Наҳотки?
— Сиз аёллар пулнинг юзини кўрмасангиз топширилган ишни кўнгилдагидай бажармайсизлар, деб қўлимизга пул берди ўша Ҳаким Назарич...
— Э-ҳа...
— Қолганини адрес бўйича уйларингга юборамиз, деди. Шу гап ростми? — Санобар ҳам, Наргиза ҳам ишонқирамагандай қараб туришарди.
— Бизга ҳам шундай дейишган.
— Ҳаммаларингизгами? — беихтиёр жўр овозда сўради иккала аёл.
— Ҳаммага.
— Ҳа-а, — деди Санобар кўнглида қониқиш туйиб. — Ҳаммаларингизга шундай деган бўлса, бу гапга ишонса бўлади. Ахир, шунча одамни алдаб бўлмайди.

«Нега алдаб бўлмайди?»; — деб юборишимга сал қолди. Аёллар билан хайрлашиб ташқарига чиқдим.

Қор учқунларди...

Баракда аллақандай жонланиш юз берди. Пала-партиш, жанжалкаш, сўконғичу жулдурвоқи эркаклар галаси фавқулодда ҳодиса юз бергандек кутилмаганда тўсатдан ўзгариб қолишди. Устара нималигини унутиб юборган ёноқларга устара тегди. Ўрин-тўшак ҳар куни эрталаб йиғилиб, кечаси ёзиладиган бўлди.

Шахсан мен баракда аёл деб аталмиш зот пайдо бўлганини дастлабки кунги кечки овқатнинг таъми хушхўрлигидан билдим. Одатдагидай, карам шўрва эди, лекин у ҳар кунгидан бутунлай бошқача эди. Анчадан буён иштаҳа билан овқатланмагандим, ахир.

Наргиза ош-овқатнинг устаси, ҳақиқий пазанда эди.

Санобар вайсақироқ хотин эди-ю, аммо ўзига топширилган ишни сидқидилдан бажарарди. Унинг шарофати билан иркит ва жулдурвоқи ишчиларнинг энгил-бошига сон кирди. Санобар кирни қор сувига юварди. Бундан ташқари, у баракни ҳам тозалаб, супуриб-сидириб қўярди.

Бир куни унинг йўл устида Ҳаким Назаричдан:
— Баракни тозалаб турганим учун ҳам иш ҳақи ёзасизми? — деб сўраётганини эшитиб қолдим.
— Албатта. Как штик! — дея жавоб берди Ҳаким Назарич.
— Хўп десангиз, конторангизниям тозалаб берардим.
— Ҳожати йўқ.

Мутлақо кутилмаган, фавқулодда ҳодиса эртаси куни Гулруҳ баракка кириб келган куни юз берди. Мендан бошқа деярли ҳамма Гулруҳ ҳақида билмасди-да.

Уни Ҳаким Назарич баракка бошлаб келганди.
— Бугундан эътиборан «контора»; қошида медпункт иш бошлади. Кимки тиббий ёрдамга муҳтож бўлса, бемалол мурожаат этиши мумкин. Гулруҳ тажрибали ҳамшира. Ўйлайманки, барча саволларингизга ундан жавоб оласиз...

Ҳаким Назарич яна алланималар ҳақида сўзлади, аммо аминманки, ҳеч ким унинг гапларини эшитмади ҳисоб. Деярли эллик-олтмиш чоғли кишининг очкўз назари Гулруҳга қадалганди. Ростини айтсам, ўзим ҳам ундан кўз узолмай қолгандим. Йўқ, бу инсон фарзанди эмас, фаришталардан бунёд бўлган малоика эди!
— Саволлар борми? — мурожаат қилди Ҳаким Назарич баракдагиларга.

Дафъатан ҳеч кимдан садо чиқмади. Барак сув қуйгандек жимжит эди. Бир маҳал аллакимни қаттиқ ва тўхтовсиз йўтал тутиб қолди-ю, сукунатга дарз кетди. Ғала-ғовур қўпди.
— Боламни ҳозироқ олиб ўтсам бўладими?..
— Йўталга қарши дори борми?
— Касалларга справка бериладими?

Пала-партиш, тўхтовсиз саволлар ёмғири ёғилди.

Гулруҳ шошмасдан, аниқ ва содда қилиб саволларга жавоб бера бошлади. У сўзлар экан, киприклари аста-секин кўтарилиб, сокин нигоҳлари хона узра кезинди. Қарашлари ниҳоятда мулойим эди.

Пировардида у менга тикилиб қолгандай туйилди. Сесканиб кетиб, ерга қарадим.

Шу вақт Ҳусан шартта билагимдан тутиб:
— Юринг, унга кафтингизни кўрсатамиз, — деб қолди.

Шоша-пиша қўлимни тортиб оларканман:
— Боринг-э! Нималар деяпсиз?! — дедим шивирлаб.
— Ахир кафтингизни... болта ялаб кетганди-ку!
— Аллақачон битиб кетган, — дея ёлғон сўзладим.

Бир неча кун илгари ёғоч йўниш чоғида уқувсизлигим туфайли болтанинг ўткир юзи чап кафтимни ялаб кетганди. Спирт билан тозалаб, артиб, газак олдириб қўймаслик учун латта-путталар билан боғлаб юргандим.
— Алдаяпсиз, — деди Ҳусан шу чоғ. — Жароҳатингиз йиринглаб кетганига кўзим тушганди.
— Нега менга тирғалиб қолдингиз?!
— Жонон билан икки оғиз гаплашиш шарафига муяссар бўлиш илинжида эдим.
— Бориб гаплашаверинг, бунинг ҳеч қийин ери йўқ-ку.
— Бирор баҳона бўлганида...

Нурали Ҳусаннинг елкасига қўл ташларкан:
— Қўя қол, оғайни, у сени гап билан ўтқазиб қўяди, — дея попугини пасайтирди. — Кўрмаяпсизми, ўзига жуда ишонган аёлга ўхшайди.

Ҳусан индамай қолди.

Нуралининг гапида жон бор. Ахир баджаҳл ва серзарда эканликлари очофат қашқирнинг кўзларидай чақчайган нигоҳларидан яққол сезилиб турган эллик-олтмиш чоғли киши қаршисида ҳадиксираётганини билдирмасдан, хотиржам ва улуғвор қиёфада туришнинг ўзиёқ ҳамманинг қўлидан келавермайдиган иш-ку!

Қизиқишим ортди.

Шу пайт баракка соқчилари ҳамроҳлигида Пўлат Дамирович кириб келди.
— Ие, сиз бу ердамидингиз? — у Ҳаким Назаричга мурожаат қиларди-ю, икки кўзи Гулруҳда эди.
— Ҳамширани ишчиларга таништираётгандим. Мана, йиғинимиз ҳам тугаб қолди. Кетдикми, Гулруҳ Қосимовна? — Ҳаким Назарич шошилганча Гулруҳни ташқарига бошлади.

Эшик ёпилгунча Пўлат Дамирович уларнинг ортидан қараб қолди...

Икки кундан кейин баракда яна бир киши пайдо бўлди. Бу Камолиддин эди. Икки қўли, икки оёғи йўқ, махсус аравачада ўтирган ёшгина йигит... йигитнинг... ғўладан фарқи йўқ эди. Тилли-жағли ғўла...
— Меҳнаткашларга шон-шарафлар бўлсин! — дея шанғиллаганча кириб келди у кечки пайт.

У билан яхшироқ таниш бўлган бир неча киши истиқболига чиқиб, ҳол-аҳвол сўрашишди. Унга парво қилмасдан тўшагида ётганлар ҳам бор эди. Камолиддин уларнинг эътиборсизлигидан оғринмади, аравачасини «ғийқ-ғийқ»; қилганча ҳар бир кишининг олдига бориб астойдил сўрашиб чиқди.
— Сизни қаердадир кўрганман, лекин эслолмаяпман, — деди у менинг қаршимда тўхтаб.
— Дунё тор, — дея кулимсирадим.
— Ҳа, дунё тор, — деди Камолиддин гапимни маъқуллаб. Кейин юзимга синчиклаб тикиларкан: — Ҳозир бу кишининг ким эканлигини айтиб бераман! — деди баланд овозда. — Ҳей, баракдагилар, эшитяпсизларми?! Бу киши... Бу киши... Бу киши... рассом бўлмаса-да, шунга яқинроқ бирорта санъатга яқин киши. Мен бир қарашдаёқ пайқадим буни. Шундайми? Жавоб беринг, шундайми?!

Шовқин-сурон кўтариб, баланд овозда гапираётган Камолиддиннинг акси ўлароқ босиқ-вазминлик билан:
— Янглишдингиз, — дедим.

Камолиддин ҳайрат билан юзимга тикилди.
— Наҳотки? Наҳотки мен янглишган бўлсам? Мен-а?!
— Ҳа.

Шундай дедим-у, ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим. Гапираётган «ғўла»;га қараш оғир эди.
— Даврон.

Ошхона деразасидан бошини чиқариб гапираётган Наргиза эди. Беихтиёр шу томонга юрдим.
— Сиз учун озгина гўшт қовуриб қўйгандим, еб олинг, — Наргиза стол устига ликопча қўйди.
— Қандай бўларкин...
— Ўйланманг, қани, олинг, тез-тез еб олинг, — Наргиза қаршимга ўтириб олиб, қистай бошлади.
— Санобар кўринмайдими?
— Гулруҳга ёрдамлашгани кетди. Қанақадир идишларини қайнатиш керак эканми-ей. Даврон, бу ёғи нима бўлади энди?
— Нима бўларди...
— Бизни қўйиб юборишармикин?
— Тўғрисини айтсам, билмайман.
— Уйдагиларнинг ҳоли не кечдийкин? — Наргизанинг кўзлари ғилтиллади.
— Ўзингизни ўйласангиз-чи!
— Уйга бир оғиз хабар етказишнинг иложи йўқмикин?
— Йўқ.
— Нима, шунақа қилиб юраверамизми?
— Ҳа.
— Ҳазиллашмаяпсизми?
— Ҳазилнинг ўрни эмаслиги кўриниб турибди-ку.
— Вой худойим! Қандай кунларга қолдим?.. Шу ерда бир умр қолиб кетсак-а? — даҳшат ичида тикилди Наргиза.
— ...
— Даврон, қочишнинг иложи йўқмикин? — овозини пасайтириб сўради Наргиза.
— Ҳамма ёққа соқчи қўйиб ташланган-у...

Наргиза ликопчани олдимга янада яқинроқ суриб қўяркан:
— Мабодо бирор иш қилсангиз... мен бехабар қолмайин-а? Хўпми, илтимос. Биласизми, — дея Наргиза олдинга энгашиб, овозини янада пасайтирди, — анови Санобар анча туллак хотин экан. Ҳаким Назаричга унинг хушомад қилганларини бир кўрсангиз эди! У ёққа ўтсаям кетидан югуради, бу ёққа ўтсаям! Ўша Ҳаким Назарич Гулруҳга ёрдамлашиб туринг, дегани учун ҳам мана ҳозир медпунктда ивирсиб юрибди.
— Ёрдам?!
— Ҳа, ёрдам. Нега ҳайрон бўляпсиз?
— Ҳайрон бўлаётганим йўқ.
— Кундузи бу ерда бўлмайсиз-да, кўп нарсалардан бехабар қоляпсиз.
— Санобарнинг нияти кўпроқ пул ишлаш.
— Санобарни айтаётганим йўқ. Майли, у жонини жабборга бериб ишлайверсин. Менга мана шу ошхонанинг ўзи етади. Эрталабки ишларимни бажариб бўлганимдан кейин анови дераза олдига тубаретка қўйволиб, ташқарига тикилиб ўтираман. Аввал Пўлат Дамирович дегани медпунктга киради. Киради-ю, кўп ўтмасдан чиқиб кетади. Зум ўтмасдан Ҳаким Назарич деганлари хонасидан чиқиб эшик олдида турганча у ёқ-бу ёқни кузатган бўлади-да, яна ичкарига кириб кетади. Тушликдан кейин Пўлат Дамирович деганлари яна медпунктга кириб кетади. Бу сафар дарров қайтиб чиқмайди. Бирор ўн дақиқа чамаси ўтади. Шу вақт орасида Ҳаким Назарич уч-тўрт марталаб ташқарига чиқади-киради, киради-чиқади. Сезишимча, иккаласиям хотинбоз!
— Уч кун ичида шунча ахборот тўплабсиз-а.
— Бунақа ишларни пайқаш учун уч кун эмас, бир қарашнинг ўзи кифоя. Чиройли хотинга эркаклар дарров қопқон қўйишади-да!
— Майли, мен бора қолай.
— Ўтиринг бирпас.
— Чарчаганман, дам олсам дегандим.
— Айтгандай, оёғи синган йигитни медпунктга олиб ўтишибди-а?
— Ҳа. Дарвоқе, ўша бечорадан бир хабар олишим керак. Эслатганингиз яхши бўлди. Яхши дам олинг.

Ташқарида сайр қилиш ниятим бор эди. Лекин ҳаво шу қадар совуқ эдики, чидаб бўлмасди. Шундай совуқда иккинчи сменада ишлаётганларнинг жонига тўзим берсин. Пул нималарга қодир! Аммо одамзоднинг ердан бош кўтармай қўйгани аламли-да.

Барак томон юрдим.

Алишерни медпунктга олиб ўтишганидан буён хона тинчиб қолган, кечалари бемалол ухлаётгандик.

Кириб боришим билан «гур»; кулги кўтарилди.

Тўрт-беш киши йиғилиб олиб латифа эшитаётган экан. Латифагўй Камолиддин...
— Даврон, келинг, сиз учун яп-янгисидан айтиб бераман, — деди Камолиддин.
— Раҳмат.
— Келинг энди!
— Чарчаганман!

Тўшагимга чўзилдим.

Негадир юрагим сиқиларди. Наргиза... Санобар... Бетоқат Ҳаким Назарич... Пўлат Дамирович... анови гапираётган «ғўла...»; ва яна...

Кечаси билан чап қўлим зирқираб чиқди.

Эрталаб ишга кетдим.

Аммо ишлай олмадим. Чап қўлим елкамга довур зирқираб оғрирди. Менинг ўрнимга ҳам Ҳусан ишлади.

Кечқурун ҳамма овқатга ўтирган вақтда мен медпунктга йўл олдим. Эшик олдида Пўлат Дамировичга дуч келдим. У билагига бармоғини босганча чиқиб кетаётганди. «Лоп»; этиб кўз олдимга Наргиза келди: «Аёллар ғирт ваҳимачи бўлишади-да»;.
— Мумкинми?
— Келинг, — жилмайиб қарши олди Гулруҳ.

«Ҳаммани шундай кутиб олармикин?»;
— Кафтим... умуман, қўлим икки кундан буён лўқиллаб оғрияпти, — дедим латтага ўралган қўлимни олдинга чўзиб.
— Нега оғрир экан?

Гулруҳ шундай деганча қўлимдаги латтани тухум пўчоғини арчигандай тез-тез ечиб ола бошлади. Латтанинг охирги қисми кафтимга ёпишиб қолган экан, кўчириб олиш қийин бўлди.
— Бироз оғрийди, чидайсиз-да, — деди Гулруҳ мулойимлик билан. Кейин кичкинагина шишадаги қанақадир суюқликни кафтимга сурди. — Беш дақиқа кутамиз. Анави ерга ўтирақолинг.
— Хўп, — Гулруҳ кўрсатган стулга ўтирдим.

Беш дақиқа кутиш керак эди...

Шишалар ва яна алламбалолар териб қўйилган столнинг нарёғида Гулруҳ қандайдир дори тайёрлаяпти. Унга тикилиб қарашга журъатим етмади. Хонани кўздан кечирдим. Хона каттагина, ёруғ ва озода эди. Ўнг томонда ёнма-ён қўйилган ойнаванд жавон ичида ҳар хил дори-дармонлар териб қўйилган. Тўр томон парда билан тўсилган. Дераза томонда аллақандай кумуш идишлар турарди.
— Анчадан буён шу ердамисиз?
— А?
— Анчадан буён шу ердамисиз, деб сўрагандим, — Гулруҳ столни айланиб ўтиб қаршимда тўхтади. — Қани, қўлингизни беринг-чи.
— Бир ойдан ошди келганимга.
— Ишлагани келганларданмисиз ёки...
— ... ёки адашиб, денг.
— Ҳа, менга ўхшаб, — кулди Гулруҳ.
— Менимча, ҳамма адашганлар шу ерда, шекилли.
— Бизнесменмисиз?
— Шунақароқ...
— Сиз бизнесмендан кўра илм билан шуғулланадиган кишиларга ўхшайсиз.
— Пешонамда бирорта ёзув ўқимадингизми мабодо?
— Пешонангизда ўқимадим-у, лекин кафтингизга қараб айтдим-да. Жисмоний оғир меҳнат қиладиган кишиларнинг қўли бошқа, қоғоз-қалам билан ишлайдиганларнинг қўли бошқа бўлади.
— Ҳозир мардикордан фарқимиз қолмади.
— Шундай дейсиз-у, бу барибир сезилиб туради. Эҳ-ҳе! — деб юборди Гулруҳ бирдан ёпишиб қолган латта парчаларини кўчириб олиб жароҳатимга тикилганча. — Яна лўқиллаб оғрийди, дейсиз-а? Шунчалик бўлади-ю, оғримасинми?!
— Ишга чиқсам бўладими?
— Йўқ. Ҳозир яхшилаб тозалаб, дори қўяман. Икки-уч кун ишга чиқмайсиз. Қўрқманг, справка ёзиб бераман.
— Гап справкада эмас. Нима, кун бўйи баракда ўтираманми?
— Дам оласиз.
— Э! Шу агар дам олиш бўлса!..

Гулруҳ қуюқ киприкларини пирпиратганча юзимга тикилиб турди-да:
— Тўғри айтасиз, — деди. — Иш билан вақтнинг кўзини ўймасангиз, бу ерда жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас.

Гулруҳга тикилиб қолдим. У айнан кўнглимдаги гапни гапирганди.
— Майли, ишга чиқаверасиз, лекин ҳар куни эрталаб ва кечқурун перевязкага келиб турасиз, хўпми? — деди Гулруҳ қўлимни бинт билан ўраркан.
— Айтганча, оёғи синган йигитнинг аҳволи қандай? Уни шу ерга ётқиздингларми?
— Алишер ухлаяпти. Ана, парда орқасида.
— Ўтсам майлими?
— Майли.

Ҳаворанг парда ортида жипс қилиб қўйилган уч-тўрт каравотдан бирида Алишер ухлаб ётарди. Табиб қўли текканлиги сезилиб турибди, ранг-боши тоза, анча ўзига келиб қолган, пишиллаб ухларди бола бечора.
— Уйғонганида келганимни айтиб қўярсиз, — дедим эшик томон юрарканман.
— Ким келди, дей?
— Даврон аканг, десангиз бас. Умуман, аҳволи яхшими ўзи?
— Ҳозирча бир нима дея олмайман.
— Хўп, хайр, яхши дам олинг.
— Хайр.

Ҳовлига чиқдим-у, ўзимнинг «йўлкам»; бўйлаб юриб кетдим. Осмонда ой баркашдек осилиб турар, юлдузлар чарақлар, ҳаво барибир совуқ эди.

Вужудимни аллақандай паришонлик, армон ва ғам-ғусса чулғаб олди. Ўзимни ёлғиз ва ночор ҳис эта бошладим.

Йўлкада Ҳусанга дуч келдим. У ҳам пўстинининг чўнтакларига қўлини солганча айланиб юрарди.
— Бугун қанақа кун, Ҳусан? — деб сўрадим ундан.
— Тўғриси, билмайман... Менимча, якшанба бўлса керак.
— Авваллари якшанба кунларини ўтказишим қийин бўларди.
— Ишга ўрганиб қолганингиз учун-да.
— Бу ерда-чи? Бу ерда нима халақит беряпти?

Ҳусан чуқур хўрсинди. Кейин:
— Халақит берадиган нарса кўп. Лекин мен бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламан. Кун тугаётганига хурсанд бўламан, — деди.
— Мен ҳам...
— Яна бироз айланамизми?
— Йўқ. Баракка қайтаман. Бугун негадир шаштим пастроқ.
— Бўп туради.

Ҳусан йўлкада қолди.

Мен баракка йўл олдим.

Ҳовли тепасида коптокдай оппоқ ой осилиб турарди. Бироздан кейин совуқ шамол турди...

Одатдагидан эрта уйғониб баракдан чиқдим.

Зўрайган шамол тунни олдига солиб қува бошлаган, осмоннинг бир чети оқаринқираб турарди.

Медпункт чироғи ёниқ эди. Эшикни қия очиб ичкарига бош суқдим.
— Салом.
— Келинг. Қўлингиз қалай?
— Бир нав.
— Қани-и... — Гулруҳ бинтни ечиб кафтимни кўздан кечирди. — Яхши. Икки-уч кун дори суриб турсак анча дуруст бўлиб қолади.

Гулруҳ дори ва бинт олиш учун жавон сари юрди. Шу вақт хонага Пўлат Дамирович шахд билан кириб келди.
— Бу ерда нима қиляпсиз? — деб сўради у хўмрайганча мендан.
— Қўлимни даволатгани келдим.

Пўлат Дамирович ўзини гапимни эшитмагандай тутиб бўш стулга бориб ўтирди. Оёқларини чалиштирганча Гулруҳга қаради.
— Хайрли кун, Гулруҳ хоним! — деди у аллақандай кинояли оҳангда.
— Хайрли кун, — жавоб берди Гулруҳ мутлақо жиддий тарзда.
— Беморингизнинг жароҳати жиддийми ёки шунчаки баҳонами?..
— Жиддий.

Гулруҳнинг гул япроғидай нафис юзи қизаринқираган, демак, кинояли оҳангни пайқаган, лекин ҳеч нарса бўлмагандай, ўзига қаттиқ тикилиб, ҳар бир хатти-ҳаракатини ошкора кузатаётган Пўлат Дамирович гўё бу хонада йўқдай, ўзини эркин тутганча жароҳатимни тозалади, малҳам суриб боғлади. Кейин:
— Кечқурун яна кириб ўтишни унутманг, — деб тайинлади.
— Кечқурун келиш шарт эмасдир. Арзимаган яра экан-ку! — деди Пўлат Дамирович, овозидан аллақандай ғаразнинг ҳиди келарди.
— Келиши шарт, — деди Гулруҳ қатъий оҳангда.
— Нима зарур сизга! Шунақаси даф бўлавермайдими?!

Гулруҳ нимадир дегандай бўлди. Лекин мен эшитмадим. Ташқарига чиқиб қўйгандим аллақачон.

Ҳовлида Каримбой ака ва яна беш-олти кишига дуч келдим. Улар медпунктга боришаётган эди. Булар орасида Аслиддин деган йигит эътиборимни тортди.
— Сиз ҳам касалмисиз? — деб сўрадим ундан атай.
— Ие, ҳали хабарингиз йўқми? — деди у юришдан тўхтаб.
— Афтингиз касалга ўхшамаяпти-да.
— Касалимиз ичимизда, ичимизда, — деганча Аслиддин йўлига равона бўлди.

Ўттиз бешларга борган, кўзлари ўйнаб турувчи бу йигитни ёқтирмасдим. Биринчидан, чақирилмаган меҳмондай дуч келган даврага суқилиб кетаверарди. Иккинчидан, енгил табиатлиги шундоқ юз-кўзидан аниқ-таниқ акс этиб турарди. Учинчидан, ўтган йили сотувчи аёллардан бирига дабдурустдан ташланиб қолганини эшитгандим. Тўртинчидан... дарвоқе, нега унга тирғалиб қолдим?

Нонушта қилиш учун емакхонага бурилдим. Лекин иштаҳам йўқ эди. Бир чашка қайноқ чой ичдим-у, ишга жўнаш тадоригини кўрдим.

Шамол янада зўрайган, қорнинг кумуш зарраларини учирарди.

Иш вақтида Ҳусан билан гурунглашмоқчи бўлиб ёнига ўтдим. Лекин унинг гаплашгиси келмаётганини, машқи пастлигини пайқаб ортимга қайтдим. Ҳусан аллақандай ўйчан, одамови бўлиб қолганди.

Кечга бориб шамол бўронга айланди.

Иккинчи сменага ҳеч ким чиқа олмади. Бунинг устига, чироқ ўчиб қолди. Фақат иккитагина шам липиллаб ёниб турган хона нимқоронғи эди. Бўрон учираётган қор учқунлари дераза ойналарига чирс-чирс уриларди.

Ўшанда бўрон бир кеча- кундуз хуруж қилди. Ишга бориш тугул ташқарига чиқишнинг иложи бўлмай қолди. Чунки қор уюмлари уйларнинг деразаларига қадар кўтарилган, юриб бўлмасди. Ниҳоят кўплашиб бир амаллаб эшик очиб ташқарига чиққанимизда бўрон тинган, қуёш чарақлаб турарди.

Бўрон турган оқшом «контора»;да Ҳаким Назарич навбатчи эди. Одатда, улар Пўлат Дамирович иккиси галма-галдан навбатчилик қилишарди-да. Навбати ўтган киши эрталаб уйига жўнарди. То эртаси куни эрталабгача унинг қораси кўринмасди. Шу куни эрталаб Ҳаким Назарич ҳам уйига кетиши керак эди. Лекин у бундай қилмади. Олти-етти чоғли кишини баракда олиб қолиб, қўлларига курак тутди.
— Тушликкача қордан асар ҳам қолмасин, — деди у қор уюмларини кўрсатиб.

Бошқалар ишга кетишди.

Қор куровчилар орасида мен ҳам бор эдим. Кафтимдаги жароҳатим ҳали яхши битмагани учун куракни тутишга халақит берарди. Шундай бўлса-да, индамасдан, жон-жаҳдим билан қор курашга киришдим.

Азалдан қор курашни яхши кўрардим. Кечга бориб қўлим ишдан чиққан ҳисоб, туз қуйгандай ачишиб оғриётган кафтимга қараб бўлмасди. Жароҳатим тез тузалаётганидан хавотирда эдим. Мана энди яна анча кун медпунктга қатнаш имкони бор...

Кечқурун ҳаммадан кейин ошхонага кирдим.

Наргиза йиғлаб ўтирарди.
— Нима бўлди?

Наргиза баттар ҳўнгради. Унинг ўрнига Санобар жавоб берди:
— Э ўлсин! Анови қирчанғи хачирларингиздан биттаси тегажоқлик қилибди-да. Шунга хафа бўлиб йиғлаяпти. Йиғлаш ўрнига боплаб таъзирини бериш керак эди!
— Ўша қирчанғининг исми нима экан?
— Аслиддинми, нима эди? — Санобар Наргизага юзланди.

Наргиза ўпкасини тутолмай йиғларкан, йиғи аралаш ёзғирди:
— Аллақаёқдаги... қаланғи-қасанғидан гап эшитдим... Нима ҳақи бор эди менга бундай дейишга?!
— Қизиқ гапларни гапирасан-а? — деди Санобар жаҳли чиқиб. Дугонасини ёш боладай авраш жонига теккан шекилли. — Ҳар хил гапларни эшитмайин десанг, уйингда ўтир эди.
— Ҳаммасига... ҳаммасига... Эрим сабабчи... Эрим... Эрим уқувли бўлганида...

Юзимдан иссиқ чиқиб кетди. Ё худо, эридан нафратланмайдиган аёл бормикин бу дунёда?!

Жаҳл билан баракка кириб бордим. Аслиддин ерга тўшалган исқирт шолча устида шериклари билан қарта ўйнаб ўтирган экан. Шартта елкасидан тутиб куч билан ўрнидан турғаздим.
— Ие, тинчликми, братан? — Аслиддин без бўлиб юзимга тикилди.
— Ошпаз аёлни нега хафа қилдинг?!
— Мен хафа қилибманми? Ким айтди буни сизга?
— Ҳозироқ бориб кечирим сўрайсан. Акс ҳолда, башарангни шундай безаб қўяманки, туққан онанг ҳам танимай қолади!
— Хўп. Хўп. Тонг отсин...
— Йўқ, ҳозироқ бориб кечирим сўрайсан!
— Нега энди мен кечирим сўрарканман? Ўша хотиннинг ўзи-ку жилпанглаган! Тўшакка тортсам ҳам йўқ демасди...

Аслиддиннинг юзига мушт туширдим. Ғала-ғовур кўтарилди. Аслиддиннинг тарафкашлари менга ёпирилишди. Роса муштлашув бўлди.

Ярим соатдан кейин Ҳаким Назаричнинг хонасида ўтирардим.
— Мен сизни дуруст одам деб юрсам, ғирт безори экансиз-ку, — Ҳаким Назарич таънали назар ташлаётган бўлса-да, овози қаҳрли эмасди.

Чурқ этмадим.
— Ўша аёл танишингизми? Бунчалик жон куйдириб ҳимоя қилганингизга қараганда...
— Аёл фақат таниш бўлсагина ҳимоя қилинадими?!

Ҳаким Назаричнинг юзига қизил югурди.

Гурс-гурс қадам саси эшитилди йўлакда, зум ўтмасдан хонага Пўлат Дамирович кириб келди.
— Булар билан разбор қилиб ўтирасизми, Ҳаким Назарич?! Шартта казармага жўнатинг. Ўша ерда бунақаларнинг суроби тўғриланади, — деди у кира солиб.
— Баракка боринг, — деди Ҳаким Назарич менга.
— Ҳаким Назарич, бу нимаси?.. — дея норозилик билан тўнғиллади Пўлат Дамирович.
— Керакли жазони олиб бўлди, — деди унга Ҳаким Назарич қуруққина қилиб.

Шошилмасдан эшик томон юрдим.

Ортимдан Ҳаким Назаричнинг овози эшитилди:
— Йўл-йўлакай медпунктга кириб, кўзгуга бир қараб кетинг...

Унинг овозида аллақандай енгил кулги оҳанги бордай эди.

Ташқарига чиқдим. Эшик олдида бироз турдим. Сўнг медпункт томон юрдим.
— Вой! — менга кўзи тушган Гулруҳ ҳайратдан донг қотди.
— Нега ҳайрон бўляпсиз? — дедим гапиришга қийналаётганимни сездирмасликка уриниб.
— Тинчликми?
— Тинчлик.
— Афтингизга қараганда, тинчлик эмасга ўхшайди.
— Кўзгу беринг, илтимос.

Гулруҳ стол тортмасидан тўртбурчак кўзгу узатди.
— Э-ҳа, гап бу ёқда экан-да! — деб юбордим кўзгудаги аксимга қараб ўзимни таний олмай қолганимдан ҳайратга тушиб.

Айтсам ишонмайсиз, юзим кулгили тарзда қийшайиб қолганди. Қовоқларим ёрилган, шишиб кетган лабимдан қон сизарди.
— Нима бўлди ўзи? — Гулруҳ пахта ва спирт билан ёнимга келди. — Қани, менга қаранг-чи.
— Ўҳ... секинроқ...
— Жонингиз шунчалик ширинми?
— Албатта.
— Муштлашаётганда нега шуни ўйламадингиз?
— Муштлашганимни ким айтди сизга?
— Афтингиз айтди. Ҳали кафтингизни ҳам...

Мен гуноҳкорона кулимсираганча кафтимни кўрсатдим.
— Вой-бў! Жонингиз савил экан сизни! — деди Гулруҳ, кейин бирдан юзимга кўзи тушди-ю, кулиб юборди.

Болаларча беғубор, самимий кулди.
— Дунёдаги энг чиройли эркак мен бўлсам керак.
— Ҳа... топдингиз...

Эшик тақиллади.
— Киринг, кираверинг, — деди Гулруҳ кулгидан ёшланган кўзларини дастрўмолига артаркан.
— Гулруҳ Қосимовна... — юзи қордек оппоқ Ҳаким Назарич эшик олдида туриб қолди.
— Жуда шошилинч эмасми? Мен ҳозир ишимни тугатаман, — деди Гулруҳ.
— Тинчлантирувчи бирор нимангиз борми?
— Ҳозир... Бироз кутиб туринг, — деди Гулруҳ менга, кейин қандайдир қутини олиб Ҳаким Назаричга яқин борди. — Яна юрагингиз безовта қиляптими?
— Ҳа.
— Қон босимингизни ўлчаб кўрсам майлими?
— Яхши бўларди.
— Бу ёққа ўтиринг.

Ҳаким Назарич Гулруҳ суриб қўйган стулга ўзини ташлади. Унинг мазаси йўқ, шекилли.
— Қон босимингиз жойида, — деди Гулруҳ тонометрни стол устига қўяркан. — Фақат юрагингиз сал тез уряпти. Менимча, бу чарчаганлик оқибати. Яна об-ҳавонинг ҳам таъсири бўлиши мумкин. Мана бу дорини тилингиз тагига ташлаб шиминг.

Гулруҳ Ҳаким Назарични тинчлантириб менинг олдимга келди.

Оғриққа базўр чидаб ўтиргандим. Асабларим ниҳоятда таранглашганди. Гулруҳнинг юмшоқ, ҳароратли бармоқлари қўлимга тегиши ҳамон бирдан бўшашдим: «Эҳ-ҳе, бу қўлни аллазамонлардан буён ҳеч ким силамаган эди...»;

Кўнглимдан нелар кечаётганидан бехабар Гулруҳ ўз ишини астойдил бажарарди.
— Эртадан бошлаб ишга чиқишни қатъиян ман қиламан, — деди Гулруҳ.
— Бунинг сираям иложи йўқ.
— Бу қўл билан ишлаб бўлмайди! Ҳаким Назарич, ишчингизга ўзингиз тушунтиринг.
— Қўл керакми ёки пул? — бироз ўзига келиб қолган Ҳаким Назарич ғалати савол берди.
— Пул, — дедим мен.

Ҳаким Назарич: «Мана, кўрдингизми?»; дегандай Гулруҳга қаради.

Мен индамай хонадан чиқдим.

Баракдагиларнинг ярми дўстларча, ярми рақибига қарагандай адоват билан қарши олишди мени.

Кимлардир нималардир дегандай бўлди. Аммо мен ҳеч кимга қулоқ солмасдан тўғри бориб тўшагимга чўзилдим.

Ҳусан негадир тўшагида кўринмасди.

Анчагача ухлай олмасдан қийналиб ётдим. Бугунги муштлашувдан кейин Гулруҳ мен ҳақимда қандай хаёлларга бордийкин? Ахир зоҳиран тан олгим келмаса-да, ботинимда анчадан буён Гулруҳда яхши таассурот қолдириш истаги туғилганди-да. Бу ёғи қандоқ бўлди? Гулруҳ мени ким деб ўйладийкин? Ўйлаб ўйимнинг тагига етолмасдим. Кўнглимдаги ғашлик кучая борди ва бирдан ўзимни ёмон кўриб кетдим. Кейин бутун дунё кўзимга хунук кўрина бошлади. Адёл билан бошимни ўраб олдим. Ташқарида гитара овози ва аллакимнинг бўғиқ хиргойиси эшитилди: «Ах, какая женҳина...»;

Avvalgi
I- qism